📅 2022-yil 20-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 20-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 20 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 20 сентября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 20 September 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
СХЕМАСИ
БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ
МИҚДОРЛАРИ
БУЮРТМАНОМА
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг хорижий тилларни ўрганишга бўлган интилишларини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сон қарори 4-бандига мувофиқ қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш амалиётини йўлга қўйиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки, 50 млн сўмгача бўлган бир марталик субсидиялар тадбиркорлик субъекти бўлган нодавлат таълим ташкилотларига камида 6 ой муддат давомида қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланиш шарти билан ажратилади.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2022 йил 1 октябрдан бошлаб амалга киритилсин:
нодавлат таълим ташкилоти томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан субсидия ажратиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қилиш тартиби;
манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган маълумотларни баҳолаш орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг қарори асосида ҳар чоракда субсидия ажратиш;
нодавлат таълим ташкилотларига баҳолаш мезонлари асосида тўпланган балларга мутаносиб равишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг ҳудудий бошқармалари томонидан 50 млн сўмгача субсидия ажратиб бориш.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиладиган қишлоқ ҳудудлари рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқласин.
Бунда қишлоқ ҳудудлари рўйхатига ҳар йили бир марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мумкинлиги инобатга олинсин.
4. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 октябрга қадар:
ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизматлари кўрсатиш ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;
ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.
5. Адлия вазирлиги:
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши бўйича уларнинг фаолияти юзасидан, жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;
ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентнинг талаблари бузилган ҳолларда, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чораларини қўлласин.
6. Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги билан биргаликда мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш учун:
икки ой муддатда «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш;
2023 йил ва ундан кейинги йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини тасдиқлаш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишида зарур маблағларни Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари параметрларида назарда тутиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 сентябрдаги 513-сон қарорига ИЛОВА
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия (кейинги ўринларда — субсидия) ажратиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламент жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган тадбиркорлик субъектларига, республика бўйсунувидаги шаҳарлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарлар, шаҳарлардаги туманлар, туман бўйсунувидаги шаҳарлар ва шаҳарчаларда жойлашган нодавлат таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Молия вазирлиги томонидан ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари параметрларини шакллантиришда нодавлат таълим ташкилотларига ажратиладиган субсидиянинг энг кўп миқдори инобатга олинади.
4. Субсидия нодавлат таълим ташкилотларига:
бино ва ўқув хоналарини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, мебель, асбоб-ускуналар, ўқитишнинг техник воситалари ва бошқа анжомлар билан жиҳозлаш;
зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа кутубхона-ахборот ресурслари ҳамда воситалари билан таъминлаш, таълим жараёнини ташкил этишга жалб этиладиган педагог кадрлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун ажратилади.
5. Нодавлат таълим ташкилотларига субсидия Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг ҳудудий вакили, Давлат солиқ бошқармаси ва Молия бошқармаси (кейинги ўринларда — масъул ташкилотлар) томонидан тақдим этилган маълумотларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари (кейинги ўринларда — маҳаллий ҳокимликлар) томонидан баҳолаш асосида ажратилади.
6. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан айнан бир нодавлат таълим ташкилотига бир мартадан кўп субсидия ажратилишига йўл қўйилмайди.
7. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан нодавлат таълим ташкилотларига хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун бир марталик субсидия календарь йилнинг ҳар чорагида мазкур Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ажратилади.
2-боб. Субсидия ажратиш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш
8. Нодавлат таълим ташкилотининг раҳбари ёки ишончнома берилган вакили (кейинги ўринларда — талабгор) субсидия олиш учун календарь йилнинг ҳар чораги биринчи ойининг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) электрон рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилади.
Талабгор томонидан субсидия олиш учун мазкур Регламентга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ сўровнома тўлдирилади ҳамда қуйидаги ҳужжатлар электрон («pdf») шаклда илова қилинади:
нодавлат таълим ташкилотининг таълим фаолиятини ривожлантириш бўйича камида икки йилга мўлжалланган бизнес режаси;
нодавлат таълим ташкилотининг маҳсулот етказиб бериш ёки ишларни (хизматларни) бажариш тўғрисида тузилган ва амал қилиш муддати тугамаган хўжалик шартномалари;
педагог кадрлар билан тузилган меҳнат шартномалари ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар;
мавжуд педагог кадрларнинг хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий сертификати ёки халқаро тан олинган сертификатлари;
таълим жараёнида фойдаланилаётган бино ёки ўқув хоналарининг ижара шартномаси (кўчмас мулк ижараси асосида фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотлари учун).
Талабгордан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
Талабгор томонидан давлат хизматидан фойдаланиш учун тўлов амалга оширилмайди.
9. Сўровнома тўлдирилиб, тегишли ҳужжатларнинг нусхалари илова қилингандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, электрон рақамли имзоси билан, электрон рақамли имзо бўлмаганда эса жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда тасдиқлайди.
10. Талабгор ЯИДХП орқали тақдим этилган ҳужжатлар ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
11. Талабгор томонидан ЯИДХП орқали тасдиқланган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар автоматик тарзда тегишли маҳаллий ҳокимликка юборилади.
12. Маҳаллий ҳокимликнинг масъул ходими бир иш кунида электрон сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ тўлдирилганлигини текширади. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланганда, бу ҳақда талабгорга ЯИДХП орқали ҳокимлик масъул ходимининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган хабарнома юборилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш берилади.
Талабгор мавжуд камчиликларни бартараф қилиб, белгиланган ҳужжат топшириш муддати ичида такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
13. Маҳаллий ҳокимлик ва масъул ташкилотлар ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони қўллаш орқали идоралараро электрон ҳамкорлик тизими асосида амалга оширилади.
14. Сўровнома тўғри тўлдирилган ва ҳужжатлар тўлиқ илова қилинган тақдирда, маҳаллий ҳокимликнинг масъул ходими томонидан бир иш кунида ЯИДХП орқали талабгорга ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида хабарнома юборилади.
15. Талабгор давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади.
3-боб. Субсидия олиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ва баҳолаш
16. Маҳаллий ҳокимлик сўровномада кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда, жумладан, нодавлат таълим ташкилотининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасини махсус электрон ахборот тизими ҳамда таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ёки тасдиқномани «Лицензия» ахборот тизими орқали мустақил равишда текширади.
17. Талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ эканлиги текширилгандан сўнг сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар маҳаллий ҳокимлик томонидан бир иш кунида масъул ташкилотларга юборилади.
Масъул ташкилотлар ҳар чоракнинг биринчи ойи 20-санасига қадар мавжуд маълумотлар базаси орқали сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, электрон шаклда қуйидаги маълумотларни маҳаллий ҳокимликка тақдим этади:
Молия бошқармаси — нодавлат таълим ташкилотига ажратиладиган субсидиянинг миқдори;
Давлат солиқ бошқармаси — нодавлат таълим ташкилотининг бино ёки ўқув хоналари бўйича ижара шартномаси (кўчмас мулк ижараси асосида фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотлари учун), педагог кадрлар ва таълим олувчилар билан тузилган шартномалар ҳамда ҳисобварағидаги маблағлар айланмаси даврийлиги ва миқдори;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг ҳудудий вакили — нодавлат таълим ташкилоти томонидан тақдим этилган бизнес-режанинг мақсадга мувофиқлиги.
18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари)га бўйсунувчи тегишли таркибий бўлинмаси томонидан масъул ташкилотлар тақдим этган маълумотлар ҳар чоракнинг биринчи ойи сўнгги санасига қадар таҳлил қилиниб, мазкур Регламентга 3-иловада келтирилган баҳолаш мезонларига мувофиқ баҳоланади.
19. Талабгорлар масъул ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотларни баҳолаш жараёнида бевосита ёки масофадан туриб (онлайн тарзда) иштирок этиши мумкин.
Маҳаллий ҳокимлик томонидан талабгорларга мурожаати кўриб чиқилишидан камида уч кун олдин электрон тарзда ёки бошқа алоқа воситаси орқали хабар берилади.
20. Субсидия олиш юзасидан берилган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар маҳаллий ҳокимликка келиб тушган санасига кўра рўйхатга олинган кетма-кетликка мувофиқ кўриб чиқилади.
Масъул ташкилотларнинг маълумотлари асосида ошкоралик ва холисликни таъминлаган ҳолда баҳолаш жараёни видеотасвирга туширилади ҳамда видеотасвир маҳаллий ҳокимликда уч йил сақланади.
21. Баҳолаш натижаларига кўра вилоят ҳокимининг (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг) нодавлат таълим ташкилотига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарори қабул қилинади.
Маҳаллий ҳокимликнинг субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарорларининг электрон реестри юритилади. Реестрга субсидия берилган ёки берилмаган нодавлат таълим ташкилотининг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, юридик манзили, субсидия беришга асос бўлган маҳаллий ҳокимлик қарори рақами ва санаси, берилган субсидия миқдори ёки субсидия беришни рад этиш сабаблари тўғрисидаги маълумотлар киритилади.
22. Нодавлат таълим ташкилотига субсидия ажратиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:
талабгор томонидан нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатлар тақдим этилганда, сохта маълумотлар мавжуд бўлганда, шу жумладан, тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганлиги аниқланса;
сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларда нотўғри ва бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлса ёки тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар баҳолаш мезонларига мос келмаса;
баҳолаш натижаларига кўра субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинса;
илгари субсидия олган нодавлат таълим ташкилоти томонидан такрорий мурожаат қилинса.
Мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа асослар бўйича субсидия ажратишни рад этишга йўл қўйилмайди.
23. Субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарор рад этишнинг сабаблари кўрсатилиб, QR-код қўйилган электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилган ҳолда бир иш кунида ЯИДХП орқали талабгорга юборилади.
24. Баҳолаш натижасида тўпланган баллар кетма-кетлигига қатъий амал қилган ҳолда талабгорларга субсидия ажратилади.
Икки ёки ундан ортиқ талабгорларнинг баллари тенг бўлиб қолганда, календарь тартибида ЯИДХП орқали олдин мурожаат қилган талабгорга берилади.
Нодавлат таълим ташкилотларининг тўплаган балларига кўра мазкур Регламентга 4-иловада белгиланган миқдорларда субсидия ажратилади.
25. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ёки вилоят ҳокимининг субсидия бериш тўғрисидаги қарори асосида ҳар чоракнинг иккинчи ойи 10-санасига қадар мазкур Регламентга 5-иловада келтирилган шаклга мувофиқ буюртманома тасдиқланади ҳамда электрон ҳужжат шаклида QR-код қўйилган ҳолда, идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали Молия вазирлиги Ғазначилигининг тегишли ҳудудий бошқармаларига (кейинги ўринларда — Ғазначилик бошқармалари) юборилади.
26. Ғазначилик бошқармалари томонидан маҳаллий ҳокимликларнинг буюртманомалари асосида субсидия ажратилади ҳамда ҳар чоракнинг иккинчи ойи 15-санасига қадар буюртманомада кўрсатилган миқдорда нодавлат таълим ташкилотларининг ҳисобварақларига ўтказиб берилади.
27. ЯИДХП орқали белгиланган тартибда мурожаат қилган ва субсидия бериш рад этилмаган талабгорлар маҳаллий бюджетда жорий чоракка субсидия ажратиш учун маблағлар етарли бўлмаганлиги сабабли субсидия олиш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, кейинги чоракда субсидия олувчилар рўйхатига автоматик равишда киритилади.
4-боб. Ажратилган субсидиянинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш
28. Молия вазирлигининг тегишли ҳудудий бошқармалари маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда нодавлат таълим ташкилотларига берилган субсидияларнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритади.
29. Нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратиш бўйича ҳар чораклик ҳисобот маҳаллий ҳокимликлар томонидан календарь йилнинг ҳар чорагидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар Молия вазирлигига киритиб борилади.
30. Маҳаллий ҳокимликлар нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратиш жараёнида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини ҳамда субсидия ажратишга доир ҳисоботлар ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтида жойлаштириб боради.
31. Нодавлат таълим ташкилотларига ажратилган субсидиянинг сарфланиши устидан назорат Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Субсидиядан мақсадсиз фойдаланилган ҳолатлар аниқланган тақдирда, нодавлат таълим ташкилотларига нисбатан молиявий санкциялар қўллаш ҳамда субсидияни суд тартибида ундириш чоралари кўрилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
32. Маҳаллий ҳокимликлар ва масъул ташкилотлар ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган нодавлат таълим ташкилоти тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.
33. Ушбу Регламентни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
34. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига бир марталик субсидия ажратиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Нодавлат таълим ташкилоти (талабгор) 1. Субсидия олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)да рўйхатдан ўтади ва сўровномани тўлдиради. 1. Ҳар чорак биринчи ойининг 10-санасига қадар 2. Сўровномани тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоят ҳокимлигига юборади. 2. Автоматик тарзда 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари (маҳаллий ҳокимликлар) 1. Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ тўлдирилганлигини текширади. Бир иш кунида 2. Сўровнома тўғри тўлдирилган ва ҳужжатлар тўлиқ илова қилинганда, ЯИДХП орқали талабгорга ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида хабарнома юборади. Бир иш кунида 3. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланганда, бу ҳақда талабгорга ЯИДХП орқали хабарнома юбориб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш беради. Бир иш кунида 3-босқич Маҳаллий ҳокимликлар Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни масъул ташкилотларга юборади. Бир иш кунида 4-босқич Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг ҳудудий вакили, Давлат солиқ бошқармаси, Молия бошқармаси Мавжуд маълумотлар базаси орқали сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганади ҳамда тегишли маълумотларни маҳаллий ҳокимликларга тақдим этади. Ҳар чорак биринчи ойининг 20-санасига қадар 5-босқич Маҳаллий ҳокимликлар 1. Талабгорларга баҳолаш жараёни ўтказилиши ҳақида электрон тарзда ёки бошқа алоқа воситаси орқали хабар беради. Баҳолаш жараёнидан уч кун олдин 2. Талабгорларни баҳолайди ва уларнинг натижаларига кўра субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ҳар чорак биринчи ойининг сўнгги санасига қадар 3. Субсидия ажратишни рад этиш ҳақидаги қарорни рад этишнинг сабабларини кўрсатиб, ЯИДХП орқали талабгорга юборади. Бир иш кунида 6-босқич Маҳаллий ҳокимликлар Баҳолаш натижалари асосида субсидия ажратиш бўйича буюртманомани тасдиқлаб (электрон ҳужжат шаклида QR-код орқали), Молия вазирлиги Ғазначилигининг ҳудудий бошқармасига юборади. Ҳар чорак иккинчи ойининг 10-санасига қадар 7-босқич Молия вазирлиги Ғазначилигининг ҳудудий бошқармалари Буюртманомада кўрсатилган миқдордаги субсидияни ажратади ва нодавлат таълим ташкилотларининг ҳисобварақларига ўтказади. Ҳар чорак иккинчи ойининг 15-санасига қадар 8-босқич Маҳаллий ҳокимликлар Нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратиш бўйича ҳар чораклик ҳисоботни Молия вазирлигига киритиб боради. Ҳар чорак кейинги ойнинг 25-санасига қадар 9-босқич Давлат молиявий назорати инспекцияси Нодавлат таълим ташкилотларига ажратилган субсидиянинг сарфланишини назорат қилади. Мунтазам равишда
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
СЎРОВНОМА _________________ _________________ (сана) (рақам) I. Нодавлат таълим ташкилоти тўғрисида маълумот: 1. Юридик шахснинг тўлиқ номи: 2. Давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами: 3. Ташкилий-ҳуқуқий шакли: 4. Таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ёки хабардор қилиш тартибида фаолият юритиши учун берилган тасдиқнома рақами: 5. Жойлашган жойи (почта манзили): 6. Хизмат кўрсатаётган банк номи: 7. Асосий фаолият тури: 8. Банкдаги ҳисобварағи: 9. СТИР: 10. МФО: 11. Телефон рақами: 12. Электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса): 13. Юридик шахснинг раҳбари ёки ишончли вакили Ф.И.О. ва ЖШШИР маълумотлари: 14. Телефон рақами: II. Сўровномага илова: Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига бир марталик субсидия ажратиш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг электрон шакли:
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА
Нодавлат таълим ташкилотига бир марталик субсидия бериш учун
Т/р Кўрсаткичлар Балл 1. Нодавлат таълим ташкилотига шартнома асосида жалб этилган педагог кадрлар сони * 6 балл 10 нафар ва ундан кўп бўлса 6 балл 7 — 9 нафар бўлса 5 балл 4 — 6 нафар бўлса 4 балл 1 — 3 нафар бўлса 3 балл 2. Нодавлат таълим ташкилотидаги хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий сертификат ёки халқаро тан олинган сертификатларга эга бўлган педагог кадрлар сони 6 балл 3 нафар ва ундан кўп бўлса 6 балл 2 нафар бўлса 4 балл 1 нафар бўлса 2 балл 3. Нодавлат таълим ташкилотида ўқитиладиган хорижий тилларнинг сони ** 6 балл 3 та ва ундан кўп хорижий тил ўқитилса 6 балл 2 та хорижий тил ўқитилса 4 балл 1 та хорижий тил ўқитилса 2 балл 4. Нодавлат таълим ташкилотининг фаолият кўрсатиш даврийлиги * 4 балл ташкил этилганига 6 ойдан ошмаган бўлса 4 балл ташкил этилганига 6 ойдан 1 йилгача муддат ўтган бўлса 3 балл ташкил этилганига 1 йилдан ошган бўлса 2 балл 5. Бино ва ўқув хоналарининг мулкий ҳамда бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида тегишлилиги * 4 балл ижара шартномаси асосида фаолият юритаётган бўлса 4 балл мулкдан текин фойдаланиш шартномаси асосида фаолият юритаётган бўлса 3 балл ўзига тегишли бинода фаолият юритаётган бўлса 2 балл 6. Нодавлат таълим ташкилоти томонидан тақдим этилган бизнес-режанинг мақсадга мувофиқлиги *** 9 балл «аъло» деб баҳоланса 9 балл «яхши» деб баҳоланса 6 балл «қониқарли» деб баҳоланса 3 балл Жами 35 балл
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 4-ИЛОВА
Нодавлат таълим ташкилотига тўплаган балига кўра ажратиладиган субсидия
Т/р Тўпланадиган балл Субсидиянинг ажратиладиган миқдори 1. 26 ва ундан юқори балл учун 50 млн сўм 2. 21 — 25 балл учун 45 млн сўм 3. 16 — 20 балл учун 40 млн сўм 4. 11 — 15 балл учун 35 млн сўм 5. 6 — 10 балл учун 30 млн сўм 6. 2 — 5 балл учун 25 млн сўм
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 5-ИЛОВА
Нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратиш юзасидан
Т/р Нодавлат таълим ташкилоти номи Нодавлат таълим ташкилотининг юридик манзили Нодавлат таълим ташкилотининг банк реквизитлари Субсидия ажратишга асос бўлган қарор санаси ва рақами Субсидия миқдори 1. 2. 3. … Ҳокимнинг (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг) молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари) QR-код _______________________ (Ф.И.О.)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 20 сентябрь,
513-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
MAʼMURIY REGLAMENTI
SXEMASI
BAHOLASH MEZONLARI
MIQDORLARI
BUYURTMANOMA
Qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlarini qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish faoliyatini sifat jihatidan yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 19-maydagi PQ-5117-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini qoʻllab-quvvatlash va aholining xorijiy tillarni oʻrganishga boʻlgan intilishlarini ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish faoliyatini sifat jihatidan yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 19-maydagi PQ-5117-son qarori 4-bandiga muvofiq qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun tadbirkorlik subyektlariga 50 mln soʻmgacha mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bir martalik subsidiya ajratish amaliyotini yoʻlga qoʻyish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
Belgilansinki, 50 mln soʻmgacha boʻlgan bir martalik subsidiyalar tadbirkorlik subyekti boʻlgan nodavlat taʼlim tashkilotlariga kamida 6 oy muddat davomida qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyati bilan shugʻullanish sharti bilan ajratiladi.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlariga mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bir martalik subsidiya ajratish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti ilovaga muvofiq tasdiqlansin va 2022-yil 1-oktabrdan boshlab amalga kiritilsin:
nodavlat taʼlim tashkiloti tomonidan mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan subsidiya ajratish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali murojaat qilish tartibi;
manfaatdor davlat organlari va tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni baholash orqali Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi va viloyatlar hokimlarining qarori asosida har chorakda subsidiya ajratish;
nodavlat taʼlim tashkilotlariga baholash mezonlari asosida toʻplangan ballarga mutanosib ravishda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Gʻaznachiligining hududiy boshqarmalari tomonidan 50 mln soʻmgacha subsidiya ajratib borish.
3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish agentligi bilan birgalikda ikki hafta muddatda xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlariga mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bir martalik subsidiya ajratiladigan qishloq hududlari roʻyxatini shakllantirsin va tasdiqlasin.
Bunda qishloq hududlari roʻyxatiga har yili bir marta oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish mumkinligi inobatga olinsin.
4. Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari hamda Adliya vazirligi bilan birgalikda 2022-yil 1-oktabrga qadar:
ushbu qaror bilan tasdiqlangan maʼmuriy reglamentga muvofiq davlat xizmatlari koʻrsatish YIDXP orqali joriy etilishini taʼminlasin;
YIDXPda davlat xizmatlari koʻrsatilishining har bir bosqichida murojaatlarning koʻrib chiqilishini kuzatib borish tartibini joriy etsin.
5. Adliya vazirligi:
davlat organlari va boshqa tashkilotlar tomonidan davlat xizmatlari koʻrsatilishining belgilangan tartibiga rioya etilishi boʻyicha ularning faoliyati yuzasidan, jumladan, YIDXP orqali doimiy nazorat oʻrnatsin;
ushbu qaror bilan tasdiqlangan maʼmuriy reglamentning talablari buzilgan hollarda, davlat organlari va boshqa tashkilotlarning mansabdor shaxslariga nisbatan belgilangan tartibda maʼmuriy javobgarlik choralarini qoʻllasin.
6. Moliya vazirligi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish agentligi bilan birgalikda mazkur qarorda nazarda tutilgan xarajatlarni moliyalashtirish uchun:
ikki oy muddatda “2022-yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga oʻzgartirish kiritish;
2023-yil va undan keyingi yillar uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetini tasdiqlash boʻyicha qonun loyihasi ishlab chiqilishida zarur mablagʻlarni Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjeti va viloyatlar mahalliy budjetlari parametrlarida nazarda tutish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 20-sentabrdagi 513-son qaroriga ILOVA
Qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlariga mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bir martalik subsidiya ajratish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Reglament qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlariga mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bir martalik subsidiya (keyingi oʻrinlarda — subsidiya) ajratish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Reglament jismoniy shaxs (yakka tartibdagi tadbirkor) boʻlgan tadbirkorlik subyektlariga, respublika boʻysunuvidagi shaharlar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar boʻysunuvidagi shaharlar, shaharlardagi tumanlar, tuman boʻysunuvidagi shaharlar va shaharchalarda joylashgan nodavlat taʼlim tashkilotlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
3. Moliya vazirligi tomonidan har yili Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjeti va viloyatlar mahalliy budjetlari parametrlarini shakllantirishda nodavlat taʼlim tashkilotlariga ajratiladigan subsidiyaning eng koʻp miqdori inobatga olinadi.
4. Subsidiya nodavlat taʼlim tashkilotlariga:
bino va oʻquv xonalarini zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, mebel, asbob-uskunalar, oʻqitishning texnik vositalari va boshqa anjomlar bilan jihozlash;
zarur darsliklar, oʻquv-metodik adabiyotlar va boshqa kutubxona-axborot resurslari hamda vositalari bilan taʼminlash, taʼlim jarayonini tashkil etishga jalb etiladigan pedagog kadrlar mehnatiga haq toʻlash uchun ajratiladi.
5. Nodavlat taʼlim tashkilotlariga subsidiya Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish agentligining hududiy vakili, Davlat soliq boshqarmasi va Moliya boshqarmasi (keyingi oʻrinlarda — masʼul tashkilotlar) tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari (keyingi oʻrinlarda — mahalliy hokimliklar) tomonidan baholash asosida ajratiladi.
6. Mahalliy hokimliklar tomonidan aynan bir nodavlat taʼlim tashkilotiga bir martadan koʻp subsidiya ajratilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
7. Mahalliy hokimliklar tomonidan nodavlat taʼlim tashkilotlariga xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun bir martalik subsidiya kalendar yilning har choragida mazkur Reglamentga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq ajratiladi.
2-bob. Subsidiya ajratish boʻyicha hujjatlarni qabul qilish
8. Nodavlat taʼlim tashkilotining rahbari yoki ishonchnoma berilgan vakili (keyingi oʻrinlarda — talabgor) subsidiya olish uchun kalendar yilning har choragi birinchi oyining 10-sanasiga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) elektron roʻyxatdan oʻtgan holda murojaat qiladi.
Talabgor tomonidan subsidiya olish uchun mazkur Reglamentga 2-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq soʻrovnoma toʻldiriladi hamda quyidagi hujjatlar elektron (“pdf”) shaklda ilova qilinadi:
nodavlat taʼlim tashkilotining taʼlim faoliyatini rivojlantirish boʻyicha kamida ikki yilga moʻljallangan biznes rejasi;
nodavlat taʼlim tashkilotining mahsulot yetkazib berish yoki ishlarni (xizmatlarni) bajarish toʻgʻrisida tuzilgan va amal qilish muddati tugamagan xoʻjalik shartnomalari;
pedagog kadrlar bilan tuzilgan mehnat shartnomalari yoki fuqarolik-huquqiy tusdagi shartnomalar;
mavjud pedagog kadrlarning xorijiy tilni bilish darajasini tasdiqlovchi milliy sertifikati yoki xalqaro tan olingan sertifikatlari;
taʼlim jarayonida foydalanilayotgan bino yoki oʻquv xonalarining ijara shartnomasi (koʻchmas mulk ijarasi asosida faoliyat yuritayotgan nodavlat taʼlim tashkilotlari uchun).
Talabgordan ushbu bandda koʻrsatilmagan maʼlumot va hujjatlarni talab qilish qatʼiyan taqiqlanadi.
Talabgor tomonidan davlat xizmatidan foydalanish uchun toʻlov amalga oshirilmaydi.
9. Soʻrovnoma toʻldirilib, tegishli hujjatlarning nusxalari ilova qilingandan soʻng talabgor maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshirib, elektron raqamli imzosi bilan, elektron raqamli imzo boʻlmaganda esa jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqamidan foydalangan holda tasdiqlaydi.
10. Talabgor YIDXP orqali taqdim etilgan hujjatlar va ularda koʻrsatilgan maʼlumotlarning ishonchliligi va haqqoniyligi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.
11. Talabgor tomonidan YIDXP orqali tasdiqlangan soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlar avtomatik tarzda tegishli mahalliy hokimlikka yuboriladi.
12. Mahalliy hokimlikning masʼul xodimi bir ish kunida elektron soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarning toʻgʻri va toʻliq toʻldirilganligini tekshiradi. Hujjatlarda kamchiliklar aniqlanganda, bu haqda talabgorga YIDXP orqali hokimlik masʼul xodimining elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlangan xabarnoma yuborilib, kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan tushuntirish beriladi.
Talabgor mavjud kamchiliklarni bartaraf qilib, belgilangan hujjat topshirish muddati ichida takroran murojaat qilish huquqiga ega.
13. Mahalliy hokimlik va masʼul tashkilotlar oʻrtasidagi axborot almashinuvi elektron raqamli imzoni qoʻllash orqali idoralararo elektron hamkorlik tizimi asosida amalga oshiriladi.
14. Soʻrovnoma toʻgʻri toʻldirilgan va hujjatlar toʻliq ilova qilingan taqdirda, mahalliy hokimlikning masʼul xodimi tomonidan bir ish kunida YIDXP orqali talabgorga hujjatlar qabul qilinganligi toʻgʻrisida xabarnoma yuboriladi.
15. Talabgor davlat xizmatidan foydalanishdan uni koʻrsatishning har qanday bosqichida bosh tortish huquqiga ega. Talabgor davlat xizmatidan foydalanishdan bosh tortganda uning soʻrovnomasi koʻrmasdan qoldiriladi.
3-bob. Subsidiya olish toʻgʻrisidagi murojaatlarni koʻrib chiqish va baholash
16. Mahalliy hokimlik soʻrovnomada koʻrsatilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligini “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasidan foydalangan holda, jumladan, nodavlat taʼlim tashkilotining davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnomasini maxsus elektron axborot tizimi hamda taʼlim faoliyati bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziya yoki tasdiqnomani “Litsenziya” axborot tizimi orqali mustaqil ravishda tekshiradi.
17. Talabgor tomonidan taqdim etilgan hujjatlarning toʻgʻri va toʻliq ekanligi tekshirilgandan soʻng soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlar mahalliy hokimlik tomonidan bir ish kunida masʼul tashkilotlarga yuboriladi.
Masʼul tashkilotlar har chorakning birinchi oyi 20-sanasiga qadar mavjud maʼlumotlar bazasi orqali soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarni oʻrganib chiqib, elektron shaklda quyidagi maʼlumotlarni mahalliy hokimlikka taqdim etadi:
Moliya boshqarmasi — nodavlat taʼlim tashkilotiga ajratiladigan subsidiyaning miqdori;
Davlat soliq boshqarmasi — nodavlat taʼlim tashkilotining bino yoki oʻquv xonalari boʻyicha ijara shartnomasi (koʻchmas mulk ijarasi asosida faoliyat yuritayotgan nodavlat taʼlim tashkilotlari uchun), pedagog kadrlar va taʼlim oluvchilar bilan tuzilgan shartnomalar hamda hisobvaragʻidagi mablagʻlar aylanmasi davriyligi va miqdori;
Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish agentligining hududiy vakili — nodavlat taʼlim tashkiloti tomonidan taqdim etilgan biznes-rejaning maqsadga muvofiqligi.
18. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyat hokimining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosari (Toshkent viloyati hokimining sanoatni rivojlantirish, moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosari)ga boʻysunuvchi tegishli tarkibiy boʻlinmasi tomonidan masʼul tashkilotlar taqdim etgan maʼlumotlar har chorakning birinchi oyi soʻnggi sanasiga qadar tahlil qilinib, mazkur Reglamentga 3-ilovada keltirilgan baholash mezonlariga muvofiq baholanadi.
19. Talabgorlar masʼul tashkilotlar tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni baholash jarayonida bevosita yoki masofadan turib (onlayn tarzda) ishtirok etishi mumkin.
Mahalliy hokimlik tomonidan talabgorlarga murojaati koʻrib chiqilishidan kamida uch kun oldin elektron tarzda yoki boshqa aloqa vositasi orqali xabar beriladi.
20. Subsidiya olish yuzasidan berilgan soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlar mahalliy hokimlikka kelib tushgan sanasiga koʻra roʻyxatga olingan ketma-ketlikka muvofiq koʻrib chiqiladi.
Masʼul tashkilotlarning maʼlumotlari asosida oshkoralik va xolislikni taʼminlagan holda baholash jarayoni videotasvirga tushiriladi hamda videotasvir mahalliy hokimlikda uch yil saqlanadi.
21. Baholash natijalariga koʻra viloyat hokimining (Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining) nodavlat taʼlim tashkilotiga mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bir martalik subsidiya ajratish yoki subsidiya ajratishni rad etish toʻgʻrisida qarori qabul qilinadi.
Mahalliy hokimlikning subsidiya ajratish yoki subsidiya ajratishni rad etish toʻgʻrisidagi qarorlarining elektron reyestri yuritiladi. Reyestrga subsidiya berilgan yoki berilmagan nodavlat taʼlim tashkilotining nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, rahbarining familiyasi, ismi, otasining ismi, yuridik manzili, subsidiya berishga asos boʻlgan mahalliy hokimlik qarori raqami va sanasi, berilgan subsidiya miqdori yoki subsidiya berishni rad etish sabablari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kiritiladi.
22. Nodavlat taʼlim tashkilotiga subsidiya ajratish quyidagi hollarda rad etiladi:
talabgor tomonidan notoʻgʻri rasmiylashtirilgan hujjatlar taqdim etilganda, soxta maʼlumotlar mavjud boʻlganda, shu jumladan, taqdim etilgan hujjatlar toʻliq boʻlmaganligi aniqlansa;
soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarda notoʻgʻri va buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjud boʻlsa yoki taqdim etilgan hujjatlardagi maʼlumotlar baholash mezonlariga mos kelmasa;
baholash natijalariga koʻra subsidiya ajratishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinsa;
ilgari subsidiya olgan nodavlat taʼlim tashkiloti tomonidan takroriy murojaat qilinsa.
Mazkur bandda koʻrsatilmagan boshqa asoslar boʻyicha subsidiya ajratishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
23. Subsidiya ajratishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror rad etishning sabablari koʻrsatilib, QR-kod qoʻyilgan elektron hujjat shaklida rasmiylashtirilgan holda bir ish kunida YIDXP orqali talabgorga yuboriladi.
24. Baholash natijasida toʻplangan ballar ketma-ketligiga qatʼiy amal qilgan holda talabgorlarga subsidiya ajratiladi.
Ikki yoki undan ortiq talabgorlarning ballari teng boʻlib qolganda, kalendar tartibida YIDXP orqali oldin murojaat qilgan talabgorga beriladi.
Nodavlat taʼlim tashkilotlarining toʻplagan ballariga koʻra mazkur Reglamentga 4-ilovada belgilangan miqdorlarda subsidiya ajratiladi.
25. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining yoki viloyat hokimining subsidiya berish toʻgʻrisidagi qarori asosida har chorakning ikkinchi oyi 10-sanasiga qadar mazkur Reglamentga 5-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq buyurtmanoma tasdiqlanadi hamda elektron hujjat shaklida QR-kod qoʻyilgan holda, idoralararo elektron hamkorlik tizimi orqali Moliya vazirligi Gʻaznachiligining tegishli hududiy boshqarmalariga (keyingi oʻrinlarda — Gʻaznachilik boshqarmalari) yuboriladi.
26. Gʻaznachilik boshqarmalari tomonidan mahalliy hokimliklarning buyurtmanomalari asosida subsidiya ajratiladi hamda har chorakning ikkinchi oyi 15-sanasiga qadar buyurtmanomada koʻrsatilgan miqdorda nodavlat taʼlim tashkilotlarining hisobvaraqlariga oʻtkazib beriladi.
27. YIDXP orqali belgilangan tartibda murojaat qilgan va subsidiya berish rad etilmagan talabgorlar mahalliy budjetda joriy chorakka subsidiya ajratish uchun mablagʻlar yetarli boʻlmaganligi sababli subsidiya olish imkoniyatiga ega boʻlmagan taqdirda, keyingi chorakda subsidiya oluvchilar roʻyxatiga avtomatik ravishda kiritiladi.
4-bob. Ajratilgan subsidiyaning hisobi va hisobotini yuritish
28. Moliya vazirligining tegishli hududiy boshqarmalari mahalliy hokimliklar bilan birgalikda nodavlat taʼlim tashkilotlariga berilgan subsidiyalarning hisobi va hisobotini yuritadi.
29. Nodavlat taʼlim tashkilotlariga subsidiya ajratish boʻyicha har choraklik hisobot mahalliy hokimliklar tomonidan kalendar yilning har choragidan keyingi oyning 25-sanasiga qadar Moliya vazirligiga kiritib boriladi.
30. Mahalliy hokimliklar nodavlat taʼlim tashkilotlariga subsidiya ajratish jarayonida aniqlangan qonun buzilishi holatlarini hamda subsidiya ajratishga doir hisobotlar haqidagi maʼlumotlarni oʻz rasmiy veb-saytida joylashtirib boradi.
31. Nodavlat taʼlim tashkilotlariga ajratilgan subsidiyaning sarflanishi ustidan nazorat Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi tomonidan amalga oshiriladi.
Subsidiyadan maqsadsiz foydalanilgan holatlar aniqlangan taqdirda, nodavlat taʼlim tashkilotlariga nisbatan moliyaviy sanksiyalar qoʻllash hamda subsidiyani sud tartibida undirish choralari koʻriladi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
32. Mahalliy hokimliklar va masʼul tashkilotlar oʻz faoliyatini amalga oshirish natijasida olingan nodavlat taʼlim tashkiloti toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning maxfiyligini taʼminlaydi.
33. Ushbu Reglamentni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.
34. Mazkur Reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgar boʻladilar.
Qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlariga mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bir martalik subsidiya ajratish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
Qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlariga bir martalik subsidiya ajratish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Nodavlat taʼlim tashkiloti (talabgor) 1. Subsidiya olish uchun Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (YIDXP)da roʻyxatdan oʻtadi va soʻrovnomani toʻldiradi. 1. Har chorak birinchi oyining 10-sanasiga qadar 2. Soʻrovnomani tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi yoki viloyat hokimligiga yuboradi. 2. Avtomatik tarzda 2-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari (mahalliy hokimliklar) 1. Soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarning toʻgʻri va toʻliq toʻldirilganligini tekshiradi. Bir ish kunida 2. Soʻrovnoma toʻgʻri toʻldirilgan va hujjatlar toʻliq ilova qilinganda, YIDXP orqali talabgorga hujjatlar qabul qilinganligi toʻgʻrisida xabarnoma yuboradi. Bir ish kunida 3. Hujjatlarda kamchiliklar aniqlanganda, bu haqda talabgorga YIDXP orqali xabarnoma yuborib, kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan tushuntirish beradi. Bir ish kunida 3-bosqich Mahalliy hokimliklar Soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarni masʼul tashkilotlarga yuboradi. Bir ish kunida 4-bosqich Xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish agentligining hududiy vakili, Davlat soliq boshqarmasi, Moliya boshqarmasi Mavjud maʼlumotlar bazasi orqali soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarni oʻrganadi hamda tegishli maʼlumotlarni mahalliy hokimliklarga taqdim etadi. Har chorak birinchi oyining 20-sanasiga qadar 5-bosqich Mahalliy hokimliklar 1. Talabgorlarga baholash jarayoni oʻtkazilishi haqida elektron tarzda yoki boshqa aloqa vositasi orqali xabar beradi. Baholash jarayonidan uch kun oldin 2. Talabgorlarni baholaydi va ularning natijalariga koʻra subsidiya ajratish yoki subsidiya ajratishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Har chorak birinchi oyining soʻnggi sanasiga qadar 3. Subsidiya ajratishni rad etish haqidagi qarorni rad etishning sabablarini koʻrsatib, YIDXP orqali talabgorga yuboradi. Bir ish kunida 6-bosqich Mahalliy hokimliklar Baholash natijalari asosida subsidiya ajratish boʻyicha buyurtmanomani tasdiqlab (elektron hujjat shaklida QR-kod orqali), Moliya vazirligi Gʻaznachiligining hududiy boshqarmasiga yuboradi. Har chorak ikkinchi oyining 10-sanasiga qadar 7-bosqich Moliya vazirligi Gʻaznachiligining hududiy boshqarmalari Buyurtmanomada koʻrsatilgan miqdordagi subsidiyani ajratadi va nodavlat taʼlim tashkilotlarining hisobvaraqlariga oʻtkazadi. Har chorak ikkinchi oyining 15-sanasiga qadar 8-bosqich Mahalliy hokimliklar Nodavlat taʼlim tashkilotlariga subsidiya ajratish boʻyicha har choraklik hisobotni Moliya vazirligiga kiritib boradi. Har chorak keyingi oyning 25-sanasiga qadar 9-bosqich Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi Nodavlat taʼlim tashkilotlariga ajratilgan subsidiyaning sarflanishini nazorat qiladi. Muntazam ravishda
Qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlariga mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bir martalik subsidiya ajratish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
SOʻROVNOMA _________________ _________________ (sana) (raqam) I. Nodavlat taʼlim tashkiloti toʻgʻrisida maʼlumot: 1. Yuridik shaxsning toʻliq nomi: 2. Davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma raqami: 3. Tashkiliy-huquqiy shakli: 4. Taʼlim faoliyati bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziya yoki xabardor qilish tartibida faoliyat yuritishi uchun berilgan tasdiqnoma raqami: 5. Joylashgan joyi (pochta manzili): 6. Xizmat koʻrsatayotgan bank nomi: 7. Asosiy faoliyat turi: 8. Bankdagi hisobvaragʻi: 9. STIR: 10. MFO: 11. Telefon raqami: 12. Elektron pochta manzili (agar mavjud boʻlsa): 13. Yuridik shaxsning rahbari yoki ishonchli vakili F.I.O. va JSHSHIR maʼlumotlari: 14. Telefon raqami: II. Soʻrovnomaga ilova: Qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlariga bir martalik subsidiya ajratish uchun zarur boʻlgan hujjatlarning elektron shakli:
Qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlariga mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bir martalik subsidiya ajratish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA
Nodavlat taʼlim tashkilotiga bir martalik subsidiya berish uchun
T/r Koʻrsatkichlar Ball 1. Nodavlat taʼlim tashkilotiga shartnoma asosida jalb etilgan pedagog kadrlar soni * 6 ball 10 nafar va undan koʻp boʻlsa 6 ball 7 — 9 nafar boʻlsa 5 ball 4 — 6 nafar boʻlsa 4 ball 1 — 3 nafar boʻlsa 3 ball 2. Nodavlat taʼlim tashkilotidagi xorijiy tilni bilish darajasini tasdiqlovchi milliy sertifikat yoki xalqaro tan olingan sertifikatlarga ega boʻlgan pedagog kadrlar soni 6 ball 3 nafar va undan koʻp boʻlsa 6 ball 2 nafar boʻlsa 4 ball 1 nafar boʻlsa 2 ball 3. Nodavlat taʼlim tashkilotida oʻqitiladigan xorijiy tillarning soni ** 6 ball 3 ta va undan koʻp xorijiy til oʻqitilsa 6 ball 2 ta xorijiy til oʻqitilsa 4 ball 1 ta xorijiy til oʻqitilsa 2 ball 4. Nodavlat taʼlim tashkilotining faoliyat koʻrsatish davriyligi * 4 ball tashkil etilganiga 6 oydan oshmagan boʻlsa 4 ball tashkil etilganiga 6 oydan 1 yilgacha muddat oʻtgan boʻlsa 3 ball tashkil etilganiga 1 yildan oshgan boʻlsa 2 ball 5. Bino va oʻquv xonalarining mulkiy hamda boshqa ashyoviy huquqlar asosida tegishliligi * 4 ball ijara shartnomasi asosida faoliyat yuritayotgan boʻlsa 4 ball mulkdan tekin foydalanish shartnomasi asosida faoliyat yuritayotgan boʻlsa 3 ball oʻziga tegishli binoda faoliyat yuritayotgan boʻlsa 2 ball 6. Nodavlat taʼlim tashkiloti tomonidan taqdim etilgan biznes-rejaning maqsadga muvofiqligi *** 9 ball “aʼlo” deb baholansa 9 ball “yaxshi” deb baholansa 6 ball “qoniqarli” deb baholansa 3 ball Jami 35 ball
Qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlariga mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bir martalik subsidiya ajratish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 4-ILOVA
Nodavlat taʼlim tashkilotiga toʻplagan baliga koʻra ajratiladigan subsidiya
T/r Toʻplanadigan ball Subsidiyaning ajratiladigan miqdori 1. 26 va undan yuqori ball uchun 50 mln soʻm 2. 21 — 25 ball uchun 45 mln soʻm 3. 16 — 20 ball uchun 40 mln soʻm 4. 11 — 15 ball uchun 35 mln soʻm 5. 6 — 10 ball uchun 30 mln soʻm 6. 2 — 5 ball uchun 25 mln soʻm
Qishloq hududlarida xorijiy tillarni oʻqitish faoliyatini tashkil etish uchun nodavlat taʼlim tashkilotlariga mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bir martalik subsidiya ajratish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 5-ILOVA
Nodavlat taʼlim tashkilotlariga subsidiya ajratish yuzasidan
T/r Nodavlat taʼlim tashkiloti nomi Nodavlat taʼlim tashkilotining yuridik manzili Nodavlat taʼlim tashkilotining bank rekvizitlari Subsidiya ajratishga asos boʻlgan qaror sanasi va raqami Subsidiya miqdori 1. 2. 3. … Hokimning (Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining) moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosari (Toshkent viloyati hokimining sanoatni rivojlantirish, moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosari) QR-kod _______________________ (F.I.O.)
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 20-sentabr,
513-son