📅 2022-yil 29-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 29-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 29 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 сентября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 September 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 30-моддасига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда — ДХХ) шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббиёт муассасаларига етказиш, жиноят содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва ДХХ органларига олиб бориш, ҳодиса жойига етиб олиш учун давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан, бундан чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари мустасно, мажбурий тартибда фойдаланиши мумкинлиги;
транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда ДХХ томонидан қопланиши белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ДХХ органлари ҳарбий хизматчиларининг хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолларда давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш тартиби;
мажбурий тартибда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари бўйича доимий комиссияларни ташкил этиш, транспорт воситасидан мажбурий тарзда фойдаланган ДХХ ҳарбий хизматчиси ҳамда транспорт воситасининг эгаси ёки унинг вакили мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби;
транспорт воситаси эгасига етказилган мулкий зарар миқдори тўғрисидаги зарур маълумотларни тўплаш, мулкий зарар миқдорини аниқлаш ҳамда мулкий зарарни қоплаш тартиби;
мулкий зарар миқдорини аниқлаш ҳамда унинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш манбалари.
3. Белгилаб қўйилсинки:
ДХХ органлари томонидан мулкий зарар миқдорини аниқлаш ҳамда унинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ харажатлар ДХХга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади;
ДХХ органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан ҳарбий хизматчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли мажбурий тарзда фойдаланганлик натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрни ДХХнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан ундириб олинади;
ДХХ органлари хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларига таъқиб қилинаётган (жиноят содир этишда гумон қилинаётган) шахслар томонидан қасддан зарар етказилган ҳолатда, мулкий зарарнинг ўрни ДХХ томонидан қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 сентябрдаги 548-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда — ДХХ) органлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг (кейинги ўринларда — мулкий зарар) ўрнини қоплаш тартибини белгилайди.
2. ДХХ органлари томонидан мулкий зарар миқдорини аниқлаш ҳамда унинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ харажатлар ДХХга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.
ДХХ органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан ҳарбий хизматчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли мажбурий тарзда фойдаланганлик натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрни ДХХнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан ундириб олинади.
ДХХ органлари хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларига таъқиб қилинаётган (жиноят содир этишда гумон қилинаётган) шахслар томонидан қасддан зарар етказилган ҳолларда, мулкий зарарнинг ўрни ДХХ томонидан қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.
3. ДХХ органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрни ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ қопланади.
2-боб. ДХХ органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий фойдаланиш тартиби
4. ДХХ органлари ҳарбий хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ қуйидаги ҳолларда давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиши мумкин:
шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббиёт муассасаларига етказиш;
жиноят содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва ДХХ органларига олиб бориш;
ҳодиса жойига етиб олиш учун.
Ушбу ҳолатларда транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ДХХ органлари ҳарбий хизматчисининг транспорт воситасидан мажбурий тарзда фойдаланиш талабига бўйсуниши шарт.
5. ДХХ органлари томонидан транспорт воситасидан мажбурий тарзда фойдаланилганда, транспорт воситасининг эгасига ҳарбий хизматчи ҳарбий ёки хизмат гувоҳномасини кўрсатиши ҳамда ўз исми-фамилиясини ёхуд гувоҳномасининг рақамини маълум қилиши шарт.
Транспорт воситасининг эгаси ушбу маълумот билан содир бўлган ҳодиса тўғрисида тегишли ҳудуддаги ДХХ органига мурожаат қилади.
Бунда транспорт воситасининг эгасига мурожаат қилинган ДХХ органи томонидан транспорт воситасидан фойдаланилганлигини тасдиқловчи ҳамда ундан фойдаланган ДХХ ҳарбий хизматчисини идентификацияловчи ҳужжат берилади.
Идентификацияловчи ҳужжат намунаси ва уни бериш тартиби ДХХ томонидан белгиланади.
Транспорт воситасининг эгаси ДХХ органлари ҳарбий хизматчиси томонидан транспорт воситасидан фойдаланиш учун ҳарбий хизматчи шахсий ёки хизмат гувоҳномасини кўрсатмаган ҳамда ўз исми-фамилиясини ёхуд гувоҳномасининг рақамини маълум қилмаган тақдирда, ҳарбий хизматчининг талабини бажармаслик ҳуқуқига эга.
6. Қуйидаги ташкилотларнинг ёки фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди:
чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарига тегишли транспорт воситалари;
халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари;
махсус мўлжалланган транспорт воситалари (қонунчиликда белгиланган тартибда кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқчалари ва махсус товушли ишоралари ёқилган транспорт воситалари ҳамда улар томонидан кузатиб келинаётган транспорт воситалари).
3-боб. Мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби
7. Етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш масалаларини ўрганиш бўйича ДХХ органлари бошлиқлари (командирлари) томонидан тасдиқланган тегишли хизмат мутахассисларидан иборат бўлган доимий комиссиялар (кейинги ўринларда — Комиссия) тузилади.
8. Транспорт воситасидан мажбурий тарзда фойдаланган ДХХ ҳарбий хизматчиси ҳолат бўйича барча тасдиқловчи ҳужжатлар (тиббиёт муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ваколатли давлат ташкилотларининг маълумотномалари) илова қилинган билдирги билан биргаликда уч кун муддатда тегишли ДХХ органи раҳбарига мурожаат қилади.
9. Мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш учун транспорт воситасининг эгаси ёки унинг қонуний вакили тегишли ДХХ органи раҳбарига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади:
а) транспорт воситасидан мажбурий фойдаланганлик натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида ариза. Ушбу аризада қуйидагилар кўрсатилади:
жисмоний шахслар учун — фамилияси, исми ва отасининг исми, банк реквизитлари (мавжуд бўлса), яшаш манзили ва боғланиш учун телефон рақами, электрон манзили (мавжуд бўлса) тўғрисида маълумотлар;
юридик шахслар учун — юридик шахснинг номи, реквизитлари, солиқ тўловчининг идентификация рақами, банк реквизитлари, раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
б) автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақида гувоҳнома (техник паспорти), транспорт воситаси ишончнома орқали бошқарилганда — ишончнома нусхаси;
в) транспорт воситасидан фойдаланилганлигини тасдиқловчи ҳамда ундан фойдаланган ДХХ ҳарбий хизматчисини идентификацияловчи ҳужжатлар;
г) юридик ёки жисмоний шахснинг қонуний вакили учун (транспорт воситаси эгасининг вакили мурожаат қилган тақдирда) — вакил сифатида мурожаат қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.
10. ДХХ органи раҳбари билдирги (ариза) тушган кундан бошлаб бир кун ичида масалани ўрганиб чиқиш учун Комиссияга тақдим этади.
11. Комиссия котиби мулкий зарарни қоплаш бўйича тегишли ҳужжатларни ҳамда транспорт воситаларидан хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда фойдаланилганлиги бўйича ўрганиш натижаларини Комиссия йиғилишида кўриб чиқиш учун тайёрлайди.
12. Комиссия транспорт воситасининг эгаси ёки унинг қонуний вакиллари мурожаатларини мазкур Низомнинг 8 ва 9-бандларида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб ўн кун ичида, қўшимча ҳужжатларни олиш (ўрганиш) талаб этилганда эса йигирма кун ичида кўриб чиқади ва натижаси бўйича қарор қабул қилади.
13. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича мулкий зарар қопланиши ёки қоплаш рад этилиши тўғрисида Комиссиянинг қарори қабул қилинади ва Комиссия раиси томонидан тасдиқланган баённома билан расмийлаштирилади.
14. Комиссия қарори бўйича уч кун муддатда транспорт воситасининг эгаси ёки унинг қонуний вакилига ёзма маълумот берилади.
15. Транспорт воситасидан фойдаланилганлигини тасдиқловчи ҳамда ундан фойдаланган ДХХ ҳарбий хизматчисини идентификацияловчи ҳужжат тақдим этилмаган тақдирда, ДХХ органлари томонидан зарар қопланмайди.
16. Комиссия раиси ва аъзолари зарарни қоплаш бўйича тақдим этиладиган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги, қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги ва тўғри қабул қилинганлигига масъул ҳисобланади.
4-боб. Мулкий зарар миқдорини аниқлаш ва қоплаш тартиби
17. Мулкий зарар миқдори ДХХ органлари томонидан баҳолаш ташкилотини белгиланган тартибда жалб қилган ҳолда ўн кун муддат ичида аниқланади.
18. ДХХ органлари транспорт воситаси эгасига етказилган мулкий зарар миқдорини аниқлаш учун зарур маълумотларни ваколатли давлат органлари ва бошқа давлат ташкилотларидан талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга.
19. Комиссиянинг мулкий зарарни қоплаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ қуйидагилар ДХХ органлари томонидан қопланади:
фойдаланганлик натижасида меъёр бўйича сарф қилинган ёқилғининг ҳақиқий харажат қиймати;
ДХХ органлари томонидан фойдаланилган транспорт воситасига етказилган шикастни жорий таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар;
ДХХ органлари томонидан фойдаланилган транспорт воситаси бутунлай яроқсиз ҳолга келган ва тиклаш имкони бўлмаган ҳолларда, унинг фойдаланишдан аввалги ҳолатидаги бозор қиймати.
20. Мулкий зарар ўрнини қоплаш бўйича тегишли қарор қабул қилингандан сўнг ДХХ органлари томонидан ўн кун муддатда келтирилган мулкий зарар қопланиши лозим.
21. Мулкий зарар миқдори ДХХ органларининг молия бўлинмалари томонидан юридик шахсларга — ҳисобварағига пул ўтказиш, жисмоний шахсларга — нақд ҳолда ёки ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан қопланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
22. Мулкий зарарнинг ўрнини ДХХ органлари томонидан қоплаш масалалари бўйича низо ва келишмовчиликлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
23. Транспорт воситасининг эгаси Комиссиянинг мулкий зарарни қоплаш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда юқори турувчи ДХХ органига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш
Босқичлар Субъектлар Тадбир номи Бажариш муддати 1-босқич Давлат хавфсизлик хизмати органлари ҳарбий хизматчиси Транспорт воситасидан мажбурий тарзда фойдаланганлиги ҳолати юзасидан ДХХ органи раҳбарига билдирги билан мурожаат қилиш. Транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланганлик натижасида етказилган мулкий зарар ҳолатини ўрганиш учун зарур ҳужжатларни топшириш. Уч кунда 2-босқич Транспорт воситасининг эгаси ёки унинг вакили Мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш учун тегишли Давлат хавфсизлик хизмати органи раҳбарига ариза билан мурожаат қилиш. Мурожаат қилишига кўра 3-босқич Давлат хавфсизлик хизмати органлари раҳбари Мулкий зарар ўрнини қоплаш тўғрисида билдирги (ариза)ни ўрганиб чиқиш учун Комиссияга тақдим этиш. Бир кунда 4-босқич Етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича доимий комиссия котиби Мулкий зарарни қоплаш бўйича тегишли ҳужжатларни ҳамда транспорт воситаларидан хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда фойдаланилганлиги бўйича ўрганиш натижаларини Комиссия йиғилишида кўриб чиқиш учун тайёрлаш. Икки кунда 5-босқич Етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича доимий комиссия 1. Мулкий зарарни ўрнини қоплаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш. Ўн кунда (қўшимча ҳужжатларни олиш талаб этилганда йигирма кунда) 2. Қарорни транспорт воситасининг эгаси ёки унинг қонуний вакилига етказиш. Уч кунда 6-босқич Давлат хавфсизлик хизмати органлари 1. Мулкий зарар миқдорини баҳолаш ташкилотини жалб қилган ҳолда аниқлаш. Ўн кунда 2. Етказилган зарарни манфаатдор шахсларга қоплаб бериш. Қарор қабул қилингандан сўнг ўн кунда
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 29 сентябрь,
548-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati organlari tomonidan davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanish natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
“Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuniga muvofiq hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati organlari tomonidan davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanish natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. “Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 30-moddasiga muvofiq:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati (keyingi oʻrinlarda — DXX) shoshilinch tibbiy yordamga muhtoj fuqarolarni tibbiyot muassasalariga yetkazish, jinoyat sodir etgan shaxslarni taʼqib qilish va DXX organlariga olib borish, hodisa joyiga yetib olish uchun davlat organlarining, boshqa tashkilotlarning va fuqarolarning transport vositalaridan, bundan chet davlatlarning diplomatik, konsullik va boshqa vakolatxonalariga, xalqaro tashkilotlarga tegishli transport vositalari hamda maxsus moʻljallangan transport vositalari mustasno, majburiy tartibda foydalanishi mumkinligi;
transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanish natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrni qonunchilikda belgilangan tartibda DXX tomonidan qoplanishi belgilab qoʻyilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati organlari tomonidan davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanish natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
DXX organlari harbiy xizmatchilarining xizmat vazifalarini bajarishi bilan bogʻliq hollarda davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanish tartibi;
majburiy tartibda foydalanish natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash masalalari boʻyicha doimiy komissiyalarni tashkil etish, transport vositasidan majburiy tarzda foydalangan DXX harbiy xizmatchisi hamda transport vositasining egasi yoki uning vakili murojaatlarini koʻrib chiqish tartibi;
transport vositasi egasiga yetkazilgan mulkiy zarar miqdori toʻgʻrisidagi zarur maʼlumotlarni toʻplash, mulkiy zarar miqdorini aniqlash hamda mulkiy zararni qoplash tartibi;
mulkiy zarar miqdorini aniqlash hamda uning oʻrnini qoplash bilan bogʻliq xarajatlarni amalga oshirish manbalari.
3. Belgilab qoʻyilsinki:
DXX organlari tomonidan mulkiy zarar miqdorini aniqlash hamda uning oʻrnini qoplash bilan bogʻliq xarajatlar DXXga har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida amalga oshiriladi;
DXX organlari tomonidan davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan harbiy xizmatchining noqonuniy xatti-harakatlari tufayli majburiy tarzda foydalanganlik natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrni DXXning budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanadi, ushbu summa keyinchalik aybdor shaxsdan undirib olinadi;
DXX organlari xizmat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalariga taʼqib qilinayotgan (jinoyat sodir etishda gumon qilinayotgan) shaxslar tomonidan qasddan zarar yetkazilgan holatda, mulkiy zararning oʻrni DXX tomonidan qoplanadi, ushbu summa keyinchalik aybdor shaxsdan regress tartibida undirib olinadi.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 29-sentabrdagi 548-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati organlari tomonidan davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanish natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati (keyingi oʻrinlarda — DXX) organlari tomonidan xizmat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanish natijasida yetkazilgan mulkiy zararning (keyingi oʻrinlarda — mulkiy zarar) oʻrnini qoplash tartibini belgilaydi.
2. DXX organlari tomonidan mulkiy zarar miqdorini aniqlash hamda uning oʻrnini qoplash bilan bogʻliq xarajatlar DXXga har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida amalga oshiriladi.
DXX organlari tomonidan davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan harbiy xizmatchining noqonuniy xatti-harakatlari tufayli majburiy tarzda foydalanganlik natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrni DXXning budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanadi, ushbu summa keyinchalik aybdor shaxsdan undirib olinadi.
DXX organlari xizmat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalariga taʼqib qilinayotgan (jinoyat sodir etishda gumon qilinayotgan) shaxslar tomonidan qasddan zarar yetkazilgan hollarda, mulkiy zararning oʻrni DXX tomonidan qoplanadi, ushbu summa keyinchalik aybdor shaxsdan regress tartibida undirib olinadi.
3. DXX organlari tomonidan davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanish natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrni ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq qoplanadi.
2-bob. DXX organlari tomonidan davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan majburiy foydalanish tartibi
4. DXX organlari harbiy xizmatchilari oʻz xizmat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq quyidagi hollarda davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanishi mumkin:
shoshilinch tibbiy yordamga muhtoj fuqarolarni tibbiyot muassasalariga yetkazish;
jinoyat sodir etgan shaxslarni taʼqib qilish va DXX organlariga olib borish;
hodisa joyiga yetib olish uchun.
Ushbu holatlarda transport vositalarining haydovchilari DXX organlari harbiy xizmatchisining transport vositasidan majburiy tarzda foydalanish talabiga boʻysunishi shart.
5. DXX organlari tomonidan transport vositasidan majburiy tarzda foydalanilganda, transport vositasining egasiga harbiy xizmatchi harbiy yoki xizmat guvohnomasini koʻrsatishi hamda oʻz ismi-familiyasini yoxud guvohnomasining raqamini maʼlum qilishi shart.
Transport vositasining egasi ushbu maʼlumot bilan sodir boʻlgan hodisa toʻgʻrisida tegishli hududdagi DXX organiga murojaat qiladi.
Bunda transport vositasining egasiga murojaat qilingan DXX organi tomonidan transport vositasidan foydalanilganligini tasdiqlovchi hamda undan foydalangan DXX harbiy xizmatchisini identifikatsiyalovchi hujjat beriladi.
Identifikatsiyalovchi hujjat namunasi va uni berish tartibi DXX tomonidan belgilanadi.
Transport vositasining egasi DXX organlari harbiy xizmatchisi tomonidan transport vositasidan foydalanish uchun harbiy xizmatchi shaxsiy yoki xizmat guvohnomasini koʻrsatmagan hamda oʻz ismi-familiyasini yoxud guvohnomasining raqamini maʼlum qilmagan taqdirda, harbiy xizmatchining talabini bajarmaslik huquqiga ega.
6. Quyidagi tashkilotlarning yoki fuqarolarning transport vositalaridan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi:
chet davlatlarning diplomatik, konsullik va boshqa vakolatxonalariga tegishli transport vositalari;
xalqaro tashkilotlarga tegishli boʻlgan transport vositalari;
maxsus moʻljallangan transport vositalari (qonunchilikda belgilangan tartibda koʻk yoki koʻk va qizil rangli yalt-yalt etuvchi chiroq-mayoqchalari va maxsus tovushli ishoralari yoqilgan transport vositalari hamda ular tomonidan kuzatib kelinayotgan transport vositalari).
3-bob. Mulkiy zararning oʻrnini qoplash masalalari boʻyicha murojaatlarni koʻrib chiqish tartibi
7. Yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash masalalarini oʻrganish boʻyicha DXX organlari boshliqlari (komandirlari) tomonidan tasdiqlangan tegishli xizmat mutaxassislaridan iborat boʻlgan doimiy komissiyalar (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tuziladi.
8. Transport vositasidan majburiy tarzda foydalangan DXX harbiy xizmatchisi holat boʻyicha barcha tasdiqlovchi hujjatlar (tibbiyot muassasalari, huquqni muhofaza qiluvchi organlar va boshqa vakolatli davlat tashkilotlarining maʼlumotnomalari) ilova qilingan bildirgi bilan birgalikda uch kun muddatda tegishli DXX organi rahbariga murojaat qiladi.
9. Mulkiy zararning oʻrnini qoplash uchun transport vositasining egasi yoki uning qonuniy vakili tegishli DXX organi rahbariga quyidagi hujjatlarni ilova qilgan holda murojaat qiladi:
a) transport vositasidan majburiy foydalanganlik natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisida ariza. Ushbu arizada quyidagilar koʻrsatiladi:
jismoniy shaxslar uchun — familiyasi, ismi va otasining ismi, bank rekvizitlari (mavjud boʻlsa), yashash manzili va bogʻlanish uchun telefon raqami, elektron manzili (mavjud boʻlsa) toʻgʻrisida maʼlumotlar;
yuridik shaxslar uchun — yuridik shaxsning nomi, rekvizitlari, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami, bank rekvizitlari, rahbarning familiyasi, ismi va otasining ismi;
b) avtomototransport vositasini roʻyxatdan oʻtkazish haqida guvohnoma (texnik pasporti), transport vositasi ishonchnoma orqali boshqarilganda — ishonchnoma nusxasi;
v) transport vositasidan foydalanilganligini tasdiqlovchi hamda undan foydalangan DXX harbiy xizmatchisini identifikatsiyalovchi hujjatlar;
g) yuridik yoki jismoniy shaxsning qonuniy vakili uchun (transport vositasi egasining vakili murojaat qilgan taqdirda) — vakil sifatida murojaat qilish huquqini tasdiqlovchi hujjat.
10. DXX organi rahbari bildirgi (ariza) tushgan kundan boshlab bir kun ichida masalani oʻrganib chiqish uchun Komissiyaga taqdim etadi.
11. Komissiya kotibi mulkiy zararni qoplash boʻyicha tegishli hujjatlarni hamda transport vositalaridan xizmat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda foydalanilganligi boʻyicha oʻrganish natijalarini Komissiya yigʻilishida koʻrib chiqish uchun tayyorlaydi.
12. Komissiya transport vositasining egasi yoki uning qonuniy vakillari murojaatlarini mazkur Nizomning 8 va 9-bandlarida koʻrsatib oʻtilgan hujjatlar taqdim etilgan kundan boshlab oʻn kun ichida, qoʻshimcha hujjatlarni olish (oʻrganish) talab etilganda esa yigirma kun ichida koʻrib chiqadi va natijasi boʻyicha qaror qabul qiladi.
13. Hujjatlarni koʻrib chiqish natijasi boʻyicha mulkiy zarar qoplanishi yoki qoplash rad etilishi toʻgʻrisida Komissiyaning qarori qabul qilinadi va Komissiya raisi tomonidan tasdiqlangan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
14. Komissiya qarori boʻyicha uch kun muddatda transport vositasining egasi yoki uning qonuniy vakiliga yozma maʼlumot beriladi.
15. Transport vositasidan foydalanilganligini tasdiqlovchi hamda undan foydalangan DXX harbiy xizmatchisini identifikatsiyalovchi hujjat taqdim etilmagan taqdirda, DXX organlari tomonidan zarar qoplanmaydi.
16. Komissiya raisi va aʼzolari zararni qoplash boʻyicha taqdim etiladigan hujjatlarning haqqoniyligi, qabul qilingan qarorning qonuniyligi va toʻgʻri qabul qilinganligiga masʼul hisoblanadi.
4-bob. Mulkiy zarar miqdorini aniqlash va qoplash tartibi
17. Mulkiy zarar miqdori DXX organlari tomonidan baholash tashkilotini belgilangan tartibda jalb qilgan holda oʻn kun muddat ichida aniqlanadi.
18. DXX organlari transport vositasi egasiga yetkazilgan mulkiy zarar miqdorini aniqlash uchun zarur maʼlumotlarni vakolatli davlat organlari va boshqa davlat tashkilotlaridan talab qilib olish huquqiga ega.
19. Komissiyaning mulkiy zararni qoplash toʻgʻrisidagi qaroriga muvofiq quyidagilar DXX organlari tomonidan qoplanadi:
foydalanganlik natijasida meʼyor boʻyicha sarf qilingan yoqilgʻining haqiqiy xarajat qiymati;
DXX organlari tomonidan foydalanilgan transport vositasiga yetkazilgan shikastni joriy taʼmirlash bilan bogʻliq xarajatlar;
DXX organlari tomonidan foydalanilgan transport vositasi butunlay yaroqsiz holga kelgan va tiklash imkoni boʻlmagan hollarda, uning foydalanishdan avvalgi holatidagi bozor qiymati.
20. Mulkiy zarar oʻrnini qoplash boʻyicha tegishli qaror qabul qilingandan soʻng DXX organlari tomonidan oʻn kun muddatda keltirilgan mulkiy zarar qoplanishi lozim.
21. Mulkiy zarar miqdori DXX organlarining moliya boʻlinmalari tomonidan yuridik shaxslarga — hisobvaragʻiga pul oʻtkazish, jismoniy shaxslarga — naqd holda yoki hisobvaragʻiga pul oʻtkazish yoʻli bilan qoplanadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
22. Mulkiy zararning oʻrnini DXX organlari tomonidan qoplash masalalari boʻyicha nizo va kelishmovchiliklar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
23. Transport vositasining egasi Komissiyaning mulkiy zararni qoplash toʻgʻrisidagi qaroridan norozi boʻlgan taqdirda, belgilangan tartibda yuqori turuvchi DXX organiga yoki sudga shikoyat qilish huquqiga ega.
24. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati organlari tomonidan davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanish natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati organlari tomonidan davlat organlari, boshqa tashkilotlar va fuqarolarning transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanish natijasida yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash
Bosqichlar Subyektlar Tadbir nomi Bajarish muddati 1-bosqich Davlat xavfsizlik xizmati organlari harbiy xizmatchisi Transport vositasidan majburiy tarzda foydalanganligi holati yuzasidan DXX organi rahbariga bildirgi bilan murojaat qilish. Transport vositalaridan majburiy tarzda foydalanganlik natijasida yetkazilgan mulkiy zarar holatini oʻrganish uchun zarur hujjatlarni topshirish. Uch kunda 2-bosqich Transport vositasining egasi yoki uning vakili Mulkiy zararning oʻrnini qoplash uchun tegishli Davlat xavfsizlik xizmati organi rahbariga ariza bilan murojaat qilish. Murojaat qilishiga koʻra 3-bosqich Davlat xavfsizlik xizmati organlari rahbari Mulkiy zarar oʻrnini qoplash toʻgʻrisida bildirgi (ariza)ni oʻrganib chiqish uchun Komissiyaga taqdim etish. Bir kunda 4-bosqich Yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash boʻyicha doimiy komissiya kotibi Mulkiy zararni qoplash boʻyicha tegishli hujjatlarni hamda transport vositalaridan xizmat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda foydalanilganligi boʻyicha oʻrganish natijalarini Komissiya yigʻilishida koʻrib chiqish uchun tayyorlash. Ikki kunda 5-bosqich Yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash boʻyicha doimiy komissiya 1. Mulkiy zararni oʻrnini qoplash toʻgʻrisidagi masalani koʻrib chiqish va natijasi boʻyicha qaror qabul qilish. Oʻn kunda (qoʻshimcha hujjatlarni olish talab etilganda yigirma kunda) 2. Qarorni transport vositasining egasi yoki uning qonuniy vakiliga yetkazish. Uch kunda 6-bosqich Davlat xavfsizlik xizmati organlari 1. Mulkiy zarar miqdorini baholash tashkilotini jalb qilgan holda aniqlash. Oʻn kunda 2. Yetkazilgan zararni manfaatdor shaxslarga qoplab berish. Qaror qabul qilingandan soʻng oʻn kunda
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 29-sentabr,
548-son