📅 2022-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 30 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 сентября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 September 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5200-сон қарорининг ижросини самарали ташкил этиш, республикада узум плантацияларини кўпайтириш, жаҳонда эътироф этилган тармоқ андозаларига мувофиқ ташкил этиш ва уларда ҳосилдор узум навларини етиштиришни йўлга қўйишни, аҳолининг сифатли табиий вино маҳсулотига бўлган эҳтиёжи қондирилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5200-сон қарорига мувофиқ:
2023 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта узумчилик йўналишида «Энг яхши узум нави», «Энг яхши маҳаллий узум нави» ва «Энг яхши вино маҳсулоти» номинациялари бўйича ўтказиладиган республика кўрик-танлови таъсис этилганлиги;
кўрик-танлов ғолибларини пул мукофоти ва бошқа эсдалик совғалари билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик), Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
кўрик-танловни ҳар икки йилда бир марта ўтказиш;
Агентлик томонидан кўрик-танловни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита фаолиятини ташкил этиш;
кўрик-танловни «Энг яхши узум нави», «Энг яхши маҳаллий узум нави», «Энг яхши вино маҳсулоти» номинациялари асосида узум етиштирувчи ва вино маҳсулоти ишлаб чиқарувчи юридик шахслар ўртасида ўтказиш;
кўрик-танлов иштирокчиларини баҳолаш, ғолиб ва совриндорларни мукофотлаш тартиби;
кўрик-танловни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан, кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари учун мукофотлар, дипломларни Агентликнинг Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳамда масъул вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштириш тартиби.
3. Агентлик Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:
а) бир ой муддатда Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
б) ушбу чора-тадбирлар дастури доирасида қуйидагилар амалга оширилишини назарда тутсин:
кўрик-танловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш, кўрик-танлов иштирокчилари маҳоратини баҳолаш, ғолибларни аниқлаш мақсадида соҳа олимлари, тажрибали мутахассисларидан иборат таркибда ҳакамлар ҳайъатини шакллантириш ва тасдиқлаш;
ғолибларни кўрик-танлов ташкилотчиларининг ўз маблағлари ҳисобидан пул мукофоти ва бошқа эсдалик совғалари билан тақдирлаш тадбирлари, уларни ўтказишнинг аниқ муддатлари ва масъул ижрочиларини белгилаш.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 сентябрдаги 557-сон қарорига ИЛОВА
Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловини (кейинги ўринларда — кўрик-танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Кўрик-танлов ҳар икки йилда бир марта cентябрь ойида мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ўтказилади.
3. Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) таркиби ва унинг фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан тасдиқланади.
Ташкилий қўмита таркибига Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (кейинги ўринларда — масъул вазирлик ва идоралар) вакиллари киритилади.
4. Ташкилий қўмита кўрик-танловни ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш учун масъул ҳисобланади.
Ташкилий қўмитанинг ишчи органи функцияларини бажариш Агентлик зиммасига юклатилади.
5. Ташкилий қўмита кўрик-танлов ўтказилишидан камида беш ой олдин кўрик-танловни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан қўмита мажлисини ўтказади. Бунда Ташкилий қўмита мажлиси кун тартиби қуйидагиларни ўз ичига олади:
кўрик-танловни ўтказиш доирасида масъул шахсларни белгилаш;
кўрик-танловни ўтказиш жойи ва санасини белгилаш;
кўрик-танловни ташкил этиш ва унинг ўтказилиши билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбаларини белгилаш;
ҳакамлар ҳайъати, шу жумладан вино маҳсулоти бўйича дегустаторлар таркибини шакллантириш;
кўрик-танловнинг дастурини ва ғолибларни тақдирлаш миқдорини тасдиқлаш масалалари бўйича қарор қабул қилиш.
6. Агентлик масъул вазирлик ва идоралар вакилларини жалб этган ҳолда:
Ташкилий қўмитанинг кейинги йиғилишларини ташкил этади, йиғилиш баённомаларини расмийлаштиради, тарқатади ва йиғилиш қарорлари ижросини назорат қилади;
кўрик-танловлар ҳужжатлари йиғмажилдларини юритиш ва сақлашни таъминлайди;
кўрик-танлов санаси ва уни ўтказиш тартиби ҳақидаги ахборотни оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқа қулай шаклда тарқатади;
кўрик-танловда иштирок этиш истагини билдирган узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилардан Ташкилий қўмита веб-сайти орқали келиб тушган аризаларини ўрганиб чиқади ва уларни номзодлар рўйхатига киритади;
кўрик-танлов ўтказиладиган жой (ҳудуд)да ҳар битта номинация бўйича кўрик-танловга тақдим этилган маҳсулотлар жойлаштирилишини ташкил этади;
ҳар бир номинация бўйича ғолибларга берилиши лозим бўлган мукофотларни тайёрлайди ва жамлайди.
2-боб. Ҳакамлар ҳайъатлари
7. Ташкилий қўмитанинг йиғилиши қарори асосида ҳар битта номинация бўйича аъзолари беш нафардан иборат ҳакамлар ҳайъати шакллантирилади.
8. Ҳакамлар ҳайъати фаолиятида холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар битта номинация бўйича ҳакамлар ҳайъати аъзолигига номинация турига мувофиқ равишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Агентлик, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтидан биттадан номзод киритилади.
9. Ҳар битта номинация бўйича ҳакамлар ҳайъати раиси тегишли ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан сайланади. Сайлов натижалари акс эттирилган баённома Ташкилий қўмитага тақдим этилади.
3-боб. Кўрик-танловда иштирок этиш тартиби
10. Кўрик-танловда узум етиштирувчи ва вино маҳсулоти ишлаб чиқарувчи юридик шахслар иштирок этадилар.
11. Кўрик-танловни ўтказиш жойи, муддати ва шартлари кўрик-танлов ўтказилишидан икки ой олдин оммавий ахборот воситалари, Агентликнинг расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.
12. Кўрик-танлов эълон қилинганидан сўнг ўн кун ичида унда иштирок этиш истагини билдирган номзод мазкур Низомга 2-иловада келтирилган намунага мувофиқ тайёрланган аризасини Агентликнинг расмий веб-сайтига электрон шаклда тақдим этади. Номзод унинг аризаси қабул қилинганлиги ҳақида хабардор қилинади.
13. Номзод фақат битта номинацияда иштирок этиши мумкин.
14. Иштирокчи томонидан кўрик-танловга ўзи етиштирмаган узум, ўзи тайёрламаган вино маҳсулотини тақдим этилганлиги ҳолати аниқланганда бундай иштирокчи ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан кўрик-танловдан четлаштирилади.
15. Кўрик-танловдан четлатилган номзод Ташкилий қўмитага ёки белгиланган тартибда судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
16. Номзод ўз ташаббуси билан кўрик-танловда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Номзод ушбу ҳуқуқдан фойдаланган тақдирда, у Ташкилий қўмитага бу тўғрида кўрик-танлов бошланишидан камида ўн кун олдин хабар бериши шарт.
17. Кўрик-танлов иштирокчиси танланган номинация бўйича ўз маҳсулотлари билан биргаликда:
ҳар бир маҳсулотни етиштириш (тайёрлаш) усулларини, тарихини акс эттирувчи ёзма маълумотларни намойиш этади;
маҳсулот мазасини тотиб кўриш (дегустация) учун тақдим этади.
18. Кўрик-танлов иштирокчиси кўрик-танлов даврида маҳсулот етказиб бериш, узум кўчатларини парваришлаш каби хизматларни кўрсатиш бўйича шартномалар тузиши мумкин.
4-боб. Кўрик-танловнинг номинациялари ва баҳолаш мезонлари
19. Кўрик-танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:
«Энг яхши узум нави»;
«Энг яхши маҳаллий узум нави»;
«Энг яхши вино маҳсулоти».
20. Ҳар бир номинацияда кўрик-танловнинг асосий йўналишлари бўйича 1, 2, 3-ўрин совриндорлари аниқланади.
1-§. «Энг яхши узум нави» номинацияси
21. «Энг яхши узум нави» номинациясида узум навлари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
навнинг жозибадорлиги;
меваси таркибидаги шакар, кислота миқдори;
таъми;
етилиш муддатлари ва ҳосилдорлиги;
сақлаш муддатлари ва транспортабеллиги;
касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги;
иссиқ ва совуққа бардошлилиги;
навнинг ўзига хослиги ва янгилиги;
етиштирилаётган плантациядаги ҳосилдорлиги;
олинаётган ҳосилдан фойдаланиш кўрсаткичлари;
махсус техникалардан фойдаланиш коэффицентлари.
Бунда ҳар битта мезон бўйича 1 — 5 баллгача бўлган баҳо қўйилади.
2-§. «Энг яхши маҳаллий узум нави» номинацияси
22. «Энг яхши маҳаллий узум нави» номинациясида узум навлари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
республика ҳудудида қадимдан етиштириб келинган маҳаллий узум нави (автохтон) бўлиши;
меваси таркибидаги шакар, кислота миқдори;
таъми;
етилиш муддатлари ва ҳосилдорлиги;
сақлаш муддатлари ва транспортабеллиги;
касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги;
иссиқ ва совуққа бардошлилиги;
етиштирилаётган плантациядаги ҳосилдорлиги;
олинаётган ҳосилдан фойдаланиш кўрсаткичлари;
махсус техникалардан фойдаланиш коэффицентлари.
Бунда ҳар битта мезон бўйича 1 — 5 баллгача бўлган баҳо қўйилади.
3-§. «Энг яхши вино маҳсулоти» номинацияси
23. «Энг яхши вино маҳсулоти» номинацияси дегустация қилиш тартибида амалга оширилади.
24. Дегустация тартиби, дегустаторларга қўйиладиган талаблар, дегустация учун хона ва ускуналар, иш ўринларига бўлган талаблар, дегустация учун маҳсулот намуналари олиш, органолептик баҳолаш натижаларини қайта ишлаш учун намуналар тақдим этиш тартиби техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилади.
25. Дегустацияда «Энг яхши вино маҳсулоти» номинациясида вино маҳсулоти қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
а) ташқи кўриниши:
шаффофлиги — 1 дан 5 баллгача;
ранги — 2 дан 10 баллгача;
б) хушбўйлиги:
тозалиги — 2 дан 6 баллгача;
интенсивлиги — 2 дан 8 баллгача;
сифати — 8 дан 16 баллгача;
в) таъми:
тозалиги — 2 дан 6 баллгача;
интенсивлиги — 2 дан 8 баллгача;
истеъмолдан кейинги таъми — 4 дан 8 баллгача;
сифати — 10 дан 22 баллгача;
г) уйғунлиги (умумий таассурот) — 7 дан 11 баллгача.
Мазкур номинацияда умумий мезонлар кесимида 1 дан 100 баллгача бўлган баҳо қўйилади.
26. Ҳакамлар ҳайъати баҳолашни амалга ошириб бўлганларидан сўнг натижалар алоҳида конвертларга солинган ҳолда Ташкилий қўмитага тақдим этилади.
5-боб. Мукофотлаш тартиби
27. Кўрик-танлов ғолиблари ташкилий қўмита томонидан 1, 2, 3 — даражали дипломлар ва пул мукофотлари билан тақдирланадилар.
28. «Энг яхши узум нави», «Энг яхши маҳаллий узум нави» ва «Энг яхши вино маҳсулоти» номинациялари бўйича пул мукофотлари қуйидагича тақсимланади:
биринчи ўрин соҳиблари — базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида;
иккинчи ўрин соҳиблари — базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 баравари миқдорида;
учинчи ўрин соҳиблари — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида.
29. Кўрик-танловнинг 1, 2, 3 — ўринлар совриндорларига тақдим этиладиган дипломларнинг намунаси Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
6-боб. Кўрик-танловни молиялаштириш
30. Кўрик-танловни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, кўрик-танлов ғолиблари ҳамда совриндорлари учун мукофотлар, дипломлар Агентликнинг Виночиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда масъул вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.
31. Кўрик-танловни молиялаштириш учун Агентлик ҳамда масъул вазирлик ва идоралар Ташкилий қўмитанинг йиғилиши қарорида белгиланган харажатлар суммасини ушбу йиғилиш қарори қабул қилинганидан сўнг ўн иш кунида Агентликнинг Ғазначиликдаги махсус ҳисобварағига ўтказиб беради.
Бунда, Ташкилий қўмитанинг йиғилиш қарорида белгиланган кўрик-танлов харажатлари сметасининг суммаси масъул вазирлик ва идоралар ўртасида тенг улушларда тақсимланади.
32. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари кўрик-танловда иштирок этган даврда уларнинг асосий иш жойи бўйича ўрни (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.
33. Кўрик-танловни қўшимча равишда юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳомийлик хайриялари сифатида молиялаштириши мумкин.
7-боб. Якунловчи қоидалар
34. Ушбу Низомни қўллаш жараёнида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
35. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ташкилий қўмита Кўрик-танловни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ташкилий йиғилиш ўтказади. Кўрик-танловни ўтказиш санасидан камида 5 ой олдин 2-босқич Агентлик ҳамда масъул вазирлик ва идоралар Кўрик-танловни молиялаштириш учун ташкилий қўмитанинг йиғилиши қарорида белгиланган харажатлар суммасини Агентликнинг Ғазначиликдаги махсус ҳисобварағига ўтказади. Қарор қабул қилинганидан сўнг ўн иш кунида 3-босқич Агентлик Кўрик-танловни ўтказиш жойи, муддати-санаси ва шартларини Агентликнинг расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилади. Кўрик-танлов ўтказилишидан 2 ой олдин 4-босқич Номзод Аризани Агентликнинг расмий веб-сайтига ёзма ёки электрон шаклда, ариза қабул қилинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этади. Кўрик-танлов эълон қилинганидан сўнг ўн кунлик муддат ичида 5-босқич Ташкилий қўмита Кўрик-танловни ўтказади. Ҳар икки йилда бир марта, сентябрь ойининг биринчи ҳафтасида 6-босқич Ташкилий қўмита Кўрик-танлов ғолибларини 1, 2, 3 — даражали дипломлар ва пул мукофотлари билан тақдирлайди. Кўрик-танлов якунида
Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигига Ариза (намуна шакли) Мен, _______________________________________________________________________, (фамилияси, исми, отасининг исми) _______________________________ вилояти ___________________________________ туманида жойлашган ____________________________________________________________________________ (юридик шахснинг номи) раҳбари лавозимида фаолият юритиб келмоқдаман. Юридик шахс ҳақида маълумотлар: СТИР: ___________________________ Хизмат кўрсатувчи банк муассасаси: ___________________________________________; __________________________________________________________________; Банк ҳисобварағи:____________________________________________________; Шахсий веб-сайт (электрон почта) номи (мавжуд бўлса) __________________________. Мен 20_________ йилда ўтказилиши режалаштирилган Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловида ___________________________________ _____________________________ номинациясида юридик шахс номидан иштирок этиш истагини билдираман. Кўрик-танловга ўзимга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган қуйидаги маҳсулотлар намуналарини тақдим этаман: _____________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (иштирок этаётган номинация бўйича баҳолаш мезонларидан келиб чиқиб, кўрик-танловга тақдим эта оладиган маҳсулотлари) Менга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш суд томонидан тақиқланмаган. Давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш ёки бундай фаолиятни назорат қилиш вазифасига кирувчи давлат органларида фаолият юритмайман. Бошқарувимдаги юридик шахсга нисбатан санация қўлланилмаган, банкротлик тартиб-таомиллари жорий қилинмаган. Мен Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом билан тўлиқ танишиб чиқдим. Юқорида баён этилганларни эътиборга олиб, мени кўрик-танлов иштирокчиси сифатида рўйхатга олишингизни сўрайман. _________________________ раҳбари ________________ ________________ (имзо) (Ф.И.О.)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 30 сентябрь,
557-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilar respublika koʻrik-tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Uzumchilikni rivojlantirishda klaster tizimini joriy etish, sohaga ilgʻor texnologiyalarni jalb qilishni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 28-iyuldagi PQ-5200-son qarorining ijrosini samarali tashkil etish, respublikada uzum plantatsiyalarini koʻpaytirish, jahonda eʼtirof etilgan tarmoq andozalariga muvofiq tashkil etish va ularda hosildor uzum navlarini yetishtirishni yoʻlga qoʻyishni, aholining sifatli tabiiy vino mahsulotiga boʻlgan ehtiyoji qondirilishini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Uzumchilikni rivojlantirishda klaster tizimini joriy etish, sohaga ilgʻor texnologiyalarni jalb qilishni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 28-iyuldagi PQ-5200-son qaroriga muvofiq:
2023-yildan boshlab har ikki yilda bir marta uzumchilik yoʻnalishida “Eng yaxshi uzum navi”, “Eng yaxshi mahalliy uzum navi” va “Eng yaxshi vino mahsuloti” nominatsiyalari boʻyicha oʻtkaziladigan respublika koʻrik-tanlovi taʼsis etilganligi;
koʻrik-tanlov gʻoliblarini pul mukofoti va boshqa esdalik sovgʻalari bilan taqdirlash Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik), Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan moliyalashtirilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilar respublika koʻrik-tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
koʻrik-tanlovni har ikki yilda bir marta oʻtkazish;
Agentlik tomonidan koʻrik-tanlovni oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita faoliyatini tashkil etish;
koʻrik-tanlovni “Eng yaxshi uzum navi”, “Eng yaxshi mahalliy uzum navi”, “Eng yaxshi vino mahsuloti” nominatsiyalari asosida uzum yetishtiruvchi va vino mahsuloti ishlab chiqaruvchi yuridik shaxslar oʻrtasida oʻtkazish;
koʻrik-tanlov ishtirokchilarini baholash, gʻolib va sovrindorlarni mukofotlash tartibi;
koʻrik-tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar, shu jumladan, koʻrik-tanlovning gʻolib va sovrindorlari uchun mukofotlar, diplomlarni Agentlikning Agrosanoatni rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hamda masʼul vazirlik va idoralarning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan teng ulushlarda moliyalashtirish tartibi.
3. Agentlik Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi bilan birgalikda:
a) bir oy muddatda Uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilar respublika koʻrik-tanlovini oʻtkazish boʻyicha chora-tadbirlar dasturini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
b) ushbu chora-tadbirlar dasturi doirasida quyidagilar amalga oshirilishini nazarda tutsin:
koʻrik-tanlovni yuqori saviyada tashkil etish va oʻtkazish, koʻrik-tanlov ishtirokchilari mahoratini baholash, gʻoliblarni aniqlash maqsadida soha olimlari, tajribali mutaxassislaridan iborat tarkibda hakamlar hayʼatini shakllantirish va tasdiqlash;
gʻoliblarni koʻrik-tanlov tashkilotchilarining oʻz mablagʻlari hisobidan pul mukofoti va boshqa esdalik sovgʻalari bilan taqdirlash tadbirlari, ularni oʻtkazishning aniq muddatlari va masʼul ijrochilarini belgilash.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 30-sentabrdagi 557-son qaroriga ILOVA
Uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilar respublika koʻrik-tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilar respublika koʻrik-tanlovini (keyingi oʻrinlarda — koʻrik-tanlov) oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. Koʻrik-tanlov har ikki yilda bir marta centyabr oyida mazkur Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq oʻtkaziladi.
3. Uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilar respublika koʻrik-tanlovini oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita (keyingi oʻrinlarda — Tashkiliy qoʻmita) tarkibi va uning faoliyat koʻrsatish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan tasdiqlanadi.
Tashkiliy qoʻmita tarkibiga Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi (keyingi oʻrinlarda — masʼul vazirlik va idoralar) vakillari kiritiladi.
4. Tashkiliy qoʻmita koʻrik-tanlovni tashkil etish va yuqori saviyada oʻtkazish uchun masʼul hisoblanadi.
Tashkiliy qoʻmitaning ishchi organi funksiyalarini bajarish Agentlik zimmasiga yuklatiladi.
5. Tashkiliy qoʻmita koʻrik-tanlov oʻtkazilishidan kamida besh oy oldin koʻrik-tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq masalalar yuzasidan qoʻmita majlisini oʻtkazadi. Bunda Tashkiliy qoʻmita majlisi kun tartibi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
koʻrik-tanlovni oʻtkazish doirasida masʼul shaxslarni belgilash;
koʻrik-tanlovni oʻtkazish joyi va sanasini belgilash;
koʻrik-tanlovni tashkil etish va uning oʻtkazilishi bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish manbalarini belgilash;
hakamlar hayʼati, shu jumladan vino mahsuloti boʻyicha degustatorlar tarkibini shakllantirish;
koʻrik-tanlovning dasturini va gʻoliblarni taqdirlash miqdorini tasdiqlash masalalari boʻyicha qaror qabul qilish.
6. Agentlik masʼul vazirlik va idoralar vakillarini jalb etgan holda:
Tashkiliy qoʻmitaning keyingi yigʻilishlarini tashkil etadi, yigʻilish bayonnomalarini rasmiylashtiradi, tarqatadi va yigʻilish qarorlari ijrosini nazorat qiladi;
koʻrik-tanlovlar hujjatlari yigʻmajildlarini yuritish va saqlashni taʼminlaydi;
koʻrik-tanlov sanasi va uni oʻtkazish tartibi haqidagi axborotni ommaviy axborot vositalari orqali yoki boshqa qulay shaklda tarqatadi;
koʻrik-tanlovda ishtirok etish istagini bildirgan uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilardan Tashkiliy qoʻmita veb-sayti orqali kelib tushgan arizalarini oʻrganib chiqadi va ularni nomzodlar roʻyxatiga kiritadi;
koʻrik-tanlov oʻtkaziladigan joy (hudud)da har bitta nominatsiya boʻyicha koʻrik-tanlovga taqdim etilgan mahsulotlar joylashtirilishini tashkil etadi;
har bir nominatsiya boʻyicha gʻoliblarga berilishi lozim boʻlgan mukofotlarni tayyorlaydi va jamlaydi.
2-bob. Hakamlar hayʼatlari
7. Tashkiliy qoʻmitaning yigʻilishi qarori asosida har bitta nominatsiya boʻyicha aʼzolari besh nafardan iborat hakamlar hayʼati shakllantiriladi.
8. Hakamlar hayʼati faoliyatida xolislik va shaffoflikni taʼminlash maqsadida har bitta nominatsiya boʻyicha hakamlar hayʼati aʼzoligiga nominatsiya turiga muvofiq ravishda Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi, Agentlik, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi hamda Qishloq xoʻjaligi vazirligi Qishloq xoʻjaligida bilim va innovatsiyalar milliy markazi, Akademik Mahmud Mirzayev nomidagi Bogʻdorchilik, uzumchilik va vinochilik ilmiy-tadqiqot institutidan bittadan nomzod kiritiladi.
9. Har bitta nominatsiya boʻyicha hakamlar hayʼati raisi tegishli hakamlar hayʼati aʼzolari tomonidan saylanadi. Saylov natijalari aks ettirilgan bayonnoma Tashkiliy qoʻmitaga taqdim etiladi.
3-bob. Koʻrik-tanlovda ishtirok etish tartibi
10. Koʻrik-tanlovda uzum yetishtiruvchi va vino mahsuloti ishlab chiqaruvchi yuridik shaxslar ishtirok etadilar.
11. Koʻrik-tanlovni oʻtkazish joyi, muddati va shartlari koʻrik-tanlov oʻtkazilishidan ikki oy oldin ommaviy axborot vositalari, Agentlikning rasmiy veb-sayti va boshqa ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon qilinadi.
12. Koʻrik-tanlov eʼlon qilinganidan soʻng oʻn kun ichida unda ishtirok etish istagini bildirgan nomzod mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan namunaga muvofiq tayyorlangan arizasini Agentlikning rasmiy veb-saytiga elektron shaklda taqdim etadi. Nomzod uning arizasi qabul qilinganligi haqida xabardor qilinadi.
13. Nomzod faqat bitta nominatsiyada ishtirok etishi mumkin.
14. Ishtirokchi tomonidan koʻrik-tanlovga oʻzi yetishtirmagan uzum, oʻzi tayyorlamagan vino mahsulotini taqdim etilganligi holati aniqlanganda bunday ishtirokchi hakamlar hayʼatining qarori bilan koʻrik-tanlovdan chetlashtiriladi.
15. Koʻrik-tanlovdan chetlatilgan nomzod Tashkiliy qoʻmitaga yoki belgilangan tartibda sudga shikoyat bilan murojaat qilish huquqiga ega.
16. Nomzod oʻz tashabbusi bilan koʻrik-tanlovda ishtirok etishdan bosh tortish huquqiga ega. Nomzod ushbu huquqdan foydalangan taqdirda, u Tashkiliy qoʻmitaga bu toʻgʻrida koʻrik-tanlov boshlanishidan kamida oʻn kun oldin xabar berishi shart.
17. Koʻrik-tanlov ishtirokchisi tanlangan nominatsiya boʻyicha oʻz mahsulotlari bilan birgalikda:
har bir mahsulotni yetishtirish (tayyorlash) usullarini, tarixini aks ettiruvchi yozma maʼlumotlarni namoyish etadi;
mahsulot mazasini totib koʻrish (degustatsiya) uchun taqdim etadi.
18. Koʻrik-tanlov ishtirokchisi koʻrik-tanlov davrida mahsulot yetkazib berish, uzum koʻchatlarini parvarishlash kabi xizmatlarni koʻrsatish boʻyicha shartnomalar tuzishi mumkin.
4-bob. Koʻrik-tanlovning nominatsiyalari va baholash mezonlari
19. Koʻrik-tanlov quyidagi nominatsiyalar boʻyicha oʻtkaziladi:
“Eng yaxshi uzum navi”;
“Eng yaxshi mahalliy uzum navi”;
“Eng yaxshi vino mahsuloti”.
20. Har bir nominatsiyada koʻrik-tanlovning asosiy yoʻnalishlari boʻyicha 1, 2, 3-oʻrin sovrindorlari aniqlanadi.
1-§. “Eng yaxshi uzum navi” nominatsiyasi
21. “Eng yaxshi uzum navi” nominatsiyasida uzum navlari quyidagi mezonlar asosida baholanadi:
navning jozibadorligi;
mevasi tarkibidagi shakar, kislota miqdori;
taʼmi;
yetilish muddatlari va hosildorligi;
saqlash muddatlari va transportabelligi;
kasallik va zararkunandalarga chidamliligi;
issiq va sovuqqa bardoshliligi;
navning oʻziga xosligi va yangiligi;
yetishtirilayotgan plantatsiyadagi hosildorligi;
olinayotgan hosildan foydalanish koʻrsatkichlari;
maxsus texnikalardan foydalanish koeffitsentlari.
Bunda har bitta mezon boʻyicha 1 — 5 ballgacha boʻlgan baho qoʻyiladi.
2-§. “Eng yaxshi mahalliy uzum navi” nominatsiyasi
22. “Eng yaxshi mahalliy uzum navi” nominatsiyasida uzum navlari quyidagi mezonlar asosida baholanadi:
respublika hududida qadimdan yetishtirib kelingan mahalliy uzum navi (avtoxton) boʻlishi;
mevasi tarkibidagi shakar, kislota miqdori;
taʼmi;
yetilish muddatlari va hosildorligi;
saqlash muddatlari va transportabelligi;
kasallik va zararkunandalarga chidamliligi;
issiq va sovuqqa bardoshliligi;
yetishtirilayotgan plantatsiyadagi hosildorligi;
olinayotgan hosildan foydalanish koʻrsatkichlari;
maxsus texnikalardan foydalanish koeffitsentlari.
Bunda har bitta mezon boʻyicha 1 — 5 ballgacha boʻlgan baho qoʻyiladi.
3-§. “Eng yaxshi vino mahsuloti” nominatsiyasi
23. “Eng yaxshi vino mahsuloti” nominatsiyasi degustatsiya qilish tartibida amalga oshiriladi.
24. Degustatsiya tartibi, degustatorlarga qoʻyiladigan talablar, degustatsiya uchun xona va uskunalar, ish oʻrinlariga boʻlgan talablar, degustatsiya uchun mahsulot namunalari olish, organoleptik baholash natijalarini qayta ishlash uchun namunalar taqdim etish tartibi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiq amalga oshiriladi.
25. Degustatsiyada “Eng yaxshi vino mahsuloti” nominatsiyasida vino mahsuloti quyidagi mezonlar asosida baholanadi:
a) tashqi koʻrinishi:
shaffofligi — 1 dan 5 ballgacha;
rangi — 2 dan 10 ballgacha;
b) xushboʻyligi:
tozaligi — 2 dan 6 ballgacha;
intensivligi — 2 dan 8 ballgacha;
sifati — 8 dan 16 ballgacha;
v) taʼmi:
tozaligi — 2 dan 6 ballgacha;
intensivligi — 2 dan 8 ballgacha;
isteʼmoldan keyingi taʼmi — 4 dan 8 ballgacha;
sifati — 10 dan 22 ballgacha;
g) uygʻunligi (umumiy taassurot) — 7 dan 11 ballgacha.
Mazkur nominatsiyada umumiy mezonlar kesimida 1 dan 100 ballgacha boʻlgan baho qoʻyiladi.
26. Hakamlar hayʼati baholashni amalga oshirib boʻlganlaridan soʻng natijalar alohida konvertlarga solingan holda Tashkiliy qoʻmitaga taqdim etiladi.
5-bob. Mukofotlash tartibi
27. Koʻrik-tanlov gʻoliblari tashkiliy qoʻmita tomonidan 1, 2, 3 — darajali diplomlar va pul mukofotlari bilan taqdirlanadilar.
28. “Eng yaxshi uzum navi”, “Eng yaxshi mahalliy uzum navi” va “Eng yaxshi vino mahsuloti” nominatsiyalari boʻyicha pul mukofotlari quyidagicha taqsimlanadi:
birinchi oʻrin sohiblari — bazaviy hisoblash miqdorining 100 baravari miqdorida;
ikkinchi oʻrin sohiblari — bazaviy hisoblash miqdorining 75 baravari miqdorida;
uchinchi oʻrin sohiblari — bazaviy hisoblash miqdorining 50 baravari miqdorida.
29. Koʻrik-tanlovning 1, 2, 3 — oʻrinlar sovrindorlariga taqdim etiladigan diplomlarning namunasi Tashkiliy qoʻmita tomonidan ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
6-bob. Koʻrik-tanlovni moliyalashtirish
30. Koʻrik-tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar, koʻrik-tanlov gʻoliblari hamda sovrindorlari uchun mukofotlar, diplomlar Agentlikning Vinochilikni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hamda masʼul vazirlik va idoralarning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan teng ulushlarda moliyalashtiriladi.
31. Koʻrik-tanlovni moliyalashtirish uchun Agentlik hamda masʼul vazirlik va idoralar Tashkiliy qoʻmitaning yigʻilishi qarorida belgilangan xarajatlar summasini ushbu yigʻilish qarori qabul qilinganidan soʻng oʻn ish kunida Agentlikning Gʻaznachilikdagi maxsus hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi.
Bunda, Tashkiliy qoʻmitaning yigʻilish qarorida belgilangan koʻrik-tanlov xarajatlari smetasining summasi masʼul vazirlik va idoralar oʻrtasida teng ulushlarda taqsimlanadi.
32. Hakamlar hayʼati aʼzolari koʻrik-tanlovda ishtirok etgan davrda ularning asosiy ish joyi boʻyicha oʻrni (lavozimi) va oʻrtacha ish haqi saqlanadi.
33. Koʻrik-tanlovni qoʻshimcha ravishda yuridik va jismoniy shaxslar, shuningdek, xalqaro tashkilotlar homiylik xayriyalari sifatida moliyalashtirishi mumkin.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
34. Ushbu Nizomni qoʻllash jarayonida yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.
35. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
Uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilar respublika koʻrik-tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilar respublika koʻrik-tanlovini oʻtkazish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tashkiliy qoʻmita Koʻrik-tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq masalalar yuzasidan tashkiliy yigʻilish oʻtkazadi. Koʻrik-tanlovni oʻtkazish sanasidan kamida 5 oy oldin 2-bosqich Agentlik hamda masʼul vazirlik va idoralar Koʻrik-tanlovni moliyalashtirish uchun tashkiliy qoʻmitaning yigʻilishi qarorida belgilangan xarajatlar summasini Agentlikning Gʻaznachilikdagi maxsus hisobvaragʻiga oʻtkazadi. Qaror qabul qilinganidan soʻng oʻn ish kunida 3-bosqich Agentlik Koʻrik-tanlovni oʻtkazish joyi, muddati-sanasi va shartlarini Agentlikning rasmiy veb-sayti va boshqa ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon qiladi. Koʻrik-tanlov oʻtkazilishidan 2 oy oldin 4-bosqich Nomzod Arizani Agentlikning rasmiy veb-saytiga yozma yoki elektron shaklda, ariza qabul qilinganligi haqida xabardor qilingan holda taqdim etadi. Koʻrik-tanlov eʼlon qilinganidan soʻng oʻn kunlik muddat ichida 5-bosqich Tashkiliy qoʻmita Koʻrik-tanlovni oʻtkazadi. Har ikki yilda bir marta, sentabr oyining birinchi haftasida 6-bosqich Tashkiliy qoʻmita Koʻrik-tanlov gʻoliblarini 1, 2, 3 — darajali diplomlar va pul mukofotlari bilan taqdirlaydi. Koʻrik-tanlov yakunida
Uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilar respublika koʻrik-tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligiga Ariza (namuna shakli) Men, _______________________________________________________________________, (familiyasi, ismi, otasining ismi) _______________________________ viloyati ___________________________________ tumanida joylashgan ____________________________________________________________________________ (yuridik shaxsning nomi) rahbari lavozimida faoliyat yuritib kelmoqdaman. Yuridik shaxs haqida maʼlumotlar: STIR: ___________________________ Xizmat koʻrsatuvchi bank muassasasi: ___________________________________________; __________________________________________________________________; Bank hisobvaragʻi:____________________________________________________; Shaxsiy veb-sayt (elektron pochta) nomi (mavjud boʻlsa) __________________________. Men 20_________ yilda oʻtkazilishi rejalashtirilgan Uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilar respublika koʻrik-tanlovida ___________________________________ _____________________________ nominatsiyasida yuridik shaxs nomidan ishtirok etish istagini bildiraman. Koʻrik-tanlovga oʻzimga mulk huquqi asosida tegishli boʻlgan quyidagi mahsulotlar namunalarini taqdim etaman: _____________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (ishtirok etayotgan nominatsiya boʻyicha baholash mezonlaridan kelib chiqib, koʻrik-tanlovga taqdim eta oladigan mahsulotlari) Menga tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanish sud tomonidan taqiqlanmagan. Davlat organlari va tashkilotlarida, shu jumladan huquqni muhofaza qiluvchi organlarda, tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish bilan bogʻliq masalalarni hal qilish yoki bunday faoliyatni nazorat qilish vazifasiga kiruvchi davlat organlarida faoliyat yuritmayman. Boshqaruvimdagi yuridik shaxsga nisbatan sanatsiya qoʻllanilmagan, bankrotlik tartib-taomillari joriy qilinmagan. Men Uzum yetishtiruvchilar va vino mahsulotini ishlab chiqaruvchilar respublika koʻrik-tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom bilan toʻliq tanishib chiqdim. Yuqorida bayon etilganlarni eʼtiborga olib, meni koʻrik-tanlov ishtirokchisi sifatida roʻyxatga olishingizni soʻrayman. _________________________ rahbari ________________ ________________ (imzo) (F.I.O.)
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 30-sentabr,
557-son