📅 2022-yil 3-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 3-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 3 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 3 октября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 3 October 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Олий таълим ташкилотларида масофавий таълим шаклини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан соҳада самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий таълим ташкилотларида масофавий таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш асосида талабанинг турар жойидан қатъи назар, унга таълим дастурларини ўзлаштириш учун имконият тақдим этиш;
масофавий таълим шакли жорий этиш мумкин бўлмаган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгилаш;
масофавий таълим бўйича қабул параметрларини давлат олий таълим муассасаларида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик (идора), молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида тегишли олий таълим муассасасининг Кузатув кенгаши, нодавлат олий таълим ташкилотларида нодавлат олий таълим ташкилоти муассиси томонидан белгиланган тартибда тасдиқлаш ҳамда таълим жараёнини тўлов-контракт асосида амалга ошириш;
масофавий таълимни махсус платформа ёрдамида ёки мавжуд платформалардан фойдаланган ҳолда ташкил этиш;
масофавий таълимда бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативларини 1:50 нисбатда белгилаш;
масофавий таълим бўйича ўқув жараёнини давлат таълим стандарти, касбий стандартлар ва малака талаблари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ҳамда ўқув дастурлари асосида амалга ошириш;
масофавий таълимга талабаларни қабул қилиш ва ўқув жараёнини ташкил қилиш тартибини белгилаш, шунингдек, масофавий таълим сифати мониторингини ташкил этиш.
2. Белгилаб қўйилсинки:
а) масофавий таълим шакли асосида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш учун 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июндаги Ф-60-сон фармойишига 1в-иловада кўрсатилган давлат олий таълим муассасаларига, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб қолган давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларига рухсат берилади, фаолияти мазкур қарор қабул қилингунга қадар қонунчилик ҳужжатлари асосида ташкил этилган олий таълим ташкилотлари бундан мустасно;
б) масофавий таълим шакли бўйича кадрлар тайёрлаш кундузги таълим шаклида тегишли бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги мавжуд бўлган олий таълим ташкилотларида йўлга қўйилади, ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бундан мустасно;
в) масофавий таълим шакли асосида кадрлар тайёрлашда бир бакалавриат таълим йўналишига қабул параметрлари 300 нафар талабадан, бир магистратура мутахассислигига 30 нафар талабадан ортиқ бўлмаслиги лозим. Бунда:
мазкур талаб ахборот-коммуникация технологиялари йўналишларига нисбатан татбиқ этилмайди;
талабалар сонини аниқлашда хорижий давлат фуқароси бўлган талабалар ҳисобга олинмайди;
г) масофавий таълим шакли жорий этилган давлат олий таълим муассасаларига Масофавий таълимни ташкил этиш ва ривожлантириш марказини (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этиш ҳуқуқи берилади.
Бунда:
Марказнинг штат бирлиги молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида Кузатув кенгашлари томонидан, бошқа олий таълим муассасаларида бўйсинуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда олий таълим муассасаси ректори томонидан белгиланади;
Марказ олий таълим муассасаларининг юридик шахс бўлмаган таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва улар фаолиятини молиялаштириш олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
3. Масофавий таълим шаклини жорий этган олий таълим ташкилотлари, зарур ҳолларда, талабаларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида улар истиқомат қилувчи ҳудудларда фаолият юритувчи олий таълим ташкилотлари, ахборот-ресурс марказлари, ўқув марказлари билан ўзаро келишган ҳолда уларнинг ахборот-коммуникация инфратузилмасидан талабалар фойдаланиши учун шароит яратиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда масофавий таълим шакли жорий этилган олий таълим муассасаларини таълим жараёнини ташкил этиш имкониятини берадиган юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан белгиланган тартибда таъминлаш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Х. Шерматов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 октябрдаги 559-сон қарорига ИЛОВА
Олий таълим ташкилотларида масофавий таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом масофавий таълим шакли орқали олий таълим ташкилотларида бакалавриат ва магистратура босқичларида кадрларни тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
автопрокторинг — имтиҳон жараёнида талабанинг шахсини автоматик равишда аутентификациялаш, унинг хатти-ҳаракатлари ва нигоҳи йўналишини назорат қилиш, хонадаги товушларни таҳлил қилиш, видеодаги бузилишларни тузатиш ва ҳисоботлар тайёрлашга йўналтирилган дастурий тизим;
асинхрон режим — ўқув жараёни иштирокчиларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғида бир хил бўлмаган вақтлардаги ўзаро алоқа режими;
масофавий таълим — талаба ва таълим берувчининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишига, интерактив аудио ва видеоконференциялар орқали маълум вақт орасида ўзаро мулоқотда бўлишига, электрон почта орқали тўғри ва тескари алоқа ўрнатишига, жумладан хабарларни юбориши ва қабул қилишига мўлжалланган, билим ва кўникмаларни, ўқув дастурларини масофадан туриб ўзлаштиришга йўналтирилган таълим шакли;
масофавий таълимни бошқариш тизими — таълим жараёнини режалаштириш, бошқариш, амалга ошириш ва баҳолашда қўлланиладиган дастурий маҳсулот (электрон таълим платформаси);
масофавий таълим жараёнининг иштирокчилари — таълим ташкилотининг масофавий таълим шаклига қабул қилинган талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳамда масофавий таълимнинг ташкилий-техник ва методик таъминотини амалга оширишга масъул шахслар;
масофавий таълим технологияси — талабаларга ўқув материалларининг асосий ҳажмини етказишни, талаба ва профессор-ўқитувчининг ўзаро интерфаол ҳаракатини таъминлаб берувчи, ўқув материалини ўзлаштириш бўйича мустақил ишлаши учун талабага имконият тақдим этувчи ахборот-коммуникация ва ўқитиш технологиялари;
синхрон режим — ўқув жараёни иштирокчиларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғида реал вақтдаги ўзаро алоқа режими;
ўқув контенти — ўқув жараёнида талабаларнинг фойдаланиши учун мўлжалланган, масофавий таълимни бошқариш ахборот тизимига жойлаштирилган ўқув методик материаллар (ўқув режалари, ўқув дастурлари, маъруза матнлари, видеодарслар, тақдимотлар, топшириқлар, имтиҳон материаллари, ўқув адабиётлари).
3. Кундузги шаклда таълим жараёни олиб бориладиган бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги мавжуд бўлган олий таълим ташкилотларига тегишли йўналишлар бўйича масофавий шаклда таълим фаолиятини олиб боришга йўл қўйилади, ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бундан мустасно.
4. Таълим ташкилотлари таълим беришнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ўзининг масофавий таълим платформасини жорий этиши ёки мавжуд платформалардан фойдаланиши мумкин.
2-боб. Масофавий таълимнинг мақсади, тамойиллари ва вазифалари
5. Масофавий таълимнинг мақсади ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш асосида талабанинг турар жойидан қатъи назар, унга таълим дастурларини ўзлаштириш учун имконият тақдим этиш, талабаларнинг қизиқишлари, иқтидори ва эҳтиёжларига мувофиқ касбий салоҳиятини ривожлантиришдан иборат.
6. Масофавий таълим қуйидаги тамойиллар асосида ташкил этилади:
иштирокчиларнинг интерфаоллиги;
талабаларнинг идентификация қилиниши;
янги ахборот-коммуникация технологияларини қўллашнинг педагогик мақсадга мувофиқлиги;
таълим беришнинг очиқлиги ва мослашувчанлиги.
7. Қуйидагилар масофавий таълимни ташкил этишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
талабаларнинг масофадан туриб таълим олиш ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантиришга бўлган эҳтиёжини қондириш;
ўқув жараёнини ташкил этишнинг умумий, гуруҳ ва индивидуал шаклларининг уйғунлиги;
кадрларнинг касбий даражасини ошириш ва уларнинг мустақил билим олишига кўмаклашиш;
талабаларга мамлакатнинг ҳар қайси ҳудудида ва унинг ташқарисида таълим олишнинг тенг имкониятларини тақдим этиш;
таълим хизматлари экспортини кенгайтириш орқали таълим тизимининг жозибадорлигини ошириш.
3-боб. Масофавий таълимни ташкил этишга қўйиладиган талаблар
8. Масофавий таълимни ташкил этиш учун таълим ташкилотида қуйидагилар бўлиши талаб этилади:
масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот «Learning Management System» (кейинги ўринларда — LMS) платформаси;
Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиш ва ундан фойдаланиш имкониятини таъминлайдиган ахборот-коммуникация инфратузилмаси;
ўқув йили учун мўлжалланган ўқув контенти;
ўқув режа ва дастурлардаги барча фанлардан масофавий таълим технологияларидан фойдаланиш орқали амалга ошириладиган, ўқув контентини қамраб оладиган электрон ўқув-методик мажмуалар, шунингдек, илмий ва ўқув адабиётларининг электрон базаси;
санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ компьютер техникаси билан жиҳозланган алоҳида бино ёки аудиториялар;
масофавий таълимнинг техник ва дастурий компонентлари ишлашини ва ривожланишини таъминлайдиган тегишли маълумот ва малакага эга муҳандис-техник ходимлар;
юкламаси режадаги талабалар сонига мўлжалланган, таълим ташкилотига мулкий ёки камида 5 йил муддатга тузилган ижара шартномаси асосида тегишли бўлган, мамлакат ҳудудида жойлашган сервер қурилмаси;
таълим ташкилоти тўғрисидаги барча ахборот, жумладан, ташкилот низоми ёки устави, ўқув режа ва дастурлар, педагог кадрлар ҳақида маълумот, академик календарь жойлаштирилган расмий веб-саҳифа.
9. Ўқув-методик ресурслар Ўзбекистон Республикаси давлат стандарти OʻzDSt 36.2030 — «Электрон таълим» миллий тизимига киритиладиган электрон методик комплекслар ва бошқа таълим ресурсларига ягона талаблар»га мувофиқ бўлиши лозим.
4-боб. Масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминотга қўйиладиган талаблар
10. Масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот — LMS платформаси SCORM стандартларига мос ҳамда унда автопрокторинг тизими мавжуд бўлиши лозим.
11. Масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот — LMS платформаси қуйидаги компонентлардан ташкил топади:
ахборот-ресурслари компоненти — ўқув адабиётлари, дарсликлар, монографиялар, илмий мақолалар ҳамда тадқиқот натижалари акс этган илмий асарлардан фойдаланишни таъминлайди;
бошқариш компоненти — тизимнинг хизмат маълумотномаси ва фойдаланувчилар реестрини юритиш, фойдаланиш ҳуқуқлари ҳамда фойдаланувчиларнинг тизимга киришда шахсий параметрларини белгилаш ҳамда фойдаланувчилар ҳаракатларини қайд этиб бориш, аутентификация (шахсни аниқлаш) ва фойдаланувчиларни бошқаришни таъминлайди;
давомат ва ўзлаштиришни ҳисобга олиш компоненти — ресурслардан фойдаланишни ҳисобга олишга ҳамда ушбу ресурсларни ўзлаштиришга имкон беради, талабаларнинг индивидуал ўқув режаларини шакллантиради ва ўзлаштириш натижаларини таҳлил қилади;
коммуникация компоненти — фойдаланувчиларга ўзаро интерфаол ахборот алмашиш (форум, чат, хабар, электрон почта, видеоконференция ташкил этиш), хабарлар олиш ҳамда тизим, курслар ва педагог кадрлар бўйича тескари алоқа орқали маълумотлар алмашиш имкониятини яратади;
контингентни ҳисобга олиш компоненти — контингентнинг ягона реестрини юритишга имкон бериб, талабалар ва педагог кадрларга оид маълумотларни киритиш ва сақлаш, шунингдек уларнинг шахсий кабинетларига кириш ва қидиришни таъминлайди;
курсларни бошқариш компоненти — ўқув контенларини бошқариш, таҳрирлаш, синхрон ва асинхрон режимда ўтказилган машғулотларнинг видеодарсларини юклаш (импорт/экспорт), тест синовларини ташкил этиш, ташқи таълим ресурсларига гиперҳаволаларни киритиш, топшириқ ва вазифаларни қўйиш имкониятларига эга бўлади;
ўқитишни бошқариш компоненти — талабаларни курсдан курсга ўтказиш, уларга кредитлар бериш ва қайтадан ўқитиш жараёнини назорат қилади, ташкилий-методик воситаларни (машғулотлар жадвали, консультациялар, конференциялар, вазифани топшириш муддати, вебинар, имтиҳонлар ва бошқалар) бошқаради, талабаларнинг ўзлаштиришига доир маълумотларни автоматлаштирилган ҳолда шакллантиради, ўрганиладиган фанлар рўйхатини шакллантиради ва янгилаб боради;
статистика компоненти — талабалар контингенти, ўзлаштириш кўрсаткичлари ва курсларнинг ўқув контенти билан тўлдирилганлиги ҳақидаги маълумотлардан иборат ахборот олиш имкониятини беради, таълим жараёнига оид ҳисоботларни шакллантиради, талабаларнинг ҳаракати (ўқишга қабул қилиш, кўчириш, четлаштириш, қайта тиклаш) ҳақидаги маълумотларни юритади, ўқишни битирган, ўқишини кўчирган ёки четлаштирилганлар ҳақидаги маълумотларни архивлаштиради;
талабалар билимини назорат қилиш компоненти — ўқув контенти мазмунига мос ва тестология талаблари асосида шакллантирилган назорат материаллари базаси ва тест тизимини, имтиҳон жараёнини ташкил этиш учун автопрокторинг тизимини ўзида жамлайди.
5-боб. Масофавий таълимга талабаларни қабул қилиш ва ўқув жараёнини ташкил қилиш
12. Масофавий шаклда ўқитиш учун талабаларни таълим ташкилотига қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш бошқа таълим шакллари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
13. Масофавий таълим шакли тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
14. Масофавий таълим шакли жорий этиш мумкин бўлмаган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда ҳар йили 1 апрелга қадар эълон қилинади.
15. Масофавий таълим бўйича қабул параметрлари ва тўлов-контракт қиймати:
давлат олий таълим муассасаларида (молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасалари бундан мустасно) — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик (идора) томонидан;
молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида — тегишли олий таълим муассасасининг Кузатув кенгаши томонидан;
нодавлат олий таълим ташкилотларида — нодавлат олий таълим ташкилоти муассиси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.
16. Ўқув жараёни масофавий шаклда ташкил этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари нодавлат таълим ташкилотларига белгиланган тартибда бериладиган лицензияда қайд этилади.
17. Масофавий таълим бўйича ўқиш давомийлиги тегишли бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича кундузги таълим шакли учун белгиланган ўқиш давомийлиги муддатидан кам бўлиши мумкин эмас.
18. Таълим контенти талабанинг таҳсил олаётган таълим тилига ҳамда бакалавриат таълим йўналиши ва (ёки) магистратура мутахассислигига мос бўлиши шарт.
19. Масофавий таълим бўйича ўқув жараёни:
давлат намунасидаги диплом берадиган олий таълим ташкилотларида — давлат таълим стандарти ва малака талаблари асосида ишлаб чиқилган ўқув режа ва ўқув дастурлар асосида;
давлат намунасидаги диплом бермайдиган олий таълим ташкилотларида — касбий стандартлар ва малака талаблари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.
21. Масофавий таълим шаклида ўқишга қабул қилинган талаба қуйидаги ҳолларда олий таълим ташкилотига шахсан ташриф буюриши шарт:
ўқув жараёни бошланишидан аввал — масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот — LMS платформасида рўйхатдан ўтиш учун;
ҳар семестр якунида — якуний назорат топшириш ўтиш учун.
Шунингдек, якуний давлат аттестацияси, битирув малакавий ва магистрлик иши ҳимояси бевосита олий таълим ташкилотида анъанавий тарзда амалга оширилади, уларни синхрон ёки асинхрон режимида қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Мазкур бандда назарда тутилган талаблар хорижий давлат фуқароси бўлган талабага нисбатан татбиқ этилмайди.
22. Иш фаолиятини масофавий таълим билан қўшиб олиб бораётган талабаларга семестр охирида якуний баҳолашдан ўтиш, битирувчиларга эса якуний давлат аттестациясини топшириш, битирув малакавий ва магистрлик ишини ҳимоя қилиш учун камида 15 календарь кун муддатга иш ҳақи сақланган ҳолда таътил берилади.
23. Масофавий таълим шаклида ўқийдиган талабаларга амалиётлар ўқув режада белгиланган муддатларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган талабанинг иш жойида, талабанинг иш жойи бакалавриат таълим йўналишига (магистратура мутахассислигига) мос бўлмаган ёхуд иш билан таъминланмаган ҳолда таълим ташкилоти билан келишувга эришган ташкилотларда амалга оширилади.
24. Ўқув жараёнида барча дарс машғулотлари, амалиётлар ва мустақил ишлар ҳамда улар бўйича талабаларни баҳолаш масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот — LMS платформасида назарда тутилиши лозим.
Дарс машғулотлари, талабаларнинг билимини баҳолаш ва ўқув жараёнини назорат қилиш масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот — LMS платформаси орқали амалга оширилади.
25. Масофавий таълим бўйича ўқув жараёнини амалга ошириш учун масофадан туриб дарс машғулотлари олиб борадиган хорижий педагог кадрлар жалб этилиши мумкин.
26. Масофавий таълимда бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативлари 1:50 нисбатда белгиланади.
27. Масофавий таълим беришга мўлжалланган ўқув режа ва дастурларда кўрсатилган фанлар ва амалиётларни тўлиқ ўзлаштирган, якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган битирувчиларга тегишли академик даража ва белгиланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат берилади.
6-боб. Масофавий таълим сифати мониторинги
28. Таълим ташкилотларидаги масофавий таълим бўйича ўқув жараёни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мониторинг қилиб борилади.
29. Ўқув жараёнини мониторинг қилишни масофадан туриб амалга ошириш мақсадида олий таълим ташкилотининг масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот — LMS платформаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизимига ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Таълим муассасалари, педагог ходимлар, таълим олувчилар ва бошқа ахборотлар тўғрисида ягона маълумотлар базаси ахборот тизимига интеграция қилиниши мажбурий ҳисобланади.
30. Ўқув жараёнининг мониторинги дарс машғулотлари ва назорат тадбирларини кузатиш ва таҳлил қилиш, сўровнома ўтказиш, фокус-гуруҳлар ташкил этиш, интервью олиш, натижаларни баҳолаш ва бошқа усулларда амалга оширилиши мумкин.
31. Мониторинг натижаларига кўра аниқланган камчиликлар олий таълим ташкилотлари томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ёки Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг тақдимномаси асосида бартараф этилиши мажбурий ҳисобланади.
7-боб. Якуний қоидалар
32. Олий таълим ташкилотида масофавий таълим бўйича ўқув-методик жараёнларнинг ташкил этилиши юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
33. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 3 октябрь,
559-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Oliy taʼlim tashkilotlarida masofaviy taʼlim shaklini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Inson qadrini ulugʻlash va faol mahalla yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash, shuningdek, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari imkoniyatlaridan sohada samarali foydalanish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oliy taʼlim tashkilotlarida masofaviy taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanish asosida talabaning turar joyidan qatʼi nazar, unga taʼlim dasturlarini oʻzlashtirish uchun imkoniyat taqdim etish;
masofaviy taʼlim shakli joriy etish mumkin boʻlmagan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan belgilash;
masofaviy taʼlim boʻyicha qabul parametrlarini davlat oliy taʼlim muassasalarida Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi bilan kelishilgan holda boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik (idora), moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalarida tegishli oliy taʼlim muassasasining Kuzatuv kengashi, nodavlat oliy taʼlim tashkilotlarida nodavlat oliy taʼlim tashkiloti muassisi tomonidan belgilangan tartibda tasdiqlash hamda taʼlim jarayonini toʻlov-kontrakt asosida amalga oshirish;
masofaviy taʼlimni maxsus platforma yordamida yoki mavjud platformalardan foydalangan holda tashkil etish;
masofaviy taʼlimda bir oʻqituvchiga toʻgʻri keladigan talabalar soni nisbatining cheklangan normativlarini 1:50 nisbatda belgilash;
masofaviy taʼlim boʻyicha oʻquv jarayonini davlat taʼlim standarti, kasbiy standartlar va malaka talablari asosida ishlab chiqilgan oʻquv rejalari hamda oʻquv dasturlari asosida amalga oshirish;
masofaviy taʼlimga talabalarni qabul qilish va oʻquv jarayonini tashkil qilish tartibini belgilash, shuningdek, masofaviy taʼlim sifati monitoringini tashkil etish.
2. Belgilab qoʻyilsinki:
a) masofaviy taʼlim shakli asosida oliy maʼlumotli kadrlar tayyorlash uchun 2022/2023 oʻquv yilidan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 15-iyundagi F-60-son farmoyishiga 1v-ilovada koʻrsatilgan davlat oliy taʼlim muassasalariga, 2023/2024 oʻquv yilidan boshlab qolgan davlat va nodavlat oliy taʼlim tashkilotlariga ruxsat beriladi, faoliyati mazkur qaror qabul qilingunga qadar qonunchilik hujjatlari asosida tashkil etilgan oliy taʼlim tashkilotlari bundan mustasno;
b) masofaviy taʼlim shakli boʻyicha kadrlar tayyorlash kunduzgi taʼlim shaklida tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishi va magistratura mutaxassisligi mavjud boʻlgan oliy taʼlim tashkilotlarida yoʻlga qoʻyiladi, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari yoʻnalishlari bundan mustasno;
v) masofaviy taʼlim shakli asosida kadrlar tayyorlashda bir bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga qabul parametrlari 300 nafar talabadan, bir magistratura mutaxassisligiga 30 nafar talabadan ortiq boʻlmasligi lozim. Bunda:
mazkur talab axborot-kommunikatsiya texnologiyalari yoʻnalishlariga nisbatan tatbiq etilmaydi;
talabalar sonini aniqlashda xorijiy davlat fuqarosi boʻlgan talabalar hisobga olinmaydi;
g) masofaviy taʼlim shakli joriy etilgan davlat oliy taʼlim muassasalariga Masofaviy taʼlimni tashkil etish va rivojlantirish markazini (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tashkil etish huquqi beriladi.
Bunda:
Markazning shtat birligi moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalarida Kuzatuv kengashlari tomonidan, boshqa oliy taʼlim muassasalarida boʻysinuvi boʻyicha tegishli vazirlik va idora bilan kelishilgan holda oliy taʼlim muassasasi rektori tomonidan belgilanadi;
Markaz oliy taʼlim muassasalarining yuridik shaxs boʻlmagan tarkibiy boʻlinmasi hisoblanadi va ular faoliyatini moliyalashtirish oliy taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
3. Masofaviy taʼlim shaklini joriy etgan oliy taʼlim tashkilotlari, zarur hollarda, talabalarga qoʻshimcha qulaylik yaratish maqsadida ular istiqomat qiluvchi hududlarda faoliyat yurituvchi oliy taʼlim tashkilotlari, axborot-resurs markazlari, oʻquv markazlari bilan oʻzaro kelishgan holda ularning axborot-kommunikatsiya infratuzilmasidan talabalar foydalanishi uchun sharoit yaratish choralarini koʻrsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda masofaviy taʼlim shakli joriy etilgan oliy taʼlim muassasalarini taʼlim jarayonini tashkil etish imkoniyatini beradigan yuqori tezlikdagi Internet jahon axborot tarmogʻi bilan belgilangan tartibda taʼminlash choralarini koʻrsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov, axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri Sh.X. Shermatov, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi boshligʻi U.N. Tashkenbayev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, sogʻliqni saqlash va sport masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 3-oktabrdagi 559-son qaroriga ILOVA
Oliy taʼlim tashkilotlarida masofaviy taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom masofaviy taʼlim shakli orqali oliy taʼlim tashkilotlarida bakalavriat va magistratura bosqichlarida kadrlarni tayyorlash faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
avtoproktoring — imtihon jarayonida talabaning shaxsini avtomatik ravishda autentifikatsiyalash, uning xatti-harakatlari va nigohi yoʻnalishini nazorat qilish, xonadagi tovushlarni tahlil qilish, videodagi buzilishlarni tuzatish va hisobotlar tayyorlashga yoʻnaltirilgan dasturiy tizim;
asinxron rejim — oʻquv jarayoni ishtirokchilarining Internet jahon axborot tarmogʻida bir xil boʻlmagan vaqtlardagi oʻzaro aloqa rejimi;
masofaviy taʼlim — talaba va taʼlim beruvchining axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanishiga, interaktiv audio va videokonferensiyalar orqali maʼlum vaqt orasida oʻzaro muloqotda boʻlishiga, elektron pochta orqali toʻgʻri va teskari aloqa oʻrnatishiga, jumladan xabarlarni yuborishi va qabul qilishiga moʻljallangan, bilim va koʻnikmalarni, oʻquv dasturlarini masofadan turib oʻzlashtirishga yoʻnaltirilgan taʼlim shakli;
masofaviy taʼlimni boshqarish tizimi — taʼlim jarayonini rejalashtirish, boshqarish, amalga oshirish va baholashda qoʻllaniladigan dasturiy mahsulot (elektron taʼlim platformasi);
masofaviy taʼlim jarayonining ishtirokchilari — taʼlim tashkilotining masofaviy taʼlim shakliga qabul qilingan talabalar, professor-oʻqituvchilar hamda masofaviy taʼlimning tashkiliy-texnik va metodik taʼminotini amalga oshirishga masʼul shaxslar;
masofaviy taʼlim texnologiyasi — talabalarga oʻquv materiallarining asosiy hajmini yetkazishni, talaba va professor-oʻqituvchining oʻzaro interfaol harakatini taʼminlab beruvchi, oʻquv materialini oʻzlashtirish boʻyicha mustaqil ishlashi uchun talabaga imkoniyat taqdim etuvchi axborot-kommunikatsiya va oʻqitish texnologiyalari;
sinxron rejim — oʻquv jarayoni ishtirokchilarining Internet jahon axborot tarmogʻida real vaqtdagi oʻzaro aloqa rejimi;
oʻquv kontenti — oʻquv jarayonida talabalarning foydalanishi uchun moʻljallangan, masofaviy taʼlimni boshqarish axborot tizimiga joylashtirilgan oʻquv metodik materiallar (oʻquv rejalari, oʻquv dasturlari, maʼruza matnlari, videodarslar, taqdimotlar, topshiriqlar, imtihon materiallari, oʻquv adabiyotlari).
3. Kunduzgi shaklda taʼlim jarayoni olib boriladigan bakalavriat taʼlim yoʻnalishi va magistratura mutaxassisligi mavjud boʻlgan oliy taʼlim tashkilotlariga tegishli yoʻnalishlar boʻyicha masofaviy shaklda taʼlim faoliyatini olib borishga yoʻl qoʻyiladi, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari yoʻnalishlari bundan mustasno.
4. Taʼlim tashkilotlari taʼlim berishning oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqib, oʻzining masofaviy taʼlim platformasini joriy etishi yoki mavjud platformalardan foydalanishi mumkin.
2-bob. Masofaviy taʼlimning maqsadi, tamoyillari va vazifalari
5. Masofaviy taʼlimning maqsadi axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanish asosida talabaning turar joyidan qatʼi nazar, unga taʼlim dasturlarini oʻzlashtirish uchun imkoniyat taqdim etish, talabalarning qiziqishlari, iqtidori va ehtiyojlariga muvofiq kasbiy salohiyatini rivojlantirishdan iborat.
6. Masofaviy taʼlim quyidagi tamoyillar asosida tashkil etiladi:
ishtirokchilarning interfaolligi;
talabalarning identifikatsiya qilinishi;
yangi axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini qoʻllashning pedagogik maqsadga muvofiqligi;
taʼlim berishning ochiqligi va moslashuvchanligi.
7. Quyidagilar masofaviy taʼlimni tashkil etishning asosiy vazifalari hisoblanadi:
talabalarning masofadan turib taʼlim olish va intellektual qobiliyatlarini rivojlantirishga boʻlgan ehtiyojini qondirish;
oʻquv jarayonini tashkil etishning umumiy, guruh va individual shakllarining uygʻunligi;
kadrlarning kasbiy darajasini oshirish va ularning mustaqil bilim olishiga koʻmaklashish;
talabalarga mamlakatning har qaysi hududida va uning tashqarisida taʼlim olishning teng imkoniyatlarini taqdim etish;
taʼlim xizmatlari eksportini kengaytirish orqali taʼlim tizimining jozibadorligini oshirish.
3-bob. Masofaviy taʼlimni tashkil etishga qoʻyiladigan talablar
8. Masofaviy taʼlimni tashkil etish uchun taʼlim tashkilotida quyidagilar boʻlishi talab etiladi:
masofaviy taʼlimni boshqarish boʻyicha dasturiy taʼminot “Learning Management System” (keyingi oʻrinlarda — LMS) platformasi;
Internet jahon axborot tarmogʻiga ulanish va undan foydalanish imkoniyatini taʼminlaydigan axborot-kommunikatsiya infratuzilmasi;
oʻquv yili uchun moʻljallangan oʻquv kontenti;
oʻquv reja va dasturlardagi barcha fanlardan masofaviy taʼlim texnologiyalaridan foydalanish orqali amalga oshiriladigan, oʻquv kontentini qamrab oladigan elektron oʻquv-metodik majmualar, shuningdek, ilmiy va oʻquv adabiyotlarining elektron bazasi;
sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiq kompyuter texnikasi bilan jihozlangan alohida bino yoki auditoriyalar;
masofaviy taʼlimning texnik va dasturiy komponentlari ishlashini va rivojlanishini taʼminlaydigan tegishli maʼlumot va malakaga ega muhandis-texnik xodimlar;
yuklamasi rejadagi talabalar soniga moʻljallangan, taʼlim tashkilotiga mulkiy yoki kamida 5 yil muddatga tuzilgan ijara shartnomasi asosida tegishli boʻlgan, mamlakat hududida joylashgan server qurilmasi;
taʼlim tashkiloti toʻgʻrisidagi barcha axborot, jumladan, tashkilot nizomi yoki ustavi, oʻquv reja va dasturlar, pedagog kadrlar haqida maʼlumot, akademik kalendar joylashtirilgan rasmiy veb-sahifa.
9. Oʻquv-metodik resurslar Oʻzbekiston Respublikasi davlat standarti OʻzDSt 36.2030 — “Elektron taʼlim” milliy tizimiga kiritiladigan elektron metodik komplekslar va boshqa taʼlim resurslariga yagona talablar”ga muvofiq boʻlishi lozim.
4-bob. Masofaviy taʼlimni boshqarish boʻyicha dasturiy taʼminotga qoʻyiladigan talablar
10. Masofaviy taʼlimni boshqarish boʻyicha dasturiy taʼminot — LMS platformasi SCORM standartlariga mos hamda unda avtoproktoring tizimi mavjud boʻlishi lozim.
11. Masofaviy taʼlimni boshqarish boʻyicha dasturiy taʼminot — LMS platformasi quyidagi komponentlardan tashkil topadi:
axborot-resurslari komponenti — oʻquv adabiyotlari, darsliklar, monografiyalar, ilmiy maqolalar hamda tadqiqot natijalari aks etgan ilmiy asarlardan foydalanishni taʼminlaydi;
boshqarish komponenti — tizimning xizmat maʼlumotnomasi va foydalanuvchilar reyestrini yuritish, foydalanish huquqlari hamda foydalanuvchilarning tizimga kirishda shaxsiy parametrlarini belgilash hamda foydalanuvchilar harakatlarini qayd etib borish, autentifikatsiya (shaxsni aniqlash) va foydalanuvchilarni boshqarishni taʼminlaydi;
davomat va oʻzlashtirishni hisobga olish komponenti — resurslardan foydalanishni hisobga olishga hamda ushbu resurslarni oʻzlashtirishga imkon beradi, talabalarning individual oʻquv rejalarini shakllantiradi va oʻzlashtirish natijalarini tahlil qiladi;
kommunikatsiya komponenti — foydalanuvchilarga oʻzaro interfaol axborot almashish (forum, chat, xabar, elektron pochta, videokonferensiya tashkil etish), xabarlar olish hamda tizim, kurslar va pedagog kadrlar boʻyicha teskari aloqa orqali maʼlumotlar almashish imkoniyatini yaratadi;
kontingentni hisobga olish komponenti — kontingentning yagona reyestrini yuritishga imkon berib, talabalar va pedagog kadrlarga oid maʼlumotlarni kiritish va saqlash, shuningdek ularning shaxsiy kabinetlariga kirish va qidirishni taʼminlaydi;
kurslarni boshqarish komponenti — oʻquv kontenlarini boshqarish, tahrirlash, sinxron va asinxron rejimda oʻtkazilgan mashgʻulotlarning videodarslarini yuklash (import/eksport), test sinovlarini tashkil etish, tashqi taʼlim resurslariga giperhavolalarni kiritish, topshiriq va vazifalarni qoʻyish imkoniyatlariga ega boʻladi;
oʻqitishni boshqarish komponenti — talabalarni kursdan kursga oʻtkazish, ularga kreditlar berish va qaytadan oʻqitish jarayonini nazorat qiladi, tashkiliy-metodik vositalarni (mashgʻulotlar jadvali, konsultatsiyalar, konferensiyalar, vazifani topshirish muddati, vebinar, imtihonlar va boshqalar) boshqaradi, talabalarning oʻzlashtirishiga doir maʼlumotlarni avtomatlashtirilgan holda shakllantiradi, oʻrganiladigan fanlar roʻyxatini shakllantiradi va yangilab boradi;
statistika komponenti — talabalar kontingenti, oʻzlashtirish koʻrsatkichlari va kurslarning oʻquv kontenti bilan toʻldirilganligi haqidagi maʼlumotlardan iborat axborot olish imkoniyatini beradi, taʼlim jarayoniga oid hisobotlarni shakllantiradi, talabalarning harakati (oʻqishga qabul qilish, koʻchirish, chetlashtirish, qayta tiklash) haqidagi maʼlumotlarni yuritadi, oʻqishni bitirgan, oʻqishini koʻchirgan yoki chetlashtirilganlar haqidagi maʼlumotlarni arxivlashtiradi;
talabalar bilimini nazorat qilish komponenti — oʻquv kontenti mazmuniga mos va testologiya talablari asosida shakllantirilgan nazorat materiallari bazasi va test tizimini, imtihon jarayonini tashkil etish uchun avtoproktoring tizimini oʻzida jamlaydi.
5-bob. Masofaviy taʼlimga talabalarni qabul qilish va oʻquv jarayonini tashkil qilish
12. Masofaviy shaklda oʻqitish uchun talabalarni taʼlim tashkilotiga qabul qilish, ularning oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlashtirish boshqa taʼlim shakllari uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
13. Masofaviy taʼlim shakli toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi.
14. Masofaviy taʼlim shakli joriy etish mumkin boʻlmagan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan belgilanadi hamda har yili 1-aprelga qadar eʼlon qilinadi.
15. Masofaviy taʼlim boʻyicha qabul parametrlari va toʻlov-kontrakt qiymati:
davlat oliy taʼlim muassasalarida (moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalari bundan mustasno) — Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi bilan kelishilgan holda boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik (idora) tomonidan;
moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalarida — tegishli oliy taʼlim muassasasining Kuzatuv kengashi tomonidan;
nodavlat oliy taʼlim tashkilotlarida — nodavlat oliy taʼlim tashkiloti muassisi tomonidan belgilangan tartibda tasdiqlanadi.
16. Oʻquv jarayoni masofaviy shaklda tashkil etiladigan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari nodavlat taʼlim tashkilotlariga belgilangan tartibda beriladigan litsenziyada qayd etiladi.
17. Masofaviy taʼlim boʻyicha oʻqish davomiyligi tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishi va magistratura mutaxassisligi boʻyicha kunduzgi taʼlim shakli uchun belgilangan oʻqish davomiyligi muddatidan kam boʻlishi mumkin emas.
18. Taʼlim kontenti talabaning tahsil olayotgan taʼlim tiliga hamda bakalavriat taʼlim yoʻnalishi va (yoki) magistratura mutaxassisligiga mos boʻlishi shart.
19. Masofaviy taʼlim boʻyicha oʻquv jarayoni:
davlat namunasidagi diplom beradigan oliy taʼlim tashkilotlarida — davlat taʼlim standarti va malaka talablari asosida ishlab chiqilgan oʻquv reja va oʻquv dasturlar asosida;
davlat namunasidagi diplom bermaydigan oliy taʼlim tashkilotlarida — kasbiy standartlar va malaka talablari asosida ishlab chiqilgan oʻquv rejalari va oʻquv dasturlari asosida amalga oshiriladi.
21. Masofaviy taʼlim shaklida oʻqishga qabul qilingan talaba quyidagi hollarda oliy taʼlim tashkilotiga shaxsan tashrif buyurishi shart:
oʻquv jarayoni boshlanishidan avval — masofaviy taʼlimni boshqarish boʻyicha dasturiy taʼminot — LMS platformasida roʻyxatdan oʻtish uchun;
har semestr yakunida — yakuniy nazorat topshirish oʻtish uchun.
Shuningdek, yakuniy davlat attestatsiyasi, bitiruv malakaviy va magistrlik ishi himoyasi bevosita oliy taʼlim tashkilotida anʼanaviy tarzda amalga oshiriladi, ularni sinxron yoki asinxron rejimida qabul qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Mazkur bandda nazarda tutilgan talablar xorijiy davlat fuqarosi boʻlgan talabaga nisbatan tatbiq etilmaydi.
22. Ish faoliyatini masofaviy taʼlim bilan qoʻshib olib borayotgan talabalarga semestr oxirida yakuniy baholashdan oʻtish, bitiruvchilarga esa yakuniy davlat attestatsiyasini topshirish, bitiruv malakaviy va magistrlik ishini himoya qilish uchun kamida 15 kalendar kun muddatga ish haqi saqlangan holda taʼtil beriladi.
23. Masofaviy taʼlim shaklida oʻqiydigan talabalarga amaliyotlar oʻquv rejada belgilangan muddatlarda mehnat faoliyatini olib borayotgan talabaning ish joyida, talabaning ish joyi bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga (magistratura mutaxassisligiga) mos boʻlmagan yoxud ish bilan taʼminlanmagan holda taʼlim tashkiloti bilan kelishuvga erishgan tashkilotlarda amalga oshiriladi.
24. Oʻquv jarayonida barcha dars mashgʻulotlari, amaliyotlar va mustaqil ishlar hamda ular boʻyicha talabalarni baholash masofaviy taʼlimni boshqarish boʻyicha dasturiy taʼminot — LMS platformasida nazarda tutilishi lozim.
Dars mashgʻulotlari, talabalarning bilimini baholash va oʻquv jarayonini nazorat qilish masofaviy taʼlimni boshqarish boʻyicha dasturiy taʼminot — LMS platformasi orqali amalga oshiriladi.
25. Masofaviy taʼlim boʻyicha oʻquv jarayonini amalga oshirish uchun masofadan turib dars mashgʻulotlari olib boradigan xorijiy pedagog kadrlar jalb etilishi mumkin.
26. Masofaviy taʼlimda bir oʻqituvchiga toʻgʻri keladigan talabalar soni nisbatining cheklangan normativlari 1:50 nisbatda belgilanadi.
27. Masofaviy taʼlim berishga moʻljallangan oʻquv reja va dasturlarda koʻrsatilgan fanlar va amaliyotlarni toʻliq oʻzlashtirgan, yakuniy davlat attestatsiyasini muvaffaqiyatli topshirgan bitiruvchilarga tegishli akademik daraja va belgilangan namunadagi taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat beriladi.
6-bob. Masofaviy taʼlim sifati monitoringi
28. Taʼlim tashkilotlaridagi masofaviy taʼlim boʻyicha oʻquv jarayoni Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi tomonidan monitoring qilib boriladi.
29. Oʻquv jarayonini monitoring qilishni masofadan turib amalga oshirish maqsadida oliy taʼlim tashkilotining masofaviy taʼlimni boshqarish boʻyicha dasturiy taʼminot — LMS platformasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish axborot tizimiga hamda Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi Taʼlim muassasalari, pedagog xodimlar, taʼlim oluvchilar va boshqa axborotlar toʻgʻrisida yagona maʼlumotlar bazasi axborot tizimiga integratsiya qilinishi majburiy hisoblanadi.
30. Oʻquv jarayonining monitoringi dars mashgʻulotlari va nazorat tadbirlarini kuzatish va tahlil qilish, soʻrovnoma oʻtkazish, fokus-guruhlar tashkil etish, intervyu olish, natijalarni baholash va boshqa usullarda amalga oshirilishi mumkin.
31. Monitoring natijalariga koʻra aniqlangan kamchiliklar oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi yoki Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasining taqdimnomasi asosida bartaraf etilishi majburiy hisoblanadi.
7-bob. Yakuniy qoidalar
32. Oliy taʼlim tashkilotida masofaviy taʼlim boʻyicha oʻquv-metodik jarayonlarning tashkil etilishi yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilinishi mumkin.
33. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 3-oktabr,
559-son