UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 5-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 5 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 5 октября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 5 October 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НИЗОМ

Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддаси ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи:

а) Шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини белгилаш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

шахсга доир маълумотларга ишлов беришда ушбу маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

шахсга доир маълумотларга ишлов беришда ушбу маълумотларнинг хавфсизлигига бўлган таҳдидлардан келиб чиқиб, уларнинг ҳимоя қилинганлик даражаларини белгилаш;

шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини таъминлаш бўйича талаблар;

б) Биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига оид талаблар тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

биометрик ва генетик маълумотларни моддий жисмларда сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларнинг ҳисобини юритиш тартиби;

биометрик ва генетик маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига қўйиладиган талаблар.

2. Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарорга 1 ва 2-иловаларда белгиланган талабларга амал қилишда келиб чиқадиган харажатлар шахсга доир маълумотларга ишлов берувчи ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

3. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази икки ой муддатда:

Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларини бузиш ҳолатларини аниқлаш, улар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани расмийлаштириш ва судга тақдим этиш ваколатига эга бўлган давлат органини белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб, уч ойдан сўнг кучга киради.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази директори У.Ш. Ташходжаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва илмий фаолиятни ривожлантириш масалалари департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 октябрдаги 570-сон қарорига 1-ИЛОВА

Шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини белгилаш тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида» Қонунига мувофиқ шахсга доир маълумотлар базаси (кейинги ўринларда — маълумотлар базаси) мулкдор ва (ёки) операторлари томонидан шахсга доир маълумотларга ишлов беришда ушбу маълумотларнинг хавфсизлигига бўлган таҳдидлардан келиб чиқиб, уларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини белгилайди.

2. Мулкдор ва (ёки) операторлар шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларнинг хавфсизлигига бўлган таҳдидлардан келиб чиқиб, ушбу маълумотларни ҳимоя қилишнинг ташкилий ва техник чора-тадбирларини амалга оширади.

3. Шахсга доир маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш мулкдор ва (ёки) операторлар ёхуд улар масъул этиб белгилаган шахслар томонидан амалга оширилади.

4. Маълумотлар базаларида ишлов бериладиган шахсга доир маълумотлар «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 25 , 26 , 29-моддаларига мувофиқ махсус, биометрик, генетик ва ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган маълумотлардан ташкил топади.

5. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

амалий дастурий таъминот — аниқ предмет соҳаси бўйича муайян масалалар синфини ечишга мўлжалланган дастурлар мажмуасидир (Access, Oracle ва ҳоказо).

биометрик маълумотлар — субъектнинг анатомик ва физиологик ўзига хос хусусиятларини тавсифловчи шахсга доир маълумотлар;

генетик маълумотлар — субъектнинг наслдан-наслга ўтган ёки орттирилган хусусиятларига тааллуқли бўлган, субъектнинг биологик қиёфасини таҳлил қилиш ёки муқобил ахборот олиш имконини берадиган бошқа элементни таҳлил қилиш натижаси бўлган шахсга доир маълумотлар;

маълумотлар базаси — таркибида шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган ахборот тизими тарзидаги маълумотлар базаси;

маълумотлар базасининг мулкдори (мулкдор) — шахсга доир маълумотлар базасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;

маълумотлар базасининг оператори (оператор) — шахсга доир маълумотларга ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;

махсус маълумотлар — ирқий ёки ижтимоий келиб чиқишга оид маълумотлар, сиёсий, диний ёки дунёқарашга оид эътиқодлар, сиёсий партиялар ва касаба уюшмаларига аъзолик тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек жисмоний ёки руҳий (психик) саломатликка тааллуқли маълумотлар, шахсий ҳаёт ва судланганлик тўғрисидаги маълумотлар шахсга доир махсус маълумотлардир;

тизимли дастурий таъминот — компьютернинг ва компьютер тармоқларининг ишини таъминловчи дастурлар мажмуаси (операцион тизимлар, драйверлар, утилиталар, архиваторлар ва бошқалар);

ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган маълумотлар — субъектнинг розилиги билан эркин фойдаланилиши мумкин бўлган ёки махфийликка риоя этишга доир талаблар татбиқ этилмайдиган маълумотлар.

6. Мулкдор ва (ёки) операторлар ходимларининг маълумотлар базасида фақатгина ушбу ходимларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов берилади.

Мулкдор ва (ёки) операторнинг ходимлари бўлмаган субъектларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш алоҳида маълумотлар базасида амалга оширилади.

2-боб. Шахсга доир маълумотларга ишлов беришда ушбу маълумотларнинг хавфсизлигига бўлган таҳдидлар

7. Шахсга доир маълумотларнинг хавфсизлигига таҳдидлар деганда, маълумотлар базасига рухсатсиз, шу жумладан тасодифий кириш натижасида шахсга доир маълумотларни ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш, йўқ қилиш, нусхалаш, шунингдек, бошқа ноқонуний ҳаракатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ва омиллар йиғиндиси тушунилади.

Шахсга доир маълумотлар базасининг тизимли дастурий таъминотида декларация қилинмаган (эълон қилинмаган) имкониятлар мавжудлиги билан боғлиқ таҳдидлар 1-турдаги таҳдидлар ҳисобланади.

Шахсга доир маълумотлар базасининг амалий дастурий таъминотида декларация қилинмаган (эълон қилинмаган) имкониятлар мавжудлиги билан боғлиқ таҳдидлар 2-турдаги таҳдидлар ҳисобланади.

Шахсга доир маълумотлар базасининг тизимли ҳамда амалий дастурий таъминотида декларация қилинмаган (эълон қилинмаган) имкониятлар мавжудлиги билан боғлиқ бўлмаган таҳдидлар 3-турдаги таҳдидлар ҳисобланади.

8. Маълумотлар базасига тааллуқли шахсга доир маълумотларнинг хавфсизлигига бўлган таҳдидларнинг тури ушбу ҳужжатга мувофиқ мулкдор ва (ёки) оператор томонидан белгиланади.

3-боб. Шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларнинг ҳимоя қилинганлик даражалари

9. Маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларга ишлов беришда ушбу маълумотларни ҳимоя қилишнинг 4 та даражаси мавжуд.

10. Маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларни ҳимоя қилишнинг 1-даражаси ўрнатилиши учун қуйидаги шартлардан камида биттаси мавжуд бўлиши лозим:

маълумотлар базалари учун 1-турдаги таҳдидлар мавжуд бўлганда ҳамда маълумотлар базаларида махсус ва (ёки) биометрик ва (ёки) генетик маълумотларга ишлов берилганда;

маълумотлар базалари учун 2-турдаги таҳдидлар мавжуд бўлганда ҳамда мулкдор ва (ёки) операторнинг ходимлари бўлмаган 50 000 дан ортиқ субъектларнинг махсус маълумотларига ишлов берилганда.

11. Маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларни ҳимоя қилишнинг 2-даражаси ўрнатилиши учун қуйидаги шартлардан камида биттаси мавжуд бўлиши лозим:

маълумотлар базалари учун 1-турдаги таҳдидлар мавжуд бўлганда ҳамда маълумотлар базаларида ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган маълумотларга ишлов берилганда;

маълумотлар базалари учун 2-турдаги таҳдидлар мавжуд бўлганда ҳамда мулкдор ва (ёки) оператор ходимларининг махсус маълумотлари ёки мулкдор ва (ёки) операторнинг ходимлари бўлмаган 50 000 дан кам бўлган субъектларнинг махсус маълумотларига ишлов берилганда;

маълумотлар базалари учун 2-турдаги таҳдидлар мавжуд бўлганда ҳамда маълумотлар базаларида биометрик ва (ёки) генетик маълумотларга ишлов берилганда;

маълумотлар базалари учун 2-турдаги таҳдидлар мавжуд бўлганда ҳамда мулкдор ва (ёки) операторнинг ходимлари бўлмаган 50 000 дан ортиқ субъектларнинг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган маълумотларига ишлов берилганда;

маълумотлар базалари учун 3-турдаги таҳдидлар мавжуд бўлганда ҳамда мулкдор ва (ёки) операторнинг ходимлари бўлмаган 50 000 дан ортиқ субъектларнинг махсус маълумотларига ишлов берилганда.

12. Маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларни ҳимоя қилишнинг 3-даражаси ўрнатилиши учун қуйидаги шартлардан камида биттаси мавжуд бўлиши лозим:

маълумотлар базалари учун 2-турдаги таҳдидлар мавжуд бўлганда ҳамда мулкдор ва (ёки) оператор ходимларининг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган маълумотларига ёхуд мулкдор ва (ёки) операторнинг ходимлари бўлмаган 50 000 дан кам бўлган субъектларнинг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган маълумотларига ишлов берилганда;

маълумотлар базалари учун 3-турдаги таҳдидлар мавжуд бўлганда ҳамда мулкдор ва (ёки) оператор ходимларининг махсус маълумотларига ёки мулкдор ва (ёки) операторнинг ходимлари бўлмаган 50 000 дан кам бўлган субъектларнинг махсус маълумотларига ишлов берилганда;

маълумотлар базалари учун 3-турдаги таҳдидлар мавжуд бўлганда ҳамда биометрик ва (ёки) генетик маълумотларга ишлов берилганда.

13. Маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларни ҳимоя қилишнинг 4-даражаси ўрнатилиши учун қуйидаги шарт мавжуд бўлиши лозим:

маълумотлар базалари учун 3-турдаги таҳдидлар мавжуд бўлганда ҳамда маълумотлар базасида ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган маълумотларга ишлов берилганда.

4-боб. Шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинганлик даражаларини таъминлайдиган талаблар

14. Маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларни ҳимоя қилишнинг 4-даражасини таъминлаш учун қуйидаги талаблар бажарилиши керак:

маълумотлар базалари жойлашган биноларнинг хавфсизлик режимини ташкил этиш, ушбу биноларга кириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларнинг назоратсиз кириши ёки ушбу биноларда қолишининг олдини олиш;

шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмлар хавфсизлигини таъминлаш;

маълумотлар базаларида ишлов берилаётган шахсга доир маълумотларга кириш, уларнинг хизмат (меҳнат) вазифаларини бажариши учун зарур бўлган шахслар рўйхатини белгилайдиган ҳужжатни мулкдор ва (ёки) оператор раҳбари томонидан тасдиқлаш;

шахсга доир маълумотларни мавжуд таҳдидлардан ҳимоя қилиш, зарурат бўлганда ахборот хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини баҳолаш тартибидан ўтган ахборот хавфсизлиги воситаларидан фойдаланиш.

15. Маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларни ҳимоя қилишнинг 3-даражасини таъминлаш учун:

ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган талабларни бажариш;

маълумотлар базасидаги шахсга доир маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш учун масъул мансабдор шахс (ходим) тайинлаш зарур.

16. Маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларни ҳимоя қилишнинг 2-даражасини таъминлаш учун:

ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган талабларни бажариш;

маълумотлар базасининг электрон хабарлар журналидаги маълумотлар фақат хизмат (меҳнат) вазифаларини бажариши учун зарур бўлган ходимлар ёки ваколатли шахсларга ушбу журналга кириш ҳуқуқини тақдим этиш лозим.

17. Маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларни ҳимоя қилишнинг 1-даражасини таъминлаш учун:

ушбу Низомнинг 16-бандида назарда тутилган талабларни бажариш;

маълумотлар базаларидаги шахсга доир маълумотларга кириш учун мулкдор ва (ёки) оператор ходимининг ваколатлари ўзгаришини электрон хавфсизлик журналида автоматик равишда рўйхатга олиш;

маълумотлар базаларидаги шахсга доир маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган таркибий бўлинма тузиш ёки таркибий бўлинмалардан бирига бундай хавфсизликни таъминлаш вазифаларини юклаш лозим.

5-боб. Якуний қоидалар

18. Мазкур Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 октябрдаги 570-сон қарорига 2-ИЛОВА

Биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига оид талаблар тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида» Қонунига мувофиқ биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига оид талабларни белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

биометрик маълумотлар — субъектнинг анатомик ва физиологик ўзига хос хусусиятларини тавсифловчи шахсга доир маълумотлар;

генетик маълумотлар — субъектнинг наслдан-наслга ўтган ёки орттирилган хусусиятларига тааллуқли бўлган, субъектнинг биологик қиёфасини таҳлил қилиш ёки муқобил ахборот олиш имконини берадиган бошқа элементни таҳлил қилиш натижаси бўлган шахсга доир маълумотлар;

маълумотларни электрон кўринишда сақлайдиган моддий жисмлар — мослашувчан магнит дисклар, оптик дисклар, қаттиқ (олинмайдиган) магнит дисклар, электрон хотирали дисклар (флэш), аутентификациянинг электрон воситалари (токенлар, планшетлар ва бошқалар);

моддий жисмлар — шахсга доир маълумотларни ташкил этувчи ахборот қайд этилган моддий жисмлар, шу жумладан ҳажмли жисмлар, шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар;

шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот;

шахсга доир маълумотлар базаси (маълумотлар базаси) — таркибида шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган ахборот тизими тарзидаги маълумотлар базаси;

шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори (мулкдор) — шахсга доир маълумотлар базасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;

шахсга доир маълумотлар базасининг оператори (оператор) — шахсга доир маълумотларга ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;

шахсга доир маълумотларга ишлов бериш — шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш бўйича бир ҳаракатни ёки ҳаракатлар мажмуини амалга ошириш;

шахсга доир маълумотлар субъекти (субъект) — шахсга доир маълумотлар ўзига тааллуқли бўлган жисмоний шахс;

қоғоз ёки пластмассадан иборат моддий жисмлар — қоғоз асосида чоп этилган матнли, график ва бошқа маълумотлар, пластик карталар ва бошқалар.

2-боб. Биометрик ва генетик маълумотларни моддий жисмларда сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларнинг ҳисобини юритиш

3. Биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш мақсадида фойдаланиладиган ҳар қандай моддий жисмлар қонунчиликда белгиланган тартибда «махфий» ёки «хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифи билан белгиланиши лозим.

4. Биометрик ва генетик маълумотларни электрон шаклда сақлашда ушбу маълумотлар шифрланган ва криптографик ёки бошқа усулларда ҳимояланган бўлиши зарур.

5. Мулкдор ва (ёки) оператор биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш жараёнида ушбу маълумотлар сақланаётган моддий жисмларнинг ҳисоби юритилишини таъминлаши шарт.

6. Мулкдор ва (ёки) оператор биометрик ва генетик маълумотлар қайд этилган моддий жисмларнинг ўғирланиши, ўчирилиши, йўқ қилиниши, рухсатсиз олиниши, ўзгартирилиши ҳамда назоратсиз қолдирилишининг олдини олувчи тегишли хавфсизлик чораларини кўриши лозим.

Хавфсизлик чораларини кўришда биометрик ва генетик маълумотлар:

ёнғин хавфсизлиги талабларига, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мос бўлиши, шунингдек, сув босмаслигидан кафолатланган бўлиши;

бегона шахсларнинг кириш имкониятини истисно этадиган ишончли ҳимоя воситаларига эга бўлиши;

сейфларда, металл жавонларда ёки металл стеллажларда сақланиши;

кириш эшиклари ва деразалари қўриқлаш хизматига боғланган қўриқлаш сигнализацияси ва видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган хоналарда сақланиши.

7. Биометрик ва генетик маълумотлар қайд этилган моддий жисмлардан шахсга доир маълумотлар ўчирилганда, ушбу моддий жисмлар ҳисобдан чиқарилмайди.

Ҳисобдан чиқарилмаган моддий жисмлардан келгусида шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадида қайта фойдаланиш мумкин, бир марталик фойдаланиш назарда тутилган ва фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган моддий жисмлар бундан мустасно. Бундай моддий жисмлар белгиланган тартибда йўқ қилинади.

8. Моддий жисмдан унга биометрик ва генетик маълумотларни қайд этган мулкдор ва (ёки) оператор томонидан белгиланган, лекин ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган эксплуатация муддатидан кўп бўлмаган муддатда фойдаланилиши керак.

9. Биометрик ва генетик маълумотлардан нусха кўчириш ушбу маълумотлар ишлов берилишига рухсат этилган техник қурилмаларда ҳамда мулкдор ва (ёки) оператор масъул ходимларининг бевосита иштирокида амалга оширилади.

10. Агар моддий жисмда биометрик ва генетик маълумотлар билан бирга уларга боғлиқ қўшимча шахсга доир маълумотлар ҳам бўлса, бундай маълумотлар кучайтирилган малакали электрон имзо билан тасдиқланиши ва (ёки) моддий жисмда қайд этилган маълумотларнинг яхлитлиги ҳамда ўзгармаслигини сақлаб қолиш имконини берувчи бошқа ахборот технологиялари билан ҳимояланган бўлиши керак.

11. Маълумотлар базасидаги биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш жараёнида қўлланилган қурилма тўғрисида идентификация маълумотлари (IP-адрес, MAC-адрес ва бошқа идентификаторлар) қайд этилиши лозим.

12. Биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш учун фойдаланиладиган моддий жисм тури мулкдор ва (ёки) оператор томонидан белгиланади.

3-боб. Биометрик ва генетик маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига қўйиладиган талаблар

13. Биометрик ва генетик маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлашда қуйидаги технологик ва бошқа талаблар таъминланиши лозим:

мулкдор ва (ёки) операторнинг ваколатли шахслари учун моддий жисмда сақланаётган шахсга доир маълумотларга кириш;

моддий жисмда қайд этилган биометрик ва генетик маълумотларнинг яхлитлиги ва ўзгармаслигини сақлаб қолишга имкон берувчи электрон имзо воситаларидан ёки бошқа ахборот технологияларидан фойдаланиш;

субъектнинг ўзига тегишли биометрик ва генетик маълумотларни ишлов беришга берган ёзма розилиги ёки биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш учун қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган бошқа асослар мавжудлигини текшириш.

14. Биометрик ва генетик маълумотлар шахсга доир маълумотлар базасидан алоҳида сақлаш учун чиқарилганда, ушбу маълумотларни рухсатсиз ва такроран қайд этиш асослари рўйхатга олиниши талаб этилади.

15. Мулкдор ва (ёки) оператор ўзининг маълумотлар базаларида биометрик ва генетик маълумотларни ҳимоя қилиш усулларидан келиб чиқиб, ушбу маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган қўшимча талабларни белгилаш ҳуқуқига эга.

4-боб. Якуний қоидалар

16. Мазкур Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 5 октябрь,

570-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.10.2022 й., 09/22/570/0900-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NIZOM

Shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berish sohasidagi ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

“Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 7-moddasi ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi:

a) Shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularning himoya qilinganlik darajasini belgilash toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ushbu maʼlumotlarning xavfsizligini taʼminlash;

shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ushbu maʼlumotlarning xavfsizligiga boʻlgan tahdidlardan kelib chiqib, ularning himoya qilinganlik darajalarini belgilash;

shaxsga doir maʼlumotlarning himoya qilinganlik darajasini taʼminlash boʻyicha talablar;

b) Biometrik va genetik maʼlumotlar mavjud boʻlgan moddiy jismlarga hamda bunday maʼlumotlarni shaxsga doir maʼlumotlar bazalaridan tashqarida saqlash texnologiyalariga oid talablar toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

biometrik va genetik maʼlumotlarni moddiy jismlarda saqlash, ulardan foydalanish va ularning hisobini yuritish tartibi;

biometrik va genetik maʼlumotlarni shaxsga doir maʼlumotlar bazalaridan tashqarida saqlash texnologiyalariga qoʻyiladigan talablar.

2. Belgilab qoʻyilsinki, ushbu qarorga 1 va 2-ilovalarda belgilangan talablarga amal qilishda kelib chiqadigan xarajatlar shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov beruvchi tashkilotlarning oʻz mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

3. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat personallashtirish markazi ikki oy muddatda:

Ichki ishlar vazirligi bilan birgalikda “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni talablarini buzish holatlarini aniqlash, ular boʻyicha maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi bayonnomani rasmiylashtirish va sudga taqdim etish vakolatiga ega boʻlgan davlat organini belgilashni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjat loyihasini oʻrnatilgan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarini ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan boshlab, uch oydan soʻng kuchga kiradi.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat personallashtirish markazi direktori U.Sh. Tashxodjayev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining IT-texnologiyalar, telekommunikatsiyalar va ilmiy faoliyatni rivojlantirish masalalari departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 5-oktabrdagi 570-son qaroriga 1-ILOVA

Shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularning himoya qilinganlik darajasini belgilash toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida” Qonuniga muvofiq shaxsga doir maʼlumotlar bazasi (keyingi oʻrinlarda — maʼlumotlar bazasi) mulkdor va (yoki) operatorlari tomonidan shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ushbu maʼlumotlarning xavfsizligiga boʻlgan tahdidlardan kelib chiqib, ularning himoya qilinganlik darajasini belgilaydi.

2. Mulkdor va (yoki) operatorlar shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularning xavfsizligiga boʻlgan tahdidlardan kelib chiqib, ushbu maʼlumotlarni himoya qilishning tashkiliy va texnik chora-tadbirlarini amalga oshiradi.

3. Shaxsga doir maʼlumotlar xavfsizligini taʼminlash mulkdor va (yoki) operatorlar yoxud ular masʼul etib belgilagan shaxslar tomonidan amalga oshiriladi.

4. Maʼlumotlar bazalarida ishlov beriladigan shaxsga doir maʼlumotlar “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni 25 , 26 , 29-moddalariga muvofiq maxsus, biometrik, genetik va hamma foydalanishi mumkin boʻlgan maʼlumotlardan tashkil topadi.

5. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

amaliy dasturiy taʼminot — aniq predmet sohasi boʻyicha muayyan masalalar sinfini yechishga moʻljallangan dasturlar majmuasidir (Access, Oracle va hokazo).

biometrik maʼlumotlar — subyektning anatomik va fiziologik oʻziga xos xususiyatlarini tavsiflovchi shaxsga doir maʼlumotlar;

genetik maʼlumotlar — subyektning nasldan-naslga oʻtgan yoki orttirilgan xususiyatlariga taalluqli boʻlgan, subyektning biologik qiyofasini tahlil qilish yoki muqobil axborot olish imkonini beradigan boshqa elementni tahlil qilish natijasi boʻlgan shaxsga doir maʼlumotlar;

maʼlumotlar bazasi — tarkibida shaxsga doir maʼlumotlar mavjud boʻlgan axborot tizimi tarzidagi maʼlumotlar bazasi;

maʼlumotlar bazasining mulkdori (mulkdor) — shaxsga doir maʼlumotlar bazasiga egalik qilish, undan foydalanish va uni tasarruf etish huquqiga ega boʻlgan davlat organi, jismoniy va (yoki) yuridik shaxs;

maʼlumotlar bazasining operatori (operator) — shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishni amalga oshiruvchi davlat organi, jismoniy va (yoki) yuridik shaxs;

maxsus maʼlumotlar — irqiy yoki ijtimoiy kelib chiqishga oid maʼlumotlar, siyosiy, diniy yoki dunyoqarashga oid eʼtiqodlar, siyosiy partiyalar va kasaba uyushmalariga aʼzolik toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, shuningdek jismoniy yoki ruhiy (psixik) salomatlikka taalluqli maʼlumotlar, shaxsiy hayot va sudlanganlik toʻgʻrisidagi maʼlumotlar shaxsga doir maxsus maʼlumotlardir;

tizimli dasturiy taʼminot — kompyuterning va kompyuter tarmoqlarining ishini taʼminlovchi dasturlar majmuasi (operatsion tizimlar, drayverlar, utilitalar, arxivatorlar va boshqalar);

hamma foydalanishi mumkin boʻlgan maʼlumotlar — subyektning roziligi bilan erkin foydalanilishi mumkin boʻlgan yoki maxfiylikka rioya etishga doir talablar tatbiq etilmaydigan maʼlumotlar.

6. Mulkdor va (yoki) operatorlar xodimlarining maʼlumotlar bazasida faqatgina ushbu xodimlarning shaxsga doir maʼlumotlariga ishlov beriladi.

Mulkdor va (yoki) operatorning xodimlari boʻlmagan subyektlarning shaxsga doir maʼlumotlariga ishlov berish alohida maʼlumotlar bazasida amalga oshiriladi.

2-bob. Shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ushbu maʼlumotlarning xavfsizligiga boʻlgan tahdidlar

7. Shaxsga doir maʼlumotlarning xavfsizligiga tahdidlar deganda, maʼlumotlar bazasiga ruxsatsiz, shu jumladan tasodifiy kirish natijasida shaxsga doir maʼlumotlarni oʻzgartirish, toʻldirish, ulardan foydalanish, ularni berish, tarqatish, uzatish, egasizlantirish, yoʻq qilish, nusxalash, shuningdek, boshqa noqonuniy harakatlarga olib kelishi mumkin boʻlgan shart-sharoitlar va omillar yigʻindisi tushuniladi.

Shaxsga doir maʼlumotlar bazasining tizimli dasturiy taʼminotida deklaratsiya qilinmagan (eʼlon qilinmagan) imkoniyatlar mavjudligi bilan bogʻliq tahdidlar 1-turdagi tahdidlar hisoblanadi.

Shaxsga doir maʼlumotlar bazasining amaliy dasturiy taʼminotida deklaratsiya qilinmagan (eʼlon qilinmagan) imkoniyatlar mavjudligi bilan bogʻliq tahdidlar 2-turdagi tahdidlar hisoblanadi.

Shaxsga doir maʼlumotlar bazasining tizimli hamda amaliy dasturiy taʼminotida deklaratsiya qilinmagan (eʼlon qilinmagan) imkoniyatlar mavjudligi bilan bogʻliq boʻlmagan tahdidlar 3-turdagi tahdidlar hisoblanadi.

8. Maʼlumotlar bazasiga taalluqli shaxsga doir maʼlumotlarning xavfsizligiga boʻlgan tahdidlarning turi ushbu hujjatga muvofiq mulkdor va (yoki) operator tomonidan belgilanadi.

3-bob. Shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularning himoya qilinganlik darajalari

9. Maʼlumotlar bazalarida shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ushbu maʼlumotlarni himoya qilishning 4 ta darajasi mavjud.

10. Maʼlumotlar bazalarida shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularni himoya qilishning 1-darajasi oʻrnatilishi uchun quyidagi shartlardan kamida bittasi mavjud boʻlishi lozim:

maʼlumotlar bazalari uchun 1-turdagi tahdidlar mavjud boʻlganda hamda maʼlumotlar bazalarida maxsus va (yoki) biometrik va (yoki) genetik maʼlumotlarga ishlov berilganda;

maʼlumotlar bazalari uchun 2-turdagi tahdidlar mavjud boʻlganda hamda mulkdor va (yoki) operatorning xodimlari boʻlmagan 50 000 dan ortiq subyektlarning maxsus maʼlumotlariga ishlov berilganda.

11. Maʼlumotlar bazalarida shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularni himoya qilishning 2-darajasi oʻrnatilishi uchun quyidagi shartlardan kamida bittasi mavjud boʻlishi lozim:

maʼlumotlar bazalari uchun 1-turdagi tahdidlar mavjud boʻlganda hamda maʼlumotlar bazalarida hamma foydalanishi mumkin boʻlgan maʼlumotlarga ishlov berilganda;

maʼlumotlar bazalari uchun 2-turdagi tahdidlar mavjud boʻlganda hamda mulkdor va (yoki) operator xodimlarining maxsus maʼlumotlari yoki mulkdor va (yoki) operatorning xodimlari boʻlmagan 50 000 dan kam boʻlgan subyektlarning maxsus maʼlumotlariga ishlov berilganda;

maʼlumotlar bazalari uchun 2-turdagi tahdidlar mavjud boʻlganda hamda maʼlumotlar bazalarida biometrik va (yoki) genetik maʼlumotlarga ishlov berilganda;

maʼlumotlar bazalari uchun 2-turdagi tahdidlar mavjud boʻlganda hamda mulkdor va (yoki) operatorning xodimlari boʻlmagan 50 000 dan ortiq subyektlarning hamma foydalanishi mumkin boʻlgan maʼlumotlariga ishlov berilganda;

maʼlumotlar bazalari uchun 3-turdagi tahdidlar mavjud boʻlganda hamda mulkdor va (yoki) operatorning xodimlari boʻlmagan 50 000 dan ortiq subyektlarning maxsus maʼlumotlariga ishlov berilganda.

12. Maʼlumotlar bazalarida shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularni himoya qilishning 3-darajasi oʻrnatilishi uchun quyidagi shartlardan kamida bittasi mavjud boʻlishi lozim:

maʼlumotlar bazalari uchun 2-turdagi tahdidlar mavjud boʻlganda hamda mulkdor va (yoki) operator xodimlarining hamma foydalanishi mumkin boʻlgan maʼlumotlariga yoxud mulkdor va (yoki) operatorning xodimlari boʻlmagan 50 000 dan kam boʻlgan subyektlarning hamma foydalanishi mumkin boʻlgan maʼlumotlariga ishlov berilganda;

maʼlumotlar bazalari uchun 3-turdagi tahdidlar mavjud boʻlganda hamda mulkdor va (yoki) operator xodimlarining maxsus maʼlumotlariga yoki mulkdor va (yoki) operatorning xodimlari boʻlmagan 50 000 dan kam boʻlgan subyektlarning maxsus maʼlumotlariga ishlov berilganda;

maʼlumotlar bazalari uchun 3-turdagi tahdidlar mavjud boʻlganda hamda biometrik va (yoki) genetik maʼlumotlarga ishlov berilganda.

13. Maʼlumotlar bazalarida shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularni himoya qilishning 4-darajasi oʻrnatilishi uchun quyidagi shart mavjud boʻlishi lozim:

maʼlumotlar bazalari uchun 3-turdagi tahdidlar mavjud boʻlganda hamda maʼlumotlar bazasida hamma foydalanishi mumkin boʻlgan maʼlumotlarga ishlov berilganda.

4-bob. Shaxsga doir maʼlumotlarning himoya qilinganlik darajalarini taʼminlaydigan talablar

14. Maʼlumotlar bazalarida shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularni himoya qilishning 4-darajasini taʼminlash uchun quyidagi talablar bajarilishi kerak:

maʼlumotlar bazalari joylashgan binolarning xavfsizlik rejimini tashkil etish, ushbu binolarga kirish huquqiga ega boʻlmagan shaxslarning nazoratsiz kirishi yoki ushbu binolarda qolishining oldini olish;

shaxsga doir maʼlumotlar mavjud boʻlgan moddiy jismlar xavfsizligini taʼminlash;

maʼlumotlar bazalarida ishlov berilayotgan shaxsga doir maʼlumotlarga kirish, ularning xizmat (mehnat) vazifalarini bajarishi uchun zarur boʻlgan shaxslar roʻyxatini belgilaydigan hujjatni mulkdor va (yoki) operator rahbari tomonidan tasdiqlash;

shaxsga doir maʼlumotlarni mavjud tahdidlardan himoya qilish, zarurat boʻlganda axborot xavfsizligi sohasidagi qonunchilik talablariga muvofiqligini baholash tartibidan oʻtgan axborot xavfsizligi vositalaridan foydalanish.

15. Maʼlumotlar bazalarida shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularni himoya qilishning 3-darajasini taʼminlash uchun:

ushbu Nizomning 14-bandida nazarda tutilgan talablarni bajarish;

maʼlumotlar bazasidagi shaxsga doir maʼlumotlar xavfsizligini taʼminlash uchun masʼul mansabdor shaxs (xodim) tayinlash zarur.

16. Maʼlumotlar bazalarida shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularni himoya qilishning 2-darajasini taʼminlash uchun:

ushbu Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan talablarni bajarish;

maʼlumotlar bazasining elektron xabarlar jurnalidagi maʼlumotlar faqat xizmat (mehnat) vazifalarini bajarishi uchun zarur boʻlgan xodimlar yoki vakolatli shaxslarga ushbu jurnalga kirish huquqini taqdim etish lozim.

17. Maʼlumotlar bazalarida shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularni himoya qilishning 1-darajasini taʼminlash uchun:

ushbu Nizomning 16-bandida nazarda tutilgan talablarni bajarish;

maʼlumotlar bazalaridagi shaxsga doir maʼlumotlarga kirish uchun mulkdor va (yoki) operator xodimining vakolatlari oʻzgarishini elektron xavfsizlik jurnalida avtomatik ravishda roʻyxatga olish;

maʼlumotlar bazalaridagi shaxsga doir maʼlumotlarning xavfsizligini taʼminlash uchun masʼul boʻlgan tarkibiy boʻlinma tuzish yoki tarkibiy boʻlinmalardan biriga bunday xavfsizlikni taʼminlash vazifalarini yuklash lozim.

5-bob. Yakuniy qoidalar

18. Mazkur Nizomni amalga oshirishda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.

19. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 5-oktabrdagi 570-son qaroriga 2-ILOVA

Biometrik va genetik maʼlumotlar mavjud boʻlgan moddiy jismlarga hamda bunday maʼlumotlarni shaxsga doir maʼlumotlar bazalaridan tashqarida saqlash texnologiyalariga oid talablar toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida” Qonuniga muvofiq biometrik va genetik maʼlumotlar mavjud boʻlgan moddiy jismlarga hamda bunday maʼlumotlarni shaxsga doir maʼlumotlar bazalaridan tashqarida saqlash texnologiyalariga oid talablarni belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

biometrik maʼlumotlar — subyektning anatomik va fiziologik oʻziga xos xususiyatlarini tavsiflovchi shaxsga doir maʼlumotlar;

genetik maʼlumotlar — subyektning nasldan-naslga oʻtgan yoki orttirilgan xususiyatlariga taalluqli boʻlgan, subyektning biologik qiyofasini tahlil qilish yoki muqobil axborot olish imkonini beradigan boshqa elementni tahlil qilish natijasi boʻlgan shaxsga doir maʼlumotlar;

maʼlumotlarni elektron koʻrinishda saqlaydigan moddiy jismlar — moslashuvchan magnit disklar, optik disklar, qattiq (olinmaydigan) magnit disklar, elektron xotirali disklar (flesh), autentifikatsiyaning elektron vositalari (tokenlar, planshetlar va boshqalar);

moddiy jismlar — shaxsga doir maʼlumotlarni tashkil etuvchi axborot qayd etilgan moddiy jismlar, shu jumladan hajmli jismlar, shaxsga doir maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hujjatlar;

shaxsga doir maʼlumotlar — muayyan jismoniy shaxsga taalluqli boʻlgan yoki uni identifikatsiya qilish imkonini beradigan, elektron tarzda, qogʻozda va (yoki) boshqa moddiy jismda qayd etilgan axborot;

shaxsga doir maʼlumotlar bazasi (maʼlumotlar bazasi) — tarkibida shaxsga doir maʼlumotlar mavjud boʻlgan axborot tizimi tarzidagi maʼlumotlar bazasi;

shaxsga doir maʼlumotlar bazasining mulkdori (mulkdor) — shaxsga doir maʼlumotlar bazasiga egalik qilish, undan foydalanish va uni tasarruf etish huquqiga ega boʻlgan davlat organi, jismoniy va (yoki) yuridik shaxs;

shaxsga doir maʼlumotlar bazasining operatori (operator) — shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishni amalga oshiruvchi davlat organi, jismoniy va (yoki) yuridik shaxs;

shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berish — shaxsga doir maʼlumotlarni yigʻish, tizimlashtirish, saqlash, oʻzgartirish, toʻldirish, ulardan foydalanish, ularni berish, tarqatish, uzatish, egasizlantirish va yoʻq qilish boʻyicha bir harakatni yoki harakatlar majmuini amalga oshirish;

shaxsga doir maʼlumotlar subyekti (subyekt) — shaxsga doir maʼlumotlar oʻziga taalluqli boʻlgan jismoniy shaxs;

qogʻoz yoki plastmassadan iborat moddiy jismlar — qogʻoz asosida chop etilgan matnli, grafik va boshqa maʼlumotlar, plastik kartalar va boshqalar.

2-bob. Biometrik va genetik maʼlumotlarni moddiy jismlarda saqlash, ulardan foydalanish va ularning hisobini yuritish

3. Biometrik va genetik maʼlumotlarga ishlov berish maqsadida foydalaniladigan har qanday moddiy jismlar qonunchilikda belgilangan tartibda “maxfiy” yoki “xizmat doirasida foydalanish uchun” grifi bilan belgilanishi lozim.

4. Biometrik va genetik maʼlumotlarni elektron shaklda saqlashda ushbu maʼlumotlar shifrlangan va kriptografik yoki boshqa usullarda himoyalangan boʻlishi zarur.

5. Mulkdor va (yoki) operator biometrik va genetik maʼlumotlarga ishlov berish jarayonida ushbu maʼlumotlar saqlanayotgan moddiy jismlarning hisobi yuritilishini taʼminlashi shart.

6. Mulkdor va (yoki) operator biometrik va genetik maʼlumotlar qayd etilgan moddiy jismlarning oʻgʻirlanishi, oʻchirilishi, yoʻq qilinishi, ruxsatsiz olinishi, oʻzgartirilishi hamda nazoratsiz qoldirilishining oldini oluvchi tegishli xavfsizlik choralarini koʻrishi lozim.

Xavfsizlik choralarini koʻrishda biometrik va genetik maʼlumotlar:

yongʻin xavfsizligi talablariga, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga mos boʻlishi, shuningdek, suv bosmasligidan kafolatlangan boʻlishi;

begona shaxslarning kirish imkoniyatini istisno etadigan ishonchli himoya vositalariga ega boʻlishi;

seyflarda, metall javonlarda yoki metall stellajlarda saqlanishi;

kirish eshiklari va derazalari qoʻriqlash xizmatiga bogʻlangan qoʻriqlash signalizatsiyasi va videokuzatuv moslamalari bilan jihozlangan xonalarda saqlanishi.

7. Biometrik va genetik maʼlumotlar qayd etilgan moddiy jismlardan shaxsga doir maʼlumotlar oʻchirilganda, ushbu moddiy jismlar hisobdan chiqarilmaydi.

Hisobdan chiqarilmagan moddiy jismlardan kelgusida shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berish maqsadida qayta foydalanish mumkin, bir martalik foydalanish nazarda tutilgan va foydalanishga yaroqsiz holga kelgan moddiy jismlar bundan mustasno. Bunday moddiy jismlar belgilangan tartibda yoʻq qilinadi.

8. Moddiy jismdan unga biometrik va genetik maʼlumotlarni qayd etgan mulkdor va (yoki) operator tomonidan belgilangan, lekin ishlab chiqaruvchi tomonidan oʻrnatilgan ekspluatatsiya muddatidan koʻp boʻlmagan muddatda foydalanilishi kerak.

9. Biometrik va genetik maʼlumotlardan nusxa koʻchirish ushbu maʼlumotlar ishlov berilishiga ruxsat etilgan texnik qurilmalarda hamda mulkdor va (yoki) operator masʼul xodimlarining bevosita ishtirokida amalga oshiriladi.

10. Agar moddiy jismda biometrik va genetik maʼlumotlar bilan birga ularga bogʻliq qoʻshimcha shaxsga doir maʼlumotlar ham boʻlsa, bunday maʼlumotlar kuchaytirilgan malakali elektron imzo bilan tasdiqlanishi va (yoki) moddiy jismda qayd etilgan maʼlumotlarning yaxlitligi hamda oʻzgarmasligini saqlab qolish imkonini beruvchi boshqa axborot texnologiyalari bilan himoyalangan boʻlishi kerak.

11. Maʼlumotlar bazasidagi biometrik va genetik maʼlumotlarga ishlov berish jarayonida qoʻllanilgan qurilma toʻgʻrisida identifikatsiya maʼlumotlari (IP-adres, MAC-adres va boshqa identifikatorlar) qayd etilishi lozim.

12. Biometrik va genetik maʼlumotlarga ishlov berish uchun foydalaniladigan moddiy jism turi mulkdor va (yoki) operator tomonidan belgilanadi.

3-bob. Biometrik va genetik maʼlumotlarni shaxsga doir maʼlumotlar bazalaridan tashqarida saqlash texnologiyalariga qoʻyiladigan talablar

13. Biometrik va genetik maʼlumotlarni shaxsga doir maʼlumotlar bazalaridan tashqarida saqlashda quyidagi texnologik va boshqa talablar taʼminlanishi lozim:

mulkdor va (yoki) operatorning vakolatli shaxslari uchun moddiy jismda saqlanayotgan shaxsga doir maʼlumotlarga kirish;

moddiy jismda qayd etilgan biometrik va genetik maʼlumotlarning yaxlitligi va oʻzgarmasligini saqlab qolishga imkon beruvchi elektron imzo vositalaridan yoki boshqa axborot texnologiyalaridan foydalanish;

subyektning oʻziga tegishli biometrik va genetik maʼlumotlarni ishlov berishga bergan yozma roziligi yoki biometrik va genetik maʼlumotlarga ishlov berish uchun qonunchilik hujjatlarida koʻrsatilgan boshqa asoslar mavjudligini tekshirish.

14. Biometrik va genetik maʼlumotlar shaxsga doir maʼlumotlar bazasidan alohida saqlash uchun chiqarilganda, ushbu maʼlumotlarni ruxsatsiz va takroran qayd etish asoslari roʻyxatga olinishi talab etiladi.

15. Mulkdor va (yoki) operator oʻzining maʼlumotlar bazalarida biometrik va genetik maʼlumotlarni himoya qilish usullaridan kelib chiqib, ushbu maʼlumotlarni shaxsga doir maʼlumotlar bazalaridan tashqarida saqlash texnologiyalariga qonunchilik hujjatlariga zid boʻlmagan qoʻshimcha talablarni belgilash huquqiga ega.

4-bob. Yakuniy qoidalar

16. Mazkur Nizomni amalga oshirishda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.

17. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 5-oktabr,

570-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 06.10.2022-y., 09/22/570/0900-son)

lex.uz