UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 13-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 13 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 октября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 October 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Кўчма савдо фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 августдаги 485-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

Мамлакатимизда кўчма савдо ва савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш, бундай фаолият турларига тадбиркорларни кенг жалб қилиш, шунингдек, кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш орқали аҳолига зарур товарларни харид қилишда қулайликлар яратиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, кўчма савдо жойларини барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган ҳолда, давлат органлари ва инсон омилисиз, электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тизими яратилди.

Кўчма савдо жойларини фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш, кўчма савдо турларини янада кенгайтириш, мавсумий кафелар фаолиятини ташкил этишда қонун устуворлигини таъминлаш ва ерлар талон-тарож қилинишининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 августдаги 485-сон қарорига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

кўчма ва енгил конструкцияли савдо фаолияти учун талабларни соддалаштириш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ободонлаштириш ва йўл ташкилотлари ва бошқаларга ўзларига берилган бўш ер участкаларида кўчма савдо жойларини ташкил этишга рухсат бериш;

хизматлар соҳасининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги улушини кўпайтириш, жойларда хизматлар соҳасидаги мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали хизматлар турларини кенгайтириш.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 591-сон қарорига ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 августдаги 485-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 3-банд :

қуйидаги мазмундаги биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Белгилансинки, давлат органлари ва ташкилотларига, шу жумладан, ободонлаштириш ва йўл ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ҳамда вақтинча фойдаланилмаётган ер участкалари, шунингдек, туман (шаҳар) захирасидаги ер участкалари «K — SAVDO» ААТ орқали «E-auksion» электрон савдо платформасида кўчма савдо объектини жойлаштириш учун тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион орқали 36 ойгача муддатга (етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашда фойдаланиладиган енгил конструкцияли кўчма музлатгичлар учун кўпи билан 120 ойгача), шунингдек, мавсумий кафеларни ўрнатиш учун ижарага берилиши мумкин»;

биринчи ва иккинчи хатбошилар тегишинча иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

2. 4-банд :

қуйидаги мазмундаги ўнинчи хатбошиси билан тўлдирилсин:

«жисмоний ва юридик шахслар «K — SAVDO» ААТга киритган ариза ҳолатини реал вақт режимида онлайн кузатиш имкониятини яратиш»;

ўнинчи хатбоши ўн биринчи хатбоши деб ҳисоблансин.

3. 1-иловада (Кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисида низом):

2-бандда :

олтинчи — саккизинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« кўчма савдо объектлари — 100 квадрат метр майдондан кўп бўлмаган, вақтинчалик асосда жойлаштирилган ва (ёки) мавсумий хусусиятга эга бўлган, шунингдек, исталган вақтда бошқа жойга осон кўчириш ва йиғиш мумкин бўлган кўчма савдо объектлари (лотоклар, палаткалар, савдо аравалари, пештахталар, автодўконлар, автотиркамалар, автоцистерналар, фудтраклар, тонарлар, савдо автоматлари, мобил контейнерлар, енгил конструкциялар, шу каби ва шунга ўхшаш бошқа кўчма савдо объектлари);

кўчма савдо субъектлари — кўчма савдони амалга ошириш учун «K-SAVDO» ААТда белгиланган тартибда кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказган жисмоний ва юридик шахслар;

кўчма савдо — кўчма савдо объектларидан фойдаланган ҳолда, турғун савдо шохобчалари жойлашган жойдан ташқарида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилиш, хизматлар кўрсатиш»;

қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

«мобил контейнер — исталган вақтда бошқа жойга осон кўчириш ва йиғиш мумкин бўлган енгил типдаги ихчам савдо дўконлари;

транспорт воситаси — одамларни, юкларни ташишга ёки махсус ишларни бажаришга мўлжалланган қурилма;

тиркама — механик транспорт воситаси таркибида ҳаракатланишга мўлжалланган ва двигатель билан жиҳозланмаган транспорт воситаси, шу жумладан, ярим тиркама ва узайтириладиган тиркамалар;

енгил конструкция — ернинг устки қатламига зарар етказмасдан ихчам металл ёки ёғоч конструкциялардан фойдаланиб қурилган, бузиб олиб (бартараф этиб) кўчириш (йиғиш) имконияти мавжуд бўлган қурилма;

кичик ошхона — истеъмолчиларга осон тайёрланадиган таомлар ва закускалар, қайноқ ва салқин ичимликлар билан жадал хизмат кўрсатишни ташкил этувчи корхона. Сотиладиган маҳсулотлар турига кўра кичик ошхоналар қуйидагиларга ихтисослашган бўлиши мумкин: кабобхона, паловхона, сомсахона, сосискахона, чучварахона, чебурекхона, пирожкахона, блинчикхона ва шу кабилар»;

7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«7. Савдо объектининг ихтисослашув турлари қуйидагилардан иборат:

нон ва нон маҳсулотлари, қандолат маҳсулотлари;

гўшт ва гўшт маҳсулотлари;

сут ва сут маҳсулотлари;

кичик ошхона;

сабзавотлар-мевалар ва полиз экинлари, шунингдек, қуруқ мевалар, писта ва ёнғоқлар;

музқаймоқ, алкоголсиз яхна ва иссиқ ичимликлар;

озиқ-овқат маҳсулотлари;

нашриёт маҳсулотлари;

гуллар;

халқ бадиий ва бошқа ҳунармандчилик буюмлари;

ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар, кийим-кечак, пойабзал ва енгил саноат буюмлари;

ноозиқ-овқат маҳсулотлари;

етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини енгил конструкцияли кўчма музлатгичларда сақлаш ва сотиш;

енгил турдаги транспорт воситаларини (енгил автомобиль, велосипед, самокат, скутер ва бошқалар) ижарага бериш ва таъмирлаш хизматлари;

электромобилларни зарядлаш;

сартарошлик хизматлари;

косметолог хизматлари;

пойабзал таъмирлаш хизмати;

маиший техника воситаларини таъмирлаш хизмати;

калит ясаш хизмати.

Тадбиркорлик субъектлари кўчма савдо объекти ихтисослашув турларининг бир нечтаси билан савдо қоидаларига риоя этган ҳолда шуғулланиши мумкин»;

9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«9. Қуйидаги жойларда кўчма савдо объектларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди:

маданий мерос объектлари ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар фасади олдида;

бино ва иншоотларнинг ёнғинга қарши оралиқларида;

муҳандислик коммуникациялари хавфсизлик зоналарида;

чорраҳаларга 15 метрдан яқинроқда;

маиший чиқиндиларни йиғиш пунктларига 20 метр масофа орасида;

сунъий иншоотларда (тўхташ бостирмалари, ерости ўтиш жойлари, кўприклар, туннеллар, транспорт боғламалари ва йўл ўтказгичлар);

пиёдалар ўтиш жойларида;

велосипед йўлакларида;

қатнов қисмининг хавфли бурилишларида;

лоақал бир йўналишдаги кўриниш масофаси 100 метрдан кам бўлган йўл дўнгликлари яқинида;

қатнов қисми кесишмаларида ва кесишаётган қатнов қисми четига 15 метрдан кам масофада (уч томонлама кесишмаларда (чорраҳаларда) ёндан туташган йўлнинг сидирға чизиқ ёки ажратувчи бўлак билан ажратилган қарама-қарши томони бундан мустасно);

транспорт воситаси светофор ишоралари, йўл белгиларини бошқа ҳайдовчилардан тўсиб қўядиган, бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига (кириш ва чиқишига) имкон қолдирмайдиган ёки пиёдаларнинг ҳаракатига халақит берадиган жойларда;

«Тўхташ тақиқланади» йўл белгиси ёки «тўхташ тақиқланади» йўл чизиғи таъсири доирасида»;

11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«11. Рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо объектларини ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга фойдаланишга ёки ижарага беришга рухсат берилади.

Бунда, кўчма савдо объектларини фойдаланишга ёки ижарага бериш Давлат солиқ қўмитасининг махсус автоматлаштирилган ахборот тизимида амалга оширилади, ижарага олувчи эса юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиши шарт»;

19-банддаги «тадбиркорлик субъекти» сўзлари «юридик ёки жисмоний шахслар» сўзлари билан алмаштирилсин;

20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«20. Кўчма савдо жойини ижарага олиш ҳуқуқи жойлашиш схемалари доирасида «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали электрон онлайн-аукционда сотилади. Бунда электрон онлайн-аукцион ғолибига кўчма савдо жойини кўпи билан 36 ойгача (етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашда фойдаланиладиган енгил конструкцияли кўчма музлатгичлар учун кўпи билан 120 ойгача) ижарага берилади, кўчма савдонинг «K-SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома ер участкаси ижараси шартномасига тенглаштирилади.

Умумий овқатланиш ташкилотига туташ ёки 5 метрдан ошмайдиган масофада жойлашган, бўш турган кўчма савдо жойи Умумий овқатланиш ташкилотлари мавсумий кафеларининг ишлаш тартиби тўғрисида низомнинг 3-банди талабларига риоя қилган ҳолда электрон онлайн-аукционсиз, «K-SAVDO» ААТ орқали умумий овқатланиш ташкилотининг ўзига умумий овқатланиш ёки савдо соҳасида қўшимча хизмат кўрсатиш учун ижарага берилиши мумкин»;

22-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги жумла билан тўлдирилсин:

«Бунда ер участкаси давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлса, маблағнинг ушбу қисми мазкур ташкилотларнинг ҳисобварағига ўтказилади»;

23-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Кўчма савдо жойи «K — SAVDO» ААТга маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари томонидан ҳам киритилиши мумкин»;

24-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«24. Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси кўчма савдо объектларини жойлаштириш схемаларини тегишлича Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари билан «K — SAVDO» ААТ орқали беш иш куни муддатда келишади.

«K — SAVDO» ААТга киритилган жойлашиш схемаси юзасидан масъул вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари беш иш кун муддатда келишмаган тақдирда, жойлашиш схемаси келишилган ҳисобланади. Бунда белгиланган муддатда келишилмаган жойлашиш схемаси бўйича кўрилган зарар учун жавобгарлик чоралари тегишли мансабдор шахслар зиммасига юкланади.

«K — SAVDO» ААТга киритилган жойлашиш схемасини келишиш рад этилган тақдирда, ушбу ташкилотнинг раҳбари (ўринбосари) томонидан асослантирилган ва имзоланган хулосани «K — SAVDO» ААТга илова қилиши шарт»;

26 ва 27-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«26. Жисмоний ва юридик шахслар кўчма савдо жойини «K — SAVDO» ААТга киритиш ҳуқуқига эга.

Бунда ғолиб деб топилган жисмоний шахс беш иш куни ичида тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиши шарт.

27. Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан таклиф этилган кўчма савдо жойи уч иш куни ичида туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси томонидан ушбу Низом талабларига мувофиқлиги жиҳатдан кўриб чиқилади»;

28-банддаги «тадбиркорлик субъектлари» сўзлари «талабгор» сўзи билан алмаштирилсин;

31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«31. Аукционда қатнашиш учун талабгор тегишли электрон аризани тўлдиради.

Электрон аризада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

кўчма савдо объектининг ихтисослашуви;

иш тартиби (иш кунлари, иш вақти);

кўчма савдо объектини жойлаштириш даври, бунда муддат 36 ойдан, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашда фойдаланиладиган енгил конструкцияли кўчма музлатгичлар учун 120 ойдан ошмаслиги лозим»;

35-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«35. «K — SAVDO» ААТда транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш учун талабгор тегишли электрон бланкани тўлдиради.

Электрон бланкада қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

юридик шахснинг номи ёки жисмоний ва якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми (агар мавжуд бўлса);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

автомототранспорт воситасининг маркаси, тури ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси;

савдо объектининг ихтисослашуви;

иш тартиби (иш кунлари, иш вақти);

кўчма савдо объектини жойлаштириш даври, бунда муддат 36 ойдан, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашда фойдаланиладиган енгил конструкцияли кўчма музлатгичлар учун 120 ойдан ошмаслиги лозим;

электрон почта манзили (мавжуд бўлганда)»;

40-бандда :

учинчи хатбоши «юридик шахснинг тўлиқ номи,» сўзларидан кейин «жисмоний шахс ва» сўзлари билан тўлдирилсин;

еттинчи хатбоши «36 ойдан,» сўзларидан кейин «етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашда фойдаланиладиган енгил конструкцияли кўчма музлатгичлар учун 120 ойдан» сўзлари билан тўлдирилсин;

41-банднинг бешинчи хатбошисиидаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси» сўзлари «Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати» сўзлари билан алмаштирилсин;

43-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Тадбиркорлик субъектига ушбу Низомда белгиланган тартибда ижарага берилган кўчма савдони амалга ошириш жойи қонунчиликда белгиланган асосларга кўра олиб қўйилган тақдирда, тадбиркорлик субъектига етказилган зарар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ пул суммасини тўлаш ёки бошқача компенсация тўлаш йўли билан бартараф этилади»;

Низомнинг 1-иловасида :

1-қатори:

«Субъектлар» устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси, Кадастр бўлимлари, туман (шаҳар) ҳоким ёрдамчилари»;

2-қатори:

«Тадбирлар» устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Схемани тегишлича Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари билан келишади»;

«Бажариш муддатлари» устунидаги «уч кун» сўзлари «беш иш куни» сўзлари билан алмаштирилсин;

4-қатори «Бажариш муддатлари» устунидаги «уч кун» сўзлари «уч иш куни» сўзлари билан алмаштирилсин;

5-қатори «Субъектлар» устунидаги «Тадбиркорлик субъекти» сўзлари «Жисмоний шахс ва юридик шахслар» сўзлари билан алмаштирилсин;

6-қатори «Субъектлар» устунидаги «Тадбиркорлик субъекти» сўзлари «Жисмоний шахс ва юридик шахслар» сўзлари билан алмаштирилсин.

4. 4-иловада :

2-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« ариза берувчи — ушбу Низомнинг 4-бандига асосан умумий овқатланиш ташкилотларининг мавсумий кафеларини ўрнатиш (қуриш) учун мурожаат қилган юридик шахс»;

3 ва 4-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«3. Мавсумий кафелар умумий овқатланиш объекти жойлашган ҳудуд доирасида ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Мавсумий кафелар аҳоли пунктларининг шаҳар ва посёлка қурилиши ерлари, умумий фойдаланишдаги ерлари ва транспорт мақсадларига мўлжалланган ерларнинг фойдаланилмаётган қисмларида, ушбу ерлар доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан қонунчиликда белгиланган тартибда тузиладиган ижара шартномалари асосида ўрнатилиши (қурилиши) мумкин.

4. Ариза берувчига мавсумий кафени ўрнатиш (қуриш) бўйича рухсатнома Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган Бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти асосида берилади, қурилишга рухсат талаб қилинмайдиган ҳолатлар бундан мустасно»;

5-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«мавсумий кафени мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган ер участкасида жойлаштириш».

10-бандда :

иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган ер участкасидан ташқарида»;

ўн биринчи хатбоши чиқариб ташлансин;

13-банддаги «мавсумий кафени ўрнатишга (қуришга) рухсат берилганлиги тўғрисидаги туман (шаҳар) ҳокимлигининг қарори» сўзлари ўрнига «мазкур Низомнинг 3-бандига мувофиқ ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда мазкур Низомнинг 4-бандига мувофиқ рухсатнома» сўзлари билан алмаштирилсин;

14-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Мавсумий кафелар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширадилар».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 13 октябрь,

591-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.10.2022 й., 09/22/591/0917-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Koʻchma savdo faoliyatini yanada rivojlantirish maqsadida yer uchastkalarini ajratishning barcha uchun teng, shaffof va bozor tamoyillariga asoslangan tartibini joriy etish munosabati bilan Vazirlar Mahkamasining “Koʻchma savdo faoliyatiga zamonaviy axborot texnologiyalarini yanada keng joriy etish hamda savdo avtomati orqali chakana savdo faoliyatini tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 3-avgustdagi 485-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida

Mamlakatimizda koʻchma savdo va savdo avtomati orqali chakana savdo faoliyatini tartibga solish, bunday faoliyat turlariga tadbirkorlarni keng jalb qilish, shuningdek, koʻchma savdo faoliyatiga zamonaviy axborot texnologiyalarini yanada keng joriy etish orqali aholiga zarur tovarlarni xarid qilishda qulayliklar yaratish borasida tizimli chora-tadbirlar amalga oshirilmoqda.

Xususan, koʻchma savdo joylarini barcha uchun teng, shaffof va bozor tamoyillariga asoslangan holda, davlat organlari va inson omilisiz, elektron onlayn-auksion orqali realizatsiya qilish tizimi yaratildi.

Koʻchma savdo joylarini fuqarolik-huquqiy munosabatlar obyekti sifatida erkin muomalaga kiritish, koʻchma savdo turlarini yanada kengaytirish, mavsumiy kafelar faoliyatini tashkil etishda qonun ustuvorligini taʼminlash va yerlar talon-taroj qilinishining oldini olish maqsadida, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yer munosabatlarida tenglik va shaffoflikni taʼminlash, erga boʻlgan huquqlarni ishonchli himoya qilish va ularni bozor aktiviga aylantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 8-iyundagi PF-6243-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Vazirlar Mahkamasining “Koʻchma savdo faoliyatiga zamonaviy axborot texnologiyalarini yanada keng joriy etish hamda savdo avtomati orqali chakana savdo faoliyatini tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 3-avgustdagi 485-son qaroriga ilovaga muvofiq quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:

koʻchma va yengil konstruksiyali savdo faoliyati uchun talablarni soddalashtirish;

fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, obodonlashtirish va yoʻl tashkilotlari va boshqalarga oʻzlariga berilgan boʻsh yer uchastkalarida koʻchma savdo joylarini tashkil etishga ruxsat berish;

xizmatlar sohasining mamlakatimiz iqtisodiyotidagi ulushini koʻpaytirish, joylarda xizmatlar sohasidagi mavjud imkoniyatlarni toʻliq ishga solish orqali xizmatlar turlarini kengaytirish.

2. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi raisi Sh.D. Kudbiyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 13-oktabrdagi 591-son qaroriga ILOVA

Vazirlar Mahkamasining “Koʻchma savdo faoliyatiga zamonaviy axborot texnologiyalarini yanada keng joriy etish hamda savdo avtomati orqali chakana savdo faoliyatini tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 3-avgustdagi 485-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. 3-band :

quyidagi mazmundagi birinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Belgilansinki, davlat organlari va tashkilotlariga, shu jumladan, obodonlashtirish va yoʻl tashkilotlariga, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlariga doimiy foydalanish huquqi bilan ajratilgan hamda vaqtincha foydalanilmayotgan yer uchastkalari, shuningdek, tuman (shahar) zaxirasidagi yer uchastkalari “K — SAVDO” AAT orqali “E-auksion” elektron savdo platformasida koʻchma savdo obyektini joylashtirish uchun tadbirkorlik subyektlariga elektron onlayn-auksion orqali 36 oygacha muddatga (yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini saqlashda foydalaniladigan yengil konstruksiyali koʻchma muzlatgichlar uchun koʻpi bilan 120 oygacha), shuningdek, mavsumiy kafelarni oʻrnatish uchun ijaraga berilishi mumkin”;

birinchi va ikkinchi xatboshilar tegishincha ikkinchi va uchinchi xatboshilar deb hisoblansin.

2. 4-band :

quyidagi mazmundagi oʻninchi xatboshisi bilan toʻldirilsin:

“jismoniy va yuridik shaxslar “K — SAVDO” AATga kiritgan ariza holatini real vaqt rejimida onlayn kuzatish imkoniyatini yaratish”;

oʻninchi xatboshi oʻn birinchi xatboshi deb hisoblansin.

3. 1-ilovada (Koʻchma savdoni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizom):

2-bandda :

oltinchi — sakkizinchi xatboshilar quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ koʻchma savdo obyektlari — 100 kvadrat metr maydondan koʻp boʻlmagan, vaqtinchalik asosda joylashtirilgan va (yoki) mavsumiy xususiyatga ega boʻlgan, shuningdek, istalgan vaqtda boshqa joyga oson koʻchirish va yigʻish mumkin boʻlgan koʻchma savdo obyektlari (lotoklar, palatkalar, savdo aravalari, peshtaxtalar, avtodoʻkonlar, avtotirkamalar, avtotsisternalar, fudtraklar, tonarlar, savdo avtomatlari, mobil konteynerlar, yengil konstruksiyalar, shu kabi va shunga oʻxshash boshqa koʻchma savdo obyektlari);

koʻchma savdo subyektlari — koʻchma savdoni amalga oshirish uchun “K-SAVDO” AATda belgilangan tartibda koʻchma savdo obyektlarini roʻyxatdan oʻtkazgan jismoniy va yuridik shaxslar;

koʻchma savdo — koʻchma savdo obyektlaridan foydalangan holda, turgʻun savdo shoxobchalari joylashgan joydan tashqarida oziq-ovqat va nooziq-ovqat tovarlari bilan chakana savdo qilish, xizmatlar koʻrsatish”;

quyidagi mazmundagi xatboshilar bilan toʻldirilsin:

“mobil konteyner — istalgan vaqtda boshqa joyga oson koʻchirish va yigʻish mumkin boʻlgan yengil tipdagi ixcham savdo doʻkonlari;

transport vositasi — odamlarni, yuklarni tashishga yoki maxsus ishlarni bajarishga moʻljallangan qurilma;

tirkama — mexanik transport vositasi tarkibida harakatlanishga moʻljallangan va dvigatel bilan jihozlanmagan transport vositasi, shu jumladan, yarim tirkama va uzaytiriladigan tirkamalar;

yengil konstruksiya — erning ustki qatlamiga zarar yetkazmasdan ixcham metall yoki yogʻoch konstruksiyalardan foydalanib qurilgan, buzib olib (bartaraf etib) koʻchirish (yigʻish) imkoniyati mavjud boʻlgan qurilma;

kichik oshxona — isteʼmolchilarga oson tayyorlanadigan taomlar va zakuskalar, qaynoq va salqin ichimliklar bilan jadal xizmat koʻrsatishni tashkil etuvchi korxona. Sotiladigan mahsulotlar turiga koʻra kichik oshxonalar quyidagilarga ixtisoslashgan boʻlishi mumkin: kabobxona, palovxona, somsaxona, sosiskaxona, chuchvaraxona, cheburekxona, pirojkaxona, blinchikxona va shu kabilar”;

7-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“7. Savdo obyektining ixtisoslashuv turlari quyidagilardan iborat:

non va non mahsulotlari, qandolat mahsulotlari;

goʻsht va goʻsht mahsulotlari;

sut va sut mahsulotlari;

kichik oshxona;

sabzavotlar-mevalar va poliz ekinlari, shuningdek, quruq mevalar, pista va yongʻoqlar;

muzqaymoq, alkogolsiz yaxna va issiq ichimliklar;

oziq-ovqat mahsulotlari;

nashriyot mahsulotlari;

gullar;

xalq badiiy va boshqa hunarmandchilik buyumlari;

hunarmandchilik mahsulotlari, suvenirlar, kiyim-kechak, poyabzal va yengil sanoat buyumlari;

nooziq-ovqat mahsulotlari;

yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yengil konstruksiyali koʻchma muzlatgichlarda saqlash va sotish;

yengil turdagi transport vositalarini (yengil avtomobil, velosiped, samokat, skuter va boshqalar) ijaraga berish va taʼmirlash xizmatlari;

elektromobillarni zaryadlash;

sartaroshlik xizmatlari;

kosmetolog xizmatlari;

poyabzal taʼmirlash xizmati;

maishiy texnika vositalarini taʼmirlash xizmati;

kalit yasash xizmati.

Tadbirkorlik subyektlari koʻchma savdo obyekti ixtisoslashuv turlarining bir nechtasi bilan savdo qoidalariga rioya etgan holda shugʻullanishi mumkin”;

9-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“9. Quyidagi joylarda koʻchma savdo obyektlarini joylashtirishga yoʻl qoʻyilmaydi:

madaniy meros obyektlari va qoʻriqlanadigan tabiiy hududlar fasadi oldida;

bino va inshootlarning yongʻinga qarshi oraliqlarida;

muhandislik kommunikatsiyalari xavfsizlik zonalarida;

chorrahalarga 15 metrdan yaqinroqda;

maishiy chiqindilarni yigʻish punktlariga 20 metr masofa orasida;

sunʼiy inshootlarda (toʻxtash bostirmalari, erosti oʻtish joylari, koʻpriklar, tunnellar, transport bogʻlamalari va yoʻl oʻtkazgichlar);

piyodalar oʻtish joylarida;

velosiped yoʻlaklarida;

qatnov qismining xavfli burilishlarida;

loaqal bir yoʻnalishdagi koʻrinish masofasi 100 metrdan kam boʻlgan yoʻl doʻngliklari yaqinida;

qatnov qismi kesishmalarida va kesishayotgan qatnov qismi chetiga 15 metrdan kam masofada (uch tomonlama kesishmalarda (chorrahalarda) yondan tutashgan yoʻlning sidirgʻa chiziq yoki ajratuvchi boʻlak bilan ajratilgan qarama-qarshi tomoni bundan mustasno);

transport vositasi svetofor ishoralari, yoʻl belgilarini boshqa haydovchilardan toʻsib qoʻyadigan, boshqa transport vositalarining harakatlanishiga (kirish va chiqishiga) imkon qoldirmaydigan yoki piyodalarning harakatiga xalaqit beradigan joylarda;

“Toʻxtash taqiqlanadi” yoʻl belgisi yoki “toʻxtash taqiqlanadi” yoʻl chizigʻi taʼsiri doirasida”;

11-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“11. Roʻyxatdan oʻtkazilgan koʻchma savdo obyektlarini yoki uning bir qismini boshqa shaxsga foydalanishga yoki ijaraga berishga ruxsat beriladi.

Bunda, koʻchma savdo obyektlarini foydalanishga yoki ijaraga berish Davlat soliq qoʻmitasining maxsus avtomatlashtirilgan axborot tizimida amalga oshiriladi, ijaraga oluvchi esa yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkor sifatida davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan boʻlishi shart”;

19-banddagi “tadbirkorlik subyekti” soʻzlari “yuridik yoki jismoniy shaxslar” soʻzlari bilan almashtirilsin;

20-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“20. Koʻchma savdo joyini ijaraga olish huquqi joylashish sxemalari doirasida “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali elektron onlayn-auksionda sotiladi. Bunda elektron onlayn-auksion gʻolibiga koʻchma savdo joyini koʻpi bilan 36 oygacha (yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini saqlashda foydalaniladigan yengil konstruksiyali koʻchma muzlatgichlar uchun koʻpi bilan 120 oygacha) ijaraga beriladi, koʻchma savdoning “K-SAVDO” avtomatlashtirilgan axborot tizimida roʻyxatdan oʻtganligini tasdiqlovchi guvohnoma yer uchastkasi ijarasi shartnomasiga tenglashtiriladi.

Umumiy ovqatlanish tashkilotiga tutash yoki 5 metrdan oshmaydigan masofada joylashgan, boʻsh turgan koʻchma savdo joyi Umumiy ovqatlanish tashkilotlari mavsumiy kafelarining ishlash tartibi toʻgʻrisida nizomning 3-bandi talablariga rioya qilgan holda elektron onlayn-auksionsiz, “K-SAVDO” AAT orqali umumiy ovqatlanish tashkilotining oʻziga umumiy ovqatlanish yoki savdo sohasida qoʻshimcha xizmat koʻrsatish uchun ijaraga berilishi mumkin”;

22-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi jumla bilan toʻldirilsin:

“Bunda yer uchastkasi davlat organlari va tashkilotlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlariga doimiy foydalanish huquqi bilan tegishli boʻlsa, mablagʻning ushbu qismi mazkur tashkilotlarning hisobvaragʻiga oʻtkaziladi”;

23-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Koʻchma savdo joyi “K — SAVDO” AATga mahallada tadbirkorlikni rivojlantirish, aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha tuman (shahar) hokimlarining yordamchilari tomonidan ham kiritilishi mumkin”;

24-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“24. Tuman (shahar) davlat soliq inspeksiyasi koʻchma savdo obyektlarini joylashtirish sxemalarini tegishlicha Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamentining Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati va Qurilish vazirligining hududiy boʻlinmalari bilan “K — SAVDO” AAT orqali besh ish kuni muddatda kelishadi.

“K — SAVDO” AATga kiritilgan joylashish sxemasi yuzasidan masʼul vazirlik va idoralarning hududiy boʻlinmalari besh ish kun muddatda kelishmagan taqdirda, joylashish sxemasi kelishilgan hisoblanadi. Bunda belgilangan muddatda kelishilmagan joylashish sxemasi boʻyicha koʻrilgan zarar uchun javobgarlik choralari tegishli mansabdor shaxslar zimmasiga yuklanadi.

“K — SAVDO” AATga kiritilgan joylashish sxemasini kelishish rad etilgan taqdirda, ushbu tashkilotning rahbari (oʻrinbosari) tomonidan asoslantirilgan va imzolangan xulosani “K — SAVDO” AATga ilova qilishi shart”;

26 va 27-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“26. Jismoniy va yuridik shaxslar koʻchma savdo joyini “K — SAVDO” AATga kiritish huquqiga ega.

Bunda gʻolib deb topilgan jismoniy shaxs besh ish kuni ichida tadbirkorlik subyekti sifatida davlat roʻyxatidan oʻtishi shart.

27. Jismoniy va yuridik shaxslar hamda hokim yordamchilari tomonidan taklif etilgan koʻchma savdo joyi uch ish kuni ichida tuman (shahar) davlat soliq inspeksiyasi tomonidan ushbu Nizom talablariga muvofiqligi jihatdan koʻrib chiqiladi”;

28-banddagi “tadbirkorlik subyektlari” soʻzlari “talabgor” soʻzi bilan almashtirilsin;

31-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“31. Auksionda qatnashish uchun talabgor tegishli elektron arizani toʻldiradi.

Elektron arizada quyidagi maʼlumotlar boʻlishi kerak:

soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami;

koʻchma savdo obyektining ixtisoslashuvi;

ish tartibi (ish kunlari, ish vaqti);

koʻchma savdo obyektini joylashtirish davri, bunda muddat 36 oydan, yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini saqlashda foydalaniladigan yengil konstruksiyali koʻchma muzlatgichlar uchun 120 oydan oshmasligi lozim”;

35-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“35. “K — SAVDO” AATda transport vositasini roʻyxatdan oʻtkazish uchun talabgor tegishli elektron blankani toʻldiradi.

Elektron blankada quyidagi maʼlumotlar boʻlishi lozim:

yuridik shaxsning nomi yoki jismoniy va yakka tartibdagi tadbirkorning familiyasi, ismi va otasining ismi (agar mavjud boʻlsa);

soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami;

avtomototransport vositasining markasi, turi va roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgisi;

savdo obyektining ixtisoslashuvi;

ish tartibi (ish kunlari, ish vaqti);

koʻchma savdo obyektini joylashtirish davri, bunda muddat 36 oydan, yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini saqlashda foydalaniladigan yengil konstruksiyali koʻchma muzlatgichlar uchun 120 oydan oshmasligi lozim;

elektron pochta manzili (mavjud boʻlganda)”;

40-bandda :

uchinchi xatboshi “yuridik shaxsning toʻliq nomi,” soʻzlaridan keyin “jismoniy shaxs va” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

yettinchi xatboshi “36 oydan,” soʻzlaridan keyin “yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini saqlashda foydalaniladigan yengil konstruksiyali koʻchma muzlatgichlar uchun 120 oydan” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

41-bandning beshinchi xatboshisiidagi “Yoʻl harakati xavfsizligi bosh boshqarmasi” soʻzlari “Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati” soʻzlari bilan almashtirilsin;

43-bandning beshinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Tadbirkorlik subyektiga ushbu Nizomda belgilangan tartibda ijaraga berilgan koʻchma savdoni amalga oshirish joyi qonunchilikda belgilangan asoslarga koʻra olib qoʻyilgan taqdirda, tadbirkorlik subyektiga yetkazilgan zarar qonunchilik hujjatlariga muvofiq pul summasini toʻlash yoki boshqacha kompensatsiya toʻlash yoʻli bilan bartaraf etiladi”;

Nizomning 1-ilovasida :

1-qatori:

“Subyektlar” ustuni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Tuman (shahar) davlat soliq inspeksiyasi, Kadastr boʻlimlari, tuman (shahar) hokim yordamchilari”;

2-qatori:

“Tadbirlar” ustuni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Sxemani tegishlicha Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamentining Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati va Qurilish vazirligining hududiy boʻlinmalari bilan kelishadi”;

“Bajarish muddatlari” ustunidagi “uch kun” soʻzlari “besh ish kuni” soʻzlari bilan almashtirilsin;

4-qatori “Bajarish muddatlari” ustunidagi “uch kun” soʻzlari “uch ish kuni” soʻzlari bilan almashtirilsin;

5-qatori “Subyektlar” ustunidagi “Tadbirkorlik subyekti” soʻzlari “Jismoniy shaxs va yuridik shaxslar” soʻzlari bilan almashtirilsin;

6-qatori “Subyektlar” ustunidagi “Tadbirkorlik subyekti” soʻzlari “Jismoniy shaxs va yuridik shaxslar” soʻzlari bilan almashtirilsin.

4. 4-ilovada :

2-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ ariza beruvchi — ushbu Nizomning 4-bandiga asosan umumiy ovqatlanish tashkilotlarining mavsumiy kafelarini oʻrnatish (qurish) uchun murojaat qilgan yuridik shaxs”;

3 va 4-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“3. Mavsumiy kafelar umumiy ovqatlanish obyekti joylashgan hudud doirasida oʻz faoliyatini amalga oshirishi mumkin.

Mavsumiy kafelar aholi punktlarining shahar va posyolka qurilishi yerlari, umumiy foydalanishdagi yerlari va transport maqsadlariga moʻljallangan yerlarning foydalanilmayotgan qismlarida, ushbu yerlar doimiy foydalanish huquqi bilan tegishli boʻlgan davlat organlari va tashkilotlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari bilan qonunchilikda belgilangan tartibda tuziladigan ijara shartnomalari asosida oʻrnatilishi (qurilishi) mumkin.

4. Ariza beruvchiga mavsumiy kafeni oʻrnatish (qurish) boʻyicha ruxsatnoma Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 20-apreldagi 200-son qarori bilan tasdiqlangan Bino va inshootlarning ixtisoslashishini oʻzgartirish, qayta qurish, rekonstruksiya qilish hamda oʻz hududida qoʻshimcha bino va inshootlarni qurishni loyihalashtirishga ruxsatnoma berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti asosida beriladi, qurilishga ruxsat talab qilinmaydigan holatlar bundan mustasno”;

5-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“mavsumiy kafeni mazkur Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan yer uchastkasida joylashtirish”.

10-bandda :

ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“mazkur Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan yer uchastkasidan tashqarida”;

oʻn birinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

13-banddagi “mavsumiy kafeni oʻrnatishga (qurishga) ruxsat berilganligi toʻgʻrisidagi tuman (shahar) hokimligining qarori” soʻzlari oʻrniga “mazkur Nizomning 3-bandiga muvofiq yer uchastkasiga boʻlgan huquqni tasdiqlovchi hujjatlar hamda mazkur Nizomning 4-bandiga muvofiq ruxsatnoma” soʻzlari bilan almashtirilsin;

14-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Mavsumiy kafelar Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga muvofiq soliqlar va boshqa majburiy toʻlovlarni amalga oshiradilar”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 13-oktabr,

591-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 14.10.2022-y., 09/22/591/0917-son)

lex.uz