📅 2022-yil 13-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 13-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 13 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 октября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 October 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 338-банди ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш тизимининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:
хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш;
хотин-қизларнинг таълим олишлари ва касбий кўникмаларини оширишларига, бандлигига ва муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш;
хотин-қизларнинг оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда уларнинг фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш, маънавиятини юксалтириш бўйича чоралар кўриш;
хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш;
ҳарбий хизматни ўтаётган хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган шахслар билан якка тартибда иш олиб бориш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, бунда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;
ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий маданиятини ошириш;
хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўриш.
2. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларида хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассислар зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:
жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ва фарзандларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш;
хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларида хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассислар фаолиятини такомиллаштириш;
Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги хотин-қизларни ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш;
ҳарбий хизматчиларнинг оилаларидаги муҳитни яхшилаш.
4. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларининг хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчилар оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассисларига (фуқаро ходимлар) тегишли бўлинмалар ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан ҳар ойлик лавозим маоши миқдорининг 100 фоизигача миқдорда устама тўланади;
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларида хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассислар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари, «Оқила аёллар ҳаракати» ва маҳаллалардаги «Аёллар маслаҳат кенгашлари» билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикасининг мудофаа вазири Б.Н. Курбанов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 590-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича
Т/р Чора-тадбирлар номи Ижро муддати Масъул ижрочилар I. Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассислар фаолиятини такомиллаштириш 1. Хотин-қизлар ва ҳарбийларнинг оилалари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассисларнинг (кейинги ўринларда — етакчи мутахассислар) функционал вазифаларини янги талабларни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш. 2022 йил 20 ноябрь Мудофаа вазирлиги 2. Етакчи мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича тизимли ишларни олиб бориш мақсадида улар билан ўқув-услубий йиғинлар ўтказиш. 2023 йил 1 январдан бошлаб ўқув йили режасига асосан Мудофаа вазирлиги, «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти 3. Ҳарбийлар оиласини «хонадонбай » ўрганишлар натижасида оилаларда соғлом муҳитни барқарорлаштириш, хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш. 2023 йил 1 январдан бошлаб доимий Мудофаа вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 4. Етакчи мутахассисларни бой ҳаётий тажрибага эга бўлган, хотин-қизлар ва оилалар билан ишлай оладиган юқори малакали мутахассис кадрлардан жамлаш. 2023 йил 1 февраль Мудофаа вазирлиги 5. Ҳарбийларнинг оилаларида қуйидаги йўналишлар бўйича ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш: оиладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат; оила аъзоларининг бандлик даражаси; фарзандлар таълим-тарбияси; ногиронлиги бўлган оила аъзоларининг ижтимоий қўллаб-қувватланиши. ҳар йили июнь ва декабрь ойларида Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6. Хизмат фаолиятида алоҳида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали хизмати билан ҳарбийлар оиласининг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик, оталик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган етакчи мутахассисларни муносиб рағбатлантириб бориш. 2023 йилдан бошлаб ҳар чоракда Мудофаа вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси II. Мудофаа вазирлиги қўшинлари хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш 7. Ҳарбий хизматчиларнинг меҳнатга лаёқатли ва ишсиз бўлган оила аъзоларини ўзини ўзи банд қилиш ҳамда бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш. 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб доимий Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 8. Ҳарбий хизматчиларнинг ишсиз оила аъзоларини касбга тайёрлаш мақсадида « Ишга марҳамат » мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқитиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш ҳамда ўқитишни ташкил этиш. 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб доимий Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 9. Ҳарбий хизматчиларнинг ишсиз оила аъзолари учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаларини ташкил этиб бориш. Бунда, республиканинг тадбиркор аёллари иштирокида хотин-қизлар ва ҳарбийларнинг оилаларига кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришда фаол иштирок этишига кўмаклашиш. Ҳар чоракда бир марта Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 10. Ҳарбий хизматчиларнинг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланаётган оила аъзолари иш фаолиятини тарғиб қилиш орқали банд бўлмаган хотин-қизларни ушбу фаолиятга жалб этиш мақсадида «Маҳорат дарслари» ни ўтказиш. Ҳар чоракда бир марта Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 11. Хотин-қизлар ва ҳарбийларнинг оилаларини касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ҳарбий шаҳарчаларда турли йўналишдаги тўгаракларни ташкил этиш, ушбу тўгаракларга оилаларни жалб этиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш. 2023 йилдан бошлаб ҳар чоракда Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси III. Ҳарбий хизматчиларнинг оилаларидаги муҳитни яхшилаш 12. Ҳарбий хизматчиларнинг оилаларида соғлом муҳитни қарор топтириш, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги муносабатларни, уларнинг оиладаги ўринларини тўғри йўлга қўйиш мақсадида « Қайнона-келин мактаби » мавзусида учрашув ва жонли мулоқотларни ташкил этиш. 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб доимий Мудофаа вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хокимликлари, ҳарбий қисм ва муассасалар раҳбарлари 13. Ёш ҳарбий оилалар ўртасида содир этилаётган ажримларни олдини олиш мақсадида «Оила-муқаддас қўрғон», «Оилаларда низоли ҳолатларнинг олдини олиш усуллари» мавзуларида малакали ҳуқуқшунослар, тиббиёт ходимлари иштирокида учрашувлар ташкил этиш. 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб ҳар йили Мудофаа вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 14. Соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда ҳарбий хизматчилар оилаларининг репродуктив саломатлигига эришиш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш: «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди мутахассислари иштирокида замонавий диагностика ва даволаш-тиббиёт ускуналаридан фойдаланиш; ҳарбий хизматчи аёллар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш. 2022 йил 15 ноябрдан бошлаб ҳар чоракда Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 15. Мамлакатда юз бераётган демократик ислоҳотларга мувофиқ, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ишларининг аҳволини танқидий ўрганиб чиқиш, баҳолаш ва уларни такомиллаштириш чоралари кўриш. 2023 йил 1 январга қадар Мудофаа вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 16. Хотин-қизларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси, оила, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашишда «Оқила аёллар ҳаракати» ва маҳаллалардаги «Аёллар маслаҳат кенгашлари» билан ҳамкорликни амалга ошириш. доимий Мудофаа вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 17. Ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, ҳарбий оилаларнинг ҳаётий тажрибасини оммалаштириш мақсадида «Ибратли ҳарбийлар оиласи» кўрик-танловини ташкил этиш. ҳар йили март-май ойларида Мудофаа вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 18. Хотин-қизларнинг гендер тенглик кафолатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни ва фаоллигини оширишга қаратилган тизимли ишларни олиб бориш. ҳар йили алоҳида режа асосида Мудофаа вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 19. Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги хотин-қизлар ўртасида «Тўмарис издошлари», ҳарбий хизматчиларнинг рафиқалари ўртасида бекалик санъатини ривожлантиришга қаратилган «Балли аёллар» кўрик-танловларини ўтказиш. ҳар йили алоҳида режа асосида Мудофаа вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 20. Дин вакилларини жалб этган ҳолда хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ўртасида оила-никоҳ муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш, никоҳ бўйича диний маросимларни фақат никоҳ расмий рўйхатдан ўтказилгандан кейин амалга ошириш масалалари бўйича тушунтириш ишларини ташкил этиш. 2023 йилдан бошлаб ҳар чоракда Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси 21. Хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг соғлиғини сақлаш, соғлом оилани шакллантириш, аёллар ва оила спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича ишларни амалга ошириш. 2023 йилдан бошлаб ҳар чоракда Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси 22. Ҳарбий қисм ва муассасаларда оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга бағишланган « Мустаҳкам оилани шакллантиришда ота-онанинг масъулияти », « Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчи », « Оилавий ҳаёт сабоқлари » мавзуларида учрашув, семинар ва давра суҳбатлари ўтказиш. ҳар йили алоҳида режага мувофиқ Мудофаа вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази 23. Хотин-қизлар ва ҳарбийларнинг оила аъзоларини маънавий-маърифий савиясини ошириб бориш, уларнинг мазмунли дам олишларини ташкил этиш мақсадида театр, маданият ва маърифат масканларига ташриф уюштириш. ҳар йили алоҳида режага мувофиқ Мудофаа вазирлиги, Республика Маънавият маърифат маркази
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 13 октябрь,
590-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
CHORA-TADBIRLAR REJASI
Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi qoʻshinlarida xotin-qizlar va harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari bilan ishlash tizimining samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekiston taraqqiyot strategiyasini “Inson qadrini ulugʻlash va faol mahalla yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturining 338-bandi ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi qoʻshinlarida xotin-qizlar va harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari bilan ishlash tizimining asosiy ustuvor yoʻnalishlari etib belgilansin:
xotin-qizlarning ijtimoiy-siyosiy faolligini oshirish, ularni qoʻllab-quvvatlashga doir islohotlarning mazmun-mohiyati va ahamiyatini aholi oʻrtasida keng targʻib qilish;
xotin-qizlarning taʼlim olishlari va kasbiy koʻnikmalarini oshirishlariga, bandligiga va munosib ish topishlariga har tomonlama koʻmaklashish, tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash, iqtidorli yosh xotin-qizlarni aniqlash va ularning qobiliyatlarini toʻgʻri yoʻnaltirish;
xotin-qizlarning oilalarni mustahkamlash, milliy va umuminsoniy qadriyatlarni asrab-avaylash hamda ularning farzand tarbiyasidagi rolini oshirish, maʼnaviyatini yuksaltirish boʻyicha choralar koʻrish;
xotin-qizlar va harbiy xizmatchilar oila aʼzolarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish, ularning muammolarini oʻz vaqtida aniqlash va ijtimoiy-huquqiy, psixologik yordam koʻrsatish;
harbiy xizmatni oʻtayotgan xotin-qizlar oʻrtasida huquqbuzarliklarning barvaqt oldini olish, huquqbuzarlikka moyilligi boʻlgan shaxslar bilan yakka tartibda ish olib borish boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirish, bunda davlat organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari va fuqarolik jamiyatining boshqa institutlari bilan yaqindan hamkorlik qilish;
harbiy xizmatchilar oila aʼzolarining reproduktiv salomatligini mustahkamlash va tibbiy madaniyatini oshirish;
xotin-qizlar oʻrtasida sogʻlom turmush tarzini shakllantirish, anʼanaviy oilaviy qadriyatlarni mustahkamlash, erta nikoh va ajrashishlarning oldini olish boʻyicha samarali choralar koʻrish.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi harbiy qism va muassasalarida xotin-qizlar va harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari bilan ishlash boʻyicha yetakchi mutaxassislar zimmasiga quyidagi qoʻshimcha vazifalar yuklansin:
joylarda ogʻir hayotiy vaziyatga tushib qolgan xotin-qizlarni, shu jumladan, nogironligi boʻlgan ayollarni va farzandlarni oʻz vaqtida aniqlash, ular bilan yakka tartibda hamda aniq maqsadga yoʻnaltirilgan ishlarni olib borish, ularni manzilli qoʻllab-quvvatlash;
xotin-qizlarning bandligiga koʻmaklashish, ular oʻrtasida oilaviy va xususiy tadbirkorlikni, hunarmandchilikni rivojlantirish chora-tadbirlarini amalga oshirish;
huquqni muhofaza qiluvchi organlar, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va boshqa tashkilotlar bilan birgalikda xotin-qizlar oʻrtasida huquqbuzarliklar profilaktikasini samarali tashkil etish, shu jumladan, ularning huquqiy madaniyatini oshirish va maʼnaviy-axloqiy qadriyatlarni mustahkamlash.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi qoʻshinlarida xotin-qizlar va harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari bilan ishlash tizimining samaradorligini oshirish boʻyicha chora-tadbirlar rejasi ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Mudofaa vazirligi harbiy qism va muassasalarida xotin-qizlar va harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari bilan ishlash boʻyicha yetakchi mutaxassislar faoliyatini takomillashtirish;
Mudofaa vazirligi qoʻshinlaridagi xotin-qizlarni va harbiy xizmatchilarning oila aʼzolarini ish bilan taʼminlashga koʻmaklashish;
harbiy xizmatchilarning oilalaridagi muhitni yaxshilash.
4. Belgilansinki:
Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi harbiy qism va muassasalarining xotin-qizlar va harbiy xizmatchilar oila aʼzolari bilan ishlash boʻyicha yetakchi mutaxassislariga (fuqaro xodimlar) tegishli boʻlinmalar xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish maxsus fondi hisobidan har oylik lavozim maoshi miqdorining 100 foizigacha miqdorda ustama toʻlanadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi harbiy qism va muassasalarida xotin-qizlar va harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari bilan ishlash boʻyicha yetakchi mutaxassislar oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifalarni bajarishda Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi hamda ularning hududiy boʻlinmalari, “Oqila ayollar harakati” va mahallalardagi “Ayollar maslahat kengashlari” bilan yaqindan hamkorlik qiladi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasining mudofaa vaziri B.N. Kurbanov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 13-oktabrdagi 590-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi qoʻshinlarida xotin-qizlar va harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari bilan ishlash tizimining samaradorligini oshirish boʻyicha
T/r Chora-tadbirlar nomi Ijro muddati Masʼul ijrochilar I. Mudofaa vazirligi qoʻshinlaridagi xotin-qizlar va harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari bilan ishlash boʻyicha yetakchi mutaxassislar faoliyatini takomillashtirish 1. Xotin-qizlar va harbiylarning oilalari bilan ishlash boʻyicha yetakchi mutaxassislarning (keyingi oʻrinlarda — yetakchi mutaxassislar) funksional vazifalarini yangi talablarni hisobga olgan holda qayta koʻrib chiqish va tasdiqlash. 2022-yil 20-noyabr Mudofaa vazirligi 2. Yetakchi mutaxassislarning malakasini oshirish boʻyicha tizimli ishlarni olib borish maqsadida ular bilan oʻquv-uslubiy yigʻinlar oʻtkazish. 2023-yil 1-yanvardan boshlab oʻquv yili rejasiga asosan Mudofaa vazirligi, “Oila va xotin-qizlar” ilmiy-tadqiqot instituti 3. Harbiylar oilasini “xonadonbay ” oʻrganishlar natijasida oilalarda sogʻlom muhitni barqarorlashtirish, xotin-qizlar ijtimoiy faolligini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirish. 2023-yil 1-yanvardan boshlab doimiy Mudofaa vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 4. Yetakchi mutaxassislarni boy hayotiy tajribaga ega boʻlgan, xotin-qizlar va oilalar bilan ishlay oladigan yuqori malakali mutaxassis kadrlardan jamlash. 2023-yil 1-fevral Mudofaa vazirligi 5. Harbiylarning oilalarida quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha ijtimoiy-maʼnaviy muhitni oʻrganish: oiladagi ijtimoiy-iqtisodiy holat; oila aʼzolarining bandlik darajasi; farzandlar taʼlim-tarbiyasi; nogironligi boʻlgan oila aʼzolarining ijtimoiy qoʻllab-quvvatlanishi. har yili iyun va dekabr oylarida Mudofaa vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi 6. Xizmat faoliyatida alohida faollik va tashabbuskorlik koʻrsatgan, oʻzining samarali xizmati bilan harbiylar oilasining shakllanishi va farovonligi mustahkamlanishiga, onalik, otalik va bolalik muhofazasiga munosib hissa qoʻshgan yetakchi mutaxassislarni munosib ragʻbatlantirib borish. 2023-yildan boshlab har chorakda Mudofaa vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi II. Mudofaa vazirligi qoʻshinlari xotin-qizlar va harbiy xizmatchilarning oila aʼzolarini ish bilan taʼminlashga koʻmaklashish 7. Harbiy xizmatchilarning mehnatga layoqatli va ishsiz boʻlgan oila aʼzolarini oʻzini oʻzi band qilish hamda boʻsh (vakant) ish oʻrinlariga ishga joylashtirishda amaliy yordam koʻrsatish. 2022-yil 1-noyabrdan boshlab doimiy Mudofaa vazirligi, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 8. Harbiy xizmatchilarning ishsiz oila aʼzolarini kasbga tayyorlash maqsadida “ Ishga marhamat ” monomarkazlari, kasb-hunarga oʻqitish markazlarida oʻqitish boʻyicha targʻibot-tashviqot ishlarini tashkil etish hamda oʻqitishni tashkil etish. 2022-yil 1-noyabrdan boshlab doimiy Mudofaa vazirligi, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 9. Harbiy xizmatchilarning ishsiz oila aʼzolari uchun boʻsh ish oʻrinlari mehnat yarmarkalarini tashkil etib borish. Bunda, respublikaning tadbirkor ayollari ishtirokida xotin-qizlar va harbiylarning oilalariga kichik biznes va tadbirkorlikni rivojlantirishda faol ishtirok etishiga koʻmaklashish. Har chorakda bir marta Mudofaa vazirligi, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 10. Harbiy xizmatchilarning tadbirkorlik va hunarmandchilik bilan shugʻullanayotgan oila aʼzolari ish faoliyatini targʻib qilish orqali band boʻlmagan xotin-qizlarni ushbu faoliyatga jalb etish maqsadida “Mahorat darslari” ni oʻtkazish. Har chorakda bir marta Mudofaa vazirligi, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 11. Xotin-qizlar va harbiylarning oilalarini kasb-hunarga oʻrgatish maqsadida harbiy shaharchalarda turli yoʻnalishdagi toʻgaraklarni tashkil etish, ushbu toʻgaraklarga oilalarni jalb etish boʻyicha targʻibot ishlarini olib borish. 2023-yildan boshlab har chorakda Mudofaa vazirligi, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi III. Harbiy xizmatchilarning oilalaridagi muhitni yaxshilash 12. Harbiy xizmatchilarning oilalarida sogʻlom muhitni qaror toptirish, qaynona-kelin, er-xotin oʻrtasidagi munosabatlarni, ularning oiladagi oʻrinlarini toʻgʻri yoʻlga qoʻyish maqsadida “ Qaynona-kelin maktabi ” mavzusida uchrashuv va jonli muloqotlarni tashkil etish. 2022-yil 1-noyabrdan boshlab doimiy Mudofaa vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar xokimliklari, harbiy qism va muassasalar rahbarlari 13. Yosh harbiy oilalar oʻrtasida sodir etilayotgan ajrimlarni oldini olish maqsadida “Oila-muqaddas qoʻrgʻon”, “Oilalarda nizoli holatlarning oldini olish usullari” mavzularida malakali huquqshunoslar, tibbiyot xodimlari ishtirokida uchrashuvlar tashkil etish. 2022-yil 1-noyabrdan boshlab har yili Mudofaa vazirligi, Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 14. Soha mutaxassislari bilan hamkorlikda harbiy xizmatchilar oilalarining reproduktiv salomatligiga erishish uchun quyidagi tadbirlarni amalga oshirish: “Sogʻlom avlod uchun” hukumatga qarashli boʻlmagan xalqaro xayriya fondi mutaxassislari ishtirokida zamonaviy diagnostika va davolash-tibbiyot uskunalaridan foydalanish; harbiy xizmatchi ayollar va harbiy xizmatchilarning oila aʼzolarini chuqurlashtirilgan tibbiy koʻrikdan oʻtkazish. 2022-yil 15-noyabrdan boshlab har chorakda Mudofaa vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 15. Mamlakatda yuz berayotgan demokratik islohotlarga muvofiq, xotin-qizlarning huquqlarini himoya qilish, ularning ijtimoiy-siyosiy faolligini oshirish ishlarining ahvolini tanqidiy oʻrganib chiqish, baholash va ularni takomillashtirish choralari koʻrish. 2023-yil 1-yanvarga qadar Mudofaa vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 16. Xotin-qizlarning faolligini qoʻllab-quvvatlash, farzand tarbiyasi, oila, xotin-qizlar maʼnaviyatini yuksaltirish, ijtimoiy himoyaga muhtoj xotin-qizlarning muammolarini oʻrganish va hal etishga koʻmaklashishda “Oqila ayollar harakati” va mahallalardagi “Ayollar maslahat kengashlari” bilan hamkorlikni amalga oshirish. doimiy Mudofaa vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 17. Harbiy xizmatchilar oila aʼzolarining ijodiy salohiyatini rivojlantirish, harbiy oilalarning hayotiy tajribasini ommalashtirish maqsadida “Ibratli harbiylar oilasi” koʻrik-tanlovini tashkil etish. har yili mart-may oylarida Mudofaa vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 18. Xotin-qizlarning gender tenglik kafolatlarini taʼminlash, huquq va qonuniy manfaatlarini himoya qilish, ularning ijtimoiy-siyosiy hayotdagi oʻrni va faolligini oshirishga qaratilgan tizimli ishlarni olib borish. har yili alohida reja asosida Mudofaa vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 19. Mudofaa vazirligi qoʻshinlaridagi xotin-qizlar oʻrtasida “Toʻmaris izdoshlari”, harbiy xizmatchilarning rafiqalari oʻrtasida bekalik sanʼatini rivojlantirishga qaratilgan “Balli ayollar” koʻrik-tanlovlarini oʻtkazish. har yili alohida reja asosida Mudofaa vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 20. Din vakillarini jalb etgan holda xotin-qizlar va harbiy xizmatchilarning oilalari oʻrtasida oila-nikoh munosabatlarini huquqiy tartibga solish, nikoh boʻyicha diniy marosimlarni faqat nikoh rasmiy roʻyxatdan oʻtkazilgandan keyin amalga oshirish masalalari boʻyicha tushuntirish ishlarini tashkil etish. 2023-yildan boshlab har chorakda Mudofaa vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi 21. Xotin-qizlar va harbiy xizmatchilar oila aʼzolarining sogʻligʻini saqlash, sogʻlom oilani shakllantirish, ayollar va oila sportini rivojlantirish, sogʻlom turmush tarzini targʻib qilish boʻyicha ishlarni amalga oshirish. 2023-yildan boshlab har chorakda Mudofaa vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi 22. Harbiy qism va muassasalarda oilaviy qadriyatlarni mustahkamlashga bagʻishlangan “ Mustahkam oilani shakllantirishda ota-onaning masʼuliyati ”, “ Farzandning ota-ona oldidagi burchi ”, “ Oilaviy hayot saboqlari ” mavzularida uchrashuv, seminar va davra suhbatlari oʻtkazish. har yili alohida rejaga muvofiq Mudofaa vazirligi, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi, Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi 23. Xotin-qizlar va harbiylarning oila aʼzolarini maʼnaviy-maʼrifiy saviyasini oshirib borish, ularning mazmunli dam olishlarini tashkil etish maqsadida teatr, madaniyat va maʼrifat maskanlariga tashrif uyushtirish. har yili alohida rejaga muvofiq Mudofaa vazirligi, Respublika Maʼnaviyat maʼrifat markazi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 13-oktabr,
590-son