📅 2022-yil 14-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 14-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 14 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 октября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 October 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НАМУНАВИЙ ҚОИДАЛАРИ
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда давлат хизматчиларининг хизмат фаолиятига оид ва хизматдан ташқари одоб-ахлоқи, жамоатчилик билан муносабатларига доир қоидаларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари (кейинги ўринларда — Одоб-ахлоқ қоидалари) 1-иловага мувофиқ;
Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги намунавий низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Давлат органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа ташкилотлар 2022 йил 25 октябрга қадар ўз фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда:
а) Одоб-ахлоқ қоидалари асосида марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар ходимлари учун мажбурий бўлган ходимларнинг идоравий одоб-ахлоқ қоидаларини;
ушбу қарор билан тасдиқланган Намунавий низом асосида Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низомни ва унинг таркибини тасдиқласин;
б) ички меҳнат тартиб-қоидаларини ва бошқа идоравий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
в) 2022 йил 1 ноябрга қадар ушбу банднинг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар натижаси тўғрисида батафсил ахборотни тасдиқланган ҳужжатларни илова қилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг тегишли таркибий бўлинмаларига тақдим этсин.
3. Хўжалик бошқаруви органларига Одоб-ахлоқ қоидалари асосида ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини қабул қилиш тавсия этилсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, Одоб-ахлоқ қоидалари талабларининг бузилиши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ интизомий ва бошқа турдаги жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси Р.В. Абдуқодиров бир ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларини Вазирлар Маҳкамаси Раёсатига тасдиқлаш учун киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини давлат хизматчилари ўртасида тушунтириш мақсадида ўқув-семинарлари ташкил этсин;
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда 2022 йил 20 октябрга қадар ушбу ўқув-семинарлари бўйича ташкилий ҳужжатлар тўпламини (давлат органлари ва ташкилотлари кесимида ўқув-семинарларини ўтказиш графиги ва тартиби, семинарни ўтказишга масъуллар рўйхати, иштирокчиларнинг намунавий контингенти ва б.) Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, Бош вазирнинг маслаҳатчилари ва Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарорига 1-ИЛОВА
Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари (кейинги ўринларда — Одоб-ахлоқ қоидалари) давлат фуқаролик хизматчиларининг (кейинги ўринларда — давлат хизматчилари) касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, ташқи кўриниши ва кийиниш услубининг намунавий қоидаларини белгилайди.
Одоб-ахлоқ қоидалари давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган.
2. Давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга ошириши шарт:
қонунийлик;
Ватанга садоқат ва хизмат вазифасига фидойилик, юкланган функционал вазифаларини тўлиқ бажариш, ижро интизомига қатъий риоя этиш;
фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;
адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;
коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш ва қарши курашиш;
хизмат сирини қатъий сақлаш;
мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмаслик;
манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.
3. Давлат хизматчилари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда хулқ-атворнинг қуйидаги умумий қоидаларига амал қилиши лозим:
давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиш;
масъулият, касбига садоқат ва ҳалолликни кундалик шиорга айлантириш;
мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш;
хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғотиш;
оиласида соғлом муҳитни таъминлаб, оила аъзоларига доимий ғамхўр бўлиш, фарзандларида ватанпарварлик ва бошқа юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириш;
фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий аҳволи ва бошқа омиллардан қатъи назар, улар билан бир хил, самимий, одоб доирасида муносабатда бўлиш;
жамиятда ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиш.
4. Давлат хизматчилари ўз ваколатларини амалга ошираётганда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига , Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Одоб-ахлоқ қоидаларига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
5. Давлат хизматчилари Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш мажбуриятига, фуқаролар эса давлат хизматчиларидан мазкур қоидаларга мос бўлган касбий маданиятни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
6. Давлат хизматчиларининг Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши уларнинг фаолияти ҳамда хизматдаги ахлоқини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Давлат хизматчилари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиниши ҳолати уларни келгусида юқори лавозимларга тайинлаш ва раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.
2-боб. Касбий маданиятга оид умумий одоб-ахлоқ қоидалари
7. Давлат хизматчилари:
фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, фуқаролиги, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи камситилишига олиб келувчи таъсир чоралари ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)га йўл қўймаслиги;
ҳалол, адолатли ва камтар бўлиши, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиши;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қарорларни қабул қилишда қонунийликни, адолатлиликни ва шаффофликни таъминлаши;
давлат ва жамият манфаатларига зарар етказувчи, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини пасайтирадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан тийилиши;
ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриши, танқид учун таъқибга йўл қўймаслиги, асосли ва конструктив танқиддан ўз фаолиятидаги камчиликлар ҳамда нуқсонларни бартараф этиш йўлида фойдаланиши;
давлат органлари ва ташкилотлари, давлат хизматчилари ва бошқа шахсларга ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда шахсий масалалар юзасидан таъсир ўтказмаслиги;
ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олмаслиги;
давлат мулкининг бут сақланишини таъминлаши, ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши;
хизмат интизомига қатъий риоя қилиши, иш вақтидан оқилона ва самарали фойдаланиши;
аҳолининг давлат хизматлари истеъмолчиси сифатидаги талабларига мувофиқ доимий равишда фаолият сифатини ошириб бориш чораларини кўриши;
қонун билан интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ва бошқа хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги;
касб этикаси ва ишчанлик услубига риоя этиши;
сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат ташкилотлари манфаатлари йўлида хизмат мавқеи ва имкониятларидан фойдаланмаслиги керак.
8. Давлат хизматчилари ўзига бўйсунувчи ходимлардан улар меҳнат вазифасини бажараётган пайтда партия номидан сиёсий фаолият билан шуғулланишни талаб қилиши, сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат ташкилотлари фаолиятида иштирок этишга даъват этиши ёки мажбурлашига йўл қўйилмайди.
3-боб. Хизмат фаолиятига оид одоб-ахлоқ қоидалари
9. Давлат хизматчилари хизмат фаолияти давомида қуйидагиларга мажбур:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига сўзсиз риоя этиши;
мамлакат шаънини эъзозлаш, давлат сиёсатига содиқ бўлиш;
ташқи сиёсат соҳасида давлат манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш;
ўз хизмат вазифаларини виждонан, ҳалол ва юксак профессионал даражада бажариш, расмиятчилик, сохтакорлик ва суиистеъмолчиликка йўл қўймаслик;
хизмат мажбуриятларини самарали бажариш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни доимий асосда ошириш;
юқори давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари ҳамда берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш;
ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларга бирон-бир шахс, гуруҳ ёки идоралар манфаати нуқтаи назаридан ёндашмаслик ҳамда уларнинг манфаатлари ифода этилишига йўл қўймаслик;
ҳар қандай қонунбузилишига, айниқса, коррупция ҳолатларига қарши муросасизлик билан курашиш;
хизмат сафарлари, назорат тадбирлари давомида меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳар қандай турдаги сарф-харажатларни бошқа шахслар ҳисобидан амалга оширмаслик;
давлат хизматчилари ёки бошқа шахслар томонидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этишга ундовчи мурожаатлар ҳақида, шунингдек, ҳамкасблари томонидан содир этилган ёки тайёргарлик кўрилаётган қонунбузилишлар ҳақида ўзининг раҳбарига зудлик билан маълум қилиш;
чет эл фуқаролари билан алоҳида белгиланган тартибга зид равишда бевосита ёки бошқа шахслар орқали мулоқотга киришмаслик;
ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда фуқаролар ва бошқа шахсларни камситмаслик, уларнинг таъсиридан сақланиш, фуқаролар ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш;
ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан сақланиш;
давлат сири, қонун билан қўриқланадиган ва хизматга оид бошқа маълумотларнинг ошкор этилмаслигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўриш, улардан қонунга зид равишда фойдаланмаслик;
ахборотларни тарқатиш қоидаларига риоя қилиш, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ахборот коммуникация воситаларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг белгиланган тартибига амал қилиш;
бириктирилган хизмат компьютери ҳамда электрон ташувчиларидаги хизматга оид маълумотларнинг хавфсиз сақланишини таъминлаш ва уларни бошқа шахсларга тарқатилишининг олдини олиш чораларини кўриш;
ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятини муҳокама қилмаслик, ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслик, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган материалларни жойлаштирмаслик;
фуқаролар ва ҳамкасбларининг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи маълумотлар, туҳмат, иғво ва уйдирмаларни тарқатмаслик;
меҳнат ва ижро интизоми, ички тартиб қоидаларига, шунингдек, телефонда сўзлашиш ва кийиниш маданиятига қатъий риоя этиш;
ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиш;
жамоада соғлом маънавий муҳитни сақлаш чораларини кўриш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунда белгиланган тартибда ҳамда муддатларда қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилиш;
меҳнат жамоасида ишчанлик муҳитини шакллантириш ва уни мустаҳкамлашга кўмаклашиши;
меҳнат жамоасида ҳамкасбларининг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантирадиган шахсий ва касбий фазилатларини муҳокама қилишдан тийилиши керак.
10. Раҳбарлар қуйидагиларга мажбур:
бўйсунувидаги давлат хизматчиларига профессионализм, ҳалоллик, холислик ва адолатлиликда ўрнак бўлиш;
жамоада соғлом маънавий муҳит ва ишчан кайфиятни шакллантириш;
давлат хизматчиларини қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундамаслик ҳамда улардан бундай ҳаракатларни бажаришни талаб қилмаслик;
кадрларни маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш, тайинлаш ёки тавсия этишга йўл қўймаслик;
жамоада гуруҳбозлик ва фаворитизм (айрим ходимларни яқин олиш ва қўллаб-қувватлаш) кўринишларига йўл қўймаслик, шунингдек, хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг олдини олиш;
давлат хизматчиларининг фаолиятига баҳо беришда қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиш;
давлат хизматчилари томонидан коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликлар содир этилишининг олдини олиш чораларини кўриш;
бўйсунувидаги давлат хизматчиларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш чораларини кўриш;
ваколати доирасида шартномалар тузиш, танловлар ўтказиш ёки розилик бериш масалаларига холис, адолатли ва қонуний ёндашиш.
11. Раҳбарлар бўйсунувидаги давлат хизматчиларига қўпол муомалада бўлиши, ҳақорат қилиши, шахсиятига тегиши, уларга асоссиз танбеҳ бериши ёки айблаши ҳамда камситиши мумкин эмас.
4-боб. Хизматдан ташқари одоб-ахлоқ қоидалари
12. Давлат хизматчилари ишдан бўш вақтларида умумқабул қилинган ахлоқ нормаларига риоя қилишлари ва уларга зид бўлган хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.
13. Давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда қуйидагиларга мажбур:
миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;
дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслик;
расмий эълон қилинган маълумотлардан ташқари давлат хизмати фаолиятига оид масалаларни муҳокама қилмаслик;
жамоат жойларида (кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканларда) ўзини тутиш қоидаларига риоя этиш, атрофдагиларнинг эътиборини тортувчи ортиқча ва салбий ҳаракатларга йўл қўймаслик;
жамоат тартиби ва хавфсизлигига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этмаслик, мазкур ноқонуний ҳаракатларга бошқаларни жалб этмаслик ёки даъват қилмаслик;
хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган идора ва ташкилотлар раҳбар ва ходимларидан, бошқа мансабдор шахсларидан қимматбаҳо совға олмаслик;
хизмат гувоҳномаларини сақлаш ва фойдаланиш тартибига қатъий риоя этиш, улардан хизматга алоқадор бўлмаган ҳолатларда фойдаланмаслик, шу жумладан, ваколатли шахсларга хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, мавқеини суиистеъмол қилмаслик;
хизмат автотранспорт воситаларидан хизмат фаолиятидан ташқари ҳолатларда шахсий ва бошқа мақсадларда фойдаланмаслик;
иш фаолияти билан боғлиқ маълумотларни ишга алоқадор бўлмаган бошқа шахслар иштирокида муҳокама қилмаслик;
шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишда белгиланган тартибга амал қилиш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш;
тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслик, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
ўзи фаолият юритган давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда давлат хизматига доғ туширувчи хатти-ҳаракатлардан тийилиш;
ташқи кўринишини белгиланган меъёрлар доирасида сақлаш, камтарона кийиниш, атрофдагиларнинг эътиборини ўзига ортиқча жалб қиладиган тарзда кийинмаслик.
5-боб. Жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатларга оид одоб-ахлоқ қоидалари
14. Давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритилишига кўмаклашиши керак.
15. Давлат сиёсати ёки давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги оммавий баёнотлар давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари ёки мазкур йўналиш бўйича ваколатли мансабдор шахс томонидан амалга оширилади.
16. Қуйидаги ҳолларда оммавий баёнот берилиши мумкин эмас:
оммавий баёнот матни ва мазмуни давлат сиёсати ёки давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига алоқадор бўлмаса;
оммавий баёнотда келтириладиган ахборотлар давлат сирлари билан боғлиқ бўлса;
оммавий баёнот бошқа давлат органлари ва ташкилотлари нуфузини пасайтириш ёки уларнинг мансабдор шахсларини камситишга йўналтирилган бўлса.
17. Давлат хизматида жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида жамоатчилик томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига оид айблов ёки танқид билдирилган тақдирда, давлат органлари ва ташкилотлари унга нисбатан билдирилган айблов ёки танқидга оммавий изоҳ ёхуд раддия бериши лозим.
18. Агар оммавий баёнотда фуқароларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматини камситадиган иборалар бўлса, давлат хизматчиси ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини тан олиши ҳамда шаъни, қадр-қимматига ва ишчанлик обрўсига дахл қилинган фуқародан, агар қонун ҳужжатларида бошқа оқибатлар назарда тутилмаган бўлса, кечирим сўраши шарт.
6-боб. Хизмат фаолиятидаги ташқи кўриниш ва кийиниш услубига оид одоб-ахлоқ қоидалари
19. Давлат хизматчиларининг хизмат фаолиятидаги ташқи кўриниши ва кийиниш услуби фуқароларнинг давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига ҳурматини, шу жумладан давлат хизматининг нуфузини оширишга хизмат қилиши керак.
20. Давлат хизматчисининг ташқи кўриниши меҳнат шароитлари ва хизмат турига қараб, хизмат мажбуриятларини бажариши вақтида фуқароларнинг давлат ташкилотига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига кўмаклашиши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши ва расмийлик, холислик, камтарлик ва интизомни намоён этиши лозим.
21. Давлат хизматчиларининг иш жойида ташқи кўриниши ва кийиниш услубига оид қўшимча талаблар идоравий одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда ички меҳнат тартибида белгиланиши мумкин.
7-боб. Манфаатлар тўқнашуви
22. Давлат хизматчилари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак.
23. Mанфаатлар тўқнашуви юзага келаётган тақдирда ходимлар ўзига маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида ўзининг раҳбарини ёки у бўлмаганида, коррупцияга қарши ички назорат тузилмаласини ёки инсон ресурсларини бошқариш бўлинмасини хабардор қилиши шарт.
Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўришга мажбур.
23 1 . Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияларни ходимлар тўлдириши ва ҳар йили 15 январдан кечиктирмай инсон ресурсларини бошқариш бўлинмасига тақдим этиши керак.
8-боб. Давлат хизматчиларининг манфаатини ҳимоя қилиш
24. Давлат хизматчиларни хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ таҳдид, ҳақорат, туҳмат ва қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбари томонидан амалга оширилади.
25. Зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга тўсқинлик қилиш, жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этишга оғдиришга қаратилган мурожаатлар, шунингдек, ҳамкасблари томонидан содир этилган ёки содир этишга тайёргарлик кўрилаётган қонунбузилишлар ҳақида хабар берган ходимларни вужудга келиши мумкин бўлган таҳдид ва хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш чоралари кўрилади.
9-боб. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш
26. Давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан назорат давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари ёки Одоб-ахлоқ комиссиялари, шунингдек махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
27. Давлат органлари ва ташкилотларида лавозимга тайинланган давлат хизматчилари инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари томонидан мазкур Одоб-ахлоқ қоидалари билан тилхат асосида имзо қўйдирган ҳолда таништирилади.
28. Мазкур Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича хизмат текшируви давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарининг кўрсатмасига мувофиқ Одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан ўтказилади.
Хизмат текширувини ўтказиш тартиби давлат органлари ва ташкилотлари томонидан белгиланади.
10-боб. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик
29. Давлат хизматчилари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик ҳолати уларга нисбатан ахлоқий ва интизомий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлади.
30. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик учун Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан давлат хизматчиларига қуйидаги ахлоқий таъсир чоралари қўлланилади:
огоҳлантириш;
узр сўраш ёки расмий узрнома келтиришни талаб қилиш;
давлат органлари ва ташкилотларининг коллегиал йиғилишларида танбеҳ бериш.
31. Одоб-ахлоқ комиссияси давлат хизматчисига нисбатан интизомий таъсир чорасини қўллаш учун давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарига тақдимнома киритиши мумкин.
Одоб-ахлоқ комиссияси одоб-ахлоқ қоидалари давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан бузилган тақдирда, уларга нисбатан тегишли чора кўриш масаласи юзасидан таклифларни юқори турувчи давлат органи ва ташкилоти раҳбарига юборади.
32. Давлат хизматчисининг Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши уларни қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
11-боб. Якуний қоида
33. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда мазкур Одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ ўз идоравий одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарорига 2-ИЛОВА
Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Намунавий низом давлат органлари ва ташкилотларида Одоб-ахлоқ комиссиялари (кейинги ўринларда — Комиссия) фаолиятини тартибга солади.
2. Комиссия давлат фуқаролик хизматчилари (кейинги ўринларда — давлат хизматчилари) томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини назорат қилиш, уларнинг ахлоқ нормаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларини олдини олиш ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш мақсадида тузилади.
3. Комиссия фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига , Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчилари одоб-ахлоқининг Намунавий қоидаларига, ушбу Намунавий низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
4. Комиссия Комиссия раиси, котиби ва аъзоларидан иборат бўлиб, умумий сони беш нафардан кам бўлмаслиги ва тоқ сонда бўлиши лозим.
Комиссия таркибига тажрибали, меҳнат жамоасида обрў-эътиборга сазовор бўлган давлат хизматчилари киритилади.
Комиссия таркиби давлат органи ва ташкилоти раҳбари қарори билан тасдиқланади ва доимий равишда фаолият юритади.
Комиссия аъзоси, агар унда Комиссия мажлисида муҳокама этилаётган масалага нисбатан манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлса, қарор қабул қилишда иштирок этмайди. Бунда Комиссиянинг таркибига мазкур кўриб чиқилаётган масалада манфаатлар тўқнашуви вазияти келиб чиқмайдиган бошқа ходим киритилади.
Комиссия таркибига комиссия томонидан қабул қилинадиган қарорларга таъсир кўрсатиш мумкин бўлган манфаатлар тўқнашуви эҳтимолини назарда тутган ҳолда ўзгартириш киритилади.
2-боб. Комиссиянинг асосий вазифалари ва функциялари
5. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
давлат хизматчиларининг идоравий одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш;
давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларини кўриб чиқиш, хизмат текширувларини ўтказиш;
давлат хизматчилари ўртасида ахлоқ нормаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат хизматчиларининг хатти-ҳаракатларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш;
давлат хизматчиларининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш;
давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилиш, натижалари ҳақида давлат органи ва ташкилоти раҳбари ва жамоатчиликни хабардор қилиб бориш.
6. Комиссия ўз ваколатлари доирасида:
давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан хулосалар тайёрлайди;
давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари билан боғлиқ масалаларини кўриб чиқиш жараёнида зарур ахборотни сўраб олади;
кўриб чиқиш учун киритилган масалаларни ҳал этиш учун Комиссия мажлисларига экспертлар ва мутахассисларни жалб қилади;
одоб-ахлоқ қоидаларига оид масалалар юзасидан давлат хизматчиларига тегишли маслаҳат ва тушунтиришлар беради;
манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан кўрилаётган чораларнинг етарлилиги (тўғрилиги) ҳақидаги масалаларни кўриб чиқади;
мавжуд манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳоллар устидан коллегиал назоратни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонунида белгиланган талабларнинг давлат фуқаролик хизматчилари томонидан бузилишлари мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хизмат текшируви натижаларига кўра хулоса чиқаради;
манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар қилмаган, била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этган ёхуд бундай ахборотни яширган давлат хизматчисини жавобгарликка тортиш ҳақида давлат органининг ёки ташкилотининг раҳбарига таклиф киритади.
зарур ҳолларда, Комиссияда кўриб чиқилган масалалар бўйича давлат хизматчисини интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан давлат органи ва ташкилоти раҳбарига таклиф киритади.
7. Комиссия давлат органи ва ташкилотининг таркибий бўлинмалари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, мансабдор шахслари ва жамоатчилик билан ҳамкорлик қилади.
8. Комиссия фаолиятини ташкил қилиш ва давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ушбу Намунавий низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
3-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш
9. Комиссия мажлислари заруриятга қараб ўтказилади.
Комиссия мажлислари очиқ тарзда ўтказилади. Зарур бўлган ҳолларда Комиссия ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
10. Комиссия мажлисини Комиссия раиси, у йўқлигида эса, унинг топшириғига биноан Комиссия аъзоларидан бири олиб боради. Комиссия мажлисида баённома юритилади, у раислик қилувчи ва Комиссия котиби томонидан имзоланади.
11. Комиссия мажлислари, агар уларда Комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.
12. Комиссиянинг навбатдаги мажлиси тўғрисида унинг раиси Комиссия аъзоларига ёзма равишда, қоида тариқасида, камида икки кун олдин хабар қилади, шунингдек мажлиснинг бошқа иштирокчиларини олдиндан хабардор этади.
13. Комиссиянинг қарорлари мажлисда қатнашган Комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
Комиссиянинг қарорлари Комиссия раиси томонидан имзоланади.
14. Комиссия раиси:
Комиссия ишини ташкил этади;
Комиссия мажлисларини чақиради ва ўтказади;
Комиссия аъзоларига топшириқлар беради;
давлат органи ва ташкилотининг таркибий бўлинмалари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, мансабдор шахслар ва жамоатчилик билан бўлган муносабатларда Комиссия номидан иш юритади;
Комиссия мажлисларида Комиссия фаолияти тўғрисидаги ахборот билан сўзга чиқади;
ҳар йили давлат органи ва ташкилоти раҳбарига Комиссия фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
15. Комиссия котиби:
Комиссиянинг фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;
Комиссиянинг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, давлат органи ва ташкилоти ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;
кун тартибига мувофиқ Комиссия мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
Комиссиянинг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни Комиссия мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳамда кун тартибига киритилган масалалар ҳақида хабардор қилади;
Комиссия мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг манфаатдор шахсларга жўнатилишини таъминлайди.
16. Комиссия аъзоси:
Комиссия томонидан кўриб чиқиладиган барча масалалар бўйича овоз беришга;
Комиссиянинг кўриб чиқиши учун масалалар ва таклифлар киритишга;
қарорлар тайёрланишида, муҳокамасида, қабул қилинишида, шунингдек уларнинг амалга оширилишини ташкил этишда ҳамда бажарилишини назорат қилишда иштирок этишга;
кўриб чиқилаётган масалага доир ҳужжатлар, маълумотномалар ва бошқа зарур ахборот билан танишишга;
Комиссия қарорига рози бўлмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.
17. Комиссияси аъзоси Комиссия мажлисида ҳозир бўлиши ва ўзига юклатилган мажбуриятларни бажариши шарт.
Комиссия аъзоси Комиссия мажлисида ҳозир бўлиш имкони бўлмаганда Комиссия раисини олдиндан хабардор этиши лозим.
18. Комиссия мажлисида кўрилаётган масалалар Комиссия раиси, котиби ва аъзоларига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган тақдирда ўзини ўзи рад қилиши шарт.
4-боб. Давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш (профилактика) чораларини кўриш
19. Комиссия давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари билан биргаликда мунтазам равишда давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва уларнинг бузилишини олдини олишга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи профилактик комплекс чора-тадбирларни амалга оширади:
давлат хизматчиларида юксак касбий маданиятни, жамоада соғлом маънавий муҳит ва ишчан кайфиятни шакллантириш;
давлат хизматчилари «ҳалоллик вакцинаси» билан эмлаш, яъни ҳалолликни уларнинг онгига сингдириш, маърифат орқали уларда коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш кайфиятини шакллантириш;
давлат органи ва ташкилотида таниқли зиёлилар, ижодкорлар, маънавият ва маърифат соҳасининг кўзга кўринган намоёндалари, ўз соҳасида юксак натижаларга эришган меҳнат фахрийларини жалб қилган ҳолда, учрашувлар ташкил қилиб бориш;
давлат органи ва ташкилотида ходимларининг касбий ва бошқарув кўникмалари ўсишини, шунингдек уларнинг малакасини доимий равишда оширишни, улар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишларини таъминлаш мақсадида уларнинг билимлари ва малакасини доимий такомиллаштириш ишларини таъминлаш;
давлат хизматчиларининг иқтисодий билимларини, ҳуқуқий саводхонлигини, ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини, интеллектуал ва маънавий ривожланишини ошириш мақсадида иқтисодий ва ҳуқуқий ўқишлар ташкил этиш;
янги ишга қабул қилинган давлат хизматчиларини одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиш борасида стажировкадан ўтказиш ва улар билан профилактик суҳбатлар ташкил қилиш;
давлат хизматчиларини малака ошириш курсларига, халқаро семинарлар, конференциялар ва шу каби бошқа тадбирларга юбориш, улар томонидан ўз касбий даражаси ва ахлоқий сифатларини мустақил оширишлари учун шарт-шароит яратиб бериш.
20. Комиссия давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш (профилактика) борасидаги ўз фаолиятини Комиссия томонидан тасдиқланадиган чораклик иш режалари асосида олиб боради.
21. Давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш (профилактика) чоралари Комиссия томонидан давлат органи ва ташкилотининг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари ҳамда касаба уюшмалари қўмиталари билан биргаликда ташкил этилади.
22. Давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш (профилактика) чораларининг натижадорлиги йил якунлари бўйича ўтказиладиган Комиссия йиғилишида муҳокама қилинади.
5-боб. Давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби
23. Комиссия давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишлари билан боғлиқ масалаларни:
давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг топшириғига кўра;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мурожаатига асосан;
давлат хизматчиларнинг, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига биноан;
ўз ташаббуси билан кўриб чиқади.
24. Комиссия мажлисига, ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва холисона қарор қабул қилиш мақсадида, ўзига нисбатан масала кўриб чиқилаётган давлат хизматчиси, зарур бўлган ҳолларда эса, мурожаат қилувчи ва бошқа шахслар таклиф этилади. Комиссия мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли равишда хабардор этилган шахсларнинг келмаслиги мурожаатни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
25. Комиссия мажлисида:
кун тартибидаги масала ўқиб эшиттирилади;
давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг топшириғи ёки давлат хизматчиси томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаат ўқиб эшиттирилади;
одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганликда айбланаётган давлат хизматчиси ва мурожаатчиларнинг тушунтиришлари эшитилади.
25 1 . Мавжуд манфаатлар тўқнашуви бўйича хабарнома ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация ҳамда ходимга алоқадор шахсларнинг декларацияларини кўриб чиқишда:
инсон ресурсларини бошқариш бўлинмаси хабарномани олиб, бир иш куни ичида манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш бўйича кўрилган чораларнинг етарлилиги ва мақбуллиги ҳақида қарор чиқариш учун Комиссиянинг энг яқин вақтдаги мажлиси кун тартибига киритиши лозим;
манфаатлар тўқнашувининг ҳал этилишига қараб давлат органининг Комиссияси томонидан манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳақида хулоса қилинади ҳамда ҳал қилиш учун давлат органи ёки ташкилотининг раҳбарига кўриб чиқишга тақдим этилади;
давлат хизматчилари томонидан ошкор этилган мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳамда уларни ҳал этиш бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги маълумот Комиссия мажлиси баённомаси тузилганидан сўнг уч иш куни ичида Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрида акс эттирилади.
25 2 . Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги йиллик декларацияларни кўриб чиқишда:
инсон ресурсларини бошқариш бўлинмаси томонидан ҳар йили 1 мартга қадар эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чораларнинг етарлилигини (тўғрилигини) таъминлаш учун киритилган таклифлари Комиссия томонидан кўриб чиқилади;
Комиссия томонидан қабул қилинган хулосага асосан эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида давлат органи ёки ташкилотининг раҳбарига ёхуд давлат органи ёки ташкилотининг юқори турувчи раҳбарига 15 мартга қадар таклиф киритилади.
26. Давлат хизматчиси ўзининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматига, ишчанлик обрўсига дахл қиладиган мурожаат бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзини ҳимоя қилишга, Комиссияга зарур материаллар ҳамда бошқа ахборотларни тақдим этишга ҳақли.
27. Мажлис якуни бўйича Комиссия давлат хизматчисининг ҳаракатларида одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши фактининг мавжудлигини ёхуд мавжуд эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади.
28. Одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги факти аниқланган тақдирда Комиссия томонидан давлат хизматчиларига қуйидаги ахлоқий таъсир чоралари қўлланилади:
огоҳлантириш;
узр сўраш ёки расмий узрнома келтиришни талаб қилиш;
давлат органи ва ташкилотининг коллегиал йиғилишларида танбеҳ бериш.
29. Комиссия давлат хизматчисига нисбатан интизомий ёки бошқа таъсир чорасини қўллаш учун давлат органи ва ташкилоти раҳбарига тақдимнома киритиши мумкин.
30. Комиссия томонидан қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:
комиссияда олдин кўриб чиқилган мурожаат ва айнан шу мазмундаги такрор мурожаатлар;
аноним мурожаатлар;
қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.
31. Комиссия қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат қилувчига, ўзига нисбатан масала кўриб чиқилган давлат хизматчисига ва давлат органи ва ташкилоти раҳбарига ёзма равишда маълум қилади.
32. Комиссия одоб-ахлоқ қоидалари давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан бузилган тақдирда уларга нисбатан тегишли чора кўриш масаласи юзасидан таклифларни юқори турувчи давлат органи ва ташкилоти раҳбарига юборади.
33. Комиссиянинг қарори устидан давлат органи ва ташкилоти раҳбарига ёки судга шикоят қилиш мумкин.
34. Давлат хизматчиси томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши ҳақидаги мурожаат унинг ташаббускори томонидан Комиссия қарори қабул қилингунига қадар қайтариб олиниши мумкин.
35. Тарафлар ярашган, шунингдек давлат хизматчиси ўз хоҳиши билан мурожаатчидан ошкора узр сўраган ҳолларда, унга нисбатан таъсир чоралари қўлланилмаслиги мумкин.
Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги намунавий низомга ИЛОВА
Одоб-ахлоқ комиссияси фаолиятини ташкил қилиш ва давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати I. Комиссия фаолиятини ташкил этиш 1-босқич Давлат органи ва ташкилоти раҳбари 1. Давлат органлари ва ташкилотларида Одоб-ахлоқ комиссияларини (кейинги ўринларда — Комиссия) Комиссия раиси, котиби ва аъзоларидан иборат таркибда, умумий сони камида беш нафардан кам бўлмаган миқдорда тоқ сонда шакллантириш. 2. Комиссия таркибига тажрибали, меҳнат жамоасида обрў-эътиборга сазовор бўлган давлат хизматчиларини киритиш. 3. Комиссия таркибини тасдиқлаш. Икки ҳафта муддатда 4. Комиссия таркибига комиссия томонидан қабул қилинадиган қарорларга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашуви эҳтимолини назарда тутган ҳолда ўзгартириш киритилади. Заруратга кўра 2-босқич Комиссия раиси Комиссия ишини ташкил этади, комиссия мажлисларини чақиради ва ўтказади мажлисига раислик қилади. Комиссия номидан иш юритади, Комиссия мажлисларида Комиссия фаолияти тўғрисидаги ахборот билан сўзга чиқади. Давлат органи ва ташкилоти раҳбарига Комиссия фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади. Маълумотлар киритилган вақтдан бошлаб Ҳар йили йил якуни бўйича Комиссиянинг котиби Кун тартибига мувофиқ Комиссия мажлислари ўтказилишини ташкил этади. Комиссиянинг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни Комиссия мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳамда кун тартибига киритилган масалалар ҳақида хабардор қилади. Комиссиянинг фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади, навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди. Комиссия мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг манфаатдор шахсларга жўнатилишини таъминлайди. Мажлисдан камида икки кун олдин Мажлисдан кейин бир кун муддатда II. Одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш (профилактика) чораларини кўриш 1-босқич Комиссия Давлат органининг таркибий бўлинмалари касаба уюшмалари қўмиталари Комиссия мунтазам равишда давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва уларнинг бузилишининг олдини олишга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи профилактик комплекс чора-тадбирларни амалга оширади: давлат хизматчиларида юксак касбий маданиятни, жамоада соғлом маънавий муҳит ва ишчан кайфиятни шакллантириш; давлат хизматчилари «ҳалоллик вакцинаси» билан эмлаш, яъни ҳалолликни уларнинг онгига сингдириш, маърифат орқали уларда коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш кайфиятини шакллантириш; давлат органи ва ташкилотида таниқли зиёлилар, ижодкорлар, маънавият ва маърифат соҳаси, шунингдек диний соҳанинг кўзга кўринган намоёндалари, ўз соҳасида юксак натижаларга эришган меҳнат фахрийларини жалб қилган ҳолда, учрашувлар ташкил қилиб бориш; давлат органи ва ташкилотида ходимларининг касбий ва бошқарув кўникмалари ўсишини, шунингдек уларнинг малакасини доимий равишда оширишни, улар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишларини таъминлаш мақсадида уларнинг билимлари ва малакасини доимий ошириш ишларини таъминлаш; давлат хизматчиларининг иқтисодий билимларини, ҳуқуқий саводхонлигини, ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини, интеллектуал ва маънавий ривожланишини таъминлаш мақсадида иқтисодий ва ҳуқуқий ўқишлар ташкил этиш; янги ишга қабул қилинган давлат хизматчиларини одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиш борасида стажировкадан ўтказиш ва улар билан профилактик суҳбатлар ташкил қилиш; давлат хизматчиларини малака ошириш курсларига, халқаро семинарлар, конференциялар ва шу каби бошқа тадбирларга юбориш, улар томонидан ўз касбий даражаси ва ахлоқий сифатларини мустақил оширишлари учун шарт-шароит яратиб бериш. Комиссия томонидан тасдиқланадиган чораклик иш режалари асосида 2-босқич Комиссия Давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш (профилактика) чораларининг натижадорлигини Комиссия йиғилишида муҳокама қилади. Ҳар йили якунлари бўйича III. Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш 1-босқич Комиссия Комиссия давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузилишлари билан боғлиқ масалаларни: давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг топшириғига кўра; ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мурожаатига асосан; давлат хизматчиларнинг, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига биноан; ўз ташаббуси билан кўриб чиқади. Заруратга кўра 2-босқич Комиссия раиси ва аъзолари Комиссия мажлисида: кун тартибидаги масала ўқиб эшиттирилади; давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг топшириғи ёки давлат хизматчиси томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаат ўқиб эшиттирилади; одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганликда айбланаётган давлат хизматчиси ва мурожаатчилар тушунтиришлари эшитилади. Мажлис ўтказиладиган кун Давлат хизматчиси Ўзининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматига, ишчанлик обрўсига дахл қиладиган мурожаат бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзини ҳимоя қилишга, Комиссияга зарур материаллар ҳамда бошқа ахборотларни тақдим этишга ҳақли. 3-босқич Комиссия 1. Мажлис якуни бўйича давлат хизматчисининг ҳаракатларида одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши фактининг мавжудлигини ёхуд мавжуд эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади. 2. Одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги факти аниқланган тақдирда давлат хизматчиларига қуйидаги ахлоқий таъсир чоралари қўллайди: огоҳлантириш; узр сўраш ёки расмий узрнома келтиришни талаб қилиш; давлат органи ва ташкилотининг кенгайтирилган мажлисида танбеҳ бериш. 3. Давлат хизматчисига нисбатан интизомий таъсир чорасини қўллаш учун давлат органи ва ташкилоти раҳбарига тақдимнома киритиши мумкин. 4. Қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат қилувчига, ўзига нисбатан масала кўриб чиқилган давлат хизматчисига ва давлат органи ва ташкилоти раҳбарига ёзма равишда маълум қилади. Мажлис ўтказиладиган кун 4-босқич Комиссия Одоб-ахлоқ қоидалари давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан бузилган тақдирда уларга нисбатан тегишли чора кўриш масаласи юзасидан таклифларни юқори турувчи давлат органи ва ташкилоти раҳбарига юборади. Заруратга кўра 5-босқич Давлат хизматчиси Комиссиянинг қарори устидан давлат органи ва ташкилоти раҳбарига ёки судга шикоят қилиш мумкин. Заруратга кўра
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 376-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 14 октябрь,
595-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NAMUNAVIY QOIDALARI
NAMUNAVIY NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
Davlat fuqarolik xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalariga rioya etilishini taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
“Davlat fuqarolik xizmati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq hamda davlat xizmatchilarining xizmat faoliyatiga oid va xizmatdan tashqari odob-axloqi, jamoatchilik bilan munosabatlariga doir qoidalarga rioya etilishini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Davlat fuqarolik xizmatchilari odob-axloqining namunaviy qoidalari (keyingi oʻrinlarda — Odob-axloq qoidalari) 1-ilovaga muvofiq;
Odob-axloq komissiyasi toʻgʻrisidagi namunaviy nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Davlat organlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari va boshqa tashkilotlar 2022-yil 25-oktabrga qadar oʻz faoliyati xususiyatlarini hisobga olgan holda:
a) Odob-axloq qoidalari asosida markaziy apparat, hududiy va tarkibiy boʻlinmalar xodimlari uchun majburiy boʻlgan xodimlarning idoraviy odob-axloq qoidalarini;
ushbu qaror bilan tasdiqlangan Namunaviy nizom asosida Odob-axloq komissiyasi toʻgʻrisidagi nizomni va uning tarkibini tasdiqlasin;
b) ichki mehnat tartib-qoidalarini va boshqa idoraviy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin;
v) 2022-yil 1-noyabrga qadar ushbu bandning ijrosi boʻyicha amalga oshirilgan ishlar natijasi toʻgʻrisida batafsil axborotni tasdiqlangan hujjatlarni ilova qilgan holda Vazirlar Mahkamasi apparatining tegishli tarkibiy boʻlinmalariga taqdim etsin.
3. Xoʻjalik boshqaruvi organlariga Odob-axloq qoidalari asosida xodimlarning odob-axloq qoidalarini qabul qilish tavsiya etilsin.
4. Belgilab qoʻyilsinki, Odob-axloq qoidalari talablarining buzilishi qonunchilik hujjatlariga muvofiq intizomiy va boshqa turdagi javobgarlikka tortish uchun asos hisoblanadi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisi R.V. Abduqodirov bir hafta muddatda Vazirlar Mahkamasi apparati xodimlarining odob-axloq qoidalarini Vazirlar Mahkamasi Rayosatiga tasdiqlash uchun kiritsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:
Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi, davlat organlari va tashkilotlari bilan birgalikda bir oy muddatda mazkur qarorning mazmun-mohiyatini davlat xizmatchilari oʻrtasida tushuntirish maqsadida oʻquv-seminarlari tashkil etsin;
Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi bilan hamkorlikda 2022-yil 20-oktabrga qadar ushbu oʻquv-seminarlari boʻyicha tashkiliy hujjatlar toʻplamini (davlat organlari va tashkilotlari kesimida oʻquv-seminarlarini oʻtkazish grafigi va tartibi, seminarni oʻtkazishga masʼullar roʻyxati, ishtirokchilarning namunaviy kontingenti va b.) Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari, Bosh vazirning maslahatchilari va Vazirlar Mahkamasi apparatining boshqaruvchisi zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 595-son qaroriga 1-ILOVA
Davlat fuqarolik xizmatchilari odob-axloqining
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Davlat fuqarolik xizmatchilari odob-axloqining namunaviy qoidalari (keyingi oʻrinlarda — Odob-axloq qoidalari) davlat fuqarolik xizmatchilarining (keyingi oʻrinlarda — davlat xizmatchilari) kasbiy madaniyati, xizmat faoliyati davomida hamda xizmatdan tashqari vaqtda odob-axloqi, tashqi koʻrinishi va kiyinish uslubining namunaviy qoidalarini belgilaydi.
Odob-axloq qoidalari davlat xizmatida yuksak kasbiy madaniyatni shakllantirish, jamoatchilik ongida davlat xizmatiga boʻlgan hurmat va ishonchni oshirish hamda davlat xizmatchilarining axloq qoidalariga zid boʻlgan xatti-harakatlarining oldini olishga qaratilgan.
2. Davlat xizmatchilari oʻz kasbiy faoliyatini quyidagi prinsiplar asosida amalga oshirishi shart:
qonuniylik;
Vatanga sadoqat va xizmat vazifasiga fidoyilik, yuklangan funksional vazifalarini toʻliq bajarish, ijro intizomiga qatʼiy rioya etish;
fuqarolar huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarining ustuvorligi;
davlat va jamiyat manfaatlariga sodiqlik;
adolatlilik, halollik va xolislik;
korrupsiyaviy holatlarga murosasiz munosabatda boʻlish va qarshi kurashish;
xizmat sirini qatʼiy saqlash;
mansab vakolatlarini suiisteʼmol qilmaslik;
manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymaslik.
3. Davlat xizmatchilari mehnat faoliyati davomida va ishdan tashqari vaqtda xulq-atvorning quyidagi umumiy qoidalariga amal qilishi lozim:
davlat xizmatining obroʻsiga putur yetkazishi mumkin boʻlgan xatti-harakatlardan tiyilish, axloq normalariga doimiy rioya qilish;
masʼuliyat, kasbiga sadoqat va halollikni kundalik shiorga aylantirish;
murakkab vazifalarni bajarishda hamkasblariga koʻmaklashish;
xushmuomalalik, eʼtiborlilik va hushyorlik bilan fuqarolarda davlatga nisbatan ishonch va hurmat hissini uygʻotish;
oilasida sogʻlom muhitni taʼminlab, oila aʼzolariga doimiy gʻamxoʻr boʻlish, farzandlarida vatanparvarlik va boshqa yuksak axloqiy fazilatlarni shakllantirish;
fuqarolarning ijtimoiy kelib chiqishi, iqtisodiy ahvoli va boshqa omillardan qatʼi nazar, ular bilan bir xil, samimiy, odob doirasida munosabatda boʻlish;
jamiyatda axloqning umumeʼtirof etilgan qoidalariga amal qilish.
4. Davlat xizmatchilari oʻz vakolatlarini amalga oshirayotganda Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, “Davlat fuqarolik xizmati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuniga , Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Odob-axloq qoidalariga va boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
5. Davlat xizmatchilari Odob-axloq qoidalariga rioya qilish majburiyatiga, fuqarolar esa davlat xizmatchilaridan mazkur qoidalarga mos boʻlgan kasbiy madaniyatni talab qilish huquqiga ega.
6. Davlat xizmatchilarining Odob-axloq qoidalariga rioya etishi ularning faoliyati hamda xizmatdagi axloqini baholashning asosiy mezonlaridan biri hisoblanadi.
Davlat xizmatchilari tomonidan Odob-axloq qoidalariga rioya qilinishi holati ularni kelgusida yuqori lavozimlarga tayinlash va rahbar kadrlar zaxirasini shakllantirishda hisobga olinadi.
2-bob. Kasbiy madaniyatga oid umumiy odob-axloq qoidalari
7. Davlat xizmatchilari:
fuqarolarning jinsi, irqi, millati, fuqaroligi, tili, dini, ijtimoiy kelib chiqishi, eʼtiqodi, shaxsiy va ijtimoiy mavqeyi kamsitilishiga olib keluvchi taʼsir choralari va harakatlar (harakatsizlik)ga yoʻl qoʻymasligi;
halol, adolatli va kamtar boʻlishi, fuqarolar bilan muloqotda xushmuomala, vazmin va samimiy munosabatni namoyish qilishi;
jismoniy va yuridik shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga daxldor qarorlarni qabul qilishda qonuniylikni, adolatlilikni va shaffoflikni taʼminlashi;
davlat va jamiyat manfaatlariga zarar yetkazuvchi, davlat organlari va tashkilotlari faoliyati samaradorligini pasaytiradigan harakatlar (harakatsizlik)dan tiyilishi;
oʻzining xatti-harakati va axloqi tufayli jamoatchilikning tanqidiga uchramaslik choralarini koʻrishi, tanqid uchun taʼqibga yoʻl qoʻymasligi, asosli va konstruktiv tanqiddan oʻz faoliyatidagi kamchiliklar hamda nuqsonlarni bartaraf etish yoʻlida foydalanishi;
davlat organlari va tashkilotlari, davlat xizmatchilari va boshqa shaxslarga oʻz xizmat mavqeyidan foydalangan holda shaxsiy masalalar yuzasidan taʼsir oʻtkazmasligi;
oʻz xizmat vakolatlarini jismoniy va yuridik shaxslarning manfaatlarini koʻzlab bajarish yoki bajarmaslik evaziga ulardan biron-bir mukofot, foyda yoki sovgʻalar olmasligi;
davlat mulkining but saqlanishini taʼminlashi, oʻziga ishonib topshirilgan davlat mulkidan faqat xizmat maqsadlarida foydalanishi;
xizmat intizomiga qatʼiy rioya qilishi, ish vaqtidan oqilona va samarali foydalanishi;
aholining davlat xizmatlari isteʼmolchisi sifatidagi talablariga muvofiq doimiy ravishda faoliyat sifatini oshirib borish choralarini koʻrishi;
qonun bilan intizomiy, maʼmuriy va jinoiy javobgarlik nazarda tutilgan huquqbuzarlik va boshqa xatti-harakatlarga yoʻl qoʻymasligi;
kasb etikasi va ishchanlik uslubiga rioya etishi;
siyosiy partiyalar, jamoat birlashmalari va boshqa nodavlat tashkilotlari manfaatlari yoʻlida xizmat mavqeyi va imkoniyatlaridan foydalanmasligi kerak.
8. Davlat xizmatchilari oʻziga boʻysunuvchi xodimlardan ular mehnat vazifasini bajarayotgan paytda partiya nomidan siyosiy faoliyat bilan shugʻullanishni talab qilishi, siyosiy partiyalar, jamoat birlashmalari va boshqa nodavlat tashkilotlari faoliyatida ishtirok etishga daʼvat etishi yoki majburlashiga yoʻl qoʻyilmaydi.
3-bob. Xizmat faoliyatiga oid odob-axloq qoidalari
9. Davlat xizmatchilari xizmat faoliyati davomida quyidagilarga majbur:
Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi, qonunlari va boshqa qonunchilik hujjatlariga soʻzsiz rioya etishi;
mamlakat shaʼnini eʼzozlash, davlat siyosatiga sodiq boʻlish;
tashqi siyosat sohasida davlat manfaatlarini qatʼiy himoya qilish;
oʻz xizmat vazifalarini vijdonan, halol va yuksak professional darajada bajarish, rasmiyatchilik, soxtakorlik va suiisteʼmolchilikka yoʻl qoʻymaslik;
xizmat majburiyatlarini samarali bajarish uchun zarur boʻlgan bilim va koʻnikmalarni doimiy asosda oshirish;
yuqori davlat organlari va tashkilotlari hamda mansabdor shaxslarining oʻz vakolatlari doirasida qabul qilgan qarorlari hamda berilgan topshiriqlarni oʻz vaqtida va sifatli bajarish;
ishlab chiqilayotgan normativ-huquqiy va boshqa hujjatlarga biron-bir shaxs, guruh yoki idoralar manfaati nuqtai nazaridan yondashmaslik hamda ularning manfaatlari ifoda etilishiga yoʻl qoʻymaslik;
har qanday qonunbuzilishiga, ayniqsa, korrupsiya holatlariga qarshi murosasizlik bilan kurashish;
xizmat safarlari, nazorat tadbirlari davomida mehnat faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan har qanday turdagi sarf-xarajatlarni boshqa shaxslar hisobidan amalga oshirmaslik;
davlat xizmatchilari yoki boshqa shaxslar tomonidan jinoyat yoki boshqa huquqbuzarlik sodir etishga undovchi murojaatlar haqida, shuningdek, hamkasblari tomonidan sodir etilgan yoki tayyorgarlik koʻrilayotgan qonunbuzilishlar haqida oʻzining rahbariga zudlik bilan maʼlum qilish;
chet el fuqarolari bilan alohida belgilangan tartibga zid ravishda bevosita yoki boshqa shaxslar orqali muloqotga kirishmaslik;
oʻz xizmat majburiyatlarini bajarayotganda fuqarolar va boshqa shaxslarni kamsitmaslik, ularning taʼsiridan saqlanish, fuqarolar huquqlari, majburiyatlari va qonuniy manfaatlarini hisobga olish;
oʻz xizmat majburiyatlarini vijdonan bajarishga toʻsqinlik qilishi mumkin boʻlgan xatti-harakatlardan saqlanish;
davlat siri, qonun bilan qoʻriqlanadigan va xizmatga oid boshqa maʼlumotlarning oshkor etilmasligini taʼminlash yuzasidan barcha choralarni koʻrish, ulardan qonunga zid ravishda foydalanmaslik;
axborotlarni tarqatish qoidalariga rioya qilish, Internet jahon axborot tarmogʻi va axborot kommunikatsiya vositalaridan foydalanishda axborot xavfsizligini taʼminlashning belgilangan tartibiga amal qilish;
biriktirilgan xizmat kompyuteri hamda elektron tashuvchilaridagi xizmatga oid maʼlumotlarning xavfsiz saqlanishini taʼminlash va ularni boshqa shaxslarga tarqatilishining oldini olish choralarini koʻrish;
ijtimoiy tarmoqlarda davlat organlari va tashkilotlari hamda mansabdor shaxslar faoliyatini muhokama qilmaslik, axloqqa zid iboralarni ishlatmaslik, mamlakatda amalga oshirilayotgan islohotlarga nisbatan odamlarda ishonchsizlik kayfiyatini yuzaga keltirishi mumkin boʻlgan materiallarni joylashtirmaslik;
fuqarolar va hamkasblarining shaʼni va qadr-qimmatiga dogʻ tushiruvchi maʼlumotlar, tuhmat, igʻvo va uydirmalarni tarqatmaslik;
mehnat va ijro intizomi, ichki tartib qoidalariga, shuningdek, telefonda soʻzlashish va kiyinish madaniyatiga qatʼiy rioya etish;
oʻziga ishonib topshirilgan mulkka va moliyaviy mablagʻlarga ehtiyotkorlik va tejamkorlik bilan munosabatda boʻlish;
jamoada sogʻlom maʼnaviy muhitni saqlash choralarini koʻrish;
jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini qonunda belgilangan tartibda hamda muddatlarda qonuniy, asosli va adolatli hal qilish;
mehnat jamoasida ishchanlik muhitini shakllantirish va uni mustahkamlashga koʻmaklashishi;
mehnat jamoasida hamkasblarining shaʼni va qadr-qimmatini obroʻsizlantiradigan shaxsiy va kasbiy fazilatlarini muhokama qilishdan tiyilishi kerak.
10. Rahbarlar quyidagilarga majbur:
boʻysunuvidagi davlat xizmatchilariga professionalizm, halollik, xolislik va adolatlilikda oʻrnak boʻlish;
jamoada sogʻlom maʼnaviy muhit va ishchan kayfiyatni shakllantirish;
davlat xizmatchilarini qonunga xilof xatti-harakatlarni amalga oshirishga undamaslik hamda ulardan bunday harakatlarni bajarishni talab qilmaslik;
kadrlarni mahalliychilik, urugʻ-aymoqchilik, tanish-bilishchilik yoki shaxsiy sadoqat belgilari boʻyicha tanlash, tayinlash yoki tavsiya etishga yoʻl qoʻymaslik;
jamoada guruhbozlik va favoritizm (ayrim xodimlarni yaqin olish va qoʻllab-quvvatlash) koʻrinishlariga yoʻl qoʻymaslik, shuningdek, xizmat vazifalarini bajarish jarayonida boshqa salbiy omillarning oldini olish;
davlat xizmatchilarining faoliyatiga baho berishda qonuniy, asosli va adolatli qarorlar qabul qilish;
davlat xizmatchilari tomonidan korrupsiya va boshqa suiisteʼmolchiliklar sodir etilishining oldini olish choralarini koʻrish;
boʻysunuvidagi davlat xizmatchilarini huquqiy va ijtimoiy jihatdan himoya qilish choralarini koʻrish;
vakolati doirasida shartnomalar tuzish, tanlovlar oʻtkazish yoki rozilik berish masalalariga xolis, adolatli va qonuniy yondashish.
11. Rahbarlar boʻysunuvidagi davlat xizmatchilariga qoʻpol muomalada boʻlishi, haqorat qilishi, shaxsiyatiga tegishi, ularga asossiz tanbeh berishi yoki ayblashi hamda kamsitishi mumkin emas.
4-bob. Xizmatdan tashqari odob-axloq qoidalari
12. Davlat xizmatchilari ishdan boʻsh vaqtlarida umumqabul qilingan axloq normalariga rioya qilishlari va ularga zid boʻlgan xulq-atvor va xatti-harakatlardan oʻzlarini tiyishlari shart.
13. Davlat xizmatchilari ishdan tashqari vaqtda quyidagilarga majbur:
milliy urf-odat, qadriyat va anʼanalarga hurmat bilan munosabatda boʻlish;
dabdababozlik, shuhratparastlik, guruhbozlik, maishatbozlik, ichkilikbozlik va boshqa salbiy illatlarga yoʻl qoʻymaslik;
rasmiy eʼlon qilingan maʼlumotlardan tashqari davlat xizmati faoliyatiga oid masalalarni muhokama qilmaslik;
jamoat joylarida (kafe, restoran va boshqa koʻngilochar maskanlarda) oʻzini tutish qoidalariga rioya etish, atrofdagilarning eʼtiborini tortuvchi ortiqcha va salbiy harakatlarga yoʻl qoʻymaslik;
jamoat tartibi va xavfsizligiga qarshi qaratilgan xatti-harakatlarni sodir etmaslik, mazkur noqonuniy harakatlarga boshqalarni jalb etmaslik yoki daʼvat qilmaslik;
xizmat majburiyatlarini bajarish bilan bogʻliq boʻlgan idora va tashkilotlar rahbar va xodimlaridan, boshqa mansabdor shaxslaridan qimmatbaho sovgʻa olmaslik;
xizmat guvohnomalarini saqlash va foydalanish tartibiga qatʼiy rioya etish, ulardan xizmatga aloqador boʻlmagan holatlarda foydalanmaslik, shu jumladan, vakolatli shaxslarga xizmat guvohnomasini koʻrsatib, mavqeyini suiisteʼmol qilmaslik;
xizmat avtotransport vositalaridan xizmat faoliyatidan tashqari holatlarda shaxsiy va boshqa maqsadlarda foydalanmaslik;
ish faoliyati bilan bogʻliq maʼlumotlarni ishga aloqador boʻlmagan boshqa shaxslar ishtirokida muhokama qilmaslik;
shaxsiy transport vositalaridan foydalanishda belgilangan tartibga amal qilish, yoʻl harakati qoidalariga qatʼiy rioya etish;
tadbirkorlik yoki haq toʻlanadigan boshqa faoliyat bilan (pedagogik, ilmiy va ijodiy faoliyatdan tashqari) shugʻullanmaslik, Oʻzbekiston Respublikasi qonunlari va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti qarorlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno;
oʻzi faoliyat yuritgan davlat organlari va tashkilotlari hamda davlat xizmatiga dogʻ tushiruvchi xatti-harakatlardan tiyilish;
tashqi koʻrinishini belgilangan meʼyorlar doirasida saqlash, kamtarona kiyinish, atrofdagilarning eʼtiborini oʻziga ortiqcha jalb qiladigan tarzda kiyinmaslik.
5-bob. Jamoatchilik, ommaviy axborot vositalari vakillari bilan munosabatlarga oid odob-axloq qoidalari
14. Davlat xizmatchilari ommaviy axborot vositalari bilan oʻzaro hamkorlik qilishi, davlat organlari va tashkilotlarining faoliyatini ommaviy axborot vositalarida yoritilishiga koʻmaklashishi kerak.
15. Davlat siyosati yoki davlat organlari va tashkilotlari faoliyati toʻgʻrisidagi ommaviy bayonotlar davlat organlari va tashkilotlari rahbari yoki mazkur yoʻnalish boʻyicha vakolatli mansabdor shaxs tomonidan amalga oshiriladi.
16. Quyidagi hollarda ommaviy bayonot berilishi mumkin emas:
ommaviy bayonot matni va mazmuni davlat siyosati yoki davlat organlari va tashkilotlari faoliyatiga aloqador boʻlmasa;
ommaviy bayonotda keltiriladigan axborotlar davlat sirlari bilan bogʻliq boʻlsa;
ommaviy bayonot boshqa davlat organlari va tashkilotlari nufuzini pasaytirish yoki ularning mansabdor shaxslarini kamsitishga yoʻnaltirilgan boʻlsa.
17. Davlat xizmatida jamoatchilik nazoratini taʼminlash maqsadida jamoatchilik tomonidan davlat organlari va tashkilotlari faoliyatiga oid ayblov yoki tanqid bildirilgan taqdirda, davlat organlari va tashkilotlari unga nisbatan bildirilgan ayblov yoki tanqidga ommaviy izoh yoxud raddiya berishi lozim.
18. Agar ommaviy bayonotda fuqarolarning shaʼni hamda qadr-qimmatini kamsitadigan iboralar boʻlsa, davlat xizmatchisi oʻz fikrlarining yanglishligi yoki notoʻgʻriligini tan olishi hamda shaʼni, qadr-qimmatiga va ishchanlik obroʻsiga daxl qilingan fuqarodan, agar qonun hujjatlarida boshqa oqibatlar nazarda tutilmagan boʻlsa, kechirim soʻrashi shart.
6-bob. Xizmat faoliyatidagi tashqi koʻrinish va kiyinish uslubiga oid odob-axloq qoidalari
19. Davlat xizmatchilarining xizmat faoliyatidagi tashqi koʻrinishi va kiyinish uslubi fuqarolarning davlat organlari va tashkilotlari faoliyatiga hurmatini, shu jumladan davlat xizmatining nufuzini oshirishga xizmat qilishi kerak.
20. Davlat xizmatchisining tashqi koʻrinishi mehnat sharoitlari va xizmat turiga qarab, xizmat majburiyatlarini bajarishi vaqtida fuqarolarning davlat tashkilotiga nisbatan hurmat bilan munosabatda boʻlishiga koʻmaklashishi, umumiy qabul qilingan ish uslubiga muvofiq boʻlishi va rasmiylik, xolislik, kamtarlik va intizomni namoyon etishi lozim.
21. Davlat xizmatchilarining ish joyida tashqi koʻrinishi va kiyinish uslubiga oid qoʻshimcha talablar idoraviy odob-axloq qoidalari hamda ichki mehnat tartibida belgilanishi mumkin.
7-bob. Manfaatlar toʻqnashuvi
22. Davlat xizmatchilari mansab yoki xizmat majburiyatlarini bajarish vaqtida manfaatlar toʻqnashuviga olib keladigan yoki olib kelishi mumkin boʻlgan shaxsiy manfaatdorlikka yoʻl qoʻymasligi kerak.
23. Manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelayotgan taqdirda xodimlar oʻziga maʼlum boʻlib qolgan paytdan eʼtiboran bir ish kuni ichida oʻzining rahbarini yoki u boʻlmaganida, korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalasini yoki inson resurslarini boshqarish boʻlinmasini xabardor qilishi shart.
Manfaatlar toʻqnashuvi mavjudligi toʻgʻrisida maʼlumotlar olgan rahbar bu toʻqnashuvning oldini olish yoki uni bartaraf etish yuzasidan oʻz vaqtida choralar koʻrishga majbur.
23 1 . Ehtimoliy manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisidagi deklaratsiyalarni xodimlar toʻldirishi va har yili 15-yanvardan kechiktirmay inson resurslarini boshqarish boʻlinmasiga taqdim etishi kerak.
8-bob. Davlat xizmatchilarining manfaatini himoya qilish
24. Davlat xizmatchilarni xizmat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq tahdid, haqorat, tuhmat va qonunga xilof boshqa xatti-harakatlardan himoya qilish davlat organlari va tashkilotlarining rahbari tomonidan amalga oshiriladi.
25. Zimmasiga yuklatilgan vazifalarni bajarishga toʻsqinlik qilish, jinoyat yoki boshqa huquqbuzarlik sodir etishga ogʻdirishga qaratilgan murojaatlar, shuningdek, hamkasblari tomonidan sodir etilgan yoki sodir etishga tayyorgarlik koʻrilayotgan qonunbuzilishlar haqida xabar bergan xodimlarni vujudga kelishi mumkin boʻlgan tahdid va xavf-xatarlardan himoya qilish choralari koʻriladi.
9-bob. Odob-axloq qoidalariga rioya etilishini nazorat qilish
26. Davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalariga rioya etilishi ustidan nazorat davlat organlari va tashkilotlarining inson resurslarini boshqarish boʻlinmalari yoki Odob-axloq komissiyalari, shuningdek maxsus vakolatli davlat organi tomonidan amalga oshiriladi.
27. Davlat organlari va tashkilotlarida lavozimga tayinlangan davlat xizmatchilari inson resurslarini boshqarish boʻlinmalari tomonidan mazkur Odob-axloq qoidalari bilan tilxat asosida imzo qoʻydirgan holda tanishtiriladi.
28. Mazkur Odob-axloq qoidalarini buzish holatlari boʻyicha xizmat tekshiruvi davlat organlari va tashkilotlari rahbarining koʻrsatmasiga muvofiq Odob-axloq komissiyalari tomonidan oʻtkaziladi.
Xizmat tekshiruvini oʻtkazish tartibi davlat organlari va tashkilotlari tomonidan belgilanadi.
10-bob. Odob-axloq qoidalariga rioya etmaganlik uchun javobgarlik
29. Davlat xizmatchilari tomonidan Odob-axloq qoidalariga rioya etmaganlik holati ularga nisbatan axloqiy va intizomiy taʼsir choralarini qoʻllash uchun asos boʻladi.
30. Odob-axloq qoidalariga rioya etmaganlik uchun Odob-axloq komissiyasi tomonidan davlat xizmatchilariga quyidagi axloqiy taʼsir choralari qoʻllaniladi:
ogohlantirish;
uzr soʻrash yoki rasmiy uzrnoma keltirishni talab qilish;
davlat organlari va tashkilotlarining kollegial yigʻilishlarida tanbeh berish.
31. Odob-axloq komissiyasi davlat xizmatchisiga nisbatan intizomiy taʼsir chorasini qoʻllash uchun davlat organlari va tashkilotlari rahbariga taqdimnoma kiritishi mumkin.
Odob-axloq komissiyasi odob-axloq qoidalari davlat organi va tashkiloti rahbari tomonidan buzilgan taqdirda, ularga nisbatan tegishli chora koʻrish masalasi yuzasidan takliflarni yuqori turuvchi davlat organi va tashkiloti rahbariga yuboradi.
32. Davlat xizmatchisining Odob-axloq qoidalarini buzishi ularni qonunga muvofiq intizomiy va boshqa javobgarlikka tortish uchun asos boʻladi.
11-bob. Yakuniy qoida
33. Davlat organlari va tashkilotlari faoliyatining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqqan holda mazkur Odob-axloq qoidalariga muvofiq oʻz idoraviy odob-axloq qoidalarini tasdiqlaydi.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 595-son qaroriga 2-ILOVA
Odob-axloq komissiyasi toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Namunaviy nizom davlat organlari va tashkilotlarida Odob-axloq komissiyalari (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) faoliyatini tartibga soladi.
2. Komissiya davlat fuqarolik xizmatchilari (keyingi oʻrinlarda — davlat xizmatchilari) tomonidan odob-axloq qoidalariga rioya etishini nazorat qilish, ularning axloq normalariga zid boʻlgan xatti-harakatlarini oldini olish va odob-axloq qoidalariga rioya etish bilan bogʻliq nizolarni koʻrib chiqish maqsadida tuziladi.
3. Komissiya faoliyati Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, “Davlat fuqarolik xizmati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuniga , Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmon, qaror va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi davlat xizmatchilari odob-axloqining Namunaviy qoidalariga, ushbu Namunaviy nizomga va boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
4. Komissiya Komissiya raisi, kotibi va aʼzolaridan iborat boʻlib, umumiy soni besh nafardan kam boʻlmasligi va toq sonda boʻlishi lozim.
Komissiya tarkibiga tajribali, mehnat jamoasida obroʻ-eʼtiborga sazovor boʻlgan davlat xizmatchilari kiritiladi.
Komissiya tarkibi davlat organi va tashkiloti rahbari qarori bilan tasdiqlanadi va doimiy ravishda faoliyat yuritadi.
Komissiya aʼzosi, agar unda Komissiya majlisida muhokama etilayotgan masalaga nisbatan manfaatlar toʻqnashuvi mavjud boʻlsa, qaror qabul qilishda ishtirok etmaydi. Bunda Komissiyaning tarkibiga mazkur koʻrib chiqilayotgan masalada manfaatlar toʻqnashuvi vaziyati kelib chiqmaydigan boshqa xodim kiritiladi.
Komissiya tarkibiga komissiya tomonidan qabul qilinadigan qarorlarga taʼsir koʻrsatish mumkin boʻlgan manfaatlar toʻqnashuvi ehtimolini nazarda tutgan holda oʻzgartirish kiritiladi.
2-bob. Komissiyaning asosiy vazifalari va funksiyalari
5. Komissiyaning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
davlat xizmatchilarining idoraviy odob-axloq qoidalarini ishlab chiqish;
davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalariga rioya etilishi masalalarini koʻrib chiqish, xizmat tekshiruvlarini oʻtkazish;
davlat xizmatchilari oʻrtasida axloq normalariga zid boʻlgan xatti-harakatlarning oldini olishga qaratilgan kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish;
jismoniy va yuridik shaxslarning davlat xizmatchilarining xatti-harakatlariga doir murojaatlarini koʻrib chiqish;
davlat xizmatchilarining shaʼni va qadr-qimmatini himoya qilish bilan bogʻliq masalalarni koʻrib chiqish;
davlat xizmatchilarining odob-axloq qoidalarini takomillashtirish yuzasidan takliflar ishlab chiqish;
davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalariga rioya etilishi holatini tahlil qilish, natijalari haqida davlat organi va tashkiloti rahbari va jamoatchilikni xabardor qilib borish.
6. Komissiya oʻz vakolatlari doirasida:
davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalariga rioya etilishi ustidan nazoratni amalga oshiradi;
davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalarining buzilishi bilan bogʻliq masalalar yuzasidan xulosalar tayyorlaydi;
davlat xizmatchilarining odob-axloq qoidalari bilan bogʻliq masalalarini koʻrib chiqish jarayonida zarur axborotni soʻrab oladi;
koʻrib chiqish uchun kiritilgan masalalarni hal etish uchun Komissiya majlislariga ekspertlar va mutaxassislarni jalb qiladi;
odob-axloq qoidalariga oid masalalar yuzasidan davlat xizmatchilariga tegishli maslahat va tushuntirishlar beradi;
manfaatlar toʻqnashuvini tartibga solish yuzasidan koʻrilayotgan choralarning yetarliligi (toʻgʻriligi) haqidagi masalalarni koʻrib chiqadi;
mavjud manfaatlar toʻqnashuvi bilan bogʻliq hollar ustidan kollegial nazoratni amalga oshiradi;
Oʻzbekiston Respublikasining “Manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan talablarning davlat fuqarolik xizmatchilari tomonidan buzilishlari mavjudligi (mavjud emasligi) toʻgʻrisida xizmat tekshiruvi natijalariga koʻra xulosa chiqaradi;
manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisida xabar qilmagan, bila turib yolgʻon yoki notoʻgʻri axborot taqdim etgan yoxud bunday axborotni yashirgan davlat xizmatchisini javobgarlikka tortish haqida davlat organining yoki tashkilotining rahbariga taklif kiritadi.
zarur hollarda, Komissiyada koʻrib chiqilgan masalalar boʻyicha davlat xizmatchisini intizomiy javobgarlikka tortish yuzasidan davlat organi va tashkiloti rahbariga taklif kiritadi.
7. Komissiya davlat organi va tashkilotining tarkibiy boʻlinmalari, boshqa davlat organlari va tashkilotlari, mansabdor shaxslari va jamoatchilik bilan hamkorlik qiladi.
8. Komissiya faoliyatini tashkil qilish va davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalarining buzilishi bilan bogʻliq masalalarni koʻrib chiqish ushbu Namunaviy nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
3-bob. Komissiya faoliyatini tashkil etish
9. Komissiya majlislari zaruriyatga qarab oʻtkaziladi.
Komissiya majlislari ochiq tarzda oʻtkaziladi. Zarur boʻlgan hollarda Komissiya yopiq majlis oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin.
10. Komissiya majlisini Komissiya raisi, u yoʻqligida esa, uning topshirigʻiga binoan Komissiya aʼzolaridan biri olib boradi. Komissiya majlisida bayonnoma yuritiladi, u raislik qiluvchi va Komissiya kotibi tomonidan imzolanadi.
11. Komissiya majlislari, agar ularda Komissiya aʼzolari umumiy sonining kamida uchdan ikki qismi hozir boʻlsa, vakolatli hisoblanadi.
12. Komissiyaning navbatdagi majlisi toʻgʻrisida uning raisi Komissiya aʼzolariga yozma ravishda, qoida tariqasida, kamida ikki kun oldin xabar qiladi, shuningdek majlisning boshqa ishtirokchilarini oldindan xabardor etadi.
13. Komissiyaning qarorlari majlisda qatnashgan Komissiya aʼzolarining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan hollarda Komissiya raisining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.
Komissiyaning qarorlari Komissiya raisi tomonidan imzolanadi.
14. Komissiya raisi:
Komissiya ishini tashkil etadi;
Komissiya majlislarini chaqiradi va oʻtkazadi;
Komissiya aʼzolariga topshiriqlar beradi;
davlat organi va tashkilotining tarkibiy boʻlinmalari, boshqa davlat organlari va tashkilotlari, mansabdor shaxslar va jamoatchilik bilan boʻlgan munosabatlarda Komissiya nomidan ish yuritadi;
Komissiya majlislarida Komissiya faoliyati toʻgʻrisidagi axborot bilan soʻzga chiqadi;
har yili davlat organi va tashkiloti rahbariga Komissiya faoliyati toʻgʻrisida hisobot taqdim etadi.
15. Komissiya kotibi:
Komissiyaning faoliyatini tashkiliy-texnik jihatdan taʼminlash masalalarini hal qiladi;
Komissiyaning navbatdagi majlisiga barcha zarur materiallar oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi, davlat organi va tashkiloti xodimlaridan zarur hujjatlar va maʼlumotlarni soʻrab oladi;
kun tartibiga muvofiq Komissiya majlislari oʻtkazilishini tashkil etadi;
Komissiyaning aʼzolarini va taklif etilgan shaxslarni Komissiya majlisi oʻtkaziladigan joy, sana va vaqt hamda kun tartibiga kiritilgan masalalar haqida xabardor qiladi;
Komissiya majlisining bayonnomasini rasmiylashtiradi va tasdiqlangan bayonnomaning manfaatdor shaxslarga joʻnatilishini taʼminlaydi.
16. Komissiya aʼzosi:
Komissiya tomonidan koʻrib chiqiladigan barcha masalalar boʻyicha ovoz berishga;
Komissiyaning koʻrib chiqishi uchun masalalar va takliflar kiritishga;
qarorlar tayyorlanishida, muhokamasida, qabul qilinishida, shuningdek ularning amalga oshirilishini tashkil etishda hamda bajarilishini nazorat qilishda ishtirok etishga;
koʻrib chiqilayotgan masalaga doir hujjatlar, maʼlumotnomalar va boshqa zarur axborot bilan tanishishga;
Komissiya qaroriga rozi boʻlmagan taqdirda oʻz nuqtai nazarini bayon etishga haqli.
17. Komissiyasi aʼzosi Komissiya majlisida hozir boʻlishi va oʻziga yuklatilgan majburiyatlarni bajarishi shart.
Komissiya aʼzosi Komissiya majlisida hozir boʻlish imkoni boʻlmaganda Komissiya raisini oldindan xabardor etishi lozim.
18. Komissiya majlisida koʻrilayotgan masalalar Komissiya raisi, kotibi va aʼzolariga bevosita yoki bilvosita bogʻliq boʻlgan taqdirda oʻzini oʻzi rad qilishi shart.
4-bob. Davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalari buzilishining oldini olish (profilaktika) choralarini koʻrish
19. Komissiya davlat organlari va tashkilotlarining inson resurslarini boshqarish boʻlinmalari bilan birgalikda muntazam ravishda davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalariga rioya etilishi va ularning buzilishini oldini olishga qaratilgan quyidagilarni nazarda tutuvchi profilaktik kompleks chora-tadbirlarni amalga oshiradi:
davlat xizmatchilarida yuksak kasbiy madaniyatni, jamoada sogʻlom maʼnaviy muhit va ishchan kayfiyatni shakllantirish;
davlat xizmatchilari “halollik vaksinasi” bilan emlash, yaʼni halollikni ularning ongiga singdirish, maʼrifat orqali ularda korrupsiyaga qarshi murosasiz munosabatda boʻlish kayfiyatini shakllantirish;
davlat organi va tashkilotida taniqli ziyolilar, ijodkorlar, maʼnaviyat va maʼrifat sohasining koʻzga koʻringan namoyondalari, oʻz sohasida yuksak natijalarga erishgan mehnat faxriylarini jalb qilgan holda, uchrashuvlar tashkil qilib borish;
davlat organi va tashkilotida xodimlarining kasbiy va boshqaruv koʻnikmalari oʻsishini, shuningdek ularning malakasini doimiy ravishda oshirishni, ular tomonidan odob-axloq qoidalariga rioya etishlarini taʼminlash maqsadida ularning bilimlari va malakasini doimiy takomillashtirish ishlarini taʼminlash;
davlat xizmatchilarining iqtisodiy bilimlarini, huquqiy savodxonligini, huquqiy madaniyati va huquqiy ongini, intellektual va maʼnaviy rivojlanishini oshirish maqsadida iqtisodiy va huquqiy oʻqishlar tashkil etish;
yangi ishga qabul qilingan davlat xizmatchilarini odob-axloq qoidalariga qatʼiy rioya qilish borasida stajirovkadan oʻtkazish va ular bilan profilaktik suhbatlar tashkil qilish;
davlat xizmatchilarini malaka oshirish kurslariga, xalqaro seminarlar, konferensiyalar va shu kabi boshqa tadbirlarga yuborish, ular tomonidan oʻz kasbiy darajasi va axloqiy sifatlarini mustaqil oshirishlari uchun shart-sharoit yaratib berish.
20. Komissiya davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalari buzilishining oldini olish (profilaktika) borasidagi oʻz faoliyatini Komissiya tomonidan tasdiqlanadigan choraklik ish rejalari asosida olib boradi.
21. Davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalari buzilishining oldini olish (profilaktika) choralari Komissiya tomonidan davlat organi va tashkilotining tegishli tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari hamda kasaba uyushmalari qoʻmitalari bilan birgalikda tashkil etiladi.
22. Davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalari buzilishining oldini olish (profilaktika) choralarining natijadorligi yil yakunlari boʻyicha oʻtkaziladigan Komissiya yigʻilishida muhokama qilinadi.
5-bob. Davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalarining buzilishi bilan bogʻliq masalalarni koʻrib chiqish tartibi
23. Komissiya davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalarining buzilishlari bilan bogʻliq masalalarni:
davlat organi va tashkiloti rahbarining topshirigʻiga koʻra;
huquqni muhofaza qiluvchi organlarning murojaatiga asosan;
davlat xizmatchilarning, shuningdek jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlariga binoan;
oʻz tashabbusi bilan koʻrib chiqadi.
24. Komissiya majlisiga, haqiqiy holatlarni aniqlash va xolisona qaror qabul qilish maqsadida, oʻziga nisbatan masala koʻrib chiqilayotgan davlat xizmatchisi, zarur boʻlgan hollarda esa, murojaat qiluvchi va boshqa shaxslar taklif etiladi. Komissiya majlisining vaqti va joyi haqida tegishli ravishda xabardor etilgan shaxslarning kelmasligi murojaatni koʻrib chiqish uchun toʻsqinlik qilmaydi.
25. Komissiya majlisida:
kun tartibidagi masala oʻqib eshittiriladi;
davlat organi va tashkiloti rahbarining topshirigʻi yoki davlat xizmatchisi tomonidan odob-axloq qoidalari buzilganligi toʻgʻrisidagi murojaat oʻqib eshittiriladi;
odob-axloq qoidalariga rioya etmaganlikda ayblanayotgan davlat xizmatchisi va murojaatchilarning tushuntirishlari eshitiladi.
25 1 . Mavjud manfaatlar toʻqnashuvi boʻyicha xabarnoma va ehtimoliy manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisidagi deklaratsiya hamda xodimga aloqador shaxslarning deklaratsiyalarini koʻrib chiqishda:
inson resurslarini boshqarish boʻlinmasi xabarnomani olib, bir ish kuni ichida manfaatlar toʻqnashuvini hal qilish boʻyicha koʻrilgan choralarning yetarliligi va maqbulligi haqida qaror chiqarish uchun Komissiyaning eng yaqin vaqtdagi majlisi kun tartibiga kiritishi lozim;
manfaatlar toʻqnashuvining hal etilishiga qarab davlat organining Komissiyasi tomonidan manfaatlar toʻqnashuvi mavjudligi yoki mavjud emasligi haqida xulosa qilinadi hamda hal qilish uchun davlat organi yoki tashkilotining rahbariga koʻrib chiqishga taqdim etiladi;
davlat xizmatchilari tomonidan oshkor etilgan mavjud yoki ehtimoliy manfaatlar toʻqnashuvi hamda ularni hal etish boʻyicha koʻrilgan choralar haqidagi maʼlumot Komissiya majlisi bayonnomasi tuzilganidan soʻng uch ish kuni ichida Manfaatlar toʻqnashuvini hisobga olish reyestrida aks ettiriladi.
25 2 . Ehtimoliy manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisidagi yillik deklaratsiyalarni koʻrib chiqishda:
inson resurslarini boshqarish boʻlinmasi tomonidan har yili 1-martga qadar ehtimoliy manfaatlar toʻqnashuvini tartibga solish boʻyicha choralarning yetarliligini (toʻgʻriligini) taʼminlash uchun kiritilgan takliflari Komissiya tomonidan koʻrib chiqiladi;
Komissiya tomonidan qabul qilingan xulosaga asosan ehtimoliy manfaatlar toʻqnashuvini tartibga solish yuzasidan choralar koʻrish toʻgʻrisida davlat organi yoki tashkilotining rahbariga yoxud davlat organi yoki tashkilotining yuqori turuvchi rahbariga 15-martga qadar taklif kiritiladi.
26. Davlat xizmatchisi oʻzining huquqi, shaʼni va qadr-qimmatiga, ishchanlik obroʻsiga daxl qiladigan murojaat boʻyicha amaldagi qonun hujjatlariga muvofiq oʻzini himoya qilishga, Komissiyaga zarur materiallar hamda boshqa axborotlarni taqdim etishga haqli.
27. Majlis yakuni boʻyicha Komissiya davlat xizmatchisining harakatlarida odob-axloq qoidalarining buzilishi faktining mavjudligini yoxud mavjud emasligi toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
28. Odob-axloq qoidalari buzilganligi fakti aniqlangan taqdirda Komissiya tomonidan davlat xizmatchilariga quyidagi axloqiy taʼsir choralari qoʻllaniladi:
ogohlantirish;
uzr soʻrash yoki rasmiy uzrnoma keltirishni talab qilish;
davlat organi va tashkilotining kollegial yigʻilishlarida tanbeh berish.
29. Komissiya davlat xizmatchisiga nisbatan intizomiy yoki boshqa taʼsir chorasini qoʻllash uchun davlat organi va tashkiloti rahbariga taqdimnoma kiritishi mumkin.
30. Komissiya tomonidan quyidagi murojaatlar koʻrib chiqilmaydi:
komissiyada oldin koʻrib chiqilgan murojaat va aynan shu mazmundagi takror murojaatlar;
anonim murojaatlar;
qonunda belgilangan boshqa talablarga muvofiq boʻlmagan murojaatlar.
31. Komissiya qabul qilingan qaror haqida murojaat qiluvchiga, oʻziga nisbatan masala koʻrib chiqilgan davlat xizmatchisiga va davlat organi va tashkiloti rahbariga yozma ravishda maʼlum qiladi.
32. Komissiya odob-axloq qoidalari davlat organi va tashkiloti rahbari tomonidan buzilgan taqdirda ularga nisbatan tegishli chora koʻrish masalasi yuzasidan takliflarni yuqori turuvchi davlat organi va tashkiloti rahbariga yuboradi.
33. Komissiyaning qarori ustidan davlat organi va tashkiloti rahbariga yoki sudga shikoyat qilish mumkin.
34. Davlat xizmatchisi tomonidan odob-axloq qoidalarining buzilishi haqidagi murojaat uning tashabbuskori tomonidan Komissiya qarori qabul qilinguniga qadar qaytarib olinishi mumkin.
35. Taraflar yarashgan, shuningdek davlat xizmatchisi oʻz xohishi bilan murojaatchidan oshkora uzr soʻragan hollarda, unga nisbatan taʼsir choralari qoʻllanilmasligi mumkin.
Odob-axloq komissiyasi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga ILOVA
Odob-axloq komissiyasi faoliyatini tashkil qilish va davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalarining buzilishi bilan bogʻliq masalalarni koʻrib chiqish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati I. Komissiya faoliyatini tashkil etish 1-bosqich Davlat organi va tashkiloti rahbari 1. Davlat organlari va tashkilotlarida Odob-axloq komissiyalarini (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) Komissiya raisi, kotibi va aʼzolaridan iborat tarkibda, umumiy soni kamida besh nafardan kam boʻlmagan miqdorda toq sonda shakllantirish. 2. Komissiya tarkibiga tajribali, mehnat jamoasida obroʻ-eʼtiborga sazovor boʻlgan davlat xizmatchilarini kiritish. 3. Komissiya tarkibini tasdiqlash. Ikki hafta muddatda 4. Komissiya tarkibiga komissiya tomonidan qabul qilinadigan qarorlarga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan manfaatlar toʻqnashuvi ehtimolini nazarda tutgan holda oʻzgartirish kiritiladi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Komissiya raisi Komissiya ishini tashkil etadi, komissiya majlislarini chaqiradi va oʻtkazadi majlisiga raislik qiladi. Komissiya nomidan ish yuritadi, Komissiya majlislarida Komissiya faoliyati toʻgʻrisidagi axborot bilan soʻzga chiqadi. Davlat organi va tashkiloti rahbariga Komissiya faoliyati toʻgʻrisida hisobot taqdim etadi. Maʼlumotlar kiritilgan vaqtdan boshlab Har yili yil yakuni boʻyicha Komissiyaning kotibi Kun tartibiga muvofiq Komissiya majlislari oʻtkazilishini tashkil etadi. Komissiyaning aʼzolarini va taklif etilgan shaxslarni Komissiya majlisi oʻtkaziladigan joy, sana va vaqt hamda kun tartibiga kiritilgan masalalar haqida xabardor qiladi. Komissiyaning faoliyatini tashkiliy-texnik jihatdan taʼminlash masalalarini hal qiladi, navbatdagi majlisiga barcha zarur materiallar oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi. Komissiya majlisining bayonnomasini rasmiylashtiradi va tasdiqlangan bayonnomaning manfaatdor shaxslarga joʻnatilishini taʼminlaydi. Majlisdan kamida ikki kun oldin Majlisdan keyin bir kun muddatda II. Odob-axloq qoidalari buzilishining oldini olish (profilaktika) choralarini koʻrish 1-bosqich Komissiya Davlat organining tarkibiy boʻlinmalari kasaba uyushmalari qoʻmitalari Komissiya muntazam ravishda davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalariga rioya etilishi va ularning buzilishining oldini olishga qaratilgan quyidagilarni nazarda tutuvchi profilaktik kompleks chora-tadbirlarni amalga oshiradi: davlat xizmatchilarida yuksak kasbiy madaniyatni, jamoada sogʻlom maʼnaviy muhit va ishchan kayfiyatni shakllantirish; davlat xizmatchilari “halollik vaksinasi” bilan emlash, yaʼni halollikni ularning ongiga singdirish, maʼrifat orqali ularda korrupsiyaga qarshi murosasiz munosabatda boʻlish kayfiyatini shakllantirish; davlat organi va tashkilotida taniqli ziyolilar, ijodkorlar, maʼnaviyat va maʼrifat sohasi, shuningdek diniy sohaning koʻzga koʻringan namoyondalari, oʻz sohasida yuksak natijalarga erishgan mehnat faxriylarini jalb qilgan holda, uchrashuvlar tashkil qilib borish; davlat organi va tashkilotida xodimlarining kasbiy va boshqaruv koʻnikmalari oʻsishini, shuningdek ularning malakasini doimiy ravishda oshirishni, ular tomonidan odob-axloq qoidalariga rioya etishlarini taʼminlash maqsadida ularning bilimlari va malakasini doimiy oshirish ishlarini taʼminlash; davlat xizmatchilarining iqtisodiy bilimlarini, huquqiy savodxonligini, huquqiy madaniyati va huquqiy ongini, intellektual va maʼnaviy rivojlanishini taʼminlash maqsadida iqtisodiy va huquqiy oʻqishlar tashkil etish; yangi ishga qabul qilingan davlat xizmatchilarini odob-axloq qoidalariga qatʼiy rioya qilish borasida stajirovkadan oʻtkazish va ular bilan profilaktik suhbatlar tashkil qilish; davlat xizmatchilarini malaka oshirish kurslariga, xalqaro seminarlar, konferensiyalar va shu kabi boshqa tadbirlarga yuborish, ular tomonidan oʻz kasbiy darajasi va axloqiy sifatlarini mustaqil oshirishlari uchun shart-sharoit yaratib berish. Komissiya tomonidan tasdiqlanadigan choraklik ish rejalari asosida 2-bosqich Komissiya Davlat xizmatchilari tomonidan odob-axloq qoidalari buzilishining oldini olish (profilaktika) choralarining natijadorligini Komissiya yigʻilishida muhokama qiladi. Har yili yakunlari boʻyicha III. Odob-axloq qoidalarining buzilishi bilan bogʻliq masalalarni koʻrib chiqish 1-bosqich Komissiya Komissiya davlat xizmatchilarining odob-axloq qoidalarini buzilishlari bilan bogʻliq masalalarni: davlat organi va tashkiloti rahbarining topshirigʻiga koʻra; huquqni muhofaza qiluvchi organlarning murojaatiga asosan; davlat xizmatchilarning, shuningdek jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlariga binoan; oʻz tashabbusi bilan koʻrib chiqadi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Komissiya raisi va aʼzolari Komissiya majlisida: kun tartibidagi masala oʻqib eshittiriladi; davlat organi va tashkiloti rahbarining topshirigʻi yoki davlat xizmatchisi tomonidan odob-axloq qoidalari buzilganligi toʻgʻrisidagi murojaat oʻqib eshittiriladi; odob-axloq qoidalariga rioya etmaganlikda ayblanayotgan davlat xizmatchisi va murojaatchilar tushuntirishlari eshitiladi. Majlis oʻtkaziladigan kun Davlat xizmatchisi Oʻzining huquqi, shaʼni va qadr-qimmatiga, ishchanlik obroʻsiga daxl qiladigan murojaat boʻyicha amaldagi qonun hujjatlariga muvofiq oʻzini himoya qilishga, Komissiyaga zarur materiallar hamda boshqa axborotlarni taqdim etishga haqli. 3-bosqich Komissiya 1. Majlis yakuni boʻyicha davlat xizmatchisining harakatlarida odob-axloq qoidalarining buzilishi faktining mavjudligini yoxud mavjud emasligi toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 2. Odob-axloq qoidalari buzilganligi fakti aniqlangan taqdirda davlat xizmatchilariga quyidagi axloqiy taʼsir choralari qoʻllaydi: ogohlantirish; uzr soʻrash yoki rasmiy uzrnoma keltirishni talab qilish; davlat organi va tashkilotining kengaytirilgan majlisida tanbeh berish. 3. Davlat xizmatchisiga nisbatan intizomiy taʼsir chorasini qoʻllash uchun davlat organi va tashkiloti rahbariga taqdimnoma kiritishi mumkin. 4. Qabul qilingan qaror haqida murojaat qiluvchiga, oʻziga nisbatan masala koʻrib chiqilgan davlat xizmatchisiga va davlat organi va tashkiloti rahbariga yozma ravishda maʼlum qiladi. Majlis oʻtkaziladigan kun 4-bosqich Komissiya Odob-axloq qoidalari davlat organi va tashkiloti rahbari tomonidan buzilgan taqdirda ularga nisbatan tegishli chora koʻrish masalasi yuzasidan takliflarni yuqori turuvchi davlat organi va tashkiloti rahbariga yuboradi. Zaruratga koʻra 5-bosqich Davlat xizmatchisi Komissiyaning qarori ustidan davlat organi va tashkiloti rahbariga yoki sudga shikoyat qilish mumkin. Zaruratga koʻra
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 595-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari xodimlarining odob-axloq namunaviy qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2016-yil 2-martdagi 62-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 376-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 14-oktabr,
595-son