📅 2022-yil 14-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 14-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 14 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 октября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 October 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
НИЗОМ
Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциацияси ҳузуридаги Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 18 майдаги ПҚ-5114-сон қарорига мувофиқ паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ва бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга ихтисослашган илмий-таълим муассасаси фаолиятини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
2. Қуйидагилар Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
параспорт бўйича фаолият юритаётган тренерлар, йўриқчи-услубчиларва бошқа мутахассисларнинг малакасини ошириш, бунда халқаро илғор тажрибага эга бўлган мутахассислар ва тренерларни таълим жараёнига шартнома асосида жалб этиш;
касбий маълумотга эга бўлмаган спорт-таълим муассасалари ходимлари учун қўшимча ихтисослик бўйича пуллик асосда параспорт бўйича қайта тайёрлаш ва қисқа муддатли махсус курсларни ташкил этиш;
параспорт бўйича спортчиларни ўқитиш ва тайёрлашнинг барча даражаларида спорт маҳоратидан билим беришнинг инновацион методларини ишлаб чиқиш, илғор педагогик технологияларни жорий этиш ва жорий этишга йўналтирилган илмий-тадқиқотлар ўтказиш;
параспорт бўйича қобилиятли ёш спортчиларни аниқлаш ҳамда улар орасидан халқаро спорт майдонларида муносиб қатнашишни таъминлашга қодир бўлган профессионал спортчиларни тайёрлаш маҳорати ва кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ҳамда самарали ўқитиш дастурлари ва усулларини жорий этиш;
инклюзив таълим тизими учун малакали педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
эшитиш қобилияти паст бўлган карлар спорти, ақли заиф бўлган шахслар ўртасида спорт турлари ҳамда кўзи ожизлар спорт турлари учун тренер ва мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.
3. Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциацияси ижроия қўмитаси раисига, зарур ҳолларда, институт тузилмасига бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси Спортни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти уставининг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини, шунингдек, белгиланган тартибда унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;
Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтини ўқитишнинг замонавий услубларини қўллаш кўникмаларига ва илмий-тадқиқот ишлари бўйича амалий тажрибага эга бўлган малакали ходимлар билан тўлдирилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан биргаликда иқтидорли мутахассислар ҳамда Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтини профессор-ўқитувчиларини хорижий давлатларда малакасини ошириш чораларини кўрсин.
7. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан биргаликда паралимпия ва нопаралимпия спорт турлари бўйича ўқув адабиётлари, ўқув-методик қўлланмалар, дарсликларни ишлаб чиқсин ва Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтини таъминласин.
8. Спорт вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти тренерлар, ўқитувчилар, жисмоний тарбия инструкторлари, йўриқчи-методистлар ва спорт фаолияти йўналишлари бўйича бошқа мутахассисларнинг эгаллаб турган лавозимига кўра малака ошириш курсларидан ўтиши бўйича белгиланган даврийликни инобатга олган ҳолда кейинги календарь йилда малака ошириш курсларига ўқишга юбориладиган тингловчилар контингентини шакллантириб, Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциациясига тақдим этиб борсин.
9. Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаши Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти:
фаолиятини молиялаштиришда ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотларининг грантлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларини жалб этиш;
таълим тизимига етакчи хорижий давлатлар таълим муассасалари тажрибасини жорий этиш ва хорижий экспертларни жалб этиш чораларини кўрсин.
10. Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Тошкент шаҳри, Бешёғоч кўчаси, 126-уй манзили бўйича вақтинчалик жойлаштирилсин.
Бунда, Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти келгусида Тошкент шаҳрида барпо қилинаётган «Олимпия шаҳарчаси»да жойлаштирилиши назарда тутилсин.
11. Белгилаб қўйилсинки, Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтини сақлаш харажатлари учун зарур маблағлар 2022 йилда республика бюджети маблағлари доирасида, 2023 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
12. Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон карлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар нопаралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтини зарур телекоммуникация хизматлари билан ва Интернет тармоғига уланишини таъминласин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш спортни ривожлантириш вазири А.И. Икрамов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 599-сон қарорига 1-ИЛОВА
Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг
Директор Илмий-методик кенгаш Директорнинг ўқув ва илмий-методик ишлар бўйича ўринбосари 1 Молия-иқтисодиёт бўлими 2 Ахборот-ресурс маркази 2 Қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнини ташкил этиш бўлими 3 Кадрлар бўйича бош мутахассис 1 Ўқув-машғулот жараёнини илмий ахборот билан таъминлаш ҳамда илмий-методика бўлими 2 Бош юрисконсульт 1 Халқаро тажрибани ўрганиш ва ўқитишнинг замонавий методикаларини жорий этиш бўлими 2 Девонхона ва архив 1 Хўжалик бўлими * 1 Қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёни мониторингини олиб бориш ва сифатини баҳолаш бўлими 2 Ахборот-коммуникация технологиялари бўйича бош мутахассис 1 Кафедралар *
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 599-сон қарорига 2-ИЛОВА
Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом паралимпия спорт турлари бўйича раҳбар кадрларни, спорт турларини ривожлантириш республика марказлари, Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари, ихтисослаштирилган спорт мактаблари, спорт мактабларининг паралимпия спорт турлари бўйича йўриқчи-услубчилари ва тренерларини ҳамда шу соҳадаги бошқа мутахассисларни (кейинги ўринларда — паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар), шунингдек, инклюзив таълим тизими учун малакали педагог кадрлар, эшитиш қобилияти паст бўлган карлар спорти, ақли заиф бўлган шахслар ўртасида спорт турлари ҳамда кўзи ожизлар спорт турлари учун тренер ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартибини белгилайди.
2. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналишлари Спорт вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциацияси (кейинги ўринларда — Ассоциация) томонидан тасдиқланади.
3. Вазирликлар ва идоралар тизимидаги таълим муассасаларининг паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислари — Ассоциация томонидан тасдиқланган режа асосида нодавлат таълим ташкилотларининг ходимлари ва жисмоний шахслар эса — улар билан тузилган шартнома асосида Ассоциация ҳузуридаги Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида (кейинги ўринларда — Институт) қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтадилар.
4. Хорижий давлатларда таълим муассасаларини тамомлаган паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш уларнинг базавий маълумоти тўғрисидаги ҳужжат белгиланган тартибда нострификациядан ўтказилгандан кейин амалга оширилади.
5. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар тўрт йилда камида бир марта малака оширишлари шарт.
6. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш курслари юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртмалари ёки меҳнат бозорининг талаблари билан белгиланадиган айрим педагогларнинг қайта ихтисослашуви ёхуд янги мутахассисликка эга бўлиши муносабати билан Институт ташаббусига кўра шартнома асосида ташкил этилади.
2-боб. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг мақсади ва вазифалари
7. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг эгаллаб турган лавозимлари, мутахассислиги ёки дарс берадиган модуллари (фанлари) бўйича касбий ва педагогик маҳоратини доимий равишда ошириб бориш, уларни илғор педагогик ва ахборот технологиялари, материаллар ва илмий-ўқув адабиётлар билан таъминлаш, ўқитишнинг инновацион усуллари бўйича касбий билимлари, малака ва кўникмаларини мунтазам равишда янгилаб бориш, илмий-методик жиҳатдан таъминлаш паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг мақсади ҳисобланади.
8. Қуйидагилар паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг вазифалари ҳисобланади:
паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг касбий билими, кўникмаси ва маҳоратини ошириш, замон талабларига мувофиқ таълим сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий тайёргарлигини ривожлантириш;
паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларда мустақил фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг педагогик янгиликка интилишни ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдалана билиш даражасини ошириш, уларни илмий-методик адабиётлар билан таъминлаш;
паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг ўқув машғулотлари, ўқув-тарбиявий ишларни амалга оширишда илғор таълим технологиялари ва халқаро тажрибадан фойдаланиш, илмий ва ўқув-методик тадқиқотлар олиб бориш ҳамда амалиётга жорий этиш кўникмаларини мустаҳкамлаш.
3-боб. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мазмуни ҳамда сифатига қўйиладиган умумий талаблар
9. Қуйидагилар қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим дастурлари мазмунига қўйиладиган умумий талаблар ҳисобланади:
касблар ва лавозимларга бўлган малака талабларига мувофиқлик;
таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги давлат сиёсати асосий йўналишларининг, таълим турлари ва босқичлари бўйича давлат таълим талабларининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлашга, тингловчиларнинг билимларини янгилаш ва чуқурлаштиришга, замонавий ахборот технологияларидан фойдалана олишга, касбий малака ва кўникмаларни ҳосил қилишга, таълимнинг самарали усуллари ҳамда технологияларини эгаллаш ва такомиллаштиришга қаратилганлиги;
давлат таълим талаблари ҳажми ва мазмунининг қайта тайёрлаш ва малака ошириш муддатларига мувофиқлиги.
10. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш сифати паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар тайёргарлигининг зарур ва етарли даражаси, билим, амалий ва касбий маҳоратнинг мазкур мутахассисларга қўйиладиган талабларига мувофиқлиги билан белгиланади.
11. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади ҳамда унинг мазмуни ва сифатига қўйиладиган талаблар тегишли таълим дастурлари билан белгиланади.
4-боб. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш шакллари
12. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
педагогик қайта тайёрлаш;
касбий қайта тайёрлаш;
махсус ўқув курсларда ўқитиш.
Педагогик қайта тайёрлаш — олий ёки ўрта махсус маълумотга эга педагог бўлмаган мутахассисларнинг базавий касбий маълумотини таълимнинг тегишли тури малака талаблари билан белгиланадиган ўқув-тарбия жараёнининг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли бўлган тайёргарликка мувофиқлаштириш мақсадида мутахассисларни паралимпия спорт турлари бўйича қайта тайёрлаш ҳисобланади.
Касбий қайта тайёрлаш — олий ёки ўрта махсус педагогик маълумотга эга мутахассислар томонидан таълимнинг тегишли тури малака талаблари билан белгиланадиган, ўқитишнинг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада ўқув фани ёки курс бўйича педагогик фаолиятни юритиш учун паралимпия спорт турлари бўйича зарур ҳажмда янги касбий билимлар, малака ва кўникмаларни ўзлаштиришдан иборат.
Махсус ўқув курсларида ўқитиш — спорт фаолиятини якунлаган ва камида биринчи спорт разрядига эга бўлган спортчиларнинг паралимпия спорт турлари бўйича тренерлик фаолияти билан шуғулланишлари, педагогик фаолиятни юритиш, зарур ва етарли ҳажмда янги билим, малака ва кўникмаларни ўргатиши назарда тутилади.
5-боб. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар малакасини ошириш шакллари
13. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
тўғридан-тўғри малака ошириш (таълим дастурлари бўйича ўқитиш);
илмий-тадқиқот муассасасида тажриба орттириш;
хорижда тажриба орттириш;
мустақил ўқиб билим орттириш;
масофавий таълим.
Тўғридан-тўғри малака ошириш — таълим дастурлари ва меҳнат бозорининг таклифлари асосида паралимпия соҳасига оид таълимнинг тегишли тури ўқув-тарбия жараёнининг мониторинги натижалари ва мутахассислар тайёрлаш сифатини ҳисобга олган ҳолда, давлат талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган модуллар бўйича мақсадли касбий таълим дастурларини ўзлаштириш ҳисобланади.
Илмий-тадқиқот муассасаларида тажриба орттириш — Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, марказлар, лабораториялар ва бошқа муассасаларда фаннинг замонавий ютуқлари, тегишли мутахассисликлар бўйича ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, илмий тадқиқот услубларини ўрганишдан иборат.
Хорижда тажриба орттириш — Ассоциация, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш учун ажратилган грантларга мувофиқ, шунингдек, таълимни бошқариш органлари билан таълим ва спорт таълими муассасалари ҳамда спорт ташкилотлари тажрибаларини ўрганишни ўз ичига олади.
Мустақил ўқиб билим орттириш — паралимпия соҳасига оид таълим даражаси ва сифатига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ ўқитиладиган модуллар бўйича янги билимлар, малака ва кўникмаларни мустақил ўзлаштиришдан иборат.
Масофавий таълим — онлайн (видеомаърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва оффлайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шаклида амалга ошириладиган таълим тури ҳисобланади.
6-боб. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсининг давомийлиги ҳамда ўқув юкламасининг ҳажми
14. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш давомийлиги ва ўқув юкламасининг ҳажми қуйидаги муддатларда белгиланади:
педагогик қайта тайёрлаш — камида 4 ой (576 соат);
касбий қайта тайёрлаш — камида 4 ой (576 соат);
махсус ўқув курсларда ўқитиш — 3 ой (432 соат), 6 ой (864 соат).
15. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш давомийлиги уни ташкил этиш шаклларига ҳамда касбий малака даражаси ва индивидуал касбий эҳтиёж тизимида паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар фаолият юритадиган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар (буюртмачилар) талабларини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Малака оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари умумий давомийлиги камида 4 ҳафта (144 соат) этиб белгиланади.
Малака оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари учун аудитория машғулотлари ва мустақил ишларнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.
Айрим ҳолларда малака оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари умумий давом этиш муддати асосий ишдан ажралган ҳолда ўқитишда камида 3 ҳафта (144 соат), аудитория машғулотларининг ва мустақил ишларнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 48 соат этиб белгиланиши мумкин.
16. Аудитория машғулотлари ва мустақил ишларнинг ҳафталик юкламаси энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.
17. Аудитория машғулотларининг барча турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.
7-боб. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш
18. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидаги ўқув жараёнлари 15 — 20 нафар тингловчидан иборат академик гуруҳларда ташкил этилади.
Тингловчилар контингенти етарли бўлмаган йўналишларда, шу жумладан, рус тилида дарс олиб бориладиган гуруҳларда, тингловчилар контингенти гуруҳ таркибида йиғилмайдиган кам сонли алоҳида паралимпия спорт турларида ўқув жараёнини ташкил этишда тингловчилар сони, истисно тариқасида, камида 5 нафар этиб белгиланиши мумкин.
Махсус ўқув курслари учун гуруҳ талаб этилган тингловчилар сони шаклланмаган тақдирда, тингловчилар контингентини ўқитиш қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курслари бўйича гуруҳлар таркибида амалга оширилади.
19. Касбий қайта тайёрлаш мумкин бўлган турдош мутахассисликлар рўйхати Ассоциация томонидан белгиланади.
20. Курсларга тингловчиларни қабул қилиш тасдиқланган режага мувофиқ Институт директорининг буйруғи билан курслар бошланиши санасидан бошлаб уч кун мобайнида расмийлаштирилади.
21. Қайта тайёрлаш ёки малака оширишга юборилган паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар Институт директорининг буйруғи билан тингловчилар сафига қабул қилинади. Тингловчилар гуруҳини шакллантиришда, курснинг ўқув режа ва дастурларини тайёрлашда базавий маълумот, мутахассислик, тоифа ва эгаллаб турган лавозими шунингдек, буюртмачининг талаблари ҳисобга олинади.
22. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари бошлангандан кейин уч кун мобайнида келмаган тингловчилар, сабабларидан қатъи назар, курсларга қўйилмайди.
23. Тингловчиларнинг қайта тайёрлаш, махсус ўқув ва малака ошириш курсларига ўз вақтида келмаганлигининг ҳужжат билан тасдиқланган узрли сабаблари бўлган тақдирда, уларга ўқишнинг тегишли йўналиши (мутахассислиги) бўйича навбатдаги курсларда ўқишга рухсат берилади.
24. Институт тингловчиларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига ўз вақтида келмаганлиги ҳолатлари тўғрисида буюртмачи ва Ассоциацияга дарҳол хабар беради.
25. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидаги ўқув машғулотлари маъруза, амалий машғулот, семинар, тренинг, кўчма машғулот, маҳорат сабоқлари, интерфаол ва бошқа шаклларда олиб борилади.
26. Кўчма, амалий машғулотлар илғор таълим муассасалари, спорт мажмуалари ва бошқа ташкилотларда ташкил этилади.
27. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш, уларни талаб даражасида ўтказиш, таълим самарадорлигини таъминлаш учун шароитлар яратиш масъулияти Институтга юкланади.
28. Жорий йилда режага киритилмаган паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар Институт билан тузилган шартнома асосида малака ошириш курсларидан ўтишлари мумкин.
29. Шартнома асосида паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни ҳамда касбий маълумотга эга бўлмаган спорт таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари буюртмачи талаби ва меҳнат бозорининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, Институтда ташкил этилади.
30. Институт буюртмачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этади.
31. Институтда 3 ва 6 ойлик махсус ўқув курслари мурожаат этилган йўналишлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади.
32. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув жараёни тегишли йўналишлар бўйича тасдиқланган намунавий ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилган ишчи ўқув режаси ва дастурлар асосида амалга оширилади ҳамда машғулотлар жадвали билан тартибга солинади.
33. Намунавий ўқув режаси ва дастурлар спорт, фан, техника, технологиялар ҳамда соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари асосида такомиллаштирилади.
34. Институт ходимларига олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади. Бунда бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган тингловчилар нисбатининг чекланган нормативлари олий таълим муассасалари учун белгиланган бир нафар ўқитувчи ҳисобига талабалар сони нисбатининг чекланган нормативларидан 25 фоиз паст этиб белгиланади.
Таълим хизматларини кўрсатиш ва ҳомийлардан тушган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Институт профессор-ўқитувчилари ва ходимлари лавозим маошларига ягона тариф сеткаси (базавий лавозим маоши) бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра 200 фоизгача устама ҳақ тўланади.
8-боб. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тингловчилари
35. Ассоциация томонидан тасдиқланган режага киритилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчилари учун ўқишнинг барча даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаган лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади, уларнинг ўқув юкламаси эса бошқа аъзолар ўртасида тақсимланади.
36. Ишдан ажралган ҳолда Институтда қайта тайёрлаш ва малака оширишга юборилган тингловчилар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқишга бориш ва ундан қайтиш бўйича бир марталик йўл ҳақи харажатлари сафарга юборувчи ташкилот ҳисобидан қопланади.
37. Тингловчи қуйидаги сабабларга кўра курсдан четлаштирилади:
ўз хоҳишига кўра;
касаллиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
ўқув интизомини ва таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганлиги учун;
малака ошириш курсида 18 академик соатдан, қайта тайёрлашда 36 академик соатдан ортиқ ўқув машғулотларини сабабсиз қолдиргани учун;
шартнома асосида ўқиётган тингловчилар шартнома билан боғлиқ мажбуриятларни бажармагани учун;
суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги сабабли;
вафот этганлиги сабабли.
38. Тингловчилар малака ошириш ёки қайта тайёрлаш курсидан четлатилганда, сабаблари кўрсатилган ҳолда буюртмачига маълум қилинади.
39. Малака ошириш курсидан четлатилган ёки якуний назоратдан ўта олмаган тингловчи малака ошириш курсида бир йил мобайнида такроран ўқийди. Малака ошириш курсида такроран ўқиш тингловчининг ўз ҳисобидан шартнома асосида амалга оширилади ва бунда буюртмачи ташкилот томонидан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда, таътил бериш тартибида малака оширишга қайта юборилади.
Малака ошириш курсига қайта юборилган мутахассислар ўқиш якунлари бўйича якуний аттестациядан такроран ўтмаган бўлса, шартнома бўйича тўланган тўлов маблағлари қайтарилмайди.
Малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича аттестациядан такроран ўтмаган ёки асосий иш жойи бўйича белгиланган муддатда малака ошириш курсларидан такроран ўтмаган тақдирда, ушбу ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатидан ҳамда бўш турган педагог лавозимини эгаллаш танлови даврининг тугаган муддатидан қатъи назар, меҳнат шартномаси белгиланган тартибда икки ой мобайнида бекор қилинади. Улар ўз фаолиятини бошқа таълим муассасаларида (амалда фаолият юритаётган таълим муассасаларидан ташқари) давом эттириши ёхуд бошқа ташкилотларда ишлаши ҳамда ўзининг касбий малакасини мустақил равишда ошириши мумкин.
9-боб. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими ва уни бошқариш
40. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимига қуйидагилар киради:
Ассоциация;
буюртмачи;
тизимида паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислари мавжуд бўлган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар.
41. Ассоциация:
Институт тизимига умумий раҳбарлик қилади ҳамда унинг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан бирга мувофиқлаштиради;
кейинги календарь йил учун малака ошириш курслари бўйича тақдим этилган буюртмалар асосида режа ва жадвалларни тасдиқлайди;
Институт томонидан буюртма ва режалар бажарилиши юзасидан умумий назоратни амалга оширади;
ҳар йили 15 ноябрга қадар буюртмачиларнинг буюртманомалари асосида ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиш даврийлигига мувофиқ кейинги календарь йил учун ойлар ва таълим йўналишлари режаси ва рўйхатини шакллантиради, шунингдек, 5 декабрга қадар йиллик режа ва рўйхатни тасдиқлайди;
махсус ўқув курсларида ўқитиш бўйича мурожаатларни қабул қилади, ўрганиб чиқади, контингентни шакллантиради ҳамда курсларни ташкил этиш муддатини белгилайди;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг намунавий ўқув режаси ва дастурларини тасдиқлайди;
Институт ходимлари ҳамда педагоглар таркибининг хорижий давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида малакасини ошириш чораларини кўради.
42. Буюртмачи:
навбатдаги календарь йилга паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар ҳақида маълумотларни уларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, иш жойи ва стажи, лавозими, охирги малака оширган вақти кўрсатган ҳолда Ассоциацияга тақдим этади;
тасдиқланган режа ва жадвал асосида паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни белгиланган муддатда Институтга ўқишга етиб боришларини таъминлайди.
43. Тизимида паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислари мавжуд бўлган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар:
ҳар йили 15 ноябрга қадар буюртмачиларнинг буюртманомалари асосида ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиш даврийлигига мувофиқ кейинги календарь йил учун ойлар ва таълим йўналишлари режаси ва рўйхатини шакллантиради;
шакллантирилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига ўқишга юбориладиган тингловчилар контингентини Ассоциацияга тақдим этиб боради.
10-боб. Қайта тайёрлаш ва махсус ўқув курслари тингловчиларини аттестациядан ўтказиш ва баҳолаш
44. Тингловчилар қайта тайёрлаш ва махсус ўқув курслари таълим дастурларини ўзлаштириб бўлгандан сўнг Институт томонидан аттестациядан ўтказилади. Аттестация якуний онлайн тест синовлари, битирув малакавий иш ҳимояси ва суҳбатдан иборат бўлади.
45. Аттестация комиссияси таркиби камида 5 кишидан иборат таркибда Институт томонидан тузилади ва тасдиқланади.
46. Аттестация комиссияси таркибига Институт, Ассоциация, олий таълим муассасалари, олий спорт маҳорати мактаблари, спорт федерация (ассоциация)лари вакиллари жалб қилиниши мумкин.
47. Аттестация комиссияси таркибининг учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
48. Якуний онлайн тест қайта тайёрлаш ўқув режасидаги барча модуллар бўйича саволларни қамраб олган ҳолда тайёрланган тест саволлари асосида ўтказилади.
Якуний онлайн тест асосида тингловчининг билим даражаси 80 дақиқа давомида 80 та тест саволлари асосида 80 баллик баҳолаш тизими орқали аниқланади. Онлайн тест натижаси тест якунланиши билан дарҳол экранда акс эттирилади. Ушбу тест синовларини ўтказиш Институтнинг серверида жойлаштирилган электрон тизимга компьютерларнинг уланиши ва тест синовларини марказлашган ҳолда видеокузатувини ёзиб бориш орқали амалга оширилади.
49. Якуний онлайн тест қайта тайёрлаш курслари тингловчилари учун белгиланган умумий 80 баллдан камида 44,8 балл (56 фоиз) тўплаган тингловчи тест синовларидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ва унга битирув малакавий ишни ҳимоя қилишга рухсат берилади.
Махсус ўқув курслари тингловчилари битирув малакавий ишни ҳимоя қилади. Битирув малакавий иши жами 50 балл билан баҳоланади, умумий баллдан камида 28 балл (56 фоиз) тўплаган тингловчилари битирув малака ҳимоясидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ва унга якуний аттестация комиссияси суҳбатига киришга рухсат берилади.
50. Қайта тайёрлаш курслари тингловчилари учун битирув малакавий ишининг ҳимояси умумий 20 балл билан баҳоланади.
Махсус ўқув курслари тингловчилари учун якуний аттестация комиссияси суҳбати тасдиқланган савол-жавоблар ва тингловчининг спортда эришган натижалари ҳамда касбий билими максимал 50 балл билан баҳоланади.
Курс синовларида умумий 100 баллдан камида 56 балл (56 фоиз) ва ундан юқори балл тўплаган тингловчи курслардан ва якуний аттестация синовларидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ҳамда унга тегишлича мазкур Низомга 1 , 2-иловаларида келтирилган давлат намунасидаги диплом берилади.
Курс синовларида 56 балл (56 фоиз)дан кам балл тўплаган тингловчи курс синовларидан ўтмаган ҳисобланади.
11-боб. Малака ошириш курслари тингловчиларини аттестациядан ўтказиш ва баҳолаш
51. Тингловчиларнинг малака ошириш курси давомида олган билимларини баҳолаш мақсадида улар Институт томонидан аттестациядан ўтказилади.
52. Аттестация якуний онлайн тест синовлари ва суҳбатдан иборат бўлади.
53. Аттестацияни ўтказиш учун Аттестация комиссияси камида 5 кишидан иборат таркибда Институт томонидан тузилади ва тасдиқланади.
54. Аттестация комиссияси таркибига Институт, Ассоциация, олий таълим муассасалари, олий спорт маҳорати мактаблари, спорт федерация (ассоциация)лари вакиллари жалб қилиниши мумкин.
55. Аттестация комиссияси таркибининг учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
56. Аттестация комиссияси ўз қарорини онлайн тест синовлари, тингловчининг якуний суҳбат натижаларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилади.
57. Аттестация комиссиясининг қарори малака ошириш таълим муассасаси раҳбарининг курсларни муваффақиятли якунлаган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат бериш тўғрисидаги буйруғини расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.
58. Якуний онлайн тест малака ошириш ўқув режасидаги ҳар бир модул бўйича саволларни қамраб олган ҳолда тайёрланган тест саволлари асосида ўтказилади.
Якуний онлайн тест асосида тингловчиларнинг билим даражаси 50 дақиқа давомида 50 та тест саволлари асосида 50 баллик баҳолаш тизими орқали аниқланади. Онлайн тест натижаси тест якунланиши билан дарҳол экранда акс эттирилади. Ушбу тест синовларини ўтказиш Институтнинг серверида жойлаштирилган электрон тизимга компьютерларнинг уланиши ва тест синовларини марказлашган ҳолда видеокузатувини ёзиб бориш орқали амалга оширилади.
59. Якуний онлайн тест учун белгиланган умумий 50 баллдан камида 28 балл (56 фоиз) тўплаган тингловчи тест синовларидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ва якуний аттестация комиссияси суҳбатига киришига рухсат берилади.
60. Якуний аттестация комиссияси суҳбати тасдиқланган савол-жавоблар, тингловчининг охирги 4 йиллик фаолияти давомида ҳамда унинг ўқувчилари (шогирдлари) томонидан эришилган натижалар, шунингдек, спорт ва таълим соҳаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича ва касбий билим даражаси максимал 50 баллик тизимда баҳоланади. Якуний онлайн тест ва аттестация комиссияси суҳбати жами 100 баллик тизимда баҳоланади.
61. Курс синовларида умумий 100 баллдан камида 56 балл (56 фоиз) тўплаган тингловчи курслар ва якуний аттестация синовларидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ҳамда унга мазкур Низомга 3-иловада келтирилган давлат намунасидаги сертификат берилади.
Якуний онлайн тестга ажратилган 50 баллдан 28 балл (56 фоиз)дан ва курс синовларида 56 балл (100 баллнинг 56 фоизи)дан кам балл тўплаган тингловчи курс синовларидан ўтмаган деб ҳисобланади.
62. Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг малака тоифаларини олиши (ўзгартириши) ва эгаллаб турган лавозимларига мослиги аттестациядан ўтказишда улар қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг (диплом, сертификат) мавжудлиги талаб этилади.
12-боб. Якунловчи қоида
63. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Қайта тайёрлаш ҳақида ДИПЛОМ (тавсифи) Қайта тайёрлаш ҳақидаги давлат намунасидаги диплом А5 форматдаги оқ қоғозда, офсет усулида, беш хил рангдан: диплом муқоваси учун — тўқ яшил ранг, матн учун — қора ранг, расмлар тасвири учун — яшил, кўк ва қизил ранглардан, фон учун — оч пушти рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилади. Варақнинг чап юқори қисмида Паралимпия байроғи тасвири ва давлат тилида лотин ёзуви билан қуйидагилар жойлаштирилади: (Ўзбекистон Республикаси паралимпия рамзи тасвири) Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasi Qayta tayyorlash haqida DIPLOM QT № 000000 Qayd raqami: ____________ Berilgan joy: ____________ Berilgan sana: 20__ yil «___» _________ QR-kod жойи Дипломнинг ўнг қисмида давлат тилида лотин ёзуви билан қуйидагилар кўрсатилади: tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi; oʻqish davri; taʻlim muassasasi (tashkilot) nomi; qayta tayorlash kursining nomi va umumiy nomi; taʻlim muassasasi (tashkilot) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi; muhr oʻrni. Диплом: тартиб рақами иккита лотин ҳарфидан «QТ» ва олти рақамли сондан иборат бўлиши; барча матн ва тасвирлар нақшли растрдан иборат оч-пушти ранг фонда акс эттирилиши; такрорланмайдиган рақамлардан, олтита ҳимояга эга ва кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлиши; юқори сифатли махсус ҳимояланган офсет қоғозда чоп этилиши; ёруғлик воситасида нақшли растр нусхаси кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқ очиқ ранглардан иборат бўлиши; турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растр тўрларидан фойдаланиш йўли билан ҳимояга эга махсус қоғозлардан тайёрланиши лозим. Дипломнинг электрон шакли ҳисобга олиш серияси, QR-коди ва тартиб рақамига эга бўлади. QR-kod дипломнинг чап қисми ўнг томонига жойлаштирилади. Мазкур диплом босма қоғоз ёки электрон шаклда берилиши мумкин.
ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ҲАҚИДАГИ ДИПЛОМНИНГ ШАКЛИ Diplomning muqovasi
Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Махсус ўқув курси ҳақида ДИПЛОМ (тавсифи) Махсус ўқув курси ҳақидаги давлат намунасидаги диплом А5 форматдаги оқ қоғозда, офсет усулида, беш хил рангдан: диплом муқоваси учун — тўқ кўк ранг, матн учун — қора ранг, расмлар тасвири учун — яшил, кўк ва қизил ранглардан, фон учун — оч пушти рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилади. Варақнинг чап юқори қисмида Паралимпия байроғи тасвири ва давлат тилида лотин ёзуви билан қуйидагилар жойлаштирилади: (Ўзбекистон Республикаси паралимпия рамзи тасвири) Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasi Maxsus oʻquv kursi haqida DIPLOM MK № 000000 Qayd raqami: ____________ Berilgan joy: ____________ Berilgan sana: 20__ yil «___» _________ QR-kod жойи Дипломнинг ўнг қисмида давлат тилида лотин ёзуви билан қуйидагилар кўрсатилади: tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi; oʻqish davri; taʻlim muassasasi (tashkilot) nomi; maxsus oʻquv kursining nomi va umumiy soati; taʻlim muassasasi (tashkilot) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi; muhr oʻrni. Диплом: тартиб рақами иккита лотин ҳарфидан «QТ» ва олти рақамли сондан иборат бўлиши; барча матн ва тасвирлар нақшли растрдан иборат оч-пушти ранг фонда акс эттирилиши; такрорланмайдиган рақамлардан, олтита ҳимояга эга ва кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлиши; юқори сифатли махсус ҳимояланган офсет қоғозда чоп этилиши; ёруғлик воситасида нақшли растр нусхаси кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқ очиқ ранглардан иборат бўлиши; турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растр тўрларидан фойдаланиш йўли билан ҳимояга эга махсус қоғозлардан тайёрланиши лозим. Дипломнинг электрон шакли ҳисобга олиш серияси, QR-коди ва тартиб рақамига эга бўлади. QR-kod дипломнинг чап қисми ўнг томонига жойлаштирилади. Мазкур диплом босма қоғоз ёки электрон шаклда берилиши мумкин.
МАХСУС ЎҚУВ КУРСИ ҲАҚИДАГИ ДИПЛОМНИНГ ШАКЛИ Diplomning muqovasi
Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Малака ошириш ҳақида СЕРТИФИКАТ (тавсифи) Малака ошириш курсларини тугатганлик тўғрисидаги SERTIFIKAT А5 форматдаги оқ қоғозда, офсет усулида, беш хил рангдан: сертификат муқоваси учун — тўқ кўк ранг, матн учун — қора ранг, расмлар тасвири учун — яшил, кўк ва қизил ранглардан, фон учун — оч пушти рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилади. Варақнинг чап юқори қисмида Паралимпия байроғи тасвири ва давлат тилида лотин ёзуви билан қуйидагилар жойлаштирилади: (Ўзбекистон Республикаси паралимпия рамзи тасвири) Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasi Malaka oshirganlik haqida SERTIFIKAT MO № 000000 Qayd raqami: ____________ Berilgan joy: ____________ Berilgan sana: 20__ yil «___» _________ Amal qilish muddati: 20__ yil «___» _________ gacha (QR-kod жойи) Сертификатнинг ўнг қисмида давлат тилида лотин ёзувида қуйидагилар жойлаштирилади: tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi; oʻqish davri; malaka oshirish kursining nomi va umumiy nomi; taʻlim muassasasi (tashkilot) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi; muhr oʻrni. Сертификат: тартиб рақами иккита лотин ҳарфидан «MO» ва олти рақамли сондан иборат бўлиши; барча матн ва тасвирлар нақшли растрдан иборат оч-пушти ранг фонда жойлаштирилиши; такрорланмайдиган рақамлардан, олтита ҳимояга эга ва кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлиши; юқори сифатли махсус ҳимояланган офсет қоғозда чоп этилиши; ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг очиқ рангларидан иборат бўлиши; турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растр тўрларидан фойдаланиш йўли билан ҳимояга эга махсус қоғоздан тайёрланиши лозим. Сертификатнинг электрон шакли ҳисобга олиш серияси, QR-коди ва тартиб рақамига эга бўлади. QR-kod сертификат чап қисмининг ўнг томонига жойлаштирилади. Мазкур сертификат қоғоз ёки электрон шаклда берилиши мумкин.
МАЛАКА ОШИРИШ ҲАҚИДАГИ СЕРТИФИКАТНИНГ ШАКЛИ Sertifikatning muqovasi
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 14 октябрь,
599-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
NIZOM
Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasi huzuridagi Adaptiv jismoniy tarbiya va sport mutaxassislarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Paralimpiya harakatini rivojlantirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 18-maydagi PQ-5114-son qaroriga muvofiq paralimpiya sport turlari bilan shugʻullanadigan trenerlar, uslubchi-yoʻriqchilar va boshqa mutaxassislarni qayta tayyorlash hamda ularning malakasini oshirishga ixtisoslashgan ilmiy-taʼlim muassasasi faoliyatini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
2. Quyidagilar Adaptiv jismoniy tarbiya va sport mutaxassislarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutining asosiy vazifalari etib belgilansin:
parasport boʻyicha faoliyat yuritayotgan trenerlar, yoʻriqchi-uslubchilarva boshqa mutaxassislarning malakasini oshirish, bunda xalqaro ilgʻor tajribaga ega boʻlgan mutaxassislar va trenerlarni taʼlim jarayoniga shartnoma asosida jalb etish;
kasbiy maʼlumotga ega boʻlmagan sport-taʼlim muassasalari xodimlari uchun qoʻshimcha ixtisoslik boʻyicha pullik asosda parasport boʻyicha qayta tayyorlash va qisqa muddatli maxsus kurslarni tashkil etish;
parasport boʻyicha sportchilarni oʻqitish va tayyorlashning barcha darajalarida sport mahoratidan bilim berishning innovatsion metodlarini ishlab chiqish, ilgʻor pedagogik texnologiyalarni joriy etish va joriy etishga yoʻnaltirilgan ilmiy-tadqiqotlar oʻtkazish;
parasport boʻyicha qobiliyatli yosh sportchilarni aniqlash hamda ular orasidan xalqaro sport maydonlarida munosib qatnashishni taʼminlashga qodir boʻlgan professional sportchilarni tayyorlash mahorati va koʻnikmalarini rivojlantirishga yoʻnaltirilgan zamonaviy hamda samarali oʻqitish dasturlari va usullarini joriy etish;
inklyuziv taʼlim tizimi uchun malakali pedagog kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;
eshitish qobiliyati past boʻlgan karlar sporti, aqli zaif boʻlgan shaxslar oʻrtasida sport turlari hamda koʻzi ojizlar sport turlari uchun trener va mutaxassislarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish.
3. Adaptiv jismoniy tarbiya va sport mutaxassislarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutining tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasi ijroiya qoʻmitasi raisiga, zarur hollarda, institut tuzilmasiga boshqaruv xodimlarining umumiy cheklangan soni va mehnatga haq toʻlash fondi doirasida oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.
4. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi Sportni rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda:
Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni tayyorlash instituti ustavining ishlab chiqilishi va tasdiqlanishini, shuningdek, belgilangan tartibda uning davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;
Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni tayyorlash instituti oʻquv rejalari va dasturlarini ishlab chiqsin hamda tasdiqlasin;
Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni tayyorlash institutini oʻqitishning zamonaviy uslublarini qoʻllash koʻnikmalariga va ilmiy-tadqiqot ishlari boʻyicha amaliy tajribaga ega boʻlgan malakali xodimlar bilan toʻldirilishini taʼminlasin.
6. Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi, “El-yurt umidi” jamgʻarmasi bilan birgalikda iqtidorli mutaxassislar hamda Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni tayyorlash institutini professor-oʻqituvchilarini xorijiy davlatlarda malakasini oshirish choralarini koʻrsin.
7. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universiteti bilan birgalikda paralimpiya va noparalimpiya sport turlari boʻyicha oʻquv adabiyotlari, oʻquv-metodik qoʻllanmalar, darsliklarni ishlab chiqsin va Adaptiv jismoniy tarbiya va sport mutaxassislarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutini taʼminlasin.
8. Sport vazirligi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Oʻzbekiston nogironlar jamiyati, Oʻzbekiston koʻzi ojizlar jamiyati, Oʻzbekiston karlar jamiyati trenerlar, oʻqituvchilar, jismoniy tarbiya instruktorlari, yoʻriqchi-metodistlar va sport faoliyati yoʻnalishlari boʻyicha boshqa mutaxassislarning egallab turgan lavozimiga koʻra malaka oshirish kurslaridan oʻtishi boʻyicha belgilangan davriylikni inobatga olgan holda keyingi kalendar yilda malaka oshirish kurslariga oʻqishga yuboriladigan tinglovchilar kontingentini shakllantirib, Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasiga taqdim etib borsin.
9. Nogironligi boʻlgan shaxslar ishlari boʻyicha idoralararo kengashi Adaptiv jismoniy tarbiya va sport mutaxassislarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti:
faoliyatini moliyalashtirishda homiylik xayriyalari, xalqaro moliya tashkilotlarining grantlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalarini jalb etish;
taʼlim tizimiga yetakchi xorijiy davlatlar taʼlim muassasalari tajribasini joriy etish va xorijiy ekspertlarni jalb etish choralarini koʻrsin.
10. Adaptiv jismoniy tarbiya va sport mutaxassislarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti Toshkent shahri, Beshyogʻoch koʻchasi, 126-uy manzili boʻyicha vaqtinchalik joylashtirilsin.
Bunda, Adaptiv jismoniy tarbiya va sport mutaxassislarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti kelgusida Toshkent shahrida barpo qilinayotgan “Olimpiya shaharchasi”da joylashtirilishi nazarda tutilsin.
11. Belgilab qoʻyilsinki, Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni tayyorlash institutini saqlash xarajatlari uchun zarur mablagʻlar 2022-yilda respublika budjeti mablagʻlari doirasida, 2023-yildan boshlab esa Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.
12. Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi Tibbiy-ijtimoiy xizmatlarni rivojlantirish agentligi, Oʻzbekiston nogironlar assotsiatsiyasi, Oʻzbekiston karlar jamiyati, Oʻzbekiston nogironlar jamiyati, Oʻzbekiston koʻzi ojizlar jamiyati va boshqa manfaatdor tashkilotlar bilan birgalikda 2022-yil 1-dekabrga qadar noparalimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish boʻyicha takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
13. Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi belgilangan tartibda Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni tayyorlash institutini zarur telekommunikatsiya xizmatlari bilan va Internet tarmogʻiga ulanishini taʼminlasin.
14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish sportni rivojlantirish vaziri A.I. Ikramov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, sogʻliqni saqlash va sport masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 599-son qaroriga 1-ILOVA
Adaptiv jismoniy tarbiya va sport mutaxassislarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutining
Direktor Ilmiy-metodik kengash Direktorning oʻquv va ilmiy-metodik ishlar boʻyicha oʻrinbosari 1 Moliya-iqtisodiyot boʻlimi 2 Axborot-resurs markazi 2 Qayta tayyorlash va malaka oshirish jarayonini tashkil etish boʻlimi 3 Kadrlar boʻyicha bosh mutaxassis 1 Oʻquv-mashgʻulot jarayonini ilmiy axborot bilan taʼminlash hamda ilmiy-metodika boʻlimi 2 Bosh yuriskonsult 1 Xalqaro tajribani oʻrganish va oʻqitishning zamonaviy metodikalarini joriy etish boʻlimi 2 Devonxona va arxiv 1 Xoʻjalik boʻlimi * 1 Qayta tayyorlash va malaka oshirish jarayoni monitoringini olib borish va sifatini baholash boʻlimi 2 Axborot-kommunikatsiya texnologiyalari boʻyicha bosh mutaxassis 1 Kafedralar *
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 599-son qaroriga 2-ILOVA
Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom paralimpiya sport turlari boʻyicha rahbar kadrlarni, sport turlarini rivojlantirish respublika markazlari, Olimpiya va paralimpiya sport turlariga tayyorlash markazlari, ixtisoslashtirilgan sport maktablari, sport maktablarining paralimpiya sport turlari boʻyicha yoʻriqchi-uslubchilari va trenerlarini hamda shu sohadagi boshqa mutaxassislarni (keyingi oʻrinlarda — paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislar), shuningdek, inklyuziv taʼlim tizimi uchun malakali pedagog kadrlar, eshitish qobiliyati past boʻlgan karlar sporti, aqli zaif boʻlgan shaxslar oʻrtasida sport turlari hamda koʻzi ojizlar sport turlari uchun trener va mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish tartibini belgilaydi.
2. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish yoʻnalishlari Sport vazirligi bilan kelishgan holda Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasi (keyingi oʻrinlarda — Assotsiatsiya) tomonidan tasdiqlanadi.
3. Vazirliklar va idoralar tizimidagi taʼlim muassasalarining paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislari — Assotsiatsiya tomonidan tasdiqlangan reja asosida nodavlat taʼlim tashkilotlarining xodimlari va jismoniy shaxslar esa — ular bilan tuzilgan shartnoma asosida Assotsiatsiya huzuridagi Adaptiv jismoniy tarbiya va sport mutaxassislarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutida (keyingi oʻrinlarda — Institut) qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan oʻtadilar.
4. Xorijiy davlatlarda taʼlim muassasalarini tamomlagan paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish ularning bazaviy maʼlumoti toʻgʻrisidagi hujjat belgilangan tartibda nostrifikatsiyadan oʻtkazilgandan keyin amalga oshiriladi.
5. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislar toʻrt yilda kamida bir marta malaka oshirishlari shart.
6. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash kurslari yuridik va jismoniy shaxslarning buyurtmalari yoki mehnat bozorining talablari bilan belgilanadigan ayrim pedagoglarning qayta ixtisoslashuvi yoxud yangi mutaxassislikka ega boʻlishi munosabati bilan Institut tashabbusiga koʻra shartnoma asosida tashkil etiladi.
2-bob. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirishning maqsadi va vazifalari
7. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarning egallab turgan lavozimlari, mutaxassisligi yoki dars beradigan modullari (fanlari) boʻyicha kasbiy va pedagogik mahoratini doimiy ravishda oshirib borish, ularni ilgʻor pedagogik va axborot texnologiyalari, materiallar va ilmiy-oʻquv adabiyotlar bilan taʼminlash, oʻqitishning innovatsion usullari boʻyicha kasbiy bilimlari, malaka va koʻnikmalarini muntazam ravishda yangilab borish, ilmiy-metodik jihatdan taʼminlash paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malaka oshirishning maqsadi hisoblanadi.
8. Quyidagilar paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni ilmiy-metodik taʼminlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirishning vazifalari hisoblanadi:
paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarning kasbiy bilimi, koʻnikmasi va mahoratini oshirish, zamon talablariga muvofiq taʼlim sifatini taʼminlash uchun zarur darajada kasbiy tayyorgarligini rivojlantirish;
paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarda mustaqil fikrlash koʻnikmalarini shakllantirish, ularning pedagogik yangilikka intilishni rivojlantirish, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalana bilish darajasini oshirish, ularni ilmiy-metodik adabiyotlar bilan taʼminlash;
paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarning oʻquv mashgʻulotlari, oʻquv-tarbiyaviy ishlarni amalga oshirishda ilgʻor taʼlim texnologiyalari va xalqaro tajribadan foydalanish, ilmiy va oʻquv-metodik tadqiqotlar olib borish hamda amaliyotga joriy etish koʻnikmalarini mustahkamlash.
3-bob. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish mazmuni hamda sifatiga qoʻyiladigan umumiy talablar
9. Quyidagilar qayta tayyorlash va malaka oshirish boʻyicha taʼlim dasturlari mazmuniga qoʻyiladigan umumiy talablar hisoblanadi:
kasblar va lavozimlarga boʻlgan malaka talablariga muvofiqlik;
taʼlim va kadrlar tayyorlash sohasidagi davlat siyosati asosiy yoʻnalishlarining, taʼlim turlari va bosqichlari boʻyicha davlat taʼlim talablarining uzluksizligi va uzviyligini taʼminlashga, tinglovchilarning bilimlarini yangilash va chuqurlashtirishga, zamonaviy axborot texnologiyalaridan foydalana olishga, kasbiy malaka va koʻnikmalarni hosil qilishga, taʼlimning samarali usullari hamda texnologiyalarini egallash va takomillashtirishga qaratilganligi;
davlat taʼlim talablari hajmi va mazmunining qayta tayyorlash va malaka oshirish muddatlariga muvofiqligi.
10. Qayta tayyorlash va malaka oshirish sifati paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislar tayyorgarligining zarur va yetarli darajasi, bilim, amaliy va kasbiy mahoratning mazkur mutaxassislarga qoʻyiladigan talablariga muvofiqligi bilan belgilanadi.
11. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridagi oʻquv jarayoni oʻquv rejalari va dasturlari asosida amalga oshiriladi hamda uning mazmuni va sifatiga qoʻyiladigan talablar tegishli taʼlim dasturlari bilan belgilanadi.
4-bob. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash shakllari
12. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash quyidagi shakllarda amalga oshiriladi:
pedagogik qayta tayyorlash;
kasbiy qayta tayyorlash;
maxsus oʻquv kurslarda oʻqitish.
Pedagogik qayta tayyorlash — oliy yoki oʻrta maxsus maʼlumotga ega pedagog boʻlmagan mutaxassislarning bazaviy kasbiy maʼlumotini taʼlimning tegishli turi malaka talablari bilan belgilanadigan oʻquv-tarbiya jarayonining talab etiladigan sifatini taʼminlaydigan darajada pedagogik faoliyatni yuritish uchun zarur va yetarli boʻlgan tayyorgarlikka muvofiqlashtirish maqsadida mutaxassislarni paralimpiya sport turlari boʻyicha qayta tayyorlash hisoblanadi.
Kasbiy qayta tayyorlash — oliy yoki oʻrta maxsus pedagogik maʼlumotga ega mutaxassislar tomonidan taʼlimning tegishli turi malaka talablari bilan belgilanadigan, oʻqitishning talab etiladigan sifatini taʼminlaydigan darajada oʻquv fani yoki kurs boʻyicha pedagogik faoliyatni yuritish uchun paralimpiya sport turlari boʻyicha zarur hajmda yangi kasbiy bilimlar, malaka va koʻnikmalarni oʻzlashtirishdan iborat.
Maxsus oʻquv kurslarida oʻqitish — sport faoliyatini yakunlagan va kamida birinchi sport razryadiga ega boʻlgan sportchilarning paralimpiya sport turlari boʻyicha trenerlik faoliyati bilan shugʻullanishlari, pedagogik faoliyatni yuritish, zarur va yetarli hajmda yangi bilim, malaka va koʻnikmalarni oʻrgatishi nazarda tutiladi.
5-bob. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislar malakasini oshirish shakllari
13. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarning malakasini oshirish quyidagi shakllarda amalga oshiriladi:
toʻgʻridan-toʻgʻri malaka oshirish (taʼlim dasturlari boʻyicha oʻqitish);
ilmiy-tadqiqot muassasasida tajriba orttirish;
xorijda tajriba orttirish;
mustaqil oʻqib bilim orttirish;
masofaviy taʼlim.
Toʻgʻridan-toʻgʻri malaka oshirish — taʼlim dasturlari va mehnat bozorining takliflari asosida paralimpiya sohasiga oid taʼlimning tegishli turi oʻquv-tarbiya jarayonining monitoringi natijalari va mutaxassislar tayyorlash sifatini hisobga olgan holda, davlat talablariga muvofiq ishlab chiqilgan modullar boʻyicha maqsadli kasbiy taʼlim dasturlarini oʻzlashtirish hisoblanadi.
Ilmiy-tadqiqot muassasalarida tajriba orttirish — Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universiteti, markazlar, laboratoriyalar va boshqa muassasalarda fanning zamonaviy yutuqlari, tegishli mutaxassisliklar boʻyicha rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlari, ilmiy tadqiqot uslublarini oʻrganishdan iborat.
Xorijda tajriba orttirish — Assotsiatsiya, xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlar tomonidan mamlakatimiz taʼlim tizimini rivojlantirish va takomillashtirishga koʻmaklashish uchun ajratilgan grantlarga muvofiq, shuningdek, taʼlimni boshqarish organlari bilan taʼlim va sport taʼlimi muassasalari hamda sport tashkilotlari tajribalarini oʻrganishni oʻz ichiga oladi.
Mustaqil oʻqib bilim orttirish — paralimpiya sohasiga oid taʼlim darajasi va sifatiga qoʻyiladigan davlat talablariga muvofiq oʻqitiladigan modullar boʻyicha yangi bilimlar, malaka va koʻnikmalarni mustaqil oʻzlashtirishdan iborat.
Masofaviy taʼlim — onlayn (videomaʼruzalar, maslahatlar, nazorat turlarini masofadan turib real vaqt rejimida oʻtkazish) va offlayn (masofaviy taʼlim tizimidagi tegishli oʻquv-metodik resurslarni mustaqil ravishda oʻzlashtirish) shaklida amalga oshiriladigan taʼlim turi hisoblanadi.
6-bob. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malaka oshirish kursining davomiyligi hamda oʻquv yuklamasining hajmi
14. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash davomiyligi va oʻquv yuklamasining hajmi quyidagi muddatlarda belgilanadi:
pedagogik qayta tayyorlash — kamida 4 oy (576 soat);
kasbiy qayta tayyorlash — kamida 4 oy (576 soat);
maxsus oʻquv kurslarda oʻqitish — 3 oy (432 soat), 6 oy (864 soat).
15. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarning malakasini oshirish davomiyligi uni tashkil etish shakllariga hamda kasbiy malaka darajasi va individual kasbiy ehtiyoj tizimida paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislar faoliyat yuritadigan vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar (buyurtmachilar) talablarini hisobga olgan holda aniqlanadi.
Malaka oshirishning toʻgʻridan-toʻgʻri shakllari umumiy davomiyligi kamida 4 hafta (144 soat) etib belgilanadi.
Malaka oshirishning toʻgʻridan-toʻgʻri shakllari uchun auditoriya mashgʻulotlari va mustaqil ishlarning eng yuqori hajmi haftasiga 36 soat etib belgilanadi.
Ayrim hollarda malaka oshirishning toʻgʻridan-toʻgʻri shakllari umumiy davom etish muddati asosiy ishdan ajralgan holda oʻqitishda kamida 3 hafta (144 soat), auditoriya mashgʻulotlarining va mustaqil ishlarning eng yuqori hajmi haftasiga 48 soat etib belgilanishi mumkin.
16. Auditoriya mashgʻulotlari va mustaqil ishlarning haftalik yuklamasi eng yuqori hajmi haftasiga 36 soat etib belgilanadi.
17. Auditoriya mashgʻulotlarining barcha turlari 80 daqiqa davom etadi, oʻquv mashgʻulotlari oraligʻidagi tanaffus kamida 10 daqiqani tashkil etadi.
7-bob. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarini tashkil etish
18. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridagi oʻquv jarayonlari 15 — 20 nafar tinglovchidan iborat akademik guruhlarda tashkil etiladi.
Tinglovchilar kontingenti yetarli boʻlmagan yoʻnalishlarda, shu jumladan, rus tilida dars olib boriladigan guruhlarda, tinglovchilar kontingenti guruh tarkibida yigʻilmaydigan kam sonli alohida paralimpiya sport turlarida oʻquv jarayonini tashkil etishda tinglovchilar soni, istisno tariqasida, kamida 5 nafar etib belgilanishi mumkin.
Maxsus oʻquv kurslari uchun guruh talab etilgan tinglovchilar soni shakllanmagan taqdirda, tinglovchilar kontingentini oʻqitish qayta tayyorlash yoki malaka oshirish kurslari boʻyicha guruhlar tarkibida amalga oshiriladi.
19. Kasbiy qayta tayyorlash mumkin boʻlgan turdosh mutaxassisliklar roʻyxati Assotsiatsiya tomonidan belgilanadi.
20. Kurslarga tinglovchilarni qabul qilish tasdiqlangan rejaga muvofiq Institut direktorining buyrugʻi bilan kurslar boshlanishi sanasidan boshlab uch kun mobaynida rasmiylashtiriladi.
21. Qayta tayyorlash yoki malaka oshirishga yuborilgan paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislar Institut direktorining buyrugʻi bilan tinglovchilar safiga qabul qilinadi. Tinglovchilar guruhini shakllantirishda, kursning oʻquv reja va dasturlarini tayyorlashda bazaviy maʼlumot, mutaxassislik, toifa va egallab turgan lavozimi shuningdek, buyurtmachining talablari hisobga olinadi.
22. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari boshlangandan keyin uch kun mobaynida kelmagan tinglovchilar, sabablaridan qatʼi nazar, kurslarga qoʻyilmaydi.
23. Tinglovchilarning qayta tayyorlash, maxsus oʻquv va malaka oshirish kurslariga oʻz vaqtida kelmaganligining hujjat bilan tasdiqlangan uzrli sabablari boʻlgan taqdirda, ularga oʻqishning tegishli yoʻnalishi (mutaxassisligi) boʻyicha navbatdagi kurslarda oʻqishga ruxsat beriladi.
24. Institut tinglovchilarning qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslariga oʻz vaqtida kelmaganligi holatlari toʻgʻrisida buyurtmachi va Assotsiatsiyaga darhol xabar beradi.
25. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridagi oʻquv mashgʻulotlari maʼruza, amaliy mashgʻulot, seminar, trening, koʻchma mashgʻulot, mahorat saboqlari, interfaol va boshqa shakllarda olib boriladi.
26. Koʻchma, amaliy mashgʻulotlar ilgʻor taʼlim muassasalari, sport majmualari va boshqa tashkilotlarda tashkil etiladi.
27. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarini tashkil etish, ularni talab darajasida oʻtkazish, taʼlim samaradorligini taʼminlash uchun sharoitlar yaratish masʼuliyati Institutga yuklanadi.
28. Joriy yilda rejaga kiritilmagan paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislar Institut bilan tuzilgan shartnoma asosida malaka oshirish kurslaridan oʻtishlari mumkin.
29. Shartnoma asosida paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni hamda kasbiy maʼlumotga ega boʻlmagan sport taʼlim muassasalari xodimlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish kurslari buyurtmachi talabi va mehnat bozorining ehtiyojlaridan kelib chiqqan holda, Institutda tashkil etiladi.
30. Institut buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni oʻrganib chiqib, qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarini tashkil etadi.
31. Institutda 3 va 6 oylik maxsus oʻquv kurslari murojaat etilgan yoʻnalishlardan kelib chiqqan holda tashkil etiladi.
32. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida oʻquv jarayoni tegishli yoʻnalishlar boʻyicha tasdiqlangan namunaviy oʻquv rejasi va dasturlariga muvofiq ishlab chiqilgan ishchi oʻquv rejasi va dasturlar asosida amalga oshiriladi hamda mashgʻulotlar jadvali bilan tartibga solinadi.
33. Namunaviy oʻquv rejasi va dasturlar sport, fan, texnika, texnologiyalar hamda sohani rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlari asosida takomillashtiriladi.
34. Institut xodimlariga oliy taʼlim muassasalarining tegishli lavozimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash miqdorlari va shartlari tatbiq etiladi. Bunda bir nafar oʻqituvchi hisobiga toʻgʻri keladigan tinglovchilar nisbatining cheklangan normativlari oliy taʼlim muassasalari uchun belgilangan bir nafar oʻqituvchi hisobiga talabalar soni nisbatining cheklangan normativlaridan 25 foiz past etib belgilanadi.
Taʼlim xizmatlarini koʻrsatish va homiylardan tushgan budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan Institut professor-oʻqituvchilari va xodimlari lavozim maoshlariga yagona tarif setkasi (bazaviy lavozim maoshi) boʻyicha mehnatga haq toʻlashning tasdiqlangan razryadlariga koʻra 200 foizgacha ustama haq toʻlanadi.
8-bob. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarining tinglovchilari
35. Assotsiatsiya tomonidan tasdiqlangan rejaga kiritilgan qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tinglovchilari uchun oʻqishning barcha davrida ularning asosiy ish joyi boʻyicha egallagan lavozimi va oʻrtacha ish haqi saqlanadi, ularning oʻquv yuklamasi esa boshqa aʼzolar oʻrtasida taqsimlanadi.
36. Ishdan ajralgan holda Institutda qayta tayyorlash va malaka oshirishga yuborilgan tinglovchilar uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻqishga borish va undan qaytish boʻyicha bir martalik yoʻl haqi xarajatlari safarga yuboruvchi tashkilot hisobidan qoplanadi.
37. Tinglovchi quyidagi sabablarga koʻra kursdan chetlashtiriladi:
oʻz xohishiga koʻra;
kasalligi tufayli (tibbiy komissiya maʼlumotnomasi asosida);
oʻquv intizomini va taʼlim muassasasining ichki tartib-qoidalarini muntazam ravishda yoki bir marotaba qoʻpol ravishda buzganligi uchun;
malaka oshirish kursida 18 akademik soatdan, qayta tayyorlashda 36 akademik soatdan ortiq oʻquv mashgʻulotlarini sababsiz qoldirgani uchun;
shartnoma asosida oʻqiyotgan tinglovchilar shartnoma bilan bogʻliq majburiyatlarni bajarmagani uchun;
sud tomonidan ozodlikdan mahrum etilganligi sababli;
vafot etganligi sababli.
38. Tinglovchilar malaka oshirish yoki qayta tayyorlash kursidan chetlatilganda, sabablari koʻrsatilgan holda buyurtmachiga maʼlum qilinadi.
39. Malaka oshirish kursidan chetlatilgan yoki yakuniy nazoratdan oʻta olmagan tinglovchi malaka oshirish kursida bir yil mobaynida takroran oʻqiydi. Malaka oshirish kursida takroran oʻqish tinglovchining oʻz hisobidan shartnoma asosida amalga oshiriladi va bunda buyurtmachi tashkilot tomonidan unga ish haqi saqlanmagan holda, taʼtil berish tartibida malaka oshirishga qayta yuboriladi.
Malaka oshirish kursiga qayta yuborilgan mutaxassislar oʻqish yakunlari boʻyicha yakuniy attestatsiyadan takroran oʻtmagan boʻlsa, shartnoma boʻyicha toʻlangan toʻlov mablagʻlari qaytarilmaydi.
Malaka oshirish kurslarida oʻqish yakunlari boʻyicha attestatsiyadan takroran oʻtmagan yoki asosiy ish joyi boʻyicha belgilangan muddatda malaka oshirish kurslaridan takroran oʻtmagan taqdirda, ushbu xodimlar bilan tuzilgan mehnat shartnomasining amal qilish muddatidan hamda boʻsh turgan pedagog lavozimini egallash tanlovi davrining tugagan muddatidan qatʼi nazar, mehnat shartnomasi belgilangan tartibda ikki oy mobaynida bekor qilinadi. Ular oʻz faoliyatini boshqa taʼlim muassasalarida (amalda faoliyat yuritayotgan taʼlim muassasalaridan tashqari) davom ettirishi yoxud boshqa tashkilotlarda ishlashi hamda oʻzining kasbiy malakasini mustaqil ravishda oshirishi mumkin.
9-bob. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish tizimi va uni boshqarish
40. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish tizimiga quyidagilar kiradi:
Assotsiatsiya;
buyurtmachi;
tizimida paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislari mavjud boʻlgan vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar.
41. Assotsiatsiya:
Institut tizimiga umumiy rahbarlik qiladi hamda uning faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi bilan birga muvofiqlashtiradi;
keyingi kalendar yil uchun malaka oshirish kurslari boʻyicha taqdim etilgan buyurtmalar asosida reja va jadvallarni tasdiqlaydi;
Institut tomonidan buyurtma va rejalar bajarilishi yuzasidan umumiy nazoratni amalga oshiradi;
har yili 15-noyabrga qadar buyurtmachilarning buyurtmanomalari asosida hamda qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan oʻtish davriyligiga muvofiq keyingi kalendar yil uchun oylar va taʼlim yoʻnalishlari rejasi va roʻyxatini shakllantiradi, shuningdek, 5-dekabrga qadar yillik reja va roʻyxatni tasdiqlaydi;
maxsus oʻquv kurslarida oʻqitish boʻyicha murojaatlarni qabul qiladi, oʻrganib chiqadi, kontingentni shakllantiradi hamda kurslarni tashkil etish muddatini belgilaydi;
qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarining namunaviy oʻquv rejasi va dasturlarini tasdiqlaydi;
Institut xodimlari hamda pedagoglar tarkibining xorijiy davlatlarning yetakchi taʼlim va ilmiy muassasalarida malakasini oshirish choralarini koʻradi.
42. Buyurtmachi:
navbatdagi kalendar yilga paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislar haqida maʼlumotlarni ularning familiyasi, ismi va otasining ismi, qachon va qaysi taʼlim muassasasini bitirganligi, diplom boʻyicha mutaxassisligi, ish joyi va staji, lavozimi, oxirgi malaka oshirgan vaqti koʻrsatgan holda Assotsiatsiyaga taqdim etadi;
tasdiqlangan reja va jadval asosida paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni belgilangan muddatda Institutga oʻqishga yetib borishlarini taʼminlaydi.
43. Tizimida paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislari mavjud boʻlgan vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar:
har yili 15-noyabrga qadar buyurtmachilarning buyurtmanomalari asosida hamda qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan oʻtish davriyligiga muvofiq keyingi kalendar yil uchun oylar va taʼlim yoʻnalishlari rejasi va roʻyxatini shakllantiradi;
shakllantirilgan qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslariga oʻqishga yuboriladigan tinglovchilar kontingentini Assotsiatsiyaga taqdim etib boradi.
10-bob. Qayta tayyorlash va maxsus oʻquv kurslari tinglovchilarini attestatsiyadan oʻtkazish va baholash
44. Tinglovchilar qayta tayyorlash va maxsus oʻquv kurslari taʼlim dasturlarini oʻzlashtirib boʻlgandan soʻng Institut tomonidan attestatsiyadan oʻtkaziladi. Attestatsiya yakuniy onlayn test sinovlari, bitiruv malakaviy ish himoyasi va suhbatdan iborat boʻladi.
45. Attestatsiya komissiyasi tarkibi kamida 5 kishidan iborat tarkibda Institut tomonidan tuziladi va tasdiqlanadi.
46. Attestatsiya komissiyasi tarkibiga Institut, Assotsiatsiya, oliy taʼlim muassasalari, oliy sport mahorati maktablari, sport federatsiya (assotsiatsiya)lari vakillari jalb qilinishi mumkin.
47. Attestatsiya komissiyasi tarkibining uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi.
48. Yakuniy onlayn test qayta tayyorlash oʻquv rejasidagi barcha modullar boʻyicha savollarni qamrab olgan holda tayyorlangan test savollari asosida oʻtkaziladi.
Yakuniy onlayn test asosida tinglovchining bilim darajasi 80 daqiqa davomida 80 ta test savollari asosida 80 ballik baholash tizimi orqali aniqlanadi. Onlayn test natijasi test yakunlanishi bilan darhol ekranda aks ettiriladi. Ushbu test sinovlarini oʻtkazish Institutning serverida joylashtirilgan elektron tizimga kompyuterlarning ulanishi va test sinovlarini markazlashgan holda videokuzatuvini yozib borish orqali amalga oshiriladi.
49. Yakuniy onlayn test qayta tayyorlash kurslari tinglovchilari uchun belgilangan umumiy 80 balldan kamida 44,8 ball (56 foiz) toʻplagan tinglovchi test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan hisoblanadi va unga bitiruv malakaviy ishni himoya qilishga ruxsat beriladi.
Maxsus oʻquv kurslari tinglovchilari bitiruv malakaviy ishni himoya qiladi. Bitiruv malakaviy ishi jami 50 ball bilan baholanadi, umumiy balldan kamida 28 ball (56 foiz) toʻplagan tinglovchilari bitiruv malaka himoyasidan muvaffaqiyatli oʻtgan hisoblanadi va unga yakuniy attestatsiya komissiyasi suhbatiga kirishga ruxsat beriladi.
50. Qayta tayyorlash kurslari tinglovchilari uchun bitiruv malakaviy ishining himoyasi umumiy 20 ball bilan baholanadi.
Maxsus oʻquv kurslari tinglovchilari uchun yakuniy attestatsiya komissiyasi suhbati tasdiqlangan savol-javoblar va tinglovchining sportda erishgan natijalari hamda kasbiy bilimi maksimal 50 ball bilan baholanadi.
Kurs sinovlarida umumiy 100 balldan kamida 56 ball (56 foiz) va undan yuqori ball toʻplagan tinglovchi kurslardan va yakuniy attestatsiya sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan hisoblanadi hamda unga tegishlicha mazkur Nizomga 1 , 2-ilovalarida keltirilgan davlat namunasidagi diplom beriladi.
Kurs sinovlarida 56 ball (56 foiz)dan kam ball toʻplagan tinglovchi kurs sinovlaridan oʻtmagan hisoblanadi.
11-bob. Malaka oshirish kurslari tinglovchilarini attestatsiyadan oʻtkazish va baholash
51. Tinglovchilarning malaka oshirish kursi davomida olgan bilimlarini baholash maqsadida ular Institut tomonidan attestatsiyadan oʻtkaziladi.
52. Attestatsiya yakuniy onlayn test sinovlari va suhbatdan iborat boʻladi.
53. Attestatsiyani oʻtkazish uchun Attestatsiya komissiyasi kamida 5 kishidan iborat tarkibda Institut tomonidan tuziladi va tasdiqlanadi.
54. Attestatsiya komissiyasi tarkibiga Institut, Assotsiatsiya, oliy taʼlim muassasalari, oliy sport mahorati maktablari, sport federatsiya (assotsiatsiya)lari vakillari jalb qilinishi mumkin.
55. Attestatsiya komissiyasi tarkibining uchdan ikki qismi ishtirok etsa, vakolatli hisoblanadi.
56. Attestatsiya komissiyasi oʻz qarorini onlayn test sinovlari, tinglovchining yakuniy suhbat natijalarini hisobga olgan holda qabul qiladi.
57. Attestatsiya komissiyasining qarori malaka oshirish taʼlim muassasasi rahbarining kurslarni muvaffaqiyatli yakunlagan tinglovchilarga belgilangan namunadagi sertifikat berish toʻgʻrisidagi buyrugʻini rasmiylashtirish uchun asos hisoblanadi.
58. Yakuniy onlayn test malaka oshirish oʻquv rejasidagi har bir modul boʻyicha savollarni qamrab olgan holda tayyorlangan test savollari asosida oʻtkaziladi.
Yakuniy onlayn test asosida tinglovchilarning bilim darajasi 50 daqiqa davomida 50 ta test savollari asosida 50 ballik baholash tizimi orqali aniqlanadi. Onlayn test natijasi test yakunlanishi bilan darhol ekranda aks ettiriladi. Ushbu test sinovlarini oʻtkazish Institutning serverida joylashtirilgan elektron tizimga kompyuterlarning ulanishi va test sinovlarini markazlashgan holda videokuzatuvini yozib borish orqali amalga oshiriladi.
59. Yakuniy onlayn test uchun belgilangan umumiy 50 balldan kamida 28 ball (56 foiz) toʻplagan tinglovchi test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan hisoblanadi va yakuniy attestatsiya komissiyasi suhbatiga kirishiga ruxsat beriladi.
60. Yakuniy attestatsiya komissiyasi suhbati tasdiqlangan savol-javoblar, tinglovchining oxirgi 4 yillik faoliyati davomida hamda uning oʻquvchilari (shogirdlari) tomonidan erishilgan natijalar, shuningdek, sport va taʼlim sohalariga oid normativ-huquqiy hujjatlar boʻyicha va kasbiy bilim darajasi maksimal 50 ballik tizimda baholanadi. Yakuniy onlayn test va attestatsiya komissiyasi suhbati jami 100 ballik tizimda baholanadi.
61. Kurs sinovlarida umumiy 100 balldan kamida 56 ball (56 foiz) toʻplagan tinglovchi kurslar va yakuniy attestatsiya sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan hisoblanadi hamda unga mazkur Nizomga 3-ilovada keltirilgan davlat namunasidagi sertifikat beriladi.
Yakuniy onlayn testga ajratilgan 50 balldan 28 ball (56 foiz)dan va kurs sinovlarida 56 ball (100 ballning 56 foizi)dan kam ball toʻplagan tinglovchi kurs sinovlaridan oʻtmagan deb hisoblanadi.
62. Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarning malaka toifalarini olishi (oʻzgartirishi) va egallab turgan lavozimlariga mosligi attestatsiyadan oʻtkazishda ular qayta tayyorlash yoki malaka oshirish kurslaridan oʻtganligi toʻgʻrisidagi hujjatning (diplom, sertifikat) mavjudligi talab etiladi.
12-bob. Yakunlovchi qoida
63. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgarlikka tortiladi.
Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Qayta tayyorlash haqida DIPLOM (tavsifi) Qayta tayyorlash haqidagi davlat namunasidagi diplom A5 formatdagi oq qogʻozda, ofset usulida, besh xil rangdan: diplom muqovasi uchun — toʻq yashil rang, matn uchun — qora rang, rasmlar tasviri uchun — yashil, koʻk va qizil ranglardan, fon uchun — och pushti rangdan foydalangan holda bosib chiqariladi. Varaqning chap yuqori qismida Paralimpiya bayrogʻi tasviri va davlat tilida lotin yozuvi bilan quyidagilar joylashtiriladi: (Oʻzbekiston Respublikasi paralimpiya ramzi tasviri) Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasi Qayta tayyorlash haqida DIPLOM QT № 000000 Qayd raqami: ____________ Berilgan joy: ____________ Berilgan sana: 20__ yil “___” _________ QR-kod joyi Diplomning oʻng qismida davlat tilida lotin yozuvi bilan quyidagilar koʻrsatiladi: tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi; oʻqish davri; taʻlim muassasasi (tashkilot) nomi; qayta tayorlash kursining nomi va umumiy nomi; taʻlim muassasasi (tashkilot) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi; muhr oʻrni. Diplom: tartib raqami ikkita lotin harfidan “QT” va olti raqamli sondan iborat boʻlishi; barcha matn va tasvirlar naqshli rastrdan iborat och-pushti rang fonda aks ettirilishi; takrorlanmaydigan raqamlardan, oltita himoyaga ega va ketma-ket oʻzgaruvchi raqamlardan iborat boʻlishi; yuqori sifatli maxsus himoyalangan ofset qogʻozda chop etilishi; yorugʻlik vositasida naqshli rastr nusxasi koʻchirilishini murakkablashtirish uchun boʻyoq ochiq ranglardan iborat boʻlishi; turli ranglarni hosil qilish uchun turli rangdagi rastr toʻrlaridan foydalanish yoʻli bilan himoyaga ega maxsus qogʻozlardan tayyorlanishi lozim. Diplomning elektron shakli hisobga olish seriyasi, QR-kodi va tartib raqamiga ega boʻladi. QR-kod diplomning chap qismi oʻng tomoniga joylashtiriladi. Mazkur diplom bosma qogʻoz yoki elektron shaklda berilishi mumkin.
QAYTA TAYYORLASH HAQIDAGI DIPLOMNING SHAKLI Diplomning muqovasi
Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Maxsus oʻquv kursi haqida DIPLOM (tavsifi) Maxsus oʻquv kursi haqidagi davlat namunasidagi diplom A5 formatdagi oq qogʻozda, ofset usulida, besh xil rangdan: diplom muqovasi uchun — toʻq koʻk rang, matn uchun — qora rang, rasmlar tasviri uchun — yashil, koʻk va qizil ranglardan, fon uchun — och pushti rangdan foydalangan holda bosib chiqariladi. Varaqning chap yuqori qismida Paralimpiya bayrogʻi tasviri va davlat tilida lotin yozuvi bilan quyidagilar joylashtiriladi: (Oʻzbekiston Respublikasi paralimpiya ramzi tasviri) Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasi Maxsus oʻquv kursi haqida DIPLOM MK № 000000 Qayd raqami: ____________ Berilgan joy: ____________ Berilgan sana: 20__ yil “___” _________ QR-kod joyi Diplomning oʻng qismida davlat tilida lotin yozuvi bilan quyidagilar koʻrsatiladi: tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi; oʻqish davri; taʻlim muassasasi (tashkilot) nomi; maxsus oʻquv kursining nomi va umumiy soati; taʻlim muassasasi (tashkilot) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi; muhr oʻrni. Diplom: tartib raqami ikkita lotin harfidan “QT” va olti raqamli sondan iborat boʻlishi; barcha matn va tasvirlar naqshli rastrdan iborat och-pushti rang fonda aks ettirilishi; takrorlanmaydigan raqamlardan, oltita himoyaga ega va ketma-ket oʻzgaruvchi raqamlardan iborat boʻlishi; yuqori sifatli maxsus himoyalangan ofset qogʻozda chop etilishi; yorugʻlik vositasida naqshli rastr nusxasi koʻchirilishini murakkablashtirish uchun boʻyoq ochiq ranglardan iborat boʻlishi; turli ranglarni hosil qilish uchun turli rangdagi rastr toʻrlaridan foydalanish yoʻli bilan himoyaga ega maxsus qogʻozlardan tayyorlanishi lozim. Diplomning elektron shakli hisobga olish seriyasi, QR-kodi va tartib raqamiga ega boʻladi. QR-kod diplomning chap qismi oʻng tomoniga joylashtiriladi. Mazkur diplom bosma qogʻoz yoki elektron shaklda berilishi mumkin.
MAXSUS OʻQUV KURSI HAQIDAGI DIPLOMNING SHAKLI Diplomning muqovasi
Paralimpiya sport turlari boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT (tavsifi) Malaka oshirish kurslarini tugatganlik toʻgʻrisidagi SERTIFIKAT A5 formatdagi oq qogʻozda, ofset usulida, besh xil rangdan: sertifikat muqovasi uchun — toʻq koʻk rang, matn uchun — qora rang, rasmlar tasviri uchun — yashil, koʻk va qizil ranglardan, fon uchun — och pushti rangdan foydalangan holda bosib chiqariladi. Varaqning chap yuqori qismida Paralimpiya bayrogʻi tasviri va davlat tilida lotin yozuvi bilan quyidagilar joylashtiriladi: (Oʻzbekiston Respublikasi paralimpiya ramzi tasviri) Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasi Malaka oshirganlik haqida SERTIFIKAT MO № 000000 Qayd raqami: ____________ Berilgan joy: ____________ Berilgan sana: 20__ yil “___” _________ Amal qilish muddati: 20__ yil “___” _________ gacha (QR-kod joyi) Sertifikatning oʻng qismida davlat tilida lotin yozuvida quyidagilar joylashtiriladi: tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi; oʻqish davri; malaka oshirish kursining nomi va umumiy nomi; taʻlim muassasasi (tashkilot) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi; muhr oʻrni. Sertifikat: tartib raqami ikkita lotin harfidan “MO” va olti raqamli sondan iborat boʻlishi; barcha matn va tasvirlar naqshli rastrdan iborat och-pushti rang fonda joylashtirilishi; takrorlanmaydigan raqamlardan, oltita himoyaga ega va ketma-ket oʻzgaruvchi raqamlardan iborat boʻlishi; yuqori sifatli maxsus himoyalangan ofset qogʻozda chop etilishi; yorugʻlik vositasida nusxa koʻchirilishini murakkablashtirish uchun boʻyoqning ochiq ranglaridan iborat boʻlishi; turli ranglarni hosil qilish uchun turli rangdagi rastr toʻrlaridan foydalanish yoʻli bilan himoyaga ega maxsus qogʻozdan tayyorlanishi lozim. Sertifikatning elektron shakli hisobga olish seriyasi, QR-kodi va tartib raqamiga ega boʻladi. QR-kod sertifikat chap qismining oʻng tomoniga joylashtiriladi. Mazkur sertifikat qogʻoz yoki elektron shaklda berilishi mumkin.
MALAKA OSHIRISH HAQIDAGI SERTIFIKATNING SHAKLI Sertifikatning muqovasi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 14-oktabr,
599-son