UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 14-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 14 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 14 октября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 14 October 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат органлари ва ташкилотлари идоравий қоровуллик бўлинмаларининг фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

«Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш, шунингдек, давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат корхоналари ва муассасалари (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) идоравий қоровуллик бўлинмаларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш механизмини такомиллаштириш ҳамда уларга кўмаклашиш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат органлари ва ташкилотлари идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар юзасидан ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларини хабардор қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби ҳақидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат органлари ва ташкилотларининг идоравий қоровуллик бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектларда жиноят, бошқа ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар, шубҳа уйғотувчи, қидирувдаги шахслар ва юзага келган табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, жамоат хавфсизлигига таҳдид солаётган ёки таҳдид солиши мумкин бўлган ўзга ҳолатлар тўғрисида ҳудудий ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига тезкор хабар бериш тартиби, шунингдек қоровуллик бўлинмалари ходимлари билан ушбу масалаларга оид йўриқномавий машғулотларни ўтказишнинг умумий қоидалари;

ҳудудий ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг хабар берган давлат органлари ва ташкилотларининг идоравий қоровуллик бўлинмалари билан ҳодиса жойида амалга ошириладиган ҳамкорликдаги фаолияти;

ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия бўлинмалари томонидан идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар ҳақидаги хабарлари бўйича тезкор чоралар кўриш тартиби;

ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари фаолиятига кўмаклашиш ва яқиндан ёрдам кўрсатиш бўйича вазифаларни бажаришда ўрнак кўрсатган идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш.

2. Вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардияси билан биргаликда:

бир ой муддатда ўз таркибидаги идоравий қўриқлаш бўлинмаларида мазкур қарорнинг мақсадини, моҳиятини, амалий аҳамияти ва ижро этиш тартиби юзасидан тушунтириш ишларини ташкиллаштирсин;

жамоат хавфсизлигини таъминлашда, жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни аниқлашда, ўзига юклатилган бошқа вазифаларни бажаришда ўрнак кўрсатган давлат органлари ва ташкилотларининг идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимларини рағбатлантириб бориш чораларини кўриб борсин;

жорий этилаётган тартибнинг самарадорлиги юзасидан тизимли мониторингни амалга ошириб борсин ва қарор талаблари бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов ҳамда Миллий гвардияси қўмондони Р.М. Джураев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 598-сон қарорига ИЛОВА

Давлат органлари ва ташкилотлари идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар юзасидан ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларини хабардор қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби ҳақида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу низом давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат корхоналари ва муассасалари (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) идоравий қоровуллик бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектларда содир этилган жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар, шубҳа уйғотувчи ва қидирувдаги шахслар, юзага келган табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, жамоат хавфсизлигига таҳдид солаётган ёки таҳдид солиши мумкин бўлган ўзга ҳолатлар (кейинги ўринларда — ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар) юзасидан ички ишлар органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларини (кейинги ўринларда — Миллий гвардия бўлинмалари) хабардор қилиш ҳамда улар бўйича ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу низом қоидалари идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик ҳамда идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш фаолиятига, шунингдек махсус юкларни транспортда ташиш жараёнига нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

идоравий қоровуллик бўлинмалари — давлат органлари ва ташкилотларининг ўз объектларини қўриқлаш учун юридик шахс ташкил этмасдан тузиладиган таркибий бўлинмаси ёки алоҳида ходими;

қўриқланадиган объект — белгиланган тартибда қўриқлашга олинган жисмоний ва юридик шахсларнинг бинолари, иморатлари, иншоотлари, уларнинг ҳудудлари, жойнинг участкалари, транспорт воситалари, транспортда ташиладиган юклари, пул маблағлари, моддий бойликлари ва бошқа мол-мулки, шунингдек жисмоний шахс.

4. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимларининг иш жойида ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар ҳақидаги дарҳол хабар берилиши лозим бўлган профилактика инспекторлари, ҳудудий ички ишлар органларининг ва Миллий гвардия бўлинмаларининг навбатчилик қисмлари, шунингдек патруллик йўналишлари объект атрофидан ўтадиган ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ва Миллий гвардия бўлинмалари нарядларининг рўйхати ҳамда улар билан ахборот алмашинувини таъминлаш тартиби белгиланган бўлиши керак.

5. Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканида ушбу масканнинг жавобгарлиги ҳудудида жойлашган қўриқланадиган объектлар ва идоравий қоровуллик бўлинмалар, уларнинг асосий тавсифлари (манзили, объект ва қоровуллик бўлинмаси раҳбарлари, мулоқот телефонлари, идоравий қоровуллик бўлинмаси ходимларининг сони, уларнинг иш режими, бир суткада смена давомийлиги, бошланиш ва тугалланиш вақтлари) акс эттирилади.

Ушбу маълумотлар ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари томонидан идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари билан йўриқномавий машғулотларни ўтказишда, шунингдек, патруллик йўналишларини белгилашда ва ҳудуддаги тезкор вазиятни назорат қилишда фойдаланади ҳамда зарурат билан уларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилади.

2-боб. Идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар ҳақида ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларини хабардор қилиш ҳамда улар бўйича тезкор таъсир ўтказиш тартиби

1-§. Идоравий қоровуллик бўлинмалари томонидан ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар юзасидан ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия бўлинмаларини хабардор қилиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш

6. Қўриқланадиган объектларда жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар, жиноят содир этишда гумон қилинаётган, қидирувдаги, шубҳали шахслар (биринчи навбатда ўзини ўта сергаклиги ёки безовталиги билан шубҳа уйғотган, йил фаслига мос бўлмаган ёки бўй-бастига нолойиқ кийимда бўлган, шунингдек танасида боғланган жойи ва жароҳати бўлганлар) ва буюмлар, шунингдек, ёнғинлар, авариялар, ҳалокатлар, хавфли табиий ҳодисалар, бошқа табиий ва техноген офатлар, мазкур жойга хос бўлмаган тутунлар, ҳидлар, алангалар ва шовқинлар пайдо бўлиши, жамоат хавфсизлигига таҳдид солаётган ёки таҳдид солиши мумкин бўлган ўзга ҳолатлар аниқланганда идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари:

дарҳол ҳудудий ички ишлар органининг навбатчилик қисмига хабар беради;

ички ишлар органлари ходимлари ёки Миллий гвардия бўлинмалари ҳарбий хизматчилари (ходимлари) етиб келгунга қадар ҳуқуқбузарлик ва ҳодисаларнинг излари сақланиши таъминлайди, ҳодиса жойига бошқа шахсларни қўймаслик чораларини кўради;

ҳодиса жойига етиб келган ички ишлар органи ходимларига ёки Миллий гвардия бўлинмалари ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) ҳуқуқбузарлик ва ҳодисаларнинг ўзига маълум бўлган ҳолатлари ва важлари, уларни содир этган ёки сабаб бўлган шахслар юзасидан ахборот беради, ҳуқуқбузарлик ва ҳодисаларнинг аломатларига аниқлик киритишга ва уларни расмийлаштиришга кўмаклашади;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилишда иштирок этади, одамларни қутқариш ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда авария-қутқарув хизматларига зарурий амалий ёрдам кўрсатади;

хизматга доир ахборотнинг, шунингдек, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминлайди.

7. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар ҳақида ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларига телефон орқали хабар берилади.

Телефон алоқаси мавжуд бўлмаган ёки у ишламаган ҳолларда ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар ҳақида хабар алоқанинг бошқа турлари орқали, шу жумладан ҳуштакдан қуйидаги сигналлардан фойдаланиш йўли билан берилиши мумкин:

«Ушла» — битта узун сигнал;

«Ёрдамга» — иккита қисқа сигнал.

Зарурат бўлганда сигналлар қайтарилади.

2-§. Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари томонидан идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар ҳақидаги хабарлари бўйича тезкор таъсир ўтказиш

8. Идоравий қоровуллик бўлинмаларининг хабарига асосан ҳудудий ички ишлар органининг навбатчилик қисми ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар содир этилган ҳудуд (жой) ва бошқа тафсилотларига аниқлик киритади ҳамда улардан келиб чиқиб, зудлик билан ҳодиса жойига профилактика инспекторини жўнатади ва (ёки) хабарни ички ишлар органлари патруль-пост хизматининг, йўл-патруль хизмати ёки Миллий гвардия бўлинмасининг навбатчилик қисмига йўллайди.

9. Келиб тушган хабар бўйича ҳодиса жойига етиб келган ички ишлар органлари ходимларининг ва (ёки) Миллий гвардия бўлинмалари ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаракатлари ва идоравий қоровуллик бўлинмалари билан ҳамкорликдаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардиясининг идоравий ҳуқуқий ҳужжатлари билан тартибга солинади.

3-боб. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари билан ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларини ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича йўриқномавий машғулотларни ўтказиш

10. Профилактика инспектори томонидан маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканининг жавобгарлиги ҳудудида жойлашган қўриқланадиган объектлар идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ходимлари билан жадвалга мувофиқ ҳар чоракда ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар юзасидан ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларини хабардор қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби бўйича йўриқномавий машғулотлар ўтказилади.

Йўриқномавий машғулотларни ўтказиш жадвали ва машғулотлар дастури профилактика инспектори томонидан маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканининг жавобгарлиги ҳудудида жойлашган қўриқланадиган объектлар раҳбарлари билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади ва ички ишлар органи бошлиғи томонидан тасдиқланади.

11. Йўриқномавий машғулотлар туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг жамоат тартибини сақлаш бўлинмаси бошлиғи ва ҳудудий профилактика инспектори, қўриқланадиган объектлар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жойлашганда эса, Миллий гвардия бўлинмасининг раҳбари томонидан биргаликда ўтказилади.

12. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари билан йўриқномавий машғулотлар қуйидаги масалалар бўйича ўтказилади:

туман (шаҳар) ва айниқса маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани жавобгарлиги ҳудудида шаклланаётган тезкор вазият, қўриқланадиган объектлар атрофида жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилаётганда, жиноятлар содир этишда гумон қилинаётган, қидирувдаги, бедарак йўқолган, бошқа шубҳали шахслар, турли фавқулодда ва бошқа ноодатий вазиятлар, шунингдек мазкур жойга хос бўлмаган тутунлар, ҳидлар, алангалар ва шовқинлар пайдо бўлганда, хавф туғдириши мумкин бўлган шубҳали буюмлар аниқланганда, қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализациялари ҳаракатга келганда вазифалари ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хатти-ҳаракатлари;

маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани, ҳудудий ички ишлар органларининг патруль-пост, йўл-патруль ва Миллий гвардия бўлинмаларининг патруллик нарядлари ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, улар билан ахборот алмашинувини таъминлаш, ҳамкорлик қилиш тартиби ва усуллари.

13. Йўриқномавий машғулотлар ўтказилгунга қадар жавобгарлик ҳудудида содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар, шунингдек маъмурий жиҳатдан чегарадош бўлган ҳудудлардаги вазият юзасидан зарур бўлган маълумотлар етказилади.

14. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари билан йўриқномавий машғулотлар профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари, «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳлари, «Жамоатчилик назорати масканлари» аъзолари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш тадбирларига жалб этилган бошқа жамоатчилик кучлари иштирокида ўтказилиши тавсия этилади.

15. Профилактика инспектори томонидан маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканининг жавобгарлиги ҳудудида жойлашган идоравий қоровуллик бўлинмаларига туман (шаҳар) ҳудудида очилмаган жиноятлар, уларни содир этишда гумон қилинаётган, қидирувдаги ва бедарак йўқолган шахслар, уларнинг умумий ва алоҳида белгилари (мавжуд бўлса — фотосуратлари) ҳақидаги маълумот етказиб борилади ва ҳар ҳафта янгилаб борилади.

4-боб. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимларини рағбатлантириш

16. Берилган хабарлари жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни аниқлашда, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатларни бартараф этишда муҳим ўрин эгаллаган, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари фаолиятига кўмаклашиш ва яқиндан ёрдам кўрсатиш бўйича вазифаларни бажаришда ўрнак кўрсатган давлат органлари ва ташкилотларининг идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимларига бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш моддий рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин.

17. Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш чоралари давлат органлари ва ташкилотларининг, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, тегишлигича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари бошлиқларининг буйруқлари билан амалга оширилади.

Идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш давлат органлари ва ташкилотларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилганда шу ташкилот раҳбарининг буйруғи чиқарилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

18. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 14 октябрь,

598-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2022 й., 09/22/598/0927-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Jamoat xavfsizligini taʼminlash va huquqbuzarliklarning oldini olishda davlat organlari va tashkilotlari idoraviy qorovullik boʻlinmalarining faoliyati samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

“Qoʻriqlash faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni ijrosini taʼminlash, shuningdek, davlat organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, davlat korxonalari va muassasalari (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari va tashkilotlari) idoraviy qorovullik boʻlinmalarining jamoat xavfsizligini taʼminlash va huquqbuzarliklarning oldini olishda huquqni muhofaza qiluvchi organlar bilan hamkorlik qilish mexanizmini takomillashtirish hamda ularga koʻmaklashish va amaliy yordam koʻrsatish boʻyicha faoliyatini samarali tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. “Qoʻriqlash faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuniga muvofiq quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat organlari va tashkilotlari idoraviy qorovullik boʻlinmalarining huquqbuzarlik va hodisalar yuzasidan ichki ishlar organlari va Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi boʻlinmalarini xabardor qilish hamda oʻzaro hamkorlik qilish tartibi haqidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

davlat organlari va tashkilotlarining idoraviy qorovullik boʻlinmalari tomonidan qoʻriqlanadigan obyektlarda jinoyat, boshqa huquqbuzarliklar va hodisalar, shubha uygʻotuvchi, qidiruvdagi shaxslar va yuzaga kelgan tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar, jamoat xavfsizligiga tahdid solayotgan yoki tahdid solishi mumkin boʻlgan oʻzga holatlar toʻgʻrisida hududiy ichki ishlar organlari va Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi boʻlinmalariga tezkor xabar berish tartibi, shuningdek qorovullik boʻlinmalari xodimlari bilan ushbu masalalarga oid yoʻriqnomaviy mashgʻulotlarni oʻtkazishning umumiy qoidalari;

hududiy ichki ishlar organlari va Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi boʻlinmalarining xabar bergan davlat organlari va tashkilotlarining idoraviy qorovullik boʻlinmalari bilan hodisa joyida amalga oshiriladigan hamkorlikdagi faoliyati;

ichki ishlar organlari va Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiya boʻlinmalari tomonidan idoraviy qorovullik boʻlinmalarining huquqbuzarlik va hodisalar haqidagi xabarlari boʻyicha tezkor choralar koʻrish tartibi;

ichki ishlar organlari va Milliy gvardiya boʻlinmalari faoliyatiga koʻmaklashish va yaqindan yordam koʻrsatish boʻyicha vazifalarni bajarishda oʻrnak koʻrsatgan idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish.

2. Vazirliklar, idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, boshqa davlat organlari va tashkilotlari Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi hamda Milliy gvardiyasi bilan birgalikda:

bir oy muddatda oʻz tarkibidagi idoraviy qoʻriqlash boʻlinmalarida mazkur qarorning maqsadini, mohiyatini, amaliy ahamiyati va ijro etish tartibi yuzasidan tushuntirish ishlarini tashkillashtirsin;

jamoat xavfsizligini taʼminlashda, jinoyat va boshqa huquqbuzarliklarni sodir etgan shaxslarni aniqlashda, oʻziga yuklatilgan boshqa vazifalarni bajarishda oʻrnak koʻrsatgan davlat organlari va tashkilotlarining idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlarini ragʻbatlantirib borish choralarini koʻrib borsin;

joriy etilayotgan tartibning samaradorligi yuzasidan tizimli monitoringni amalga oshirib borsin va qaror talablari bajarilishi ustidan doimiy nazorat oʻrnatsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi hamda Milliy gvardiyasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov hamda Milliy gvardiyasi qoʻmondoni R.M. Djurayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 598-son qaroriga ILOVA

Davlat organlari va tashkilotlari idoraviy qorovullik boʻlinmalarining huquqbuzarlik va hodisalar yuzasidan ichki ishlar organlari va Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi boʻlinmalarini xabardor qilish hamda oʻzaro hamkorlik qilish tartibi haqida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu nizom davlat organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, davlat korxonalari va muassasalari (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari va tashkilotlari) idoraviy qorovullik boʻlinmalari tomonidan qoʻriqlanadigan obyektlarda sodir etilgan jinoyatlar, boshqa huquqbuzarliklar, shubha uygʻotuvchi va qidiruvdagi shaxslar, yuzaga kelgan tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar, jamoat xavfsizligiga tahdid solayotgan yoki tahdid solishi mumkin boʻlgan oʻzga holatlar (keyingi oʻrinlarda — huquqbuzarlik va hodisalar) yuzasidan ichki ishlar organlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi boʻlinmalarini (keyingi oʻrinlarda — Milliy gvardiya boʻlinmalari) xabardor qilish hamda ular boʻyicha oʻzaro hamkorlikni tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu nizom qoidalari idoraviy jihatdan tegishli boʻlmagan qorovullik hamda idoraviy jihatdan tegishli boʻlmagan harbiylashtirilgan qoʻriqlash faoliyatiga, shuningdek maxsus yuklarni transportda tashish jarayoniga nisbatan tatbiq etilmaydi.

3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

idoraviy qorovullik boʻlinmalari — davlat organlari va tashkilotlarining oʻz obyektlarini qoʻriqlash uchun yuridik shaxs tashkil etmasdan tuziladigan tarkibiy boʻlinmasi yoki alohida xodimi;

qoʻriqlanadigan obyekt — belgilangan tartibda qoʻriqlashga olingan jismoniy va yuridik shaxslarning binolari, imoratlari, inshootlari, ularning hududlari, joyning uchastkalari, transport vositalari, transportda tashiladigan yuklari, pul mablagʻlari, moddiy boyliklari va boshqa mol-mulki, shuningdek jismoniy shaxs.

4. Idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlarining ish joyida huquqbuzarlik va hodisalar haqidagi darhol xabar berilishi lozim boʻlgan profilaktika inspektorlari, hududiy ichki ishlar organlarining va Milliy gvardiya boʻlinmalarining navbatchilik qismlari, shuningdek patrullik yoʻnalishlari obyekt atrofidan oʻtadigan ichki ishlar organlari patrul-post xizmati va Milliy gvardiya boʻlinmalari naryadlarining roʻyxati hamda ular bilan axborot almashinuvini taʼminlash tartibi belgilangan boʻlishi kerak.

5. Mahalla huquq-tartibot maskanida ushbu maskanning javobgarligi hududida joylashgan qoʻriqlanadigan obyektlar va idoraviy qorovullik boʻlinmalar, ularning asosiy tavsiflari (manzili, obyekt va qorovullik boʻlinmasi rahbarlari, muloqot telefonlari, idoraviy qorovullik boʻlinmasi xodimlarining soni, ularning ish rejimi, bir sutkada smena davomiyligi, boshlanish va tugallanish vaqtlari) aks ettiriladi.

Ushbu maʼlumotlar ichki ishlar organlari va Milliy gvardiya boʻlinmalari tomonidan idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlari bilan yoʻriqnomaviy mashgʻulotlarni oʻtkazishda, shuningdek, patrullik yoʻnalishlarini belgilashda va hududdagi tezkor vaziyatni nazorat qilishda foydalanadi hamda zarurat bilan ularga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritib boriladi.

2-bob. Idoraviy qorovullik boʻlinmalarining huquqbuzarlik va hodisalar haqida ichki ishlar organlari va Milliy gvardiya boʻlinmalarini xabardor qilish hamda ular boʻyicha tezkor taʼsir oʻtkazish tartibi

1-§. Idoraviy qorovullik boʻlinmalari tomonidan huquqbuzarlik va hodisalar yuzasidan ichki ishlar organlari hamda Milliy gvardiya boʻlinmalarini xabardor qilish va oʻzaro hamkorlik qilish

6. Qoʻriqlanadigan obyektlarda jinoyatlar, boshqa huquqbuzarliklar, jinoyat sodir etishda gumon qilinayotgan, qidiruvdagi, shubhali shaxslar (birinchi navbatda oʻzini oʻta sergakligi yoki bezovtaligi bilan shubha uygʻotgan, yil fasliga mos boʻlmagan yoki boʻy-bastiga noloyiq kiyimda boʻlgan, shuningdek tanasida bogʻlangan joyi va jarohati boʻlganlar) va buyumlar, shuningdek, yongʻinlar, avariyalar, halokatlar, xavfli tabiiy hodisalar, boshqa tabiiy va texnogen ofatlar, mazkur joyga xos boʻlmagan tutunlar, hidlar, alangalar va shovqinlar paydo boʻlishi, jamoat xavfsizligiga tahdid solayotgan yoki tahdid solishi mumkin boʻlgan oʻzga holatlar aniqlanganda idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlari:

darhol hududiy ichki ishlar organining navbatchilik qismiga xabar beradi;

ichki ishlar organlari xodimlari yoki Milliy gvardiya boʻlinmalari harbiy xizmatchilari (xodimlari) yetib kelgunga qadar huquqbuzarlik va hodisalarning izlari saqlanishi taʼminlaydi, hodisa joyiga boshqa shaxslarni qoʻymaslik choralarini koʻradi;

hodisa joyiga yetib kelgan ichki ishlar organi xodimlariga yoki Milliy gvardiya boʻlinmalari harbiy xizmatchilariga (xodimlariga) huquqbuzarlik va hodisalarning oʻziga maʼlum boʻlgan holatlari va vajlari, ularni sodir etgan yoki sabab boʻlgan shaxslar yuzasidan axborot beradi, huquqbuzarlik va hodisalarning alomatlariga aniqlik kiritishga va ularni rasmiylashtirishga koʻmaklashadi;

tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar oqibatlarini bartaraf qilishda ishtirok etadi, odamlarni qutqarish va ularga birinchi tibbiy yordam koʻrsatishda huquqni muhofaza qiluvchi organlar hamda avariya-qutqaruv xizmatlariga zaruriy amaliy yordam koʻrsatadi;

xizmatga doir axborotning, shuningdek, xizmat majburiyatlarini bajarish chogʻida oʻziga maʼlum boʻlib qolgan davlat sirlarini yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi maʼlumotlarning maxfiyligini va saqlanishini taʼminlaydi.

7. Idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlari tomonidan huquqbuzarlik va hodisalar haqida ichki ishlar organlari va Milliy gvardiya boʻlinmalariga telefon orqali xabar beriladi.

Telefon aloqasi mavjud boʻlmagan yoki u ishlamagan hollarda huquqbuzarlik va hodisalar haqida xabar aloqaning boshqa turlari orqali, shu jumladan hushtakdan quyidagi signallardan foydalanish yoʻli bilan berilishi mumkin:

“Ushla” — bitta uzun signal;

“Yordamga” — ikkita qisqa signal.

Zarurat boʻlganda signallar qaytariladi.

2-§. Ichki ishlar organlari va Milliy gvardiya boʻlinmalari tomonidan idoraviy qorovullik boʻlinmalarining huquqbuzarlik va hodisalar haqidagi xabarlari boʻyicha tezkor taʼsir oʻtkazish

8. Idoraviy qorovullik boʻlinmalarining xabariga asosan hududiy ichki ishlar organining navbatchilik qismi huquqbuzarlik va hodisalar sodir etilgan hudud (joy) va boshqa tafsilotlariga aniqlik kiritadi hamda ulardan kelib chiqib, zudlik bilan hodisa joyiga profilaktika inspektorini joʻnatadi va (yoki) xabarni ichki ishlar organlari patrul-post xizmatining, yoʻl-patrul xizmati yoki Milliy gvardiya boʻlinmasining navbatchilik qismiga yoʻllaydi.

9. Kelib tushgan xabar boʻyicha hodisa joyiga yetib kelgan ichki ishlar organlari xodimlarining va (yoki) Milliy gvardiya boʻlinmalari harbiy xizmatchilarining (xodimlarining) harakatlari va idoraviy qorovullik boʻlinmalari bilan hamkorlikdagi faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi hamda Milliy gvardiyasining idoraviy huquqiy hujjatlari bilan tartibga solinadi.

3-bob. Idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlari bilan ichki ishlar organlari va Milliy gvardiya boʻlinmalarini oʻzaro hamkorlik qilish boʻyicha yoʻriqnomaviy mashgʻulotlarni oʻtkazish

10. Profilaktika inspektori tomonidan mahalla huquq-tartibot maskanining javobgarligi hududida joylashgan qoʻriqlanadigan obyektlar idoraviy qorovullik boʻlinmalarining xodimlari bilan jadvalga muvofiq har chorakda huquqbuzarlik va hodisalar yuzasidan ichki ishlar organlari va Milliy gvardiya boʻlinmalarini xabardor qilish hamda oʻzaro hamkorlik qilish tartibi boʻyicha yoʻriqnomaviy mashgʻulotlar oʻtkaziladi.

Yoʻriqnomaviy mashgʻulotlarni oʻtkazish jadvali va mashgʻulotlar dasturi profilaktika inspektori tomonidan mahalla huquq-tartibot maskanining javobgarligi hududida joylashgan qoʻriqlanadigan obyektlar rahbarlari bilan kelishilgan holda ishlab chiqiladi va ichki ishlar organi boshligʻi tomonidan tasdiqlanadi.

11. Yoʻriqnomaviy mashgʻulotlar tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmalari (boʻlimlari)ning jamoat tartibini saqlash boʻlinmasi boshligʻi va hududiy profilaktika inspektori, qoʻriqlanadigan obyektlar Toshkent va Nukus shaharlari hamda viloyatlar markazlarida joylashganda esa, Milliy gvardiya boʻlinmasining rahbari tomonidan birgalikda oʻtkaziladi.

12. Idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlari bilan yoʻriqnomaviy mashgʻulotlar quyidagi masalalar boʻyicha oʻtkaziladi:

tuman (shahar) va ayniqsa mahalla huquq-tartibot maskani javobgarligi hududida shakllanayotgan tezkor vaziyat, qoʻriqlanadigan obyektlar atrofida jinoyatlar va boshqa huquqbuzarliklar sodir etilayotganda, jinoyatlar sodir etishda gumon qilinayotgan, qidiruvdagi, bedarak yoʻqolgan, boshqa shubhali shaxslar, turli favqulodda va boshqa noodatiy vaziyatlar, shuningdek mazkur joyga xos boʻlmagan tutunlar, hidlar, alangalar va shovqinlar paydo boʻlganda, xavf tugʻdirishi mumkin boʻlgan shubhali buyumlar aniqlanganda, qoʻriqlash-yongʻindan saqlash signalizatsiyalari harakatga kelganda vazifalari hamda kechiktirib boʻlmaydigan xatti-harakatlari;

mahalla huquq-tartibot maskani, hududiy ichki ishlar organlarining patrul-post, yoʻl-patrul va Milliy gvardiya boʻlinmalarining patrullik naryadlari huquqbuzarlik va hodisalar toʻgʻrisida xabar berish, ular bilan axborot almashinuvini taʼminlash, hamkorlik qilish tartibi va usullari.

13. Yoʻriqnomaviy mashgʻulotlar oʻtkazilgunga qadar javobgarlik hududida sodir etilgan huquqbuzarliklar va jinoyatlar, shuningdek maʼmuriy jihatdan chegaradosh boʻlgan hududlardagi vaziyat yuzasidan zarur boʻlgan maʼlumotlar yetkaziladi.

14. Idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlari bilan yoʻriqnomaviy mashgʻulotlar profilaktika inspektorlarining jamoat tartibini saqlash boʻyicha yordamchilari, “Fidokor yoshlar” jamoatchilik patrul guruhlari, “Jamoatchilik nazorati maskanlari” aʼzolari, jamoat xavfsizligini taʼminlash va huquqbuzarliklarni oldini olish tadbirlariga jalb etilgan boshqa jamoatchilik kuchlari ishtirokida oʻtkazilishi tavsiya etiladi.

15. Profilaktika inspektori tomonidan mahalla huquq-tartibot maskanining javobgarligi hududida joylashgan idoraviy qorovullik boʻlinmalariga tuman (shahar) hududida ochilmagan jinoyatlar, ularni sodir etishda gumon qilinayotgan, qidiruvdagi va bedarak yoʻqolgan shaxslar, ularning umumiy va alohida belgilari (mavjud boʻlsa — fotosuratlari) haqidagi maʼlumot yetkazib boriladi va har hafta yangilab boriladi.

4-bob. Idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlarini ragʻbatlantirish

16. Berilgan xabarlari jinoyat va boshqa huquqbuzarliklarni sodir etgan yoki qidiruvda boʻlgan shaxslarni aniqlashda, jamoat xavfsizligiga tahdid soluvchi holatlarni bartaraf etishda muhim oʻrin egallagan, ichki ishlar organlari va Milliy gvardiya boʻlinmalari faoliyatiga koʻmaklashish va yaqindan yordam koʻrsatish boʻyicha vazifalarni bajarishda oʻrnak koʻrsatgan davlat organlari va tashkilotlarining idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlariga bir martalik pul mukofoti bilan taqdirlash va qimmatbaho sovgʻalar bilan mukofotlash moddiy ragʻbatlantirish choralari qoʻllanilishi mumkin.

17. Idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish choralari davlat organlari va tashkilotlarining, ichki ishlar organlarining huquqbuzarliklar profilaktikasi tizimini rivojlantirish jamgʻarmasi, Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan, tegishligicha davlat organlari va tashkilotlari rahbarlarining, Qoraqalpogʻiston Respublikasi ichki ishlar vazirining, Toshkent shahar va Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmalari va viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari, Milliy gvardiyaning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boʻyicha boshqarmalari boshliqlarining buyruqlari bilan amalga oshiriladi.

Idoraviy qorovullik boʻlinmalari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish davlat organlari va tashkilotlarining oʻz mablagʻlari hisobidan amalga oshirilganda shu tashkilot rahbarining buyrugʻi chiqariladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

18. Ushbu Nizom talablarini buzganlikda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 14-oktabr,

598-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 15.10.2022-y., 09/22/598/0927-son)

lex.uz