UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 18-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 18 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 октября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 October 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ҚОИДАЛАРИ

РЎЙХАТИ

Ўзбекистон Республикаси электр станциялари ва тармоқларини техник эксплуатация қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси электр станциялари ва тармоқларини техник эксплуатация қилиш қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва расмий эълон қилинган кундан бошлаб амалга киритилсин:

идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча энергетика объектлари, шунингдек, уларга тааллуқли ишларни бажарувчи илмий-тадқиқот, лойиҳалаш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш ва созлаш ташкилотлари ҳамда уларнинг ходимлари учун мажбурий бўлган техник эксплуатация қилиш;

энергетика объектларининг ускуна ва қурилмалари ҳамда иншоотларини эксплуатацияга қабул қилиш;

энергетика объектларининг эксплуатациясини ташкил этиш устидан техник ва технологик назорат қилиш;

энергетика объектларига техник хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш;

табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши ҳамда техник эксплуатация қилиш қоидаларининг бажарилиши учун жавобгарлик.

2. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Сув хўжалиги ташкилотлари томонидан саноат ва энергетика ташкилотларига техник сув етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 12 декабрдаги 1008-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари — энергетика вазири Ж.Т. Мирзамахмудов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 октябрдаги 609-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасининг электр станциялари ва тармоқларини техник эксплуатация қилиш

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар энергетика объектларида қурилмалар, ускуналар, ишлаб чиқариш бинолари ва коммуникацияларини ишончли, хавфсиз ва самарали эксплуатация қилишни таъминлаш, шунингдек, уларни ишга яроқли ҳолатда сақлаб туришга доир талабларини белгилайди.

2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ягона электр энергетикаси тизими — электр энергиясини ҳосил қилувчи корхоналар, магистрал электр тармоқлари, ҳудудий электр тармоқлари мажмуи ва уларнинг тезкор-диспетчерлик бошқаруви;

энергетика объекти — электр энергиясини ҳосил қилувчи (ишлаб чиқарувчи), узатувчи ва тақсимловчи ташкилотлар, шунингдек, электр тармоғи хўжалиги объектлари;

магистрал электр тармоқлари — электр энергиясини ҳудудлараро ва (ёки) давлатлараро узатишни таъминлаш учун фойдаланиладиган электр энергияси тармоғи хўжалиги объектлари мажмуи;

ҳудудий электр тармоқлари — тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудуди доирасидаги электр энергиясини тақсимловчи ва истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминловчи электр тармоқ хўжалиги объектлари мажмуи;

тезкор-диспетчерлик бошқаруви — электр энергетикаси объектларининг технологик жиҳатдан ўзаро уйғун ишлашини ва ягона электр энергетикаси тизими ишончли ва барқарор ишлашининг технологик режимини марказлаштирилган тарзда узлуксиз бошқариш жараёни;

электр станцияси — электр энергиясини ҳосил қилиш учун мўлжалланган, электр энергиясини ҳосил қилувчи қурилма ва ускуналар ҳамда ёрдамчи ускуналардан ташкил топган, тегишли инфратузилмага эга ёки кўчиб юриш учун мўлжалланган (кўчма электр станция) электр қурилмалари ва ускуналари мажмуи;

электр подстанцияси — электр энергиясини қабул қилиш ва узатиш, тақсимлаш ва унинг параметрларини ўзгартириш учун мўлжалланган ҳамда трансформаторлардан ёки бошқа электр қурилмаларидан, шу жумладан, ўзгартиргичлар, бошқариш қурилмалари ва ёрдамчи ускуналардан ташкил топган электр қурилмалари ва ускуналар мажмуи;

электр тармоғи — электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш учун мўлжалланган, подстанциялар, тақсимловчи қурилмалар ва уларни бирлаштирувчи электр узатиш тармоқлари мажмуи;

электр тармоғи хўжалиги объектлари — электр энергиясини узатишни амалга ошириш учун мўлжалланган электр узатиш линиялари, трансформатор подстанциялари, тақсимлаш пунктлари;

электр ускунаси — электр энергиясини ҳосил қилиш (ишлаб чиқариш), трансформация қилиш, узатиш, тақсимлаш ҳамда электр энергиясининг характеристикаларини ўзгартириш, бошқа турдаги энергияга айлантириш учун мўлжалланган жиҳозлар (трансформаторлар, реакторлар, моторлар ва бошқалар);

электр қурилмаси — электр энергиясини ҳосил қилиш (ишлаб чиқариш) ёки бошқа турдаги энергияга ўзгартириш, узатиш, тақсимлаш ёки истеъмол қилишнинг ўзига хос функциясини бажаришга мўлжалланган, тизимли ва (ёки) функционал бирликда ўзаро боғлиқ бўлган электр ускуналар ва жиҳозлар мажмуи (улар ўрнатилган иншоотлар ва бинолар билан биргаликда);

комплект тақсимлаш қурилмаси — ичида ўрнатилган ускуналар, бошқарув, назорат, ҳимоя, автоматика ва сигнализация қурилмалари бор шкафлардан ёки блоклардан ташкил топган, электр тақсимловчи қурилма;

нейтрал — электр ускуналари чўлғамларининг (элементларининг) «юлдуз» схемаси бўйича уланган умумий нуқтаси;

коммутация аппарати — электр занжирларини коммутация қилиш ва ток ўтказиш учун мўлжалланган электр аппарати (ўчиргич, юклама ўчиргичи, бўлгич, ажратгич, автомат, рубильник, пакетли ўчиргич, сақлагич ва ҳоказолар);

электр узатиш кабель тармоғи — бир ёки бир неча кабеллардан ташкил топган, бевосита ерга, кабель каналларига, қувурларига ва кабель конструкцияларига ётқизилган электр узатиш тармоғи;

электр узатиш ҳаво тармоғи — очиқ ҳавода жойлашган, изолятор ва арматуралар ёрдамида таянчларга ёки муҳандислик иншоотлари (кўприклар, кўприк йўллари ва ҳоказолар) кронштейнларига ҳамда устунларига маҳкамланган симлар орқали электр энергиясини узатиш учун мўлжалланган мажмуа. Электр узатиш ҳаво тармоғининг бошланиши ва охири деб тармоқ порталлари ёки тақсимловчи қурилмалар, шохобчалар учун эса — шохобчага ажралган ердаги таянч ва тармоқ порталлари ёки тақсимловчи қурилмага кирувчи қисми қабул қилинади. Бунда, ҳаво тармоғи томонида тармоқ порталларига ўрнатилган тортувчи изоляцияловчи осмалар ҳамда ҳаво тармоғи симларида маҳкамланган барча қисқичлар, ҳаво тармоғига қарашлидир. Тармоқ порталлари, подстанция томонидан тортувчи изоляцияловчи осмалари билан ушбу порталлардаги ҳалқа, ҳаво тармоғи симларидан ҳар хил ускуналарга (ўчириш-ёқиш аппаратларига, разрядлагичларга, алоқа конденсаторларига ва ҳоказоларга) тушган симлар ҳамда юқори частотали тўсгичлар ҳаво электр узатиш тармоғига кирмайди;

электр энергияси истеъмолчиси — электр қурилмалари, ускуналари электр энергияси билан таъминловчи ташкилотнинг тармоғига бевосита уланган, у билан электр тармоқларининг мансублик чегарасига ҳамда электр энергиясини етказиб бериш бўйича тузилган шартномага эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;

йўл-йўриқ бериш — ходимларга хавфсиз меҳнатни ташкил этишга ва электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилишга қаратилган асосий талаблар мазмунини етказиш, йўл-йўриқ олаётганлар иш жойларида юз берган ёки юз бериши мумкин бўлган хатоларни таҳлил қилиш, хавфсиз ишлаб чиқариш ҳақидаги билимларни ва тажрибани чуқурлаштириш, энергетика корхоналарида ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича билимларни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтириш;

дублёрлик қилиш (дублёрлик) — дублёрни тайёрлашга жавобгар шахс кузатуви остида иш жойида электр қурилмасини бошқариш ва бошқа функцияларни бажариш;

рухсат наряди — ишнинг мазмуни, жойи, уни бошлаш ва тамомлаш вақтларини, зарур хавфсизлик чораларини, бригада таркибини ҳамда ишни хавфсиз бажариш учун жавобгар шахсларни белгиловчи ишни хавфсиз бажариш учун махсус бланкада тузилган топшириқ;

фармойиш — ишни хавфсиз бажариш учун унинг мазмунини, иш жойини, вақтини, хавфсизлик чораларини (зарур бўлган тақдирда) бажариш топширилган шахсларни белгиловчи оғзаки топшириқ;

навбатчи ходимлар (навбатчи) — сменада навбатчилик қилаётган ва тезкор бошқарув ёки тезкор алмашлаб-улашни амалга оширишга рухсат берилган ходимлар: диспетчерлар, навбатчи муҳандислар, техниклар, смена бошлиқлари, уйда навбатчилик қилувчилар ва бошқарув шчитлари навбатчилари, тезкор чиқиш бригада аъзолари;

таъмирловчи ходимлар — электр станциялари, подстанциялар, ҳаво тармоғи, кабель тармоғи, алоқа ҳаво тармоғи, алоқа кабель тармоғи, реле ҳимояси, автоматика, ўлчаш воситалари, изоляция ва яшиндан ҳимоя қилиш воситаларида, диспетчерлик ва технологик бошқарув воситаларида эксплуатацион таъмирлаш ва созлаш ишлари билан шуғулланувчи муҳандислар, техниклар, усталар, ишчилар, электр лабораториялари ходимлари.

2-боб. Қоидаларни қўллаш тартиби

3. Мазкур Қоидаларнинг талаблари идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча электр энергетикаси объектлари, шунингдек, энергетика объектларига тааллуқли ишларни бажарувчи илмий-тадқиқот, лойиҳалаш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш ва созлаш ташкилотлари ҳамда уларнинг ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.

4. Барча янгидан монтаж, реконструкция ва модернизация қилинган энергетика қурилмалари ва ускуналари Электр қурилмаларининг тузилиши қоидаларида (кейинги ўринларда — ЭҚТҚ) белгиланган талаблар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ бажарилиши шарт.

5. Энергия ишлаб чиқарувчи ускуналарнинг мажбурий сертификацияси қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

6. Мазкур Қоидаларда кўзда тутилмаган электр ускуналари ва қурилмаларини техник эксплуатация қилиш соҳада ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги (кейинги ўринларда — Энергетика вазирлиги) билан келишилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

7. Мазкур Қоидалар стационар ва кўчма дизель электр станцияларига нисбатан татбиқ этилмайди.

8. Махсус техник эксплуатация қилиш қоидаларининг амалга киритилиши бунга ваколатли идоралар томонидан Энергетика вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

9. Электр станциялари, қозонхоналар, электр ва иссиқлик тармоқларининг асосий вазифаси электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришдан (кейинги ўринларда — энергия ишлаб чиқариш) иборат.

10. Энергетика тизимининг иши устидан техник бошқарув Энергетика вазирлиги томонидан, тезкор бошқарув эса — тизим оператори ва энергетика тизимининг тегишли корхоналарининг тезкор-диспетчерлик хизматлари томонидан амалга оширилади.

11. Ҳар бир энергетика объектида ускуналар, бинолар, иншоотлар ва коммуникацияларга хизмат кўрсатиш бўйича вазифалар тузилмавий бўлинмалар ўртасида тақсимланган бўлиши шарт.

12. «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, шунингдек, уларнинг таркибий қисми бўлган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналар, магистрал электр тармоқлари ташкилотлари, ҳудудий электр тармоқлари ташкилотлари ҳамда хусусий ва давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритувчи электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, узатувчи, тақсимловчи ташкилотлар ўз ваколати доирасида қуйидагиларни таъминлашлари шарт:

ягона электр энергетика тизимининг хавфсиз ва ишончли ишлаб туришини таъминлаш ва истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш;

кадрларнинг малакасини ошириш, илғор ишлаб чиқариш усулларини татбиқ этиш ва тарқатишни;

электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансини шакллантиришда иштирок этиш ва электр энергиясига тарифлар бўйича таклифлар киритиш;

ўзларининг генерация қилувчи қувватларини ва электр тармоқларини реконструкция қилиш, модернизациялаш, ривожлантириш ва эксплуатация қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

электр энергетикаси объектлари ва истеъмолчилар (аҳолидан ташқари) электр қурилмаларининг техник ҳолати ва уларни эксплуатация қилиш ташкил этилганлиги устидан техник ва технологик назоратни амалга ошириш;

ўрнатилган ускуналар қувватидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, энергияни тежаш тадбирларини амалга ошириш ва иккиламчи энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш.

13. Электр энергетикаси объектлари ва истеъмолчилар электр ва иссиқлик қурилмаларининг техник ҳолати ва уларни эксплуатация қилиш ташкил этилиши, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш устидан техник ва технологик давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда — «Ўзэнергоинспекция») томонидан амалга оширилади.

14. Электр энергетикаси соҳаси ходимларининг асосий мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

истеъмолчилар энергия таъминотининг шартномавий шартларига риоя қилиш;

узатиладиган энергиянинг нормал сифатини — электр токининг меъёрланган частотаси ва кучланишини, иссиқликнинг босими ва ҳароратини сақлаб туриш;

тезкор-диспетчерлик интизомига риоя қилиш;

ускуналар, бино ва иншоотларни эксплуатация қилишга тайёр ҳолатда сақлаш;

энергия ишлаб чиқаришнинг максимал тежамкорлиги ва ишончлилигини таъминлаш;

ускуналар ва иншоотларни эксплуатация қилишда саноат ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси қоидалари талабларини бажариш;

табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларини бажариш;

ишлаб чиқаришнинг одамлар ва атроф муҳитга зарарли таъсирини камайтириш;

энергетика объектларининг тежамкорлиги, ишончлилиги, хавфсизлигини ошириш, экологик ҳолатини яхшилаш мақсадида илмий-техник тараққиёт ютуқларидан фойдаланиш.

15. Электр энергетикаси соҳасидаги ҳар бир ходим энергия ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши, меҳнат интизомига ва технологик интизомга, иш тартиби қоидаларига қатъий риоя қилиши, ўз иш жойини тоза ва саранжом сақлаши шарт.

3-боб. Энергетика объектларида қурилмалар, ускуналар ҳамда бино ва иншоотларни эксплуатацияга қабул қилиш

16. Қурилиши тўлиқ тугалланган иссиқлик электр станциялари (кейинги ўринларда — ИЭС), гидроэлектр станциялари (кейинги ўринларда — ГЭС), қуёш электр станциялари (кейинги ўринларда — ҚЭС), шамол электр станциялари (кейинги ўринларда — ШЭС), бошқа кўринишдаги альтернатив ва қайта тикланувчи табиий ресурслардан электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ҳамда сақловчи электр станциялари, электр ва иссиқлик тармоқлари объектлари, шунингдек, энергетика объектларининг мураккаблигига қараб уларни ишга тушириш навбатлари қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган тартибда эксплуатацияга қабул қилиниши шарт. Мазкур талаблар, шунингдек, энергетика объектларини кенгайтириш, реконструкция қилиш ва техник қайта жиҳозлашдан кейин эксплуатацияга қабул қилишда ҳам татбиқ этилади.

17. Энергетика объектларини ишга тушириш навбатлари қурилишнинг охирги босқичида маълум электр қурилмаларига ёки умуман энергетика объектига тааллуқли бўлган бино ва иншоотлар ҳамда объектлар йиғиндисидан таркиб топган, энергетика объектлари мажмуаси тўлиқ лойиҳавий ҳажмининг белгиланган параметрларда нормал эксплуатация қилинишини таъминлайдиган қисмини ўз ичига олиши керак (аниқ электр қурилмаларига боғлиқ бўлмаган ҳолда).

Шу билан бирга, энергетика объектлари мажмуасига электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, истеъмолчиларга етказиб беришни таъминлайдиган қуйидагилар киритилиши мумкин: ускуналар, иншоотлар, асосий ишлаб чиқариш қурилмалари, ёрдамчи-ишлаб чиқариш қурилмалари, тегишли бинолар (ёрдамчи, маиший, транспорт, таъмирлаш, омборхона ва бошқа бинолар), диспетчерлик ва технологик бошқарув воситалари (кейинги ўринларда — ДТБВ), алоқа воситалари, муҳандислик коммуникациялари, умумий овқатланиш пунктлари, тиббий пунктлар ва ободонлаштирилган ҳудудлар. Мазкур энергетика объектларининг ишга тушириш лойиҳасида кўзда тутилган жами ишчи-ходимлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талаблари, ёнғин хавфсизлиги талаблари, тегишли сув ҳавзалари ва атмосфера ҳавосини ифлосланишдан ҳимоя қилиш талаблари баён қилинган йўриқномалар билан таъминланган бўлиши шарт.

Энергетика объектлари лойиҳаси лойиҳаловчи томонидан белгиланган муддатларда ишлаб чиқилиши ва тақдим этилиши, буюртмачи ва бош пудратчи билан, бошқа давлатлар электр энергетикаси тизимлари ўртасида тизимлараро аҳамиятга эга бўлган ишга тушириш энергетика объектлари мажмуаси лойиҳаси эса «Энергия» мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази (кейинги ўринларда — «Энергия» МДМ) билан келишилган бўлиши ва белгиланган тартибда тасдиқланиши лозим.

18. Энергетика объектини эксплуатацияга қабул қилишдан олдин қуйидаги ишлар бажарилиши шарт:

ускуналарнинг индивидуал синовлари ҳамда асосий ва ёрдамчи ускуналарнинг синов тарзида ишга туширилиши билан тугайдиган энергоблоклар учун алоҳида тизимларнинг функционал синовлари;

ускуналарнинг комплекс синаб кўрилиши.

Бино ва иншоотларни қуриш ва монтаж қилиш вақтида ускуналар ва иншоотларнинг ташкил этувчи қисмлари, шу жумладан, яширин ишлар (бино ва иншоотларни қуриш жараёнида монтаж қилиниши ёки ўрнатилиши зарур бўлган электр тармоқлари, кабеллар, алоқа кабеллари ва бошқалар) оралиқ қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаларни расмийлаштирган ҳолда қабул қилинган бўлиши шарт.

19. Ускуналар ва алоҳида тизимларнинг якка тартибда ва функционал синовлари бош пудратчи томонидан буюртмачининг лойиҳавий схемалар бўйича ходимини жалб қилган ҳолда ушбу ташкил этувчи қисми бўйича барча қурилиш ва монтаж ишлари тугатилганидан сўнг амалга оширилади. Якка тартибда ва функционал синовлардан олдин мазкур Қоидаларнинг, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг, стандартларнинг, шу жумладан, меҳнат хавфсизлиги стандартларининг, технологик лойиҳалаш меъёрларининг, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (кейинги ўринларда — Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси), Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва бошқа назорат қилувчи давлат органлари томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган қоидалар, меъёрлар ва талабларнинг, ЭҚТҚнинг, меҳнат муҳофазаси қоидаларининг, портлаш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг, ишлаб чиқарувчи завод кўрсатмаларининг, ускуналарни монтаж қилиш бўйича йўриқномаларнинг бажарилиши текширилади.

20. Қурилиш ва монтаж қилиш давомида йўл қўйилган нуқсонлар ва камчиликлар, шунингдек, якка тартибда ва функционал синовлар жараёнида аниқланган ускуналарнинг нуқсонлари қурилиш-монтаж ташкилотлари ва ишлаб чиқарувчи заводлар томонидан комплекс синовлар бошлангунга қадар бартараф этилган бўлиши шарт.

21. Энергоблокларнинг синов тарзида ишга туширилиши буюртмачи томонидан комплекс синовларгача ўтказилиши лозим. Синов тарзида ишга туширишда ускуналар ва технологик схемаларнинг ишлаш қобилияти, уларни эксплуатация қилиш хавфсизлиги текширилиши, барча назорат ва бошқарув тизимлари, шу жумладан, автоматик ростлаш тизимлари, ҳимоя ва блокировка тузилмалари, сигнализация тузилмалари ва назорат-ўлчов асбобларини текшириш ва созлаш амалга оширилганлиги, ускуналарнинг комплекс синаб кўришга тайёрлиги текширилиши лозим.

Синов тарзида ишга туширишдан олдин энергетика объектини ишончли ва хавфсиз эксплуатация қилиш учун қуйидаги шартлар бажарилган бўлиши керак:

эксплуатация қилувчи ва таъмирловчи ходимлар тайёрланиши ва ўқитилиши (билимлари синовдан ўтказилиши), эксплуатация қилиш йўриқномалари, меҳнат муҳофазаси, меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари, тезкор схемалар, ҳисобга олиш ва ҳисобот бўйича техник ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши;

ёқилғи, материаллар, асбоблар ва эҳтиёт қисмларнинг захираси тайёрланиши;

алоқа тармоғи билан бирга ДТБВ, ёнғин ҳақида автоматик равишда хабар бериш ва ўчириш қурилмалари, авариявий ёритиш, вентиляция тизимлари ишга туширилиши;

назорат қилиш ва бошқариш тизимлари монтаж қилинган ҳамда соз ҳолатда бўлиши;

энергетика объектини эксплуатация қилишга тайёрлиги тўғрисида белгиланган тартибда «Ўзэнергоинспекция»дан, агар бошқа назорат органлари назоратидаги объектлар (қурилмалар) ишга туширилаётган бўлса, ушбу органлардан ҳам тегишлича хулоса ёки рухсат олиниши.

22. Комплекс синовларни буюртмачи ўтказиши лозим. Комплекс синовларда асосий агрегатлар ва барча ёрдамчи ускуналарнинг биргаликда юклама остида ишлаши текшириб кўрилиши керак.

Энергетика қурилмаси тармоққа уланган ёки унга юклама берилган вақт — энергетика қурилмасини комплекс синаб кўришнинг бошланиш вақти ҳисобланади.

Ускуналарни лойиҳада кўзда тутилмаган схемалар бўйича комплекс синаб кўриш тақиқланади.

Электр станцияларининг ускуналарини комплекс синаш иссиқлик электр станциялари учун асосий ёқилғининг (газ-турбина қурилмалари учун — табиий газнинг (кейинги ўринларда — газсимон ёқилғи) лойиҳавий кўрсаткичларида, гидроэлектр станциялари учун ишга тушириш объектида кўзда тутилган сувнинг сарфи ва босимида 72 соат мобайнида асосий ускуналарни номинал юклама билан нормал ва узлуксиз ишлатиш, шунингдек, ишга тушириш мажмуасига киритилган барча ёрдамчи ускуналарни доимий ёки навбатма-навбат ишлатиш орқали амалга оширилади.

Электр тармоқларини комплекс синаш подстанция ускуналарининг 72 соат мобайнида, электр узатиш тармоқларининг эса — 24 соат мобайнида юклама остида нормал ва узлуксиз ишлаши орқали амалга оширилади.

Бунда янги, реконструкция ва модернизация қилинган электр тармоқларига кучланиш беришдан олдин уларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги «Ўзэнергоинспекция» томонидан кўриб чиқилган ва эксплуатация қилишга тайёрлиги тасдиқланган бўлиши лозим.

Иссиқлик тармоқларида ускуналарнинг юклама остида 24 соат давомида ишга тушириш мажмуасида кўзда тутилган номинал босим билан нормал ва узлуксиз ишлаши комплекс синаб кўриш ўтказилганлигининг тасдиғи ҳисобланади.

Газ-турбина қурилмалари (кейинги ўринларда — ГТҚ) учун бундан ташқари ўн марта, ГЭСнинг гидроагрегатлари учун эса уч марта муваффақиятли автоматик ишга тушириш комплекс синаб кўришнинг мажбурий шарти ҳисобланади.

Комплекс синаб кўришда лойиҳада кўзда тутилган назорат-ўлчов асбоблари, блокировка, сигнализация ва масофадан бошқариш, ҳимоя ва режим созланишини талаб қилмайдиган автоматик ростлаш тузилмалари уланган бўлиши шарт.

Агар комплекс синаб кўришни асосий ёқилғида бажариш ёки иссиқлик электр станциялари учун номинал юклама ва буғнинг (ГТҚ учун — газсимон ёқилғининг) лойиҳавий кўрсаткичларига, гидроэлектр станциялари учун сувнинг босими ва сарфига, биргаликда ёки алоҳида синаб кўришда подстанция, электр узатиш тармоқлари учун юкламага, иссиқлик тармоқлари учун иссиқликнинг кўрсаткичларига ишга тушириш мажмуасида кўзда тутилган ишлар бажарилмаганлиги билан боғлиқ бўлмаган қандайдир сабабларга кўра эришиб бўлмаса, комплекс синаб кўришни захира ёқилғисида бажариш ҳақидаги қарор, шунингдек, кўрсаткичлар ва юкламанинг чегаравий қийматлари қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш давлат комиссияси (кейинги ўринларда — давлат комиссияси) томонидан белгиланади ва ишга тушириш мажмуасини эксплуатацияга қабул қилиш далолатномасида қайд этилади.

23. Энергетика объектини давлат комиссиясига тақдим этишга тайёрлаш учун буюртмачи томонидан қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш ишчи комиссияси (кейинги ўринларда — ишчи комиссия) тайинланади ва ишчи комиссия ускунани якка тартибдаги синовлар ўтказилганидан сўнг комплекс синаб кўриш учун далолатнома бўйича қабул қилиб олади. Ушбу далолатнома имзоланган вақтдан бошлаб буюртмачи ускунанинг сақланиши учун жавобгар бўлади.

Ишчи комиссия комплекс синаб кўриш амалга оширилганидан ҳамда аниқланган нуқсонлар ва камчиликлар бартараф этилганидан кейин ускунани далолатнома бўйича қабул қилиб олади, шунингдек, у давлат комиссиясига тақдим этиш учун қурилиши тугалланган бино ва иншоотларнинг тайёрлиги ҳақида далолатнома тузади.

Зарур ҳолларда ишчи комиссиялар ихтисослаштирилган (қурилиш, турбина, қозонхона, гидротехник, электротехник, назорат ва бошқарув тизимлари бўйича ва бошқалар) кичик қабул комиссияларини тузиши шарт.

Ушбу кичик қабул комиссияларининг, объектнинг уларнинг ихтисосига тегишли бўлган қисми ҳолати ва ускуналарни комплекс синаб кўришга ҳамда эксплуатация қилишга тайёрлиги ҳақида хулосалар тузиши ва ушбу хулосалар ишчи комиссия томонидан тасдиқланиши шарт.

24. Ускуналар, бино ва иншоотлар ишчи комиссия томонидан қабул қилинганда бош пудратчи — қурилиш ташкилоти буюртмачига амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида (кейинги ўринларда — ШНҚ) ва соҳада қабул қилиш қоидаларда кўзда тутилган ҳужжатларни тақдим этиши керак.

25. Ишчи комиссия томонидан аниқланган нуқсонлар ва камчиликларнинг бартараф этилиши устидан назорат қилиш энергетика объектларини қабул қилишга тақдим қилган буюртмачи томонидан амалга оширилади.

26. Ишга тушириш мажмуаларини, уларнинг навбатларини ёки энергетика объектларини бутунлигича эксплуатацияга қабул қилиш ишчи комиссия томонидан амалга оширилади.

27. Ускуналар, бино ва иншоотларни нуқсонлар ҳамда камчиликлар билан эксплуатацияга қабул қилиш тақиқланади.

Комплекс синаб кўриш ўтказилганидан ва аниқланган нуқсонлар ва камчиликлар бартараф этилганидан кейин ишчи комиссия ускуналарни ва уларга тааллуқли бино ва иншоотлар билан биргаликда эксплуатацияга қабул қилиш далолатномасини расмийлаштириши керак. Ишчи комиссия серияли ускуналарни ўзлаштириш даврини белгилаб беради, ушбу давр ичида зарур синовлар, созлаш ва тугаллаш ишлари ўтказилиши ҳамда ускуналар лойиҳадаги кўрсаткичлар билан эксплуатация қилиниши лозим. Ускуналарнинг бош намуналари учун ўзлаштириш муддати буюртмачи (инвесторлар) томонидан ушбу ускуналарни тугаллаш, созлаш ва ўзлаштириш ишларининг мувофиқлаштирувчи режасига кўра белгиланади.

28. Буюртмачи давлат комиссиясига амалдаги ШНҚ ва соҳада қабул қилинган қоидаларда кўзда тутилган ҳажмда ишчи комиссия томонидан тайёрланган ҳужжатларни тақдим этади.

Барча ҳужжатлар умумий каталогга киритилади, алоҳида ҳужжатлар жилдларида эса ичидаги ҳужжатларнинг тасдиқланган рўйхати бўлиши шарт. Ҳужжатлар буюртмачининг техник архивида ишчи комиссия томонидан тузилган ҳужжатлар билан бирга сақланиши шарт.

29. Қурилиши тугалланган алоҳида турган бино ва иншоотлар ҳамда электротехник тузилмалар ичига ёки ёнига қурилган ишлаб чиқариш, ёрдамчи-ишлаб чиқариш ва ёрдамчи вазифалар учун хоналар, уларда монтаж қилинган ускуналар, бошқарув ва алоқа воситалари билан бирга давлат комиссиясига тақдим этилиши учун ишга тушириш комплекси қабул қилингунга қадар, ишчи комиссия томонидан тайёрлигига қараб эксплуатацияга қабул қилинади.

30. Тажрибавий (экспериментал), тажрибавий-саноат энерго-технологик қурилмалар, агар улар лойиҳада назарда тутилган тажрибаларни ўтказиш ёки маҳсулотни ишлаб чиқариш учун тайёрланган бўлса, ишчи комиссия томонидан эксплуатацияга қабул қилиниши керак.

31. Барча гидротехник иншоотларнинг сув ости қисми (ўрнатилган назорат-ўлчов аппаратлари ва ускуналар билан) ишга тушириш мажмуаси ҳажмида бажарилган бўлиши ва ишчи комиссия томонидан улар сувга тўлдиришдан олдин қабул қилиниши лозим.

Уларнинг тўлиқ лойиҳавий ҳажмда якуний қабул қилиниши бутун энергетика объекти эксплуатацияга қабул қилинганда амалга оширилиши керак. Гидроэлектр станциялар давлат комиссияси томонидан эксплуатацияга қабул қилингандан сўнг унинг котлованига сув тўлдириш ва дарё ўзанини ёпишга рухсат берилади.

32. Давлат комиссияси томонидан далолатнома имзоланган сана объект эксплуатацияга қабул қилинган сана ҳисобланади.

4-боб. Ходимларни тайёрлаш

33. Энергетика объектларида ишлашга махсус маълумотга эга бўлган ва эгаллаган лавозимининг талаблари доирасида тайёргарликдан ўтган шахсларга рухсат берилади.

34. Энергетика қурилмаларининг ускуналарини бошқаришга, уларга техник хизмат кўрсатишга ёки таъмирлашга махсус тайёргарлик курсидан ва тегишли лавозимда ишлаш учун имтиҳондан ўтган шахсларга рухсат берилади.

35. Энергетика объектларида ходимларни тайёрлаш электр энергетикаси объектларида ходимлар билан ишлашни ташкил этиш қоидалари талабларига мувофиқ ташкил этилиши шарт.

36. Энергетика объектларида тегишли лавозимга тайинланадиган, энергетика қурилмаларининг эксплуатацияси ва режимлари бўйича фаолият юритадиган ҳамда энергетика қурилмаларига бевосита хизмат кўрсатувчи шахслар ишга тайинланишидан олдин энергетика объектининг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган индивидуал тартибдаги дастур бўйича махсус талаблар доирасида тайёргарликдан ўтиши лозим.

37. Оғир ишларда ва зарарли ёки хавфли меҳнат шароитлари билан боғлиқ ишларда банд бўлган ходимлар зиммасига топширилган ишларга лойиқлигини аниқлаш ва касбий касалликларнинг олдини олиш мақсадида мажбурий равишда дастлабки (ишга кириш вақтида) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.

Дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтилиши зарур бўлган ишлардаги зарарли ишлаб чиқариш омиллари ва ишларнинг рўйхати ҳамда бундай кўрикларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

38. Энергетика объектларида ходимлар билан уларнинг ўз касбий вазифаларини бажаришга тайёрлигини ва малакасини оширишни таъминлашга қаратилган доимий ишлар олиб борилиши лозим. Меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитиш ва йўл-йўриқ бериш узлуксиз ва кўп поғонали хусусиятга эга бўлиши шарт.

39. Ходимларни тайёрлаш, малакаси талаб даражасида бўлиши ва уни ошириш жараёни устидан раҳбарлик қилиш ташкилотнинг бош муҳандиси томонидан, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш эса энергетика объектларининг (корхоналар, ташкилотлар) раҳбарлари томонидан амалга оширилади.

40. Энергетика объектларида техник кутубхона, техник хона, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси (кейинги ўринларда — ММ ва ХТ) ва ёнғин хавфсизлиги (кейинги ўринларда — ЁХ) хоналари ишлаб туриши шарт.

41. Энергетика объектларида ходимлар билан ишлашни таъминлаш учун стационар ўқитиш қурилмалари ишлаб туриши, энергетика тизимининг тузилмасида ўқув марказлари ва бошқа ихтисослаштирилган ўқув муассасалари бўлиши шарт.

Ходимларни тайёрлаш учун ўқув-ишлаб чиқариш бўлинмалари полигонларга, ўқув синфларига, устахоналарга, лабораторияларга эга бўлиши, ўқитиш ва машқ қилишнинг техник воситалари билан жиҳозланиши шарт. Ходимларни ўқитишга юқори малакали мутахассислар жалб қилиниши шарт.

42. Хизматчиларнинг тоифасига қараб ходимлар билан ишлашнинг қуйидаги шакллари ўрнатилади:

иш жойида ўқитиш (стажировка) билан янги лавозим (касб) бўйича тайёрлаш;

техник эксплуатация, меҳнат муҳофазаси, саноат ва ёнғин хавфсизлиги бўйича қоидалар, меъёрлар ва йўриқномалар бўйича билимларни текшириш;

дублёрлик;

аварияга қарши ва ёнғинга қарши назорат машқлари;

ХТ ва ЁХ бўйича дастлабки, бирламчи, даврий, навбатдан ташқари, мақсадли йўриқномалар;

меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги бўйича кириш, даврий, навбатдан ташқари, мақсадли йўл-йўриқлар ўтказиш;

махсус тайёргарлик;

малакани ошириш учун узлуксиз касбий ўқитиш.

Ходимларнинг тоифасига боғлиқ равишда ходимлар билан ишлаш шакллари электр энергетикаси объектларида ходимлар билан ишлашни ташкил этиш қоидалари талабларига мувофиқ белгиланади.

43. Ходимлар билан ишлаш энергетика объектининг (корхона, ташкилот) бош муҳандиси томонидан тасдиқланган режаларга мувофиқ, тажриба орттириш (стажировка) эса индивидуал дастурлар бўйича ташкил этилади ва ўтказилади.

44. Ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларида бевосита иштирок этмайдиган шахслардан ташқари барча ходимлар техник эксплуатация, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги, саноат ва ёнғин хавфсизлиги бўйича қоидалар, меъёрлар ва йўриқномалар бўйича билимларини текширувдан ўтказишлари шарт.

Текширувни энергетика объектидаги малака комиссияси юқори турувчи ташкилот, шунингдек, «Ўзэнергоинспекция» томонидан белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда амалга оширади.

Билимларини текширишдан озод этилган шахсларнинг рўйхати ёки билимларини текшириш талаб қилинмайдиган лавозимлар ва касбларнинг рўйхати энергетика объектининг раҳбари томонидан тасдиқланган бўлиши шарт.

45. «Ўзэнергоинспекция» ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси назорати остидаги объектларга хизмат кўрсатувчи ишчилар ва айрим тоифадаги мутахассисларнинг билимларини текшириш ва мустақил ишлашига рухсат бериш ушбу идоралар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ белгиланган тартибда ташкил этилиши ва ўтказилиши шарт. Ушбу қоида талаблари доирасида «Ўзэнергоинспекция» назорати остидаги объектлар «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, шунингдек, уларнинг таркибий қисми бўлган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналар, магистрал электр тармоқлари ташкилотлари, ҳудудий электр тармоқлари ташкилотлари ҳамда хусусий ва давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритувчи электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, узатувчи, тақсимловчи ташкилотлар ҳисобланади

46. Таъмирлаш, созлаш ва бошқа ихтисослаштирилган ташкилотларнинг ходимлари ўз ташкилотларининг комиссияларида тайёргарликдан, билимлар текширувидан ўтадилар ва мустақил ишлаш ҳуқуқини оладилар.

47. Ходимнинг билимларини текшириш дастлабки, даврий ва навбатдан ташқари билимлар текширувидан иборат бўлади.

48. Билимларни дастлабки текшириш ходим ишга қабул қилинганда уни ўқитишдан ёки янги лавозим бўйича тайёрлашдан кейин, бошқа ишга (лавозимга) ёки бошқа ташкилотга ўтганда лавозимга тайинланганидан кейин икки ойдан кечиктирмай ўтказилади.

49. Барча тоифадаги ходимларнинг билимларини даврий текшириш белгиланган муддатларда, бироқ камида 3 йилда бир марта ўтказилади.

Тезкор раҳбарлар, энергетика қурилмаларини бошқариш ва уларга хизмат кўрсатиш билан бевосита боғлиқ бўлган шахслар ҳамда қурилиш-монтаж ташкилотларининг тармоғидаги муҳандис-техник ходимлар учун меҳнат муҳофазаси қоидалари ва меъёрлари бўйича билимларни текшириш камида бир йилда бир марта ўтказилиши шарт.

50. Билимлар қуйидагилар бўйича текширилади:

меҳнат муҳофазаси бўйича қоидалар, меъёрлар, йўриқномалар, агар бажариладиган иш талаб қилса, бошқа махсус қоидалар бўйича билимлар;

энергетика бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар (техник эксплуатация қилиш қоидалари — ТЭҚҚ, техника хавфсизлиги қоидалари — ТХҚ, ёнғин хавфсизлиги қоидалари — ЁХҚ) бўйича билимлар;

лавозим ва ишлаб чиқариш йўриқномалари бўйича билимлар, авариялар, авариявий режимни бартараф қилиш режалари (йўриқномалари);

хавфсизликнинг техник воситаларининг тузилиши ва ишлаш принциплари, аварияга қарши ҳимоя воситалари бўйича билимлар;

ускуналар, назорат-ўлчов асбоблари ва бошқарув воситаларининг тузилиши ҳамда ишлаш принциплари бўйича билимлар;

энергия ишлаб чиқаришнинг технологик схемалари ва жараёнлари бўйича билимлар;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, шунингдек, бошқа назорат қилувчи органлар назорати остидаги ускуналар, энергетика қурилмалари ва объектларни хавфсиз эксплуатация қилиш шартлари бўйича билимлар;

ҳимоя воситаларидан фойдаланишни ва бахтсиз ҳодисаларда шикастланганларга биринчи ёрдам кўрсатишни билиш.

Раҳбарлар ва барча тоифадаги мутахассислар учун билими мажбурий тартибда имтиҳон қилиниши учун тегишли амал қилувчи ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар рўйхати уларнинг лавозим йўриқномалари билан белгиланади ва тегишли имтиҳон комиссиясини бошқараётган энергетика объекти (ташкилот)нинг раҳбари томонидан тасдиқланади.

51. Белгиланган муддатларда билим текширувидан ўтмаган ходимларга ускуналарни мустақил бошқариш ва эксплуатация қилиш тақиқланади.

52. Қониқарсиз баҳо олган шахс бир ой давомида қайта имтиҳондан ўтиши шарт.

Иккинчи марта имтиҳондан ўта олмаган мутахассиснинг эгаллаган лавозимига лойиқлиги ҳақидаги масала иш берувчи томонидан меҳнат қонунчилигига мувофиқ ҳал этилади.

53. Билимлар даражасини ошириш ҳамда авариясиз ва хавфсиз ишлаш усулларини такомиллаштириш учун ускуналар, бино ва иншоотларни эксплуатация қилиш билан бевосита боғлиқ бўлган барча ходимлар электр энергетикаси объектларида ходимлар билан ишлашни ташкил этиш қоидалари талабларига мувофиқ йўл-йўриқдан ўтишлари шарт.

54. Тезкор ва тезкор-таъмирлаш ходимлари камида 3 ойда бир марта аварияга қарши назорат машғулотларини ўтишлари шарт.

Тезкор, тезкор-таъмирлаш, таъмирлаш ва созлаш ходимлари камида ярим йилда бир марта ўз ташкилотларида ёнғинга қарши назорат машғулотларини ўтишлари шарт.

55. Мустақил ишлашга рухсат: ишга янги қабул қилинган ёки ишда 6 ойдан кўпроқ танаффус қилган тезкор ва тезкор-таъмирлаш ходимлари учун йўл-йўриқдан, стажировкадан ўтиш, билимлар текширувидан ва дублёрликдан кейин, таъмирлаш ва созлаш ходимлари учун эса — йўл-йўриқдан, стажировкадан ўтиш ва билимлар имтиҳонидан кейин берилади.

Ишида 3 ҳафтадан 6 ой муддатгача танаффусда бўлган ходимларнинг ишлашига рухсат бериш шартлари ушбу танаффуснинг давомийлигидан келиб чиқиб белгиланади.

56. Энергетика объектлари (ташкилотлари)нинг барча ходимлари электр энергетикаси объектларида ходимлар билан ишлашни ташкил этиш қоидалари талабларида белгиланган ҳажмларда ва даврийликда ўз малакаларини оширишлари шарт.

5-боб. Тезкор ходимлар

57. Энергетика тизими ва энергетика объектларининг тезкор ходимлари жумласига қуйидагилар киради:

тезкор ходимлар — энергетика қурилмаларининг бошқарув органларига бевосита таъсир кўрсатувчи ва сменада энергетика қурилмаларини бошқариш ва уларга хизмат кўрсатишни амалга оширувчи ходимлар;

тезкор-таъмирлаш ходимлари — бошқарув органларига бевосита таъсир кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган таъмирлаш ходимлари;

тезкор раҳбарлар — сменада ўзига бириктирилган объектлар (энергетика тизими, электр тармоқлари, иссиқлик тармоқлари, электр станциялар, энергетика объекти) ва қўл остидаги ходимларнинг ишлаши устидан тезкор раҳбарликни амалга оширувчи ходимлар;

тезкор-диспетчерлик ходимлари — «Энергия» МДМ, ягона электр энергетика тизимининг тизим оператори (кейинги ўринларда — тизим оператори) ва энергетика ташкилотларининг диспетчерлари.

58. Тезкор ходимлар ишлаб чиқариш ва лавозим йўриқномаларига ҳамда юқори турувчи тезкор ходимларнинг тезкор фармойишларига мувофиқ энергетика объекти, энергетика тизими, ягона электр энергетика тизими (кейинги ўринларда — ЯЭЭТ) ускуналарининг хавфсиз, ишончли, барқарор ҳамда энергосамарадор ишлаш режимини олиб бориши шарт.

Тезкор ходимларнинг сони ва малакаси бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

Тезкор ходимларнинг сменада тўлиқ бўлмаган таркибда, ўриндошлик асосида ишлашига фақат энергетика тизими ёки энергетика объекти бошқариш органининг ёзма кўрсатмаси бўйича рухсат берилади.

59. Смена вақтида тезкор ходимлар ўзларининг тезкор бошқаруви ёки тасарруфидаги ускуналарнинг эксплуатацияси, шунингдек, юқори турувчи тезкор ходимларнинг фармойишлари сўзсиз бажарилиши учун мазкур қоидаларга, завод ва маҳаллий йўриқномаларга, ХТҚга ва бошқа амал қилувчи ҳужжатларга мувофиқ жавобгар бўлади.

60. Ускуналарнинг ишлаш режимлари бузилганда, шикастланганда, ёнғин пайдо бўлганда, ускуналарга шикаст етказиши мумкин бўлган нуқсонлар аниқланганда тезкор ходим зудлик билан нормал иш режимини тиклаш ёки авариявий ҳолатни бартараф қилиш ва технологик бузилишлар ривожланишининг олдини олиш чораларини кўриши, шунингдек, зудлик билан тасдиқланган рўйхат бўйича юқори турувчи тезкор ва маъмурий-техник раҳбар ходимларга хабар бериши лозим.

61. Юқори турувчи тезкор ходимнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича фармойиши унга бўйсунувчи тезкор ходим томонидан бажарилиши мажбурийдир.

62. Юқори турувчи тезкор ходимнинг тезкор бошқаруви ёки тезкор тасарруфи остида бўлган ускуналар унинг рухсатисиз ишлаш учун уланиши ёки ишлашдан чиқарилиши мумкин эмас. Одамлар ва ускуналар учун аниқ хавф туғилган ҳолатлар бундан мустасно.

63. Юқори турувчи тезкор ходимларнинг тезкор фармойиши аниқ ва қисқа бўлиши шарт.

Фармойишни эшитганидан сўнг бўйсунувчи тезкор ходим фармойиш матнини сўзма-сўз қайтариши ва фармойишни тўғри тушунганлиги ҳақида тасдиқни олиши шарт.

Юқори турувчи тезкор-диспетчерлик ходимларнинг фармойишлари кечиктирилмасдан ва аниқ бажарилиши шарт.

Тезкор ходим фармойишни ёки рухсатни бериб ёки олиб уни тезкор журналга ёзиб қўйиши шарт. Компьютер ёзуви бор бўлганида тезкор журналдаги ёзувнинг ҳажми тегишли раҳбарлик қилувчи маъмурий-техник ходимлар томонидан белгиланади.

64. Тезкор музокаралар техник жиҳатдан саводли олиб борилиши шарт. Барча энергетика ускуналари, уланмалар, релели ва технологик ҳимоя ва автоматика тузилмалари белгиланган диспетчерлик номларига мувофиқ тўлиқ номланиши шарт. Техник атамалардан ва даспетчерлик номланишлардан четга чиқиш қатъий тақиқланади.

Диспетчерлик бошқарувнинг барча даражаларида олиб бориладиган тезкор музокаралар ва электр станциялар ва йирик подстанциялар смена бошлиқларининг тезкор музокаралари компьютер хотирасида автоматик равишда қайд этилиши шарт.

65. Диспетчернинг электр станцияси, энергетика тизими ускуналарининг иш режимларини ўзгартириш бўйича фармойишларида ўзгартирилаётган режим параметрининг зарур миқдори ва параметрнинг кўрсатилган миқдорга эришиш учун керак бўлган вақти, шунингдек, фармойишни бериш вақти кўрсатилиши шарт.

66. Юқори турувчи тезкор ходимнинг ваколатига кирган масалалар бўйича раҳбарлик қилувчи маъмурий-техник ходимнинг фармойишини олган тезкор ходим уни фақат юқори турувчи тезкор ходимнинг розилиги билан бажариши шарт.

67. Юқори турувчи тезкор ходимнинг фармойиши бажарилмаганлиги ёки бажарилиши кечиктирилганлиги учун фармойишни бажармаган шахслар, шунингдек, уни бажармасликка ёки бажарилиши кечиктирилишига рухсат берган раҳбарлар жавобгар бўладилар.

68. Юқори турувчи тезкор ходимнинг фармойиши бўйсунувчи тезкор ходим томонидан нотўғри деб топилса, бу ҳақида у фармойишни берган шахсга дарҳол маълум қилиши шарт. Фармойиш тўғрилиги тасдиқланганда ходим уни бажаришга мажбурдир.

Юқори турувчи ходимнинг ХТҚнинг бузилишига, шунингдек, ускуналарнинг шикастланишига, электр станцияси, подстанциянинг ўз эҳтиёжи таъминотини йўқолишига ёки I тоифадаги истеъмолчиларни токсизлантиришга олиб келиши мумкин бўлган фармойишларини бажариш тақиқланади. Тезкор ходимлар бундай фармойишни бажаришдан бош тортганлиги ҳақида фармойишни берган юқори турувчи тезкор ходимга ва раҳбарлик қилувчи тегишли маъмурий-техник ходимга дарҳол маълум қилиши ва тезкор журналга ёзиб қўйиши керак.

69. Навбатчиликда бўлмаган тезкор ходимлардан бўлган шахсларни лавозим йўриқномаси доирасида энергетика қурилмаларига хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажаришга жалб этилишига, фақат сменадаги тегишли раҳбар тезкор-диспетчер ходимнинг рухсати билан ва бу ҳақида тегишли ҳужжатларга ёзув киритиш орқали амалга оширилиши мумкин.

70. Зарур ҳолда тезкор ходим бўлган бир шахсни иккинчиси билан алмаштириш, жадвални тасдиқлаган раҳбарлик қилувчи тегишли маъмурий-техник ходимнинг рухсати билан ва юқори турувчи тезкор ходимга маълум қилган ҳолда амалга оширилади.

Кетма-кет икки смена давомида ишлаш тақиқланади.

71. Тезкор ходим бўлган ҳар бир хизматчи ишга киришаётганда ўзидан олдин ишлаган хизматчидан сменани қабул қилиб олиши, иш тугаганидан сўнг эса — жадвал бўйича ўзидан кейинги хизматчига сменани топшириши шарт.

Сменани топширмасдан навбатчиликдан кетиш тақиқланади.

72. Сменани қабул қилишда тезкор ходимлар жумласидан бўлган хизматчи қуйидагиларни бажариши шарт:

ўзининг тезкор бошқаруви ёки тасарруфида бўлган энергетика қурилмаларининг ҳолати, схемаси ва ишлаш режими билан тегишли йўриқномаларда белгиланган ҳажмда танишиб чиқиш;

сменани топширувчидан ишда бузилишларга олиб келиши мумкин бўлган, алоҳида кузатиш талаб қиладиган ускуналар ҳақида, захирадаги ва таъмирлашдаги ускуналар ҳақида маълумотларни олиш;

ўзига бириктирилган участкада буюртмалар, нарядлар ва фармойишлар бўйича қандай ишлар бажарилаётганлигини аниқлаш;

асбобларни, материалларни, хоналарнинг калитларини, тезкор ҳужжатларни ва иш жойининг ҳужжатларини текшириш ва қабул қилиб олиш;

ўзининг охирги навбатчилигидан кейинги барча ёзувлар ва фармойишлар билан танишиб чиқиш;

қўл остидаги ходимлардан билдирги қабул қилиш, бевосита смена бўйича бошлиққа навбатчиликни қабул қилганлиги ва сменани қабул қилишда аниқланган камчиликлар ҳақида маълум қилиш;

сменани қабул қилиш-топширишни журналга ёки қайдномага ёзиб, уни қабул қилувчи ва топширувчининг имзоси билан расмийлаштириш.

73. Тезкор ходим маҳаллий йўриқномага мувофиқ вақти-вақти билан автоматика, сигнализация тузилмалари, ДТБВ алоқа ва телемеханика воситаларини синаб кўриши, шунингдек, иш жойидаги соатнинг кўрсаткичлари тўғри эканлигини ва бошқаларни текшириб кўриши шарт.

74. Тезкор ходим тасдиқланган жадваллар бўйича ишчи ускуналардан захирадаги ускуналарга ўтишни, ускуналарни синаб кўришни ҳамда профилактик кўрикдан ўтказишни амалга ошириши шарт.

75. Тезкор ва раҳбарлик қилувчи маъмурий-техник ходимлар қўл остидаги тезкор ходимни, агар у ўз вазифасини бажармаётган бўлса, ишдан четлатиш ва сменада тегишли алмаштиришни ёки вазифаларни қайтадан тақсимлашни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бунда тезкор журналга ёзилади ёки ёзма фармойиш чиқарилади ҳамда тезкор-диспетчерлик бошқарувнинг бўйсунув бўйича тегишли ходимларига маълум қилинади.

76. Тезкор ходим юқори турувчи тезкор ходимнинг рухсати билан қисқа вақтга шу давр учун таъмирлаш ишлари ва синовларга, навбатчиликдан озод этилган ҳолда жалб этилиши мумкин. Бунда ХТҚнинг талабларига риоя этилиши шарт.

6-боб. Энергетика ташкилотлари ишининг самарадорлигини назорат қилиш

77. Барча энергетика ташкилотларида ишнинг якуний натижаларини яхшилаш мақсадида қуйидагилар таъминланган бўлиши шарт:

энергия элтувчиларнинг сарфлари ва технологик кўрсаткичлари ўлчовларининг талаб даражасидаги аниқлиги;

назорат-ўлчов асбоблари ва ахборот-ўлчов тизимларининг кўрсаткичларига асосланган ҳолда ускуналарнинг ишлаш кўрсаткичларини белгиланган шакллар бўйича (сменалик, суткалик, ойлик ва йиллик) ҳисобга олиш;

ускуналарнинг ҳолатини, унинг ишлаш режимларини, ёқилғини тежаш захираларини, ўтказилаётган ташкилий-техник тадбирларнинг самарадорлигини баҳолаш учун техник-иқтисодий кўрсаткичларнинг таҳлили;

параметрлар ва кўрсаткичларнинг амалдаги қийматлари энергетик характеристикалар бўйича белгиланган қийматлардан фарқланиши сабабларини аниқлаш мақсадида смена, цех ишининг натижаларини ходимлар орасида (камида бир ойда бир марта) муҳокама қилиш, ишдаги камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш, энг яхши сменалар ва алоҳида ходимларнинг иш тажрибаси билан таништириш;

ускуналарнинг ишлаш ишончлилиги ва тежамкорлигини ошириш, ёқилғи-энергетика ресурсларининг нооқилона сарфлари ва йўқолишларини камайтириш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

78. Энергетика соҳасида асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлар сифатида қуйидагилар ўрнатилган:

ишлаб чиқарилган ва узатилган электр (актив ва реактив) ва иссиқлик энергиясининг миқдори;

ишчи электр қуввати ва ўрнатилган қувватдан фойдаланиш самарадорлигининг кўрсаткичлари;

авариялар, ишламай қолишгача бўлган ишлаш муддати;

электр ва иссиқлик энергиясининг таннархи;

энергетика тизими бўйича фойда;

узатилган электр ва иссиқлик энергияси учун шартли ёқилғининг солиштирма сарфи;

ГЭСларда ишлаб чиқарилган ва ягона энергетика тизимига узатилган электр энергияси учун сувнинг солиштирма сарфи ва сув оқимидан фойдаланиш коэффициенти;

электр энергиясини ишлаб чиқариш ва иссиқлик энергиясини узатишга алоҳида ҳисобланган электр станциясининг ўз эҳтиёжлари учун электр энергиясининг сарфи;

электр энергиясини электр тармоқларига узатиш бўйича технологик сарф;

иссиқлик тармоқларидаги иссиқлик энергияси йўқотишлари;

энергетика тизимлари орасида электр энергиясининг ўзаро оқиб ўтиши;

ишлаб чиқариш ходимларининг солиштирма сони ва хизмат кўрсатиш коэффициенти.

79. Қуввати 10 МВт ва ундан юқори бўлган ҳар бир иссиқлик электр станциясида, қуввати 30 МВт ва ундан юқори бўлган гидроэлектр станцияларда, иссиқлик ишлаб чиқариш унумдорлиги 50 Гкал/соат (209,5 ГДж/соат) ва ундан юқори бўлган қозонхонада, ускуналар ишининг техник-иқтисодий кўрсаткичларининг мутлақ ёки нисбий ҳисобланган электр ва иссиқлик юкламаларига боғлиқлигини белгиловчи энергетик характеристикалари ишлаб чиқилган бўлиши шарт.

Қуввати ва иссиқлик ишлаб чиқариш унумдорлиги камроқ бўлган электр станциялари ва туман қозонхоналари бўйича характеристикаларни ишлаб чиқишнинг мақсадга мувофиқлиги энергетика объектининг юқори турувчи ташкилоти томонидан белгиланиши шарт.

80. Энергетик характеристикалар мазкур Қоидаларнинг талабларига риоя қилган ҳолда ўзлаштирилган ускуналарнинг амалда эришиладиган иш тежамкорлигини акс эттириши шарт.

81. Ускуналарнинг энергетик характеристикалари ва алоҳида кўрсаткичларнинг меъёрлари эксплуатация қилувчи ходимларга режим хариталари, йўриқномалар, жадваллар ва графиклар шаклида тақдим этилиши шарт.

82. Ёқилғи ва сувнинг энергетик характеристикалари ва солиштирма сарфи жадваллари, шунингдек, электр станцияси ускуналарининг ҳар бир гуруҳи бўйича узатилган электр энергияси учун тегишли экология меъёрлари камида 5 йилда бир марта, шунингдек, электр станциясининг техник жиҳатдан қайта жиҳозланиши ва реконструкция қилиниши, ишлатиладиган ёқилғининг тури ёки маркаси ўзгариши натижасида электр ва иссиқлик энергиясини узатишда ёқилғининг солиштирма сарфлари тегишлича 2 ва 1 фоиздан ортиқ ўзгарганида қайта кўриб чиқилиши лозим.

83. Энергетика ташкилотларининг ёқилғидан фойдаланишни яхшилаш ва тежамкорликни ошириш борасидаги фаолияти натижалари ускуналарнинг амалдаги ишлаш шароитларини ҳисобга олган ҳолда норматив характеристикаларда кўзда тутилган сарфларга нисбатан тежалган ёқилғининг (сувнинг, электр энергиясининг) ҳажми бўйича баҳоланиши шарт.

84. Иссиқлик тармоқларида энергетик характеристикалар қуйидаги кўрсаткичлар бўйича тузилиши шарт:

иссиқлик йўқолишлари;

иссиқлик энергиясини узатишда электр энергиясининг солиштирма сарфи;

тармоқ сувининг ўртача бир соатлик сарфи;

узатувчи ва қайтувчи қувурлардаги ҳароратларнинг фарқи;

тармоқ сувининг йўқотилиши.

Энергетик характеристикани узатувчи ва қайтувчи қувурлардаги ҳароратларнинг фарқи ўрнига қайтувчи қувурдаги тармоқ сувининг ҳарорат кўрсаткичи бўйича тузишга йўл қўйилади.

85. Электр энергияси узатилишини ҳисобга олган ҳолда унинг технологик сарфи электр тармоғи учун меъёрий кўрсаткич ҳисобланади.

86. Энерготехник характеристикалар ҳажми, шакли ва мазмуни амалдаги норматив ҳужжатлар ва методик кўрсатмаларнинг талабларига мувофиқ бўлиши шарт.

7-боб. Техник назорат. Энергетика объектлари эксплуатациясини ташкил этиш устидан техник ва технологик назорат

87. Ҳар бир энергетика объектида энергетика қурилмаларининг (ускуналар, бино ва иншоотларнинг) техник ҳолатини мунтазам ва даврий назорат қилишнинг (кўрикдан ўтказиш, техник шаҳодатлаш) ташкил этилиши, уларнинг ҳолати ва хавфсиз эксплуатацияси учун жавобгар шахслар белгиланиши, шунингдек, техник ва технологик назорат бўйича ходим тайинланиши ва унинг лавозим вазифалари қуйидаги йўналишлар бўйича тасдиқланиши шарт:

технологик жараёнларни бошқариш;

ускуналар, бино ва иншоотларнинг техник ҳолати устидан назоратни ташкил этиш;

объектнинг хавфсиз ва тежамкорлик билан эксплуатация қилинишини таъминловчи чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши, ташкил этилиши ва ҳисобга олиниши;

эксплуатациядаги барча бузилишларни текшириш ва ҳисобга олиш;

эксплуатация қилиш, таъмирлаш ва созлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш.

Энергетика тизими таркибида электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, ўзгартириш, узатиш ва тақсимлашни амалга оширувчи барча энергетика объектлари махсус ваколатли орган томонидан идоравий техник ва технологик назорат қилиниши лозим.

88. Барча технологик тизимлар, ускуналар, бино ва иншоотлар, шу жумладан, энергетика объекти таркибига кирувчи гидроиншоотлар даврий техник шаҳодатлашдан ўтказилиши шарт.

Техник шаҳодатлаш энергетика объектининг бош муҳандиси ёки унинг ўринбосари бошчилигида тузилган энергетика объектининг комиссияси томонидан амалга оширилади. Комиссияга энергетика объектининг тузилмавий бўлинмалари, энергетика тизимининг бошқариш органи ва энергетика тизимининг марказий хизматлари функциясини бажараётган бўлинмаларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, тегишли вазирлик ва идораларнинг ва энергетикада назорат бўйича ташкилотларнинг мутахассислари (шартнома бўйича) киритилади.

Техник шаҳодатлашнинг вазифаси энергетика қурилмаларининг ҳолатини баҳолаш, эксплуатация муддатларини ва шартларини белгилаш, шунингдек, энергетик қурилманинг белгиланган ресурсини таъминлаш учун зарур бўлган чораларни аниқлашдан иборатдир.

Даврий техник шаҳодатлашнинг ҳажмига амалдаги норматив ҳужжатлар асосида қуйидагилар киритилиши шарт:

ташқи ва ички кўриклар;

техник ҳужжатларни текшириш;

ускуналар, бино ва иншоотларнинг хавфсизлик шартларига мувофиқлигини синаш (гидравлик синашлар, сақлагич клапанларини созлаш, хавфсизлик автоматлари, юк кўтариш механизмлари, ерга улаш контурлари ва шунга ўхшаш синашлар).

Техник шаҳодатлаш билан бир вақтда назорат органларининг ёзма кўрсатмалари бажарилиши, энергетика объекти ишидаги бузилишлар ва унга хизмат кўрсатишда юз берган бахтсиз ҳодисаларни текшириш натижалари бўйича тузилган, шунингдек, бундан олдинги техник шаҳодатлашда ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг бажарилиши текширилади.

Техник шаҳодатлаш амалдаги йўриқномалар билан белгиланган муддатларда, лекин камида 5 йилда бир марта ўтказилиши лозим.

Техник шаҳодатлашнинг натижалари энергетика объектининг техник паспортига киритилиши шарт.

Назорат жараёнида хавфли авариявий нуқсонлари аниқланган, шунингдек, навбатдаги техник шаҳодатлаш муддатлари ўтиб кетган энергетика қурилмаларини эксплуатация қилиш тақиқланади.

89. Энергетика объектининг тезкор ва тезкор-таъмирлаш ходимлари томонидан ускуналарнинг техник ҳолати устидан доимий назорат амалга оширилиши шарт.

Назорат қилиш ҳажми норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ белгиланади.

Назорат қилиш тартиби маҳаллий ишлаб чиқариш ва лавозим йўриқномалари асосида белгиланади.

90. Ускуналар, бино ва иншоотларнинг даврий кўрикдан ўтказилиши уларнинг хавфсиз эксплуатацияси учун жавобгар шахслар томонидан амалга оширилиши шарт.

Кўрикларнинг даврийлиги энергетика объектининг бош муҳандиси томонидан белгиланади. Кўрикдан ўтказиш натижалари махсус журналда қайд этилиши шарт.

91. Ускуналар, бино ва иншоотларнинг ҳолати ва хавфсиз эксплуатация қилиниши учун жавобгар шахслар энергетика объектларини эксплуатация қилишда техник шартларга риоя этилиши, уларнинг ҳолати ҳисобга олиниши, энергетика қурилмалари ва уларнинг элементлари ишламай қолишининг текширилиши ва ҳисобга олиниши, эксплуатация-таъмирлаш ҳужжатларининг юритилишини таъминлашлари шарт.

92. Ускуналар, бино ва иншоотларнинг эксплуатация қилиниши устидан техник ва технологик назоратни амалга оширувчи энергетика объектининг ходимлари қуйидагиларни бажаришлари шарт:

ускуналар ва иншоотларни эксплуатация қилишдаги бузилишларни ҳисобга олиш ва текширишни ташкил этиш;

ускуналар ишидаги авариялар ва технологик бузилишлар ҳисобини олиб бориш;

техник ҳужжатларнинг ҳолати ва юритилишини назорат қилиш;

аварияга ва ёнғинга қарши профилактик чора-тадбирларнинг бажарилиши ҳисобини олиб бориш;

ходимлар билан ишлашни ташкил қилишда иштирок этиш.

93. Энергетика тизимини бошқариш органларининг вазифаларига қуйидагилар киради:

энергетика объектлари эксплуатацияси ташкил этилиши устидан мунтазам назорат қилиш;

энергетика объектларининг ускуналари, бино ва иншоотларининг ҳолати устидан даврий назорат қилиш;

даврий техник шаҳодатлашлар;

ўрта ва мукаммал (капитал) таъмирлашнинг техник меъёрларда белгиланган муддатларига риоя этилишини назорат қилиш;

норматив ва ташкилий-фармойиш ҳужжатларининг талаблари ва чора-тадбирларининг бажарилишини назорат қилиш;

энергетика объектларида ёнғинлар ва технологик бузилишларнинг пайдо бўлиши сабабларини текширишни ташкил этиш ва назорат қилиш;

ишлаб чиқариш хавфсизлиги масалалари бўйича объектда қўлланиладиган огоҳлантирувчи ва профилактик чораларнинг етарлилигини баҳолаш;

энергетика объектларида ёнғин ва аварияларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши, ўтказилиши ва энергетика объектларида уларни бартараф қилишга тайёргарликни таъминлаш устидан назорат қилиш;

идоравий техник ва технологик назорат қилиб ваколатига эга органларнинг ёзма кўрсатмалари бажарилиши устидан назорат қилиш;

бузилишларни, шу жумладан, «Ўзэнергоинспекция» ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси назорати остидаги объектлардаги бузилишларни ҳисобга олиб бориш;

«Ўзэнергоинспекция» ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси назорати остидаги объектларда аварияга ва ёнғинга қарши тадбирларнинг бажарилишини ҳисобга олиб бориш;

энергетика қурилмаларининг ускуналарини тайёрлаш ва етказиб бериш учун техник шартларни қайта кўриб чиқиш;

ТЭҚ, ХТҚ, ЁХҚ ва эксплуатация қилиш бўйича йўриқномаларга риоя этилишини назорат қилиш;

энергетика объектларини хавфсиз эксплуатация қилишни таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилишини назорат қилиш;

ташкилотлар томонидан экологик меъёрларга риоя этилишини назорат қилиш.

94. Идоравий техник ва технологик назорат Қоидаларнинг 13-бандида кўрсатиб ўтилган ташкилотлар томонидан амалга оширилади ҳамда унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилиш;

режимни технологик ва экологик жиҳатдан хавфсиз ҳамда тежамли олиб бориш бўйича қоидалар ва йўриқномалар бажарилишини назорат қилиш;

электр станциялари, тармоқлар ва энергетика тизими ишидаги технологик бузилишлар ва ёнғинларнинг сабаблари текширилишини ташкил этиш, назорат қилиш ва натижаларини тезкор таҳлил қилиш;

энергетика ускуналарининг ишидаги ёнғинлар, авариялар ва бошқа технологик бузилишларнинг пайдо бўлишини профилактика қилиш, эксплуатацияни такомиллаштириш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш устидан назорат қилиш;

даврий техник шаҳодатлаш ўтказилишини назорат қилиш;

атроф муҳит, саноат ва ёнғин хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси, ускуналар эксплуатациясини такомиллаштириш ва ишончлилигини ошириш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва ҳамкорлик қилиш.

95. Хўжалик бирлашмалари уларга тегишли бўлган энергетика объектларига тегишли давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари қаршиликсиз ўрнатилган тартибда киришини таъминлашлари шарт.

8-боб. Энергетика объектларига техник хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш

96. Ҳар бир энергетика объектида ускуналар, бино ва иншоотларга ҳамда энергетика қурилмаларининг коммуникацияларига техник хизмат кўрсатиш, режали таъмирлаш ва модернизация қилиш ташкил этилган бўлиши шарт.

97. Ускуналар, бино ва иншоотларнинг техник ҳолати, эксплуатация қилишнинг белгиланган кўрсаткичлари барқарорлигини таъминловчи таъмирлаш ишларининг ҳажмлари бажарилиши, тайёргарлик ишлари тўлиқ бажарилиши, режалаштирилган таъмирлаш ишлари ҳажмларининг эҳтиёт қисмлар ва материаллар билан ўз вақтида таъминланиши, шунингдек, бажарилган таъмирлаш ишларининг муддатлари ва сифати учун жавобгарлик энергетика объектларининг раҳбарлари зиммасига юклатилган бўлиши шарт.

98. Энергетика объектларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини бошқариш тузилмалари таъмирлаш ишларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича тегишли бўлинмаларни ташкил этиш йўли билан функциялар ва ижрочиларнинг тақсимланишини кўзда тутиши шарт.

99. Техник хизмат кўрсатиш ва режали таъмирлаш ҳажми ускуналар, бино ва иншоотларнинг ҳақиқий техник ҳолатини ва ўзгариб турувчи иш шароитларини ҳисобга олган ҳолда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ уларни соз ва ишга яроқли ҳолатда сақлаш зарурати билан белгиланади.

100. Электр станциялари, қозонхоналар ва тармоқларнинг асосий ускуналари, бино ва иншоотларнинг барча турдаги таъмирлаш ишлари учун истиқболли (беш йиллик) ва йиллик жадваллар тузилиши шарт.

Энергетика объектларидаги қурилмаларнинг, ускуналарнинг, бино ва иншоотларнинг таъмирлаш ишларини бажариш режа-жадваллари электр ҳамда иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришнинг прогноз параметрларига ёки электр ва иссиқлик энергиясини тармоққа узатиш режимларига ва шартларига таъсир этадиган бўлса, ушбу таъмирлаш ишларини бажариш режа-жадваллари энергетика объекти тегишли бўлган хўжалик бирлашмалари томонидан тасдиқланиши шарт. Ёрдамчи ускуналар бўйича йиллик ва ойлик таъмирлаш режа-жадваллари тузилади ва улар энергетика объектининг бош муҳандиси томонидан тасдиқланади.

101. Барча турдаги таъмирлаш ишларининг даврийлиги ва давомийлиги ускуналарнинг ушбу турини таъмирлаш бўйича ички идоравий ҳужжатларга асосан белгиланади.

102. Мукаммал (капитал) таъмирлашлар орасидаги энергоблокларни эксплуатация қилиш даврини ошириш ёки камайтириш ва қуввати 160 МВт ва ундан юқори бўлган энергоблокларни мукаммал (ўрта) таъмирлаш даврини меъёрларга нисбатан ошириш ускуналарнинг ушбу турини таъмирлаш бўйича ички идоравий ва ускуналарнинг техник паспорт ҳужжатлари билан белгиланган тартибда амалга оширилиши шарт.

103. Таъмирлаш ишлари бажарилишини ташкил этиш, таъмирлаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш, таъмирлашни режалаштириш ва унга тайёргарлик кўриш, таъмирлашга чиқариш ва таъмирлашни бажариш, шунингдек, ускуналарни қабул қилиш ва таъмирлаш сифатини баҳолаш ускуналарнинг ушбу турини таъмирлаш бўйича ички идоравий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши шарт.

104. Энергетика объектларида мукаммал (капитал) ва жорий таъмирлаш ишларини энергетика объектлари мутахассислари ҳам белгиланган тартибда амалга оширишлари мумкин. Агар энергетика объектларида таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун пудратчи ташкилотларни жалб этиш талаб этилса пудратчи ташкилотларни харидларга оид қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.

Таъмирлаш ишларининг ҳажми олдиндан ижрочи ташкилотлар (пудратчи ташкилотлар) билан келишилган бўлиши шарт.

105. Таъмирлашни бошлашдан олдин ва уни ўтказиш вақтида, энергетика объектининг бош муҳандиси тасдиқлаган комиссия таркиби томонидан барча нуқсонлар аниқланиши шарт. Таъмирланган ускуна, бино ёки иншоот норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгилаб берилган мезонларга мос келиши лозим.

106. Ускуналар ва иншоотларни таъмирлашга чиқариш ҳамда уларни ишга тушириш йиллик таъмирлаш жадвалларида кўрсатилган бўлиши ва улар тезкор бошқарув ёки тезкор тасарруф остида бўлган ташкилот билан келишилган муддатларда бажарилиши шарт.

107. Мукаммал (капитал) ва ўрта таъмирлашдан кейин қурилма ва ускуналар, бино ва иншоотларни қабул қилиб олиш комиссияси томонидан, таъмирлаш ишларини амалга оширган бўлинма ёки пудратчи ташкилотлар билан келишилган ва энергетика объектининг бош муҳандиси тасдиқлаган дастур бўйича амалга оширилиши шарт. Қабул қилиш комиссиясининг таркиби энергетика объекти бўйича буйруқ билан белгиланиши шарт.

108. Электр станциялари, электр ва иссиқлик тармоқларининг мукаммал ва ўрта таъмирлашдан ўтган ускуналари 48 соат давомида юклама остида қабул қилиш-топшириш синовларидан ўтказилиши керак.

Таъмирлашдан сўнг ускуналарни юклама остида қабул қилиш-топшириш синовларисиз захирага ўтказиш юқори турувчи ташкилот ва «Ўзэнергоинспекция» билан келишилган ҳолда, синов тариқасида ишга тушириб кўрилганидан кейин амалга оширилиши шарт.

109. Ускуналарни таъмирлашдан кейин қабул қилишда таъмирлашнинг сифати қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда баҳоланиши лозим:

таъмирланган ускунанинг сифати;

бажарилган таъмирлаш ишларининг сифати;

ёнғин хавфсизлиги ҳолати.

Сифатни баҳолаш қуйидагича белгиланади:

дастлабки — қабул қилиш-топшириш синовлари тугаганидан сўнг;

якуний — назорат остида бир ой эксплуатация қилиш натижалари бўйича. Бу вақт давомида ускуналарнинг барча режимларда ишлашини текшириш тугатилган, барча тизимларда синашлар ва созлашлар ўтказилган бўлиши шарт.

Таъмирланган ускуналарнинг сифати бўйича расмийлаштирилган тегишли ҳужжат ёки далолатнома тўғрилигини текшириш ва назорат қилиш энергетика объектининг юқори турувчи ташкилоти ҳамда «Ўзэнергоинспекция» томонидан амалга оширилади.

110. Қуйидагилар мукаммал (капитал, ўрта) таъмирлашни тамомлаш вақти ҳисобланади:

энергоблоклар, ИЭС ва ИЭМнинг кўндаланг алоқа тизимида ишлайдиган буғ турбиналари, гидроагрегатлар ва трансформаторлар учун — генераторни (трансформаторни) тармоққа улаш вақти;

ИЭС ва ИЭМнинг кўндаланг алоқа тизимида ишлайдиган буғ қозонлари учун — қозонни станциянинг ўткир буғ қувурига улаш вақти;

икки корпусли қозонлари (дубль-блоклари) бўлган энергоблоклар учун — энергоблокни қозон корпусларидан бири билан юклама остида тармоққа улаш вақти. Бунда агар таъмирлаш жадвалида таъмирлашнинг кечиктирилиши кўзда тутилмаган бўлса, иккинчи корпусни қиздириш ва улаш вақти энергоблокни юклаш жадвалига мувофиқ амалга оширилиши шарт;

иссиқлик тармоқлари учун — тармоққа улаш ва унда тармоқ суви айланиши барқарорлашиш вақти;

электр тармоқлари учун — тармоққа улаш вақти, агар кучланиш бериш вақтида бузилиш юз бермаган бўлса; кучланиш олинмасдан таъмирлашда — иш раҳбари (иш бажарувчи) томонидан навбатчи диспетчерга ишлар тугатилганлиги ҳақида маълум қилиш вақти.

Агар қабул қилиш-топшириш синовлари давомида ускуналарнинг номинал юклама билан ишлашига тўсқинлик қилувчи нуқсонлар ёки ускуналарни зудлик билан тўхтатишни талаб қилувчи нуқсонлар аниқланган бўлса, таъмирлаш ушбу нуқсонлар бартараф этилиши ва қабул қилиш-топшириш синовлари такрор ўтказилишига қадар тугатилмаган деб ҳисобланади.

Қабул қилиш-топшириш синовлари жараёнида ускунанинг алоҳида таркибий қисмлари нормал ишлашида дарҳол тўхтатишни талаб қилмайдиган бузилишлар пайдо бўлса, қабул қилиш-топшириш синовларини давом эттириш масаласи бузилишларнинг хусусиятига қараб, энергетика объектининг техник раҳбари томонидан таъмирловчи ижрочиси билан келишилган ҳолда ҳал этилади. Бунда аниқланган нуқсонлар таъмирловчи ижрочи томонидан энергетика объекти билан келишилган муддатларда бартараф қилинади.

Агар ускунани юклама остида қабул қилиш-топшириш синовлари нуқсонларни бартараф этиш учун тўхтатилган бўлса, таъмирлашни тамомлаш вақти — синовлар жараёнида ускунани охирги марта юклама остига қўйиш вақти ҳисобланади.

111. Энергоблок таркибига кирувчи барча асосий ускуналарни таъмирлаш бир вақтда ўтказилиши шарт.

112. Энергетика объектлари, таъмирлаш ва таъмирлаш-созлаш ташкилотлари ускуналар, бино ва иншоотларни таъмирлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатишнинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини мунтазам ҳисобга олишлари ва мазкур кўрсаткичларни яхшилаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқиши шарт.

113. Энергетика объектлари қуйидаги бино-иншоотлар, қурилма ва ускуналар ҳамда жиҳозлар билан таъминланган бўлиши шарт:

электр станцияларида — бош бино, ёрдамчи бино ва иншоотлар, марказий таъмирлаш устахоналари, таъмирлаш майдончалари ва таъмирлаш ходимларининг ишлаб чиқариш хоналари;

электр тармоқларида — марказий таъмирлаш устахоналари, таъмирлаш майдончалари ва таъмирлаш ходимларининг таъмирлаш-ишлаб чиқариш хоналари.

Энергетика объектларининг ускуналарига бош бино, ёрдамчи бино ва иншоотларда стационар ва инвентар юк кўтариш машиналари ҳамда таъмирлашни механизациялаш воситалари билан хизмат кўрсатилиши шарт.

114. Энергетика объектлари, таъмирлаш ва таъмирлаш-созлаш ташкилотлари таъмирлашни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш учун таъмирлаш ҳужжатлари, асбоблар ва таъмирлаш ишларини бажариш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.

115. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг назорати остидаги энергетика объектларини қуриш, таъмирлаш ва таъмирлаш-созлаш ишларини бажарадиган ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасидан рухсатнома олиши лозим.

116. Энергетика объектлари режалаштирилган таъмирлаш ҳажмини ўз вақтида таъминлаш учун эҳтиёт қисмлар, материаллар, узеллар ва ускуналарнинг алмаштириш фондига эга бўлиши шарт.

Бир хил турдаги агрегатларнинг эҳтиёт ускуналари ва деталлар йиғмаси (турбиналар, турбогенераторлар, таъминлаш насосларининг роторлари, диафрагмалар, турбиналар парраклари, генератор старторларининг чулғамлари тўплами ва бошқалар) энергетика тизими ташкилотларининг марказлашган омборлари захирасида туриши шарт.

Энергетика объекти омборига тушаётган ва омборда, цехларда ва участкаларда мавжуд бўлган барча эҳтиёт қисмлар, эҳтиёт ускуналари ҳамда материалларнинг кирим назорати ҳамда ҳисобга олиниши ташкил этилиши шарт. Уларнинг ҳолати ва сақлаш шароитлари вақти-вақти билан текшириб турилиши шарт.

Эҳтиёт қисмлар ва ускуналарни сақлаш базаларида уларнинг сақланиши ва мунтазам равишда тўлдириб борилиши таъминланиши шарт. Ташқи атмосфера шароитлари таъсирида сақланиши бузиладиган ускуналар, эҳтиёт қисмлари ва материаллар ёпиқ омборларда сақланиши шарт.

9-боб. Техник ҳужжатлар

117. Ҳар бир энергетика объектида қуйидаги ҳужжатлар бўлиши шарт:

ер участкаларини ажратиш далолатномалари;

участканинг бош режаси, унда бино ва иншоотлар, шу жумладан, ерости хўжалиги киритилган ҳамда санитария-ҳимоя ҳудуди кўрсатилган бўлиши шарт;

ҳудуд ҳақидаги геологик, гидрогеологик ва бошқа маълумотлар, уларда тупроқ синовлари ва ерости сувларининг таҳлили натижалари бўлиши шарт;

шурфлар кесимлари билан пойдеворларни ўрнатиш далолатномалари;

яширин ишларни қабул қилиш далолатномалари;

бино ва иншоотларнинг ҳамда ускуналар остидаги пойдеворларнинг чўкиши ҳақидаги бирламчи далолатномалар;

иншоотларнинг портлаш хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, яшиндан ҳимоя ва коррозияга қарши ҳимояни таъминловчи тузилмаларни синаш бўйича бирламчи далолатномалар;

ички ва ташқи сув таъминоти, ёнғин ўчириш сув қувурлари, канализация, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, иситиш ва вентиляция тизимларини синаш бўйича бирламчи далолатномалар;

ускуналар ва технологик қувурларни индивидуал ишлатиб кўриш ва синашлар бўйича бирламчи далолатномалар;

давлат ва ишчи қабул комиссияларининг далолатномалари;

тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари, уларга кейинчалик киритилган барча ўзгартиришлар билан ва уларга олинган давлат экспертиза хулосалари;

бино ва иншоотлар, технологик тугунлар ва ускуналарнинг техник паспортлари;

ускуналар ва иншоотларнинг ишчи ижро чизмалари, бутун ерости хўжалигининг чизмалари;

бирламчи ва иккиламчи электр уланмаларининг ишчи ижро схемалари;

технологик ишчи ижро схемалари;

ускуналарга эҳтиёт қисмларнинг чизмалари;

ёнғин ўчириш тезкор режаси;

давлат назорати органларининг талабларига мувофиқ ҳужжатлар;

ускуналар, бино ва иншоотларнинг эксплуатацияси бўйича йўриқномалар, барча тоифадаги мутахассислар ва навбатчи ходимлар жумласига кирувчи ишчилар учун лавозим йўриқномаларининг комплекти;

меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар комплекти;

атроф муҳитга кўрсатиладиган таъсирни баҳолаш ҳужжатлари бўйича давлат экологик экспертизасининг хулосаси;

экологик меъёрлар.

Юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг комплекти энергетика объектининг техник архивида «ҲУЖЖАТЛАР» штампи билан сақланиши шарт ва мулк эгаси ўзгарганда унинг доимий сақланишини таъминлаш шарти билан янги мулк эгасига тўла ҳажмда топширилади.

118. Барча энергетика объектларида ҳар бир цех, подстанция, туман, участка, лаборатория ва хизматлар учун зарур бўлган йўриқномалар, низомлар, технологик ва тезкор схемалар рўйхати белгиланган бўлиши шарт. Рўйхат энергетика объектининг бош муҳандиси томонидан тасдиқланади ва камида уч йилда бир марта қайта кўриб чиқилиши шарт.

119. Электр станциялари, қозонхоналар ва подстанцияларнинг асосий ва ёрдамчи ускуналарида уларнинг номинал маълумотлари бор ёрлиқлар ўрнатилган бўлиши шарт.

120. Барча асосий ва ёрдамчи ускуналар, шу жумладан, қувурлар, шиналар тизимлари ва секциялари, шунингдек, арматура, газ ва ҳаво ўтказувчи қувурларнинг шиберлари рақамланган бўлиши шарт. Танланма бошқарув тизими (кейинги ўринларда — ТБТ) мавжуд бўлганда арматуранинг рақамланиши ижро схемаларида ва жойи бўйича икки марта бажарилиши шарт, бунда уларнинг биттаси тезкор схемага ва иккинчиси ТБТ бўйича мос рақамга эга бўлиши лозим.

Асосий ускуналар тартиб рақамларига эга бўлиши шарт, ёрдамчи ускуналар эса — асосий ускуналарнинг тартиб рақамига «А», «Б», «В» ва ҳоказо ҳарфлар қўшилган ҳолда белгиланади. Ускуналарнинг рақамланиши бинонинг ўзгармас ён томонидан ва «А» қаторидан бошлаб бажарилиши шарт. Дубль-блокларда ҳар бир қозонга блокнинг рақамига «А» ва «Б» ҳарфлари қўшиб ёзилади. Ёқилғи узатувчи тизимнинг алоҳида бўғинлари кетма-кет ва ёқилғининг йўналиши бўйича рақамланиши, параллел занжирлар эса ёқилғи ҳаракатининг йўналиши бўйича чапдан ўнгга «А» ва «Б» ҳарфларини қўшиб рақамланиши шарт.

121. Схемалардаги рақамлар ва белгилар ҳақиқатда ёзилган рақамлар ва белгиларга мувофиқ келиши шарт.

122. Эксплуатация жараёнида энергетика қурилмаларида бажарилган барча ўзгартиришлар жавобгар шахснинг лавозими ва ўзгартириш киритилган сана кўрсатилиб, унинг имзоси билан йўриқномалар, схемалар ва чизмаларга киритилиши шарт.

Йўриқномалар, схемалар, чизмалардаги ўзгартиришлар ҳақидаги ахборот шу йўриқномалар, схемалар ва чизмаларни билиши шарт бўлган барча ходимларга (фармойишлар журналига ёзиш билан) етказилиши шарт.

123. Технологик схемалар (чизмалар) камида 2 йилда бир марта ҳақиқий эксплуатация маълумотларига мувофиқлиги бўйича текширилиши ва текширув ҳақида уларга белги қўйилиши шарт.

Худди шу муддатларда йўриқномалар ва технологик схемалар ҳамда керакли йўриқномаларнинг рўйхати қайта кўриб чиқилади.

124. Керакли схемаларнинг комплекти «Энергия» МДМ, тизим оператори, электр ва иссиқлик тармоқлари диспетчерларида, электр станциясининг смена бошлиғида, ҳар бир цех ва энергоблок смена бошлиғида, подстанция навбатчисида ва тезкор-чиқиш бригадасининг устасида туриши шарт.

Схемаларни сақлаш тартиби маҳаллий шароитларга кўра белгиланиши шарт.

125. Барча иш жойлари мазкур Қоидаларнинг талабларига мувофиқ, завод ва лойиҳа маълумотларига, намунавий йўриқномаларга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга, эксплуатация тажрибасига ва синов натижаларига асосан маҳаллий шароитларни эътиборга олиб тузилган зарур йўриқномалар билан таъминланган бўлиши шарт. Йўриқномалар тегишли ишлаб чиқариш бўлинмасининг (цехлар, подстанциялар, туман, участка, лабораториялар ва хизматлар) бошлиғи томонидан имзоланган ва энергетика объектининг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган бўлиши шарт.

Тизим аҳамиятига эга бўлган йўриқномалар тизим оператори билан келишилган ва Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

126. Ускуналар, бино ва иншоотларни, релели ҳимоя, телемеханика, алоқа воситаларини ва автоматлаштирилган бошқарув тизимининг (кейинги ўринларда — АБТ) техник воситалари комплексини эксплуатация қилиш бўйича йўриқномаларга ҳар бир қурилма бўйича қуйидагилар киритилган бўлиши шарт:

ускуналар, бино ва иншоотларнинг қисқача тавсифи;

қурилма ёки қурилмалар комплексининг хавфсиз ҳолати ва ишлаш режимларининг мезонлари ва чегаралари;

ишга туширишни тайёрлаш тартиби;

ускунани ишга тушириш, тўхтатиш ва унга хизмат кўрсатиш тартиби, нормал эксплуатация қилиш ва ишдаги бузилишлар вақтида бино ва иншоотларни соз ҳолатда сақлаш тартиби;

ускуналар, бино ва иншоотларни кўрикдан ўтказиш, таъмирлаш ва синашга рухсат бериш тартиби;

меҳнат хавфсизлиги, портлаш ва ёнғин хавфсизлиги бўйича мазкур қурилма учун ўзига хос талаблар.

127. Ҳар бир иш жойи бўйича лавозим йўриқномаларида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши шарт:

мазкур лавозимдаги ходимларнинг билиши мажбурий бўлган, ускуналарга хизмат кўрсатиш бўйича йўриқномалар, ускуналар ва тузилмалар схемаларининг рўйхати;

ходимнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

хизмат бўйича боғлиқ бўлган юқори турувчи, бўйсинувчи ва бошқа ходимларнинг ўзаро муносабатлари.

128. Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши шарт:

умумий хавфсизлик талаблари;

ишни бошлашдан олдин, иш давомида ва иш тугагандан кейин хавфсизлик талаблари;

авария вазиятларида хавфсизлик талаблари.

129. Йўриқномалар 5 йилда бир мартадан кам бўлмаган, хавфлилиги юқори бўлган касбларда ёки ишларни бажараётган ходимлар учун йўриқномалар 3 йилда бир мартадан кам бўлмаган муддатда қайта кўриб чиқилиши лозим. Ускуналарнинг ҳолати ёки эксплуатация шароитлари ўзгарган ҳолларда йўриқномаларга тегишли қўшимчалар киритилиши ва ушбу йўриқномаларни билиши шарт бўлган ходимларга етказилиши лозим, бу ҳақида фармойишлар журналига ёзув киритилиши шарт.

130. Тезкор ҳужжатларда мазкур Қоидаларга иловага мувофиқ навбатчи ходимлар томонидан иш фаолиятида фойдаланиладиган техник ҳужжатлар рўйхати ҳамда ушбу рўйхатдаги ҳамма ҳужжатлар бўлиши шарт.

Маҳаллий шароитларга қараб тезкор ҳужжатларнинг ҳажми энергетика объекти бош муҳандисининг қарори бўйича ўзгартирилиши мумкин.

131. Электр станцияси цехларидаги тезкор-диспетчер ходимларининг иш жойларида, доимий навбатчи ходимлари бўлган бошқарув шчитларида, диспетчерлик пунктларида белгиланган шакл бўйича суткалик ахборотномалар тўлдирилиши шарт.

132. Маъмурий-техник ходимлар ҳар куни тезкор ҳужжатларни текшириши ҳамда ускуналар ва ходимларнинг ишидаги нуқсонлар ва бузилишларни бартараф қилиш учун зарур чораларни кўриши шарт.

133. «Энергия» МДМ, тизим оператори, тармоқ корхоналарининг диспетчерлик пунктлари, электр станцияларининг бош шчитлари барча тезкор музокараларни автоматик равишда компьютер хотирасига ёзиб олиш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши шарт.

134. Тезкор ҳужжатлар, назорат-ўлчов асбобларининг қайд этувчи диаграммалари, тезкор-диспетчерлик музокараларининг компьютер хотираси ёзувлари ва тезкор-ахборот АБТ комплекси томонидан шакллантириладиган чиқиш ҳужжатлари қатъий ҳисобга олиш ҳужжатлари жумласига киритилади ва белгиланган тартибда сақланиши керак.

Ҳужжатлар қуйидаги муддатларда сақланиши шарт:

қайд этувчи асбобларнинг кўрсатмалари туширилган хотира — 3 йил;

нормал шароитларда тезкор музокараларнинг компьютер хотирасидаги ёзувлари, агар муддатни узайтириш ҳақида кўрсатма бўлмаса — 10 сутка;

авариялар ва ишдаги бошқа бузилишлар вақтида олиб борилган тезкор музокараларнинг компьютер хотирасидаги ёзувлари, агар муддатни узайтириш ҳақида кўрсатма бўлмаса — 3 ой.

10-боб. Автоматлаштирилган бошқарув тизимлари

135. Электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришда технологик ишлаб чиқариш бўйича тезкор-диспетчерлик ва ташкилий-иқтисодий бошқарув мос равишда автоматлаштирилган бошқарув тизимлари орқали қуйидагилар билан таъминланиши шарт:

технологик жараённинг автоматлаштирилган бошқарув тизимлари (кейинги ўринларда — ТЖ АБТ) билан;

автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви тизимлари (кейинги ўринларда — АДБТ) билан;

ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилган бошқарув тизимлари (кейинги ўринларда — ИЧ АБТ) билан.

136. Қуввати 160 MВт ва ундан юқори бўлган энергоблокларга эга бўлган иссиқлик электр станциясида, ўрнатилган қуввати 1000 MВт ва ундан юқори бўлган гидроэлектр станциясида, электр тармоқларини эксплуатация қилувчи ҳар бир ташкилотда ТЖ АБТ ишлаб туриши шарт. Маҳаллий шароитларга, иқтисодий ва ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқлигига қараб қуввати кўрсатилган қийматдан кам бўлган агрегатларга эга бўлган электр станциялари ТЖ АБТ билан жиҳозланиши мумкин.

137. Электр ва иссиқлик тармоқларини эксплуатация қилувчи ташкилотларнинг диспетчерлик пунктларида (кейинги ўринларда — ДП), тизим операторида ва «Энергия» МДМда АДБТ ишлаб туриши шарт.

138. АБТни эксплуатация қилишда қуйидагиларга:

энергетика тизимларининг АБТни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва эксплуатация қилиш бўйича амал қилувчи кўрсатмаларига;

энергетика тизимларининг кўп поғонали интеграцияланган ташкилий-технологик АБТни яратиш бўйича амал қилувчи кўрсатмаларига амал этилиши лозим.

139. Энергетика тизимининг барча энергетика объектларида, корхоналарида ва ташкилотларида қуйидаги вазифалар мажмуасини бажариш учун ИЧ АБТ ишлаб туриши шарт:

техник-иқтисодий режалаштириш;

энергетик таъмирлашни бошқариш;

электр ва иссиқлик энергиясини сотишни бошқариш;

энергетика ишлаб чиқариши ривожланишини бошқариш;

маҳсулот сифати, стандартлаштириш ва метрологияни бошқариш;

моддий-техник таъминотни бошқариш;

ёқилғи таъминотини бошқариш;

транспорт ва юк ташишни бошқариш;

кадрларни бошқариш;

эксплуатация қилувчи ходимларни тайёрлаш;

бухгалтерия ҳисоби;

умумий бошқариш;

турли ташламалар, оқизмалар, чиқиндиларнинг, шунингдек, фойдаланиладиган табиий ресурсларнинг миқдори ва таркибини бошқариш.

Технологик жараёни автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, АДБТ ва ИЧ АБТ мустақил тизимлар сифатида, шунингдек, энергетика тизимининг интеграцияланган АБТнинг кичик тизимлари сифатида ҳам ишлаши мумкин.

140. Ҳар бир энергетика объектида АБТнинг алоҳида вазифалари мажмуасини танлаш мавжуд бўлган намунавий лойиҳалар, амалий дастур тўпламлари ва техник воситаларнинг имкониятларидан оқилона фойдаланишни ҳисобга олиб, ишлаб чиқариш ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда аниқланиши шарт.

141. АБТнинг техник воситалари мажмуасига қуйидагилар киритилиши шарт:

ахборотни тўплаш ва узатиш воситалари (ахборот датчиклари, алоқа каналлари, телемеханика тузилмалари, маълумотларни узатиш аппаратураси ва ҳоказо);

ахборотни қайта ишлаш ва уни акс эттириш воситалари;

бошқариш воситалари (контроллерлар, электр техникаси аппаратураси ва бошқалар);

ёрдамчи (узлуксиз электр таъминоти, ҳавони мўътадиллаштириш, автоматик ёнғин ўчириш ва бошқа) тизимлар.

142. АБТни эксплуатацияга киритиш белгиланган тартибда қабул қилиш комиссиясининг далолатномасига асосан амалга оширилиши шарт.

АБТни саноат эксплуатациясига киритишдан олдин уни давомийлиги 6 ойдан ошмаган тажриба эксплуатациясидан ўтказиш мумкин. АБТни яратиш ва эксплуатацияга киритиш бир ёки икки босқичда амалга оширилиши мумкин.

АБТни саноат эксплуатациясига қабул қилиш ишга туширилаётган босқич учун кўзда тутилган барча масалаларни саноат эксплуатациясига қабул қилиш тугатилганидан сўнг ўтказилиши шарт.

143. АБТнинг эксплуатациясини ташкил этишда техник воситалар мажмуаси ва дастур таъминотига хизмат кўрсатиш бўйича тузилмавий бўлинмаларнинг вазифалари энергетика объектлари раҳбарларининг буйруқлари билан белгилаб берилиши шарт.

Ҳар бир бўлинма томонидан хизмат кўрсатиладиган ускуналарнинг рўйхати хизмат кўрсатиш чегаралари белгиланган ҳолда тегишли энергетика объекти ёки ташкилотнинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган бўлиши шарт.

144. АБТга хизмат кўрсатувчи бўлинмалар қуйидагиларни таъминлашлари шарт:

АБТнинг техник воситалари, ахборот ва дастурий таъминотининг ишончли эксплуатация қилиниши;

компьютер (электрон ҳисоблаш машинаси)да ишлов берилган ахборотни жадвалга мувофиқ мос бўлинмаларга тақдим этилиши;

ҳисоблаш техникасидан фойдаланиш бўйича амалдаги талабларга мувофиқ самарали фойдаланилиши;

бошқарув тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш, жумладан, эксплуатациядаги янги вазифаларни жорий этиш, дастурларни модернизациялаш, бошланғич ахборотни тўплаш ва тайёрлашнинг илғор технологияларини ўзлаштириш;

меъёрий-маълумот ахборотларини синфлаштиришни амалга ошириш;

АБТнинг қўшни иерархияли даражалари билан ўзаро ахборот ҳамкорлигини ташкил этиш;

АБТнинг ишлаб туриши учун зарур бўлган йўриқнома ва методик ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

АБТ ишлашини, унинг иқтисодий самарадорлигини таҳлил қилиш, ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш.

145. Ҳар бир АБТ бўйича хизмат кўрсатувчи ходим лойиҳа ва завод ҳужжатларидан ташқари энергетика объектининг бош муҳандиси тасдиқлаган рўйхат бўйича техник ва эксплуатацион ҳужжатларни юритиши шарт.

146. АБТнинг техник воситаларида таъмирлаш-профилактика ишлари тасдиқланган жадвалларга мувофиқ бажарилиши, уларни таъмирлашга чиқариш тартиби тасдиқланган низом билан белгилаб берилиши шарт.

147. Электр энергетикаси соҳасидаги махсус ваколатли орган, диспетчерлик хизматлари, энергетика ташкилотларининг раҳбарияти АБТ ишлашини, унинг самарадорлигини таҳлил қилиши, эксплуатация қилиш устидан назоратни амалга ошириши ва АБТни ривожлантириш ва такомиллаштириш, ўз вақтида техник қайта жиҳозлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиши шарт.

11-боб. Метрология таъминоти

148. Ҳар бир энергетика объектида ўлчовларнинг талаб қилинадиган бирлигини ва аниқлигини таъминловчи чора-тадбирлар мажмуаси бажарилиши шарт. Ҳар бир энергетика объектида бажариладиган метрология таъминоти бўйича чора-тадбирлар мажмуаси ўз ичига қуйидагиларни олиши керак:

давлат текшируви ва назоратидан ўтказилиши керак бўлган ўлчов воситаларини (кейинги ўринларда — ЎВ) ўз вақтида қиёслашга тақдим этиш;

қиёслаш ўтказилмайдиган ЎВни калибровкалаш бўйича ишларни ўтказиш;

ўлчовларни бажаришда аттестацияланган усуллардан фойдаланиш;

қўлланилаётган ЎВда аниқлик тавсифларининг технологик кўрсаткичларини ўлчаш аниқлигига қўйиладиган талабларга мувофиқлиги ва лойиҳа ҳужжатларининг метрология экспертизаси ўтказилишини таъминлаш;

ЎВга хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш, метрология назоратини амалга ошириш.

149. Метрология таъминоти бўйича ишларни бажариш, уларнинг бажарилиши устидан назорат метрология хизматлари:

энергетика тизимининг метрология хизмати;

тармоқлардаги асосий метрология хизмати;

асосий метрология хизмати;

энергетика ташкилотларининг метрология хизматлари томонидан амалга оширилиши шарт.

150. Энергетик қурилмаларнинг ЎВ билан жиҳозланганлиги лойиҳага мувофиқ бўлиши шарт.

Электр қурилмаларини ЎВ билан жиҳозлаш ҳажми ускунанинг техник ҳолати ва унинг ишлаш режими, олинган ва сарфланган ресурсларни, ишлаб чиқилган, сарфланган ва узатилган электр ва иссиқлик энергиясининг ҳисобга олиниши, меҳнат хавфсизлиги шароитига ва санитария нормаларига риоя этиш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш устидан назоратни таъминлаши шарт.

151. Ёқилғи сарфи, электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилинишини ҳисобга олишнинг технологик параметрлари ўлчаш воситалари давлат синовларидан ёки метрологик аттестациядан ўтказилиши ва Ўлчаш воситаларининг давлат реестрига киритилиши шарт.

Белгиланган тартибда метрологик аттестациядан ўтказилган ностандарт ЎВни қўллашга рухсат берилади.

152. Барча ЎВ, шунингдек, ўлчаш тизимлари доимий соз ҳолатда ва ўлчашларни бажаришга тайёр туриши шарт. Технологик ускуналар ишлаб турганда ўлчов воситаларини таъмирлаш учун аввал захирадаги воситалар ўрнатилиши шарт.

153. Саноат эксплуатациясига киритилишидан олдин, шунингдек, энергетика объектларининг асосий ускуналарини эксплуатация қилиш жараёнида ЎВ ўлчаш каналлари қиёслаш ва калибровка қилинган ҳолда метрологик аттестациядан ўтказилиши ёки индикаторлар туркумига ўтказилиши керак.

Қиёслашдан ўтказилмаган ёки калибровка қилинмаган ўлчаш тизимларидан ишда фойдаланиш тақиқланади.

154. Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»ги Қонунининг 20-моддасида кўрсатилган метрология текшируви ва давлат метрология назорати татбиқ этиладиган соҳаларда фойдаланиладиган барча ўлчаш воситалари ва намунавий ЎВ қиёслашдан ўтказилиши шарт. Бунда ЎВни қиёслашдан ўтказишни ташкил этиш тартиби ва услуби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлиши керак.

155. Қиёслашдан ўтказилиши керак бўлган ЎВнинг аниқ рўйхати ҳар бир энергетика объектида тузиб чиқилиши ва ҳар йили энергетика объекти жойлашган ҳудудга хизмат кўрсатувчи давлат метрология органига юборилиши шарт.

156. Ўлчаш воситалари энергетика объекти томонидан тасдиқланган ва давлат метрология хизматлари билан келишилган жадвалларга мувофиқ ўз вақтида қиёслашга тақдим этилиши шарт.

157. ЎВни қиёслашдан ўтказиш натижалари ишончли тамға ёки қиёслаш ҳақидаги гувоҳнома билан тасдиқланиши шарт, уларнинг шакли ва ҳужжатларга тушириш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

158. Қиёслашдан ўтказилмайдиган, лекин энергетика объектларида ускуналарнинг ишончли ва тежамли ишлашини назорат қилиш учун фойдаланиладиган барча ЎВ калибровка қилиниши керак.

159. ЎВнинг калибровкаси юридик шахснинг калибровка қилиш ҳуқуқи учун аккредитация қилинган метрология хизматлари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган калибровкалаш жадвалига мувофиқ амалга оширилади.

160. Энергетика объектининг метрология хизмати томонидан ЎВни калибровкалаш ишларини бажариш имконияти бўлмаса, калибровкалаш соҳадаги асосий метрология хизмати томонидан бажарилиши керак.

161. ЎВни калибровкалаш даврийлиги энергетика объектининг бош метрологи ва бош муҳандиси билан келишилган ҳолда энергетика объекти бўйича буйруқ билан белгиланади.

162. ЎВни калибровкалаш натижалари ЎВга тушириладиган калибровкалаш белгиси ёки калибровка ҳақидаги сертификат билан, шунингдек, амалдаги норматив ҳужжатга мувофиқ эксплуатация ҳужжатларига ёзув киритиш билан тасдиқланади.

163. Тегишли тарзда расмийлаштирилган ЎВни калибровкалаш натижалари судда, ҳакамлар судида, давлат бошқаруви органларида низоларни кўриб чиқиш пайтида энергетика объекти томонидан далил сифатида фойдаланилиши мумкин.

164. Энергетика объектларида технологик кўрсаткичларни ўлчашлар белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган ўлчашларни бажариш усулларига мувофиқ амалга оширилиши шарт.

165. ЎВни ва уларнинг аниқлик тавсифларини танлаш технологик кўрсаткичлар ва ўлчовларни ўтказиш тартибига мувофиқ ўлчовлар аниқлигига қўйиладиган талабларни белгилаб берувчи стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларга асосан лойиҳалаш босқичида амалга оширилиши шарт.

166. Ишчи лойиҳа таркибидаги лойиҳа ҳужжатлари қонунчилик ҳужжатларининг талабларига мувофиқ метрологик экспертизадан ўтказилиши шарт.

167. Энергетика ускуналарини эксплуатация қилиш жараёнида технологик кўрсаткичларнинг қўшимча (лойиҳада кўзда тутилмаган) ўлчашларини ўтказиш зарур бўлганда ЎВни танлаш мазкур Қоидаларнинг 164 — 166-бандларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.

168. Ўлчашлар аниқлиги меъёрланмайдиган техник кўрсаткичларни кузатиш учун қўлланиладиган ишчи ЎВ қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ индикаторлар туркумига ўтказилиши мумкин.

169. Шчитларда ва панелларда ўрнатилган ва ускуналарнинг ишлаш режимларини назорат қилиш учун мўлжалланган қайд этувчи ва кўрсатувчи ўлчов асбобларининг кўрсаткичлари билан ўлчанаётган катталикнинг номинал қийматига тўғри келадиган белги қўйилиши шарт. Белгини қўйиш ўлчамлари ва усули ўлчов асбоблари учун белгиланган стандарт талабларига мувофиқ бўлиши керак. Ташқи манбадан электр таъминотига эга бўлган асбоблар таъминот йўқолганлигини маълум қилувчи сигнализация билан жиҳозланган бўлиши шарт.

170. ЎВга тезкор хизмат кўрсатиш энергетика объекти раҳбариятининг қарори билан белгиланган бўлинмаларнинг навбатчи ёки тезкор-таъмирлаш ходимлари томонидан амалга оширилиши шарт.

171. ЎВни даврий кўрикдан ўтказиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш энергетика объектининг метрология хизмати вазифаларини бажарувчи бўлинма ходимлари томонидан амалга оширилиши шарт.

172. Таҳлил олинадиган тузилмалардаги бирламчи беркитувчи қисмларни таъмирлаш, торайтирувчи ва сарфни ўлчовчи бошқа тузилмаларни, ҳароратни ўлчаш воситасининг ҳимоя ғилофларини очиш ва ўрнатиш технологик ускуналарни таъмирлаш ишларини амалга оширувчи ходимлар томонидан бажарилиши шарт, қабул қилиш эса қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

173. ЎВ ўрнатилган ускуналарга хизмат кўрсатувчи ходимлар уларнинг сақланиши ва ташқи элементларининг тозалиги учун жавобгардир. ЎВнинг ишидаги барча бузилишлар ҳақида энергетика объектида метрология хизмати вазифасини бажарувчи бўлинмага хабар берилиши шарт.

174. Бир маромда ёзишини таъминлаш билан боғлиқ бўлмаган қайд этувчи асбобларни очиш учун фақат энергетика объектининг метрология хизмати вазифасини бажарувчи бўлинманинг ходимларига, таъминловчилар ёки истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб қилиш учун фойдаланиладиган ЎВни эса — уларнинг вакиллари билан биргаликда очишга рухсат этилади.

175. Қиёслашдан ўтказилиши шарт бўлган ЎВнинг ҳолати ва қўлланилиши, метрология қоидалари ва меъёрларига риоя этилиши устидан давлат метрология назорати давлат метрология хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

176. Қиёслашдан ўтказилиши шарт бўлмаган ЎВнинг ҳолати ва қўлланилиши, метрология қоидалари ва меъёрларига риоя этилиши устидан метрология текшируви ва назорати энергетика ташкилотларининг метрология хизматлари томонидан амалга оширилади.

12-боб. Электр қурилмаларида алмашлаб улашлар

177. Энергетика объектларининг электр тармоқлари ва электр қурилмаларининг электр улаш схемаларидаги, релели ҳимоя ва автоматика (кейинги ўринларда — РҲА) тузилмалари занжирларидаги алмашлаб улашларда бажарилган барча ўзгаришлар, шунингдек, ерга уланишлар ўрнатилган жойларда алмашлаб улашлар тугатилганидан сўнг тезкор схемада ёки макет-схемада акс эттирилиши шарт.

178. Мураккаб алмашлаб улашлар, шунингдек, блокировка тузилмалари билан жиҳозланмаган ёки носоз блокировка тузилмаларига эга бўлган электр қурилмалари алмашлаб улаш дастурлари, бланкалари бўйича бажарилиши шарт.

179. Коммутация аппаратлари, ерга улайдиган ажраткичлар ва релели ҳимоя, аварияга қарши ва режим автоматикаси тузилмалари билан операцияларнинг қатъий кетма-кетлигини талаб қилувчи алмашлаб улашлар мураккаб алмашлаб улашларга киради.

Тегишли энергетика объектларининг техник раҳбарлари ва ушбу объектларнинг юқори турувчи ташкилотлари томонидан тасдиқланадиган мураккаб алмашлаб улашларнинг рўйхати тизим операторида, энергетика объектларининг диспетчерлик пунктларида, электр станциялари ва подстанцияларнинг марказий (бош) бошқарув шчитларида сақланиши шарт.

Мураккаб алмашлаб улашларнинг рўйхати схемалар, ускуналарнинг, ҳимоя ва автоматика тузилмаларининг таркиби ўзгарганда қайта кўриб чиқилиши шарт.

180. Такрорланадиган мураккаб алмашлаб улашлар учун намунавий дастурларда, алмашлаб улашлар бланкаларидан фойдаланилиш шарт.

Технологик бузилишларни бартараф этишда ёки уларнинг олдини олиш учун алмашлаб улашларни алмашлаб улаш бланкаларисиз амалга оширишга тезкор журналга ёзиш шарти билан рухсат берилади.

181. Тезкор ҳужжатлар бўлиб ҳисобланадиган алмашлаб улаш дастурлари ва бланкаларида электр қурилмаларининг электр уланмалари схемалари ва РҲА занжирларида алмашлаб улашларни ўтказиш операцияларини амалга ошириш тартиби ва кетма-кетлиги белгиланган бўлиши шарт.

Алмашлаб улашларни бевосита бажарувчи тезкор-диспетчер ходимлари алмашлаб улаш бланкаларидан (намунавий бланкалардан) фойдаланишлари шарт.

Алмашлаб улаш дастурларини (намунавий дастурларни) тезкор раҳбарлар турли бошқарув даражаларидаги ва турли энергетика объектларидаги электр қурилмаларида алмашлаб улашларни бажаришда қўллашлари шарт.

Дастурларни деталлаштириш даражаси диспетчерлик бошқарувининг даражасига мувофиқ келиши зарур.

Алмашлаб улашларни бевосита бажарувчи шахсларга диспетчер ва электр қурилмаларининг тезкор ходими даражасидаги алмашлаб улашлар бланкалари билан тўлдирилган дастурларни қўллашга рухсат этилади.

Янги ускуналарни ишга тушириш ёки эскирган ускуналарни демонтаж қилиш, тақсимлаш тузилмаларининг реконструкцияси билан боғлиқ электр қурилмаларининг электр уланмаларининг бош схемасида ўзгаришлар бўлганда, шунингдек, янги РҲА тузилмаларини улаш ёки ўрнатилган РҲА тузилмаларида ўзгаришлар бўлганда алмашлаб улашларнинг намунавий дастурлари ва бланкаларига тузатишлар киритилиши лозим.

182. «Энергия» МДМ ва тизим операторининг ишлаб чиқариш хизматлари бошқарувида бўлган ягона электр энергетикаси тизимида (кейинги ўринларда — ЯЭЭТ), энергетика тизимининг схемаларида ва иш режимларида режалаштирилган ўзгартиришлар, шунингдек, РҲА тузилмаларида ўзгартиришлар бўлганда тезкор бошқарувнинг тегишли даражаларида алмашлаб улашларнинг намунавий дастурлари ва бланкаларига зарур бўлган ўзгартиришлар ва қўшимчалар олдиндан киритилиши шарт.

183. Электр станциялари ва подстанциялардаги барча алмашлаб улашлар алмашлаб улашларни бажариш бўйича маҳаллий йўриқномаларга мувофиқ амалга оширилиши шарт.

184. Юқори турувчи тезкор-диспетчер ходимларининг тезкор бошқаруви остида бўлган электр ускуналари ва РҲА тузилмаларидаги алмашлаб улашлар диспетчернинг фармойиши бўйича бажарилиши шарт.

Фақат кечиктириб бўлмайдиган (бахтсиз ҳодиса, табиий офат, ёнғин, авария) вазиятларда алмашлаб улашларни юқори турувчи тезкор-диспетчер ходимининг фармойишисиз ва рухсатисиз, уларни кейинчалик хабардор қилган ҳолда бажаришга рухсат этилади.

Ёнғин ва аварияни бартараф қилиш вақтида тезкор-диспетчер ходимлари маҳаллий йўриқномаларга ва ёнғин ўчиришнинг тезкор режасига мувофиқ ҳаракат қилишлари шарт.

185. Алмашлаб улашлар тўғрисидаги фармойишда электр қурилмалари схемасидаги ва РҲА занжирларидаги операцияларнинг кетма-кетлиги юқори турувчи тезкор-диспетчер ходимлар томонидан керакли даражада деталлаштирилиб кўрсатилиши шарт.

Алмашлаб улашларнинг ижрочисига битта мақсадли операцияни ўз ичига олган тезкор алмашлаб улашларни ўтказиш бўйича бир вақтда биттадан ортиқ бўлмаган топшириқ берилиши лозим.

186. Мураккаб алмашлаб улашларни одатда икки киши бажариши, улардан биттаси назорат қилувчи бўлиши шарт.

Алмашлаб улашлар икки киши томонидан бажарилганда, одатда, лавозими катта ходим назорат қилувчи бўлиши керак. Алмашлаб улашларнинг тўғри бажарилиши учун жавобгарлик алмашлаб улашларни амалга оширувчи иккала шахс зиммасига юкланади.

Мазкур электр қурилмасининг схемасини алмашлаб улашларни бажариш қоидаларини биладиган, энергетика объекти бўйича фармойиш билан алмашлаб улашларни бажаришга рухсат берилган, маъмурий-техник ходимлар таркибидан бўлган ходим назорат қилувчи шахс бўлиши мумкин.

Мураккаб алмашлаб улашларда РҲА занжирларидаги операцияларни амалга ошириш учун РҲА хизмати ходимларидан бўлган учинчи шахсни жалб қилишга рухсат берилади. Ушбу ходим алмашлаб улашларнинг бланкаси билан олдиндан танишиб чиқиши ва уни имзоланганидан сўнг ҳар бир операцияни алмашлаб улашларни бажарувчи шахснинг фармойиши бўйича амалга ошириши шарт.

Қолган барча алмашлаб улашлар ишга яроқли блокировка тузилмаси бўлганида, смена таркибидан қатъи назар, бир киши томонидан бажарилиши мумкин.

187. Электр қурилмасида кучланиш йўқ бўлиб қолганида тезкор-диспетчер ходими кучланишнинг огоҳлантиришсиз берилишига тайёр туриши шарт.

188. Занжирида ўчиргичи бўлган уланмага кучланиш бериш билан ишга тушириш ва узиш ўчиргич орқали амалга оширилиши шарт.

Комплект тақсимлаш қурилмаларининг (кейинги ўринларда — КТҚ) ажраткичлари, бўлгичлари ва уланмаларни ажратадиган контактлари билан қуйидагиларни:

110 — 220 кВ куч трансформаторларини, тармоқда ерга туташиш бўлмаган тақдирда, ёй сўндирувчи 6 — 35 кВ ерга уловчи реакторларнинг нейтралларини;

6 — 500 кВ куч трансформаторларининг магнитловчи токини;

электр узатувчи ҳаво ва кабель тармоқларидаги заряд ва ерга туташиш токини;

шиналар тизимининг заряд токини, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига риоя қилган ҳолда уланмаларнинг заряд токини улашга ва узишга рухсат этилади.

Ҳалқали 6 — 10 кВ тармоқларда 70 Агача бўлган тенглаштирувчи токларни ажраткичлар билан узишга ҳамда ажраткичларнинг ажралган контактларида кучланишларнинг фарқи 5 фоиздан ошмаганда тармоқни ҳалқа қилиб туташтиришга рухсат этилади.

Ташқи ўрнатилган уч қутбли ажраткичлар билан 10 кВ ва ундан паст кучланишда 15 Агача бўлган юклама токини улашга ва узишга рухсат берилади.

Агар ўчиргичнинг ўчирилиши унинг бузилишига ёки подстанциянинг кучланишсиз қолишига сабаб бўлиши мумкин бўлса, 220 кВ ва ундан юқори кучланишли битта ўчиргич ёки шиналар тизимининг (тўртбурчак схемаси, бир яримталик схема ва ҳоказо) бошқа уланмаларининг бир нечта ўчиргичлари билан шунтланган носоз ўчиргични ажраткичлар билан масофадан узиб қўйишга рухсат этилади.

Ажраткичлар билан узиладиган ва уланадиган токларнинг рухсат этилган қийматлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгилаб берилиши керак. Турли электр қурилмалари учун операцияларни бажариш тартиби ва шартлари маҳаллий йўриқномалар билан тартибга солиниши шарт.

189. Алмашлаб улашларни бевосита бажарувчи тезкор ходимларга хавфсизлик блокировкаларини ўзбошимчалик билан ишдан чиқариш тақиқланади.

Фақат ўчиргичнинг ўчиқ ҳолати жойида текширилиб, блокировканинг ишдан чиқиш сабаби аниқланганидан сўнг энергетика объекти бўйича ёзма кўрсатма билан ваколат берилган шахсларнинг рухсати ва раҳбарлиги остида блокировкадан чиқариш учун рухсат берилади.

Блокировкадан чиқариш зарур бўлган тақдирда, алмашлаб улашлар бланки тўлдирилади ва унга блокировкадан чиқариш бўйича операциялар киритилади.

13-боб. Электр станциялари ва иссиқлик тармоқларининг иссиқлик схемаларида алмашлаб улашлар

190. Иссиқлик схемаларидаги барча алмашлаб улашлар эксплуатация бўйича маҳаллий йўриқномаларга мувофиқ бажарилиши ва тезкор ҳужжатларда акс эттирилиши шарт.

191. Йўриқномаларда кўзда тутилмаган ҳолатларда, шунингдек, икки ва ундан ортиқ тасарруф остида бўлмаган ижрочилар ёки энергетика объектлари иштирок этганда алмашлаб улашлар дастур бўйича бажарилиши шарт.

Мураккаб алмашлаб улашлар ҳам алмашлаб улашлар бланкалари ёки дастурлари бўйича бажарилиши шарт.

192. Мураккаб алмашлаб улашларга:

мураккаб алоқали иссиқлик схемаларидаги;

вақт бўйича узоқ давом этадиган;

катта масофали объектлардаги;

камдан-кам бажариладиган улашлар киради.

Камдан-кам бажариладиган алмашлаб улашларга қуйидагилар киритилиши мумкин:

асосий ускуналарни монтаж ва реконструкциядан кейин ишга тушириш;

ускуналар ва иссиқлик тармоқларининг гидравлик синовлари;

янги ишлаб чиқарилган ва фойдаланиш учун олинган соф буғ қувурлари ва таъминловчи қувурларнинг схемаларидаги ўзгаришлар;

ускуналарнинг махсус синовлари;

ускуналарни эксплуатация қилишда ноанъанавий бўлган янги усулларни текшириш, синаб кўриш ва ҳоказо.

Алмашлаб улашлар мураккаблигининг даражаси ва уларни бажариш учун дастурларни тузиш зарурияти энергетика объектининг бош муҳандиси томонидан иш шароитларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб белгилаб берилади.

193. Ҳар бир энергетика объектида бош муҳандис томонидан тасдиқланган мураккаб алмашлаб улашларнинг рўйхати ишлаб чиқилиши шарт. Рўйхатдаги ускуналарнинг ишга туширилиши, реконструкция ёки демонтаж қилинишига технологик схемалар ҳамда технологик ҳимоя ва автоматика схемаларидаги ўзгаришлар ва бошқаларни ҳисобга олган ҳолда тузатишлар киритилиши шарт.

Рўйхат 3 йилда бир марта қайта кўриб чиқилиши керак. Рўйхат нусхалари цех ва энергетика объектининг катта тезкор ходимларининг иш жойида туриши шарт.

194. Энергетика объектининг бош муҳандиси томонидан маъмурий-техник ходимлардан бланкалар ва дастурлар бўйича алмашлаб улашларнинг бажарилишини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг рўйхати тасдиқланган бўлиши зарур. Ходимларнинг таркиби ўзгарганда рўйхатга тузатишлар киритилиши керак. Рўйхатнинг нусхалари цех ва энергетика объекти катта тезкор ходимларининг иш жойида туриши шарт.

195. Алмашлаб улашлар бланкалари бўйича мазкур Қоидалар билан белгилаб берилган намунавий ишлар бажарилади.

Алмашлаб улашлар бланкасида қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

алмашлаб улашлар объекти;

алмашлаб улашларнинг бошланиш ва тугаш вақти;

алмашлаб улашларни ўтказиш учун керакли шароитлар;

алмашлаб улашларни бажариш кетма-кетлиги;

беркитувчи ва ростловчи арматуранинг алмашлаб улашлар тугатилганидан кейинги ҳолати;

алмашлаб улашларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширувчи ва улар учун жавобгар бўлган ходим.

196. Эксплуатация йўриқномаларида кўзда тутилмаган, намунавий бўлмаган ишлар дастурлар бўйича бажарилиши шарт.

Дастур энергетика объектининг бош муҳандиси томонидан, дастурнинг амал қилиши бир энергетика объекти доирасидан чиққанида эса — энергетика тизимининг бошқарув органи томонидан тасдиқланади.

197. Алмашлаб улашларни бажариш дастурида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши шарт:

алмашлаб улашлар бажарилишининг мақсади;

алмашлаб улашлар объекти;

алмашлаб улашларни бажариш учун тайёргарлик бўйича тадбирларнинг рўйхати;

алмашлаб улашларни бажарилиш шартлари;

зарур бўлганда алмашлаб улашлар объектининг схемаси (объект элементларининг схемадаги номи ва рақамланиши объектда қабул қилинган номлар ва рақамланишларига тўлиқ мувофиқ бўлиши шарт);

технологик ҳимоя ва автоматика занжирлари элементларининг ҳамда беркитувчи, ростловчи қисмларининг ҳолатини кўрсатган ҳолда операцияларни бажариш тартиби ва кетма-кетлиги;

алмашлаб улашларни бажарувчи тезкор ходимлар;

алмашлаб улашларни бажаришга жалб қилинган ходимлар;

алмашлаб улашларнинг бажарилишига раҳбарлик қиладиган тезкор-диспетчер ходимлар;

алмашлаб улашларда энергетика объектининг икки ва ундан ортиқ бўлинмалари иштирок этганда — умумий раҳбарлик қилувчи маъмурий-техник ходим;

дастурда кўрсатилган шахсларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

ишларнинг хавфсиз ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар рўйхати;

авария ҳолатлари ёки одамлар ҳаётига ва ускуналарнинг бутлигига хавф солувчи вазиятлар юзага келганда ходимларнинг ҳаракатлари.

198. Мазкур Қоидаларнинг 194-бандида кўрсатиб ўтилган такрорланувчи алмашлаб улашлар учун энергетика объектларида олдиндан тузилган намунавий дастурлар ва бланкалар қўлланилиши лозим. Улар камида 3 йилда бир марта қайта кўриб чиқилиши ҳамда ускуналарнинг ишга туширилиши, реконструкция ёки демонтаж қилиниши, технологик схемалар ва технологик ҳимоя ва автоматика схемаларининг ўзгартирилиши билан уларга тузатишлар киритилиши лозим.

199. Алмашлаб улашлар дастурлари ва бланкалари тезкор ходимлар томонидан қўлланилади ва алмашлаб улашларни бажаришда тезкор ҳужжат бўлиб ҳисобланади.

200. Объектда макет-схема мавжуд бўлганда алмашлаб улашлар ўтказиб бўлинганидан кейин унда барча ўзгартиришлар акс эттирилади.

201. Алмашлаб улашлар дастурлари бошқа тезкор ҳужжатлар билан бир қаторда сақланиши лозим.

14-боб. Хавфсизлик техникаси

202. Хавфсизлик техникаси бўйича барча ишлар ишлаб чиқаришнинг хавфли омилларининг ишлаётганларга таъсир этишининг олдини олишга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизимини яратишга қаратилган бўлиши шарт.

203. Энергетика объектларининг ускуналари, бино ва иншоотларнинг тузилиши, эксплуатацияси ва таъмирланиши меҳнат муҳофазаси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига жавоб бериши керак.

204. Энергетика объектларининг ускуналари, бино ва иншоотларига хизмат кўрсатиш учун қўлланиладиган ҳимоя воситалари, мосламалар ва асбоблар меҳнат муҳофазаси бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ ўз вақтида кўрикдан ва синовлардан ўтказилиши шарт.

205. Ташкилотларда алоҳида касб ходимлари (электр пайвандчилар, дастгоҳчилар, чилангарлар, электр монтёрлар, лаборантлар, фаррошлар ва бошқалар) учун ҳамда алоҳида турдаги ишлар (баландликдаги ишлар, монтаж, созлаш, таъмирлаш ишлари, синовларни ўтказиш ва бошқалар) учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомда баён қилинган талабларга мувофиқ йўриқномалар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши шарт.

206. Ҳар бир ходим хизмат кўрсатаётган ускуналарга ва иш жойида меҳнатни ташкил этишга тааллуқли бўлган меҳнат хавфсизлиги талабларини билиши ва уларга қатъий амал қилиши шарт.

207. Энергетика ташкилотларида техника хавфсизлиги бўйича ишлар меҳнат муҳофазасини бошқариш тизими ҳақидаги соҳа низомига мувофиқ ташкил этилиши керак.

Хавфсизлик техникаси бўйича ишларга умумий раҳбарлик қилиш ва ишлар хавфсизлиги учун шахсий жавобгарлик энергетика объектининг биринчи раҳбари (иш берувчи) зиммасига юкланади.

Энергетика объектлари ва ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда мансабдор шахслари иш жойларида, ишлаб чиқариш хоналарида ҳамда энергетика объектлари ва ташкилотларининг хоналари ва ҳудудида хавфсиз ва соғлом ишлаш шароитларини таъминлашлари, уларнинг амалдаги хавфсизлик ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига мувофиқлигини назорат қилишлари, шунингдек, ходимларнинг ўқитилиши, билимлар синовидан ўтиши ва йўл-йўриқ олишини ўз вақтида ташкил этишлари, ходимлар томонидан меҳнат муҳофазаси бўйича талабларга риоя этилишини назорат қилишлари шарт.

Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг ходимларга кўрсатадиган таъсирини бартараф қилиш имкони бўлмаганида раҳбар ва мансабдор шахслар ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашга мажбурдирлар.

208. Ҳар бир бахтсиз ҳодиса, шунингдек, меҳнат хавфсизлиги талабларини ҳар қандай бузиш ҳолатлари яхшилаб текшириб чиқилиши: уларнинг юзага келиш сабаблари ва айбдорлар аниқланиши ва бундай ҳолатлар келгусида қайтарилмаслиги учун чоралар кўрилиши шарт. Бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабар бериш, уларнинг текширилиши ва ҳисобга олиниши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва ходимлар саломатлигига бошқа хил шикаст етказилишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши шарт.

Бахтсиз ҳодисаларнинг тўғри ва ўз вақтида текширилиши ҳамда ҳисобга олиниши, Н-1 шаклидаги далолатномаларнинг расмийлаштирилиши, бахтсиз ҳодиса сабабларини бартараф қилиш бўйича чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун жавобгарлик энергетика объектининг (ташкилотнинг) раҳбари зиммасида бўлади.

209. Бахтсиз ҳодисалар, шу жумладан, ходимлар томонидан меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда саломатлигига шикаст етказиш ҳолатлари учун энергетика объектининг, ташкилотнинг хавфсизлик ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларининг бажарилишини таъминламаган, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун тегишли чораларни кўрмаган раҳбарлари ва мансабдор шахслари, шунингдек, техника хавфсизлиги қоидалари талабларини ёки меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни бевосита бузган ходимлар жавобгардирлар.

210. Ўлим билан тугаган ва оғир оқибатли ҳамда гуруҳли бахтсиз ҳодисаларни текшириш ҳужжатлари бўйича бахтсиз ҳодисаларнинг шарҳлари чиқарилиши ва улар энергетика объектлари, ташкилотларининг ходимлари билан ўрганиб чиқилиши ҳамда бахтсиз ҳодисалар шарҳларида кўзда тутилган чора-тадбирлар ўтказилиши шарт.

211. Энергетика объектлари, ташкилотларининг барча ходимлари биринчи тиббий ва экстремал реанимация ёрдамини кўрсатиш усулларига амалда ўқитилган бўлишлари ҳамда бевосита бахтсиз ҳодиса рўй берган жойда соҳадаги йўриқноманинг талабларига мувофиқ жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш усулларини ўрганган бўлишлари шарт. Жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича билимлар синови хавфсизлик техникаси қоидалари ёки меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар юзасидан даврий билим синови пайтида ўтказилиши шарт. Ҳар йили замонавий тренажерлардан фойдаланган ҳолда биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш бўйича кўникмаларга эга бўлиш учун ходимларга реанимация усулларини ўқитиш машғулотлари ўтказилиши шарт.

212. Электр станциясининг ҳар бир цехида, подстанцияларда, тармоқларнинг участкаларида, лабораторияларда ва бошқа объектларда, шунингдек, тезкор-чиқиш бригадаларининг автомашиналарида дори-дармонлар ва тиббий воситаларнинг доимий захираси солинган биринчи ёрдам дори воситалари қутилари ёки сумкалари бўлиши шарт.

Ходимлар бажариладиган ишларнинг хусусиятига қараб махсус кийим, махсус пойабзал ва шахсий ҳимоянинг бошқа воситалари билан таъминланган бўлишлари шарт ва иш давомида улардан фойдаланишга мажбурдирлар.

Ходимлар маълум ишларни бажариш учун берилган ҳимоя воситаларидан мақсад бўйича фойдаланмаган тақдирда, улар шу сабабдан рўй берган бахтсиз ҳодиса учун жавобгардирлар.

15-боб. Ёнғин хавфсизлиги

213. Ускуналар, бино ва иншоотларнинг тузилиши ва эксплуатацияси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 711-сон қарори билан тасдиқланган Энергетика ташкилотлари учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши шарт.

Энергетика объектлари тегишли норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ёнғинга қарши сув таъминоти тармоқлари, ёнғинни аниқлаш ва ўчириш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши шарт.

214. Ҳар бир ходим ЁХҚ ва энергетика объектида ёнғинга қарши ўрнатилган режим талабларини аниқ билиши ва бажариши, шахсан ўзи ва бошқа шахслар томонидан ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳаракатларга йўл қўймаслиги шарт.

215. Энергетика объектларининг ходимлари ёнғинга қарши йўл-йўриқ олиши, малакасини ошираётганда ёнғин хавфсизлиги бўйича билимларини такомиллаштириши, ёнғинга қарши машғулотларда мунтазам иштирок этиши, мазкур Қоидаларнинг талабларига мувофиқ ЁХҚ бўйича даврий билим синовидан ўтиши шарт.

Ёнғинга қарши машғулотларнинг даврийлиги, мавзуси ва ҳажмлари ходимларнинг ускуналарни бошқаришни тўхтатмасдан, ёнғин ўчириш бўлинмалари билан биргаликда ёнғин ўчиришнинг амалий кўникмаларига эга бўлишини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши шарт. Ёнғинга қарши машғулотларни объектда ва ёнғин полигонида алмашиб ўтказиш кўзда тутилган бўлиши керак.

216. Ҳар бир энергетика объектида ёнғинга қарши режим ўрнатилиши ва ишлаб чиқаришнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ёнғинга қарши чора-тадбирлар бажарилиши, шунингдек, энергетика объектининг ёнғиндан сақлаш ходимлари билан биргаликда ёнғинни ўчиришнинг тезкор режаси ишлаб чиқилиши шарт.

Ёнғинни ўчиришнинг тезкор режаси ёнғин пайдо бўлган вақтда энергетика объекти ходимларининг ҳаракатларини, кучланиш остидаги электр қурилмаларида ёнғинни ўчириш тартибини, келадиган ёнғин ўчириш бўлинмаларининг шахсини таркиби билан биргаликда ҳаракат қилиш тартибини ҳамда ёнғинни ўчиришнинг бошқа кучлари ва воситаларини белгилаб берувчи асосий ҳужжат бўлиши шарт.

217. Сменадаги катта ходим (электр станциясининг смена бошлиғи, подстанциянинг навбатчи муҳандиси) ёки энергетика объектининг раҳбари энергетика объектига биринчи ёнғин-қутқарув бўлинмаси етиб келишига қадар ёнғинни ўчиришнинг раҳбари бўлиб ҳисобланади.

Биринчи ёнғин-қутқарув бўлинмаси етиб келиши билан сменанинг катта ходими (энергетика объектининг раҳбари) ёнғин-қутқарув бўлинмаси навбатчи смена бошлиғига ёнғинни ўчириш бўйича кўрилган чоралар ҳақида ахборот ва ёзма рухсатни бериши билан унга ёнғин ўчириш бўйича раҳбарликни топшириши шарт.

218. Энергетика объектининг ҳар бир цехида, лабораториясида, устахонасида, бўлимида ва бошқа бўлинмасида ёнғин хавфсизлигининг аниқ чоралари ва ёнғинга қарши режим ҳақида йўриқнома ишлаб чиқилган, объектдаги ёнғиндан сақлаш бўлинмаси (агар бор бўлса) билан келишилган ва энергетика объектининг раҳбари томонидан тасдиқланган бўлиши шарт.

219. Барча энергетика объектларида ва таъмирлаш корхоналарида бош муҳандис томонидан бошқариладиган ёнғин-техник комиссиялари, шунингдек, зарур ҳолларда ўз ишини амалдаги қоидаларга мувофиқ олиб борувчи кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари ташкил этилган бўлиши шарт.

220. Автоматик ёнғин ўчириш ва хабар бериш тизимининг автоматик ва бошқа қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш маҳаллий йўриқномаларга мувофиқ энергетика объектининг ходимлари томонидан аварияга қарши ва релели ҳимоя қурилмаларига хизмат кўрсатиш тартибига ўхшаш ўтказилиши лозим.

Ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари ишлатиш учун доимий тайёр ҳолатда сақланиши, уларга техник хизмат кўрсатиш соҳадаги йўриқномага мувофиқ амалга оширилиши шарт.

Автоматик ёнғин ўчириш ва хабар бериш тизимига техник хизмат кўрсатиш объект томонидан (махсус лицензияга эга бўлган тақдирда) ёки махсус лицензияга эга бўлган ташкилот томонидан шартнома асосида амалга оширилади.

221. Ёнғинга қарши сув қувури участкаларини узиб қўйиш, йўл ва ўтиш йўлакларини тўсиш, ёнғинга қарши сув таъминотининг технологик ускуналарини таъмирлаш, шунингдек, ёнғинга қарши автоматика ва сигнализацияни ўчириб қўйиш билан боғлиқ ишлар энергетика объекти бош муҳандисининг ёзма рухсати олинган ҳолда ва объектдаги ёнғиндан сақлаш бўлинмаси (агар бор бўлса) хабардор қилинганидан кейин, тегишли, участкаларнинг (қурилмаларнинг) ёнғин хавфсизлиги ва эксплуатацияси учун жавобгар шахс билан келишиб амалга оширилади.

222. Энергетика объектидаги пайвандлаш ва бошқа ёнғин чиқиши хавфи бўлган ишлар, шу жумладан, таъмирлаш, монтаж ва бошқа пудрат ташкилотлари томонидан бажариладиган ишлар тармоқ йўриқномаларида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилиши шарт.

223. Объектларда ёнғинга қарши режим ташкил этилганда жавобгарлик қуйидагилар зиммасига юкланади:

энергетика объектлари ва ташкилотларнинг раҳбарлари — умумий ёнғинга қарши ҳолат, ёнғинга қарши чора-тадбирларнинг ва ёнғинга қарши режим талабларининг бажарилиши, объектда ташкил этилган кўнгилли ёнғин ўчириш бўлинмаларининг иши учун;

бош муҳандислар — ёнғин-техник комиссияларнинг иши, ёнғин ўчириш воситалари ва ёнғинга қарши автоматика тизимларининг техник ҳолати, ёнғинга қарши меъёрий талабларнинг бажарилиши ва ходимларнинг тайёргарлиги учун;

бўлинмаларнинг раҳбарлари ва муҳандис-техник ходимлари — уларга бириктирилган объектлар ёки участкаларнинг ёнғинга қарши ҳолати ҳамда ходимларнинг тайёргарлиги учун жавоб беради.

224. Ҳар бир ёнғин (олов чиқиши) ҳолати махсус тайинланган комиссия томонидан ёнғин сабабларини, етказилган зарарни, ёнғин (олов чиқиши) учун жавобгарларни аниқлаш ҳамда тармоқнинг бошқа объектлари учун ёнғинга қарши чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида соҳадаги йўриқномада белгиланган талабларга мувофиқ текшириб чиқилиши шарт.

16-боб. Табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши

225. Энергетика қурилмалари ишлаганида атроф муҳитга зарарли таъсирнинг олдини олиш ёки чеклаш, атмосферага чиқариладиган ва сувга оқизиладиган ифлослантирувчи моддалар, энергетика ташкилотлари ҳудудида тўпланган саноат чиқиндилари, шовқин, тебраниш, электр ва магнит майдонлари ва бошқа зарарли физик таъсирларнинг олдини олиш ёки чеклаш учун ҳамда сув исрофгарчилиги ва истеъмол қилиш ҳажмларини камайтириш бўйича чоралар кўрилиши шарт.

226. Атмосферага чиқариладиган, сувга оқизиладиган ифлослантирувчи моддалар миқдори ҳар бир объект учун ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган ва ўрнатилган, йўл қўйилиши мумкин бўлган меъёрлардан (лимитлардан) ошмаслиги лозим.

Электр ва магнит майдонларининг кучланганлиги мазкур омиллар учун йўл қўйилиши мумкин бўлган даражадан, шовқин таъсири — ускуналар учун тегишли санитария меъёрлари ва стандартлари билан белгиланган шовқин қуввати меъёрларидан ошмаслиги шарт.

227. Ҳар бир иссиқлик электр станцияси ва иситиш қозонхонаси, алоҳида об-ҳаво шароитлари эълон қилинганда атмосферага зарарли чиқиндилар чиқаришни камайтириш бўйича ҳудудий табиатни муҳофаза қилиш идоралари билан келишилган чора-тадбирлар режасига эга бўлиши лозим.

228. Ҳар бир энергетика объектида атроф муҳитга авария ва бошқа хил ифлослантирувчи моддаларнинг бирданига кўп миқдорда чиқарилиши ва оқизилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиши керак.

229. Энергетика ташкилотларининг чиқиндиларни доимий сақлаш жойлари (қуйқум-култепалари ва ҳоказо) бор туманлардаги ер ости сувлари ва атмосфера ҳавосининг ҳолатининг доимий мониторинги ташкил этилиши лойиҳавий меъёрларга ва қоидаларга риоя қилган ҳолда бажарилиши ва чиқиндиларнинг хавфсиз сақланишини, уларнинг утилизация қилинишини, зарарсизлантирилишини ва заҳарли чиқиндиларнинг кўмилишини таъминлаши лозим.

230. Белгиланган санитария нормалари ва табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминламайдиган энергетик қурилмаларини эксплуатация қилиш тақиқланади.

231. Энергетика қурилмаларининг асосий ва ёрдамчи ускуналарини эксплуатация қилишда сув иншоотларини ифлосланишдан муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунлари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, ишлаб чиқарувчи завод йўриқномалари, маҳаллий шароитларга қараб амалдаги намунавий йўриқномалар асосида ишлаб чиқилган йўриқномаларга амал қилиниши зарур.

232. Ифлосланган оқар сувларни тозалаш ва уларга ишлов бериш қурилмалари иссиқлик энергетика ускуналарини ишга туширишдан олдинги тозалаш бошланишидан аввал эксплуатацияга қабул қилиниши шарт.

233. Электр станциялари ва иситувчи қозонхоналарнинг газдан тозаловчи ва чанг тутувчи ускуналарини эксплуатация қилишда Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида», «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунлари, давлат ва тармоқ стандартлари, тармоқ қоидалари, ишлаб чиқарувчи заводнинг йўриқномалари, маҳаллий шароитларга мослаб тузилган йўриқномаларга амал қилиниши лозим.

234. Электр тармоқлари ва подстанцияларни эксплуатация қилишда аҳолини ўзгарувчан токли электр узатиш ҳаво тармоқларида ҳосил бўладиган электр майдонининг таъсиридан ҳимоя қилишнинг санитария нормалари ва қоидаларига ҳамда электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларни лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишда экологик меъёрларга риоя этилишини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши лозим.

235. Энергетика объектлари чиқиндилари, сув манбаларидан олинадиган ва уларга оқизиладиган чиқиндилар ва сув ҳажмлари, чиқиндиларни сақлаш жойлари, ҳаво тармоқларининг санитария-ҳимоя зонасида электр ва магнит майдонлари, акустика таъсири қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ назорат қилиниши ва ҳисобга олиниши шарт.

236. Атроф муҳитга чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар, чиқиндилар, олинадиган ва чиқариладиган сув ҳажмларини назорат қилиш учун ҳар бир энергетика объекти доимий ишлаб турувчи автоматик асбоблар билан жиҳозланган бўлиши шарт, улар мавжуд бўлмаса ёки қўллаш имконияти бўлмаса, бевосита даврий ўлчовлардан ва ҳисоб-китоб усулларидан фойдаланилиши керак. Электр тармоқлари электр ва магнит майдонлари кучланганлигини ўлчаш асбоблари билан жиҳозланган бўлиши шарт.

17-боб. Техник эксплуатация қилиш қоидаларининг бажарилиши учун жавобгарлик

237. Энергетика объектлари, энергетика тизими корхоналари ва ташкилотларининг барча ходимлари ҳамда (мулкчилик шаклларидан қатъи назар) созлаш, қурилиш, монтаж, лойиҳа ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг ходимлари учун мазкур қоидаларни тегишли лавозим, касб учун керакли ҳажмда билиши ва бажариши мажбурийдир.

238. Энергетика объектларини нормал эксплуатация қилиш учун мулк эгаси (энергетика объектининг раҳбари) жавобгар ҳисобланади. Ҳар бир энергетика объектида тузилмавий бўлинманинг низоми ва раҳбарнинг буйруғи билан ускуналар, бино ва иншоотлар ҳамда коммуникацияларга хизмат кўрсатиш бўйича вазифалар ишлаб чиқариш бўлинмалари (цехлар, туманлар, участкалар, лабораториялар ва ҳоказо) ўртасида тақсимланган, энергетика қурилмаларининг барча элементларининг ҳолати ва хавфсиз эксплуатация қилиниши учун жавобгар шахслар тайинланган бўлиши ҳамда барча ходимларнинг лавозим вазифалари белгилаб берилиши шарт.

239. Ускуналар, бино ва иншоотларнинг ҳолати ва хавфсиз эксплуатация қилиниши учун жавобгар шахслар энергетика объектлари қонунчилик талабларига мувофиқ эксплуатация қилинишини, энергетика қурилмалари ҳолатининг назорат қилинишини, ишдаги, қурилмадаги ва унинг элементларидаги носозликларни текшириш ва ҳисобга олишни, эксплуатацион-таъмирлаш ҳужжатлари юритилишини таъминлашлари шарт.

240. Энергетика объектлари, электр станциялари ва тармоқларининг қурилмалари, ускуналари, бино ва иншоотлари хавфсиз эксплуатация қилиш қоидаларига, ЁХҚ ва ХТҚга мувофиқ бўлишини таъминлаш, ташкилотнинг ва корхонанинг мулкини эҳтиёт қилиш ва сақлаш ҳар бир ходимнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

241. Энергетика ташкилотлари ва уларнинг бўлинмалари раҳбарлари қўл остидаги ходимларнинг мазкур Қоидаларга риоя қилиши учун жавобгар ҳисобланади.

242. Мазкур Қоидаларни бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар ҳисобланади.

243. Мазкур Қоидаларга риоя қилмаслик оқибатида энергетика қурилмаларининг ишида бузилишга, ёнғин чиқишига ёки одамлар билан бахтсиз ҳодиса содир бўлишига йўл қўйилса, қуйидаги ходимлар:

ускуналар, бино ва иншоотларга бевосита хизмат кўрсатувчи ва таъмирловчи хизматчилар — уларнинг айби билан содир этилган ҳар бир бузилиш учун;

смена бошлиқлари, шунингдек, навбатчи ва тезкор-таъмирлаш ходимлари, энергетика тизимининг электр ва иссиқлик тармоқлари диспетчерлари — бевосита қўл остидаги ходимлар ёки уларнинг кўрсатмаси (фармойиши) бўйича ишни бажарувчи ходимлар томонидан йўл қўйилган бузилишлар учун;

электр станциялари ҳамда таъмирлаш корхоналари цехлари ва бўлинмаларининг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, усталари ва муҳандислари, маҳаллий ишлаб чиқариш хизматларининг, электр тармоқлари участкалари ва таъмирлаш-механика хизматларининг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, усталари ва муҳандислари — ўзлари ёки қўл остидаги ходимлар томонидан йўл қўйилган бузилишлар учун;

корхоналарнинг (ташкилотларнинг) директорлари ва бош муҳандислари, уларнинг ўринбосарлари — улар раҳбарлик қилаётган корхоналарда (ташкилотларда) содир этилган бузилишлар учун;

энергетика тизимининг марказий хизматлари вазифасини бажарувчи ишлаб чиқариш хизматларининг бошлиқлари ва муҳандис-техник хизматчилари — ўзлари томонидан йўл қўйилган ҳамда энергетика объектининг уларга бириктирилган участкалари ёки ускуналарида хизмат кўрсатувчи бўлинмаларнинг ходимлари айби билан содир этилган бузилишлар учун;

энергетика тизимининг бошқарув органи раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари — энергетика объектларида ва энергетика тизимининг ташкилотларида юз берган бузилишлар учун;

лойиҳа, конструкторлик, таъмирлаш, созлаш, илмий-текшириш ва монтаж ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда муҳандис-техник хизматчилари — ўзлари ва қўл остидаги ходимлари томонидан содир этилган бузилишлар учун шахсан жавобгар бўладилар.

244. Бўлинма, энергетика объекти ёки ташкилотнинг раҳбари мазкур Қоидаларга зид ҳолда қабул қилинган қарори ёки фармойиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

245. Энергетика объектларининг раҳбарлари қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган объектларни ишлаб чиқарувчи завод, лойиҳа, қурилиш ва монтаж ташкилотларининг айби билан завод нуқсонлари ва содир этилган ускуналар, бино ва иншоотларда рўй берган бузилиш ҳолатлари бўйича белгиланган тартибда эксплуатация қилиниши ва кафолат муддатларидан келиб чиққан ҳолда эътирозномалар тақдим этишлари шарт.

246. Энергетика объектлари тасарруфидаги ҳаво ва кабель электр тармоғи объектлари, гидротехник иншоотлар ва уларнинг назорат-ўлчов воситалари, приборлари ва аппаратуралари, ер ости ва усти коммуникациялари ва ускуналари бегона ташкилотлар ва жисмоний шахслар томонидан шикастланганда, ушбу энергетика объектларининг раҳбарлари далолатномалар тузишлари ва уларни айбига кўра чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ҳужжатларни топшириши керак.

18-боб. Якунловчи қоида

248. Мазкур Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг электр станциялари ва тармоқларини техник эксплуатация қилиш қоидаларига ИЛОВА

Навбатчи ходимлар томонидан иш фаолиятида фойдаланиладиган техник ҳужжатлар

Навбатчи ходимлар Ҳужжатлар номи Энергетика тизимининг диспетчери Тезкор ижро схемаси (макет-схема) Тезкор журнал Диспетчернинг бошқаруви ва тасарруфи остидаги ускуналарни ишлашдан чиқариш бўйича буюртмалар журнали ёки картотекаси Релели ҳимоя, автоматика ва телемеханика журнали Релели ҳимоя ва автоматика ускуналарининг карталари Фармойишлар журнали - Электр станцияси смена бошлиғи Суткалик тезкор ижро схемаси ёки макет-схема Тезкор журнал Диспетчернинг тасарруфи остидаги ускуналарни ишлашдан чиқариш бўйича диспетчерга бериладиган буюртмалар журнали ёки картотекаси Диспетчернинг тасарруфида бўлмаган ускуналарни ишлашдан чиқариш бўйича бош муҳандисга бериладиган буюртмалар журнали Фармойишлар журнали - - Электр цехининг смена бошлиғи Суткалик тезкор ижро схемаси ёки макет-схема Тезкор журнал Релели ҳимоя, автоматика ва телемеханика журнали Релели ҳимоя ва автоматика ускуналарининг карталари Фармойишлар журнали Нарядлар ва фармойишлар бўйича ишларни ҳисобга олиш журнали Ускуналардаги нуқсон ва носозликлар журнали ёки картотекаси Иссиқлик цехларининг смена бошлиқлари Асосий қувурларнинг тезкор ижро схемаси Тезкор журнал Фармойишлар журнали Нарядлар ва фармойишлар бўйича ишларни ҳисобга олиш журнали Ускуналардаги нуқсонлар ва носозликлар журнали ёки картотекаси - - Иссиқлик автоматикаси цехининг смена бошлиғи Тезкор журнал Технологик ҳимоя ва автоматика журнали ва АБТнинг техник воситалари журнали Технологик ҳимоя ва сигнализация ускуналари картаси ва авторостлагичларга топшириқ карталари Фармойишлар журнали Нарядлар ва фармойишлар бўйича ишларни ҳисобга олиш журнали Ускуналардаги нуқсонлар ва носозликлар журнали ёки картотекаси - Кимё цехи смена бошлиғи Кимёвий сув тозалашнинг тезкор ижро схемаси Тезкор журнал Фармойишлар журнали Нарядлар ва фармойишлар бўйича ишларни ҳисобга олиш журнали Ускуналардаги нуқсонлар ва носозликлар журнали ёки картотекаси - - Электр тармоғининг диспетчери Суткалик тезкор ижро схемаси (макет-схема) Тезкор журнал Энергетика тизими диспетчерининг бошқаруви ва тасарруфи остидаги ускуналарни таъмирлашга (ишлашдан) чиқариш бўйича буюртмалар журнали ёки картотекаси Релели ҳимоя, автоматика ва телемеханика журнали Релели ҳимоя ва автоматика ускуналари картаси Фармойишлар журнали - Доимий навбатчилик қилинадиган подстанциянинг навбатчиси, туман тармоғининг диспетчери Суткалик тезкор ижро схемаси ёки макет-схема Тезкор журнал Ускуналарни таъмирлашга (ишлашдан) чиқариш бўйича буюртмалар журнали Релели ҳимоя, автоматика ва телемеханика журнали Релели ҳимоя ва автоматика ускуналари картаси Фармойишлар журнали Ускуналардаги нуқсонлар ва носозликлар журнали ёки картотекаси

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 октябрдаги 609-сон қарорига 2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Сув хўжалиги ташкилотлари томонидан саноат ва энергетика ташкилотларига техник сув етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 12 декабрдаги 1008-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

2-илова қуйидаги мазмундаги 10-банд билан тўлдирилсин:

«10. «Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси» унитар корхонаси».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 18 октябрь,

609-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.10.2022 й., 09/22/609/0937-сон; 12.09.2024 й., 09/24/564/0708-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

QOIDALARI

ROʻYXATI

Oʻzbekiston Respublikasi elektr stansiyalari va tarmoqlarini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat huquqiy siyosatini amalga oshirishda adliya organlari va muassasalari faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 19-maydagi PF-5997-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi elektr stansiyalari va tarmoqlarini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalari 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin va rasmiy eʼlon qilingan kundan boshlab amalga kiritilsin:

idoraviy mansubligi va tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, barcha energetika obyektlari, shuningdek, ularga taalluqli ishlarni bajaruvchi ilmiy-tadqiqot, loyihalash, qurilish-montaj, taʼmirlash va sozlash tashkilotlari hamda ularning xodimlari uchun majburiy boʻlgan texnik ekspluatatsiya qilish;

energetika obyektlarining uskuna va qurilmalari hamda inshootlarini ekspluatatsiyaga qabul qilish;

energetika obyektlarining ekspluatatsiyasini tashkil etish ustidan texnik va texnologik nazorat qilish;

energetika obyektlariga texnik xizmat koʻrsatish, ularni taʼmirlash va modernizatsiya qilish;

tabiatni muhofaza qilish talablariga rioya etilishi hamda texnik ekspluatatsiya qilish qoidalarining bajarilishi uchun javobgarlik.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Vazirlar Mahkamasining “Suv xoʻjaligi tashkilotlari tomonidan sanoat va energetika tashkilotlariga texnik suv yetkazib berish boʻyicha koʻrsatilgan xizmatlar uchun haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 12-dekabrdagi 1008-son qaroriga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining yoqilgʻi-energetika va kimyo sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — energetika vaziri J.T. Mirzamaxmudov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 18-oktabrdagi 609-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasining elektr stansiyalari va tarmoqlarini texnik ekspluatatsiya qilish

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalar energetika obyektlarida qurilmalar, uskunalar, ishlab chiqarish binolari va kommunikatsiyalarini ishonchli, xavfsiz va samarali ekspluatatsiya qilishni taʼminlash, shuningdek, ularni ishga yaroqli holatda saqlab turishga doir talablarini belgilaydi.

2. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

yagona elektr energetikasi tizimi — elektr energiyasini hosil qiluvchi korxonalar, magistral elektr tarmoqlari, hududiy elektr tarmoqlari majmui va ularning tezkor-dispetcherlik boshqaruvi;

energetika obyekti — elektr energiyasini hosil qiluvchi (ishlab chiqaruvchi), uzatuvchi va taqsimlovchi tashkilotlar, shuningdek, elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlari;

magistral elektr tarmoqlari — elektr energiyasini hududlararo va (yoki) davlatlararo uzatishni taʼminlash uchun foydalaniladigan elektr energiyasi tarmogʻi xoʻjaligi obyektlari majmui;

hududiy elektr tarmoqlari — tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududi doirasidagi elektr energiyasini taqsimlovchi va isteʼmolchilarni elektr energiyasi bilan taʼminlovchi elektr tarmoq xoʻjaligi obyektlari majmui;

tezkor-dispetcherlik boshqaruvi — elektr energetikasi obyektlarining texnologik jihatdan oʻzaro uygʻun ishlashini va yagona elektr energetikasi tizimi ishonchli va barqaror ishlashining texnologik rejimini markazlashtirilgan tarzda uzluksiz boshqarish jarayoni;

elektr stansiyasi — elektr energiyasini hosil qilish uchun moʻljallangan, elektr energiyasini hosil qiluvchi qurilma va uskunalar hamda yordamchi uskunalardan tashkil topgan, tegishli infratuzilmaga ega yoki koʻchib yurish uchun moʻljallangan (koʻchma elektr stansiya) elektr qurilmalari va uskunalari majmui;

elektr podstansiyasi — elektr energiyasini qabul qilish va uzatish, taqsimlash va uning parametrlarini oʻzgartirish uchun moʻljallangan hamda transformatorlardan yoki boshqa elektr qurilmalaridan, shu jumladan, oʻzgartirgichlar, boshqarish qurilmalari va yordamchi uskunalardan tashkil topgan elektr qurilmalari va uskunalar majmui;

elektr tarmogʻi — elektr energiyasini uzatish va taqsimlash uchun moʻljallangan, podstansiyalar, taqsimlovchi qurilmalar va ularni birlashtiruvchi elektr uzatish tarmoqlari majmui;

elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlari — elektr energiyasini uzatishni amalga oshirish uchun moʻljallangan elektr uzatish liniyalari, transformator podstansiyalari, taqsimlash punktlari;

elektr uskunasi — elektr energiyasini hosil qilish (ishlab chiqarish), transformatsiya qilish, uzatish, taqsimlash hamda elektr energiyasining xarakteristikalarini oʻzgartirish, boshqa turdagi energiyaga aylantirish uchun moʻljallangan jihozlar (transformatorlar, reaktorlar, motorlar va boshqalar);

elektr qurilmasi — elektr energiyasini hosil qilish (ishlab chiqarish) yoki boshqa turdagi energiyaga oʻzgartirish, uzatish, taqsimlash yoki isteʼmol qilishning oʻziga xos funksiyasini bajarishga moʻljallangan, tizimli va (yoki) funksional birlikda oʻzaro bogʻliq boʻlgan elektr uskunalar va jihozlar majmui (ular oʻrnatilgan inshootlar va binolar bilan birgalikda);

komplekt taqsimlash qurilmasi — ichida oʻrnatilgan uskunalar, boshqaruv, nazorat, himoya, avtomatika va signalizatsiya qurilmalari bor shkaflardan yoki bloklardan tashkil topgan, elektr taqsimlovchi qurilma;

neytral — elektr uskunalari choʻlgʻamlarining (elementlarining) “yulduz” sxemasi boʻyicha ulangan umumiy nuqtasi;

kommutatsiya apparati — elektr zanjirlarini kommutatsiya qilish va tok oʻtkazish uchun moʻljallangan elektr apparati (oʻchirgich, yuklama oʻchirgichi, boʻlgich, ajratgich, avtomat, rubilnik, paketli oʻchirgich, saqlagich va hokazolar);

elektr uzatish kabel tarmogʻi — bir yoki bir necha kabellardan tashkil topgan, bevosita yerga, kabel kanallariga, quvurlariga va kabel konstruksiyalariga yotqizilgan elektr uzatish tarmogʻi;

elektr uzatish havo tarmogʻi — ochiq havoda joylashgan, izolyator va armaturalar yordamida tayanchlarga yoki muhandislik inshootlari (koʻpriklar, koʻprik yoʻllari va hokazolar) kronshteynlariga hamda ustunlariga mahkamlangan simlar orqali elektr energiyasini uzatish uchun moʻljallangan majmua. Elektr uzatish havo tarmogʻining boshlanishi va oxiri deb tarmoq portallari yoki taqsimlovchi qurilmalar, shoxobchalar uchun esa — shoxobchaga ajralgan yerdagi tayanch va tarmoq portallari yoki taqsimlovchi qurilmaga kiruvchi qismi qabul qilinadi. Bunda, havo tarmogʻi tomonida tarmoq portallariga oʻrnatilgan tortuvchi izolyatsiyalovchi osmalar hamda havo tarmogʻi simlarida mahkamlangan barcha qisqichlar, havo tarmogʻiga qarashlidir. Tarmoq portallari, podstansiya tomonidan tortuvchi izolyatsiyalovchi osmalari bilan ushbu portallardagi halqa, havo tarmogʻi simlaridan har xil uskunalarga (oʻchirish-yoqish apparatlariga, razryadlagichlarga, aloqa kondensatorlariga va hokazolarga) tushgan simlar hamda yuqori chastotali toʻsgichlar havo elektr uzatish tarmogʻiga kirmaydi;

elektr energiyasi isteʼmolchisi — elektr qurilmalari, uskunalari elektr energiyasi bilan taʼminlovchi tashkilotning tarmogʻiga bevosita ulangan, u bilan elektr tarmoqlarining mansublik chegarasiga hamda elektr energiyasini yetkazib berish boʻyicha tuzilgan shartnomaga ega boʻlgan yuridik yoki jismoniy shaxs;

yoʻl-yoʻriq berish — xodimlarga xavfsiz mehnatni tashkil etishga va elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishda xavfsizlik texnikasi qoidalariga rioya qilishga qaratilgan asosiy talablar mazmunini yetkazish, yoʻl-yoʻriq olayotganlar ish joylarida yuz bergan yoki yuz berishi mumkin boʻlgan xatolarni tahlil qilish, xavfsiz ishlab chiqarish haqidagi bilimlarni va tajribani chuqurlashtirish, energetika korxonalarida yongʻin xavfsizligi qoidalari boʻyicha bilimlarni mustahkamlash hamda kengaytirish;

dublyorlik qilish (dublyorlik) — dublyorni tayyorlashga javobgar shaxs kuzatuvi ostida ish joyida elektr qurilmasini boshqarish va boshqa funksiyalarni bajarish;

ruxsat naryadi — ishning mazmuni, joyi, uni boshlash va tamomlash vaqtlarini, zarur xavfsizlik choralarini, brigada tarkibini hamda ishni xavfsiz bajarish uchun javobgar shaxslarni belgilovchi ishni xavfsiz bajarish uchun maxsus blankada tuzilgan topshiriq;

farmoyish — ishni xavfsiz bajarish uchun uning mazmunini, ish joyini, vaqtini, xavfsizlik choralarini (zarur boʻlgan taqdirda) bajarish topshirilgan shaxslarni belgilovchi ogʻzaki topshiriq;

navbatchi xodimlar (navbatchi) — smenada navbatchilik qilayotgan va tezkor boshqaruv yoki tezkor almashlab-ulashni amalga oshirishga ruxsat berilgan xodimlar: dispetcherlar, navbatchi muhandislar, texniklar, smena boshliqlari, uyda navbatchilik qiluvchilar va boshqaruv shchitlari navbatchilari, tezkor chiqish brigada aʼzolari;

taʼmirlovchi xodimlar — elektr stansiyalari, podstansiyalar, havo tarmogʻi, kabel tarmogʻi, aloqa havo tarmogʻi, aloqa kabel tarmogʻi, rele himoyasi, avtomatika, oʻlchash vositalari, izolyatsiya va yashindan himoya qilish vositalarida, dispetcherlik va texnologik boshqaruv vositalarida ekspluatatsion taʼmirlash va sozlash ishlari bilan shugʻullanuvchi muhandislar, texniklar, ustalar, ishchilar, elektr laboratoriyalari xodimlari.

2-bob. Qoidalarni qoʻllash tartibi

3. Mazkur Qoidalarning talablari idoraviy mansubligi va tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, barcha elektr energetikasi obyektlari, shuningdek, energetika obyektlariga taalluqli ishlarni bajaruvchi ilmiy-tadqiqot, loyihalash, qurilish-montaj, taʼmirlash va sozlash tashkilotlari hamda ularning xodimlari uchun majburiy hisoblanadi.

4. Barcha yangidan montaj, rekonstruksiya va modernizatsiya qilingan energetika qurilmalari va uskunalari Elektr qurilmalarining tuzilishi qoidalarida (keyingi oʻrinlarda — EQTQ) belgilangan talablar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq bajarilishi shart.

5. Energiya ishlab chiqaruvchi uskunalarning majburiy sertifikatsiyasi qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

6. Mazkur Qoidalarda koʻzda tutilmagan elektr uskunalari va qurilmalarini texnik ekspluatatsiya qilish sohada ishlab chiqilgan va Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Energetika vazirligi) bilan kelishilgan qoidalarga muvofiq amalga oshirilishi mumkin.

7. Mazkur Qoidalar statsionar va koʻchma dizel elektr stansiyalariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

8. Maxsus texnik ekspluatatsiya qilish qoidalarining amalga kiritilishi bunga vakolatli idoralar tomonidan Energetika vazirligi bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.

9. Elektr stansiyalari, qozonxonalar, elektr va issiqlik tarmoqlarining asosiy vazifasi elektr va issiqlik energiyasini ishlab chiqarish, uzatish, taqsimlash va isteʼmolchilarga yetkazib berishdan (keyingi oʻrinlarda — energiya ishlab chiqarish) iborat.

10. Energetika tizimining ishi ustidan texnik boshqaruv Energetika vazirligi tomonidan, tezkor boshqaruv esa — tizim operatori va energetika tizimining tegishli korxonalarining tezkor-dispetcherlik xizmatlari tomonidan amalga oshiriladi.

11. Har bir energetika obyektida uskunalar, binolar, inshootlar va kommunikatsiyalarga xizmat koʻrsatish boʻyicha vazifalar tuzilmaviy boʻlinmalar oʻrtasida taqsimlangan boʻlishi shart.

12. “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ va “Oʻzbekgidroenergo” AJ, shuningdek, ularning tarkibiy qismi boʻlgan elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi korxonalar, magistral elektr tarmoqlari tashkilotlari, hududiy elektr tarmoqlari tashkilotlari hamda xususiy va davlat-xususiy sheriklik asosida faoliyat yurituvchi elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi, uzatuvchi, taqsimlovchi tashkilotlar oʻz vakolati doirasida quyidagilarni taʼminlashlari shart:

yagona elektr energetika tizimining xavfsiz va ishonchli ishlab turishini taʼminlash va isteʼmolchilarning elektr energiyasiga boʻlgan ehtiyojini qondirish;

kadrlarning malakasini oshirish, ilgʻor ishlab chiqarish usullarini tatbiq etish va tarqatishni;

elektr energiyasini ishlab chiqarish va isteʼmol qilish balansini shakllantirishda ishtirok etish va elektr energiyasiga tariflar boʻyicha takliflar kiritish;

oʻzlarining generatsiya qiluvchi quvvatlarini va elektr tarmoqlarini rekonstruksiya qilish, modernizatsiyalash, rivojlantirish va ekspluatatsiya qilish boʻyicha tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish;

elektr energetikasi obyektlari va isteʼmolchilar (aholidan tashqari) elektr qurilmalarining texnik holati va ularni ekspluatatsiya qilish tashkil etilganligi ustidan texnik va texnologik nazoratni amalga oshirish;

oʻrnatilgan uskunalar quvvatidan foydalanish samaradorligini oshirish, energiyani tejash tadbirlarini amalga oshirish va ikkilamchi energiya resurslaridan oqilona foydalanishni tashkil etish.

13. Elektr energetikasi obyektlari va isteʼmolchilar elektr va issiqlik qurilmalarining texnik holati va ularni ekspluatatsiya qilish tashkil etilishi, shuningdek, yoqilgʻi-energetika resurslaridan oqilona va samarali foydalanish ustidan texnik va texnologik davlat nazorati Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi (keyingi oʻrinlarda — “Oʻzenergoinspeksiya”) tomonidan amalga oshiriladi.

14. Elektr energetikasi sohasi xodimlarining asosiy majburiyatlari quyidagilardan iborat:

isteʼmolchilar energiya taʼminotining shartnomaviy shartlariga rioya qilish;

uzatiladigan energiyaning normal sifatini — elektr tokining meʼyorlangan chastotasi va kuchlanishini, issiqlikning bosimi va haroratini saqlab turish;

tezkor-dispetcherlik intizomiga rioya qilish;

uskunalar, bino va inshootlarni ekspluatatsiya qilishga tayyor holatda saqlash;

energiya ishlab chiqarishning maksimal tejamkorligi va ishonchliligini taʼminlash;

uskunalar va inshootlarni ekspluatatsiya qilishda sanoat va yongʻin xavfsizligi talablariga rioya qilish;

mehnatni muhofaza qilish va xavfsizlik texnikasi qoidalari talablarini bajarish;

tabiatni muhofaza qilish qonunchiligi talablarini bajarish;

ishlab chiqarishning odamlar va atrof muhitga zararli taʼsirini kamaytirish;

energetika obyektlarining tejamkorligi, ishonchliligi, xavfsizligini oshirish, ekologik holatini yaxshilash maqsadida ilmiy-texnik taraqqiyot yutuqlaridan foydalanish.

15. Elektr energetikasi sohasidagi har bir xodim energiya ishlab chiqarishning oʻziga xos xususiyatlari haqida aniq tasavvurga ega boʻlishi, mehnat intizomiga va texnologik intizomga, ish tartibi qoidalariga qatʼiy rioya qilishi, oʻz ish joyini toza va saranjom saqlashi shart.

3-bob. Energetika obyektlarida qurilmalar, uskunalar hamda bino va inshootlarni ekspluatatsiyaga qabul qilish

16. Qurilishi toʻliq tugallangan issiqlik elektr stansiyalari (keyingi oʻrinlarda — IES), gidroelektr stansiyalari (keyingi oʻrinlarda — GES), quyosh elektr stansiyalari (keyingi oʻrinlarda — QES), shamol elektr stansiyalari (keyingi oʻrinlarda — SHES), boshqa koʻrinishdagi alternativ va qayta tiklanuvchi tabiiy resurslardan elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi hamda saqlovchi elektr stansiyalari, elektr va issiqlik tarmoqlari obyektlari, shuningdek, energetika obyektlarining murakkabligiga qarab ularni ishga tushirish navbatlari qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan tartibda ekspluatatsiyaga qabul qilinishi shart. Mazkur talablar, shuningdek, energetika obyektlarini kengaytirish, rekonstruksiya qilish va texnik qayta jihozlashdan keyin ekspluatatsiyaga qabul qilishda ham tatbiq etiladi.

17. Energetika obyektlarini ishga tushirish navbatlari qurilishning oxirgi bosqichida maʼlum elektr qurilmalariga yoki umuman energetika obyektiga taalluqli boʻlgan bino va inshootlar hamda obyektlar yigʻindisidan tarkib topgan, energetika obyektlari majmuasi toʻliq loyihaviy hajmining belgilangan parametrlarda normal ekspluatatsiya qilinishini taʼminlaydigan qismini oʻz ichiga olishi kerak (aniq elektr qurilmalariga bogʻliq boʻlmagan holda).

Shu bilan birga, energetika obyektlari majmuasiga elektr va issiqlik energiyasini ishlab chiqarish, uzatish, isteʼmolchilarga yetkazib berishni taʼminlaydigan quyidagilar kiritilishi mumkin: uskunalar, inshootlar, asosiy ishlab chiqarish qurilmalari, yordamchi-ishlab chiqarish qurilmalari, tegishli binolar (yordamchi, maishiy, transport, taʼmirlash, omborxona va boshqa binolar), dispetcherlik va texnologik boshqaruv vositalari (keyingi oʻrinlarda — DTBV), aloqa vositalari, muhandislik kommunikatsiyalari, umumiy ovqatlanish punktlari, tibbiy punktlar va obodonlashtirilgan hududlar. Mazkur energetika obyektlarining ishga tushirish loyihasida koʻzda tutilgan jami ishchi-xodimlar sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari talablari, yongʻin xavfsizligi talablari, tegishli suv havzalari va atmosfera havosini ifloslanishdan himoya qilish talablari bayon qilingan yoʻriqnomalar bilan taʼminlangan boʻlishi shart.

Energetika obyektlari loyihasi loyihalovchi tomonidan belgilangan muddatlarda ishlab chiqilishi va taqdim etilishi, buyurtmachi va bosh pudratchi bilan, boshqa davlatlar elektr energetikasi tizimlari oʻrtasida tizimlararo ahamiyatga ega boʻlgan ishga tushirish energetika obyektlari majmuasi loyihasi esa “Energiya” muvofiqlashtiruvchi dispetcherlik markazi (keyingi oʻrinlarda — “Energiya” MDM) bilan kelishilgan boʻlishi va belgilangan tartibda tasdiqlanishi lozim.

18. Energetika obyektini ekspluatatsiyaga qabul qilishdan oldin quyidagi ishlar bajarilishi shart:

uskunalarning individual sinovlari hamda asosiy va yordamchi uskunalarning sinov tarzida ishga tushirilishi bilan tugaydigan energobloklar uchun alohida tizimlarning funksional sinovlari;

uskunalarning kompleks sinab koʻrilishi.

Bino va inshootlarni qurish va montaj qilish vaqtida uskunalar va inshootlarning tashkil etuvchi qismlari, shu jumladan, yashirin ishlar (bino va inshootlarni qurish jarayonida montaj qilinishi yoki oʻrnatilishi zarur boʻlgan elektr tarmoqlari, kabellar, aloqa kabellari va boshqalar) oraliq qabul qilish toʻgʻrisidagi dalolatnomalarni rasmiylashtirgan holda qabul qilingan boʻlishi shart.

19. Uskunalar va alohida tizimlarning yakka tartibda va funksional sinovlari bosh pudratchi tomonidan buyurtmachining loyihaviy sxemalar boʻyicha xodimini jalb qilgan holda ushbu tashkil etuvchi qismi boʻyicha barcha qurilish va montaj ishlari tugatilganidan soʻng amalga oshiriladi. Yakka tartibda va funksional sinovlardan oldin mazkur Qoidalarning, shaharsozlik normalari va qoidalarining, standartlarning, shu jumladan, mehnat xavfsizligi standartlarining, texnologik loyihalash meʼyorlarining, Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi), Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi va boshqa nazorat qiluvchi davlat organlari tomonidan belgilangan tartibda qabul qilingan qoidalar, meʼyorlar va talablarning, EQTQning, mehnat muhofazasi qoidalarining, portlash va yongʻin xavfsizligi qoidalarining, ishlab chiqaruvchi zavod koʻrsatmalarining, uskunalarni montaj qilish boʻyicha yoʻriqnomalarning bajarilishi tekshiriladi.

20. Qurilish va montaj qilish davomida yoʻl qoʻyilgan nuqsonlar va kamchiliklar, shuningdek, yakka tartibda va funksional sinovlar jarayonida aniqlangan uskunalarning nuqsonlari qurilish-montaj tashkilotlari va ishlab chiqaruvchi zavodlar tomonidan kompleks sinovlar boshlangunga qadar bartaraf etilgan boʻlishi shart.

21. Energobloklarning sinov tarzida ishga tushirilishi buyurtmachi tomonidan kompleks sinovlargacha oʻtkazilishi lozim. Sinov tarzida ishga tushirishda uskunalar va texnologik sxemalarning ishlash qobiliyati, ularni ekspluatatsiya qilish xavfsizligi tekshirilishi, barcha nazorat va boshqaruv tizimlari, shu jumladan, avtomatik rostlash tizimlari, himoya va blokirovka tuzilmalari, signalizatsiya tuzilmalari va nazorat-oʻlchov asboblarini tekshirish va sozlash amalga oshirilganligi, uskunalarning kompleks sinab koʻrishga tayyorligi tekshirilishi lozim.

Sinov tarzida ishga tushirishdan oldin energetika obyektini ishonchli va xavfsiz ekspluatatsiya qilish uchun quyidagi shartlar bajarilgan boʻlishi kerak:

ekspluatatsiya qiluvchi va taʼmirlovchi xodimlar tayyorlanishi va oʻqitilishi (bilimlari sinovdan oʻtkazilishi), ekspluatatsiya qilish yoʻriqnomalari, mehnat muhofazasi, mehnatni muhofaza qilish yoʻriqnomalari, tezkor sxemalar, hisobga olish va hisobot boʻyicha texnik hujjatlar ishlab chiqilishi va tasdiqlanishi;

yoqilgʻi, materiallar, asboblar va ehtiyot qismlarning zaxirasi tayyorlanishi;

aloqa tarmogʻi bilan birga DTBV, yongʻin haqida avtomatik ravishda xabar berish va oʻchirish qurilmalari, avariyaviy yoritish, ventilyatsiya tizimlari ishga tushirilishi;

nazorat qilish va boshqarish tizimlari montaj qilingan hamda soz holatda boʻlishi;

energetika obyektini ekspluatatsiya qilishga tayyorligi toʻgʻrisida belgilangan tartibda “Oʻzenergoinspeksiya”dan, agar boshqa nazorat organlari nazoratidagi obyektlar (qurilmalar) ishga tushirilayotgan boʻlsa, ushbu organlardan ham tegishlicha xulosa yoki ruxsat olinishi.

22. Kompleks sinovlarni buyurtmachi oʻtkazishi lozim. Kompleks sinovlarda asosiy agregatlar va barcha yordamchi uskunalarning birgalikda yuklama ostida ishlashi tekshirib koʻrilishi kerak.

Energetika qurilmasi tarmoqqa ulangan yoki unga yuklama berilgan vaqt — energetika qurilmasini kompleks sinab koʻrishning boshlanish vaqti hisoblanadi.

Uskunalarni loyihada koʻzda tutilmagan sxemalar boʻyicha kompleks sinab koʻrish taqiqlanadi.

Elektr stansiyalarining uskunalarini kompleks sinash issiqlik elektr stansiyalari uchun asosiy yoqilgʻining (gaz-turbina qurilmalari uchun — tabiiy gazning (keyingi oʻrinlarda — gazsimon yoqilgʻi) loyihaviy koʻrsatkichlarida, gidroelektr stansiyalari uchun ishga tushirish obyektida koʻzda tutilgan suvning sarfi va bosimida 72 soat mobaynida asosiy uskunalarni nominal yuklama bilan normal va uzluksiz ishlatish, shuningdek, ishga tushirish majmuasiga kiritilgan barcha yordamchi uskunalarni doimiy yoki navbatma-navbat ishlatish orqali amalga oshiriladi.

Elektr tarmoqlarini kompleks sinash podstansiya uskunalarining 72 soat mobaynida, elektr uzatish tarmoqlarining esa — 24 soat mobaynida yuklama ostida normal va uzluksiz ishlashi orqali amalga oshiriladi.

Bunda yangi, rekonstruksiya va modernizatsiya qilingan elektr tarmoqlariga kuchlanish berishdan oldin ularning texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligi “Oʻzenergoinspeksiya” tomonidan koʻrib chiqilgan va ekspluatatsiya qilishga tayyorligi tasdiqlangan boʻlishi lozim.

Issiqlik tarmoqlarida uskunalarning yuklama ostida 24 soat davomida ishga tushirish majmuasida koʻzda tutilgan nominal bosim bilan normal va uzluksiz ishlashi kompleks sinab koʻrish oʻtkazilganligining tasdigʻi hisoblanadi.

Gaz-turbina qurilmalari (keyingi oʻrinlarda — GTQ) uchun bundan tashqari oʻn marta, GESning gidroagregatlari uchun esa uch marta muvaffaqiyatli avtomatik ishga tushirish kompleks sinab koʻrishning majburiy sharti hisoblanadi.

Kompleks sinab koʻrishda loyihada koʻzda tutilgan nazorat-oʻlchov asboblari, blokirovka, signalizatsiya va masofadan boshqarish, himoya va rejim sozlanishini talab qilmaydigan avtomatik rostlash tuzilmalari ulangan boʻlishi shart.

Agar kompleks sinab koʻrishni asosiy yoqilgʻida bajarish yoki issiqlik elektr stansiyalari uchun nominal yuklama va bugʻning (GTQ uchun — gazsimon yoqilgʻining) loyihaviy koʻrsatkichlariga, gidroelektr stansiyalari uchun suvning bosimi va sarfiga, birgalikda yoki alohida sinab koʻrishda podstansiya, elektr uzatish tarmoqlari uchun yuklamaga, issiqlik tarmoqlari uchun issiqlikning koʻrsatkichlariga ishga tushirish majmuasida koʻzda tutilgan ishlar bajarilmaganligi bilan bogʻliq boʻlmagan qandaydir sabablarga koʻra erishib boʻlmasa, kompleks sinab koʻrishni zaxira yoqilgʻisida bajarish haqidagi qaror, shuningdek, koʻrsatkichlar va yuklamaning chegaraviy qiymatlari qurilishi tugallangan obyektlarni foydalanishga qabul qilish davlat komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — davlat komissiyasi) tomonidan belgilanadi va ishga tushirish majmuasini ekspluatatsiyaga qabul qilish dalolatnomasida qayd etiladi.

23. Energetika obyektini davlat komissiyasiga taqdim etishga tayyorlash uchun buyurtmachi tomonidan qurilishi tugallangan obyektlarni foydalanishga qabul qilish ishchi komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — ishchi komissiya) tayinlanadi va ishchi komissiya uskunani yakka tartibdagi sinovlar oʻtkazilganidan soʻng kompleks sinab koʻrish uchun dalolatnoma boʻyicha qabul qilib oladi. Ushbu dalolatnoma imzolangan vaqtdan boshlab buyurtmachi uskunaning saqlanishi uchun javobgar boʻladi.

Ishchi komissiya kompleks sinab koʻrish amalga oshirilganidan hamda aniqlangan nuqsonlar va kamchiliklar bartaraf etilganidan keyin uskunani dalolatnoma boʻyicha qabul qilib oladi, shuningdek, u davlat komissiyasiga taqdim etish uchun qurilishi tugallangan bino va inshootlarning tayyorligi haqida dalolatnoma tuzadi.

Zarur hollarda ishchi komissiyalar ixtisoslashtirilgan (qurilish, turbina, qozonxona, gidrotexnik, elektrotexnik, nazorat va boshqaruv tizimlari boʻyicha va boshqalar) kichik qabul komissiyalarini tuzishi shart.

Ushbu kichik qabul komissiyalarining, obyektning ularning ixtisosiga tegishli boʻlgan qismi holati va uskunalarni kompleks sinab koʻrishga hamda ekspluatatsiya qilishga tayyorligi haqida xulosalar tuzishi va ushbu xulosalar ishchi komissiya tomonidan tasdiqlanishi shart.

24. Uskunalar, bino va inshootlar ishchi komissiya tomonidan qabul qilinganda bosh pudratchi — qurilish tashkiloti buyurtmachiga amaldagi shaharsozlik normalari va qoidalarida (keyingi oʻrinlarda — SHNQ) va sohada qabul qilish qoidalarda koʻzda tutilgan hujjatlarni taqdim etishi kerak.

25. Ishchi komissiya tomonidan aniqlangan nuqsonlar va kamchiliklarning bartaraf etilishi ustidan nazorat qilish energetika obyektlarini qabul qilishga taqdim qilgan buyurtmachi tomonidan amalga oshiriladi.

26. Ishga tushirish majmualarini, ularning navbatlarini yoki energetika obyektlarini butunligicha ekspluatatsiyaga qabul qilish ishchi komissiya tomonidan amalga oshiriladi.

27. Uskunalar, bino va inshootlarni nuqsonlar hamda kamchiliklar bilan ekspluatatsiyaga qabul qilish taqiqlanadi.

Kompleks sinab koʻrish oʻtkazilganidan va aniqlangan nuqsonlar va kamchiliklar bartaraf etilganidan keyin ishchi komissiya uskunalarni va ularga taalluqli bino va inshootlar bilan birgalikda ekspluatatsiyaga qabul qilish dalolatnomasini rasmiylashtirishi kerak. Ishchi komissiya seriyali uskunalarni oʻzlashtirish davrini belgilab beradi, ushbu davr ichida zarur sinovlar, sozlash va tugallash ishlari oʻtkazilishi hamda uskunalar loyihadagi koʻrsatkichlar bilan ekspluatatsiya qilinishi lozim. Uskunalarning bosh namunalari uchun oʻzlashtirish muddati buyurtmachi (investorlar) tomonidan ushbu uskunalarni tugallash, sozlash va oʻzlashtirish ishlarining muvofiqlashtiruvchi rejasiga koʻra belgilanadi.

28. Buyurtmachi davlat komissiyasiga amaldagi SHNQ va sohada qabul qilingan qoidalarda koʻzda tutilgan hajmda ishchi komissiya tomonidan tayyorlangan hujjatlarni taqdim etadi.

Barcha hujjatlar umumiy katalogga kiritiladi, alohida hujjatlar jildlarida esa ichidagi hujjatlarning tasdiqlangan roʻyxati boʻlishi shart. Hujjatlar buyurtmachining texnik arxivida ishchi komissiya tomonidan tuzilgan hujjatlar bilan birga saqlanishi shart.

29. Qurilishi tugallangan alohida turgan bino va inshootlar hamda elektrotexnik tuzilmalar ichiga yoki yoniga qurilgan ishlab chiqarish, yordamchi-ishlab chiqarish va yordamchi vazifalar uchun xonalar, ularda montaj qilingan uskunalar, boshqaruv va aloqa vositalari bilan birga davlat komissiyasiga taqdim etilishi uchun ishga tushirish kompleksi qabul qilingunga qadar, ishchi komissiya tomonidan tayyorligiga qarab ekspluatatsiyaga qabul qilinadi.

30. Tajribaviy (eksperimental), tajribaviy-sanoat energo-texnologik qurilmalar, agar ular loyihada nazarda tutilgan tajribalarni oʻtkazish yoki mahsulotni ishlab chiqarish uchun tayyorlangan boʻlsa, ishchi komissiya tomonidan ekspluatatsiyaga qabul qilinishi kerak.

31. Barcha gidrotexnik inshootlarning suv osti qismi (oʻrnatilgan nazorat-oʻlchov apparatlari va uskunalar bilan) ishga tushirish majmuasi hajmida bajarilgan boʻlishi va ishchi komissiya tomonidan ular suvga toʻldirishdan oldin qabul qilinishi lozim.

Ularning toʻliq loyihaviy hajmda yakuniy qabul qilinishi butun energetika obyekti ekspluatatsiyaga qabul qilinganda amalga oshirilishi kerak. Gidroelektr stansiyalar davlat komissiyasi tomonidan ekspluatatsiyaga qabul qilingandan soʻng uning kotlovaniga suv toʻldirish va daryo oʻzanini yopishga ruxsat beriladi.

32. Davlat komissiyasi tomonidan dalolatnoma imzolangan sana obyekt ekspluatatsiyaga qabul qilingan sana hisoblanadi.

4-bob. Xodimlarni tayyorlash

33. Energetika obyektlarida ishlashga maxsus maʼlumotga ega boʻlgan va egallagan lavozimining talablari doirasida tayyorgarlikdan oʻtgan shaxslarga ruxsat beriladi.

34. Energetika qurilmalarining uskunalarini boshqarishga, ularga texnik xizmat koʻrsatishga yoki taʼmirlashga maxsus tayyorgarlik kursidan va tegishli lavozimda ishlash uchun imtihondan oʻtgan shaxslarga ruxsat beriladi.

35. Energetika obyektlarida xodimlarni tayyorlash elektr energetikasi obyektlarida xodimlar bilan ishlashni tashkil etish qoidalari talablariga muvofiq tashkil etilishi shart.

36. Energetika obyektlarida tegishli lavozimga tayinlanadigan, energetika qurilmalarining ekspluatatsiyasi va rejimlari boʻyicha faoliyat yuritadigan hamda energetika qurilmalariga bevosita xizmat koʻrsatuvchi shaxslar ishga tayinlanishidan oldin energetika obyektining bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan individual tartibdagi dastur boʻyicha maxsus talablar doirasida tayyorgarlikdan oʻtishi lozim.

37. Ogʻir ishlarda va zararli yoki xavfli mehnat sharoitlari bilan bogʻliq ishlarda band boʻlgan xodimlar zimmasiga topshirilgan ishlarga loyiqligini aniqlash va kasbiy kasalliklarning oldini olish maqsadida majburiy ravishda dastlabki (ishga kirish vaqtida) va davriy (mehnat faoliyati davomida) tibbiy koʻrikdan oʻtishlari shart.

Dastlabki va davriy tibbiy koʻrikdan oʻtilishi zarur boʻlgan ishlardagi zararli ishlab chiqarish omillari va ishlarning roʻyxati hamda bunday koʻriklarni oʻtkazish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilanadi.

38. Energetika obyektlarida xodimlar bilan ularning oʻz kasbiy vazifalarini bajarishga tayyorligini va malakasini oshirishni taʼminlashga qaratilgan doimiy ishlar olib borilishi lozim. Mehnat xavfsizligi boʻyicha oʻqitish va yoʻl-yoʻriq berish uzluksiz va koʻp pogʻonali xususiyatga ega boʻlishi shart.

39. Xodimlarni tayyorlash, malakasi talab darajasida boʻlishi va uni oshirish jarayoni ustidan rahbarlik qilish tashkilotning bosh muhandisi tomonidan, ularning amalga oshirilishini nazorat qilish esa energetika obyektlarining (korxonalar, tashkilotlar) rahbarlari tomonidan amalga oshiriladi.

40. Energetika obyektlarida texnik kutubxona, texnik xona, mehnat muhofazasi va xavfsizlik texnikasi (keyingi oʻrinlarda — MM va XT) va yongʻin xavfsizligi (keyingi oʻrinlarda — YOX) xonalari ishlab turishi shart.

41. Energetika obyektlarida xodimlar bilan ishlashni taʼminlash uchun statsionar oʻqitish qurilmalari ishlab turishi, energetika tizimining tuzilmasida oʻquv markazlari va boshqa ixtisoslashtirilgan oʻquv muassasalari boʻlishi shart.

Xodimlarni tayyorlash uchun oʻquv-ishlab chiqarish boʻlinmalari poligonlarga, oʻquv sinflariga, ustaxonalarga, laboratoriyalarga ega boʻlishi, oʻqitish va mashq qilishning texnik vositalari bilan jihozlanishi shart. Xodimlarni oʻqitishga yuqori malakali mutaxassislar jalb qilinishi shart.

42. Xizmatchilarning toifasiga qarab xodimlar bilan ishlashning quyidagi shakllari oʻrnatiladi:

ish joyida oʻqitish (stajirovka) bilan yangi lavozim (kasb) boʻyicha tayyorlash;

texnik ekspluatatsiya, mehnat muhofazasi, sanoat va yongʻin xavfsizligi boʻyicha qoidalar, meʼyorlar va yoʻriqnomalar boʻyicha bilimlarni tekshirish;

dublyorlik;

avariyaga qarshi va yongʻinga qarshi nazorat mashqlari;

XT va YOX boʻyicha dastlabki, birlamchi, davriy, navbatdan tashqari, maqsadli yoʻriqnomalar;

mehnatni muhofaza qilish va texnika xavfsizligi, yongʻin xavfsizligi boʻyicha kirish, davriy, navbatdan tashqari, maqsadli yoʻl-yoʻriqlar oʻtkazish;

maxsus tayyorgarlik;

malakani oshirish uchun uzluksiz kasbiy oʻqitish.

Xodimlarning toifasiga bogʻliq ravishda xodimlar bilan ishlash shakllari elektr energetikasi obyektlarida xodimlar bilan ishlashni tashkil etish qoidalari talablariga muvofiq belgilanadi.

43. Xodimlar bilan ishlash energetika obyektining (korxona, tashkilot) bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan rejalarga muvofiq, tajriba orttirish (stajirovka) esa individual dasturlar boʻyicha tashkil etiladi va oʻtkaziladi.

44. Ishlab chiqarishning texnologik jarayonlarida bevosita ishtirok etmaydigan shaxslardan tashqari barcha xodimlar texnik ekspluatatsiya, mehnatni muhofaza qilish va texnika xavfsizligi, sanoat va yongʻin xavfsizligi boʻyicha qoidalar, meʼyorlar va yoʻriqnomalar boʻyicha bilimlarini tekshiruvdan oʻtkazishlari shart.

Tekshiruvni energetika obyektidagi malaka komissiyasi yuqori turuvchi tashkilot, shuningdek, “Oʻzenergoinspeksiya” tomonidan belgilangan talablarga rioya qilgan holda amalga oshiradi.

Bilimlarini tekshirishdan ozod etilgan shaxslarning roʻyxati yoki bilimlarini tekshirish talab qilinmaydigan lavozimlar va kasblarning roʻyxati energetika obyektining rahbari tomonidan tasdiqlangan boʻlishi shart.

45. “Oʻzenergoinspeksiya” va Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi nazorati ostidagi obyektlarga xizmat koʻrsatuvchi ishchilar va ayrim toifadagi mutaxassislarning bilimlarini tekshirish va mustaqil ishlashiga ruxsat berish ushbu idoralar qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlar talablariga muvofiq belgilangan tartibda tashkil etilishi va oʻtkazilishi shart. Ushbu qoida talablari doirasida “Oʻzenergoinspeksiya” nazorati ostidagi obyektlar “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ va “Oʻzbekgidroenergo” AJ, shuningdek, ularning tarkibiy qismi boʻlgan elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi korxonalar, magistral elektr tarmoqlari tashkilotlari, hududiy elektr tarmoqlari tashkilotlari hamda xususiy va davlat-xususiy sheriklik asosida faoliyat yurituvchi elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi, uzatuvchi, taqsimlovchi tashkilotlar hisoblanadi

46. Taʼmirlash, sozlash va boshqa ixtisoslashtirilgan tashkilotlarning xodimlari oʻz tashkilotlarining komissiyalarida tayyorgarlikdan, bilimlar tekshiruvidan oʻtadilar va mustaqil ishlash huquqini oladilar.

47. Xodimning bilimlarini tekshirish dastlabki, davriy va navbatdan tashqari bilimlar tekshiruvidan iborat boʻladi.

48. Bilimlarni dastlabki tekshirish xodim ishga qabul qilinganda uni oʻqitishdan yoki yangi lavozim boʻyicha tayyorlashdan keyin, boshqa ishga (lavozimga) yoki boshqa tashkilotga oʻtganda lavozimga tayinlanganidan keyin ikki oydan kechiktirmay oʻtkaziladi.

49. Barcha toifadagi xodimlarning bilimlarini davriy tekshirish belgilangan muddatlarda, biroq kamida 3 yilda bir marta oʻtkaziladi.

Tezkor rahbarlar, energetika qurilmalarini boshqarish va ularga xizmat koʻrsatish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan shaxslar hamda qurilish-montaj tashkilotlarining tarmogʻidagi muhandis-texnik xodimlar uchun mehnat muhofazasi qoidalari va meʼyorlari boʻyicha bilimlarni tekshirish kamida bir yilda bir marta oʻtkazilishi shart.

50. Bilimlar quyidagilar boʻyicha tekshiriladi:

mehnat muhofazasi boʻyicha qoidalar, meʼyorlar, yoʻriqnomalar, agar bajariladigan ish talab qilsa, boshqa maxsus qoidalar boʻyicha bilimlar;

energetika boʻyicha texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar (texnik ekspluatatsiya qilish qoidalari — TEQQ, texnika xavfsizligi qoidalari — TXQ, yongʻin xavfsizligi qoidalari — YOXQ) boʻyicha bilimlar;

lavozim va ishlab chiqarish yoʻriqnomalari boʻyicha bilimlar, avariyalar, avariyaviy rejimni bartaraf qilish rejalari (yoʻriqnomalari);

xavfsizlikning texnik vositalarining tuzilishi va ishlash prinsiplari, avariyaga qarshi himoya vositalari boʻyicha bilimlar;

uskunalar, nazorat-oʻlchov asboblari va boshqaruv vositalarining tuzilishi hamda ishlash prinsiplari boʻyicha bilimlar;

energiya ishlab chiqarishning texnologik sxemalari va jarayonlari boʻyicha bilimlar;

Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi, shuningdek, boshqa nazorat qiluvchi organlar nazorati ostidagi uskunalar, energetika qurilmalari va obyektlarni xavfsiz ekspluatatsiya qilish shartlari boʻyicha bilimlar;

himoya vositalaridan foydalanishni va baxtsiz hodisalarda shikastlanganlarga birinchi yordam koʻrsatishni bilish.

Rahbarlar va barcha toifadagi mutaxassislar uchun bilimi majburiy tartibda imtihon qilinishi uchun tegishli amal qiluvchi va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar roʻyxati ularning lavozim yoʻriqnomalari bilan belgilanadi va tegishli imtihon komissiyasini boshqarayotgan energetika obyekti (tashkilot)ning rahbari tomonidan tasdiqlanadi.

51. Belgilangan muddatlarda bilim tekshiruvidan oʻtmagan xodimlarga uskunalarni mustaqil boshqarish va ekspluatatsiya qilish taqiqlanadi.

52. Qoniqarsiz baho olgan shaxs bir oy davomida qayta imtihondan oʻtishi shart.

Ikkinchi marta imtihondan oʻta olmagan mutaxassisning egallagan lavozimiga loyiqligi haqidagi masala ish beruvchi tomonidan mehnat qonunchiligiga muvofiq hal etiladi.

53. Bilimlar darajasini oshirish hamda avariyasiz va xavfsiz ishlash usullarini takomillashtirish uchun uskunalar, bino va inshootlarni ekspluatatsiya qilish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan barcha xodimlar elektr energetikasi obyektlarida xodimlar bilan ishlashni tashkil etish qoidalari talablariga muvofiq yoʻl-yoʻriqdan oʻtishlari shart.

54. Tezkor va tezkor-taʼmirlash xodimlari kamida 3 oyda bir marta avariyaga qarshi nazorat mashgʻulotlarini oʻtishlari shart.

Tezkor, tezkor-taʼmirlash, taʼmirlash va sozlash xodimlari kamida yarim yilda bir marta oʻz tashkilotlarida yongʻinga qarshi nazorat mashgʻulotlarini oʻtishlari shart.

55. Mustaqil ishlashga ruxsat: ishga yangi qabul qilingan yoki ishda 6 oydan koʻproq tanaffus qilgan tezkor va tezkor-taʼmirlash xodimlari uchun yoʻl-yoʻriqdan, stajirovkadan oʻtish, bilimlar tekshiruvidan va dublyorlikdan keyin, taʼmirlash va sozlash xodimlari uchun esa — yoʻl-yoʻriqdan, stajirovkadan oʻtish va bilimlar imtihonidan keyin beriladi.

Ishida 3 haftadan 6 oy muddatgacha tanaffusda boʻlgan xodimlarning ishlashiga ruxsat berish shartlari ushbu tanaffusning davomiyligidan kelib chiqib belgilanadi.

56. Energetika obyektlari (tashkilotlari)ning barcha xodimlari elektr energetikasi obyektlarida xodimlar bilan ishlashni tashkil etish qoidalari talablarida belgilangan hajmlarda va davriylikda oʻz malakalarini oshirishlari shart.

5-bob. Tezkor xodimlar

57. Energetika tizimi va energetika obyektlarining tezkor xodimlari jumlasiga quyidagilar kiradi:

tezkor xodimlar — energetika qurilmalarining boshqaruv organlariga bevosita taʼsir koʻrsatuvchi va smenada energetika qurilmalarini boshqarish va ularga xizmat koʻrsatishni amalga oshiruvchi xodimlar;

tezkor-taʼmirlash xodimlari — boshqaruv organlariga bevosita taʼsir koʻrsatish huquqiga ega boʻlgan taʼmirlash xodimlari;

tezkor rahbarlar — smenada oʻziga biriktirilgan obyektlar (energetika tizimi, elektr tarmoqlari, issiqlik tarmoqlari, elektr stansiyalar, energetika obyekti) va qoʻl ostidagi xodimlarning ishlashi ustidan tezkor rahbarlikni amalga oshiruvchi xodimlar;

tezkor-dispetcherlik xodimlari — “Energiya” MDM, yagona elektr energetika tizimining tizim operatori (keyingi oʻrinlarda — tizim operatori) va energetika tashkilotlarining dispetcherlari.

58. Tezkor xodimlar ishlab chiqarish va lavozim yoʻriqnomalariga hamda yuqori turuvchi tezkor xodimlarning tezkor farmoyishlariga muvofiq energetika obyekti, energetika tizimi, yagona elektr energetika tizimi (keyingi oʻrinlarda — YAEET) uskunalarining xavfsiz, ishonchli, barqaror hamda energosamarador ishlash rejimini olib borishi shart.

Tezkor xodimlarning soni va malakasi boʻyicha texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq amalga oshiriladi.

Tezkor xodimlarning smenada toʻliq boʻlmagan tarkibda, oʻrindoshlik asosida ishlashiga faqat energetika tizimi yoki energetika obyekti boshqarish organining yozma koʻrsatmasi boʻyicha ruxsat beriladi.

59. Smena vaqtida tezkor xodimlar oʻzlarining tezkor boshqaruvi yoki tasarrufidagi uskunalarning ekspluatatsiyasi, shuningdek, yuqori turuvchi tezkor xodimlarning farmoyishlari soʻzsiz bajarilishi uchun mazkur qoidalarga, zavod va mahalliy yoʻriqnomalarga, XTQga va boshqa amal qiluvchi hujjatlarga muvofiq javobgar boʻladi.

60. Uskunalarning ishlash rejimlari buzilganda, shikastlanganda, yongʻin paydo boʻlganda, uskunalarga shikast yetkazishi mumkin boʻlgan nuqsonlar aniqlanganda tezkor xodim zudlik bilan normal ish rejimini tiklash yoki avariyaviy holatni bartaraf qilish va texnologik buzilishlar rivojlanishining oldini olish choralarini koʻrishi, shuningdek, zudlik bilan tasdiqlangan roʻyxat boʻyicha yuqori turuvchi tezkor va maʼmuriy-texnik rahbar xodimlarga xabar berishi lozim.

61. Yuqori turuvchi tezkor xodimning vakolatiga kiruvchi masalalar boʻyicha farmoyishi unga boʻysunuvchi tezkor xodim tomonidan bajarilishi majburiydir.

62. Yuqori turuvchi tezkor xodimning tezkor boshqaruvi yoki tezkor tasarrufi ostida boʻlgan uskunalar uning ruxsatisiz ishlash uchun ulanishi yoki ishlashdan chiqarilishi mumkin emas. Odamlar va uskunalar uchun aniq xavf tugʻilgan holatlar bundan mustasno.

63. Yuqori turuvchi tezkor xodimlarning tezkor farmoyishi aniq va qisqa boʻlishi shart.

Farmoyishni eshitganidan soʻng boʻysunuvchi tezkor xodim farmoyish matnini soʻzma-soʻz qaytarishi va farmoyishni toʻgʻri tushunganligi haqida tasdiqni olishi shart.

Yuqori turuvchi tezkor-dispetcherlik xodimlarning farmoyishlari kechiktirilmasdan va aniq bajarilishi shart.

Tezkor xodim farmoyishni yoki ruxsatni berib yoki olib uni tezkor jurnalga yozib qoʻyishi shart. Kompyuter yozuvi bor boʻlganida tezkor jurnaldagi yozuvning hajmi tegishli rahbarlik qiluvchi maʼmuriy-texnik xodimlar tomonidan belgilanadi.

64. Tezkor muzokaralar texnik jihatdan savodli olib borilishi shart. Barcha energetika uskunalari, ulanmalar, releli va texnologik himoya va avtomatika tuzilmalari belgilangan dispetcherlik nomlariga muvofiq toʻliq nomlanishi shart. Texnik atamalardan va daspetcherlik nomlanishlardan chetga chiqish qatʼiy taqiqlanadi.

Dispetcherlik boshqaruvning barcha darajalarida olib boriladigan tezkor muzokaralar va elektr stansiyalar va yirik podstansiyalar smena boshliqlarining tezkor muzokaralari kompyuter xotirasida avtomatik ravishda qayd etilishi shart.

65. Dispetcherning elektr stansiyasi, energetika tizimi uskunalarining ish rejimlarini oʻzgartirish boʻyicha farmoyishlarida oʻzgartirilayotgan rejim parametrining zarur miqdori va parametrning koʻrsatilgan miqdorga erishish uchun kerak boʻlgan vaqti, shuningdek, farmoyishni berish vaqti koʻrsatilishi shart.

66. Yuqori turuvchi tezkor xodimning vakolatiga kirgan masalalar boʻyicha rahbarlik qiluvchi maʼmuriy-texnik xodimning farmoyishini olgan tezkor xodim uni faqat yuqori turuvchi tezkor xodimning roziligi bilan bajarishi shart.

67. Yuqori turuvchi tezkor xodimning farmoyishi bajarilmaganligi yoki bajarilishi kechiktirilganligi uchun farmoyishni bajarmagan shaxslar, shuningdek, uni bajarmaslikka yoki bajarilishi kechiktirilishiga ruxsat bergan rahbarlar javobgar boʻladilar.

68. Yuqori turuvchi tezkor xodimning farmoyishi boʻysunuvchi tezkor xodim tomonidan notoʻgʻri deb topilsa, bu haqida u farmoyishni bergan shaxsga darhol maʼlum qilishi shart. Farmoyish toʻgʻriligi tasdiqlanganda xodim uni bajarishga majburdir.

Yuqori turuvchi xodimning XTQning buzilishiga, shuningdek, uskunalarning shikastlanishiga, elektr stansiyasi, podstansiyaning oʻz ehtiyoji taʼminotini yoʻqolishiga yoki I toifadagi isteʼmolchilarni toksizlantirishga olib kelishi mumkin boʻlgan farmoyishlarini bajarish taqiqlanadi. Tezkor xodimlar bunday farmoyishni bajarishdan bosh tortganligi haqida farmoyishni bergan yuqori turuvchi tezkor xodimga va rahbarlik qiluvchi tegishli maʼmuriy-texnik xodimga darhol maʼlum qilishi va tezkor jurnalga yozib qoʻyishi kerak.

69. Navbatchilikda boʻlmagan tezkor xodimlardan boʻlgan shaxslarni lavozim yoʻriqnomasi doirasida energetika qurilmalariga xizmat koʻrsatish boʻyicha ishlarni bajarishga jalb etilishiga, faqat smenadagi tegishli rahbar tezkor-dispetcher xodimning ruxsati bilan va bu haqida tegishli hujjatlarga yozuv kiritish orqali amalga oshirilishi mumkin.

70. Zarur holda tezkor xodim boʻlgan bir shaxsni ikkinchisi bilan almashtirish, jadvalni tasdiqlagan rahbarlik qiluvchi tegishli maʼmuriy-texnik xodimning ruxsati bilan va yuqori turuvchi tezkor xodimga maʼlum qilgan holda amalga oshiriladi.

Ketma-ket ikki smena davomida ishlash taqiqlanadi.

71. Tezkor xodim boʻlgan har bir xizmatchi ishga kirishayotganda oʻzidan oldin ishlagan xizmatchidan smenani qabul qilib olishi, ish tugaganidan soʻng esa — jadval boʻyicha oʻzidan keyingi xizmatchiga smenani topshirishi shart.

Smenani topshirmasdan navbatchilikdan ketish taqiqlanadi.

72. Smenani qabul qilishda tezkor xodimlar jumlasidan boʻlgan xizmatchi quyidagilarni bajarishi shart:

oʻzining tezkor boshqaruvi yoki tasarrufida boʻlgan energetika qurilmalarining holati, sxemasi va ishlash rejimi bilan tegishli yoʻriqnomalarda belgilangan hajmda tanishib chiqish;

smenani topshiruvchidan ishda buzilishlarga olib kelishi mumkin boʻlgan, alohida kuzatish talab qiladigan uskunalar haqida, zaxiradagi va taʼmirlashdagi uskunalar haqida maʼlumotlarni olish;

oʻziga biriktirilgan uchastkada buyurtmalar, naryadlar va farmoyishlar boʻyicha qanday ishlar bajarilayotganligini aniqlash;

asboblarni, materiallarni, xonalarning kalitlarini, tezkor hujjatlarni va ish joyining hujjatlarini tekshirish va qabul qilib olish;

oʻzining oxirgi navbatchiligidan keyingi barcha yozuvlar va farmoyishlar bilan tanishib chiqish;

qoʻl ostidagi xodimlardan bildirgi qabul qilish, bevosita smena boʻyicha boshliqqa navbatchilikni qabul qilganligi va smenani qabul qilishda aniqlangan kamchiliklar haqida maʼlum qilish;

smenani qabul qilish-topshirishni jurnalga yoki qaydnomaga yozib, uni qabul qiluvchi va topshiruvchining imzosi bilan rasmiylashtirish.

73. Tezkor xodim mahalliy yoʻriqnomaga muvofiq vaqti-vaqti bilan avtomatika, signalizatsiya tuzilmalari, DTBV aloqa va telemexanika vositalarini sinab koʻrishi, shuningdek, ish joyidagi soatning koʻrsatkichlari toʻgʻri ekanligini va boshqalarni tekshirib koʻrishi shart.

74. Tezkor xodim tasdiqlangan jadvallar boʻyicha ishchi uskunalardan zaxiradagi uskunalarga oʻtishni, uskunalarni sinab koʻrishni hamda profilaktik koʻrikdan oʻtkazishni amalga oshirishi shart.

75. Tezkor va rahbarlik qiluvchi maʼmuriy-texnik xodimlar qoʻl ostidagi tezkor xodimni, agar u oʻz vazifasini bajarmayotgan boʻlsa, ishdan chetlatish va smenada tegishli almashtirishni yoki vazifalarni qaytadan taqsimlashni amalga oshirish huquqiga ega. Bunda tezkor jurnalga yoziladi yoki yozma farmoyish chiqariladi hamda tezkor-dispetcherlik boshqaruvning boʻysunuv boʻyicha tegishli xodimlariga maʼlum qilinadi.

76. Tezkor xodim yuqori turuvchi tezkor xodimning ruxsati bilan qisqa vaqtga shu davr uchun taʼmirlash ishlari va sinovlarga, navbatchilikdan ozod etilgan holda jalb etilishi mumkin. Bunda XTQning talablariga rioya etilishi shart.

6-bob. Energetika tashkilotlari ishining samaradorligini nazorat qilish

77. Barcha energetika tashkilotlarida ishning yakuniy natijalarini yaxshilash maqsadida quyidagilar taʼminlangan boʻlishi shart:

energiya eltuvchilarning sarflari va texnologik koʻrsatkichlari oʻlchovlarining talab darajasidagi aniqligi;

nazorat-oʻlchov asboblari va axborot-oʻlchov tizimlarining koʻrsatkichlariga asoslangan holda uskunalarning ishlash koʻrsatkichlarini belgilangan shakllar boʻyicha (smenalik, sutkalik, oylik va yillik) hisobga olish;

uskunalarning holatini, uning ishlash rejimlarini, yoqilgʻini tejash zaxiralarini, oʻtkazilayotgan tashkiliy-texnik tadbirlarning samaradorligini baholash uchun texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlarning tahlili;

parametrlar va koʻrsatkichlarning amaldagi qiymatlari energetik xarakteristikalar boʻyicha belgilangan qiymatlardan farqlanishi sabablarini aniqlash maqsadida smena, sex ishining natijalarini xodimlar orasida (kamida bir oyda bir marta) muhokama qilish, ishdagi kamchiliklarni aniqlash va ularni bartaraf qilish, eng yaxshi smenalar va alohida xodimlarning ish tajribasi bilan tanishtirish;

uskunalarning ishlash ishonchliligi va tejamkorligini oshirish, yoqilgʻi-energetika resurslarining nooqilona sarflari va yoʻqolishlarini kamaytirish boʻyicha tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish.

78. Energetika sohasida asosiy texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlar sifatida quyidagilar oʻrnatilgan:

ishlab chiqarilgan va uzatilgan elektr (aktiv va reaktiv) va issiqlik energiyasining miqdori;

ishchi elektr quvvati va oʻrnatilgan quvvatdan foydalanish samaradorligining koʻrsatkichlari;

avariyalar, ishlamay qolishgacha boʻlgan ishlash muddati;

elektr va issiqlik energiyasining tannarxi;

energetika tizimi boʻyicha foyda;

uzatilgan elektr va issiqlik energiyasi uchun shartli yoqilgʻining solishtirma sarfi;

GESlarda ishlab chiqarilgan va yagona energetika tizimiga uzatilgan elektr energiyasi uchun suvning solishtirma sarfi va suv oqimidan foydalanish koeffitsiyenti;

elektr energiyasini ishlab chiqarish va issiqlik energiyasini uzatishga alohida hisoblangan elektr stansiyasining oʻz ehtiyojlari uchun elektr energiyasining sarfi;

elektr energiyasini elektr tarmoqlariga uzatish boʻyicha texnologik sarf;

issiqlik tarmoqlaridagi issiqlik energiyasi yoʻqotishlari;

energetika tizimlari orasida elektr energiyasining oʻzaro oqib oʻtishi;

ishlab chiqarish xodimlarining solishtirma soni va xizmat koʻrsatish koeffitsiyenti.

79. Quvvati 10 MVt va undan yuqori boʻlgan har bir issiqlik elektr stansiyasida, quvvati 30 MVt va undan yuqori boʻlgan gidroelektr stansiyalarda, issiqlik ishlab chiqarish unumdorligi 50 Gkal/soat (209,5 GDj/soat) va undan yuqori boʻlgan qozonxonada, uskunalar ishining texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlarining mutlaq yoki nisbiy hisoblangan elektr va issiqlik yuklamalariga bogʻliqligini belgilovchi energetik xarakteristikalari ishlab chiqilgan boʻlishi shart.

Quvvati va issiqlik ishlab chiqarish unumdorligi kamroq boʻlgan elektr stansiyalari va tuman qozonxonalari boʻyicha xarakteristikalarni ishlab chiqishning maqsadga muvofiqligi energetika obyektining yuqori turuvchi tashkiloti tomonidan belgilanishi shart.

80. Energetik xarakteristikalar mazkur Qoidalarning talablariga rioya qilgan holda oʻzlashtirilgan uskunalarning amalda erishiladigan ish tejamkorligini aks ettirishi shart.

81. Uskunalarning energetik xarakteristikalari va alohida koʻrsatkichlarning meʼyorlari ekspluatatsiya qiluvchi xodimlarga rejim xaritalari, yoʻriqnomalar, jadvallar va grafiklar shaklida taqdim etilishi shart.

82. Yoqilgʻi va suvning energetik xarakteristikalari va solishtirma sarfi jadvallari, shuningdek, elektr stansiyasi uskunalarining har bir guruhi boʻyicha uzatilgan elektr energiyasi uchun tegishli ekologiya meʼyorlari kamida 5 yilda bir marta, shuningdek, elektr stansiyasining texnik jihatdan qayta jihozlanishi va rekonstruksiya qilinishi, ishlatiladigan yoqilgʻining turi yoki markasi oʻzgarishi natijasida elektr va issiqlik energiyasini uzatishda yoqilgʻining solishtirma sarflari tegishlicha 2 va 1 foizdan ortiq oʻzgarganida qayta koʻrib chiqilishi lozim.

83. Energetika tashkilotlarining yoqilgʻidan foydalanishni yaxshilash va tejamkorlikni oshirish borasidagi faoliyati natijalari uskunalarning amaldagi ishlash sharoitlarini hisobga olgan holda normativ xarakteristikalarda koʻzda tutilgan sarflarga nisbatan tejalgan yoqilgʻining (suvning, elektr energiyasining) hajmi boʻyicha baholanishi shart.

84. Issiqlik tarmoqlarida energetik xarakteristikalar quyidagi koʻrsatkichlar boʻyicha tuzilishi shart:

issiqlik yoʻqolishlari;

issiqlik energiyasini uzatishda elektr energiyasining solishtirma sarfi;

tarmoq suvining oʻrtacha bir soatlik sarfi;

uzatuvchi va qaytuvchi quvurlardagi haroratlarning farqi;

tarmoq suvining yoʻqotilishi.

Energetik xarakteristikani uzatuvchi va qaytuvchi quvurlardagi haroratlarning farqi oʻrniga qaytuvchi quvurdagi tarmoq suvining harorat koʻrsatkichi boʻyicha tuzishga yoʻl qoʻyiladi.

85. Elektr energiyasi uzatilishini hisobga olgan holda uning texnologik sarfi elektr tarmogʻi uchun meʼyoriy koʻrsatkich hisoblanadi.

86. Energotexnik xarakteristikalar hajmi, shakli va mazmuni amaldagi normativ hujjatlar va metodik koʻrsatmalarning talablariga muvofiq boʻlishi shart.

7-bob. Texnik nazorat. Energetika obyektlari ekspluatatsiyasini tashkil etish ustidan texnik va texnologik nazorat

87. Har bir energetika obyektida energetika qurilmalarining (uskunalar, bino va inshootlarning) texnik holatini muntazam va davriy nazorat qilishning (koʻrikdan oʻtkazish, texnik shahodatlash) tashkil etilishi, ularning holati va xavfsiz ekspluatatsiyasi uchun javobgar shaxslar belgilanishi, shuningdek, texnik va texnologik nazorat boʻyicha xodim tayinlanishi va uning lavozim vazifalari quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha tasdiqlanishi shart:

texnologik jarayonlarni boshqarish;

uskunalar, bino va inshootlarning texnik holati ustidan nazoratni tashkil etish;

obyektning xavfsiz va tejamkorlik bilan ekspluatatsiya qilinishini taʼminlovchi chora-tadbirlarning ishlab chiqilishi, tashkil etilishi va hisobga olinishi;

ekspluatatsiyadagi barcha buzilishlarni tekshirish va hisobga olish;

ekspluatatsiya qilish, taʼmirlash va sozlash boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga rioya etilishini nazorat qilish.

Energetika tizimi tarkibida elektr va issiqlik energiyasini ishlab chiqarish, oʻzgartirish, uzatish va taqsimlashni amalga oshiruvchi barcha energetika obyektlari maxsus vakolatli organ tomonidan idoraviy texnik va texnologik nazorat qilinishi lozim.

88. Barcha texnologik tizimlar, uskunalar, bino va inshootlar, shu jumladan, energetika obyekti tarkibiga kiruvchi gidroinshootlar davriy texnik shahodatlashdan oʻtkazilishi shart.

Texnik shahodatlash energetika obyektining bosh muhandisi yoki uning oʻrinbosari boshchiligida tuzilgan energetika obyektining komissiyasi tomonidan amalga oshiriladi. Komissiyaga energetika obyektining tuzilmaviy boʻlinmalari, energetika tizimining boshqarish organi va energetika tizimining markaziy xizmatlari funksiyasini bajarayotgan boʻlinmalarning rahbarlari va mutaxassislari, tegishli vazirlik va idoralarning va energetikada nazorat boʻyicha tashkilotlarning mutaxassislari (shartnoma boʻyicha) kiritiladi.

Texnik shahodatlashning vazifasi energetika qurilmalarining holatini baholash, ekspluatatsiya muddatlarini va shartlarini belgilash, shuningdek, energetik qurilmaning belgilangan resursini taʼminlash uchun zarur boʻlgan choralarni aniqlashdan iboratdir.

Davriy texnik shahodatlashning hajmiga amaldagi normativ hujjatlar asosida quyidagilar kiritilishi shart:

tashqi va ichki koʻriklar;

texnik hujjatlarni tekshirish;

uskunalar, bino va inshootlarning xavfsizlik shartlariga muvofiqligini sinash (gidravlik sinashlar, saqlagich klapanlarini sozlash, xavfsizlik avtomatlari, yuk koʻtarish mexanizmlari, yerga ulash konturlari va shunga oʻxshash sinashlar).

Texnik shahodatlash bilan bir vaqtda nazorat organlarining yozma koʻrsatmalari bajarilishi, energetika obyekti ishidagi buzilishlar va unga xizmat koʻrsatishda yuz bergan baxtsiz hodisalarni tekshirish natijalari boʻyicha tuzilgan, shuningdek, bundan oldingi texnik shahodatlashda ishlab chiqilgan chora-tadbirlarning bajarilishi tekshiriladi.

Texnik shahodatlash amaldagi yoʻriqnomalar bilan belgilangan muddatlarda, lekin kamida 5 yilda bir marta oʻtkazilishi lozim.

Texnik shahodatlashning natijalari energetika obyektining texnik pasportiga kiritilishi shart.

Nazorat jarayonida xavfli avariyaviy nuqsonlari aniqlangan, shuningdek, navbatdagi texnik shahodatlash muddatlari oʻtib ketgan energetika qurilmalarini ekspluatatsiya qilish taqiqlanadi.

89. Energetika obyektining tezkor va tezkor-taʼmirlash xodimlari tomonidan uskunalarning texnik holati ustidan doimiy nazorat amalga oshirilishi shart.

Nazorat qilish hajmi normativ hujjatlar talablariga muvofiq belgilanadi.

Nazorat qilish tartibi mahalliy ishlab chiqarish va lavozim yoʻriqnomalari asosida belgilanadi.

90. Uskunalar, bino va inshootlarning davriy koʻrikdan oʻtkazilishi ularning xavfsiz ekspluatatsiyasi uchun javobgar shaxslar tomonidan amalga oshirilishi shart.

Koʻriklarning davriyligi energetika obyektining bosh muhandisi tomonidan belgilanadi. Koʻrikdan oʻtkazish natijalari maxsus jurnalda qayd etilishi shart.

91. Uskunalar, bino va inshootlarning holati va xavfsiz ekspluatatsiya qilinishi uchun javobgar shaxslar energetika obyektlarini ekspluatatsiya qilishda texnik shartlarga rioya etilishi, ularning holati hisobga olinishi, energetika qurilmalari va ularning elementlari ishlamay qolishining tekshirilishi va hisobga olinishi, ekspluatatsiya-taʼmirlash hujjatlarining yuritilishini taʼminlashlari shart.

92. Uskunalar, bino va inshootlarning ekspluatatsiya qilinishi ustidan texnik va texnologik nazoratni amalga oshiruvchi energetika obyektining xodimlari quyidagilarni bajarishlari shart:

uskunalar va inshootlarni ekspluatatsiya qilishdagi buzilishlarni hisobga olish va tekshirishni tashkil etish;

uskunalar ishidagi avariyalar va texnologik buzilishlar hisobini olib borish;

texnik hujjatlarning holati va yuritilishini nazorat qilish;

avariyaga va yongʻinga qarshi profilaktik chora-tadbirlarning bajarilishi hisobini olib borish;

xodimlar bilan ishlashni tashkil qilishda ishtirok etish.

93. Energetika tizimini boshqarish organlarining vazifalariga quyidagilar kiradi:

energetika obyektlari ekspluatatsiyasi tashkil etilishi ustidan muntazam nazorat qilish;

energetika obyektlarining uskunalari, bino va inshootlarining holati ustidan davriy nazorat qilish;

davriy texnik shahodatlashlar;

oʻrta va mukammal (kapital) taʼmirlashning texnik meʼyorlarda belgilangan muddatlariga rioya etilishini nazorat qilish;

normativ va tashkiliy-farmoyish hujjatlarining talablari va chora-tadbirlarining bajarilishini nazorat qilish;

energetika obyektlarida yongʻinlar va texnologik buzilishlarning paydo boʻlishi sabablarini tekshirishni tashkil etish va nazorat qilish;

ishlab chiqarish xavfsizligi masalalari boʻyicha obyektda qoʻllaniladigan ogohlantiruvchi va profilaktik choralarning yetarliligini baholash;

energetika obyektlarida yongʻin va avariyalarning oldini olish boʻyicha chora-tadbirlarning ishlab chiqilishi, oʻtkazilishi va energetika obyektlarida ularni bartaraf qilishga tayyorgarlikni taʼminlash ustidan nazorat qilish;

idoraviy texnik va texnologik nazorat qilib vakolatiga ega organlarning yozma koʻrsatmalari bajarilishi ustidan nazorat qilish;

buzilishlarni, shu jumladan, “Oʻzenergoinspeksiya” va Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi nazorati ostidagi obyektlardagi buzilishlarni hisobga olib borish;

“Oʻzenergoinspeksiya” va Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi nazorati ostidagi obyektlarda avariyaga va yongʻinga qarshi tadbirlarning bajarilishini hisobga olib borish;

energetika qurilmalarining uskunalarini tayyorlash va yetkazib berish uchun texnik shartlarni qayta koʻrib chiqish;

TEQ, XTQ, YOXQ va ekspluatatsiya qilish boʻyicha yoʻriqnomalarga rioya etilishini nazorat qilish;

energetika obyektlarini xavfsiz ekspluatatsiya qilishni taʼminlash boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar ishlab chiqilishini nazorat qilish;

tashkilotlar tomonidan ekologik meʼyorlarga rioya etilishini nazorat qilish.

94. Idoraviy texnik va texnologik nazorat Qoidalarning 13-bandida koʻrsatib oʻtilgan tashkilotlar tomonidan amalga oshiriladi hamda uning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash boʻyicha belgilangan talablarga rioya etilishini nazorat qilish;

rejimni texnologik va ekologik jihatdan xavfsiz hamda tejamli olib borish boʻyicha qoidalar va yoʻriqnomalar bajarilishini nazorat qilish;

elektr stansiyalari, tarmoqlar va energetika tizimi ishidagi texnologik buzilishlar va yongʻinlarning sabablari tekshirilishini tashkil etish, nazorat qilish va natijalarini tezkor tahlil qilish;

energetika uskunalarining ishidagi yongʻinlar, avariyalar va boshqa texnologik buzilishlarning paydo boʻlishini profilaktika qilish, ekspluatatsiyani takomillashtirish boʻyicha tadbirlarni ishlab chiqish hamda amalga oshirish ustidan nazorat qilish;

davriy texnik shahodatlash oʻtkazilishini nazorat qilish;

atrof muhit, sanoat va yongʻin xavfsizligi, mehnat muhofazasi, uskunalar ekspluatatsiyasini takomillashtirish va ishonchliligini oshirish masalalari boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar ishlab chiqilishini tashkil etish va hamkorlik qilish.

95. Xoʻjalik birlashmalari ularga tegishli boʻlgan energetika obyektlariga tegishli davlat organlari va tashkilotlari vakillari qarshiliksiz oʻrnatilgan tartibda kirishini taʼminlashlari shart.

8-bob. Energetika obyektlariga texnik xizmat koʻrsatish, ularni taʼmirlash va modernizatsiya qilish

96. Har bir energetika obyektida uskunalar, bino va inshootlarga hamda energetika qurilmalarining kommunikatsiyalariga texnik xizmat koʻrsatish, rejali taʼmirlash va modernizatsiya qilish tashkil etilgan boʻlishi shart.

97. Uskunalar, bino va inshootlarning texnik holati, ekspluatatsiya qilishning belgilangan koʻrsatkichlari barqarorligini taʼminlovchi taʼmirlash ishlarining hajmlari bajarilishi, tayyorgarlik ishlari toʻliq bajarilishi, rejalashtirilgan taʼmirlash ishlari hajmlarining ehtiyot qismlar va materiallar bilan oʻz vaqtida taʼminlanishi, shuningdek, bajarilgan taʼmirlash ishlarining muddatlari va sifati uchun javobgarlik energetika obyektlarining rahbarlari zimmasiga yuklatilgan boʻlishi shart.

98. Energetika obyektlariga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ishlarini boshqarish tuzilmalari taʼmirlash ishlariga tayyorgarlik koʻrish va oʻtkazish boʻyicha tegishli boʻlinmalarni tashkil etish yoʻli bilan funksiyalar va ijrochilarning taqsimlanishini koʻzda tutishi shart.

99. Texnik xizmat koʻrsatish va rejali taʼmirlash hajmi uskunalar, bino va inshootlarning haqiqiy texnik holatini va oʻzgarib turuvchi ish sharoitlarini hisobga olgan holda amaldagi normativ-huquqiy hujjatlar, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq ularni soz va ishga yaroqli holatda saqlash zarurati bilan belgilanadi.

100. Elektr stansiyalari, qozonxonalar va tarmoqlarning asosiy uskunalari, bino va inshootlarning barcha turdagi taʼmirlash ishlari uchun istiqbolli (besh yillik) va yillik jadvallar tuzilishi shart.

Energetika obyektlaridagi qurilmalarning, uskunalarning, bino va inshootlarning taʼmirlash ishlarini bajarish reja-jadvallari elektr hamda issiqlik energiyasini ishlab chiqarishning prognoz parametrlariga yoki elektr va issiqlik energiyasini tarmoqqa uzatish rejimlariga va shartlariga taʼsir etadigan boʻlsa, ushbu taʼmirlash ishlarini bajarish reja-jadvallari energetika obyekti tegishli boʻlgan xoʻjalik birlashmalari tomonidan tasdiqlanishi shart. Yordamchi uskunalar boʻyicha yillik va oylik taʼmirlash reja-jadvallari tuziladi va ular energetika obyektining bosh muhandisi tomonidan tasdiqlanadi.

101. Barcha turdagi taʼmirlash ishlarining davriyligi va davomiyligi uskunalarning ushbu turini taʼmirlash boʻyicha ichki idoraviy hujjatlarga asosan belgilanadi.

102. Mukammal (kapital) taʼmirlashlar orasidagi energobloklarni ekspluatatsiya qilish davrini oshirish yoki kamaytirish va quvvati 160 MVt va undan yuqori boʻlgan energobloklarni mukammal (oʻrta) taʼmirlash davrini meʼyorlarga nisbatan oshirish uskunalarning ushbu turini taʼmirlash boʻyicha ichki idoraviy va uskunalarning texnik pasport hujjatlari bilan belgilangan tartibda amalga oshirilishi shart.

103. Taʼmirlash ishlari bajarilishini tashkil etish, taʼmirlash hujjatlarini ishlab chiqish, taʼmirlashni rejalashtirish va unga tayyorgarlik koʻrish, taʼmirlashga chiqarish va taʼmirlashni bajarish, shuningdek, uskunalarni qabul qilish va taʼmirlash sifatini baholash uskunalarning ushbu turini taʼmirlash boʻyicha ichki idoraviy hujjatlarga muvofiq amalga oshirilishi shart.

104. Energetika obyektlarida mukammal (kapital) va joriy taʼmirlash ishlarini energetika obyektlari mutaxassislari ham belgilangan tartibda amalga oshirishlari mumkin. Agar energetika obyektlarida taʼmirlash ishlarini amalga oshirish uchun pudratchi tashkilotlarni jalb etish talab etilsa pudratchi tashkilotlarni xaridlarga oid qonunchilikda belgilangan tartibda aniqlanadi.

Taʼmirlash ishlarining hajmi oldindan ijrochi tashkilotlar (pudratchi tashkilotlar) bilan kelishilgan boʻlishi shart.

105. Taʼmirlashni boshlashdan oldin va uni oʻtkazish vaqtida, energetika obyektining bosh muhandisi tasdiqlagan komissiya tarkibi tomonidan barcha nuqsonlar aniqlanishi shart. Taʼmirlangan uskuna, bino yoki inshoot normativ-huquqiy hujjatlarda, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilab berilgan mezonlarga mos kelishi lozim.

106. Uskunalar va inshootlarni taʼmirlashga chiqarish hamda ularni ishga tushirish yillik taʼmirlash jadvallarida koʻrsatilgan boʻlishi va ular tezkor boshqaruv yoki tezkor tasarruf ostida boʻlgan tashkilot bilan kelishilgan muddatlarda bajarilishi shart.

107. Mukammal (kapital) va oʻrta taʼmirlashdan keyin qurilma va uskunalar, bino va inshootlarni qabul qilib olish komissiyasi tomonidan, taʼmirlash ishlarini amalga oshirgan boʻlinma yoki pudratchi tashkilotlar bilan kelishilgan va energetika obyektining bosh muhandisi tasdiqlagan dastur boʻyicha amalga oshirilishi shart. Qabul qilish komissiyasining tarkibi energetika obyekti boʻyicha buyruq bilan belgilanishi shart.

108. Elektr stansiyalari, elektr va issiqlik tarmoqlarining mukammal va oʻrta taʼmirlashdan oʻtgan uskunalari 48 soat davomida yuklama ostida qabul qilish-topshirish sinovlaridan oʻtkazilishi kerak.

Taʼmirlashdan soʻng uskunalarni yuklama ostida qabul qilish-topshirish sinovlarisiz zaxiraga oʻtkazish yuqori turuvchi tashkilot va “Oʻzenergoinspeksiya” bilan kelishilgan holda, sinov tariqasida ishga tushirib koʻrilganidan keyin amalga oshirilishi shart.

109. Uskunalarni taʼmirlashdan keyin qabul qilishda taʼmirlashning sifati quyidagilarni hisobga olgan holda baholanishi lozim:

taʼmirlangan uskunaning sifati;

bajarilgan taʼmirlash ishlarining sifati;

yongʻin xavfsizligi holati.

Sifatni baholash quyidagicha belgilanadi:

dastlabki — qabul qilish-topshirish sinovlari tugaganidan soʻng;

yakuniy — nazorat ostida bir oy ekspluatatsiya qilish natijalari boʻyicha. Bu vaqt davomida uskunalarning barcha rejimlarda ishlashini tekshirish tugatilgan, barcha tizimlarda sinashlar va sozlashlar oʻtkazilgan boʻlishi shart.

Taʼmirlangan uskunalarning sifati boʻyicha rasmiylashtirilgan tegishli hujjat yoki dalolatnoma toʻgʻriligini tekshirish va nazorat qilish energetika obyektining yuqori turuvchi tashkiloti hamda “Oʻzenergoinspeksiya” tomonidan amalga oshiriladi.

110. Quyidagilar mukammal (kapital, oʻrta) taʼmirlashni tamomlash vaqti hisoblanadi:

energobloklar, IES va IEMning koʻndalang aloqa tizimida ishlaydigan bugʻ turbinalari, gidroagregatlar va transformatorlar uchun — generatorni (transformatorni) tarmoqqa ulash vaqti;

IES va IEMning koʻndalang aloqa tizimida ishlaydigan bugʻ qozonlari uchun — qozonni stansiyaning oʻtkir bugʻ quvuriga ulash vaqti;

ikki korpusli qozonlari (dubl-bloklari) boʻlgan energobloklar uchun — energoblokni qozon korpuslaridan biri bilan yuklama ostida tarmoqqa ulash vaqti. Bunda agar taʼmirlash jadvalida taʼmirlashning kechiktirilishi koʻzda tutilmagan boʻlsa, ikkinchi korpusni qizdirish va ulash vaqti energoblokni yuklash jadvaliga muvofiq amalga oshirilishi shart;

issiqlik tarmoqlari uchun — tarmoqqa ulash va unda tarmoq suvi aylanishi barqarorlashish vaqti;

elektr tarmoqlari uchun — tarmoqqa ulash vaqti, agar kuchlanish berish vaqtida buzilish yuz bermagan boʻlsa; kuchlanish olinmasdan taʼmirlashda — ish rahbari (ish bajaruvchi) tomonidan navbatchi dispetcherga ishlar tugatilganligi haqida maʼlum qilish vaqti.

Agar qabul qilish-topshirish sinovlari davomida uskunalarning nominal yuklama bilan ishlashiga toʻsqinlik qiluvchi nuqsonlar yoki uskunalarni zudlik bilan toʻxtatishni talab qiluvchi nuqsonlar aniqlangan boʻlsa, taʼmirlash ushbu nuqsonlar bartaraf etilishi va qabul qilish-topshirish sinovlari takror oʻtkazilishiga qadar tugatilmagan deb hisoblanadi.

Qabul qilish-topshirish sinovlari jarayonida uskunaning alohida tarkibiy qismlari normal ishlashida darhol toʻxtatishni talab qilmaydigan buzilishlar paydo boʻlsa, qabul qilish-topshirish sinovlarini davom ettirish masalasi buzilishlarning xususiyatiga qarab, energetika obyektining texnik rahbari tomonidan taʼmirlovchi ijrochisi bilan kelishilgan holda hal etiladi. Bunda aniqlangan nuqsonlar taʼmirlovchi ijrochi tomonidan energetika obyekti bilan kelishilgan muddatlarda bartaraf qilinadi.

Agar uskunani yuklama ostida qabul qilish-topshirish sinovlari nuqsonlarni bartaraf etish uchun toʻxtatilgan boʻlsa, taʼmirlashni tamomlash vaqti — sinovlar jarayonida uskunani oxirgi marta yuklama ostiga qoʻyish vaqti hisoblanadi.

111. Energoblok tarkibiga kiruvchi barcha asosiy uskunalarni taʼmirlash bir vaqtda oʻtkazilishi shart.

112. Energetika obyektlari, taʼmirlash va taʼmirlash-sozlash tashkilotlari uskunalar, bino va inshootlarni taʼmirlash hamda ularga texnik xizmat koʻrsatishning texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlarini muntazam hisobga olishlari va mazkur koʻrsatkichlarni yaxshilash boʻyicha tashkiliy-texnik tadbirlarni ishlab chiqishi shart.

113. Energetika obyektlari quyidagi bino-inshootlar, qurilma va uskunalar hamda jihozlar bilan taʼminlangan boʻlishi shart:

elektr stansiyalarida — bosh bino, yordamchi bino va inshootlar, markaziy taʼmirlash ustaxonalari, taʼmirlash maydonchalari va taʼmirlash xodimlarining ishlab chiqarish xonalari;

elektr tarmoqlarida — markaziy taʼmirlash ustaxonalari, taʼmirlash maydonchalari va taʼmirlash xodimlarining taʼmirlash-ishlab chiqarish xonalari.

Energetika obyektlarining uskunalariga bosh bino, yordamchi bino va inshootlarda statsionar va inventar yuk koʻtarish mashinalari hamda taʼmirlashni mexanizatsiyalash vositalari bilan xizmat koʻrsatilishi shart.

114. Energetika obyektlari, taʼmirlash va taʼmirlash-sozlash tashkilotlari taʼmirlashni oʻz vaqtida va sifatli oʻtkazish uchun taʼmirlash hujjatlari, asboblar va taʼmirlash ishlarini bajarish vositalari bilan taʼminlangan boʻlishi shart.

115. Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasining nazorati ostidagi energetika obyektlarini qurish, taʼmirlash va taʼmirlash-sozlash ishlarini bajaradigan tashkilotlar qonunchilikda belgilangan tartibda Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasidan ruxsatnoma olishi lozim.

116. Energetika obyektlari rejalashtirilgan taʼmirlash hajmini oʻz vaqtida taʼminlash uchun ehtiyot qismlar, materiallar, uzellar va uskunalarning almashtirish fondiga ega boʻlishi shart.

Bir xil turdagi agregatlarning ehtiyot uskunalari va detallar yigʻmasi (turbinalar, turbogeneratorlar, taʼminlash nasoslarining rotorlari, diafragmalar, turbinalar parraklari, generator startorlarining chulgʻamlari toʻplami va boshqalar) energetika tizimi tashkilotlarining markazlashgan omborlari zaxirasida turishi shart.

Energetika obyekti omboriga tushayotgan va omborda, sexlarda va uchastkalarda mavjud boʻlgan barcha ehtiyot qismlar, ehtiyot uskunalari hamda materiallarning kirim nazorati hamda hisobga olinishi tashkil etilishi shart. Ularning holati va saqlash sharoitlari vaqti-vaqti bilan tekshirib turilishi shart.

Ehtiyot qismlar va uskunalarni saqlash bazalarida ularning saqlanishi va muntazam ravishda toʻldirib borilishi taʼminlanishi shart. Tashqi atmosfera sharoitlari taʼsirida saqlanishi buziladigan uskunalar, ehtiyot qismlari va materiallar yopiq omborlarda saqlanishi shart.

9-bob. Texnik hujjatlar

117. Har bir energetika obyektida quyidagi hujjatlar boʻlishi shart:

yer uchastkalarini ajratish dalolatnomalari;

uchastkaning bosh rejasi, unda bino va inshootlar, shu jumladan, yerosti xoʻjaligi kiritilgan hamda sanitariya-himoya hududi koʻrsatilgan boʻlishi shart;

hudud haqidagi geologik, gidrogeologik va boshqa maʼlumotlar, ularda tuproq sinovlari va yerosti suvlarining tahlili natijalari boʻlishi shart;

shurflar kesimlari bilan poydevorlarni oʻrnatish dalolatnomalari;

yashirin ishlarni qabul qilish dalolatnomalari;

bino va inshootlarning hamda uskunalar ostidagi poydevorlarning choʻkishi haqidagi birlamchi dalolatnomalar;

inshootlarning portlash xavfsizligi, yongʻin xavfsizligi, yashindan himoya va korroziyaga qarshi himoyani taʼminlovchi tuzilmalarni sinash boʻyicha birlamchi dalolatnomalar;

ichki va tashqi suv taʼminoti, yongʻin oʻchirish suv quvurlari, kanalizatsiya, gaz taʼminoti, issiqlik taʼminoti, isitish va ventilyatsiya tizimlarini sinash boʻyicha birlamchi dalolatnomalar;

uskunalar va texnologik quvurlarni individual ishlatib koʻrish va sinashlar boʻyicha birlamchi dalolatnomalar;

davlat va ishchi qabul komissiyalarining dalolatnomalari;

tasdiqlangan loyiha hujjatlari, ularga keyinchalik kiritilgan barcha oʻzgartirishlar bilan va ularga olingan davlat ekspertiza xulosalari;

bino va inshootlar, texnologik tugunlar va uskunalarning texnik pasportlari;

uskunalar va inshootlarning ishchi ijro chizmalari, butun yerosti xoʻjaligining chizmalari;

birlamchi va ikkilamchi elektr ulanmalarining ishchi ijro sxemalari;

texnologik ishchi ijro sxemalari;

uskunalarga ehtiyot qismlarning chizmalari;

yongʻin oʻchirish tezkor rejasi;

davlat nazorati organlarining talablariga muvofiq hujjatlar;

uskunalar, bino va inshootlarning ekspluatatsiyasi boʻyicha yoʻriqnomalar, barcha toifadagi mutaxassislar va navbatchi xodimlar jumlasiga kiruvchi ishchilar uchun lavozim yoʻriqnomalarining komplekti;

mehnat muhofazasi boʻyicha yoʻriqnomalar komplekti;

atrof muhitga koʻrsatiladigan taʼsirni baholash hujjatlari boʻyicha davlat ekologik ekspertizasining xulosasi;

ekologik meʼyorlar.

Yuqorida koʻrsatilgan hujjatlarning komplekti energetika obyektining texnik arxivida “HUJJATLAR” shtampi bilan saqlanishi shart va mulk egasi oʻzgarganda uning doimiy saqlanishini taʼminlash sharti bilan yangi mulk egasiga toʻla hajmda topshiriladi.

118. Barcha energetika obyektlarida har bir sex, podstansiya, tuman, uchastka, laboratoriya va xizmatlar uchun zarur boʻlgan yoʻriqnomalar, nizomlar, texnologik va tezkor sxemalar roʻyxati belgilangan boʻlishi shart. Roʻyxat energetika obyektining bosh muhandisi tomonidan tasdiqlanadi va kamida uch yilda bir marta qayta koʻrib chiqilishi shart.

119. Elektr stansiyalari, qozonxonalar va podstansiyalarning asosiy va yordamchi uskunalarida ularning nominal maʼlumotlari bor yorliqlar oʻrnatilgan boʻlishi shart.

120. Barcha asosiy va yordamchi uskunalar, shu jumladan, quvurlar, shinalar tizimlari va seksiyalari, shuningdek, armatura, gaz va havo oʻtkazuvchi quvurlarning shiberlari raqamlangan boʻlishi shart. Tanlanma boshqaruv tizimi (keyingi oʻrinlarda — TBT) mavjud boʻlganda armaturaning raqamlanishi ijro sxemalarida va joyi boʻyicha ikki marta bajarilishi shart, bunda ularning bittasi tezkor sxemaga va ikkinchisi TBT boʻyicha mos raqamga ega boʻlishi lozim.

Asosiy uskunalar tartib raqamlariga ega boʻlishi shart, yordamchi uskunalar esa — asosiy uskunalarning tartib raqamiga “A”, “B”, “V” va hokazo harflar qoʻshilgan holda belgilanadi. Uskunalarning raqamlanishi binoning oʻzgarmas yon tomonidan va “A” qatoridan boshlab bajarilishi shart. Dubl-bloklarda har bir qozonga blokning raqamiga “A” va “B” harflari qoʻshib yoziladi. Yoqilgʻi uzatuvchi tizimning alohida boʻgʻinlari ketma-ket va yoqilgʻining yoʻnalishi boʻyicha raqamlanishi, parallel zanjirlar esa yoqilgʻi harakatining yoʻnalishi boʻyicha chapdan oʻngga “A” va “B” harflarini qoʻshib raqamlanishi shart.

121. Sxemalardagi raqamlar va belgilar haqiqatda yozilgan raqamlar va belgilarga muvofiq kelishi shart.

122. Ekspluatatsiya jarayonida energetika qurilmalarida bajarilgan barcha oʻzgartirishlar javobgar shaxsning lavozimi va oʻzgartirish kiritilgan sana koʻrsatilib, uning imzosi bilan yoʻriqnomalar, sxemalar va chizmalarga kiritilishi shart.

Yoʻriqnomalar, sxemalar, chizmalardagi oʻzgartirishlar haqidagi axborot shu yoʻriqnomalar, sxemalar va chizmalarni bilishi shart boʻlgan barcha xodimlarga (farmoyishlar jurnaliga yozish bilan) yetkazilishi shart.

123. Texnologik sxemalar (chizmalar) kamida 2 yilda bir marta haqiqiy ekspluatatsiya maʼlumotlariga muvofiqligi boʻyicha tekshirilishi va tekshiruv haqida ularga belgi qoʻyilishi shart.

Xuddi shu muddatlarda yoʻriqnomalar va texnologik sxemalar hamda kerakli yoʻriqnomalarning roʻyxati qayta koʻrib chiqiladi.

124. Kerakli sxemalarning komplekti “Energiya” MDM, tizim operatori, elektr va issiqlik tarmoqlari dispetcherlarida, elektr stansiyasining smena boshligʻida, har bir sex va energoblok smena boshligʻida, podstansiya navbatchisida va tezkor-chiqish brigadasining ustasida turishi shart.

Sxemalarni saqlash tartibi mahalliy sharoitlarga koʻra belgilanishi shart.

125. Barcha ish joylari mazkur Qoidalarning talablariga muvofiq, zavod va loyiha maʼlumotlariga, namunaviy yoʻriqnomalarga va boshqa normativ-huquqiy hujjatlar, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga, ekspluatatsiya tajribasiga va sinov natijalariga asosan mahalliy sharoitlarni eʼtiborga olib tuzilgan zarur yoʻriqnomalar bilan taʼminlangan boʻlishi shart. Yoʻriqnomalar tegishli ishlab chiqarish boʻlinmasining (sexlar, podstansiyalar, tuman, uchastka, laboratoriyalar va xizmatlar) boshligʻi tomonidan imzolangan va energetika obyektining bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan boʻlishi shart.

Tizim ahamiyatiga ega boʻlgan yoʻriqnomalar tizim operatori bilan kelishilgan va Energetika vazirligi tomonidan tasdiqlangan boʻlishi kerak.

126. Uskunalar, bino va inshootlarni, releli himoya, telemexanika, aloqa vositalarini va avtomatlashtirilgan boshqaruv tizimining (keyingi oʻrinlarda — ABT) texnik vositalari kompleksini ekspluatatsiya qilish boʻyicha yoʻriqnomalarga har bir qurilma boʻyicha quyidagilar kiritilgan boʻlishi shart:

uskunalar, bino va inshootlarning qisqacha tavsifi;

qurilma yoki qurilmalar kompleksining xavfsiz holati va ishlash rejimlarining mezonlari va chegaralari;

ishga tushirishni tayyorlash tartibi;

uskunani ishga tushirish, toʻxtatish va unga xizmat koʻrsatish tartibi, normal ekspluatatsiya qilish va ishdagi buzilishlar vaqtida bino va inshootlarni soz holatda saqlash tartibi;

uskunalar, bino va inshootlarni koʻrikdan oʻtkazish, taʼmirlash va sinashga ruxsat berish tartibi;

mehnat xavfsizligi, portlash va yongʻin xavfsizligi boʻyicha mazkur qurilma uchun oʻziga xos talablar.

127. Har bir ish joyi boʻyicha lavozim yoʻriqnomalarida quyidagilar koʻrsatilgan boʻlishi shart:

mazkur lavozimdagi xodimlarning bilishi majburiy boʻlgan, uskunalarga xizmat koʻrsatish boʻyicha yoʻriqnomalar, uskunalar va tuzilmalar sxemalarining roʻyxati;

xodimning huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi;

xizmat boʻyicha bogʻliq boʻlgan yuqori turuvchi, boʻysinuvchi va boshqa xodimlarning oʻzaro munosabatlari.

128. Mehnat muhofazasi boʻyicha yoʻriqnomada quyidagilar koʻrsatilgan boʻlishi shart:

umumiy xavfsizlik talablari;

ishni boshlashdan oldin, ish davomida va ish tugagandan keyin xavfsizlik talablari;

avariya vaziyatlarida xavfsizlik talablari.

129. Yoʻriqnomalar 5 yilda bir martadan kam boʻlmagan, xavfliligi yuqori boʻlgan kasblarda yoki ishlarni bajarayotgan xodimlar uchun yoʻriqnomalar 3 yilda bir martadan kam boʻlmagan muddatda qayta koʻrib chiqilishi lozim. Uskunalarning holati yoki ekspluatatsiya sharoitlari oʻzgargan hollarda yoʻriqnomalarga tegishli qoʻshimchalar kiritilishi va ushbu yoʻriqnomalarni bilishi shart boʻlgan xodimlarga yetkazilishi lozim, bu haqida farmoyishlar jurnaliga yozuv kiritilishi shart.

130. Tezkor hujjatlarda mazkur Qoidalarga ilovaga muvofiq navbatchi xodimlar tomonidan ish faoliyatida foydalaniladigan texnik hujjatlar roʻyxati hamda ushbu roʻyxatdagi hamma hujjatlar boʻlishi shart.

Mahalliy sharoitlarga qarab tezkor hujjatlarning hajmi energetika obyekti bosh muhandisining qarori boʻyicha oʻzgartirilishi mumkin.

131. Elektr stansiyasi sexlaridagi tezkor-dispetcher xodimlarining ish joylarida, doimiy navbatchi xodimlari boʻlgan boshqaruv shchitlarida, dispetcherlik punktlarida belgilangan shakl boʻyicha sutkalik axborotnomalar toʻldirilishi shart.

132. Maʼmuriy-texnik xodimlar har kuni tezkor hujjatlarni tekshirishi hamda uskunalar va xodimlarning ishidagi nuqsonlar va buzilishlarni bartaraf qilish uchun zarur choralarni koʻrishi shart.

133. “Energiya” MDM, tizim operatori, tarmoq korxonalarining dispetcherlik punktlari, elektr stansiyalarining bosh shchitlari barcha tezkor muzokaralarni avtomatik ravishda kompyuter xotirasiga yozib olish qurilmalari bilan jihozlangan boʻlishi shart.

134. Tezkor hujjatlar, nazorat-oʻlchov asboblarining qayd etuvchi diagrammalari, tezkor-dispetcherlik muzokaralarining kompyuter xotirasi yozuvlari va tezkor-axborot ABT kompleksi tomonidan shakllantiriladigan chiqish hujjatlari qatʼiy hisobga olish hujjatlari jumlasiga kiritiladi va belgilangan tartibda saqlanishi kerak.

Hujjatlar quyidagi muddatlarda saqlanishi shart:

qayd etuvchi asboblarning koʻrsatmalari tushirilgan xotira — 3 yil;

normal sharoitlarda tezkor muzokaralarning kompyuter xotirasidagi yozuvlari, agar muddatni uzaytirish haqida koʻrsatma boʻlmasa — 10 sutka;

avariyalar va ishdagi boshqa buzilishlar vaqtida olib borilgan tezkor muzokaralarning kompyuter xotirasidagi yozuvlari, agar muddatni uzaytirish haqida koʻrsatma boʻlmasa — 3 oy.

10-bob. Avtomatlashtirilgan boshqaruv tizimlari

135. Elektr va issiqlik energiyasi ishlab chiqarishda texnologik ishlab chiqarish boʻyicha tezkor-dispetcherlik va tashkiliy-iqtisodiy boshqaruv mos ravishda avtomatlashtirilgan boshqaruv tizimlari orqali quyidagilar bilan taʼminlanishi shart:

texnologik jarayonning avtomatlashtirilgan boshqaruv tizimlari (keyingi oʻrinlarda — TJ ABT) bilan;

avtomatlashtirilgan dispetcherlik boshqaruvi tizimlari (keyingi oʻrinlarda — ADBT) bilan;

ishlab chiqarishning avtomatlashtirilgan boshqaruv tizimlari (keyingi oʻrinlarda — ICH ABT) bilan.

136. Quvvati 160 MVt va undan yuqori boʻlgan energobloklarga ega boʻlgan issiqlik elektr stansiyasida, oʻrnatilgan quvvati 1000 MVt va undan yuqori boʻlgan gidroelektr stansiyasida, elektr tarmoqlarini ekspluatatsiya qiluvchi har bir tashkilotda TJ ABT ishlab turishi shart. Mahalliy sharoitlarga, iqtisodiy va ishlab chiqarish nuqtai nazaridan maqsadga muvofiqligiga qarab quvvati koʻrsatilgan qiymatdan kam boʻlgan agregatlarga ega boʻlgan elektr stansiyalari TJ ABT bilan jihozlanishi mumkin.

137. Elektr va issiqlik tarmoqlarini ekspluatatsiya qiluvchi tashkilotlarning dispetcherlik punktlarida (keyingi oʻrinlarda — DP), tizim operatorida va “Energiya” MDMda ADBT ishlab turishi shart.

138. ABTni ekspluatatsiya qilishda quyidagilarga:

energetika tizimlarining ABTni ishlab chiqish, joriy etish va ekspluatatsiya qilish boʻyicha amal qiluvchi koʻrsatmalariga;

energetika tizimlarining koʻp pogʻonali integratsiyalangan tashkiliy-texnologik ABTni yaratish boʻyicha amal qiluvchi koʻrsatmalariga amal etilishi lozim.

139. Energetika tizimining barcha energetika obyektlarida, korxonalarida va tashkilotlarida quyidagi vazifalar majmuasini bajarish uchun ICH ABT ishlab turishi shart:

texnik-iqtisodiy rejalashtirish;

energetik taʼmirlashni boshqarish;

elektr va issiqlik energiyasini sotishni boshqarish;

energetika ishlab chiqarishi rivojlanishini boshqarish;

mahsulot sifati, standartlashtirish va metrologiyani boshqarish;

moddiy-texnik taʼminotni boshqarish;

yoqilgʻi taʼminotini boshqarish;

transport va yuk tashishni boshqarish;

kadrlarni boshqarish;

ekspluatatsiya qiluvchi xodimlarni tayyorlash;

buxgalteriya hisobi;

umumiy boshqarish;

turli tashlamalar, oqizmalar, chiqindilarning, shuningdek, foydalaniladigan tabiiy resurslarning miqdori va tarkibini boshqarish.

Texnologik jarayoni avtomatlashtirilgan boshqaruv tizimlari, ADBT va ICH ABT mustaqil tizimlar sifatida, shuningdek, energetika tizimining integratsiyalangan ABTning kichik tizimlari sifatida ham ishlashi mumkin.

140. Har bir energetika obyektida ABTning alohida vazifalari majmuasini tanlash mavjud boʻlgan namunaviy loyihalar, amaliy dastur toʻplamlari va texnik vositalarning imkoniyatlaridan oqilona foydalanishni hisobga olib, ishlab chiqarish va iqtisodiy jihatdan maqsadga muvofiqligidan kelib chiqqan holda aniqlanishi shart.

141. ABTning texnik vositalari majmuasiga quyidagilar kiritilishi shart:

axborotni toʻplash va uzatish vositalari (axborot datchiklari, aloqa kanallari, telemexanika tuzilmalari, maʼlumotlarni uzatish apparaturasi va hokazo);

axborotni qayta ishlash va uni aks ettirish vositalari;

boshqarish vositalari (kontrollerlar, elektr texnikasi apparaturasi va boshqalar);

yordamchi (uzluksiz elektr taʼminoti, havoni moʻtadillashtirish, avtomatik yongʻin oʻchirish va boshqa) tizimlar.

142. ABTni ekspluatatsiyaga kiritish belgilangan tartibda qabul qilish komissiyasining dalolatnomasiga asosan amalga oshirilishi shart.

ABTni sanoat ekspluatatsiyasiga kiritishdan oldin uni davomiyligi 6 oydan oshmagan tajriba ekspluatatsiyasidan oʻtkazish mumkin. ABTni yaratish va ekspluatatsiyaga kiritish bir yoki ikki bosqichda amalga oshirilishi mumkin.

ABTni sanoat ekspluatatsiyasiga qabul qilish ishga tushirilayotgan bosqich uchun koʻzda tutilgan barcha masalalarni sanoat ekspluatatsiyasiga qabul qilish tugatilganidan soʻng oʻtkazilishi shart.

143. ABTning ekspluatatsiyasini tashkil etishda texnik vositalar majmuasi va dastur taʼminotiga xizmat koʻrsatish boʻyicha tuzilmaviy boʻlinmalarning vazifalari energetika obyektlari rahbarlarining buyruqlari bilan belgilab berilishi shart.

Har bir boʻlinma tomonidan xizmat koʻrsatiladigan uskunalarning roʻyxati xizmat koʻrsatish chegaralari belgilangan holda tegishli energetika obyekti yoki tashkilotning bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan boʻlishi shart.

144. ABTga xizmat koʻrsatuvchi boʻlinmalar quyidagilarni taʼminlashlari shart:

ABTning texnik vositalari, axborot va dasturiy taʼminotining ishonchli ekspluatatsiya qilinishi;

kompyuter (elektron hisoblash mashinasi)da ishlov berilgan axborotni jadvalga muvofiq mos boʻlinmalarga taqdim etilishi;

hisoblash texnikasidan foydalanish boʻyicha amaldagi talablarga muvofiq samarali foydalanilishi;

boshqaruv tizimini takomillashtirish va rivojlantirish, jumladan, ekspluatatsiyadagi yangi vazifalarni joriy etish, dasturlarni modernizatsiyalash, boshlangʻich axborotni toʻplash va tayyorlashning ilgʻor texnologiyalarini oʻzlashtirish;

meʼyoriy-maʼlumot axborotlarini sinflashtirishni amalga oshirish;

ABTning qoʻshni iyerarxiyali darajalari bilan oʻzaro axborot hamkorligini tashkil etish;

ABTning ishlab turishi uchun zarur boʻlgan yoʻriqnoma va metodik hujjatlarni ishlab chiqish;

ABT ishlashini, uning iqtisodiy samaradorligini tahlil qilish, hisobotlarni oʻz vaqtida taqdim etish.

145. Har bir ABT boʻyicha xizmat koʻrsatuvchi xodim loyiha va zavod hujjatlaridan tashqari energetika obyektining bosh muhandisi tasdiqlagan roʻyxat boʻyicha texnik va ekspluatatsion hujjatlarni yuritishi shart.

146. ABTning texnik vositalarida taʼmirlash-profilaktika ishlari tasdiqlangan jadvallarga muvofiq bajarilishi, ularni taʼmirlashga chiqarish tartibi tasdiqlangan nizom bilan belgilab berilishi shart.

147. Elektr energetikasi sohasidagi maxsus vakolatli organ, dispetcherlik xizmatlari, energetika tashkilotlarining rahbariyati ABT ishlashini, uning samaradorligini tahlil qilishi, ekspluatatsiya qilish ustidan nazoratni amalga oshirishi va ABTni rivojlantirish va takomillashtirish, oʻz vaqtida texnik qayta jihozlash boʻyicha chora-tadbirlarni ishlab chiqishi shart.

11-bob. Metrologiya taʼminoti

148. Har bir energetika obyektida oʻlchovlarning talab qilinadigan birligini va aniqligini taʼminlovchi chora-tadbirlar majmuasi bajarilishi shart. Har bir energetika obyektida bajariladigan metrologiya taʼminoti boʻyicha chora-tadbirlar majmuasi oʻz ichiga quyidagilarni olishi kerak:

davlat tekshiruvi va nazoratidan oʻtkazilishi kerak boʻlgan oʻlchov vositalarini (keyingi oʻrinlarda — OʻV) oʻz vaqtida qiyoslashga taqdim etish;

qiyoslash oʻtkazilmaydigan OʻVni kalibrovkalash boʻyicha ishlarni oʻtkazish;

oʻlchovlarni bajarishda attestatsiyalangan usullardan foydalanish;

qoʻllanilayotgan OʻVda aniqlik tavsiflarining texnologik koʻrsatkichlarini oʻlchash aniqligiga qoʻyiladigan talablarga muvofiqligi va loyiha hujjatlarining metrologiya ekspertizasi oʻtkazilishini taʼminlash;

OʻVga xizmat koʻrsatish, ularni taʼmirlash, metrologiya nazoratini amalga oshirish.

149. Metrologiya taʼminoti boʻyicha ishlarni bajarish, ularning bajarilishi ustidan nazorat metrologiya xizmatlari:

energetika tizimining metrologiya xizmati;

tarmoqlardagi asosiy metrologiya xizmati;

asosiy metrologiya xizmati;

energetika tashkilotlarining metrologiya xizmatlari tomonidan amalga oshirilishi shart.

150. Energetik qurilmalarning OʻV bilan jihozlanganligi loyihaga muvofiq boʻlishi shart.

Elektr qurilmalarini OʻV bilan jihozlash hajmi uskunaning texnik holati va uning ishlash rejimi, olingan va sarflangan resurslarni, ishlab chiqilgan, sarflangan va uzatilgan elektr va issiqlik energiyasining hisobga olinishi, mehnat xavfsizligi sharoitiga va sanitariya normalariga rioya etish hamda atrof muhitni muhofaza qilish ustidan nazoratni taʼminlashi shart.

151. Yoqilgʻi sarfi, elektr va issiqlik energiyasi ishlab chiqarilishi va isteʼmol qilinishini hisobga olishning texnologik parametrlari oʻlchash vositalari davlat sinovlaridan yoki metrologik attestatsiyadan oʻtkazilishi va Oʻlchash vositalarining davlat reyestriga kiritilishi shart.

Belgilangan tartibda metrologik attestatsiyadan oʻtkazilgan nostandart OʻVni qoʻllashga ruxsat beriladi.

152. Barcha OʻV, shuningdek, oʻlchash tizimlari doimiy soz holatda va oʻlchashlarni bajarishga tayyor turishi shart. Texnologik uskunalar ishlab turganda oʻlchov vositalarini taʼmirlash uchun avval zaxiradagi vositalar oʻrnatilishi shart.

153. Sanoat ekspluatatsiyasiga kiritilishidan oldin, shuningdek, energetika obyektlarining asosiy uskunalarini ekspluatatsiya qilish jarayonida OʻV oʻlchash kanallari qiyoslash va kalibrovka qilingan holda metrologik attestatsiyadan oʻtkazilishi yoki indikatorlar turkumiga oʻtkazilishi kerak.

Qiyoslashdan oʻtkazilmagan yoki kalibrovka qilinmagan oʻlchash tizimlaridan ishda foydalanish taqiqlanadi.

154. Oʻzbekiston Respublikasining “Metrologiya toʻgʻrisida”gi Qonunining 20-moddasida koʻrsatilgan metrologiya tekshiruvi va davlat metrologiya nazorati tatbiq etiladigan sohalarda foydalaniladigan barcha oʻlchash vositalari va namunaviy OʻV qiyoslashdan oʻtkazilishi shart. Bunda OʻVni qiyoslashdan oʻtkazishni tashkil etish tartibi va uslubi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boʻlishi kerak.

155. Qiyoslashdan oʻtkazilishi kerak boʻlgan OʻVning aniq roʻyxati har bir energetika obyektida tuzib chiqilishi va har yili energetika obyekti joylashgan hududga xizmat koʻrsatuvchi davlat metrologiya organiga yuborilishi shart.

156. Oʻlchash vositalari energetika obyekti tomonidan tasdiqlangan va davlat metrologiya xizmatlari bilan kelishilgan jadvallarga muvofiq oʻz vaqtida qiyoslashga taqdim etilishi shart.

157. OʻVni qiyoslashdan oʻtkazish natijalari ishonchli tamgʻa yoki qiyoslash haqidagi guvohnoma bilan tasdiqlanishi shart, ularning shakli va hujjatlarga tushirish tartibi qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.

158. Qiyoslashdan oʻtkazilmaydigan, lekin energetika obyektlarida uskunalarning ishonchli va tejamli ishlashini nazorat qilish uchun foydalaniladigan barcha OʻV kalibrovka qilinishi kerak.

159. OʻVning kalibrovkasi yuridik shaxsning kalibrovka qilish huquqi uchun akkreditatsiya qilingan metrologiya xizmatlari tomonidan belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan kalibrovkalash jadvaliga muvofiq amalga oshiriladi.

160. Energetika obyektining metrologiya xizmati tomonidan OʻVni kalibrovkalash ishlarini bajarish imkoniyati boʻlmasa, kalibrovkalash sohadagi asosiy metrologiya xizmati tomonidan bajarilishi kerak.

161. OʻVni kalibrovkalash davriyligi energetika obyektining bosh metrologi va bosh muhandisi bilan kelishilgan holda energetika obyekti boʻyicha buyruq bilan belgilanadi.

162. OʻVni kalibrovkalash natijalari OʻVga tushiriladigan kalibrovkalash belgisi yoki kalibrovka haqidagi sertifikat bilan, shuningdek, amaldagi normativ hujjatga muvofiq ekspluatatsiya hujjatlariga yozuv kiritish bilan tasdiqlanadi.

163. Tegishli tarzda rasmiylashtirilgan OʻVni kalibrovkalash natijalari sudda, hakamlar sudida, davlat boshqaruvi organlarida nizolarni koʻrib chiqish paytida energetika obyekti tomonidan dalil sifatida foydalanilishi mumkin.

164. Energetika obyektlarida texnologik koʻrsatkichlarni oʻlchashlar belgilangan tartibda attestatsiyadan oʻtkazilgan oʻlchashlarni bajarish usullariga muvofiq amalga oshirilishi shart.

165. OʻVni va ularning aniqlik tavsiflarini tanlash texnologik koʻrsatkichlar va oʻlchovlarni oʻtkazish tartibiga muvofiq oʻlchovlar aniqligiga qoʻyiladigan talablarni belgilab beruvchi standartlashtirish boʻyicha normativ hujjatlarga asosan loyihalash bosqichida amalga oshirilishi shart.

166. Ishchi loyiha tarkibidagi loyiha hujjatlari qonunchilik hujjatlarining talablariga muvofiq metrologik ekspertizadan oʻtkazilishi shart.

167. Energetika uskunalarini ekspluatatsiya qilish jarayonida texnologik koʻrsatkichlarning qoʻshimcha (loyihada koʻzda tutilmagan) oʻlchashlarini oʻtkazish zarur boʻlganda OʻVni tanlash mazkur Qoidalarning 164 — 166-bandlariga muvofiq amalga oshirilishi lozim.

168. Oʻlchashlar aniqligi meʼyorlanmaydigan texnik koʻrsatkichlarni kuzatish uchun qoʻllaniladigan ishchi OʻV qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq indikatorlar turkumiga oʻtkazilishi mumkin.

169. Shchitlarda va panellarda oʻrnatilgan va uskunalarning ishlash rejimlarini nazorat qilish uchun moʻljallangan qayd etuvchi va koʻrsatuvchi oʻlchov asboblarining koʻrsatkichlari bilan oʻlchanayotgan kattalikning nominal qiymatiga toʻgʻri keladigan belgi qoʻyilishi shart. Belgini qoʻyish oʻlchamlari va usuli oʻlchov asboblari uchun belgilangan standart talablariga muvofiq boʻlishi kerak. Tashqi manbadan elektr taʼminotiga ega boʻlgan asboblar taʼminot yoʻqolganligini maʼlum qiluvchi signalizatsiya bilan jihozlangan boʻlishi shart.

170. OʻVga tezkor xizmat koʻrsatish energetika obyekti rahbariyatining qarori bilan belgilangan boʻlinmalarning navbatchi yoki tezkor-taʼmirlash xodimlari tomonidan amalga oshirilishi shart.

171. OʻVni davriy koʻrikdan oʻtkazish, ularga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash energetika obyektining metrologiya xizmati vazifalarini bajaruvchi boʻlinma xodimlari tomonidan amalga oshirilishi shart.

172. Tahlil olinadigan tuzilmalardagi birlamchi berkituvchi qismlarni taʼmirlash, toraytiruvchi va sarfni oʻlchovchi boshqa tuzilmalarni, haroratni oʻlchash vositasining himoya gʻiloflarini ochish va oʻrnatish texnologik uskunalarni taʼmirlash ishlarini amalga oshiruvchi xodimlar tomonidan bajarilishi shart, qabul qilish esa qonunchilikka muvofiq amalga oshiriladi.

173. OʻV oʻrnatilgan uskunalarga xizmat koʻrsatuvchi xodimlar ularning saqlanishi va tashqi elementlarining tozaligi uchun javobgardir. OʻVning ishidagi barcha buzilishlar haqida energetika obyektida metrologiya xizmati vazifasini bajaruvchi boʻlinmaga xabar berilishi shart.

174. Bir maromda yozishini taʼminlash bilan bogʻliq boʻlmagan qayd etuvchi asboblarni ochish uchun faqat energetika obyektining metrologiya xizmati vazifasini bajaruvchi boʻlinmaning xodimlariga, taʼminlovchilar yoki isteʼmolchilar bilan hisob-kitob qilish uchun foydalaniladigan OʻVni esa — ularning vakillari bilan birgalikda ochishga ruxsat etiladi.

175. Qiyoslashdan oʻtkazilishi shart boʻlgan OʻVning holati va qoʻllanilishi, metrologiya qoidalari va meʼyorlariga rioya etilishi ustidan davlat metrologiya nazorati davlat metrologiya xizmati organlari tomonidan amalga oshiriladi.

176. Qiyoslashdan oʻtkazilishi shart boʻlmagan OʻVning holati va qoʻllanilishi, metrologiya qoidalari va meʼyorlariga rioya etilishi ustidan metrologiya tekshiruvi va nazorati energetika tashkilotlarining metrologiya xizmatlari tomonidan amalga oshiriladi.

12-bob. Elektr qurilmalarida almashlab ulashlar

177. Energetika obyektlarining elektr tarmoqlari va elektr qurilmalarining elektr ulash sxemalaridagi, releli himoya va avtomatika (keyingi oʻrinlarda — RHA) tuzilmalari zanjirlaridagi almashlab ulashlarda bajarilgan barcha oʻzgarishlar, shuningdek, yerga ulanishlar oʻrnatilgan joylarda almashlab ulashlar tugatilganidan soʻng tezkor sxemada yoki maket-sxemada aks ettirilishi shart.

178. Murakkab almashlab ulashlar, shuningdek, blokirovka tuzilmalari bilan jihozlanmagan yoki nosoz blokirovka tuzilmalariga ega boʻlgan elektr qurilmalari almashlab ulash dasturlari, blankalari boʻyicha bajarilishi shart.

179. Kommutatsiya apparatlari, yerga ulaydigan ajratkichlar va releli himoya, avariyaga qarshi va rejim avtomatikasi tuzilmalari bilan operatsiyalarning qatʼiy ketma-ketligini talab qiluvchi almashlab ulashlar murakkab almashlab ulashlarga kiradi.

Tegishli energetika obyektlarining texnik rahbarlari va ushbu obyektlarning yuqori turuvchi tashkilotlari tomonidan tasdiqlanadigan murakkab almashlab ulashlarning roʻyxati tizim operatorida, energetika obyektlarining dispetcherlik punktlarida, elektr stansiyalari va podstansiyalarning markaziy (bosh) boshqaruv shchitlarida saqlanishi shart.

Murakkab almashlab ulashlarning roʻyxati sxemalar, uskunalarning, himoya va avtomatika tuzilmalarining tarkibi oʻzgarganda qayta koʻrib chiqilishi shart.

180. Takrorlanadigan murakkab almashlab ulashlar uchun namunaviy dasturlarda, almashlab ulashlar blankalaridan foydalanilish shart.

Texnologik buzilishlarni bartaraf etishda yoki ularning oldini olish uchun almashlab ulashlarni almashlab ulash blankalarisiz amalga oshirishga tezkor jurnalga yozish sharti bilan ruxsat beriladi.

181. Tezkor hujjatlar boʻlib hisoblanadigan almashlab ulash dasturlari va blankalarida elektr qurilmalarining elektr ulanmalari sxemalari va RHA zanjirlarida almashlab ulashlarni oʻtkazish operatsiyalarini amalga oshirish tartibi va ketma-ketligi belgilangan boʻlishi shart.

Almashlab ulashlarni bevosita bajaruvchi tezkor-dispetcher xodimlari almashlab ulash blankalaridan (namunaviy blankalardan) foydalanishlari shart.

Almashlab ulash dasturlarini (namunaviy dasturlarni) tezkor rahbarlar turli boshqaruv darajalaridagi va turli energetika obyektlaridagi elektr qurilmalarida almashlab ulashlarni bajarishda qoʻllashlari shart.

Dasturlarni detallashtirish darajasi dispetcherlik boshqaruvining darajasiga muvofiq kelishi zarur.

Almashlab ulashlarni bevosita bajaruvchi shaxslarga dispetcher va elektr qurilmalarining tezkor xodimi darajasidagi almashlab ulashlar blankalari bilan toʻldirilgan dasturlarni qoʻllashga ruxsat etiladi.

Yangi uskunalarni ishga tushirish yoki eskirgan uskunalarni demontaj qilish, taqsimlash tuzilmalarining rekonstruksiyasi bilan bogʻliq elektr qurilmalarining elektr ulanmalarining bosh sxemasida oʻzgarishlar boʻlganda, shuningdek, yangi RHA tuzilmalarini ulash yoki oʻrnatilgan RHA tuzilmalarida oʻzgarishlar boʻlganda almashlab ulashlarning namunaviy dasturlari va blankalariga tuzatishlar kiritilishi lozim.

182. “Energiya” MDM va tizim operatorining ishlab chiqarish xizmatlari boshqaruvida boʻlgan yagona elektr energetikasi tizimida (keyingi oʻrinlarda — YAEET), energetika tizimining sxemalarida va ish rejimlarida rejalashtirilgan oʻzgartirishlar, shuningdek, RHA tuzilmalarida oʻzgartirishlar boʻlganda tezkor boshqaruvning tegishli darajalarida almashlab ulashlarning namunaviy dasturlari va blankalariga zarur boʻlgan oʻzgartirishlar va qoʻshimchalar oldindan kiritilishi shart.

183. Elektr stansiyalari va podstansiyalardagi barcha almashlab ulashlar almashlab ulashlarni bajarish boʻyicha mahalliy yoʻriqnomalarga muvofiq amalga oshirilishi shart.

184. Yuqori turuvchi tezkor-dispetcher xodimlarining tezkor boshqaruvi ostida boʻlgan elektr uskunalari va RHA tuzilmalaridagi almashlab ulashlar dispetcherning farmoyishi boʻyicha bajarilishi shart.

Faqat kechiktirib boʻlmaydigan (baxtsiz hodisa, tabiiy ofat, yongʻin, avariya) vaziyatlarda almashlab ulashlarni yuqori turuvchi tezkor-dispetcher xodimining farmoyishisiz va ruxsatisiz, ularni keyinchalik xabardor qilgan holda bajarishga ruxsat etiladi.

Yongʻin va avariyani bartaraf qilish vaqtida tezkor-dispetcher xodimlari mahalliy yoʻriqnomalarga va yongʻin oʻchirishning tezkor rejasiga muvofiq harakat qilishlari shart.

185. Almashlab ulashlar toʻgʻrisidagi farmoyishda elektr qurilmalari sxemasidagi va RHA zanjirlaridagi operatsiyalarning ketma-ketligi yuqori turuvchi tezkor-dispetcher xodimlar tomonidan kerakli darajada detallashtirilib koʻrsatilishi shart.

Almashlab ulashlarning ijrochisiga bitta maqsadli operatsiyani oʻz ichiga olgan tezkor almashlab ulashlarni oʻtkazish boʻyicha bir vaqtda bittadan ortiq boʻlmagan topshiriq berilishi lozim.

186. Murakkab almashlab ulashlarni odatda ikki kishi bajarishi, ulardan bittasi nazorat qiluvchi boʻlishi shart.

Almashlab ulashlar ikki kishi tomonidan bajarilganda, odatda, lavozimi katta xodim nazorat qiluvchi boʻlishi kerak. Almashlab ulashlarning toʻgʻri bajarilishi uchun javobgarlik almashlab ulashlarni amalga oshiruvchi ikkala shaxs zimmasiga yuklanadi.

Mazkur elektr qurilmasining sxemasini almashlab ulashlarni bajarish qoidalarini biladigan, energetika obyekti boʻyicha farmoyish bilan almashlab ulashlarni bajarishga ruxsat berilgan, maʼmuriy-texnik xodimlar tarkibidan boʻlgan xodim nazorat qiluvchi shaxs boʻlishi mumkin.

Murakkab almashlab ulashlarda RHA zanjirlaridagi operatsiyalarni amalga oshirish uchun RHA xizmati xodimlaridan boʻlgan uchinchi shaxsni jalb qilishga ruxsat beriladi. Ushbu xodim almashlab ulashlarning blankasi bilan oldindan tanishib chiqishi va uni imzolanganidan soʻng har bir operatsiyani almashlab ulashlarni bajaruvchi shaxsning farmoyishi boʻyicha amalga oshirishi shart.

Qolgan barcha almashlab ulashlar ishga yaroqli blokirovka tuzilmasi boʻlganida, smena tarkibidan qatʼi nazar, bir kishi tomonidan bajarilishi mumkin.

187. Elektr qurilmasida kuchlanish yoʻq boʻlib qolganida tezkor-dispetcher xodimi kuchlanishning ogohlantirishsiz berilishiga tayyor turishi shart.

188. Zanjirida oʻchirgichi boʻlgan ulanmaga kuchlanish berish bilan ishga tushirish va uzish oʻchirgich orqali amalga oshirilishi shart.

Komplekt taqsimlash qurilmalarining (keyingi oʻrinlarda — KTQ) ajratkichlari, boʻlgichlari va ulanmalarni ajratadigan kontaktlari bilan quyidagilarni:

110 — 220 kV kuch transformatorlarini, tarmoqda yerga tutashish boʻlmagan taqdirda, yoy soʻndiruvchi 6 — 35 kV yerga ulovchi reaktorlarning neytrallarini;

6 — 500 kV kuch transformatorlarining magnitlovchi tokini;

elektr uzatuvchi havo va kabel tarmoqlaridagi zaryad va yerga tutashish tokini;

shinalar tizimining zaryad tokini, shuningdek, normativ-huquqiy hujjatlar, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarning talablariga rioya qilgan holda ulanmalarning zaryad tokini ulashga va uzishga ruxsat etiladi.

Halqali 6 — 10 kV tarmoqlarda 70 Agacha boʻlgan tenglashtiruvchi toklarni ajratkichlar bilan uzishga hamda ajratkichlarning ajralgan kontaktlarida kuchlanishlarning farqi 5 foizdan oshmaganda tarmoqni halqa qilib tutashtirishga ruxsat etiladi.

Tashqi oʻrnatilgan uch qutbli ajratkichlar bilan 10 kV va undan past kuchlanishda 15 Agacha boʻlgan yuklama tokini ulashga va uzishga ruxsat beriladi.

Agar oʻchirgichning oʻchirilishi uning buzilishiga yoki podstansiyaning kuchlanishsiz qolishiga sabab boʻlishi mumkin boʻlsa, 220 kV va undan yuqori kuchlanishli bitta oʻchirgich yoki shinalar tizimining (toʻrtburchak sxemasi, bir yarimtalik sxema va hokazo) boshqa ulanmalarining bir nechta oʻchirgichlari bilan shuntlangan nosoz oʻchirgichni ajratkichlar bilan masofadan uzib qoʻyishga ruxsat etiladi.

Ajratkichlar bilan uziladigan va ulanadigan toklarning ruxsat etilgan qiymatlari normativ-huquqiy hujjatlar, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar bilan belgilab berilishi kerak. Turli elektr qurilmalari uchun operatsiyalarni bajarish tartibi va shartlari mahalliy yoʻriqnomalar bilan tartibga solinishi shart.

189. Almashlab ulashlarni bevosita bajaruvchi tezkor xodimlarga xavfsizlik blokirovkalarini oʻzboshimchalik bilan ishdan chiqarish taqiqlanadi.

Faqat oʻchirgichning oʻchiq holati joyida tekshirilib, blokirovkaning ishdan chiqish sababi aniqlanganidan soʻng energetika obyekti boʻyicha yozma koʻrsatma bilan vakolat berilgan shaxslarning ruxsati va rahbarligi ostida blokirovkadan chiqarish uchun ruxsat beriladi.

Blokirovkadan chiqarish zarur boʻlgan taqdirda, almashlab ulashlar blanki toʻldiriladi va unga blokirovkadan chiqarish boʻyicha operatsiyalar kiritiladi.

13-bob. Elektr stansiyalari va issiqlik tarmoqlarining issiqlik sxemalarida almashlab ulashlar

190. Issiqlik sxemalaridagi barcha almashlab ulashlar ekspluatatsiya boʻyicha mahalliy yoʻriqnomalarga muvofiq bajarilishi va tezkor hujjatlarda aks ettirilishi shart.

191. Yoʻriqnomalarda koʻzda tutilmagan holatlarda, shuningdek, ikki va undan ortiq tasarruf ostida boʻlmagan ijrochilar yoki energetika obyektlari ishtirok etganda almashlab ulashlar dastur boʻyicha bajarilishi shart.

Murakkab almashlab ulashlar ham almashlab ulashlar blankalari yoki dasturlari boʻyicha bajarilishi shart.

192. Murakkab almashlab ulashlarga:

murakkab aloqali issiqlik sxemalaridagi;

vaqt boʻyicha uzoq davom etadigan;

katta masofali obyektlardagi;

kamdan-kam bajariladigan ulashlar kiradi.

Kamdan-kam bajariladigan almashlab ulashlarga quyidagilar kiritilishi mumkin:

asosiy uskunalarni montaj va rekonstruksiyadan keyin ishga tushirish;

uskunalar va issiqlik tarmoqlarining gidravlik sinovlari;

yangi ishlab chiqarilgan va foydalanish uchun olingan sof bugʻ quvurlari va taʼminlovchi quvurlarning sxemalaridagi oʻzgarishlar;

uskunalarning maxsus sinovlari;

uskunalarni ekspluatatsiya qilishda noanʼanaviy boʻlgan yangi usullarni tekshirish, sinab koʻrish va hokazo.

Almashlab ulashlar murakkabligining darajasi va ularni bajarish uchun dasturlarni tuzish zaruriyati energetika obyektining bosh muhandisi tomonidan ish sharoitlarining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqib belgilab beriladi.

193. Har bir energetika obyektida bosh muhandis tomonidan tasdiqlangan murakkab almashlab ulashlarning roʻyxati ishlab chiqilishi shart. Roʻyxatdagi uskunalarning ishga tushirilishi, rekonstruksiya yoki demontaj qilinishiga texnologik sxemalar hamda texnologik himoya va avtomatika sxemalaridagi oʻzgarishlar va boshqalarni hisobga olgan holda tuzatishlar kiritilishi shart.

Roʻyxat 3 yilda bir marta qayta koʻrib chiqilishi kerak. Roʻyxat nusxalari sex va energetika obyektining katta tezkor xodimlarining ish joyida turishi shart.

194. Energetika obyektining bosh muhandisi tomonidan maʼmuriy-texnik xodimlardan blankalar va dasturlar boʻyicha almashlab ulashlarning bajarilishini nazorat qilish huquqiga ega boʻlgan shaxslarning roʻyxati tasdiqlangan boʻlishi zarur. Xodimlarning tarkibi oʻzgarganda roʻyxatga tuzatishlar kiritilishi kerak. Roʻyxatning nusxalari sex va energetika obyekti katta tezkor xodimlarining ish joyida turishi shart.

195. Almashlab ulashlar blankalari boʻyicha mazkur Qoidalar bilan belgilab berilgan namunaviy ishlar bajariladi.

Almashlab ulashlar blankasida quyidagilar koʻrsatilishi shart:

almashlab ulashlar obyekti;

almashlab ulashlarning boshlanish va tugash vaqti;

almashlab ulashlarni oʻtkazish uchun kerakli sharoitlar;

almashlab ulashlarni bajarish ketma-ketligi;

berkituvchi va rostlovchi armaturaning almashlab ulashlar tugatilganidan keyingi holati;

almashlab ulashlarning bajarilishi ustidan nazoratni amalga oshiruvchi va ular uchun javobgar boʻlgan xodim.

196. Ekspluatatsiya yoʻriqnomalarida koʻzda tutilmagan, namunaviy boʻlmagan ishlar dasturlar boʻyicha bajarilishi shart.

Dastur energetika obyektining bosh muhandisi tomonidan, dasturning amal qilishi bir energetika obyekti doirasidan chiqqanida esa — energetika tizimining boshqaruv organi tomonidan tasdiqlanadi.

197. Almashlab ulashlarni bajarish dasturida quyidagilar koʻrsatilgan boʻlishi shart:

almashlab ulashlar bajarilishining maqsadi;

almashlab ulashlar obyekti;

almashlab ulashlarni bajarish uchun tayyorgarlik boʻyicha tadbirlarning roʻyxati;

almashlab ulashlarni bajarilish shartlari;

zarur boʻlganda almashlab ulashlar obyektining sxemasi (obyekt elementlarining sxemadagi nomi va raqamlanishi obyektda qabul qilingan nomlar va raqamlanishlariga toʻliq muvofiq boʻlishi shart);

texnologik himoya va avtomatika zanjirlari elementlarining hamda berkituvchi, rostlovchi qismlarining holatini koʻrsatgan holda operatsiyalarni bajarish tartibi va ketma-ketligi;

almashlab ulashlarni bajaruvchi tezkor xodimlar;

almashlab ulashlarni bajarishga jalb qilingan xodimlar;

almashlab ulashlarning bajarilishiga rahbarlik qiladigan tezkor-dispetcher xodimlar;

almashlab ulashlarda energetika obyektining ikki va undan ortiq boʻlinmalari ishtirok etganda — umumiy rahbarlik qiluvchi maʼmuriy-texnik xodim;

dasturda koʻrsatilgan shaxslarning majburiyatlari va javobgarligi;

ishlarning xavfsiz oʻtkazilishini taʼminlash boʻyicha chora-tadbirlar roʻyxati;

avariya holatlari yoki odamlar hayotiga va uskunalarning butligiga xavf soluvchi vaziyatlar yuzaga kelganda xodimlarning harakatlari.

198. Mazkur Qoidalarning 194-bandida koʻrsatib oʻtilgan takrorlanuvchi almashlab ulashlar uchun energetika obyektlarida oldindan tuzilgan namunaviy dasturlar va blankalar qoʻllanilishi lozim. Ular kamida 3 yilda bir marta qayta koʻrib chiqilishi hamda uskunalarning ishga tushirilishi, rekonstruksiya yoki demontaj qilinishi, texnologik sxemalar va texnologik himoya va avtomatika sxemalarining oʻzgartirilishi bilan ularga tuzatishlar kiritilishi lozim.

199. Almashlab ulashlar dasturlari va blankalari tezkor xodimlar tomonidan qoʻllaniladi va almashlab ulashlarni bajarishda tezkor hujjat boʻlib hisoblanadi.

200. Obyektda maket-sxema mavjud boʻlganda almashlab ulashlar oʻtkazib boʻlinganidan keyin unda barcha oʻzgartirishlar aks ettiriladi.

201. Almashlab ulashlar dasturlari boshqa tezkor hujjatlar bilan bir qatorda saqlanishi lozim.

14-bob. Xavfsizlik texnikasi

202. Xavfsizlik texnikasi boʻyicha barcha ishlar ishlab chiqarishning xavfli omillarining ishlayotganlarga taʼsir etishining oldini olishga qaratilgan tashkiliy chora-tadbirlar va texnik vositalar tizimini yaratishga qaratilgan boʻlishi shart.

203. Energetika obyektlarining uskunalari, bino va inshootlarning tuzilishi, ekspluatatsiyasi va taʼmirlanishi mehnat muhofazasi boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarning talablariga javob berishi kerak.

204. Energetika obyektlarining uskunalari, bino va inshootlariga xizmat koʻrsatish uchun qoʻllaniladigan himoya vositalari, moslamalar va asboblar mehnat muhofazasi boʻyicha amaldagi normativ-huquqiy hujjatlarga, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq oʻz vaqtida koʻrikdan va sinovlardan oʻtkazilishi shart.

205. Tashkilotlarda alohida kasb xodimlari (elektr payvandchilar, dastgohchilar, chilangarlar, elektr montyorlar, laborantlar, farroshlar va boshqalar) uchun hamda alohida turdagi ishlar (balandlikdagi ishlar, montaj, sozlash, taʼmirlash ishlari, sinovlarni oʻtkazish va boshqalar) uchun mehnat muhofazasi boʻyicha yoʻriqnomalarni ishlab chiqish toʻgʻrisidagi nizomda bayon qilingan talablarga muvofiq yoʻriqnomalar ishlab chiqilishi va tasdiqlanishi shart.

206. Har bir xodim xizmat koʻrsatayotgan uskunalarga va ish joyida mehnatni tashkil etishga taalluqli boʻlgan mehnat xavfsizligi talablarini bilishi va ularga qatʼiy amal qilishi shart.

207. Energetika tashkilotlarida texnika xavfsizligi boʻyicha ishlar mehnat muhofazasini boshqarish tizimi haqidagi soha nizomiga muvofiq tashkil etilishi kerak.

Xavfsizlik texnikasi boʻyicha ishlarga umumiy rahbarlik qilish va ishlar xavfsizligi uchun shaxsiy javobgarlik energetika obyektining birinchi rahbari (ish beruvchi) zimmasiga yuklanadi.

Energetika obyektlari va tashkilotlarining rahbarlari hamda mansabdor shaxslari ish joylarida, ishlab chiqarish xonalarida hamda energetika obyektlari va tashkilotlarining xonalari va hududida xavfsiz va sogʻlom ishlash sharoitlarini taʼminlashlari, ularning amaldagi xavfsizlik va ishlab chiqarish sanitariyasi talablariga muvofiqligini nazorat qilishlari, shuningdek, xodimlarning oʻqitilishi, bilimlar sinovidan oʻtishi va yoʻl-yoʻriq olishini oʻz vaqtida tashkil etishlari, xodimlar tomonidan mehnat muhofazasi boʻyicha talablarga rioya etilishini nazorat qilishlari shart.

Xavfli va zararli ishlab chiqarish omillarining xodimlarga koʻrsatadigan taʼsirini bartaraf qilish imkoni boʻlmaganida rahbar va mansabdor shaxslar xodimlarni shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlashga majburdirlar.

208. Har bir baxtsiz hodisa, shuningdek, mehnat xavfsizligi talablarini har qanday buzish holatlari yaxshilab tekshirib chiqilishi: ularning yuzaga kelish sabablari va aybdorlar aniqlanishi va bunday holatlar kelgusida qaytarilmasligi uchun choralar koʻrilishi shart. Baxtsiz hodisalar haqida xabar berish, ularning tekshirilishi va hisobga olinishi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 1997-yil 6-iyundagi 286-son qarori bilan tasdiqlangan Ishlab chiqarishdagi baxtsiz hodisalar va xodimlar salomatligiga boshqa xil shikast yetkazilishini tekshirish va hisobga olish toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshirilishi shart.

Baxtsiz hodisalarning toʻgʻri va oʻz vaqtida tekshirilishi hamda hisobga olinishi, N-1 shaklidagi dalolatnomalarning rasmiylashtirilishi, baxtsiz hodisa sabablarini bartaraf qilish boʻyicha chora-tadbirlarning ishlab chiqilishi va amalga oshirilishi uchun javobgarlik energetika obyektining (tashkilotning) rahbari zimmasida boʻladi.

209. Baxtsiz hodisalar, shu jumladan, xodimlar tomonidan mehnat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda salomatligiga shikast yetkazish holatlari uchun energetika obyektining, tashkilotning xavfsizlik va ishlab chiqarish sanitariyasi talablarining bajarilishini taʼminlamagan, baxtsiz hodisalarning oldini olish uchun tegishli choralarni koʻrmagan rahbarlari va mansabdor shaxslari, shuningdek, texnika xavfsizligi qoidalari talablarini yoki mehnat muhofazasi boʻyicha yoʻriqnomalarni bevosita buzgan xodimlar javobgardirlar.

210. Oʻlim bilan tugagan va ogʻir oqibatli hamda guruhli baxtsiz hodisalarni tekshirish hujjatlari boʻyicha baxtsiz hodisalarning sharhlari chiqarilishi va ular energetika obyektlari, tashkilotlarining xodimlari bilan oʻrganib chiqilishi hamda baxtsiz hodisalar sharhlarida koʻzda tutilgan chora-tadbirlar oʻtkazilishi shart.

211. Energetika obyektlari, tashkilotlarining barcha xodimlari birinchi tibbiy va ekstremal reanimatsiya yordamini koʻrsatish usullariga amalda oʻqitilgan boʻlishlari hamda bevosita baxtsiz hodisa roʻy bergan joyda sohadagi yoʻriqnomaning talablariga muvofiq jabrlanganlarga birinchi yordam koʻrsatish usullarini oʻrgangan boʻlishlari shart. Jabrlanganlarga birinchi yordam koʻrsatish boʻyicha bilimlar sinovi xavfsizlik texnikasi qoidalari yoki mehnat muhofazasi boʻyicha yoʻriqnomalar yuzasidan davriy bilim sinovi paytida oʻtkazilishi shart. Har yili zamonaviy trenajerlardan foydalangan holda birinchi tibbiy yordamni koʻrsatish boʻyicha koʻnikmalarga ega boʻlish uchun xodimlarga reanimatsiya usullarini oʻqitish mashgʻulotlari oʻtkazilishi shart.

212. Elektr stansiyasining har bir sexida, podstansiyalarda, tarmoqlarning uchastkalarida, laboratoriyalarda va boshqa obyektlarda, shuningdek, tezkor-chiqish brigadalarining avtomashinalarida dori-darmonlar va tibbiy vositalarning doimiy zaxirasi solingan birinchi yordam dori vositalari qutilari yoki sumkalari boʻlishi shart.

Xodimlar bajariladigan ishlarning xususiyatiga qarab maxsus kiyim, maxsus poyabzal va shaxsiy himoyaning boshqa vositalari bilan taʼminlangan boʻlishlari shart va ish davomida ulardan foydalanishga majburdirlar.

Xodimlar maʼlum ishlarni bajarish uchun berilgan himoya vositalaridan maqsad boʻyicha foydalanmagan taqdirda, ular shu sababdan roʻy bergan baxtsiz hodisa uchun javobgardirlar.

15-bob. Yongʻin xavfsizligi

213. Uskunalar, bino va inshootlarning tuzilishi va ekspluatatsiyasi Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 11-noyabrdagi 711-son qarori bilan tasdiqlangan Energetika tashkilotlari uchun yongʻin xavfsizligi qoidalarida belgilangan talablarga muvofiq boʻlishi shart.

Energetika obyektlari tegishli normativ hujjatlar talablariga muvofiq yongʻinga qarshi suv taʼminoti tarmoqlari, yongʻinni aniqlash va oʻchirish qurilmalari bilan jihozlangan boʻlishi shart.

214. Har bir xodim YOXQ va energetika obyektida yongʻinga qarshi oʻrnatilgan rejim talablarini aniq bilishi va bajarishi, shaxsan oʻzi va boshqa shaxslar tomonidan yongʻin keltirib chiqarishi mumkin boʻlgan harakatlarga yoʻl qoʻymasligi shart.

215. Energetika obyektlarining xodimlari yongʻinga qarshi yoʻl-yoʻriq olishi, malakasini oshirayotganda yongʻin xavfsizligi boʻyicha bilimlarini takomillashtirishi, yongʻinga qarshi mashgʻulotlarda muntazam ishtirok etishi, mazkur Qoidalarning talablariga muvofiq YOXQ boʻyicha davriy bilim sinovidan oʻtishi shart.

Yongʻinga qarshi mashgʻulotlarning davriyligi, mavzusi va hajmlari xodimlarning uskunalarni boshqarishni toʻxtatmasdan, yongʻin oʻchirish boʻlinmalari bilan birgalikda yongʻin oʻchirishning amaliy koʻnikmalariga ega boʻlishini hisobga olgan holda belgilanishi shart. Yongʻinga qarshi mashgʻulotlarni obyektda va yongʻin poligonida almashib oʻtkazish koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

216. Har bir energetika obyektida yongʻinga qarshi rejim oʻrnatilishi va ishlab chiqarishning xususiyatlaridan kelib chiqqan holda yongʻinga qarshi chora-tadbirlar bajarilishi, shuningdek, energetika obyektining yongʻindan saqlash xodimlari bilan birgalikda yongʻinni oʻchirishning tezkor rejasi ishlab chiqilishi shart.

Yongʻinni oʻchirishning tezkor rejasi yongʻin paydo boʻlgan vaqtda energetika obyekti xodimlarining harakatlarini, kuchlanish ostidagi elektr qurilmalarida yongʻinni oʻchirish tartibini, keladigan yongʻin oʻchirish boʻlinmalarining shaxsini tarkibi bilan birgalikda harakat qilish tartibini hamda yongʻinni oʻchirishning boshqa kuchlari va vositalarini belgilab beruvchi asosiy hujjat boʻlishi shart.

217. Smenadagi katta xodim (elektr stansiyasining smena boshligʻi, podstansiyaning navbatchi muhandisi) yoki energetika obyektining rahbari energetika obyektiga birinchi yongʻin-qutqaruv boʻlinmasi yetib kelishiga qadar yongʻinni oʻchirishning rahbari boʻlib hisoblanadi.

Birinchi yongʻin-qutqaruv boʻlinmasi yetib kelishi bilan smenaning katta xodimi (energetika obyektining rahbari) yongʻin-qutqaruv boʻlinmasi navbatchi smena boshligʻiga yongʻinni oʻchirish boʻyicha koʻrilgan choralar haqida axborot va yozma ruxsatni berishi bilan unga yongʻin oʻchirish boʻyicha rahbarlikni topshirishi shart.

218. Energetika obyektining har bir sexida, laboratoriyasida, ustaxonasida, boʻlimida va boshqa boʻlinmasida yongʻin xavfsizligining aniq choralari va yongʻinga qarshi rejim haqida yoʻriqnoma ishlab chiqilgan, obyektdagi yongʻindan saqlash boʻlinmasi (agar bor boʻlsa) bilan kelishilgan va energetika obyektining rahbari tomonidan tasdiqlangan boʻlishi shart.

219. Barcha energetika obyektlarida va taʼmirlash korxonalarida bosh muhandis tomonidan boshqariladigan yongʻin-texnik komissiyalari, shuningdek, zarur hollarda oʻz ishini amaldagi qoidalarga muvofiq olib boruvchi koʻngilli yongʻindan saqlash xizmati boʻlinmalari tashkil etilgan boʻlishi shart.

220. Avtomatik yongʻin oʻchirish va xabar berish tizimining avtomatik va boshqa qurilmalariga texnik xizmat koʻrsatish mahalliy yoʻriqnomalarga muvofiq energetika obyektining xodimlari tomonidan avariyaga qarshi va releli himoya qurilmalariga xizmat koʻrsatish tartibiga oʻxshash oʻtkazilishi lozim.

Yongʻinni oʻchirishning birlamchi vositalari ishlatish uchun doimiy tayyor holatda saqlanishi, ularga texnik xizmat koʻrsatish sohadagi yoʻriqnomaga muvofiq amalga oshirilishi shart.

Avtomatik yongʻin oʻchirish va xabar berish tizimiga texnik xizmat koʻrsatish obyekt tomonidan (maxsus litsenziyaga ega boʻlgan taqdirda) yoki maxsus litsenziyaga ega boʻlgan tashkilot tomonidan shartnoma asosida amalga oshiriladi.

221. Yongʻinga qarshi suv quvuri uchastkalarini uzib qoʻyish, yoʻl va oʻtish yoʻlaklarini toʻsish, yongʻinga qarshi suv taʼminotining texnologik uskunalarini taʼmirlash, shuningdek, yongʻinga qarshi avtomatika va signalizatsiyani oʻchirib qoʻyish bilan bogʻliq ishlar energetika obyekti bosh muhandisining yozma ruxsati olingan holda va obyektdagi yongʻindan saqlash boʻlinmasi (agar bor boʻlsa) xabardor qilinganidan keyin, tegishli, uchastkalarning (qurilmalarning) yongʻin xavfsizligi va ekspluatatsiyasi uchun javobgar shaxs bilan kelishib amalga oshiriladi.

222. Energetika obyektidagi payvandlash va boshqa yongʻin chiqishi xavfi boʻlgan ishlar, shu jumladan, taʼmirlash, montaj va boshqa pudrat tashkilotlari tomonidan bajariladigan ishlar tarmoq yoʻriqnomalarida belgilangan talablarga muvofiq oʻtkazilishi shart.

223. Obyektlarda yongʻinga qarshi rejim tashkil etilganda javobgarlik quyidagilar zimmasiga yuklanadi:

energetika obyektlari va tashkilotlarning rahbarlari — umumiy yongʻinga qarshi holat, yongʻinga qarshi chora-tadbirlarning va yongʻinga qarshi rejim talablarining bajarilishi, obyektda tashkil etilgan koʻngilli yongʻin oʻchirish boʻlinmalarining ishi uchun;

bosh muhandislar — yongʻin-texnik komissiyalarning ishi, yongʻin oʻchirish vositalari va yongʻinga qarshi avtomatika tizimlarining texnik holati, yongʻinga qarshi meʼyoriy talablarning bajarilishi va xodimlarning tayyorgarligi uchun;

boʻlinmalarning rahbarlari va muhandis-texnik xodimlari — ularga biriktirilgan obyektlar yoki uchastkalarning yongʻinga qarshi holati hamda xodimlarning tayyorgarligi uchun javob beradi.

224. Har bir yongʻin (olov chiqishi) holati maxsus tayinlangan komissiya tomonidan yongʻin sabablarini, yetkazilgan zararni, yongʻin (olov chiqishi) uchun javobgarlarni aniqlash hamda tarmoqning boshqa obyektlari uchun yongʻinga qarshi chora-tadbirlarni ishlab chiqish maqsadida sohadagi yoʻriqnomada belgilangan talablarga muvofiq tekshirib chiqilishi shart.

16-bob. Tabiatni muhofaza qilish talablariga rioya etilishi

225. Energetika qurilmalari ishlaganida atrof muhitga zararli taʼsirning oldini olish yoki cheklash, atmosferaga chiqariladigan va suvga oqiziladigan ifloslantiruvchi moddalar, energetika tashkilotlari hududida toʻplangan sanoat chiqindilari, shovqin, tebranish, elektr va magnit maydonlari va boshqa zararli fizik taʼsirlarning oldini olish yoki cheklash uchun hamda suv isrofgarchiligi va isteʼmol qilish hajmlarini kamaytirish boʻyicha choralar koʻrilishi shart.

226. Atmosferaga chiqariladigan, suvga oqiziladigan ifloslantiruvchi moddalar miqdori har bir obyekt uchun va Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi tomonidan tasdiqlangan va oʻrnatilgan, yoʻl qoʻyilishi mumkin boʻlgan meʼyorlardan (limitlardan) oshmasligi lozim.

Elektr va magnit maydonlarining kuchlanganligi mazkur omillar uchun yoʻl qoʻyilishi mumkin boʻlgan darajadan, shovqin taʼsiri — uskunalar uchun tegishli sanitariya meʼyorlari va standartlari bilan belgilangan shovqin quvvati meʼyorlaridan oshmasligi shart.

227. Har bir issiqlik elektr stansiyasi va isitish qozonxonasi, alohida ob-havo sharoitlari eʼlon qilinganda atmosferaga zararli chiqindilar chiqarishni kamaytirish boʻyicha hududiy tabiatni muhofaza qilish idoralari bilan kelishilgan chora-tadbirlar rejasiga ega boʻlishi lozim.

228. Har bir energetika obyektida atrof muhitga avariya va boshqa xil ifloslantiruvchi moddalarning birdaniga koʻp miqdorda chiqarilishi va oqizilishining oldini olish boʻyicha chora-tadbirlar ishlab chiqilgan boʻlishi kerak.

229. Energetika tashkilotlarining chiqindilarni doimiy saqlash joylari (quyqum-kultepalari va hokazo) bor tumanlardagi yer osti suvlari va atmosfera havosining holatining doimiy monitoringi tashkil etilishi loyihaviy meʼyorlarga va qoidalarga rioya qilgan holda bajarilishi va chiqindilarning xavfsiz saqlanishini, ularning utilizatsiya qilinishini, zararsizlantirilishini va zaharli chiqindilarning koʻmilishini taʼminlashi lozim.

230. Belgilangan sanitariya normalari va tabiatni muhofaza qilish talablariga rioya etilishini taʼminlamaydigan energetik qurilmalarini ekspluatatsiya qilish taqiqlanadi.

231. Energetika qurilmalarining asosiy va yordamchi uskunalarini ekspluatatsiya qilishda suv inshootlarini ifloslanishdan muhofaza qilish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasining “Tabiatni muhofaza qilish toʻgʻrisida”, “Suv va suvdan foydalanish toʻgʻrisida”gi qonunlari, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar, ishlab chiqaruvchi zavod yoʻriqnomalari, mahalliy sharoitlarga qarab amaldagi namunaviy yoʻriqnomalar asosida ishlab chiqilgan yoʻriqnomalarga amal qilinishi zarur.

232. Ifloslangan oqar suvlarni tozalash va ularga ishlov berish qurilmalari issiqlik energetika uskunalarini ishga tushirishdan oldingi tozalash boshlanishidan avval ekspluatatsiyaga qabul qilinishi shart.

233. Elektr stansiyalari va isituvchi qozonxonalarning gazdan tozalovchi va chang tutuvchi uskunalarini ekspluatatsiya qilishda Oʻzbekiston Respublikasining “Tabiatni muhofaza qilish toʻgʻrisida”, “Atmosfera havosini muhofaza qilish toʻgʻrisida”, “Chiqindilar toʻgʻrisida”gi qonunlari, davlat va tarmoq standartlari, tarmoq qoidalari, ishlab chiqaruvchi zavodning yoʻriqnomalari, mahalliy sharoitlarga moslab tuzilgan yoʻriqnomalarga amal qilinishi lozim.

234. Elektr tarmoqlari va podstansiyalarni ekspluatatsiya qilishda aholini oʻzgaruvchan tokli elektr uzatish havo tarmoqlarida hosil boʻladigan elektr maydonining taʼsiridan himoya qilishning sanitariya normalari va qoidalariga hamda elektr uzatish tarmoqlari va podstansiyalarni loyihalashtirish, qurish va ekspluatatsiya qilishda ekologik meʼyorlarga rioya etilishini taʼminlash boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlarga rioya etilishi lozim.

235. Energetika obyektlari chiqindilari, suv manbalaridan olinadigan va ularga oqiziladigan chiqindilar va suv hajmlari, chiqindilarni saqlash joylari, havo tarmoqlarining sanitariya-himoya zonasida elektr va magnit maydonlari, akustika taʼsiri qonunchilik hujjatlariga muvofiq nazorat qilinishi va hisobga olinishi shart.

236. Atrof muhitga chiqariladigan ifloslantiruvchi moddalar, chiqindilar, olinadigan va chiqariladigan suv hajmlarini nazorat qilish uchun har bir energetika obyekti doimiy ishlab turuvchi avtomatik asboblar bilan jihozlangan boʻlishi shart, ular mavjud boʻlmasa yoki qoʻllash imkoniyati boʻlmasa, bevosita davriy oʻlchovlardan va hisob-kitob usullaridan foydalanilishi kerak. Elektr tarmoqlari elektr va magnit maydonlari kuchlanganligini oʻlchash asboblari bilan jihozlangan boʻlishi shart.

17-bob. Texnik ekspluatatsiya qilish qoidalarining bajarilishi uchun javobgarlik

237. Energetika obyektlari, energetika tizimi korxonalari va tashkilotlarining barcha xodimlari hamda (mulkchilik shakllaridan qatʼi nazar) sozlash, qurilish, montaj, loyiha va ilmiy-tadqiqot tashkilotlarining xodimlari uchun mazkur qoidalarni tegishli lavozim, kasb uchun kerakli hajmda bilishi va bajarishi majburiydir.

238. Energetika obyektlarini normal ekspluatatsiya qilish uchun mulk egasi (energetika obyektining rahbari) javobgar hisoblanadi. Har bir energetika obyektida tuzilmaviy boʻlinmaning nizomi va rahbarning buyrugʻi bilan uskunalar, bino va inshootlar hamda kommunikatsiyalarga xizmat koʻrsatish boʻyicha vazifalar ishlab chiqarish boʻlinmalari (sexlar, tumanlar, uchastkalar, laboratoriyalar va hokazo) oʻrtasida taqsimlangan, energetika qurilmalarining barcha elementlarining holati va xavfsiz ekspluatatsiya qilinishi uchun javobgar shaxslar tayinlangan boʻlishi hamda barcha xodimlarning lavozim vazifalari belgilab berilishi shart.

239. Uskunalar, bino va inshootlarning holati va xavfsiz ekspluatatsiya qilinishi uchun javobgar shaxslar energetika obyektlari qonunchilik talablariga muvofiq ekspluatatsiya qilinishini, energetika qurilmalari holatining nazorat qilinishini, ishdagi, qurilmadagi va uning elementlaridagi nosozliklarni tekshirish va hisobga olishni, ekspluatatsion-taʼmirlash hujjatlari yuritilishini taʼminlashlari shart.

240. Energetika obyektlari, elektr stansiyalari va tarmoqlarining qurilmalari, uskunalari, bino va inshootlari xavfsiz ekspluatatsiya qilish qoidalariga, YOXQ va XTQga muvofiq boʻlishini taʼminlash, tashkilotning va korxonaning mulkini ehtiyot qilish va saqlash har bir xodimning asosiy vazifalaridan biri hisoblanadi.

241. Energetika tashkilotlari va ularning boʻlinmalari rahbarlari qoʻl ostidagi xodimlarning mazkur Qoidalarga rioya qilishi uchun javobgar hisoblanadi.

242. Mazkur Qoidalarni buzgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgar hisoblanadi.

243. Mazkur Qoidalarga rioya qilmaslik oqibatida energetika qurilmalarining ishida buzilishga, yongʻin chiqishiga yoki odamlar bilan baxtsiz hodisa sodir boʻlishiga yoʻl qoʻyilsa, quyidagi xodimlar:

uskunalar, bino va inshootlarga bevosita xizmat koʻrsatuvchi va taʼmirlovchi xizmatchilar — ularning aybi bilan sodir etilgan har bir buzilish uchun;

smena boshliqlari, shuningdek, navbatchi va tezkor-taʼmirlash xodimlari, energetika tizimining elektr va issiqlik tarmoqlari dispetcherlari — bevosita qoʻl ostidagi xodimlar yoki ularning koʻrsatmasi (farmoyishi) boʻyicha ishni bajaruvchi xodimlar tomonidan yoʻl qoʻyilgan buzilishlar uchun;

elektr stansiyalari hamda taʼmirlash korxonalari sexlari va boʻlinmalarining boshliqlari, ularning oʻrinbosarlari, ustalari va muhandislari, mahalliy ishlab chiqarish xizmatlarining, elektr tarmoqlari uchastkalari va taʼmirlash-mexanika xizmatlarining boshliqlari, ularning oʻrinbosarlari, ustalari va muhandislari — oʻzlari yoki qoʻl ostidagi xodimlar tomonidan yoʻl qoʻyilgan buzilishlar uchun;

korxonalarning (tashkilotlarning) direktorlari va bosh muhandislari, ularning oʻrinbosarlari — ular rahbarlik qilayotgan korxonalarda (tashkilotlarda) sodir etilgan buzilishlar uchun;

energetika tizimining markaziy xizmatlari vazifasini bajaruvchi ishlab chiqarish xizmatlarining boshliqlari va muhandis-texnik xizmatchilari — oʻzlari tomonidan yoʻl qoʻyilgan hamda energetika obyektining ularga biriktirilgan uchastkalari yoki uskunalarida xizmat koʻrsatuvchi boʻlinmalarning xodimlari aybi bilan sodir etilgan buzilishlar uchun;

energetika tizimining boshqaruv organi rahbarlari va ularning oʻrinbosarlari — energetika obyektlarida va energetika tizimining tashkilotlarida yuz bergan buzilishlar uchun;

loyiha, konstruktorlik, taʼmirlash, sozlash, ilmiy-tekshirish va montaj tashkilotlarining rahbarlari hamda muhandis-texnik xizmatchilari — oʻzlari va qoʻl ostidagi xodimlari tomonidan sodir etilgan buzilishlar uchun shaxsan javobgar boʻladilar.

244. Boʻlinma, energetika obyekti yoki tashkilotning rahbari mazkur Qoidalarga zid holda qabul qilingan qarori yoki farmoyishi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.

245. Energetika obyektlarining rahbarlari qurilishi tugallangan va foydalanishga qabul qilingan obyektlarni ishlab chiqaruvchi zavod, loyiha, qurilish va montaj tashkilotlarining aybi bilan zavod nuqsonlari va sodir etilgan uskunalar, bino va inshootlarda roʻy bergan buzilish holatlari boʻyicha belgilangan tartibda ekspluatatsiya qilinishi va kafolat muddatlaridan kelib chiqqan holda eʼtiroznomalar taqdim etishlari shart.

246. Energetika obyektlari tasarrufidagi havo va kabel elektr tarmogʻi obyektlari, gidrotexnik inshootlar va ularning nazorat-oʻlchov vositalari, priborlari va apparaturalari, yer osti va usti kommunikatsiyalari va uskunalari begona tashkilotlar va jismoniy shaxslar tomonidan shikastlanganda, ushbu energetika obyektlarining rahbarlari dalolatnomalar tuzishlari va ularni aybiga koʻra chora koʻrish uchun huquqni muhofaza qilish idoralariga hujjatlarni topshirishi kerak.

18-bob. Yakunlovchi qoida

248. Mazkur Qoidalar talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining elektr stansiyalari va tarmoqlarini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalariga ILOVA

Navbatchi xodimlar tomonidan ish faoliyatida foydalaniladigan texnik hujjatlar

Navbatchi xodimlar Hujjatlar nomi Energetika tizimining dispetcheri Tezkor ijro sxemasi (maket-sxema) Tezkor jurnal Dispetcherning boshqaruvi va tasarrufi ostidagi uskunalarni ishlashdan chiqarish boʻyicha buyurtmalar jurnali yoki kartotekasi Releli himoya, avtomatika va telemexanika jurnali Releli himoya va avtomatika uskunalarining kartalari Farmoyishlar jurnali - Elektr stansiyasi smena boshligʻi Sutkalik tezkor ijro sxemasi yoki maket-sxema Tezkor jurnal Dispetcherning tasarrufi ostidagi uskunalarni ishlashdan chiqarish boʻyicha dispetcherga beriladigan buyurtmalar jurnali yoki kartotekasi Dispetcherning tasarrufida boʻlmagan uskunalarni ishlashdan chiqarish boʻyicha bosh muhandisga beriladigan buyurtmalar jurnali Farmoyishlar jurnali - - Elektr sexining smena boshligʻi Sutkalik tezkor ijro sxemasi yoki maket-sxema Tezkor jurnal Releli himoya, avtomatika va telemexanika jurnali Releli himoya va avtomatika uskunalarining kartalari Farmoyishlar jurnali Naryadlar va farmoyishlar boʻyicha ishlarni hisobga olish jurnali Uskunalardagi nuqson va nosozliklar jurnali yoki kartotekasi Issiqlik sexlarining smena boshliqlari Asosiy quvurlarning tezkor ijro sxemasi Tezkor jurnal Farmoyishlar jurnali Naryadlar va farmoyishlar boʻyicha ishlarni hisobga olish jurnali Uskunalardagi nuqsonlar va nosozliklar jurnali yoki kartotekasi - - Issiqlik avtomatikasi sexining smena boshligʻi Tezkor jurnal Texnologik himoya va avtomatika jurnali va ABTning texnik vositalari jurnali Texnologik himoya va signalizatsiya uskunalari kartasi va avtorostlagichlarga topshiriq kartalari Farmoyishlar jurnali Naryadlar va farmoyishlar boʻyicha ishlarni hisobga olish jurnali Uskunalardagi nuqsonlar va nosozliklar jurnali yoki kartotekasi - Kimyo sexi smena boshligʻi Kimyoviy suv tozalashning tezkor ijro sxemasi Tezkor jurnal Farmoyishlar jurnali Naryadlar va farmoyishlar boʻyicha ishlarni hisobga olish jurnali Uskunalardagi nuqsonlar va nosozliklar jurnali yoki kartotekasi - - Elektr tarmogʻining dispetcheri Sutkalik tezkor ijro sxemasi (maket-sxema) Tezkor jurnal Energetika tizimi dispetcherining boshqaruvi va tasarrufi ostidagi uskunalarni taʼmirlashga (ishlashdan) chiqarish boʻyicha buyurtmalar jurnali yoki kartotekasi Releli himoya, avtomatika va telemexanika jurnali Releli himoya va avtomatika uskunalari kartasi Farmoyishlar jurnali - Doimiy navbatchilik qilinadigan podstansiyaning navbatchisi, tuman tarmogʻining dispetcheri Sutkalik tezkor ijro sxemasi yoki maket-sxema Tezkor jurnal Uskunalarni taʼmirlashga (ishlashdan) chiqarish boʻyicha buyurtmalar jurnali Releli himoya, avtomatika va telemexanika jurnali Releli himoya va avtomatika uskunalari kartasi Farmoyishlar jurnali Uskunalardagi nuqsonlar va nosozliklar jurnali yoki kartotekasi

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 18-oktabrdagi 609-son qaroriga 2-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining “Suv xoʻjaligi tashkilotlari tomonidan sanoat va energetika tashkilotlariga texnik suv yetkazib berish boʻyicha koʻrsatilgan xizmatlar uchun haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 12-dekabrdagi 1008-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

2-ilova quyidagi mazmundagi 10-band bilan toʻldirilsin:

“10. “Toʻraqoʻrgʻon issiqlik elektr stansiyasi” unitar korxonasi”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 18-oktabr,

609-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 19.10.2022-y., 09/22/609/0937-son; 12.09.2024-y., 09/24/564/0708-son)

lex.uz