📅 2022-yil 19-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 19-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 19 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 октября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 October 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР
РЎЙХАТИ
Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида давлат назоратини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 15 сентябрдаги ПФ-6314-сон Фармони ҳамда «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:
Текширувларни рўйхатга олиш китобини (кейинги ўринларда — Китобни) юритиш шакллари;
Китобга киритиладиган текширувлар тўғрисидаги маълумотлар ва уларни киритиш тартиби;
Китобни тўлдириш тартибига риоя қилишни мониторинг қилиш ва унинг ҳисобини юритиш;
б) Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ:
аттестация комиссиясини ташкил этиш ва унинг фаолиятини амалга ошириш;
аттестациядан ўтказиладиган ходимлар рўйхатини шакллантириш;
ходимларни аттестациядан ўтказиш ва унинг натижаси бўйича аттестация комиссияси қарорини қабул қилиш;
аттестациядан ўтган ходимга тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома бериш;
в) Назорат қилувчи органларнинг «хавфни таҳлил этиш» тизимларига қўйиладиган минимал талаблар 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида хавф даражасини таҳлил қилишга доир умумий талаблар;
хавф даражасининг таҳлили давомида ўрганиладиган маълумотлар тоифалари;
хавф даражаларининг таснифи ва уларни мезонлашга доир талаблар;
таснифланган хавф даражалари доирасида амалга ошириладиган тадбирлар.
2. Назорат қилувчи органлар бир ой муддатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахсларнинг электрон реестрини шакллантириш учун мазкур қарор қабул қилингунга қадар белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган ва тадбиркорлик субъектларини текшириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар тўғрисидаги маълумотларни «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги 611-сон қарорига 1-ИЛОВА
Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш ва юритиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текширишни мувофиқлаштирувчи ҳамда назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш қонунийлигини назорат қилиш ваколати берилган ташкилот;
Давлат назорати тизими — тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи «Ягона давлат назорати» ахборот тизими;
назорат қилувчи орган — тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонунчилик билан ваколат берилган вазирлик, идора, уларнинг тизимидаги бўлинмалар ва бошқа ташкилотлар;
назорат қилувчи орган мансабдор шахси — вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тадбиркорлик субъекти фаолиятини назорат қилувчи, тадбиркорлик субъектида юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этувчи ҳамда маъмурий ёки суд органларида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс;
тадбиркорлик субъекти — белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар;
Текширувларни рўйхатга олиш китоби — ўтказилган текширувлар тўғрисидаги ахборот ёзиб қўйиладиган электрон шаклидаги махсус китоб;
текширув — тадбиркорлик субъекти томонидан фаолиятни тартибга солувчи қонунчиликка қай даражада риоя этилаётганлигини керакли материаллар, ҳужжатлар ёки уларнинг фаолиятига доир маълумотларни олиш ҳамда муайян ҳаракатларни амалга ошириш орқали ўтказиладиган назорат қилиш тадбири.
3. Текширувларни рўйхатга олиш китобининг юритилишидан мақсад:
назорат қилувчи орган фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкораликни таъминлаш;
тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
тадбиркорлик субъектининг фаолиятига ноқонуний аралашувларга чек қуйиш;
давлат томонидан назорат қилиш тизимининг ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлаш.
4. Тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказиладиган барча текширишлар Давлат назорати тизимига киритилади.
5. Текширувларни рўйхатга олиш китоби тадбиркорлик субъекти томонидан электрон шаклида юритилади.
Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли Давлат назорати тизимида тадбиркорлик субъекти томонидан рўйхатдан ўтиш орқали юритилади.
6. Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли мажбурий тартибда тўлдирилади.
7. Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли бевосита тадбиркорлик субъектида тўлдирилади.
Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклига Давлат назорати тизимининг веб-саҳифаси ёки махсус мобиль илова орқали киритилади.
8. Текширувларни рўйхатга олиш китобида тадбиркорлик субъектининг тўлиқ номи, жойлашган жойи (почта манзили), унга берилган солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами тўғрисидаги маълумотлар бўлиши лозим.
9. Белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар Текширувларни рўйхатга олиш китобига киритилмайди.
10. Текширувларни рўйхатга олиш китоби мазкур Низомга иловадаги схемага мувофиқ тўлдирилади.
2-боб. Текширувларни рўйхатга олиш китобига текширишлар ҳақидаги ёзувларни киритиш
11. Текшириш бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбари (тадбиркорлик субъекти раҳбари бўлмаган тақдирда — унинг вазифасини бажарувчи шахс) назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсига Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш учун электрон шаклини тақдим этади.
12. Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси текшириш бошланишидан олдин қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик субъектининг раҳбарини (тадбиркорлик субъекти раҳбари бўлмаган тақдирда — унинг вазифасини бажарувчи шахсни) текшириш мақсади ва шартлари билан таништириши, қонунчиликда белгиланган ҳужжатларни тақдим этиши, Текширувларни рўйхатга олиш китобининг тегишли бўлинмаларига ёзувлар киритиши лозим.
13. Тадбиркорлик субъекти раҳбари (тадбиркорлик субъекти раҳбари бўлмаган тақдирда — унинг вазифасини бажарувчи шахс) Текширувларни рўйхатга олиш китобига киритилган маълумотларни текширувчи мансабдор шахс томонидан қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар билан таққослашга ҳақли.
14. Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси текшириш бошланишига кадар Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклига қуйидаги маълумотларни киритиши лозим:
Давлат назорати тизимида рўйхатдан ўтказилган текшириш рақами;
текширув ўтказаётган назорат қилувчи орган номи;
назорат қилувчи орган мансабдор шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, агар текширувчи мансабдор шахслар бир нечта бўлганда, улар тўғрисида ҳам маълумотлар;
назорат қилувчи орган мансабдор шахсининг махсус гувоҳномаси рақами, агар киритилган махсус гувоҳнома рақами Давлат назорати тизимидаги маълумотлар билан тўғри келмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектида ушбу мансабдор шахс томонидан текширув ўтказилишига йўл қўйилмайди;
текширув ўтказилаётган тадбиркорлик субъектининг манзили;
текширув ўтказиш учун асос бўлган буйруқ рақами ва санаси;
текширув тури, бунда Давлат назорати тизимида мавжуд бўлган текшириш тури ва унинг махсус коди;
текширув муддати;
текширувга аудитор ва экспертлар жалб қилинган тақдирда, жалб қилинган аудитор ва экспертларнинг исми, фамилияси, отасининг исми, иш жойи, фаолият йўналиши, уни жалб қилишга асос бўлган шартнома рақами ва санаси.
Текширув бир нечта назорат қилувчи орган томонидан ўтказилганда, бошқа назорат қилувчи орган томонидан ҳам ушбу бандда кўрсатилган маълумотлар киритилиши лозим.
Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклига киритилган маълумотлар тегишли равишда тасдиқлангандан сўнг уларни ўзгартириш имконияти мавжуд эмас, текширувга жалб қилинган аудитор ва экспертлар тўғрисидаги маълумотлар бундан мустасно.
15. Тадбиркорлик субъекти раҳбари (тадбиркорлик субъекти раҳбари бўлмаган тақдирда — унинг вазифасини бажарувчи шахс) текширув якунлангандан сўнг Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклига қуйидаги маълумотларни киритади:
текширув бошланган сана;
текширув тугаган сана;
ўтказилган текширувнинг давомийлиги;
текширув жараёнида талаб қилиб олинган ҳужжатлар;
текширув жараёнида қўлланилган таъсир чоралар (ёзма кўрсатма, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, молиявий ва иқтисодий жарималарни қўллаш тўғрисида қарорлар ва суд қарорлари);
текширувда учинчи шахслар қатнашганлиги тўғрисида маълумот (тадбиркорлик субъектининг сўрови асосида жалб этилган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва тадбиркорлик субъекти аъзо бўлган бирлашмаларнинг вакиллари, шартнома асосида жалб қилинган солиқ маслаҳатчилари, таржимон ва адвокатлар).
Тадбиркорлик субъекти Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклига фаолиятида ўтказилган текшириш бўйича баҳо бериши ҳамда текширув жараёнида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериши мумкин.
16. Текширувчи мансабдор шахс Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортса ёки мазкур Низомда кўрсатилган маълумотларни таққослаш натижасида тафовутлар аниқланган тақдирда, текширувчи мансабдор шахс текширишга қўйилмайди. Бунда тадбиркорлик субъекти раҳбари (тадбиркорлик субъект раҳбари бўлмаган тақдирда — унинг вазифасини бажарувчи шахс) Ваколатли органга мурожаат этишга ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришга ҳақли.
3-боб. Якунловчи қоидалар
17. Тадбиркорлик субъектининг фаолиятига ноқонуний аралашишларнинг олдини олиш мақсадида назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартибига риоя қилинаётганлиги бўйича мониторинг ваколатли орган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан амалга оширилади.
18. Ваколатли орган Текширувларни рўйхатга олиш китобининг ҳисобини Давлат назорати тизимида юритади.
19. Назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан мазкур Низом талабларига риоя этмаслик ҳолати тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш тартибини бузиш деб баҳоланади.
20. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбари бўлмаганда — унинг вазифасини бажарувчи шахс) Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсига Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш учун электрон шаклини тақдим этади. Текшириш бошланишидан олдин 2-босқич Назорат қилувчи орган мансабдор шахси Қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик субъектининг раҳбарини (тадбиркорлик субъекти раҳбари бўлмаган тақдирда — унинг вазифасини бажарувчи шахсни) текширув мақсади ва шартлари билан таништиради, қонунчиликда белгиланган ҳужжатларни тақдим этади, Текширувларни рўйхатга олиш китобининг тегишли бўлинмаларига ёзувлар киритади. Текширув бир нечта назорат қилувчи орган томонидан ўтказилганда, барча назорат қилувчи органлар Текширувларни рўйхатга олиш китобининг тегишли бўлинмаларига ёзувлар киритади. Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклига киритилган маълумотлар тегишли равишда тасдиқлангандан сўнг уларни ўзгартириш имконияти мавжуд эмас, текширувга жалб қилинган аудитор ва экспертлар тўғрисидаги маълумотлар бундан мустасно. Текшириш бошланишидан олдин 3-босқич Тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбари бўлмаганда — унинг вазифасини бажарувчи шахс) Текширувларни рўйхатга олиш китобига киритилган маълумотларни текширувчи мансабдор шахс томонидан қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар билан таққослашга ҳақли. Текшириш бошланишидан олдин 4-босқич Тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбари бўлмаганда — унинг вазифасини бажарувчи шахс) Текширувчи мансабдор шахс Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортса ёки мазкур Низомда кўрсатилган маълумотларни таққослаш натижасида тафовутлар аниқланган тақдирда, текширувчи мансабдор шахсни текширишга қўймайди. Ваколатли органга мурожаат этишга ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришга ҳақли. Текшириш бошланишидан олдин 5-босқич Тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбари бўлмаганда — унинг вазифасини бажарувчи шахс) Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклига тегишли маълумотларни киритади. Тадбиркорлик субъекти Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклига фаолиятида ўтказилган текширишга баҳо бериши ва текширув жараёнида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериши мумкин. Текширув якунлангандан сўнг
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги 611-сон қарорига 2-ИЛОВА
Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан (кейинги ўринларда — Аттестация) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текширишни мувофиқлаштирувчи ҳамда назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш қонунийлигини назорат қилиш ваколати берилган ташкилот;
давлат назорати тизими — тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи «Ягона давлат назорати» ахборот тизими;
назорат қилувчи орган — тадбиркорлик субъекти фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонунчилик билан ваколат берилган вазирлик, идора, уларнинг тизимидаги бўлинмалар ва бошқа ташкилотлар;
назорат қилувчи орган мансабдор шахси — вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тадбиркорлик субъекти фаолиятини назорат қилувчи, тадбиркорлик субъектида юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этувчи ҳамда маъмурий ёки суд органларида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс;
тадбиркорлик субъекти — белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар.
3. Аттестация назорат қилувчи органнинг тадбиркорлик субъекти фаолиятини текширувчи мансабдор шахсларининг (кейинги ўринларда — мансабдор шахс) малакаси ва профессионаллик даражасини баҳолаш, шунингдек, уларнинг назорат органи фаолиятига ҳамда тадбиркорлик субъекти фаолиятини текширишга тааллуқли қонунчилик талабларига риоя этилиши учун масъулиятини ошириш мақсадида ўтказилади.
Солиқ органларининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали маркировкаланган товарлар ҳаракатини кузатиш асосида аниқланган ҳуқуқбузарлик бўйича масофавий солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахслари аттестациядан ўтказилмайди.
4. Қонунийлик, мажбурийлик, ошкоралик, холислик ва коллегиаллик Аттестацияни ўтказишнинг асосий тамойиллари ҳисобланади.
5. Аттестациядан ўтиши керак бўлган мансабдор шахслар сони қонунчилик билан назорат қилувчи орган ҳамда унинг мансабдор шахсларига қўйилган талаблардан келиб чиқиб, ҳар бир назорат қилувчи орган томонидан аниқланади.
6. Мансабдор шахслар Аттестациядан назорат қилувчи орган томонидан уч йилда камида бир марта ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича ўтказилади.
7. Қуйидагилар Аттестациянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
юқори малакага эга ва масъулиятли мансабдор шахслар тоифасини аниқлаш;
мансабдор шахсларнинг касб тайёргарлигини, уларни қайта тайёрлаш ёки малакасини ошириш зарурлигини аниқлаш;
тадбиркорлик субъекти фаолиятида профилактика тадбирларини амалга оширишни ташкил этиш ва текширувлар қонунчилик талаблари асосида ўтказилишини таъминлаш;
тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш жараёнида коррупция ҳолатларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва қонунийликни таъминлаш.
2-боб. Аттестация комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш
8. Аттестация назорат қилувчи орган раҳбарининг буйруғи асосида ташкил этиладиган ва беш кишидан иборат бўлган Аттестация комиссияси томонидан ўтказилади.
Аттестация комиссияси раис, котиб ва комиссия аъзоларидан ташкил топади. Бунда Аттестация комиссиясининг раиси ушбу Низомнинг 9-бандига мувофиқ белгиланади. Комиссия таркиби назорат қилувчи органнинг тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш мажбуриятига кирмайдиган шахслардан шакллантирилади.
Назорат қилувчи орган раҳбарининг буйруғи билан унинг ҳудудий бўлинмаларида ҳудудий ёки ҳудудлараро Аттестация комиссиялари ташкил этилади. Бунда назорат қилувчи органнинг ҳудудий бўлинмаси бошлиғи ҳудудий ёки ҳудудлараро Аттестация комиссиялари раиси ҳисобланади.
Назорат қилувчи органнинг юридик шахс мақомига эга бўлган ҳудудий бўлинмалари мавжуд бўлмаган тақдирда, Аттестация республика комиссияси томонидан ўтказилади.
9. Аттестация комиссияси таркиби комиссия раиси ва 4 нафар комиссия аъзоларидан иборат бўлиши лозим. Комиссия таркиби 2 нафар назорат қилувчи орган ва 1 нафардан ваколатли орган, Савдо-саноат палатаси ва тадбиркорлик субъекти вакилларидан шакллантирилади.
Назорат қилувчи орган ёки унинг юридик шахс мақомига эга бўлган тегишли ҳудудий бўлинмаси раҳбари (раҳбари ўринбосари) Аттестация комиссияси раиси ҳисобланади.
Аттестация комиссияси тўғрисидаги маълумотлар назорат қилувчи органнинг расмий веб-саҳифасида жойлаштирилиши лозим.
10. Ҳудудий ёки ҳудудлараро Аттестация комиссия таркиблари ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган идораларнинг ҳудудий бўлинмалари вакилларидан шакллантирилади.
11. Аттестация комиссияси ўз фаолиятини доимий равишда амалга оширади, унинг фаолиятини ташкил этиш Аттестация комиссиясининг ишчи органи томонидан таъминланади.
Назорат қилувчи органнинг кадрлар билан ишловчи таркибий бўлинмаси ишчи орган функциясини бажаради ва унинг вакили Аттестация комиссиясининг котиби ҳисобланади.
Ишчи орган қуйидаги функцияларни бажаради:
назорат қилувчи органнинг тегишли тузилмаси билан биргаликда Аттестацияни ўтказиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди;
Аттестацияни ўтказиш учун мансабдор шахслар рўйхатини тузади ва Аттестация комиссиясига тақдим этади;
Аттестацияни ўтказиш учун саволлар рўйхатини тайёрлайди ҳамда келишиш учун Комиссия аъзоларига юборилишини таъминлайди;
Аттестация ўтказиладиган сана ва жой тўғрисида Комиссия аъзолари билан келишади ҳамда бу ҳақда мансабдор шахсларга хабар қилади;
манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликни таъминлайди;
Аттестация комиссияси тўғрисидаги маълумотларни веб-саҳифага жойлаштириш чораларини кўради;
ушбу Низомга мувофиқ Аттестация комиссиясининг иши ҳамда қарорлари ижроси билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этади.
12. Аттестация комиссияси Аттестацияни ўтказишда:
Аттестациядан ўтаётган мансабдор шахс ҳақида қисқача ахборотни эшитади;
Аттестациядан ўтаётган мансабдор шахсга саволлар беради;
Аттестация якунлари бўйича очиқ овоз беришни ўтказади;
Аттестациядан ўтаётган мансабдор шахс фаолиятини яхшилаш бўйича тавсиялар беради;
тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор қабул қилади;
мансабдор шахсга аввал берилган тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномани бекор қилиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади;
Аттестацияни ўтказишга тегишли бошқа вазифаларни ҳал этади.
13. Аттестация комиссияси Аттестация ошкора, холисона ва адолатли ўтказилиши учун жавоб беради.
3-боб. Аттестацияни ўтказиш
14. Назорат қилувчи орган раҳбари ваколатли орган билан келишилган, Аттестациядан ўтиши керак бўлган мансабдор шахслар рўйхатини тасдиқлайди ва Аттестацияни ўтказиш ҳақида буйруқ чиқаради.
15. Аттестациядан ўтиши керак бўлган мансабдор шахслар рўйхатига:
тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар (бундан солиқ органларининг масофавий солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахслари мустасно);
махсус гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаган ёки шу ой мобайнида тугайдиган мансабдор шахслар;
тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини олишга тавсия қилинган, камида икки йиллик (сайёр солиқ текширувини ўтказиш бўйича камида уч ойлик) меҳнат стажига эга бўлган мансабдор шахслар киритилади.
Ушбу рўйхатга олдин тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини олган, бироқ тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш билан боғлиқ бўлмаган лавозимга тайинланган мансабдор шахслар, шунингдек, тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш соҳасида қонунчилик бузилиши муносабати билан бундай ҳуқуқдан маҳрум этилган мансабдор шахслар киритилмайди.
16. Аттестацияни ўтказиш муддати бўйича назорат қилувчи органнинг раҳбари томонидан мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқининг амал қилиши муддати тугаши, назорат қилувчи органнинг тузилмаси, штат бирлиги ўзгариши, кадрлар қўнимсизлиги ва бошқа омиллар инобатга олинган ҳолда ташаббус кўрсатилади.
17. Назорат қилувчи органнинг тегишли тузилмаси раҳбари томонидан ишчи органга Аттестациядан ўтиши керак бўлган ҳар бир мансабдор шахс тўғрисида хизмат тавсифномаси тақдим этилади.
Аттестациядан ўтказиладиган мансабдор шахс Аттестациядан камида икки ҳафта олдин Аттестацияни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан имзо қўйдирилган ҳолда таништирилиши керак.
18. Аттестация комиссиясининг йиғилиши Аттестация комиссияси тасдиқлаган таркибнинг тўртдан уч қисми қатнашса, ваколатли ҳисобланади.
19. Аттестация Аттестациядан ўтаётган мансабдор шахс билан савол-жавоб шаклида ўтказилади.
20. Аттестациядан ўтишда Аттестациядан ўтказилувчиларга электрон мосламалардан, маълумотнома, махсус ёки бошқа адабиётлардан, шунингдек, ҳар қандай ёзувлардан фойдаланиш ман этилади. Кўрсатилган талаблар бузилган ҳолларда, Аттестациядан ўтказилувчилар Аттестациядан четлатилади ва Аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланади.
21. Комиссия йиғилишида бегона шахсларнинг иштирок этишига рухсат берилмайди.
22. Аттестация қоида тариқасида назорат қилувчи орган белгилаган жойда ўтказилади. Назорат қилувчи орган Аттестация жараёни реал вақт режимида (онлайн) кузатиб борилишини таъминлаши лозим. Комиссия аъзолари Аттестацияда зарурат вужудга келган тақдирда видео-конференция алоқа воситалари орқали иштирок этиши мумкин.
23. Аттестация комиссияси котиби ҳар бир Аттестациядан ўтказилувчи мансабдор шахс ҳақидаги маълумотномани Аттестация ўтказиш санасидан камида бир ҳафта олдин комиссияга тақдим этади.
24. Аттестация ўтказилишидан камида 15 кун олдин Аттестация комиссияси билан келишилган ҳолда, ишчи орган томонидан саволлар рўйхати тузилади, ушбу рўйхат Аттестация комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.
Рўйхатга мажбурий равишда тадбиркорлик субъекти фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга боғлиқ саволлар ва вазиятли вазифалар — тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш вақтида содир бўладиган ва/ёки содир бўлиши мумкин бўлган вазиятлар ҳамда тегишли тадбиркорлик субъекти томонидан қонунни бузиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текшириш ташаббуси билан чиқишни назарда тутувчи «хавфни таҳлил этиш» тизимига оид саволлар киритилиши шарт.
25. Ҳар бир Аттестациядан ўтувчи мансабдор шахсга икки нусхада ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ Аттестация варақаси тузилади.
26. Аттестация комиссияси томонидан Аттестациядан ўтувчи мансабдор шахс ҳақидаги тавсифнома ва саволларга берилган жавобларни инобатга олган ҳолда, ҳар бир Аттестациядан ўтувчи мансабдор шахсга нисбатан очиқ овоз бериш йўли билан алоҳида қарор қабул қилинади. Қарор Аттестацияда иштирок этган Аттестация комиссияси аъзоларининг кўпчилиги овоз берганда, қабул қилинган деб ҳисобланади. Аттестация комиссияси аъзоларининг овозлари тенг бўлган тақдирда, Аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
27. Аттестация натижаси бўйича Аттестация комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
мансабдор шахс Аттестациядан ўтди;
мансабдор шахс Аттестациядан ўтмади.
Аттестация комиссияси аъзолари овоз бериш жараёнида бетараф қолиши мумкин эмас.
28. Аттестация комиссиясининг қарори овоз бериш жараёни тугаши билан эълон қилинади ва Аттестация қатнашчилари Аттестация варақаларига имзо чекишади.
29. Аттестация якуни бўйича Аттестация комиссияси томонидан қабул қилинган қарор Аттестация комиссияси раиси, котиби ҳамда аъзолари томонидан имзоланадиган Аттестация варақасига киритилади.
Агар Аттестациядан ўтказилувчи ўзининг Аттестация варақасини имзолашга рози бўлмаса, бу ҳақда тегишли белги қўйилади.
Аттестация варақасининг иккинчи нусхаси Аттестация ўтказилгандан кейин бир кун муддатда Аттестациядан ўтган мансабдор шахсга имзо қўйдирилган ҳолда тақдим этилади.
30. Аттестация якунлари бўйича икки кун муддатда баённома тузилади. Баённомада Аттестация ўтказилган сана ва жой, Аттестация комиссиясининг қарори кўрсатилади ҳамда Аттестация варақалари илова қилинади. Баённома Аттестация комиссияси раиси ва котиби томонидан имзоланади.
31. Аттестациядан ўтган мансабдор шахсга Аттестация комиссияси томонидан белгиланадиган Аттестацияни ўтказиш даврийлиги муддатига тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқи берилади.
32. Аттестацияга узрли сабабларга кўра (касаллиги, хизмат сафарида бўлганлиги ва бошқа сабаблар туфайли) келмаган мансабдор шахслар Аттестация комиссиясининг кейинги йиғилишига қўйиладиган ходимлар рўйхатига киритилади.
33. Аттестация комиссияси томонидан Аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланган мансабдор шахс такрорий Аттестацияга камида олти ойдан кейин қўйилиши мумкин.
34. Аттестациядан ўтмаган мансабдор шахсга тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ман этилади. Назорат қилувчи орган раҳбари мазкур мансабдор шахсни унинг розилиги билан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш билан боғлиқ бўлмаган лавозимга ўтказиши мумкин.
35. Тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш даврида мансабдор шахс томонидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган ва/ёки қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилган бўлса, унга берилган ҳуқуқ Аттестация комиссияси томонидан бекор қилинади.
Аттестация комиссияси томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқи бекор қилинган мансабдор шахс қайта Аттестацияга камида бир йилдан кейин қўйилиши мумкин.
4-боб. Назорат қилувчи орган мансабдор шахсларининг электрон реестрини шакллантириш ва юритиш
36. Назорат қилувчи орган мансабдор шахсларининг электрон реестри Давлат назорати тизимида назорат қилувчи орган томонидан шакллантирилади ва ваколатли орган томонидан юритилади.
37. Аттестация натижаларига асосан ишчи орган назорат қилувчи орган мансабдор шахсларининг қуйидаги маълумотларини Давлат назорати тизимига киритади:
назорат қилувчи орган номи;
назорат қилувчи органнинг Аттестация ўтказилган бўлинмаси номи;
Аттестацияни ўтказиш санаси;
Аттестация комиссиясининг баённома нусхаси;
Аттестациядан муваффақиятли ўтган тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг исми, фамилияси, отасининг исми, лавозими, махсус гувоҳномасининг амал қилиш муддати, паспорти серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;
Аттестациядан ўта олмаган ходимларнинг исми, фамилияси, отасининг исми, лавозими, паспорти серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами.
38. Аттестация якунлари бўйича тегишли баённома расмийлаштирилгандан сўнг ушбу Низомнинг 37-бандида кўрсатилган маълумотлар Давлат назорати тизимига бир иш кунида киритилиши лозим.
39. Ваколатли орган назорат қилувчи орган томонидан Давлат назорати тизимига киритилган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўлиқлилигини уч иш кунида текширади.
Давлат назорати тизимига киритилган маълумотлар тўлиқ бўлмаган ёки Аттестация натижаларига номувофиқ бўлган тақдирда, ваколатли орган томонидан ушбу маълумотлар қайта кўриб чиқиш учун назорат қилувчи органга қайтарилади.
40. Назорат қилувчи орган томонидан Давлат назорати тизимига киритилган маълумотлар ваколатли орган томонидан тасдиқлангандан сўнг Аттестациядан муваффақиятли ўтган мансабдор шахсларга автоматлаштирилган тарзда тартиб рақами берилади.
Давлат назорати тизимида ҳар бир мансабдор шахсга берилган тартиб рақам уларга бериладиган тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳноманинг рақами ҳисобланади.
5-боб. Тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома
41. Аттестация комиссияси томонидан Аттестациядан ўтган мансабдор шахсга ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ махсус гувоҳнома берилади.
42. Махсус гувоҳнома бланкаларини тайёрлаш, бериш, сақлаш ва ҳисобини олиб бориш назорат қилувчи органнинг маблағлари ҳисобидан, мансабдор шахсларнинг хизмат гувоҳномалари учун белгиланган тартиб ҳамда ушбу Низомнинг 40-банди талаблари бўйича амалга оширилади.
43. Махсус гувоҳнома йўқотилган ёки фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келган ҳолларда, мансабдор шахснинг мурожаати асосида назорат қилувчи орган ёки унинг ҳудудий бўлинмасининг буйруғи билан унга дубликат берилиши мумкин.
Мансабдор шахсга янги махсус гувоҳнома беришда унга «Дубликат» белгиси қўйилади. Қайта расмийлаштириш ва махсус гувоҳнома дубликатини бериш учун Аттестациядан ўтиш талаб этилмайди.
44. Назорат қилувчи органнинг тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган, ушбу назорат қилувчи органнинг тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш билан боғлиқ бошқа лавозимига ўтган мансабдор шахсига дастлаб берилган махсус гувоҳноманинг амал қилиши муддатига янги лавозими кўрсатилган ҳолда янги махсус гувоҳнома берилади.
45. Мансабдор шахс билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ёки у тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ бўлмаган лавозимга ўтганда, махсус гувоҳнома ишчи органга қайтарилиши шарт.
Ишчи орган махсус гувоҳномани қайтариб олган кундан эътиборан бир иш куни мобайнида бу ҳақда ваколатли органни хабардор қилиши лозим. Бунда ваколатли орган Давлат назорати тизимидаги назорат қилувчи орган мансабдор шахсларининг электрон реестрида меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш билан боғлиқ бўлмаган лавозимга ўтган мансабдор шахс тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартириш киритади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
46. Аттестацияни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар тегишли назорат қилувчи орган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
47. Аттестация ўтказиш билан боғлик ушбу Низомда белгиланмаган масалалар Аттестация комиссияси томонидан овоз бериш орқали ҳал этилиши мумкин.
48. Аттестация комиссиясининг қарори юзасидан белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.
49. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Назорат қилувчи орган Ваколатли орган билан келишилган — Аттестациядан ўтиш керак бўлган мансабдор шахслар рўйхатини тасдиқлайди, Аттестация ўтказиш ҳақида буйруқ чиқаради. Доимий равишда 2-босқич Аттестация комиссияси ишчи органи Аттестация комиссияси билан келишилган ҳолда ишчи орган томонидан саволлар рўйхати тузилади ва ушбу рўйхат назорат қилувчи органнинг раҳбари томонидан тасдиқланади. Аттестация ўтказилишидан камида 15 кун олдин 3-босқич Аттестация комиссияси ишчи органи Аттестациядан ўтказиладиган мансабдор шахсларни Аттестация ўтказилиши ҳақида буйруқ билан унга имзо қўйдирган ҳолда таништиради. Аттестация ўтказилишидан камида 2 ҳафта олдин 4-босқич Аттестация комиссияси ишчи органи Аттестациядан ўтказиладиган мансабдор шахсларга хизмат тавсифномаси ҳамда маълумотномаларни тайёрлайди. Аттестация ўтказилишидан камида 2 ҳафта олдин 5-босқич Аттестация комиссияси Комиссия аъзолари орасидан яширин овоз бериш орқали Аттестация комиссияси раисини сайлайди. Аттестация бошланишидан олдин 6-босқич Аттестация комиссияси Аттестация мансабдор шахс билан савол-жавоб тарзида ўтказилади. Аттестация давомида 7-босқич Аттестация комиссияси 1. Овоз бериш йўли билан қарор қабул қилади; 2. Комиссия қарорини эълон қилади; 3. Аттестация варақаларини имзолайди. Аттестация якунлари бўйича 8-босқич Аттестация комиссияси ишчи органи Аттестация варақасининг иккинчи нусхасини Аттестациядан ўтган мансабдор шахсга тақдим қилади. Аттестация ўтказилгандан сўнг 1 кун мобайнида 9-босқич Аттестация комиссияси ишчи органи Аттестация ўтказилган сана ва жой, Аттестация комиссияси қарори кўрсатилган ҳамда Аттестация варақалари илова қилинган ҳолда Аттестация якунлари бўйича баённома тузади. Аттестация якунлари бўйича 2 кун мобайнида 10-босқич Аттестация комиссияси ишчи органи Аттестацияда қатнашган мансабдор шахслар ҳақида маълумотларни назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг электрон реестри Давлат назорати тизимига киритади. Аттестация якунлари бўйича тегишли баённома расмийлаштирилгандан сўнг 1 иш куни мобайнида 11-босқич Ваколатли органи Назорат қилувчи органлар томонидан Давлат назорати тизимига киритилган маълумотларнинг ишончлиги ҳамда тўлиқлигини текширади ва тасдиқлайди. Маълумотлар Давлат назорати тизимига киритилгандан сўнг 3 иш куни мобайнида 12-босқич Аттестация комиссияси ишчи органи Аттестациядан ўтган мансабдор шахсларга назорат органи мансабдор шахсларининг электрон реестри Давлат назорати тизими орқали берилган махсус тартиб рақамни кўрсатган ҳолда тадбиркорлик субъектларини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномани беради. Аттестация якунлари бўйича 13-босқич Аттестация комиссияси ишчи органи Назорат органининг расмий веб-саҳифасида Аттестация комиссияси аъзолари тўғрисидаги ҳамда ўтказилган Аттестация натижалари ҳақидаги маълумотларни жойлайди. Аттестация якунлари бўйича
Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш бўйича АТТЕСТАЦИЯ ВАРАҚАСИ ____________________________________________________________________ (эгаллаб турган лавозими) ____________________________________________________________________ (мансабдор шахснинг Ф.И.О.) Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш тўғрисида ____________________________________________________________________ (назорат қилувчи орган номи) Аттестация комиссияси қарори: _________________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________________ Аттестация комиссияси раиси: ____________ (имзо) __________________________________ (Ф.И.О.) Аттестация комиссияси аъзолари: ____________ (имзо) ____________ (имзо) ____________ (имзо) ____________ (имзо) __________________________________ (Ф.И.О.) __________________________________ (Ф.И.О.) __________________________________ (Ф.И.О.) __________________________________ (Ф.И.О.) Аттестация комиссияси котиби: ____________ (имзо) __________________________________ (Ф.И.О.) 20___ й. ____ _____________ Аттестация комиссиясининг қарори билан танишдим, ушбу Аттестация варақасининг иккинчи нусхасини олдим. ______________________________________ (сана, имзо, мансабдор шахснинг Ф.И.О.) 20___ й. ____ _____________
Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
__________________________________ (назорат қилувчи органнинг номи) Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи МАХСУС ГУВОҲНОМА № ______ __________________________________ (мансабдор шахснинг Ф.И.О.) __________________________________ (эгаллаб турган лавозими) Аттестация комиссиясининг 20____ йил _____ _________________даги ______-сон қарорига асосан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини 20____ йил _____ _________________гача текшириш ҳуқуқи берилди. Хизмат гувоҳномаси билан биргаликда кўрсатилади. Муҳр ўрни ___________________________________________________________________________ (назорат қилувчи орган раҳбарининг имзоси Ф.И.О.)
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги 611-сон қарорига 3-ИЛОВА
Назорат қилувчи органларнинг «хавфни таҳлил этиш» тизимларига қўйиладиган
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур минимал талаблар назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонунни бузиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи «хавфни таҳлил этиш» тизимини ишлаб чиқишга доир минимал талабларни белгилайди. Ушбу минимал талаблар божхона органлари томонидан божхона назоратини амалга оширишда қўлланиладиган хавфни бошқариш тизимига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Мазкур минимал талабларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текширишни мувофиқлаштирувчи ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш қонунийлигини назорат қилиш ваколати берилган ташкилот;
назорат қилувчи орган — тадбиркорлик субъекти фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонунчилик билан ваколат берилган вазирлик, идора, уларнинг тизимидаги бўлинмалар ва бошқа ташкилотлар;
тадбиркорлик субъекти — белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар;
текширув — тадбиркорлик субъекти томонидан фаолиятни тартибга солувчи қонунчиликка қай даражада риоя этилаётганлигини керакли материаллар, ҳужжатлар ёки уларнинг фаолиятига доир маълумотларни олиш ҳамда муайян ҳаракатларни амалга ошириш орқали ўтказиладиган назорат қилиш тадбири;
«хавфни таҳлил этиш» тизими — назорат қилувчи органлар томонидан тегишли назорат соҳаси бўйича аниқ мезонларга асосланиб, тадбиркорлик субъекти томонидан ўз фаолиятида қонунчилик бузилиш хавфи даражасини аниқлаш механизми.
3. Мазкур минимал талаблар назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятида «хавфни таҳлил этиш» тизимини ишлаб чиқишда инобатга олиниши мажбурийдир.
4. Ишлаб чиқилган «хавфни таҳлил этиш» тизими асосида аниқланган ҳуқуқбузарлик хавфи қай даражада бўлишидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектига нисбатан таъсир чораларини қўллашга асос бўла олмайди.
5. Минимал талабларга зид бўлган «хавфни таҳлил этиш» тизимлари тадбиркорлик субъектида текширув ўтказиш ташаббуси билан чиқишга асос бўлмайди.
2-боб. Хавф даражасини таҳлил қилишга доир умумий талаблар
6. Тадбиркорлик субъектининг қонунни бузиш хавфи даражасини таҳлил қилиш жараёни тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб туриш, унга тўсқинлик қилиш ёки фаолиятини амалга оширишга тўғридан-тўғри аралашишни назарда тутувчи хатти-ҳаракатларни ўз ичига олмаслиги зарур.
7. Хавф даражасининг таҳлили қуйидаги маълумотларни ўрганиш асосида амалга оширилиши мумкин:
маъмурий маълумотлар (лицензия, рухсат этувчи ва давлат органларида мавжуд бошқа ҳужжатлар);
даврий статистика маълумотлари, жумладан, аввал ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган тадбиркорлик субъектини умумлаштирувчи белгилар, хабарлар ва бошқа корреляцион таҳлил натижалари;
юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатлар;
оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар;
назорат хариди натижалари асосида аниқланган камчиликларнинг таҳлили;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ва тадбиркорлик субъектининг одатий фаолиятига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатмаган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олиниши мумкин бўлган бошқа маълумотлар.
8. Хавф даражаси таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектидан ҳужжатлар ва ахборотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
9. Хавф даражаси таҳлили назорат қилувчи орган томонидан бир йилда камида бир маротаба амалга оширилиши лозим.
10. Хавф даражаси таҳлили назорат қилувчи органнинг назорат ваколати доирасида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектида ўтказилади.
Назорат қилувчи органнинг назорат ваколатига кирмайдиган тадбиркорлик субъекти фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш тақиқланади.
3-боб. Хавф даражалари таснифи ва уларни мезонлашга доир талаблар
11. Хавф даражасини баҳолаш ўрганиладиган маълумотлар асосида шакллантирилган кўрсаткичлар ва мезонларга тадбиркорлик субъекти фаолиятининг мувофиқлигини «балл» тизими асосида баҳолаш орқали амалга оширилади.
12. Баҳолаш жараёни ўрганиладиган маълумотлар асосида тадбиркорлик субъекти фаолиятида ҳуқуқбузарлик аломатлари ҳақида хабар берувчи энг камида 5 та асосий кўрсаткични ўз ичига олиши шарт.
13. Ҳар бир асосий кўрсаткичнинг баҳоси ушбу кўрсаткич остидаги суб-кўрсаткичлар баҳосининг йиғиндисидан келиб чиқади. Ҳар бир асосий кўрсаткичларнинг баҳоси ушбу кўрсаткичларнинг муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда бир-биридан фарқ қилиши мумкин.
14. Ҳар бир асосий кўрсаткич камида 5 та аниқлаштирувчи суб-кўрсаткични ўз ичига олган бўлиши лозим.
15. Суб-кўрсаткичларни баҳолашда қай ҳолларда неча балл баҳо берилишини аниқ кўрсатувчи мезонлар белгиланиши шарт. Мезонларни белгилашда ноаниқ ёки маълум бир сонлар оралиғида танлаш ҳуқуқини берувчи қоидаларни ишлатиш тақиқланади. Баҳолаш мезонлари аниқ ҳолат учун аниқ баҳони назарда тутиши лозим.
16. Баҳолаш жараёни қуйидаги тартибда амалга оширилиши лозим:
мезонлар асосида суб-кўрсаткичларни баҳолаш, ҳар бир суб-кўрсаткич баҳосини белгилаш;
суб-кўрсаткичларнинг баҳосини умумлаштириш орқали ҳар бир асосий кўрсаткич баҳосини чиқариш;
асосий кўрсаткичлар баҳосини умумлаштириш орқали ҳар бир тадбиркорлик субъекти фаолиятида ҳуқуқбузарлик хавфи даражасининг умумий баллари аниқланади.
17. Амалга оширилган баҳолаш натижасида аниқланган хавф даражасининг умумий баллари асосида тадбиркорлик субъекти томонидан ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи қуйидаги уч хил тоифага таснифланади:
хавфи юқори — баҳоланган барча тадбиркорлик субъекти баллари умумий йиғиндисининг 20 фоиз қисмини ташкил этувчи энг юқори хавф даражаси балларига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари;
хавфи ўртача — баҳоланган барча тадбиркорлик субъекти баллари умумий йиғиндисининг хавфи юқори бўлган 20 фоиз қисмини истисно этган ҳолда, 50 фоиз қисмини ташкил этувчи энг юқори хавф даражаси балларига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари;
хавфи паст — баҳоланган тадбиркорлик субъектининг хавф даражаси баллари паст бўлган қолган тадбиркорлик субъектлари.
4-боб. Таснифланган хавф даражалари доирасида амалга ошириладиган тадбирлар
18. Баҳолаш натижаларига мувофиқ ҳуқуқбузарлик хавфи юқори ва ўрта таснифидаги тадбиркорлик субъектида қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилиши лозим.
19. Текширув ўтказишга ташаббус билан чиқиш фақат ҳуқуқбузарлик хавфи юқори таснифидаги тадбиркорлик субъекти доирасида профилактика тадбирлари ўтказилгандан сўнг ҳам ҳуқуқбузарлик содир этиш аломатлари ижобий томонга ўзгармаган ҳолатлардагина амалга оширилиши мумкин.
20. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори таснифидаги тадбиркорлик субъектида профилактика тадбирларини ўтказмасдан ва уларнинг натижасини кутмасдан қуйидаги ҳолатлар доирасида тадбиркорлик субъектида текширув ўтказиш ташаббуси билан чиқиш мумкин:
инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилишининг юқори хавфи мавжуд бўлганда;
жамоат хавфсизлигига зарар етказиш хавфининг олдини олиш учун кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар;
атроф муҳитга жиддий зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланганда;
жисмоний ва юридик шахслар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларга моддий зарар етказилаётганлиги ҳолатлари аниқланганда;
текширувлар ўтказилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари мавжуд бўлганда;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.
21. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача таснифидаги тадбиркорлик субъектида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймасликка қаратилган профилактика тадбирларини ўтказиш шарт. Кейинги давр учун баҳолаш натижаларига кўра, тадбиркорлик субъекти фаолиятини баҳолаш натижасида салбий ўзгариш кузатилганда, тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш бўйича ташаббуси билан чиқиш мумкин.
22. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст таснифидаги тадбиркорлик субъекти фаолиятига ҳар қандай аралашувларга йўл қўйилмайди.
23. «Хавфни таҳлил этиш» тизими, ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражасидан қатъи назар, тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказиладиган барча текширувларни «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли орган билан келишилган ёки хабардор этган ҳолда ўтказилишини назарда тутиши лозим.
5-боб. Якуний қоидалар
24. Назорат қилувчи органлар томонидан ишлаб чиқилган «хавфни таҳлил этиш» тизими мажбурий равишда ваколатли орган ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
25. Назорат қилувчи органларида «Хавфни таҳлил этиш» тизимининг жорий этилишида шахсан ушбу органнинг раҳбари жавобгар ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги 611-сон қарорига 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 7 ноябрдаги 920-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳақида» 2019 йил 21 октябрдаги 886-сон қарорига илованинг 22-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 19 октябрь,
611-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
NIZOM
SXEMASI
MINIMAL TALABLAR
ROʻYXATI
Nazorat qiluvchi organlar tomonidan tadbirkorlik subyektlari faoliyatida davlat nazoratini tashkil etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik subyektlari uchun maʼmuriy va soliq yukini yanada kamaytirish, biznesning qonuniy manfaatlarini himoya qilish tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 15-sentabrdagi PF-6314-son Farmoni hamda “Tadbirkorlik subyektlari faoliyatida tekshiruvlar oʻtkazishni muvofiqlashtirish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 13-sentabrdagi PQ-374-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, tadbirkorlik subyektlarining qonuniy manfaatlarini himoya qilish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi:
a) Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobini toʻldirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq:
Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobini (keyingi oʻrinlarda — Kitobni) yuritish shakllari;
Kitobga kiritiladigan tekshiruvlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va ularni kiritish tartibi;
Kitobni toʻldirish tartibiga rioya qilishni monitoring qilish va uning hisobini yuritish;
b) Nazorat qiluvchi organlar mansabdor shaxslarini tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqini berish yuzasidan attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq:
attestatsiya komissiyasini tashkil etish va uning faoliyatini amalga oshirish;
attestatsiyadan oʻtkaziladigan xodimlar roʻyxatini shakllantirish;
xodimlarni attestatsiyadan oʻtkazish va uning natijasi boʻyicha attestatsiya komissiyasi qarorini qabul qilish;
attestatsiyadan oʻtgan xodimga tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish huquqini beruvchi maxsus guvohnoma berish;
v) Nazorat qiluvchi organlarning “xavfni tahlil etish” tizimlariga qoʻyiladigan minimal talablar 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
tadbirkorlik subyektlari faoliyatida xavf darajasini tahlil qilishga doir umumiy talablar;
xavf darajasining tahlili davomida oʻrganiladigan maʼlumotlar toifalari;
xavf darajalarining tasnifi va ularni mezonlashga doir talablar;
tasniflangan xavf darajalari doirasida amalga oshiriladigan tadbirlar.
2. Nazorat qiluvchi organlar bir oy muddatda tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish huquqiga ega boʻlgan mansabdor shaxslarning elektron reyestrini shakllantirish uchun mazkur qaror qabul qilingunga qadar belgilangan tartibda attestatsiyadan oʻtkazilgan va tadbirkorlik subyektlarini tekshirish huquqiga ega boʻlgan mansabdor shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Yagona davlat nazorati” axborot tizimiga kiritsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 4-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. Manfaatdor vazirlik va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 19-oktabrdagi 611-son qaroriga 1-ILOVA
Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobini toʻldirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobini toʻldirish va yuritish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligi bilan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirishni muvofiqlashtiruvchi hamda nazorat qiluvchi organ tomonidan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish qonuniyligini nazorat qilish vakolati berilgan tashkilot;
Davlat nazorati tizimi — tadbirkorlik sohasida davlat nazorati bilan bogʻliq katta hajmdagi maʼlumotlarni yigʻish, tahlil qilish va qayta ishlash imkonini beruvchi “Yagona davlat nazorati” axborot tizimi;
nazorat qiluvchi organ — tadbirkorlik subyektlari faoliyatini davlat tomonidan nazorat qilishga qonunchilik bilan vakolat berilgan vazirlik, idora, ularning tizimidagi boʻlinmalar va boshqa tashkilotlar;
nazorat qiluvchi organ mansabdor shaxsi — vaqtincha yoki maxsus vakolat boʻyicha tadbirkorlik subyekti faoliyatini nazorat qiluvchi, tadbirkorlik subyektida yuridik ahamiyatga ega harakatlarni sodir etuvchi hamda maʼmuriy yoki sud organlarida mazkur vazifalarni amalga oshiruvchi shaxs;
tadbirkorlik subyekti — belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtgan hamda tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirayotgan yuridik va jismoniy shaxslar;
Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobi — oʻtkazilgan tekshiruvlar toʻgʻrisidagi axborot yozib qoʻyiladigan elektron shaklidagi maxsus kitob;
tekshiruv — tadbirkorlik subyekti tomonidan faoliyatni tartibga soluvchi qonunchilikka qay darajada rioya etilayotganligini kerakli materiallar, hujjatlar yoki ularning faoliyatiga doir maʼlumotlarni olish hamda muayyan harakatlarni amalga oshirish orqali oʻtkaziladigan nazorat qilish tadbiri.
3. Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining yuritilishidan maqsad:
nazorat qiluvchi organ faoliyatida qonuniylik, xolislik va oshkoralikni taʼminlash;
tadbirkorlik subyektining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish;
tadbirkorlik subyektining faoliyatiga noqonuniy aralashuvlarga chek quyish;
davlat tomonidan nazorat qilish tizimining hisobdorligi va shaffofligini taʼminlash.
4. Tadbirkorlik subyekti faoliyatida oʻtkaziladigan barcha tekshirishlar Davlat nazorati tizimiga kiritiladi.
5. Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobi tadbirkorlik subyekti tomonidan elektron shaklida yuritiladi.
Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining elektron shakli Davlat nazorati tizimida tadbirkorlik subyekti tomonidan roʻyxatdan oʻtish orqali yuritiladi.
6. Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining elektron shakli majburiy tartibda toʻldiriladi.
7. Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining elektron shakli bevosita tadbirkorlik subyektida toʻldiriladi.
Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining elektron shakliga Davlat nazorati tizimining veb-sahifasi yoki maxsus mobil ilova orqali kiritiladi.
8. Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobida tadbirkorlik subyektining toʻliq nomi, joylashgan joyi (pochta manzili), unga berilgan soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami yoki jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami toʻgʻrisidagi maʼlumotlar boʻlishi lozim.
9. Belgilangan tartibda davlat sirlari yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirlarni tashkil etuvchi maʼlumotlar Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobiga kiritilmaydi.
10. Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobi mazkur Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq toʻldiriladi.
2-bob. Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobiga tekshirishlar haqidagi yozuvlarni kiritish
11. Tekshirish boshlanishidan oldin tadbirkorlik subyekti rahbari (tadbirkorlik subyekti rahbari boʻlmagan taqdirda — uning vazifasini bajaruvchi shaxs) nazorat qiluvchi organning mansabdor shaxsiga Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobini toʻldirish uchun elektron shaklini taqdim etadi.
12. Nazorat qiluvchi organning mansabdor shaxsi tekshirish boshlanishidan oldin qonunchilikka muvofiq tadbirkorlik subyektining rahbarini (tadbirkorlik subyekti rahbari boʻlmagan taqdirda — uning vazifasini bajaruvchi shaxsni) tekshirish maqsadi va shartlari bilan tanishtirishi, qonunchilikda belgilangan hujjatlarni taqdim etishi, Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining tegishli boʻlinmalariga yozuvlar kiritishi lozim.
13. Tadbirkorlik subyekti rahbari (tadbirkorlik subyekti rahbari boʻlmagan taqdirda — uning vazifasini bajaruvchi shaxs) Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobiga kiritilgan maʼlumotlarni tekshiruvchi mansabdor shaxs tomonidan qonunchilikka muvofiq taqdim etilgan hujjatlardagi maʼlumotlar bilan taqqoslashga haqli.
14. Nazorat qiluvchi organning mansabdor shaxsi tekshirish boshlanishiga kadar Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining elektron shakliga quyidagi maʼlumotlarni kiritishi lozim:
Davlat nazorati tizimida roʻyxatdan oʻtkazilgan tekshirish raqami;
tekshiruv oʻtkazayotgan nazorat qiluvchi organ nomi;
nazorat qiluvchi organ mansabdor shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi, agar tekshiruvchi mansabdor shaxslar bir nechta boʻlganda, ular toʻgʻrisida ham maʼlumotlar;
nazorat qiluvchi organ mansabdor shaxsining maxsus guvohnomasi raqami, agar kiritilgan maxsus guvohnoma raqami Davlat nazorati tizimidagi maʼlumotlar bilan toʻgʻri kelmagan taqdirda, tadbirkorlik subyektida ushbu mansabdor shaxs tomonidan tekshiruv oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyilmaydi;
tekshiruv oʻtkazilayotgan tadbirkorlik subyektining manzili;
tekshiruv oʻtkazish uchun asos boʻlgan buyruq raqami va sanasi;
tekshiruv turi, bunda Davlat nazorati tizimida mavjud boʻlgan tekshirish turi va uning maxsus kodi;
tekshiruv muddati;
tekshiruvga auditor va ekspertlar jalb qilingan taqdirda, jalb qilingan auditor va ekspertlarning ismi, familiyasi, otasining ismi, ish joyi, faoliyat yoʻnalishi, uni jalb qilishga asos boʻlgan shartnoma raqami va sanasi.
Tekshiruv bir nechta nazorat qiluvchi organ tomonidan oʻtkazilganda, boshqa nazorat qiluvchi organ tomonidan ham ushbu bandda koʻrsatilgan maʼlumotlar kiritilishi lozim.
Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining elektron shakliga kiritilgan maʼlumotlar tegishli ravishda tasdiqlangandan soʻng ularni oʻzgartirish imkoniyati mavjud emas, tekshiruvga jalb qilingan auditor va ekspertlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bundan mustasno.
15. Tadbirkorlik subyekti rahbari (tadbirkorlik subyekti rahbari boʻlmagan taqdirda — uning vazifasini bajaruvchi shaxs) tekshiruv yakunlangandan soʻng Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining elektron shakliga quyidagi maʼlumotlarni kiritadi:
tekshiruv boshlangan sana;
tekshiruv tugagan sana;
oʻtkazilgan tekshiruvning davomiyligi;
tekshiruv jarayonida talab qilib olingan hujjatlar;
tekshiruv jarayonida qoʻllanilgan taʼsir choralar (yozma koʻrsatma, maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi bayonnoma, moliyaviy va iqtisodiy jarimalarni qoʻllash toʻgʻrisida qarorlar va sud qarorlari);
tekshiruvda uchinchi shaxslar qatnashganligi toʻgʻrisida maʼlumot (tadbirkorlik subyektining soʻrovi asosida jalb etilgan Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi va tadbirkorlik subyekti aʼzo boʻlgan birlashmalarning vakillari, shartnoma asosida jalb qilingan soliq maslahatchilari, tarjimon va advokatlar).
Tadbirkorlik subyekti Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining elektron shakliga faoliyatida oʻtkazilgan tekshirish boʻyicha baho berishi hamda tekshiruv jarayonida korrupsiya holatlari haqida xabar berishi mumkin.
16. Tekshiruvchi mansabdor shaxs Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobini toʻldirishdan bosh tortsa yoki mazkur Nizomda koʻrsatilgan maʼlumotlarni taqqoslash natijasida tafovutlar aniqlangan taqdirda, tekshiruvchi mansabdor shaxs tekshirishga qoʻyilmaydi. Bunda tadbirkorlik subyekti rahbari (tadbirkorlik subyekt rahbari boʻlmagan taqdirda — uning vazifasini bajaruvchi shaxs) Vakolatli organga murojaat etishga va boshqa huquqni muhofaza qiluvchi organlarga xabar berishga haqli.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
17. Tadbirkorlik subyektining faoliyatiga noqonuniy aralashishlarning oldini olish maqsadida nazorat qiluvchi va huquqni muhofaza qiluvchi organlar tomonidan Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobini toʻldirish tartibiga rioya qilinayotganligi boʻyicha monitoring vakolatli organ hamda Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi tomonidan amalga oshiriladi.
18. Vakolatli organ Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining hisobini Davlat nazorati tizimida yuritadi.
19. Nazorat va huquqni muhofaza qiluvchi organlarning mansabdor shaxslari tomonidan mazkur Nizom talablariga rioya etmaslik holati tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish tartibini buzish deb baholanadi.
20. Mazkur Nizomning buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.
Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobini toʻldirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobini toʻldirish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Tadbirkorlik subyekti rahbari (rahbari boʻlmaganda — uning vazifasini bajaruvchi shaxs) Nazorat qiluvchi organning mansabdor shaxsiga Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobini toʻldirish uchun elektron shaklini taqdim etadi. Tekshirish boshlanishidan oldin 2-bosqich Nazorat qiluvchi organ mansabdor shaxsi Qonunchilikka muvofiq tadbirkorlik subyektining rahbarini (tadbirkorlik subyekti rahbari boʻlmagan taqdirda — uning vazifasini bajaruvchi shaxsni) tekshiruv maqsadi va shartlari bilan tanishtiradi, qonunchilikda belgilangan hujjatlarni taqdim etadi, Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining tegishli boʻlinmalariga yozuvlar kiritadi. Tekshiruv bir nechta nazorat qiluvchi organ tomonidan oʻtkazilganda, barcha nazorat qiluvchi organlar Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining tegishli boʻlinmalariga yozuvlar kiritadi. Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining elektron shakliga kiritilgan maʼlumotlar tegishli ravishda tasdiqlangandan soʻng ularni oʻzgartirish imkoniyati mavjud emas, tekshiruvga jalb qilingan auditor va ekspertlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bundan mustasno. Tekshirish boshlanishidan oldin 3-bosqich Tadbirkorlik subyekti rahbari (rahbari boʻlmaganda — uning vazifasini bajaruvchi shaxs) Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobiga kiritilgan maʼlumotlarni tekshiruvchi mansabdor shaxs tomonidan qonunchilikka muvofiq taqdim etilgan hujjatlardagi maʼlumotlar bilan taqqoslashga haqli. Tekshirish boshlanishidan oldin 4-bosqich Tadbirkorlik subyekti rahbari (rahbari boʻlmaganda — uning vazifasini bajaruvchi shaxs) Tekshiruvchi mansabdor shaxs Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobini toʻldirishdan bosh tortsa yoki mazkur Nizomda koʻrsatilgan maʼlumotlarni taqqoslash natijasida tafovutlar aniqlangan taqdirda, tekshiruvchi mansabdor shaxsni tekshirishga qoʻymaydi. Vakolatli organga murojaat etishga va boshqa huquqni muhofaza qiluvchi organlarga xabar berishga haqli. Tekshirish boshlanishidan oldin 5-bosqich Tadbirkorlik subyekti rahbari (rahbari boʻlmaganda — uning vazifasini bajaruvchi shaxs) Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining elektron shakliga tegishli maʼlumotlarni kiritadi. Tadbirkorlik subyekti Tekshiruvlarni roʻyxatga olish kitobining elektron shakliga faoliyatida oʻtkazilgan tekshirishga baho berishi va tekshiruv jarayonida korrupsiya holatlari haqida xabar berishi mumkin. Tekshiruv yakunlangandan soʻng
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 19-oktabrdagi 611-son qaroriga 2-ILOVA
Nazorat qiluvchi organlar mansabdor shaxslarini tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqini berish yuzasidan attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom nazorat qiluvchi organlar mansabdor shaxslarini tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish huquqini berish yuzasidan attestatsiyadan (keyingi oʻrinlarda — Attestatsiya) oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligi bilan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirishni muvofiqlashtiruvchi hamda nazorat qiluvchi organ tomonidan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish qonuniyligini nazorat qilish vakolati berilgan tashkilot;
davlat nazorati tizimi — tadbirkorlik sohasida davlat nazorati bilan bogʻliq katta hajmdagi maʼlumotlarni yigʻish, tahlil qilish va qayta ishlash imkonini beruvchi “Yagona davlat nazorati” axborot tizimi;
nazorat qiluvchi organ — tadbirkorlik subyekti faoliyatini davlat tomonidan nazorat qilishga qonunchilik bilan vakolat berilgan vazirlik, idora, ularning tizimidagi boʻlinmalar va boshqa tashkilotlar;
nazorat qiluvchi organ mansabdor shaxsi — vaqtincha yoki maxsus vakolat boʻyicha tadbirkorlik subyekti faoliyatini nazorat qiluvchi, tadbirkorlik subyektida yuridik ahamiyatga ega harakatlarni sodir etuvchi hamda maʼmuriy yoki sud organlarida mazkur vazifalarni amalga oshiruvchi shaxs;
tadbirkorlik subyekti — belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtgan hamda tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirayotgan yuridik va jismoniy shaxslar.
3. Attestatsiya nazorat qiluvchi organning tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshiruvchi mansabdor shaxslarining (keyingi oʻrinlarda — mansabdor shaxs) malakasi va professionallik darajasini baholash, shuningdek, ularning nazorat organi faoliyatiga hamda tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirishga taalluqli qonunchilik talablariga rioya etilishi uchun masʼuliyatini oshirish maqsadida oʻtkaziladi.
Soliq organlarining avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali markirovkalangan tovarlar harakatini kuzatish asosida aniqlangan huquqbuzarlik boʻyicha masofaviy soliq tekshiruvini oʻtkazuvchi mansabdor shaxslari attestatsiyadan oʻtkazilmaydi.
4. Qonuniylik, majburiylik, oshkoralik, xolislik va kollegiallik Attestatsiyani oʻtkazishning asosiy tamoyillari hisoblanadi.
5. Attestatsiyadan oʻtishi kerak boʻlgan mansabdor shaxslar soni qonunchilik bilan nazorat qiluvchi organ hamda uning mansabdor shaxslariga qoʻyilgan talablardan kelib chiqib, har bir nazorat qiluvchi organ tomonidan aniqlanadi.
6. Mansabdor shaxslar Attestatsiyadan nazorat qiluvchi organ tomonidan uch yilda kamida bir marta ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha oʻtkaziladi.
7. Quyidagilar Attestatsiyaning asosiy vazifalari hisoblanadi:
yuqori malakaga ega va masʼuliyatli mansabdor shaxslar toifasini aniqlash;
mansabdor shaxslarning kasb tayyorgarligini, ularni qayta tayyorlash yoki malakasini oshirish zarurligini aniqlash;
tadbirkorlik subyekti faoliyatida profilaktika tadbirlarini amalga oshirishni tashkil etish va tekshiruvlar qonunchilik talablari asosida oʻtkazilishini taʼminlash;
tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish jarayonida korrupsiya holatlarini bartaraf etish, manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymaslik va qonuniylikni taʼminlash.
2-bob. Attestatsiya komissiyasining faoliyatini tashkil etish
8. Attestatsiya nazorat qiluvchi organ rahbarining buyrugʻi asosida tashkil etiladigan va besh kishidan iborat boʻlgan Attestatsiya komissiyasi tomonidan oʻtkaziladi.
Attestatsiya komissiyasi rais, kotib va komissiya aʼzolaridan tashkil topadi. Bunda Attestatsiya komissiyasining raisi ushbu Nizomning 9-bandiga muvofiq belgilanadi. Komissiya tarkibi nazorat qiluvchi organning tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish majburiyatiga kirmaydigan shaxslardan shakllantiriladi.
Nazorat qiluvchi organ rahbarining buyrugʻi bilan uning hududiy boʻlinmalarida hududiy yoki hududlararo Attestatsiya komissiyalari tashkil etiladi. Bunda nazorat qiluvchi organning hududiy boʻlinmasi boshligʻi hududiy yoki hududlararo Attestatsiya komissiyalari raisi hisoblanadi.
Nazorat qiluvchi organning yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan hududiy boʻlinmalari mavjud boʻlmagan taqdirda, Attestatsiya respublika komissiyasi tomonidan oʻtkaziladi.
9. Attestatsiya komissiyasi tarkibi komissiya raisi va 4 nafar komissiya aʼzolaridan iborat boʻlishi lozim. Komissiya tarkibi 2 nafar nazorat qiluvchi organ va 1 nafardan vakolatli organ, Savdo-sanoat palatasi va tadbirkorlik subyekti vakillaridan shakllantiriladi.
Nazorat qiluvchi organ yoki uning yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan tegishli hududiy boʻlinmasi rahbari (rahbari oʻrinbosari) Attestatsiya komissiyasi raisi hisoblanadi.
Attestatsiya komissiyasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar nazorat qiluvchi organning rasmiy veb-sahifasida joylashtirilishi lozim.
10. Hududiy yoki hududlararo Attestatsiya komissiya tarkiblari ushbu Nizomning 9-bandida koʻrsatilgan idoralarning hududiy boʻlinmalari vakillaridan shakllantiriladi.
11. Attestatsiya komissiyasi oʻz faoliyatini doimiy ravishda amalga oshiradi, uning faoliyatini tashkil etish Attestatsiya komissiyasining ishchi organi tomonidan taʼminlanadi.
Nazorat qiluvchi organning kadrlar bilan ishlovchi tarkibiy boʻlinmasi ishchi organ funksiyasini bajaradi va uning vakili Attestatsiya komissiyasining kotibi hisoblanadi.
Ishchi organ quyidagi funksiyalarni bajaradi:
nazorat qiluvchi organning tegishli tuzilmasi bilan birgalikda Attestatsiyani oʻtkazish uchun zarur hujjatlarni tayyorlaydi;
Attestatsiyani oʻtkazish uchun mansabdor shaxslar roʻyxatini tuzadi va Attestatsiya komissiyasiga taqdim etadi;
Attestatsiyani oʻtkazish uchun savollar roʻyxatini tayyorlaydi hamda kelishish uchun Komissiya aʼzolariga yuborilishini taʼminlaydi;
Attestatsiya oʻtkaziladigan sana va joy toʻgʻrisida Komissiya aʼzolari bilan kelishadi hamda bu haqda mansabdor shaxslarga xabar qiladi;
manfaatdor tashkilotlar bilan hamkorlikni taʼminlaydi;
Attestatsiya komissiyasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni veb-sahifaga joylashtirish choralarini koʻradi;
ushbu Nizomga muvofiq Attestatsiya komissiyasining ishi hamda qarorlari ijrosi bilan bogʻliq boshqa masalalarni hal etadi.
12. Attestatsiya komissiyasi Attestatsiyani oʻtkazishda:
Attestatsiyadan oʻtayotgan mansabdor shaxs haqida qisqacha axborotni eshitadi;
Attestatsiyadan oʻtayotgan mansabdor shaxsga savollar beradi;
Attestatsiya yakunlari boʻyicha ochiq ovoz berishni oʻtkazadi;
Attestatsiyadan oʻtayotgan mansabdor shaxs faoliyatini yaxshilash boʻyicha tavsiyalar beradi;
tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqini berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi;
mansabdor shaxsga avval berilgan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqini beruvchi maxsus guvohnomani bekor qilish bilan bogʻliq masalalarni koʻrib chiqadi va tegishli qaror qabul qiladi;
Attestatsiyani oʻtkazishga tegishli boshqa vazifalarni hal etadi.
13. Attestatsiya komissiyasi Attestatsiya oshkora, xolisona va adolatli oʻtkazilishi uchun javob beradi.
3-bob. Attestatsiyani oʻtkazish
14. Nazorat qiluvchi organ rahbari vakolatli organ bilan kelishilgan, Attestatsiyadan oʻtishi kerak boʻlgan mansabdor shaxslar roʻyxatini tasdiqlaydi va Attestatsiyani oʻtkazish haqida buyruq chiqaradi.
15. Attestatsiyadan oʻtishi kerak boʻlgan mansabdor shaxslar roʻyxatiga:
tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqiga ega boʻlgan mansabdor shaxslar (bundan soliq organlarining masofaviy soliq tekshiruvini oʻtkazuvchi mansabdor shaxslari mustasno);
maxsus guvohnomasining amal qilish muddati tugagan yoki shu oy mobaynida tugaydigan mansabdor shaxslar;
tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqini olishga tavsiya qilingan, kamida ikki yillik (sayyor soliq tekshiruvini oʻtkazish boʻyicha kamida uch oylik) mehnat stajiga ega boʻlgan mansabdor shaxslar kiritiladi.
Ushbu roʻyxatga oldin tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqini olgan, biroq tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish bilan bogʻliq boʻlmagan lavozimga tayinlangan mansabdor shaxslar, shuningdek, tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish sohasida qonunchilik buzilishi munosabati bilan bunday huquqdan mahrum etilgan mansabdor shaxslar kiritilmaydi.
16. Attestatsiyani oʻtkazish muddati boʻyicha nazorat qiluvchi organning rahbari tomonidan mansabdor shaxslarning tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqining amal qilishi muddati tugashi, nazorat qiluvchi organning tuzilmasi, shtat birligi oʻzgarishi, kadrlar qoʻnimsizligi va boshqa omillar inobatga olingan holda tashabbus koʻrsatiladi.
17. Nazorat qiluvchi organning tegishli tuzilmasi rahbari tomonidan ishchi organga Attestatsiyadan oʻtishi kerak boʻlgan har bir mansabdor shaxs toʻgʻrisida xizmat tavsifnomasi taqdim etiladi.
Attestatsiyadan oʻtkaziladigan mansabdor shaxs Attestatsiyadan kamida ikki hafta oldin Attestatsiyani oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruq bilan imzo qoʻydirilgan holda tanishtirilishi kerak.
18. Attestatsiya komissiyasining yigʻilishi Attestatsiya komissiyasi tasdiqlagan tarkibning toʻrtdan uch qismi qatnashsa, vakolatli hisoblanadi.
19. Attestatsiya Attestatsiyadan oʻtayotgan mansabdor shaxs bilan savol-javob shaklida oʻtkaziladi.
20. Attestatsiyadan oʻtishda Attestatsiyadan oʻtkaziluvchilarga elektron moslamalardan, maʼlumotnoma, maxsus yoki boshqa adabiyotlardan, shuningdek, har qanday yozuvlardan foydalanish man etiladi. Koʻrsatilgan talablar buzilgan hollarda, Attestatsiyadan oʻtkaziluvchilar Attestatsiyadan chetlatiladi va Attestatsiyadan oʻtmagan deb hisoblanadi.
21. Komissiya yigʻilishida begona shaxslarning ishtirok etishiga ruxsat berilmaydi.
22. Attestatsiya qoida tariqasida nazorat qiluvchi organ belgilagan joyda oʻtkaziladi. Nazorat qiluvchi organ Attestatsiya jarayoni real vaqt rejimida (onlayn) kuzatib borilishini taʼminlashi lozim. Komissiya aʼzolari Attestatsiyada zarurat vujudga kelgan taqdirda video-konferensiya aloqa vositalari orqali ishtirok etishi mumkin.
23. Attestatsiya komissiyasi kotibi har bir Attestatsiyadan oʻtkaziluvchi mansabdor shaxs haqidagi maʼlumotnomani Attestatsiya oʻtkazish sanasidan kamida bir hafta oldin komissiyaga taqdim etadi.
24. Attestatsiya oʻtkazilishidan kamida 15 kun oldin Attestatsiya komissiyasi bilan kelishilgan holda, ishchi organ tomonidan savollar roʻyxati tuziladi, ushbu roʻyxat Attestatsiya komissiyasi raisi tomonidan tasdiqlanadi.
Roʻyxatga majburiy ravishda tadbirkorlik subyekti faoliyatini tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjatlarga bogʻliq savollar va vaziyatli vazifalar — tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish vaqtida sodir boʻladigan va/yoki sodir boʻlishi mumkin boʻlgan vaziyatlar hamda tegishli tadbirkorlik subyekti tomonidan qonunni buzish xavfi darajasidan kelib chiqib, tekshirish tashabbusi bilan chiqishni nazarda tutuvchi “xavfni tahlil etish” tizimiga oid savollar kiritilishi shart.
25. Har bir Attestatsiyadan oʻtuvchi mansabdor shaxsga ikki nusxada ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq Attestatsiya varaqasi tuziladi.
26. Attestatsiya komissiyasi tomonidan Attestatsiyadan oʻtuvchi mansabdor shaxs haqidagi tavsifnoma va savollarga berilgan javoblarni inobatga olgan holda, har bir Attestatsiyadan oʻtuvchi mansabdor shaxsga nisbatan ochiq ovoz berish yoʻli bilan alohida qaror qabul qilinadi. Qaror Attestatsiyada ishtirok etgan Attestatsiya komissiyasi aʼzolarining koʻpchiligi ovoz berganda, qabul qilingan deb hisoblanadi. Attestatsiya komissiyasi aʼzolarining ovozlari teng boʻlgan taqdirda, Attestatsiya komissiyasi raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
27. Attestatsiya natijasi boʻyicha Attestatsiya komissiyasi quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
mansabdor shaxs Attestatsiyadan oʻtdi;
mansabdor shaxs Attestatsiyadan oʻtmadi.
Attestatsiya komissiyasi aʼzolari ovoz berish jarayonida betaraf qolishi mumkin emas.
28. Attestatsiya komissiyasining qarori ovoz berish jarayoni tugashi bilan eʼlon qilinadi va Attestatsiya qatnashchilari Attestatsiya varaqalariga imzo chekishadi.
29. Attestatsiya yakuni boʻyicha Attestatsiya komissiyasi tomonidan qabul qilingan qaror Attestatsiya komissiyasi raisi, kotibi hamda aʼzolari tomonidan imzolanadigan Attestatsiya varaqasiga kiritiladi.
Agar Attestatsiyadan oʻtkaziluvchi oʻzining Attestatsiya varaqasini imzolashga rozi boʻlmasa, bu haqda tegishli belgi qoʻyiladi.
Attestatsiya varaqasining ikkinchi nusxasi Attestatsiya oʻtkazilgandan keyin bir kun muddatda Attestatsiyadan oʻtgan mansabdor shaxsga imzo qoʻydirilgan holda taqdim etiladi.
30. Attestatsiya yakunlari boʻyicha ikki kun muddatda bayonnoma tuziladi. Bayonnomada Attestatsiya oʻtkazilgan sana va joy, Attestatsiya komissiyasining qarori koʻrsatiladi hamda Attestatsiya varaqalari ilova qilinadi. Bayonnoma Attestatsiya komissiyasi raisi va kotibi tomonidan imzolanadi.
31. Attestatsiyadan oʻtgan mansabdor shaxsga Attestatsiya komissiyasi tomonidan belgilanadigan Attestatsiyani oʻtkazish davriyligi muddatiga tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqi beriladi.
32. Attestatsiyaga uzrli sabablarga koʻra (kasalligi, xizmat safarida boʻlganligi va boshqa sabablar tufayli) kelmagan mansabdor shaxslar Attestatsiya komissiyasining keyingi yigʻilishiga qoʻyiladigan xodimlar roʻyxatiga kiritiladi.
33. Attestatsiya komissiyasi tomonidan Attestatsiyadan oʻtmagan deb hisoblangan mansabdor shaxs takroriy Attestatsiyaga kamida olti oydan keyin qoʻyilishi mumkin.
34. Attestatsiyadan oʻtmagan mansabdor shaxsga tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish man etiladi. Nazorat qiluvchi organ rahbari mazkur mansabdor shaxsni uning roziligi bilan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish bilan bogʻliq boʻlmagan lavozimga oʻtkazishi mumkin.
35. Tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish davrida mansabdor shaxs tomonidan qonun buzilish holatlariga yoʻl qoʻygan va/yoki qonunchilikda belgilangan tartibda javobgarlikka tortilgan boʻlsa, unga berilgan huquq Attestatsiya komissiyasi tomonidan bekor qilinadi.
Attestatsiya komissiyasi tomonidan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqi bekor qilingan mansabdor shaxs qayta Attestatsiyaga kamida bir yildan keyin qoʻyilishi mumkin.
4-bob. Nazorat qiluvchi organ mansabdor shaxslarining elektron reyestrini shakllantirish va yuritish
36. Nazorat qiluvchi organ mansabdor shaxslarining elektron reyestri Davlat nazorati tizimida nazorat qiluvchi organ tomonidan shakllantiriladi va vakolatli organ tomonidan yuritiladi.
37. Attestatsiya natijalariga asosan ishchi organ nazorat qiluvchi organ mansabdor shaxslarining quyidagi maʼlumotlarini Davlat nazorati tizimiga kiritadi:
nazorat qiluvchi organ nomi;
nazorat qiluvchi organning Attestatsiya oʻtkazilgan boʻlinmasi nomi;
Attestatsiyani oʻtkazish sanasi;
Attestatsiya komissiyasining bayonnoma nusxasi;
Attestatsiyadan muvaffaqiyatli oʻtgan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqiga ega mansabdor shaxslarning ismi, familiyasi, otasining ismi, lavozimi, maxsus guvohnomasining amal qilish muddati, pasporti seriyasi, raqami, qachon va kim tomonidan berilganligi, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami;
Attestatsiyadan oʻta olmagan xodimlarning ismi, familiyasi, otasining ismi, lavozimi, pasporti seriyasi, raqami, qachon va kim tomonidan berilganligi, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami.
38. Attestatsiya yakunlari boʻyicha tegishli bayonnoma rasmiylashtirilgandan soʻng ushbu Nizomning 37-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlar Davlat nazorati tizimiga bir ish kunida kiritilishi lozim.
39. Vakolatli organ nazorat qiluvchi organ tomonidan Davlat nazorati tizimiga kiritilgan maʼlumotlarning ishonchliligi va toʻliqliligini uch ish kunida tekshiradi.
Davlat nazorati tizimiga kiritilgan maʼlumotlar toʻliq boʻlmagan yoki Attestatsiya natijalariga nomuvofiq boʻlgan taqdirda, vakolatli organ tomonidan ushbu maʼlumotlar qayta koʻrib chiqish uchun nazorat qiluvchi organga qaytariladi.
40. Nazorat qiluvchi organ tomonidan Davlat nazorati tizimiga kiritilgan maʼlumotlar vakolatli organ tomonidan tasdiqlangandan soʻng Attestatsiyadan muvaffaqiyatli oʻtgan mansabdor shaxslarga avtomatlashtirilgan tarzda tartib raqami beriladi.
Davlat nazorati tizimida har bir mansabdor shaxsga berilgan tartib raqam ularga beriladigan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqini beruvchi maxsus guvohnomaning raqami hisoblanadi.
5-bob. Tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqini beruvchi maxsus guvohnoma
41. Attestatsiya komissiyasi tomonidan Attestatsiyadan oʻtgan mansabdor shaxsga ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq maxsus guvohnoma beriladi.
42. Maxsus guvohnoma blankalarini tayyorlash, berish, saqlash va hisobini olib borish nazorat qiluvchi organning mablagʻlari hisobidan, mansabdor shaxslarning xizmat guvohnomalari uchun belgilangan tartib hamda ushbu Nizomning 40-bandi talablari boʻyicha amalga oshiriladi.
43. Maxsus guvohnoma yoʻqotilgan yoki foydalanish uchun yaroqsiz holatga kelgan hollarda, mansabdor shaxsning murojaati asosida nazorat qiluvchi organ yoki uning hududiy boʻlinmasining buyrugʻi bilan unga dublikat berilishi mumkin.
Mansabdor shaxsga yangi maxsus guvohnoma berishda unga “Dublikat” belgisi qoʻyiladi. Qayta rasmiylashtirish va maxsus guvohnoma dublikatini berish uchun Attestatsiyadan oʻtish talab etilmaydi.
44. Nazorat qiluvchi organning tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish huquqiga ega boʻlgan, ushbu nazorat qiluvchi organning tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish bilan bogʻliq boshqa lavozimiga oʻtgan mansabdor shaxsiga dastlab berilgan maxsus guvohnomaning amal qilishi muddatiga yangi lavozimi koʻrsatilgan holda yangi maxsus guvohnoma beriladi.
45. Mansabdor shaxs bilan mehnat shartnomasi bekor qilinganda yoki u tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish bilan bogʻliq boʻlmagan lavozimga oʻtganda, maxsus guvohnoma ishchi organga qaytarilishi shart.
Ishchi organ maxsus guvohnomani qaytarib olgan kundan eʼtiboran bir ish kuni mobaynida bu haqda vakolatli organni xabardor qilishi lozim. Bunda vakolatli organ Davlat nazorati tizimidagi nazorat qiluvchi organ mansabdor shaxslarining elektron reyestrida mehnat shartnomasi bekor qilingan yoki tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish bilan bogʻliq boʻlmagan lavozimga oʻtgan mansabdor shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlarga tegishli oʻzgartirish kiritadi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
46. Attestatsiyani tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar tegishli nazorat qiluvchi organ mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
47. Attestatsiya oʻtkazish bilan bogʻlik ushbu Nizomda belgilanmagan masalalar Attestatsiya komissiyasi tomonidan ovoz berish orqali hal etilishi mumkin.
48. Attestatsiya komissiyasining qarori yuzasidan belgilangan tartibda yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilinishi mumkin.
49. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.
Nazorat qiluvchi organlar mansabdor shaxslarini tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish huquqini berish yuzasidan attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Nazorat qiluvchi organlar mansabdor shaxslarini tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish huquqini berish yuzasidan attestatsiyadan oʻtkazish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Nazorat qiluvchi organ Vakolatli organ bilan kelishilgan — Attestatsiyadan oʻtish kerak boʻlgan mansabdor shaxslar roʻyxatini tasdiqlaydi, Attestatsiya oʻtkazish haqida buyruq chiqaradi. Doimiy ravishda 2-bosqich Attestatsiya komissiyasi ishchi organi Attestatsiya komissiyasi bilan kelishilgan holda ishchi organ tomonidan savollar roʻyxati tuziladi va ushbu roʻyxat nazorat qiluvchi organning rahbari tomonidan tasdiqlanadi. Attestatsiya oʻtkazilishidan kamida 15 kun oldin 3-bosqich Attestatsiya komissiyasi ishchi organi Attestatsiyadan oʻtkaziladigan mansabdor shaxslarni Attestatsiya oʻtkazilishi haqida buyruq bilan unga imzo qoʻydirgan holda tanishtiradi. Attestatsiya oʻtkazilishidan kamida 2 hafta oldin 4-bosqich Attestatsiya komissiyasi ishchi organi Attestatsiyadan oʻtkaziladigan mansabdor shaxslarga xizmat tavsifnomasi hamda maʼlumotnomalarni tayyorlaydi. Attestatsiya oʻtkazilishidan kamida 2 hafta oldin 5-bosqich Attestatsiya komissiyasi Komissiya aʼzolari orasidan yashirin ovoz berish orqali Attestatsiya komissiyasi raisini saylaydi. Attestatsiya boshlanishidan oldin 6-bosqich Attestatsiya komissiyasi Attestatsiya mansabdor shaxs bilan savol-javob tarzida oʻtkaziladi. Attestatsiya davomida 7-bosqich Attestatsiya komissiyasi 1. Ovoz berish yoʻli bilan qaror qabul qiladi; 2. Komissiya qarorini eʼlon qiladi; 3. Attestatsiya varaqalarini imzolaydi. Attestatsiya yakunlari boʻyicha 8-bosqich Attestatsiya komissiyasi ishchi organi Attestatsiya varaqasining ikkinchi nusxasini Attestatsiyadan oʻtgan mansabdor shaxsga taqdim qiladi. Attestatsiya oʻtkazilgandan soʻng 1 kun mobaynida 9-bosqich Attestatsiya komissiyasi ishchi organi Attestatsiya oʻtkazilgan sana va joy, Attestatsiya komissiyasi qarori koʻrsatilgan hamda Attestatsiya varaqalari ilova qilingan holda Attestatsiya yakunlari boʻyicha bayonnoma tuzadi. Attestatsiya yakunlari boʻyicha 2 kun mobaynida 10-bosqich Attestatsiya komissiyasi ishchi organi Attestatsiyada qatnashgan mansabdor shaxslar haqida maʼlumotlarni nazorat qiluvchi organlar mansabdor shaxslarining elektron reyestri Davlat nazorati tizimiga kiritadi. Attestatsiya yakunlari boʻyicha tegishli bayonnoma rasmiylashtirilgandan soʻng 1 ish kuni mobaynida 11-bosqich Vakolatli organi Nazorat qiluvchi organlar tomonidan Davlat nazorati tizimiga kiritilgan maʼlumotlarning ishonchligi hamda toʻliqligini tekshiradi va tasdiqlaydi. Maʼlumotlar Davlat nazorati tizimiga kiritilgandan soʻng 3 ish kuni mobaynida 12-bosqich Attestatsiya komissiyasi ishchi organi Attestatsiyadan oʻtgan mansabdor shaxslarga nazorat organi mansabdor shaxslarining elektron reyestri Davlat nazorati tizimi orqali berilgan maxsus tartib raqamni koʻrsatgan holda tadbirkorlik subyektlarini tekshirish huquqini beruvchi maxsus guvohnomani beradi. Attestatsiya yakunlari boʻyicha 13-bosqich Attestatsiya komissiyasi ishchi organi Nazorat organining rasmiy veb-sahifasida Attestatsiya komissiyasi aʼzolari toʻgʻrisidagi hamda oʻtkazilgan Attestatsiya natijalari haqidagi maʼlumotlarni joylaydi. Attestatsiya yakunlari boʻyicha
Nazorat qiluvchi organlar mansabdor shaxslarini tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish huquqini berish yuzasidan attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish huquqini berish boʻyicha ATTESTATSIYA VARAQASI ____________________________________________________________________ (egallab turgan lavozimi) ____________________________________________________________________ (mansabdor shaxsning F.I.O.) Tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish huquqini berish toʻgʻrisida ____________________________________________________________________ (nazorat qiluvchi organ nomi) Attestatsiya komissiyasi qarori: _________________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________________ Attestatsiya komissiyasi raisi: ____________ (imzo) __________________________________ (F.I.O.) Attestatsiya komissiyasi aʼzolari: ____________ (imzo) ____________ (imzo) ____________ (imzo) ____________ (imzo) __________________________________ (F.I.O.) __________________________________ (F.I.O.) __________________________________ (F.I.O.) __________________________________ (F.I.O.) Attestatsiya komissiyasi kotibi: ____________ (imzo) __________________________________ (F.I.O.) 20___ y. ____ _____________ Attestatsiya komissiyasining qarori bilan tanishdim, ushbu Attestatsiya varaqasining ikkinchi nusxasini oldim. ______________________________________ (sana, imzo, mansabdor shaxsning F.I.O.) 20___ y. ____ _____________
Nazorat qiluvchi organlar mansabdor shaxslarini tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish huquqini berish yuzasidan attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
__________________________________ (nazorat qiluvchi organning nomi) Tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish huquqini beruvchi MAXSUS GUVOHNOMA № ______ __________________________________ (mansabdor shaxsning F.I.O.) __________________________________ (egallab turgan lavozimi) Attestatsiya komissiyasining 20____ yil _____ _________________dagi ______-son qaroriga asosan tadbirkorlik subyektlari faoliyatini 20____ yil _____ _________________gacha tekshirish huquqi berildi. Xizmat guvohnomasi bilan birgalikda koʻrsatiladi. Muhr oʻrni ___________________________________________________________________________ (nazorat qiluvchi organ rahbarining imzosi F.I.O.)
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 19-oktabrdagi 611-son qaroriga 3-ILOVA
Nazorat qiluvchi organlarning “xavfni tahlil etish” tizimlariga qoʻyiladigan
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur minimal talablar nazorat qiluvchi organlar tomonidan tadbirkorlik subyektlarining qonunni buzish xavfi darajasidan kelib chiqib, tekshiruvni tashabbus qilishni nazarda tutuvchi “xavfni tahlil etish” tizimini ishlab chiqishga doir minimal talablarni belgilaydi. Ushbu minimal talablar bojxona organlari tomonidan bojxona nazoratini amalga oshirishda qoʻllaniladigan xavfni boshqarish tizimiga nisbatan tatbiq etilmaydi.
2. Mazkur minimal talablarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligi bilan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirishni muvofiqlashtiruvchi hamda nazorat qiluvchi organlar tomonidan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish qonuniyligini nazorat qilish vakolati berilgan tashkilot;
nazorat qiluvchi organ — tadbirkorlik subyekti faoliyatini davlat tomonidan nazorat qilishga qonunchilik bilan vakolat berilgan vazirlik, idora, ularning tizimidagi boʻlinmalar va boshqa tashkilotlar;
tadbirkorlik subyekti — belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtgan hamda tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirayotgan yuridik va jismoniy shaxslar;
tekshiruv — tadbirkorlik subyekti tomonidan faoliyatni tartibga soluvchi qonunchilikka qay darajada rioya etilayotganligini kerakli materiallar, hujjatlar yoki ularning faoliyatiga doir maʼlumotlarni olish hamda muayyan harakatlarni amalga oshirish orqali oʻtkaziladigan nazorat qilish tadbiri;
“xavfni tahlil etish” tizimi — nazorat qiluvchi organlar tomonidan tegishli nazorat sohasi boʻyicha aniq mezonlarga asoslanib, tadbirkorlik subyekti tomonidan oʻz faoliyatida qonunchilik buzilish xavfi darajasini aniqlash mexanizmi.
3. Mazkur minimal talablar nazorat qiluvchi organlar tomonidan tadbirkorlik subyekti faoliyatida “xavfni tahlil etish” tizimini ishlab chiqishda inobatga olinishi majburiydir.
4. Ishlab chiqilgan “xavfni tahlil etish” tizimi asosida aniqlangan huquqbuzarlik xavfi qay darajada boʻlishidan qatʼi nazar, tadbirkorlik subyektiga nisbatan taʼsir choralarini qoʻllashga asos boʻla olmaydi.
5. Minimal talablarga zid boʻlgan “xavfni tahlil etish” tizimlari tadbirkorlik subyektida tekshiruv oʻtkazish tashabbusi bilan chiqishga asos boʻlmaydi.
2-bob. Xavf darajasini tahlil qilishga doir umumiy talablar
6. Tadbirkorlik subyektining qonunni buzish xavfi darajasini tahlil qilish jarayoni tadbirkorlik subyekti faoliyatini toʻxtatib turish, unga toʻsqinlik qilish yoki faoliyatini amalga oshirishga toʻgʻridan-toʻgʻri aralashishni nazarda tutuvchi xatti-harakatlarni oʻz ichiga olmasligi zarur.
7. Xavf darajasining tahlili quyidagi maʼlumotlarni oʻrganish asosida amalga oshirilishi mumkin:
maʼmuriy maʼlumotlar (litsenziya, ruxsat etuvchi va davlat organlarida mavjud boshqa hujjatlar);
davriy statistika maʼlumotlari, jumladan, avval huquqbuzarlik holatlari aniqlangan tadbirkorlik subyektini umumlashtiruvchi belgilar, xabarlar va boshqa korrelyatsion tahlil natijalari;
yuridik va jismoniy shaxslardan kelib tushgan murojaatlar;
ommaviy axborot vositalaridan yoki boshqa tashqi manbalardan (ijtimoiy tarmoqlar, veb-saytlar) olingan maʼlumotlar;
nazorat xaridi natijalari asosida aniqlangan kamchiliklarning tahlili;
qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalardan va tadbirkorlik subyektining odatiy faoliyatiga bevosita yoki bilvosita taʼsir koʻrsatmagan holda, davlat organlari va boshqa tashkilotlardan olinishi mumkin boʻlgan boshqa maʼlumotlar.
8. Xavf darajasi tahlili jarayonida tadbirkorlik subyektidan hujjatlar va axborotlar talab qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
9. Xavf darajasi tahlili nazorat qiluvchi organ tomonidan bir yilda kamida bir marotaba amalga oshirilishi lozim.
10. Xavf darajasi tahlili nazorat qiluvchi organning nazorat vakolati doirasida faoliyat koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyektida oʻtkaziladi.
Nazorat qiluvchi organning nazorat vakolatiga kirmaydigan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tahlil qilish va baholash taqiqlanadi.
3-bob. Xavf darajalari tasnifi va ularni mezonlashga doir talablar
11. Xavf darajasini baholash oʻrganiladigan maʼlumotlar asosida shakllantirilgan koʻrsatkichlar va mezonlarga tadbirkorlik subyekti faoliyatining muvofiqligini “ball” tizimi asosida baholash orqali amalga oshiriladi.
12. Baholash jarayoni oʻrganiladigan maʼlumotlar asosida tadbirkorlik subyekti faoliyatida huquqbuzarlik alomatlari haqida xabar beruvchi eng kamida 5 ta asosiy koʻrsatkichni oʻz ichiga olishi shart.
13. Har bir asosiy koʻrsatkichning bahosi ushbu koʻrsatkich ostidagi sub-koʻrsatkichlar bahosining yigʻindisidan kelib chiqadi. Har bir asosiy koʻrsatkichlarning bahosi ushbu koʻrsatkichlarning muhimlik darajasidan kelib chiqqan holda bir-biridan farq qilishi mumkin.
14. Har bir asosiy koʻrsatkich kamida 5 ta aniqlashtiruvchi sub-koʻrsatkichni oʻz ichiga olgan boʻlishi lozim.
15. Sub-koʻrsatkichlarni baholashda qay hollarda necha ball baho berilishini aniq koʻrsatuvchi mezonlar belgilanishi shart. Mezonlarni belgilashda noaniq yoki maʼlum bir sonlar oraligʻida tanlash huquqini beruvchi qoidalarni ishlatish taqiqlanadi. Baholash mezonlari aniq holat uchun aniq bahoni nazarda tutishi lozim.
16. Baholash jarayoni quyidagi tartibda amalga oshirilishi lozim:
mezonlar asosida sub-koʻrsatkichlarni baholash, har bir sub-koʻrsatkich bahosini belgilash;
sub-koʻrsatkichlarning bahosini umumlashtirish orqali har bir asosiy koʻrsatkich bahosini chiqarish;
asosiy koʻrsatkichlar bahosini umumlashtirish orqali har bir tadbirkorlik subyekti faoliyatida huquqbuzarlik xavfi darajasining umumiy ballari aniqlanadi.
17. Amalga oshirilgan baholash natijasida aniqlangan xavf darajasining umumiy ballari asosida tadbirkorlik subyekti tomonidan huquqbuzarlik sodir etish xavfi quyidagi uch xil toifaga tasniflanadi:
xavfi yuqori — baholangan barcha tadbirkorlik subyekti ballari umumiy yigʻindisining 20 foiz qismini tashkil etuvchi eng yuqori xavf darajasi ballariga ega boʻlgan tadbirkorlik subyektlari;
xavfi oʻrtacha — baholangan barcha tadbirkorlik subyekti ballari umumiy yigʻindisining xavfi yuqori boʻlgan 20 foiz qismini istisno etgan holda, 50 foiz qismini tashkil etuvchi eng yuqori xavf darajasi ballariga ega boʻlgan tadbirkorlik subyektlari;
xavfi past — baholangan tadbirkorlik subyektining xavf darajasi ballari past boʻlgan qolgan tadbirkorlik subyektlari.
4-bob. Tasniflangan xavf darajalari doirasida amalga oshiriladigan tadbirlar
18. Baholash natijalariga muvofiq huquqbuzarlik xavfi yuqori va oʻrta tasnifidagi tadbirkorlik subyektida qonun buzilish holatlarining oldini olishga qaratilgan profilaktika tadbirlari oʻtkazilishi lozim.
19. Tekshiruv oʻtkazishga tashabbus bilan chiqish faqat huquqbuzarlik xavfi yuqori tasnifidagi tadbirkorlik subyekti doirasida profilaktika tadbirlari oʻtkazilgandan soʻng ham huquqbuzarlik sodir etish alomatlari ijobiy tomonga oʻzgarmagan holatlardagina amalga oshirilishi mumkin.
20. Huquqbuzarlik sodir etish xavfi yuqori tasnifidagi tadbirkorlik subyektida profilaktika tadbirlarini oʻtkazmasdan va ularning natijasini kutmasdan quyidagi holatlar doirasida tadbirkorlik subyektida tekshiruv oʻtkazish tashabbusi bilan chiqish mumkin:
inson hayoti va sogʻligʻiga zarar yetkazilishining yuqori xavfi mavjud boʻlganda;
jamoat xavfsizligiga zarar yetkazish xavfining oldini olish uchun kechiktirib boʻlmaydigan holatlar;
atrof muhitga jiddiy zarar yetkazishi mumkin boʻlgan holatlar aniqlanganda;
jismoniy va yuridik shaxslar, davlat organlari va boshqa tashkilotlarga moddiy zarar yetkazilayotganligi holatlari aniqlanganda;
tekshiruvlar oʻtkazilishini nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi va Vazirlar Mahkamasining topshiriqlari mavjud boʻlganda;
qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa holatlarda.
21. Huquqbuzarlik sodir etish xavfi oʻrtacha tasnifidagi tadbirkorlik subyektida qonun buzilishi holatlariga yoʻl qoʻymaslikka qaratilgan profilaktika tadbirlarini oʻtkazish shart. Keyingi davr uchun baholash natijalariga koʻra, tadbirkorlik subyekti faoliyatini baholash natijasida salbiy oʻzgarish kuzatilganda, tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirish boʻyicha tashabbusi bilan chiqish mumkin.
22. Huquqbuzarlik sodir etish xavfi past tasnifidagi tadbirkorlik subyekti faoliyatiga har qanday aralashuvlarga yoʻl qoʻyilmaydi.
23. “Xavfni tahlil etish” tizimi, huquqbuzarlik sodir etish xavfi darajasidan qatʼi nazar, tadbirkorlik subyekti faoliyatida oʻtkaziladigan barcha tekshiruvlarni “Yagona davlat nazorati” axborot tizimida roʻyxatdan oʻtkazish orqali vakolatli organ bilan kelishilgan yoki xabardor etgan holda oʻtkazilishini nazarda tutishi lozim.
5-bob. Yakuniy qoidalar
24. Nazorat qiluvchi organlar tomonidan ishlab chiqilgan “xavfni tahlil etish” tizimi majburiy ravishda vakolatli organ va Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.
25. Nazorat qiluvchi organlarida “Xavfni tahlil etish” tizimining joriy etilishida shaxsan ushbu organning rahbari javobgar hisoblanadi.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 19-oktabrdagi 611-son qaroriga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Nazorat qiluvchi organlar mansabdor shaxslarini tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish huquqini berish yuzasidan attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 7-noyabrdagi 920-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash haqida” 2019-yil 21-oktabrdagi 886-son qaroriga ilovaning 22-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 19-oktabr,
611-son