UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 28-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 28 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 октября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 October 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

СХЕМАСИ

СЎРОВНОМА

РЕЕСТРИ

РЎЙХАТИ

Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 20 апрелдаги ПФ-113-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 10 майдаги 390-сон қарорига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир бўлган енгиб бўлмас кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг асосий функцияларидан бири этиб белгиланганлиги;

енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан сертификат бериш орқали амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

талабгорнинг ташқи савдо битимлари, халқаро молия ёки инвестиция келишувлари ва халқаро шартномалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бошланган ёки бўлиб ўтган енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлашга сертификат олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига мурожаат қилиш тартиби;

енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлашга сертификат олиш учун ариза ва ҳужжатларни юбориш, уларни кўриб чиқиш ҳамда сертификат бериш тартиби ва муддатлари;

сертификат берилганлик учун йиғим ундириш;

сертификат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш асослари;

енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш учун берилган сертификатлар реестрини юритиш тартиби.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

мазкур қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизматининг ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин;

давлат хизматини кўрсатганлик учун йиғимларни Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи ягона биллинг тизими орқали электрон тарзда тўлаш имкониятини яратсин.

5. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб икки ой ўтгач кучга киради.

6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 октябрдаги 625-сон қарорига 1-ИЛОВА

Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Регламент ташқи савдо битимлари, халқаро молия ёки инвестиция келишувлари ва халқаро шартномалар (кейинги ўринларда — шартнома) шартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бошланган ёки бўлиб ўтган енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизмати (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (кейинги ўринларда — ваколатли орган) томонидан кўрсатилади.

3. Давлат хизматини кўрсатиш ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

4. Енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш ваколатли орган ваколатли шахсининг электрон рақамли имзоси (кейинги ўринларда — ЭРИ) билан тасдиқланган ҳамда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ электрон шаклда QR-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштириладиган сертификат бериш орқали амалга оширилади.

Енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқловчи сертификат муддатсиз даврга берилади.

5. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

енгиб бўлмайдиган кучлар — томонларнинг иродаси ва фаолиятларига боғлиқ бўлмаган табиат ҳодисалари (зилзила, кўчки, бўрон, қурғоқчилик ва бошқалар) ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатлар (уруш ҳолати, камал, давлат манфаатларини кўзлаб импорт ва экспортни тақиқлаш ва бошқалар) сабабли юзага келган шароитларда томонларга қабул қилинган мажбуриятларни бажариш имконини бермайдиган фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлар (форс-мажор);

талабгор — шартнома доирасида енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш мақсадида ҳужжатларни тақдим этувчи: юридик ёки жисмоний шахс (шартнома томони).

2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби

6. Талабгор давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ва ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради ҳамда қуйидаги ҳужжатларни юклайди:

шартнома(лар), қўшимча келишув(лар) (мавжуд бўлган тақдирда) ҳамда уларга спецификация(лар) нусхаси;

шартнома(лар) бўйича бажарилган мажбуриятларнинг ҳажмларини тасдиқловчи ҳужжатлар (банк томонидан кўчирилган маблағлар тўғрисида маълумотнома, ҳисобварақлар ва/ёки далолатномалар). Бунда ҳужжатлар шартнома(лар)нинг хусусиятидан келиб чиқиб тақдим этилади.

Талабгор ЯИДХПда сўровномани тўлдириб, ушбу ҳужжатларни юклагандан сўнг идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан (электрон рақамли имзо, мобил-ID ва бошқалар) сўровномани юборишни тасдиқлайди.

Талабгордан ушбу бандда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

7. Ваколатли орган томонидан сўровномани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

8. Ваколатли органга келиб тушган сўровнома ва ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади ва ҳужжатларнинг тўлиқлиги кўриб чиқилади.

9. Ваколатли орган сўровномага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бошланган ёки бўлиб ўтган енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини талабгорнинг шартномасига таъсири, шартнома мажбуриятларининг ўзаро бажарилиши, мажбуриятларнинг муддатлари ва бошқа асословчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларни ўрганади.

Бунда, ваколатли орган сўровномада кўрсатилган енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари мавжудлигини тасдиқлаш учун давлат бошқаруви органлари ёки хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлардан хулосалар сўраши мумкин.

10. Давлат бошқаруви органлари ёки хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар ваколатли орган сўрови келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида сўралаётган хулосани ёзма шаклда тақдим этиши шарт.

11. Ваколатли орган талабгорнинг сўровномасига мувофиқ содир бўлган енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш масаласини ўз маблағлари ҳисобидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва баҳолаш ҳуқуқига эга.

12. Талабгорга сертификат бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ваколатли орган томонидан сўровнома қабул қилинган кундан бошлаб ўн уч иш кунида қабул қилинади.

13. Ваколатли орган талабгорни қабул қилинган қарор ҳақида ЯИДХПдаги шахсий кабинети орқали хабардор қилади.

14. Сўровнома рад этилган ҳолатларда, рад этиш сабаблари ва қонунчилик ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилади.

15. Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш тўғрисида сертификат бериш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда сертификат бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 90 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Бунда, бир сўровнома билан бирга бир нечта (биттадан ортиқ) шартномалар бир вақтнинг ўзида тақдим қилинса, қўшимча ҳар бир шартнома учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида алоҳида йиғим ундирилади.

16. Талабгор сертификат берилиши тўғрисида хабар олгандан сўнг бир иш кунида 15-бандда белгиланган миқдордаги йиғимларни тўлайди.

Йиғим тўланганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.

17. Ваколатли орган томонидан сертификат берилганлиги учун йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

11,75 фоизи — Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи йиғим тўланганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);

78,25 фоизи-ваколатли органнинг Ривожланиш ва моддий рағбатлантириш жамғармасининг махсус ҳисобварағига ўтказилади.

18. Йиғим тўланганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангандан сўнг ваколатли орган томонидан бир иш кунида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланган сертификат Регламентга 2-иловадаги шаклга мувофиқ электрон шаклда талабгорнинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборилади.

19. Ваколатли орган томонидан сертификат беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

сўровномага илова қилинган ҳужжатлар бузиб кўрсатилган ҳолда тақдим этилганлиги;

шартнома бўйича мажбуриятларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бошланмаган ёки содир бўлмаган енгиб бўлмайдиган кучлар оқибатида бажарилмаганлиги;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шартномадан келиб чиқувчи мажбуриятнинг бажариб бўлинганлиги;

шартнома бўйича мажбуриятнинг бажарилмаганлиги енгиб бўлмайдиган кучлар давом этган муддатларга мувофиқ бўлмаслиги;

ушбу Регламентнинг 10-бандига мувофиқ давлат бошқаруви органлари ёки хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари мавжуд эмаслиги бўйича асослантирилган хулосаси олинганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 333-моддасига мувофиқ талабгорнинг шартлашувчи шериклари томонидан мажбуриятларнинг бузилиши, мажбуриятни бажариш учун зарур товарларнинг бозорда йўқлиги, талабгорда зарур пул маблағларининг бўлмаганлиги;

талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотлар мавжудлиги.

Бошқа сабабларга кўра, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабли сертификат беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

20. Талабгор рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб тарзда белгиланиши, бироқ беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

21. Талабгор сертификатни бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ваколатли орган томонидан ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, сертификатни бериш ёки уни беришни рад этиш талабгорнинг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги сўровномаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Сўровнома такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

22. Сўровномани қайта кўриб чиқишда сертификат беришни илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.

23. Сертификатни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин талабгор томонидан тақдим этилган сўровнома янги киритилган ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.

24. Талабгор сертификатни бериш рад этилганлиги тўғрисидаги қарор, шунингдек, ваколатли орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) бўйича белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

3-боб. Якунловчи қоидалар

25. Ваколатли орган томонидан берилган сертификатлар реестри ушбу Регламентга 4-иловага мувофиқ автоматик шаклда юритилади.

26. Зарур ҳолларда ваколатли орган томонидан хўжалик субъектларига, уларнинг мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хорижий мамлакатларда сертификат бериш, енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш ва сертификат олиш учун ҳужжатларни кўриб чиқишнинг бориши масалалари бўйича маслаҳатлар берилади.

27. Ушбу Регламент талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА

Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Талабгор (Юридик ёки жисмоний шахс-шартнома томони) Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича сертификат олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП)дан рўйхатдан ўтади. Хоҳишига кўра 2-босқич Талабгор (Юридик ёки жисмоний шахс-шартнома томони) ЯИДХП орқали сўровномани мустақил равишда электрон тарзда тўлдиради, ҳужжатларни юклайди ва ваколатли органга юборишни тасдиқлайди. Хоҳишига кўра 3-босқич Ваколатли орган (Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги) 1. Келиб тушган сўровнома ва ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, ҳужжатларнинг тўлиқлигини кўриб чиқади. Ўн уч иш куни 2. Зарур ҳолларда, тегишли давлат бошқаруви органлари ёки хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларга енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари (форс-мажор) мавжудлиги юзасидан хулоса олиш учун сўров юборади. Давлат бошқаруви органлари ёки хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар Сўров келиб тушган тақдирда уни ўрганиб чиқади ҳамда ўн иш куни ичида ўз хулосаларини тайёрлаб ваколатли органга тақдим этади. Ваколатли орган (Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги) 3. Талабгор тақдим этган ҳужжатларни, шунингдек, зарур ҳолларда, давлат бошқаруви органлари ёки хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг тақдим этган хулосаларини ўрганади. 4. Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари мавжудлигини тасдиқлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 5. Қабул қилинган қарор ҳақида талабгорни ЯИДХПдаги шахсий кабинети орқали хабардор қилади. 4-босқич Талабгор (Юридик ёки жисмоний шахс-шартнома томони) Тўловни амалга ошириш тўғрисида хабарнома олган тақдирда ушбу Регламентда белгиланган миқдордаги йиғим учун тўловни (базавий ҳисоблаш миқдорининг 90 фоизи миқдорида, бир сўровномада бирдан ортиқ шартномалар бўйича сўров қилинганда ҳар бир қўшимча шартнома учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида) амалга оширади. Бир иш куни 5-босқич Ваколатли орган (Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги) 1. Тўлов амалга оширилганлиги тасдиқлангандан сўнг сертификатни тайёрлаб, талабгорнинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборади. 2. Берилган сертификатлар тўғрисидаги маълумотлар Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича берилган сертификатлар реестрига автоматик тарзда киритилади. Бир иш куни

Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича ‎СЕРТИФИКАТ НАМУНАСИ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ‎ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА ТАШҚИ САВДО ВАЗИРЛИГИ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________- сон СЕРТИФИКАТ* (НАМУНА ) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига асосан ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ 1. Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш тартиби 2. Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини юзага келганлиги 3. Шартнома тўғрисида маълумот (шартнома тузилган сана, шартнома томонлари ва уларнинг жойлашуви, шартнома муддатлари, қарама-қарши мажбуриятларнинг бажарилиши ва бошқа реквизитлар) 4. Шартнома мажбуриятларини бажаришда енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини юзага келганлигини тасдиқлаш ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Сертификат берувчи органнинг ваколатли шахси: ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (лавозими) ‎ ‎ (QR-код) ‎ ‎ ‎ (Ф.И.О.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА

Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизматидан фойдаланиш юзасидан

Талабгор номи (Юридик шахс — номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, Жисмоний шахс — Ф.И.О., паспорт ёки ID — карта маълумотлари (серияси, рақами, санаси, ким томонидан берилганлиги) Манзили (Юридик шахс — жойлашган ери (почта манзили), Жисмоний шахс — доимий яшаш манзили) СТИР / ЖШШИР (мавжуд бўлса) Электрон почта манзили (мавжуд бўлса) ва телефон рақами Хизмат кўрсатувчи тижорат банк номи Сертификат бериладиган шартнома(лар)нинг санаси ва рақами Сўровноманинг қисқача мазмуни, енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларининг тавсифи (улар содир этилган жой, вақт, давр ҳамда уларнинг таъсири)

Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 4-ИЛОВА

Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича берилган сертификатлар

Т/р СТИР/ЖШШИР (мавжуд бўлса) Талабгор тўғрисида маълумот Сертификат берилган шартнома санаси ва рақами Сертификат серияси, тартиб рақами ва берилган санаси Юридик шахснинг тўлиқ номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли / Жисмоний шахснинг Ф.И.О. ва паспорт ёки ID — карта серияси ва рақами Манзили (Юридик шахс — жойлашган жойи (почта манзили), Жисмоний шахс — доимий яшаш манзили) Электрон почта манзили (мавжуд бўлса) , телефон рақами 1. 2. 3.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 октябрдаги 625-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш механизмини амалга киритиш тўғрисида» 2005 йил 15 февралдаги 63-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш ва баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сон қарорига 1-илованинг 78-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 13 апрелдаги ПФ-5012-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 13 апрелдаги ПҚ-2887-сон қарори)» 2017 йил 14 июлдаги 499-сон қарорига илованинг 18-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 55-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизими тубдан такомиллаштирилиши муносабати билан ўзбекистон республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2021 йил 25 июндаги 393-сон қарорига 1-илованинг 5-банди .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат хизматлари кўрсатишнинг инфратузилмаси такомиллаштирилганлиги ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2021 йил 28 октябрдаги 661-сон қарорига илованинг 3-банди .

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2021 йил 27 декабрдаги 774-сон қарорига 1-илованинг 5-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 28 октябрь,

625-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.10.2022 й., 09/22/625/0973-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

MAʼMURIY REGLAMENTI

SXEMASI

SOʻROVNOMA

REYESTRI

ROʻYXATI

Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat xizmatlari koʻrsatishni soddalashtirish, byurokratik toʻsiqlarni qisqartirish hamda davlat xizmatlari koʻrsatish milliy tizimini rivojlantirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 20-apreldagi PF-113-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 10-maydagi 390-son qaroriga muvofiq:

Oʻzbekiston Respublikasi hududida sodir boʻlgan yengib boʻlmas kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligining asosiy funksiyalaridan biri etib belgilanganligi;

yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi tomonidan sertifikat berish orqali amalga oshirilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

talabgorning tashqi savdo bitimlari, xalqaro moliya yoki investitsiya kelishuvlari va xalqaro shartnomalari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi hududida boshlangan yoki boʻlib oʻtgan yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlarini tasdiqlashga sertifikat olish uchun Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligiga murojaat qilish tartibi;

yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlarini tasdiqlashga sertifikat olish uchun ariza va hujjatlarni yuborish, ularni koʻrib chiqish hamda sertifikat berish tartibi va muddatlari;

sertifikat berilganlik uchun yigʻim undirish;

sertifikat berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish asoslari;

yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlarini tasdiqlash uchun berilgan sertifikatlar reyestrini yuritish tartibi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi hamda boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda:

mazkur qaror bilan tasdiqlangan maʼmuriy reglamentga muvofiq davlat xizmatining YIDXP orqali joriy etilishini taʼminlasin;

YIDXPda davlat xizmatlari koʻrsatilishining har bir bosqichida murojaatlarning koʻrib chiqilishini kuzatib borish tartibini joriy etsin;

davlat xizmatini koʻrsatganlik uchun yigʻimlarni Davlat xizmatlari koʻrsatilganligi uchun toʻlangan davlat bojlari va yigʻimlar summasi hisobini yurituvchi yagona billing tizimi orqali elektron tarzda toʻlash imkoniyatini yaratsin.

5. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan boshlab ikki oy oʻtgach kuchga kiradi.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 28-oktabrdagi 625-son qaroriga 1-ILOVA

Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Reglament tashqi savdo bitimlari, xalqaro moliya yoki investitsiya kelishuvlari va xalqaro shartnomalar (keyingi oʻrinlarda — shartnoma) shartlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi hududida boshlangan yoki boʻlib oʻtgan yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlarini tasdiqlash boʻyicha davlat xizmati (keyingi oʻrinlarda — davlat xizmati) koʻrsatish tartibini belgilaydi.

2. Davlat xizmati Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organ) tomonidan koʻrsatiladi.

3. Davlat xizmatini koʻrsatish ushbu Reglamentga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

4. Yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlarini tasdiqlash vakolatli organ vakolatli shaxsining elektron raqamli imzosi (keyingi oʻrinlarda — ERI) bilan tasdiqlangan hamda ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq elektron shaklda QR-kod (matrik shtrixli kod) bilan rasmiylashtiriladigan sertifikat berish orqali amalga oshiriladi.

Yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlarini tasdiqlovchi sertifikat muddatsiz davrga beriladi.

5. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

yengib boʻlmaydigan kuchlar — tomonlarning irodasi va faoliyatlariga bogʻliq boʻlmagan tabiat hodisalari (zilzila, koʻchki, boʻron, qurgʻoqchilik va boshqalar) yoki ijtimoiy-iqtisodiy holatlar (urush holati, kamal, davlat manfaatlarini koʻzlab import va eksportni taqiqlash va boshqalar) sababli yuzaga kelgan sharoitlarda tomonlarga qabul qilingan majburiyatlarni bajarish imkonini bermaydigan favqulodda, oldini olib boʻlmaydigan va kutilmagan holatlar (fors-major);

talabgor — shartnoma doirasida yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlarini tasdiqlash maqsadida hujjatlarni taqdim etuvchi: yuridik yoki jismoniy shaxs (shartnoma tomoni).

2-bob. Davlat xizmatini koʻrsatish tartibi

6. Talabgor davlat xizmatidan elektron tarzda foydalanish uchun YIDXPda roʻyxatdan oʻtadi va ushbu Reglamentga 3-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani elektron ravishda toʻldiradi hamda quyidagi hujjatlarni yuklaydi:

shartnoma(lar), qoʻshimcha kelishuv(lar) (mavjud boʻlgan taqdirda) hamda ularga spetsifikatsiya(lar) nusxasi;

shartnoma(lar) boʻyicha bajarilgan majburiyatlarning hajmlarini tasdiqlovchi hujjatlar (bank tomonidan koʻchirilgan mablagʻlar toʻgʻrisida maʼlumotnoma, hisobvaraqlar va/yoki dalolatnomalar). Bunda hujjatlar shartnoma(lar)ning xususiyatidan kelib chiqib taqdim etiladi.

Talabgor YIDXPda soʻrovnomani toʻldirib, ushbu hujjatlarni yuklagandan soʻng identifikatsiya qilishning zamonaviy vositalari bilan (elektron raqamli imzo, mobil-ID va boshqalar) soʻrovnomani yuborishni tasdiqlaydi.

Talabgordan ushbu bandda koʻrsatilmagan hujjatlarni talab qilish qatʼiyan taqiqlanadi.

7. Vakolatli organ tomonidan soʻrovnomani koʻrib chiqish uchun yigʻim undirilmaydi.

8. Vakolatli organga kelib tushgan soʻrovnoma va hujjatlar roʻyxat boʻyicha qabul qilinadi va hujjatlarning toʻliqligi koʻrib chiqiladi.

9. Vakolatli organ soʻrovnomaga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi hududida boshlangan yoki boʻlib oʻtgan yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlarini talabgorning shartnomasiga taʼsiri, shartnoma majburiyatlarining oʻzaro bajarilishi, majburiyatlarning muddatlari va boshqa asoslovchi yoki tasdiqlovchi hujjatlarni oʻrganadi.

Bunda, vakolatli organ soʻrovnomada koʻrsatilgan yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlari mavjudligini tasdiqlash uchun davlat boshqaruvi organlari yoki xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlardan xulosalar soʻrashi mumkin.

10. Davlat boshqaruvi organlari yoki xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlar vakolatli organ soʻrovi kelib tushgan kundan boshlab oʻn ish kuni mobaynida soʻralayotgan xulosani yozma shaklda taqdim etishi shart.

11. Vakolatli organ talabgorning soʻrovnomasiga muvofiq sodir boʻlgan yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlarini tasdiqlash masalasini oʻz mablagʻlari hisobidan joyiga chiqqan holda oʻrganish va baholash huquqiga ega.

12. Talabgorga sertifikat berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror vakolatli organ tomonidan soʻrovnoma qabul qilingan kundan boshlab oʻn uch ish kunida qabul qilinadi.

13. Vakolatli organ talabgorni qabul qilingan qaror haqida YIDXPdagi shaxsiy kabineti orqali xabardor qiladi.

14. Soʻrovnoma rad etilgan holatlarda, rad etish sabablari va qonunchilik hujjatlarining aniq normalari koʻrsatiladi.

15. Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash toʻgʻrisida sertifikat berish haqida qaror qabul qilingan taqdirda sertifikat berish uchun bazaviy hisoblash miqdorining 90 foizi miqdorida yigʻim undiriladi.

Bunda, bir soʻrovnoma bilan birga bir nechta (bittadan ortiq) shartnomalar bir vaqtning oʻzida taqdim qilinsa, qoʻshimcha har bir shartnoma uchun bazaviy hisoblash miqdorining 50 foizi miqdorida alohida yigʻim undiriladi.

16. Talabgor sertifikat berilishi toʻgʻrisida xabar olgandan soʻng bir ish kunida 15-bandda belgilangan miqdordagi yigʻimlarni toʻlaydi.

Yigʻim toʻlanganligi Yagona billing tizimi orqali tasdiqlanadi.

17. Vakolatli organ tomonidan sertifikat berilganligi uchun yigʻim summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:

10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasiga;

11,75 foizi — Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish jamgʻarmasining Elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga (shu jumladan, 0,5 foizi yigʻim toʻlanganligi Yagona billing tizimi orqali tasdiqlangani uchun);

78,25 foizi-vakolatli organning Rivojlanish va moddiy ragʻbatlantirish jamgʻarmasining maxsus hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

18. Yigʻim toʻlanganligi Yagona billing tizimi orqali tasdiqlangandan soʻng vakolatli organ tomonidan bir ish kunida QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan va elektron raqamli imzo bilan tasdiqlangan sertifikat Reglamentga 2-ilovadagi shaklga muvofiq elektron shaklda talabgorning YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga yuboriladi.

19. Vakolatli organ tomonidan sertifikat berishni rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:

soʻrovnomaga ilova qilingan hujjatlar buzib koʻrsatilgan holda taqdim etilganligi;

shartnoma boʻyicha majburiyatlarning Oʻzbekiston Respublikasi hududida boshlanmagan yoki sodir boʻlmagan yengib boʻlmaydigan kuchlar oqibatida bajarilmaganligi;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida shartnomadan kelib chiquvchi majburiyatning bajarib boʻlinganligi;

shartnoma boʻyicha majburiyatning bajarilmaganligi yengib boʻlmaydigan kuchlar davom etgan muddatlarga muvofiq boʻlmasligi;

ushbu Reglamentning 10-bandiga muvofiq davlat boshqaruvi organlari yoki xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlarning yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlari mavjud emasligi boʻyicha asoslantirilgan xulosasi olinganligi;

Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksining 333-moddasiga muvofiq talabgorning shartlashuvchi sheriklari tomonidan majburiyatlarning buzilishi, majburiyatni bajarish uchun zarur tovarlarning bozorda yoʻqligi, talabgorda zarur pul mablagʻlarining boʻlmaganligi;

talabgor tomonidan taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki toʻliq boʻlmagan maʼlumotlar mavjudligi.

Boshqa sabablarga koʻra, shu jumladan maqsadga muvofiq emasligi sababli sertifikat berishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

20. Talabgor rad etish sabablarini bartaraf etishga va hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishga haqli boʻlgan muddat kamchiliklarni bartaraf etish uchun zarur boʻlgan vaqtga mutanosib tarzda belgilanishi, biroq besh ish kunidan kam boʻlmasligi kerak.

21. Talabgor sertifikatni berish rad etilishi uchun asos boʻlgan sabablarni belgilangan muddatda bartaraf etgan taqdirda, vakolatli organ tomonidan hujjatlarni takroran koʻrib chiqish, sertifikatni berish yoki uni berishni rad etish talabgorning rad etish sabablari bartaraf etilganligi toʻgʻrisidagi soʻrovnomasi va rad etish sabablari bartaraf etilganligini tasdiqlovchi tegishli hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran besh ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda amalga oshiriladi.

Soʻrovnoma takroran koʻrib chiqilganligi uchun yigʻim undirilmaydi.

22. Soʻrovnomani qayta koʻrib chiqishda sertifikat berishni ilgari koʻrsatilmagan yangi asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi, ilgari koʻrsatilgan sabablar bartaraf etilganligini tasdiqlovchi hujjatlar bilan bogʻliq rad etish sabablari keltirilishi bundan mustasno.

23. Sertifikatni berish rad etilganligi haqidagi xabarnomada koʻrsatilgan muddat oʻtganidan keyin talabgor tomonidan taqdim etilgan soʻrovnoma yangi kiritilgan hisoblanadi va vakolatli organ tomonidan umumiy asoslarda koʻrib chiqiladi.

24. Talabgor sertifikatni berish rad etilganligi toʻgʻrisidagi qaror, shuningdek, vakolatli organ mansabdor shaxsining harakati (harakatsizligi) boʻyicha belgilangan tartibda shikoyat qilish huquqiga ega.

3-bob. Yakunlovchi qoidalar

25. Vakolatli organ tomonidan berilgan sertifikatlar reyestri ushbu Reglamentga 4-ilovaga muvofiq avtomatik shaklda yuritiladi.

26. Zarur hollarda vakolatli organ tomonidan xoʻjalik subyektlariga, ularning mulkchilik shakllaridan qatʼi nazar, xorijiy mamlakatlarda sertifikat berish, yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlarini tasdiqlash va sertifikat olish uchun hujjatlarni koʻrib chiqishning borishi masalalari boʻyicha maslahatlar beriladi.

27. Ushbu Reglament talablarini buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA

Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Talabgor (Yuridik yoki jismoniy shaxs-shartnoma tomoni) Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha sertifikat olish uchun Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP)dan roʻyxatdan oʻtadi. Xohishiga koʻra 2-bosqich Talabgor (Yuridik yoki jismoniy shaxs-shartnoma tomoni) YIDXP orqali soʻrovnomani mustaqil ravishda elektron tarzda toʻldiradi, hujjatlarni yuklaydi va vakolatli organga yuborishni tasdiqlaydi. Xohishiga koʻra 3-bosqich Vakolatli organ (Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi) 1. Kelib tushgan soʻrovnoma va hujjatlarni roʻyxat boʻyicha qabul qiladi, hujjatlarning toʻliqligini koʻrib chiqadi. Oʻn uch ish kuni 2. Zarur hollarda, tegishli davlat boshqaruvi organlari yoki xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlarga yengib boʻlmaydigan kuchlar holatlari (fors-major) mavjudligi yuzasidan xulosa olish uchun soʻrov yuboradi. Davlat boshqaruvi organlari yoki xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlar Soʻrov kelib tushgan taqdirda uni oʻrganib chiqadi hamda oʻn ish kuni ichida oʻz xulosalarini tayyorlab vakolatli organga taqdim etadi. Vakolatli organ (Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi) 3. Talabgor taqdim etgan hujjatlarni, shuningdek, zarur hollarda, davlat boshqaruvi organlari yoki xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlarning taqdim etgan xulosalarini oʻrganadi. 4. Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlari mavjudligini tasdiqlash yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 5. Qabul qilingan qaror haqida talabgorni YIDXPdagi shaxsiy kabineti orqali xabardor qiladi. 4-bosqich Talabgor (Yuridik yoki jismoniy shaxs-shartnoma tomoni) Toʻlovni amalga oshirish toʻgʻrisida xabarnoma olgan taqdirda ushbu Reglamentda belgilangan miqdordagi yigʻim uchun toʻlovni (bazaviy hisoblash miqdorining 90 foizi miqdorida, bir soʻrovnomada birdan ortiq shartnomalar boʻyicha soʻrov qilinganda har bir qoʻshimcha shartnoma uchun bazaviy hisoblash miqdorining 50 foizi miqdorida) amalga oshiradi. Bir ish kuni 5-bosqich Vakolatli organ (Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi) 1. Toʻlov amalga oshirilganligi tasdiqlangandan soʻng sertifikatni tayyorlab, talabgorning YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga yuboradi. 2. Berilgan sertifikatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha berilgan sertifikatlar reyestriga avtomatik tarzda kiritiladi. Bir ish kuni

Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha ‎SERTIFIKAT NAMUNASI ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI ‎INVESTITSIYALAR VA TASHQI SAVDO VAZIRLIGI ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________- son SERTIFIKAT* (NAMUNA ) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga asosan ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ 1. Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash tartibi 2. Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini yuzaga kelganligi 3. Shartnoma toʻgʻrisida maʼlumot (shartnoma tuzilgan sana, shartnoma tomonlari va ularning joylashuvi, shartnoma muddatlari, qarama-qarshi majburiyatlarning bajarilishi va boshqa rekvizitlar) 4. Shartnoma majburiyatlarini bajarishda yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini yuzaga kelganligini tasdiqlash ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Sertifikat beruvchi organning vakolatli shaxsi: ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (lavozimi) ‎ ‎ (QR-kod) ‎ ‎ ‎ (F.I.O.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA

Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha davlat xizmatidan foydalanish yuzasidan

Talabgor nomi (Yuridik shaxs — nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, Jismoniy shaxs — F.I.O., pasport yoki ID — karta maʼlumotlari (seriyasi, raqami, sanasi, kim tomonidan berilganligi) Manzili (Yuridik shaxs — joylashgan yeri (pochta manzili), Jismoniy shaxs — doimiy yashash manzili) STIR / JSHSHIR (mavjud boʻlsa) Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa) va telefon raqami Xizmat koʻrsatuvchi tijorat bank nomi Sertifikat beriladigan shartnoma(lar)ning sanasi va raqami Soʻrovnomaning qisqacha mazmuni, yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarining tavsifi (ular sodir etilgan joy, vaqt, davr hamda ularning taʼsiri)

Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 4-ILOVA

Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash boʻyicha berilgan sertifikatlar

T/r STIR/JSHSHIR (mavjud boʻlsa) Talabgor toʻgʻrisida maʼlumot Sertifikat berilgan shartnoma sanasi va raqami Sertifikat seriyasi, tartib raqami va berilgan sanasi Yuridik shaxsning toʻliq nomi va tashkiliy-huquqiy shakli / Jismoniy shaxsning F.I.O. va pasport yoki ID — karta seriyasi va raqami Manzili (Yuridik shaxs — joylashgan joyi (pochta manzili), Jismoniy shaxs — doimiy yashash manzili) Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa) , telefon raqami 1. 2. 3.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 28-oktabrdagi 625-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlarini tasdiqlash mexanizmini amalga kiritish toʻgʻrisida” 2005-yil 15-fevraldagi 63-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish va baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2005-yil 8-sentabrdagi 206-son qaroriga 1-ilovaning 78-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tashqi savdo sohasida boshqaruv tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 13-apreldagi PF-5012-son Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi savdo vazirligi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 13-apreldagi PQ-2887-son qarori)” 2017-yil 14-iyuldagi 499-son qaroriga ilovaning 18-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mehnatga haq toʻlash, pensiyalar va boshqa toʻlovlar miqdorlarini aniqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-maydagi PF-5723-son Farmoni)” 2019-yil 28-dekabrdagi 1046-son qaroriga ilovaning 55-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Investitsiya va tashqi savdo sohasida boshqaruv tizimi tubdan takomillashtirilishi munosabati bilan oʻzbekiston respublikasi hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2021-yil 25-iyundagi 393-son qaroriga 1-ilovaning 5-bandi .

6. Vazirlar Mahkamasining “Davlat xizmatlari koʻrsatishning infratuzilmasi takomillashtirilganligi va aholining davlat xizmatlaridan foydalanish imkoniyatlari kengaytirilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2021-yil 28-oktabrdagi 661-son qaroriga ilovaning 3-bandi .

7. Vazirlar Mahkamasining “Aholi va tadbirkorlik subyektlarining davlat xizmatlaridan foydalanish imkoniyatlari kengaytirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2021-yil 27-dekabrdagi 774-son qaroriga 1-ilovaning 5-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 28-oktabr,

625-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.10.2022-y., 09/22/625/0973-son)

lex.uz