📅 2022-yil 3-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 3-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 3 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 3 ноября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 3 November 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
Маданий фаолият соҳасида тармоқларга оид бадиий кенгашлар тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
«Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек, маданият ташкилотларида жамоатчилик бошқарувининг самарали тизимини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига мувофиқ:
тизимида маданият ташкилотлари бўлган давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек маданият ташкилотлари томонидан театр, мусиқа ва концерт фаолияти, цирк санъати ва тасвирий санъат, архитектура ва дизайн бўйича тармоқ бадиий кенгашлари ташкил этилиши;
тармоқларга оид бадиий кенгашлар маслаҳат органлари ҳисобланиши;
тармоқларга оид бадиий кенгашлар таркибига, қоида тариқасида, таниқли ижодкорлар, маданият ходимлари, олимлар, мутахассислар, маданият ташкилотлари ассоциацияларининг (уюшмаларининг) вакиллари кириши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Маданий фаолият соҳасида тармоқларга оид бадиий кенгашлар тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ҳар бир давлат маданият ташкилотида юридик шахс бўлмаган бадиий кенгашлар фаолиятини ташкил этиш;
бадиий кенгашларнинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
бадиий кенгашларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби;
бадиий кенгашлар томонидан қарор қабул қилиш ва унинг ижросини ташкил этиш тартиби.
3. Белгилансинки, тизимида маданият ташкилотлари бўлган давлат органлари ва ташкилотларда ташкил этиладиган тармоқ бадиий кенгашлари аъзоларига улар томонидан ҳар чорак якуни бўйича бажарилган ишлар натижаларига кўра давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларининг тегишли буйруғига асосан уларнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача миқдорда гонорар тўлаб борилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимида маданият ташкилотлари бўлган давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда:
ушбу қарор билан тасдиқланган намунавий низом асосида мазкур давлат органлари ва ташкилотларда, шунингдек маданият ташкилотларида театр, мусиқа ва концерт фаолияти, цирк санъати ва тасвирий санъат, архитектура ва дизайн бўйича тармоқ бадиий кенгашларини ташкил этиш, уларнинг низомлари ва таркибини тасдиқлаш чораларини кўрсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 ноябрдаги 642-сон қарорига ИЛОВА
Маданий фаолият соҳасида тармоқларга оид бадиий кенгашлар тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Намунавий низом маданий фаолият соҳасида тармоқларга оид бадиий кенгашларнинг (кейинги ўринларда — бадиий кенгаш) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Тизимида маданият ташкилотлари бўлган давлат органлари ва ташкилотларда (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлар), шунингдек ҳар бир маданият ташкилотларида (кейинги ўринларда — маданият ташкилоти) тегишли равишда театр, мусиқа ва концерт фаолияти, цирк санъати ва тасвирий санъат, архитектура ва дизайн бўйича бадиий кенгашлар ташкил этилади.
Давлат органлари ва ташкилотларда ташкил этиладиган бадиий кенгаш уларнинг маданий фаолият соҳасини янада ривожлантириш бўйича, маданият ташкилотларида ташкил этиладиган бадиий кенгаш эса маданият ташкилотлари олдида турган ташкилий, ижодий-ишлаб чиқариш масалалари бўйича тегишли экспертлик таклиф, хулоса ва тавсияларни берувчи маслаҳат органи ҳисобланади.
3. Бадиий кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Намунавий низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
4. Бадиий кенгашнинг низоми ва таркиби тегишли давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланади.
Бунда, давлат театрининг бадиий кенгаши тўғрисидаги низом ва унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда камида уч йилда бир марта янгилаб турилади.
5. Бадиий кенгаш таркибига, қоида тариқасида, таниқли ижодкорлар, маданият ходимлари, олимлар, мутахассислар, маданият ташкилотлари ассоциацияларининг (уюшмаларининг) вакиллари киради.
2-боб. Бадиий кенгашнинг асосий вазифалари
6. Қуйидагилар Бадиий кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
а) давлат органлари ва ташкилотларнинг бадиий кенгашлари:
маданий фаолият соҳасидаги ижодий масалаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш;
маданий фаолият соҳасини ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
маданият ташкилотларининг ижодий фаолияти самарадорлигини ошириш ва уларнинг репертуарлари шакллантирилишини мувофиқлаштириш;
ижодкорларни рағбатлантириш ва давлат мукофотларига тавсия этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
б) маданият ташкилотлари бадиий кенгашлари:
маданият ташкилотларининг ижодий фаолиятини муҳокама қилиш, уларни яхшилаш ва сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
маданият ташкилотлари томонидан яратиладиган санъат асарларининг ғоявий, маънавий ва бадиий савиясини ошириш юзасидан зарур тавсиялар тайёрлаш;
маданият ташкилотларининг гастроль-концерт фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
маданият ташкилотлари маъмурияти билан биргаликда уларнинг ижодий фаолиятини яхшилаш юзасидан чора-тадбирлар белгилаш;
тегишли маданият ташкилотлари ижодий ходимларининг малака тоифаларини кўриб чиқиш ва уларни ўзгартириш бўйича тавсиялар тайёрлаш;
ишга қабул қилишга номзод ижодий ходимларнинг ижодий салоҳиятини ўрганиб чиқиш, муҳокама қилиш ҳамда ишга қабул қилиш ёки қилмаслик юзасидан маданият ташкилоти раҳбарига хулоса бериш;
ташкилий, ижодий-ишлаб чиқариш масалалари бўйича тегишли таклиф, тавсия ва хулосалар тайёрлаш.
3-боб. Бадиий кенгашнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
7. Бадиий кенгаш ўзининг асосий вазифаларини амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда тегишли равишда давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда маданият ташкилотидан сўраб олиш;
давлат органлари ва ташкилотлар, маданият ташкилотининг иш режалари ва репертуарларини, гастроль-концерт фаолиятини муҳокама қилишда иштирок этиш, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарига маданият ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш ва унинг ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисида таклифлар киритиш.
Бадиий кенгаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8. Бадиий кенгаш ушбу Намунавий низомда белгиланган асосий вазифалар бажарилишини таъминлашга мажбурдир.
Бадиий кенгаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз зиммасига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
4-боб. Бадиий кенгаш фаолиятини ташкил этиш
9. Бадиий кенгаш, қоидага кўра, раис, раис ўринбосари, Бадиий кенгаш котиби ва аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.
Бадиий кенгаш 9 — 17 нафар аъзодан иборат бўлади.
10. Бадиий кенгаш раиси:
Бадиий кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва уни чақиради;
Бадиий кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва улар ижроси назорат қилинишини ташкил этади;
Бадиий кенгашнинг йиллик иш режасини тасдиқлайди, шунингдек, Бадиий кенгашга унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади;
Бадиий кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар ижроси бўйича уларнинг ишини мувофиқлаштиради;
Бадиий кенгашнинг самарали фаолиятини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.
11. Бадиий кенгаш раиси ва унинг ўринбосари кенгаш аъзолари орасидан биринчи ташкилий мажлисда сайланадилар. Бадиий кенгаш аъзолари фаолияти муддатлари, Бадиий кенгаш раиси ва унинг ўринбосарини қайта сайлаш тартиби унинг низомида белгиланади.
12. Бадиий кенгаш ўз ваколатларини маданият ташкилоти раҳбарига беришга ҳақли эмас.
Бадиий кенгаш раиси ўринбосари Бадиий кенгаш раиси йўқлигида унинг вазифасини бажаради.
13. Бадиий кенгаш аъзолари:
Бадиий кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этади;
маданият ташкилотини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича Бадиий кенгаш муҳокамасига таклифлар киритади;
Бадиий кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича хулосалар тақдим этади.
Бадиий кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашиши керак.
Бадиий кенгаш аъзоси мажлисда иштирок этиш имкони бўлмаганда мажлис кун тартиби бўйича ўз фикрини Бадиий кенгашга ёзма равишда юбориш ҳуқуқига эга.
14. Бадиий кенгаш ўз ишини Бадиий кенгаш томонидан тасдиқланган режалар асосида ташкил этади ва ўз мажлисларини заруратга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказади.
Бадиий кенгаш раиси Бадиий кенгаш аъзоларининг ёзма илтимосномалари асосида навбатдан ташқари мажлислар чақириши мумкин. Бадиий кенгаш аъзоларининг илтимосномасида навбатдан ташқари мажлисни ўтказишнинг сабаблари ва асослари баён қилиниши керак.
15. Бадиий кенгаш мажлисини Бадиий кенгаш раиси олиб боради, у бўлмаган тақдирда — Бадиий кенгаш раиси ўринбосари олиб боради.
Бадиий кенгашда унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, у ваколатли ҳисобланади.
Мажлисни ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда Бадиий кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.
16. Бадиий кенгаш мажлисида кўриб чиқилаётган масалаларнинг хусусиятига боғлиқ равишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, маданият ташкилоти ходимлари, алоҳида соҳа мутахассислари таклиф этилиши мумкин.
17. Бадиий кенгаш котиби:
барча зарур ҳужжатлар Бадиий кенгаш мажлисига ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
мажлисни ўтказиш муддати ва жойини Бадиий кенгаш раиси билан келишади;
кун тартибидаги масалалар бўйича Бадиий кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
Бадиий кенгаш аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлис ўтказиладиган сана, кун тартиби лойиҳаси, вақт ва жой тўғрисида хабардор қилади;
Бадиий кенгаш қарорлари ижроси мониторингини олиб боради;
Бадиий кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Бадиий кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади;
Бадиий кенгаш ҳужжатлари сақланишини, шунингдек, Бадиий кенгашнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот маданият ташкилотининг веб-сайтида жойлаштирилишини таъминлайди.
5-боб. Бадиий кенгаш томонидан қарорлар қабул қилиниши ва уларнинг ижросини ташкил этиш
18. Бадиий кенгашнинг қарори мажлисда иштирок этаётган Бадиий кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолганда, Бадиий кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
19. Бадиий кенгаш қарорлари Бадиий кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Бадиий кенгаш мажлисининг баённомаси Бадиий кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Бадиий кенгаш аъзоларига юборилади.
Бадиий кенгаш мажлиси баённомаси расмийлаштирилган санадан бошлаб ўн иш куни мобайнида Бадиий кенгашнинг котиби уни тегишли равишда давлат органлари ва ташкилотларга, маданият ташкилотига етказилишини таъминлайди.
20. Бадиий кенгаш баённомасининг асли ва унга таҳлилий материаллар тегишли равишда давлат органлари ва ташкилотларда, маданият ташкилотида сақланади.
21. Бадиий кенгаш котиби Бадиий кенгаш аъзолари кўмагида Бадиий кенгаш қарорлари бажарилишини мунтазам равишда ўрганади ва кўриб чиқади, зарурат бўлганда, Бадиий кенгаш раисига тегишли таклифлар киритади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
22. Ушбу Намунавий низом қўлланилиши муносабати билан юзага келадиган низолар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
23. Ушбу Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 3 ноябрь,
642-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NAMUNAVIY NIZOM
Madaniy faoliyat sohasida tarmoqlarga oid badiiy kengashlar toʻgʻrisidagi namunaviy nizomni tasdiqlash haqida
“Madaniy faoliyat va madaniyat tashkilotlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq, shuningdek, madaniyat tashkilotlarida jamoatchilik boshqaruvining samarali tizimini yanada rivojlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. “Madaniy faoliyat va madaniyat tashkilotlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 13-moddasiga muvofiq:
tizimida madaniyat tashkilotlari boʻlgan davlat organlari va tashkilotlar, shuningdek madaniyat tashkilotlari tomonidan teatr, musiqa va konsert faoliyati, sirk sanʼati va tasviriy sanʼat, arxitektura va dizayn boʻyicha tarmoq badiiy kengashlari tashkil etilishi;
tarmoqlarga oid badiiy kengashlar maslahat organlari hisoblanishi;
tarmoqlarga oid badiiy kengashlar tarkibiga, qoida tariqasida, taniqli ijodkorlar, madaniyat xodimlari, olimlar, mutaxassislar, madaniyat tashkilotlari assotsiatsiyalarining (uyushmalarining) vakillari kirishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Madaniy faoliyat sohasida tarmoqlarga oid badiiy kengashlar toʻgʻrisidagi namunaviy nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
har bir davlat madaniyat tashkilotida yuridik shaxs boʻlmagan badiiy kengashlar faoliyatini tashkil etish;
badiiy kengashlarning asosiy vazifalari, huquq va majburiyatlari;
badiiy kengashlarning faoliyatini tashkil etish tartibi;
badiiy kengashlar tomonidan qaror qabul qilish va uning ijrosini tashkil etish tartibi.
3. Belgilansinki, tizimida madaniyat tashkilotlari boʻlgan davlat organlari va tashkilotlarda tashkil etiladigan tarmoq badiiy kengashlari aʼzolariga ular tomonidan har chorak yakuni boʻyicha bajarilgan ishlar natijalariga koʻra davlat organlari va tashkilotlar rahbarlarining tegishli buyrugʻiga asosan ularning budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 5 baravarigacha miqdorda gonorar toʻlab boriladi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tizimida madaniyat tashkilotlari boʻlgan davlat organlari va tashkilotlar bilan birgalikda bir oy muddatda:
ushbu qaror bilan tasdiqlangan namunaviy nizom asosida mazkur davlat organlari va tashkilotlarda, shuningdek madaniyat tashkilotlarida teatr, musiqa va konsert faoliyati, sirk sanʼati va tasviriy sanʼat, arxitektura va dizayn boʻyicha tarmoq badiiy kengashlarini tashkil etish, ularning nizomlari va tarkibini tasdiqlash choralarini koʻrsin;
oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — turizm va madaniy meros vaziri A.A. Abduxakimov hamda Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri O.A. Nazarbekov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 3-noyabrdagi 642-son qaroriga ILOVA
Madaniy faoliyat sohasida tarmoqlarga oid badiiy kengashlar toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Namunaviy nizom madaniy faoliyat sohasida tarmoqlarga oid badiiy kengashlarning (keyingi oʻrinlarda — badiiy kengash) maqomi, asosiy vazifalari, huquqlari va majburiyatlari, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Tizimida madaniyat tashkilotlari boʻlgan davlat organlari va tashkilotlarda (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari va tashkilotlar), shuningdek har bir madaniyat tashkilotlarida (keyingi oʻrinlarda — madaniyat tashkiloti) tegishli ravishda teatr, musiqa va konsert faoliyati, sirk sanʼati va tasviriy sanʼat, arxitektura va dizayn boʻyicha badiiy kengashlar tashkil etiladi.
Davlat organlari va tashkilotlarda tashkil etiladigan badiiy kengash ularning madaniy faoliyat sohasini yanada rivojlantirish boʻyicha, madaniyat tashkilotlarida tashkil etiladigan badiiy kengash esa madaniyat tashkilotlari oldida turgan tashkiliy, ijodiy-ishlab chiqarish masalalari boʻyicha tegishli ekspertlik taklif, xulosa va tavsiyalarni beruvchi maslahat organi hisoblanadi.
3. Badiiy kengash oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Namunaviy nizomga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiradi.
4. Badiiy kengashning nizomi va tarkibi tegishli davlat organi va tashkiloti rahbari tomonidan tasdiqlanadi.
Bunda, davlat teatrining badiiy kengashi toʻgʻrisidagi nizom va uning tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tomonidan tasdiqlanadi hamda kamida uch yilda bir marta yangilab turiladi.
5. Badiiy kengash tarkibiga, qoida tariqasida, taniqli ijodkorlar, madaniyat xodimlari, olimlar, mutaxassislar, madaniyat tashkilotlari assotsiatsiyalarining (uyushmalarining) vakillari kiradi.
2-bob. Badiiy kengashning asosiy vazifalari
6. Quyidagilar Badiiy kengashning asosiy vazifalari hisoblanadi:
a) davlat organlari va tashkilotlarning badiiy kengashlari:
madaniy faoliyat sohasidagi ijodiy masalalarni oʻrganish va tahlil qilish;
madaniy faoliyat sohasini rivojlantirish yuzasidan taklif va tavsiyalar ishlab chiqish;
madaniyat tashkilotlarining ijodiy faoliyati samaradorligini oshirish va ularning repertuarlari shakllantirilishini muvofiqlashtirish;
ijodkorlarni ragʻbatlantirish va davlat mukofotlariga tavsiya etish boʻyicha takliflar tayyorlash;
b) madaniyat tashkilotlari badiiy kengashlari:
madaniyat tashkilotlarining ijodiy faoliyatini muhokama qilish, ularni yaxshilash va sifatini oshirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;
madaniyat tashkilotlari tomonidan yaratiladigan sanʼat asarlarining gʻoyaviy, maʼnaviy va badiiy saviyasini oshirish yuzasidan zarur tavsiyalar tayyorlash;
madaniyat tashkilotlarining gastrol-konsert faoliyatini samarali tashkil etish boʻyicha taklif va tavsiyalar ishlab chiqish;
madaniyat tashkilotlari maʼmuriyati bilan birgalikda ularning ijodiy faoliyatini yaxshilash yuzasidan chora-tadbirlar belgilash;
tegishli madaniyat tashkilotlari ijodiy xodimlarining malaka toifalarini koʻrib chiqish va ularni oʻzgartirish boʻyicha tavsiyalar tayyorlash;
ishga qabul qilishga nomzod ijodiy xodimlarning ijodiy salohiyatini oʻrganib chiqish, muhokama qilish hamda ishga qabul qilish yoki qilmaslik yuzasidan madaniyat tashkiloti rahbariga xulosa berish;
tashkiliy, ijodiy-ishlab chiqarish masalalari boʻyicha tegishli taklif, tavsiya va xulosalar tayyorlash.
3-bob. Badiiy kengashning huquqlari va majburiyatlari
7. Badiiy kengash oʻzining asosiy vazifalarini amalga oshirish uchun quyidagi huquqlarga ega:
oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun zarur boʻlgan axborotni belgilangan tartibda tegishli ravishda davlat organlari va tashkilotlar hamda madaniyat tashkilotidan soʻrab olish;
davlat organlari va tashkilotlar, madaniyat tashkilotining ish rejalari va repertuarlarini, gastrol-konsert faoliyatini muhokama qilishda ishtirok etish, ularni takomillashtirish yuzasidan takliflar kiritish;
davlat organlari va tashkilotlar rahbariga madaniyat tashkiloti faoliyatini takomillashtirish va uning xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish toʻgʻrisida takliflar kiritish.
Badiiy kengash qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
8. Badiiy kengash ushbu Namunaviy nizomda belgilangan asosiy vazifalar bajarilishini taʼminlashga majburdir.
Badiiy kengash qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻz zimmasiga boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.
4-bob. Badiiy kengash faoliyatini tashkil etish
9. Badiiy kengash, qoidaga koʻra, rais, rais oʻrinbosari, Badiiy kengash kotibi va aʼzolaridan iborat tarkibda shakllantiriladi.
Badiiy kengash 9 — 17 nafar aʼzodan iborat boʻladi.
10. Badiiy kengash raisi:
Badiiy kengash majlisi kun tartibini belgilaydi va uni chaqiradi;
Badiiy kengash qarorlarini tasdiqlaydi va ular ijrosi nazorat qilinishini tashkil etadi;
Badiiy kengashning yillik ish rejasini tasdiqlaydi, shuningdek, Badiiy kengashga uning ijrosi toʻgʻrisidagi hisobotni taqdim etadi;
Badiiy kengash aʼzolariga yuklangan vazifalar ijrosi boʻyicha ularning ishini muvofiqlashtiradi;
Badiiy kengashning samarali faoliyatini taʼminlash uchun boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.
11. Badiiy kengash raisi va uning oʻrinbosari kengash aʼzolari orasidan birinchi tashkiliy majlisda saylanadilar. Badiiy kengash aʼzolari faoliyati muddatlari, Badiiy kengash raisi va uning oʻrinbosarini qayta saylash tartibi uning nizomida belgilanadi.
12. Badiiy kengash oʻz vakolatlarini madaniyat tashkiloti rahbariga berishga haqli emas.
Badiiy kengash raisi oʻrinbosari Badiiy kengash raisi yoʻqligida uning vazifasini bajaradi.
13. Badiiy kengash aʼzolari:
Badiiy kengash majlislarida koʻrib chiqiladigan masalalarni muhokama qilish va hal etishda ishtirok etadi;
madaniyat tashkilotini rivojlantirishning dolzarb masalalari boʻyicha Badiiy kengash muhokamasiga takliflar kiritadi;
Badiiy kengash tomonidan koʻrib chiqiladigan masalalar boʻyicha xulosalar taqdim etadi.
Badiiy kengash aʼzolari majlisda shaxsan qatnashishi kerak.
Badiiy kengash aʼzosi majlisda ishtirok etish imkoni boʻlmaganda majlis kun tartibi boʻyicha oʻz fikrini Badiiy kengashga yozma ravishda yuborish huquqiga ega.
14. Badiiy kengash oʻz ishini Badiiy kengash tomonidan tasdiqlangan rejalar asosida tashkil etadi va oʻz majlislarini zaruratga koʻra, biroq har chorakda kamida bir marta oʻtkazadi.
Badiiy kengash raisi Badiiy kengash aʼzolarining yozma iltimosnomalari asosida navbatdan tashqari majlislar chaqirishi mumkin. Badiiy kengash aʼzolarining iltimosnomasida navbatdan tashqari majlisni oʻtkazishning sabablari va asoslari bayon qilinishi kerak.
15. Badiiy kengash majlisini Badiiy kengash raisi olib boradi, u boʻlmagan taqdirda — Badiiy kengash raisi oʻrinbosari olib boradi.
Badiiy kengashda uning aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi hozir boʻlsa, u vakolatli hisoblanadi.
Majlisni oʻtkazish uchun kvorum yoki rais va uning oʻrinbosari boʻlmaganda Badiiy kengash majlisini oʻtkazishning yangi sanasi eʼlon qilinadi.
16. Badiiy kengash majlisida koʻrib chiqilayotgan masalalarning xususiyatiga bogʻliq ravishda davlat organlari va boshqa tashkilotlarning rahbarlari va mutaxassislari, madaniyat tashkiloti xodimlari, alohida soha mutaxassislari taklif etilishi mumkin.
17. Badiiy kengash kotibi:
barcha zarur hujjatlar Badiiy kengash majlisiga oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi;
majlisni oʻtkazish muddati va joyini Badiiy kengash raisi bilan kelishadi;
kun tartibidagi masalalar boʻyicha Badiiy kengash majlislari oʻtkazilishini tashkil etadi;
Badiiy kengash aʼzolarini va taklif etilgan shaxslarni majlis oʻtkaziladigan sana, kun tartibi loyihasi, vaqt va joy toʻgʻrisida xabardor qiladi;
Badiiy kengash qarorlari ijrosi monitoringini olib boradi;
Badiiy kengash bayonnomalarini rasmiylashtiradi va tasdiqlangan bayonnomalarni Badiiy kengash aʼzolariga va boshqa manfaatdor tashkilotlarga yuboradi;
Badiiy kengash hujjatlari saqlanishini, shuningdek, Badiiy kengashning faoliyati toʻgʻrisidagi axborot madaniyat tashkilotining veb-saytida joylashtirilishini taʼminlaydi.
5-bob. Badiiy kengash tomonidan qarorlar qabul qilinishi va ularning ijrosini tashkil etish
18. Badiiy kengashning qarori majlisda ishtirok etayotgan Badiiy kengash aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlib qolganda, Badiiy kengash raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
19. Badiiy kengash qarorlari Badiiy kengash majlisining bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi. Badiiy kengash majlisining bayonnomasi Badiiy kengash raisi tomonidan tasdiqlanadi va bir hafta muddatda Badiiy kengash aʼzolariga yuboriladi.
Badiiy kengash majlisi bayonnomasi rasmiylashtirilgan sanadan boshlab oʻn ish kuni mobaynida Badiiy kengashning kotibi uni tegishli ravishda davlat organlari va tashkilotlarga, madaniyat tashkilotiga yetkazilishini taʼminlaydi.
20. Badiiy kengash bayonnomasining asli va unga tahliliy materiallar tegishli ravishda davlat organlari va tashkilotlarda, madaniyat tashkilotida saqlanadi.
21. Badiiy kengash kotibi Badiiy kengash aʼzolari koʻmagida Badiiy kengash qarorlari bajarilishini muntazam ravishda oʻrganadi va koʻrib chiqadi, zarurat boʻlganda, Badiiy kengash raisiga tegishli takliflar kiritadi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
22. Ushbu Namunaviy nizom qoʻllanilishi munosabati bilan yuzaga keladigan nizolar belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
23. Ushbu Namunaviy nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 3-noyabr,
642-son