UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 4-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 4 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 ноября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 November 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

МАЪЛУМОТ

РЎЙХАТИ

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашига номзодларни шакллантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Вазирлар Маҳкамасининг «2021 — 2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 29 мартдаги 166-сон қарори ижросини таъминлаш, давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши аъзолигига номзодларни шакллантириш тартибини такомиллаштириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан устав фондида (устав капиталида) давлат улуши миқдори эллик фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ёхуд устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори хўжалик жамиятининг бошқа ҳар бир акциядори (иштирокчиси) улушига нисбатан кўп бўлган хўжалик жамиятлари, шунингдек давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда — давлат иштирокидаги корхоналар) кузатув кенгашига номзодларни жалб қилиш жараёнини бошқариш, хусусан, кузатув кенгаши таркиби ҳамда уларда юз берган ўзгаришларни марказлашган ҳолда ёритиб борилишини таъминловчи www.cns.davaktiv.uz махсус веб-портали яратилганлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг «2021 — 2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 29 мартдаги 166-сон қарорида кузатув кенгаши таркиби аъзолигига номзодларни тармоққа оид билим, бошқарув тажрибаси, молиявий, корпоратив бошқарув, стратегик режалаштириш ҳамда бошқа малакалар каби мезонлар асосида танлаб олиш амалиётини босқичма-босқич жорий этиш ҳамда уларга тўланадиган ҳақ миқдори корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижалари асосида аниқланиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига номзодларга қўйиладиган талаблар, номзодларни саралаш босқичлари ва тартиби;

номзодларни танлаб олиш комиссиясининг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

номзодларни белгиланган мезонлар асосида баҳолашдан ўтказиш, саралаш жараёнини марказлашган ҳолда бошқариш ва рақамлаштириш тартиби.

3. Давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирлик ва идоралар давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни таклиф этишда мазкур қарор талабларига қатъий риоя қилинишини таъминласин.

4. Шундай тартиб белгилансинки, унга мувофиқ:

2023 йил 1 январдан бошлаб давлат иштирокидаги корхоналар томонидан уларнинг бошқарув ва назорат органларининг амалдаги таркибидаги ўзгаришлар, мавжуд бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотларни ушбу ўзгаришлар содир бўлган санадан икки иш куни ичида мажбурий тартибда www.cns.davaktiv.uz махсус порталига жойлаштириб борилади;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқарув ва назорат органларининг амалдаги таркибидаги ўзгаришлар, улардаги мавжуд бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотларни махсус порталга жойлаштирмаган корхоналарнинг ижро этувчи органи ҳамда кузатув кенгаши аъзоларини рағбатлантиришга йўл қўйилмайди.

5. Агентлик Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби билан биргаликда 2023 йил 1 январга қадар давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқарув органлари аъзолари тўғрисидаги маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш учун тегишли ахборот тизимларининг ўзаро автоматик тарзда интеграция қилинишини;

манфаатдор вазирлик, идоралар билан биргаликда www.cns.davaktiv.uz махсус веб-порталини унинг амалиётда ишлаш натижаларидан келиб чиқиб, доимий такомиллаштириб бориш чоралари кўрилишини таъминласин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар Агентлик билан биргаликда:

ўзлари давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) бўлган давлат иштирокидаги корхоналар бошқарув ва назорат органларининг амалдаги таркиби тўғрисидаги маълумотларни бир ой муддатда www.cns.davaktiv.uz махсус порталига жойлаштирилишини;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарор талабларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.

8. Ушбу қарорга 1-илова 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 ноябрдаги 647-сон қарорига 1-ИЛОВА

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни танлаб олиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни танлаб олиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом талаблари давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) ҳуқуқи ва функциялари маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилаётган корхоналарга, шунингдек, давлат улуши ишончли бошқарувга берилган корхоналарнинг Кузатув кенгаши таркибига ишончли бошқарувчининг вакилларини киритишга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

давлат иштирокидаги корхоналар (кейинги ўринларда — корхона) — устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори эллик фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамияти ёхуд устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори хўжалик жамиятининг бошқа ҳар бир акциядори (иштирокчиси) улушига нисбатан кўп бўлган хўжалик жамияти;

ваколатли давлат органи — корхоналарда давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) ҳуқуқи ва функцияларини амалга оширувчи вазирлик ва идоралар;

кузатув кенгаши — корхонанинг фаолиятига умумий раҳбарликни ва зиммасига қонунчилик ҳужжатлари ҳамда корхона устави, ички меъёрий ҳужжатлари билан юклатилган вазифаларни амалга оширадиган бошқарув органи;

махсус веб-портал — Давлат активларини бошқариш агентлигининг корхоналарнинг бошқарув ва назорат органлари аъзолари рўйхатини юритиш, улар таркибидаги ўзгаришлар мониторингини олиб бориш ва бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш учун мўлжалланган www.cns.davaktiv.uz веб-портали;

номзодларни танлаб олиш — мазкур низомда белгиланган тартибга мувофиқ ва мезонлар асосида энг мақбул номзодларни танлаб олиш тизими;

номзодларни танлаб олиш комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) — давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши аъзолигига давлат улуши бўйича номзодларни саралаш ва танлаб олиш учун тегишинча Давлат активларини бошқариш агентлиги, махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тузилган комиссия;

кузатув кенгашининг аъзоси — корхонанинг кузатув кенгаши таркибига акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилиши ёки ягона акциядор (иштирокчи), мулкдор (муассис) қарори билан муайян муддатга тайинланган (сайланган) шахс;

мустақил аъзо — қонунчилик ҳужжатларида мустақил аъзо деб эътироф этиш учун белгиланган талабларга мувофиқ бўлган кузатув кенгаши аъзоси;

номзодлар бўйича маълумотлар базаси — корхоналарнинг амалдаги кузатув кенгаши аъзолари, шу жумладан мустақил аъзолари, махсус вэб-портал маълумотлари ва номзодларни излаб топишга ихтисослашган ташкилотлар томонидан тақдим этилган номзодлар рўйхати, шунингдек уларнинг меҳнат фаолияти ва иш тажрибаси тўғрисидаги қисқача маълумотлар (резюме) жамланмаси.

3. Кузатув кенгаши таркибига номзодларни саралаш ва танлаб олиш комиссия томонидан кузатув кенгашининг амалдаги таркибини қайта кўриб чиқиш, кузатув кенгаши аъзоларининг ваколатини муддатидан олдин тугатиш натижасида юзага келадиган мавжуд бўш ўринларига аъзо тайинлаш (сайлаш) учун амалга оширилади.

Корхона устав капитали (фонди)да давлат улушининг ўзгариши (ошиши, камайиши, вужудга келиши), амалдаги аъзоларнинг кузатув кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисидаги аризаси, корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижалари, шунингдек мулкдорнинг (муассис, акциядор, иштирокчи) хоҳиши (таклифи)га кўра амалдаги кузатув кенгаши аъзолари таркибини ўзгартириш ташаббуси билан чиқилишига асос бўлиши мумкин.

4. Корхонанинг таъсис ҳужжатларида кузатув кенгаши аъзолари учун гендер тенглик назарда тутилган бўлса, номзодларни танлаб олиш аёл ва эркак номзодлар учун алоҳида амалга оширилиши мумкин.

5. Номзодларни танлаб олиш қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширилади:

шаффофлик — оммавий ахборот воситаларида, махсус веб-порталда, шунингдек қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбаларда тегишли эълонлар, бўш ўринлар, танлаб олиш тартиби, мезонлари ва натижаларига оид маълумотларни чоп этиш;

тенглик — танлаб олишда жараёнида иштирок этадиган барча номзодларга бир хил шарт-шароитлар яратиш;

рақобат — танлаб олиш жараёни очиқ ва тўғри рақобатга асосланган бўлиши;

мустақиллик — танлаб олиш жараёни ҳар қандай сиёсий ва маъмурий аралашув ёки бошқа ташқи таъсирлардан ҳоли ва мустақил амалга оширилиши.

2-боб. Номзодларга қўйиладиган талаблар

6. Кузатув кенгаши аъзолигига номзодлар зиммасига қуйидаги фидуциар мажбуриятларни олади:

жонкуярликни намоён қилиш мажбурияти — кузатув кенгаши аъзоси сифатида виждонан ва жонкуярлик асосида ҳаракат қилиш;

содиқликни намоён қилиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик мажбурияти — кузатув кенгаши аъзоси сифатида биринчи навбатда корхона манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилиш;

лозим даражада кўздан кечиришликни намоён қилиш мажбурияти — кузатув кенгаши аъзоларидан корхонага нисбатан қарор қабул қилишда эҳтиёткорлик билан ёндашиш;

мустақил мулоҳазадан фойдаланиш мажбурияти — кузатув кенгаши аъзосидан қарорларни мустақил, шахсий ва бошқа манфаатларни инобатга олмаган ҳолда қабул қилиш.

7. Қуйидаги шахслар кузатув кенгаши аъзолигига давлат улуши бўйича номзод бўла олмайди:

молия, иқтисодиёт ва ҳуқуқ ёки бошқа соҳаларда олий маълумотга эга бўлмаган;

камида 2 йиллик иш тажрибасига эга бўлмаган;

корхона бошқаруви аъзолари ва директори ёки уларнинг функцияларини амалга ошираётган шахслар, корхонада ёки унинг шуъба ва тобе хўжалик жамиятларида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар;

иқтисодий жиноятлар ёки бошқарув тартибига қарши жиноятлар учун судланганлиги мавжуд ҳамда суд қарорларига асосан мансаб лавозимларини эгаллаши чекланган, шунингдек коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар;

давлат бошқаруви органларининг корхонага нисбатан тартибга солувчи ёки назорат (шу жумладан, лицензиялаш органлари ва молия-хўжалик фаолиятини текширувчи органлар) функциясини амалга оширувчи ходимлари;

қонунчилик ҳужжатларида кузатув кенгаши аъзоси сифатида фаолият олиб бориши тақиқланган шахслар;

корпоратив бошқарувчи малака аттестатига эга бўлмаган шахслар, қонунчилик ҳужжатларига биноан корпоратив бошқарувчи малака аттестатини олиш талаб этилмайдиган шахслар бундан мустасно;

беш ва ундан ортиқ кузатув кенгашларида аъзо бўлган шахслар, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

сўнгги уч йил ичида корхонага ва (ёки) корхонанинг аффилланган шахсларига аудиторлик хизматларини кўрсатган аудиторлик ташкилотининг ходими.

8. Корхона фаолияти йўналишидан келиб чиқиб, комиссия томонидан номзодларга қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.

9. Кузатув кенгашининг мустақил аъзолиги учун номзодлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда танлов асосида саралаб олинади. Бунда, корхона уставида мустақил аъзо номзодини кўрсатиш акциядор (иштирокчи) томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлса, уларни танлаб олиш ушбу низом асосида амалга оширилади.

10. Корхонанинг кузатув кенгаши таркибига сайланган шахслар чекланмаган тарзда қайта сайланиши мумкин, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

11. Номзодлар томонидан ариза ва маълумотлар махсус веб-порталга электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан ёки идентификация қилиш имконини берувчи бошқа воситалар орқали тасдиқланган ҳолда жойлаштирилади.

12. Номзодлар томонидан тўлдирилган аризада келтирилган ёки тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларда мавжуд бўлган маълумотларнинг ҳақиқий эмаслиги, ишончли эмаслиги ва нотўғрилиги (ёлғонлиги) аниқланса, ушбу номзод танловдан ёки кузатув кенгаши таркибидан (агар таркибга сайлангандан сўнг аниқланса) белгиланган тартибда четлатилади.

3-боб. Номзодларни танлаб олиш ва номзодлар захирасини шакллантириш тартиби

13. Номзодларни танлаб олиш жараёни корхоналарда кузатув кенгаши аъзоси сифатида фаолият олиб бориш истагида бўлган ҳар қандай шахслар учун очиқдир.

14. Жинси, тили, миллати, фуқаролиги ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар танлаб олишда иштирок этиш ҳуқуқига эга, мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган белгиланган шахслар бундан мустасно.

15. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни танлаб олиш тартиби ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

16. Корхоналар махсус веб-порталга кузатув кенгаши аъзолари таркибида ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни ушбу ўзгаришлар содир бўлган кундан бошлаб 2 иш куни ичида жойлаштириши шарт. Ўзгаришлар содир бўлган сана деб кузатув кенгаши таркибини тасдиқлаш ва (ёки) уларнинг таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилиши ёки мулкдор (муассис) қарори қабул қилинган сана ҳисобланади.

17. Корхоналар комиссиянинг ёки ваколатли давлат органининг талабига асосан корхона фаолияти билан ёки бошқарув органи аъзолари таркиби билан боғлиқ қўшимча маълумотларни ошкор этиши шарт, қонунчилик ҳужжатларида ошкор этилиши тақиқланган маълумотлар бундан мустасно.

18. Комиссия махсус вэб-портал маълумотлари асосида давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши таркибидаги мавжуд бўш аъзолик ўринлари, шунингдек кузатув кенгашининг амалдаги аъзолари ваколатларини муддатидан олдин тугатиш оқибатида юзага келадиган бўш аъзолик ўринлари рўйхатини шакллантиради, шунингдек корхона ва (ёки) ваколатли давлат органи билан биргаликда номзодларга қўйиладиган талабларни, номзодларни излаш усулларини белгилаган ҳолда ушбу рўйхатни тасдиқлайди. Бунда, бўш аъзолик ўринлари рўйхати қуйидаги муддатларда шакллантирилади ва тасдиқланади:

давлат иштирокидаги корхоналарда юзага келган бўш аъзолик ўринлари рўйхати — 10 иш кунида;

кузатув кенгашининг амалдаги аъзоларининг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш оқибатида юзага келган бўш аъзолик ўринлари рўйхати — амалдаги таркибни ўзгартириш зарурати юзага келганда, 10 иш кунида ва/ёки ҳар йили 1 сентябрга қадар.

19. Комиссия тасдиқланган бўш аъзолик ўринлари рўйхатини 2 иш куни ичида махсус веб-порталга жойлаштиради.

20. Комиссия 30 кун давомида номзодларни излаш чораларини кўради, бунда номзодларни излаш махсус веб-портал орқали эълонлар бериш ёки махсус веб-порталда кўрсатган ҳолда номзодларни излаб топишга ихтисослашган консалтинг ва (ёки) юқори малакали мутахассисларни ва раҳбар кадрларни қидириш ва ёллаш билан шуғулланувчи махсус «хэдхантер» ташкилотларини жалб этиш орқали амалга оширилади.

21. Комиссия томонидан номзодларни танлаб олиш «хэдхантер» ташкилотларини жалб этиш орқали амалга оширилиши белгиланганда, танлаб олиш тартиби ва муддатлари ваколатли давлат органи ва (ёки) корхона ҳамда «хэдхантер» ташкилоти ўртасида тузиладиган келишувга мувофиқ белгиланади.

22. Комиссия томонидан номзодларни излаш жараёнлари якунланганидан сўнг 5 кун ичида номзодлар томонидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ мезонлар асосида махсус веб-порталга жойлаштирилган маълумотлар (ҳужжатлар) жамланади.

23. Баҳолаш натижаларига кўра комиссия 5 кун ичида бўш аъзолик ўрни учун энг юқори балл тўплаган номзодларнинг қисқа рўйхатини (short list) тузади. Тузилган қисқа рўйхат (short list)да ҳар бир бўш аъзолик ўрнига кўрсатиладиган номзодлар сони 3 нафардан ошмаслиги лозим.

24. Комиссия томонидан, заруратга қараб, 3 иш куни ичида номзодлар билан суҳбат ўтказилади, бунда суҳбат томонлар келишувига кўра ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда онлайн видеконференция режимида ўтказилиши мумкин.

Номзод муқаддам давлат улуши бўйича корхоналар кузатув кенгаши таркибига таклиф этилмаган ёки у билан суҳбат ўтказилмаган бўлса, ушбу номзод билан суҳбат ўтказилиши мажбурий ҳисобланади.

Номзод суҳбатдан ўтишдан бош тортса ёки суҳбатга узрсиз сабабларга кўра келмаса, у танловнинг кейинги босқичларида иштирок эта олмайди. Суҳбат натижаларидан келиб чиқиб, энг юқори балл тўплаган номзодларнинг қисқа рўйхати (short list)га тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

25. Энг юқори балл тўплаган номзодларнинг қисқа рўйхати (short list) шакллантирилганидан сўнг, комиссия 5 кун ичида корхона кузатув кенгашининг ҳар бир аъзолик ўрнига энг муносиб битта номзодни танлаш тўғрисида қарор қабул қилади ва ваколатли давлат органига киритади. Бунда, энг юқори балл тўплаган номзодларнинг қисқа рўйхати (short list)га киритилган қолган номзодлар захира номзодлар сифатида белгиланиб, кейинчалик зарурат юзага келганда корхона кузатув кенгаши таркибига киритиш учун ваколатли давлат органига таклиф этилиши мумкин.

26. Ваколатли давлат органи 2 кун ичида комиссия қарори билан танланган номзодлар бўйича таклифларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сайлаш (тасдиқлаш) тўғрисида қарор қабул қилиш учун корхоналарга юборади.

Тижорат банкларининг кенгашлари таркиби аъзолигига таклиф этилаётган номзодлар қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ белгиланган тартибда Марказий банк билан келишилиши шарт.

27. Корхона ваколатли давлат органидан номзодлар бўйича таклифларни қабул қилганидан сўнг, корхона уставида белгиланган муддатда ушбу номзодларни кузатув кенгаши таркибига сайлаш (тайинлаш) бўйича корпоратив қарорлар қабул қилинишини ташкил этади.

28. Комиссияга белгиланган муддатда камида 2 та номзоддан таклифлар келиб тушмаган тақдирда комиссия бу тўғрисида ваколатли давлат органини 2 иш куни ичида хабардор қилиши шарт.

Ушбу ҳолатда комиссия номзодлар ушбу Низом талабларига асосан саралаб олингунига қадар мавжуд номзодлар захирасидан ёки Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан юритиладиган реестридан корпоратив бошқарувчи малака аттестатига эга номзодлар реестридан маъқул келадиган номзодларни танлаб олиши мумкин.

Корхоналар кузатув кенгаши таркибида бўш аъзолик ўринларининг юзага келиши натижасида кузатув кенгаши мажлисларида кворум йиғилмаса, шунингдек корхона фаолияти учун зарур ҳамда кечиктириб бўлмайдиган қарорларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари ижросини ташкил этиш билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш зарурияти юзага келган тақдирда, комиссия томонидан тегишли номзод саралаб олингунга қадар кузатув кенгаши таркибига ваколатли давлат органи томонидан Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишган ҳолда номзод киритилишига, истисно тариқасида йўл қўйилади.

29. Корхонанинг кузатув кенгаши аъзолиги учун ушбу Низомда белгиланган тартибда ўтказилган танловлар натижасида энг юқори балл тўплаган номзодлар қисқа рўйхат (short list)га киритилиб, захира номзод сифатида белгиланган шахс ушбу корхонанинг кузатув кенгаши таркибига ваколатли давлат органи томонидан қайта танлов ўтказмаган ҳолда таклиф этилиши мумкин. Бунда, ваколатли орган томонидан номзоднинг ушбу Низомнинг 7-бандида белгиланган талабларга мувофиқлиги қайта ўрганилиши шарт.

30. Кузатув кенгаши таркибига сайланган аъзолар тўғрисидаги махсус веб-порталда ошкор қилинадиган маълумотларга аъзолар тўғрисидаги маълумот, шу жумладан унинг маълумоти ва иш тажрибаси, шунингдек тайинлаш жараёнининг қисқача тавсифи киритилиши керак.

31. Давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига номзодларни саралаш ҳам ушбу Низом талаблари асосида амалга оширилиши мумкин.

4-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш ҳамда унинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари

32. Корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига номзодларни танлаб олиш комиссия томонидан амалга оширилади.

33. Комиссия аъзоларининг сони ва шахсий таркиби тегишинча Давлат активларини бошқариш агентлиги, махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тасдиқланади. Бунда комиссия таркибига тегишинча Давлат активларини бошқариш агентлиги, махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тегишли таркибий бўлинма раҳбарлари ҳамда ваколатли давлат органининг вакили киритилади, шунингдек комиссия фаолиятига халқаро молия институтлари экспертлари, консалтинг компаниялари илмий ходимлари ва экспертлари, шунингдек корхоналарнинг фаолият йўналишидан келиб чиқиб, соҳа мутахассислари жалб қилиниши мумкин.

Комиссия аъзолари сони етти нафардан ошмаган ҳолда тоқ таркибда бўлиши лозим. Комиссияга тегишинча Давлат активларини бошқариш агентлиги, махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбари ёки уларнинг кўрсатмасига асосан раҳбар ўринбосарларидан бири раислик қилади, раҳбар ўринбосари бўлмаганда эса, унинг вазифаларини бажарувчи шахс комиссия раиси вазифасини бажаради. Комиссия котиби комиссия мажлислари ўтказилишини ҳамда унинг ишини ташкил этилишини таъминлайди.

Комиссия котиби сифатида тегишинча Давлат активларини бошқариш агентлиги, махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг корхоналарнинг бошқарув органларига номзодларни шакллантириш билан шуғулланувчи таркибий бўлинмаси раҳбари ёки мазкур вазифа юклатилган шахс тайинланади.

34. Комиссия мажлисини ўтказиш учун кворум унинг жами аъзоларининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Комиссия қарорлари иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади, қарор қабул қилинаётганда комиссия аъзоларининг овозлари сони тенг бўлган ҳолатларда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

35. Комиссия таркибига киритиладиган шахслар кузатув кенгашига номзодларни танлаб олишни ўтказиш вақтида шаффофлик, тенглик, рақобат, мустақиллик тамойилларига қатъий риоя этишлари лозим.

36. Комиссия қарорлари мажлис ўтказилганидан сўнг 5 иш куни давомида комиссиянинг мажлисда иштирок этган аъзолари томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

37. Комиссия қарорлари махсус веб-порталда, шунингдек номзодларни танлаб олиш ўтказилиши тўғрисида эълон берилган оммавий ахборот воситаларида баённома имзоланган санадан 2 иш куни ичида чоп этилиши лозим.

38. Ҳар йили комиссия мазкур Низом талаблари бажарилишини ўрганади ва ўрганиш натижаларига кўра йиллик ҳисобот тузади ҳамда махсус веб-порталда ва (ёки) ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида чоп этади.

Ҳисоботда комиссия томонидан ўтказилган мажлислар ва қабул қилинган қарорлар, кузатув кенгаши таркибига номзодлар жалб қилинган корхоналар ва номзодлар статистикаси акс эттирилади.

39. Қуйидагилар комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

кузатув кенгашининг амалдаги аъзолари таркибини қайта кўриб чиқиш, уларнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш ҳамда ўрнига бошқа номзодларни жалб этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

мавжуд бўш ўринларга номзодларни жалб этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

кузатув кенгаши аъзолари таркиби қайта кўриб чиқиладиган корхоналар ҳамда уларнинг кузатув кенгаши аъзолик ўринлари рўйхатини шакллантириш;

бўш аъзолик ўринларига жалб этиладиган номзодларга қўйиладиган талабларни белгилаш;

номзодларни излаш, излаш усулларини белгилаш, номзодларни танлов асосида белгиланган мезонларга мувофиқ баҳолашдан ўтказиш, энг мақбул номзодлар рўйхатини шакллантириш.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Ҳайъати томонидан комиссияга танлов билан боғлиқ қўшимча вазифалар юклатилиши мумкин.

40. Ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

корхоналар, ваколатли давлат органи ҳамда бошқа давлат ташкилотларидан, шунингдек кузатув кенгаши аъзолари ёки аъзоликка талабгор номзодлар тўғрисида танлаб олиш жараёнида зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни сўраб олиш;

корхоналар фаолияти хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда номзодларга қўшимча талабларни белгилаш;

номзодларни танлаб олишнинг шартлари ва усулларини ҳамда муддатларини белгилаш;

номзодларни танлаб олиш натижаларини тасдиқлаш;

номзодларни танлаб олишда мустақил қарор қабул қилиш;

заруратга кўра, молиявий маслаҳатчи-консультантлар, экспертлар ва бошқа соҳа мутахассисларини, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, тармоқ бирлашмалари, корхоналарнинг ижро этувчи органлари вакилларини комиссия фаолиятига жалб этиш.

41. Комиссия:

корхоналар кузатув кенгаши таркибини малакали мутахассислар билан тўлдириш бўйича ваколатли давлат органининг қарор ва топшириқларини бажаришга;

комиссия мажлисларида қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни амалга оширишга мажбур.

5-боб. Номзодларни танлаб олиш жараёнини рақамлаштириш ва очиқлигини таъминлаш

42. Номзодларни танлаб олиш жараёнларини марказлашган ҳолда бошқариш, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида корхоналар кузатув кенгаши тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек уларнинг таркибидаги бўш ўринлар, эълон қилинган танловлар ва уларнинг натижалари ҳамда корхоналар фаолияти бўйича бошқа маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлигининг махсус веб-порталда эълон қилиб борилади.

43. Махсус веб-порталда қуйидаги маълумотлар эълон қилиши лозим:

корхоналар, шу жумладан кузатув кенгаши фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ҳамда мазкур Низом;

корхоналарнинг веб-сайтлари ва (ёки) уларга ҳаволалар;

кузатув кенгаши ва ижро органи аъзоларининг таркиби, улардаги мавжуд бўш ўринлар;

кузатув кенгаши таркибига сайланган мустақил аъзолар реестри;

танлов ўтказиладиган аъзолик ўринлари рўйхати;

танлов ўтказиш вақти ва шартлари;

танлаб олиш жараёни натижалари;

ўтказилган танлаб олиш натижалари тўғрисида ваколатли орган ва комиссиянинг йиллик ҳисоботи.

Комиссия талабига кўра корхоналар томонидан бошқа қўшимча маълумотлар ошкор этилиши мумкин.

44. Ваколатли давлат органи танлаб олиш жараёнида иштирок этаётган барча номзодлар ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантириб боради.

45. Комиссия номзодларни танлаб олиш жараёнида маълумотлар базасида мавжуд ахборотлардан фойдаланади.

46. Номзодлар ҳақидаги маълумотлар базасида йиғилган ахборотлар сир сақланади ва учинчи шахсларга ошкор этилмайди.

6-боб. Якунловчи қоидалар

47. Номзодлар тақдим этган маълумотларининг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун масъул ҳисобланади.

48. Мазкур Низом талаблари бажарилиши устидан назорат ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

49. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 1.1-ИЛОВА

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни саралаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Давлат иштирокидаги корхона, ваколатли давлат органи, номзодларни танлаб олиш комиссияси Кузатув кенгашида мавжуд бўлган, шунингдек амалдаги таркибни қайта кўриб чиқиш натижасида белгиланадиган бўш аъзолик ўринлари рўйхатини шакллантириш ва номзодларга қўйиладиган малака талабларини ҳамда номзодларни излаш усулларини белгилаган ҳолда тасдиқлаш Бўш аъзолик ўрни вужудга келган ҳолатда 10 иш куни ичида Амалдаги таркибни ўзгартириш зарурати вужудга келганда — 10 иш кунида ва/ёки ҳар йили 1 сентябрга қадар 2-босқич Номзодларни танлаб олиш комиссияси Тасдиқланган бўш аъзолик ўринлари рўйхатини ушбу бўш ўринлар бўйича белгиланган талаблар ва мезонлар билан бирга махсус веб-порталда чоп этиш Рўйхат тасдиқланганидан сўнг — 2 иш куни ичида 3-босқич Номзодларни танлаб олиш комиссияси рўйхат бўйича бўш аъзолик ўринларига номзодларни излаш, бунда излаш қуйидаги усуллардан бирини қўллаган ҳолда амалга оширилади: Рўйхат махсус веб-порталда чоп этилганидан сўнг — 30 кун давомида махсус веб-портал орқали эълонлар бериш; номзодларни излаб топишга ихтисослашган консалтинг ва (ёки) «хэдхантер» ташкилотларини жалб этиш орқали Тегишли «хэдхантер» ташкилоти билан тузиладиган шартномада кўрсатилган муддатда 4-босқич Номзодларни танлаб олиш комиссияси Талабгор номзодлар рўйхатини тузиш ва уларни белгиланган мезонлар асосида махсус веб-порталга жойлаштирилган маълумотлар (ҳужжатлар)ни жамлаш Номзодларни излаш жараёнлари якунланганидан сўнг 5 иш куни ичида 5-босқич Номзодларни танлаб олиш комиссияси Ҳар бир аъзолик ўрни учун 3 кишидан ошмайдиган энг юқори балл тўплаган номзодларнинг қисқа рўйхати (short list)ни тузиш Баҳолаш якунланганидан сўнг 5 иш куни ичида 6-босқич Номзодларни танлаб олиш комиссияси Заруратга кўра номзодлар билан суҳбат ўтказиш, бунда суҳбат томонлар келишувига кўра ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда онлайн видеоконференция режимида ўтказилиши мумкин Энг юқори балл тўплаган номзодларнинг қисқа рўйхати (short list) тузилганидан сўнг 3 иш куни ичида 7-босқич Номзодларни танлаб олиш комиссияси Энг юқори балл тўплаган номзодларнинг қисқа рўйхати (short list)дан кузатув кенгашининг ҳар бир аъзолик ўрнига энг муносиб битта номзодни танлаш тўғрисида қарор қабул қилиш ва ваколатли давлат органига киритиш Энг юқори балл тўплаган номзодларнинг қисқа рўйхати (short list) тузилганидан сўнг 5 иш куни ичида 8-босқич Ваколатли давлат органи Номзодлар бўйича таклифларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сайлаш (тасдиқлаш) тўғрисида қарор қабул қилиш учун корхоналарга юбориш Номзодларни танлаб олиш комиссияси қарори қабул қилинганидан сўнг 2 иш куни ичида 9-босқич Давлат иштирокидаги корхоналар Корхона ваколатли давлат органидан номзодлар бўйича таклифларни қабул қилганидан сўнг, корхона уставида белгиланган муддатда ушбу номзодларни кузатув кенгаши таркибига сайлаш (тайинлаш) бўйича корпоратив қарорлар қабул қилинишини ташкил этиш Номзод тақдим этилгандан сўнг — қонунчиликда ёки давлат иштирокидаги корхона уставида белгиланган муддатда 10-босқич Давлат иштирокидаги корхоналар Кузатув кенгаши таркибига сайланган номзодлар рўйхатини ва улар тўғрисидаги маълумотларни махсус веб-порталда эълон қилиш Қарор қабул қилинганидан сўнг 2 иш куни ичида

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 1.2-ИЛОВА

КУЗАТУВ КЕНГАШИ АЪЗОЛИГИГА НОМЗОД ТЎҒРИСИДА

(давлат иштирокидаги корхона номи кўрсатилади) (номзоднинг ФИШ) Т/р Баҳолаш мезонлари Мезонга мувофиқлик баллари Номзоднинг мувофиқлик баллари * I. КАСБИЙ БИЛИМ-КЎНИКМАЛАРИ 1. Қуйидаги соҳалардан бири бўйича бакалавр даражасига эгалиги: молия, иқтисодиёт ва ҳуқуқ ёки бошқа йўналишлар 10 2. Олий таълим муассасаларининг, шу жумладан Давлат бошқаруви академияси, Банк-молия академияси, Солиқ академиясининг магистрлик даражасига эгалиги 10 3. Қуйидаги соҳалардан бири бўйича хорижий олий таълим муассасаларининг магистрлик даражасига эгалиги: молия, иқтисодиёт ва ҳуқуқ ёки бошқа соҳалар 10 II. ИШ ТАЖРИБАСИ 4. Корпоратив бошқарув, қимматли қоғозлар бозори, стратегик режалаштириш, ходимларни бошқариш соҳалари билан боғлиқ маъмурий ва бошқарув кадрлари лавозимларида давлат ташкилотлари, давлат иштирокидаги корхоналар (5-бандда кўрсатилган лавозимни эгаллаган даври бундан мустасно) иш тажрибаси бир йилгача (шу жумладан бир йил тўлиқ) 4 3 (уч) йилгача (шу жумладан 3 йил тўлиқ) 5 3 (уч) йилдан 5 (беш) йилгача (шу жумладан 5 йил тўлиқ) 7 5 (беш) йилдан ортиқ 8 5. Раҳбарлик лавозимларида (раҳбар, раҳбар ўринбосари, менежер, супервайзер) камида бир йил хорижий давлатларда иш тажрибаси ёки корпоратив бошқарув, қимматли қоғозлар бозори, стратегик режалаштириш, кадрлар менежменти, аудит, солиққа тортиш, молия ва инвестициялар, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва инновацион ривожлантириш, инқирозга қарши бошқарув ?оҳаларида хорижий юристикциялардаги масалаларни ҳал қилиш бўйича амалий тажрибага эгалиги бир йилгача (шу жумладан бир йил тўлиқ) 3 3 (уч) йилгача (шу жумладан 3 йил тўлиқ) 4 3 (уч) йилдан 5 (беш) йилгача (шу жумладан 5 йил тўлиқ) 6 5 (беш) йилдан ортиқ 7 6. Бошқа ташкилотлардаги ва хусусий компаниялардаги раҳбарлик лавозимларида (ташкилот раҳбари, раҳбар ўринбосари, бош ҳисобчи, юридик хизмат бошлиғи, корпоратив бошқарув соҳасида фаолият юритадиган бошқарма бошлиғи, ваколатхона ёки филиал раҳбари) иш тажрибаси бир йилгача (шу жумладан бир йил тўлиқ) 2 3 (уч) йилгача (шу жумладан 3 йил тўлиқ) 3 3 (уч) йилдан 5 (беш) йилгача (шу жумладан 5 йил тўлиқ) 4 5 (беш) йилдан ортиқ 5 7. Тегишли соҳа ташкилотларида маъмурий ва бошқарув лавозимларида иш тажрибаси 2 (икки) йил тўлиқ 2 3 (уч) йилгача (шу жумладан 3 йил тўлиқ) 3 3 (уч) йилдан 5 (беш) йилгача (шу жумладан 5 йил тўлиқ) 4 5 (беш) йилдан ортиқ 5 8. Кузатув кенгаши аъзоси сифатида иш тажрибаси бир йилгача (шу жумладан бир йил тўлиқ) 5 3 (уч) йилгача (шу жумладан 3 йил тўлиқ) 8 3 (уч) йилдан 5 (беш) йилгача (шу жумладан 5 йил тўлиқ) 10 5 (беш) йилдан ортиқ 15 III. ҚЎШИМЧА МАЛАКАЛАРНИНГ МАВЖУДЛИГИ 9. Қимматли қоғозлар бозори мутахассиси, аудитор, суғурталовчи, баҳоловчи, суд бошқарувчиси малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи амал қилиш муддатига эга ҳужжатнинг мавжудлиги 5 10. Иқтисодиёт, молия, ҳуқуқшунослик, корпоратив бошқарув соҳасида камида 2 та хорижий давлатларда стажировкадан ўтганлиги бўйича тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги 5 11. Куйидаги халқаро сертификатлардан бирининг мавжудлиги (CFA, СРА, АССА, АСА, CIMA, IMC, FRM) 10 12. Амал қилиш муддатига эга корпоратив бошқарувчи малака аттестатининг мавжудлиги 10 IV. КУЗАТУВ КЕНГАШИ ИШИДА ИШТИРОК ЭТИШ ИМКОНИЯТИ 13. Бошқа корхоналарнинг кузатув кенгашидаги аъзолиги 1 та корхонада кузатув кенгаши аъзоси бўлганда 5 2 та корхонада кузатув кенгаши аъзоси бўлганда 10 3 та корхонада кузатув кенгаши аъзоси бўлганда 15 4 та корхонада кузатув кенгаши аъзоси бўлганда 20

Жами максимал баллар йиғиндиси: 100 балл

Номзод тўплаган баллар йиғиндиси: __________ балл.

Ушбу билан номзод сифатида қуйидагиларни:

юқоридаги мезонлар бўйича киритилган маълумотларнинг мен томонимдан тўғри ва тасдиқловчи ҳужжатларга асосан киритилганлигини;

қуйидаги соҳалардан бири бўйича олий маълумотга эгалигимни: молия, иқтисодиёт ва ҳуқуқ ёки бошқа соҳалар;

камида 2 йиллик иш тажрибасига эгалигимни;

корхона бошқаруви аъзолари ва директори ёки уларнинг функцияларини амалга ошираётган шахслар, корхонада ёки унинг шуъба ва тобе хўжалик жамиятларида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишламаслигимни;

иқтисодий жиноятлар ёки бошқарув тартибига қарши жиноятлар учун тугатилмаган судланганлик мавжуд эмаслигини ҳамда суд қарорларига асосан мансаб лавозимларини эгаллаши чекланган, шунингдек коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилмаганлигимни;

давлат бошқаруви органларининг корхонага нисбатан тартибга солувчи ёки назорат (шу жумладан, лицензиялаш органлари ва молия-хўжалик фаолиятини текширувчи органлар) функциясини амалга оширувчи ходими эмаслигимни;

қонунчилик ҳужжатларида кузатув кенгаши аъзоси сифатида фаолият олиб бориши тақиқланган шахс эмаслигимни;

амал қилиш муддати тугамаган корпоратив бошқарувчи малака аттестатига эгалигимни;

беш ва ундан ортиқ кузатув кенгашларида аъзо эмаслигимни;

сўнгги уч йил ичида корхонага ва (ёки) корхонанинг аффилланган шахсларига аудиторлик хизматларини кўрсатган аудиторлик ташкилотининг ходими эмаслигимни;

ушбу аризада келтирилган барча маълумотларнинг, шунингдек унга илова қилинган ҳужжатлар ва материалларда мавжуд бўлган маълумотларнинг ҳақиқийлиги, ишончлилиги ва тўғрилигини тасдиқлайман.

Мен томонимдан ҳақиқий бўлмаган, ишончсиз ва нотўғри (ёлғон) маълумотлар берилганлиги аниқланган тақдирда, танловдан ёки кузатув кенгаши таркибидан (агар таркибга сайлангандан сўнг аниқланса) четлатилишим тўғрисида хабардорман.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 ноябрдаги 647-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат активларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 26 апрелдаги 356-сон қарорининг 1 ва 2-бандининг иккинчи , учинчи ва олтинчи хатбошилари ҳамда 3 ва 4-бандлари .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 288-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 22 январдаги ПҚ-4569-сон, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 24 февралдаги ПҚ-4612-сон, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тузилмасига Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимини киритиш тўғрисида» 2020 йил 10 мартдаги ПҚ-4635-сон ва «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 12 майдаги ПҚ-4710-сон қарорлари)» 2020 йил 26 июндаги 411-сон қарорига 1-илованинг 58-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 4 ноябрь,

647-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.11.2022 й., 09/22/647/0997-сон; 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон; 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон))

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

MAʼLUMOT

ROʻYXATI

Davlat ishtirokidagi korxonalarning kuzatuv kengashiga nomzodlarni shakllantirish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Vazirlar Mahkamasining “2021 — 2025-yillarda davlat ishtirokidagi korxonalarni boshqarish va isloh qilish strategiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2021-yil 29-martdagi 166-son qarori ijrosini taʼminlash, davlat ishtirokidagi korxonalar kuzatuv kengashi aʼzoligiga nomzodlarni shakllantirish tartibini takomillashtirish va shaffofligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Davlat aktivlarini boshqarish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi miqdori ellik foizdan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyatlari yoxud ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) davlat ulushi miqdori xoʻjalik jamiyatining boshqa har bir aksiyadori (ishtirokchisi) ulushiga nisbatan koʻp boʻlgan xoʻjalik jamiyatlari, shuningdek davlat unitar korxonalari (keyingi oʻrinlarda — davlat ishtirokidagi korxonalar) kuzatuv kengashiga nomzodlarni jalb qilish jarayonini boshqarish, xususan, kuzatuv kengashi tarkibi hamda ularda yuz bergan oʻzgarishlarni markazlashgan holda yoritib borilishini taʼminlovchi www.cns.davaktiv.uz maxsus veb-portali yaratilganligi;

Vazirlar Mahkamasining “2021 — 2025-yillarda davlat ishtirokidagi korxonalarni boshqarish va isloh qilish strategiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2021-yil 29-martdagi 166-son qarorida kuzatuv kengashi tarkibi aʼzoligiga nomzodlarni tarmoqqa oid bilim, boshqaruv tajribasi, moliyaviy, korporativ boshqaruv, strategik rejalashtirish hamda boshqa malakalar kabi mezonlar asosida tanlab olish amaliyotini bosqichma-bosqich joriy etish hamda ularga toʻlanadigan haq miqdori korporativ boshqaruv tizimini baholash natijalari asosida aniqlanishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat ishtirokidagi korxonalarning kuzatuv kengashi tarkibiga davlat ulushi boʻyicha nomzodlarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

davlat ishtirokidagi korxonalarning kuzatuv kengashi tarkibiga nomzodlarga qoʻyiladigan talablar, nomzodlarni saralash bosqichlari va tartibi;

nomzodlarni tanlab olish komissiyasining asosiy vazifalari, huquq va majburiyatlari;

nomzodlarni belgilangan mezonlar asosida baholashdan oʻtkazish, saralash jarayonini markazlashgan holda boshqarish va raqamlashtirish tartibi.

3. Davlat nomidan mulkdor (muassis, aksiyador, ishtirokchi) funksiyalarini bajaruvchi vazirlik va idoralar davlat ishtirokidagi korxonalarning kuzatuv kengashi tarkibiga davlat ulushi boʻyicha nomzodlarni taklif etishda mazkur qaror talablariga qatʼiy rioya qilinishini taʼminlasin.

4. Shunday tartib belgilansinki, unga muvofiq:

2023-yil 1-yanvardan boshlab davlat ishtirokidagi korxonalar tomonidan ularning boshqaruv va nazorat organlarining amaldagi tarkibidagi oʻzgarishlar, mavjud boʻsh oʻrinlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni ushbu oʻzgarishlar sodir boʻlgan sanadan ikki ish kuni ichida majburiy tartibda www.cns.davaktiv.uz maxsus portaliga joylashtirib boriladi;

davlat ishtirokidagi korxonalarning boshqaruv va nazorat organlarining amaldagi tarkibidagi oʻzgarishlar, ulardagi mavjud boʻsh oʻrinlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni maxsus portalga joylashtirmagan korxonalarning ijro etuvchi organi hamda kuzatuv kengashi aʼzolarini ragʻbatlantirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

5. Agentlik Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi:

Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi, Davlat soliq qoʻmitasi hamda Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi bilan birgalikda 2023-yil 1-yanvarga qadar davlat ishtirokidagi korxonalarning boshqaruv organlari aʼzolari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar almashinuvini yoʻlga qoʻyish uchun tegishli axborot tizimlarining oʻzaro avtomatik tarzda integratsiya qilinishini;

manfaatdor vazirlik, idoralar bilan birgalikda www.cns.davaktiv.uz maxsus veb-portalini uning amaliyotda ishlash natijalaridan kelib chiqib, doimiy takomillashtirib borish choralari koʻrilishini taʼminlasin.

6. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, tegishli vazirlik va idoralar Agentlik bilan birgalikda:

oʻzlari davlat nomidan mulkdor (muassis, aksiyador, ishtirokchi) boʻlgan davlat ishtirokidagi korxonalar boshqaruv va nazorat organlarining amaldagi tarkibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni bir oy muddatda www.cns.davaktiv.uz maxsus portaliga joylashtirilishini;

oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qaror talablariga muvofiqlashtirilishini taʼminlasin.

8. Ushbu qarorga 1-ilova 2023-yil 1-yanvardan eʼtiboran kuchga kiradi.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori A.J. Ortiqov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 4-noyabrdagi 647-son qaroriga 1-ILOVA

Davlat ishtirokidagi korxonalarning kuzatuv kengashi tarkibiga davlat ulushi boʻyicha nomzodlarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom davlat ishtirokidagi korxonalarning kuzatuv kengashi tarkibiga davlat ulushi boʻyicha nomzodlarni tanlab olish tartibini belgilaydi.

Ushbu Nizom talablari davlat nomidan mulkdor (muassis, aksiyador, ishtirokchi) huquqi va funksiyalari mahalliy ijroiya hokimiyati organlari tomonidan amalga oshirilayotgan korxonalarga, shuningdek, davlat ulushi ishonchli boshqaruvga berilgan korxonalarning Kuzatuv kengashi tarkibiga ishonchli boshqaruvchining vakillarini kiritishga nisbatan tatbiq etilmaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

davlat ishtirokidagi korxonalar (keyingi oʻrinlarda — korxona) — ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) davlat ulushi miqdori ellik foizdan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyati yoxud ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) davlat ulushi miqdori xoʻjalik jamiyatining boshqa har bir aksiyadori (ishtirokchisi) ulushiga nisbatan koʻp boʻlgan xoʻjalik jamiyati;

vakolatli davlat organi — korxonalarda davlat nomidan mulkdor (muassis, aksiyador, ishtirokchi) huquqi va funksiyalarini amalga oshiruvchi vazirlik va idoralar;

kuzatuv kengashi — korxonaning faoliyatiga umumiy rahbarlikni va zimmasiga qonunchilik hujjatlari hamda korxona ustavi, ichki meʼyoriy hujjatlari bilan yuklatilgan vazifalarni amalga oshiradigan boshqaruv organi;

maxsus veb-portal — Davlat aktivlarini boshqarish agentligining korxonalarning boshqaruv va nazorat organlari aʼzolari roʻyxatini yuritish, ular tarkibidagi oʻzgarishlar monitoringini olib borish va boʻsh oʻrinlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni joylashtirish uchun moʻljallangan www.cns.davaktiv.uz veb-portali;

nomzodlarni tanlab olish — mazkur nizomda belgilangan tartibga muvofiq va mezonlar asosida eng maqbul nomzodlarni tanlab olish tizimi;

nomzodlarni tanlab olish komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — komissiya) — davlat ishtirokidagi korxonalarning kuzatuv kengashi aʼzoligiga davlat ulushi boʻyicha nomzodlarni saralash va tanlab olish uchun tegishincha Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, maxsus vakolatli davlat organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan tuzilgan komissiya;

kuzatuv kengashining aʼzosi — korxonaning kuzatuv kengashi tarkibiga aksiyadorlar (ishtirokchilar) umumiy yigʻilishi yoki yagona aksiyador (ishtirokchi), mulkdor (muassis) qarori bilan muayyan muddatga tayinlangan (saylangan) shaxs;

mustaqil aʼzo — qonunchilik hujjatlarida mustaqil aʼzo deb eʼtirof etish uchun belgilangan talablarga muvofiq boʻlgan kuzatuv kengashi aʼzosi;

nomzodlar boʻyicha maʼlumotlar bazasi — korxonalarning amaldagi kuzatuv kengashi aʼzolari, shu jumladan mustaqil aʼzolari, maxsus veb-portal maʼlumotlari va nomzodlarni izlab topishga ixtisoslashgan tashkilotlar tomonidan taqdim etilgan nomzodlar roʻyxati, shuningdek ularning mehnat faoliyati va ish tajribasi toʻgʻrisidagi qisqacha maʼlumotlar (rezyume) jamlanmasi.

3. Kuzatuv kengashi tarkibiga nomzodlarni saralash va tanlab olish komissiya tomonidan kuzatuv kengashining amaldagi tarkibini qayta koʻrib chiqish, kuzatuv kengashi aʼzolarining vakolatini muddatidan oldin tugatish natijasida yuzaga keladigan mavjud boʻsh oʻrinlariga aʼzo tayinlash (saylash) uchun amalga oshiriladi.

Korxona ustav kapitali (fondi)da davlat ulushining oʻzgarishi (oshishi, kamayishi, vujudga kelishi), amaldagi aʼzolarning kuzatuv kengashi tarkibidan chiqish toʻgʻrisidagi arizasi, korporativ boshqaruv tizimini baholash natijalari, shuningdek mulkdorning (muassis, aksiyador, ishtirokchi) xohishi (taklifi)ga koʻra amaldagi kuzatuv kengashi aʼzolari tarkibini oʻzgartirish tashabbusi bilan chiqilishiga asos boʻlishi mumkin.

4. Korxonaning taʼsis hujjatlarida kuzatuv kengashi aʼzolari uchun gender tenglik nazarda tutilgan boʻlsa, nomzodlarni tanlab olish ayol va erkak nomzodlar uchun alohida amalga oshirilishi mumkin.

5. Nomzodlarni tanlab olish quyidagi tamoyillar asosida amalga oshiriladi:

shaffoflik — ommaviy axborot vositalarida, maxsus veb-portalda, shuningdek qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalarda tegishli eʼlonlar, boʻsh oʻrinlar, tanlab olish tartibi, mezonlari va natijalariga oid maʼlumotlarni chop etish;

tenglik — tanlab olishda jarayonida ishtirok etadigan barcha nomzodlarga bir xil shart-sharoitlar yaratish;

raqobat — tanlab olish jarayoni ochiq va toʻgʻri raqobatga asoslangan boʻlishi;

mustaqillik — tanlab olish jarayoni har qanday siyosiy va maʼmuriy aralashuv yoki boshqa tashqi taʼsirlardan holi va mustaqil amalga oshirilishi.

2-bob. Nomzodlarga qoʻyiladigan talablar

6. Kuzatuv kengashi aʼzoligiga nomzodlar zimmasiga quyidagi fidutsiar majburiyatlarni oladi:

jonkuyarlikni namoyon qilish majburiyati — kuzatuv kengashi aʼzosi sifatida vijdonan va jonkuyarlik asosida harakat qilish;

sodiqlikni namoyon qilish va manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymaslik majburiyati — kuzatuv kengashi aʼzosi sifatida birinchi navbatda korxona manfaatlaridan kelib chiqib harakat qilish;

lozim darajada koʻzdan kechirishlikni namoyon qilish majburiyati — kuzatuv kengashi aʼzolaridan korxonaga nisbatan qaror qabul qilishda ehtiyotkorlik bilan yondashish;

mustaqil mulohazadan foydalanish majburiyati — kuzatuv kengashi aʼzosidan qarorlarni mustaqil, shaxsiy va boshqa manfaatlarni inobatga olmagan holda qabul qilish.

7. Quyidagi shaxslar kuzatuv kengashi aʼzoligiga davlat ulushi boʻyicha nomzod boʻla olmaydi:

moliya, iqtisodiyot va huquq yoki boshqa sohalarda oliy maʼlumotga ega boʻlmagan;

kamida 2 yillik ish tajribasiga ega boʻlmagan;

korxona boshqaruvi aʼzolari va direktori yoki ularning funksiyalarini amalga oshirayotgan shaxslar, korxonada yoki uning shuʼba va tobe xoʻjalik jamiyatlarida mehnat shartnomasi (kontrakt) boʻyicha ishlayotgan shaxslar;

iqtisodiy jinoyatlar yoki boshqaruv tartibiga qarshi jinoyatlar uchun sudlanganligi mavjud hamda sud qarorlariga asosan mansab lavozimlarini egallashi cheklangan, shuningdek korrupsiyaga oid jinoyatlarni sodir etishda aybdor deb topilgan shaxslar;

davlat boshqaruvi organlarining korxonaga nisbatan tartibga soluvchi yoki nazorat (shu jumladan, litsenziyalash organlari va moliya-xoʻjalik faoliyatini tekshiruvchi organlar) funksiyasini amalga oshiruvchi xodimlari;

qonunchilik hujjatlarida kuzatuv kengashi aʼzosi sifatida faoliyat olib borishi taqiqlangan shaxslar;

korporativ boshqaruvchi malaka attestatiga ega boʻlmagan shaxslar, qonunchilik hujjatlariga binoan korporativ boshqaruvchi malaka attestatini olish talab etilmaydigan shaxslar bundan mustasno;

besh va undan ortiq kuzatuv kengashlarida aʼzo boʻlgan shaxslar, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno;

soʻnggi uch yil ichida korxonaga va (yoki) korxonaning affillangan shaxslariga auditorlik xizmatlarini koʻrsatgan auditorlik tashkilotining xodimi.

8. Korxona faoliyati yoʻnalishidan kelib chiqib, komissiya tomonidan nomzodlarga qoʻshimcha talablar belgilanishi mumkin.

9. Kuzatuv kengashining mustaqil aʼzoligi uchun nomzodlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tanlov asosida saralab olinadi. Bunda, korxona ustavida mustaqil aʼzo nomzodini koʻrsatish aksiyador (ishtirokchi) tomonidan amalga oshirilishi belgilangan boʻlsa, ularni tanlab olish ushbu nizom asosida amalga oshiriladi.

10. Korxonaning kuzatuv kengashi tarkibiga saylangan shaxslar cheklanmagan tarzda qayta saylanishi mumkin, Oʻzbekiston Respublikasining qonunlarida belgilangan hollar bundan mustasno.

11. Nomzodlar tomonidan ariza va maʼlumotlar maxsus veb-portalga elektron raqamli imzo (ERI) bilan yoki identifikatsiya qilish imkonini beruvchi boshqa vositalar orqali tasdiqlangan holda joylashtiriladi.

12. Nomzodlar tomonidan toʻldirilgan arizada keltirilgan yoki taqdim etilgan hujjatlar va materiallarda mavjud boʻlgan maʼlumotlarning haqiqiy emasligi, ishonchli emasligi va notoʻgʻriligi (yolgʻonligi) aniqlansa, ushbu nomzod tanlovdan yoki kuzatuv kengashi tarkibidan (agar tarkibga saylangandan soʻng aniqlansa) belgilangan tartibda chetlatiladi.

3-bob. Nomzodlarni tanlab olish va nomzodlar zaxirasini shakllantirish tartibi

13. Nomzodlarni tanlab olish jarayoni korxonalarda kuzatuv kengashi aʼzosi sifatida faoliyat olib borish istagida boʻlgan har qanday shaxslar uchun ochiqdir.

14. Jinsi, tili, millati, fuqaroligi va ijtimoiy kelib chiqishidan qatʼiy nazar tanlab olishda ishtirok etish huquqiga ega, mazkur Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan belgilangan shaxslar bundan mustasno.

15. Davlat ishtirokidagi korxonalarning kuzatuv kengashi tarkibiga davlat ulushi boʻyicha nomzodlarni tanlab olish tartibi ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

16. Korxonalar maxsus veb-portalga kuzatuv kengashi aʼzolari tarkibida oʻzgarishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni ushbu oʻzgarishlar sodir boʻlgan kundan boshlab 2 ish kuni ichida joylashtirishi shart. Oʻzgarishlar sodir boʻlgan sana deb kuzatuv kengashi tarkibini tasdiqlash va (yoki) ularning tarkibiga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida aksiyadorlar (ishtirokchilar) umumiy yigʻilishi yoki mulkdor (muassis) qarori qabul qilingan sana hisoblanadi.

17. Korxonalar komissiyaning yoki vakolatli davlat organining talabiga asosan korxona faoliyati bilan yoki boshqaruv organi aʼzolari tarkibi bilan bogʻliq qoʻshimcha maʼlumotlarni oshkor etishi shart, qonunchilik hujjatlarida oshkor etilishi taqiqlangan maʼlumotlar bundan mustasno.

18. Komissiya maxsus veb-portal maʼlumotlari asosida davlat ishtirokidagi korxonalar kuzatuv kengashi tarkibidagi mavjud boʻsh aʼzolik oʻrinlari, shuningdek kuzatuv kengashining amaldagi aʼzolari vakolatlarini muddatidan oldin tugatish oqibatida yuzaga keladigan boʻsh aʼzolik oʻrinlari roʻyxatini shakllantiradi, shuningdek korxona va (yoki) vakolatli davlat organi bilan birgalikda nomzodlarga qoʻyiladigan talablarni, nomzodlarni izlash usullarini belgilagan holda ushbu roʻyxatni tasdiqlaydi. Bunda, boʻsh aʼzolik oʻrinlari roʻyxati quyidagi muddatlarda shakllantiriladi va tasdiqlanadi:

davlat ishtirokidagi korxonalarda yuzaga kelgan boʻsh aʼzolik oʻrinlari roʻyxati — 10 ish kunida;

kuzatuv kengashining amaldagi aʼzolarining vakolatlarini muddatidan oldin tugatish oqibatida yuzaga kelgan boʻsh aʼzolik oʻrinlari roʻyxati — amaldagi tarkibni oʻzgartirish zarurati yuzaga kelganda, 10 ish kunida va/yoki har yili 1-sentabrga qadar.

19. Komissiya tasdiqlangan boʻsh aʼzolik oʻrinlari roʻyxatini 2 ish kuni ichida maxsus veb-portalga joylashtiradi.

20. Komissiya 30 kun davomida nomzodlarni izlash choralarini koʻradi, bunda nomzodlarni izlash maxsus veb-portal orqali eʼlonlar berish yoki maxsus veb-portalda koʻrsatgan holda nomzodlarni izlab topishga ixtisoslashgan konsalting va (yoki) yuqori malakali mutaxassislarni va rahbar kadrlarni qidirish va yollash bilan shugʻullanuvchi maxsus “xedxanter” tashkilotlarini jalb etish orqali amalga oshiriladi.

21. Komissiya tomonidan nomzodlarni tanlab olish “xedxanter” tashkilotlarini jalb etish orqali amalga oshirilishi belgilanganda, tanlab olish tartibi va muddatlari vakolatli davlat organi va (yoki) korxona hamda “xedxanter” tashkiloti oʻrtasida tuziladigan kelishuvga muvofiq belgilanadi.

22. Komissiya tomonidan nomzodlarni izlash jarayonlari yakunlanganidan soʻng 5 kun ichida nomzodlar tomonidan ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq mezonlar asosida maxsus veb-portalga joylashtirilgan maʼlumotlar (hujjatlar) jamlanadi.

23. Baholash natijalariga koʻra komissiya 5 kun ichida boʻsh aʼzolik oʻrni uchun eng yuqori ball toʻplagan nomzodlarning qisqa roʻyxatini (short list) tuzadi. Tuzilgan qisqa roʻyxat (short list)da har bir boʻsh aʼzolik oʻrniga koʻrsatiladigan nomzodlar soni 3 nafardan oshmasligi lozim.

24. Komissiya tomonidan, zaruratga qarab, 3 ish kuni ichida nomzodlar bilan suhbat oʻtkaziladi, bunda suhbat tomonlar kelishuviga koʻra axborot texnologiyalaridan foydalangan holda onlayn videkonferensiya rejimida oʻtkazilishi mumkin.

Nomzod muqaddam davlat ulushi boʻyicha korxonalar kuzatuv kengashi tarkibiga taklif etilmagan yoki u bilan suhbat oʻtkazilmagan boʻlsa, ushbu nomzod bilan suhbat oʻtkazilishi majburiy hisoblanadi.

Nomzod suhbatdan oʻtishdan bosh tortsa yoki suhbatga uzrsiz sabablarga koʻra kelmasa, u tanlovning keyingi bosqichlarida ishtirok eta olmaydi. Suhbat natijalaridan kelib chiqib, eng yuqori ball toʻplagan nomzodlarning qisqa roʻyxati (short list)ga tegishli oʻzgartirishlar kiritilishi mumkin.

25. Eng yuqori ball toʻplagan nomzodlarning qisqa roʻyxati (short list) shakllantirilganidan soʻng, komissiya 5 kun ichida korxona kuzatuv kengashining har bir aʼzolik oʻrniga eng munosib bitta nomzodni tanlash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va vakolatli davlat organiga kiritadi. Bunda, eng yuqori ball toʻplagan nomzodlarning qisqa roʻyxati (short list)ga kiritilgan qolgan nomzodlar zaxira nomzodlar sifatida belgilanib, keyinchalik zarurat yuzaga kelganda korxona kuzatuv kengashi tarkibiga kiritish uchun vakolatli davlat organiga taklif etilishi mumkin.

26. Vakolatli davlat organi 2 kun ichida komissiya qarori bilan tanlangan nomzodlar boʻyicha takliflarni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda saylash (tasdiqlash) toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun korxonalarga yuboradi.

Tijorat banklarining kengashlari tarkibi aʼzoligiga taklif etilayotgan nomzodlar qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq belgilangan tartibda Markaziy bank bilan kelishilishi shart.

27. Korxona vakolatli davlat organidan nomzodlar boʻyicha takliflarni qabul qilganidan soʻng, korxona ustavida belgilangan muddatda ushbu nomzodlarni kuzatuv kengashi tarkibiga saylash (tayinlash) boʻyicha korporativ qarorlar qabul qilinishini tashkil etadi.

28. Komissiyaga belgilangan muddatda kamida 2 ta nomzoddan takliflar kelib tushmagan taqdirda komissiya bu toʻgʻrisida vakolatli davlat organini 2 ish kuni ichida xabardor qilishi shart.

Ushbu holatda komissiya nomzodlar ushbu Nizom talablariga asosan saralab olinguniga qadar mavjud nomzodlar zaxirasidan yoki Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi tomonidan yuritiladigan reyestridan korporativ boshqaruvchi malaka attestatiga ega nomzodlar reyestridan maʼqul keladigan nomzodlarni tanlab olishi mumkin.

Korxonalar kuzatuv kengashi tarkibida boʻsh aʼzolik oʻrinlarining yuzaga kelishi natijasida kuzatuv kengashi majlislarida kvorum yigʻilmasa, shuningdek korxona faoliyati uchun zarur hamda kechiktirib boʻlmaydigan qarorlarni, shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasi topshiriqlari ijrosini tashkil etish bilan bogʻliq qarorlarni qabul qilish zaruriyati yuzaga kelgan taqdirda, komissiya tomonidan tegishli nomzod saralab olingunga qadar kuzatuv kengashi tarkibiga vakolatli davlat organi tomonidan Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan kelishgan holda nomzod kiritilishiga, istisno tariqasida yoʻl qoʻyiladi.

29. Korxonaning kuzatuv kengashi aʼzoligi uchun ushbu Nizomda belgilangan tartibda oʻtkazilgan tanlovlar natijasida eng yuqori ball toʻplagan nomzodlar qisqa roʻyxat (short list)ga kiritilib, zaxira nomzod sifatida belgilangan shaxs ushbu korxonaning kuzatuv kengashi tarkibiga vakolatli davlat organi tomonidan qayta tanlov oʻtkazmagan holda taklif etilishi mumkin. Bunda, vakolatli organ tomonidan nomzodning ushbu Nizomning 7-bandida belgilangan talablarga muvofiqligi qayta oʻrganilishi shart.

30. Kuzatuv kengashi tarkibiga saylangan aʼzolar toʻgʻrisidagi maxsus veb-portalda oshkor qilinadigan maʼlumotlarga aʼzolar toʻgʻrisidagi maʼlumot, shu jumladan uning maʼlumoti va ish tajribasi, shuningdek tayinlash jarayonining qisqacha tavsifi kiritilishi kerak.

31. Davlat ulushi 50 foizdan kam boʻlgan korxonalarning kuzatuv kengashi tarkibiga nomzodlarni saralash ham ushbu Nizom talablari asosida amalga oshirilishi mumkin.

4-bob. Komissiya faoliyatini tashkil etish hamda uning asosiy vazifalari, huquq va majburiyatlari

32. Korxonalarning kuzatuv kengashi tarkibiga nomzodlarni tanlab olish komissiya tomonidan amalga oshiriladi.

33. Komissiya aʼzolarining soni va shaxsiy tarkibi tegishincha Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, maxsus vakolatli davlat organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan tasdiqlanadi. Bunda komissiya tarkibiga tegishincha Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, maxsus vakolatli davlat organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining tegishli tarkibiy boʻlinma rahbarlari hamda vakolatli davlat organining vakili kiritiladi, shuningdek komissiya faoliyatiga xalqaro moliya institutlari ekspertlari, konsalting kompaniyalari ilmiy xodimlari va ekspertlari, shuningdek korxonalarning faoliyat yoʻnalishidan kelib chiqib, soha mutaxassislari jalb qilinishi mumkin.

Komissiya aʼzolari soni yetti nafardan oshmagan holda toq tarkibda boʻlishi lozim. Komissiyaga tegishincha Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, maxsus vakolatli davlat organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari rahbari yoki ularning koʻrsatmasiga asosan rahbar oʻrinbosarlaridan biri raislik qiladi, rahbar oʻrinbosari boʻlmaganda esa, uning vazifalarini bajaruvchi shaxs komissiya raisi vazifasini bajaradi. Komissiya kotibi komissiya majlislari oʻtkazilishini hamda uning ishini tashkil etilishini taʼminlaydi.

Komissiya kotibi sifatida tegishincha Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, maxsus vakolatli davlat organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining korxonalarning boshqaruv organlariga nomzodlarni shakllantirish bilan shugʻullanuvchi tarkibiy boʻlinmasi rahbari yoki mazkur vazifa yuklatilgan shaxs tayinlanadi.

34. Komissiya majlisini oʻtkazish uchun kvorum uning jami aʼzolarining yetmish besh foizidan kam boʻlmasligi kerak.

Komissiya qarorlari ishtirok etayotgan aʼzolarning koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi, qaror qabul qilinayotganda komissiya aʼzolarining ovozlari soni teng boʻlgan holatlarda komissiya raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

35. Komissiya tarkibiga kiritiladigan shaxslar kuzatuv kengashiga nomzodlarni tanlab olishni oʻtkazish vaqtida shaffoflik, tenglik, raqobat, mustaqillik tamoyillariga qatʼiy rioya etishlari lozim.

36. Komissiya qarorlari majlis oʻtkazilganidan soʻng 5 ish kuni davomida komissiyaning majlisda ishtirok etgan aʼzolari tomonidan imzolanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

37. Komissiya qarorlari maxsus veb-portalda, shuningdek nomzodlarni tanlab olish oʻtkazilishi toʻgʻrisida eʼlon berilgan ommaviy axborot vositalarida bayonnoma imzolangan sanadan 2 ish kuni ichida chop etilishi lozim.

38. Har yili komissiya mazkur Nizom talablari bajarilishini oʻrganadi va oʻrganish natijalariga koʻra yillik hisobot tuzadi hamda maxsus veb-portalda va (yoki) vakolatli davlat organining rasmiy veb-saytida chop etadi.

Hisobotda komissiya tomonidan oʻtkazilgan majlislar va qabul qilingan qarorlar, kuzatuv kengashi tarkibiga nomzodlar jalb qilingan korxonalar va nomzodlar statistikasi aks ettiriladi.

39. Quyidagilar komissiyasining asosiy vazifalari hisoblanadi:

kuzatuv kengashining amaldagi aʼzolari tarkibini qayta koʻrib chiqish, ularning vakolatlarini muddatidan oldin tugatish hamda oʻrniga boshqa nomzodlarni jalb etish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

mavjud boʻsh oʻrinlarga nomzodlarni jalb etish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

kuzatuv kengashi aʼzolari tarkibi qayta koʻrib chiqiladigan korxonalar hamda ularning kuzatuv kengashi aʼzolik oʻrinlari roʻyxatini shakllantirish;

boʻsh aʼzolik oʻrinlariga jalb etiladigan nomzodlarga qoʻyiladigan talablarni belgilash;

nomzodlarni izlash, izlash usullarini belgilash, nomzodlarni tanlov asosida belgilangan mezonlarga muvofiq baholashdan oʻtkazish, eng maqbul nomzodlar roʻyxatini shakllantirish.

Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Hayʼati tomonidan komissiyaga tanlov bilan bogʻliq qoʻshimcha vazifalar yuklatilishi mumkin.

40. Oʻziga yuklatilgan vazifalarni bajarishda komissiya quyidagi huquqlarga ega:

korxonalar, vakolatli davlat organi hamda boshqa davlat tashkilotlaridan, shuningdek kuzatuv kengashi aʼzolari yoki aʼzolikka talabgor nomzodlar toʻgʻrisida tanlab olish jarayonida zarur boʻlgan maʼlumot va hujjatlarni soʻrab olish;

korxonalar faoliyati xususiyatlaridan kelib chiqqan holda nomzodlarga qoʻshimcha talablarni belgilash;

nomzodlarni tanlab olishning shartlari va usullarini hamda muddatlarini belgilash;

nomzodlarni tanlab olish natijalarini tasdiqlash;

nomzodlarni tanlab olishda mustaqil qaror qabul qilish;

zaruratga koʻra, moliyaviy maslahatchi-konsultantlar, ekspertlar va boshqa soha mutaxassislarini, davlat boshqaruvi organlari, mahalliy ijro hokimiyati organlari, tarmoq birlashmalari, korxonalarning ijro etuvchi organlari vakillarini komissiya faoliyatiga jalb etish.

41. Komissiya:

korxonalar kuzatuv kengashi tarkibini malakali mutaxassislar bilan toʻldirish boʻyicha vakolatli davlat organining qaror va topshiriqlarini bajarishga;

komissiya majlislarida qabul qilingan qarorlarning oʻz vaqtida bajarilishi ustidan nazoratni amalga oshirishga majbur.

5-bob. Nomzodlarni tanlab olish jarayonini raqamlashtirish va ochiqligini taʼminlash

42. Nomzodlarni tanlab olish jarayonlarini markazlashgan holda boshqarish, shaffofligi va ochiqligini taʼminlash maqsadida korxonalar kuzatuv kengashi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, shuningdek ularning tarkibidagi boʻsh oʻrinlar, eʼlon qilingan tanlovlar va ularning natijalari hamda korxonalar faoliyati boʻyicha boshqa maʼlumotlar Davlat aktivlarini boshqarish agentligining maxsus veb-portalda eʼlon qilib boriladi.

43. Maxsus veb-portalda quyidagi maʼlumotlar eʼlon qilishi lozim:

korxonalar, shu jumladan kuzatuv kengashi faoliyatini tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlari hamda mazkur Nizom;

korxonalarning veb-saytlari va (yoki) ularga havolalar;

kuzatuv kengashi va ijro organi aʼzolarining tarkibi, ulardagi mavjud boʻsh oʻrinlar;

kuzatuv kengashi tarkibiga saylangan mustaqil aʼzolar reyestri;

tanlov oʻtkaziladigan aʼzolik oʻrinlari roʻyxati;

tanlov oʻtkazish vaqti va shartlari;

tanlab olish jarayoni natijalari;

oʻtkazilgan tanlab olish natijalari toʻgʻrisida vakolatli organ va komissiyaning yillik hisoboti.

Komissiya talabiga koʻra korxonalar tomonidan boshqa qoʻshimcha maʼlumotlar oshkor etilishi mumkin.

44. Vakolatli davlat organi tanlab olish jarayonida ishtirok etayotgan barcha nomzodlar haqidagi maʼlumotlar bazasini shakllantirib boradi.

45. Komissiya nomzodlarni tanlab olish jarayonida maʼlumotlar bazasida mavjud axborotlardan foydalanadi.

46. Nomzodlar haqidagi maʼlumotlar bazasida yigʻilgan axborotlar sir saqlanadi va uchinchi shaxslarga oshkor etilmaydi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

47. Nomzodlar taqdim etgan maʼlumotlarining toʻliqligi va toʻgʻriligi uchun masʼul hisoblanadi.

48. Mazkur Nizom talablari bajarilishi ustidan nazorat vakolatli davlat organi tomonidan amalga oshiriladi.

49. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Davlat ishtirokidagi korxonalarning kuzatuv kengashi tarkibiga davlat ulushi boʻyicha nomzodlarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1.1-ILOVA

Davlat ishtirokidagi korxonalarning kuzatuv kengashi tarkibiga davlat ulushi boʻyicha nomzodlarni saralash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Davlat ishtirokidagi korxona, vakolatli davlat organi, nomzodlarni tanlab olish komissiyasi Kuzatuv kengashida mavjud boʻlgan, shuningdek amaldagi tarkibni qayta koʻrib chiqish natijasida belgilanadigan boʻsh aʼzolik oʻrinlari roʻyxatini shakllantirish va nomzodlarga qoʻyiladigan malaka talablarini hamda nomzodlarni izlash usullarini belgilagan holda tasdiqlash Boʻsh aʼzolik oʻrni vujudga kelgan holatda 10 ish kuni ichida Amaldagi tarkibni oʻzgartirish zarurati vujudga kelganda — 10 ish kunida va/yoki har yili 1-sentabrga qadar 2-bosqich Nomzodlarni tanlab olish komissiyasi Tasdiqlangan boʻsh aʼzolik oʻrinlari roʻyxatini ushbu boʻsh oʻrinlar boʻyicha belgilangan talablar va mezonlar bilan birga maxsus veb-portalda chop etish Roʻyxat tasdiqlanganidan soʻng — 2 ish kuni ichida 3-bosqich Nomzodlarni tanlab olish komissiyasi roʻyxat boʻyicha boʻsh aʼzolik oʻrinlariga nomzodlarni izlash, bunda izlash quyidagi usullardan birini qoʻllagan holda amalga oshiriladi: Roʻyxat maxsus veb-portalda chop etilganidan soʻng — 30 kun davomida maxsus veb-portal orqali eʼlonlar berish; nomzodlarni izlab topishga ixtisoslashgan konsalting va (yoki) “xedxanter” tashkilotlarini jalb etish orqali Tegishli “xedxanter” tashkiloti bilan tuziladigan shartnomada koʻrsatilgan muddatda 4-bosqich Nomzodlarni tanlab olish komissiyasi Talabgor nomzodlar roʻyxatini tuzish va ularni belgilangan mezonlar asosida maxsus veb-portalga joylashtirilgan maʼlumotlar (hujjatlar)ni jamlash Nomzodlarni izlash jarayonlari yakunlanganidan soʻng 5 ish kuni ichida 5-bosqich Nomzodlarni tanlab olish komissiyasi Har bir aʼzolik oʻrni uchun 3 kishidan oshmaydigan eng yuqori ball toʻplagan nomzodlarning qisqa roʻyxati (short list)ni tuzish Baholash yakunlanganidan soʻng 5 ish kuni ichida 6-bosqich Nomzodlarni tanlab olish komissiyasi Zaruratga koʻra nomzodlar bilan suhbat oʻtkazish, bunda suhbat tomonlar kelishuviga koʻra axborot texnologiyalaridan foydalangan holda onlayn videokonferensiya rejimida oʻtkazilishi mumkin Eng yuqori ball toʻplagan nomzodlarning qisqa roʻyxati (short list) tuzilganidan soʻng 3 ish kuni ichida 7-bosqich Nomzodlarni tanlab olish komissiyasi Eng yuqori ball toʻplagan nomzodlarning qisqa roʻyxati (short list)dan kuzatuv kengashining har bir aʼzolik oʻrniga eng munosib bitta nomzodni tanlash toʻgʻrisida qaror qabul qilish va vakolatli davlat organiga kiritish Eng yuqori ball toʻplagan nomzodlarning qisqa roʻyxati (short list) tuzilganidan soʻng 5 ish kuni ichida 8-bosqich Vakolatli davlat organi Nomzodlar boʻyicha takliflarni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda saylash (tasdiqlash) toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun korxonalarga yuborish Nomzodlarni tanlab olish komissiyasi qarori qabul qilinganidan soʻng 2 ish kuni ichida 9-bosqich Davlat ishtirokidagi korxonalar Korxona vakolatli davlat organidan nomzodlar boʻyicha takliflarni qabul qilganidan soʻng, korxona ustavida belgilangan muddatda ushbu nomzodlarni kuzatuv kengashi tarkibiga saylash (tayinlash) boʻyicha korporativ qarorlar qabul qilinishini tashkil etish Nomzod taqdim etilgandan soʻng — qonunchilikda yoki davlat ishtirokidagi korxona ustavida belgilangan muddatda 10-bosqich Davlat ishtirokidagi korxonalar Kuzatuv kengashi tarkibiga saylangan nomzodlar roʻyxatini va ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni maxsus veb-portalda eʼlon qilish Qaror qabul qilinganidan soʻng 2 ish kuni ichida

Davlat ishtirokidagi korxonalarning kuzatuv kengashi tarkibiga davlat ulushi boʻyicha nomzodlarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1.2-ILOVA

KUZATUV KENGASHI AʼZOLIGIGA NOMZOD TOʻGʻRISIDA

(davlat ishtirokidagi korxona nomi koʻrsatiladi) (nomzodning FISH) T/r Baholash mezonlari Mezonga muvofiqlik ballari Nomzodning muvofiqlik ballari * I. KASBIY BILIM-KOʻNIKMALARI 1. Quyidagi sohalardan biri boʻyicha bakalavr darajasiga egaligi: moliya, iqtisodiyot va huquq yoki boshqa yoʻnalishlar 10 2. Oliy taʼlim muassasalarining, shu jumladan Davlat boshqaruvi akademiyasi, Bank-moliya akademiyasi, Soliq akademiyasining magistrlik darajasiga egaligi 10 3. Quyidagi sohalardan biri boʻyicha xorijiy oliy taʼlim muassasalarining magistrlik darajasiga egaligi: moliya, iqtisodiyot va huquq yoki boshqa sohalar 10 II. ISH TAJRIBASI 4. Korporativ boshqaruv, qimmatli qogʻozlar bozori, strategik rejalashtirish, xodimlarni boshqarish sohalari bilan bogʻliq maʼmuriy va boshqaruv kadrlari lavozimlarida davlat tashkilotlari, davlat ishtirokidagi korxonalar (5-bandda koʻrsatilgan lavozimni egallagan davri bundan mustasno) ish tajribasi bir yilgacha (shu jumladan bir yil toʻliq) 4 3 (uch) yilgacha (shu jumladan 3 yil toʻliq) 5 3 (uch) yildan 5 (besh) yilgacha (shu jumladan 5 yil toʻliq) 7 5 (besh) yildan ortiq 8 5. Rahbarlik lavozimlarida (rahbar, rahbar oʻrinbosari, menejer, supervayzer) kamida bir yil xorijiy davlatlarda ish tajribasi yoki korporativ boshqaruv, qimmatli qogʻozlar bozori, strategik rejalashtirish, kadrlar menejmenti, audit, soliqqa tortish, moliya va investitsiyalar, ishlab chiqarishni modernizatsiya qilish va innovatsion rivojlantirish, inqirozga qarshi boshqaruv ?ohalarida xorijiy yuristiksiyalardagi masalalarni hal qilish boʻyicha amaliy tajribaga egaligi bir yilgacha (shu jumladan bir yil toʻliq) 3 3 (uch) yilgacha (shu jumladan 3 yil toʻliq) 4 3 (uch) yildan 5 (besh) yilgacha (shu jumladan 5 yil toʻliq) 6 5 (besh) yildan ortiq 7 6. Boshqa tashkilotlardagi va xususiy kompaniyalardagi rahbarlik lavozimlarida (tashkilot rahbari, rahbar oʻrinbosari, bosh hisobchi, yuridik xizmat boshligʻi, korporativ boshqaruv sohasida faoliyat yuritadigan boshqarma boshligʻi, vakolatxona yoki filial rahbari) ish tajribasi bir yilgacha (shu jumladan bir yil toʻliq) 2 3 (uch) yilgacha (shu jumladan 3 yil toʻliq) 3 3 (uch) yildan 5 (besh) yilgacha (shu jumladan 5 yil toʻliq) 4 5 (besh) yildan ortiq 5 7. Tegishli soha tashkilotlarida maʼmuriy va boshqaruv lavozimlarida ish tajribasi 2 (ikki) yil toʻliq 2 3 (uch) yilgacha (shu jumladan 3 yil toʻliq) 3 3 (uch) yildan 5 (besh) yilgacha (shu jumladan 5 yil toʻliq) 4 5 (besh) yildan ortiq 5 8. Kuzatuv kengashi aʼzosi sifatida ish tajribasi bir yilgacha (shu jumladan bir yil toʻliq) 5 3 (uch) yilgacha (shu jumladan 3 yil toʻliq) 8 3 (uch) yildan 5 (besh) yilgacha (shu jumladan 5 yil toʻliq) 10 5 (besh) yildan ortiq 15 III. QOʻSHIMCHA MALAKALARNING MAVJUDLIGI 9. Qimmatli qogʻozlar bozori mutaxassisi, auditor, sugʻurtalovchi, baholovchi, sud boshqaruvchisi malaka talablariga muvofiqligini tasdiqlovchi amal qilish muddatiga ega hujjatning mavjudligi 5 10. Iqtisodiyot, moliya, huquqshunoslik, korporativ boshqaruv sohasida kamida 2 ta xorijiy davlatlarda stajirovkadan oʻtganligi boʻyicha tasdiqlovchi hujjatlarning mavjudligi 5 11. Kuyidagi xalqaro sertifikatlardan birining mavjudligi (CFA, SRA, ASSA, ASA, CIMA, IMC, FRM) 10 12. Amal qilish muddatiga ega korporativ boshqaruvchi malaka attestatining mavjudligi 10 IV. KUZATUV KENGASHI ISHIDA ISHTIROK ETISH IMKONIYATI 13. Boshqa korxonalarning kuzatuv kengashidagi aʼzoligi 1 ta korxonada kuzatuv kengashi aʼzosi boʻlganda 5 2 ta korxonada kuzatuv kengashi aʼzosi boʻlganda 10 3 ta korxonada kuzatuv kengashi aʼzosi boʻlganda 15 4 ta korxonada kuzatuv kengashi aʼzosi boʻlganda 20

Jami maksimal ballar yigʻindisi: 100 ball

Nomzod toʻplagan ballar yigʻindisi: __________ ball.

Ushbu bilan nomzod sifatida quyidagilarni:

yuqoridagi mezonlar boʻyicha kiritilgan maʼlumotlarning men tomonimdan toʻgʻri va tasdiqlovchi hujjatlarga asosan kiritilganligini;

quyidagi sohalardan biri boʻyicha oliy maʼlumotga egaligimni: moliya, iqtisodiyot va huquq yoki boshqa sohalar;

kamida 2 yillik ish tajribasiga egaligimni;

korxona boshqaruvi aʼzolari va direktori yoki ularning funksiyalarini amalga oshirayotgan shaxslar, korxonada yoki uning shuʼba va tobe xoʻjalik jamiyatlarida mehnat shartnomasi (kontrakt) boʻyicha ishlamasligimni;

iqtisodiy jinoyatlar yoki boshqaruv tartibiga qarshi jinoyatlar uchun tugatilmagan sudlanganlik mavjud emasligini hamda sud qarorlariga asosan mansab lavozimlarini egallashi cheklangan, shuningdek korrupsiyaga oid jinoyatlarni sodir etishda aybdor deb topilmaganligimni;

davlat boshqaruvi organlarining korxonaga nisbatan tartibga soluvchi yoki nazorat (shu jumladan, litsenziyalash organlari va moliya-xoʻjalik faoliyatini tekshiruvchi organlar) funksiyasini amalga oshiruvchi xodimi emasligimni;

qonunchilik hujjatlarida kuzatuv kengashi aʼzosi sifatida faoliyat olib borishi taqiqlangan shaxs emasligimni;

amal qilish muddati tugamagan korporativ boshqaruvchi malaka attestatiga egaligimni;

besh va undan ortiq kuzatuv kengashlarida aʼzo emasligimni;

soʻnggi uch yil ichida korxonaga va (yoki) korxonaning affillangan shaxslariga auditorlik xizmatlarini koʻrsatgan auditorlik tashkilotining xodimi emasligimni;

ushbu arizada keltirilgan barcha maʼlumotlarning, shuningdek unga ilova qilingan hujjatlar va materiallarda mavjud boʻlgan maʼlumotlarning haqiqiyligi, ishonchliligi va toʻgʻriligini tasdiqlayman.

Men tomonimdan haqiqiy boʻlmagan, ishonchsiz va notoʻgʻri (yolgʻon) maʼlumotlar berilganligi aniqlangan taqdirda, tanlovdan yoki kuzatuv kengashi tarkibidan (agar tarkibga saylangandan soʻng aniqlansa) chetlatilishim toʻgʻrisida xabardorman.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 4-noyabrdagi 647-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Davlat aktivlarini boshqarish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 26-apreldagi 356-son qarorining 1 va 2-bandining ikkinchi , uchinchi va oltinchi xatboshilari hamda 3 va 4-bandlari .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mehnatga haq toʻlash, pensiyalar va boshqa toʻlovlar miqdorlarini aniqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-maydagi PF-5723-son Farmoni)” 2019-yil 28-dekabrdagi 1046-son qaroriga ilovaning 288-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining ijro etuvchi tuzilmasini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 22-yanvardagi PQ-4569-son, “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi faoliyatini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 24-fevraldagi PQ-4612-son, “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining tuzilmasiga Bosh vazirning investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri lavozimini kiritish toʻgʻrisida” 2020-yil 10-martdagi PQ-4635-son va “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining faoliyatini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 12-maydagi PQ-4710-son qarorlari)” 2020-yil 26-iyundagi 411-son qaroriga 1-ilovaning 58-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 4-noyabr,

647-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.11.2022-y., 09/22/647/0997-son; 15.05.2024-y., 09/24/282/0347-son; 10.11.2025-y., 09/25/709/1027-son))

lex.uz