UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 8-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 8 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 8 ноября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 8 November 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини жорий этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида » 2022 йил 27 январдаги ПҚ-104-сон ҳамда «Аҳолини халқаро брендларнинг сифатли маҳсулотлари билан таъминлаш ва маҳаллий корхоналарнинг глобал қўшилган қиймат занжирларига кириши учун қўшимча шароит яратишга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 12 октябрдаги ПҚ-393-сон қарорларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. 2023 йил 1 январдан бошлаб чет давлат фуқароларига улар томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларидан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда — ҚҚС) суммасини қисман қайтариш (кейинги ўринларда — «tax free») тизими тажриба тариқасида жорий этилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг:

«tax free» тизими оператори сифатида Солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Soliq Servis» акциядорлик жамиятини (кейинги ўринларда — Оператор) белгилаш;

чет давлат фуқароларига қайтариладиган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ва уни қайтариш солиқ органларининг махсус мобил иловаси (кейинги ўринларда — мобил илова) орқали амалга оширилиши тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

3. Белгилансинки, тажриба давомида:

республиканинг барча ҳудудларидаги чакана савдо объектлари орқали чет давлат фуқароларига ҚҚС билан сотилган айрим турдаги товарларга «tax free» тизими қўлланилади;

чет давлат фуқароларига ҚҚС суммаси минимал харид қиймати ҚҚС суммасини ҳисобга олган ҳолда камида уч юз минг сўмни ташкил этганда ҳамда товарлар харид қилинган кундан эътиборан уч ой мобайнида Операторга мурожаат қилинганда қайтарилади;

чет давлат фуқаролари томонидан ҳақиқатда амалга оширилган харидларни текшириш ва ҚҚСни қайтариш учун ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида Операторнинг сервис шохобчалари ташкил этилади ва улар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч халқаро аэропортлари ҳудудларида жойлаштирилади;

ҚҚСнинг белгиланган ставкаси миқдорининг 90 фоизи чет давлат фуқаросига ҚҚС суммасини қайтаришга, 10 фоизи Операторнинг хизматларига йўналтирилади;

Оператор чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлар «tax free» тизими иштирокчилари эканлигини билдирувчи махсус белгининг (флаер) намунавий шаклини ишлаб чиқади ва уларни туристик марказлар, йирик савдо комплекслари ҳамда чет эл фуқаролари кўп ташриф буюрадиган бозорлар, чакана савдо билан шуғулланувчи субъектларга бепул тарқатади ҳамда расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини таъминлайди, бунда махсус белгида кўрсатилган маълумотлар давлат тилида ва инглиз, рус, хитой, араб тилларида ёзилган бўлиши шарт.

Оператор «tax free» тизимини жорий этиш мақсадида қўшимча штат бирликларини шакллантириш, халқаро аэропортларда сервис нуқталарини жойлаштириш ва уларни моддий-техника база билан таъминлаш билан боғлиқ харажатларни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади.

Туризм қўмитаси Операторга ушбу тартибнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кенг тарғиб қилинишини таъминлаш мақсадида темир йўл вокзаллари, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Хива шаҳарларидаги туристик марказларида текин фойдаланиш учун махсус жой ажратсин.

4. Қуйидагиларни назарда тутувчи Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

чет давлат фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида айрим товарлар харид қилинганда тўланган ҚҚС суммасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда қайтариш улар томонидан мобил иловада рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар маълумотлари асосида амалга оширилиши;

харид қилинган товарларнинг Ўзбекистон ҳудудида истеъмол қилинмаганлиги ҳамда улар чет давлат фуқароларининг кузатув багажи ва/ёки қўл юкида ўзи билан Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши лозимлиги;

Молия вазирлиги томонидан республика бюджетидан ҚҚСни чет эл фуқароларига тўлаб бериш учун маблағларни ажратиш ва Операторга йўналтириш тартиби.

5. Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизими татбиқ этилмайдиган товарлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига Молия вазирлиги билан келишган ҳолда асосланган таклифлардан келиб чиқиб рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 10 декабрга қадар:

а) мобил иловага чет давлат фуқаролари томонидан харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих-код (QR-код) ёрдамида сканерлаш ёки фискал белгисини киритиш орқали рўйхатга олиш ҳамда улар томонидан тўланган ҚҚС суммасини қайтариш имконини берадиган қўшимчалар киритсин;

б) «tax free» тизими иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш имконини берувчи «Тах free» автоматлаштирилган ахборот тизимини (кейинги ўринларда — «Тах free» ААТ) ишлаб чиқсин.

Белгилансинки, мобил иловага қўшимчалар киритиш, шунингдек, «Тах free» ААТни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда 2022 йил 15 декабрга қадар чет давлат фуқароларини «tax free» тизимидан фойдаланиш учун солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтишларида Ўзбекистон Республикасига кириб келганлигини қайд этиш маълумотлари орқали идентификация қилишнинг автоматлаштирилган имкониятини яратсин.

Бунда «Тах free» ААТ орқали маълумотлар алмашинуви реал вақт режимида амалга оширилиши назарда тутилсин.

8. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига чакана савдо билан шуғулланувчи субъектларни уларнинг мурожаатлари асосида халқаро банк карталари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича махсус ҳисоб-китоб терминаллари билан таъминлаш;

«Uzbekistan Airports» АЖга:

«tax free» тизими операторининг ҚҚС суммасини қайтариш сервис шохобчаларини Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч халқаро аэропортлари ҳудудида жойлаштириш;

республиканинг барча халқаро аэропортларида чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини 24/7 режимда қайтариш тизимини йўлга қўйиш тавсия этилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 2023 йил 1 октябрга қадар «tax free» тизимини жорий этиш самарадорлиги натижаларига кўра мазкур тизимни 2024 йилдан бошлаб республиканинг барча халқаро аэропортлари, вокзаллари ҳамда божхона ҳудудидан ўтказиш пунктларида босқичма-босқич жорий этиш, шунингдек, «tax free» тизими операторини давлат-хусусий шериклик асосида танлаш ёки халқаро операторларни жалб этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг давлат солиқ хизмати органлари бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида Давлат солиқ қўмитасининг марказий аппаратида «tax free» тизимини жорий этишга ва доимий мониторинг қилиб боришга масъул қўшимча алоҳида тузилма ташкил этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда халқаро аэропортларда, вокзалларда ҳамда божхона ҳудудидан ўтказиш пунктларида, шунингдек, расмий веб сайтларда Ўзбекистон Республикасида «tax free» тизими жорий этилганлигини билдирувчи ҳамда мобил иловадан фойдаланишнинг босқичлари ҳақида маълумот берувчи флаер, буклетлар, тарқатма материаллар ва бошқа қўлланмалар бўлишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ва кенг ёритиб борсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров, Молия вазири Т.А. Ишметов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев ҳамда Давлат божхона қўмитаси раиси А.Ю. Мавлонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги 653-сон қарорига 1-ИЛОВА

Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Регламент (кейинги ўринларда — Регламент) чет давлат фуқаролари — Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари (кейинги ўринларда — чет давлат фуқаролари) томонидан Ўзбекистон ҳудудида чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлардан айрим товарларни харид қилишда тўланган қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда — ҚҚС) суммасини қайтариш («tax free» тизими) тартибини белгилайди.

2. Чет давлат фуқароларига ҚҚС билан харид қилинган айрим товарлар бўйича ҚҚС суммасининг ушбу Регламентда белгиланган миқдори қайтарилади, қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

бож олинмайдиган савдо дўконларидан («duty free») харид қилинган товарлар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тарк этишда чет давлат фуқароси ёнида бўлмаган товарлар;

тўлиқ ёки қисман истеъмол қилинган товарлар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлиқ ёки қисман ишлатилган ва асл ўрами билан бирга бўлмаган товарлар (ўрам бўлиши назарда тутилган бўлса).

3. Ушбу Регламентда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

«tax free» тизими — чет давлат фуқароларига, улар томонидан Ўзбекистон ҳудудида айрим товарлар харид қилинганда тўланган ҚҚС суммасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда ушбу Регламентда белгиланган миқдорда қайтариш тизими;

«tax free» тизими оператори (кейинги ўринларда — Оператор) — Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси (кейинги ўринларда — Солиқ қўмитаси) ҳузуридаги «Soliq Servis» акциядорлик жамияти;

«Тах free» автоматлаштирилган ахборот тизими («Тах free» ААТ) — «tax free» тизими иштирокчиларининг ўзаро маълумот алмашинувини таъминлайдиган ҳамда интеграция қилинган автоматлаштирилган ахборот тизими.

4. Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш улар томонидан харид қилинган товарлар фақат кузатув багажи ва/ёки қўл юкида ўзи билан бирга Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши тасдиқлангандан кейин амалга оширилиши мумкин.

ҚҚС суммаси ўн саккиз ёшга тўлган чет давлат фуқароларига қайтарилади.

Чет давлат фуқаролари ҚҚС суммасини қайтариш учун товарлар харид қилинган кундан эътиборан уч ой мобайнида Операторга ушбу Регламентда белгиланган тартибда ва талабларни бажарган ҳолда мурожаат қилиши мумкин.

5. Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш харид амалга оширилганда фақат ҚҚС тўланган товарлар бўйича амалга оширилади.

Бунда ҚҚС суммасини қайтариш тизими татбиқ этиладиган харид қилинган товарларнинг умумий қиймати уч юз минг сўмдан кам бўлмаслиги лозим.

2-боб. Чет давлат фуқароларини «tax free» тизимида рўйхатга олиш тартиби

6. Чет давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида харид қилинган айрим турдаги товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариш ҳуқуқидан фойдаланиш учун солиқ органларининг махсус мобил иловасида (кейинги ўринларда — мобил илова) рўйхатдан ўтади.

Бунда чет давлат фуқаролари мобил иловада исми, фамилияси ва паспорт маълумотларини, шунингдек, ўзининг номига расмийлаштирилган халқаро банк картаси ёки банк ҳисобварағини рўйхатдан ўтказади.

7. Чет давлат фуқаролари ҚҚС суммасини қайтариб олиш мақсадида мобил иловада идентификация ва рўйхатдан ўтиши уларнинг мобил телефон рақамига (электрон почтасига) келиб тушган ҳавола бўйича рўйхатга олиш кодини киритиш орқали амалга оширилади.

8. Мобил иловага киритилган маълумотларнинг тўғри ва ҳаққонийлиги бўйича жавобгарлик чет давлат фуқароларининг ўзига юклатилади. Бунда уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиши ва ундан чиқиб кетиши ҳолатлари «Тах free» ААТ орқали текширилади ва тасдиқланади.

3-боб. Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш тартиби

9. Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш чет давлат фуқаролари томонидан товарлар бўйича харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих-кодни (QR-код) мобил илова ёрдамида сканерлаш ёки фискал белгисини мобил иловага киритиш орқали шаклланган маълумотлар асосида амалга оширилади.

10. Чет эл фуқаролари харид қилинган товарлар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда уларнинг бир қисмини қайтариш тизимидан (кешбек) фойдаланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари харид қилинган товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариш тизимида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 майдаги 255-сон қарори билан тасдиқланган Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентининг 20-бандида белгиланган талаблар татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 майдаги 255-сон қарори билан тасдиқланган Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламент билан фискал белгили чеклар мобил иловада рўйхатдан ўтказилмайдиган ҳолатларда улар бўйича чет эл фуқароларига ҚҚС қайтарилмайди.

11. Мобил иловада рўйхатга олинган фискал белгили чек маълумотлари асосида «tax free» тизими татбиқ этиладиган товарлар рўйхати ва улар бўйича тўланган ҚҚС суммаси алоҳида ажратилган ҳолда акс эттирилади, шунингдек, ушбу маълумот «Тах free» ААТ да реал вақт режимида акс эттирилади.

12. Чет давлат фуқаролари «tax free» тизими доирасида харид қилинган товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тарк этишда Операторнинг халқаро аэропортларда жойлашган сервис шахобчаларига мурожаат қилади.

Чет давлат фуқаролари мобил илова ёрдамида сервис шохобчасига мурожаат қилиши режалаштирилган сана ва вақт тўғрисида мурожаат юбориши мумкин.

13. Чет давлат фуқаролари ҚҚС суммасини қайтариб олиш учун Операторга бортга чиқиш талони ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади.

Оператор чет давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикаси норезиденти эканлигини ҳамда чет давлат фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётганлиги ҳолатини тасдиқловчи белги (штамп) мавжудлигини текширади.

14. Оператор ходими чет давлат фуқароси томонидан харид чекларида кўрсатилган ҳамда чет эл фуқароси ёнида бўлган товарларни кўздан кечиради ва солиштиради, ушбу Регламент билан белгиланган талабларга мослигини текширади ва Оператор томонидан тасдиқланадиган Регламент асосида чет эл фуқароси билан ушбу тўғрисида қайдномани мобил илова орқали электрон шаклда расмийлаштиради.

15. Чет давлат фуқароси Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётганда Оператор Ўзбекистон ҳудудида харид қилинган товарлар республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилаётганлигини тасдиқлайди ҳамда бир вақтнинг ўзида ушбу тасдиқни «Тах free» ААТга киритади. Шунингдек, чет эл фуқароси ҳақиқатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетганлигини мутасадди ташкилот 3 кун мобайнида «Тах free» ААТ орқали чегарадан ўтиш қайдномаси асосида тасдиқлайди.

16. Оператор томонидан «tax free» тизими доирасида харид қилинган товарлар олиб чиқиб кетилаётганлиги тасдиқлангандан сўнг чет давлат фуқаросига қайтарилиши лозим бўлган ҚҚС суммаси тўғрисида маълумот мобил иловада акс эттирилади.

17. Қайтарилаётган ҚҚС суммаси Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида белгиланади ва чет давлат фуқаросига мобил иловада кўрсатилган халқаро банк картасига (тўлов тизимига) ёки банк ҳисобварағига, чет давлат фуқароларининг хоҳишига кўра нақд пул шаклида чет эл валютасида (АҚШ доллари) мазкур Регламентда белгиланган муддатларда ўтказиб берилади.

Қайтарилаётган ҚҚС суммасини чет эл валютасида (АҚШ доллари) ҳисоблаш чет давлат фуқароси томонидан харид амалга оширилган кундаги хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг валюта айирбошлаш кунидаги айирбошлаш курслари асосида амалга оширилади.

ҚҚС суммаси чет давлат фуқаросининг халқаро банк картасига (тўлов тизимига) ёки банк ҳисобварағига ўтказилиши хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг конверсия ва пул ўтказмалари бўйича хизмат ҳақлари асосида чет давлат фуқаросига қайтарилаётган маблағ ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда чет давлат фуқароси ҚҚС суммаси Оператор томонидан қайтариб берилиши учун ўзининг халқаро банк картаси (тўлов тизими) ёки банк ҳисобварағи реквизитларини мобил иловада рўйхатдан ўтказган бўлиши лозим.

18. Чет давлат фуқароси томонидан ушбу Регламент талабларига риоя қилинмаслиги ҳолатида, шунингдек, ушбу Регламентда белгиланган ҳолатларда Оператор чет давлат фуқароларига харид қилинган товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариб беришни тўлиқ ёки қисман рад этишга ҳақли.

4-боб. Операторнинг хизмати учун ҳақ тўлаш ҳамда чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини тўлаб бериш тартиби

19. Чет давлат фуқаросига ҚҚС суммаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (кейинги ўринларда — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) томонидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан қайтарилади.

Чет давлат фуқаросига харид қилинган товарлар бўйича ҚҚС суммаси мазкур Регламентга иловада келтирилган схемага мувофиқ қайтарилади.

20. Чет давлат фуқаросига харид қилинган товар бўйича ҚҚС суммаси мобил иловада кўрсатилган халқаро банк картасига (тўлов тизимига) ёки банк ҳисобварағига чет давлат фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқлангандан сўнг уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда, нақд пул шаклида бўлганда, мурожаат этган кунда қайтарилади.

21. Операторга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан харид чекларидаги «tax free» тизими татбиқ этиладиган товарлар учун жами тўланган ҚҚС суммасининг 100 фоизига тенг бўлган маблағлар тўлаб берилади.

Бунда чет давлат фуқароларига Оператор ўзининг хизмати учун тўловларни инобатга олиб, «tax free» тизими татбиқ этиладиган товарлар учун жами тўланган ҚҚС суммасининг 90 фоиз қисмини тўлаб беради.

Операторнинг хизмати учун тўловлар чет давлат фуқароси томонидан сотиб олинган товарлар учун тақдим этилган харид чекларида кўрсатилган ҚҚС суммасининг 10 фоизини ташкил этади.

22. Оператор чет давлат фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланган кундан кейинги уч иш кунидан кечиктирмай аввалги календарь кунларида чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш ва ҳудуддан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланганлиги ҳамда мобил иловада рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар тўғрисидаги ахборот бўйича чет давлат фуқароларига қайтариладиган ҚҚС суммалари бўйича буюртмани Солиқ қўмитасининг хулосаси асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади.

23. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитасининг хулосасига асосан Операторнинг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилигидаги махсус ҳисобварағига хулоса олинган кундан сўнг бир иш кунидан кечиктирмай маблағларни ўтказади.

24. Оператор Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан пул маблағлари ўтказилгандан кейин бир иш кунидан кечиктирмай уларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначиликнинг махсус ҳисобварағидан ваколатли банкда очилган ҳисобварағига ўтказади.

25. Оператор ҚҚС суммасини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлган чет давлат фуқароларининг реестрларини ваколатли банкка ҳар ўн кунда тақдим этади.

4 1 -боб. Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини нақд пулда қайтариш тартиби

25 1 . Чет давлат фуқаросига ҚҚС суммаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан қайтарилади.

Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига чет давлат фуқаросига харид қилинган товарлар бўйича ҚҚС суммасини нақд пулда қайтариш учун ҳар чоракда бўнак тариқасида маблағ ажратилади.

Чет давлат фуқаросига ҚҚС суммаси нақд пулда мазкур Регламентга иловада келтирилган схемага мувофиқ қайтарилади.

25 2 . Чет давлат фуқаросига ҚҚС суммаси чет давлат фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланган кунида қайтарилади.

25 3 . Операторга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан харид чекларидаги «tax free» тизими татбиқ этиладиган товарлар учун жами тўланган ҚҚС суммасининг 100 фоизига тенг бўлган маблағлар тўлаб берилади.

Бунда чет давлат фуқароларига Оператор ўзининг хизмати учун тўловларни инобатга олиб, «tax free» тизими татбиқ этиладиган товарлар учун жами тўланган ҚҚС суммасининг 85 фоиз қисмини тўлаб беради.

Операторнинг хизмати учун тўловлар чет давлат фуқароси томонидан сотиб олинган товарлар учун тақдим этилган харид чекларида кўрсатилган ҚҚС суммасининг 15 фоизини ташкил этади.

25 4 . Оператор ҳар куни бир иш кунидан кечиктирмай аввалги календарь ойда чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш ва ҳудуддан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланганлиги ҳамда мобил иловада рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар тўғрисидаги ахборот бўйича чет давлат фуқароларига қайтариладиган ҚҚС суммалари бўйича буюртмани Солиқ қўмитасининг хулосаси асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади.

25 5 . Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитасининг хулосасига асосан Операторнинг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига хулоса олинган кундан сўнг бир иш кунидан кечиктирмай маблағларни ўтказади.

25 6 . Оператор Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан пул маблағлари ўтказилгандан кейин бир иш кунидан кечиктирмай уларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг махсус ҳисобварағидан ваколатли банкда очилган ҳисобварағига ўтказади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тўлаб берилган маблағлар етарли бўлмаганда ёки Солиқ қўмитасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига маблағлар етарли миқдорда молиялаштирилгунга қадар бўлган ҳолатларда чет давлат фуқаросига харид қилинган товар бўйича ҚҚС суммасини Оператор ўз даромадлари маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш ҳуқуқига эга.

25 7 . Оператор ҚҚС суммасини нақд пулда қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлган чет давлат фуқаролари учун тўланадиган маблағлар миқдорини ваколатли банкка бир иш кунидан кечиктирмай тақдим этади.

25 8 . Оператор ҚҚС суммасини нақд пулда қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлган чет давлат фуқароларига қайтариб бериш учун тегишли банкка чек (электрон чек) тақдим этади.

25 9 . Ваколатли банк ҳар куни иш куни бошланиши билан Оператор чек (электрон чек)да сўралган маблағларни чет эл валютасида (АҚШ доллари) тўлаб беради.

25 10 . Оператор ҚҚС суммасини нақд пулда қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқаролари ҳисобини алоҳида юритади.

5-боб. Идоралараро ахборот алмашинуви

26. Солиқ органлари ва Оператор чет давлат фуқаролари томонидан чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлардан харид қилинган товарлар, уларнинг нархи ва миқдори, тўланган ва қайтарилиши лозим бўлган ҚҚС суммаси, чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлар тўғрисидаги маълумотларни олишда «tax free» тизими иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш имконини берувчи «Тах free» ААТдан фойдаланади.

Шунингдек, «Тах free» ААТга ҚҚС суммасини қайтаришда иштирок этадиган божхона, молия ва бошқа мутасадди органлар ўз ахборот тизимларини «Тах free» ААТга интеграция қилади ва ундан фойдаланади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

27. Ушбу Регламентни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

28. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.

Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг маъмурий регламентига ИЛОВА

Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш («tax-free» тизими)

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар I. «Солиқ сервис» АЖ «tax-free» тизими операторига товарлар харидида тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш («tax-free» тизими) ҳуқуқи тўғрисида хабар бериш 1-босқич Товар харидори — чет эл фуқаролари Чакана савдо ташкилотлари томонидан тақдим этилган онлайн назорат-касса машиналари чеклари солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих-код (QR-код) ёрдамида сканерлаш ёки фискал белгисини киритиш орқали рўйхатдан ўтказилади Чек олинган кундан бошлаб ўн календарь кундан кечиктирмасдан 2-босқич Оператор Ўтган календарь кунда чет эл фуқаролари томонидан солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар тўғрисидаги ахборот ва улар бўйича қайтариладиган ҚҚС суммалар бўйича буюртмалар ҳаққонийлигини текширади. Чет давлат фуқароси томонидан товарлар харид қилинган кундан уч иш кунига қадар II. Товарларни харид қилишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax-free) 3-босқич Оператор Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш ва ҳудуддан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланганлиги ҳамда мобил иловада рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар тўғрисидаги ахборот бўйича чет давлат фуқароларига қайтариладиган ҚҚС суммалари бўйича буюртмани Солиқ қўмитасининг хулосаси асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади. Чет давлат фуқароси томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланган кунда нақд пулда бир кунда, банк пластик карточкаси бўйича тасдиқланган кундан кейинги уч иш кунига қадар 4-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Операторнинг махсус ҳисобрақамига чет эл фуқароларининг солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар асосида ҚҚС суммасини қайтариб бериш учун маблағларни ўтказади. Буюртма олган кундан сўнг бир иш кунидан кечиктирмасдан 5-босқич Оператор Қабул қилинган маблағларни ваколатли банкда очилган ҳисоб ҳисобварағига ўтказади. Бир кундан кечиктирмасдан 6-босқич Оператор Ваколатли банкка товарларнинг ҚҚС суммасини қайтариш ҳуқуқига эга бўлган чет давлат фуқаролари реестрини тақдим этади. Чет давлат фуқаролари томонидан харид қилинган товарлар фақат кузатув багажи ва/ёки қўл юкида ўзи билан бирга Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетилганда амалга оширилади 7-босқич Банк Солиқ органларининг махсус мобил иловасида фискал белгиси қўйилган рўйхатдан ўтган чеклар асосида харид қилинган товарларнинг ҚҚС суммасини қайтариш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқароларининг халқаро банк карталарига пул маблағларини ўтказади. Ҳар куни рўйхатдан ўтказилган кундан кейинги уч иш кунига қадар III. Товарларни харид қилишда тўланган қўшилган қиймат солиғини нақд пулда қайтариш 8-босқич Оператор Солиқ органларининг махсус мобил иловасида фискал белгиси қўйилган рўйхатдан ўтган чеклар асосида харид қилинган товарларнинг ҚҚС суммасини қайтариш ҳуқуқига эга бўлган чет давлат фуқароларига нақд пулда қайтариб беради. Чет давлат фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланган кунда 9-босқич Оператор Солиқ органларининг махсус мобил иловасида фискал белгиси қўйилган рўйхатдан ўтган чеклар асосида харид қилинган товарларнинг ҚҚС суммасини Оператор томонидан ҳақиқатда қайтарилган нақд пул маблағлари тўғрисида кунлик ҳисоб-китобни амалга оширади. Ҳар куни

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги 653-сон қарорига 2-ИЛОВА

Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизими татбиқ этилмайдиган товарлар

Т /р Гуруҳ Гуруҳ тавсифи 1. 002 Гўшт ва гўштли озиқ-овқат субмаҳсулотлари 2. 003 Балиқ ва сувда яшовчи умуртқасиз бошқа ҳайвонлар 3. 004 Ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотлар 4. 007 Сабзавотлар 5. 008 Мевалар ва ёнғоқлар 6. 009 Кофе, чой ва зираворлар 7. 010 Донли ўсимликлар 8. 011 Ун ва ун-дон маҳсулотлари 9. 015 Ҳайвон ёки ўсимлик ёғлари ва уларнинг парчаланиши маҳсулотлари 10. 016 Гўшт, балиқ ёки бошқа сувда яшовчи умуртқасиз ҳайвонлардан тайёрланган маҳсулотлар 11. 017 Шакар ва шакардан олинадиган қандолат маҳсулотлари 12. 018 Какао ва унинг маҳсулотлари 13. 019 Ун, қандолат ва ёрма — дон маҳсулотлари 14. 020 Сабзавот, мева, ёнғоқ ёки ўсимликларнинг бошқа қисмларини қайта ишлаш маҳсулотлари 15. 021 Турли озиқ-овқат маҳсулотлари

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 8 ноябрь,

653-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2022 й., 09/22/653/1002-сон; 17.07.2026 й., 09/26/389/0748-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

MAʼMURIY REGLAMENTI

SXEMASI

ROʻYXATI

Chet davlat fuqarolari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketishda avval xarid qilingan tovarlar uchun qoʻshilgan qiymat soligʻini qaytarish tizimini joriy etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksi va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Xizmatlar sohasini rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ” 2022-yil 27-yanvardagi PQ-104-son hamda “Aholini xalqaro brendlarning sifatli mahsulotlari bilan taʼminlash va mahalliy korxonalarning global qoʻshilgan qiymat zanjirlariga kirishi uchun qoʻshimcha sharoit yaratishga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2022-yil 12-oktabrdagi PQ-393-son qarorlariga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. 2023-yil 1-yanvardan boshlab chet davlat fuqarolariga ular tomonidan Oʻzbekiston hududidagi chakana savdo bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlaridan ayrim turdagi tovarlarni sotib olishda toʻlangan qoʻshilgan qiymat soligʻi (keyingi oʻrinlarda — QQS) summasini qisman qaytarish (keyingi oʻrinlarda — “tax free”) tizimi tajriba tariqasida joriy etilsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Soliq qoʻmitasi va Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasining:

“tax free” tizimi operatori sifatida Soliq qoʻmitasi huzuridagi “Soliq Servis” aksiyadorlik jamiyatini (keyingi oʻrinlarda — Operator) belgilash;

chet davlat fuqarolariga qaytariladigan QQS summasini hisobga olish va uni qaytarish soliq organlarining maxsus mobil ilovasi (keyingi oʻrinlarda — mobil ilova) orqali amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

3. Belgilansinki, tajriba davomida:

respublikaning barcha hududlaridagi chakana savdo obyektlari orqali chet davlat fuqarolariga QQS bilan sotilgan ayrim turdagi tovarlarga “tax free” tizimi qoʻllaniladi;

chet davlat fuqarolariga QQS summasi minimal xarid qiymati QQS summasini hisobga olgan holda kamida uch yuz ming soʻmni tashkil etganda hamda tovarlar xarid qilingan kundan eʼtiboran uch oy mobaynida Operatorga murojaat qilinganda qaytariladi;

chet davlat fuqarolari tomonidan haqiqatda amalga oshirilgan xaridlarni tekshirish va QQSni qaytarish uchun hujjatlarni rasmiylashtirish maqsadida Operatorning servis shoxobchalari tashkil etiladi va ular Toshkent, Samarqand, Buxoro, Fargʻona va Urganch xalqaro aeroportlari hududlarida joylashtiriladi;

QQSning belgilangan stavkasi miqdorining 90 foizi chet davlat fuqarosiga QQS summasini qaytarishga, 10 foizi Operatorning xizmatlariga yoʻnaltiriladi;

Operator chakana savdo bilan shugʻullanuvchi subyektlar “tax free” tizimi ishtirokchilari ekanligini bildiruvchi maxsus belgining (flayer) namunaviy shaklini ishlab chiqadi va ularni turistik markazlar, yirik savdo komplekslari hamda chet el fuqarolari koʻp tashrif buyuradigan bozorlar, chakana savdo bilan shugʻullanuvchi subyektlarga bepul tarqatadi hamda rasmiy veb-sayt va ijtimoiy tarmoqlarda joylashtirilishini taʼminlaydi, bunda maxsus belgida koʻrsatilgan maʼlumotlar davlat tilida va ingliz, rus, xitoy, arab tillarida yozilgan boʻlishi shart.

Operator “tax free” tizimini joriy etish maqsadida qoʻshimcha shtat birliklarini shakllantirish, xalqaro aeroportlarda servis nuqtalarini joylashtirish va ularni moddiy-texnika baza bilan taʼminlash bilan bogʻliq xarajatlarni oʻz mablagʻlari hisobidan amalga oshiradi.

Turizm qoʻmitasi Operatorga ushbu tartibning mazmun-mohiyati va ahamiyati aholi va tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida keng targʻib qilinishini taʼminlash maqsadida temir yoʻl vokzallari, Toshkent, Buxoro, Samarqand, Fargʻona va Xiva shaharlaridagi turistik markazlarida tekin foydalanish uchun maxsus joy ajratsin.

4. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Chet davlat fuqarolari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketishda avval xarid qilingan tovarlar uchun qoʻshilgan qiymat soligʻini qaytarishning maʼmuriy reglamenti 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

chet davlat fuqarolariga Oʻzbekiston hududida ayrim tovarlar xarid qilinganda toʻlangan QQS summasini Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketishda qaytarish ular tomonidan mobil ilovada roʻyxatdan oʻtkazilgan fiskal belgili cheklar maʼlumotlari asosida amalga oshirilishi;

xarid qilingan tovarlarning Oʻzbekiston hududida isteʼmol qilinmaganligi hamda ular chet davlat fuqarolarining kuzatuv bagaji va/yoki qoʻl yukida oʻzi bilan Oʻzbekiston hududidan olib chiqib ketilishi lozimligi;

Moliya vazirligi tomonidan respublika budjetidan QQSni chet el fuqarolariga toʻlab berish uchun mablagʻlarni ajratish va Operatorga yoʻnaltirish tartibi.

5. Chet davlat fuqarolari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketishda qoʻshilgan qiymat soligʻini qaytarish tizimi tatbiq etilmaydigan tovarlar roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasiga Moliya vazirligi bilan kelishgan holda asoslangan takliflardan kelib chiqib roʻyxatga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish huquqi berilsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi Davlat bojxona qoʻmitasi, Moliya vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda 2022-yil 10-dekabrga qadar:

a) mobil ilovaga chet davlat fuqarolari tomonidan xarid chekining fiskal belgisini matritsali shtrix-kod (QR-kod) yordamida skanerlash yoki fiskal belgisini kiritish orqali roʻyxatga olish hamda ular tomonidan toʻlangan QQS summasini qaytarish imkonini beradigan qoʻshimchalar kiritsin;

b) “tax free” tizimi ishtirokchilari oʻrtasida axborot almashish imkonini beruvchi “Tax free” avtomatlashtirilgan axborot tizimini (keyingi oʻrinlarda — “Tax free” AAT) ishlab chiqsin.

Belgilansinki, mobil ilovaga qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, “Tax free” AATni ishlab chiqish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasining Moddiy yordam, ijtimoiy himoya, soliq organlarini rivojlantirish va koʻzda tutilmagan xarajatlar maxsus jamgʻarmasi hisobidan amalga oshiriladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi Davlat personallashtirish markazi bilan birgalikda 2022-yil 15-dekabrga qadar chet davlat fuqarolarini “tax free” tizimidan foydalanish uchun soliq organlarining maxsus mobil ilovasida roʻyxatdan oʻtishlarida Oʻzbekiston Respublikasiga kirib kelganligini qayd etish maʼlumotlari orqali identifikatsiya qilishning avtomatlashtirilgan imkoniyatini yaratsin.

Bunda “Tax free” AAT orqali maʼlumotlar almashinuvi real vaqt rejimida amalga oshirilishi nazarda tutilsin.

8. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga chakana savdo bilan shugʻullanuvchi subyektlarni ularning murojaatlari asosida xalqaro bank kartalari orqali toʻlovlarni qabul qilish boʻyicha maxsus hisob-kitob terminallari bilan taʼminlash;

“Uzbekistan Airports” AJga:

“tax free” tizimi operatorining QQS summasini qaytarish servis shoxobchalarini Toshkent, Samarqand, Buxoro, Fargʻona va Urganch xalqaro aeroportlari hududida joylashtirish;

respublikaning barcha xalqaro aeroportlarida chet el fuqarolariga qoʻshilgan qiymat soligʻini 24/7 rejimda qaytarish tizimini yoʻlga qoʻyish tavsiya etilsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Davlat soliq qoʻmitasi va Davlat bojxona qoʻmitasi bilan birgalikda 2023-yil 1-oktabrga qadar “tax free” tizimini joriy etish samaradorligi natijalariga koʻra mazkur tizimni 2024-yildan boshlab respublikaning barcha xalqaro aeroportlari, vokzallari hamda bojxona hududidan oʻtkazish punktlarida bosqichma-bosqich joriy etish, shuningdek, “tax free” tizimi operatorini davlat-xususiy sheriklik asosida tanlash yoki xalqaro operatorlarni jalb etish boʻyicha takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasining davlat soliq xizmati organlari boshqaruv xodimlarining umumiy cheklangan soni doirasida Davlat soliq qoʻmitasining markaziy apparatida “tax free” tizimini joriy etishga va doimiy monitoring qilib borishga masʼul qoʻshimcha alohida tuzilma tashkil etilsin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va madaniy meros vazirligi Tashqi ishlar vazirligi, Davlat bojxona qoʻmitasi va Davlat soliq qoʻmitasi bilan birgalikda xalqaro aeroportlarda, vokzallarda hamda bojxona hududidan oʻtkazish punktlarida, shuningdek, rasmiy veb saytlarda Oʻzbekiston Respublikasida “tax free” tizimi joriy etilganligini bildiruvchi hamda mobil ilovadan foydalanishning bosqichlari haqida maʼlumot beruvchi flayer, bukletlar, tarqatma materiallar va boshqa qoʻllanmalar boʻlishini taʼminlasin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi bilan birgalikda mazkur qarorning mazmun-mohiyatini ommaviy axborot vositalarida muntazam va keng yoritib borsin.

13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov, Moliya vaziri T.A. Ishmetov, Davlat soliq qoʻmitasi raisi Sh.D. Kudbiyev hamda Davlat bojxona qoʻmitasi raisi A.Yu. Mavlonov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-noyabrdagi 653-son qaroriga 1-ILOVA

Chet davlat fuqarolari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketishda avval xarid qilingan tovarlar uchun qoʻshilgan qiymat soligʻini qaytarishning

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Reglament (keyingi oʻrinlarda — Reglament) chet davlat fuqarolari — Oʻzbekiston Respublikasining norezidentlari (keyingi oʻrinlarda — chet davlat fuqarolari) tomonidan Oʻzbekiston hududida chakana savdo bilan shugʻullanuvchi subyektlardan ayrim tovarlarni xarid qilishda toʻlangan qoʻshilgan qiymat soligʻi (keyingi oʻrinlarda — QQS) summasini qaytarish (“tax free” tizimi) tartibini belgilaydi.

2. Chet davlat fuqarolariga QQS bilan xarid qilingan ayrim tovarlar boʻyicha QQS summasining ushbu Reglamentda belgilangan miqdori qaytariladi, quyidagi holatlar bundan mustasno:

boj olinmaydigan savdo doʻkonlaridan (“duty free”) xarid qilingan tovarlar;

Oʻzbekiston Respublikasi hududini tark etishda chet davlat fuqarosi yonida boʻlmagan tovarlar;

toʻliq yoki qisman isteʼmol qilingan tovarlar;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida toʻliq yoki qisman ishlatilgan va asl oʻrami bilan birga boʻlmagan tovarlar (oʻram boʻlishi nazarda tutilgan boʻlsa).

3. Ushbu Reglamentda quyidagi tushunchalar qoʻllaniladi:

“tax free” tizimi — chet davlat fuqarolariga, ular tomonidan Oʻzbekiston hududida ayrim tovarlar xarid qilinganda toʻlangan QQS summasini Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketishda ushbu Reglamentda belgilangan miqdorda qaytarish tizimi;

“tax free” tizimi operatori (keyingi oʻrinlarda — Operator) — Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Soliq qoʻmitasi) huzuridagi “Soliq Servis” aksiyadorlik jamiyati;

“Tax free” avtomatlashtirilgan axborot tizimi (“Tax free” AAT) — “tax free” tizimi ishtirokchilarining oʻzaro maʼlumot almashinuvini taʼminlaydigan hamda integratsiya qilingan avtomatlashtirilgan axborot tizimi.

4. Chet davlat fuqarolariga QQS summasini qaytarish ular tomonidan xarid qilingan tovarlar faqat kuzatuv bagaji va/yoki qoʻl yukida oʻzi bilan birga Oʻzbekiston Respublikasi hududidan olib chiqib ketilishi tasdiqlangandan keyin amalga oshirilishi mumkin.

QQS summasi oʻn sakkiz yoshga toʻlgan chet davlat fuqarolariga qaytariladi.

Chet davlat fuqarolari QQS summasini qaytarish uchun tovarlar xarid qilingan kundan eʼtiboran uch oy mobaynida Operatorga ushbu Reglamentda belgilangan tartibda va talablarni bajargan holda murojaat qilishi mumkin.

5. Chet davlat fuqarolariga QQS summasini qaytarish xarid amalga oshirilganda faqat QQS toʻlangan tovarlar boʻyicha amalga oshiriladi.

Bunda QQS summasini qaytarish tizimi tatbiq etiladigan xarid qilingan tovarlarning umumiy qiymati uch yuz ming soʻmdan kam boʻlmasligi lozim.

2-bob. Chet davlat fuqarolarini “tax free” tizimida roʻyxatga olish tartibi

6. Chet davlat fuqarolari Oʻzbekiston Respublikasi hududida xarid qilingan ayrim turdagi tovarlar boʻyicha QQS summasini qaytarish huquqidan foydalanish uchun soliq organlarining maxsus mobil ilovasida (keyingi oʻrinlarda — mobil ilova) roʻyxatdan oʻtadi.

Bunda chet davlat fuqarolari mobil ilovada ismi, familiyasi va pasport maʼlumotlarini, shuningdek, oʻzining nomiga rasmiylashtirilgan xalqaro bank kartasi yoki bank hisobvaragʻini roʻyxatdan oʻtkazadi.

7. Chet davlat fuqarolari QQS summasini qaytarib olish maqsadida mobil ilovada identifikatsiya va roʻyxatdan oʻtishi ularning mobil telefon raqamiga (elektron pochtasiga) kelib tushgan havola boʻyicha roʻyxatga olish kodini kiritish orqali amalga oshiriladi.

8. Mobil ilovaga kiritilgan maʼlumotlarning toʻgʻri va haqqoniyligi boʻyicha javobgarlik chet davlat fuqarolarining oʻziga yuklatiladi. Bunda ularning Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirib kelishi va undan chiqib ketishi holatlari “Tax free” AAT orqali tekshiriladi va tasdiqlanadi.

3-bob. Chet davlat fuqarolariga QQS summasini qaytarish tartibi

9. Chet davlat fuqarolariga QQS summasini qaytarish chet davlat fuqarolari tomonidan tovarlar boʻyicha xarid chekining fiskal belgisini matritsali shtrix-kodni (QR-kod) mobil ilova yordamida skanerlash yoki fiskal belgisini mobil ilovaga kiritish orqali shakllangan maʼlumotlar asosida amalga oshiriladi.

10. Chet el fuqarolari xarid qilingan tovarlar boʻyicha qonunchilikda belgilangan tartibda ularning bir qismini qaytarish tizimidan (keshbek) foydalanishi mumkin.

Chet el fuqarolari xarid qilingan tovarlar boʻyicha QQS summasini qaytarish tizimida Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-maydagi 255-son qarori bilan tasdiqlangan Sotib olingan tovarlar (xizmatlar) qiymatining bir qismini jismoniy shaxslarga qaytarish tartibi toʻgʻrisidagi maʼmuriy reglamentining 20-bandida belgilangan talablar tatbiq etilmaydi.

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-maydagi 255-son qarori bilan tasdiqlangan Sotib olingan tovarlar (xizmatlar) qiymatining bir qismini jismoniy shaxslarga qaytarish tartibi toʻgʻrisidagi maʼmuriy reglament bilan fiskal belgili cheklar mobil ilovada roʻyxatdan oʻtkazilmaydigan holatlarda ular boʻyicha chet el fuqarolariga QQS qaytarilmaydi.

11. Mobil ilovada roʻyxatga olingan fiskal belgili chek maʼlumotlari asosida “tax free” tizimi tatbiq etiladigan tovarlar roʻyxati va ular boʻyicha toʻlangan QQS summasi alohida ajratilgan holda aks ettiriladi, shuningdek, ushbu maʼlumot “Tax free” AAT da real vaqt rejimida aks ettiriladi.

12. Chet davlat fuqarolari “tax free” tizimi doirasida xarid qilingan tovarlar boʻyicha QQS summasini qaytarish uchun Oʻzbekiston Respublikasi hududini tark etishda Operatorning xalqaro aeroportlarda joylashgan servis shaxobchalariga murojaat qiladi.

Chet davlat fuqarolari mobil ilova yordamida servis shoxobchasiga murojaat qilishi rejalashtirilgan sana va vaqt toʻgʻrisida murojaat yuborishi mumkin.

13. Chet davlat fuqarolari QQS summasini qaytarib olish uchun Operatorga bortga chiqish taloni hamda shaxsini tasdiqlovchi hujjatni koʻrsatadi.

Operator chet davlat fuqarolari Oʻzbekiston Respublikasi norezidenti ekanligini hamda chet davlat fuqarosining Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketayotganligi holatini tasdiqlovchi belgi (shtamp) mavjudligini tekshiradi.

14. Operator xodimi chet davlat fuqarosi tomonidan xarid cheklarida koʻrsatilgan hamda chet el fuqarosi yonida boʻlgan tovarlarni koʻzdan kechiradi va solishtiradi, ushbu Reglament bilan belgilangan talablarga mosligini tekshiradi va Operator tomonidan tasdiqlanadigan Reglament asosida chet el fuqarosi bilan ushbu toʻgʻrisida qaydnomani mobil ilova orqali elektron shaklda rasmiylashtiradi.

15. Chet davlat fuqarosi Oʻzbekiston hududidan chiqib ketayotganda Operator Oʻzbekiston hududida xarid qilingan tovarlar respublika hududidan olib chiqib ketilayotganligini tasdiqlaydi hamda bir vaqtning oʻzida ushbu tasdiqni “Tax free” AATga kiritadi. Shuningdek, chet el fuqarosi haqiqatda Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketganligini mutasaddi tashkilot 3 kun mobaynida “Tax free” AAT orqali chegaradan oʻtish qaydnomasi asosida tasdiqlaydi.

16. Operator tomonidan “tax free” tizimi doirasida xarid qilingan tovarlar olib chiqib ketilayotganligi tasdiqlangandan soʻng chet davlat fuqarosiga qaytarilishi lozim boʻlgan QQS summasi toʻgʻrisida maʼlumot mobil ilovada aks ettiriladi.

17. Qaytarilayotgan QQS summasi Oʻzbekiston Respublikasining milliy valyutasida belgilanadi va chet davlat fuqarosiga mobil ilovada koʻrsatilgan xalqaro bank kartasiga (toʻlov tizimiga) yoki bank hisobvaragʻiga, chet davlat fuqarolarining xohishiga koʻra naqd pul shaklida chet el valyutasida (AQSH dollari) mazkur Reglamentda belgilangan muddatlarda oʻtkazib beriladi.

Qaytarilayotgan QQS summasini chet el valyutasida (AQSH dollari) hisoblash chet davlat fuqarosi tomonidan xarid amalga oshirilgan kundagi xizmat koʻrsatuvchi tijorat bankining valyuta ayirboshlash kunidagi ayirboshlash kurslari asosida amalga oshiriladi.

QQS summasi chet davlat fuqarosining xalqaro bank kartasiga (toʻlov tizimiga) yoki bank hisobvaragʻiga oʻtkazilishi xizmat koʻrsatuvchi tijorat bankining konversiya va pul oʻtkazmalari boʻyicha xizmat haqlari asosida chet davlat fuqarosiga qaytarilayotgan mablagʻ hisobidan amalga oshiriladi.

Bunda chet davlat fuqarosi QQS summasi Operator tomonidan qaytarib berilishi uchun oʻzining xalqaro bank kartasi (toʻlov tizimi) yoki bank hisobvaragʻi rekvizitlarini mobil ilovada roʻyxatdan oʻtkazgan boʻlishi lozim.

18. Chet davlat fuqarosi tomonidan ushbu Reglament talablariga rioya qilinmasligi holatida, shuningdek, ushbu Reglamentda belgilangan holatlarda Operator chet davlat fuqarolariga xarid qilingan tovarlar boʻyicha QQS summasini qaytarib berishni toʻliq yoki qisman rad etishga haqli.

4-bob. Operatorning xizmati uchun haq toʻlash hamda chet davlat fuqarolariga QQS summasini toʻlab berish tartibi

19. Chet davlat fuqarosiga QQS summasi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Iqtisodiyot va moliya vazirligi) tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti hisobidan qaytariladi.

Chet davlat fuqarosiga xarid qilingan tovarlar boʻyicha QQS summasi mazkur Reglamentga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq qaytariladi.

20. Chet davlat fuqarosiga xarid qilingan tovar boʻyicha QQS summasi mobil ilovada koʻrsatilgan xalqaro bank kartasiga (toʻlov tizimiga) yoki bank hisobvaragʻiga chet davlat fuqarosining Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketish holati tasdiqlangandan soʻng uch ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda, naqd pul shaklida boʻlganda, murojaat etgan kunda qaytariladi.

21. Operatorga Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari hisobidan xarid cheklaridagi “tax free” tizimi tatbiq etiladigan tovarlar uchun jami toʻlangan QQS summasining 100 foiziga teng boʻlgan mablagʻlar toʻlab beriladi.

Bunda chet davlat fuqarolariga Operator oʻzining xizmati uchun toʻlovlarni inobatga olib, “tax free” tizimi tatbiq etiladigan tovarlar uchun jami toʻlangan QQS summasining 90 foiz qismini toʻlab beradi.

Operatorning xizmati uchun toʻlovlar chet davlat fuqarosi tomonidan sotib olingan tovarlar uchun taqdim etilgan xarid cheklarida koʻrsatilgan QQS summasining 10 foizini tashkil etadi.

22. Operator chet davlat fuqarosi Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketish holati tasdiqlangan kundan keyingi uch ish kunidan kechiktirmay avvalgi kalendar kunlarida chet davlat fuqarolari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirib kelish va hududdan chiqib ketish holati tasdiqlanganligi hamda mobil ilovada roʻyxatdan oʻtkazilgan fiskal belgili cheklar toʻgʻrisidagi axborot boʻyicha chet davlat fuqarolariga qaytariladigan QQS summalari boʻyicha buyurtmani Soliq qoʻmitasining xulosasi asosida Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etadi.

23. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Soliq qoʻmitasining xulosasiga asosan Operatorning Iqtisodiyot va moliya vazirligi Gʻaznachiligidagi maxsus hisobvaragʻiga xulosa olingan kundan soʻng bir ish kunidan kechiktirmay mablagʻlarni oʻtkazadi.

24. Operator Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan pul mablagʻlari oʻtkazilgandan keyin bir ish kunidan kechiktirmay ularni Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilikning maxsus hisobvaragʻidan vakolatli bankda ochilgan hisobvaragʻiga oʻtkazadi.

25. Operator QQS summasini qaytarib olish huquqiga ega boʻlgan chet davlat fuqarolarining reyestrlarini vakolatli bankka har oʻn kunda taqdim etadi.

4 1 -bob. Chet davlat fuqarolariga QQS summasini naqd pulda qaytarish tartibi

25 1 . Chet davlat fuqarosiga QQS summasi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti hisobidan qaytariladi.

Bunda Iqtisodiyot va moliya vazirligi Soliq qoʻmitasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga chet davlat fuqarosiga xarid qilingan tovarlar boʻyicha QQS summasini naqd pulda qaytarish uchun har chorakda boʻnak tariqasida mablagʻ ajratiladi.

Chet davlat fuqarosiga QQS summasi naqd pulda mazkur Reglamentga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq qaytariladi.

25 2 . Chet davlat fuqarosiga QQS summasi chet davlat fuqarosining Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketish holati tasdiqlangan kunida qaytariladi.

25 3 . Operatorga Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari hisobidan xarid cheklaridagi “tax free” tizimi tatbiq etiladigan tovarlar uchun jami toʻlangan QQS summasining 100 foiziga teng boʻlgan mablagʻlar toʻlab beriladi.

Bunda chet davlat fuqarolariga Operator oʻzining xizmati uchun toʻlovlarni inobatga olib, “tax free” tizimi tatbiq etiladigan tovarlar uchun jami toʻlangan QQS summasining 85 foiz qismini toʻlab beradi.

Operatorning xizmati uchun toʻlovlar chet davlat fuqarosi tomonidan sotib olingan tovarlar uchun taqdim etilgan xarid cheklarida koʻrsatilgan QQS summasining 15 foizini tashkil etadi.

25 4 . Operator har kuni bir ish kunidan kechiktirmay avvalgi kalendar oyda chet davlat fuqarolari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirib kelish va hududdan chiqib ketish holati tasdiqlanganligi hamda mobil ilovada roʻyxatdan oʻtkazilgan fiskal belgili cheklar toʻgʻrisidagi axborot boʻyicha chet davlat fuqarolariga qaytariladigan QQS summalari boʻyicha buyurtmani Soliq qoʻmitasining xulosasi asosida Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etadi.

25 5 . Iqtisodiyot va moliya vazirligi Soliq qoʻmitasining xulosasiga asosan Operatorning Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga xulosa olingan kundan soʻng bir ish kunidan kechiktirmay mablagʻlarni oʻtkazadi.

25 6 . Operator Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan pul mablagʻlari oʻtkazilgandan keyin bir ish kunidan kechiktirmay ularni Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasining maxsus hisobvaragʻidan vakolatli bankda ochilgan hisobvaragʻiga oʻtkazadi.

Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan toʻlab berilgan mablagʻlar yetarli boʻlmaganda yoki Soliq qoʻmitasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga mablagʻlar yetarli miqdorda moliyalashtirilgunga qadar boʻlgan holatlarda chet davlat fuqarosiga xarid qilingan tovar boʻyicha QQS summasini Operator oʻz daromadlari mablagʻlari hisobidan toʻlab berish huquqiga ega.

25 7 . Operator QQS summasini naqd pulda qaytarib olish huquqiga ega boʻlgan chet davlat fuqarolari uchun toʻlanadigan mablagʻlar miqdorini vakolatli bankka bir ish kunidan kechiktirmay taqdim etadi.

25 8 . Operator QQS summasini naqd pulda qaytarib olish huquqiga ega boʻlgan chet davlat fuqarolariga qaytarib berish uchun tegishli bankka chek (elektron chek) taqdim etadi.

25 9 . Vakolatli bank har kuni ish kuni boshlanishi bilan Operator chek (elektron chek)da soʻralgan mablagʻlarni chet el valyutasida (AQSH dollari) toʻlab beradi.

25 10 . Operator QQS summasini naqd pulda qaytarib olish huquqiga ega boʻlgan chet el fuqarolari hisobini alohida yuritadi.

5-bob. Idoralararo axborot almashinuvi

26. Soliq organlari va Operator chet davlat fuqarolari tomonidan chakana savdo bilan shugʻullanuvchi subyektlardan xarid qilingan tovarlar, ularning narxi va miqdori, toʻlangan va qaytarilishi lozim boʻlgan QQS summasi, chakana savdo bilan shugʻullanuvchi subyektlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olishda “tax free” tizimi ishtirokchilari oʻrtasida axborot almashish imkonini beruvchi “Tax free” AATdan foydalanadi.

Shuningdek, “Tax free” AATga QQS summasini qaytarishda ishtirok etadigan bojxona, moliya va boshqa mutasaddi organlar oʻz axborot tizimlarini “Tax free” AATga integratsiya qiladi va undan foydalanadi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

27. Ushbu Reglamentni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

28. Mazkur Reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javob beradilar.

Chet davlat fuqarolari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketishda avval xarid qilingan tovarlar uchun qoʻshilgan qiymat soligʻini qaytarishning maʼmuriy reglamentiga ILOVA

Chet davlat fuqarolari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketishda xarid qilingan tovarlar uchun qoʻshilgan qiymat soligʻini qaytarish (“tax-free” tizimi)

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar I. “Soliq servis” AJ “tax-free” tizimi operatoriga tovarlar xaridida toʻlangan qoʻshilgan qiymat soligʻini qaytarish (“tax-free” tizimi) huquqi toʻgʻrisida xabar berish 1-bosqich Tovar xaridori — chet el fuqarolari Chakana savdo tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan onlayn nazorat-kassa mashinalari cheklari soliq organlarining maxsus mobil ilovasida xarid chekining fiskal belgisini matritsali shtrix-kod (QR-kod) yordamida skanerlash yoki fiskal belgisini kiritish orqali roʻyxatdan oʻtkaziladi Chek olingan kundan boshlab oʻn kalendar kundan kechiktirmasdan 2-bosqich Operator Oʻtgan kalendar kunda chet el fuqarolari tomonidan soliq organlarining maxsus mobil ilovasida roʻyxatdan oʻtkazilgan fiskal belgili cheklar toʻgʻrisidagi axborot va ular boʻyicha qaytariladigan QQS summalar boʻyicha buyurtmalar haqqoniyligini tekshiradi. Chet davlat fuqarosi tomonidan tovarlar xarid qilingan kundan uch ish kuniga qadar II. Tovarlarni xarid qilishda toʻlangan qoʻshilgan qiymat soligʻini qaytarish (Tax-free) 3-bosqich Operator Chet davlat fuqarolari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirib kelish va hududdan chiqib ketish holati tasdiqlanganligi hamda mobil ilovada roʻyxatdan oʻtkazilgan fiskal belgili cheklar toʻgʻrisidagi axborot boʻyicha chet davlat fuqarolariga qaytariladigan QQS summalari boʻyicha buyurtmani Soliq qoʻmitasining xulosasi asosida Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etadi. Chet davlat fuqarosi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketish holati tasdiqlangan kunda naqd pulda bir kunda, bank plastik kartochkasi boʻyicha tasdiqlangan kundan keyingi uch ish kuniga qadar 4-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Operatorning maxsus hisobraqamiga chet el fuqarolarining soliq organlarining maxsus mobil ilovasida roʻyxatdan oʻtkazilgan fiskal belgili cheklar asosida QQS summasini qaytarib berish uchun mablagʻlarni oʻtkazadi. Buyurtma olgan kundan soʻng bir ish kunidan kechiktirmasdan 5-bosqich Operator Qabul qilingan mablagʻlarni vakolatli bankda ochilgan hisob hisobvaragʻiga oʻtkazadi. Bir kundan kechiktirmasdan 6-bosqich Operator Vakolatli bankka tovarlarning QQS summasini qaytarish huquqiga ega boʻlgan chet davlat fuqarolari reyestrini taqdim etadi. Chet davlat fuqarolari tomonidan xarid qilingan tovarlar faqat kuzatuv bagaji va/yoki qoʻl yukida oʻzi bilan birga Oʻzbekiston Respublikasi hududidan olib chiqib ketilganda amalga oshiriladi 7-bosqich Bank Soliq organlarining maxsus mobil ilovasida fiskal belgisi qoʻyilgan roʻyxatdan oʻtgan cheklar asosida xarid qilingan tovarlarning QQS summasini qaytarish huquqiga ega boʻlgan chet el fuqarolarining xalqaro bank kartalariga pul mablagʻlarini oʻtkazadi. Har kuni roʻyxatdan oʻtkazilgan kundan keyingi uch ish kuniga qadar III. Tovarlarni xarid qilishda toʻlangan qoʻshilgan qiymat soligʻini naqd pulda qaytarish 8-bosqich Operator Soliq organlarining maxsus mobil ilovasida fiskal belgisi qoʻyilgan roʻyxatdan oʻtgan cheklar asosida xarid qilingan tovarlarning QQS summasini qaytarish huquqiga ega boʻlgan chet davlat fuqarolariga naqd pulda qaytarib beradi. Chet davlat fuqarosining Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketish holati tasdiqlangan kunda 9-bosqich Operator Soliq organlarining maxsus mobil ilovasida fiskal belgisi qoʻyilgan roʻyxatdan oʻtgan cheklar asosida xarid qilingan tovarlarning QQS summasini Operator tomonidan haqiqatda qaytarilgan naqd pul mablagʻlari toʻgʻrisida kunlik hisob-kitobni amalga oshiradi. Har kuni

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-noyabrdagi 653-son qaroriga 2-ILOVA

Chet davlat fuqarolari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqib ketishda qoʻshilgan qiymat soligʻini qaytarish tizimi tatbiq etilmaydigan tovarlar

T /r Guruh Guruh tavsifi 1. 002 Goʻsht va goʻshtli oziq-ovqat submahsulotlari 2. 003 Baliq va suvda yashovchi umurtqasiz boshqa hayvonlar 3. 004 Hayvonlardan olinadigan mahsulotlar 4. 007 Sabzavotlar 5. 008 Mevalar va yongʻoqlar 6. 009 Kofe, choy va ziravorlar 7. 010 Donli oʻsimliklar 8. 011 Un va un-don mahsulotlari 9. 015 Hayvon yoki oʻsimlik yogʻlari va ularning parchalanishi mahsulotlari 10. 016 Goʻsht, baliq yoki boshqa suvda yashovchi umurtqasiz hayvonlardan tayyorlangan mahsulotlar 11. 017 Shakar va shakardan olinadigan qandolat mahsulotlari 12. 018 Kakao va uning mahsulotlari 13. 019 Un, qandolat va yorma — don mahsulotlari 14. 020 Sabzavot, meva, yongʻoq yoki oʻsimliklarning boshqa qismlarini qayta ishlash mahsulotlari 15. 021 Turli oziq-ovqat mahsulotlari

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 8-noyabr,

653-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 09.11.2022-y., 09/22/653/1002-son; 17.07.2026-y., 09/26/389/0748-son)

lex.uz