📅 2022-yil 15-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 15-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 15 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 15 ноября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 15 November 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Онкогематологик, онкологик, бирламчи иммунодефицит ва даволаш қийин бўлган ҳамда қон тизими касалликларини даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларни тиббий-жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш, аҳоли орасида гематологик, онкогематологик скрининг дастурларини жорий қилиш, ушбу касалликларга чалинган беморларга қўшимча қулайликлар ва шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарорига мувофиқ:
2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилганлиги;
илғор хорижий тиббиёт муассасаларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти йўлга қўйилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2022 йилдан бошлаб 125 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 17 майдаги ПФ-136-сон Фармонига мувофиқ Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказининг Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасини шакллантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори тиббиёт муассасаси учун ажратиладиган бюджет маблағларининг умумий ҳажмига нисбатан 10 фоиз этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
а) бир ой муддатда:
Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида (кейинги ўринларда — марказлар) даволанаётган ҳар бир беморнинг касаллик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, уларни даволаш режаси бўйича ҳар бир марказ учун алоҳида «йўл харита»ларини;
туман (шаҳар)лар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳамда вилоят кўп тармоқли болалар марказларида оммавий скрининг усулида онкогематологик, онкологик ва бирламчи иммунодефицит ҳамда қон тизими касалликларини эрта аниқлаш бўйича мақсадли текширувлар ўтказиш тартиби, мезонлари ва беморларни соҳа мутахассисларига йўналтириш тартибини тасдиқласин;
б) бир ой муддатда марказлар мутахассисларининг илмий ва амалий салоҳиятини инобатга олган холда уларнинг илғор хорижий тиббиёт муассасаларига малака оширишга юборилишини ташкил этсин;
в) икки ой муддатда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда:
илғор хорижий давлатлар тажрибаси, хусусан Германия стандартлари асосида ҳар икки йилда гематология, онкогематология йўналишларида ташхислаш ва даволаш стандартларини ҳамда клиник баённомаларини қайта кўриб чиқиб, тасдиқласин;
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари учун онкогематологик ва гематологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича мақсадли саволномаларни тасдиқласин;
онкогематологик ва гематологик касалликларни эрта аниқлаш учун мақсадли саволномаларни татбиқ қилиш мақсадида малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар ташкил қилсин ҳамда ҳудудларга ташриф буюрган ҳолда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига етказсин;
г) 2023 йил 1 январга қадар:
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда илғор хорижий тажрибани батафсил ўрганган ҳолда, республикада болалар онкогематологияси мутахассислиги бўйича алоҳида кадрларни тайёрлаш (қайта тайёрлаш) амалиётини жорий этиш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
АҚШ, Беларусь, Германия, Жанубий Корея, Туркия ва Россия каби давлатларнинг нуфузли клиника ва марказлари мутахассисларининг узоқ муддатга илмий изланишларга, даволаш ва таълим бериш учун марказларга жалб этилишини таъминласин;
д) 2023 йилдан бошлаб тиббиёт техникум ва коллежларида таҳсил олаётган битирувчи курс талабалари орасидан иқтидорли ва салоҳиятли, онкогематология йўналишида фаолиятини давом эттиришга иштиёқи бўлган талабаларни саралаб олиш ва амалиёт ўташга жалб этиш тизимини жорий этсин, марказларда тиббиёт техникум ва коллежларининг клиник базасини ташкил этишга шарт-шароитлар яратсин.
4. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
онкологик ва онкогематологик касалликларнинг сабаб ва оқибатлари ҳамда уларни эрта аниқлаш масалалари, скрининг тадбирларининг долзарблиги тўғрисидаги маълумотларни аҳолининг барча қатламларига содда ва халқчил тилда, шу жумладан видеороликлар кўринишида оммавий ахборот воситалари орқали доимий равишда етказиш чоралари кўрилишини;
ҳар ойда бир марта гематология ҳамда онкология йўналишидаги тиббиёт ходимлари томонидан оммавий ахборот воситалари орқали онкогематологик касалликлар сабаб ва оқибатлари ҳамда уларни даволаш бўйича яратилаётган имкониятлар тўғрисида аҳолига мурожаат қилиш тизими жорий қилинишни таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг лейкоз, миелома, лимфома, апластик ва туғма гемолитик анемия касалликларига чалинган беморларда аутологик ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиётини ўтказиш учун мўлжалланган асептик шароитга эга қўшимча иккита беш қаватли биноларни (кейинги ўринларда — объект) марказлар ҳудудида қуриш ҳамда тугалланмаган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини якунлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Объект қурилиши ҳамда тугалланмаган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 февралдаги ПҚ-4592-сон қарори билан ташкил этилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилсин.
Бунда, объект бўйича бош лойиҳа ташкилоти ва бош пудрат ташкилоти буюртмачи томонидан махсус ахборот порталида танлов ўтказиш тўғрисида эълон жойлаштирган ҳолда, қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибига асосан белгилансин.
Объектни жиҳозлаш ишлари амалдаги жиҳозлаш меъёрлари, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан тасдиқланган жиҳозларнинг техник параметрларига мувофиқ равишда амалга оширилади.
6. Қурилиш вазирлиги объект бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилиши ҳамда қурилиш-монтаж ишлари шаҳарсозлик фаолиятида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши юзасидан назорат ўрнатсин.
7. Марказларда даволанаётган беморларнинг яқинлари учун 200 ўринли ҳостел учун ер майдони ажратиш ҳамда уни қуриш ишларини 2023 йил 1 апрелгача якунлаб фойдаланишга топшириш бўйича Тошкент шаҳар ҳокими раҳбарлигида махсус штаб ташкил этилсин.
Қуйидагилар махсус штабнинг вазифалари этиб белгилансин:
ҳостел қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур ер майдонини ажратиш, қурилаётган ҳудудда бузиладиган, бошқа жойга кўчириладиган ёки реконструкция қилинадиган бинолар юзасидан аҳолининг қонуний талаблари бажарилишини таъминлаш;
бирламчи рухсат берувчи, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг белгиланган тартибда сифатли тайёрланишини таъминлаш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини назорат қилиш;
ҳостел қурилиш ишлари юзасидан тизимли техник назорат амалга оширилишини таъминлаш, қурилиш жараёнида камчиликлар ва нуқсонлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш юзасидан чораларни кўриш;
ҳостел белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилишини назорат қилиш.
Белгилансинки, ҳостел қурилиши ҳомийлик хайриялари ҳисобидан амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказлар ва ҳудудлардаги болалар онкогематологияси бўлимларини қўшимча замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш учун халқаро молия институтларининг маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 8 апрелдаги 193-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 ноябрдаги 657-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 8 апрелдаги 193-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-банднинг «в» кичик банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш, уларга асбоб-ускуналар, дори воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини сотиб олишда».
2. Илованинг 5-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш, уларга асбоб-ускуналар, дори воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини сотиб олиш;
онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича юқори технологияли мураккаб операцияларни амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни республикага жалб қилиш;».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 15 ноябрь,
657-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Onkogematologik, onkologik, birlamchi immunodefitsit va davolash qiyin boʻlgan hamda qon tizimi kasalliklarini davolash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Gematologik va onkologik kasalliklarga chalingan bemorlarni tibbiy-jihatdan yanada qoʻllab-quvvatlash, aholi orasida gematologik, onkogematologik skrining dasturlarini joriy qilish, ushbu kasalliklarga chalingan bemorlarga qoʻshimcha qulayliklar va shart-sharoitlar yaratish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholiga gematologiya va onkologiya xizmatlarini koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida” 2021-yil 27-maydagi PQ-5130-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholiga gematologiya va onkologiya xizmatlarini koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida” 2021-yil 27-maydagi PQ-5130-son qaroriga muvofiq:
2022-yil 1-yanvardan boshlab Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi Respublika ixtisoslashtirilgan gematologiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazi tarkibidan chiqarilganligi;
ilgʻor xorijiy tibbiyot muassasalarining tajribasidan kelib chiqqan holda Respublika ixtisoslashtirilgan gematologiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazi faoliyati yoʻlga qoʻyilganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan onkologiya yordamini takomillashtirish va onkologiya xizmatini yanada rivojlantirish bilan bogʻliq xarajatlar uchun Davlat budjetidan 2022-yildan boshlab 125 mlrd soʻmdan kam boʻlmagan miqdorda mablagʻ ajratilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tibbiyot muassasalari xodimlarini moddiy qoʻllab-quvvatlash hamda ragʻbatlantirishni kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 17-maydagi PF-136-son Farmoniga muvofiq Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazining Tibbiyot muassasalarining moddiy ragʻbatlantirish va rivojlantirish jamgʻarmasini shakllantirish uchun Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar miqdori tibbiyot muassasasi uchun ajratiladigan budjet mablagʻlarining umumiy hajmiga nisbatan 10 foiz etib belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi:
a) bir oy muddatda:
Respublika ixtisoslashtirilgan gematologiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazi hamda Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazida (keyingi oʻrinlarda — markazlar) davolanayotgan har bir bemorning kasallik xususiyatidan kelib chiqqan holda, ularni davolash rejasi boʻyicha har bir markaz uchun alohida “yoʻl xarita”larini;
tuman (shahar)lar koʻp tarmoqli markaziy poliklinikalarida hamda viloyat koʻp tarmoqli bolalar markazlarida ommaviy skrining usulida onkogematologik, onkologik va birlamchi immunodefitsit hamda qon tizimi kasalliklarini erta aniqlash boʻyicha maqsadli tekshiruvlar oʻtkazish tartibi, mezonlari va bemorlarni soha mutaxassislariga yoʻnaltirish tartibini tasdiqlasin;
b) bir oy muddatda markazlar mutaxassislarining ilmiy va amaliy salohiyatini inobatga olgan xolda ularning ilgʻor xorijiy tibbiyot muassasalariga malaka oshirishga yuborilishini tashkil etsin;
v) ikki oy muddatda Innovatsion sogʻliqni saqlash milliy palatasi bilan birgalikda:
ilgʻor xorijiy davlatlar tajribasi, xususan Germaniya standartlari asosida har ikki yilda gematologiya, onkogematologiya yoʻnalishlarida tashxislash va davolash standartlarini hamda klinik bayonnomalarini qayta koʻrib chiqib, tasdiqlasin;
Jahon sogʻliqni saqlash tashkilotining tavsiyalari asosida birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalari uchun onkogematologik va gematologik kasalliklarni erta aniqlash boʻyicha maqsadli savolnomalarni tasdiqlasin;
onkogematologik va gematologik kasalliklarni erta aniqlash uchun maqsadli savolnomalarni tatbiq qilish maqsadida malakali mutaxassislardan iborat ishchi guruhlar tashkil qilsin hamda hududlarga tashrif buyurgan holda birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalariga yetkazsin;
g) 2023-yil 1-yanvarga qadar:
Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi bilan birgalikda ilgʻor xorijiy tajribani batafsil oʻrgangan holda, respublikada bolalar onkogematologiyasi mutaxassisligi boʻyicha alohida kadrlarni tayyorlash (qayta tayyorlash) amaliyotini joriy etish toʻgʻrisidagi takliflarni ishlab chiqsin hamda belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;
AQSh, Belarus, Germaniya, Janubiy Koreya, Turkiya va Rossiya kabi davlatlarning nufuzli klinika va markazlari mutaxassislarining uzoq muddatga ilmiy izlanishlarga, davolash va taʼlim berish uchun markazlarga jalb etilishini taʼminlasin;
d) 2023-yildan boshlab tibbiyot texnikum va kollejlarida tahsil olayotgan bitiruvchi kurs talabalari orasidan iqtidorli va salohiyatli, onkogematologiya yoʻnalishida faoliyatini davom ettirishga ishtiyoqi boʻlgan talabalarni saralab olish va amaliyot oʻtashga jalb etish tizimini joriy etsin, markazlarda tibbiyot texnikum va kollejlarining klinik bazasini tashkil etishga shart-sharoitlar yaratsin.
4. Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda:
onkologik va onkogematologik kasalliklarning sabab va oqibatlari hamda ularni erta aniqlash masalalari, skrining tadbirlarining dolzarbligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni aholining barcha qatlamlariga sodda va xalqchil tilda, shu jumladan videoroliklar koʻrinishida ommaviy axborot vositalari orqali doimiy ravishda yetkazish choralari koʻrilishini;
har oyda bir marta gematologiya hamda onkologiya yoʻnalishidagi tibbiyot xodimlari tomonidan ommaviy axborot vositalari orqali onkogematologik kasalliklar sabab va oqibatlari hamda ularni davolash boʻyicha yaratilayotgan imkoniyatlar toʻgʻrisida aholiga murojaat qilish tizimi joriy qilinishni taʼminlasin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi va Toshkent shahar hokimligining leykoz, miyeloma, limfoma, aplastik va tugʻma gemolitik anemiya kasalliklariga chalingan bemorlarda autologik oʻzak hujayralari transplantatsiyasi amaliyotini oʻtkazish uchun moʻljallangan aseptik sharoitga ega qoʻshimcha ikkita besh qavatli binolarni (keyingi oʻrinlarda — obyekt) markazlar hududida qurish hamda tugallanmagan qurilish-taʼmirlash va jihozlash ishlarini yakunlash toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
Obyekt qurilishi hamda tugallanmagan qurilish-taʼmirlash va jihozlash ishlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 10-fevraldagi PQ-4592-son qarori bilan tashkil etilgan Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Onkogematologik va davolash qiyin boʻlgan kasalliklarga chalingan bemorlarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtirilsin.
Bunda, obyekt boʻyicha bosh loyiha tashkiloti va bosh pudrat tashkiloti buyurtmachi tomonidan maxsus axborot portalida tanlov oʻtkazish toʻgʻrisida eʼlon joylashtirgan holda, qurilish sohasida elektron davlat xaridlarini tashkil etish va amalga oshirish tartibiga asosan belgilansin.
Obyektni jihozlash ishlari amaldagi jihozlash meʼyorlari, shuningdek, Sogʻliqni saqlash vazirligi va Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi tomonidan tasdiqlangan jihozlarning texnik parametrlariga muvofiq ravishda amalga oshiriladi.
6. Qurilish vazirligi obyekt boʻyicha ishlab chiqilgan loyiha-smeta hujjatlari belgilangan tartibda ekspertizadan oʻtkazilishi hamda qurilish-montaj ishlari shaharsozlik faoliyatida texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga rioya etilgan holda amalga oshirilishi yuzasidan nazorat oʻrnatsin.
7. Markazlarda davolanayotgan bemorlarning yaqinlari uchun 200 oʻrinli hostel uchun yer maydoni ajratish hamda uni qurish ishlarini 2023-yil 1-aprelgacha yakunlab foydalanishga topshirish boʻyicha Toshkent shahar hokimi rahbarligida maxsus shtab tashkil etilsin.
Quyidagilar maxsus shtabning vazifalari etib belgilansin:
hostel qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish uchun zarur yer maydonini ajratish, qurilayotgan hududda buziladigan, boshqa joyga koʻchiriladigan yoki rekonstruksiya qilinadigan binolar yuzasidan aholining qonuniy talablari bajarilishini taʼminlash;
birlamchi ruxsat beruvchi, loyihaoldi va loyiha hujjatlarining belgilangan tartibda sifatli tayyorlanishini taʼminlash, shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilinishini nazorat qilish;
hostel qurilish ishlari yuzasidan tizimli texnik nazorat amalga oshirilishini taʼminlash, qurilish jarayonida kamchiliklar va nuqsonlar aniqlangan taqdirda, ularni bartaraf etish yuzasidan choralarni koʻrish;
hostel belgilangan muddatlarda foydalanishga topshirilishini nazorat qilish.
Belgilansinki, hostel qurilishi homiylik xayriyalari hisobidan amalga oshiriladi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi markazlar va hududlardagi bolalar onkogematologiyasi boʻlimlarini qoʻshimcha zamonaviy tibbiy asbob-uskunalar hamda jihozlar bilan taʼminlash uchun xalqaro moliya institutlarining mablagʻlarini jalb qilish choralarini koʻrsin.
9. Vazirlar Mahkamasining “Onkogematologik va davolash qiyin boʻlgan kasalliklarga chalingan bemorlarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2021-yil 8-apreldagi 193-son qaroriga ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri B.A. Musayev, Toshkent shahar hokimi J.A. Artikxodjayev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, sogʻliqni saqlash va sport masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 15-noyabrdagi 657-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Onkogematologik va davolash qiyin boʻlgan kasalliklarga chalingan bemorlarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2021-yil 8-apreldagi 193-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. 1-bandning “v” kichik bandi ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“onkogematologik va davolash qiyin boʻlgan kasalliklarga chalingan bemorlarga tibbiy yordam koʻrsatish uchun tegishli tibbiyot muassasalarini qurish va taʼmirlash, ularga asbob-uskunalar, dori vositalari, tibbiy buyumlar, laboratoriya reaktivlari va boshqa sarflash vositalarini sotib olishda”.
2. Ilovaning 5-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“onkogematologik va davolash qiyin boʻlgan kasalliklarga chalingan bemorlarga tibbiy yordam koʻrsatish uchun tegishli tibbiyot muassasalarini qurish va taʼmirlash, ularga asbob-uskunalar, dori vositalari, tibbiy buyumlar, laboratoriya reaktivlari va boshqa sarflash vositalarini sotib olish;
onkogematologik va davolash qiyin boʻlgan kasalliklar boʻyicha yuqori texnologiyali murakkab operatsiyalarni amalga oshirish uchun yuqori malakali xorijiy mutaxassislarni respublikaga jalb qilish;”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 15-noyabr,
657-son