UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 29-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 29 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 29 ноября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 29 November 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ТАВСИФИ

ТАВСИФИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ТАВСИФИ

ТАВСИФИ

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида «Моҳир алоқачи» кўкрак нишони ва «Ўз касбининг устаси» белгисини таъсис этиш тўғрисида

Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётган, ўзининг билими ва салоҳияти ҳамда юқори даражадаги касбий маҳорати билан бошқаларга намуна бўлаётган соҳа ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. «Моҳир алоқачи» кўкрак нишони ва «Ўз касбининг устаси» белгиси таъсис этилсин.

2. Қуйидагилар:

«Моҳир алоқачи» кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

«Моҳир алоқачи» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари 1а ва 1б-иловаларга мувофиқ;

«Ўз касбининг устаси» белгиси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

«Ўз касбининг устаси» белгиси ва унинг гувоҳномаси тавсифлари 2а ва 2б-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси Рақамли технологиялар вазирлигининг буюртмасига асосан «Моҳир алоқачи» кўкрак нишони, «Ўз касбининг устаси» белгиси ва уларнинг гувоҳномалари тайёрланишини белгиланган тартибда таъминласин.

4. «Моҳир алоқачи» кўкрак нишони, «Ўз касбининг устаси» белгиси ҳамда уларнинг гувоҳномаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши, шунингдек мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар эса тақдирланаётган шахслар фаолият юритаётган ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва илмий фаолиятни ривожлантириш масалалари департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 ноябрдаги 681-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Моҳир алоқачи» кўкрак нишони тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Моҳир алоқачи» кўкрак нишони (кейинги ўринларда — кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.

2. Кўкрак нишони билан ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантириш, электрон давлат хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш, давлат органлари ва ташкилотларининг аҳоли билан мулоқот қилишининг янги механизмларини жорий этиш, почта алоқаси хизматлари ва логистика тизимини модернизация қилиш ишларига катта ҳисса қўшган, ўзининг билими ва салоҳияти ҳамда юқори касбий маҳорати билан бошқаларга намуна бўлган, ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида камида 15 йил меҳнат стажига эга бўлган фуқаролар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш

4. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги (кейинги ўринларда — вазирлик) тизимидаги ташкилотлар кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 апрелга қадар вазирликка тақдим этади.

Номзодлар бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, унинг сўнгги уч йил давомида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома тақдим этилади.

5. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири томонидан аъзолари 7 нафардан иборат таркибда комиссия (кейинги ўринларда — Комиссия) ташкил этилади.

6. Комиссия таркиби ва Комиссия тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири томонидан тасдиқланади.

7. Комиссия йиғилишида номзодларнинг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, ҳар йили 20 апрелга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

3-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби

8. Комиссия хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 1 майга қадар чиқарилади.

9. Кўкрак нишони ҳар йили 7 май — Ўзбекистон Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади/

10. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт ярим баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки эсдалик совғалари берилади.

11. Кўкрак нишони билан тақдирлаш, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг буйруғига асосан алоҳида ҳолатларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

12. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

13. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.

14. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

15. Вазирлик ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.

16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

«Моҳир алоқачи» кўкрак нишони тўғрисидаги низомга ИЛОВА

«Моҳир алоқачи» кўкрак нишони билан тақдирлаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги ташкилотлар Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни вазирликка тақдим этади. Ҳар йили 1 апрелга қадар 2-босқич Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва якуний хулоса қабул қилади. Ҳар йили 20 апрелга қадар 3-босқич Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида буйруқ чиқаради. Ҳар йили 1 майга қадар 4-босқич Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) «Моҳир алоқачи» кўкрак нишони билан тақдирлайди. Ҳар йили 7 май — Ўзбекистон Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни арафасида

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 ноябрдаги 681-сон қарорига 1а-ИЛОВА

«Моҳир алоқачи» кўкрак нишонининг

«Моҳир алоқачи» кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

Кўкрак нишонининг қалинлиги 2,5 миллиметр.

Кўкрак нишонининг олд томонида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини англатувчи вертикал узуқ чизиқлар фонида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг расмий рамзи ҳамда унинг остида Ўзбекистон Республикасининг харитаси акс эттирилган.

Кўкрак нишонининг пастки қисмида баландлиги 2 миллиметр бўлган «MOHIR ALOQACHI» сўзлари ёзилган.

Кўкрак нишонининг юқори ташқи чети бўйлаб алоқани англатувчи 2 та ёйсимон чизиқлар тасвирланган.

Кўкрак нишони олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган.

Кўкрак нишонининг орқа томони марказида олти қаторда ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр бўлган «AXBOROT», «KOMMUNIKATSIYA», «TEXNOLOGIYALARI», «RIVOJIGA», «QOʻSHGAN HISSASI», «UCHUN» сўзлари ёзилган.

Барча ёзувлар ва тасвирлар зарҳал рангда бўлиб, қабариқдир.

Кўкрак нишони илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.

Қадағичнинг эни — 26 миллиметр, бўйи — 17 миллиметр. Қадағич эни 22 миллиметрли мовий рангдаги шойи лента билан қопланган. Мовий рангдаги шойи лентада ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқишда фойдаланиладиган нейрон тармоқларининг тасвири акс эттирилган.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 ноябрдаги 681-сон қарорига 1б-ИЛОВА

«Моҳир алоқачи» кўкрак нишони гувоҳномасининг

«Моҳир алоқачи» кўкрак нишони гувоҳномаси (кейинги ўринларда — гувоҳнома) 160х110 миллиметр ўлчамдаги кўк рангли офсет қоғоз ёки қаттиқ чарм муқовали китобча шаклида бўлади.

Гувоҳноманинг олд томони (биринчи бети) юқори чеккасидан 29 миллиметр пастда, марказда, кўкрак нишонининг қадағичсиз аслига тенг ўлчамдаги тасвири акс эттирилган.

Кўкрак нишони тасвиридан 10 миллиметр пастда оралиғи 5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «MOHIR ALOQACHI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 17 кегль), иккинчи сатрда «koʻkrak nishoni» («Times new Roman Bolt» шрифти. 16 кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 3 миллиметр пастда «GUVOHNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 17 кегль) сўзи ёзилган.

Ёзувлар тилла рангда акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) «Тангир» тасвири туширилган оч кулрангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда, кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда, «GUVOHNOMA» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзи ҳамда гувоҳноманинг тартиб рақами учун «№» белгиси ва 17 миллиметрли чизиқ жойлашган.

«GUVOHNOMA» сўзидан 7 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 12 миллиметр қуйида, марказда, оралиғи 3 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Oʻzbekiston Respublikasi», иккинчи сатрда «Raqamli texnologiyalar», учинчи сатрда «vazirligi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 9 миллиметр пастда оралиғи 5 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «20___ у. «___» __________dagi», иккинчи сатрда «____-sonli buyrugʻiga asosan» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 8 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 4 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «MOHIR ALOQACHI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 12 кегль), иккинчи сатрда «koʻkrak nishoni bilan mukofotlandi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 12 миллиметр пастда, чап томонда, «Vazir» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзи ёзилган.

«Моҳир алоқачи» кўкрак нишони

ГУВОҲНОМАСИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 ноябрдаги 681-сон қарорига 2-ИЛОВА

«Ўз касбининг устаси» белгиси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш тартибини белгилайди.

2. «Ўз касбининг устаси» белгиси билан ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида фаолият кўрсатаётган муҳандис, электромонтёр, кабелчи, почтачи, антенначи-мачтачи, оператор, фельдъегер каби оммавий касб эгалари ўзининг билими ва салоҳияти ҳамда юқори касбий маҳорати билан соҳани ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси, ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнатлари учун тақдирланади.

3. «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш

4. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги (кейинги ўринларда — вазирлик) тизимидаги ташкилотлар «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 апрелга қадар вазирликка тақдим этади.

Номзодлар бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, унинг сўнгги уч йил давомида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома тақдим этилади.

5. «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири томонидан аъзолари 7 нафардан иборат таркибда комиссия (кейинги ўринларда — Комиссия) ташкил этилади.

6. Комиссия таркиби ва Комиссия тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири томонидан тасдиқланади.

7. Комиссия йиғилишида номзодларнинг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, ҳар йили 20 апрелга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

3-боб. «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш тартиби

8. Комиссия хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 1 майга қадар чиқарилади.

9. «Ўз касбининг устаси» белгиси ҳар йили 7 май — Ўзбекистон Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади.

10. «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки эсдалик совғалари берилади.

11. «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг буйруғига асосан алоҳида ҳолатларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

12. «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирланганлар рўйхати вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

13. Бир шахс «Ўз касбининг устаси» белгиси билан бир марта мукофотланади.

14. «Ўз касбининг устаси» белгиси давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

15. Вазирлик ушбу Низомга мувофиқ «Ўз касбининг устаси» белгисига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.

16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

«Ўз касбининг устаси» белгиси тўғрисидаги низомга ИЛОВА

«Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги ташкилотлар «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш бўйича таклифларни вазирликка тақдим этади. Ҳар йили 1 апрелга қадар 2-босқич «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш бўйича номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва якуний хулоса қабул қилади. Ҳар йили 20 апрелга қадар 3-босқич Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш тўғрисида буйруқ чиқаради. Ҳар йили 1 майга қадар 4-босқич Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлайди. Ҳар йили 7 май — Ўзбекистон Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни арафасида

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 ноябрдаги 681-сон қарорига 2а-ИЛОВА

«Ўз касбининг устаси» белгисининг

«Ўз касбининг устаси» белгиси янгиланиш, юксалиш ва яратувчилик каби маъноларни англатувчи саккиз қиррали юлдуз шаклида бўлиб, 0,5 микрон қалинликдаги никель билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади.

«Ўз касбининг устаси» белгисининг қалинлиги 2,5 миллиметр ва диаметри 32 миллиметрни ташкил қилади.

«Ўз касбининг устаси» белгисининг олд томонида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини англатувчи вертикал узуқ чизиқлар фонида, марказда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг расмий рамзи акс эттирилган.

Расмий рамзнинг юқори қисмида «OʻZ KASBINING» ва пастки қисмида «USTASI» сўзлари кумуш рангда ёзилган бўлиб, ҳарфларининг баландлиги 2 миллиметр.

«Ўз касбининг устаси» белгиси олд томонининг четлари қабариқ ҳошия билан ўралган.

«Ўз касбининг устаси» белгисининг орқа томонига кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 ноябрдаги 681-сон қарорига 2б-ИЛОВА

«Ўз касбининг устаси» белгиси гувоҳномасининг

«Ўз касбининг устаси» белгиси гувоҳномаси (кейинги ўринларда — гувоҳнома) 160х110 миллиметр ўлчамдаги кўк рангли офсет қоғоз ёки қаттиқ чарм муқовали китобча шаклида бўлади.

Гувоҳноманинг олд томони (биринчи бети) юқори чеккасидан 33 миллиметр пастда, марказда, «Ўз касбининг устаси» белгисининг аслига тенг ўлчамдаги тасвири акс эттирилган.

«Ўз касбининг устаси» белгиси тасвиридан 7 миллиметр пастда оралиғи 3 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «OʻZ KASBINING USTASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 16 кегль), иккинчи сатрда «belgisi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 15 кегль), учинчи сатрда «GUVOHNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 16 кегль) сўзлари ёзилган.

Ёзувлар кумуш рангда акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) «Тангир» тасвири туширилган оч кулрангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда, кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда, «GUVOHNOMA» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзи ҳамда гувоҳноманинг тартиб рақами учун «№» белгиси ва 17 миллиметрли чизиқ жойлашган.

«GUVOHNOMA» сўзидан 7 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 12 миллиметр қуйида, марказда, оралиғи 3 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Oʻzbekiston Respublikasi», иккинчи сатрда «Raqamli texnologiyalar», учинчи сатрда «vazirligi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегл) сўзлари ёзилган.

Ундан 9 миллиметр пастда оралиғи 5 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «20___ у. «___» ________dagi», иккинчи сатрда «____-sonli buyrugʻiga asosan» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 6 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 3 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «OʻZ KASBINING USTASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 12 кегль), иккинчи сатрда «belgisi» bilan mukofotlandi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 12 миллиметр пастда, чап томонда, «Vazir» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзи ёзилган.

«Ўз касбининг устаси» белгиси

ГУВОҲНОМАСИ

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 29 ноябрь,

681-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2022 й., 09/22/681/1053-сон; 16.09.2025 й., 09/25/584/0830-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

TAVSIFI

TAVSIFI

NIZOM

SXEMASI

TAVSIFI

TAVSIFI

Axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasida “Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni va “Oʻz kasbining ustasi” belgisini taʼsis etish toʻgʻrisida

Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalari sohasini rivojlantirishga katta hissa qoʻshayotgan, oʻzining bilimi va salohiyati hamda yuqori darajadagi kasbiy mahorati bilan boshqalarga namuna boʻlayotgan soha xodimlari mehnatini munosib ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. “Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni va “Oʻz kasbining ustasi” belgisi taʼsis etilsin.

2. Quyidagilar:

“Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

“Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni va uning guvohnomasi tavsiflari 1a va 1b-ilovalarga muvofiq;

“Oʻz kasbining ustasi” belgisi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;

“Oʻz kasbining ustasi” belgisi va uning guvohnomasi tavsiflari 2a va 2b-ilovalarga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki huzuridagi “Davlat belgisi” davlat unitar korxonasi Raqamli texnologiyalar vazirligining buyurtmasiga asosan “Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni, “Oʻz kasbining ustasi” belgisi va ularning guvohnomalari tayyorlanishini belgilangan tartibda taʼminlasin.

4. “Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni, “Oʻz kasbining ustasi” belgisi hamda ularning guvohnomalarini tayyorlash bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlari hisobidan amalga oshirilishi, shuningdek mukofotlanganlarni taqdirlash bilan bogʻliq xarajatlar esa taqdirlanayotgan shaxslar faoliyat yuritayotgan tashkilotlarning oʻz mablagʻlari hisobidan qoplanishi inobatga olinsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining IT-texnologiyalar, telekommunikatsiyalar va ilmiy faoliyatni rivojlantirish masalalari departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 29-noyabrdagi 681-son qaroriga 1-ILOVA

“Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom “Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni (keyingi oʻrinlarda — koʻkrak nishoni) bilan taqdirlash tartibini belgilaydi.

2. Koʻkrak nishoni bilan axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalari sohasini rivojlantirish, elektron davlat xizmatlarini koʻrsatishning yaxlit tizimini yaratish, davlat organlari va tashkilotlarining aholi bilan muloqot qilishining yangi mexanizmlarini joriy etish, pochta aloqasi xizmatlari va logistika tizimini modernizatsiya qilish ishlariga katta hissa qoʻshgan, oʻzining bilimi va salohiyati hamda yuqori kasbiy mahorati bilan boshqalarga namuna boʻlgan, yosh mutaxassis kadrlarni tayyorlash borasida samarali mehnat qilgan hamda axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalari sohasida kamida 15 yil mehnat stajiga ega boʻlgan fuqarolar taqdirlanadi.

Koʻkrak nishoni bilan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlmagan shaxslar ham taqdirlanishi mumkin.

3. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash uchun hujjatlarni taqdim etish va koʻrib chiqish

4. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi (keyingi oʻrinlarda — vazirlik) tizimidagi tashkilotlar koʻkrak nishoni bilan taqdirlash boʻyicha takliflarni har yili 1-aprelga qadar vazirlikka taqdim etadi.

Nomzodlar boʻyicha taqdim etilgan takliflarga ilova sifatida nomzod haqida maʼlumotnoma, uning soʻnggi uch yil davomida axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalari sohasini rivojlantirish borasida amalga oshirgan ishlari aks ettirilgan tavsifnoma taqdim etiladi.

5. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlashga oid takliflarni koʻrib chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri tomonidan aʼzolari 7 nafardan iborat tarkibda komissiya (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tashkil etiladi.

6. Komissiya tarkibi va Komissiya toʻgʻrisidagi nizom Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri tomonidan tasdiqlanadi.

7. Komissiya yigʻilishida nomzodlarning tegishli hujjatlari oʻrganilib, har yili 20-aprelga qadar eng munosib nomzodlar boʻyicha yakuniy xulosa qabul qilinadi.

3-bob. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash tartibi

8. Komissiya xulosasi asosida Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vazirining koʻkrak nishoni bilan taqdirlash toʻgʻrisidagi buyrugʻi har yili 1-mayga qadar chiqariladi.

9. Koʻkrak nishoni har yili 7-may — Oʻzbekiston Respublikasi axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasi xodimlari kuni arafasida Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri (yoki uning topshirigʻiga muvofiq boshqa masʼul shaxslar) tomonidan tantanali tarzda topshiriladi/

10. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlanganlarga bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt yarim baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti yoki esdalik sovgʻalari beriladi.

11. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash, istisno tariqasida, Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vazirining buyrugʻiga asosan alohida holatlarda ham amalga oshirilishi mumkin.

12. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlanganlar roʻyxati vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

13. Bir shaxs koʻkrak nishoni bilan bir marta mukofotlanadi.

14. Koʻkrak nishoni davlat mukofotlaridan keyin koʻkrakning chap tomoniga taqiladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

15. Vazirlik ushbu Nizomga muvofiq koʻkrak nishoniga tavsiya etilgan nomzodlar hujjatlarining xolis koʻrib chiqilishi uchun bevosita masʼuldir.

16. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

“Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

“Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni bilan taqdirlash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi tizimidagi tashkilotlar Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash boʻyicha takliflarni vazirlikka taqdim etadi. Har yili 1-aprelga qadar 2-bosqich Koʻkrak nishoni bilan taqdirlashga oid takliflarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash boʻyicha nomzodlar haqidagi tegishli hujjatlarni oʻrganib chiqadi va yakuniy xulosa qabul qiladi. Har yili 20-aprelga qadar 3-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash toʻgʻrisida buyruq chiqaradi. Har yili 1-mayga qadar 4-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri (yoki uning topshirigʻiga muvofiq boshqa masʼul shaxslar) “Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni bilan taqdirlaydi. Har yili 7-may — Oʻzbekiston Respublikasi axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasi xodimlari kuni arafasida

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 29-noyabrdagi 681-son qaroriga 1a-ILOVA

“Mohir aloqachi” koʻkrak nishonining

“Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni diametri 34 millimetrli doira shaklida boʻlib, mis qotishmasidan tayyorlanadi.

Koʻkrak nishonining qalinligi 2,5 millimetr.

Koʻkrak nishonining old tomonida axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini anglatuvchi vertikal uzuq chiziqlar fonida Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligining rasmiy ramzi hamda uning ostida Oʻzbekiston Respublikasining xaritasi aks ettirilgan.

Koʻkrak nishonining pastki qismida balandligi 2 millimetr boʻlgan “MOHIR ALOQACHI” soʻzlari yozilgan.

Koʻkrak nishonining yuqori tashqi cheti boʻylab aloqani anglatuvchi 2 ta yoysimon chiziqlar tasvirlangan.

Koʻkrak nishoni old va orqa tomonlarining chetlari qabariq doira bilan oʻralgan.

Koʻkrak nishonining orqa tomoni markazida olti qatorda harflarning balandligi 2 millimetr boʻlgan “AXBOROT”, “KOMMUNIKATSIYA”, “TEXNOLOGIYALARI”, “RIVOJIGA”, “QOʻSHGAN HISSASI”, “UCHUN” soʻzlari yozilgan.

Barcha yozuvlar va tasvirlar zarhal rangda boʻlib, qabariqdir.

Koʻkrak nishoni ilgakchalar va halqacha yordamida toʻrtburchak shaklidagi qadagʻichga ulangan.

Qadagʻichning eni — 26 millimetr, boʻyi — 17 millimetr. Qadagʻich eni 22 millimetrli moviy rangdagi shoyi lenta bilan qoplangan. Moviy rangdagi shoyi lentada axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalari sohasida sunʼiy intellekt tizimlarini ishlab chiqishda foydalaniladigan neyron tarmoqlarining tasviri aks ettirilgan.

Qadagʻichning orqa tomoniga koʻkrak nishonini kiyimga taqib qoʻyish uchun toʻgʻnogʻich koʻrinishidagi moslama oʻrnatilgan.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 29-noyabrdagi 681-son qaroriga 1b-ILOVA

“Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni guvohnomasining

“Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni guvohnomasi (keyingi oʻrinlarda — guvohnoma) 160x110 millimetr oʻlchamdagi koʻk rangli ofset qogʻoz yoki qattiq charm muqovali kitobcha shaklida boʻladi.

Guvohnomaning old tomoni (birinchi beti) yuqori chekkasidan 29 millimetr pastda, markazda, koʻkrak nishonining qadagʻichsiz asliga teng oʻlchamdagi tasviri aks ettirilgan.

Koʻkrak nishoni tasviridan 10 millimetr pastda oraligʻi 5 millimetrli ikki satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “MOHIR ALOQACHI” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 17 kegl), ikkinchi satrda “koʻkrak nishoni” (“Times new Roman Bolt” shrifti. 16 kegl) soʻzlari yozilgan. Undan 3 millimetr pastda “GUVOHNOMASI” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 17 kegl) soʻzi yozilgan.

Yozuvlar tilla rangda aks ettirilgan.

Guvohnomaning ichki tomoni (ikkinchi va uchinchi betlari) “Tangir” tasviri tushirilgan och kulrangda boʻlib, ofset usulida chop etilgan.

Ichki tomonining chap qismida (ikkinchi beti), markazda, koʻkrak nishonining asliga teng oʻlchamdagi rangli tasviri aks ettirilgan.

Guvohnomaning ichki oʻng tomoni (uchinchi beti) yuqori chekkasidan 8 millimetr pastda, markazda, “GUVOHNOMA” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzi hamda guvohnomaning tartib raqami uchun “№” belgisi va 17 millimetrli chiziq joylashgan.

“GUVOHNOMA” soʻzidan 7 millimetr pastda mukofotlangan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismini qayd etish uchun oraligʻi 8 millimetrli uchta chiziq tortilgan.

Pastki chiziqdan 12 millimetr quyida, markazda, oraligʻi 3 millimetrli uch satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “Oʻzbekiston Respublikasi”, ikkinchi satrda “Raqamli texnologiyalar”, uchinchi satrda “vazirligi” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.

Undan 9 millimetr pastda oraligʻi 5 millimetr boʻlgan ikki satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “20___ u. “___” __________dagi”, ikkinchi satrda “____-sonli buyrugʻiga asosan” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.

Undan 8 millimetr pastda, markazda, oraligʻi 4 millimetrli ikki satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “MOHIR ALOQACHI” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 12 kegl), ikkinchi satrda “koʻkrak nishoni bilan mukofotlandi” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.

Soʻnggi soʻzlardan 12 millimetr pastda, chap tomonda, “Vazir” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzi yozilgan.

“Mohir aloqachi” koʻkrak nishoni

GUVOHNOMASI

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 29-noyabrdagi 681-son qaroriga 2-ILOVA

“Oʻz kasbining ustasi” belgisi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlash tartibini belgilaydi.

2. “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalari sohasida faoliyat koʻrsatayotgan muhandis, elektromontyor, kabelchi, pochtachi, antennachi-machtachi, operator, feldyeger kabi ommaviy kasb egalari oʻzining bilimi va salohiyati hamda yuqori kasbiy mahorati bilan sohani rivojlantirishga qoʻshgan munosib hissasi, yosh mutaxassis kadrlarni tayyorlash borasida samarali mehnatlari uchun taqdirlanadi.

3. “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlash ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlash uchun hujjatlarni taqdim etish va koʻrib chiqish

4. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi (keyingi oʻrinlarda — vazirlik) tizimidagi tashkilotlar “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlash boʻyicha takliflarni har yili 1-aprelga qadar vazirlikka taqdim etadi.

Nomzodlar boʻyicha taqdim etilgan takliflarga ilova sifatida nomzod haqida maʼlumotnoma, uning soʻnggi uch yil davomida axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalari sohasini rivojlantirish borasida amalga oshirgan ishlari aks ettirilgan tavsifnoma taqdim etiladi.

5. “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlashga oid takliflarni koʻrib chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri tomonidan aʼzolari 7 nafardan iborat tarkibda komissiya (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tashkil etiladi.

6. Komissiya tarkibi va Komissiya toʻgʻrisidagi nizom Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri tomonidan tasdiqlanadi.

7. Komissiya yigʻilishida nomzodlarning tegishli hujjatlari oʻrganilib, har yili 20-aprelga qadar eng munosib nomzodlar boʻyicha yakuniy xulosa qabul qilinadi.

3-bob. “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlash tartibi

8. Komissiya xulosasi asosida Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vazirining “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlash toʻgʻrisidagi buyrugʻi har yili 1-mayga qadar chiqariladi.

9. “Oʻz kasbining ustasi” belgisi har yili 7-may — Oʻzbekiston Respublikasi axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasi xodimlari kuni arafasida Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri (yoki uning topshirigʻiga muvofiq boshqa masʼul shaxslar) tomonidan tantanali tarzda topshiriladi.

10. “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlanganlarga bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti yoki esdalik sovgʻalari beriladi.

11. “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlash, istisno tariqasida, Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vazirining buyrugʻiga asosan alohida holatlarda ham amalga oshirilishi mumkin.

12. “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlanganlar roʻyxati vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

13. Bir shaxs “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan bir marta mukofotlanadi.

14. “Oʻz kasbining ustasi” belgisi davlat mukofotlaridan keyin koʻkrakning chap tomoniga taqiladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

15. Vazirlik ushbu Nizomga muvofiq “Oʻz kasbining ustasi” belgisiga tavsiya etilgan nomzodlar hujjatlarining xolis koʻrib chiqilishi uchun bevosita masʼuldir.

16. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

“Oʻz kasbining ustasi” belgisi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

“Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi tizimidagi tashkilotlar “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlash boʻyicha takliflarni vazirlikka taqdim etadi. Har yili 1-aprelga qadar 2-bosqich “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlashga oid takliflarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlash boʻyicha nomzodlar haqidagi tegishli hujjatlarni oʻrganib chiqadi va yakuniy xulosa qabul qiladi. Har yili 20-aprelga qadar 3-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlash toʻgʻrisida buyruq chiqaradi. Har yili 1-mayga qadar 4-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri (yoki uning topshirigʻiga muvofiq boshqa masʼul shaxslar) “Oʻz kasbining ustasi” belgisi bilan taqdirlaydi. Har yili 7-may — Oʻzbekiston Respublikasi axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasi xodimlari kuni arafasida

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 29-noyabrdagi 681-son qaroriga 2a-ILOVA

“Oʻz kasbining ustasi” belgisining

“Oʻz kasbining ustasi” belgisi yangilanish, yuksalish va yaratuvchilik kabi maʼnolarni anglatuvchi sakkiz qirrali yulduz shaklida boʻlib, 0,5 mikron qalinlikdagi nikel bilan qoplangan mis qotishmasidan tayyorlanadi.

“Oʻz kasbining ustasi” belgisining qalinligi 2,5 millimetr va diametri 32 millimetrni tashkil qiladi.

“Oʻz kasbining ustasi” belgisining old tomonida axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini anglatuvchi vertikal uzuq chiziqlar fonida, markazda Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligining rasmiy ramzi aks ettirilgan.

Rasmiy ramzning yuqori qismida “OʻZ KASBINING” va pastki qismida “USTASI” soʻzlari kumush rangda yozilgan boʻlib, harflarining balandligi 2 millimetr.

“Oʻz kasbining ustasi” belgisi old tomonining chetlari qabariq hoshiya bilan oʻralgan.

“Oʻz kasbining ustasi” belgisining orqa tomoniga kiyimga taqib qoʻyish uchun toʻgʻnogʻich koʻrinishidagi moslama oʻrnatilgan.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 29-noyabrdagi 681-son qaroriga 2b-ILOVA

“Oʻz kasbining ustasi” belgisi guvohnomasining

“Oʻz kasbining ustasi” belgisi guvohnomasi (keyingi oʻrinlarda — guvohnoma) 160x110 millimetr oʻlchamdagi koʻk rangli ofset qogʻoz yoki qattiq charm muqovali kitobcha shaklida boʻladi.

Guvohnomaning old tomoni (birinchi beti) yuqori chekkasidan 33 millimetr pastda, markazda, “Oʻz kasbining ustasi” belgisining asliga teng oʻlchamdagi tasviri aks ettirilgan.

“Oʻz kasbining ustasi” belgisi tasviridan 7 millimetr pastda oraligʻi 3 millimetrli uch satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “OʻZ KASBINING USTASI” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 16 kegl), ikkinchi satrda “belgisi” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 15 kegl), uchinchi satrda “GUVOHNOMASI” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 16 kegl) soʻzlari yozilgan.

Yozuvlar kumush rangda aks ettirilgan.

Guvohnomaning ichki tomoni (ikkinchi va uchinchi betlari) “Tangir” tasviri tushirilgan och kulrangda boʻlib, ofset usulida chop etilgan.

Ichki tomonining chap qismida (ikkinchi beti), markazda, koʻkrak nishonining asliga teng oʻlchamdagi rangli tasviri aks ettirilgan.

Guvohnomaning ichki oʻng tomoni (uchinchi beti) yuqori chekkasidan 8 millimetr pastda, markazda, “GUVOHNOMA” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzi hamda guvohnomaning tartib raqami uchun “№” belgisi va 17 millimetrli chiziq joylashgan.

“GUVOHNOMA” soʻzidan 7 millimetr pastda mukofotlangan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismini qayd etish uchun oraligʻi 8 millimetrli uchta chiziq tortilgan.

Pastki chiziqdan 12 millimetr quyida, markazda, oraligʻi 3 millimetrli uch satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “Oʻzbekiston Respublikasi”, ikkinchi satrda “Raqamli texnologiyalar”, uchinchi satrda “vazirligi” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.

Undan 9 millimetr pastda oraligʻi 5 millimetr boʻlgan ikki satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “20___ u. “___” ________dagi”, ikkinchi satrda “____-sonli buyrugʻiga asosan” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.

Undan 6 millimetr pastda, markazda, oraligʻi 3 millimetrli ikki satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “OʻZ KASBINING USTASI” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 12 kegl), ikkinchi satrda “belgisi” bilan mukofotlandi” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.

Soʻnggi soʻzlardan 12 millimetr pastda, chap tomonda, “Vazir” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzi yozilgan.

“Oʻz kasbining ustasi” belgisi

GUVOHNOMASI

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 29-noyabr,

681-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.11.2022-y., 09/22/681/1053-son; 16.09.2025-y., 09/25/584/0830-son)

lex.uz