📅 2022-yil 30-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 30-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 30 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 ноября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 November 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
КОНЦЕПЦИЯСИ
2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг космик тармоғини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида
Мамлакатимиз иқтисодиётнинг турли соҳалари ва тармоқларида космик технологиялардан самарали фойдаланиш, космик мониторинг тизимини жорий этиш ва уни тизимли амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидаги асосий устувор йўналишларни назарда тутувчи 2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг космик тармоғини ривожлантириш концепцияси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонунчилик базасини шакллантириш ва такомиллаштириш;
ер усти космик инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш;
космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тижорий космик фаолиятни ривожлантириш;
космик фаолиятнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;
миллий сунъий йўлдошлар гуруҳини яратиш;
инновацион стартап лойиҳалар ва акселераторларни, шунингдек, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг космик тармоғини ривожлантириш концепциясининг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолатини мониторинг қилиш, шу жумладан ерлардан ноқонуний фойдаланиш ва уларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатларини аниқлаш даражасини 98 фоизгача етказиш;
ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида бино ва иншоотлар қурилишини аниқлаш даражасини 95 фоизгача етказиш;
ноқонуний ўрмон кесилиши ҳолатлари ва майдонларини аниқлаш даражасини 95 фоизгача етказиш;
ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш даражасини 98 фоизгача етказиш;
мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш, янги пайдо бўлган ноқонуний чиқинди зоналарини аниқлаш даражасини 95 фоизгача етказиш;
ëнғин ўчоқлари келиб чиқиш нуқталарини бошланғич босқичларда аниқлаш даражасини 65 фоизгача етказиш;
сув объектларининг муҳофаза зоналарида қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш бўйича давлат космик мониторинги амалга ошириладиган сув омборлари қамровини 60 тагача кенгайтириш;
давлат бошқаруви органларини космик суратлар билан таъминлаш даражасини 9 бараварга ошириш.
3. Белгилансинки, тегишли соҳаларда масъул бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг раҳбарлари тасдиқланган йўналишлар доирасида мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича шахсан масъул ҳисобланади.
5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан ижтимоий тармоқларда семинар ва телекўрсатувлар орқали аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда ёритиш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги бош директори в.б. Ш.М. Кадиров зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва илмий фаолиятни ривожлантириш масалалари департаментига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 ноябрдаги 688-сон қарорига 1-ИЛОВА
2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг космик тармоғини ривожлантириш
1-боб. Умумий қоидалар
2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг космик тармоғини ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) космик фаолиятни такомиллаштиришнинг концептуал ёндашувини белгилаш мақсадларида ишлаб чиқилди.
Концепция Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда космик фаолиятни ривожлантиришда ягона давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий йўналишларини белгилайди.
2-боб. Дунёда космик фаолиятни ривожлантиришнинг умумий тенденцияси ва асосий хулосалар
Бугунги кунда космик фаолият жаҳон ҳамжамиятининг глобаллашуви ва ахборотлаштириш жараёнида муҳим ўрин тутади.
Ҳозирги кунда дунёнинг барча етакчи ва кўплаб ривожланаётган давлатлари томонидан у ёки бу даражада космик фазони тадқиқ этиш ва ундан фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда, шунингдек, космик стратегиялар, концепциялар, дастурлар ва режалар кўламини кенгайтириб, уларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда.
Етакчи давлатлар космик салоҳиятдан иқтисодий, мудофаа, техник, илмий, ижтимоий, маданий ва халқаро манфаатларни амалга ошириш учун фойдаланадилар.
АҚШ, Хитой, Россия, Япония ва Ҳиндистон мустақил равишда космик парвозларни ҳамда кенг кўламли космик дастурларни амалга оширадиган ва энг катта орбитал йўлдошлар туркумига эга бўлган космик соҳадаги етакчи давлатлар ҳисобланади.
Космик тармоқ ривожланган давлатлар қаторида Бельгия, Буюк Британия, Германия, Люксембург, Италия, Испания ва Франция ўз технологик салоҳиятини ошириб, тижорат космик дастурларини ишлаб чиқмоқда.
Бразилия, Исроил, Корея Республикаси, КХДР ва Эрон каби давлатлар ўз ракеталарини фазога учирди, шунингдек, Аргентина, Жанубий Африка, Индонезия, Қозоғистон, Покистон ва Туркия ўзининг ракеталарини яратишни режалаштирмоқда.
2020 йилда дунёнинг барча давлатларининг космик фаолият харажатлари АҚШ долларида 82,5 миллиардни, шундан фуқаролик мақсадлари учун — 50,2 миллиардни, ҳарбий мақсадлари учун — 32,3 миллиардни ташкил этган.
2020 йилда космик фаолиятга ажратилган умумий харажатлар АҚШ долларида қуйидагича миқдорда баҳоланмоқда: АҚШ — 47,7 миллиард, Хитой — 8,9 миллиард, Франция — 4 миллиард, Россия — 3,6 миллиард, Япония — 3,3 миллиард, Европа Иттифоқи — 2,4 миллиард, Германия — 2,2 миллиард, Ҳиндистон — 2 миллиард, Италия — 1,1 миллиард, Буюк Британия — 1,1 миллиард, қолганлари — 8,4 миллиард.
Яқин келажакда дунё мамлакатларининг космик фаолият учун сарфланадиган харажатлари ошиши кутилмоқда. Мудофаа харажатлари ушбу ўсишнинг асосий омили бўлиши, фуқаролик дастурларини молиялаштириш эса ўртача тезликда ўсиши кутилмоқда.
Кутилаётган натижалар ва дастурларнинг таъсири, технологик ривожланиш учун имкониятлар яратилиши ва бошқа мамлакатларга қарамликни камайтириш каби омиллар космик дастурлар учун бюджет маблағларини мақсадли йўналтиришга асос бўлиб хизмат қилмоқда.
2020 йилда дунёдаги космик хизматлар бозорининг умумий ҳажми 400 миллиард АҚШ долларига яқинлашган ва 2040 йилга келиб у 1 триллиондан ошиши кутилмоқда.
Умумий бозор ҳажмининг 20 фоизи космик фаолиятни молиялаштириш, 80 фоизи эса космик тижорат даромадларига тўғри келмоқда. Саноат даромадларининг катта қисми сунъий йўлдош алоқаси (34 фоиз) ва навигация ҳисобидан мос равишда таъминланмоқда (58 фоиз).
2020 йилда сунъий йўлдош хизматларидан умумий даромад 117,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, шу жумладан, телевидение — 88,4 миллиард, радио — 6,3 миллиард, интернет тармоғи — 2,8 миллиард, стационар алоқа — 15,7 миллиард, мобил алоқа — 2 миллиард, ерни масофадан зондлаш хизматлари — 2,6 миллиардга тенг бўлган.
Бугунги кунда космик бозорнинг асосий таянчларини ерни масофадан зондлаш, навигация хизматлари, алоқа йўлдошлари ва маълумотлар етказиш ташкил этмоқда.
Яқин келажакда фуқаролик ҳамда ҳарбий мақсадлар учун масофадан зондлаш ва сунъий йўлдош алоқаларидан фойдаланиш соҳаларида жадал ривожланиш кутилмоқда. Ерни масофадан зондлаш бозори 2026 йилга келиб 8,5 миллиард, 2029 йилга келиб сунъий йўлдош алоқаси бозори 18,7 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда.
2021 йил бошида Ер орбитаси атрофида 6,5 мингта сунъий йўлдош мавжуд бўлиб, улардан 3,4 мингтаси фаол сунъий йўлдошлардир. Фаол сунъий йўлдошларнинг умумий сонидан 1,9 мингтаси АҚШга, 412 таси Хитойга, 176 таси Россияга, 887 таси бошқа мамлакатларга тегишли.
Келгуси ўн йил ичида сунъий йўлдошларга бўлган талаб қарийб беш баробар ошиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида ҳар йили ўртача ҳисобда тахминан 1,25 мингта сунъий йўлдош ишга туширилади дегани (ўтган 10 йилда — йилига 260 тадан ишга туширилган).
Космик фаолиятни ривожлантиришнинг асосий омиллари қуйидагиларни назарда тутади:
дунёнинг етакчи ва ривожланаётган мамлакатлари иқтисодий, мудофаа, техник, илмий, ижтимоий, маданий ва халқаро манфаатларни амалга ошириш мақсадида космик фаолиятни фаол ривожлантирмоқда;
дунёнинг барча мамлакатларида космик дастурлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади ва космик соҳани ривожлантиришга қодир бўлган давлатлар юқори натижа олиш учун катта молиявий маблағлар сарфлайди;
космик хизматлар бозори тижорат даромадлари ҳисобидан кенгаймоқда, улардан асосийлари сунъий йўлдош орқали ерни масофадан зондлаш, сунъий йўлдош алоқаси ва навигация ҳисобланади;
давлат сектори космик хизматларнинг асосий мижози бўлиб қолишда давом этмоқда;
космик фаолиятнинг айрим йўналишлари тижоратлаштирилмоқда;
сунъий йўлдошларга бўлган талаб ортиб бормоқда, шу боисдан келгуси 10 йил ичида уларнинг ишга туширилиши кўпайиши кутилмоқда.
3-боб. Мамлакатимизда космик фаолиятни ривожлантиришнинг жорий ҳолати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил декабрь ойида республика парламенти — Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида аэрокосмик технологияларни иқтисодиётимизнинг етакчи соҳа ва тармоқларига жорий этиш мақсадида миллий космик инфратузилмаларни яратиш, шунингдек, аэрокосмик фаолият бўйича алоҳида давлат органини ташкил этиш ҳамда бу соҳани ривожлантириш билан боғлиқ вазифаларни комплекс равишда ҳал этиш зарурлиги таъкидланган.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида» 2019 йил 30 августдаги ПФ-5806-сон Фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (кейинги ўринларда — «Ўзбеккосмос» агентлиги) ташкил этилди. Фармон билан «Ўзбеккосмос» агентлиги космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсатини ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи этиб белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 сентябрдаги 781-сон қарори билан «Ўзбеккосмос» агентлигининг низоми тасдиқланди ҳамда унинг асосий вазифа ва функциялари белгилаб берилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 274-сон қарори билан «Ўзбеккосмос» агентлиги тизимида «Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази» давлат унитар корхонаси (кейинги ўринда — Марказ) ташкил этилди.
Марказнинг асосий вазифалари этиб космик мониторингни амалга ошириш, ерни масофадан зондлаш, жисмоний ва юридик шахсларга консалтинг хизматлари кўрсатиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш белгиланди.
«Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан республиканинг турли иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва соҳаларда шаффофликни оширишда илғор космик технологияларни қўллаш орқали қуйидаги амалий ишлар олиб борилмоқда:
а) геология ва кон-металлургия соҳасида Самарқанд вилоятидаги 16,8 минг км 2 майдонда ўтказилган космик мониторинг таҳлили орқали жами 279 та норуда қазилма конларидан 119 тасида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди;
б) қишлоқ хўжалиги соҳасида космик мониторингнинг жорий этилиши ҳақиқатда экин экилган майдонни аниқлаш, вегетация даврини кунлик кузатиш, экинлар бўйича тезкор маълумотларни олиш имконини берди. Жумладан, Бухоро вилоятида туманлар бўйича олинган 2021 йилдаги космик суратлар орқали 30 минг гектарга яқин ер майдони таҳлил қилинди, «Рақамли Самарқанд» лойиҳаси (Франциянинг Airbus компанияси билан ҳамкорликда, қиймати 1 миллион евро) доирасида Жомбой, Оқдарё ва Пайариқ туманларида экилган экинлар тўғрисидаги маълумотлар рақамлаштирилди ва экин турлари таснифланди;
в) транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида Самарқанд шаҳрида космик технологиялар ёрдамида 2,5 минг км йўл тўғрисидаги маълумотлар (йўлларнинг узунлиги, эни, қатнов бўлаклари ва қопламаси) рақамлаштирилди ва сунъий интеллект технологиясига асосланган рақамли платформа ишлаб чиқилди;
г) ер муносабатлари соҳасида Бўстонлиқ туманидаги 870 км 2 ер майдонининг космик суратлари таҳлил қилинди ва 13 мингта объектдан 11 мингтаси турар ва 907 таси нотурар жой эканлиги, 408 тага яқини ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 227 та ер участкасидан 2 йил давомида фойдаланилмаётгани ҳамда 413 та маълумоти тўлиқ бўлмаган объектлар аниқланди;
д) ўрмон хўжалиги соҳасида Бўстонлиқ туманида жойлашган ўрмон ҳамда захира фондига кирувчи ўрмонлар рақамлаштирилиб, 1960 — 2020 йилларда экилган дарахтлар таснифланди;
е) гидрометеорология соҳасида Гидрометеорология хизмати маркази билан ҳамкорликда беш йиллик (2017 — 2022 йиллар) юқори аниқликдаги космик суратларни қайта ишлаш натижасида сел-сув тошқинлари ювиб кетиши хавфи ўта юқори бўлган ҳудудларда жойлашган биноларни аниқлаш бўйича ГАТ мониторинг платформаси фаолияти йўлга қўйилди;
ж) фавқулодда вазиятлар соҳасида 2021 йилнинг август ойида Зомин туманидаги ўрмонлар бўйича кунлик космик суратлар таҳлили орқали содир бўлган ёнғин оқибатида ўрмон ҳудудининг 38 гектари зарар кўргани аниқланган;
з) мудофаа ва хавфсизлик соҳасида Афғонистон-Ўзбекистон чегара ҳудуди бўйича 3 минг км 2 дан ортиқ майдоннинг космик суратлари таҳлили мавжуд вазиятни тўғри баҳолаш имконини берди.
Шунингдек, «Ўзбеккосмос» агентлигининг халқаро ташкилотлар доирасидаги фаолияти, космик тармоқ ривожланган хорижий давлат космик агентликлари ҳамда етакчи компаниялари билан ҳамкорлик доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:
«Ўзбеккосмос» агентлиги Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг Ҳукуматлараро маслаҳат қўмитаси Барқарор ривожланиш учун космик технологияларни қўллаш минтақавий дастурининг 35-аъзо давлати сифатида қабул қилинди;
2019 йил 20 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатларнинг Космик фазони тинч мақсадларда тадқиқ этиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қўшма фаолиятини амалга ошириш тўғрисидаги битим кучга кирди. Ўзбекистон Республикаси томонидан «Ўзбеккосмос» агентлиги МДҲ Давлатлараро Космик Кенгашида иштирок этиш бўйича ваколатли орган деб белгиланди;
Ҳиндистон (ISRO) ва Қозоғистон (Аэрокосмик қўмита) билан Ҳукуматлараро Битим, Франция миллий космик тадқиқотлар маркази (CNES) билан Ҳадли битим, Корея аэрокосмик тадқиқотлар институти (KARI) ва Озарбайжон космик агентлиги (Азеркосмос) билан Англашув меморандумлари имзоланган;
АҚШ Миллий аэронавтика ва космик фазони тадқиқ этиш администрацияси (NASA), Туркия космик агентлиги (TUA), Буюк Британия космик агентлиги, БАА космик агентлиги, Португалия космик агентлиги, Малайзия космик агентлиги (MYSA), Покистон Космик ва юқори атмосферани ўрганиш бўйича комиссияси (SUPARCO) билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган;
Ерни масофадан зондлаш бўйича сунъий йўлдош операторлари «Maxar Technologies» (АҚШ), «Airbus Defence & Space» (Франция), «Planet Labs» (АҚШ), «ICEYE» (Финляндия), «BlackSky» (АҚШ) «НEAD Aerospace» (Хитой) компаниялари, алоқа сунъий йўлдош операторлари «SpaceX» (АҚШ), «OneWeb» (Буюк Британия), «SES» (Люксембург), «Eutelsat» (Франция), «Viasat» (АҚШ), «Inmarsat» (Буюк Британия) компаниялари, космик суратларни қайта ишлаш дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқувчилар «ESRI» (АҚШ), «Нexagon» (Швеция) компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилмоқда;
Франция Олий аэронавтика ва космонавтика институти, Осиё ва Тинч океанида космик фан ва технология таълими маркази, Москва Авиация институти билан космик соҳа учун кадрлар тайёрлаш ҳамда ходимларнинг малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли тренинг, семинарлар ҳамда бакалавр, магистратура босқичларида таълим дастурларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик амалга оширилмоқда;
2021 йил 23 июнда Тошкент шаҳрида АҚШнинг «Maxar Technologies», «Esri» ва «SpaceX» компаниялари билан ҳамкорликда «Discovery Day Uzbekistan» конференцияси ташкил этилди;
2022 йил 10-11 май кунлари Тошкент шаҳрида «Dialogue Events» компанияси (Буюк Британия) билан ҳамкорликда «Space Technology Conference STC-2022» халқаро конференцияси ўтказилди.
4-боб. Космик технологияларни жорий этишдаги тизимли муаммолар
Космик технологияларни жорий этиш борасида ҳозирги кунда қуйидаги тизимли муаммолар кузатилмоқда:
космик фаолият, тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида норматив-ҳуқуқий база етарли даражада шакллантирилмаган;
космик соҳада ваколатли орган ҳисобланмайдиган бошқа вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида зиддият, ноаниқликлар ва тафовутлар мавжуд;
космик фаолият ва технологиялар соҳасида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва илм-фан ютуқлари натижаларига эришилмаган, шунингдек олий таълим муассасаларида ушбу соҳадаги кадрларни тайёрлашга қаратилган илмий-базавий асослар етарли даражада шаклланмаган;
соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишда космик технологиялардан фойдаланишнинг афзалликлари ва самарадорлиги тўғрисида вазирликлар ва идоралар етарли даражада маълумотга ва билимга эга эмас;
давлат органларида иқтисодиётнинг етакчи соҳалари вазифаларини самарали ҳал этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси мудофаа ва хавфсизлик манфаатлари йўлида космик мониторинг ва геоахборот технологияларини жорий этиш учун имконият ва замонавий воситалар мавжуд эмас;
ер усти космик инфратузилмасини қуриш ва ривожлантириш масалаларини молиялаштириш манбалари мувофиқлаштирилмаган;
космик технологияларни ривожлантириш ва улардан самарали фойдаланиш соҳасида юқори малакали мутахассислар етишмайди;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сунъий йўлдош орқали ишлайдиган мобил қурилма ва терминалларни рўйхатга олиш, назорат қилиш, сотиш, шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ёки ишлаб чиқариш учун аниқ талаб ва механизмлар мавжуд эмас ҳамда ушбу йўналиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган.
Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни лицензиялаш турларини ноаниқ талқин қилиш тегишли талабнинг етишмаслигига олиб келди, бу эса ўз навбатида мамлакатдаги космик фаолиятни назорат қилишга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
5-боб. Космик фаолиятни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари
Концепция қуйидаги устувор йўналишларни назарда тутади:
космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонунчилик базасини шакллантириш ва такомиллаштириш;
ер усти космик инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш;
космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тижорий космик фаолиятни ривожлантириш;
космик фаолиятнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;
миллий сунъий йўлдошлар гуруҳини яратиш;
инновацион стартап лойиҳалар ва акселераторларни, шунингдек, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш.
1-§. Космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонунчилик базасини шакллантириш ва такомиллаштириш
Космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонунчилик базасини шакллантириш ва такомиллаштириш доирасида қуйидагилар белгиланади:
космик мониторинг, шу жумладан, давлат космик мониторингини юритиш ва унинг натижаларини тақдим этиш ҳақидаги низомни қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг «Космик фаолият тўғрисида»ги Қонунини қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг космик фаолиятни тартибга солувчи ерни масофадан зондлаш тартибини белгилаш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган сунъий йўлдош орқали ишловчи мобил қурилмалар ва терминалларни рўйхатга олиш регламентини белгилаш.
2-§. Ер усти космик инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш
Ер усти космик инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:
космик тармоқни ривожлантириш ҳамда илмий-тадқиқот ва илмий-амалий фаолиятни амалга ошириш учун «Ўзбеккосмос» агентлиги тизимида «Амалий космик тадқиқотлар ва технологиялар илмий-ишлаб чиқариш Миллий маркази»ни ташкил этиш;
космик аппаратларни лойиҳалаш ва уларнинг айрим қисмларини ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш;
космик мониторинг ишларини амалга ошириш ва давлат бошқаруви органларини космик суратлар ва космик суратларни қайта ишлаш натижалари билан таъминлаб бориш.
3-§. Космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тижорий космик фаолиятни ривожлантириш
Космик тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тижорий космик фаолиятни ривожлантириш доирасида қуйидагилар белгиланади:
глобал сунъий йўлдошли навигация (GNSS) тизимлари операторлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш;
халқаро астронавтика федерациясига ҳамда «Табиий офатлар ва космос» Хартиясига («Disaster & Space» Charter) аъзо бўлиш ва ҳамкорликда фаолият юритиш;
фавқулодда вазиятлар юзага келганда сунъий йўлдош аппаратлари орқали ерни масофадан зондлаш маълумотларини тезкор қабул қилиш мақсадида хорижий ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдош операторлари билан келишув, меморандум, битим ва шартномалар имзолаш;
халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар, компаниялар ва банклар билан космик соҳага хорижий сармоя ва илғор технологияларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш;
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1966 йил 19 декабрдаги 22 (ХХII) резолюцияси билан қабул қилинган «Космосни, шу жумладан Ойни ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолияти тамойиллари тўғрисидаги шартнома»ни ратификация қилиш;
«Ўзбеккосмос» агентлиги ходимларининг халқаро миқёсдаги космик соҳага оид конференция ва кўргазмаларда доимий иштирок этишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикасида космик соҳадаги хорижий экспертлар, компаниялар, космик агентликлар ҳамда тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари иштирокида ҳар йили космик технологияларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларга таъсирига бағишланган халқаро конференция ўтказиш.
4-§. Космик фаолиятнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш
Космик фаолиятнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:
космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш;
«Ўзбеккосмос» агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларини илғор хорижий мамлакатлардаги таълим муассасалари, ўқув марказлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарида космик тармоқнинг турли йўналишлари бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини ташкил этиш;
космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш бўйича стажировкалар ва семинарлар ташкил этиш ҳамда ўтказиш.
5-§. Миллий сунъий йўлдошлар гуруҳини яратиш
Миллий сунъий йўлдошлар гуруҳини яратиш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:
Ўзбекистон Республикасида ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошлари миллий гуруҳини яратиш;
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация йўлдошларининг миллий гуруҳларини яратиш;
Ўзбекистон Республикаси илмий-технологик сунъий йўлдошларининг миллий гуруҳини яратиш.
6-§. Инновацион стартап лойиҳалар ва акселераторларни, шунингдек, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш
Инновацион стартап лойиҳалар ва акселераторларни, шунингдек, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:
қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, телекоммуникация, геология-қидирув, картография, метеорология, сейсмология ва шаҳарсозлик соҳаларининг самарадорлигини оширишда ерни масофадан туриб зондлаш, йўлдош алоқа, навигация тизимларини қўллаш масалаларининг илмий ва инновацион ечимига қаратилган тадқиқотлар олиб бориш;
аэрокосмик стартап инкубаторларини яратиш;
«NASA Space Camp» космик лагери мисолида интерактив ўқув мажмуасини ташкил этиш;
иқтисодиётнинг турли соҳаларида космик технологияларни жорий этиш орқали геоахборот маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадларига эришиш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун космик технологиялар ва давлат космик мониторинг тизимини жорий этиш;
илғор хорижий космик ташкилотлар ва компаниялар билан космик фазони тинч мақсадларда тадқиқ этиш ва улардан фойдаланиш, мамлакат иқтисодиётининг муҳим соҳаларини ривожлантириш йўлида космик технологияларни самарали қўллаш;
космик, аэро ва ер усти кузатувлари натижалари асосида географик, картографик, табиий ресурслар, ижтимоий-иқтисодий, ер, транспорт, метеорологик, экологик ва бошқа маълумотларни тизимлаштириш, улардан амалий фойдаланиш мақсадида ягона давлат геоахборот тизимини яратиш;
таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясига асосланган замонавий базавий космик инфратузилмани яратиш.
6-боб. Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар
Концепцияни амалга ошириш доирасида космик тадқиқотлар ва технологияларни қўллаш орқали республика иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида қуйидаги натижаларга эришиш режалаштирилган:
а) қишлоқ хўжалиги соҳасида:
қишлоқ хўжалиги ерлари инвентаризация қилинади ва уларнинг контурлари бўйича рақамлаштирилади;
қишлоқ хўжалиги ерларидан ноқонуний фойдаланиш ва ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатларини мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилади;
қишлоқ хўжалиги экинларининг ривожланишини доимий кузатиш, баҳолаш ва ҳосилдорликни прогнозлаш амалиёти йўлга қўйилади;
қурғоқчилик хавфи даражасини баҳолаш, ерларнинг жорий ҳолати ҳамда шудгорлаш ва экиш тадбирлари мониторинги йўлга қўйилади;
б) ер муносабатлари соҳасида:
6,6 миллиондан ортиқ кўчмас мулк объектлари бўйича фойдаланилмаётган, самарасиз фойдаланилаётган, фойдаланишга яроқсиз бўлган ва бошқа мақсадларда фойдаланилаётган ерлар мониторинг қилинади;
ер кадастри маълумотлари янгиланади ва долзарб ҳолатга келтирилади, ер участкалари чегаралари мониторинг қилинади;
в) ўрмон хўжалиги соҳасида:
ўрмон хўжалиги объектларини инвентаризация қилиш орқали ноқонуний ўрмон кесилиши ҳолатлари ва майдонлари аниқланади;
ўрмон фонди ерларида ноқонуний қурилиш ва чиқинди зоналарини ташкил этиш ҳолатлари аниқланади;
ўрмон фонди ерларида ёнғин ўчоқларини барвақт аниқлаш орқали ёнғинлар натижасида етказилиши мумкин бўлган моддий ва экологик зарарларнинг олди олинади.
г) геология ва кон-металлургия соҳасида:
ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланади;
норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларида космик мониторинг ишлари амалга оширилади;
ер қаъридан фойдаланиш учун ажратилган ер участкалари доирасида кон ишларини олиб бориш ҳолатлари мониторинг қилинади;
д) транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида:
транспорт инфратузилмаси (автомобиль йўллар, темир йўл тармоқлари, қувурлар, сув каналлари, ҳаво ва дарё портлари, божхона пунктлари, телекоммуникация тармоқлари) хатловдан ўтказилади ва рақамлаштирилади;
автомобиль йўллар, темир йўллар, транспорт қувурлари ва транспорт инфратузилмаси бошқа объектларининг (кўприклар, тўхташ жойлари, ёқилғи қуйиш шохобчалари, комплекс хизмат кўрсатиш пунктлари) жорий ҳолати, қурилиш ва реконструкция қилиш жараёнлари мониторинг қилинади;
е) экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида:
мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойлари, сувнинг ифлосланиши, экологик хавфли объектлар ва ер деградацияси жараёнлари мониторинг қилинади;
янги пайдо бўлган ноқонуний чиқинди зоналарини аниқлаш тизими йўлга қўйилади;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ноқонуний фаолият ва қонун бузилиши ҳолатлари мониторинги амалга оширилади;
ж) фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида:
табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни аниқлаш, уларнинг оқибатларини таҳлил қилиш ҳамда прогноз қилиш имконияти яратилади;
фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича қутқарув, авария ишлари ва бошқа ишларни ташкил этиш вақт, инсон ва моддий ресурслар тежалишига эришилади;
ёнғинларнинг келиб чиқиш хавфи сифатида термал ҳудудларни аниқлаш, фавқулодда вазиятлар оқибатларида етказилган зарар майдонларини аниқлаш ва етказилган зарар даражасини баҳолаш имконияти яратилади.
тоғ олди ҳудудларда жойлашган аҳоли яшаш пунктларида сел хавфи ва ер кўчиши юқори бўлган жараёнлар мониторинг қилинади.
з) сув хўжалиги соҳасида:
сув омборларининг сув ва седиментация баланси, музлаш ҳодисалари мониторинги амалга оширилади;
қор қопламлари ва музликларнинг эриши ҳисобига шаклланадиган дарёлар оқимини прогноз қилиш амалиёти йўлга қўйилади;
сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув объектларининг муҳофаза зоналари доимий мониторинг қилинади;
и) гидрометеорология ва иқлим ўзгариши соҳасида:
сунъий йўлдош маълумотлари ҳамда масофавий зондлаш орқали олинган маълумотлар асосида хавфли гидрометеорологик ҳодисалар тўғрисида барвақт огоҳлантириш тизими такомиллаштирилади;
минтақавий иқлимнинг эҳтимолий ўзгаришлари, уларнинг оқибатларини прогноз қилиш, асосий эътиборни қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларига қаратган ҳолда иқтисодиёт тармоқларининг заифлигини баҳолаш тизими йўлга қўйилади.
Концепцияни амалга ошириш доирасида:
космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилади;
стартап ва технологиялар трансферини таъминлаш орқали космик соҳанинг истиқболли ишланмалари тижоратлаштирилади;
космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими ривожлантирилади;
ер усти космик инфратузилмаси яратилади ва ривожлантирилади;
фавқулодда вазиятлар юзага келганда сунъий йўлдош аппаратлари орқали ерни масофадан зондлаш маълумотларини тезкор қабул қилиш ва ваколатли давлат органларига етказиб беришга эришилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 ноябрдаги 688-сон қарорига 2-ИЛОВА
2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг космик тармоғини ривожлантириш концепциясининг мақсадли кўрсаткичлари
Т/р Кўрсаткичлар номи Ўлчов бирлиги Жорий ҳолати Йиллар бўйича Масъул ижрочи ташкилотлар 2023 2024 2025 2026 1. Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат космик мониторинги амалга ошириладиган ҳудудлар қамрови сон – 4 8 10 13 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2. Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолатини мониторинг қилиш, шу жумладан ерлардан ноқонуний фойдаланиш ва уларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатларини аниқлаш даражаси фоиз – 80 90 95 98 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 3. Экинларнинг турлари ва ҳақиқатда экин экилган майдонларни аниқлаш даражаси фоиз – 80 85 95 95 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 4. Ер муносабатлари соҳасида давлат космик мониторинги амалга ошириладиган ҳудудлар қамрови сон – 6 14 14 14 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Кадастр агентлиги 5. Ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида бино ва иншоотлар қурилишини аниқлаш даражаси фоиз – 80 85 95 95 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Кадастр агентлиги 6. Ўрмон хўжалиги соҳасида давлат космик мониторинги амалга ошириладиган ҳудудлар қамрови сон – 4 8 10 13 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 7. Ноқонуний ўрмон кесилиши ҳолатлари ва майдонларини аниқлаш даражаси фоиз – 80 85 90 95 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 8. Ўрмон фонди ерларида ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, ноқонуний қурилиш ҳолатларини аниқлаш даражаси фоиз – 80 85 95 95 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 9. Геология ва кон-металлургия соҳасида давлат космик мониторинги амалга ошириладиган ҳудудлар қамрови сон 4 13 13 13 13 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси 10. Ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш даражаси фоиз – 85 90 95 98 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси 11. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат космик мониторинги амалга ошириладиган ҳудудлар қамрови сон 1 6 12 14 14 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 12. Мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш, янги пайдо бўлган ноқонуний чиқинди зоналарини аниқлаш даражаси фоиз – 80 85 90 95 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 13. Фавқулодда вазиятлар соҳасида давлат космик мониторинги амалга ошириладиган ҳудудлар қамрови сон – 14 14 14 14 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 14. Табиий муҳофаза этиладиган ҳудудларда ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, ноқонуний бино ва иншоотлар қурилиш ҳолатларини аниқлаш даражаси фоиз – 80 85 90 95 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 15. Ëнғин ўчоқлари келиб чиқиш нуқталарини бошланғич босқичларда аниқлаш даражаси фоиз – 35 40 50 65 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 16. Фавқулодда вазиятлар оқибатларида етказилган зарар майдонларини аниқлаш даражаси фоиз – 80 85 90 90 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 17. Сув объектларининг муҳофаза зоналарида қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш бўйича давлат космик мониторинги амалга ошириладиган сув омборлари қамрови сон 2 25 35 45 60 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Сув хўжалиги вазирлиги 18. Сув объектларининг муҳофаза зоналарида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш даражаси фоиз – 80 85 90 90 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Сув хўжалиги вазирлиги 19. Сув омборларининг лойқа оқизиқлар билан тўлиб бориш динамикасини ҳамда сув сатҳи режими мониторинг қилинадиган сув омборлари қамрови сон 2 25 35 45 60 «Ўзбеккосмос» агентлиги, Сув хўжалиги вазирлиги 20. Давлат бошқаруви органларини космик суратлар билан таъминлаш даражаси минг км 2 110 135 270 405 990 «Ўзбеккосмос» агентлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар 21. Давлат бошқаруви органларида космик технологияларни қўллаш ва космик суратларни қайта ишлаш йўналишида кадрлар малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли тренинг ва семинарлар сон 3 8 10 12 15 «Ўзбеккосмос» агентлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 30 ноябрь,
688-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
KONSEPSIYASI
2022 — 2026-yillarda Oʻzbekiston Respublikasining kosmik tarmogʻini rivojlantirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida
Mamlakatimiz iqtisodiyotning turli sohalari va tarmoqlarida kosmik texnologiyalardan samarali foydalanish, kosmik monitoring tizimini joriy etish va uni tizimli amalga oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagi asosiy ustuvor yoʻnalishlarni nazarda tutuvchi 2022 — 2026-yillarda Oʻzbekiston Respublikasining kosmik tarmogʻini rivojlantirish konsepsiyasi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida qonunchilik bazasini shakllantirish va takomillashtirish;
er usti kosmik infratuzilmasini yaratish va rivojlantirish;
kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida xalqaro hamkorlikni kengaytirish va tijoriy kosmik faoliyatni rivojlantirish;
kosmik faoliyatning kadrlar salohiyatini mustahkamlash;
milliy sunʼiy yoʻldoshlar guruhini yaratish;
innovatsion startap loyihalar va akseleratorlarni, shuningdek, ilmiy tadqiqotlarni qoʻllab-quvvatlash.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi 2022 — 2026-yillarda Oʻzbekiston Respublikasining kosmik tarmogʻini rivojlantirish konsepsiyasining maqsadli koʻrsatkichlari 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
qishloq xoʻjaligi yerlaridan foydalanish holatini monitoring qilish, shu jumladan yerlardan noqonuniy foydalanish va ularni oʻzboshimchalik bilan egallash holatlarini aniqlash darajasini 98 foizgacha yetkazish;
yer uchastkalarining oʻzboshimchalik bilan egallab olinishi hamda oʻzboshimchalik bilan egallab olingan yer uchastkalarida bino va inshootlar qurilishini aniqlash darajasini 95 foizgacha yetkazish;
noqonuniy oʻrmon kesilishi holatlari va maydonlarini aniqlash darajasini 95 foizgacha yetkazish;
yer qaʼridan oʻzboshimchalik bilan foydalanish, foydali qazilmalar joylashgan maydonlardan asossiz ravishda va boshqa maqsadlarda foydalanish holatlarini aniqlash darajasini 98 foizgacha yetkazish;
mavjud chiqindilarni saqlash joylarida belgilangan hududdan tashqariga chiqish, yangi paydo boʻlgan noqonuniy chiqindi zonalarini aniqlash darajasini 95 foizgacha yetkazish;
ëngʻin oʻchoqlari kelib chiqish nuqtalarini boshlangʻich bosqichlarda aniqlash darajasini 65 foizgacha yetkazish;
suv obyektlarining muhofaza zonalarida qonun buzilishi holatlarini aniqlash boʻyicha davlat kosmik monitoringi amalga oshiriladigan suv omborlari qamrovini 60 tagacha kengaytirish;
davlat boshqaruvi organlarini kosmik suratlar bilan taʼminlash darajasini 9 baravarga oshirish.
3. Belgilansinki, tegishli sohalarda masʼul boʻlgan vazirliklar, idoralar va tashkilotlarning rahbarlari tasdiqlangan yoʻnalishlar doirasida maqsadli koʻrsatkichlarga erishish boʻyicha shaxsan masʼul hisoblanadi.
5. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi va Oʻzbekiston Milliy axborot agentligiga Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun va mohiyatini ommaviy axborot vositalarida, shu jumladan ijtimoiy tarmoqlarda seminar va telekoʻrsatuvlar orqali aholi orasida keng targʻib qilish hamda yoritish tavsiya etilsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi bosh direktori v.b. Sh.M. Kadirov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining IT-texnologiyalar, telekommunikatsiyalar va ilmiy faoliyatni rivojlantirish masalalari departamentiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 30-noyabrdagi 688-son qaroriga 1-ILOVA
2022 — 2026-yillarda Oʻzbekiston Respublikasining kosmik tarmogʻini rivojlantirish
1-bob. Umumiy qoidalar
2022 — 2026-yillarda Oʻzbekiston Respublikasining kosmik tarmogʻini rivojlantirish konsepsiyasi (keyingi oʻrinlarda — Konsepsiya) kosmik faoliyatni takomillashtirishning konseptual yondashuvini belgilash maqsadlarida ishlab chiqildi.
Konsepsiya Oʻzbekiston Respublikasining milliy manfaatlarini hisobga olgan holda kosmik faoliyatni rivojlantirishda yagona davlat siyosatini amalga oshirishning asosiy yoʻnalishlarini belgilaydi.
2-bob. Dunyoda kosmik faoliyatni rivojlantirishning umumiy tendensiyasi va asosiy xulosalar
Bugungi kunda kosmik faoliyat jahon hamjamiyatining globallashuvi va axborotlashtirish jarayonida muhim oʻrin tutadi.
Hozirgi kunda dunyoning barcha yetakchi va koʻplab rivojlanayotgan davlatlari tomonidan u yoki bu darajada kosmik fazoni tadqiq etish va undan foydalanish boʻyicha ilmiy tadqiqotlar olib borilmoqda, shuningdek, kosmik strategiyalar, konsepsiyalar, dasturlar va rejalar koʻlamini kengaytirib, ularni qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish uchun katta miqdorda mablagʻlar ajratilmoqda.
Yetakchi davlatlar kosmik salohiyatdan iqtisodiy, mudofaa, texnik, ilmiy, ijtimoiy, madaniy va xalqaro manfaatlarni amalga oshirish uchun foydalanadilar.
AQSh, Xitoy, Rossiya, Yaponiya va Hindiston mustaqil ravishda kosmik parvozlarni hamda keng koʻlamli kosmik dasturlarni amalga oshiradigan va eng katta orbital yoʻldoshlar turkumiga ega boʻlgan kosmik sohadagi yetakchi davlatlar hisoblanadi.
Kosmik tarmoq rivojlangan davlatlar qatorida Belgiya, Buyuk Britaniya, Germaniya, Lyuksemburg, Italiya, Ispaniya va Fransiya oʻz texnologik salohiyatini oshirib, tijorat kosmik dasturlarini ishlab chiqmoqda.
Braziliya, Isroil, Koreya Respublikasi, KXDR va Eron kabi davlatlar oʻz raketalarini fazoga uchirdi, shuningdek, Argentina, Janubiy Afrika, Indoneziya, Qozogʻiston, Pokiston va Turkiya oʻzining raketalarini yaratishni rejalashtirmoqda.
2020-yilda dunyoning barcha davlatlarining kosmik faoliyat xarajatlari AQSh dollarida 82,5 milliardni, shundan fuqarolik maqsadlari uchun — 50,2 milliardni, harbiy maqsadlari uchun — 32,3 milliardni tashkil etgan.
2020-yilda kosmik faoliyatga ajratilgan umumiy xarajatlar AQSh dollarida quyidagicha miqdorda baholanmoqda: AQSh — 47,7 milliard, Xitoy — 8,9 milliard, Fransiya — 4 milliard, Rossiya — 3,6 milliard, Yaponiya — 3,3 milliard, Yevropa Ittifoqi — 2,4 milliard, Germaniya — 2,2 milliard, Hindiston — 2 milliard, Italiya — 1,1 milliard, Buyuk Britaniya — 1,1 milliard, qolganlari — 8,4 milliard.
Yaqin kelajakda dunyo mamlakatlarining kosmik faoliyat uchun sarflanadigan xarajatlari oshishi kutilmoqda. Mudofaa xarajatlari ushbu oʻsishning asosiy omili boʻlishi, fuqarolik dasturlarini moliyalashtirish esa oʻrtacha tezlikda oʻsishi kutilmoqda.
Kutilayotgan natijalar va dasturlarning taʼsiri, texnologik rivojlanish uchun imkoniyatlar yaratilishi va boshqa mamlakatlarga qaramlikni kamaytirish kabi omillar kosmik dasturlar uchun budjet mablagʻlarini maqsadli yoʻnaltirishga asos boʻlib xizmat qilmoqda.
2020-yilda dunyodagi kosmik xizmatlar bozorining umumiy hajmi 400 milliard AQSh dollariga yaqinlashgan va 2040-yilga kelib u 1 trilliondan oshishi kutilmoqda.
Umumiy bozor hajmining 20 foizi kosmik faoliyatni moliyalashtirish, 80 foizi esa kosmik tijorat daromadlariga toʻgʻri kelmoqda. Sanoat daromadlarining katta qismi sunʼiy yoʻldosh aloqasi (34 foiz) va navigatsiya hisobidan mos ravishda taʼminlanmoqda (58 foiz).
2020-yilda sunʼiy yoʻldosh xizmatlaridan umumiy daromad 117,8 milliard AQSh dollarini tashkil etdi, shu jumladan, televideniye — 88,4 milliard, radio — 6,3 milliard, internet tarmogʻi — 2,8 milliard, statsionar aloqa — 15,7 milliard, mobil aloqa — 2 milliard, erni masofadan zondlash xizmatlari — 2,6 milliardga teng boʻlgan.
Bugungi kunda kosmik bozorning asosiy tayanchlarini erni masofadan zondlash, navigatsiya xizmatlari, aloqa yoʻldoshlari va maʼlumotlar yetkazish tashkil etmoqda.
Yaqin kelajakda fuqarolik hamda harbiy maqsadlar uchun masofadan zondlash va sunʼiy yoʻldosh aloqalaridan foydalanish sohalarida jadal rivojlanish kutilmoqda. Yerni masofadan zondlash bozori 2026-yilga kelib 8,5 milliard, 2029-yilga kelib sunʼiy yoʻldosh aloqasi bozori 18,7 milliard AQSh dollariga yetishi kutilmoqda.
2021-yil boshida Yer orbitasi atrofida 6,5 mingta sunʼiy yoʻldosh mavjud boʻlib, ulardan 3,4 mingtasi faol sunʼiy yoʻldoshlardir. Faol sunʼiy yoʻldoshlarning umumiy sonidan 1,9 mingtasi AQShga, 412 tasi Xitoyga, 176 tasi Rossiyaga, 887 tasi boshqa mamlakatlarga tegishli.
Kelgusi oʻn yil ichida sunʼiy yoʻldoshlarga boʻlgan talab qariyb besh barobar oshishi kutilmoqda. Bu esa, oʻz navbatida har yili oʻrtacha hisobda taxminan 1,25 mingta sunʼiy yoʻldosh ishga tushiriladi degani (oʻtgan 10 yilda — yiliga 260 tadan ishga tushirilgan).
Kosmik faoliyatni rivojlantirishning asosiy omillari quyidagilarni nazarda tutadi:
dunyoning yetakchi va rivojlanayotgan mamlakatlari iqtisodiy, mudofaa, texnik, ilmiy, ijtimoiy, madaniy va xalqaro manfaatlarni amalga oshirish maqsadida kosmik faoliyatni faol rivojlantirmoqda;
dunyoning barcha mamlakatlarida kosmik dasturlar davlat budjeti hisobidan moliyalashtiriladi va kosmik sohani rivojlantirishga qodir boʻlgan davlatlar yuqori natija olish uchun katta moliyaviy mablagʻlar sarflaydi;
kosmik xizmatlar bozori tijorat daromadlari hisobidan kengaymoqda, ulardan asosiylari sunʼiy yoʻldosh orqali erni masofadan zondlash, sunʼiy yoʻldosh aloqasi va navigatsiya hisoblanadi;
davlat sektori kosmik xizmatlarning asosiy mijozi boʻlib qolishda davom etmoqda;
kosmik faoliyatning ayrim yoʻnalishlari tijoratlashtirilmoqda;
sunʼiy yoʻldoshlarga boʻlgan talab ortib bormoqda, shu boisdan kelgusi 10 yil ichida ularning ishga tushirilishi koʻpayishi kutilmoqda.
3-bob. Mamlakatimizda kosmik faoliyatni rivojlantirishning joriy holati
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil dekabr oyida respublika parlamenti — Oliy Majlisga yoʻllagan murojaatnomasida aerokosmik texnologiyalarni iqtisodiyotimizning yetakchi soha va tarmoqlariga joriy etish maqsadida milliy kosmik infratuzilmalarni yaratish, shuningdek, aerokosmik faoliyat boʻyicha alohida davlat organini tashkil etish hamda bu sohani rivojlantirish bilan bogʻliq vazifalarni kompleks ravishda hal etish zarurligi taʼkidlangan.
Shu maqsadda, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida kosmik faoliyatni rivojlantirish toʻgʻrisida” 2019-yil 30-avgustdagi PF-5806-son Farmoni bilan Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi (keyingi oʻrinlarda — “Oʻzbekkosmos” agentligi) tashkil etildi. Farmon bilan “Oʻzbekkosmos” agentligi kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida yagona davlat siyosatini va strategik yoʻnalishlarni ishlab chiqish va amalga oshirish uchun masʼul boʻlgan davlat boshqaruvi organi etib belgilandi.
Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 17-sentabrdagi 781-son qarori bilan “Oʻzbekkosmos” agentligining nizomi tasdiqlandi hamda uning asosiy vazifa va funksiyalari belgilab berildi.
Shuningdek, Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 20-maydagi 274-son qarori bilan “Oʻzbekkosmos” agentligi tizimida “Kosmik monitoring va geoaxborot texnologiyalari markazi” davlat unitar korxonasi (keyingi oʻrinda — Markaz) tashkil etildi.
Markazning asosiy vazifalari etib kosmik monitoringni amalga oshirish, erni masofadan zondlash, jismoniy va yuridik shaxslarga konsalting xizmatlari koʻrsatish, hududlarning ijtimoiy-iqtisodiy faoliyati samaradorligini oshirishga koʻmaklashish belgilandi.
“Oʻzbekkosmos” agentligi tomonidan respublikaning turli iqtisodiyot tarmoqlarini jadal rivojlantirish va sohalarda shaffoflikni oshirishda ilgʻor kosmik texnologiyalarni qoʻllash orqali quyidagi amaliy ishlar olib borilmoqda:
a) geologiya va kon-metallurgiya sohasida Samarqand viloyatidagi 16,8 ming km 2 maydonda oʻtkazilgan kosmik monitoring tahlili orqali jami 279 ta noruda qazilma konlaridan 119 tasida qonun buzilishi holatlari aniqlandi;
b) qishloq xoʻjaligi sohasida kosmik monitoringning joriy etilishi haqiqatda ekin ekilgan maydonni aniqlash, vegetatsiya davrini kunlik kuzatish, ekinlar boʻyicha tezkor maʼlumotlarni olish imkonini berdi. Jumladan, Buxoro viloyatida tumanlar boʻyicha olingan 2021-yildagi kosmik suratlar orqali 30 ming gektarga yaqin yer maydoni tahlil qilindi, “Raqamli Samarqand” loyihasi (Fransiyaning Airbus kompaniyasi bilan hamkorlikda, qiymati 1 million yevro) doirasida Jomboy, Oqdaryo va Payariq tumanlarida ekilgan ekinlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar raqamlashtirildi va ekin turlari tasniflandi;
v) transport va yoʻl xoʻjaligi sohasida Samarqand shahrida kosmik texnologiyalar yordamida 2,5 ming km yoʻl toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (yŭllarning uzunligi, eni, qatnov boʻlaklari va qoplamasi) raqamlashtirildi va sunʼiy intellekt texnologiyasiga asoslangan raqamli platforma ishlab chiqildi;
g) yer munosabatlari sohasida Boʻstonliq tumanidagi 870 km 2 yer maydonining kosmik suratlari tahlil qilindi va 13 mingta obyektdan 11 mingtasi turar va 907 tasi noturar joy ekanligi, 408 taga yaqini oʻzboshimchalik bilan egallab olingani, 227 ta yer uchastkasidan 2 yil davomida foydalanilmayotgani hamda 413 ta maʼlumoti toʻliq boʻlmagan obyektlar aniqlandi;
d) oʻrmon xoʻjaligi sohasida Boʻstonliq tumanida joylashgan oʻrmon hamda zaxira fondiga kiruvchi oʻrmonlar raqamlashtirilib, 1960 — 2020-yillarda ekilgan daraxtlar tasniflandi;
e) gidrometeorologiya sohasida Gidrometeorologiya xizmati markazi bilan hamkorlikda besh yillik (2017 — 2022-yillar) yuqori aniqlikdagi kosmik suratlarni qayta ishlash natijasida sel-suv toshqinlari yuvib ketishi xavfi oʻta yuqori boʻlgan hududlarda joylashgan binolarni aniqlash boʻyicha GAT monitoring platformasi faoliyati yoʻlga qoʻyildi;
j) favqulodda vaziyatlar sohasida 2021-yilning avgust oyida Zomin tumanidagi oʻrmonlar boʻyicha kunlik kosmik suratlar tahlili orqali sodir boʻlgan yongʻin oqibatida oʻrmon hududining 38 gektari zarar koʻrgani aniqlangan;
z) mudofaa va xavfsizlik sohasida Afgʻoniston-Oʻzbekiston chegara hududi boʻyicha 3 ming km 2 dan ortiq maydonning kosmik suratlari tahlili mavjud vaziyatni toʻgʻri baholash imkonini berdi.
Shuningdek, “Oʻzbekkosmos” agentligining xalqaro tashkilotlar doirasidagi faoliyati, kosmik tarmoq rivojlangan xorijiy davlat kosmik agentliklari hamda yetakchi kompaniyalari bilan hamkorlik doirasida quyidagi ishlar amalga oshirilmoqda:
“Oʻzbekkosmos” agentligi Osiyo va Tinch okeani uchun iqtisodiy va ijtimoiy komissiyasining Hukumatlararo maslahat qoʻmitasi Barqaror rivojlanish uchun kosmik texnologiyalarni qoʻllash mintaqaviy dasturining 35-aʼzo davlati sifatida qabul qilindi;
2019-yil 20-sentabrdan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi uchun Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligiga (MDH) aʼzo davlatlarning Kosmik fazoni tinch maqsadlarda tadqiq etish va undan foydalanish sohasidagi qoʻshma faoliyatini amalga oshirish toʻgʻrisidagi bitim kuchga kirdi. Oʻzbekiston Respublikasi tomonidan “Oʻzbekkosmos” agentligi MDH Davlatlararo Kosmik Kengashida ishtirok etish boʻyicha vakolatli organ deb belgilandi;
Hindiston (ISRO) va Qozogʻiston (Aerokosmik qoʻmita) bilan Hukumatlararo Bitim, Fransiya milliy kosmik tadqiqotlar markazi (CNES) bilan Hadli bitim, Koreya aerokosmik tadqiqotlar instituti (KARI) va Ozarbayjon kosmik agentligi (Azerkosmos) bilan Anglashuv memorandumlari imzolangan;
AQSh Milliy aeronavtika va kosmik fazoni tadqiq etish administratsiyasi (NASA), Turkiya kosmik agentligi (TUA), Buyuk Britaniya kosmik agentligi, BAA kosmik agentligi, Portugaliya kosmik agentligi, Malayziya kosmik agentligi (MYSA), Pokiston Kosmik va yuqori atmosferani oʻrganish boʻyicha komissiyasi (SUPARCO) bilan hamkorlik aloqalari oʻrnatilgan;
Yerni masofadan zondlash boʻyicha sunʼiy yoʻldosh operatorlari “Maxar Technologies” (AQSh), “Airbus Defence & Space” (Fransiya), “Planet Labs” (AQSh), “ICEYE” (Finlyandiya), “BlackSky” (AQSh) “NEAD Aerospace” (Xitoy) kompaniyalari, aloqa sunʼiy yoʻldosh operatorlari “SpaceX” (AQSh), “OneWeb” (Buyuk Britaniya), “SES” (Lyuksemburg), “Eutelsat” (Fransiya), “Viasat” (AQSh), “Inmarsat” (Buyuk Britaniya) kompaniyalari, kosmik suratlarni qayta ishlash dasturiy mahsulotlarini ishlab chiquvchilar “ESRI” (AQSh), “Nexagon” (Shvetsiya) kompaniyalari bilan hamkorlikda loyihalar amalga oshirilmoqda;
Fransiya Oliy aeronavtika va kosmonavtika instituti, Osiyo va Tinch okeanida kosmik fan va texnologiya taʼlimi markazi, Moskva Aviatsiya instituti bilan kosmik soha uchun kadrlar tayyorlash hamda xodimlarning malakasini oshirish boʻyicha qisqa muddatli trening, seminarlar hamda bakalavr, magistratura bosqichlarida taʼlim dasturlarini tashkil etish boʻyicha hamkorlik amalga oshirilmoqda;
2021-yil 23-iyunda Toshkent shahrida AQShning “Maxar Technologies”, “Esri” va “SpaceX” kompaniyalari bilan hamkorlikda “Discovery Day Uzbekistan” konferensiyasi tashkil etildi;
2022-yil 10-11-may kunlari Toshkent shahrida “Dialogue Events” kompaniyasi (Buyuk Britaniya) bilan hamkorlikda “Space Technology Conference STC-2022” xalqaro konferensiyasi oʻtkazildi.
4-bob. Kosmik texnologiyalarni joriy etishdagi tizimli muammolar
Kosmik texnologiyalarni joriy etish borasida hozirgi kunda quyidagi tizimli muammolar kuzatilmoqda:
kosmik faoliyat, tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida normativ-huquqiy baza yetarli darajada shakllantirilmagan;
kosmik sohada vakolatli organ hisoblanmaydigan boshqa vazirliklar va idoralarning normativ-huquqiy hujjatlarida ziddiyat, noaniqliklar va tafovutlar mavjud;
kosmik faoliyat va texnologiyalar sohasida zamonaviy axborot texnologiyalarini joriy etish va ilm-fan yutuqlari natijalariga erishilmagan, shuningdek oliy taʼlim muassasalarida ushbu sohadagi kadrlarni tayyorlashga qaratilgan ilmiy-bazaviy asoslar yetarli darajada shakllanmagan;
sohadagi mavjud muammolarni hal qilishda kosmik texnologiyalardan foydalanishning afzalliklari va samaradorligi toʻgʻrisida vazirliklar va idoralar yetarli darajada maʼlumotga va bilimga ega emas;
davlat organlarida iqtisodiyotning yetakchi sohalari vazifalarini samarali hal etish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi mudofaa va xavfsizlik manfaatlari yoʻlida kosmik monitoring va geoaxborot texnologiyalarini joriy etish uchun imkoniyat va zamonaviy vositalar mavjud emas;
er usti kosmik infratuzilmasini qurish va rivojlantirish masalalarini moliyalashtirish manbalari muvofiqlashtirilmagan;
kosmik texnologiyalarni rivojlantirish va ulardan samarali foydalanish sohasida yuqori malakali mutaxassislar yetishmaydi;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida sunʼiy yoʻldosh orqali ishlaydigan mobil qurilma va terminallarni roʻyxatga olish, nazorat qilish, sotish, shaxsiy foydalanish uchun olib kirish yoki ishlab chiqarish uchun aniq talab va mexanizmlar mavjud emas hamda ushbu yoʻnalish boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar ishlab chiqilmagan.
Oʻzbekiston Respublikasida kosmik tarmoqni litsenziyalash turlarini noaniq talqin qilish tegishli talabning yetishmasligiga olib keldi, bu esa oʻz navbatida mamlakatdagi kosmik faoliyatni nazorat qilishga sezilarli taʼsir koʻrsatmoqda.
5-bob. Kosmik faoliyatni rivojlantirishning asosiy yoʻnalishlari
Konsepsiya quyidagi ustuvor yoʻnalishlarni nazarda tutadi:
kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida qonunchilik bazasini shakllantirish va takomillashtirish;
er usti kosmik infratuzilmasini yaratish va rivojlantirish;
kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida xalqaro hamkorlikni kengaytirish va tijoriy kosmik faoliyatni rivojlantirish;
kosmik faoliyatning kadrlar salohiyatini mustahkamlash;
milliy sunʼiy yoʻldoshlar guruhini yaratish;
innovatsion startap loyihalar va akseleratorlarni, shuningdek, ilmiy tadqiqotlarni qoʻllab-quvvatlash.
1-§. Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida qonunchilik bazasini shakllantirish va takomillashtirish
Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida qonunchilik bazasini shakllantirish va takomillashtirish doirasida quyidagilar belgilanadi:
kosmik monitoring, shu jumladan, davlat kosmik monitoringini yuritish va uning natijalarini taqdim etish haqidagi nizomni qabul qilish;
Oʻzbekiston Respublikasining “Kosmik faoliyat toʻgʻrisida”gi Qonunini qabul qilish;
Oʻzbekiston Respublikasining kosmik faoliyatni tartibga soluvchi erni masofadan zondlash tartibini belgilash;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida foydalanilayotgan, sotish yoki shaxsiy foydalanish uchun olib kiriladigan va ishlab chiqariladigan sunʼiy yoʻldosh orqali ishlovchi mobil qurilmalar va terminallarni roʻyxatga olish reglamentini belgilash.
2-§. Yer usti kosmik infratuzilmasini yaratish va rivojlantirish
Yer usti kosmik infratuzilmasini yaratish va rivojlantirish doirasida quyidagilar nazarda tutiladi:
kosmik tarmoqni rivojlantirish hamda ilmiy-tadqiqot va ilmiy-amaliy faoliyatni amalga oshirish uchun “Oʻzbekkosmos” agentligi tizimida “Amaliy kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar ilmiy-ishlab chiqarish Milliy markazi”ni tashkil etish;
kosmik apparatlarni loyihalash va ularning ayrim qismlarini ishlab chiqarish kompleksini tashkil etish;
kosmik monitoring ishlarini amalga oshirish va davlat boshqaruvi organlarini kosmik suratlar va kosmik suratlarni qayta ishlash natijalari bilan taʼminlab borish.
3-§. Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida xalqaro hamkorlikni kengaytirish va tijoriy kosmik faoliyatni rivojlantirish
Kosmik tadqiqotlar sohasida xalqaro hamkorlikni kengaytirish va tijoriy kosmik faoliyatni rivojlantirish doirasida quyidagilar belgilanadi:
global sunʼiy yoʻldoshli navigatsiya (GNSS) tizimlari operatorlari bilan hamkorlik aloqalarini yoʻlga qoʻyish;
xalqaro astronavtika federatsiyasiga hamda “Tabiiy ofatlar va kosmos” Xartiyasiga (“Disaster & Space” Charter) aʼzo boʻlish va hamkorlikda faoliyat yuritish;
favqulodda vaziyatlar yuzaga kelganda sunʼiy yoʻldosh apparatlari orqali erni masofadan zondlash maʼlumotlarini tezkor qabul qilish maqsadida xorijiy erni masofadan zondlash sunʼiy yoʻldosh operatorlari bilan kelishuv, memorandum, bitim va shartnomalar imzolash;
xalqaro moliya institutlari, donor tashkilotlar, kompaniyalar va banklar bilan kosmik sohaga xorijiy sarmoya va ilgʻor texnologiyalarni jalb etish boʻyicha hamkorlikni rivojlantirish;
Birlashgan Millatlar Tashkiloti Bosh Assambleyasining 1966-yil 19-dekabrdagi 22 (XXII) rezolyutsiyasi bilan qabul qilingan “Kosmosni, shu jumladan Oyni va boshqa samoviy jismlarni tadqiq qilish va ulardan foydalanish boʻyicha davlatlarning faoliyati tamoyillari toʻgʻrisidagi shartnoma”ni ratifikatsiya qilish;
“Oʻzbekkosmos” agentligi xodimlarining xalqaro miqyosdagi kosmik sohaga oid konferensiya va koʻrgazmalarda doimiy ishtirok etishini tashkil etish;
Oʻzbekiston Respublikasida kosmik sohadagi xorijiy ekspertlar, kompaniyalar, kosmik agentliklar hamda tegishli davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari ishtirokida har yili kosmik texnologiyalarning ijtimoiy-iqtisodiy sohalarga taʼsiriga bagʻishlangan xalqaro konferensiya oʻtkazish.
4-§. Kosmik faoliyatning kadrlar salohiyatini mustahkamlash
Kosmik faoliyatning kadrlar salohiyatini mustahkamlash doirasida quyidagilar nazarda tutiladi:
kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida kadrlar tayyorlash va qayta tayyorlash tizimini rivojlantirish;
“Oʻzbekkosmos” agentligi va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlarini ilgʻor xorijiy mamlakatlardagi taʼlim muassasalari, oʻquv markazlari hamda ishlab chiqarish korxonalarida kosmik tarmoqning turli yoʻnalishlari boʻyicha tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirish ishlarini tashkil etish;
kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida ilgʻor xorijiy tajribani oʻrganish boʻyicha stajirovkalar va seminarlar tashkil etish hamda oʻtkazish.
5-§. Milliy sunʼiy yoʻldoshlar guruhini yaratish
Milliy sunʼiy yoʻldoshlar guruhini yaratish doirasida quyidagilar nazarda tutiladi:
Oʻzbekiston Respublikasida erni masofadan zondlash sunʼiy yoʻldoshlari milliy guruhini yaratish;
Oʻzbekiston Respublikasi telekommunikatsiya yoʻldoshlarining milliy guruhlarini yaratish;
Oʻzbekiston Respublikasi ilmiy-texnologik sunʼiy yoʻldoshlarining milliy guruhini yaratish.
6-§. Innovatsion startap loyihalar va akseleratorlarni, shuningdek, ilmiy tadqiqotlarni qoʻllab-quvvatlash
Innovatsion startap loyihalar va akseleratorlarni, shuningdek, ilmiy tadqiqotlarni qoʻllab-quvvatlash doirasida quyidagilar nazarda tutiladi:
qishloq va suv xoʻjaligi, ekologiya, telekommunikatsiya, geologiya-qidiruv, kartografiya, meteorologiya, seysmologiya va shaharsozlik sohalarining samaradorligini oshirishda erni masofadan turib zondlash, yoʻldosh aloqa, navigatsiya tizimlarini qoʻllash masalalarining ilmiy va innovatsion yechimiga qaratilgan tadqiqotlar olib borish;
aerokosmik startap inkubatorlarini yaratish;
“NASA Space Camp” kosmik lageri misolida interaktiv oʻquv majmuasini tashkil etish;
iqtisodiyotning turli sohalarida kosmik texnologiyalarni joriy etish orqali geoaxborot maʼlumotlardan foydalanish imkoniyatlarini kengaytirish;
ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanish maqsadlariga erishish, mudofaa qobiliyatini mustahkamlash va mamlakat xavfsizligini taʼminlash uchun kosmik texnologiyalar va davlat kosmik monitoring tizimini joriy etish;
ilgʻor xorijiy kosmik tashkilotlar va kompaniyalar bilan kosmik fazoni tinch maqsadlarda tadqiq etish va ulardan foydalanish, mamlakat iqtisodiyotining muhim sohalarini rivojlantirish yoʻlida kosmik texnologiyalarni samarali qoʻllash;
kosmik, aero va yer usti kuzatuvlari natijalari asosida geografik, kartografik, tabiiy resurslar, ijtimoiy-iqtisodiy, er, transport, meteorologik, ekologik va boshqa maʼlumotlarni tizimlashtirish, ulardan amaliy foydalanish maqsadida yagona davlat geoaxborot tizimini yaratish;
taʼlim, ilm-fan va ishlab chiqarishning uzviy integratsiyasiga asoslangan zamonaviy bazaviy kosmik infratuzilmani yaratish.
6-bob. Konsepsiyani amalga oshirishdan kutilayotgan natijalar
Konsepsiyani amalga oshirish doirasida kosmik tadqiqotlar va texnologiyalarni qoʻllash orqali respublika iqtisodiyot tarmoqlari va sohalarida quyidagi natijalarga erishish rejalashtirilgan:
a) qishloq xoʻjaligi sohasida:
qishloq xoʻjaligi yerlari inventarizatsiya qilinadi va ularning konturlari boʻyicha raqamlashtiriladi;
qishloq xoʻjaligi yerlaridan noqonuniy foydalanish va oʻzboshimchalik bilan egallash holatlarini monitoring qilish tizimi yoʻlga qoʻyiladi;
qishloq xoʻjaligi ekinlarining rivojlanishini doimiy kuzatish, baholash va hosildorlikni prognozlash amaliyoti yoʻlga qoʻyiladi;
qurgʻoqchilik xavfi darajasini baholash, yerlarning joriy holati hamda shudgorlash va ekish tadbirlari monitoringi yoʻlga qoʻyiladi;
b) yer munosabatlari sohasida:
6,6 milliondan ortiq koʻchmas mulk obyektlari boʻyicha foydalanilmayotgan, samarasiz foydalanilayotgan, foydalanishga yaroqsiz boʻlgan va boshqa maqsadlarda foydalanilayotgan yerlar monitoring qilinadi;
er kadastri maʼlumotlari yangilanadi va dolzarb holatga keltiriladi, yer uchastkalari chegaralari monitoring qilinadi;
v) oʻrmon xoʻjaligi sohasida:
oʻrmon xoʻjaligi obyektlarini inventarizatsiya qilish orqali noqonuniy oʻrmon kesilishi holatlari va maydonlari aniqlanadi;
oʻrmon fondi yerlarida noqonuniy qurilish va chiqindi zonalarini tashkil etish holatlari aniqlanadi;
oʻrmon fondi yerlarida yongʻin oʻchoqlarini barvaqt aniqlash orqali yongʻinlar natijasida yetkazilishi mumkin boʻlgan moddiy va ekologik zararlarning oldi olinadi.
g) geologiya va kon-metallurgiya sohasida:
yer qaʼridan oʻzboshimchalik bilan foydalanish, foydali qazilmalar joylashgan maydonlardan asossiz ravishda va boshqa maqsadlarda foydalanish holatlari aniqlanadi;
noruda foydali qazilmalarni oʻz ichiga olgan yer qaʼri uchastkalarida kosmik monitoring ishlari amalga oshiriladi;
yer qaʼridan foydalanish uchun ajratilgan yer uchastkalari doirasida kon ishlarini olib borish holatlari monitoring qilinadi;
d) transport va yoʻl xoʻjaligi sohasida:
transport infratuzilmasi (avtomobil yoʻllar, temir yoʻl tarmoqlari, quvurlar, suv kanallari, havo va daryo portlari, bojxona punktlari, telekommunikatsiya tarmoqlari) xatlovdan oʻtkaziladi va raqamlashtiriladi;
avtomobil yoʻllar, temir yoʻllar, transport quvurlari va transport infratuzilmasi boshqa obyektlarining (koʻpriklar, toʻxtash joylari, yoqilgʻi quyish shoxobchalari, kompleks xizmat koʻrsatish punktlari) joriy holati, qurilish va rekonstruksiya qilish jarayonlari monitoring qilinadi;
e) ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish sohasida:
mavjud chiqindilarni saqlash joylari, suvning ifloslanishi, ekologik xavfli obyektlar va yer degradatsiyasi jarayonlari monitoring qilinadi;
yangi paydo boʻlgan noqonuniy chiqindi zonalarini aniqlash tizimi yoʻlga qoʻyiladi;
muhofaza etiladigan tabiiy hududlarda noqonuniy faoliyat va qonun buzilishi holatlari monitoringi amalga oshiriladi;
j) favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish sohasida:
tabiiy hamda texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlarni aniqlash, ularning oqibatlarini tahlil qilish hamda prognoz qilish imkoniyati yaratiladi;
favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish boʻyicha qutqaruv, avariya ishlari va boshqa ishlarni tashkil etish vaqt, inson va moddiy resurslar tejalishiga erishiladi;
yongʻinlarning kelib chiqish xavfi sifatida termal hududlarni aniqlash, favqulodda vaziyatlar oqibatlarida yetkazilgan zarar maydonlarini aniqlash va yetkazilgan zarar darajasini baholash imkoniyati yaratiladi.
togʻ oldi hududlarda joylashgan aholi yashash punktlarida sel xavfi va yer koʻchishi yuqori boʻlgan jarayonlar monitoring qilinadi.
z) suv xoʻjaligi sohasida:
suv omborlarining suv va sedimentatsiya balansi, muzlash hodisalari monitoringi amalga oshiriladi;
qor qoplamlari va muzliklarning erishi hisobiga shakllanadigan daryolar oqimini prognoz qilish amaliyoti yoʻlga qoʻyiladi;
suv resurslaridan oqilona foydalanish va suv obyektlarining muhofaza zonalari doimiy monitoring qilinadi;
i) gidrometeorologiya va iqlim oʻzgarishi sohasida:
sunʼiy yoʻldosh maʼlumotlari hamda masofaviy zondlash orqali olingan maʼlumotlar asosida xavfli gidrometeorologik hodisalar toʻgʻrisida barvaqt ogohlantirish tizimi takomillashtiriladi;
mintaqaviy iqlimning ehtimoliy oʻzgarishlari, ularning oqibatlarini prognoz qilish, asosiy eʼtiborni qishloq xoʻjaligi va suv resurslariga qaratgan holda iqtisodiyot tarmoqlarining zaifligini baholash tizimi yoʻlga qoʻyiladi.
Konsepsiyani amalga oshirish doirasida:
kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida fundamental, amaliy va innovatsion loyihalarni amalga oshirish uchun qulay shart-sharoitlar yaratiladi;
startap va texnologiyalar transferini taʼminlash orqali kosmik sohaning istiqbolli ishlanmalari tijoratlashtiriladi;
kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar sohasida kadrlar tayyorlash va qayta tayyorlash tizimi rivojlantiriladi;
er usti kosmik infratuzilmasi yaratiladi va rivojlantiriladi;
favqulodda vaziyatlar yuzaga kelganda sunʼiy yoʻldosh apparatlari orqali erni masofadan zondlash maʼlumotlarini tezkor qabul qilish va vakolatli davlat organlariga yetkazib berishga erishiladi.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 30-noyabrdagi 688-son qaroriga 2-ILOVA
2022 — 2026-yillarda Oʻzbekiston Respublikasining kosmik tarmogʻini rivojlantirish konsepsiyasining maqsadli koʻrsatkichlari
T/r Koʻrsatkichlar nomi Oʻlchov birligi Joriy holati Yillar boʻyicha Masʼul ijrochi tashkilotlar 2023 2024 2025 2026 1. Qishloq xoʻjaligi sohasida davlat kosmik monitoringi amalga oshiriladigan hududlar qamrovi son – 4 8 10 13 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi 2. Qishloq xoʻjaligi yerlaridan foydalanish holatini monitoring qilish, shu jumladan yerlardan noqonuniy foydalanish va ularni oʻzboshimchalik bilan egallash holatlarini aniqlash darajasi foiz – 80 90 95 98 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi 3. Ekinlarning turlari va haqiqatda ekin ekilgan maydonlarni aniqlash darajasi foiz – 80 85 95 95 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi 4. Yer munosabatlari sohasida davlat kosmik monitoringi amalga oshiriladigan hududlar qamrovi son – 6 14 14 14 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Kadastr agentligi 5. Yer uchastkalarining oʻzboshimchalik bilan egallab olinishi hamda oʻzboshimchalik bilan egallab olingan yer uchastkalarida bino va inshootlar qurilishini aniqlash darajasi foiz – 80 85 95 95 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Kadastr agentligi 6. Oʻrmon xoʻjaligi sohasida davlat kosmik monitoringi amalga oshiriladigan hududlar qamrovi son – 4 8 10 13 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi 7. Noqonuniy oʻrmon kesilishi holatlari va maydonlarini aniqlash darajasi foiz – 80 85 90 95 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi 8. Oʻrmon fondi yerlarida yer uchastkalarining oʻzboshimchalik bilan egallab olinishi, noqonuniy qurilish holatlarini aniqlash darajasi foiz – 80 85 95 95 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi 9. Geologiya va kon-metallurgiya sohasida davlat kosmik monitoringi amalga oshiriladigan hududlar qamrovi son 4 13 13 13 13 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi 10. Yer qaʼridan oʻzboshimchalik bilan foydalanish, foydali qazilmalar joylashgan maydonlardan asossiz ravishda va boshqa maqsadlarda foydalanish holatlarini aniqlash darajasi foiz – 85 90 95 98 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi 11. Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish sohasida davlat kosmik monitoringi amalga oshiriladigan hududlar qamrovi son 1 6 12 14 14 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi 12. Mavjud chiqindilarni saqlash joylarida belgilangan hududdan tashqariga chiqish, yangi paydo boʻlgan noqonuniy chiqindi zonalarini aniqlash darajasi foiz – 80 85 90 95 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi 13. Favqulodda vaziyatlar sohasida davlat kosmik monitoringi amalga oshiriladigan hududlar qamrovi son – 14 14 14 14 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi 14. Tabiiy muhofaza etiladigan hududlarda yer uchastkalarining oʻzboshimchalik bilan egallab olinishi, noqonuniy bino va inshootlar qurilish holatlarini aniqlash darajasi foiz – 80 85 90 95 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi 15. Ëngʻin oʻchoqlari kelib chiqish nuqtalarini boshlangʻich b�sqichlarda aniqlash darajasi foiz – 35 40 50 65 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi 16. Favqulodda vaziyatlar oqibatlarida yetkazilgan zarar maydonlarini aniqlash darajasi foiz – 80 85 90 90 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi 17. Suv obyektlarining muhofaza zonalarida qonun buzilishi holatlarini aniqlash boʻyicha davlat kosmik monitoringi amalga oshiriladigan suv omborlari qamrovi son 2 25 35 45 60 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Suv xoʻjaligi vazirligi 18. Suv obyektlarining muhofaza zonalarida qonunbuzilish holatlarini aniqlash darajasi foiz – 80 85 90 90 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Suv xoʻjaligi vazirligi 19. Suv omborlarining loyqa oqiziqlar bilan toʻlib borish dinamikasini hamda suv sathi rejimi monitoring qilinadigan suv omborlari qamrovi son 2 25 35 45 60 “Oʻzbekkosmos” agentligi, Suv xoʻjaligi vazirligi 20. Davlat boshqaruvi organlarini kosmik suratlar bilan taʼminlash darajasi ming km 2 110 135 270 405 990 “Oʻzbekkosmos” agentligi, manfaatdor vazirliklar va idoralar 21. Davlat boshqaruvi organlarida kosmik texnologiyalarni qoʻllash va kosmik suratlarni qayta ishlash yoʻnalishida kadrlar malakasini oshirish boʻyicha qisqa muddatli trening va seminarlar son 3 8 10 12 15 “Oʻzbekkosmos” agentligi, manfaatdor vazirliklar va idoralar
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 30-noyabr,
688-son