📅 2022-yil 30-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 30-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 30 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 ноября 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 November 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ҚОИДАЛАРИ
НИЗОМ
ПАСПОРТИ
Товар-хом ашё биржаларининг фаолиятини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2022 йил 24 ноябрдаги ПҚ-430-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Товар-хом ашё биржаларида товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари билан шуғулланадиган брокерлик идораларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда биржа аъзоларига малака талабларини белгилаш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:
фьючерс савдолари билан шуғулланадиган брокерлик идораларини аккредитациялаш, фьючерс савдолари иштирокчиларига қўйиладиган талаблар, уларга савдоларда иштирок этишга рухсат бериш ва рухсат беришни рад этиш тартибларини;
брокерлик идоралари ва уларнинг трейдерларига фьючерс савдолари билан шуғулланиш бўйича қўйиладиган малака талабларини белгилаш;
б) Биржа савдоларида нархлар ҳийла-найранги, ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланиш ва асоссиз даромад олишнинг рақобатга зид бошқа усулларидан фойдаланишнинг олдини олиш қоидалари 2-иловага мувофиқ:
биржа савдоларида нархлар ҳийла-найрангининг олдини олиш чоралари ва уларни аниқлаш тартибларини;
биржа иштирокчилари томонидан нархлар ҳийла-найрангига йўл қўймаслик бўйича тақиқланадиган ҳаракатларни;
ички (инсайдерлик) маълумотларнинг ҳисобини юритиш ва улардан фойдаланиш бўйича чеклов ва жавобгарликни белгилаш;
в) Товар-хом ашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган умумий талаблар тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
товар-хом ашё биржалари фаолиятини амалга ошириш учун электрон биржа савдолари тизимларига қўйиладиган талаблар;
зарур дастурий таъминотлар ва серверга қўйиладиган талаблар;
ахборот хавфсизлиги ва уни муҳофаза қилиш даражасини таъминлаш ва биржа савдосининг ҳар бир иштирокчиси учун тенг фойдаланиш талаблари.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Монополияга қарши курашиш қўмитаси товар-хом ашё биржалари билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу қарор талабларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ш.Ш. Шарахметов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 ноябрдаги 687-сон қарорига 1-ИЛОВА
Товар-хом ашё биржаларида товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари билан шуғулланадиган брокерлик идораларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда биржа аъзоларига малака талабларини белгилаш тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом товар-хом ашё биржаларида (кейинги ўринларда — Биржа) товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари билан шуғулланадиган брокерлик идораларини аккредитациядан ўтказиш тартибини ҳамда биржа аъзоларига малака талабларини белгилайди.
2. Мазкур низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
аккредитация — биржада биржа аъзоларига товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида иштирок этишга рухсат бериш тизими;
ариза берувчи — биржага товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида иштирок этишга рухсат бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган биржа аъзоси;
аъзолик бадали — фьючерс бозорида савдоларни ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва ривожлантириш харажатларини қоплаш учун савдо иштирокчилари томонидан тўланадиган мажбурий тўлов;
клиринг аъзоси — марказий контрагент билан клиринг хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган шахс;
марказий контрагент — клиринг иштирокчилари учун клиринг хизматини кўрсатувчи ва фьючерс шартномаси бўйича томонлар учун контрагент вазифасини бажарувчи биржанинг таркибий бўлинмаси;
малака сертификати — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан аттестация натижалари асосида давлат аккредитациясидан ўтган таълим ташкилотларида товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари бўйича ўқув курсларини муваффақиятли якунлаганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
рўйхат — терроризмга, оммавий қиргин қуролини тарқатишга қарши курашадиган давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар, шунингдек, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар расмий каналлари орқали тақдим этиладиган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилган, террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;
савдолар иштирокчиси — биржада товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида қатнашишга рухсат берилган биржа аъзоси.
2-боб. Савдо иштирокчиларига қуйиладиган талаблар
3. Биржада товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари билан шуғулланишга талабгор бўлган биржа аъзоларига аккредитациядан ўтиш учун қуйидаги малака талаблари белгиланади:
биржада биржа аъзоси сифатида аккредитациядан ўтган бўлиши;
биржа аъзосининг трейдерлари малака сертификатига эга бўлиши;
биржа аъзосининг раҳбари олий маълумотга ёки товар-хом ашё биржаларида уч йиллик брокерлик иш стажига эга бўлиши;
ариза берувчи биржа аъзосининг раҳбари ариза беришдан олдин охирги уч йил давомида жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида суд ҳукми чиқарилмаган бўлиши ёки суд ҳукми билан молиявий ташкилотларда мансабдор шахс лавозимларини эгаллашга тақиқ бўлмаслиги.
4. Савдо иштирокчиси фьючерс савдолари тўғрисидаги қонунчиликка ҳамда фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ва фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибига, шунингдек, биржанинг бошқа ҳужжатларига риоя қилишлари шарт.
5. Савдо иштирокчиси фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ва фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибига мувофиқ белгиланган махфий маълумотларни, фьючерс савдолари ҳамда тижорат сирини ташкил этувчи ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотларга нисбатан махфийликни сақлаши шарт.
6. Савдо иштирокчисига мижозларни чалғитиши мумкин бўлган ҳаракатларни содир этиш, шу жумладан, нотўғри ҳисоботлар ва маълумотларни тақдим этиш тақиқланади.
7. Савдо иштирокчиси мижозни биржанинг веб-сайтида ошкор қилинган фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари, фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартиби, фьючерс контрактининг таснифи, шунингдек, ушбу ҳужжатлардаги ўзгаришлар ва биржа ваколатли органларининг қарорлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиши шарт.
8. Биржа савдо иштирокчилари ва уларнинг мижозлари реестрини юритади. Савдо иштирокчилари ва уларнинг мижозлари тўғрисидаги маълумотлар мазкур реестрга киритилади.
9. Биржа савдо иштирокчисидан савдо иштирокчилари ва уларнинг мижозлари реестрини юритиш учун зарур бўлган маълумотлар (ҳужжатлар)ни олишга ҳақли. Биржа савдо иштирокчисидан олинган маълумотлар (ҳужжатлар)ни марказий контрагентга бериш ҳуқуқига эга.
10. Савдо иштирокчисининг молиявий ҳолатини мониторинг қилиш мақсадида биржа ундан қўшимча маълумот олиш ва ҳисобот тақдим этишни талаб қилишга ҳақли.
11. Ариза берувчи ёки савдо иштирокчиси биржага тақдим этилаётган ҳужжатларнинг ишончлилиги ва тўлиқлигини таъминлаши шарт.
12. Савдо иштирокчиси унинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, устави, манзили (жойлашуви), почта манзили, телефон, факс, электрон почта манзили, раҳбарининг ўзгариши тўғрисида биржани хабардор қилиши шарт.
3-боб. Товар деривативлари, шу жумладан фьючерс савдоларида иштирок этишга рухсат бериш ва рухсат беришни рад этиш тартиби
13. Биржа ариза берувчини аккредитациядан ўтказади. Аккредитация вақтида биржа ариза берувчидан ва/ёки марказий контрагентдан олинган маълумотлар асосида мижозларга тегишли хос рақамларни бириктиради.
14. Биржанинг товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида иштирок этишга рухсат олиш учун ариза берувчи биржа билан фьючерс савдоларини ўтказиш бўйича хизмат кўрсатиш шартномасини тузади.
15. Аккредитациядан ўтиш учун ариза берувчи биржага фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ва фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибига мувофиқ ҳужжатларни тақдим этади.
16. Товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари секциясида аккредитациядан ўтишга малака сертификатига эга бўлган ҳамда ушбу Низомнинг 3-бандида белгиланган малака талабларига жавоб берадиган биржа аъзоларига рухсат берилади.
17. Савдо иштирокчисига товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида иштирок этишга электрон биржа савдо тизимидан фойдаланган ҳолда рухсат берилиши мумкин.
18. Биржада товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида иштирок этишга рухсат олиш учун ариза берувчи:
товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари бўйича биржа аъзоси сифатида аккредитациядан ўтган бўлиши;
биржа билан товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларини ўтказиш бўйича хизмат кўрсатиш шартномасини тузиши керак.
19. Савдо иштирокчиси трейдернинг иш жойидан фойдаланган ҳолда товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида иштирок этади.
20. Қуйидаги ҳолларда биржа хизматлар кўрсатиш шартномасини бекор қилиш орқали, шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг кўрсатмасига кўра товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида иштирок этишни тўхтатади:
савдо иштирокчисига нисбатан фаолиятни ёки фаолиятнинг айрим турларини тақиқлаш тўғрисида қонуний кучга кирган суд қарори мавжуд бўлса;
савдо иштирокчиси ва (ёки) унинг биринчи раҳбари рўйхатда мавжуд бўлса;
савдо иштирокчиси ва (ёки) унинг биринчи раҳбарига нисбатан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори (ҳукми) бўлса, унга асосан савдо иштирокчиси ва (ёки) унинг биринчи раҳбари муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган бўлса ва бу унинг товар биржасида савдода иштироки билан боғлиқ бўлса.
21. Товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида иштирок этиши тўхтатилган савдо иштирокчиси биржадаги товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларидаги иштироки тўхтатилгунга қадар юзага келган барча мажбуриятларини бажариши шарт.
22. Товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари секциясида Биржада аккредитациядан ўтказиш фақат қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:
ариза берувчи томонидан ушбу Низомда белгиланган талаблар бажарилмаса;
ариза берувчига нисбатан фаолиятни ёки фаолиятнинг айрим турларини тақиқлаш тўғрисида қонуний кучга кирган суд қарори мавжуд бўлса;
ариза берувчини ва (ёки) унинг биринчи раҳбари рўйхатда мавжуд бўлса;
ариза берувчига ва (ёки) унинг биринчи раҳбарига нисбатан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори (ҳукми) бўлса, унга асосан ариза берувчи ва (ёки) унинг биринчи раҳбари алоҳида ҳуқуқдан маҳрум этилган бўлса ва бу товар биржасида аккредитация олиш билан боғлиқ бўлса.
23. Биржада товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари секциясида аккредитациядан ўтказиш рад этилишига сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилган тақдирда, ариза берувчи аккредитациядан ўтиш тўғрисидаги ариза билан биржага қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
4-боб. Аъзолик бадали ва воситачилик йиғимларини тўлаш
24. Фьючерс бозорининг савдо иштирокчиси ва клиринг иштирокчисига нисбатан аъзолик бадалини тўлаш мажбурияти биржа томонидан белгиланган тарифларга мувофиқ савдода иштирок этишга рухсат бериш тўғрисида биржанинг якуний қарори қабул қилинган кундан бошлаб вужудга келади.
25. Савдо иштирокчиси биржа билан товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларини ўтказиш бўйича хизмат кўрсатиш шартномасини ва клиринг хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартнома имзолангандан сўнг фьючерс савдоларида иштирок этиш ҳуқуқи учун тўловларни амалга ошириши шарт.
26. Товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларини ўтказиш бўйича хизмат кўрсатиш шартномаси ва клиринг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бўйича хизматлар учун биржага тўланиши керак бўлган барча тўловлар биржа битимлари билан боғлиқ тарифларда кўрсатилади.
27. Биржа битимлари билан боғлиқ тарифларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги маълумотлар биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали ошкор қилинади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
28. Биржанинг товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида иштирок этишга рухсат олиш, савдо иштирокчиси ва унинг мижозлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар мазкур Низомга, фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ва фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибига, фьючерс контрактининг таснифига, улар ўртасида тузилган шартномалар ва битимларга мувофиқ тартибга солинади.
29. Монополияга қарши курашиш қўмитаси мазкур Низом талабларига риоя этилиши юзасидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ назоратни амалга оширади.
30. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
31. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 ноябрдаги 687-сон қарорига 2-ИЛОВА
Биржа савдоларида нархлар ҳийла-найранги, ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланиш ва асоссиз даромад олишнинг рақобатга зид бошқа усулларидан фойдаланишнинг олдини олиш
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар биржа савдоларида нархлар ҳийла-найранги, ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланиш ва асоссиз даромад олишнинг рақобатга зид бошқа усулларидан фойдаланишнинг олдини олиш тартибини белгилайди ва биржа савдолари иштирокчиларига (сотувчи, харидор ва биржа аъзоларига) нисбатан қўлланилади.
2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
бошланғич нарх — сотувчи томонидан белгиланадиган биржа савдоларига қўйилган товарнинг нархи;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси;
ҳийла-найранг — биржа савдолари иштирокчиларининг қўшимча даромад олиш мақсадида нархларни сунъий ўзгартиришга, бир даражада ушлаб туришга ва бошқа иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир этишга қаратилган ҳаракатлари, шу жумладан, савдоларда талабнинг ўзгаришига, нархларнинг сунъий равишда оширилишига олиб келиши мумкин бўлган ёлғон, асоссиз маълумотларни тарқатиш;
ички (инсайдерлик) маълумотлар — аввал тарқатилмаган ва тарқалиши биржа товарининг нархига, талабига ёки таклифига таъсир қилиши мумкин бўлган (қонун билан қўриқланадиган тижорат, банк ва хизмат сирини ташкил этувчи) маълумотлар;
савдо сессияси — биржада белгиланган тартибда биржа савдолари ўтказиладиган вақт;
маҳсулотларни савдога қўйиш жадваллари — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарорига мувофиқ сотувчилар томонидан тасдиқланадиган маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадваллари;
сотувчи — биржа товарини котировкалаш варағига киритиш ҳамда уни сотишни амалга оширувчи юридик шахс (резидент ва норезидент);
стандарт биржа контракти — биржа томонидан белгиланган тартибда котировкалаш варағига киритилган стандарт биржа контракти;
харидор — биржа товарини ўз эҳтиёжи учун, қайта сотиш ва бошқа мақсадларда харид қилувчи юридик шахс (резидент ва норезидент) ёки якка тартибдаги тадбиркор;
шахсий кабинет — ваколатли органга биржа савдолари бўйича маълумотларни тезкор олиш имкониятини берувчи, биржа томонидан ишлаб чиқилган махсус электрон модуль.
2-боб. Биржа савдоларида нархлар ҳийла-найрангининг олдини олиш
3. Ваколатли орган биржа савдоларида нархлар ҳийла-найрангининг олдини олиш мақсадида биржа билан биргаликда биржа савдолари иштирокчилари учун ўқув семинарларини ўтказади ҳамда тегишли тарғибот ишларини амалга оширади.
4. Биржа аъзолари ўз мижозлари томонидан қонунчиликка, биржа савдоси қоидаларига ҳамда мазкур қоидаларга зид равишда берилган ва биржа савдоларида ҳийла-найранг ҳолатларига олиб келадиган кўрсатмаларни бажармасликка ҳақли. Мазкур кўрсатмалар тўғрисида биржа аъзолари ваколатли орган ҳамда биржани тегишли тартибда хабардор қилган тақдирда, уларга нисбатан таъсир чоралари қўлланилмайди.
5. Биржа савдоларида нархлар ҳийла-найрангининг олдини олиш ваколатли орган томонидан савдоларни ташкил этиш жараёнини мониторинг қилиш орқали ҳам амалга оширилади.
3-боб. Биржа савдоларида нархлар ҳийла-найрангини аниқлаш
6. Биржа савдоларида нархлар ҳийла-найранги савдолар жараёни ва битимлар шаклланишини доимий мониторинг қилиш, биржа товарининг нархлари ўзгаришини таҳлил қилиш ҳамда ҳийла-найранг ҳолатлари бўйича келиб тушган мурожаатларни ўрганиш орқали аниқланади.
7. Ваколатли орган томонидан нархлар динамикасидан қатъи назар, ҳийла-найранг ҳолатларини аниқлашнинг бошқа чоралари ҳам қўлланилиши мумкин.
8. Нархлар ҳийла-найранги ҳаракатларини аниқлашда шахсий кабинет орқали олинадиган, товарларнинг савдога қўйилиши, биржа аъзолари томонидан берилган буюртмалар, битимлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларнинг амалга оширилиши ва товар етказиб берилиши тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилади.
9. Оммавий ахборот воситаларида ёлғон маълумотларни тарқатиш ҳолатларини аниқлаш бўйича ўрганиш ўтказиш учун келиб тушадиган мурожаатлар (ёзма ёки оғзаки) ҳамда мустақил равишда аниқланган шубҳали ахборотлар асос бўлади.
Ушбу турдаги ҳийла-найранг материаллари маълумотлар манбаи, уни чоп этиш санаси ва вақти (экран тасвирлари, видео, аудио ёзувлар, ҳаволалар ва бошқалар) кўрсатилган ҳолда қайд этилиши керак.
10. Ҳийла-найранг ҳаракатларини аниқлашда ваколатли орган қуйидагиларга эътибор беради:
биржа шартномаларида кичик лотларда юкланиши мумкин бўлган товарларга асоссиз йирик лотларнинг белгиланганлигига;
биржа шартномаларида сотувчилар томонидан гаров маблағлари асоссиз равишда кам миқдорда белгиланганлигига;
харидорларнинг илгари бекор қилинган битимлар бўйича тегишли товарларни сотиб олиш учун берилган буюртмаларига;
ўхшаш товарлар сотувчиларининг биржа шартномаларида кўрсатилган тўлов ва юклаб жўнатиш муддатлари ҳамда алоҳида шартларининг мувофиқлигига;
биржа шартномаларида товарларнинг сифат кўрсаткичлари (тури, нави, синфи, маркаси ва бошқалар) бўйича етарли маълумот кўрсатилганлигига;
ўхшаш товарлар сотувчиларининг биржа шартномаларида кўрсатилган маркировкалаш стандартларининг мувофиқлигига;
биржа шартномалари товар гуруҳлари бўйича бўлиниши ва товарларнинг миллий стандартларга мувофиқ маркалари уларнинг жаҳон ёки бошқа мамлакатлар стандартларига мувофиқлигига;
биржа шартномаларига товар ҳақида қўшимча маълумот киритиш зарурлигига;
биржа шартномаларининг махсус шартларида харидорларнинг ўз транспорт воситаларидан, товарларни юклаш ёки тушириш учун ўз ишчи кучидан фойдаланишларини чеклаши мумкин бўлган шартларнинг, биржа шартномасида назарда тутилган тўлов ва юклаб жўнатиш муддатларида қўшимча сақлаш хизматларининг белгиланганлигига;
маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларида форвард ва спот шартномалари бўйича ҳажмлар мавсумийликдан келиб чиққан ҳолда мутаносиб тақсимланганлигига;
муайян биржа аъзоси томонидан биржа савдолари давомида нархларнинг ошишига сабаб бўлган, юқори нархларда ва катта ҳажмлардаги буюртмалар киритилганлигига ва кейинчалик уларнинг ўчириб юборилганлигига;
нархларнинг кескин ошишига сабаб бўлувчи, сотувчилар томонидан товарни савдога қўйиш ҳажмларининг муайян савдо кунида кескин ошириб юборилишига, кейинги кунларда эса ҳажмларнинг аввалги кунлар даражасида ёки кам миқдорда қўйилишига;
бошланғич нархлари қонунчилик талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқиладиган товарларнинг биржа савдоларига қўйилган бошланғич нархларига;
биржа шартномасида кўрсатилган ва тузилган битимларда товар бошланғич нархининг тенглигига;
сотувчилар томонидан товар ҳажмларининг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотилиши натижасида биржа савдоларига қўйиш ҳажмининг камайишига;
сотувчининг автотранспорт воситаси ва темир йўл вагонларида кунлик юклаб жўнатиш имкониятларидан келиб чиқиб, товар қўйиш ҳажмлари кичик ва йирик лотлар бўйича мутаносиб тақсимланганлигига;
айрим турдаги товарларнинг нарх динамикасига;
жарима санкциялари қўлланмасдан харидор ташаббуси билан муайян биржа шартномаси бўйича асоссиз равишда битимларнинг бекор қилинишига.
4-боб. Биржа савдолари жараёнида нархлар ҳийла-найранги
11. Биржа иштирокчиларининг қуйидаги қасддан қилинган ҳар қандай ҳаракатлари ҳийла-найранг ҳисобланади ва уларни амалга ошириш тақиқланади:
савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
савдоларнинг ўтказилиш жараёнига ва натижаларига таъсир кўрсатиш, қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;
савдоларда нархларнинг сунъий равишда шакллантирилишига олиб келадиган нарх алгоритмидан, яъни товарлар нархини олдиндан белгиланган параметрларга асосан мониторинг ва ҳисоб-китоб қилиш, белгилаш ва назорат қилиш имкониятини берувчи дастурий таъминотдан фойдаланиш;
биржада сотилаётган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотнинг нархига, талабига, таклифига ва уни етказиб бериш шартларига сунъий равишда таъсир этиш, шу жумладан, олдиндан келишиш ва тил бириктиришлар орқали асоссиз фойда олиш, савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда иштирок этиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, ахборотдан фойдаланиш орқали имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, биржа савдолари иштирокчиларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари натижасида жорий биржа нархларининг кескин кўтарилиши, қатъий белгиланишига олиб келадиган ҳаракатлар;
савдоларда талабнинг ўзгаришига, нархларнинг сунъий равишда оширилишига олиб келиши мумкин бўлган ёлғон, асоссиз маълумотларни тарқатиш;
биржа шартномаси бўйича йирик, яъни барча харидорларга савдоларда тенг қатнашиш имкониятини чеклайдиган лотлар белгилаш;
тўловнинг ва етказиб беришнинг асосланмаган муддатларини, шунингдек, ўхшаш маҳсулотни сотувчилар томонидан белгиланган шартлардан жиддий фарқ қилувчи алоҳида шартларни жорий этиш;
биржа шартномаларида иштирокчилар сонини чеклайдиган алоҳида шартларни кўрсатиш;
маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларида уларнинг ҳажмларини форвард ва спот шартномалари бўйича асоссиз равишда номувофиқ қўйиш;
биржа савдолари давомида биржанинг муайян иштирокчиси томонидан бошқа иштирокчиларнинг буюртмаларига нисбатан нархи ноодатий тарзда катта фарқ қилувчи буюртмалар бериш, кейинчалик мазкур буюртмаларни савдолар тугагунига қадар олиб ташлаш ёки тузилган битимни жарима тўламасдан асоссиз равишда бекор қилиш;
бошланғич нархларни белгилашда монопол юқори нарх қўллаш;
биржа шартномаси бўйича муайян харидор иштирокида бекор қилинган битимнинг баҳоси айни шу харидор билан мазкур биржа шартномаси бўйича кейинги икки савдода амалга оширилган битимнинг энг паст баҳосидан паст бўлишига олиб келувчи ҳаракатларни бажариш;
юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотни тегишли жадвалларда назарда тутилган муддатларда ва ҳажмларда савдога қўймаслик ёки уни кам ҳажмда ёхуд мувофиқ бўлмаган ҳажмда қўйиш;
биржада тузилган битимлар ва шартномаларни жарима санкцияларисиз асоссиз равишда ёки мунтазам асосда бекор қилиш, бир тарафнинг енгиб бўлмас куч ҳолатлари муносабати билан мажбуриятларини бажариш имконияти йўқлиги исботланган ҳолатлар, яъни фавқулодда ва олдини олиб бўлмайдиган (форс-мажор) ҳолатлар бундан мустасно;
буюртмаларни бирлаштириш ва биржа савдолари ғолибини аниқлаш жараёнида, жумладан, рухсат берилмаган биржа дастури таъминотидан фойдаланиш;
фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотлар ҳажмларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш;
биржа шартномаларида товарларнинг сифат кўрсаткичлари (тури, нави, маркаси ва бошқалар) тўғрисидаги етарлича ахборотни кўрсатмаслик ёки уларнинг кўрсаткичлари тўғрисидаги чалғитувчи ахборотни киритиш;
савдолар ташкилотчилари томонидан биржа савдоларининг натижаларини асоссиз равишда бекор қилиш.
12. Баланд нарх асосида шаклланган битимни расмийлаштирмаслик ҳолати савдоларга таъсир этиш омилларини инобатга олган ҳолда ҳийла-найранг деб топилиши мумкин.
13. Ваколатли орган биржа савдолари жараёнида бошланғич нархга нисбатан нархлар ошишининг йўл қўйиладиган чегарасини белгилаши ҳамда нарх белгиланган чегарадан ошиб кетган тақдирда савдоларни тўхтатиш ва сотилмай қолган маҳсулотлар ҳажмини кейинги савдоларга ўтказиш бўйича биржага кўрсатмалар беради.
14. Биржа бўлиб ўтган савдолар натижасида нархларнинг кескин ошиши, талаб ёки таклифнинг жиддий номутаносиблиги ва ҳийла-найранг аломатлари кузатилганда ваколатли органни хабардор қилади.
15. Ҳийла-найранг ҳаракатлари аниқланган барча ҳолларда ваколатли орган рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлайди. Биржа аъзоларининг жавобгарлик масаласи биржа савдоси қоидаларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
5-боб. Ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланишни чеклаш
16. Ички (инсайдерлик) маълумотларнинг ҳисоби юритилиши, уларнинг сақланиши учун жавобгарлик биржа ва биржа иштирокчилари зиммасига юклатилади.
17. Ички (инсайдерлик) маълумотларни тарқатиш ва улардан биржа товарининг нархига, талабига ёки таклифига таъсир қилиш мақсадида фойдаланиш, шу жумладан, учинчи шахсларга ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланган ҳолда маълум бир биржа товарини харид қилиш бўйича маслаҳатлар бериш тақиқланади.
18. Оммавий ахборот воситалари ёки Интернет тармоқларида, шунингдек, бошқа ахборот воситаларида ошкор қилинган маълумотлар ички (инсайдерлик) маълумотларни ташкил этмайди.
19. Ички (инсайдерлик) маълумотлар тарқатилган тақдирда манфаатдор шахслар уларнинг тарқатилиши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш учун зарур чораларни кўради.
6-боб. Якунловчи қоидалар
20. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 ноябрдаги 687-сон қарорига 3-ИЛОВА
Товар-хом ашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган умумий талаблар тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом товар-хом ашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган умумий талабларни белгилайди.
2. Фаолият юритаётган товар-хом ашё биржаларида ҳамда товар-хом ашё биржалари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талабгорларида ушбу Низом талабларига жавоб берадиган ишлаб турган электрон савдо тизимлари бўлиши шарт.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
дастурий восита (кейинги ўринларда — ДВ) — маълумотлар билан ишлаш тизимининг фаолият юритишига доир дастурлар, тартиботлар, қоидалар, шунингдек, уларга илова қилинадиган ҳужжатлар ва маълумотлардан иборат объект;
электрон биржа савдолари тизими (кейинги ўринларда — ЭБСТ) — товар-хом ашё биржаси аъзоларига республиканинг бутун ҳудудидан аниқ вақт режимида масофадан туриб биржа савдоларида иштирок этиш имконини берадиган дастурий аппарат воситалари мажмуидан иборат глобал тақсимланган ахборот тизими;
сервер — тармоқ ресурсларининг муайян турини бошқарадиган ҳисоблаш машинаси (тизими);
ишчи станция (терминал) — товар-хом ашё биржаси аъзосида мавжуд бўлган ва биржа савдоларининг электрон тизимига уланган махсус дастур билан таъминланган компьютер;
дастурларни дастурлаш интерфейси (Application Programming Interface) (кейинги ўринларда — API) — бир дастурий тизимнинг бошқа дастурий тизим билан ўзаро алоқада ишлаш усулларининг тавсифи;
веб-сервис — бир дастурий тизимнинг бошқа дастурий тизим билан ўзаро алоқасида қўлланиладиган стандартлаштирилган интерфейсларга эга ахборот ресурсларининг тақсимланган тизими.
2-боб. Электрон биржа савдолари тизимларига қўйиладиган талаблар
4. ЭБСТ қуйидагиларни таъминлаши лозим:
локал ҳисоблаш тармоқларида фаолият кўрсатишни;
корпоратив ҳисоблаш тармоқларида фаолият кўрсатишни;
глобал интернет тармоқларида фаолият кўрсатишни;
веб-сервис орқали маълумотлар базаси билан боғланган ҳолда брокерлик идоралари, брокерлар, дилерлар, брокерлик идораларининг мижозлари ҳақидаги ахборотни ташкил қилиш, сақлаш ва акс эттиришни;
веб-сервис ва жараёнларни масофадан ишга тушириш тизими орқали маълумотлар базаси билан боғланган ҳолда талабномалар, битимлар, савдо натижалари ва хабарлар бўйича ахборотни сақлаш ва акс эттиришни;
API орқали маълумотлар базасида сақланаётган маълумотномалар асосида ахборотни сақлаш ва акс эттиришни;
дастурий воситалар мажмуининг ишини қисқа йўриқномалар, ёрдам кўрсатиш ва тушунтиришлар билан таъминланадиган меню орқали ташкил қилишни;
тизим иштирокчилари ўртасида (уларнинг қаерда жойлашганлигидан қатъий назар) аниқ вақт режимида мунтазам ахборот алмашинувини;
биржа аъзолари (брокерлар, дилерлар ва бошқалар)га биржа савдо залидан ташқарида ишлашни;
исталган ишчи станциялар (терминал)дан киритилган ахборотни шу вақтнинг ўзида биржа савдоларининг электрон тизимига уланган барча иштирокчиларига умумфойдаланиш учун акс эттиришни;
тизимга келувчи ахборотни бирхиллаштириш, яъни бирор-бир ишчи станциядан тизимга киритиладиган ахборотнинг олдиндан белгиланган биржалар томонидан ўрнатилган қоидалар бўйича шакллантирилган тақдирдагина келиб тушишини;
зарур таҳлилий материалларни шакллантириш, савдоси бўладиган алоҳида активлар (товарлар ва молиявий воситалар) бозори, активлар гуруҳлари, айланма ҳажмлари, талаб ва таклиф ҳажмлари, котировкалар, позицияси очиқ қолган ҳажмлар (сотилмаган ҳажмлар), лотлар миқдорининг ҳолати бўйича маълумотларни танлаб олиш, турли мезонларга кўра ахборотни тезкор ва осон қидириш жараёнларини.
5. ЭБСТ ўз таркибида қуйидаги операциялар ва маълумотлар рўйхатга олинадиган, савдо сессиялари бўйича бажарилган амалларнинг ҳисобини юритувчи автоматлаштирилган журнал (савдоларнинг электрон баённомаси)га эга бўлиши керак:
савдонинг очилиши;
савдонинг ёпилиши;
савдо иштирокчисини идентификация қилиш;
савдо иштирокчисининг тизимга кириш вақти;
савдо иштирокчисининг тизимдан чиқиш вақти;
савдо иштирокчиси томонидан нарх таклифи берилган вақт;
савдо иштирокчисининг нарх таклифини қайтариб олган вақти;
савдо иштирокчисининг нарх таклифини ўзгартирган вақти;
савдо иштирокчисининг битим тузган вақти;
актив номи;
нарх таклифидаги актив миқдори;
лотлар миқдори;
актив баҳоси.
Ёзувларни қайд қилиш вақтининг формати — йил, ой, кун, соат, дақиқа, сония (камида 0,1 сониягача бўлган аниқлик билан).
6. ЭБСТ ўтказилган биржа савдоларига оид ҳисоботларнинг биржа операциялари журнали мазмунига қатъий мос келишини таъминлаши керак.
7. ЭБСТ операциялар журналида бажарилаётган операцияларнинг автоматик равишда бириктириладиган хос рақамининг юритилишини таъминлаши керак.
3-боб. Дастурий таъминотга қўйиладиган талаблар
8. ЭБСТ ДВ лицензияга эга бўлган дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиши ва эксплуатация қилиниши керак.
9. Ахборотнинг тўлиқ ёки қисман йўқотилишининг ва маълумотлар базасининг яхлитлиги бузилишининг олдини олиш мақсадида ЭБСТ ДВ шундай яратилган бўлиши керакки, унда фойдаланувчининг хатолари, техник носозлик ҳолатларида юзага келадиган хатолар ва маълумотлар базаси хатолари, фойдаланувчига кейинги хатти-ҳаракатлари ёзилган маълумотларни узатган ҳолда, қайта ишланишини таъминлаши лозим.
10. ЭБСТ ДВда қуйидаги функцияларни таъминловчи дастурлар ишини назорат қилувчи модуль бўлиши керак:
фойдаланувчини идентификация қилиш (таниб олиш), аутентификация қилиш (ҳақиқийлигини тасдиқлаш) ва авторизациялаш (ваколатларини белгилаш);
ЭБСТ ресурсларига кириш рухсатларини назорат қилиш;
ЭБСТда содир бўлаётган воқеаларни рўйхатга олиш ва таҳлил қилиш;
ЭБСТ ресурслари яхлитлигини назорат қилиш.
11. ЭБСТ ДВ савдо натижаларига кўра шаклланган маълумотларга ўзгартиришлар киритилишига йўл қўймаслиги керак.
12. ЭБСТ ДВ киритиладиган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигининг назоратини таъминлаши керак.
13. ЭБСТ ДВ қуйидаги дастурий тизимларни ўз ичига олиши (ёки мавжуд дастурий тизимлар билан электрон тарзда ўзаро ишлашни таъминлаши) керак:
савдо тизими;
маблағлар кирим ва чиқим амалиётларида инсон омилисиз, банк ахборот тизими билан интеграцияси мавжуд бўлган ҳисоб китоб-клиринг тизими;
депозитар тизим (ваколатли биржа омбори тизими) (агар технологик савдо жараёни бундай тизим билан ўзаро ишлашни назарда тутса);
ахборот-таҳлил тизими;
маълумотларни узатиш тармоқлари (агар технологик савдо жараёни бундай тизим билан ўзаро ишлашни назарда тутса).
14. ЭБСТ ДВ назарда тутилган барча иш режимларида ўзбек ва/ёки бошқа тилларда ишончли ишлаши керак.
15. ЭБСТни ўрганиш ва ундан амалда фойдаланиш учун зарур бўлган ҳужжатлар (давлат тилида ва бошқа тиллардаги таржимаси) бўлиши лозим.
4-боб. Аппарат таъминотига қўйиладиган талаблар
16. Сервер ва коммуникация ускунаси қуйидагиларни таъминлаши керак:
товар-хом ашё биржаларида қабул қилинган иш тартибини таъминлаш учун етарли даражадаги иш унумдорлигини;
кенг қамровли, яъни ахборотнинг ортиб бораётган ҳажми билан ишлаш имкониятларини.
17. Юқори сифатли тизимларни ташкил қилишда ишончли «raid» массивларини яратиш учун серверларни зарур миқдордаги дискли сақлаш қурилмалари ҳамда «hot swap» қувват манбалари билан таъминлаш зарур.
18. Сервер барча сервер-аппарат қисмларини мониторинг қилиш ва уларнинг созлигини назорат қилиш тизимига эга бўлиши керак.
19. Сервернинг электр таъминотини кириш кучланишини барқарорлаштирган ҳолда узлуксиз таъминлаш қурилмаси (кейинги ўринларда — УТҚ) орқали амалга ошириш талаб этилади.
20. УТҚ қуввати сервер томонидан талаб қилинадиган қувватга мувофиқ танланиши ва батареянинг камида 120 дақиқалик иш вақти билан таъминлаши керак ва бунда номинал қувватнинг кўпи билан 60 фоизи юкланган бўлиши лозим.
21. Дискли сақлаш қурилмаларида (масалан, юқори даражали «raid», акс нусха олиш), шунингдек, маълумотлар сақланадиган ташқи қурилмаларда (масалан, стример ва бошқалар) маълумотларнинг захираланганлиги таъминланган бўлиши керак.
22. Серверга махсус оператив хотира — хатоларни топиб, тузатиш (ЕСС — error corecting code) қобилиятига эга бўлган хотира ўрнатилган бўлиши керак, бунда оддий ҳисоб назорати етарли бўлмайди.
23. Биржа ўзига тегишли сервер қурилмалари ва алоҳида жойлашган сервер хонасига эга бўлиши шарт.
24. Сервер хонаси қуйидаги талабларга жавоб бериш керак:
чекланган доирадаги шахсларнинг кириш ҳуқуқига эга бўлиши;
кодли қулфлар ёки биометрик тизим билан ҳимояланган кириш эшикларига эга бўлиши;
ёнмайдиган материаллардан кўтарилган поллар (фальшпол) билан жиҳозланган бўлиши;
иситилган ва намликни йўқотувчи тоза ҳаво оқимини таъминловчи тизимга эга бўлган, «24/7» режимида ишловчи асосий ва захира совитиш техникалари билан жиҳозланиши;
ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 20 — 24 даражада сақлаб турилиши;
кузатув камералари билан жиҳозланиши;
электр таъминоти узлуксизлигини (генератор ишга туширилгунга қадар) камида 2 соат таъминловчи қувват манбаи батареяларига (UPS) эга бўлиши;
электр энергияси таъминотида узилишлар содир бўлганда, камида 3 сутка давомида электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган генератор ускунаси мавжуд бўлиши;
махсус газ ёрдамида автоматик ёнғин ўчириш тизимига эга бўлиши.
5-боб. Ахборот хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
25. ЭБСТ ушбу Низом талаблари ва бошқа норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ муҳофаза қилинади.
26. Ахборот хавфсизлиги ахборотни муҳофаза қилишнинг ташкилий-техник чора-тадбирлари ва дастурий-аппарат воситаларидан иборат тизим билан таъминланиши керак.
Қуйидагилар мавжуд бўлиши талаб этилади:
мураккаб бошқарув сиёсатини амалга ошириш ҳамда тармоқ хавфсизлигини таъминлашда илғор ечимларга эга (Enterprise) тармоқлараро аппарат хавфсизлик деворлари;
рухсатсиз киришларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимлари;
илова серверлари ва ЭБСТ ДВ маълумотлар базаси серверлари фаолияти бўйича мониторинг тизими;
ходимлар ва савдо иштирокчиларининг ЭБСТга кириши учун паролларни қўллаш бўйича схемалар ва йўриқномалар;
ходимларнинг ЭБСТ ахборот ресурслари ва хизматларидан фойдаланиш рухсати даражаларини белгилаш схемаси;
ахборотни такрорлаш ҳамда маълумотлар нусхалари ва жўнатилган хабарларни сақлаш технологияси бўйича йўриқнома ва ҳужжатлар;
ходимларнинг махфий маълумотлар ошкор этилишига олиб келиши мумкин бўлган ва олиб келган ҳаракатлари учун жавобгарликни белгилайдиган ҳужжатлар;
биржа иштирокчиларининг ўзаро электрон жараёнда ишлаши давомида ахборотнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш мақсадида ахборот алмашинуви қоидаларини белгилайдиган ҳужжат;
ахборот алмашинуви учун савдоларнинг технологик жараёнидаги барча иштирокчилар учун ягона бўлган, узунлиги камида 1 024 битдан иборат калитли, маълумотларни шифрлаш алгоритми қўлланилиши керак;
дастур даражасида ишлайдиган ва трафик таҳлили ёрдамида веб-иловаларни ҳимоя қилувчи веб-иловалар учун хавфсизлик девори — трафикни фильтрлаш воситаси (WAF);
ахборот тизими инфратузилмасида содир бўлаётган хавфсизлик ҳодисалари ҳақида маълумотларни реал вақт режимида тўплаш ва таҳлил қилиш учун мўлжалланган дастурий тизим (CIEM).
27. Амалга ошириладиган ташкилий чора-тадбирлар таркибида юридик ва жисмоний шахсларни ЭБСТ ДВни лойиҳалаш, яратиш, эксплуатация қилиш ва таъминлашга жалб қилишни тартибга солувчи талаблар ҳамда хатти-ҳаракатлар рўйхати бўлиши керак.
28. Биржа аъзоларининг ЭБСТда ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларидан, шу жумладан, электрон рақамли имзо воситаларидан фойдаланган ҳолда иш олиб боришлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим.
29. ЭБСТ ДВнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизими хавфсизликка таҳдидни ҳамда уларни юзага келтирган сабаб ва шароитларни ўз вақтида аниқлашни таъминлайдиган хавфсизлик сиёсатига мувофиқ амалга оширилиши керак.
6-боб. Ташкилий талаблар
30. ЭБСТ узлуксиз равишда суткасига 24 соат мобайнида (иш кунларида) ишлаш имкониятини таъминлаши керак.
31. Биржа савдоларининг ҳар бир иштирокчиси биржа савдоларининг электрон савдо тизимидан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Иштирокчилар сони ЭБСТ ДВнинг унумдорлиги ёки дастурий-аппарат тавсифлари билан чекланмаслиги керак.
32. Биржа савдоларининг ҳар бир иштирокчиси учун тенг шароит яратиш мақсадида савдоларга Интернет тармоғи мавжуд бўлган исталган жойдан ёки савдо залларидан иштирок этиш имкониятини таъминлаши шарт.
33. Биржанинг ҳудудий филиаллари, алоҳида брокерлик жойлари, савдо майдончалари ва бошқа жойларда ишни ташкил қилишда биржа ЭБСТга уланадиган ва ҳудудларда ишлаш имкониятига эга бўлган ишончли каналларни таъминлаши ҳамда биржа иштирокчилари учун тенг савдо шартларини таъминлаши шарт. Биржа савдо иштирокчилари томонидан мустақил равишда танлаб олинадиган ва фойдаланиладиган техник тавсиф ва техник комплектга эга бўлган терминалларнинг бутлиги ва ишга яроқлилиги учун жавобгар эмас.
34. Товар-хом ашё биржаси биржадан узоқда жойлашган савдо иштирокчиларини масофадан туриб фойдаланиш режими бўйича улаш учун зарур миқдордаги портларни таъминлаши керак.
35. Биржа аъзолари учун Интернет тармоғи орқали исталган жойдан туриб биржа савдоларида иштирок этиш имконияти яратилиши мумкин. Бунда мазкур Низомнинг 31-бандида келтирилган талаб инобатга олинмайди.
36. Товар-хом ашё биржаларида биржа савдоларининг электрон тизимига уланиш ва унда савдо иштирокчиларининг узоқ масофадан туриб ишлаши бўйича шарт-шароитлар, талаблар ва техник тавсифларни белгилайдиган йўриқнома бўлиши керак. Товар-хом ашё биржалари савдо иштирокчилари томонидан мустақил равишда танлаб олинган ва фойдаланиладиган алоқа каналларининг ишлаши ва ўтказиш имконияти учун жавобгар эмас.
37. Тизимга ушбу соҳанинг мутахассислари ҳисобланган ва шу каби тизимларда камида уч йил иш стажига эга бўлган штатдаги ходимлар хизмат кўрсатиши керак.
38. ЭБСТ белгиланган тартибда тасдиқланган биржа савдолари қоидаларига мувофиқ ишлаши керак.
7-боб. Биржа савдоларининг электрон тизимлари экспертизаси
39. Экспертизани ўтказишнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган товар-хом ашё биржаларида ЭБСТ қўлланилишини йўлга қўйишдир. Экспертизани биржа фаолиятини тартибга солувчи ваколатли давлат органи ўтказади. Зарур ҳолларда, экспертизани ўтказиш учун бошқа идораларнинг тегишли мутахассислари жалб қилиниши мумкин.
40. ЭБСТ экспертизасини ўтказишда асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:
ДВда ахборотни қайта ишлаш технологик жараёнларининг Ўзбекистон Республикасида биржа фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларининг шартлари ва талабларига мос келишини аниқлаш;
ЭБСТнинг ахборот хавфсизлиги талабларига мос келишини аниқлаш;
жорий этиладиган ЭБСТ ДВнинг товар-хом ашё биржаларида амалга оширилаётган операцияларнинг тўлиқ жараёнини таъминлайдиган амалдаги автоматлаштирилган тизимларга дастурий ва ахборот жиҳатдан мос келишини аниқлаш;
фойдаланиладиган дастурий маҳсулотни тартибга солиш ва товар-хом ашё биржалари томонидан сотиб олинадиган ёки ишлаб чиқиладиган янги дастурий таъминотни назорат қилиш.
41. Товар-хом ашё биржалари фаолиятини автоматлаштириш учун мўлжалланган амалий (ишлаб чиқилган ёки сотиб олинган) ДВ экспертизани ўтказиш объекти ҳисобланади.
42. Экспертизани ўтказиш учун дастурчи ва оператор фойдаланадиган қўлланмалар, дастур матнлари ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилиши керак.
43. Қайта ишлаб чиқилган ЭБСТ (ўзгартирилган ёки янги версиядаги ЭБСТ) қайта экспертизадан ўтказилади. Бу ҳолда ЭБСТнинг ўзгартирилган ёки қўшимча киритилган қисми экспертиза қилинади. Бунда ЭБСТнинг қайта ишлаб чиқилган қисмлари учун ҳужжатлар тақдим этилади. Норматив ҳужжатларга ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилиши натижасида ўзгартирилган ЭБСТ версиялари ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар кучга кирган кундан бошлаб, уч ой ичида экспертизага топширилади.
44. Экспертизадан ўтказилмаган ЭБСТдан фойдаланилганлик учун товар-хом ашё биржаларига нисбатан амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жазо чоралари қўлланилади.
45. ЭБСТни экспертизадан ўтказиш натижасида аниқланган камчиликлар, яъни ЭБСТда ахборотни қайта ишлаш технологик жараёнининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талаб ва шартларига мос келмаслиги, ЭБСТ ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилмаслиги ёки жорий этиладиган ЭБСТнинг дастурий ва ахборот жиҳатдан мос келмаслик ҳолатлари лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ эмас деб ҳисобланади ҳамда биржа фаолиятини амалга ошириш учун лицензия беришни рад этишга асос бўлади.
46. ЭБСТнинг ушбу Низом талабларига ҳамда бошқа норматив ҳужжатларга (ўзгартиришлар ёки янги талаблар киритилганда) мос келмаслиги аниқланганда, товар-хом ашё биржасига, агар унга биржа фаолиятини юритиш учун илгари лицензия берилган бўлса, ушбу аниқланган номувофиқликлар ва уларни бартараф этиш муддатлари кўрсатилган кўрсатма юборилади. Юборилган кўрсатма белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, ушбу биржа учун берилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади.
47. Товар-хом ашё биржаси томонидан ЭБСТни экспертизадан ўтказиш хулосаси бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят аризаси берилиши мумкин.
8-боб. Якунловчи қоидалар
48. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
49. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 ноябрдаги 687-сон қарорига 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Товар-хом ашё биржалари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2004 йил 31 майдаги 251-сон қарорининг 8-бандида :
а) тўртинчи — олтинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Белгилансинки, «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг биржа битишувларидан ундириладиган воситачилик йиғимларининг миқдорларини белгилашда, «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ учун фойда солиғини ҳисоблашда харажатлар билан чегириладиган монополист корхоналар ҳамда устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ёки устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар томонидан сотиладиган маҳаллий юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар, хом ашё ва материалларни сотиш бўйича «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ хизматларига 0,1 фоиз миқдордаги воситачилик йиғимлари ҳисобга олинади ва улар қуйидаги улушларда ўтказилади:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига — 0,06 фоиз;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига — 0,02 фоиз»;
б) қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасига — 0,02 фоиз»;
в) еттинчи хатбоши саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний ва юридик шахсларга автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича беришда «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ ахборот тизимида аукцион ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 7-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бунда:
воситачилик йиғимлари учун ундириладиган маблағлар битим қийматидан тегишинча биржа хизматлари учун 3 фоиз ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари фондига йўналтириладиган тўловлар учун 2 фоиз нисбатда тақсимланади;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари фондига ўтказиладиган воситачилик йиғимлари биржа учун даромад солиғини ҳисоблаб чиқишда айрилувчи харажатлар ҳисобланади».
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 январдаги 33-сон қарори билан тасдиқланган Товар-хом ашё биржаларида ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш қоидаларининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. ҲККП биржанинг таркибий бўлинмаси бўлиб, юридик шахс мақомига эга эмас ҳамда биржа номидан, агар қонун ва қонуности ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу Қоидаларда назарда тутилмаган ҳар қандай мустақил операция ва ҳаракатларни содир этиш ҳуқуқисиз иш олиб боради».
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 майдаги 402-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-бандида :
қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ хизматларига 0,02 фоиз миқдордаги воситачилик йиғими»;
ўн иккинчи хатбоши ўн учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги низомда :
а) 5-банднинг иккинчи хатбошиси «монополияга қарши курашиш органига тақдим этади» сўзларидан кейин «ва ушбу маҳсулотларни мазкур жадвалларда белгиланган муддатлар ва ҳажмларда биржа савдоларига қўйиб боради» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Сотувчилар объектив ва уларга боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли жадвалларда назарда тутилган ҳажмларни ва маҳсулотни биржа савдоларига қўйиш муддатларини бажаришнинг имконияти бўлмаган ҳолатларда, бу ҳақда маҳсулотни биржа савдоларига қўйиш санасидан ўн кун аввал, фавқулодда юзага келган вазиятларда эса шу куннинг ўзидаёқ аниқ сабабларни кўрсатиб ҳамда омбордаги мавжуд маҳсулот захираси тўғрисидаги асослантирилган маълумотларни тақдим этган ҳолда монополияга қарши курашиш органи ва биржани хабардор қилади.
Монополияга қарши курашиш органи, зарур бўлганда, мутасадди идоралар ва ташкилотлар мутахассисларини жалб қилган ҳолда, жойига чиқиб, мавжуд муаммоларни ўрганади»;
в) қуйидаги мазмундаги 7 1 -банд билан тўлдирилсин:
«7 1 . Сотувчи ва харидорларга маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш, сотиш, сотиб олиш, мажбуриятларни бажариш ва битимларни бекор қилишда мазкур Низом ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган монополияга қарши талаблар қўлланилади»;
г) 31-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Монополияга қарши курашиш органи маҳсулотлар бўйича белгиланган аванс миқдорлари, тўлов ва етказиб бериш муддатларига ўзгартириш киритиш ҳақида сотувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беришга ҳақли»;
д) 31 1 -банднинг ўн тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«бошланғич нархларни асоссиз ошириш»;
е) 32 1 -бандда :
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Биржа савдоларидан четлатилган ҳажмларда маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, шу жумладан, экспортга сотиш ҳолатлари аниқланганда, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотилган ҳажмни сотиш нархи билан биржа савдоларида бир хил турдаги маҳсулот бўйича ўртача ҳисобланган биржа котировкалари (нарх) ўртасидаги фарққа кўпайтириш орқали ҳисобланган маблағлар олиб қўйилади»;
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Биржа савдолари иштирокчилари томонидан манипуляция ҳаракатлари натижасида, бунда мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатлар мустасно, жорий биржа нархларининг кескин кўтарилишига ёки қатъий белгиланишига олиб келадиган ҳаракатлари аниқланганда, олдинги биржа савдоларида шаклланган маҳсулотнинг ўртача сотилиш нархи билан манипуляция натижасида шаклланган маҳсулот сотилиш нархи ўртасидаги фарқ суммасини манипуляция ҳаракатлари содир этилган савдоларда сотилган маҳсулот ҳажмига кўпайтириш орқали ҳисобланган маблағ олиб қўйилади»;
учинчи — саккизинчи хатбошилар тегишинча тўртинчи — тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
тўққизинчи хатбошидаги «биринчи ва иккинчи қисмида» сўзлари «биринчи — учинчи хатбошиларида» сўзлари билан алмаштирилсин».
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низом 31-иловадан кейин қуйидаги мазмундаги 32-илова билан тўлдирилсин.
«Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга 32-ИЛОВА
Товар хом-ашё биржаси фаолиятини лицензиялаш
1. Лицензия номи: Биржа фаолияти учун лицензия 2. Лицензияланадиган фаолият турлари: Товар хом-ашё биржаси фаолияти 3. Ариза берувчилар тоифаси: Акциядорлик жамияти шаклидаги юридик шахслар 4. Лицензияловчи орган: Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси 5. Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар: 1. Лицензия бериш тўғрисида ариза, унда юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), солиқ тўловчининг идентификация рақами, асосий фаолият тури, телефон рақами, электрон почта манзили кўрсатилади. 2. Биржа товарлари билан савдо қилиш қоидалари нусхаси. 3. Устав жамғармасининг шакллантирилганлиги тўғрисида маълумотнома. 6. Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори: Йиғим ундирилмайди 7. Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори: Базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида 8. Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатлари: 20 иш куни 9. Лицензия талаблари ва шартлари: а) лицензиялаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг муайян қоидаларига риоя этиш; б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган, маълумотларни қайта ишлаш бўйича замонавий марказга эга бўлган ва Товар-хом ашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган умумий талаблар тўғрисидаги низомда назарда тутилган талабларга жавоб берадиган ҳамда уларга асосан ишлаб турган электрон биржа савдо тизимининг мавжудлиги;* в) устав фондининг ариза берилган санада базавий ҳисоблаш миқдорининг камида қирқ минг баравари миқдорида шакллантирилганлиги; г) лицензия талабгори (лицензиат) раҳбари бир вақтнинг ўзида бошқа товар-хом ашё биржаларида раҳбарлик лавозимини эгаллашига йўл қўймаслик; д) қуйидаги шахслар лицензиатнинг раҳбари бўлиши мумкин эмас:* молия-иқтисод, юридик, математика ёки ахборот технологиялари мутахассисликларидан камида биттаси бўйича олий маълумотли бўлмаган шахслар; қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларда, фонд биржаларида ёхуд иқтисодий, молиявий ва юридик фаолият соҳаларида, ахборот технологиялари соҳасида ёки кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича давлат бошқаруви органларидаги ишда камида икки йиллик иш стажига эга бўлмаган шахслар; якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган, коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган шахслар ёки уларнинг айби билан йўл қўйилган лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги учун товар-хом ашё биржаси фаолиятини амалга оширишга берилган лицензияларнинг амал қилиши тўхтатилган пайтда, агар бундай тўхташ пайтидан бошлаб уч йилдан кам вақт ўтмаган бўлса; иқтисодиёт соҳасидаги жиноят учун ёки бошқарув тартибига қарши жиноят учун олиб ташланмаган судланганликка эга бўлган шахслар; е) тузилган биржа битимлари бажарилишининг кафолатланиш тизими мавжудлиги; ж) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборотнинг махфийлигини таъминлаш;* з) биржа савдоси қоидалари мавжудлиги, унда:* биржа аъзолари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги низом; биржа аъзолигига қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиб туриш ва тугатиш тартиби; биржа аъзоларининг биржа савдоларида иштирок этишга рухсат бериш тартиби; биржа товарларини муомалага қўйиш ва муомаладан чиқаришга рухсат бериш тартиб-таомиллари; тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш учун шароит яратиш тартиби; биржа савдоларини ўтказиш тартиби ва биржа битимлари турлари; биржа савдоларида муомалада бўладиган ҳосила молиявий воситаларнинг (деривативларнинг) тавсифи; биржа товарларини котировкалаш (уларнинг нархини белгилаш) ва улар тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш тартиби; биржа товарлари билан операцияларни амалга ошириш, биржа битимларини ва биржа савдолари натижаларини рўйхатга олиш ҳамда расмийлаштириш тартиби; биржа савдолари иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби; биржада нархларнинг шаклланиш жараёни устидан назорат қилиш тартиби; биржа савдолари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш тартиби; биржа савдолари қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қоидалар; биржада низоларни ҳал этиш тартиби; жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бажарилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар; биржа савдоларида нархлар манипуляцияси ва махфий ахборотдан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш чоралари тўғрисидаги қоидалар мавжудлиги; и) биржа савдоларида фақат олдиндан эълон қилинадиган, истеъмолчилар ва маҳсулот ишлаб чиқарувчилар кенг танишиши мумкин бўлган биржанинг котировкалаш варағига киритилган товарларни сотиш, олдиндан эълон қилинадиган биржанинг котировкалаш варағига киритилмаган товарларнинг сотилишига қўйилган тақиқларнинг мавжудлиги; к) биржа товарларига бўлган талаб ва таклифнинг нисбати асосида уларни котировкалаш (нархини белгилашни); л) ахборотларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ошкор қилиниши; м) лицензияловчи орган талабига кўра товар-хом ашё биржаси фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ахборотни, шу жумладан, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда шахсий кабинет орқали биржа товарларининг қўйилиши, сотилиши ва ҳисоб-китоб-клиринг палатаси тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш. Бунда ваколатли органга биржа савдолари жараёнларини онлайн назорат қилиш имконини яратиш;* н) биржа савдоларини фақат Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ҳамда чет эл давлатларидаги барча биржа аъзоларига савдоларда бир вақтнинг ўзида қатнашиш имкониятини берувчи ва тенг киришини таъминловчи марказлаштирилган электрон тизимда ўтказиш. Бунда биржа савдоларини ташкил этишда рақобатни чекловчи талаблар ва шартларнинг жорий этилишини тақиқлаш; о) товар-хом ашё биржасининг электрон савдо тизимида автоматик равишда тузиладиган ҳамда товар номи, ўлчов бирлиги, лотлар сони, операция тури, товарнинг савдога қўйилган нархи ва битимда рўйхатдан ўтказилган нарх, товарни етказиб бериш шартлари, битим томонлари, битим амалга оширилган аниқ вақт кўрсатилган, электрон протоколлар тарзида киритилган битимлар тўғрисидаги ахборотни уч йил мобайнида сақлаш; п) товар-хом ашё биржасининг котировкалаш варағига фақат бир хил стандартга, бир турдаги хоссаларга эга бўлган, улгуржи туркумлар билан сотиладиган ҳамда дастлабки кўздан кечиришни талаб қилмайдиган биржа товарларини киритиш; р) лицензия олиш, уни қайта расмийлаштириш учун тақдим этиладиган маълумотларнинг сохта, ёлғон ва нотўғри эмаслигини таъминлаш; с) лицензиат қайта ташкил этилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтгандан кейин беш иш кунида «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида мурожаат қилиниши; т) замонавий сервер ускуналари билан жиҳозланган ва маълумотларни қайта ишлаш бўйича замонавий марказнинг мавжудлиги, унда:* инфратузилмани ташкил этиш учун камида 5 та сервер ускунаси, ҳар бир сервер ускунаси 2 та процессор ва камида 1 TB хотирага эга бўлиши; бир вақтнинг ўзида ахборот тизимининг камида 5 000 та сўровни қайта ишлаш тезлигини таъминлай олиши; кодли қулфлар ёки биометрик тизим билан ҳимояланган кириш эшикларига эга бўлиши; ёнмайдиган материаллардан кўтарилган поллар (фальшпол) билан жиҳозланган бўлиши; иситилган ва намликни йўқотувчи тоза ҳаво оқимини таъминловчи тизимга эга бўлган, 24/7 режимида ишловчи асосий ва захира совитиш техникалари билан жиҳозланиши; кузатув камералари билан жиҳозланиши; электр таъминоти узлуксизлигини (генератор ишга туширилгунга қадар) камида 2 соат таъминловчи қувват манбаи батареяларига (UPS) эга бўлиши; махсус газ ёрдамида автоматик ёнғин ўчириш тизимига эга бўлиши; маълумотларни қайта ишлаш марказининг 60 фоизи қувват билан камида 2 сутка давомида ишлашини таъминловчи генератор ускунасига эга бўлиши; у) ахборот хавфсизлигини таъминлаш, бунда:* дастурий сервис ва иловаларнинг узлуксиз ишлашини таъминловчи интернет, идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи ҳамда бошқа асосий ва захира алоқа тармоқларига уланган бўлиши; маълумотлар узатиш тармоғини ҳимоя қилиш учун чегара зоналарини IDS/IPS функциялари, антивирус, спам фильтрлари ва бошқаларга эга аппарат хавфсизлик деворлари билан жиҳозлаш; дастурий иловалардаги ахборотларни шифрланган ҳолда узатиш ва қабул қилишни таъминловчи ечимларга эга бўлиш; веб дастурий иловалар амалдаги SSL сертификатлари билан ҳимояланган бўлиши; маълумотлар базаларини дастур ишлаб чиқувчилар ва администраторлар томонидан ўзгартирилишидан ҳимоя қилиш учун PAM тизимига эга бўлиш; ходимлар томонидан маълумотларнинг сизиб чиқишини назорат қилиш учун DLP тизимига эга бўлиши. 10. Лицензия беришда келишиладиган органлар Мавжуд эмас 11. Лицензиянинг амал қилиш муддати: Чекланмаган 12. Изоҳ: *қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган талаб ва шартлар. ».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 30 ноябрь,
687-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
QOIDALARI
NIZOM
PASPORTI
Tovar-xom ashyo birjalarining faoliyatini tartibga solish tizimini takomillashtirish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Iqtisodiyot tarmoqlarida birja mexanizmlaridan foydalanishni kengaytirish hamda birja savdolarini tartibga solish tizimini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2022-yil 24-noyabrdagi PQ-430-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi:
a) Tovar-xom ashyo birjalarida tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolari bilan shugʻullanadigan brokerlik idoralarini akkreditatsiyadan oʻtkazish hamda birja aʼzolariga malaka talablarini belgilash toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq:
fyuchers savdolari bilan shugʻullanadigan brokerlik idoralarini akkreditatsiyalash, fyuchers savdolari ishtirokchilariga qoʻyiladigan talablar, ularga savdolarda ishtirok etishga ruxsat berish va ruxsat berishni rad etish tartiblarini;
brokerlik idoralari va ularning treyderlariga fyuchers savdolari bilan shugʻullanish boʻyicha qoʻyiladigan malaka talablarini belgilash;
b) Birja savdolarida narxlar hiyla-nayrangi, ichki (insayderlik) maʼlumotlardan foydalanish va asossiz daromad olishning raqobatga zid boshqa usullaridan foydalanishning oldini olish qoidalari 2-ilovaga muvofiq:
birja savdolarida narxlar hiyla-nayrangining oldini olish choralari va ularni aniqlash tartiblarini;
birja ishtirokchilari tomonidan narxlar hiyla-nayrangiga yoʻl qoʻymaslik boʻyicha taqiqlanadigan harakatlarni;
ichki (insayderlik) maʼlumotlarning hisobini yuritish va ulardan foydalanish boʻyicha cheklov va javobgarlikni belgilash;
v) Tovar-xom ashyo birjalarining elektron savdo tizimlariga qoʻyiladigan umumiy talablar toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
tovar-xom ashyo birjalari faoliyatini amalga oshirish uchun elektron birja savdolari tizimlariga qoʻyiladigan talablar;
zarur dasturiy taʼminotlar va serverga qoʻyiladigan talablar;
axborot xavfsizligi va uni muhofaza qilish darajasini taʼminlash va birja savdosining har bir ishtirokchisi uchun teng foydalanish talablari.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 4-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
3. Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi tovar-xom ashyo birjalari bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarning ushbu qaror talablariga muvofiqlashtirilishini taʼminlasin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov va Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi raisi Sh.Sh. Sharaxmetov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 30-noyabrdagi 687-son qaroriga 1-ILOVA
Tovar-xom ashyo birjalarida tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolari bilan shugʻullanadigan brokerlik idoralarini akkreditatsiyadan oʻtkazish hamda birja aʼzolariga malaka talablarini belgilash toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom tovar-xom ashyo birjalarida (keyingi oʻrinlarda — Birja) tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolari bilan shugʻullanadigan brokerlik idoralarini akkreditatsiyadan oʻtkazish tartibini hamda birja aʼzolariga malaka talablarini belgilaydi.
2. Mazkur nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
akkreditatsiya — birjada birja aʼzolariga tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarida ishtirok etishga ruxsat berish tizimi;
ariza beruvchi — birjaga tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarida ishtirok etishga ruxsat berish toʻgʻrisida ariza bilan murojaat qilgan birja aʼzosi;
aʼzolik badali — fyuchers bozorida savdolarni tashkil etish, xizmat koʻrsatish va rivojlantirish xarajatlarini qoplash uchun savdo ishtirokchilari tomonidan toʻlanadigan majburiy toʻlov;
kliring aʼzosi — markaziy kontragent bilan kliring xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisida shartnoma tuzgan shaxs;
markaziy kontragent — kliring ishtirokchilari uchun kliring xizmatini koʻrsatuvchi va fyuchers shartnomasi boʻyicha tomonlar uchun kontragent vazifasini bajaruvchi birjaning tarkibiy boʻlinmasi;
malaka sertifikati — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi tomonidan attestatsiya natijalari asosida davlat akkreditatsiyasidan oʻtgan taʼlim tashkilotlarida tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolari boʻyicha oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli yakunlaganligini tasdiqlovchi hujjat;
roʻyxat — terrorizmga, ommaviy qirgin qurolini tarqatishga qarshi kurashadigan davlat organlari va Oʻzbekiston Respublikasining boshqa vakolatli organlari tomonidan taqdim etiladigan maʼlumotlar, shuningdek, xorijiy davlatlarning vakolatli organlari va xalqaro tashkilotlar rasmiy kanallari orqali taqdim etiladigan maʼlumotlar asosida maxsus vakolatli davlat organi tomonidan tuzilgan, terrorchilik faoliyatida yoki ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishda ishtirok etayotgan yoki ishtirok etishda gumon qilinayotgan shaxslar roʻyxati;
savdolar ishtirokchisi — birjada tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarida qatnashishga ruxsat berilgan birja aʼzosi.
2-bob. Savdo ishtirokchilariga quyiladigan talablar
3. Birjada tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolari bilan shugʻullanishga talabgor boʻlgan birja aʼzolariga akkreditatsiyadan oʻtish uchun quyidagi malaka talablari belgilanadi:
birjada birja aʼzosi sifatida akkreditatsiyadan oʻtgan boʻlishi;
birja aʼzosining treyderlari malaka sertifikatiga ega boʻlishi;
birja aʼzosining rahbari oliy maʼlumotga yoki tovar-xom ashyo birjalarida uch yillik brokerlik ish stajiga ega boʻlishi;
ariza beruvchi birja aʼzosining rahbari ariza berishdan oldin oxirgi uch yil davomida jinoiy javobgarlikka tortish haqida sud hukmi chiqarilmagan boʻlishi yoki sud hukmi bilan moliyaviy tashkilotlarda mansabdor shaxs lavozimlarini egallashga taqiq boʻlmasligi.
4. Savdo ishtirokchisi fyuchers savdolari toʻgʻrisidagi qonunchilikka hamda fyuchers savdolarini oʻtkazish qoidalari va fyuchers savdolari boʻyicha kliringni amalga oshirish tartibiga, shuningdek, birjaning boshqa hujjatlariga rioya qilishlari shart.
5. Savdo ishtirokchisi fyuchers savdolarini oʻtkazish qoidalari va fyuchers savdolari boʻyicha kliringni amalga oshirish tartibiga muvofiq belgilangan maxfiy maʼlumotlarni, fyuchers savdolari hamda tijorat sirini tashkil etuvchi va qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirlarni tashkil etuvchi maʼlumotlarga nisbatan maxfiylikni saqlashi shart.
6. Savdo ishtirokchisiga mijozlarni chalgʻitishi mumkin boʻlgan harakatlarni sodir etish, shu jumladan, notoʻgʻri hisobotlar va maʼlumotlarni taqdim etish taqiqlanadi.
7. Savdo ishtirokchisi mijozni birjaning veb-saytida oshkor qilingan fyuchers savdolarini oʻtkazish qoidalari, fyuchers savdolari boʻyicha kliringni amalga oshirish tartibi, fyuchers kontraktining tasnifi, shuningdek, ushbu hujjatlardagi oʻzgarishlar va birja vakolatli organlarining qarorlari toʻgʻrisida oʻz vaqtida xabardor qilishi shart.
8. Birja savdo ishtirokchilari va ularning mijozlari reyestrini yuritadi. Savdo ishtirokchilari va ularning mijozlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar mazkur reyestrga kiritiladi.
9. Birja savdo ishtirokchisidan savdo ishtirokchilari va ularning mijozlari reyestrini yuritish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlar (hujjatlar)ni olishga haqli. Birja savdo ishtirokchisidan olingan maʼlumotlar (hujjatlar)ni markaziy kontragentga berish huquqiga ega.
10. Savdo ishtirokchisining moliyaviy holatini monitoring qilish maqsadida birja undan qoʻshimcha maʼlumot olish va hisobot taqdim etishni talab qilishga haqli.
11. Ariza beruvchi yoki savdo ishtirokchisi birjaga taqdim etilayotgan hujjatlarning ishonchliligi va toʻliqligini taʼminlashi shart.
12. Savdo ishtirokchisi uning nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, ustavi, manzili (joylashuvi), pochta manzili, telefon, faks, elektron pochta manzili, rahbarining oʻzgarishi toʻgʻrisida birjani xabardor qilishi shart.
3-bob. Tovar derivativlari, shu jumladan fyuchers savdolarida ishtirok etishga ruxsat berish va ruxsat berishni rad etish tartibi
13. Birja ariza beruvchini akkreditatsiyadan oʻtkazadi. Akkreditatsiya vaqtida birja ariza beruvchidan va/yoki markaziy kontragentdan olingan maʼlumotlar asosida mijozlarga tegishli xos raqamlarni biriktiradi.
14. Birjaning tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarida ishtirok etishga ruxsat olish uchun ariza beruvchi birja bilan fyuchers savdolarini oʻtkazish boʻyicha xizmat koʻrsatish shartnomasini tuzadi.
15. Akkreditatsiyadan oʻtish uchun ariza beruvchi birjaga fyuchers savdolarini oʻtkazish qoidalari va fyuchers savdolari boʻyicha kliringni amalga oshirish tartibiga muvofiq hujjatlarni taqdim etadi.
16. Tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolari seksiyasida akkreditatsiyadan oʻtishga malaka sertifikatiga ega boʻlgan hamda ushbu Nizomning 3-bandida belgilangan malaka talablariga javob beradigan birja aʼzolariga ruxsat beriladi.
17. Savdo ishtirokchisiga tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarida ishtirok etishga elektron birja savdo tizimidan foydalangan holda ruxsat berilishi mumkin.
18. Birjada tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarida ishtirok etishga ruxsat olish uchun ariza beruvchi:
tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolari boʻyicha birja aʼzosi sifatida akkreditatsiyadan oʻtgan boʻlishi;
birja bilan tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarini oʻtkazish boʻyicha xizmat koʻrsatish shartnomasini tuzishi kerak.
19. Savdo ishtirokchisi treyderning ish joyidan foydalangan holda tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarida ishtirok etadi.
20. Quyidagi hollarda birja xizmatlar koʻrsatish shartnomasini bekor qilish orqali, shuningdek, Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasining koʻrsatmasiga koʻra tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarida ishtirok etishni toʻxtatadi:
savdo ishtirokchisiga nisbatan faoliyatni yoki faoliyatning ayrim turlarini taqiqlash toʻgʻrisida qonuniy kuchga kirgan sud qarori mavjud boʻlsa;
savdo ishtirokchisi va (yoki) uning birinchi rahbari roʻyxatda mavjud boʻlsa;
savdo ishtirokchisi va (yoki) uning birinchi rahbariga nisbatan sudning qonuniy kuchga kirgan hal qiluv qarori (hukmi) boʻlsa, unga asosan savdo ishtirokchisi va (yoki) uning birinchi rahbari muayyan huquqdan mahrum etilgan boʻlsa va bu uning tovar birjasida savdoda ishtiroki bilan bogʻliq boʻlsa.
21. Tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarida ishtirok etishi toʻxtatilgan savdo ishtirokchisi birjadagi tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolaridagi ishtiroki toʻxtatilgunga qadar yuzaga kelgan barcha majburiyatlarini bajarishi shart.
22. Tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolari seksiyasida Birjada akkreditatsiyadan oʻtkazish faqat quyidagi hollarda rad etilishi mumkin:
ariza beruvchi tomonidan ushbu Nizomda belgilangan talablar bajarilmasa;
ariza beruvchiga nisbatan faoliyatni yoki faoliyatning ayrim turlarini taqiqlash toʻgʻrisida qonuniy kuchga kirgan sud qarori mavjud boʻlsa;
ariza beruvchini va (yoki) uning birinchi rahbari roʻyxatda mavjud boʻlsa;
ariza beruvchiga va (yoki) uning birinchi rahbariga nisbatan sudning qonuniy kuchga kirgan hal qiluv qarori (hukmi) boʻlsa, unga asosan ariza beruvchi va (yoki) uning birinchi rahbari alohida huquqdan mahrum etilgan boʻlsa va bu tovar birjasida akkreditatsiya olish bilan bogʻliq boʻlsa.
23. Birjada tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolari seksiyasida akkreditatsiyadan oʻtkazish rad etilishiga sabab boʻlgan holatlar bartaraf etilgan taqdirda, ariza beruvchi akkreditatsiyadan oʻtish toʻgʻrisidagi ariza bilan birjaga qayta murojaat qilish huquqiga ega.
4-bob. Aʼzolik badali va vositachilik yigʻimlarini toʻlash
24. Fyuchers bozorining savdo ishtirokchisi va kliring ishtirokchisiga nisbatan aʼzolik badalini toʻlash majburiyati birja tomonidan belgilangan tariflarga muvofiq savdoda ishtirok etishga ruxsat berish toʻgʻrisida birjaning yakuniy qarori qabul qilingan kundan boshlab vujudga keladi.
25. Savdo ishtirokchisi birja bilan tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarini oʻtkazish boʻyicha xizmat koʻrsatish shartnomasini va kliring xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisida shartnoma imzolangandan soʻng fyuchers savdolarida ishtirok etish huquqi uchun toʻlovlarni amalga oshirishi shart.
26. Tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarini oʻtkazish boʻyicha xizmat koʻrsatish shartnomasi va kliring xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma boʻyicha xizmatlar uchun birjaga toʻlanishi kerak boʻlgan barcha toʻlovlar birja bitimlari bilan bogʻliq tariflarda koʻrsatiladi.
27. Birja bitimlari bilan bogʻliq tariflarga kiritilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar birjaning rasmiy veb-saytiga joylashtirish orqali oshkor qilinadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
28. Birjaning tovar derivativlari, shu jumladan, fyuchers savdolarida ishtirok etishga ruxsat olish, savdo ishtirokchisi va uning mijozlari oʻrtasidagi oʻzaro munosabatlar mazkur Nizomga, fyuchers savdolarini oʻtkazish qoidalari va fyuchers savdolari boʻyicha kliringni amalga oshirish tartibiga, fyuchers kontraktining tasnifiga, ular oʻrtasida tuzilgan shartnomalar va bitimlarga muvofiq tartibga solinadi.
29. Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi mazkur Nizom talablariga rioya etilishi yuzasidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq nazoratni amalga oshiradi.
30. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
31. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 30-noyabrdagi 687-son qaroriga 2-ILOVA
Birja savdolarida narxlar hiyla-nayrangi, ichki (insayderlik) maʼlumotlardan foydalanish va asossiz daromad olishning raqobatga zid boshqa usullaridan foydalanishning oldini olish
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Qoidalar birja savdolarida narxlar hiyla-nayrangi, ichki (insayderlik) maʼlumotlardan foydalanish va asossiz daromad olishning raqobatga zid boshqa usullaridan foydalanishning oldini olish tartibini belgilaydi va birja savdolari ishtirokchilariga (sotuvchi, xaridor va birja aʼzolariga) nisbatan qoʻllaniladi.
2. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
boshlangʻich narx — sotuvchi tomonidan belgilanadigan birja savdolariga qoʻyilgan tovarning narxi;
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi;
hiyla-nayrang — birja savdolari ishtirokchilarining qoʻshimcha daromad olish maqsadida narxlarni sunʼiy oʻzgartirishga, bir darajada ushlab turishga va boshqa ishtirokchilarning xatti-harakatlariga taʼsir etishga qaratilgan harakatlari, shu jumladan, savdolarda talabning oʻzgarishiga, narxlarning sunʼiy ravishda oshirilishiga olib kelishi mumkin boʻlgan yolgʻon, asossiz maʼlumotlarni tarqatish;
ichki (insayderlik) maʼlumotlar — avval tarqatilmagan va tarqalishi birja tovarining narxiga, talabiga yoki taklifiga taʼsir qilishi mumkin boʻlgan (qonun bilan qoʻriqlanadigan tijorat, bank va xizmat sirini tashkil etuvchi) maʼlumotlar;
savdo sessiyasi — birjada belgilangan tartibda birja savdolari oʻtkaziladigan vaqt;
mahsulotlarni savdoga qoʻyish jadvallari — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 18-martdagi 170-son qaroriga muvofiq sotuvchilar tomonidan tasdiqlanadigan mahsulotlarni birja savdolariga qoʻyish jadvallari;
sotuvchi — birja tovarini kotirovkalash varagʻiga kiritish hamda uni sotishni amalga oshiruvchi yuridik shaxs (rezident va norezident);
standart birja kontrakti — birja tomonidan belgilangan tartibda kotirovkalash varagʻiga kiritilgan standart birja kontrakti;
xaridor — birja tovarini oʻz ehtiyoji uchun, qayta sotish va boshqa maqsadlarda xarid qiluvchi yuridik shaxs (rezident va norezident) yoki yakka tartibdagi tadbirkor;
shaxsiy kabinet — vakolatli organga birja savdolari boʻyicha maʼlumotlarni tezkor olish imkoniyatini beruvchi, birja tomonidan ishlab chiqilgan maxsus elektron modul.
2-bob. Birja savdolarida narxlar hiyla-nayrangining oldini olish
3. Vakolatli organ birja savdolarida narxlar hiyla-nayrangining oldini olish maqsadida birja bilan birgalikda birja savdolari ishtirokchilari uchun oʻquv seminarlarini oʻtkazadi hamda tegishli targʻibot ishlarini amalga oshiradi.
4. Birja aʼzolari oʻz mijozlari tomonidan qonunchilikka, birja savdosi qoidalariga hamda mazkur qoidalarga zid ravishda berilgan va birja savdolarida hiyla-nayrang holatlariga olib keladigan koʻrsatmalarni bajarmaslikka haqli. Mazkur koʻrsatmalar toʻgʻrisida birja aʼzolari vakolatli organ hamda birjani tegishli tartibda xabardor qilgan taqdirda, ularga nisbatan taʼsir choralari qoʻllanilmaydi.
5. Birja savdolarida narxlar hiyla-nayrangining oldini olish vakolatli organ tomonidan savdolarni tashkil etish jarayonini monitoring qilish orqali ham amalga oshiriladi.
3-bob. Birja savdolarida narxlar hiyla-nayrangini aniqlash
6. Birja savdolarida narxlar hiyla-nayrangi savdolar jarayoni va bitimlar shakllanishini doimiy monitoring qilish, birja tovarining narxlari oʻzgarishini tahlil qilish hamda hiyla-nayrang holatlari boʻyicha kelib tushgan murojaatlarni oʻrganish orqali aniqlanadi.
7. Vakolatli organ tomonidan narxlar dinamikasidan qatʼi nazar, hiyla-nayrang holatlarini aniqlashning boshqa choralari ham qoʻllanilishi mumkin.
8. Narxlar hiyla-nayrangi harakatlarini aniqlashda shaxsiy kabinet orqali olinadigan, tovarlarning savdoga qoʻyilishi, birja aʼzolari tomonidan berilgan buyurtmalar, bitimlar boʻyicha oʻzaro hisob-kitoblarning amalga oshirilishi va tovar yetkazib berilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlardan foydalaniladi.
9. Ommaviy axborot vositalarida yolgʻon maʼlumotlarni tarqatish holatlarini aniqlash boʻyicha oʻrganish oʻtkazish uchun kelib tushadigan murojaatlar (yozma yoki ogʻzaki) hamda mustaqil ravishda aniqlangan shubhali axborotlar asos boʻladi.
Ushbu turdagi hiyla-nayrang materiallari maʼlumotlar manbai, uni chop etish sanasi va vaqti (ekran tasvirlari, video, audio yozuvlar, havolalar va boshqalar) koʻrsatilgan holda qayd etilishi kerak.
10. Hiyla-nayrang harakatlarini aniqlashda vakolatli organ quyidagilarga eʼtibor beradi:
birja shartnomalarida kichik lotlarda yuklanishi mumkin boʻlgan tovarlarga asossiz yirik lotlarning belgilanganligiga;
birja shartnomalarida sotuvchilar tomonidan garov mablagʻlari asossiz ravishda kam miqdorda belgilanganligiga;
xaridorlarning ilgari bekor qilingan bitimlar boʻyicha tegishli tovarlarni sotib olish uchun berilgan buyurtmalariga;
oʻxshash tovarlar sotuvchilarining birja shartnomalarida koʻrsatilgan toʻlov va yuklab joʻnatish muddatlari hamda alohida shartlarining muvofiqligiga;
birja shartnomalarida tovarlarning sifat koʻrsatkichlari (turi, navi, sinfi, markasi va boshqalar) boʻyicha yetarli maʼlumot koʻrsatilganligiga;
oʻxshash tovarlar sotuvchilarining birja shartnomalarida koʻrsatilgan markirovkalash standartlarining muvofiqligiga;
birja shartnomalari tovar guruhlari boʻyicha boʻlinishi va tovarlarning milliy standartlarga muvofiq markalari ularning jahon yoki boshqa mamlakatlar standartlariga muvofiqligiga;
birja shartnomalariga tovar haqida qoʻshimcha maʼlumot kiritish zarurligiga;
birja shartnomalarining maxsus shartlarida xaridorlarning oʻz transport vositalaridan, tovarlarni yuklash yoki tushirish uchun oʻz ishchi kuchidan foydalanishlarini cheklashi mumkin boʻlgan shartlarning, birja shartnomasida nazarda tutilgan toʻlov va yuklab joʻnatish muddatlarida qoʻshimcha saqlash xizmatlarining belgilanganligiga;
mahsulotlarni savdoga qoʻyish jadvallarida forvard va spot shartnomalari boʻyicha hajmlar mavsumiylikdan kelib chiqqan holda mutanosib taqsimlanganligiga;
muayyan birja aʼzosi tomonidan birja savdolari davomida narxlarning oshishiga sabab boʻlgan, yuqori narxlarda va katta hajmlardagi buyurtmalar kiritilganligiga va keyinchalik ularning oʻchirib yuborilganligiga;
narxlarning keskin oshishiga sabab boʻluvchi, sotuvchilar tomonidan tovarni savdoga qoʻyish hajmlarining muayyan savdo kunida keskin oshirib yuborilishiga, keyingi kunlarda esa hajmlarning avvalgi kunlar darajasida yoki kam miqdorda qoʻyilishiga;
boshlangʻich narxlari qonunchilik talablariga muvofiq hisoblab chiqiladigan tovarlarning birja savdolariga qoʻyilgan boshlangʻich narxlariga;
birja shartnomasida koʻrsatilgan va tuzilgan bitimlarda tovar boshlangʻich narxining tengligiga;
sotuvchilar tomonidan tovar hajmlarining toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar boʻyicha sotilishi natijasida birja savdolariga qoʻyish hajmining kamayishiga;
sotuvchining avtotransport vositasi va temir yoʻl vagonlarida kunlik yuklab joʻnatish imkoniyatlaridan kelib chiqib, tovar qoʻyish hajmlari kichik va yirik lotlar boʻyicha mutanosib taqsimlanganligiga;
ayrim turdagi tovarlarning narx dinamikasiga;
jarima sanksiyalari qoʻllanmasdan xaridor tashabbusi bilan muayyan birja shartnomasi boʻyicha asossiz ravishda bitimlarning bekor qilinishiga.
4-bob. Birja savdolari jarayonida narxlar hiyla-nayrangi
11. Birja ishtirokchilarining quyidagi qasddan qilingan har qanday harakatlari hiyla-nayrang hisoblanadi va ularni amalga oshirish taqiqlanadi:
savdolar ishtirokchilarining faoliyatini muvofiqlashtirish;
savdolarning oʻtkazilish jarayoniga va natijalariga taʼsir koʻrsatish, qonunchilikda nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno;
savdolarda narxlarning sunʼiy ravishda shakllantirilishiga olib keladigan narx algoritmidan, yaʼni tovarlar narxini oldindan belgilangan parametrlarga asosan monitoring va hisob-kitob qilish, belgilash va nazorat qilish imkoniyatini beruvchi dasturiy taʼminotdan foydalanish;
birjada sotilayotgan yuqori likvidli va (yoki) monopol mahsulotning narxiga, talabiga, taklifiga va uni yetkazib berish shartlariga sunʼiy ravishda taʼsir etish, shu jumladan, oldindan kelishish va til biriktirishlar orqali asossiz foyda olish, savdolarning bitta yoki bir nechta ishtirokchisiga savdolarda ishtirok etish uchun imtiyozli shart-sharoitlar yaratish, shu jumladan, axborotdan foydalanish orqali imtiyozli shart-sharoitlar yaratish, birja savdolari ishtirokchilarining muvofiqlashtirilgan harakatlari natijasida joriy birja narxlarining keskin koʻtarilishi, qatʼiy belgilanishiga olib keladigan harakatlar;
savdolarda talabning oʻzgarishiga, narxlarning sunʼiy ravishda oshirilishiga olib kelishi mumkin boʻlgan yolgʻon, asossiz maʼlumotlarni tarqatish;
birja shartnomasi boʻyicha yirik, yaʼni barcha xaridorlarga savdolarda teng qatnashish imkoniyatini cheklaydigan lotlar belgilash;
toʻlovning va yetkazib berishning asoslanmagan muddatlarini, shuningdek, oʻxshash mahsulotni sotuvchilar tomonidan belgilangan shartlardan jiddiy farq qiluvchi alohida shartlarni joriy etish;
birja shartnomalarida ishtirokchilar sonini cheklaydigan alohida shartlarni koʻrsatish;
mahsulotlarni savdoga qoʻyish jadvallarida ularning hajmlarini forvard va spot shartnomalari boʻyicha asossiz ravishda nomuvofiq qoʻyish;
birja savdolari davomida birjaning muayyan ishtirokchisi tomonidan boshqa ishtirokchilarning buyurtmalariga nisbatan narxi noodatiy tarzda katta farq qiluvchi buyurtmalar berish, keyinchalik mazkur buyurtmalarni savdolar tugaguniga qadar olib tashlash yoki tuzilgan bitimni jarima toʻlamasdan asossiz ravishda bekor qilish;
boshlangʻich narxlarni belgilashda monopol yuqori narx qoʻllash;
birja shartnomasi boʻyicha muayyan xaridor ishtirokida bekor qilingan bitimning bahosi ayni shu xaridor bilan mazkur birja shartnomasi boʻyicha keyingi ikki savdoda amalga oshirilgan bitimning eng past bahosidan past boʻlishiga olib keluvchi harakatlarni bajarish;
yuqori likvidli va (yoki) monopol mahsulotni tegishli jadvallarda nazarda tutilgan muddatlarda va hajmlarda savdoga qoʻymaslik yoki uni kam hajmda yoxud muvofiq boʻlmagan hajmda qoʻyish;
birjada tuzilgan bitimlar va shartnomalarni jarima sanksiyalarisiz asossiz ravishda yoki muntazam asosda bekor qilish, bir tarafning yengib boʻlmas kuch holatlari munosabati bilan majburiyatlarini bajarish imkoniyati yoʻqligi isbotlangan holatlar, yaʼni favqulodda va oldini olib boʻlmaydigan (fors-major) holatlar bundan mustasno;
buyurtmalarni birlashtirish va birja savdolari gʻolibini aniqlash jarayonida, jumladan, ruxsat berilmagan birja dasturi taʼminotidan foydalanish;
faqat birja savdolariga qoʻyish yoʻli bilan sotilishi lozim boʻlgan yuqori likvidli va (yoki) monopol mahsulotlar hajmlarini birja savdolariga qoʻymasdan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar boʻyicha sotish;
birja shartnomalarida tovarlarning sifat koʻrsatkichlari (turi, navi, markasi va boshqalar) toʻgʻrisidagi yetarlicha axborotni koʻrsatmaslik yoki ularning koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi chalgʻituvchi axborotni kiritish;
savdolar tashkilotchilari tomonidan birja savdolarining natijalarini asossiz ravishda bekor qilish.
12. Baland narx asosida shakllangan bitimni rasmiylashtirmaslik holati savdolarga taʼsir etish omillarini inobatga olgan holda hiyla-nayrang deb topilishi mumkin.
13. Vakolatli organ birja savdolari jarayonida boshlangʻich narxga nisbatan narxlar oshishining yoʻl qoʻyiladigan chegarasini belgilashi hamda narx belgilangan chegaradan oshib ketgan taqdirda savdolarni toʻxtatish va sotilmay qolgan mahsulotlar hajmini keyingi savdolarga oʻtkazish boʻyicha birjaga koʻrsatmalar beradi.
14. Birja boʻlib oʻtgan savdolar natijasida narxlarning keskin oshishi, talab yoki taklifning jiddiy nomutanosibligi va hiyla-nayrang alomatlari kuzatilganda vakolatli organni xabardor qiladi.
15. Hiyla-nayrang harakatlari aniqlangan barcha hollarda vakolatli organ raqobat toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq aybdorlarga nisbatan tegishli choralar koʻrilishini taʼminlaydi. Birja aʼzolarining javobgarlik masalasi birja savdosi qoidalarida belgilangan tartibda hal etiladi.
5-bob. Ichki (insayderlik) maʼlumotlardan foydalanishni cheklash
16. Ichki (insayderlik) maʼlumotlarning hisobi yuritilishi, ularning saqlanishi uchun javobgarlik birja va birja ishtirokchilari zimmasiga yuklatiladi.
17. Ichki (insayderlik) maʼlumotlarni tarqatish va ulardan birja tovarining narxiga, talabiga yoki taklifiga taʼsir qilish maqsadida foydalanish, shu jumladan, uchinchi shaxslarga ichki (insayderlik) maʼlumotlardan foydalangan holda maʼlum bir birja tovarini xarid qilish boʻyicha maslahatlar berish taqiqlanadi.
18. Ommaviy axborot vositalari yoki Internet tarmoqlarida, shuningdek, boshqa axborot vositalarida oshkor qilingan maʼlumotlar ichki (insayderlik) maʼlumotlarni tashkil etmaydi.
19. Ichki (insayderlik) maʼlumotlar tarqatilgan taqdirda manfaatdor shaxslar ularning tarqatilishi bilan bogʻliq oqibatlarni bartaraf etish uchun zarur choralarni koʻradi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
20. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 30-noyabrdagi 687-son qaroriga 3-ILOVA
Tovar-xom ashyo birjalarining elektron savdo tizimlariga qoʻyiladigan umumiy talablar toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom tovar-xom ashyo birjalarining elektron savdo tizimlariga qoʻyiladigan umumiy talablarni belgilaydi.
2. Faoliyat yuritayotgan tovar-xom ashyo birjalarida hamda tovar-xom ashyo birjalari faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya talabgorlarida ushbu Nizom talablariga javob beradigan ishlab turgan elektron savdo tizimlari boʻlishi shart.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
dasturiy vosita (keyingi oʻrinlarda — DV) — maʼlumotlar bilan ishlash tizimining faoliyat yuritishiga doir dasturlar, tartibotlar, qoidalar, shuningdek, ularga ilova qilinadigan hujjatlar va maʼlumotlardan iborat obyekt;
elektron birja savdolari tizimi (keyingi oʻrinlarda — EBST) — tovar-xom ashyo birjasi aʼzolariga respublikaning butun hududidan aniq vaqt rejimida masofadan turib birja savdolarida ishtirok etish imkonini beradigan dasturiy apparat vositalari majmuidan iborat global taqsimlangan axborot tizimi;
server — tarmoq resurslarining muayyan turini boshqaradigan hisoblash mashinasi (tizimi);
ishchi stansiya (terminal) — tovar-xom ashyo birjasi aʼzosida mavjud boʻlgan va birja savdolarining elektron tizimiga ulangan maxsus dastur bilan taʼminlangan kompyuter;
dasturlarni dasturlash interfeysi (Application Programming Interface) (keyingi oʻrinlarda — API) — bir dasturiy tizimning boshqa dasturiy tizim bilan oʻzaro aloqada ishlash usullarining tavsifi;
veb-servis — bir dasturiy tizimning boshqa dasturiy tizim bilan oʻzaro aloqasida qoʻllaniladigan standartlashtirilgan interfeyslarga ega axborot resurslarining taqsimlangan tizimi.
2-bob. Elektron birja savdolari tizimlariga qoʻyiladigan talablar
4. EBST quyidagilarni taʼminlashi lozim:
lokal hisoblash tarmoqlarida faoliyat koʻrsatishni;
korporativ hisoblash tarmoqlarida faoliyat koʻrsatishni;
global internet tarmoqlarida faoliyat koʻrsatishni;
veb-servis orqali maʼlumotlar bazasi bilan bogʻlangan holda brokerlik idoralari, brokerlar, dilerlar, brokerlik idoralarining mijozlari haqidagi axborotni tashkil qilish, saqlash va aks ettirishni;
veb-servis va jarayonlarni masofadan ishga tushirish tizimi orqali maʼlumotlar bazasi bilan bogʻlangan holda talabnomalar, bitimlar, savdo natijalari va xabarlar boʻyicha axborotni saqlash va aks ettirishni;
API orqali maʼlumotlar bazasida saqlanayotgan maʼlumotnomalar asosida axborotni saqlash va aks ettirishni;
dasturiy vositalar majmuining ishini qisqa yoʻriqnomalar, yordam koʻrsatish va tushuntirishlar bilan taʼminlanadigan menyu orqali tashkil qilishni;
tizim ishtirokchilari oʻrtasida (ularning qayerda joylashganligidan qatʼiy nazar) aniq vaqt rejimida muntazam axborot almashinuvini;
birja aʼzolari (brokerlar, dilerlar va boshqalar)ga birja savdo zalidan tashqarida ishlashni;
istalgan ishchi stansiyalar (terminal)dan kiritilgan axborotni shu vaqtning oʻzida birja savdolarining elektron tizimiga ulangan barcha ishtirokchilariga umumfoydalanish uchun aks ettirishni;
tizimga keluvchi axborotni birxillashtirish, yaʼni biror-bir ishchi stansiyadan tizimga kiritiladigan axborotning oldindan belgilangan birjalar tomonidan oʻrnatilgan qoidalar boʻyicha shakllantirilgan taqdirdagina kelib tushishini;
zarur tahliliy materiallarni shakllantirish, savdosi boʻladigan alohida aktivlar (tovarlar va moliyaviy vositalar) bozori, aktivlar guruhlari, aylanma hajmlari, talab va taklif hajmlari, kotirovkalar, pozitsiyasi ochiq qolgan hajmlar (sotilmagan hajmlar), lotlar miqdorining holati boʻyicha maʼlumotlarni tanlab olish, turli mezonlarga koʻra axborotni tezkor va oson qidirish jarayonlarini.
5. EBST oʻz tarkibida quyidagi operatsiyalar va maʼlumotlar roʻyxatga olinadigan, savdo sessiyalari boʻyicha bajarilgan amallarning hisobini yurituvchi avtomatlashtirilgan jurnal (savdolarning elektron bayonnomasi)ga ega boʻlishi kerak:
savdoning ochilishi;
savdoning yopilishi;
savdo ishtirokchisini identifikatsiya qilish;
savdo ishtirokchisining tizimga kirish vaqti;
savdo ishtirokchisining tizimdan chiqish vaqti;
savdo ishtirokchisi tomonidan narx taklifi berilgan vaqt;
savdo ishtirokchisining narx taklifini qaytarib olgan vaqti;
savdo ishtirokchisining narx taklifini oʻzgartirgan vaqti;
savdo ishtirokchisining bitim tuzgan vaqti;
aktiv nomi;
narx taklifidagi aktiv miqdori;
lotlar miqdori;
aktiv bahosi.
Yozuvlarni qayd qilish vaqtining formati — yil, oy, kun, soat, daqiqa, soniya (kamida 0,1 soniyagacha boʻlgan aniqlik bilan).
6. EBST oʻtkazilgan birja savdolariga oid hisobotlarning birja operatsiyalari jurnali mazmuniga qatʼiy mos kelishini taʼminlashi kerak.
7. EBST operatsiyalar jurnalida bajarilayotgan operatsiyalarning avtomatik ravishda biriktiriladigan xos raqamining yuritilishini taʼminlashi kerak.
3-bob. Dasturiy taʼminotga qoʻyiladigan talablar
8. EBST DV litsenziyaga ega boʻlgan dasturiy taʼminotdan foydalangan holda ishlab chiqilgan boʻlishi va ekspluatatsiya qilinishi kerak.
9. Axborotning toʻliq yoki qisman yoʻqotilishining va maʼlumotlar bazasining yaxlitligi buzilishining oldini olish maqsadida EBST DV shunday yaratilgan boʻlishi kerakki, unda foydalanuvchining xatolari, texnik nosozlik holatlarida yuzaga keladigan xatolar va maʼlumotlar bazasi xatolari, foydalanuvchiga keyingi xatti-harakatlari yozilgan maʼlumotlarni uzatgan holda, qayta ishlanishini taʼminlashi lozim.
10. EBST DVda quyidagi funksiyalarni taʼminlovchi dasturlar ishini nazorat qiluvchi modul boʻlishi kerak:
foydalanuvchini identifikatsiya qilish (tanib olish), autentifikatsiya qilish (haqiqiyligini tasdiqlash) va avtorizatsiyalash (vakolatlarini belgilash);
EBST resurslariga kirish ruxsatlarini nazorat qilish;
EBSTda sodir boʻlayotgan voqealarni roʻyxatga olish va tahlil qilish;
EBST resurslari yaxlitligini nazorat qilish.
11. EBST DV savdo natijalariga koʻra shakllangan maʼlumotlarga oʻzgartirishlar kiritilishiga yoʻl qoʻymasligi kerak.
12. EBST DV kiritiladigan maʼlumotlar toʻliqligi va haqqoniyligining nazoratini taʼminlashi kerak.
13. EBST DV quyidagi dasturiy tizimlarni oʻz ichiga olishi (yoki mavjud dasturiy tizimlar bilan elektron tarzda oʻzaro ishlashni taʼminlashi) kerak:
savdo tizimi;
mablagʻlar kirim va chiqim amaliyotlarida inson omilisiz, bank axborot tizimi bilan integratsiyasi mavjud boʻlgan hisob kitob-kliring tizimi;
depozitar tizim (vakolatli birja ombori tizimi) (agar texnologik savdo jarayoni bunday tizim bilan oʻzaro ishlashni nazarda tutsa);
axborot-tahlil tizimi;
maʼlumotlarni uzatish tarmoqlari (agar texnologik savdo jarayoni bunday tizim bilan oʻzaro ishlashni nazarda tutsa).
14. EBST DV nazarda tutilgan barcha ish rejimlarida oʻzbek va/yoki boshqa tillarda ishonchli ishlashi kerak.
15. EBSTni oʻrganish va undan amalda foydalanish uchun zarur boʻlgan hujjatlar (davlat tilida va boshqa tillardagi tarjimasi) boʻlishi lozim.
4-bob. Apparat taʼminotiga qoʻyiladigan talablar
16. Server va kommunikatsiya uskunasi quyidagilarni taʼminlashi kerak:
tovar-xom ashyo birjalarida qabul qilingan ish tartibini taʼminlash uchun yetarli darajadagi ish unumdorligini;
keng qamrovli, yaʼni axborotning ortib borayotgan hajmi bilan ishlash imkoniyatlarini.
17. Yuqori sifatli tizimlarni tashkil qilishda ishonchli “raid” massivlarini yaratish uchun serverlarni zarur miqdordagi diskli saqlash qurilmalari hamda “hot swap” quvvat manbalari bilan taʼminlash zarur.
18. Server barcha server-apparat qismlarini monitoring qilish va ularning sozligini nazorat qilish tizimiga ega boʻlishi kerak.
19. Serverning elektr taʼminotini kirish kuchlanishini barqarorlashtirgan holda uzluksiz taʼminlash qurilmasi (keyingi oʻrinlarda — UTQ) orqali amalga oshirish talab etiladi.
20. UTQ quvvati server tomonidan talab qilinadigan quvvatga muvofiq tanlanishi va batareyaning kamida 120 daqiqalik ish vaqti bilan taʼminlashi kerak va bunda nominal quvvatning koʻpi bilan 60 foizi yuklangan boʻlishi lozim.
21. Diskli saqlash qurilmalarida (masalan, yuqori darajali “raid”, aks nusxa olish), shuningdek, maʼlumotlar saqlanadigan tashqi qurilmalarda (masalan, strimer va boshqalar) maʼlumotlarning zaxiralanganligi taʼminlangan boʻlishi kerak.
22. Serverga maxsus operativ xotira — xatolarni topib, tuzatish (YESS — error corecting code) qobiliyatiga ega boʻlgan xotira oʻrnatilgan boʻlishi kerak, bunda oddiy hisob nazorati yetarli boʻlmaydi.
23. Birja oʻziga tegishli server qurilmalari va alohida joylashgan server xonasiga ega boʻlishi shart.
24. Server xonasi quyidagi talablarga javob berish kerak:
cheklangan doiradagi shaxslarning kirish huquqiga ega boʻlishi;
kodli qulflar yoki biometrik tizim bilan himoyalangan kirish eshiklariga ega boʻlishi;
yonmaydigan materiallardan koʻtarilgan pollar (falshpol) bilan jihozlangan boʻlishi;
isitilgan va namlikni yoʻqotuvchi toza havo oqimini taʼminlovchi tizimga ega boʻlgan, “24/7” rejimida ishlovchi asosiy va zaxira sovitish texnikalari bilan jihozlanishi;
havo harorati Selsiy boʻyicha 20 — 24 darajada saqlab turilishi;
kuzatuv kameralari bilan jihozlanishi;
elektr taʼminoti uzluksizligini (generator ishga tushirilgunga qadar) kamida 2 soat taʼminlovchi quvvat manbai batareyalariga (UPS) ega boʻlishi;
elektr energiyasi taʼminotida uzilishlar sodir boʻlganda, kamida 3 sutka davomida elektr energiyasini ishlab chiqarish imkoniyatiga ega boʻlgan generator uskunasi mavjud boʻlishi;
maxsus gaz yordamida avtomatik yongʻin oʻchirish tizimiga ega boʻlishi.
5-bob. Axborot xavfsizligiga qoʻyiladigan talablar
25. EBST ushbu Nizom talablari va boshqa normativ hujjatlarning talablariga muvofiq muhofaza qilinadi.
26. Axborot xavfsizligi axborotni muhofaza qilishning tashkiliy-texnik chora-tadbirlari va dasturiy-apparat vositalaridan iborat tizim bilan taʼminlanishi kerak.
Quyidagilar mavjud boʻlishi talab etiladi:
murakkab boshqaruv siyosatini amalga oshirish hamda tarmoq xavfsizligini taʼminlashda ilgʻor yechimlarga ega (Enterprise) tarmoqlararo apparat xavfsizlik devorlari;
ruxsatsiz kirishlarni aniqlash va ularning oldini olish tizimlari;
ilova serverlari va EBST DV maʼlumotlar bazasi serverlari faoliyati boʻyicha monitoring tizimi;
xodimlar va savdo ishtirokchilarining EBSTga kirishi uchun parollarni qoʻllash boʻyicha sxemalar va yoʻriqnomalar;
xodimlarning EBST axborot resurslari va xizmatlaridan foydalanish ruxsati darajalarini belgilash sxemasi;
axborotni takrorlash hamda maʼlumotlar nusxalari va joʻnatilgan xabarlarni saqlash texnologiyasi boʻyicha yoʻriqnoma va hujjatlar;
xodimlarning maxfiy maʼlumotlar oshkor etilishiga olib kelishi mumkin boʻlgan va olib kelgan harakatlari uchun javobgarlikni belgilaydigan hujjatlar;
birja ishtirokchilarining oʻzaro elektron jarayonda ishlashi davomida axborotning muhofaza qilinishini taʼminlash maqsadida axborot almashinuvi qoidalarini belgilaydigan hujjat;
axborot almashinuvi uchun savdolarning texnologik jarayonidagi barcha ishtirokchilar uchun yagona boʻlgan, uzunligi kamida 1 024 bitdan iborat kalitli, maʼlumotlarni shifrlash algoritmi qoʻllanilishi kerak;
dastur darajasida ishlaydigan va trafik tahlili yordamida veb-ilovalarni himoya qiluvchi veb-ilovalar uchun xavfsizlik devori — trafikni filtrlash vositasi (WAF);
axborot tizimi infratuzilmasida sodir boʻlayotgan xavfsizlik hodisalari haqida maʼlumotlarni real vaqt rejimida toʻplash va tahlil qilish uchun moʻljallangan dasturiy tizim (CIEM).
27. Amalga oshiriladigan tashkiliy chora-tadbirlar tarkibida yuridik va jismoniy shaxslarni EBST DVni loyihalash, yaratish, ekspluatatsiya qilish va taʼminlashga jalb qilishni tartibga soluvchi talablar hamda xatti-harakatlar roʻyxati boʻlishi kerak.
28. Birja aʼzolarining EBSTda axborotni kriptografik muhofaza qilish vositalaridan, shu jumladan, elektron raqamli imzo vositalaridan foydalangan holda ish olib borishlari qonun hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshirilishi lozim.
29. EBST DVning axborot xavfsizligini taʼminlash tizimi xavfsizlikka tahdidni hamda ularni yuzaga keltirgan sabab va sharoitlarni oʻz vaqtida aniqlashni taʼminlaydigan xavfsizlik siyosatiga muvofiq amalga oshirilishi kerak.
6-bob. Tashkiliy talablar
30. EBST uzluksiz ravishda sutkasiga 24 soat mobaynida (ish kunlarida) ishlash imkoniyatini taʼminlashi kerak.
31. Birja savdolarining har bir ishtirokchisi birja savdolarining elektron savdo tizimidan teng foydalanish huquqiga ega boʻlishi kerak. Ishtirokchilar soni EBST DVning unumdorligi yoki dasturiy-apparat tavsiflari bilan cheklanmasligi kerak.
32. Birja savdolarining har bir ishtirokchisi uchun teng sharoit yaratish maqsadida savdolarga Internet tarmogʻi mavjud boʻlgan istalgan joydan yoki savdo zallaridan ishtirok etish imkoniyatini taʼminlashi shart.
33. Birjaning hududiy filiallari, alohida brokerlik joylari, savdo maydonchalari va boshqa joylarda ishni tashkil qilishda birja EBSTga ulanadigan va hududlarda ishlash imkoniyatiga ega boʻlgan ishonchli kanallarni taʼminlashi hamda birja ishtirokchilari uchun teng savdo shartlarini taʼminlashi shart. Birja savdo ishtirokchilari tomonidan mustaqil ravishda tanlab olinadigan va foydalaniladigan texnik tavsif va texnik komplektga ega boʻlgan terminallarning butligi va ishga yaroqliligi uchun javobgar emas.
34. Tovar-xom ashyo birjasi birjadan uzoqda joylashgan savdo ishtirokchilarini masofadan turib foydalanish rejimi boʻyicha ulash uchun zarur miqdordagi portlarni taʼminlashi kerak.
35. Birja aʼzolari uchun Internet tarmogʻi orqali istalgan joydan turib birja savdolarida ishtirok etish imkoniyati yaratilishi mumkin. Bunda mazkur Nizomning 31-bandida keltirilgan talab inobatga olinmaydi.
36. Tovar-xom ashyo birjalarida birja savdolarining elektron tizimiga ulanish va unda savdo ishtirokchilarining uzoq masofadan turib ishlashi boʻyicha shart-sharoitlar, talablar va texnik tavsiflarni belgilaydigan yoʻriqnoma boʻlishi kerak. Tovar-xom ashyo birjalari savdo ishtirokchilari tomonidan mustaqil ravishda tanlab olingan va foydalaniladigan aloqa kanallarining ishlashi va oʻtkazish imkoniyati uchun javobgar emas.
37. Tizimga ushbu sohaning mutaxassislari hisoblangan va shu kabi tizimlarda kamida uch yil ish stajiga ega boʻlgan shtatdagi xodimlar xizmat koʻrsatishi kerak.
38. EBST belgilangan tartibda tasdiqlangan birja savdolari qoidalariga muvofiq ishlashi kerak.
7-bob. Birja savdolarining elektron tizimlari ekspertizasi
39. Ekspertizani oʻtkazishning asosiy maqsadi Oʻzbekiston Respublikasi hududida joylashgan tovar-xom ashyo birjalarida EBST qoʻllanilishini yoʻlga qoʻyishdir. Ekspertizani birja faoliyatini tartibga soluvchi vakolatli davlat organi oʻtkazadi. Zarur hollarda, ekspertizani oʻtkazish uchun boshqa idoralarning tegishli mutaxassislari jalb qilinishi mumkin.
40. EBST ekspertizasini oʻtkazishda asosiy vazifalar quyidagilardan iborat:
DVda axborotni qayta ishlash texnologik jarayonlarining Oʻzbekiston Respublikasida birja faoliyatini tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlarining shartlari va talablariga mos kelishini aniqlash;
EBSTning axborot xavfsizligi talablariga mos kelishini aniqlash;
joriy etiladigan EBST DVning tovar-xom ashyo birjalarida amalga oshirilayotgan operatsiyalarning toʻliq jarayonini taʼminlaydigan amaldagi avtomatlashtirilgan tizimlarga dasturiy va axborot jihatdan mos kelishini aniqlash;
foydalaniladigan dasturiy mahsulotni tartibga solish va tovar-xom ashyo birjalari tomonidan sotib olinadigan yoki ishlab chiqiladigan yangi dasturiy taʼminotni nazorat qilish.
41. Tovar-xom ashyo birjalari faoliyatini avtomatlashtirish uchun moʻljallangan amaliy (ishlab chiqilgan yoki sotib olingan) DV ekspertizani oʻtkazish obyekti hisoblanadi.
42. Ekspertizani oʻtkazish uchun dasturchi va operator foydalanadigan qoʻllanmalar, dastur matnlari va boshqa hujjatlar taqdim etilishi kerak.
43. Qayta ishlab chiqilgan EBST (oʻzgartirilgan yoki yangi versiyadagi EBST) qayta ekspertizadan oʻtkaziladi. Bu holda EBSTning oʻzgartirilgan yoki qoʻshimcha kiritilgan qismi ekspertiza qilinadi. Bunda EBSTning qayta ishlab chiqilgan qismlari uchun hujjatlar taqdim etiladi. Normativ hujjatlarga oʻzgartirishlar yoki qoʻshimchalar kiritilishi natijasida oʻzgartirilgan EBST versiyalari ushbu oʻzgartirish va qoʻshimchalar kuchga kirgan kundan boshlab, uch oy ichida ekspertizaga topshiriladi.
44. Ekspertizadan oʻtkazilmagan EBSTdan foydalanilganlik uchun tovar-xom ashyo birjalariga nisbatan amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq jazo choralari qoʻllaniladi.
45. EBSTni ekspertizadan oʻtkazish natijasida aniqlangan kamchiliklar, yaʼni EBSTda axborotni qayta ishlash texnologik jarayonining Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlari talab va shartlariga mos kelmasligi, EBST axborot xavfsizligi talablariga rioya etilmasligi yoki joriy etiladigan EBSTning dasturiy va axborot jihatdan mos kelmaslik holatlari litsenziya talablari va shartlariga muvofiq emas deb hisoblanadi hamda birja faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya berishni rad etishga asos boʻladi.
46. EBSTning ushbu Nizom talablariga hamda boshqa normativ hujjatlarga (oʻzgartirishlar yoki yangi talablar kiritilganda) mos kelmasligi aniqlanganda, tovar-xom ashyo birjasiga, agar unga birja faoliyatini yuritish uchun ilgari litsenziya berilgan boʻlsa, ushbu aniqlangan nomuvofiqliklar va ularni bartaraf etish muddatlari koʻrsatilgan koʻrsatma yuboriladi. Yuborilgan koʻrsatma belgilangan muddatda bajarilmagan taqdirda, ushbu birja uchun berilgan litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish yoki bekor qilish masalasi koʻrib chiqiladi.
47. Tovar-xom ashyo birjasi tomonidan EBSTni ekspertizadan oʻtkazish xulosasi boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat arizasi berilishi mumkin.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
48. Mazkur Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
49. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 30-noyabrdagi 687-son qaroriga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining “Tovar-xom ashyo birjalari faoliyatini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2004-yil 31-maydagi 251-son qarorining 8-bandida :
a) toʻrtinchi — oltinchi xatboshilar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Belgilansinki, “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJning birja bitishuvlaridan undiriladigan vositachilik yigʻimlarining miqdorlarini belgilashda, “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ uchun foyda soligʻini hisoblashda xarajatlar bilan chegiriladigan monopolist korxonalar hamda ustav fondida (kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar yoki ustav fondining (kapitalining) 50 foizi va undan ortigʻi 50 foiz va undan ortiq miqdorda davlat ulushiga ega yuridik shaxsga tegishli boʻlgan yuridik shaxslar tomonidan sotiladigan mahalliy yuqori likvidli va monopol turdagi mahsulotlar, xom ashyo va materiallarni sotish boʻyicha “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ xizmatlariga 0,1 foiz miqdordagi vositachilik yigʻimlari hisobga olinadi va ular quyidagi ulushlarda oʻtkaziladi:
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga — 0,06 foiz;
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga — 0,02 foiz”;
b) quyidagi mazmundagi yettinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Oʻzbekiston Respublikasi Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga — 0,02 foiz”;
v) yettinchi xatboshi sakkizinchi xatboshi deb hisoblansin.
2. Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 31-avgustdagi 683-son qarori bilan tasdiqlangan Jismoniy va yuridik shaxslarga avtotransport vositalari uchun roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini oshirilgan toʻlov stavkalari boʻyicha berishda “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ axborot tizimida auksion oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 7-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Bunda:
vositachilik yigʻimlari uchun undiriladigan mablagʻlar bitim qiymatidan tegishincha birja xizmatlari uchun 3 foiz hamda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining budjetdan tashqari fondiga yoʻnaltiriladigan toʻlovlar uchun 2 foiz nisbatda taqsimlanadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining budjetdan tashqari fondiga oʻtkaziladigan vositachilik yigʻimlari birja uchun daromad soligʻini hisoblab chiqishda ayriluvchi xarajatlar hisoblanadi”.
3. Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 17-yanvardagi 33-son qarori bilan tasdiqlangan Tovar-xom ashyo birjalarida hisob-kitob-kliring operatsiyalarini oʻtkazish qoidalarining 3-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“3. HKKP birjaning tarkibiy boʻlinmasi boʻlib, yuridik shaxs maqomiga ega emas hamda birja nomidan, agar qonun va qonunosti hujjatlarida boshqacha tartib belgilangan boʻlmasa, ushbu Qoidalarda nazarda tutilmagan har qanday mustaqil operatsiya va harakatlarni sodir etish huquqisiz ish olib boradi”.
4. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 15-maydagi 402-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi huzuridagi budjetdan tashqari Raqobatni rivojlantirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 3-bandida :
quyidagi mazmundagi oʻn ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ xizmatlariga 0,02 foiz miqdordagi vositachilik yigʻimi”;
oʻn ikkinchi xatboshi oʻn uchinchi xatboshi deb hisoblansin.
5. Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 18-martdagi 170-son qarori bilan tasdiqlangan Birja savdolarida yuqori likvidli va monopol turdagi mahsulotlarni sotish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
a) 5-bandning ikkinchi xatboshisi “monopoliyaga qarshi kurashish organiga taqdim etadi” soʻzlaridan keyin “va ushbu mahsulotlarni mazkur jadvallarda belgilangan muddatlar va hajmlarda birja savdolariga qoʻyib boradi” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
b) 6-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“6. Sotuvchilar obyektiv va ularga bogʻliq boʻlmagan sabablar tufayli jadvallarda nazarda tutilgan hajmlarni va mahsulotni birja savdolariga qoʻyish muddatlarini bajarishning imkoniyati boʻlmagan holatlarda, bu haqda mahsulotni birja savdolariga qoʻyish sanasidan oʻn kun avval, favqulodda yuzaga kelgan vaziyatlarda esa shu kunning oʻzidayoq aniq sabablarni koʻrsatib hamda ombordagi mavjud mahsulot zaxirasi toʻgʻrisidagi asoslantirilgan maʼlumotlarni taqdim etgan holda monopoliyaga qarshi kurashish organi va birjani xabardor qiladi.
Monopoliyaga qarshi kurashish organi, zarur boʻlganda, mutasaddi idoralar va tashkilotlar mutaxassislarini jalb qilgan holda, joyiga chiqib, mavjud muammolarni oʻrganadi”;
v) quyidagi mazmundagi 7 1 -band bilan toʻldirilsin:
“7 1 . Sotuvchi va xaridorlarga mahsulotlarni birja savdolariga qoʻyish, sotish, sotib olish, majburiyatlarni bajarish va bitimlarni bekor qilishda mazkur Nizom hamda raqobat toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan monopoliyaga qarshi talablar qoʻllaniladi”;
g) 31-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Monopoliyaga qarshi kurashish organi mahsulotlar boʻyicha belgilangan avans miqdorlari, toʻlov va yetkazib berish muddatlariga oʻzgartirish kiritish haqida sotuvchilarga bajarilishi majburiy boʻlgan koʻrsatmalar berishga haqli”;
d) 31 1 -bandning oʻn toʻrtinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“boshlangʻich narxlarni asossiz oshirish”;
e) 32 1 -bandda :
birinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Birja savdolaridan chetlatilgan hajmlarda mahsulotlarni toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar boʻyicha, shu jumladan, eksportga sotish holatlari aniqlanganda, toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar boʻyicha sotilgan hajmni sotish narxi bilan birja savdolarida bir xil turdagi mahsulot boʻyicha oʻrtacha hisoblangan birja kotirovkalari (narx) oʻrtasidagi farqqa koʻpaytirish orqali hisoblangan mablagʻlar olib qoʻyiladi”;
quyidagi mazmundagi uchinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Birja savdolari ishtirokchilari tomonidan manipulyatsiya harakatlari natijasida, bunda mazkur bandning birinchi va ikkinchi xatboshilarida koʻrsatilgan holatlar mustasno, joriy birja narxlarining keskin koʻtarilishiga yoki qatʼiy belgilanishiga olib keladigan harakatlari aniqlanganda, oldingi birja savdolarida shakllangan mahsulotning oʻrtacha sotilish narxi bilan manipulyatsiya natijasida shakllangan mahsulot sotilish narxi oʻrtasidagi farq summasini manipulyatsiya harakatlari sodir etilgan savdolarda sotilgan mahsulot hajmiga koʻpaytirish orqali hisoblangan mablagʻ olib qoʻyiladi”;
uchinchi — sakkizinchi xatboshilar tegishincha toʻrtinchi — toʻqqizinchi xatboshilar deb hisoblansin;
toʻqqizinchi xatboshidagi “birinchi va ikkinchi qismida” soʻzlari “birinchi — uchinchi xatboshilarida” soʻzlari bilan almashtirilsin”.
6. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 21-fevraldagi 80-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ayrim faoliyat turlarini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi yagona nizom 31-ilovadan keyin quyidagi mazmundagi 32-ilova bilan toʻldirilsin.
“Maxsus elektron tizim orqali ayrim faoliyat turlarini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi yagona nizomga 32-ILOVA
Tovar xom-ashyo birjasi faoliyatini litsenziyalash
1. Litsenziya nomi: Birja faoliyati uchun litsenziya 2. Litsenziyalanadigan faoliyat turlari: Tovar xom-ashyo birjasi faoliyati 3. Ariza beruvchilar toifasi: Aksiyadorlik jamiyati shaklidagi yuridik shaxslar 4. Litsenziyalovchi organ: Oʻzbekiston Respublikasi Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi 5. Litsenziyani olish uchun taqdim qilinadigan hujjatlar: 1. Litsenziya berish toʻgʻrisida ariza, unda yuridik shaxsning nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, uning joylashgan joyi (pochta manzili), soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami, asosiy faoliyat turi, telefon raqami, elektron pochta manzili koʻrsatiladi. 2. Birja tovarlari bilan savdo qilish qoidalari nusxasi. 3. Ustav jamgʻarmasining shakllantirilganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma. 6. Arizani koʻrib chiqish uchun toʻlanadigan yigʻim miqdori: Yigʻim undirilmaydi 7. Litsenziya berilganligi uchun davlat boji miqdori: Bazaviy hisoblash miqdorining 4 baravari miqdorida 8. Arizani koʻrib chiqish va qaror qabul qilish muddatlari: 20 ish kuni 9. Litsenziya talablari va shartlari: a) litsenziyalash sohasidagi qonunchilik hujjatlarining muayyan qoidalariga rioya etish; b) Oʻzbekiston Respublikasi hududida joylashgan, maʼlumotlarni qayta ishlash boʻyicha zamonaviy markazga ega boʻlgan va Tovar-xom ashyo birjalarining elektron savdo tizimlariga qoʻyiladigan umumiy talablar toʻgʻrisidagi nizomda nazarda tutilgan talablarga javob beradigan hamda ularga asosan ishlab turgan elektron birja savdo tizimining mavjudligi;* v) ustav fondining ariza berilgan sanada bazaviy hisoblash miqdorining kamida qirq ming baravari miqdorida shakllantirilganligi; g) litsenziya talabgori (litsenziat) rahbari bir vaqtning oʻzida boshqa tovar-xom ashyo birjalarida rahbarlik lavozimini egallashiga yoʻl qoʻymaslik; d) quyidagi shaxslar litsenziatning rahbari boʻlishi mumkin emas:* moliya-iqtisod, yuridik, matematika yoki axborot texnologiyalari mutaxassisliklaridan kamida bittasi boʻyicha oliy maʼlumotli boʻlmagan shaxslar; qimmatli qogʻozlar bozoridagi professional faoliyatni amalga oshiruvchi tashkilotlarda, fond birjalarida yoxud iqtisodiy, moliyaviy va yuridik faoliyat sohalarida, axborot texnologiyalari sohasida yoki koʻrsatib oʻtilgan yoʻnalishlar boʻyicha davlat boshqaruvi organlaridagi ishda kamida ikki yillik ish stajiga ega boʻlmagan shaxslar; yakka holda ijro etuvchi organ funksiyalarini bajargan, kollegial ijro etuvchi organ tarkibiga kirgan shaxslar yoki ularning aybi bilan yoʻl qoʻyilgan litsenziya talablari va shartlari buzilganligi uchun tovar-xom ashyo birjasi faoliyatini amalga oshirishga berilgan litsenziyalarning amal qilishi toʻxtatilgan paytda, agar bunday toʻxtash paytidan boshlab uch yildan kam vaqt oʻtmagan boʻlsa; iqtisodiyot sohasidagi jinoyat uchun yoki boshqaruv tartibiga qarshi jinoyat uchun olib tashlanmagan sudlanganlikka ega boʻlgan shaxslar; e) tuzilgan birja bitimlari bajarilishining kafolatlanish tizimi mavjudligi; j) qonunchilik hujjatlariga muvofiq axborotning maxfiyligini taʼminlash;* z) birja savdosi qoidalari mavjudligi, unda:* birja aʼzolari, ularning huquq va majburiyatlari toʻgʻrisidagi nizom; birja aʼzoligiga qabul qilish, aʼzolikni toʻxtatib turish va tugatish tartibi; birja aʼzolarining birja savdolarida ishtirok etishga ruxsat berish tartibi; birja tovarlarini muomalaga qoʻyish va muomaladan chiqarishga ruxsat berish tartib-taomillari; tuzilgan birja bitimlarining bajarilishini taʼminlash uchun sharoit yaratish tartibi; birja savdolarini oʻtkazish tartibi va birja bitimlari turlari; birja savdolarida muomalada boʻladigan hosila moliyaviy vositalarning (derivativlarning) tavsifi; birja tovarlarini kotirovkalash (ularning narxini belgilash) va ular toʻgʻrisidagi axborotni oshkor qilish tartibi; birja tovarlari bilan operatsiyalarni amalga oshirish, birja bitimlarini va birja savdolari natijalarini roʻyxatga olish hamda rasmiylashtirish tartibi; birja savdolari ishtirokchilari oʻrtasida oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibi; birjada narxlarning shakllanish jarayoni ustidan nazorat qilish tartibi; birja savdolari toʻgʻrisidagi axborotni oshkor etish tartibi; birja savdolari qoidalarini buzganlik uchun javobgarlik toʻgʻrisidagi qoidalar; birjada nizolarni hal etish tartibi; jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablarining bajarilishini taʼminlashga qaratilgan chora-tadbirlar; birja savdolarida narxlar manipulyatsiyasi va maxfiy axborotdan noqonuniy foydalanishning oldini olish choralari toʻgʻrisidagi qoidalar mavjudligi; i) birja savdolarida faqat oldindan eʼlon qilinadigan, isteʼmolchilar va mahsulot ishlab chiqaruvchilar keng tanishishi mumkin boʻlgan birjaning kotirovkalash varagʻiga kiritilgan tovarlarni sotish, oldindan eʼlon qilinadigan birjaning kotirovkalash varagʻiga kiritilmagan tovarlarning sotilishiga qoʻyilgan taqiqlarning mavjudligi; k) birja tovarlariga boʻlgan talab va taklifning nisbati asosida ularni kotirovkalash (narxini belgilashni); l) axborotlarni qonunchilik hujjatlariga muvofiq oshkor qilinishi; m) litsenziyalovchi organ talabiga koʻra tovar-xom ashyo birjasi faoliyatini amalga oshirish bilan bogʻliq axborotni, shu jumladan, internet tarmogʻidan foydalangan holda shaxsiy kabinet orqali birja tovarlarining qoʻyilishi, sotilishi va hisob-kitob-kliring palatasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etish. Bunda vakolatli organga birja savdolari jarayonlarini onlayn nazorat qilish imkonini yaratish;* n) birja savdolarini faqat Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida hamda chet el davlatlaridagi barcha birja aʼzolariga savdolarda bir vaqtning oʻzida qatnashish imkoniyatini beruvchi va teng kirishini taʼminlovchi markazlashtirilgan elektron tizimda oʻtkazish. Bunda birja savdolarini tashkil etishda raqobatni cheklovchi talablar va shartlarning joriy etilishini taqiqlash; o) tovar-xom ashyo birjasining elektron savdo tizimida avtomatik ravishda tuziladigan hamda tovar nomi, oʻlchov birligi, lotlar soni, operatsiya turi, tovarning savdoga qoʻyilgan narxi va bitimda roʻyxatdan oʻtkazilgan narx, tovarni yetkazib berish shartlari, bitim tomonlari, bitim amalga oshirilgan aniq vaqt koʻrsatilgan, elektron protokollar tarzida kiritilgan bitimlar toʻgʻrisidagi axborotni uch yil mobaynida saqlash; p) tovar-xom ashyo birjasining kotirovkalash varagʻiga faqat bir xil standartga, bir turdagi xossalarga ega boʻlgan, ulgurji turkumlar bilan sotiladigan hamda dastlabki koʻzdan kechirishni talab qilmaydigan birja tovarlarini kiritish; r) litsenziya olish, uni qayta rasmiylashtirish uchun taqdim etiladigan maʼlumotlarning soxta, yolgʻon va notoʻgʻri emasligini taʼminlash; s) litsenziat qayta tashkil etilganda, uning nomi yoki joylashgan joyi (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, litsenziat yoxud uning huquqiy vorisi qayta roʻyxatdan oʻtgandan keyin besh ish kunida “Litsenziya” AT yoki YIDXP orqali litsenziyalovchi organga koʻrsatib oʻtilgan maʼlumotlarni tasdiqlovchi tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida murojaat qilinishi; t) zamonaviy server uskunalari bilan jihozlangan va maʼlumotlarni qayta ishlash boʻyicha zamonaviy markazning mavjudligi, unda:* infratuzilmani tashkil etish uchun kamida 5 ta server uskunasi, har bir server uskunasi 2 ta protsessor va kamida 1 TB xotiraga ega boʻlishi; bir vaqtning oʻzida axborot tizimining kamida 5 000 ta soʻrovni qayta ishlash tezligini taʼminlay olishi; kodli qulflar yoki biometrik tizim bilan himoyalangan kirish eshiklariga ega boʻlishi; yonmaydigan materiallardan koʻtarilgan pollar (falshpol) bilan jihozlangan boʻlishi; isitilgan va namlikni yoʻqotuvchi toza havo oqimini taʼminlovchi tizimga ega boʻlgan, 24/7 rejimida ishlovchi asosiy va zaxira sovitish texnikalari bilan jihozlanishi; kuzatuv kameralari bilan jihozlanishi; elektr taʼminoti uzluksizligini (generator ishga tushirilgunga qadar) kamida 2 soat taʼminlovchi quvvat manbai batareyalariga (UPS) ega boʻlishi; maxsus gaz yordamida avtomatik yongʻin oʻchirish tizimiga ega boʻlishi; maʼlumotlarni qayta ishlash markazining 60 foizi quvvat bilan kamida 2 sutka davomida ishlashini taʼminlovchi generator uskunasiga ega boʻlishi; u) axborot xavfsizligini taʼminlash, bunda:* dasturiy servis va ilovalarning uzluksiz ishlashini taʼminlovchi internet, idoralararo maʼlumotlar uzatish tarmogʻi hamda boshqa asosiy va zaxira aloqa tarmoqlariga ulangan boʻlishi; maʼlumotlar uzatish tarmogʻini himoya qilish uchun chegara zonalarini IDS/IPS funksiyalari, antivirus, spam filtrlari va boshqalarga ega apparat xavfsizlik devorlari bilan jihozlash; dasturiy ilovalardagi axborotlarni shifrlangan holda uzatish va qabul qilishni taʼminlovchi yechimlarga ega boʻlish; veb dasturiy ilovalar amaldagi SSL sertifikatlari bilan himoyalangan boʻlishi; maʼlumotlar bazalarini dastur ishlab chiquvchilar va administratorlar tomonidan oʻzgartirilishidan himoya qilish uchun PAM tizimiga ega boʻlish; xodimlar tomonidan maʼlumotlarning sizib chiqishini nazorat qilish uchun DLP tizimiga ega boʻlishi. 10. Litsenziya berishda kelishiladigan organlar Mavjud emas 11. Litsenziyaning amal qilish muddati: Cheklanmagan 12. Izoh: *qoʻpol ravishda buzish deb hisoblanadigan talab va shartlar. ”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 30-noyabr,
687-son