📅 2022-yil 19-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 19-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 19 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 декабря 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 December 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Мактабгача таълим соҳаси педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, мактабгача таълим ташкилотларини давлат томонидан бошқаришнинг самарали тизимини яратиш ҳамда унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича сўнгги беш йилда мактабгача таълим соҳасида ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом ва ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичини ошириш, тизимга самарали таълим ва тарбия усулларини жорий этиш ҳамда тизимда фаолият юритаётган педагог кадрлар малакасини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ҳозирги кунда 28 842 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиши орқали мактабгача ёшдаги болаларнинг 70 фоизи, жумладан, 6 ёшли болаларнинг 90 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинди.
Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмининг жорий этилиши ҳамда 21 230 нафар тадбиркорлик субъектлари томонидан 610 339 ўринли қувватга эга нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиши орқали нодавлат секторнинг улуши 2017 йилга нисбатан 0,1 фоиздан 31 фоизга оширилди.
Педагог кадрларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида уларнинг ойлик маоши 43 фоиздан 70 фоизгача оширилди.
Мактабгача таълим ташкилотларини олий маълумотли педагоглар билан таъминлаш, мактабгача таълим соҳасида Корея тажрибаси асосидаги янги услубларни жорий этиш, мактабгача таълим ташкилотларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларнинг ҳар томонлама ақлан ва жисмонан ривожланишини ҳамда уларни мактабга тайёрлаш дастурлари сифатини оширишни таъминловчи замонавий таълим дастурлари ва технологияларини таълим-тарбия жараёнига жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Мактабгача таълим вазирлиги ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (кейинги ўринларда — KOIСA) ўртасида 2021 йил 16 декабрда тузилган битим (кейинги ўринларда — Битим) доирасида умумий қиймати 12,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги грант ҳисобидан Мактабгача таълим тизими педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда инновацион мактабгача таълим ташкилоти учун бино қуриш лойиҳасининг (кейинги ўринларда — лойиҳа) 2022 — 2026 йилларда амалга оширилиши;
лойиҳа доирасида Мактабгача таълим тизими педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда инновацион мактабгача таълим ташкилоти учун бино (кейинги ўринларда — объект) қурилиши;
объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари KOICA томонидан тақдим этилиши;
лойиҳани амалга ошириш доирасида объектни қуриш учун Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Нурафшон ва Шароф Рашидов кўчалари оралиғида 1,6 га ер майдони ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, лойиҳани амалга ошириш доирасида KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси объектларни қуриш учун буюртмачи ҳисобланади ҳамда бош лойиҳа ташкилоти ва бош пудрат ташкилотини мустақил белгилайди.
3. Битимга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ:
бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари объектни қуриш ва жиҳозлаш билан боғлиқ товарлар ва хизматлар учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган ускуна, бутловчи буюмлар, деталлар, узеллар, хомашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, асбоблар ва махсус транспорт воситаларини олиб киришда қўшилган қиймат солиғи ҳамда божхона божи тўлашдан озод этилганлиги;
қурилиш ишлари тугалланганидан кейин Мактабгача таълим вазирлигига текинга берилган объект ва бошқа мол-мулк солиқ солиш объекти ҳисобланмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Энергетика вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ўзбектелеком» АК, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда тегишлича объект қурилиши ҳудудига қадар муҳандислик-коммуникация тармоқларини тортиш, кўчириш, ўтказиш ва улаш ишларини, шунингдек, объектларга олиб борувчи йўллар қурилишини амалга оширсин.
5. Қурилиш вазирлиги қурилиш-монтаж ишларини бажариш сифати бўйича тегишли давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
объектларни лойиҳалаш, қуриш ва жиҳозлаш доирасида бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари томонидан ҳисобварақ-фактураларда (шу жумладан, ҳар ойда) кўрсатиладиган қўшилган қиймат солиғи суммаси Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетида Мактабгача таълим вазирлигининг ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади;
қурилиш тугагунга қадар бўлган муддатга республика ҳудудида объектларни қуриш ва жиҳозлаш доирасида бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотларида ҳосил бўладиган қўшилган қиймат солиғи ҳамда объектни қуриш учун Ўзбекистон томонидан амалга оширилган ишларни молиялаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш 2023 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;
7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги уч ой муддатда лойиҳа майдонини режалаштириш ва текислаш ишларини бажариш, шу жумладан, мавжуд объектларни бузиш, қурилиш майдончасида қурилиш ишлари бошланишидан олдин қурилиш чиқиндиларидан тозалаш ишларини ташкил этсин.
8. Ташқи ишлар вазирлиги Мактабгача таълим вазирлигининг виза талабномаларига биноан объектлар қурилиши доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассислар учун кириш визаларини консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
9. Ички ишлар вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги буюртманомаларига асосан лойиҳани амалга ошириш учун жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга кўп марталик виза муддатлари узайтирилишини, шунингдек, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишини ва унинг муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қурилаётган объект ҳудудида хорижлик мутахассисларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
11. Молия вазирлиги Мактабгача таълим вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра 2025 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Мактабгача таълим тизими педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда инновацион мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилгандан сўнг уларни таъминлаб туриш учун зарур бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.В. Шин зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 19 декабрь,
714-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Maktabgacha taʼlim sohasi pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimining moddiy-texnik bazasini yanada mustahkamlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Maktabgacha taʼlim tizimini tubdan isloh qilish, maktabgacha taʼlim tashkilotlarini davlat tomonidan boshqarishning samarali tizimini yaratish hamda uning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash boʻyicha soʻnggi besh yilda maktabgacha taʼlim sohasida oʻsib kelayotgan yosh avlodni sogʻlom va har tomonlama barkamol etib voyaga yetkazish, bolalarni maktabgacha taʼlim bilan qamrab olish koʻrsatkichini oshirish, tizimga samarali taʼlim va tarbiya usullarini joriy etish hamda tizimda faoliyat yuritayotgan pedagog kadrlar malakasini oshirishga qaratilgan keng koʻlamli ishlar amalga oshirildi.
Hozirgi kunda 28 842 ta maktabgacha taʼlim tashkiloti faoliyati yoʻlga qoʻyilishi orqali maktabgacha yoshdagi bolalarning 70 foizi, jumladan, 6 yoshli bolalarning 90 foizi maktabgacha taʼlim bilan qamrab olindi.
Maktabgacha taʼlim sohasida davlat-xususiy sheriklik mexanizmining joriy etilishi hamda 21 230 nafar tadbirkorlik subyektlari tomonidan 610 339 oʻrinli quvvatga ega nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari faoliyati yoʻlga qoʻyilishi orqali nodavlat sektorning ulushi 2017-yilga nisbatan 0,1 foizdan 31 foizga oshirildi.
Pedagog kadrlarning mehnatini munosib ragʻbatlantirish maqsadida ularning oylik maoshi 43 foizdan 70 foizgacha oshirildi.
Maktabgacha taʼlim tashkilotlarini oliy maʼlumotli pedagoglar bilan taʼminlash, maktabgacha taʼlim sohasida Koreya tajribasi asosidagi yangi uslublarni joriy etish, maktabgacha taʼlim tashkilotlarini malakali pedagog kadrlar bilan taʼminlash, bolalarning har tomonlama aqlan va jismonan rivojlanishini hamda ularni maktabga tayyorlash dasturlari sifatini oshirishni taʼminlovchi zamonaviy taʼlim dasturlari va texnologiyalarini taʼlim-tarbiya jarayoniga joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Maktabgacha taʼlim vazirligi va Koreya xalqaro hamkorlik agentligi (keyingi oʻrinlarda — KOISA) oʻrtasida 2021-yil 16-dekabrda tuzilgan bitim (keyingi oʻrinlarda — Bitim) doirasida umumiy qiymati 12,5 mln AQSh dollari miqdoridagi grant hisobidan Maktabgacha taʼlim tizimi pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazi hamda innovatsion maktabgacha taʼlim tashkiloti uchun bino qurish loyihasining (keyingi oʻrinlarda — loyiha) 2022 — 2026-yillarda amalga oshirilishi;
loyiha doirasida Maktabgacha taʼlim tizimi pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazi hamda innovatsion maktabgacha taʼlim tashkiloti uchun bino (keyingi oʻrinlarda — obyekt) qurilishi;
obyektning loyiha-smeta hujjatlari KOICA tomonidan taqdim etilishi;
loyihani amalga oshirish doirasida obyektni qurish uchun Toshkent shahar, Yunusobod tumani, Nurafshon va Sharof Rashidov koʻchalari oraligʻida 1,6 ga yer maydoni ajratilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki, loyihani amalga oshirish doirasida KOICAning Oʻzbekistondagi vakolatxonasi obyektlarni qurish uchun buyurtmachi hisoblanadi hamda bosh loyiha tashkiloti va bosh pudrat tashkilotini mustaqil belgilaydi.
3. Bitimga hamda Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga muvofiq:
bosh loyiha va bosh pudrat tashkilotlari obyektni qurish va jihozlash bilan bogʻliq tovarlar va xizmatlar uchun belgilangan tartibda tasdiqlanadigan roʻyxatlar boʻyicha chetdan olib kelinadigan uskuna, butlovchi buyumlar, detallar, uzellar, xomashyo va materiallar, ehtiyot qismlar, asboblar va maxsus transport vositalarini olib kirishda qoʻshilgan qiymat soligʻi hamda bojxona boji toʻlashdan ozod etilganligi;
qurilish ishlari tugallanganidan keyin Maktabgacha taʼlim vazirligiga tekinga berilgan obyekt va boshqa mol-mulk soliq solish obyekti hisoblanmasligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
4. Energetika vazirligi, Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi, “Oʻzbektelekom” AK, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ, Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi Toshkent shahar hokimligi bilan birgalikda tegishlicha obyekt qurilishi hududiga qadar muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlarini tortish, koʻchirish, oʻtkazish va ulash ishlarini, shuningdek, obyektlarga olib boruvchi yoʻllar qurilishini amalga oshirsin.
5. Qurilish vazirligi qurilish-montaj ishlarini bajarish sifati boʻyicha tegishli davlat arxitektura-qurilish nazoratini oʻrnatsin.
6. Belgilab qoʻyilsinki:
obyektlarni loyihalash, qurish va jihozlash doirasida bosh loyiha va bosh pudrat tashkilotlari tomonidan hisobvaraq-fakturalarda (shu jumladan, har oyda) koʻrsatiladigan qoʻshilgan qiymat soligʻi summasi Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetida Maktabgacha taʼlim vazirligining rivojlantirish dasturlari uchun ajratilgan mablagʻlar hisobidan toʻlanadi;
qurilish tugagunga qadar boʻlgan muddatga respublika hududida obyektlarni qurish va jihozlash doirasida bosh loyiha va bosh pudrat tashkilotlarida hosil boʻladigan qoʻshilgan qiymat soligʻi hamda obyektni qurish uchun Oʻzbekiston tomonidan amalga oshirilgan ishlarni moliyalashtirish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash 2023-yildan boshlab Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi;
7. Toshkent shahar hokimligi uch oy muddatda loyiha maydonini rejalashtirish va tekislash ishlarini bajarish, shu jumladan, mavjud obyektlarni buzish, qurilish maydonchasida qurilish ishlari boshlanishidan oldin qurilish chiqindilaridan tozalash ishlarini tashkil etsin.
8. Tashqi ishlar vazirligi Maktabgacha taʼlim vazirligining viza talabnomalariga binoan obyektlar qurilishi doirasida jalb etiladigan xorijiy mutaxassislar uchun kirish vizalarini konsullik yigʻimlari va haqiqiy xarajatlarning oʻrnini qoplash hisobidan yigʻimlar undirilmasdan belgilangan tartibda rasmiylashtirilishini taʼminlasin.
9. Ichki ishlar vazirligi Maktabgacha taʼlim vazirligi buyurtmanomalariga asosan loyihani amalga oshirish uchun jalb qilinadigan xorijiy mutaxassislarga koʻp martalik viza muddatlari uzaytirilishini, shuningdek, vaqtincha turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olinishini va uning muddati uzaytirilishini belgilangan tartibda taʼminlasin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi qurilayotgan obyekt hududida xorijlik mutaxassislarning xavfsizligini taʼminlash choralarini koʻrsin.
11. Moliya vazirligi Maktabgacha taʼlim vazirligining asoslangan hisob-kitoblariga koʻra 2025-yildan boshlab har yili Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarini shakllantirishda Maktabgacha taʼlim tizimi pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazi hamda innovatsion maktabgacha taʼlim tashkiloti tashkil etilgandan soʻng ularni taʼminlab turish uchun zarur budjet mablagʻlari ajratilishini nazarda tutsin.
12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha taʼlim vaziri A.V. Shin zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, sogʻliqni saqlash va sport masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 19-dekabr,
714-son