UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 21-noyabr · Prezident qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 21 ноябрь · Президент қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 21 ноября 2022 г. · Постановления Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 21 November 2022 · Presidential resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг

буйруғи

УСЛУБИЯТИ

СХЕМАСИ

БАҲОЛАШНИНГ НАМУНАВИЙ ШАКЛИ *

БАҲОЛАШНИНГ НАМУНАВИЙ ШАКЛИ *

ИНТЕРВЬЮСИ

Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубиятини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунининг 36-моддасига мувофиқ буюраман:

1. Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубияти иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг 2022 йил 21 ноябрдаги 2-2022-сон буйруғига ИЛОВА

Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш

Ушбу Услубият Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхатига киритилган ташкилотларда давлат фуқаролик хизматчисини рағбатлантириш, холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилишини таъминлаш мақсадида унинг фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Услубиятнинг амал қилиши Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш бўйича давлат органининг ўз ички тартибини белгилашга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Услубиятнинг амал қилиши давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига тааллуқли давлат фуқаролик хизматчиларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 13 мартдаги ПФ-49-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг «Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолашни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 31 июлдаги 463-сон қарорига асосан фаолият самарадорлигини баҳолашнинг алоҳида тартиби белгиланган давлат органларидаги лавозимларга, шунингек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидаги лавозимларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Ушбу Услубиятда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат органи — Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхатига киритилган давлат ҳокимият ваколатларига эга бўлган ташкилий жиҳатдан алоҳида тузилма;

энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (бундан буён матнда ЭМСК деб юритилади) — давлат фуқаролик хизматчиси томонидан функционал вазифа ва мажбуриятлари ижро этилишининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш учун қўлланиладиган ва миқдоран ўлчаш мумкин бўлган баҳолаш индикаторлари;

занжир услуби — давлат органи раҳбари ва унинг ўринбосари фаолиятининг ЭМСКни вертикал тизим бўйича ўзига бўйсунувчи давлат органи марказий аппаратининг таркибий тузилмалари, шунингдек ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлари ҳамда уларнинг таркибий бўлинмалари раҳбарларининг бутун иерархияси бўйлаб изчиллик асосида тақсимлаш орқали баҳоланувчи раҳбарларнинг индивидуал ЭМСКни ишлаб чиқиш тартиби;

ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари — ҳисобот даври учун ишлаб чиқиладиган ва эришилиши кўзланаётган режавий кўрсаткичлар;

индивидуал ЭМСК — ҳисобот даврида давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тавсифлайдиган кўрсаткичлар рўйхати;

амалдаги ЭМСК — баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси томонидан ҳисобот даврида индивидуал ЭМСКга ҳақиқатда эришилганлиги кўрсаткичи;

йиғма ЭМСК — баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг натижаси;

ЭМСКнинг вазни — вазифаларнинг муҳимлиги, мураккаблиги ва уларни бажаришга сарфланадиган вақтдан келиб чиқиб, индивидуал ЭМСКнинг умумий максимал балдаги улуши (аҳамияти);

давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини ЭМСК асосида баҳолаш тизими (бундан буён матнда Баҳолаш тизими деб юритилади) — давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини унинг индивидуал ЭМСКга эришиш натижасига қараб баҳолаш бўйича комплекс чора-тадбирлар йиғиндиси;

баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси — фаолият самарадорлиги индивидуал баҳоланадиган давлат фуқаролик хизматчиси;

бевосита раҳбар — баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси бевосита бўйсунувда бўлган мансабдор шахс;

юқори турувчи раҳбар — баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчисининг бевосита раҳбари тўғридан-тўғри бўйсунадиган мансабдор шахс;

баҳолаш интервьюси — баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчисига юклатилган вазифа ва функцияларнинг амалга ошириш жараёни ва бажарилиши сифатини баҳолаш бўйича унинг бевосита раҳбари томонидан индивидуал тартибда ўтказиладиган суҳбат;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг «Samaradorlik.uz» электрон платформаси (бундан буён матнда Ягона электрон платформа деб юритилади) — давлат органининг таркибий тузилмалари, шунингдек ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлари ҳамда уларнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари (бундан буён матнда баҳоланувчи раҳбар деб юритилади) фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини, шунингдек улар ва давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш натижаларини акс эттирувчи ҳамда маълумот алмашинувини назарда тутувчи ахборот тизими.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг «hrm.argos.uz» электрон платформаси — инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантириш ва юритишни амалга оширувчи автоматлаштирилган ахборот тизими.

3. Давлат органида давлат фуқаролик хизматчиларини баҳолаш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:

давлат органи раҳбари ва унинг ўринбосари фаолиятининг ЭМСКни «занжир услуби» асосида тақсимлаш орқали баҳоланувчи раҳбар фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш;

ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ва амалдаги ЭМСКни Ягона электрон платформага, шунингдек давлат фуқаролик хизматчиларини рағбатлантириш чорасини қўллаш ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг «hrm.argos.uz» электрон платформасига доимий равишда киритиб бориш;

ЭМСКга эришилиши бўйича доимий мониторинг олиб бориш.

4. Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятини ЭМСК мувофиқ баҳолаш бўйича давлат органларида электрон платформа мавжуд бўлган тақдирда, мазкур платформа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан келишилган ҳолда Ягона электрон платформага интеграция қилинади.

5. Баҳолаш тизимининг асосий тамойиллари:

боғлиқлилик — баҳоланувчи раҳбар фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари давлат органи раҳбари ва унинг ўринбосари фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари билан ўзаро боғлиқ бўлиши;

ишончлилик — амалдаги ЭМСКни тегишли маълумотлар билан тасдиқлаш ҳамда ушбу маълумотларнинг келиб чиқиш манбасини текшириш имкониятининг мавжуд бўлиши;

адолатлилик — ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари мавжуд ресурс ва ваколатларга мувофиқ бўлган ҳолда ишлаб чиқилиши, баҳолаш ва унинг натижалари бўйича қўлланиладиган рағбатлантириш чоралари асосли бўлиши.

6. Баҳоланувчи раҳбар фаолияти ЭМСК қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

аниқлилиги, эришиш кўзланаётган ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари аниқ белгиланиши;

ўлчанадиган бўлиши, ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун муайян шартли бирликларда ўлчаш мумкин бўлган кўрсаткичлардан фойдаланишни назарда тутиши;

эришиш мумкинлиги, ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари мавжуд ресурс ва ваколатларга мувофиқ бўлиши;

вақт чегарасининг мавжудлиги, прогноз қилинаётган натижаларга эришишнинг аниқ муддатлари белгиланиши;

компетентлиги, баҳоланувчи раҳбар фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари уларнинг вазифалари ва жавобгарлиги доирасида бўлиши;

мақсадлилиги, баҳоланувчи раҳбар фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари давлат органининг асосий вазифаларини амалга оширишдан кутилаётган натижаларга эришишга йўналтирилганлиги.

2-боб. Баҳолаш тизимининг босқичлари

7. Давлат органида Баҳолаш тизимини амалга ошириш қуйидаги босқичлардан иборат:

а) биринчи босқич — давлат органида мазкур Услубият асосида Баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи ҳужжатни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:

Баҳолаш тизими жорий этиладиган таркибий тузилмалар, шунингдек ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар ва уларнинг таркибий бўлинмаларининг, шу билан бирга лавозимларнинг рўйхатини;

ЭМСКга қўйиладиган талаблар, уларни ишлаб чиқиш ва ҳисоблаш тартибини;

Баҳолаш тизимини жорий этиш ва ишлашини мониторинг қилиш бўйича масъул таркибий тузилмани (бундан буён матнда Масъул таркибий тузилма деб юритилади) белгилашни;

баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг ЭМСКни баҳолаш натижаси бўйича рағбатлантириш чораларининг нисбатини;

ЭМСКга эришилишини ҳисоблаш даврийлигини (ойлик, чораклик, ярим йиллик, йиллик);

б) иккинчи босқич — баҳоланувчи раҳбар фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

в) учинчи босқич — давлат органи раҳбари ва унинг ўринбосарлари йиғма ЭМСКларидан келиб чиқиб, баҳоланувчи раҳбар фаолиятининг амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш, шунингдек баҳоланувчи раҳбарнинг йиғма ЭМСКдан келиб чиқиб, баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш;

г) тўртинчи босқич — баҳолаш натижаларига кўра, рағбатлантириш чорасини қўллаш.

8. Давлат органида баҳоланувчи раҳбар фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш, шунингдек Баҳолаш тизими ишлашини мониторинг қилиш Ягона электрон платформада амалга оширилади.

Давлат органи томонидан баҳолаш натижаларига кўра қўлланилган рағбатлантириш чоралари тўғрисидаги маълумотлар Масъул таркибий тузилма ёки инсон ресурсларини бошқариш таркибий бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг «hrm.argos.uz» электрон платформасига доимий равишда киритиб борилади.

3-боб. Давлат органларида Баҳолаш тизимини жорий этиш

9. Давлат органи раҳбарининг қарори билан Баҳолаш тизимини жорий этиш ва мониторинг қилиш бўйича (қоида тариқасида, давлат органининг биринчи раҳбарига бўйсунувчи тузилмалар орасидан) марказий аппаратнинг Масъул таркибий тузилмаси белгиланади.

Баҳолаш тизимини жорий этиш ва мониторинг қилиш бўйича давлат органининг ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларида ҳам мазкур ташкилотлар раҳбарларининг қарори билан масъул таркибий тузилмалар белгиланади.

Бунда, штатлар сони 20 кишидан кам бўлган ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларда Баҳолаш тизимини жорий этиш ва мониторинг қилиш бўйича алоҳида масъул давлат фуқаролик хизматчиси белгиланиши мумкин. Ушбу масъул таркибий тузилмалар ёки масъул давлат фуқаролик хизматчиси Баҳолаш тизимини жорий этиш ва мониторинг қилишда давлат органи марказий аппаратининг Масъул таркибий тузилмаси билан ҳамкорликда иш олиб боради.

10. Масъул таркибий тузилманинг (давлат фуқаролик хизматчисининг) Баҳолаш тизимини жорий этиш ва мониторинг қилиш доирасидаги вазифалари:

а) баҳоланувчи раҳбар фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш;

б) баҳоланувчи раҳбар фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ишлаб чиқилиши, ҳисобланиши ва баҳоланишининг мазкур Услубият асосида ишлаб чиқилган ўз ички тартибига мувофиқлигини текшириш;

г) баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчисининг баҳолаш натижалари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни йиғиш, сақлаш ва Ягона электрон платформага киритиш (электрон шаклга ўтказилган ҳужжатлар электрон шаклда юритилади ҳамда сақланади);

д) баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчилари орасида Баҳолаш тизимининг моҳияти, аҳамияти ва амалиётда тўғри қўлланиши бўйича тушунтиришлар олиб бориш.

4-боб. ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва баҳолаш

11. Давлат органининг таркибий тузилмалари, шунингдек ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлари ҳамда уларнинг таркибий бўлинмаларида давлат фуқаролик хизматчиси фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва баҳолаш ушбу Услубиятнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

12. Баҳоланувчи раҳбар фаолиятининг индивидуал ЭМСК қуйидагиларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади:

давлат органи раҳбари ва унинг ўринбосари фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини;

давлат органининг таркибий тузилмалари, шунингдек ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларининг вазифа ва функцияларини;

юқори турувчи ва бевосита раҳбарларнинг топшириқларини.

13. Баҳоланувчи раҳбар фаолияти ЭМСКнинг таркибига давлат органи раҳбари ва унинг ўринбосари фаолиятининг ЭМСКда назарда тутилмаган, уларнинг функционал вазифаси билан боғлиқ бўлган қўшимча кўрсаткичлар ҳам киритилиши мумкин.

14. Баҳоланувчи раҳбар фаолиятининг индивидуал ЭМСК сони 10 тадан кўп бўлмаслиги керак.

15. ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари қуйидагилар томонидан ушбу Услубиятнинг 3-иловасидаги Намунавий шаклга мувофиқ тасдиқланади:

давлат органи таркибий тузилмалари, шунингдек ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари давлат органи раҳбари ўринбосарлари томонидан;

ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари ўринбосарлари фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари томонидан;

ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари ўринбосарлари томонидан.

16. Индивидуал ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳисобот даври кесимида келгуси йил учун тасдиқланади.

Бунда, баҳоланувчи раҳбар фаолиятининг ЭМСКга эришилганлиги натижалари камида ҳар чоракда (давлат органи фаолиятининг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, ойлик ва ярим йиллик ҳисобот даврлари белгиланиши мумкин) баҳоланади.

17. Баҳоланувчи раҳбарнинг индивидуал ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларига тузатишлар киритиш (қўшимча кўрсаткич билан тўлдириш ёки индивидуал ЭМСК таркибидан айрим кўрсаткичларни чиқариш, ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларига тузатишлар киритиш) мазкур кўрсаткичларни аввал тасдиқлаган лавозимдаги мансабдор шахслар томонидан амалга оширилади, бундан баҳоланувчи раҳбар ўзининг фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларидан норози бўлганда, унинг шикоятини кўриб чиқиш натижасига кўра киритилган тузатишлар мустасно.

Бунда, баҳоланувчи раҳбарнинг индивидуал ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларига тузатишлар киритиш заруриятини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

18. Баҳоланувчи раҳбарнинг индивидуал ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларига тузатишлар киритиш Ягона электрон платформа орқали амалга оширилади.

Аввал тасдиқланган ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларига тузатишлар киритишда баҳоланувчи раҳбар билан келишилиши шарт.

5-боб. Амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш

19. Баҳоланувчи раҳбарнинг амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш ушбу Услубиятнинг 5-иловасида белгиланган намунавий шакл асосида қуйидагилар томонидан амалга оширилади:

аниқ кўрсаткичлар ижросини таъминлаш даражаси бўйича Масъул таркибий тузилмалар;

ижро интизомига риоя қилинганлиги бўйича ташкилий ёки ижро назорати бўйича тузилмалар;

меҳнат интизомига риоя қилганлиги бўйича инсон ресурсларини бошқариш бўйича тузилмалар.

20. Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш ушбу Услубиятнинг 6-иловасида белгиланган намунавий баҳолаш шакли асосида қуйидагилар томонидан амалга оширилади:

таркибий бўлинмага юклатилган ЭМСКга эришишдаги ҳамда вазифа ва функцияларни бажаришдаги ҳиссаси бўйича бевосита раҳбарлар;

ижро интизомига риоя қилинганлиги бўйича ташкилий ёки ижро назорати бўйича тузилмалар/Ижро интизоми назорати бўлими/бўлинмаси;

меҳнат интизомига риоя қилганлиги бўйича инсон ресурсларини бошқариш бўйича тузилмалар/Ташкилий-кадрлар гуруҳи/бўлими;

ташаббускорлиги бўйича бевосита раҳбарлар.

Давлат органи раҳбарига тўғридан-тўғри бўйсунувчи таркибий тузилмаларнинг давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятини ЭМСК асосида баҳолаш имконияти бўлган тақдирда, давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш ушбу Услубият асосида ишлаб чиқиладиган давлат органининг ички тартибига асосан амалга оширилади.

Давлат органи раҳбарига тўғридан-тўғри бўйсунувчи таркибий тузилмаларнинг давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятини ЭМСК асосида баҳолаш имконияти бўлмаган тақдирда, давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш давлат органининг ички тартибига асосан давлат органи раҳбари томонидан амалга оширилади.

Ҳисобот даври учун амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш Ягона электрон платформа орқали автоматик тарзда амалга оширилади.

21. Баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчисининг йиғма ЭМСК:

60 балдан кам бўлганда — «қониқарсиз»;

60 балдан 80 балгача — «қониқарли»;

80 балдан 100 балгача — «яхши»;

100 балл ва ундан юқори бўлганда «аъло» деб баҳоланади.

22. ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларига эришилишини тавсифловчи амалдаги ЭМСК натижаларини ҳисоблаш қуйидаги формулаларга асосан амалга оширилади:

1) ЭМСКЭД = (АК/МК)*100 прогрессив тоифадаги самарадорлик кўрсаткичлари учун;

2) ЭМСКЭД = 100+(100-АК/МК*100) регрессив тоифадаги самарадорлик кўрсаткичлари учун. Бунда, ушбу формула ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик даражаси, хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик, оналар ва гўдаклар ўлими ҳамда бошқа шу каби кўрсаткичларга нисбатан қўлланилади.

Бунда:

ЭМСКЭД — ЭМСК натижадорлиги бўйича эришиш даражаси;

АК — амалдаги ЭМСК;

МК — ЭМСК мақсадли кўрсаткичи.

Ҳар бир кўрсаткичга эришилганлик учун олинган балл ЭМСКЭДни кўрсаткич вазнига кўпайтириш йўли билан ҳисобланади.

Кўрсаткич натижаси қуйидаги формула асосида ҳисоблаб чиқилади:

ОБ = ЭМСКЭД*В/100

Бунда:

ОБ — олинган балл;

В — кўрсаткич вазни.

Ҳар бир баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчисининг йиғма ЭМСК бўйича натижаси ҳар бир кўрсаткич учун олинган балларнинг йиғиндиси билан ҳисобланади:

ЭМСКН = ОБ1 + ОБ2 + …,

Бунда, ЭМСКН — ЭМСК натижаси.

6-боб. Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини баҳолаш механизми

23. Баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси учун ЭМСК вазнининг миқдори ушбу Услубиятнинг 5 ва 6-иловаларида белгиланган намунавий баҳолаш шакллари асосида давлат органининг баҳолаш тизимини жорий этишни назарда тутувчи ҳужжатида белгиланади.

24. Давлат органи раҳбари ва унинг ўринбосарига бўйсунувчи таркибий тузилмалар, ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятининг аниқ кўрсаткичлар ижросини таъминлаш даражаси бўйича ўртача ЭМСК натижалари йиғиндиси ушбу раҳбар ва унинг ўринбосарига белгиланган ЭМСКнинг натижасига мувофиқ бўлиши лозим.

Давлат органи таркибий тузилмасидаги баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиларининг таркибий бўлинмага юклатилган ЭМСКга эришишдаги ҳамда вазифа ва функцияларни бажарилишидаги ҳиссаси бўйича ўртача ЭМСК натижалари йиғиндиси ушбу таркибий тузилмага белгиланган ЭМСКнинг натижасига мувофиқ бўлиши лозим.

25. Баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини ЭМСК асосида баҳолаш натижасига кўра давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва давлат органининг ички тартибига мувофиқ унга рағбатлантириш чоралари қўлланилади ҳамда унинг холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилиши таъминланади.

Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини ЭМСК асосида баҳолаш натижасига кўра «яхши» ва «аъло» деб баҳоланган тақдирда давлат органи раҳбари томонидан қуйидаги қўшимча рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин:

биринчи навбатда лавозимда ўстириладиган номзодлар қаторига киритиш;

лавозимда ўстириладиган потенциал номзодлар қаторига киритиш;

малака даражасини навбатдан ташқари бериш;

номоддий тусдаги рағбатлантириш;

берилган интизомий жазо чорасини олиб ташлаш;

бошқа рағбатлантириш чоралари.

26. Амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш қуйидаги ҳолларда ўтказилмайди:

баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси иш фаолиятини бошлаганига уч ой муддат тўлмаган бўлса;

баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси таътилда бўлган муддат давомида;

баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчисининг меҳнатга лаёқатсизлик варақасида белгиланган муддат давомида;

баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси давлат, жамият, иш берувчи ва меҳнат жамоасининг манфаатлари юзасидан мажбуриятларни бажаришга жалб этилганда (малака ошириш, хизмат сафари ва бошқа ҳолатлар);

баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси идоралараро ишчи гуруҳларга ёки бошқа тадбирларга жалб этилганда.

Мазкур банднинг бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатларда баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчисига устама тайинлаш олдинги ҳисобот давридаги фаолиятидаги ЭМСК учун тайинланган устамаларининг ўртачасидан кам бўлмаган миқдорда иш берувчи томонидан белгиланади.

7-боб. Баҳолаш интервьюси

27. Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини ЭМСК асосида баҳолаш имкони бўлмаганда, бевосита раҳбар томонидан баҳолаш интервьюси ўтказилади.

28. Баҳолаш интервьюси бевосита раҳбар томонидан ойлик, чораклик, ярим йиллик ёки йил якуни билан ўтказилиши мумкин.

29. Баҳолаш интервьюсида бевосита раҳбар томонидан баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси билан индивидуал тартибда суҳбат ўтказилади ва унинг натижаси ушбу Услубиятнинг 8-иловасига мувофиқ баҳоланади.

Баҳолаш интервьюсида баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчисига юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши, шахсий ташаббуслари билан амалга оширган ишлари эътиборга олинади.

30. Баҳолаш интервьюсини қўллаш натижалари бўйича баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчисига давлат органининг ички тартибига асосан рағбатлантириш чоралари қўлланилади.

8-боб. Шикоят қилиш тартиби

31. Баҳоланувчи раҳбар тасдиқланган ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларидан ва баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш натижасидан норози бўлган тақдирда юқори турувчи раҳбарга ёзма ёки электрон шаклда шикоят қилиши мумкин.

32. Баҳоланувчи раҳбар тасдиқланган ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ва баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш натижаси билан тегишли тартибда хабардор қилинган кундан эътиборан бир ой ичида шикоят қилиши мумкин.

Бунда, юқори турувчи раҳбар баҳоланувчи раҳбар ва давлат фуқаролик хизматчисини шикоят кўриб чиқилишидан беш кун олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради.

33. Юқори турувчи раҳбар шикоят келиб тушган кундан бошлаб, ўн иш куни ичида мазкур шикоятни кўриб чиқиб, қарор қабул қилиши шарт.

Бунда, баҳоланувчи раҳбар ва давлат фуқаролик хизматчиси мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

34. Баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси шикоят бўйича қарор қабул қилингунига қадар уни чақириб олишга ҳақли. Шикоятни чақириб олиш ёзма ёки электрон шаклда расмийлаштирилади.

35. Юқори турувчи раҳбар шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:

тасдиқланган ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ва амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш натижасини ўзгаришсиз қолдириш;

тасдиқланган ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ва амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш натижасига ўзгартиришлар киритиш.

36. ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ва амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш натижаси юзасидан шикоят қилинганда шикоят рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан белгиланган тартибда кўриб чиқилгунга қадар ушбу ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ва амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш натижаси амал қилишини ва ижро этилишини тўхтатиб турилади.

9-боб. Якуний қоидалар

37. Давлат органи фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб ушбу Услубиятда назарда тутилган баҳолаш методларини қўллаш имкони бўлмаган тақдирда, давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан келишилган ҳолда, алоҳида тартиб ва механизмларни ишлаб чиқиши мумкин.

38. Ушбу Услубият талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубиятига 1-ИЛОВА

Давлат органининг таркибий тузилмалари, шунингдек ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлари ҳамда уларнинг таркибий бўлинмаларида давлат фуқаролик хизматчиси фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва баҳолаш

Босқичлар Масъуллар Тадбирлар Муддат 1-босқич Давлат органи марказий аппаратининг таркибий тузилмалари (департамент, бошқарма, бўлим) , идоравий мансуб ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари Ўзлари бўйсунувчи давлат органи раҳбари ва унинг ўринбосари фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларидан келиб чиқиб, ўз фаолиятлари ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш. ҳар йили январь ойининг 20-санасига қадар 2-босқич Масъул таркибий тузилмалар Давлат органи марказий аппаратининг таркибий тузилмалари (департамент, бошқарма, бўлим), идоравий мансуб ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари фаолиятлари ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини тегишли давлат органи раҳбари ва унинг ўринбосари фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларига мувофиқлиги, уларнинг ваколатлари доирасига кириши ҳамда мавжуд ресурслари етарлилиги юзасидан кўриб чиқиш ва келишиш. ҳар йили январь ойининг 23-санасига қадар 3-босқич Давлат органи раҳбари ва унинг ўринбосарлари Давлат органи марказий аппаратининг ўзига бўйсунувчи таркибий тузилмалари (департамент, бошқарма, бўлим) , идоравий мансуб ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари фаолиятлари ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлаш. ҳар йили январь ойининг 25-санасига қадар 4-босқич Ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларнинг раҳбарлари Ўзларининг фаолиятлари ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларидан келиб чиқиб, ўзларининг ўринбосарлари (мавжуд бўлса) фаолиятлари ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. ҳар йили январь ойининг 28-санасига қадар 5-босқич Ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг ўринбосарлари (агарда улар мавжуд бўлмаса, ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари) Ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг ўринбосарлари (агарда улар мавжуд бўлмаса ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари) фаолиятлари ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларидан келиб чиқиб, ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларнинг ўзига бўйсунувчи таркибий бўлинмалари ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарлари фаолиятлари ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларнинг масъул таркибий тузилмалари билан келишилган ҳолда тасдиқлаш. ҳар йили февраль ойининг 1-санасига қадар 6-босқич 1. Масъул таркибий тузилмалар, ташкилий ёки ижро назорати ва инсон ресурсларини бошқариш бўйича тузилмалар 1. Давлат органи марказий аппаратининг таркибий тузилмалари (департамент, бошқарма, бўлим) , идоравий мансуб ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари фаолиятларининг амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва уларнинг фаолиятлари самарадорлигини баҳолаш . ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10 санасига қадар 2. Масъул таркибий тузилмалар 2. Баҳолаш натижаларини ва давлат органи марказий аппаратининг таркибий тузилмалари (департамент, бошқарма, бўлим), ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларини рағбатлантириш тўғрисида таклифларни давлат органи раҳбарига тақдим қилиш. 7-босқич 1. Ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларнинг масъул таркибий тузилмалари, ташкилий ёки ижро назорати ва инсон ресурсларини бошқариш бўйича тузилмалари 1. Ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбар ўринбосарлари (мавжуд бўлса), таркибий бўлинмалари ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарларининг амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш . ҳисобот давридан кейинги ойнинг 12 санасига қадар 2. Ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларнинг масъул таркибий тузилмалари 2. Баҳолаш натижаларини ва ҳудудий ва ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбар ўринбосарлари (мавжуд бўлса), таркибий бўлинмалари ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарларини рағбатлантириш тўғрисида таклифларни ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларнинг раҳбарига тақдим қилиш. 8-босқич 1. Бевосита раҳбар (департамент, бошқарма, бўлим бошлиқлари) , ташкилий ёки ижро назорати ва инсон ресурсларини бошқариш бўйича тузилмалари 1. Таркибий бўлинмалар давлат фуқаролик хизматчиларининг амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш . ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15 санасига қадар 2. Бевосита раҳбар (департамент, бошқарма, бўлим бошлиқлари) 2. Баҳолаш натижаларини ва таркибий бўлинмалар давлат фуқаролик хизматчиларини рағбатлантириш тўғрисида таклифларни тегишли равишда давлат органи ёки ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарига тақдим қилиш. 9-босқич Давлат органи раҳбари, ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбари Баҳолаш натижаларига кўра давлат фуқаролик хизматчисини рағбатлантириш. ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20 санасига қадар

Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубиятига 3-ИЛОВА

Ҳисобот даври учун ___________________ раҳбарининг индивидуал ЭМСКни тасдиқлашнинг __________________ (таркибий тузилманинг номи) ____________________________________________ НАМУНАВИЙ ШАКЛИ Баҳоланувчи раҳбарнинг Ф.И.О.: __________________________________________________________; Баҳоланувчи раҳбарнинг лавозими: _______________________ _ ________________________________; Таркибий тузилманинг номи: ____________________________ __ ________________________________; Т/р ЭМСКнинг номланиши Ўлчов бирлиги Тоифаси (прогрессив / регрессив) Йиллик мақсадли кўрсаткич шу жумладан: I чорак II чорак III чорак IV чорак вазн режа вазн режа вазн режа вазн режа 1. 2. 3.

Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубиятига 5-ИЛОВА

Давлат органи таркибий тузилмаси, ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларнинг раҳбарлари фаолиятини ЭМСК асосида

Т/р Кўрсаткич номи Вазни (тавсиявий) 1. Давлат органи таркибий тузилмаси (идоравий мансуб ва ҳудудий ташкилот)га юклатилган аниқ кўрсаткичлар ижросини таъминлаш даражаси 60 1.1. Биринчи кўрсаткич 1.2. Иккини кўрсаткич 2. Давлат органи таркибий тузилмаси (ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар) ходимлари томонидан ижро интизомига риоя қилинганлиги (сон, сифат ва ўз муддатида бажарилиши) 30 2.1. Давлат органи таркибий тузилмаси (ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар)га келиб тушган топшириқлар, хатлар ва бошқа ҳужжатларнинг ўз вақтида бажарилганлиги даражаси 20 2.2. Давлат органи таркибий тузилмаси (ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар)га келиб тушган мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилганлиги даражаси ** 10 3. Давлат органи таркибий тузилмаси (ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар) ходимлари томонидан меҳнат интизомига риоя қилганлиги 10 3.1. Иш режими талабларига риоя этганлиги 5 3.2. Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этганлиги 5 Жами 100

Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубиятига 6-ИЛОВА

Давлат органи таркибий тузилмаси, ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотларнинг давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини ЭМСК асосида

Т/р Кўрсаткич номи Вазни (тавсиявий) 1. Давлат фуқаролик хизматчисининг таркибий бўлинмага юклатилган ЭМСКга эришишдаги ҳамда вазифа ва функцияларни бажарилишидаги ҳиссаси 60 1.1. Таркибий бўлинмага юклатилган ЭМСКга эришишдаги 30 1.2. Таркибий бўлинмага юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришдаги 30 2. Ижро интизомига риоя қилинганлиги (сон, сифат ва ўз муддатида бажарилиши) ** 20 2.1. Таркибий бўлинмага келиб тушган топшириқлар, хатлар ва бошқа ҳужжатлар бўйича 10 2.2. Таркибий бўлинмага келиб тушган мурожаатлар бўйича 10 3. Меҳнат интизомига риоя қилганлиги 10 3.1. Иш режими талабларига риоя этганлиги 7 3.2. Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этганлиги 3 4. Ташаббускорлиги (таклифлар ишлаб чиққанлиги, амалиётга жорий этилганлиги, ўз ташаббуси билан давлат органи фаолиятига тааллуқли қўшимча вазифаларни бажарганлиги) 10 Жами 100

Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубиятига 8-ИЛОВА

Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш

1. Умумий маълумотлар

Баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси Ф.И.О. Лавозим ва таркибий тузилма номи Лавозимга тайинланган сана Баҳолаш даври Бевосита раҳбар Ф.И.О. Фаолиятни баҳолаш вақти

2. Лавозим йўриқномасида белгиланган вазифалар бажарилиши самарадорлигини аниқлаш

Т/р Лавозим йўриқномасида белгиланган асосий вазифалар Баҳо 1. 2. 3. ... Умумий баҳо Ўртача баҳо

3. Иш қобилиятини баҳолаш

Т/р Кўрсаткичлар Баҳо 1. Ишни режалаштириш ва ташкиллаштириш кўникмаси 2. Таҳлилий қобилияти 3. Фикрини ифодалаш (оғзаки ва ёзма нутқи) 4. Одоб-ахлоқ қоидалари риоя этиши 5. Қўл остидаги давлат фуқаролик хизматчиларни бошқариш кўникмаси * Умумий баҳо Ўртача баҳо

4. Умумий баҳо **

1. Ўртача баҳо (2-банд) 2. Ўртача баҳо (3-банд) 3. Умумий баҳо (2+3) 4. Умумий ўртача баҳо

5. Бевосита раҳбарнинг хулосаси

________________________ ------------------- __________________ ----------------- ________________________ Лавозим ---------------------------------------- Имзо ------------------------------------------ Ф.И.О.

6. Баҳолаш натижалари билан танишганлиги ва эътирозлари

(агар мавжуд бўлса)

розиман/норозиман имзо Ф.И.О. «______» ____________________________ ___________________________ йил

Директорнинг биринчи ўринбосари А. ХАСАНОВ

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. ХУСАНОВ

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Д. КУЧКАРОВ

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. ШЕРМАТОВ

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси К. РАФИКОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 21 ноябрь,

2022 йил 25 октябрь

2022 йил 16 ноябрь

2022 йил 31 октябрь

2022 йил 27 октябрь

2-2022-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2022 й., 10/22/3407/1127-сон; 24.10.2024 й., 10/24/3407-1/0845-сон; 20.10.2025 й., 10/25/3407-2/0950-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi davlat xizmatini rivojlantirish agentligi direktorining

buyrugʻi

USLUBIYATI

SXEMASI

BAHOLASHNING NAMUNAVIY SHAKLI *

BAHOLASHNING NAMUNAVIY SHAKLI *

INTERVYUSI

Davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatining samaradorligini eng muhim koʻrsatkichlar asosida baholash uslubiyatini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat fuqarolik xizmati toʻgʻrisida”gi Qonunining 36-moddasiga muvofiq buyuraman:

1. Davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatining samaradorligini eng muhim koʻrsatkichlar asosida baholash uslubiyati ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi hamda Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi Kengashi bilan kelishilgan.

3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi direktorining 2022-yil 21-noyabrdagi 2-2022-son buyrugʻiga ILOVA

Davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatining samaradorligini eng muhim koʻrsatkichlar asosida baholash

Ushbu Uslubiyat Davlat fuqarolik xizmati tatbiq qilinadigan davlat organlari va tashkilotlari roʻyxatiga kiritilgan tashkilotlarda davlat fuqarolik xizmatchisini ragʻbatlantirish, xolisona va adolatli mezonlar asosida xizmatda lavozim boʻyicha koʻtarilishini taʼminlash maqsadida uning faoliyati samaradorligini eng muhim koʻrsatkichlar asosida baholash tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Uslubiyatning amal qilishi Davlat fuqarolik xizmati lavozimlarining davlat reyestriga kiritilgan lavozimlardagi davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyati samaradorligini eng muhim koʻrsatkichlar asosida baholash boʻyicha davlat organining oʻz ichki tartibini belgilashga nisbatan tatbiq etiladi.

Ushbu Uslubiyatning amal qilishi davlat fuqarolik xizmati lavozimlarining siyosiy guruhiga taalluqli davlat fuqarolik xizmatchilariga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda xoʻjalik birlashmalari faoliyati samaradorligini baholash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 13-martdagi PF-49-son Farmoni va Vazirlar Mahkamasining “Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda xoʻjalik birlashmalari rahbarlari va ularning oʻrinbosarlari faoliyatini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari asosida baholashni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 31-iyuldagi 463-son qaroriga asosan faoliyat samaradorligini baholashning alohida tartibi belgilangan davlat organlaridagi lavozimlarga, shuningek mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlaridagi lavozimlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

2. Ushbu Uslubiyatda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

davlat organi — Davlat fuqarolik xizmati tatbiq qilinadigan davlat organlari va tashkilotlari roʻyxatiga kiritilgan davlat hokimiyat vakolatlariga ega boʻlgan tashkiliy jihatdan alohida tuzilma;

eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (bundan buyon matnda EMSK deb yuritiladi) — davlat fuqarolik xizmatchisi tomonidan funksional vazifa va majburiyatlari ijro etilishining samaradorligi va natijadorligini baholash uchun qoʻllaniladigan va miqdoran oʻlchash mumkin boʻlgan baholash indikatorlari;

zanjir uslubi — davlat organi rahbari va uning oʻrinbosari faoliyatining EMSKni vertikal tizim boʻyicha oʻziga boʻysunuvchi davlat organi markaziy apparatining tarkibiy tuzilmalari, shuningdek hududiy va idoraviy mansub tashkilotlari hamda ularning tarkibiy boʻlinmalari rahbarlarining butun iyerarxiyasi boʻylab izchillik asosida taqsimlash orqali baholanuvchi rahbarlarning individual EMSKni ishlab chiqish tartibi;

EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari — hisobot davri uchun ishlab chiqiladigan va erishilishi koʻzlanayotgan rejaviy koʻrsatkichlar;

individual EMSK — hisobot davrida davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatining samaradorligi va natijadorligini tavsiflaydigan koʻrsatkichlar roʻyxati;

amaldagi EMSK — baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi tomonidan hisobot davrida individual EMSKga haqiqatda erishilganligi koʻrsatkichi;

yigʻma EMSK — baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatining natijasi;

EMSKning vazni — vazifalarning muhimligi, murakkabligi va ularni bajarishga sarflanadigan vaqtdan kelib chiqib, individual EMSKning umumiy maksimal baldagi ulushi (ahamiyati);

davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatini EMSK asosida baholash tizimi (bundan buyon matnda Baholash tizimi deb yuritiladi) — davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatining samaradorligi va natijadorligini uning individual EMSKga erishish natijasiga qarab baholash boʻyicha kompleks chora-tadbirlar yigʻindisi;

baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi — faoliyat samaradorligi individual baholanadigan davlat fuqarolik xizmatchisi;

bevosita rahbar — baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi bevosita boʻysunuvda boʻlgan mansabdor shaxs;

yuqori turuvchi rahbar — baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisining bevosita rahbari toʻgʻridan-toʻgʻri boʻysunadigan mansabdor shaxs;

baholash intervyusi — baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisiga yuklatilgan vazifa va funksiyalarning amalga oshirish jarayoni va bajarilishi sifatini baholash boʻyicha uning bevosita rahbari tomonidan individual tartibda oʻtkaziladigan suhbat;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligining “Samaradorlik.uz” elektron platformasi (bundan buyon matnda Yagona elektron platforma deb yuritiladi) — davlat organining tarkibiy tuzilmalari, shuningdek hududiy va idoraviy mansub tashkilotlari hamda ularning tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari va ularning oʻrinbosarlari (bundan buyon matnda baholanuvchi rahbar deb yuritiladi) faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini, shuningdek ular va davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatining samaradorligini baholash natijalarini aks ettiruvchi hamda maʼlumot almashinuvini nazarda tutuvchi axborot tizimi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligining “hrm.argos.uz” elektron platformasi — inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlar va hujjatlarni shakllantirish va yuritishni amalga oshiruvchi avtomatlashtirilgan axborot tizimi.

3. Davlat organida davlat fuqarolik xizmatchilarini baholash quyidagi ketma-ketlikda amalga oshiriladi:

davlat organi rahbari va uning oʻrinbosari faoliyatining EMSKni “zanjir uslubi” asosida taqsimlash orqali baholanuvchi rahbar faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini ishlab chiqish va tasdiqlash;

baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatining amaldagi EMSKni hisoblash va baholash;

EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari va amaldagi EMSKni Yagona elektron platformaga, shuningdek davlat fuqarolik xizmatchilarini ragʻbatlantirish chorasini qoʻllash haqidagi maʼlumotlarni Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligining “hrm.argos.uz” elektron platformasiga doimiy ravishda kiritib borish;

EMSKga erishilishi boʻyicha doimiy monitoring olib borish.

4. Davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatini EMSK muvofiq baholash boʻyicha davlat organlarida elektron platforma mavjud boʻlgan taqdirda, mazkur platforma Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi bilan kelishilgan holda Yagona elektron platformaga integratsiya qilinadi.

5. Baholash tizimining asosiy tamoyillari:

bogʻliqlilik — baholanuvchi rahbar faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari davlat organi rahbari va uning oʻrinbosari faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari bilan oʻzaro bogʻliq boʻlishi;

ishonchlilik — amaldagi EMSKni tegishli maʼlumotlar bilan tasdiqlash hamda ushbu maʼlumotlarning kelib chiqish manbasini tekshirish imkoniyatining mavjud boʻlishi;

adolatlilik — EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari mavjud resurs va vakolatlarga muvofiq boʻlgan holda ishlab chiqilishi, baholash va uning natijalari boʻyicha qoʻllaniladigan ragʻbatlantirish choralari asosli boʻlishi.

6. Baholanuvchi rahbar faoliyati EMSK quyidagi talablarga javob berishi kerak:

aniqliligi, erishish koʻzlanayotgan EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari aniq belgilanishi;

oʻlchanadigan boʻlishi, EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarga erishish uchun muayyan shartli birliklarda oʻlchash mumkin boʻlgan koʻrsatkichlardan foydalanishni nazarda tutishi;

erishish mumkinligi, EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari mavjud resurs va vakolatlarga muvofiq boʻlishi;

vaqt chegarasining mavjudligi, prognoz qilinayotgan natijalarga erishishning aniq muddatlari belgilanishi;

kompetentligi, baholanuvchi rahbar faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari ularning vazifalari va javobgarligi doirasida boʻlishi;

maqsadliligi, baholanuvchi rahbar faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari davlat organining asosiy vazifalarini amalga oshirishdan kutilayotgan natijalarga erishishga yoʻnaltirilganligi.

2-bob. Baholash tizimining bosqichlari

7. Davlat organida Baholash tizimini amalga oshirish quyidagi bosqichlardan iborat:

a) birinchi bosqich — davlat organida mazkur Uslubiyat asosida Baholash tizimini joriy etish boʻyicha quyidagilarni nazarda tutuvchi hujjatni ishlab chiqish va tasdiqlash:

Baholash tizimi joriy etiladigan tarkibiy tuzilmalar, shuningdek hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar va ularning tarkibiy boʻlinmalarining, shu bilan birga lavozimlarning roʻyxatini;

EMSKga qoʻyiladigan talablar, ularni ishlab chiqish va hisoblash tartibini;

Baholash tizimini joriy etish va ishlashini monitoring qilish boʻyicha masʼul tarkibiy tuzilmani (bundan buyon matnda Masʼul tarkibiy tuzilma deb yuritiladi) belgilashni;

baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatining EMSKni baholash natijasi boʻyicha ragʻbatlantirish choralarining nisbatini;

EMSKga erishilishini hisoblash davriyligini (oylik, choraklik, yarim yillik, yillik);

b) ikkinchi bosqich — baholanuvchi rahbar faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini ishlab chiqish va tasdiqlash;

v) uchinchi bosqich — davlat organi rahbari va uning oʻrinbosarlari yigʻma EMSKlaridan kelib chiqib, baholanuvchi rahbar faoliyatining amaldagi EMSKni hisoblash va baholash, shuningdek baholanuvchi rahbarning yigʻma EMSKdan kelib chiqib, baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatining amaldagi EMSKni hisoblash va baholash;

g) toʻrtinchi bosqich — baholash natijalariga koʻra, ragʻbatlantirish chorasini qoʻllash.

8. Davlat organida baholanuvchi rahbar faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini ishlab chiqish va tasdiqlash, amaldagi EMSKni hisoblash va baholash, shuningdek Baholash tizimi ishlashini monitoring qilish Yagona elektron platformada amalga oshiriladi.

Davlat organi tomonidan baholash natijalariga koʻra qoʻllanilgan ragʻbatlantirish choralari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Masʼul tarkibiy tuzilma yoki inson resurslarini boshqarish tarkibiy boʻlinmalari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligining “hrm.argos.uz” elektron platformasiga doimiy ravishda kiritib boriladi.

3-bob. Davlat organlarida Baholash tizimini joriy etish

9. Davlat organi rahbarining qarori bilan Baholash tizimini joriy etish va monitoring qilish boʻyicha (qoida tariqasida, davlat organining birinchi rahbariga boʻysunuvchi tuzilmalar orasidan) markaziy apparatning Masʼul tarkibiy tuzilmasi belgilanadi.

Baholash tizimini joriy etish va monitoring qilish boʻyicha davlat organining hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarida ham mazkur tashkilotlar rahbarlarining qarori bilan masʼul tarkibiy tuzilmalar belgilanadi.

Bunda, shtatlar soni 20 kishidan kam boʻlgan hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarda Baholash tizimini joriy etish va monitoring qilish boʻyicha alohida masʼul davlat fuqarolik xizmatchisi belgilanishi mumkin. Ushbu masʼul tarkibiy tuzilmalar yoki masʼul davlat fuqarolik xizmatchisi Baholash tizimini joriy etish va monitoring qilishda davlat organi markaziy apparatining Masʼul tarkibiy tuzilmasi bilan hamkorlikda ish olib boradi.

10. Masʼul tarkibiy tuzilmaning (davlat fuqarolik xizmatchisining) Baholash tizimini joriy etish va monitoring qilish doirasidagi vazifalari:

a) baholanuvchi rahbar faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari ishlab chiqilishini muvofiqlashtirish;

b) baholanuvchi rahbar faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari ishlab chiqilishi, hisoblanishi va baholanishining mazkur Uslubiyat asosida ishlab chiqilgan oʻz ichki tartibiga muvofiqligini tekshirish;

g) baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisining baholash natijalari boʻyicha tasdiqlovchi hujjatlarni yigʻish, saqlash va Yagona elektron platformaga kiritish (elektron shaklga oʻtkazilgan hujjatlar elektron shaklda yuritiladi hamda saqlanadi);

d) baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchilari orasida Baholash tizimining mohiyati, ahamiyati va amaliyotda toʻgʻri qoʻllanishi boʻyicha tushuntirishlar olib borish.

4-bob. EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini ishlab chiqish, tasdiqlash va baholash

11. Davlat organining tarkibiy tuzilmalari, shuningdek hududiy va idoraviy mansub tashkilotlari hamda ularning tarkibiy boʻlinmalarida davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini ishlab chiqish, tasdiqlash va baholash ushbu Uslubiyatning 1-ilovasiga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.

12. Baholanuvchi rahbar faoliyatining individual EMSK quyidagilarni inobatga olgan holda ishlab chiqiladi:

davlat organi rahbari va uning oʻrinbosari faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini;

davlat organining tarkibiy tuzilmalari, shuningdek hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarining vazifa va funksiyalarini;

yuqori turuvchi va bevosita rahbarlarning topshiriqlarini.

13. Baholanuvchi rahbar faoliyati EMSKning tarkibiga davlat organi rahbari va uning oʻrinbosari faoliyatining EMSKda nazarda tutilmagan, ularning funksional vazifasi bilan bogʻliq boʻlgan qoʻshimcha koʻrsatkichlar ham kiritilishi mumkin.

14. Baholanuvchi rahbar faoliyatining individual EMSK soni 10 tadan koʻp boʻlmasligi kerak.

15. EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari quyidagilar tomonidan ushbu Uslubiyatning 3-ilovasidagi Namunaviy shaklga muvofiq tasdiqlanadi:

davlat organi tarkibiy tuzilmalari, shuningdek hududiy va idoraviy mansub tashkilotlari rahbarlari faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari davlat organi rahbari oʻrinbosarlari tomonidan;

hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbarlari oʻrinbosarlari faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbarlari tomonidan;

hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarning tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbarlari oʻrinbosarlari tomonidan.

16. Individual EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari hisobot davri kesimida kelgusi yil uchun tasdiqlanadi.

Bunda, baholanuvchi rahbar faoliyatining EMSKga erishilganligi natijalari kamida har chorakda (davlat organi faoliyatining oʻziga xos xususiyatidan kelib chiqib, oylik va yarim yillik hisobot davrlari belgilanishi mumkin) baholanadi.

17. Baholanuvchi rahbarning individual EMSKning maqsadli koʻrsatkichlariga tuzatishlar kiritish (qoʻshimcha koʻrsatkich bilan toʻldirish yoki individual EMSK tarkibidan ayrim koʻrsatkichlarni chiqarish, EMSKning maqsadli koʻrsatkichlariga tuzatishlar kiritish) mazkur koʻrsatkichlarni avval tasdiqlagan lavozimdagi mansabdor shaxslar tomonidan amalga oshiriladi, bundan baholanuvchi rahbar oʻzining faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlaridan norozi boʻlganda, uning shikoyatini koʻrib chiqish natijasiga koʻra kiritilgan tuzatishlar mustasno.

Bunda, baholanuvchi rahbarning individual EMSKning maqsadli koʻrsatkichlariga tuzatishlar kiritish zaruriyatini tasdiqlovchi hujjatlar ilova qilinadi.

18. Baholanuvchi rahbarning individual EMSKning maqsadli koʻrsatkichlariga tuzatishlar kiritish Yagona elektron platforma orqali amalga oshiriladi.

Avval tasdiqlangan EMSKning maqsadli koʻrsatkichlariga tuzatishlar kiritishda baholanuvchi rahbar bilan kelishilishi shart.

5-bob. Amaldagi EMSKni hisoblash va baholash

19. Baholanuvchi rahbarning amaldagi EMSKni hisoblash va baholash ushbu Uslubiyatning 5-ilovasida belgilangan namunaviy shakl asosida quyidagilar tomonidan amalga oshiriladi:

aniq koʻrsatkichlar ijrosini taʼminlash darajasi boʻyicha Masʼul tarkibiy tuzilmalar;

ijro intizomiga rioya qilinganligi boʻyicha tashkiliy yoki ijro nazorati boʻyicha tuzilmalar;

mehnat intizomiga rioya qilganligi boʻyicha inson resurslarini boshqarish boʻyicha tuzilmalar.

20. Davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatining amaldagi EMSKni hisoblash va baholash ushbu Uslubiyatning 6-ilovasida belgilangan namunaviy baholash shakli asosida quyidagilar tomonidan amalga oshiriladi:

tarkibiy boʻlinmaga yuklatilgan EMSKga erishishdagi hamda vazifa va funksiyalarni bajarishdagi hissasi boʻyicha bevosita rahbarlar;

ijro intizomiga rioya qilinganligi boʻyicha tashkiliy yoki ijro nazorati boʻyicha tuzilmalar/Ijro intizomi nazorati boʻlimi/boʻlinmasi;

mehnat intizomiga rioya qilganligi boʻyicha inson resurslarini boshqarish boʻyicha tuzilmalar/Tashkiliy-kadrlar guruhi/boʻlimi;

tashabbuskorligi boʻyicha bevosita rahbarlar.

Davlat organi rahbariga toʻgʻridan-toʻgʻri boʻysunuvchi tarkibiy tuzilmalarning davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatini EMSK asosida baholash imkoniyati boʻlgan taqdirda, davlat fuqarolik xizmatchilarining faoliyati samaradorligini baholash ushbu Uslubiyat asosida ishlab chiqiladigan davlat organining ichki tartibiga asosan amalga oshiriladi.

Davlat organi rahbariga toʻgʻridan-toʻgʻri boʻysunuvchi tarkibiy tuzilmalarning davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatini EMSK asosida baholash imkoniyati boʻlmagan taqdirda, davlat fuqarolik xizmatchilarining faoliyati samaradorligini baholash davlat organining ichki tartibiga asosan davlat organi rahbari tomonidan amalga oshiriladi.

Hisobot davri uchun amaldagi EMSKni hisoblash va baholash Yagona elektron platforma orqali avtomatik tarzda amalga oshiriladi.

21. Baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisining yigʻma EMSK:

60 baldan kam boʻlganda — “qoniqarsiz”;

60 baldan 80 balgacha — “qoniqarli”;

80 baldan 100 balgacha — “yaxshi”;

100 ball va undan yuqori boʻlganda “aʼlo” deb baholanadi.

22. EMSKning maqsadli koʻrsatkichlariga erishilishini tavsiflovchi amaldagi EMSK natijalarini hisoblash quyidagi formulalarga asosan amalga oshiriladi:

1) EMSKED = (AK/MK)*100 progressiv toifadagi samaradorlik koʻrsatkichlari uchun;

2) EMSKED = 100+(100-AK/MK*100) regressiv toifadagi samaradorlik koʻrsatkichlari uchun. Bunda, ushbu formula huquqbuzarlik va jinoyatchilik darajasi, xotin-qizlarga tazyiq va zoʻravonlik, onalar va goʻdaklar oʻlimi hamda boshqa shu kabi koʻrsatkichlarga nisbatan qoʻllaniladi.

Bunda:

EMSKED — EMSK natijadorligi boʻyicha erishish darajasi;

AK — amaldagi EMSK;

MK — EMSK maqsadli koʻrsatkichi.

Har bir koʻrsatkichga erishilganlik uchun olingan ball EMSKEDni koʻrsatkich vazniga koʻpaytirish yoʻli bilan hisoblanadi.

Koʻrsatkich natijasi quyidagi formula asosida hisoblab chiqiladi:

OB = EMSKED*V/100

Bunda:

OB — olingan ball;

V — koʻrsatkich vazni.

Har bir baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisining yigʻma EMSK boʻyicha natijasi har bir koʻrsatkich uchun olingan ballarning yigʻindisi bilan hisoblanadi:

EMSKN = OB1 + OB2 + …,

Bunda, EMSKN — EMSK natijasi.

6-bob. Davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatini baholash mexanizmi

23. Baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi uchun EMSK vaznining miqdori ushbu Uslubiyatning 5 va 6-ilovalarida belgilangan namunaviy baholash shakllari asosida davlat organining baholash tizimini joriy etishni nazarda tutuvchi hujjatida belgilanadi.

24. Davlat organi rahbari va uning oʻrinbosariga boʻysunuvchi tarkibiy tuzilmalar, hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar faoliyatining aniq koʻrsatkichlar ijrosini taʼminlash darajasi boʻyicha oʻrtacha EMSK natijalari yigʻindisi ushbu rahbar va uning oʻrinbosariga belgilangan EMSKning natijasiga muvofiq boʻlishi lozim.

Davlat organi tarkibiy tuzilmasidagi baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchilarining tarkibiy boʻlinmaga yuklatilgan EMSKga erishishdagi hamda vazifa va funksiyalarni bajarilishidagi hissasi boʻyicha oʻrtacha EMSK natijalari yigʻindisi ushbu tarkibiy tuzilmaga belgilangan EMSKning natijasiga muvofiq boʻlishi lozim.

25. Baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatini EMSK asosida baholash natijasiga koʻra davlat fuqarolik xizmati toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari va davlat organining ichki tartibiga muvofiq unga ragʻbatlantirish choralari qoʻllaniladi hamda uning xolisona va adolatli mezonlar asosida xizmatda lavozim boʻyicha koʻtarilishi taʼminlanadi.

Davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatini EMSK asosida baholash natijasiga koʻra “yaxshi” va “aʼlo” deb baholangan taqdirda davlat organi rahbari tomonidan quyidagi qoʻshimcha ragʻbatlantirish choralari qoʻllanilishi mumkin:

birinchi navbatda lavozimda oʻstiriladigan nomzodlar qatoriga kiritish;

lavozimda oʻstiriladigan potensial nomzodlar qatoriga kiritish;

malaka darajasini navbatdan tashqari berish;

nomoddiy tusdagi ragʻbatlantirish;

berilgan intizomiy jazo chorasini olib tashlash;

boshqa ragʻbatlantirish choralari.

26. Amaldagi EMSKni hisoblash quyidagi hollarda oʻtkazilmaydi:

baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi ish faoliyatini boshlaganiga uch oy muddat toʻlmagan boʻlsa;

baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi taʼtilda boʻlgan muddat davomida;

baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisining mehnatga layoqatsizlik varaqasida belgilangan muddat davomida;

baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi davlat, jamiyat, ish beruvchi va mehnat jamoasining manfaatlari yuzasidan majburiyatlarni bajarishga jalb etilganda (malaka oshirish, xizmat safari va boshqa holatlar);

baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi idoralararo ishchi guruhlarga yoki boshqa tadbirlarga jalb etilganda.

Mazkur bandning beshinchi va oltinchi xatboshilarida koʻrsatilgan holatlarda baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisiga ustama tayinlash oldingi hisobot davridagi faoliyatidagi EMSK uchun tayinlangan ustamalarining oʻrtachasidan kam boʻlmagan miqdorda ish beruvchi tomonidan belgilanadi.

7-bob. Baholash intervyusi

27. Davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatini EMSK asosida baholash imkoni boʻlmaganda, bevosita rahbar tomonidan baholash intervyusi oʻtkaziladi.

28. Baholash intervyusi bevosita rahbar tomonidan oylik, choraklik, yarim yillik yoki yil yakuni bilan oʻtkazilishi mumkin.

29. Baholash intervyusida bevosita rahbar tomonidan baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi bilan individual tartibda suhbat oʻtkaziladi va uning natijasi ushbu Uslubiyatning 8-ilovasiga muvofiq baholanadi.

Baholash intervyusida baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisiga yuklatilgan vazifa va funksiyalarning bajarilishi, shaxsiy tashabbuslari bilan amalga oshirgan ishlari eʼtiborga olinadi.

30. Baholash intervyusini qoʻllash natijalari boʻyicha baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisiga davlat organining ichki tartibiga asosan ragʻbatlantirish choralari qoʻllaniladi.

8-bob. Shikoyat qilish tartibi

31. Baholanuvchi rahbar tasdiqlangan EMSKning maqsadli koʻrsatkichlaridan va baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi amaldagi EMSKni hisoblash va baholash natijasidan norozi boʻlgan taqdirda yuqori turuvchi rahbarga yozma yoki elektron shaklda shikoyat qilishi mumkin.

32. Baholanuvchi rahbar tasdiqlangan EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari va baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi amaldagi EMSKni hisoblash va baholash natijasi bilan tegishli tartibda xabardor qilingan kundan eʼtiboran bir oy ichida shikoyat qilishi mumkin.

Bunda, yuqori turuvchi rahbar baholanuvchi rahbar va davlat fuqarolik xizmatchisini shikoyat koʻrib chiqilishidan besh kun oldin uni koʻrib chiqish vaqti va joyi haqida ogohlantiradi.

33. Yuqori turuvchi rahbar shikoyat kelib tushgan kundan boshlab, oʻn ish kuni ichida mazkur shikoyatni koʻrib chiqib, qaror qabul qilishi shart.

Bunda, baholanuvchi rahbar va davlat fuqarolik xizmatchisi mazkur shikoyatni koʻrib chiqishda ishtirok etish huquqiga ega.

34. Baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi shikoyat boʻyicha qaror qabul qilinguniga qadar uni chaqirib olishga haqli. Shikoyatni chaqirib olish yozma yoki elektron shaklda rasmiylashtiriladi.

35. Yuqori turuvchi rahbar shikoyatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha quyidagi qarorlardan birini qabul qilishga haqli:

tasdiqlangan EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari va amaldagi EMSKni hisoblash va baholash natijasini oʻzgarishsiz qoldirish;

tasdiqlangan EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari va amaldagi EMSKni hisoblash va baholash natijasiga oʻzgartirishlar kiritish.

36. EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari va amaldagi EMSKni hisoblash va baholash natijasi yuzasidan shikoyat qilinganda shikoyat roʻyxatdan oʻtkazilgan paytdan eʼtiboran belgilangan tartibda koʻrib chiqilgunga qadar ushbu EMSKning maqsadli koʻrsatkichlari va amaldagi EMSKni hisoblash va baholash natijasi amal qilishini va ijro etilishini toʻxtatib turiladi.

9-bob. Yakuniy qoidalar

37. Davlat organi faoliyatining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqib ushbu Uslubiyatda nazarda tutilgan baholash metodlarini qoʻllash imkoni boʻlmagan taqdirda, davlat organi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi bilan kelishilgan holda, alohida tartib va mexanizmlarni ishlab chiqishi mumkin.

38. Ushbu Uslubiyat talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatining samaradorligini eng muhim koʻrsatkichlar asosida baholash uslubiyatiga 1-ILOVA

Davlat organining tarkibiy tuzilmalari, shuningdek hududiy va idoraviy mansub tashkilotlari hamda ularning tarkibiy boʻlinmalarida davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini ishlab chiqish, tasdiqlash va baholash

Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar Muddat 1-bosqich Davlat organi markaziy apparatining tarkibiy tuzilmalari (departament, boshqarma, boʻlim) , idoraviy mansub va hududiy tashkilotlar rahbarlari Oʻzlari boʻysunuvchi davlat organi rahbari va uning oʻrinbosari faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlaridan kelib chiqib, oʻz faoliyatlari EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini ishlab chiqish. har yili yanvar oyining 20-sanasiga qadar 2-bosqich Masʼul tarkibiy tuzilmalar Davlat organi markaziy apparatining tarkibiy tuzilmalari (departament, boshqarma, boʻlim), idoraviy mansub va hududiy tashkilotlar rahbarlari faoliyatlari EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini tegishli davlat organi rahbari va uning oʻrinbosari faoliyati EMSKning maqsadli koʻrsatkichlariga muvofiqligi, ularning vakolatlari doirasiga kirishi hamda mavjud resurslari yetarliligi yuzasidan koʻrib chiqish va kelishish. har yili yanvar oyining 23-sanasiga qadar 3-bosqich Davlat organi rahbari va uning oʻrinbosarlari Davlat organi markaziy apparatining oʻziga boʻysunuvchi tarkibiy tuzilmalari (departament, boshqarma, boʻlim) , idoraviy mansub va hududiy tashkilotlar rahbarlari faoliyatlari EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini tasdiqlash. har yili yanvar oyining 25-sanasiga qadar 4-bosqich Hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarning rahbarlari Oʻzlarining faoliyatlari EMSKning maqsadli koʻrsatkichlaridan kelib chiqib, oʻzlarining oʻrinbosarlari (mavjud boʻlsa) faoliyatlari EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini ishlab chiqish va tasdiqlash. har yili yanvar oyining 28-sanasiga qadar 5-bosqich Hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbarlarining oʻrinbosarlari (agarda ular mavjud boʻlmasa, hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbarlari) Hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbarlarining oʻrinbosarlari (agarda ular mavjud boʻlmasa hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbarlari) faoliyatlari EMSKning maqsadli koʻrsatkichlaridan kelib chiqib, hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarning oʻziga boʻysunuvchi tarkibiy boʻlinmalari hamda tuman (shahar) boʻlinmalari rahbarlari faoliyatlari EMSKning maqsadli koʻrsatkichlarini ishlab chiqish hamda hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarning masʼul tarkibiy tuzilmalari bilan kelishilgan holda tasdiqlash. har yili fevral oyining 1-sanasiga qadar 6-bosqich 1. Masʼul tarkibiy tuzilmalar, tashkiliy yoki ijro nazorati va inson resurslarini boshqarish boʻyicha tuzilmalar 1. Davlat organi markaziy apparatining tarkibiy tuzilmalari (departament, boshqarma, boʻlim) , idoraviy mansub va hududiy tashkilotlar rahbarlari faoliyatlarining amaldagi EMSKni hisoblash va ularning faoliyatlari samaradorligini baholash . hisobot davridan keyingi oyning 10 sanasiga qadar 2. Masʼul tarkibiy tuzilmalar 2. Baholash natijalarini va davlat organi markaziy apparatining tarkibiy tuzilmalari (departament, boshqarma, boʻlim), hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbarlarini ragʻbatlantirish toʻgʻrisida takliflarni davlat organi rahbariga taqdim qilish. 7-bosqich 1. Hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarning masʼul tarkibiy tuzilmalari, tashkiliy yoki ijro nazorati va inson resurslarini boshqarish boʻyicha tuzilmalari 1. Hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbar oʻrinbosarlari (mavjud boʻlsa), tarkibiy boʻlinmalari hamda tuman (shahar) boʻlinmalari rahbarlarining amaldagi EMSKni hisoblash va ular faoliyatining samaradorligini baholash . hisobot davridan keyingi oyning 12 sanasiga qadar 2. Hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarning masʼul tarkibiy tuzilmalari 2. Baholash natijalarini va hududiy va hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbar oʻrinbosarlari (mavjud boʻlsa), tarkibiy boʻlinmalari hamda tuman (shahar) boʻlinmalari rahbarlarini ragʻbatlantirish toʻgʻrisida takliflarni hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarning rahbariga taqdim qilish. 8-bosqich 1. Bevosita rahbar (departament, boshqarma, boʻlim boshliqlari) , tashkiliy yoki ijro nazorati va inson resurslarini boshqarish boʻyicha tuzilmalari 1. Tarkibiy boʻlinmalar davlat fuqarolik xizmatchilarining amaldagi EMSKni hisoblash va ular faoliyatining samaradorligini baholash . hisobot davridan keyingi oyning 15 sanasiga qadar 2. Bevosita rahbar (departament, boshqarma, boʻlim boshliqlari) 2. Baholash natijalarini va tarkibiy boʻlinmalar davlat fuqarolik xizmatchilarini ragʻbatlantirish toʻgʻrisida takliflarni tegishli ravishda davlat organi yoki hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbariga taqdim qilish. 9-bosqich Davlat organi rahbari, hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar rahbari Baholash natijalariga koʻra davlat fuqarolik xizmatchisini ragʻbatlantirish. hisobot davridan keyingi oyning 20 sanasiga qadar

Davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatining samaradorligini eng muhim koʻrsatkichlar asosida baholash uslubiyatiga 3-ILOVA

Hisobot davri uchun ___________________ rahbarining individual EMSKni tasdiqlashning __________________ (tarkibiy tuzilmaning nomi) ____________________________________________ NAMUNAVIY SHAKLI Baholanuvchi rahbarning F.I.O.: __________________________________________________________; Baholanuvchi rahbarning lavozimi: _______________________ _ ________________________________; Tarkibiy tuzilmaning nomi: ____________________________ __ ________________________________; T/r EMSKning nomlanishi Oʻlchov birligi Toifasi (progressiv / regressiv) Yillik maqsadli koʻrsatkich shu jumladan: I chorak II chorak III chorak IV chorak vazn reja vazn reja vazn reja vazn reja 1. 2. 3.

Davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatining samaradorligini eng muhim koʻrsatkichlar asosida baholash uslubiyatiga 5-ILOVA

Davlat organi tarkibiy tuzilmasi, hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarning rahbarlari faoliyatini EMSK asosida

T/r Koʻrsatkich nomi Vazni (tavsiyaviy) 1. Davlat organi tarkibiy tuzilmasi (idoraviy mansub va hududiy tashkilot)ga yuklatilgan aniq koʻrsatkichlar ijrosini taʼminlash darajasi 60 1.1. Birinchi koʻrsatkich 1.2. Ikkini koʻrsatkich 2. Davlat organi tarkibiy tuzilmasi (hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar) xodimlari tomonidan ijro intizomiga rioya qilinganligi (son, sifat va oʻz muddatida bajarilishi) 30 2.1. Davlat organi tarkibiy tuzilmasi (hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar)ga kelib tushgan topshiriqlar, xatlar va boshqa hujjatlarning oʻz vaqtida bajarilganligi darajasi 20 2.2. Davlat organi tarkibiy tuzilmasi (hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar)ga kelib tushgan murojaatlarning oʻz vaqtida koʻrib chiqilganligi darajasi ** 10 3. Davlat organi tarkibiy tuzilmasi (hududiy va idoraviy mansub tashkilotlar) xodimlari tomonidan mehnat intizomiga rioya qilganligi 10 3.1. Ish rejimi talablariga rioya etganligi 5 3.2. Odob-axloq qoidalari talablariga rioya etganligi 5 Jami 100

Davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatining samaradorligini eng muhim koʻrsatkichlar asosida baholash uslubiyatiga 6-ILOVA

Davlat organi tarkibiy tuzilmasi, hududiy va idoraviy mansub tashkilotlarning davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatini EMSK asosida

T/r Koʻrsatkich nomi Vazni (tavsiyaviy) 1. Davlat fuqarolik xizmatchisining tarkibiy boʻlinmaga yuklatilgan EMSKga erishishdagi hamda vazifa va funksiyalarni bajarilishidagi hissasi 60 1.1. Tarkibiy boʻlinmaga yuklatilgan EMSKga erishishdagi 30 1.2. Tarkibiy boʻlinmaga yuklatilgan vazifa va funksiyalarni bajarishdagi 30 2. Ijro intizomiga rioya qilinganligi (son, sifat va oʻz muddatida bajarilishi) ** 20 2.1. Tarkibiy boʻlinmaga kelib tushgan topshiriqlar, xatlar va boshqa hujjatlar boʻyicha 10 2.2. Tarkibiy boʻlinmaga kelib tushgan murojaatlar boʻyicha 10 3. Mehnat intizomiga rioya qilganligi 10 3.1. Ish rejimi talablariga rioya etganligi 7 3.2. Odob-axloq qoidalari talablariga rioya etganligi 3 4. Tashabbuskorligi (takliflar ishlab chiqqanligi, amaliyotga joriy etilganligi, oʻz tashabbusi bilan davlat organi faoliyatiga taalluqli qoʻshimcha vazifalarni bajarganligi) 10 Jami 100

Davlat fuqarolik xizmatchilari faoliyatining samaradorligini eng muhim koʻrsatkichlar asosida baholash uslubiyatiga 8-ILOVA

Davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatining samaradorligini baholash

1. Umumiy maʼlumotlar

Baholanuvchi davlat fuqarolik xizmatchisi F.I.O. Lavozim va tarkibiy tuzilma nomi Lavozimga tayinlangan sana Baholash davri Bevosita rahbar F.I.O. Faoliyatni baholash vaqti

2. Lavozim yoʻriqnomasida belgilangan vazifalar bajarilishi samaradorligini aniqlash

T/r Lavozim yoʻriqnomasida belgilangan asosiy vazifalar Baho 1. 2. 3. ... Umumiy baho Oʻrtacha baho

3. Ish qobiliyatini baholash

T/r Koʻrsatkichlar Baho 1. Ishni rejalashtirish va tashkillashtirish koʻnikmasi 2. Tahliliy qobiliyati 3. Fikrini ifodalash (ogʻzaki va yozma nutqi) 4. Odob-axloq qoidalari rioya etishi 5. Qoʻl ostidagi davlat fuqarolik xizmatchilarni boshqarish koʻnikmasi * Umumiy baho Oʻrtacha baho

4. Umumiy baho **

1. Oʻrtacha baho (2-band) 2. Oʻrtacha baho (3-band) 3. Umumiy baho (2+3) 4. Umumiy oʻrtacha baho

5. Bevosita rahbarning xulosasi

________________________ ------------------- __________________ ----------------- ________________________ Lavozim ---------------------------------------- Imzo ------------------------------------------ F.I.O.

6. Baholash natijalari bilan tanishganligi va eʼtirozlari

(agar mavjud boʻlsa)

roziman/noroziman imzo F.I.O. “______” ____________________________ ___________________________ yil

Direktorning birinchi oʻrinbosari A. XASANOV

Bandlik va mehnat munosabatlari vaziri N. XUSANOV

Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri D. KUCHKAROV

Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri Sh. SHERMATOV

Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi raisi K. RAFIKOV

Toshkent sh.,

2022-yil 21-noyabr,

2022-yil 25-oktabr

2022-yil 16-noyabr

2022-yil 31-oktabr

2022-yil 27-oktabr

2-2022-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.12.2022-y., 10/22/3407/1127-son; 24.10.2024-y., 10/24/3407-1/0845-son; 20.10.2025-y., 10/25/3407-2/0950-son)

lex.uz