📅 2023-yil 7-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 7-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 7 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 7 января 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 7 January 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармасини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 27 июлдаги ПФ-178-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 27 июлдаги ПФ-178-сон Фармонининг 11-бандига мувофиқ Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармасини ташкил қилиш, унинг маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилсин.
Белгилансинки, Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларини моддий рағбатлантириш, ўқув курсларида ўқитиш, шунингдек, девон фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантиришга йўналтирилган бошқа тадбирларни молиялаштириш мақсадида ташкил этилади.
3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимлари томонидан қўлланилган жарималар суммаси ҳамда расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар асосида судлар томонидан қўлланилган жарима суммасининг 100 фоиз миқдори;
техник кўмаклашиш маблағлари, халқаро ташкилотлар, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари (меценатлик кўмаги);
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Жамғарманинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш йўналишлари;
Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасини тузиш ҳамда рўйхатдан ўтказиш тартиби;
Жамғармани бошқариш кенгашини ташкил этиш, кенгаш таркиби ва унинг вазифалари, кенгаш мажлисларини ўтказиш тартиби;
Жамғарма маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш, унинг даромад ва харажатлар сметаси ижросини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 январдаги 6-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг (кейинги ўринларда — Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони) моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларини моддий рағбатлантириш, ўқув курсларида ўқитиш, шунингдек, девон фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантиришга йўналтирилган бошқа тадбирларни молиялаштириш мақсадида ташкил этилади.
3. Жамғарма маблағларининг шакллантирилиши ва сарфланишининг ҳисоби миллий ва чет эл валютасида амалга оширилади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби
4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимлари томонидан қўлланилган жарималар суммаси ҳамда расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар асосида судлар томонидан қўлланилган жарималар суммасининг 100 фоиз миқдори;
техник кўмаклашиш маблағлари, халқаро ташкилотлар, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларининг грантлари;
жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари (меценатлик кўмаги);
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Жамғармага тушадиган маблағлар Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очиладиган миллий ва чет эл валютасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
6. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
а) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девонига юкланган вазифаларни самарали ташкил этиш;
б) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг маъмурий бино ва бошқа инфратузилма объектларида қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини (лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш харажатларини инобатга олган ҳолда) амалга ошириш, уларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш, шу жумладан, зарур замонавий ускуналар, мебель, инвентарлар билан жиҳозлаш, кузатув, назорат ва идентификация тизимлари, воситалари ва қурилмалари билан таъминлаш ҳамда бошқа товар-моддий қимматликларни харид қилиш;
в) ахборот-коммуникация, мультимедиа ва тармоқ қурилмалари, техника воситалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва сақлаш, маълумотлар базасини шакллантириш;
г) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони раҳбарияти ва ходимларининг фаолият йўналиши бўйича малакасини ошириш, шунингдек, уларни хорижий давлат ташкилотлари, таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларга тажриба алмашиш, ҳамкорлик ўрнатиш мақсадларида хорижий хизмат сафарларига юбориш;
д) ташаббускорлиги ва ўз хизмат вазифаларини виждонан бажарганлиги ҳамда меҳнат фаолиятидаги юксак натижалари учун лавозим маошининг 200 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгилаш;
е) ҳар йили Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходими фаолиятини якка тартибда баҳолаш асосида икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида мукофотлаш;
ж) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланмаган қисмида байрам кунлари муносабати билан мукофот пуллари бериш;
з) узоқ йиллик ва бенуқсон хизмати (меҳнати) учун, шунингдек, пенсияга чиқиши муносабати билан икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдоригача бўлган ҳажмда бир марталик мукофотлаш;
и) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимларини алоҳида эҳтиёж юзага келган ҳолларда (бахтсиз ҳодиса, тўй ва бошқа тадбирлар, узоқ давом этган касаллик билан боғлиқ махсус даволаниш ва саломатликни тиклаш, шунингдек, оиладаги оғир моддий аҳвол, бошқа ҳолатлар) моддий ёрдам беришни назарда тутган ҳолда ижтимоий ҳимоя қилиш;
к) республикага келган ва хориждаги олий даражадаги меҳмонларга совға қилиш учун маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган сувенирларни сотиб олиш;
л) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тадбирлар.
7. Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатлар ушбу харажатларни асословчи тегишли ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.
Ҳужжатларнинг асосланганлиги ва сифати, келтирилган маълумотларнинг тўғрилиги юзасидан мурожаат этувчи жавобгардир.
8. Жамғарма маблағларидан унинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида фойдаланилади.
Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тасдиқланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.
9. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига йил давомида белгиланган тартибда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар уларнинг тасдиқланган ҳажмларига, ушбу харажатлар ўрнини қоплаш манбалари мавжуд бўлган тақдирда кўпайтирилади.
4-боб. Жамғармани бошқариш
10. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш учун Жамғармани бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) ташкил этилади.
11. Кенгаш:
ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни назорат қилади.
12. Кенгаш, қоида тариқасида, Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, Кенгаш котиби, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг 2 — 4 нафар масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади. Кенгашнинг шахсий таркиби, қоида тариқасида, бир йилда бир марта Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тасдиқланади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил лавозимига кўра Кенгаш раиси ҳисобланади.
13. Кенгаш раиси:
Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва чақиради;
Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;
Кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради;
Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.
Кенгаш томонидан белгиланган лимитлар доирасида харажатлар дастури бўйича харажатлар сметаларини тасдиқлаш ва унга ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, Жамғарманинг захира маблағларидан фойдаланиш Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилади.
14. Кенгаш аъзолари:
Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этади;
Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича овоз беради.
Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашадилар. Бунда қатнашишнинг имкони бўлмаган тақдирда, Кенгаш аъзоси мажлиснинг кун тартиби бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.
15. Кенгаш котиби:
Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойини Кенгаш раиси билан келишади;
кун тартибига киритилган масалалар бўйича Кенгаш мажлисларининг ўтказилишини ташкил этади;
Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, вақти, жойи ва кун тартиби лойиҳасидан хабардор қилади;
Кенгаш қарорларининг бажарилиши мониторингини юритади;
Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Кенгаш аъзоларига ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.
Кенгаш котиби кенгаш аъзоси ҳисобланади.
16. Кенгаш мажлислари заруратга қараб, бироқ ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.
17. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса Кенгаш раиси ўринбосари бошқаради.
18. Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда, ўтказилган ҳисобланади.
19. Кенгаш мажлисини ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда, Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.
20. Кенгаш қарори Кенгашнинг мажлисида қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини, шунингдек, маблағлардан фойдаланилишини тасдиқлаш масалалари бўйича қарорлар Кенгаш мажлисида қатнашган аъзоларнинг учдан икки қисми овози билан қабул қилинади.
Кенгаш қарорлари мажлис баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ҳамда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил буйруғи асосида амалга оширилади.
21. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг Молия шуъбаси Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.
22. Ишчи орган:
Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;
даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонунчиликда белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритиш юзасидан Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга таклифлар киритади;
Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатларни умумлаштириш ва Кенгашга кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлайди;
Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлар ҳамда асосий харажатлар йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;
ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди, Кенгашга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади;
белгиланган тартибда Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳисобот тақдим этади.
23. Жамғарма маблағларининг ҳисоб ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Молия шуъбаси томонидан амалга оширилади.
5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш
24. Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Кенгаш томонидан кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили 15 мартгача Кенгаш томонидан тасдиқланади.
25. Жамғарманинг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари олиб қўйилмайди, кейинчалик ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланиш учун миллий ва чет эл валютасида жамғариб бориладиган ғазначилик шахсий ғазна ҳисобварақларида қолади.
26. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.
6-боб. Якунловчи қоида
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 январдаги 6-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 4 августдаги 587-сон қарорида :
а) 3-банднинг учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
б) 11-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 14 июлдаги 584-сон қарорининг 3-бандида :
а) учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг техник ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли хизматчи ходимлари, шу жумладан, операторларга мутахассис лавозими учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади»;
б) қуйидаги таҳрирдаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг хизмат кўрсатувчи ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Транспорт бўлимининг тегишли хизмат кўрсатувчи ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади»;
в) тўртинчи хатбоши бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 7 январь,
6-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining budjetdan tashqari jamgʻarmasini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik subyektlari bilan samarali muloqot tizimini joriy etish va ularning huquqiy himoyasini yanada kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 27-iyuldagi PF-178-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik subyektlari bilan samarali muloqot tizimini joriy etish va ularning huquqiy himoyasini yanada kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 27-iyuldagi PF-178-son Farmonining 11-bandiga muvofiq Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining budjetdan tashqari jamgʻarmasini tashkil qilish, uning mablagʻlarini shakllantirish va foydalanish tartibini nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjat loyihasini ishlab chiqish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining budjetdan tashqari jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tashkil etilsin.
Belgilansinki, Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish, oʻquv kurslarida oʻqitish, shuningdek, devon faoliyatini samarali tashkil etish va rivojlantirishga yoʻnaltirilgan boshqa tadbirlarni moliyalashtirish maqsadida tashkil etiladi.
3. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari etib belgilansin:
Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga muvofiq Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil va uning devoni xodimlari tomonidan qoʻllanilgan jarimalar summasi hamda rasmiylashtirilgan maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi bayonnomalar asosida sudlar tomonidan qoʻllanilgan jarima summasining 100 foiz miqdori;
texnik koʻmaklashish mablagʻlari, xalqaro tashkilotlar, xorijiy hukumat va nohukumat tashkilotlarning grantlari;
jismoniy va yuridik shaxslar, jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining homiylik xayriyalari (metsenatlik koʻmagi);
Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh mablagʻlarini tijorat banklaridagi depozitlarga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
4. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining budjetdan tashqari jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Jamgʻarmaning mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish yoʻnalishlari;
Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlari smetasini tuzish hamda roʻyxatdan oʻtkazish tartibi;
Jamgʻarmani boshqarish kengashini tashkil etish, kengash tarkibi va uning vazifalari, kengash majlislarini oʻtkazish tartibi;
Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishni hisobga olish va nazorat qilish, uning daromad va xarajatlar smetasi ijrosini koʻrib chiqish va tasdiqlash tartibi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri oʻrinbosari J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 7-yanvardagi 6-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining budjetdan tashqari jamgʻarmasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining budjetdan tashqari jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining (keyingi oʻrinlarda — Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devoni) moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish, oʻquv kurslarida oʻqitish, shuningdek, devon faoliyatini samarali tashkil etish va rivojlantirishga yoʻnaltirilgan boshqa tadbirlarni moliyalashtirish maqsadida tashkil etiladi.
3. Jamgʻarma mablagʻlarining shakllantirilishi va sarflanishining hisobi milliy va chet el valyutasida amalga oshiriladi.
2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish tartibi
4. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalar hisobidan shakllantiriladi:
Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga muvofiq Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil va uning devoni xodimlari tomonidan qoʻllanilgan jarimalar summasi hamda rasmiylashtirilgan maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi bayonnomalar asosida sudlar tomonidan qoʻllanilgan jarimalar summasining 100 foiz miqdori;
texnik koʻmaklashish mablagʻlari, xalqaro tashkilotlar, xorijiy hukumat va nohukumat tashkilotlarining grantlari;
jismoniy va yuridik shaxslar, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining homiylik xayriyalari (metsenatlik koʻmagi);
Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh mablagʻlarini tijorat banklaridagi depozitlarga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5. Jamgʻarmaga tushadigan mablagʻlar Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devoni tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochiladigan milliy va chet el valyutasidagi shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida jamlanadi.
3-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish tartibi
6. Jamgʻarma mablagʻlaridan quyidagi maqsadlarda foydalaniladi:
a) Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil va uning devoniga yuklangan vazifalarni samarali tashkil etish;
b) Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining maʼmuriy bino va boshqa infratuzilma obyektlarida qurilish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash ishlarini (loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish xarajatlarini inobatga olgan holda) amalga oshirish, ularning moddiy-texnik holatini yaxshilash, shu jumladan, zarur zamonaviy uskunalar, mebel, inventarlar bilan jihozlash, kuzatuv, nazorat va identifikatsiya tizimlari, vositalari va qurilmalari bilan taʼminlash hamda boshqa tovar-moddiy qimmatliklarni xarid qilish;
v) axborot-kommunikatsiya, multimedia va tarmoq qurilmalari, texnika vositalari hamda dasturiy taʼminotlarni xarid qilish, zamonaviy texnologiyalarni joriy etish va saqlash, maʼlumotlar bazasini shakllantirish;
g) Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devoni rahbariyati va xodimlarining faoliyat yoʻnalishi boʻyicha malakasini oshirish, shuningdek, ularni xorijiy davlat tashkilotlari, taʼlim muassasalari hamda boshqa tashkilotlarga tajriba almashish, hamkorlik oʻrnatish maqsadlarida xorijiy xizmat safarlariga yuborish;
d) tashabbuskorligi va oʻz xizmat vazifalarini vijdonan bajarganligi hamda mehnat faoliyatidagi yuksak natijalari uchun lavozim maoshining 200 foizigacha boʻlgan miqdorda har oylik shaxsiy ustamalar belgilash;
e) har yili Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devoni xodimi faoliyatini yakka tartibda baholash asosida ikki oylik mehnatga haq toʻlash fondi miqdorida mukofotlash;
j) Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplanmagan qismida bayram kunlari munosabati bilan mukofot pullari berish;
z) uzoq yillik va benuqson xizmati (mehnati) uchun, shuningdek, pensiyaga chiqishi munosabati bilan ikki oylik mehnatga haq toʻlash fondi miqdorigacha boʻlgan hajmda bir martalik mukofotlash;
i) Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devoni xodimlarini alohida ehtiyoj yuzaga kelgan hollarda (baxtsiz hodisa, toʻy va boshqa tadbirlar, uzoq davom etgan kasallik bilan bogʻliq maxsus davolanish va salomatlikni tiklash, shuningdek, oiladagi ogʻir moddiy ahvol, boshqa holatlar) moddiy yordam berishni nazarda tutgan holda ijtimoiy himoya qilish;
k) respublikaga kelgan va xorijdagi oliy darajadagi mehmonlarga sovgʻa qilish uchun mahalliy va chet elda ishlab chiqarilgan suvenirlarni sotib olish;
l) Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devoni faoliyatini rivojlantirishga yoʻnaltirilgan qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa tadbirlar.
7. Jamgʻarmadan mablagʻ ajratishga oid murojaatlar ushbu xarajatlarni asoslovchi tegishli hujjatlar bilan birga taqdim etiladi.
Hujjatlarning asoslanganligi va sifati, keltirilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi yuzasidan murojaat etuvchi javobgardir.
8. Jamgʻarma mablagʻlaridan uning tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasi asosida foydalaniladi.
Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlari smetasi budjetdan tashqari mablagʻlar boʻyicha qonunchilikda belgilangan tartibda tuziladi, Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil tomonidan tasdiqlanadi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligida roʻyxatdan oʻtkaziladi.
9. Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasiga yil davomida belgilangan tartibda Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil tomonidan Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda oʻzgartirishlar kiritilishi mumkin.
Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladigan xarajatlar ularning tasdiqlangan hajmlariga, ushbu xarajatlar oʻrnini qoplash manbalari mavjud boʻlgan taqdirda koʻpaytiriladi.
4-bob. Jamgʻarmani boshqarish
10. Jamgʻarma faoliyatini boshqarish va uning mablagʻlarini taqsimlash uchun Jamgʻarmani boshqarish kengashi (keyingi oʻrinlarda — Kengash) tashkil etiladi.
11. Kengash:
hisobot yili yakuni boʻyicha Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari toʻgʻrisidagi hisobotlarni koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi;
Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanishni nazorat qiladi.
12. Kengash, qoida tariqasida, Kengash raisi, uning oʻrinbosari, Kengash kotibi, Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining 2 — 4 nafar masʼul xodimlaridan iborat tarkibda shakllantiriladi. Kengashning shaxsiy tarkibi, qoida tariqasida, bir yilda bir marta Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil tomonidan tasdiqlanadi.
Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil lavozimiga koʻra Kengash raisi hisoblanadi.
13. Kengash raisi:
Kengash majlisi kun tartibini belgilaydi va chaqiradi;
Kengash qarorlarini tasdiqlaydi va ularning bajarilishini nazorat qiladi;
Kengash aʼzolariga yuklangan vazifalar bajarilishi yuzasidan ularning ishini muvofiqlashtiradi;
Kengashning samarali ishlashini taʼminlash uchun boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.
Kengash tomonidan belgilangan limitlar doirasida xarajatlar dasturi boʻyicha xarajatlar smetalarini tasdiqlash va unga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek, Jamgʻarmaning zaxira mablagʻlaridan foydalanish Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil tomonidan amalga oshiriladi.
14. Kengash aʼzolari:
Kengash majlislarida koʻrib chiqiladigan masalalarni muhokama qilish va hal etishda ishtirok etadi;
Kengash tomonidan koʻrib chiqiladigan masalalar boʻyicha ovoz beradi.
Kengash aʼzolari majlisda shaxsan qatnashadilar. Bunda qatnashishning imkoni boʻlmagan taqdirda, Kengash aʼzosi majlisning kun tartibi boʻyicha oʻz fikrini yozma ravishda taqdim etishga haqlidir.
15. Kengash kotibi:
Kengash majlisiga barcha zarur hujjatlarning oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi;
majlisni oʻtkazish muddatlari va joyini Kengash raisi bilan kelishadi;
kun tartibiga kiritilgan masalalar boʻyicha Kengash majlislarining oʻtkazilishini tashkil etadi;
Kengash aʼzolari va taklif etilgan shaxslarni majlisning sanasi, vaqti, joyi va kun tartibi loyihasidan xabardor qiladi;
Kengash qarorlarining bajarilishi monitoringini yuritadi;
Kengash bayonnomalarini rasmiylashtiradi va tasdiqlangan bayonnomalarni Kengash aʼzolariga hamda boshqa manfaatdor tashkilotlarga yuboradi.
Kengash kotibi kengash aʼzosi hisoblanadi.
16. Kengash majlislari zaruratga qarab, biroq har chorakda kamida bir marotaba oʻtkaziladi.
17. Kengash majlisini Kengash raisi, u boʻlmagan taqdirda esa Kengash raisi oʻrinbosari boshqaradi.
18. Kengash majlisi unda Kengash aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi qatnashganda, oʻtkazilgan hisoblanadi.
19. Kengash majlisini oʻtkazish uchun kvorum yoki rais va uning oʻrinbosari boʻlmaganda, Kengash majlisini oʻtkazishning yangi sanasi eʼlon qilinadi.
20. Kengash qarori Kengashning majlisida qatnashgan aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, Kengash raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlarining yillik moliyaviy rejasini, shuningdek, mablagʻlardan foydalanilishini tasdiqlash masalalari boʻyicha qarorlar Kengash majlisida qatnashgan aʼzolarning uchdan ikki qismi ovozi bilan qabul qilinadi.
Kengash qarorlari majlis bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi. Kengash majlisining bayonnomasi Kengash raisi tomonidan tasdiqlanadi hamda Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil buyrugʻi asosida amalga oshiriladi.
21. Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakilning Moliya shuʼbasi Jamgʻarmaning ishchi organi hisoblanadi.
22. Ishchi organ:
Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlarining yillik moliyaviy rejasini ishlab chiqadi;
daromadlar va xarajatlar smetalarini tayyorlaydi, shuningdek, ularga qonunchilikda belgilangan tartibda oʻzgartirishlar kiritish yuzasidan Tadbirkorlarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakilga takliflar kiritadi;
Jamgʻarma tushumlarini koʻpaytirish va uning mablagʻlaridan samarali foydalanish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;
Jamgʻarmadan mablagʻ ajratishga oid murojaatlarni umumlashtirish va Kengashga koʻrib chiqish uchun materiallar tayyorlaydi;
Jamgʻarmaning tushumlar manbalari boʻyicha daromadlar hamda asosiy xarajatlar yoʻnalishlari boʻyicha hisobini yuritadi;
har chorak yakuni boʻyicha Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanilishi toʻgʻrisida hisobot tayyorlaydi, Kengashga koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun taqdim etadi;
belgilangan tartibda Jamgʻarmaga mablagʻlar tushishi va ulardan maqsadli foydalanilishi toʻgʻrisida Iqtisodiyot va moliya vazirligiga hisobot taqdim etadi.
23. Jamgʻarma mablagʻlarining hisob va hisobotini yuritish hamda joriy xizmat koʻrsatish ishlari Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining Moliya shuʼbasi tomonidan amalga oshiriladi.
5-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishni hisobga olish va nazorat qilish
24. Jamgʻarmaning daromad va xarajatlar smetasining ijrosi toʻgʻrisidagi yillik hisobot Kengash tomonidan koʻrib chiqiladi hamda har yili 15-martgacha Kengash tomonidan tasdiqlanadi.
25. Jamgʻarmaning hisobot yilida foydalanilmagan mablagʻlari olib qoʻyilmaydi, keyinchalik ushbu Nizomda nazarda tutilgan tartibda foydalanish uchun milliy va chet el valyutasida jamgʻarib boriladigan gʻaznachilik shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida qoladi.
26. Jamgʻarma mablagʻlaridan oqilona va maqsadli foydalanish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda nazorat qilinadi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
27. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 7-yanvardagi 6-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil instituti faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 4-avgustdagi 587-son qarorida :
a) 3-bandning uchinchi xatboshisi chiqarib tashlansin;
b) 11-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 14-iyuldagi 584-son qarorining 3-bandida :
a) uchinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining texnik xodimlariga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasining tegishli xizmatchi xodimlari, shu jumladan, operatorlarga mutaxassis lavozimi uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish shartlari tatbiq etiladi”;
b) quyidagi tahrirdagi toʻrtinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil devonining xizmat koʻrsatuvchi xodimlariga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi Transport boʻlimining tegishli xizmat koʻrsatuvchi xodimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish shartlari tatbiq etiladi”;
v) toʻrtinchi xatboshi beshinchi xatboshi deb hisoblansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 7-yanvar,
6-son