UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 6-dekabr · Prezident qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 6 декабрь · Президент қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 декабря 2022 г. · Постановления Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 December 2022 · Presidential resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг

буйруғи

НАМУНАВИЙ ТАЛАБЛАР

Давлат фуқаролик хизматчиси билан тузиладиган меҳнат шартномасига доир намунавий талабларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунининг 30-моддасига мувофиқ буюраман:

1. Давлат фуқаролик хизматчиси билан тузиладиган меҳнат шартномасига доир намунавий талаблар иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.

3. Мазкур буйруқ 2023 йил 30 апрелдан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг 2022 йил 6 декабрдаги 3-2022-сон буйруғига ИЛОВА

Давлат фуқаролик хизматчиси билан тузиладиган меҳнат шартномасига доир

Мазкур Намунавий талаблар иш берувчи ҳамда давлат фуқаролик хизматчиси (бундан буён матнда Томонлар деб юритилади) ўртасида тузиладиган меҳнат шартномасига доир талабларни белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Давлат фуқаролик хизматига кираётган шахс билан меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилиги асосида ёзма шаклда тузилади.

2. Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи давлат фуқаролик хизматчилари билан меҳнат шартномаси тузилмайди.

3. Меҳнат шартномасида давлат фуқаролик хизматини ўташнинг асослари ва шартлари, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги, давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар, шунингдек уни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишга тааллуқли қоидалар кўрсатилади.

4. Меҳнат шартномаси номуайян муддатга ва уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга (муддатли меҳнат шартномаси) тузилади.

5. Қуйидагилар меҳнат шартномаси Томонлари ҳисобланади:

иш берувчи — Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари;

ходим — давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаётган шахс.

2-боб. Меҳнат шартномасининг зарур шартлари

6. Қуйидагилар меҳнат шартномасининг зарур шартлари ҳисобланади:

хизматни ўташ жойи — давлат фуқаролик хизматчиси шартномада шарт қилиб кўрсатилган меҳнат вазифасига кўра давлат фуқаролик хизматини ўтаётган жой;

ишнинг бошланиш санаси — давлат фуқаролик хизматчиси меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажаришга киришиши керак бўлган календарь сана;

эгалланаётган давлат фуқаролик хизмати лавозимининг тўлиқ номи;

меҳнат вазифаси — муайян касб, мутахассислик, малака ёхуд лавозим бўйича иш, шунингдек давлат фуқаролик хизматчисига топшириладиган ишнинг аниқ тури;

давлат фуқаролик хизматини ўташнинг асослари;

давлат фуқаролик хизматчиси томонидан давлат фуқаролик хизматини ўташнинг ўзига хос хусусиятлари;

давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар;

иш вақти ва дам олиш вақти режими, агар мазкур давлат фуқаролик хизматчиси учун ушбу режим мазкур иш берувчида меҳнат фаолиятини амалга оширадиган ходимлар учун назарда тутилган иш вақтининг ва дам олиш вақтининг умумий режимидан фарқ қиладиган бўлса;

давлат фуқаролик хизматчисининг лавозим йўриқномаси;

давлат фуқаролик хизматчисининг фаолият самарадорлигини баҳолаш;

давлат фуқаролик хизматида лавозим бўйича кўтарилиш;

давлат фуқаролик хизматчисини бошқа давлат фуқаролик хизмати лавозимига ўтказиш, шу жумладан ротация тартибида ўтказиш ва хизмат сафарлари;

давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини узлуксиз равишда ошириш;

меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари;

давлат фуқаролик хизматчисининг интизомий жавобгарлиги;

давлат фуқаролик хизматчисини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш;

давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини тугатиш асослари;

давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ низоларни ҳал этиш;

Томонларнинг юридик манзиллари ва реквизитлари;

давлат фуқаролик хизматчиси билан муддатли меҳнат шартномаси тузилган тақдирда меҳнат шартномасининг муддати, шунингдек муддатли шартномани тузиш учун асослар;

хизматни ўташ жойидаги меҳнат шароитларининг хусусиятлари кўрсатилган ҳолда нормал шароитлардан фарқ қиладиган шароитлардаги иш учун кафолатлар ва компенсациялар, агар давлат фуқаролик хизматчиси мазкур ишга қабул қилинаётган бўлса.

3-боб. Меҳнат шартномасининг қўшимча шартлари

7. Томонларнинг келишувига кўра меҳнат шартномасида қуйидаги қўшимча шартлар назарда тутилиши мумкин:

хизматни ўташ жойини аниқлаштириш (таркибий бўлинма ва унинг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда) ва (ёки) хизматни ўташ жойи тўғрисида;

давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш чоғидаги дастлабки синов ҳақида;

давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор қилмаслик ҳақида;

агар ўқитиш иш берувчининг маблағлари ҳисобидан олиб борилган бўлса, давлат фуқаролик хизматчисининг ўқишдан кейин шартномада белгиланган муддатдан кам бўлмаган муддатни ишлаб бериш мажбурияти тўғрисида;

давлат фуқаролик хизматчисини қўшимча суғурта қилиш турлари ва шартлари ҳақида;

давлат фуқаролик хизматчисини ва унинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш тўғрисида;

давлат фуқаролик хизматчисининг иш шароитларига нисбатан қўлланиладиган унинг ва иш берувчининг давлат фуқаролик хизмати ва меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини аниқлаштириш ҳақида;

доимий ёки вақтинча асосда масофадан туриб ишлаш, мослашувчан иш вақти режимида, вақтбай ёки ишбай тизимда ишлаш;

охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда уч ойдан ошмайдиган ва иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар берилиши.

4-боб. Меҳнат шартномасини расмийлаштириш

8. Меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада ёзма (қоғозда ёки электрон) шаклда тузилади.

Ёзма меҳнат шартномаси Тарафлар томонидан имзоланади.

Электрон шаклдаги меҳнат шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда «hrm.argos.uz» электрон платформаси орқали «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат мажмуида расмийлаштирилади.

Ёзма меҳнат шартномасининг ҳар бир нусхаси давлат фуқаролик хизматига кирувчи шахснинг ва давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари қўйилган ҳолда ташкилот муҳри билан тасдиқланади.

9. Меҳнат шартномасининг бир нусхаси давлат фуқаролик хизматчисига берилади, бошқаси (бошқалари) иш берувчида сақланади.

Бунда, меҳнат шартномасининг нусхаси давлат фуқаролик хизматчисига унинг олганлиги тўғрисидаги имзосини қўйдирган ҳолда тақдим этилади.

10. Меҳнат шартномаси давлат тилида тузилади.

11. Давлат фуқаролик хизматига кирувчи шахс билан тузилган меҳнат шартномаси давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқариш учун асос ҳисобланади.

5-боб. Меҳнат шартномаси шартларининг ҳақиқий эмаслиги

12. Меҳнат шартномасининг мазмунига:

давлат фуқаролик хизматчисининг ҳолатини давлат фуқаролик хизмати ва меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка нисбатан ёмонлаштирадиган;

меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузадиган;

мажбурий меҳнатни тақиқлаш ҳақидаги талабларни бузадиган;

давлат фуқаролик хизматчисини қонунга хилоф ҳаракатларни ёки ҳам давлат фуқаролик хизматчисининг, ҳам бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузадиган, ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган, шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган ҳаракатларни амалга оширишга мажбурлайдиган шартлар киритилмаслиги керак, агар улар киритилган бўлса, ҳақиқий бўлмайди.

13. Меҳнат шартномаси айрим шартларининг ҳақиқий эмаслиги меҳнат шартномасининг умуман ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлмайди.

Директорнинг биринчи ўринбосари А. ХАСАНОВ

Касаба уюшмалари Федерацияси раиси К. РАФИКОВ

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. ХУСАНОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 6 декабрь,

2022 йил 29 ноябрь

2022 йил 6 декабрь

3-2022-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2023 й., 10/23/3413/0023-сон; 14.04.2025 й., 10/25/3413-1/0337-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi davlat xizmatini rivojlantirish agentligi direktorining

buyrugʻi

NAMUNAVIY TALABLAR

Davlat fuqarolik xizmatchisi bilan tuziladigan mehnat shartnomasiga doir namunaviy talablarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat fuqarolik xizmati toʻgʻrisida”gi Qonunining 30-moddasiga muvofiq buyuraman:

1. Davlat fuqarolik xizmatchisi bilan tuziladigan mehnat shartnomasiga doir namunaviy talablar ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi hamda Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi Kengashi bilan kelishilgan.

3. Mazkur buyruq 2023-yil 30-apreldan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi direktorining 2022-yil 6-dekabrdagi 3-2022-son buyrugʻiga ILOVA

Davlat fuqarolik xizmatchisi bilan tuziladigan mehnat shartnomasiga doir

Mazkur Namunaviy talablar ish beruvchi hamda davlat fuqarolik xizmatchisi (bundan buyon matnda Tomonlar deb yuritiladi) oʻrtasida tuziladigan mehnat shartnomasiga doir talablarni belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Davlat fuqarolik xizmatiga kirayotgan shaxs bilan mehnat shartnomasi mehnat qonunchiligi asosida yozma shaklda tuziladi.

2. Davlat fuqarolik xizmati lavozimlarining siyosiy guruhiga kiruvchi davlat fuqarolik xizmatchilari bilan mehnat shartnomasi tuzilmaydi.

3. Mehnat shartnomasida davlat fuqarolik xizmatini oʻtashning asoslari va shartlari, davlat fuqarolik xizmatchisining huquqlari, majburiyatlari hamda javobgarligi, davlat fuqarolik xizmatini oʻtash bilan bogʻliq cheklovlar, shuningdek uni huquqiy va ijtimoiy jihatdan himoya qilishga taalluqli qoidalar koʻrsatiladi.

4. Mehnat shartnomasi nomuayyan muddatga va uch yildan koʻp boʻlmagan muayyan muddatga (muddatli mehnat shartnomasi) tuziladi.

5. Quyidagilar mehnat shartnomasi Tomonlari hisoblanadi:

ish beruvchi — Davlat fuqarolik xizmati tatbiq qilinadigan davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari;

xodim — davlat fuqarolik xizmati lavozimini egallayotgan shaxs.

2-bob. Mehnat shartnomasining zarur shartlari

6. Quyidagilar mehnat shartnomasining zarur shartlari hisoblanadi:

xizmatni oʻtash joyi — davlat fuqarolik xizmatchisi shartnomada shart qilib koʻrsatilgan mehnat vazifasiga koʻra davlat fuqarolik xizmatini oʻtayotgan joy;

ishning boshlanish sanasi — davlat fuqarolik xizmatchisi mehnat shartnomasida shart qilib koʻrsatilgan ishni bajarishga kirishishi kerak boʻlgan kalendar sana;

egallanayotgan davlat fuqarolik xizmati lavozimining toʻliq nomi;

mehnat vazifasi — muayyan kasb, mutaxassislik, malaka yoxud lavozim boʻyicha ish, shuningdek davlat fuqarolik xizmatchisiga topshiriladigan ishning aniq turi;

davlat fuqarolik xizmatini oʻtashning asoslari;

davlat fuqarolik xizmatchisi tomonidan davlat fuqarolik xizmatini oʻtashning oʻziga xos xususiyatlari;

davlat fuqarolik xizmatini oʻtash bilan bogʻliq cheklovlar;

ish vaqti va dam olish vaqti rejimi, agar mazkur davlat fuqarolik xizmatchisi uchun ushbu rejim mazkur ish beruvchida mehnat faoliyatini amalga oshiradigan xodimlar uchun nazarda tutilgan ish vaqtining va dam olish vaqtining umumiy rejimidan farq qiladigan boʻlsa;

davlat fuqarolik xizmatchisining lavozim yoʻriqnomasi;

davlat fuqarolik xizmatchisining faoliyat samaradorligini baholash;

davlat fuqarolik xizmatida lavozim boʻyicha koʻtarilish;

davlat fuqarolik xizmatchisini boshqa davlat fuqarolik xizmati lavozimiga oʻtkazish, shu jumladan rotatsiya tartibida oʻtkazish va xizmat safarlari;

davlat fuqarolik xizmatchisining kasbiy kompetensiyasini uzluksiz ravishda oshirish;

mehnatga haq toʻlash shartlari;

davlat fuqarolik xizmatchisining intizomiy javobgarligi;

davlat fuqarolik xizmatchisini huquqiy jihatdan himoya qilish;

davlat fuqarolik xizmatchisi faoliyatini tugatish asoslari;

davlat fuqarolik xizmatini oʻtash bilan bogʻliq nizolarni hal etish;

Tomonlarning yuridik manzillari va rekvizitlari;

davlat fuqarolik xizmatchisi bilan muddatli mehnat shartnomasi tuzilgan taqdirda mehnat shartnomasining muddati, shuningdek muddatli shartnomani tuzish uchun asoslar;

xizmatni oʻtash joyidagi mehnat sharoitlarining xususiyatlari koʻrsatilgan holda normal sharoitlardan farq qiladigan sharoitlardagi ish uchun kafolatlar va kompensatsiyalar, agar davlat fuqarolik xizmatchisi mazkur ishga qabul qilinayotgan boʻlsa.

3-bob. Mehnat shartnomasining qoʻshimcha shartlari

7. Tomonlarning kelishuviga koʻra mehnat shartnomasida quyidagi qoʻshimcha shartlar nazarda tutilishi mumkin:

xizmatni oʻtash joyini aniqlashtirish (tarkibiy boʻlinma va uning joylashgan yeri koʻrsatilgan holda) va (yoki) xizmatni oʻtash joyi toʻgʻrisida;

davlat fuqarolik xizmatiga qabul qilish chogʻidagi dastlabki sinov haqida;

davlat sirlarini va qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni oshkor qilmaslik haqida;

agar oʻqitish ish beruvchining mablagʻlari hisobidan olib borilgan boʻlsa, davlat fuqarolik xizmatchisining oʻqishdan keyin shartnomada belgilangan muddatdan kam boʻlmagan muddatni ishlab berish majburiyati toʻgʻrisida;

davlat fuqarolik xizmatchisini qoʻshimcha sugʻurta qilish turlari va shartlari haqida;

davlat fuqarolik xizmatchisini va uning oila aʼzolarini ijtimoiy jihatdan himoya qilish toʻgʻrisida;

davlat fuqarolik xizmatchisining ish sharoitlariga nisbatan qoʻllaniladigan uning va ish beruvchining davlat fuqarolik xizmati va mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilikda belgilangan huquqlari va majburiyatlarini aniqlashtirish haqida;

doimiy yoki vaqtincha asosda masofadan turib ishlash, moslashuvchan ish vaqti rejimida, vaqtbay yoki ishbay tizimda ishlash;

oxirgi taʼtil berilgan kundan eʼtiboran kalendar yil davomida uzluksiz yoki jamlangan holda uch oydan oshmaydigan va ish haqi saqlanmaydigan taʼtillar berilishi.

4-bob. Mehnat shartnomasini rasmiylashtirish

8. Mehnat shartnomasi bir xil kuchga ega boʻlgan kamida ikki nusxada yozma (qogʻozda yoki elektron) shaklda tuziladi.

Yozma mehnat shartnomasi Taraflar tomonidan imzolanadi.

Elektron shakldagi mehnat shartnomasi qonunchilikda belgilangan tartibda “hrm.argos.uz” elektron platformasi orqali “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat majmuida rasmiylashtiriladi.

Yozma mehnat shartnomasining har bir nusxasi davlat fuqarolik xizmatiga kiruvchi shaxsning va davlat fuqarolik xizmatiga qabul qilish huquqiga ega boʻlgan mansabdor shaxsning imzolari qoʻyilgan holda tashkilot muhri bilan tasdiqlanadi.

9. Mehnat shartnomasining bir nusxasi davlat fuqarolik xizmatchisiga beriladi, boshqasi (boshqalari) ish beruvchida saqlanadi.

Bunda, mehnat shartnomasining nusxasi davlat fuqarolik xizmatchisiga uning olganligi toʻgʻrisidagi imzosini qoʻydirgan holda taqdim etiladi.

10. Mehnat shartnomasi davlat tilida tuziladi.

11. Davlat fuqarolik xizmatiga kiruvchi shaxs bilan tuzilgan mehnat shartnomasi davlat fuqarolik xizmati lavozimiga tayinlash toʻgʻrisida buyruq chiqarish uchun asos hisoblanadi.

5-bob. Mehnat shartnomasi shartlarining haqiqiy emasligi

12. Mehnat shartnomasining mazmuniga:

davlat fuqarolik xizmatchisining holatini davlat fuqarolik xizmati va mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilikka nisbatan yomonlashtiradigan;

mehnat va mashgʻulotlar sohasida kamsitishni taqiqlash toʻgʻrisidagi talablarni buzadigan;

majburiy mehnatni taqiqlash haqidagi talablarni buzadigan;

davlat fuqarolik xizmatchisini qonunga xilof harakatlarni yoki ham davlat fuqarolik xizmatchisining, ham boshqa shaxslarning huquqlarini buzadigan, hayoti va sogʻligʻiga tahdid soladigan, shaʼniga, qadr-qimmatiga yoki ishchanlik obroʻsiga putur yetkazadigan harakatlarni amalga oshirishga majburlaydigan shartlar kiritilmasligi kerak, agar ular kiritilgan boʻlsa, haqiqiy boʻlmaydi.

13. Mehnat shartnomasi ayrim shartlarining haqiqiy emasligi mehnat shartnomasining umuman haqiqiy emasligiga sabab boʻlmaydi.

Direktorning birinchi oʻrinbosari A. XASANOV

Kasaba uyushmalari Federatsiyasi raisi K. RAFIKOV

Bandlik va mehnat munosabatlari vaziri N. XUSANOV

Toshkent sh.,

2022-yil 6-dekabr,

2022-yil 29-noyabr

2022-yil 6-dekabr

3-2022-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 13.01.2023-y., 10/23/3413/0023-son; 14.04.2025-y., 10/25/3413-1/0337-son)

lex.uz