UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 14-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 14 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 14 января 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 14 January 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш тизимини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Инвестиция дастурларини шакллантириш, уларни мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига кескин ва ижобий таъсир кўрсатадиган лойиҳалар билан тўлдиришни таъминлаш, лойиҳаларни амалга оширишда ҳамда улар ишга туширилгандан сўнг инвестициядан кейинги мониторинг тизимини жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 14 майдаги ПФ-5717-сон Фармонига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришнинг тасдиқланган концепциялари ва дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида унинг асосий кўрсаткичларини ҳар йили аниқлаштириб ва янгилаб борган ҳолда уч йиллик даврга шакллантирилиши;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Инвестиция дастурини, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ва бошқа марказлаштирилмаган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатини шакллантириш, шунингдек, Инвестиция дастурининг амалга оширилишини умумий мониторинг ва назорат қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

инвестиция лойиҳалари рўйхатини халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва бошқа марказлаштирилмаган манбалар ҳисобидан шакллантириш;

Инвестиция дастури лойиҳасини шакллантириш ва тасдиқлаш;

Инвестиция дастурининг амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш, инвестиция дастурининг ахборот таъминоти, инвестициядан кейинги мониторингини амалга ошириш тартиби.

3. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йил 1 январдан бошлаб Инвестиция дастурини «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мониторинг қилиш тартибига тўлиқ ўтсин.

Бунда ахборот тизимида инвестиция лойиҳаси амалга оширилгандан сўнг мониторинг қилишни назарда тутувчи функционал имкониятлар яратилиши кўзда тутилсин.

4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Миллий статистика қўмитаси ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси билан биргаликда инвестиция дастурлари доирасида ишга туширилган корхоналарда ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланишга эришиш мақсадида ҳар чоракда инвестиция дастурлари доирасида яратилган ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.

5. Рақамли технологиялар вазирлиги, Божхона қўмитаси, Марказий банк, тижорат банклари ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишлилиги бўйича ўз тизимларини уч ой муддатда «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизимига зарур бўлган маълумотларни интеграция қилишни таъминласин.

6. Белгилаб қўйилсинки, 2023 йилдан бошлаб келгуси йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури лойиҳасини шакллантириш «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

7. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бир ой муддатда мазкур қарорга илова билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом талабларидан келиб чиқиб, ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш тартибини янада такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 январдаги 16-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини (кейинги ўринларда — Инвестиция дастури) шакллантириш ва амалга ошириш тартибини ҳамда унинг мазмунига қўйиладиган талабларни белгилайди.

2. Инвестиция дастури тармоқ ва ҳудудий ривожланиш концепциялари базасида шакллантирилган, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳамда мавжуд табиий, минерал хом ашё, молиявий, моддий, меҳнат ресурслари ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида мамлакат иқтисодиётини барқарор ва жадал ривожлантиришга эришиш, республика иқтисодиётининг алоҳида тармоқларини тузилмавий ўзгартириш бўйича асосий устувор йўналишлар ва вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган ўзаро боғланган комплекс чора-тадбирлардан иборат.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ахборот тизими — «инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш»нинг автоматлаштирилган ахборот тизими;

бизнес-режа — инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун мақсадли кўрсаткичларга эришиш йўлларини ва муаммоларини таҳлил қилиш асосида ечимларни белгилаш ва фойда кўришга қаратилган тизимли фаолият режаси;

инвестиция лойиҳаси — иқтисодий, ижтимоий ва бошқа фойда олиш учун инвестицияларни амалга оширишга ёки жалб этишга қаратилган, ўзаро боғлиқ бўлган тадбирлар мажмуи;

Инвестиция дастурини молиялаштириш манбалари — марказлаштирилмаган манбалар ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (кейинги ўринларда — ХМИ/ХҲМТ), Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари;

инвестициядан кейинги мониторинг — инвестиция лойиҳаси амалга оширилгандан бошлаб инвестициядан кейинги даврда лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилган мақсадли кўрсаткичларга эришишни кузатиш жараёни;

инвестициядан кейинги босқич — ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилган пайтдан бошлаб объектнинг беш йиллик фаолиятига қадар бўлган давр;

инфратузилма лойиҳаси — паст рентабелли ёки рентабелсиз ижтимоий, йўл-транспорт, сув хўжалиги ва муҳандислик-коммуникация объектларини қуриш, модернизациялаш, реконструкция қилиш ҳамда кенгайтиришга қаратилган лойиҳа;

лойиҳа — маҳсулот (товар, иш, хизмат)ни яратишга йўналтирилган алоҳида ўзаро боғланган тадбирлар мажмуи. Лойиҳалар мақсадидан келиб чиқиб, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларига бўлинади;

лойиҳа ташаббускорлари — Инвестиция дастури доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга раҳбарлик қилувчи давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари;

лойиҳа-смета ҳужжати — ҳажмий-режали, амалий ва техникавий ечимларни, бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг қурилиши, реконструкцияси ҳамда мукаммал таъмирланиши, шунингдек, ободонлаштириш ишлари қийматини белгиловчи лойиҳа ҳужжати;

лойиҳа ҳужжатлари — лойиҳани молиялаштириш шартларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган лойиҳани амалга оширишнинг якуний, энг оқилона ва самарали техник, ташкилий ва молиявий-иқтисодий ечимларини белгиловчи ишчи лойиҳа;

лойиҳа паспорти — Инвестиция дастурига киритиш учун таклиф этиладиган лойиҳанинг асосий параметрлари тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олувчи ҳужжат;

марказлаштирилмаган манбалар — инвесторнинг шахсий маблағлари, Ўзбекистон Республикасининг кафолатисиз олинган, шу жумладан, чет эл банкларидан олинган банк кредитлари, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари;

паст қувватда ишлаётган корхона — Инвестиция дастури доирасида (молиялаштириш манбаларидан қатъи назар) ишга туширилган ва қуйидаги мезонларга мос келадиган корхона:

мавжуд қувватлардан фойдаланиш белгиланган техник-иқтисодий параметрларга нисбатан кам бўлган (ярим қувватда ишлаётган) ва мос даврга нисбатан кам солиқ тўловларини амалга оширган;

ускуналарнинг ишлаб чиқариш қувватларидан паст даражада фойдаланиладиган (60 фоиз);

ривожланиш концепцияси (стратегияси) — Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ва узоқ муддатли истиқболда саноат тармоқлари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича стратегик вазифаларни ўз ичига олувчи, аниқ тармоқлар ва ҳудудларнинг комплекс, истиқболли ва илмий асосланган ривожланиш режасини ўзида акс эттирувчи ҳамда мавжуд муаммолар босқичма-босқич ва тизимли ҳал этилишини таъминловчи ҳужжат;

техник-иқтисодий асослар ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб — лойиҳанинг умуман энг кўп миқдордаги қийматини ва молиялаштириш эҳтиёжи ҳажмини кўриб чиқилган молиялаштиришнинг дастлабки шартларини ҳисобга олган ҳолда белгилаб берувчи муқобил вариантларни ўрганиш асосида лойиҳани амалга оширишнинг энг самарали техник-технологик ва ташкилий ечимини танлашни асослаб берувчи лойиҳаолди ҳужжатлар;

четланишлар — бу инвестициядан кейинги мониторинг жараёнида аниқланадиган техник-иқтисодий параметрларнинг амалдаги натижаларининг режалаштирилган натижаларга кўра ўзгаришларидир.

4. Қуйидагилар Инвестиция дастурини шакллантиришнинг асосий тамойиллари ҳисобланади:

республикани ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари билан мувозанатлаштириш;

белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳанинг (инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши, техник-иқтисодий ҳисоб-китоби ва бизнес-режалари) мавжуд бўлиши;

лойиҳаларнинг молиявий, минерал хом ашё, табиий, меҳнат ресурслари ва бошқа ресурслар билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш;

ҳар бир лойиҳани амалга оширишда ва улар доирасида ажратиладиган маблағларни ўзлаштиришда камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш;

аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ барча долзарб масалаларни ҳал этиш учун талаб этиладиган маблағлар ҳажмини аниқлаш ва ушбу масалаларни Инвестиция дастури доирасида қамраб олиш;

республикада олиб борилаётган инвестиция сиёсатида кўзда тутилган мамлакат иқтисодиётининг реал секторининг ҳудудларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари билан интеграцияси қилинишини таъминлаш;

ишлаб чиқариш қувватларини комплекс жойлаштиришнинг асосий тамойилларига амал қилиниши, хусусан, ишлаб чиқаришни хом ашё манбалари, ёқилғи, инфратузилма, транспорт-коммуникация ва меҳнат ресурсларига яқинлаштириш, биринчи навбатда ресурсларнинг энг самарали турларини ўзлаштириш ва улардан комплекс фойдаланиш;

лойиҳаларни тармоқлар ва ҳудудларнинг ривожланиш дастурларида белгиланган муддатларга мувофиқ босқичма-босқич амалга ошириш;

аҳоли турмуш даражасининг сифатини оширишга йўналтирилган соғлиқни сақлаш, таълим ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштириш;

минерал хом ашё ресурсларини ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, илғор технологияларни жорий этиш орқали юқори қўшилган қийматга эга, ташқи бозорда рақобатбардош бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш;

тўғридан-тўғри, шу жумладан, чет эл инвестициялари ва кредитларини олиб борилаётган инвестиция сиёсатининг устувор йўналишларига мувофиқ ўзаро манфаатли шартларда жалб этиш;

инвестиция таклифларини тайёрлаш ва ташаббускорлар томонидан киритиладиган лойиҳаларни, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ва истиқболини ҳисобга олган ҳолда танлашнинг таъсирчан ва шаффоф механизмини жорий этиш;

лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириш учун инвесторларни, шу жумладан, чет эллик инвесторларни жалб этиш ҳисобидан мамлакат иқтисодиётига йўналтириладиган инвестициялар ҳажмини ошириш;

транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва такомиллаштириш, шу жумладан, трансконтинентал транспорт коридорларига интеграциялаш, логистика мажмуаларини ва транспорт-логистика «хаб»ларини ташкил этиш;

давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни хусусийлаштириш доирасида йирик лойиҳаларни қамраб олиш ҳамда бўш турган якунланмаган қурилишларни белгиланган тартибда молиялаштириш йўли билан уларнинг ҳажмларини камайтириш.

5. Инвестиция дастурининг барча ҳисоб-китоблари республиканинг уч йиллик даврга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш параметрларининг прогнозлари ҳамда ривожланиш концепцияларига мувофиқ амалга оширилади ҳамда қўшимча равишда куйидаги мезонлар ҳисобга олинади:

тармоқ (ҳудуд)нинг истиқболдаги прогноз кўрсаткичлари ва экспорт салоҳиятининг прогноз кўрсаткичларининг ўсиш суръатлари;

тармоқнинг белгиланган макроиқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичларга таъсирининг ўзгариши ва энг кўп иш ўринларини ташкил этиш имконини берувчи инвестиция лойиҳаларини танлаш ва амалга ошириш;

ўзлаштирилган ва жалб этиладиган инвестицияларнинг самарадорлиги, асосий фондларнинг ҳолати ва қувватлардан фойдаланиш даражаси ва лойиҳаларнинг ижтимоий аҳамияти.

6. Инвестиция дастури тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари ва молиялаштириш манбаларини ҳисобга олган ҳолда, ҳар йили унинг асосий кўрсаткичларига аниқлик киритиш ва янгилаш орқали мазкур Низомга 1-иловада келтирилган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини уч йиллик даврга шакллантириш ва амалга ошириш схемасига мувофиқ шакллантирилади ва амалга оширилади.

Инвестиция дастурини шакллантириш жараёни бир йиллик даврга эга бўлиб, ҳар бир йил якунида тайёрлаш, мувофиқлаштириш ва тузатишлар киритишни таъминлайдиган жадвал асосида амалга оширилади.

7. Инвестиция дастурини амалга оширишнинг биринчи йилига лойиҳа ҳужжатлари ва молиялаштириш манбалари тасдиқланган, янгидан бошланадиган лойиҳалар, шунингдек, олдинги дастурда белгиланган амалга ошириш муддатларини ҳисобга олган ҳолда бир даврдан кейингисига ўтадиган лойиҳалар киритилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Инвестиция дастури амалга оширилаётган биринчи йилда белгиланган кўрсаткичлар бажарилишининг танқидий таҳлилини амалга оширади, шунингдек, мавжуд молиявий ва бошқа ресурслар билан ўзаро боғланган тузатишларни киритиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўради.

Инвестиция дастурини амалга оширишнинг иккинчи йилига қийматига белгиланган тартибда аниқлик киритилган, тендер ёки танлов натижалари бўйича белгиланган амалга ошириш муддатларини ҳисобга олган ҳолда, биринчи йилдан ўтадиган лойиҳалар, шунингдек, лойиҳа ҳужжатлари биринчи йили тайёрланадиган ва тасдиқланадиган янги бошланаётган лойиҳалар киритилади.

Инвестиция дастурини амалга оширишнинг учинчи йилига қийматига белгиланган тартибда аниқлик киритилган, тендер ёки танлов натижалари бўйича белгиланган амалга ошириш муддатларини ҳисобга олган ҳолда, йилдан-йилга ўтадиган лойиҳалар, шунингдек, лойиҳа ҳужжатлари иккинчи йили тайёрланадиган ва тасдиқланадиган янги бошланаётган лойиҳалар киритилади.

8. Инвестиция дастурининг лойиҳаси қуйидаги тартибда шакллантирилади:

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги — ХМИ/ХҲМТ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ва бошқа марказлаштирилмаган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари бўйича ҳар йили 1 апрелга қадар Инвестиция дастурига киритиш учун лойиҳаларни шакллантиришга доир методик тавсияларни ишлаб чиқиб, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва хўжалик бирлашмаларига тақдим этади;

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Инвестиция дастурининг барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан йиғма кўрсаткичларни ҳар йили 1 августга қадар шакллантиради;

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда Инвестиция дастури лойиҳасига киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун чет эллик инвесторларни жалб этишда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига кўмаклашади.

9. Қуйидагилар лойиҳаларни Инвестиция дастурининг манзилли қисмига киритишнинг мажбурий шартлари ҳисобланади:

ХМИ/ХҲМТ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда марказлаштирилмаган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳаолди ёки лойиҳа ҳужжатлари ёки лойиҳа-смета ҳужжатлари мавжудлиги, тўғридан-тўғри, шу жумладан, чет эл инвестициялари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар бундан мустасно;

тасдиқланган молиялаштириш манбалари ва лойиҳанинг умумий қиймати 500 минг доллардан кам бўлмаган миқдорда;

мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилган инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа паспорти;

Инвестиция дастурига киритиш учун бошқа асослар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари).

10. Қуйидагилар Инвестиция дастурига лойиҳаларни киритиш учун танлаб олишнинг асосий мезонлари ҳисобланади:

лойиҳанинг мақсадга мувофиқлиги ва иқтисодий самарадорлиги;

камбағалликни қисқартириш, иш ўринларини ташкил этиш ва аҳолининг турмуш даражаси сифатини оширишни таъминлашга йўналтирилган ижтимоий манфаатлар;

лойиҳанинг тасдиқланган тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурларининг кутилаётган натижалари билан ўзаро боғлиқлиги;

лойиҳаларнинг бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган давлат мулки объектларида жойлаштирилиши;

ишлаб чиқариш қувватларининг жадал ривожланишини, минерал хом ашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг чуқур қайта ишланишини, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишини таъминлаш ҳамда экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш;

лойиҳанинг энергия самарадорлиги ва уни амалга ошириш натижасида электр энергиясининг тежамкорлигини таъминлаш.

2-боб. Инвестиция лойиҳалари рўйхатини ХМИ/ХҲМТ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва бошқа марказлаштирилмаган манбалар ҳисобидан шакллантириш

11. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳар йили 1 апрелга қадар Инвестиция дастури лойиҳасини шакллантириш мақсадида тегишли шакллар, намуналар ва макетларни ишлаб чиқади ва лойиҳа ташаббускорларига юборади.

12. Инвестиция дастури лойиҳасини шакллантириш мақсадида ҳар йили 1 майга қадар:

лойиҳа ташаббускорлари — вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини инобатга олган ҳолда инвестиция таклифларини (бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги «маҳалла еттилиги»нинг таклифларини олиниши таъминланади);

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхатини;

Давлат активларини бошқариш агентлиги — давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни хусусийлаштириш доирасидаги инвестиция таклифларини Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига тақдим этади.

13. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 20 июнга қадар Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун тақдим этиладиган лойиҳалар бўйича лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ иқтисодий самарадорлиги, устуворлиги ва мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда, инвестиция таклифларини баҳолашни назарда тутувчи инвестиция лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини шакллантиради.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги биринчи навбатда, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини (электр, газ, сув таъминотини, канализация, йўл ва бошқалар) ривожлантириш ва молиявий таҳлилнинг умумқабул қилинган услубидан фойдаланиш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, уларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш натижаларига кўра Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун тақдим этиладиган инвестиция лойиҳаларини танлаб олади.

Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув соҳасида инвестиция лойиҳаси таклифлари маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари томонидан ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда тегишли аҳоли пунктларининг фаоллари билан муҳокама қилиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларида муҳокама қилишга киритилади.

3-боб. Инвестиция дастури лойиҳасини шакллантириш ва тасдиқлаш

14. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:

манфаатдор давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда, ҳар йили 1 августга қадар тақдим этилган таклифларни умумлаштиради ва дастлабки Инвестиция дастурининг лойиҳасини ҳамда инвестиция лойиҳаларнинг манзилли рўйхатларини шакллантиради;

ҳар йили 10 августга қадар Инвестиция дастурининг дастлабки лойиҳасини ҳамда инвестиция лойиҳаларининг рўйхатини Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади.

15. Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили 25 августга қадар Инвестиция дастурининг дастлабки лойиҳасини ҳамда инвестиция лойиҳаларининг рўйхатларини Вазирлар Маҳкамасининг тегишли таркибий бўлинмалари билан кўриб чиқади ва Инвестиция дастури бўйича таклифларни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига тақдим этади.

16. Лойиҳа ташаббускорлари — вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 25 октябрга қадар инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ўз вақтида белгиланган тартибда ишлаб чиқиб, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан келишилишини таъминлайди.

17. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда, ҳар йили 10 ноябрга қадар Инвестиция дастури лойиҳасини, шу жумладан, Инвестиция дастурини муваффақиятли амалга ошириш билан эришиладиган асосий кўрсаткичларини, уларнинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

18. Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили 1 декабрга қадар Инвестиция дастурининг лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.

4-боб. Инвестиция дастурининг тузилмаси

19. Инвестиция дастури тузилмасини қуйидагилар ташкил этади:

биринчи молиявий йилга инвестицияларнинг асосий параметрлари, молиялаштириш манбалари, тармоқлар ва йўналишлар бўйича кейинги икки йил учун прогноз кўрсаткичлар;

ХМИ/ХҲМТ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари, марказлаштирилмаган манбалари ҳисобидан биринчи йилда маблағлари ўзлаштириладиган лойиҳаларнинг манзилли қисми;

иккинчи йилда молиялаштиришни бошлаш ва маблағларни ўзлаштириш учун биринчи йилда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиладиган, мувофиқлаштириладиган ва тасдиқланадиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхати;

иккинчи ва (ёки) учинчи йили молиялаштиришни бошлаш ва маблағларни ўзлаштириш учун дастлабки икки йилда ишлаб чиқилиши керак бўлган истиқболли тармоқ ва ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг рўйхатлари.

Бунда Инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларнинг иккинчи йилдаги ва кейинги йиллардаги кўрсаткичларига биринчи йили тугалланмаган лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда, тармоқларни ривожлантириш бўйича тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ, шу жумладан, бошланмаган лойиҳалар ўрнига янги лойиҳаларни киритиш орқали ҳар йили аниқлик киритилади;

йиғма жадвалларга эга таҳлилий қисм, шу жумладан, Инвестиция дастурини амалга ошириш ҳисобидан эришилиши керак бўлган мақсадли кўрсаткичлар.

5-боб. Инвестиция дастури амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш

20. Инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини мониторинг ва назорат қилиш «инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланишни ташкил этиш регламентига мувофиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тасдиқланадиган комплекс тармоқ жадвали асосида амалга оширилади.

Комплекс тармоқ жадвали регламентда белгиланган тартибда ахборот тизими ёрдамида шакллантирилади, мувофиқлаштирилади ва тасдиқланади.

21. Лойиҳа ташаббускорлари ҳар ойнинг бешинчи кунидан кечиктирмасдан, ахборот тизими орқали Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига Инвестиция дастури доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб боради.

22. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳар ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмасдан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига Инвестиция дастурини амалга ошириш ишларининг бориши ҳақидаги жамланма таҳлилий маълумотни тақдим этиб боради.

23. Лойиҳа ташаббускорлари инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун жавобгар ҳисобланади.

6-боб. Инвестиция дастурининг ахборот таъминоти

24. Инвестиция дастурининг ахборот таъминотини шакллантириш ва юритиш ишлари Инвестиция дастурига киритилган капитал қурилиш объектлари, кўчмас мулк объектлари, инвестиция лойиҳалари ҳамда уларга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳақидаги маълумотларни киритиш йўли билан амалга оширилади.

25. Ахборот таъминотини шакллантириш ва юритишда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар билан ишлаш Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.

26. Ахборот таъминоти ресурсига киритилган, давлат сири ҳисобланмаган маълумотлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

27. Ахборот таъминоти ресурсига киритилган, давлат сирини ташкил қилувчи маълумотларни тақдим этиш ишлари мансабдор шахслари шундай ахборотдан фойдаланиш учун тегишли ваколати бўлган органлар ва ташкилотларнинг сўровлари бўйича амалга оширилади.

7-боб. Инвестициядан кейинги мониторингни амалга ошириш тартиби

28. Инвестиция дастури доирасида ишга туширилган объектларни мониторинг қилиш ишлари «инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишини назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида амалга оширилади.

Ахборот тизимида инвестициядан кейинги мониторингни кўзда тутувчи функционал имкониятлар яратилгунга қадар ишга туширилган объектлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тегишли давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ишчи гуруҳлар ташкил қилган ҳолда жойларга чиқиб, ўрганиш орқали амалга оширилади.

29. Ишчи гуруҳлар ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилганлиги тўғрисидаги далолатномалар асосида ўрганиш олиб боради, ўрганиш натижасида ягона базани ҳамда паст қувватда ишлаётган корхоналар ва четланишлар бўлган мавжуд корхоналар рўйхатини шакллантиради.

30. Ишчи гуруҳлар ишга туширилган корхоналар бўйича ишлаб чиқариш кўрсаткичларини (маълумотларни), статистика органлари маълумотлари ҳамда бошқа турдаги маълумотларни лойиҳаларнинг бизнес режалари, тасдиқланган техник-иқтисодий асослар ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китобда кўзда тутилган кўрсаткичлар билан таққослаб, номувофиқликларни ҳамда объектлардаги муаммоларни аниқлайди.

31. Ишчи гуруҳлар ўрганиш натижасида тайёрланган маълумотларни моҳияти, йўналиши ва тегишлилиги бўйича умумлаштириб, гуруҳларга ажратиб, мавжуд ҳолат ва муаммоларни аниқ ёритган ҳолда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига киритади.

32. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бир ҳафта муддатда келиб тушган маълумотлар жамланмасини тегишли вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда, мавжуд тизимли ва якка ҳолдаги муаммолар бўйича, паст қувватларда ишлаётган корхоналарда ишлаб чиқаришни тўлиқ қувватга етказиш бўйича ечимларни кўзда тутувчи тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалар бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда — Ҳукумат комиссияси) тасдиқлаш учун киритади.

33. Тегишли давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасдиқланган чора-тадбирларнинг ижросини таъминлайди.

34. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг ижроси бўйича тизимли мониторинг олиб боради ва Ҳукумат комиссиясига маълумотларни киритиб боради.

8-боб. Якунловчи қоидалар

35. «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими Инвестиция дастурини амалга ошириш ишларининг бориши, шу жумладан лойиҳалар ташаббускорлари маблағларини, тижорат банклари кредитларини, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати остида олинадиган чет эл кредитларини ўзлаштириш ва молиялаштириш (жалб этиш) бўйича статистика маълумотларининг ахборот базаси ҳисобланади.

36. Давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Инвестиция дастурини амалга ошириш ишларининг бориши ҳақидаги, шу жумладан, ХМИ/ХҲМТ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, лойиҳалар ташаббускорларининг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати остида олинадиган чет эл кредитлари ҳақидаги маълумотларни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан қатъий келишган ҳолда тарқатади.

37. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини уч йиллик даврга шакллантириш ва амалга ошириш

Босқичлар Чора-тадбирлар Муддатлар Масъул вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар I. Инвестиция лойиҳалари рўйхатини ХМИ/ХҲМТ, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хорижий кафолатланмаган кредитлар ҳамда бошқа марказлаштирилмаган манбалар ҳисобидан шакллантириш 1-босқич Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун инвестиция таклифларини тақдим этиш шаклларининг намуналари ва макетларини ишлаб чиқиш ва ташаббускорларга юбориш. Ҳар йили 1 апрелгача Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2-босқич Соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларидаги топшириқларни инобатга олган ҳолда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун инвестиция таклифларини тақдим этиш. Ҳар йили 1 майгача Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириладиган инвестиция таклифларини тақдим этиш. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни хусусийлаштириш доирасидаги инвестиция таклифларини тақдим этиш. Давлат активларини бошқариш агентлиги 3-босқич Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун тақдим этиладиган ва қуйидагиларни назарда тутувчи инвестиция лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини шакллантириш: бошқалар тасарруфига ўтувчи объектлар бўйича харажатларни молиялаштириш, тугалланган объектлар бўйича кредитор қарздорликни қоплаш; янги бошланадиган лойиҳалар, лойиҳа ҳужжатлари ва белгиланган тартибда тасдиқланган молиялаштириш манбалари; марказлаштирилмаган манбалар, ХМИ/ХҲМТ ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳалар бўйича — лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ иқтисодий самарадорлиги, устуворлиги ва мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда инвестиция таклифларини баҳолаш. Биринчи навбатда, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини (электр, газ, сув таъминотини, канализация, йўл ва бошқалар) ривожлантириш ва молиявий таҳлилнинг умумқабул қилинган услубидан фойдаланиш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, уларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш натижаларига кўра Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун тақдим этиладиган инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш. Ҳар йили 20 июнгача Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги II. Уч йиллик инвестиция дастури лойиҳасини шакллантириш ва тасдиқлаш 1-босқич Тақдим этилган таклифларни умумлаштириш ва Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун таклиф қилинган инвестиция лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини шакллантириш. Ҳар йили 1 августгача Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2-босқич Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун Вазирлар Маҳкамасига инвестиция лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини киритиш. Ҳар йили 10 августгача Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 3-босқич Инвестиция дастури лойиҳасига киритиладиган инвестиция лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлинмалари билан келишиш. Ҳар йили 25 августгача Вазирлар Маҳкамаси 4-босқич Лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда ўз вақтида ишлаб чиқиш ва келишишни таъминлаш, шунингдек Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг экспертиза органларига (ижтимоий объектлар бўйича) кейинчалик қуйидагиларга киритиш учун тақдим этиш: ХМИ/ХҲМТ ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хорижий кафолатланмаган кредитлар ҳамда бошқа марказлаштирилмаган манбалар бўйича Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига. Ҳар йили 25 октябргача Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, лойиҳалар ташаббускорлари 5-босқич Инвестиция дастури лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Ҳар йили 10 ноябргача Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 6-босқич Инвестиция дастури лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш. Ҳар йили 1 декабргача Вазирлар Маҳкамаси III. Инвестиция дастури ижроси мониторингини олиб 1-босқич Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича комплекс тармоқ жадвалларини тайёрлаш, келишиш ва тасдиқлаш. Белгиланган муддатда Лойиҳа ташаббускорлари, Вазирлар Маҳкамаси 2-босқич Инвестиция дастурининг ижро ҳолатини «инвестиция лойиҳаларининг амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизимидан (кейинги ўринларда — ахборот тизими) фойдаланган ҳолда мониторинг ва назорат қилиш. Доимий равишда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 3-босқич Инвестиция, саноат ва савдо вазирлигига Инвестиция дастурининг ижро ҳолати бўйича ахборот тизими орқали маълумотлар тақдим қилиш. Ҳар ойнинг 5 кунигача Лойиҳа ташаббускорлари 4-босқич Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига Инвестиция дастурининг ижро ҳолати бўйича ахборот тизими орқали йиғма маълумотларни тақдим қилиш. Ҳар ойнинг 10 кунигача Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

ЛОЙИҲА ПАСПОРТИ

1. Асосий низомлар Лойиҳа номи Ташаббус учун асос Лойиҳанинг тасдиқланган ривожланиш концепциялари ва/ёки дастурлари билан боғлиқлиги (концепция ва/ёки дастурнинг номи ҳамда дастур ва концепция доирасида лойиҳанинг ҳал қилинадиган вазифалари) Лойиҳанинг бошланиш ва якунланиш муддатлари Лойиҳа ташаббускори (ташкилотнинг тўлиқ номи, СТИР, асосий фаолият тури, жойлашган жойи (почта манзили), мулкчилик шакли, ходимлар сони, раҳбарнинг Ф.И.О., боғланиш учун телефон рақами ва факс рақамлари, электрон почта манзили) Лойиҳа ижрочиси ва ҳамижрочиси (ташкилотнинг тўлиқ номи, СТИР, асосий фаолият тури, юридик ва почта манзили, мулкчилик шакли, ходимлар сони, раҳбарнинг Ф.И.О., боғланиш учун телефон рақами ва факс рақамлари, электрон почта манзили) Лойиҳани амалга ошириш ҳудуди Лойиҳанинг умумий қиймати Лойиҳа амалга оширилаётган тармоқ 2. Лойиҳа тавсифи Лойиҳани амалга оширишдан мақсад Маркетинг маълумотлари ишлаб чиқарилиши мўлжалланаётган маҳсулот ва унинг хусусиятлари лойиҳанинг бошқа рақобатдош афзалликлари асосий рақобатчилар импорт ўрнини босувчи ёки экспорт қилиниши мўлжалланаётган маҳсулот ҳажми экспорт майдони 3. Лойиҳанинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари Т/р Кўрсаткичлар номи Ўлчов бирлиги Жами Режалаштирилаётган молиялаштириш манбаи ўз маблағлари жалб қилинаётган маблағлар (манба номи) 1 . Капитал қўйилмалар суммаси, жами: машиналар ва асбоб-ускуналар қурилиш-монтаж ишлари бошқа маблағлар 2 . Корхона қуввати, шу жумладан: йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми, шундан экспорт ҳажми тегишли бирликларда 3 . Яратилаётган иш ўринлари сони, шундан доимий ва мавсумий, вақтинча (қурилиш-монтаж ишлари даврида) Нафар 4 . Лойиҳанинг ҳисобланган ўзини қоплаш муддати Йил 5 . Инвестиция даври муддати Ой 4. Лойиҳа бюджети (йилларда) Т/р Маблағлар манбаи Ўлчов бирлиги Амалга ошириш муддати 20__ 20__ 20__ 20__ 20__ Жами Молиялаштириш манбаи 1 . ХМИ/ХҲМТ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси: 1.1 . …….. 2 . Марказлаштирилмаган манбалар: 2.1 . ……..

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 14 январь,

16-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.01.2023 й., 09/23/16/0030-сон; 14.06.2024 й., 09/24/334/0419-сон; 20.08.2024 й., 09/24/517/0632-сон; 08.08.2025 й., 09/25/504/0707-сон; 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirish tizimini yanada takomillashtirish va samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Investitsiya dasturlarini shakllantirish, ularni mamlakatning ijtimoiy-iqtisodiy holatiga keskin va ijobiy taʼsir koʻrsatadigan loyihalar bilan toʻldirishni taʼminlash, loyihalarni amalga oshirishda hamda ular ishga tushirilgandan soʻng investitsiyadan keyingi monitoring tizimini joriy qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirish va amalga oshirishning sifat jihatidan yangi tizimiga oʻtish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 14-maydagi PF-5717-son Farmoniga muvofiq:

Oʻzbekiston Respublikasining Investitsiya dasturi tarmoqlar va hududlarni rivojlantirishning tasdiqlangan konsepsiyalari va dasturlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti hamda Vazirlar Mahkamasining qarorlari asosida uning asosiy koʻrsatkichlarini har yili aniqlashtirib va yangilab borgan holda uch yillik davrga shakllantirilishi;

Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Investitsiya dasturini, shu jumladan, xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari, Oʻzbekiston Respublikasi Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi, toʻgʻridan-toʻgʻri chet el investitsiyalari va boshqa markazlashtirilmagan manbalar hisobidan moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalarining manzilli roʻyxatini shakllantirish, shuningdek, Investitsiya dasturining amalga oshirilishini umumiy monitoring va nazorat qilish boʻyicha vakolatli organ etib belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

investitsiya loyihalari roʻyxatini xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi va boshqa markazlashtirilmagan manbalar hisobidan shakllantirish;

Investitsiya dasturi loyihasini shakllantirish va tasdiqlash;

Investitsiya dasturining amalga oshirilishini monitoring va nazorat qilish, investitsiya dasturining axborot taʼminoti, investitsiyadan keyingi monitoringini amalga oshirish tartibi.

3. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi 2023-yil 1-yanvardan boshlab Investitsiya dasturini “Investitsiya loyihalarini amalga oshirishni nazorat va monitoring qilish” avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali monitoring qilish tartibiga toʻliq oʻtsin.

Bunda axborot tizimida investitsiya loyihasi amalga oshirilgandan soʻng monitoring qilishni nazarda tutuvchi funksional imkoniyatlar yaratilishi koʻzda tutilsin.

4. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Milliy statistika qoʻmitasi va Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi bilan birgalikda investitsiya dasturlari doirasida ishga tushirilgan korxonalarda ishlab chiqarish quvvatlaridan toʻliq foydalanishga erishish maqsadida har chorakda investitsiya dasturlari doirasida yaratilgan ishlab chiqarish quvvatlari va eksport hajmlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Vazirlar Mahkamasiga kiritib borsin.

5. Raqamli texnologiyalar vazirligi, Bojxona qoʻmitasi, Markaziy bank, tijorat banklari va boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda tegishliligi boʻyicha oʻz tizimlarini uch oy muddatda “Investitsiya loyihalarini amalga oshirishni nazorat va monitoring qilish” avtomatlashtirilgan axborot tizimiga zarur boʻlgan maʼlumotlarni integratsiya qilishni taʼminlasin.

6. Belgilab qoʻyilsinki, 2023-yildan boshlab kelgusi yillarga moʻljallangan Investitsiya dasturi loyihasini shakllantirish “Investitsiya loyihalarini amalga oshirishni nazorat va monitoring qilish” avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali amalga oshiriladi.

7. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi bir oy muddatda mazkur qarorga ilova bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablaridan kelib chiqib, tashqi begʻaraz koʻmak mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan loyihalarni tayyorlash, amalga oshirish va monitoring qilish tartibini yanada takomillashtirish yuzasidan takliflarni ishlab chiqsin va Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-yanvardagi 16-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini (keyingi oʻrinlarda — Investitsiya dasturi) shakllantirish va amalga oshirish tartibini hamda uning mazmuniga qoʻyiladigan talablarni belgilaydi.

2. Investitsiya dasturi tarmoq va hududiy rivojlanish konsepsiyalari bazasida shakllantirilgan, uzoq muddatli istiqbolga moʻljallangan hamda mavjud tabiiy, mineral xom ashyo, moliyaviy, moddiy, mehnat resurslari va boshqa resurslardan oqilona foydalanish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti hamda Vazirlar Mahkamasining hujjatlari asosida mamlakat iqtisodiyotini barqaror va jadal rivojlantirishga erishish, respublika iqtisodiyotining alohida tarmoqlarini tuzilmaviy oʻzgartirish boʻyicha asosiy ustuvor yoʻnalishlar va vazifalarni amalga oshirishga yoʻnaltirilgan oʻzaro bogʻlangan kompleks chora-tadbirlardan iborat.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

axborot tizimi — “investitsiya loyihalarini amalga oshirishni nazorat va monitoring qilish”ning avtomatlashtirilgan axborot tizimi;

biznes-reja — investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun maqsadli koʻrsatkichlarga erishish yoʻllarini va muammolarini tahlil qilish asosida yechimlarni belgilash va foyda koʻrishga qaratilgan tizimli faoliyat rejasi;

investitsiya loyihasi — iqtisodiy, ijtimoiy va boshqa foyda olish uchun investitsiyalarni amalga oshirishga yoki jalb etishga qaratilgan, oʻzaro bogʻliq boʻlgan tadbirlar majmui;

Investitsiya dasturini moliyalashtirish manbalari — markazlashtirilmagan manbalar hamda xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — XMI/XHMT), Oʻzbekiston Respublikasi Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasining mablagʻlari;

investitsiyadan keyingi monitoring — investitsiya loyihasi amalga oshirilgandan boshlab investitsiyadan keyingi davrda loyiha hujjatlarida koʻzda tutilgan maqsadli koʻrsatkichlarga erishishni kuzatish jarayoni;

investitsiyadan keyingi bosqich — ishlab chiqarish quvvatlari foydalanishga topshirilgan paytdan boshlab obyektning besh yillik faoliyatiga qadar boʻlgan davr;

infratuzilma loyihasi — past rentabelli yoki rentabelsiz ijtimoiy, yoʻl-transport, suv xoʻjaligi va muhandislik-kommunikatsiya obyektlarini qurish, modernizatsiyalash, rekonstruksiya qilish hamda kengaytirishga qaratilgan loyiha;

loyiha — mahsulot (tovar, ish, xizmat)ni yaratishga yoʻnaltirilgan alohida oʻzaro bogʻlangan tadbirlar majmui. Loyihalar maqsadidan kelib chiqib, investitsiya va infratuzilma loyihalariga boʻlinadi;

loyiha tashabbuskorlari — Investitsiya dasturi doirasida investitsiya loyihalarini amalga oshirishga rahbarlik qiluvchi davlat boshqaruvi organlari, tashkilotlar, xoʻjalik birlashmalari hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari;

loyiha-smeta hujjati — hajmiy-rejali, amaliy va texnikaviy yechimlarni, binolar, inshootlar va boshqa obyektlarning qurilishi, rekonstruksiyasi hamda mukammal taʼmirlanishi, shuningdek, obodonlashtirish ishlari qiymatini belgilovchi loyiha hujjati;

loyiha hujjatlari — loyihani moliyalashtirish shartlarini hisobga olgan holda belgilangan loyihani amalga oshirishning yakuniy, eng oqilona va samarali texnik, tashkiliy va moliyaviy-iqtisodiy yechimlarini belgilovchi ishchi loyiha;

loyiha pasporti — Investitsiya dasturiga kiritish uchun taklif etiladigan loyihaning asosiy parametrlari toʻgʻrisidagi axborotni oʻz ichiga oluvchi hujjat;

markazlashtirilmagan manbalar — investorning shaxsiy mablagʻlari, Oʻzbekiston Respublikasining kafolatisiz olingan, shu jumladan, chet el banklaridan olingan bank kreditlari, toʻgʻridan-toʻgʻri chet el investitsiyalari;

past quvvatda ishlayotgan korxona — Investitsiya dasturi doirasida (moliyalashtirish manbalaridan qatʼi nazar) ishga tushirilgan va quyidagi mezonlarga mos keladigan korxona:

mavjud quvvatlardan foydalanish belgilangan texnik-iqtisodiy parametrlarga nisbatan kam boʻlgan (yarim quvvatda ishlayotgan) va mos davrga nisbatan kam soliq toʻlovlarini amalga oshirgan;

uskunalarning ishlab chiqarish quvvatlaridan past darajada foydalaniladigan (60 foiz);

rivojlanish konsepsiyasi (strategiyasi) — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan tasdiqlanadigan va uzoq muddatli istiqbolda sanoat tarmoqlari hamda hududlarni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlarini amalga oshirish boʻyicha strategik vazifalarni oʻz ichiga oluvchi, aniq tarmoqlar va hududlarning kompleks, istiqbolli va ilmiy asoslangan rivojlanish rejasini oʻzida aks ettiruvchi hamda mavjud muammolar bosqichma-bosqich va tizimli hal etilishini taʼminlovchi hujjat;

texnik-iqtisodiy asoslar yoki texnik-iqtisodiy hisob-kitob — loyihaning umuman eng koʻp miqdordagi qiymatini va moliyalashtirish ehtiyoji hajmini koʻrib chiqilgan moliyalashtirishning dastlabki shartlarini hisobga olgan holda belgilab beruvchi muqobil variantlarni oʻrganish asosida loyihani amalga oshirishning eng samarali texnik-texnologik va tashkiliy yechimini tanlashni asoslab beruvchi loyihaoldi hujjatlar;

chetlanishlar — bu investitsiyadan keyingi monitoring jarayonida aniqlanadigan texnik-iqtisodiy parametrlarning amaldagi natijalarining rejalashtirilgan natijalarga koʻra oʻzgarishlaridir.

4. Quyidagilar Investitsiya dasturini shakllantirishning asosiy tamoyillari hisoblanadi:

respublikani rivojlantirishning asosiy makroiqtisodiy koʻrsatkichlari bilan muvozanatlashtirish;

belgilangan tartibda tasdiqlangan loyihaning (investitsiya loyihasining texnik-iqtisodiy asoslanishi, texnik-iqtisodiy hisob-kitobi va biznes-rejalari) mavjud boʻlishi;

loyihalarning moliyaviy, mineral xom ashyo, tabiiy, mehnat resurslari va boshqa resurslar bilan oʻzaro bogʻliqligini taʼminlash;

har bir loyihani amalga oshirishda va ular doirasida ajratiladigan mablagʻlarni oʻzlashtirishda kambagʻallikni qisqartirish va aholining turmush darajasini oshirish;

aholining yashash sharoitlarini yaxshilash bilan bogʻliq barcha dolzarb masalalarni hal etish uchun talab etiladigan mablagʻlar hajmini aniqlash va ushbu masalalarni Investitsiya dasturi doirasida qamrab olish;

respublikada olib borilayotgan investitsiya siyosatida koʻzda tutilgan mamlakat iqtisodiyotining real sektorining hududlarni rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlari bilan integratsiyasi qilinishini taʼminlash;

ishlab chiqarish quvvatlarini kompleks joylashtirishning asosiy tamoyillariga amal qilinishi, xususan, ishlab chiqarishni xom ashyo manbalari, yoqilgʻi, infratuzilma, transport-kommunikatsiya va mehnat resurslariga yaqinlashtirish, birinchi navbatda resurslarning eng samarali turlarini oʻzlashtirish va ulardan kompleks foydalanish;

loyihalarni tarmoqlar va hududlarning rivojlanish dasturlarida belgilangan muddatlarga muvofiq bosqichma-bosqich amalga oshirish;

aholi turmush darajasining sifatini oshirishga yoʻnaltirilgan sogʻliqni saqlash, taʼlim va uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish sohalaridagi ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalarni moliyalashtirish;

mineral xom ashyo resurslarini va qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini chuqur qayta ishlash, ilgʻor texnologiyalarni joriy etish orqali yuqori qoʻshilgan qiymatga ega, tashqi bozorda raqobatbardosh boʻlgan mahsulotlarni ishlab chiqarish;

toʻgʻridan-toʻgʻri, shu jumladan, chet el investitsiyalari va kreditlarini olib borilayotgan investitsiya siyosatining ustuvor yoʻnalishlariga muvofiq oʻzaro manfaatli shartlarda jalb etish;

investitsiya takliflarini tayyorlash va tashabbuskorlar tomonidan kiritiladigan loyihalarni, ularning iqtisodiy samaradorligi va istiqbolini hisobga olgan holda tanlashning taʼsirchan va shaffof mexanizmini joriy etish;

loyihalarni davlat-xususiy sheriklik shartlarida amalga oshirish uchun investorlarni, shu jumladan, chet ellik investorlarni jalb etish hisobidan mamlakat iqtisodiyotiga yoʻnaltiriladigan investitsiyalar hajmini oshirish;

transport infratuzilmasini rivojlantirish va takomillashtirish, shu jumladan, transkontinental transport koridorlariga integratsiyalash, logistika majmualarini va transport-logistika “xab”larini tashkil etish;

davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanishni tashkil etish va ularni xususiylashtirish doirasida yirik loyihalarni qamrab olish hamda boʻsh turgan yakunlanmagan qurilishlarni belgilangan tartibda moliyalashtirish yoʻli bilan ularning hajmlarini kamaytirish.

5. Investitsiya dasturining barcha hisob-kitoblari respublikaning uch yillik davrga moʻljallangan ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanish parametrlarining prognozlari hamda rivojlanish konsepsiyalariga muvofiq amalga oshiriladi hamda qoʻshimcha ravishda kuyidagi mezonlar hisobga olinadi:

tarmoq (hudud)ning istiqboldagi prognoz koʻrsatkichlari va eksport salohiyatining prognoz koʻrsatkichlarining oʻsish surʼatlari;

tarmoqning belgilangan makroiqtisodiy va ijtimoiy koʻrsatkichlarga taʼsirining oʻzgarishi va eng koʻp ish oʻrinlarini tashkil etish imkonini beruvchi investitsiya loyihalarini tanlash va amalga oshirish;

oʻzlashtirilgan va jalb etiladigan investitsiyalarning samaradorligi, asosiy fondlarning holati va quvvatlardan foydalanish darajasi va loyihalarning ijtimoiy ahamiyati.

6. Investitsiya dasturi tarmoqlar va hududlarni rivojlantirish konsepsiyalari va dasturlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlari asosida investitsiya loyihalarini amalga oshirish muddatlari va moliyalashtirish manbalarini hisobga olgan holda, har yili uning asosiy koʻrsatkichlariga aniqlik kiritish va yangilash orqali mazkur Nizomga 1-ilovada keltirilgan Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini uch yillik davrga shakllantirish va amalga oshirish sxemasiga muvofiq shakllantiriladi va amalga oshiriladi.

Investitsiya dasturini shakllantirish jarayoni bir yillik davrga ega boʻlib, har bir yil yakunida tayyorlash, muvofiqlashtirish va tuzatishlar kiritishni taʼminlaydigan jadval asosida amalga oshiriladi.

7. Investitsiya dasturini amalga oshirishning birinchi yiliga loyiha hujjatlari va moliyalashtirish manbalari tasdiqlangan, yangidan boshlanadigan loyihalar, shuningdek, oldingi dasturda belgilangan amalga oshirish muddatlarini hisobga olgan holda bir davrdan keyingisiga oʻtadigan loyihalar kiritiladi.

Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Investitsiya dasturi amalga oshirilayotgan birinchi yilda belgilangan koʻrsatkichlar bajarilishining tanqidiy tahlilini amalga oshiradi, shuningdek, mavjud moliyaviy va boshqa resurslar bilan oʻzaro bogʻlangan tuzatishlarni kiritish va mavjud kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha tegishli choralar koʻradi.

Investitsiya dasturini amalga oshirishning ikkinchi yiliga qiymatiga belgilangan tartibda aniqlik kiritilgan, tender yoki tanlov natijalari boʻyicha belgilangan amalga oshirish muddatlarini hisobga olgan holda, birinchi yildan oʻtadigan loyihalar, shuningdek, loyiha hujjatlari birinchi yili tayyorlanadigan va tasdiqlanadigan yangi boshlanayotgan loyihalar kiritiladi.

Investitsiya dasturini amalga oshirishning uchinchi yiliga qiymatiga belgilangan tartibda aniqlik kiritilgan, tender yoki tanlov natijalari boʻyicha belgilangan amalga oshirish muddatlarini hisobga olgan holda, yildan-yilga oʻtadigan loyihalar, shuningdek, loyiha hujjatlari ikkinchi yili tayyorlanadigan va tasdiqlanadigan yangi boshlanayotgan loyihalar kiritiladi.

8. Investitsiya dasturining loyihasi quyidagi tartibda shakllantiriladi:

Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi — XMI/XHMT, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi mablagʻlari va boshqa markazlashtirilmagan manbalar hisobidan moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalari boʻyicha har yili 1-aprelga qadar Investitsiya dasturiga kiritish uchun loyihalarni shakllantirishga doir metodik tavsiyalarni ishlab chiqib, davlat boshqaruvi organlari, tashkilotlar va xoʻjalik birlashmalariga taqdim etadi;

Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda Investitsiya dasturining barcha moliyalashtirish manbalari hisobidan yigʻma koʻrsatkichlarni har yili 1-avgustga qadar shakllantiradi;

Tashqi ishlar vazirligi Oʻzbekiston Respublikasining chet eldagi diplomatik vakolatxonalari bilan birgalikda Investitsiya dasturi loyihasiga kiritilgan investitsiya loyihalarini amalga oshirish uchun chet ellik investorlarni jalb etishda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga koʻmaklashadi.

9. Quyidagilar loyihalarni Investitsiya dasturining manzilli qismiga kiritishning majburiy shartlari hisoblanadi:

XMI/XHMT, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi hamda markazlashtirilmagan manbalar hisobidan amalga oshiriladigan loyihalarning belgilangan tartibda tasdiqlangan loyihaoldi yoki loyiha hujjatlari yoki loyiha-smeta hujjatlari mavjudligi, toʻgʻridan-toʻgʻri, shu jumladan, chet el investitsiyalari hisobidan amalga oshiriladigan loyihalar bundan mustasno;

tasdiqlangan moliyalashtirish manbalari va loyihaning umumiy qiymati 500 ming dollardan kam boʻlmagan miqdorda;

mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda rasmiylashtirilgan investitsiya loyihalari boʻyicha loyiha pasporti;

Investitsiya dasturiga kiritish uchun boshqa asoslar (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining yoki Vazirlar Mahkamasining hujjatlari).

10. Quyidagilar Investitsiya dasturiga loyihalarni kiritish uchun tanlab olishning asosiy mezonlari hisoblanadi:

loyihaning maqsadga muvofiqligi va iqtisodiy samaradorligi;

kambagʻallikni qisqartirish, ish oʻrinlarini tashkil etish va aholining turmush darajasi sifatini oshirishni taʼminlashga yoʻnaltirilgan ijtimoiy manfaatlar;

loyihaning tasdiqlangan tarmoqlar va hududlarni rivojlantirish konsepsiyalari va dasturlarining kutilayotgan natijalari bilan oʻzaro bogʻliqligi;

loyihalarning boʻsh turgan yoki samarasiz foydalanilayotgan davlat mulki obyektlarida joylashtirilishi;

ishlab chiqarish quvvatlarining jadal rivojlanishini, mineral xom ashyo resurslari va qishloq xoʻjaligi mahsulotlarining chuqur qayta ishlanishini, yuqori qoʻshilgan qiymatga ega mahsulotlarning ishlab chiqarilishini taʼminlash hamda eksportga moʻljallangan va import oʻrnini bosuvchi mahsulotlarni ishlab chiqarish;

loyihaning energiya samaradorligi va uni amalga oshirish natijasida elektr energiyasining tejamkorligini taʼminlash.

2-bob. Investitsiya loyihalari roʻyxatini XMI/XHMT, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi va boshqa markazlashtirilmagan manbalar hisobidan shakllantirish

11. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi har yili 1-aprelga qadar Investitsiya dasturi loyihasini shakllantirish maqsadida tegishli shakllar, namunalar va maketlarni ishlab chiqadi va loyiha tashabbuskorlariga yuboradi.

12. Investitsiya dasturi loyihasini shakllantirish maqsadida har yili 1-mayga qadar:

loyiha tashabbuskorlari — vazirliklar, idoralar va xoʻjalik birlashmalari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari sohalar va hududlarni rivojlantirish konsepsiyalari va dasturlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining qarorlarini inobatga olgan holda investitsiya takliflarini (bunda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari huzuridagi “mahalla yettiligi”ning takliflarini olinishi taʼminlanadi);

Iqtisodiyot va moliya vazirligi — davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida amalga oshiriladigan investitsiya loyihalarining roʻyxatini;

Davlat aktivlarini boshqarish agentligi — davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanishni tashkil etish va ularni xususiylashtirish doirasidagi investitsiya takliflarini Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga taqdim etadi.

13. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda har yili 20-iyunga qadar Investitsiya dasturi loyihasiga kiritish uchun taqdim etiladigan loyihalar boʻyicha loyiha hujjatlariga muvofiq iqtisodiy samaradorligi, ustuvorligi va maqsadga muvofiqligidan kelib chiqqan holda, investitsiya takliflarini baholashni nazarda tutuvchi investitsiya loyihalarining dastlabki roʻyxatini shakllantiradi.

Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi birinchi navbatda, muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasini (elektr, gaz, suv taʼminotini, kanalizatsiya, yoʻl va boshqalar) rivojlantirish va moliyaviy tahlilning umumqabul qilingan uslubidan foydalanish zarurligini hisobga olgan holda, ularni amalga oshirishning maqsadga muvofiqligini baholash natijalariga koʻra Investitsiya dasturi loyihasiga kiritish uchun taqdim etiladigan investitsiya loyihalarini tanlab oladi.

Ichimlik suv taʼminoti va oqova suv sohasida investitsiya loyihasi takliflari mahalliy hokimiyat vakillik organlari deputatlari tomonidan hududiy ichimlik suv taʼminoti tashkilotlari bilan birgalikda joylarga chiqqan holda tegishli aholi punktlarining faollari bilan muhokama qilinib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar hamda Toshkent shahar Kengashlarida muhokama qilishga kiritiladi.

3-bob. Investitsiya dasturi loyihasini shakllantirish va tasdiqlash

14. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi:

manfaatdor davlat boshqaruvi organlari, tashkilotlar, xoʻjalik birlashmalari hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan kelishilgan holda, har yili 1-avgustga qadar taqdim etilgan takliflarni umumlashtiradi va dastlabki Investitsiya dasturining loyihasini hamda investitsiya loyihalarning manzilli roʻyxatlarini shakllantiradi;

har yili 10-avgustga qadar Investitsiya dasturining dastlabki loyihasini hamda investitsiya loyihalarining roʻyxatini Vazirlar Mahkamasiga koʻrib chiqish uchun kiritadi.

15. Vazirlar Mahkamasi har yili 25-avgustga qadar Investitsiya dasturining dastlabki loyihasini hamda investitsiya loyihalarining roʻyxatlarini Vazirlar Mahkamasining tegishli tarkibiy boʻlinmalari bilan koʻrib chiqadi va Investitsiya dasturi boʻyicha takliflarni Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga taqdim etadi.

16. Loyiha tashabbuskorlari — vazirliklar, idoralar va xoʻjalik birlashmalari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari har yili 25-oktabrga qadar investitsiya loyihalarining loyiha-smeta hujjatlarini oʻz vaqtida belgilangan tartibda ishlab chiqib, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi bilan kelishilishini taʼminlaydi.

17. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan kelishilgan holda, har yili 10-noyabrga qadar Investitsiya dasturi loyihasini, shu jumladan, Investitsiya dasturini muvaffaqiyatli amalga oshirish bilan erishiladigan asosiy koʻrsatkichlarini, ularning mamlakat iqtisodiyotiga taʼsirini hisobga olgan holda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi.

18. Vazirlar Mahkamasi har yili 1-dekabrga qadar Investitsiya dasturining loyihasini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritadi.

4-bob. Investitsiya dasturining tuzilmasi

19. Investitsiya dasturi tuzilmasini quyidagilar tashkil etadi:

birinchi moliyaviy yilga investitsiyalarning asosiy parametrlari, moliyalashtirish manbalari, tarmoqlar va yoʻnalishlar boʻyicha keyingi ikki yil uchun prognoz koʻrsatkichlar;

XMI/XHMT, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasining mablagʻlari, markazlashtirilmagan manbalari hisobidan birinchi yilda mablagʻlari oʻzlashtiriladigan loyihalarning manzilli qismi;

ikkinchi yilda moliyalashtirishni boshlash va mablagʻlarni oʻzlashtirish uchun birinchi yilda loyihaoldi va loyiha hujjatlari ishlab chiqiladigan, muvofiqlashtiriladigan va tasdiqlanadigan investitsiya loyihalarining roʻyxati;

ikkinchi va (yoki) uchinchi yili moliyalashtirishni boshlash va mablagʻlarni oʻzlashtirish uchun dastlabki ikki yilda ishlab chiqilishi kerak boʻlgan istiqbolli tarmoq va hududiy investitsiya loyihalarining roʻyxatlari.

Bunda Investitsiya dasturiga kiritilgan loyihalarning ikkinchi yildagi va keyingi yillardagi koʻrsatkichlariga birinchi yili tugallanmagan loyihalarni hisobga olgan holda, tarmoqlarni rivojlantirish boʻyicha tasdiqlangan davlat dasturlariga muvofiq, shu jumladan, boshlanmagan loyihalar oʻrniga yangi loyihalarni kiritish orqali har yili aniqlik kiritiladi;

yigʻma jadvallarga ega tahliliy qism, shu jumladan, Investitsiya dasturini amalga oshirish hisobidan erishilishi kerak boʻlgan maqsadli koʻrsatkichlar.

5-bob. Investitsiya dasturi amalga oshirilishini monitoring va nazorat qilish

20. Investitsiya dasturiga kiritilgan loyihalarni amalga oshirish jarayonini monitoring va nazorat qilish “investitsiya loyihalarini amalga oshirishni nazorat va monitoring qilish” avtomatlashtirilgan axborot tizimini joriy etish va undan foydalanishni tashkil etish reglamentiga muvofiq investitsiya loyihalarini amalga oshirish boʻyicha tasdiqlanadigan kompleks tarmoq jadvali asosida amalga oshiriladi.

Kompleks tarmoq jadvali reglamentda belgilangan tartibda axborot tizimi yordamida shakllantiriladi, muvofiqlashtiriladi va tasdiqlanadi.

21. Loyiha tashabbuskorlari har oyning beshinchi kunidan kechiktirmasdan, axborot tizimi orqali Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga Investitsiya dasturi doirasida amalga oshirilgan ishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritib boradi.

22. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi har oyning oʻninchi kunidan kechiktirmasdan, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi va Vazirlar Mahkamasiga Investitsiya dasturini amalga oshirish ishlarining borishi haqidagi jamlanma tahliliy maʼlumotni taqdim etib boradi.

23. Loyiha tashabbuskorlari investitsiya loyihalarining oʻz vaqtida va sifatli amalga oshirilishi uchun javobgar hisoblanadi.

6-bob. Investitsiya dasturining axborot taʼminoti

24. Investitsiya dasturining axborot taʼminotini shakllantirish va yuritish ishlari Investitsiya dasturiga kiritilgan kapital qurilish obyektlari, koʻchmas mulk obyektlari, investitsiya loyihalari hamda ularga kiritilgan oʻzgartirishlar va qoʻshimchalar haqidagi maʼlumotlarni kiritish yoʻli bilan amalga oshiriladi.

25. Axborot taʼminotini shakllantirish va yuritishda davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlar bilan ishlash Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat sirlari toʻgʻrisida”gi Qonuni talablariga rioya qilingan holda amalga oshiriladi.

26. Axborot taʼminoti resursiga kiritilgan, davlat siri hisoblanmagan maʼlumotlar Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligining rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.

27. Axborot taʼminoti resursiga kiritilgan, davlat sirini tashkil qiluvchi maʼlumotlarni taqdim etish ishlari mansabdor shaxslari shunday axborotdan foydalanish uchun tegishli vakolati boʻlgan organlar va tashkilotlarning soʻrovlari boʻyicha amalga oshiriladi.

7-bob. Investitsiyadan keyingi monitoringni amalga oshirish tartibi

28. Investitsiya dasturi doirasida ishga tushirilgan obyektlarni monitoring qilish ishlari “investitsiya loyihalarini amalga oshirilishini nazorat va monitoring qilish” avtomatlashtirilgan axborot tizimi yordamida amalga oshiriladi.

Axborot tizimida investitsiyadan keyingi monitoringni koʻzda tutuvchi funksional imkoniyatlar yaratilgunga qadar ishga tushirilgan obyektlar Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi tomonidan tegishli davlat boshqaruvi organlari, tashkilotlar, xoʻjalik birlashmalari hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda ishchi guruhlar tashkil qilgan holda joylarga chiqib, oʻrganish orqali amalga oshiriladi.

29. Ishchi guruhlar ishlab chiqarish quvvatlarining ishga tushirilganligi toʻgʻrisidagi dalolatnomalar asosida oʻrganish olib boradi, oʻrganish natijasida yagona bazani hamda past quvvatda ishlayotgan korxonalar va chetlanishlar boʻlgan mavjud korxonalar roʻyxatini shakllantiradi.

30. Ishchi guruhlar ishga tushirilgan korxonalar boʻyicha ishlab chiqarish koʻrsatkichlarini (maʼlumotlarni), statistika organlari maʼlumotlari hamda boshqa turdagi maʼlumotlarni loyihalarning biznes rejalari, tasdiqlangan texnik-iqtisodiy asoslar yoki texnik-iqtisodiy hisob-kitobda koʻzda tutilgan koʻrsatkichlar bilan taqqoslab, nomuvofiqliklarni hamda obyektlardagi muammolarni aniqlaydi.

31. Ishchi guruhlar oʻrganish natijasida tayyorlangan maʼlumotlarni mohiyati, yoʻnalishi va tegishliligi boʻyicha umumlashtirib, guruhlarga ajratib, mavjud holat va muammolarni aniq yoritgan holda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga kiritadi.

32. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi bir hafta muddatda kelib tushgan maʼlumotlar jamlanmasini tegishli vazirliklar va idoralar bilan kelishgan holda, mavjud tizimli va yakka holdagi muammolar boʻyicha, past quvvatlarda ishlayotgan korxonalarda ishlab chiqarishni toʻliq quvvatga yetkazish boʻyicha yechimlarni koʻzda tutuvchi tegishli chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi savdo, investitsiyalar, mahalliy sanoatni rivojlantirish va texnik jihatdan tartibga solish masalalar boʻyicha Hukumat komissiyasiga (keyingi oʻrinlarda — Hukumat komissiyasi) tasdiqlash uchun kiritadi.

33. Tegishli davlat boshqaruvi organlari, tashkilotlar, xoʻjalik birlashmalari hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tasdiqlangan chora-tadbirlarning ijrosini taʼminlaydi.

34. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi tasdiqlangan chora-tadbirlar rejasining ijrosi boʻyicha tizimli monitoring olib boradi va Hukumat komissiyasiga maʼlumotlarni kiritib boradi.

8-bob. Yakunlovchi qoidalar

35. “Investitsiya loyihalarini amalga oshirishni nazorat va monitoring qilish” avtomatlashtirilgan axborot tizimi Investitsiya dasturini amalga oshirish ishlarining borishi, shu jumladan loyihalar tashabbuskorlari mablagʻlarini, tijorat banklari kreditlarini, toʻgʻridan-toʻgʻri chet el investitsiyalarini hamda Oʻzbekiston Respublikasining davlat kafolati ostida olinadigan chet el kreditlarini oʻzlashtirish va moliyalashtirish (jalb etish) boʻyicha statistika maʼlumotlarining axborot bazasi hisoblanadi.

36. Davlat boshqaruvi organlari, tashkilotlar, xoʻjalik birlashmalari hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari Investitsiya dasturini amalga oshirish ishlarining borishi haqidagi, shu jumladan, XMI/XHMT, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi mablagʻlari, loyihalar tashabbuskorlarining oʻz mablagʻlari, tijorat banklarining kreditlari, toʻgʻridan-toʻgʻri chet el investitsiyalari hamda Oʻzbekiston Respublikasining davlat kafolati ostida olinadigan chet el kreditlari haqidagi maʼlumotlarni Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan qatʼiy kelishgan holda tarqatadi.

37. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini uch yillik davrga shakllantirish va amalga oshirish

Bosqichlar Chora-tadbirlar Muddatlar Masʼul vazirliklar, idoralar, boshqa tashkilotlar I. Investitsiya loyihalari roʻyxatini XMI/XHMT, Oʻzbekiston Respublikasi Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi, toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalar va xorijiy kafolatlanmagan kreditlar hamda boshqa markazlashtirilmagan manbalar hisobidan shakllantirish 1-bosqich Investitsiya dasturi loyihasiga kiritish uchun investitsiya takliflarini taqdim etish shakllarining namunalari va maketlarini ishlab chiqish va tashabbuskorlarga yuborish. Har yili 1-aprelgacha Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 2-bosqich Sohalar va hududlarni rivojlantirish konsepsiyalari va dasturlarini hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlaridagi topshiriqlarni inobatga olgan holda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga investitsiya dasturi loyihasiga kiritish uchun investitsiya takliflarini taqdim etish. Har yili 1-maygacha Vazirliklar va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga Investitsiya dasturi loyihasiga kiritish uchun davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida amalga oshiriladigan investitsiya takliflarini taqdim etish. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga Investitsiya dasturi loyihasiga kiritish uchun davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanishni tashkil etish va ularni xususiylashtirish doirasidagi investitsiya takliflarini taqdim etish. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi 3-bosqich Investitsiya dasturi loyihasiga kiritish uchun taqdim etiladigan va quyidagilarni nazarda tutuvchi investitsiya loyihalarining dastlabki roʻyxatini shakllantirish: boshqalar tasarrufiga oʻtuvchi obyektlar boʻyicha xarajatlarni moliyalashtirish, tugallangan obyektlar boʻyicha kreditor qarzdorlikni qoplash; yangi boshlanadigan loyihalar, loyiha hujjatlari va belgilangan tartibda tasdiqlangan moliyalashtirish manbalari; markazlashtirilmagan manbalar, XMI/XHMT va Oʻzbekiston Respublikasi Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtirilayotgan loyihalar boʻyicha — loyiha hujjatlariga muvofiq iqtisodiy samaradorligi, ustuvorligi va maqsadga muvofiqligidan kelib chiqqan holda investitsiya takliflarini baholash. Birinchi navbatda, muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasini (elektr, gaz, suv taʼminotini, kanalizatsiya, yoʻl va boshqalar) rivojlantirish va moliyaviy tahlilning umumqabul qilingan uslubidan foydalanish zarurligini hisobga olgan holda, ularni amalga oshirishning maqsadga muvofiqligini baholash natijalariga koʻra Investitsiya dasturi loyihasiga kiritish uchun taqdim etiladigan investitsiya loyihalarini tanlab olish. Har yili 20-iyungacha Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi II. Uch yillik investitsiya dasturi loyihasini shakllantirish va tasdiqlash 1-bosqich Taqdim etilgan takliflarni umumlashtirish va Investitsiya dasturi loyihasiga kiritish uchun taklif qilingan investitsiya loyihalarining dastlabki roʻyxatini shakllantirish. Har yili 1-avgustgacha Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi 2-bosqich Investitsiya dasturi loyihasiga kiritish uchun Vazirlar Mahkamasiga investitsiya loyihalarining dastlabki roʻyxatini kiritish. Har yili 10-avgustgacha Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 3-bosqich Investitsiya dasturi loyihasiga kiritiladigan investitsiya loyihalarining dastlabki roʻyxatini Vazirlar Mahkamasining tegishli boʻlinmalari bilan kelishish. Har yili 25-avgustgacha Vazirlar Mahkamasi 4-bosqich Loyiha-smeta hujjatlarini belgilangan tartibda oʻz vaqtida ishlab chiqish va kelishishni taʼminlash, shuningdek Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligining ekspertiza organlariga (ijtimoiy obyektlar boʻyicha) keyinchalik quyidagilarga kiritish uchun taqdim etish: XMI/XHMT va Oʻzbekiston Respublikasi Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi mablagʻlari, toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalar va xorijiy kafolatlanmagan kreditlar hamda boshqa markazlashtirilmagan manbalar boʻyicha Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga. Har yili 25-oktabrgacha Vazirliklar va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, loyihalar tashabbuskorlari 5-bosqich Investitsiya dasturi loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritish. Har yili 10-noyabrgacha Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi 6-bosqich Investitsiya dasturi loyihasini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritish. Har yili 1-dekabrgacha Vazirlar Mahkamasi III. Investitsiya dasturi ijrosi monitoringini olib 1-bosqich Investitsiya loyihalarini amalga oshirish boʻyicha kompleks tarmoq jadvallarini tayyorlash, kelishish va tasdiqlash. Belgilangan muddatda Loyiha tashabbuskorlari, Vazirlar Mahkamasi 2-bosqich Investitsiya dasturining ijro holatini “investitsiya loyihalarining amalga oshirishni nazorat va monitoring qilish” avtomatlashtirilgan axborot tizimidan (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) foydalangan holda monitoring va nazorat qilish. Doimiy ravishda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 3-bosqich Investitsiya, sanoat va savdo vazirligiga Investitsiya dasturining ijro holati boʻyicha axborot tizimi orqali maʼlumotlar taqdim qilish. Har oyning 5 kunigacha Loyiha tashabbuskorlari 4-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi va Vazirlar Mahkamasiga Investitsiya dasturining ijro holati boʻyicha axborot tizimi orqali yigʻma maʼlumotlarni taqdim qilish. Har oyning 10 kunigacha Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi

Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

LOYIHA PASPORTI

1. Asosiy nizomlar Loyiha nomi Tashabbus uchun asos Loyihaning tasdiqlangan rivojlanish konsepsiyalari va/yoki dasturlari bilan bogʻliqligi (konsepsiya va/yoki dasturning nomi hamda dastur va konsepsiya doirasida loyihaning hal qilinadigan vazifalari) Loyihaning boshlanish va yakunlanish muddatlari Loyiha tashabbuskori (tashkilotning toʻliq nomi, STIR, asosiy faoliyat turi, joylashgan joyi (pochta manzili), mulkchilik shakli, xodimlar soni, rahbarning F.I.O., bogʻlanish uchun telefon raqami va faks raqamlari, elektron pochta manzili) Loyiha ijrochisi va hamijrochisi (tashkilotning toʻliq nomi, STIR, asosiy faoliyat turi, yuridik va pochta manzili, mulkchilik shakli, xodimlar soni, rahbarning F.I.O., bogʻlanish uchun telefon raqami va faks raqamlari, elektron pochta manzili) Loyihani amalga oshirish hududi Loyihaning umumiy qiymati Loyiha amalga oshirilayotgan tarmoq 2. Loyiha tavsifi Loyihani amalga oshirishdan maqsad Marketing maʼlumotlari ishlab chiqarilishi moʻljallanayotgan mahsulot va uning xususiyatlari loyihaning boshqa raqobatdosh afzalliklari asosiy raqobatchilar import oʻrnini bosuvchi yoki eksport qilinishi moʻljallanayotgan mahsulot hajmi eksport maydoni 3. Loyihaning asosiy iqtisodiy koʻrsatkichlari T/r Koʻrsatkichlar nomi Oʻlchov birligi Jami Rejalashtirilayotgan moliyalashtirish manbai oʻz mablagʻlari jalb qilinayotgan mablagʻlar (manba nomi) 1 . Kapital qoʻyilmalar summasi, jami: mashinalar va asbob-uskunalar qurilish-montaj ishlari boshqa mablagʻlar 2 . Korxona quvvati, shu jumladan: yillik mahsulot ishlab chiqarish hajmi, shundan eksport hajmi tegishli birliklarda 3 . Yaratilayotgan ish oʻrinlari soni, shundan doimiy va mavsumiy, vaqtincha (qurilish-montaj ishlari davrida) Nafar 4 . Loyihaning hisoblangan oʻzini qoplash muddati Yil 5 . Investitsiya davri muddati Oy 4. Loyiha budjeti (yillarda) T/r Mablagʻlar manbai Oʻlchov birligi Amalga oshirish muddati 20__ 20__ 20__ 20__ 20__ Jami Moliyalashtirish manbai 1 . XMI/XHMT, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi: 1.1 . …….. 2 . Markazlashtirilmagan manbalar: 2.1 . ……..

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 14-yanvar,

16-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 16.01.2023-y., 09/23/16/0030-son; 14.06.2024-y., 09/24/334/0419-son; 20.08.2024-y., 09/24/517/0632-son; 08.08.2025-y., 09/25/504/0707-son; 07.10.2025-y., 09/25/627/0901-son)

lex.uz