UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 30-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 30 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 января 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 January 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

СХЕМАСИ

Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарорига жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантириш борасидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишлар бўйича давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, мазкур ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда иштирок этаётган фуқароларни янада рағбатлантириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш жараёнида фаол иштироки давомида олган тан жароҳати ҳамда вафот этган фуқароларнинг оила аъзоларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарорига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар иловага мувофиқ киритилсин:

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тартиби;

фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш учун асос бўлиб ҳисобланадиган ҳолатлар ва талаб этиладиган ҳужжатлар;

фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласини кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби.

2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бир ой муддатда:

ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 январдаги 36-сон қарорига ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Қарорда :

қарор номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»;

1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин».

2. Низомда :

Низомнинг номи «рағбатлантириш» сўзидан кейин «ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш» сўзлари билан тўлдирилсин;

1-банд «рағбатлантириш» сўзидан кейин «ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш» сўзлари билан тўлдирилсин;

2-бандда :

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«2. Қуйидагилар фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштирокини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш (кейинги ўринларда — фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш деб аталади)нинг асосий вазифалари ҳисобланади»;

қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«фуқаролар жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга қўшаётган ҳиссаси учун уларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига тажовуз қилинишининг олдини олишга қаратилган, шунингдек, уларнинг хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимоя қилиниши чораларини ўз ичига оладиган чора-тадбирлар тизимини белгилаш»;

4-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«4. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тўғрисидаги таклифлар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика ва ҳудудий идоралараро комиссияларга (кейинги ўринларда идоралараро комиссиялар деб аталади) фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича тақдимнома киритиш орқали амалга оширилади»;

5-банднинг биринчи хатбошиси «рағбатлантириш» сўзидан кейин «ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш» сўзлари билан тўлдирилсин;

12-банддаги «иловадаги» сўзи «1-иловадаги» сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги 3 1 -боб билан тўлдирилсин:

«3 1 -боб. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш

17 1 . Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мазкур Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

17 2 . Фуқаро жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки вақтида ўртача оғир ва оғир тан жароҳати олган (етказилган)да ёхуд ҳалок бўлганида (вафот этганида) унинг ижтимоий ҳимояси таъминланади.

17 3 . Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш юзасидан зарур ҳужжатларни тўплаш ва расмийлаштириш мазкур Низомнинг 17 2 -бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун бевосита масъул бўлган органлар томонидан амалга оширилади.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар)лар даражасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш таклифи билан ҳудудий идоралараро комиссияга, республика даражасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар эса — республика идоралараро комиссияга мурожаат қиладилар.

17 4 . Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар раҳбарларининг фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича тақдимномаси ва унга илова қилинган асословчи ҳужжатлар, ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун асослар юзага келган кундан бошлаб уч кун муддатда республика ёки ҳудудий идоралараро комиссияларга тақдим этилади.

17 5 . Тақдимномага ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун асос бўлувчи қуйидаги ҳужжатлардан бири илова қилинади:

суд-тиббий экспертизаси хулосаси;

вафот этганлик тўғрисида маълумотнома.

17 6 . Республика ёки ҳудудий идоралараро комиссиялар тақдимнома ва бошқа асословчи ҳужжатлар тушган кундан бошлаб ўн кун муддатда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласини кўриб чиқади.

17 7 . Республика ва ҳудудий идоралараро комиссиялар раислари комиссия қарорининг қонунийлиги, адолатлилиги ва холислиги учун шахсан масъул ҳисобланадилар.

17 8 . Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш қуйидагича амалга оширилади:

фуқаро жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки вақтида ўртача оғир тан жароҳати олган (етказилган)да ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган раҳбарининг тақдимномаси асосида чиқарилган идоралараро комиссия қарорига кўра Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик нафақа тайинланади;

фуқаро жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки вақтида оғир тан жароҳати олган (етказилган)да ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган раҳбарининг тақдимномаси асосида чиқарилган идоралараро комиссия қарорига кўра Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик нафақа тайинланади;

фуқаро жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки вақтида ҳалок бўлганида (вафот этганида) ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган раҳбарининг тақдимномаси асосида чиқарилган идоралараро комиссия қарорига кўра Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик нафақа тайинланади»;

4-бобнинг номи «рағбатлантириш» сўзидан кейин «ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш» сўзлари билан тўлдирилсин;

18-банд «тақдирлаш» сўзидан кейин «ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш» сўзлари билан тўлдирилсин;

22-банд «Рағбатлантирилган» сўзидан кейин «ҳамда ижтимоий ҳимояси таъминланганларнинг» сўзлари билан тўлдирилсин;

23-банд «рағбатлантириш» сўзидан кейин «ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш» сўзлари билан тўлдирилсин;

илованинг илова белгисидаги «илова» сўзи «1-илова» сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги 2-илова билан тўлдирилсин:

«Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирларнинг номи Бажариш муддатлари 1-босқич Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган раҳбарининг ижтимоий ҳимояни таъминлаш тўғрисидаги тақдимномаси ва унга илова қилинган асословчи ҳужжатларни тегишлича республика ёки ҳудудий идоралараро комиссияга тақдим этади. Ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун асослар юзага келган кундан бошлаб уч кун муддатда 2-босқич Республика ёки ҳудудий идоралараро комиссиялар Тақдимнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади. Тақдимнома ва унга илова қилинган асословчи ҳужжатлар тушган кундан бошлаб ўн кун муддатда 3-босқич Республика ёки ҳудудий идоралараро комиссиялар Қабул қилинган қарор ҳақида ижтимоий ҳимояни таъминлаш тўғрисидаги таклиф билан чиққан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органга хабар беради. Қарор қабул қилинган куннинг ўзида 4-босқич Республика ёки ҳудудий идоралараро комиссиялар Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланади (фуқароларга жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги иштироки вақтида ўртача оғирликдаги ёки оғир тан жароҳати етказилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланади, вафот этганда унинг оила аъзоларига ва қарамоғида бўлган шахсларга бир йўла бериладиган нафақа тўланади) Комиссия томонидан белгиланган муддатда » .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 30 январь,

36-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.01.2023 й., 09/23/36/0062-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

SXEMASI

Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 8-yanvardagi 15-son qaroriga jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlashga qaratilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida

Mamlakatimizda amalga oshirilayotgan keng koʻlamli islohotlar doirasida aholining tinch va osoyishta hayotini taʼminlash va jamoat xavfsizligi madaniyatini shakllantirish borasidagi chora-tadbirlar amalga oshirilishi natijasida jamoat xavfsizligini taʼminlash yoʻnalishidagi ishlar boʻyicha davlat organlarining jamoatchilik tuzilmalari bilan oʻzaro maqsadli hamkorligi yoʻlga qoʻyildi.

Shu bilan birga, mazkur hamkorlik doirasida amalga oshirilayotgan ishlar jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishda ishtirok etayotgan fuqarolarni yanada ragʻbatlantirish, shuningdek, ularning ijtimoiy himoyasini yanada kuchaytirish zarurligini koʻrsatmoqda.

Shu munosabat bilan jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashish jarayonida faol ishtiroki davomida olgan tan jarohati hamda vafot etgan fuqarolarning oila aʼzolariga ijtimoiy yordam koʻrsatish mexanizmlarini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 8-yanvardagi 15-son qaroriga quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar ilovaga muvofiq kiritilsin:

huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash tartibi;

fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash uchun asos boʻlib hisoblanadigan holatlar va talab etiladigan hujjatlar;

fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash masalasini koʻrib chiqish muddatlari va tartibi.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi bir oy muddatda:

ushbu qarorning mazmun-mohiyati ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini taʼminlasin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan hujjatlarni mazkur qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 30-yanvardagi 36-son qaroriga ILOVA

Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 8-yanvardagi 15-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Qarorda :

qaror nomi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”;

1-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash tartibi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin”.

2. Nizomda :

Nizomning nomi “ragʻbatlantirish” soʻzidan keyin “hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

1-band “ragʻbatlantirish” soʻzidan keyin “hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

2-bandda :

birinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“2. Quyidagilar fuqarolar va jamoat tashkilotlarining jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtirokini ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash (keyingi oʻrinlarda — fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash deb ataladi)ning asosiy vazifalari hisoblanadi”;

quyidagi mazmundagi beshinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“fuqarolar jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishga qoʻshayotgan hissasi uchun ularning hayoti, sogʻligʻi hamda mol-mulkiga tajovuz qilinishining oldini olishga qaratilgan, shuningdek, ularning xavfsizligi va ijtimoiy himoya qilinishi choralarini oʻz ichiga oladigan chora-tadbirlar tizimini belgilash”;

4-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“4. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash toʻgʻrisidagi takliflar huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar tomonidan huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashish boʻyicha respublika va hududiy idoralararo komissiyalarga (keyingi oʻrinlarda idoralararo komissiyalar deb ataladi) fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash boʻyicha taqdimnoma kiritish orqali amalga oshiriladi”;

5-bandning birinchi xatboshisi “ragʻbatlantirish” soʻzidan keyin “hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

12-banddagi “ilovadagi” soʻzi “1-ilovadagi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

quyidagi mazmundagi 3 1 -bob bilan toʻldirilsin:

“3 1 -bob. Fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash

17 1 . Fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

17 2 . Fuqaro jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki vaqtida oʻrtacha ogʻir va ogʻir tan jarohati olgan (yetkazilgan)da yoxud halok boʻlganida (vafot etganida) uning ijtimoiy himoyasi taʼminlanadi.

17 3 . Fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash yuzasidan zarur hujjatlarni toʻplash va rasmiylashtirish mazkur Nizomning 17 2 -bandida koʻrsatilgan asoslar mavjud boʻlganda, huquqbuzarliklar profilaktikasi uchun bevosita masʼul boʻlgan organlar tomonidan amalga oshiriladi.

Bunda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar, shuningdek, tuman (shahar)lar darajasidagi huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash taklifi bilan hududiy idoralararo komissiyaga, respublika darajasidagi huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar esa — respublika idoralararo komissiyaga murojaat qiladilar.

17 4 . Huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar rahbarlarining fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash boʻyicha taqdimnomasi va unga ilova qilingan asoslovchi hujjatlar, ijtimoiy himoyani taʼminlash uchun asoslar yuzaga kelgan kundan boshlab uch kun muddatda respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalarga taqdim etiladi.

17 5 . Taqdimnomaga ijtimoiy himoyani taʼminlash uchun asos boʻluvchi quyidagi hujjatlardan biri ilova qilinadi:

sud-tibbiy ekspertizasi xulosasi;

vafot etganlik toʻgʻrisida maʼlumotnoma.

17 6 . Respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalar taqdimnoma va boshqa asoslovchi hujjatlar tushgan kundan boshlab oʻn kun muddatda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash masalasini koʻrib chiqadi.

17 7 . Respublika va hududiy idoralararo komissiyalar raislari komissiya qarorining qonuniyligi, adolatliligi va xolisligi uchun shaxsan masʼul hisoblanadilar.

17 8 . Fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash quyidagicha amalga oshiriladi:

fuqaro jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki vaqtida oʻrtacha ogʻir tan jarohati olgan (yetkazilgan)da huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organ rahbarining taqdimnomasi asosida chiqarilgan idoralararo komissiya qaroriga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlari mablagʻlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 20 baravari miqdorida bir martalik nafaqa tayinlanadi;

fuqaro jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki vaqtida ogʻir tan jarohati olgan (yetkazilgan)da huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organ rahbarining taqdimnomasi asosida chiqarilgan idoralararo komissiya qaroriga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlari mablagʻlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 50 baravari miqdorida bir martalik nafaqa tayinlanadi;

fuqaro jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki vaqtida halok boʻlganida (vafot etganida) huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organ rahbarining taqdimnomasi asosida chiqarilgan idoralararo komissiya qaroriga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlari mablagʻlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 100 baravari miqdorida bir martalik nafaqa tayinlanadi”;

4-bobning nomi “ragʻbatlantirish” soʻzidan keyin “hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

18-band “taqdirlash” soʻzidan keyin “hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

22-band “Ragʻbatlantirilgan” soʻzidan keyin “hamda ijtimoiy himoyasi taʼminlanganlarning” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

23-band “ragʻbatlantirish” soʻzidan keyin “hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

ilovaning ilova belgisidagi “ilova” soʻzi “1-ilova” soʻzlari bilan almashtirilsin;

quyidagi mazmundagi 2-ilova bilan toʻldirilsin:

“Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlarning nomi Bajarish muddatlari 1-bosqich Huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshiruvchi organlar Huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organ rahbarining ijtimoiy himoyani taʼminlash toʻgʻrisidagi taqdimnomasi va unga ilova qilingan asoslovchi hujjatlarni tegishlicha respublika yoki hududiy idoralararo komissiyaga taqdim etadi. Ijtimoiy himoyani taʼminlash uchun asoslar yuzaga kelgan kundan boshlab uch kun muddatda 2-bosqich Respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalar Taqdimnoma va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqadi va tegishli qaror qabul qiladi. Taqdimnoma va unga ilova qilingan asoslovchi hujjatlar tushgan kundan boshlab oʻn kun muddatda 3-bosqich Respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalar Qabul qilingan qaror haqida ijtimoiy himoyani taʼminlash toʻgʻrisidagi taklif bilan chiqqan huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshiruvchi organga xabar beradi. Qaror qabul qilingan kunning oʻzida 4-bosqich Respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalar Fuqarolarning ijtimoiy himoyasi taʼminlanadi (fuqarolarga jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi ishtiroki vaqtida oʻrtacha ogʻirlikdagi yoki ogʻir tan jarohati yetkazilganda bir yoʻla beriladigan nafaqa toʻlanadi, vafot etganda uning oila aʼzolariga va qaramogʻida boʻlgan shaxslarga bir yoʻla beriladigan nafaqa toʻlanadi) Komissiya tomonidan belgilangan muddatda ” .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 30-yanvar,

36-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 31.01.2023-y., 09/23/36/0062-son)

lex.uz