📅 2023-yil 15-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 15-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 15 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 15 февраля 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 15 February 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ШАКЛИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» (President Tech Award) танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги экспортга йўналтирилган ва жаҳон бозорида рақобатбардош стартап лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарори билан Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлигининг 2023 йилдан бошлаб ҳар йили ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан умумий мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ доллари бўлган Президент соврини учун танлов ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» (President Tech Award) танловини (кейинги ўринларда — танлов) ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
соҳа ва тармоқлар ривожи учун хизмат қиладиган, ёшлар томонидан илгари сурилган илғор бизнес-ғоялар ва истиқболли стартап лойиҳаларни саралаш тизимини яратиш;
экспортга йўналтирилган ва жаҳон IT-бозорига мўлжалланган дастурий маҳсулотлар яратилишини қўшимча рағбатлантириш;
танлов доирасида иқтидорли ёш дастурчиларнинг тажрибасини ва уларнинг жамоада ишлаш кўникмасини ошириш;
ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» (President Tech Award) танловини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
танловни ўтказиш билан боғлиқ тегишли қарорлар қабул қилиш, танловни ўтказиш муддатлари ва масъулларини белгилаш;
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ томонидан тақдим қилинган саралаш ва баҳолаш мезонларини тасдиқлаб, танловнинг махсус порталида уларнинг эълон қилиб борилишини таъминлайди;
танловни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш маросимини ташкил этиш;
танлов ғолибларининг лойиҳаларини иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида амалиётга жорий этилишига кўмаклашиш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
а) танлов 2026 йил май ойидан бошлаб ҳар йили «инкубация», «акселерация» ва «энг яхши стартап» «йўналишлари бўйича ўтказилади;
б) танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар тасдиқланган харажатлар сметаси асосида Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Бунда харажатлар сметаси ҳар йили 1 майга қадар «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ (кейинги ўринларда — IT-парк дирекцияси) томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тасдиқланади;
в) танлов доирасида аризаларни қабул қилиш, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш, танловни ёритиш ва танлов ўтказилиши билан боғлиқ бошқа тадбирлар махсус портал орқали IT-парк дирекцияси томонидан амалга оширилади;
г) IT-парк дирекцияси ташкилий қўмитанинг ишчи органи ҳисобланади ва унга танлов босқичлари шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилотни аниқлаш орқали шартнома тузиш ҳуқуқи берилади.
Бунда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилот махсус порталдан келиб тушган номзодларнинг аризаларини кўриб чиқиш, танлов иштирокчиларини саралаш ва лойиҳаларни баҳолаш вазифаларини бажаради;
д) танлов ғолиблари рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилот томонидан аниқланади.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра танлов ғолибларига IТ-парк дирекцияси томонидан Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қуйидаги миқдорларда Марказий банкнинг тўлов амалга ошириладиган кунидаги расмий курси бўйича миллий валюта эквивалентида бир марталик (бир стартапга бир маротаба берилади) пул мукофотлари ҳамда ўзаро келишувлар асосида тузилган шартнома доирасида IТ-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғармаси томонидан венчур инвестицияси кўринишида ажратилади:
а) танловнинг «энг яхши стартап» йўналиши бўйича Ташкилий қўмита томонидан белгиланадиган 10 та соҳа бўйича жами 30 та жамоага — 2 500 000 АҚШ доллари.
1-ўрин учун — 125 000 АҚШ доллари;
2-ўрин учун — 75 000 АҚШ доллари;
3-ўрин учун — 50 000 АҚШ доллари;
б) «акселерация» йўналиши учун 15 та жамоага — 100 000 АҚШ доллари (умумий 1 500 000 АҚШ доллари);
в) «инкубация» йўналиши учун 25 та жамоага — 40 000 АҚШ доллари (умумий 1 000 000 АҚШ доллари);
Бунда:
венчур молиялаштириш «энг яхши стартап» ва «акселерация» йўналишлари иштирокчиларига қўлланади ҳамда шартнома шартлари венчур жамғарма томонидан белгиланади ҳамда стартапда 10 фоиздан ортиқ бўлмаган улуш эвазига ажратилади;
«инкубация» йўналиши иштирокчиларига эса грант сифатида бир марталик (бир стартапга бир маротаба берилади) пул мукофотлари билан IТ-парк дирекцияси томонидан белгиланган шартлари асосида тақдирланади.
6. Рақамли технологиялар вазирлиги:
Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2023 йил 1 майга қадар танлов иштирокчиларини рўйхатга олиш ва янгиликларни ёритиб боришга ихтисослаштирилган махсус портал ишга туширилишини таъминласин;
2023 йилда ўтказилиши белгиланган танлов натижасига кўра 2023 йил 1 декабрга қадар ушбу қарор билан тасдиқланган Низомни такомиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. 2023 йил 1 мартдан бошлаб IT-парк дирекциясига унинг резидентлари томонидан ҳар ой ўтказиладиган ажратмалар миқдори, улар томонидан яратилган дастур, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар аудиториясининг қамрови 500 минг фойдаланувчидан ошганда 25 фоизга, 1 миллион фойдаланувчидан ошганда 50 фоизга пасайтирилиши белгилансин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 февралдаги 66-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» (President Tech Award) танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» (President Tech Award) танловини (кейинги ўринларда — танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — танловнинг асосий ёки махсус йўналишларида иштирок этиш истагини билдирган, махсус портал орқали электрон шаклда ариза топширувчи жамоанинг масъул вакили;
рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилот (кейинги ўринларда — масъул ташкилот) — порталдан келиб тушган аризаларни қўриб чиқиш, танловнинг асосий йўналишлари бўйича иштирокчи жамоаларни саралаш ва лойиҳаларни баҳолаш, танлов ғолибларини аниқлаш вазифасини бажарувчи ташкилот;
жамоа — танловда иштирок этиш мақсадида махсус порталда рўйхатдан ўтган гуруҳ;
жамоанинг масъул вакили — жамоа номидан ягона қарор қабул қилувчи ҳамда жамоанинг фикрлари ва ғояларини ифодаловчи шахс;
ишчи орган — «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ;
лойиҳа — иштирокчи жамоалар томонидан мазкур Низом талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастурий маҳсулот;
махсус портал (кейинги ўринларда — портал) — танлов иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш, танлов талаблари ва муддатлари ҳақида ҳамда танлов билан боғлиқ бошқа маълумотлар жойлаштириладиган «www.awards.gov.uz» веб-сайти;
муҳим самарадорлик кўрсаткичлари — танлов ғолиблари бўлган жамоаларга лойиҳанинг ривожланишини белгилайдиган ва уни баҳолашга қаратилган кўрсаткичлар;
ментор — иштирокчи жамоаларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш бўйича маслаҳат (консультация) бериш орқали ривожлантиришга ёрдам берувчи мутахассис;
ташкилий қўмита — танловни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита.
3. Танловга ташкилий қўмита умумий раҳбарлик қилади.
Ташкилий қўмита қарорлари ташкилий қўмита йиғилишида унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган ҳолда тегишли баён билан расмийлаштирилади.
Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, ташкилий қўмита йиғилиши ўтказиладиган сана тўғрисида ташкилий қўмита аъзоларига хабар берилади.
Йиғилиш баёни 2026 йилда анъанавий, 2027 йилдан бошлаб электрон шаклда махсус порталда ташкилий қўмита котиби томонидан шакллантирилади, ташкилий қўмита аъзолари томонидан электрон рақамли имзо ёрдамида имзоланади ва раислик қилувчи томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
Ташкилий қўмита аъзолари ўз йиғилишларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқа шахсларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.
4. Танловни ўтказишнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
соҳа ва тармоқлар ривожи учун хизмат қиладиган, ёшлар томонидан илгари сурилган илғор бизнес-ғоялар ва истиқболли стартап лойиҳаларни саралаш тизимини яратиш;
экспортга йўналтирилган ва жаҳон IT-бозорига мўлжалланган дастурий маҳсулотлар яратилишини қўшимча рағбатлантириш;
танлов доирасида иқтидорли ёш дастурчиларнинг тажрибасини ва уларнинг жамоада ишлаш кўникмасини ошириш;
ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш.
5. Масъул ташкилот ишчи орган томонидан қуйидаги мезонлар асосида аниқланади:
стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган танловни ўтказиш, стартапларни ривожлантириш ҳамда инкубация ва акселерация дастурларини ишлаб чиқиш йўналишида 3 йилдан ортиқ амалий тажрибага эга бўлиши;
ривожланган чет эл давлатларида юридик шахс ташкил этган ва камида 5 та стартапни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларни муваффақиятли амалга оширган бўлиши;
нуфузли венчур жамғармалар ва инвесторлар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиши;
масъул ташкилотнинг халқаро инкубация ва акселерация дастурларидан ўтган стартаплар орасидан камида 5 та 1 млрд АҚШ долларидан юқори баҳосига етган бўлиши.
технологик тадбиркорлик, венчур молиялаштириш ва IT-консалтинг йўналишларида камида 2 йил иш стажига эга бўлган халқаро экспертлар ва менторлар мавжудлиги.
Масъул ташкилот билан тузиладиган шартномада қуйидагилар инобатга олинади:
кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг 80 фоизи олдиндан тўлов ва 20 фоизи масъул ташкилотга юкланган ишлар якунлангандан сўнг қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида тўланади;
Ишчи орган қабул қилиш-топшириш далолатномасини имзолашдан олдин танлов ташкил этилиши ва ўтказилиши юзасидан эътирозлари йўқлиги ҳақида хулосани олиш юзасидан ташкилий қўмитага сўров юборади.
Бунда ташкилий қўмита ишчи органнинг сўрови келиб тушган кундан бошлаб уч кун муддатда тегишли хулосани расмийлаштириши ёки асослантирилган рад жавоби бериши зарур.
Бунда ташкилий қўмитага ушбу мезонларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.
2-боб. Танлов йўналишлари
6. Танлов ҳар йили бир маротаба қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади:
«инкубация» йўналиши — танловнинг ривожланишнинг бошланғич босқичида (ғоя, дастлабки прототип) бўлган жамоалар учун эксперт маслаҳатлари, тажриба алмашиш ва ўқув курслари орқали қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва стартапни кейинги босқичга тайёрлашга қаратилган йўналиш;
«акселерация» йўналиши — танловнинг ривожланишнинг бошланғич босқичида (дастлабки маҳсулот) бўлган жамоалар учун эксперт маслаҳатлари, тажриба алмашиш ва ўқув курслари орқали қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва стартапни кейинги босқичга тайёрлашга қаратилган йўналиши;
«энг яхши стартап» йўналиши — танловнинг фаол қуйидаги соҳалар бўйича инвестиция жалб қилиш (тайёр маҳсулот) босқичидаги стартаплар:
Молиявий технологиялар (FinTech);
Сунъий интеллектга асосланган технологиялар (AI);
Корхоналар учун мослашган рақамли технологиялар (Enterprise);
Креатив индустрия ва реклама технологиялари (Creative Industry & AdTech);
Давлат бошқарувида қўлланадиган рақамли технологиялар (GovTech);
Компьютер ва мобил ўйин дастурлари;
Таълим жараёнида қўлланадиган рақамли ва инновацион технологиялар (EdTech);
Логистика, транспорт ва ҳаракатланиш тизимларини ривожлантиришга қаратилган технологик ечимлар (Logistics & Mobility);
Соғлиқни сақлаш соҳасида технологик ечимлар (HealthTech);
Илмий-тадқиқот натижаларига асосланган юқори технологик ечимлар (DeepTech).
7. Ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши тенденциясига мувофиқ 2024 йилдан бошлаб танлов йўналишларига белгиланган йўналишлар сони доирасида Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ташкилий қўмита томонидан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
3-боб. Танлов босқичлари ва уларни ўтказиш тартиби
8. Танлов мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ олти босқичда ташкил этилади.
9. Биринчи босқичда ташкилий қўмита томонидан ҳар йили 15 майга қадар танлов эълон қилинади ва аризалар қабули бошланади.
10. Иккинчи босқичда «энг яхши стартап» йўналиши бўйича ҳар йили 15 июнга қадар, «инкубация» ва «акселерация» йўналишлари бўйича эса ҳар йили 31 майга қадар ариза берувчилар томонидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ ариза ва унга илова қилинган материаллар портал орқали топширилади.
11. Танловда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.
Бунда иштирокчилар «Электрон ҳукумат»тизимининг Ягона фойдаланувчилар идентификация тизими (OneID) орқали рўйхатдан ўтадилар.
12. Иштирокчи жамоалар Низомга 2-иловага мувофиқ барча маълумот ва материалларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тақдим этадилар.
13. Порталда рўйхатдан ўтиш жараёнида жамоа аъзолари танлов офертасини акцептлаш йўли билан танлов шартларига розилик билдиради ва ҳар бир жамоага махсус идентификация рақами бириктирилади.
Порталда назарда тутилган танлов офертасининг жамоа аъзолари томонидан қабул қилиниши иштирокчи жамоа аъзоларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилишига ёзма розилик берганлигини ифодалайди.
14. Учинчи босқичда ишчи орган томонидан барча йўналишлар бўйича 30 июлга қадар портал орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган материалларнинг тўлиқлиги ҳамда мазкур Низом талабларига мослиги текширилиб, ариза берувчиларнинг электрон почта манзили (шахсий кабинети)га кейинги босқичга ўтгани (ўтмагани) ҳақидаги хабар (хабарнома) юборилади ҳамда кейинги босқичга ўтган жамоаларга «иштирокчи» мақоми берилади.
Бунда «инкубация» йўналишида 30 тадан ва «акселерация» йўналишида бўйича 25 тадан кам бўлмаган жамоалар саралаб олинади.
15. Ҳар йили:
«энг яхши стартап» йўналиши бўйича 25 августга қадар жамоалар менторлар билан лойиҳани такомиллаштиради ҳамда ҳар бир соҳа бўйича 5 тадан 10 тагача истиқболли лойиҳалар тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида рейтинг натижаларига кўра финалга ўтади.
16. Тўртинчи босқичда ҳар йили ўтказиладиган «Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги» доирасида «энг яхши стартап» йўналиши бўйича ушбу босқичга ўтган иштирокчи жамоалар ўзларининг лойиҳалари бўйича масъул ташкилотда тақдимот ўтказади ва ҳимоя қилади. Лойиҳалар тақдимоти бир ёки бир неча кун бўлиши мумкин ва унинг якуни бўйича «энг яхши стартап» йўналишида муваффақиятли иштирокчи жамоаларга танлов ғолиби мақоми берилади ва тақдирлаш маросими ўтказилади.
Ушбу босқичда, «инкубация» ва «акселерация» йўналишлари бўйича 25 ноябрга қадар иштирокчи жамоалар учун экспертлар иштирокида маслаҳатлар ва ўқув сессиялари ташкил этилади ва жами 40 та лойиҳа саралаб олинади ва финал босқичига ўтади.
Бунда лойиҳалар масъул ташкилот томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида рейтинг шакллантирилиб, жами 40 та иштирокчи жамоалар саралаб олинади.
17. Бешинчи босқичда 25 декабрга қадар ишчи орган томонидан белгиланган саналарда «инкубация» ва «акселерация» йўналишидаги иштирокчи жамоалар ўзларининг лойиҳаларини масъул ташкилотга тақдимот ўтказадилар ва ҳимоя қиладилар. Лойиҳалар тақдимоти бир ёки бир неча кун бўлиши мумкин.
Бунда лойиҳалар масъул ташкилот томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида жами 40 та иштирокчи жамоалар саралаб олинади.
Саралаб олинган иштирокчи жамоа танловнинг «инкубация» ва «акселерация» йўналишлари бўйича танлов ғолиби мақоми берилади ва уларга мазкур Низом талабларига мувофиқ мукофот совринлар ва инвестициялар ажратилади.
18. Танловнинг «инкубация» ва «акселерация» йўналишлари бўйича натижалар тантанали тақдирлаш маросимида эълон қилинади ва ушбу натижалар эълон қилинганидан сўнг икки кун ичида порталда ҳам жойлаштирилади.
Танлов «инкубация» ва «акселерация» йўналишлари бўйича танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳар йили 5 ноябрга қадар ташкилий қўмита томонидан тантанали равишда ташкил қилинади.
19. Танловнинг «энг яхши стартап» ва «акселерация» йўналишлари ғолибларига IT Park дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғармаси томонидан инвестициялар мазкур Низомга мувофиқ, шартномада белгиланган муддатларда ажратилади, бунда молиялаштириш даври 1 йилдан ошмаслиги шарт.
20. Танлов босқичлари ўтказиладиган муддатлар ва саналарга ташкилий қўмита томонидан ўзгартириш киритилиши мумкин. Бунда танлов бошланишидан бир ҳафта олдин порталда ўзгартиришлар ҳақида эълон жойлаштирилади.
4-боб. Танловда иштирок этиш учун қўйиладиган талаблар
21. Танловда иштирок этиш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бир жамоа таркибида иштирок этиши мумкин.
22. Танловда иштирок этиш учун жамоалар таркиби «инкубация» йўналишида 2 — 5, «акселерация» ва «энг яхши стартап» йўналишларида эса 3 — 8 кишидан иборат бўлиши керак.
23. Танловда иштирок этиш учун фақат 1 та йўналиш бўйича ариза юборишга рухсат этилади.
24. Жамоа таркибига жамоанинг масъул вакили мурожаати асосида ташкилий қўмита билан келишилган ҳолда ўзгартириш киритилиши мумкин.
24 1 . Танлов доирасида менторлик қилаётган шахслар иштирокчи жамоалар таркибида иштирок этишига йўл қўйилмайди.
25. Танловда иштирок этиш учун пул ундирилмайди.
26. Иштирокчи жамоалар томонидан танловгача ва танлов давомида ишлаб чиқилган лойиҳалар билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилмайди.
Танлов доирасида иштирокчи жамоаларга кўрсатилган хизматлар учун масъул ташкилотга тўланган маблағлар бундан мустасно.
5-боб. Иштирокчи жамоаларнинг лойиҳаларини баҳолаш ҳамда танлов ғолибларини аниқлаш
27. Масъул ташкилот танловда умумий ҳакамлик қилади ва иштирокчи жамоаларнинг лойиҳаларини тасдиқланган баҳолаш мезонларига асосан баҳолайди ва саралайди, шунингдек, танлов ғолибларини аниқлайди.
Саралаш ва баҳолаш мезонлари тасдиқлангандан сўнг танловнинг жорий мавсуми тугагунга қадар (навбатдаги танлов эълон қилингунига қадар) уларга ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш тақиқланади.
28. Ташкилий қўмита танловнинг ҳар бир босқичи алоҳида тартибда ўтказилишини инобатга олган ҳолда, ҳар йили 15 июнга қадар саралаш ва баҳолаш мезонларини тасдиқлайди ва ишчи органга махсус порталда эълон қилиш учун тақдим этади.
Бунда иштирокчи жамоаларнинг лойиҳаларини баҳолаш мезонларида қуйидагилар инобатга олинади:
лойиҳа аниқ муаммо (муаммолар)ни ҳал қилиш ёки фойдаланувчилар томонидан мавжуд талабни бажаришга қаратилгани ва амалдаги ечимларнинг самарали, сифатли ва қулайлиги;
лойиҳа даромадлилиги ва молиявий модели асослангани;
лойиҳа бозор шароитларида рақобатга чидамлилиги, ривожланаётган йўналиш (соҳа)га қаратилганлиги ва фойдаланувчилар учун жозибадорлиги;
лойиҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан боғлиқ мезонлар.
29. Ғолиблар «инкубация» ва «акселерация» йўналишлари бўйича бешинчи босқичда, «энг яхши стартап» йўналишида эса тўртинчи босқичда масъул ташкилот томонидан аниқланади.
6-боб. Танловдан четлаштириш тартиби
30. Иштирокчи жамоаларнинг аъзолари томонидан қуйидаги хатти-ҳаракатлар амалга оширилганлиги аниқланса, улар танловдан четлаштирилади:
масъул ташкилотнинг фаолиятига халақит берса;
портал фаолиятига халақит берса;
танлов доирасида аризада кўрсатилмаган, яъни иштирокчи жамоанинг аъзоси бўлмаган шахсларни жалб қилса;
ўз хоҳиши билан танловда иштирок этишни давом эттиришдан воз кечса;
танлов офертасида белгиланган шартларни бузса;
мазкур Низом талабларига риоя қилинмаса.
Ишчи орган иштирокчи жамоаларнинг аъзоларини танловдан четлаштириш бўйича ташкилий қўмитага таклиф киритади.
31. Четлаштириш натижасида таркибида уч кишидан камайиб кетган иштирокчи жамоаларнинг масъул вакили бир кун муддатда ташкилий қўмитага ўз жамоаси қайта шакллантирилганлиги ҳақида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ маълумотларни киритиши лозим. Акс ҳолда, ушбу иштирокчи жамоа танловдан четлаштирилади.
32. Ташкилий қўмитанинг иштирокчи жамоалар аъзоларини танловдан четлаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ва қарор қабул қилингандан кейин иштирокчи жамоанинг масъул вакилининг электрон почта манзилига хабар (порталдаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади.
Ташкилий қўмита ҳар йили саралаш ва баҳолаш мезонларини тасдиқлашда махсус портал орқали иштирокчи жамоалар томонидан танлов жараёнларини яхшилаш ва такомиллаштириш юзасидан келиб тушган таклифларни инобатга олиб боради.
7-боб. Танловни молиялаштириш ва танлов ғолибларини тақдирлаш
33. Танлов ғолиблари қуйидаги миқдордаги мукофот ва инвестиция билан тақдирланади:
а) танловнинг «инкубация» йўналиши учун 25 та жамоага — 40 000 АҚШ доллари (умумий 1 000 000 АҚШ доллари) грант сифатида;
б) танловнинг «акселерация» йўналиши бўйича 15 та жамоага — 100 000 АҚШ доллари (умумий 1 500 000 АҚШ доллари) IТ-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғарма томонидан инвестиция сифатида;
в) танловнинг «энг яхши стартап» йўналиши бўйича Ташкилий қўмита томонидан белгиланадиган 10 та соҳа бўйича IТ-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғарма томонидан инвестиция сифатида жами 30 та жамоага — 2 500 000 АҚШ доллари қуйидаги нисбат бўйича:
1-ўрин учун — 125 000 АҚШ доллари;
2-ўрин учун — 75 000 АҚШ доллари;
3-ўрин учун — 50 000 АҚШ доллари.
34. Танлов ғолибларига пул мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўловлар амалга ошириладиган кунидаги расмий курси бўйича миллий валютада:
а) «инкубация» йўналиши бўйича — иштирокчи жамоанинг банк ҳисоб рақамига йил давомида уч траншда белгиланган муҳим самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши асосида ўтказиб берилади;
б) «акселерация» ва «энг яхши стартап» йўналишлари бўйича — иштирокчи жамоаларнинг банк ҳисоб рақамларига IТ-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғарма томонидан ўтказилган чуқур текширув (Due Diligence) асосида бир йил давомида тўлиқ ўтказиб берилади.
35. Танловнинг «инкубация» йўналиши бўйича ғолибларга:
танлов ғолиблари эълон қилинган кундан бошлаб 15 (ўн беш) иш куни ичида пул мукофотининг биринчи транши (50 фоиз миқдорида) тўланади;
пул мукофотининг кейинги транши (25 фоиздан 50 фоизгача) йил давомида муҳим самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши асосида ташкилий қўмитанинг қарорига мувофиқ ўтказиб берилади.
36. Танловнинг «инкубация» йўналиши бўйича ғолиблар пул мукофотининг иккинчи (ёки учинчи) траншини олиш учун ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бажариши лозим.
37. Мазкур Низом шартларини бажармаган ёки бузган, шунингдек, муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бажармаган танловнинг «инкубация» йўналиши ғолибларига пул мукофотининг қолган транши тўланмайди.
38. Муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бир йил давомида тўлиқ бажармаган жамоаларга тўланмаган пул мукофоти Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасига қайтариб берилади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
39. Танловнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида тақдимот ташкилотчилар томонидан ижтимоий тармоқларда ҳамда махсус дастурий таъминотлардан фойдаланган ҳолда жонли онлайн эфирга узатилиши мумкин.
Бунда барча тақдимотлар видеотасвирга олиш мосламалари ҳамда махсус дастурий таъминотлардан фойдаланган ҳолда видеотасвирга олинади ва мазкур видеотасвирлар икки йил давомида сақланади
40. Танловнинг ёпилиш тадбири тантанали равишда ташкилий қўмита томонидан амалга оширилади.
41. Танлов натижалари юзасидан иштирокчи жамоалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мурожаат юборишга ҳақли.
42. Танлов натижалари суд қарори асосида бекор қилинган ёки танловда коррупция омиллари аниқланганини исботловчи ҳолатлар мавжуд бўлганда, тегишли йўналишнинг танлов натижалари бекор қилинади.
43. Масъул ташкилот, унинг раҳбарлари ва ходимлари ҳамда масъул ташкилот томонидан танлов жараёнига жалб қилинган шахсларга алоқадор (аффилланган) шахсларнинг танловда иштирок этиши тақиқланади.
44. Танловни ташкил қилиш ва ўтказишга жалб қилинган барча шахслар танлов билан боғлиқ маълумотларни ошкор қилишлари тақиқланади. Бунда:
танловни ташкил қилиш ва ўтказишда юзага келган низоли ҳолатларда танлов билан боғлиқ маълумотлар Ташкилий қўмита билан келишилган ҳолда учинчи шахсларга ошкор қилиниши мумкин.
танлов билан боғлиқ маълумотларни Ташкилий қўмита билан келишилмаган ҳолда ошкор қилган шахслар ушбу хатти-ҳаракатлар натижасида кўрилган зарар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
45. Ушбу Низом талабларига амал қилмаган ва унинг талабларини бузган айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» танловини ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ташкилий қўмита Танловни эълон қилади ва аризаларни қабул қилишни бошлайди. Ҳар йили 15 майга қадар 2-босқич Ариза берувчилар Низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ ариза ва унга илова қилинган материалларни портал орқали топширади. Танловда иштирок этиш учун жамоаларнинг аъзолари порталда «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали рўйхатдан ўтади. Ҳар йили 15 июнга қадар 3-босқич «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ (ишчи орган) 1. Портал орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган материалларнинг тўлиқлигини кўриб чиқади ҳамда Низом талабларига мослигини текширади. Бунда ариза берувчиларнинг кейинги босқичга ўтгани (ўтмагани) ҳақида электрон почта манзилига хабар юборади ҳамда кейинги босқичга ўтган жамоаларга «иштирокчи» мақомини берилади. Ҳар йили 30 июнга қадар Иштирокчи жамоалар 2. Ўзлари ишлаб чиққан лойиҳаларни такомиллаштиради ва порталга қайтадан жойлаштириши мумкин. Кечикиб тақдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилмайди. 4-босқич «Энг яхши стартап» йўналиши бўйича иштирокчи жамоалар 1. Лойиҳалари бўйича масъул ташкилотда тақдимот ўтказади. «Энг яхши стартап» йўналишидаги иштирокчилар «буткэмп»да иштирок этиб, менторлар иштирокида ўз лойиҳаларини такомиллаштиради ва рейтинг натижасида ҳар бир соҳа бўйича 5 тадан 10 тагача финалистлар аниқланади. Ҳар йили ўтказиладиган Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Масъул ташкилот Ташкилий қўмита, ишчи орган, масъул ташкилот 2. Лойиҳалар тақдимоти бир ёки бир неча кун бўлиши мумкин ва унинг якуни бўйича «Энг яхши стартап» йўналишида муваффақиятли иштирок этган жамоаларга танлов ғолиби мақомини беради ва тақдирлаш маросимини ўтказади. 3. «Инкубация» ва «акселерация» йўналишлари бўйича иштирокчи жамоалар учун экспертлар иштирокида маслаҳатлар ва ўқув сессияларини ташкил этади. Ҳар йили 25 ноябрга қадар 5-босқич Масъул ташкилот, «инкубация» ва «акселерация» йўналишлари бўйича иштирокчи жамоалар 1. Ўзларининг лойиҳаларини масъул ташкилотда тақдимот ўтказадилар ва ҳимоя қиладилар. 2. Тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида жамоалар саралаб олади. 3. Саралаб олинган 40 та иштирокчи жамоа танловнинг «инкубация» ва «акселерация» йўналишлари бўйича танлов ғолиби мақоми берилади ва уларга мазкур Низом талабларига мувофиқ мукофот совринлари ажратилади. Ҳар йили 25 декабрга қадар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» танловида қатнашиш учун топшириладиган ариза
«Энг яхши стартап» йўналиши 1. Жамоа ҳақида маълумот 1. Жамоа аъзоларининг Ф.И.О. 2. Жамоа аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) 3. Барча жамоа аъзоларининг телефон рақами ва электрон почта манзили 4. Барча жамоа аъзоларининг вазифалари: Frontend дастурчи Backend дастурчи Data муҳандис AI муҳандис Мобил дастурчи Devops дастурчи Product менежер Web дастурчи Синовчи Дизайнер Бошқа 5. Жамоа иштирок этаётган ҳудуд/вилоят 6. Жамоа аъзоларининг иш/ўқиш жойи 2. Лойиҳа ҳақида маълумот 1. Лойиҳа соҳаси: Молиявий технологиялар (FinTech) Сунъий интеллектга асосланган технологиялар (AI) Корхоналар учун мослашган рақамли технологиялар (Enterprise) Креатив индустрия ва реклама технологиялари (Creative Industry & AdTech) Давлат бошқарувида қўлланадиган рақамли технологиялар (GovTech) Компьютер ва мобил ўйин дастурлари Таълим жараёнида қўлланадиган рақамли ва инновацион технологиялар (EdTech) Логистика, транспорт ва ҳаракатланиш тизимларини ривожлантиришга қаратилган технологик ечимлар (Logistics & Mobility) Соғлиқни сақлаш соҳасида технологик ечимлар (HealthTech) Илмий-тадқиқот натижаларига асосланган юқори технологик ечимлар (DeepTech) 2. Лойиҳа номи 3. Лойиҳа тавсифи 4. Ривожланиш босқичи 5. Олдинги ҳисобот даври учун умумий даромад 6. Мазкур йилнинг биринчи чораги учун даромад 7. Лойиҳани тавсифловчи видеолавҳага ҳавола (3 дақиқагача бўлган) 8. Лойиҳанинг GitHub платформасидаги ҳавола 9. Лойиҳа тақдимоти (PDF) 10. Логотип (.svg/.png) «Инкубация» йўналиши 1. Жамоа ҳақида маълумот 1. Жамоа аъзоларининг Ф.И.О. 2. Жамоа аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) 3. Барча жамоа аъзоларининг телефон рақами ва электрон почта манзили 4. Барча жамоа аъзоларининг вазифалари: Frontend дастурчи Backend дастурчи Data муҳандис AI муҳандис Мобил дастурчи Devops дастурчи Product менежер Web дастурчи Синовчи Дизайнер Бошқа 5. Жамоа иштирок этаётган ҳудуд/вилоят 6. Жамоа аъзоларининг иш/ўқиш жойи 2. Лойиҳа ҳақида маълумот 1. Лойиҳа номи 2. Ривожланиш босқичи 3. Лойиҳа соҳаси 4. Лойиҳа тавсифи 5. Минимал ишлайдиган маҳсулот (MVP) 6. Лойиҳани тавсифловчи видеолавҳага ҳавола (3 дақиқагача бўлган) 7. Лойиҳанинг GitHub платформасидаги ҳавола 8. Лойиҳа тақдимоти (PDF) 9. Логотип (.svg/.png) «Акселерация» йўналиши 1. Жамоа ҳақида маълумот 1. Жамоа аъзоларининг Ф.И.О. 2. Жамоа аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) 3. Барча жамоа аъзоларининг телефон рақами ва электрон почта манзили 4. Барча жамоа аъзоларининг вазифалари: Frontend дастурчи Backend дастурчи Data муҳандис AI муҳандис Мобил дастурчи Devops дастурчи Product менежер Web дастурчи Синовчи Дизайнер Бошқа 5. Жамоа иштирок этаётган ҳудуд/вилоят 6. Жамоа аъзоларининг иш/ўқиш жойи 2. Лойиҳа ҳақида маълумот 1. Лойиҳа номи 2. Ривожланиш босқичи 3. Лойиҳа соҳаси 4. Лойиҳа тавсифи 5. Олдинги ҳисобот даври учун умумий даромад 6. Мазкур йилнинг биринчи чораги учун даромад 7. Лойиҳани тавсифловчи видеолавҳага ҳавола (3 дақиқагача бўлган) 8. Лойиҳанинг GitHub платформасидаги ҳавола 9. Лойиҳа тақдимоти (PDF) 10. Логотип (.svg/.png)
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 февралдаги 66-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» (President Tech Award) танловини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби
1. Ш.Х. Шерматов — рақамли технологиялар вазири, ташкилий қўмита раиси 2. О.А. Пекось — рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари; 3. А.З. Саъдуллаев — Ёшлар ишлари агентлиги директори, ташкилий қўмита раиси ўринбосари 4. Лавозими бўйича — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими (келишувга асосан) 5. Д.А. Ваҳобов — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси 6. С.Б. Раджабов — олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари 7. А.Ш. Бобоев — соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари 8. О.Н. Мирзаев — «Киберхавфсизлик маркази» ДУК директори 9. К.Н. Ирисбекова — АТ «Алоқабанк» бошқаруви раиси 10. А.О. Караматов — «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ бош директори, Ташкилий қўмита котиби
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 15 февраль,
66-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SHAKLI
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Raqamli texnologiyalar yoʻnalishida eng yaxshi startap” (President Tech Award) tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022-2023-yillarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qaroriga muvofiq, shuningdek, yoshlarning axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasidagi eksportga yoʻnaltirilgan va jahon bozorida raqobatbardosh startap loyihalarini yanada qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qarori bilan Raqamli texnologiyalar vazirligi va Yoshlar ishlari agentligining 2023-yildan boshlab har yili yoshlarning axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasidagi startap loyihalarini yanada qoʻllab-quvvatlash maqsadida Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan umumiy mukofot jamgʻarmasi 1 million AQSH dollari boʻlgan Prezident sovrini uchun tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Raqamli texnologiyalar yoʻnalishida eng yaxshi startap” (President Tech Award) tanlovini (keyingi oʻrinlarda — tanlov) oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
soha va tarmoqlar rivoji uchun xizmat qiladigan, yoshlar tomonidan ilgari surilgan ilgʻor biznes-gʻoyalar va istiqbolli startap loyihalarni saralash tizimini yaratish;
eksportga yoʻnaltirilgan va jahon IT-bozoriga moʻljallangan dasturiy mahsulotlar yaratilishini qoʻshimcha ragʻbatlantirish;
tanlov doirasida iqtidorli yosh dasturchilarning tajribasini va ularning jamoada ishlash koʻnikmasini oshirish;
yoshlarning axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasiga boʻlgan qiziqishini yanada oshirish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Raqamli texnologiyalar yoʻnalishida eng yaxshi startap” (President Tech Award) tanlovini oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita tarkibi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Tashkiliy qoʻmitaning asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:
tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq tegishli qarorlar qabul qilish, tanlovni oʻtkazish muddatlari va masʼullarini belgilash;
Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” MCHJ tomonidan taqdim qilingan saralash va baholash mezonlarini tasdiqlab, tanlovning maxsus portalida ularning eʼlon qilib borilishini taʼminlaydi;
tanlovni oʻtkazish va gʻoliblarni taqdirlash marosimini tashkil etish;
tanlov gʻoliblarining loyihalarini iqtisodiyot tarmoqlari va sohalarida amaliyotga joriy etilishiga koʻmaklashish.
4. Belgilab qoʻyilsinki:
a) tanlov 2026-yil may oyidan boshlab har yili “inkubatsiya”, “akseleratsiya” va “eng yaxshi startap” “yoʻnalishlari boʻyicha oʻtkaziladi;
b) tanlovni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq barcha tadbirlar tasdiqlangan xarajatlar smetasi asosida Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
Bunda xarajatlar smetasi har yili 1-mayga qadar “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” MCHJ (keyingi oʻrinlarda — IT-park direksiyasi) tomonidan ishlab chiqiladi hamda Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan tasdiqlanadi;
v) tanlov doirasida arizalarni qabul qilish, ishtirokchilarni roʻyxatdan oʻtkazish, tanlovni yoritish va tanlov oʻtkazilishi bilan bogʻliq boshqa tadbirlar maxsus portal orqali IT-park direksiyasi tomonidan amalga oshiriladi;
g) IT-park direksiyasi tashkiliy qoʻmitaning ishchi organi hisoblanadi va unga tanlov bosqichlari shaffof oʻtkazilishini taʼminlash maqsadida eng yaxshi takliflarni tanlab olish yoʻli bilan axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasida xizmatlar koʻrsatuvchi tashkilotni aniqlash orqali shartnoma tuzish huquqi beriladi.
Bunda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasida xizmatlar koʻrsatuvchi tashkilot maxsus portaldan kelib tushgan nomzodlarning arizalarini koʻrib chiqish, tanlov ishtirokchilarini saralash va loyihalarni baholash vazifalarini bajaradi;
d) tanlov gʻoliblari raqamli texnologiyalar sohasida xizmatlar koʻrsatuvchi tashkilot tomonidan aniqlanadi.
5. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra tanlov gʻoliblariga IT-park direksiyasi tomonidan Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan quyidagi miqdorlarda Markaziy bankning toʻlov amalga oshiriladigan kunidagi rasmiy kursi boʻyicha milliy valyuta ekvivalentida bir martalik (bir startapga bir marotaba beriladi) pul mukofotlari hamda oʻzaro kelishuvlar asosida tuzilgan shartnoma doirasida IT-park direksiyasi huzuridagi venchur jamgʻarmasi tomonidan venchur investitsiyasi koʻrinishida ajratiladi:
a) tanlovning “eng yaxshi startap” yoʻnalishi boʻyicha Tashkiliy qoʻmita tomonidan belgilanadigan 10 ta soha boʻyicha jami 30 ta jamoaga — 2 500 000 AQSH dollari.
1-oʻrin uchun — 125 000 AQSH dollari;
2-oʻrin uchun — 75 000 AQSH dollari;
3-oʻrin uchun — 50 000 AQSH dollari;
b) “akseleratsiya” yoʻnalishi uchun 15 ta jamoaga — 100 000 AQSH dollari (umumiy 1 500 000 AQSH dollari);
v) “inkubatsiya” yoʻnalishi uchun 25 ta jamoaga — 40 000 AQSH dollari (umumiy 1 000 000 AQSH dollari);
Bunda:
venchur moliyalashtirish “eng yaxshi startap” va “akseleratsiya” yoʻnalishlari ishtirokchilariga qoʻllanadi hamda shartnoma shartlari venchur jamgʻarma tomonidan belgilanadi hamda startapda 10 foizdan ortiq boʻlmagan ulush evaziga ajratiladi;
“inkubatsiya” yoʻnalishi ishtirokchilariga esa grant sifatida bir martalik (bir startapga bir marotaba beriladi) pul mukofotlari bilan IT-park direksiyasi tomonidan belgilangan shartlari asosida taqdirlanadi.
6. Raqamli texnologiyalar vazirligi:
Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan 2023-yil 1-mayga qadar tanlov ishtirokchilarini roʻyxatga olish va yangiliklarni yoritib borishga ixtisoslashtirilgan maxsus portal ishga tushirilishini taʼminlasin;
2023-yilda oʻtkazilishi belgilangan tanlov natijasiga koʻra 2023-yil 1-dekabrga qadar ushbu qaror bilan tasdiqlangan Nizomni takomillashtirish boʻyicha takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
7. 2023-yil 1-martdan boshlab IT-park direksiyasiga uning rezidentlari tomonidan har oy oʻtkaziladigan ajratmalar miqdori, ular tomonidan yaratilgan dastur, milliy ijtimoiy tarmoq va messenjerlar auditoriyasining qamrovi 500 ming foydalanuvchidan oshganda 25 foizga, 1 million foydalanuvchidan oshganda 50 foizga pasaytirilishi belgilansin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 15-fevraldagi 66-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Raqamli texnologiyalar yoʻnalishida eng yaxshi startap” (President Tech Award) tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Raqamli texnologiyalar yoʻnalishida eng yaxshi startap” (President Tech Award) tanlovini (keyingi oʻrinlarda — tanlov) oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ariza beruvchi — tanlovning asosiy yoki maxsus yoʻnalishlarida ishtirok etish istagini bildirgan, maxsus portal orqali elektron shaklda ariza topshiruvchi jamoaning masʼul vakili;
raqamli texnologiyalar sohasida xizmatlar koʻrsatuvchi tashkilot (keyingi oʻrinlarda — masʼul tashkilot) — portaldan kelib tushgan arizalarni qoʻrib chiqish, tanlovning asosiy yoʻnalishlari boʻyicha ishtirokchi jamoalarni saralash va loyihalarni baholash, tanlov gʻoliblarini aniqlash vazifasini bajaruvchi tashkilot;
jamoa — tanlovda ishtirok etish maqsadida maxsus portalda roʻyxatdan oʻtgan guruh;
jamoaning masʼul vakili — jamoa nomidan yagona qaror qabul qiluvchi hamda jamoaning fikrlari va gʻoyalarini ifodalovchi shaxs;
ishchi organ — “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” MCHJ;
loyiha — ishtirokchi jamoalar tomonidan mazkur Nizom talablariga muvofiq ishlab chiqilgan dasturiy mahsulot;
maxsus portal (keyingi oʻrinlarda — portal) — tanlov ishtirokchilarini roʻyxatdan oʻtkazish, tanlov talablari va muddatlari haqida hamda tanlov bilan bogʻliq boshqa maʼlumotlar joylashtiriladigan “www.awards.gov.uz” veb-sayti;
muhim samaradorlik koʻrsatkichlari — tanlov gʻoliblari boʻlgan jamoalarga loyihaning rivojlanishini belgilaydigan va uni baholashga qaratilgan koʻrsatkichlar;
mentor — ishtirokchi jamoalarning loyihalarini ishlab chiqish, takomillashtirish boʻyicha maslahat (konsultatsiya) berish orqali rivojlantirishga yordam beruvchi mutaxassis;
tashkiliy qoʻmita — tanlovni oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita.
3. Tanlovga tashkiliy qoʻmita umumiy rahbarlik qiladi.
Tashkiliy qoʻmita qarorlari tashkiliy qoʻmita yigʻilishida uning aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi (kvorum) ishtirok etgan holda tegishli bayon bilan rasmiylashtiriladi.
Yigʻilishni oʻtkazish uchun kvorum shakllanmagan taqdirda, tashkiliy qoʻmita yigʻilishi oʻtkaziladigan sana toʻgʻrisida tashkiliy qoʻmita aʼzolariga xabar beriladi.
Yigʻilish bayoni 2026-yilda anʼanaviy, 2027-yildan boshlab elektron shaklda maxsus portalda tashkiliy qoʻmita kotibi tomonidan shakllantiriladi, tashkiliy qoʻmita aʼzolari tomonidan elektron raqamli imzo yordamida imzolanadi va raislik qiluvchi tomonidan elektron raqamli imzo bilan tasdiqlanadi.
Tashkiliy qoʻmita aʼzolari oʻz yigʻilishlarida koʻrib chiqiladigan masalalarni muhokama va hal qilishda oʻz vakolatini boshqa shaxslarga oʻtkazish huquqiga ega emas.
4. Tanlovni oʻtkazishning asosiy vazifalari quyidagilar hisoblanadi:
soha va tarmoqlar rivoji uchun xizmat qiladigan, yoshlar tomonidan ilgari surilgan ilgʻor biznes-gʻoyalar va istiqbolli startap loyihalarni saralash tizimini yaratish;
eksportga yoʻnaltirilgan va jahon IT-bozoriga moʻljallangan dasturiy mahsulotlar yaratilishini qoʻshimcha ragʻbatlantirish;
tanlov doirasida iqtidorli yosh dasturchilarning tajribasini va ularning jamoada ishlash koʻnikmasini oshirish;
yoshlarning axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasiga boʻlgan qiziqishini yanada oshirish.
5. Masʼul tashkilot ishchi organ tomonidan quyidagi mezonlar asosida aniqlanadi:
startaplarni qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan tanlovni oʻtkazish, startaplarni rivojlantirish hamda inkubatsiya va akseleratsiya dasturlarini ishlab chiqish yoʻnalishida 3 yildan ortiq amaliy tajribaga ega boʻlishi;
rivojlangan chet el davlatlarida yuridik shaxs tashkil etgan va kamida 5 ta startapni qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan dasturlarni muvaffaqiyatli amalga oshirgan boʻlishi;
nufuzli venchur jamgʻarmalar va investorlar bilan doimiy hamkorlikni yoʻlga qoʻygan boʻlishi;
masʼul tashkilotning xalqaro inkubatsiya va akseleratsiya dasturlaridan oʻtgan startaplar orasidan kamida 5 ta 1 mlrd AQSH dollaridan yuqori bahosiga yetgan boʻlishi.
texnologik tadbirkorlik, venchur moliyalashtirish va IT-konsalting yoʻnalishlarida kamida 2 yil ish stajiga ega boʻlgan xalqaro ekspertlar va mentorlar mavjudligi.
Masʼul tashkilot bilan tuziladigan shartnomada quyidagilar inobatga olinadi:
koʻrsatilgan xizmatlar uchun toʻlovlarning 80 foizi oldindan toʻlov va 20 foizi masʼul tashkilotga yuklangan ishlar yakunlangandan soʻng qabul qilish-topshirish dalolatnomasi asosida toʻlanadi;
Ishchi organ qabul qilish-topshirish dalolatnomasini imzolashdan oldin tanlov tashkil etilishi va oʻtkazilishi yuzasidan eʼtirozlari yoʻqligi haqida xulosani olish yuzasidan tashkiliy qoʻmitaga soʻrov yuboradi.
Bunda tashkiliy qoʻmita ishchi organning soʻrovi kelib tushgan kundan boshlab uch kun muddatda tegishli xulosani rasmiylashtirishi yoki asoslantirilgan rad javobi berishi zarur.
Bunda tashkiliy qoʻmitaga ushbu mezonlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish huquqi beriladi.
2-bob. Tanlov yoʻnalishlari
6. Tanlov har yili bir marotaba quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha oʻtkaziladi:
“inkubatsiya” yoʻnalishi — tanlovning rivojlanishning boshlangʻich bosqichida (gʻoya, dastlabki prototip) boʻlgan jamoalar uchun ekspert maslahatlari, tajriba almashish va oʻquv kurslari orqali qoʻllab-quvvatlash, rivojlantirish va startapni keyingi bosqichga tayyorlashga qaratilgan yoʻnalish;
“akseleratsiya” yoʻnalishi — tanlovning rivojlanishning boshlangʻich bosqichida (dastlabki mahsulot) boʻlgan jamoalar uchun ekspert maslahatlari, tajriba almashish va oʻquv kurslari orqali qoʻllab-quvvatlash, rivojlantirish va startapni keyingi bosqichga tayyorlashga qaratilgan yoʻnalishi;
“eng yaxshi startap” yoʻnalishi — tanlovning faol quyidagi sohalar boʻyicha investitsiya jalb qilish (tayyor mahsulot) bosqichidagi startaplar:
Moliyaviy texnologiyalar (FinTech);
Sunʼiy intellektga asoslangan texnologiyalar (AI);
Korxonalar uchun moslashgan raqamli texnologiyalar (Enterprise);
Kreativ industriya va reklama texnologiyalari (Creative Industry & AdTech);
Davlat boshqaruvida qoʻllanadigan raqamli texnologiyalar (GovTech);
Kompyuter va mobil oʻyin dasturlari;
Taʼlim jarayonida qoʻllanadigan raqamli va innovatsion texnologiyalar (EdTech);
Logistika, transport va harakatlanish tizimlarini rivojlantirishga qaratilgan texnologik yechimlar (Logistics & Mobility);
Sogʻliqni saqlash sohasida texnologik yechimlar (HealthTech);
Ilmiy-tadqiqot natijalariga asoslangan yuqori texnologik yechimlar (DeepTech).
7. Axborot-kommunikatsiya texnologiyalari rivojlanishi tendensiyasiga muvofiq 2024-yildan boshlab tanlov yoʻnalishlariga belgilangan yoʻnalishlar soni doirasida Vazirlar Mahkamasi bilan kelishilgan holda tashkiliy qoʻmita tomonidan oʻzgartirishlar kiritilishi mumkin.
3-bob. Tanlov bosqichlari va ularni oʻtkazish tartibi
8. Tanlov mazkur Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq olti bosqichda tashkil etiladi.
9. Birinchi bosqichda tashkiliy qoʻmita tomonidan har yili 15-mayga qadar tanlov eʼlon qilinadi va arizalar qabuli boshlanadi.
10. Ikkinchi bosqichda “eng yaxshi startap” yoʻnalishi boʻyicha har yili 15-iyunga qadar, “inkubatsiya” va “akseleratsiya” yoʻnalishlari boʻyicha esa har yili 31-mayga qadar ariza beruvchilar tomonidan ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq ariza va unga ilova qilingan materiallar portal orqali topshiriladi.
11. Tanlovda Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari ishtirok etishi mumkin.
Bunda ishtirokchilar “Elektron hukumat”tizimining Yagona foydalanuvchilar identifikatsiya tizimi (OneID) orqali roʻyxatdan oʻtadilar.
12. Ishtirokchi jamoalar Nizomga 2-ilovaga muvofiq barcha maʼlumot va materiallarni oʻzbek, rus va ingliz tillarida taqdim etadilar.
13. Portalda roʻyxatdan oʻtish jarayonida jamoa aʼzolari tanlov ofertasini akseptlash yoʻli bilan tanlov shartlariga rozilik bildiradi va har bir jamoaga maxsus identifikatsiya raqami biriktiriladi.
Portalda nazarda tutilgan tanlov ofertasining jamoa aʼzolari tomonidan qabul qilinishi ishtirokchi jamoa aʼzolarining shaxsga doir maʼlumotlariga ishlov berilishiga yozma rozilik berganligini ifodalaydi.
14. Uchinchi bosqichda ishchi organ tomonidan barcha yoʻnalishlar boʻyicha 30-iyulga qadar portal orqali kelib tushgan ariza va unga ilova qilingan materiallarning toʻliqligi hamda mazkur Nizom talablariga mosligi tekshirilib, ariza beruvchilarning elektron pochta manzili (shaxsiy kabineti)ga keyingi bosqichga oʻtgani (oʻtmagani) haqidagi xabar (xabarnoma) yuboriladi hamda keyingi bosqichga oʻtgan jamoalarga “ishtirokchi” maqomi beriladi.
Bunda “inkubatsiya” yoʻnalishida 30 tadan va “akseleratsiya” yoʻnalishida boʻyicha 25 tadan kam boʻlmagan jamoalar saralab olinadi.
15. Har yili:
“eng yaxshi startap” yoʻnalishi boʻyicha 25-avgustga qadar jamoalar mentorlar bilan loyihani takomillashtiradi hamda har bir soha boʻyicha 5 tadan 10 tagacha istiqbolli loyihalar tasdiqlangan baholash mezonlari asosida reyting natijalariga koʻra finalga oʻtadi.
16. Toʻrtinchi bosqichda har yili oʻtkaziladigan “Axborot-kommunikatsiya texnologiyalari haftaligi” doirasida “eng yaxshi startap” yoʻnalishi boʻyicha ushbu bosqichga oʻtgan ishtirokchi jamoalar oʻzlarining loyihalari boʻyicha masʼul tashkilotda taqdimot oʻtkazadi va himoya qiladi. Loyihalar taqdimoti bir yoki bir necha kun boʻlishi mumkin va uning yakuni boʻyicha “eng yaxshi startap” yoʻnalishida muvaffaqiyatli ishtirokchi jamoalarga tanlov gʻolibi maqomi beriladi va taqdirlash marosimi oʻtkaziladi.
Ushbu bosqichda, “inkubatsiya” va “akseleratsiya” yoʻnalishlari boʻyicha 25-noyabrga qadar ishtirokchi jamoalar uchun ekspertlar ishtirokida maslahatlar va oʻquv sessiyalari tashkil etiladi va jami 40 ta loyiha saralab olinadi va final bosqichiga oʻtadi.
Bunda loyihalar masʼul tashkilot tomonidan koʻrib chiqilib, tasdiqlangan baholash mezonlari asosida reyting shakllantirilib, jami 40 ta ishtirokchi jamoalar saralab olinadi.
17. Beshinchi bosqichda 25-dekabrga qadar ishchi organ tomonidan belgilangan sanalarda “inkubatsiya” va “akseleratsiya” yoʻnalishidagi ishtirokchi jamoalar oʻzlarining loyihalarini masʼul tashkilotga taqdimot oʻtkazadilar va himoya qiladilar. Loyihalar taqdimoti bir yoki bir necha kun boʻlishi mumkin.
Bunda loyihalar masʼul tashkilot tomonidan koʻrib chiqilib, tasdiqlangan baholash mezonlari asosida jami 40 ta ishtirokchi jamoalar saralab olinadi.
Saralab olingan ishtirokchi jamoa tanlovning “inkubatsiya” va “akseleratsiya” yoʻnalishlari boʻyicha tanlov gʻolibi maqomi beriladi va ularga mazkur Nizom talablariga muvofiq mukofot sovrinlar va investitsiyalar ajratiladi.
18. Tanlovning “inkubatsiya” va “akseleratsiya” yoʻnalishlari boʻyicha natijalar tantanali taqdirlash marosimida eʼlon qilinadi va ushbu natijalar eʼlon qilinganidan soʻng ikki kun ichida portalda ham joylashtiriladi.
Tanlov “inkubatsiya” va “akseleratsiya” yoʻnalishlari boʻyicha tanlov gʻoliblarini taqdirlash marosimi har yili 5-noyabrga qadar tashkiliy qoʻmita tomonidan tantanali ravishda tashkil qilinadi.
19. Tanlovning “eng yaxshi startap” va “akseleratsiya” yoʻnalishlari gʻoliblariga IT Park direksiyasi huzuridagi venchur jamgʻarmasi tomonidan investitsiyalar mazkur Nizomga muvofiq, shartnomada belgilangan muddatlarda ajratiladi, bunda moliyalashtirish davri 1 yildan oshmasligi shart.
20. Tanlov bosqichlari oʻtkaziladigan muddatlar va sanalarga tashkiliy qoʻmita tomonidan oʻzgartirish kiritilishi mumkin. Bunda tanlov boshlanishidan bir hafta oldin portalda oʻzgartirishlar haqida eʼlon joylashtiriladi.
4-bob. Tanlovda ishtirok etish uchun qoʻyiladigan talablar
21. Tanlovda ishtirok etish Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari bir jamoa tarkibida ishtirok etishi mumkin.
22. Tanlovda ishtirok etish uchun jamoalar tarkibi “inkubatsiya” yoʻnalishida 2 — 5, “akseleratsiya” va “eng yaxshi startap” yoʻnalishlarida esa 3 — 8 kishidan iborat boʻlishi kerak.
23. Tanlovda ishtirok etish uchun faqat 1 ta yoʻnalish boʻyicha ariza yuborishga ruxsat etiladi.
24. Jamoa tarkibiga jamoaning masʼul vakili murojaati asosida tashkiliy qoʻmita bilan kelishilgan holda oʻzgartirish kiritilishi mumkin.
24 1 . Tanlov doirasida mentorlik qilayotgan shaxslar ishtirokchi jamoalar tarkibida ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
25. Tanlovda ishtirok etish uchun pul undirilmaydi.
26. Ishtirokchi jamoalar tomonidan tanlovgacha va tanlov davomida ishlab chiqilgan loyihalar bilan bogʻliq xarajatlar qoplab berilmaydi.
Tanlov doirasida ishtirokchi jamoalarga koʻrsatilgan xizmatlar uchun masʼul tashkilotga toʻlangan mablagʻlar bundan mustasno.
5-bob. Ishtirokchi jamoalarning loyihalarini baholash hamda tanlov gʻoliblarini aniqlash
27. Masʼul tashkilot tanlovda umumiy hakamlik qiladi va ishtirokchi jamoalarning loyihalarini tasdiqlangan baholash mezonlariga asosan baholaydi va saralaydi, shuningdek, tanlov gʻoliblarini aniqlaydi.
Saralash va baholash mezonlari tasdiqlangandan soʻng tanlovning joriy mavsumi tugagunga qadar (navbatdagi tanlov eʼlon qilinguniga qadar) ularga oʻzgartirish yoki qoʻshimchalar kiritish taqiqlanadi.
28. Tashkiliy qoʻmita tanlovning har bir bosqichi alohida tartibda oʻtkazilishini inobatga olgan holda, har yili 15-iyunga qadar saralash va baholash mezonlarini tasdiqlaydi va ishchi organga maxsus portalda eʼlon qilish uchun taqdim etadi.
Bunda ishtirokchi jamoalarning loyihalarini baholash mezonlarida quyidagilar inobatga olinadi:
loyiha aniq muammo (muammolar)ni hal qilish yoki foydalanuvchilar tomonidan mavjud talabni bajarishga qaratilgani va amaldagi yechimlarning samarali, sifatli va qulayligi;
loyiha daromadliligi va moliyaviy modeli asoslangani;
loyiha bozor sharoitlarida raqobatga chidamliligi, rivojlanayotgan yoʻnalish (soha)ga qaratilganligi va foydalanuvchilar uchun jozibadorligi;
loyihaning ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanishi bilan bogʻliq mezonlar.
29. Gʻoliblar “inkubatsiya” va “akseleratsiya” yoʻnalishlari boʻyicha beshinchi bosqichda, “eng yaxshi startap” yoʻnalishida esa toʻrtinchi bosqichda masʼul tashkilot tomonidan aniqlanadi.
6-bob. Tanlovdan chetlashtirish tartibi
30. Ishtirokchi jamoalarning aʼzolari tomonidan quyidagi xatti-harakatlar amalga oshirilganligi aniqlansa, ular tanlovdan chetlashtiriladi:
masʼul tashkilotning faoliyatiga xalaqit bersa;
portal faoliyatiga xalaqit bersa;
tanlov doirasida arizada koʻrsatilmagan, yaʼni ishtirokchi jamoaning aʼzosi boʻlmagan shaxslarni jalb qilsa;
oʻz xohishi bilan tanlovda ishtirok etishni davom ettirishdan voz kechsa;
tanlov ofertasida belgilangan shartlarni buzsa;
mazkur Nizom talablariga rioya qilinmasa.
Ishchi organ ishtirokchi jamoalarning aʼzolarini tanlovdan chetlashtirish boʻyicha tashkiliy qoʻmitaga taklif kiritadi.
31. Chetlashtirish natijasida tarkibida uch kishidan kamayib ketgan ishtirokchi jamoalarning masʼul vakili bir kun muddatda tashkiliy qoʻmitaga oʻz jamoasi qayta shakllantirilganligi haqida ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq maʼlumotlarni kiritishi lozim. Aks holda, ushbu ishtirokchi jamoa tanlovdan chetlashtiriladi.
32. Tashkiliy qoʻmitaning ishtirokchi jamoalar aʼzolarini tanlovdan chetlashtirish toʻgʻrisidagi qarori qabul qilinadi va qaror qabul qilingandan keyin ishtirokchi jamoaning masʼul vakilining elektron pochta manziliga xabar (portaldagi shaxsiy kabinetiga xabarnoma) yuboriladi.
Tashkiliy qoʻmita har yili saralash va baholash mezonlarini tasdiqlashda maxsus portal orqali ishtirokchi jamoalar tomonidan tanlov jarayonlarini yaxshilash va takomillashtirish yuzasidan kelib tushgan takliflarni inobatga olib boradi.
7-bob. Tanlovni moliyalashtirish va tanlov gʻoliblarini taqdirlash
33. Tanlov gʻoliblari quyidagi miqdordagi mukofot va investitsiya bilan taqdirlanadi:
a) tanlovning “inkubatsiya” yoʻnalishi uchun 25 ta jamoaga — 40 000 AQSH dollari (umumiy 1 000 000 AQSH dollari) grant sifatida;
b) tanlovning “akseleratsiya” yoʻnalishi boʻyicha 15 ta jamoaga — 100 000 AQSH dollari (umumiy 1 500 000 AQSH dollari) IT-park direksiyasi huzuridagi venchur jamgʻarma tomonidan investitsiya sifatida;
v) tanlovning “eng yaxshi startap” yoʻnalishi boʻyicha Tashkiliy qoʻmita tomonidan belgilanadigan 10 ta soha boʻyicha IT-park direksiyasi huzuridagi venchur jamgʻarma tomonidan investitsiya sifatida jami 30 ta jamoaga — 2 500 000 AQSH dollari quyidagi nisbat boʻyicha:
1-oʻrin uchun — 125 000 AQSH dollari;
2-oʻrin uchun — 75 000 AQSH dollari;
3-oʻrin uchun — 50 000 AQSH dollari.
34. Tanlov gʻoliblariga pul mukofotlari Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining toʻlovlar amalga oshiriladigan kunidagi rasmiy kursi boʻyicha milliy valyutada:
a) “inkubatsiya” yoʻnalishi boʻyicha — ishtirokchi jamoaning bank hisob raqamiga yil davomida uch transhda belgilangan muhim samaradorlik koʻrsatkichlarining bajarilishi asosida oʻtkazib beriladi;
b) “akseleratsiya” va “eng yaxshi startap” yoʻnalishlari boʻyicha — ishtirokchi jamoalarning bank hisob raqamlariga IT-park direksiyasi huzuridagi venchur jamgʻarma tomonidan oʻtkazilgan chuqur tekshiruv (Due Diligence) asosida bir yil davomida toʻliq oʻtkazib beriladi.
35. Tanlovning “inkubatsiya” yoʻnalishi boʻyicha gʻoliblarga:
tanlov gʻoliblari eʼlon qilingan kundan boshlab 15 (oʻn besh) ish kuni ichida pul mukofotining birinchi transhi (50 foiz miqdorida) toʻlanadi;
pul mukofotining keyingi transhi (25 foizdan 50 foizgacha) yil davomida muhim samaradorlik koʻrsatkichlarining bajarilishi asosida tashkiliy qoʻmitaning qaroriga muvofiq oʻtkazib beriladi.
36. Tanlovning “inkubatsiya” yoʻnalishi boʻyicha gʻoliblar pul mukofotining ikkinchi (yoki uchinchi) transhini olish uchun tashkiliy qoʻmita tomonidan tasdiqlangan muhim samaradorlik koʻrsatkichlarini bajarishi lozim.
37. Mazkur Nizom shartlarini bajarmagan yoki buzgan, shuningdek, muhim samaradorlik koʻrsatkichlarini bajarmagan tanlovning “inkubatsiya” yoʻnalishi gʻoliblariga pul mukofotining qolgan transhi toʻlanmaydi.
38. Muhim samaradorlik koʻrsatkichlarini bir yil davomida toʻliq bajarmagan jamoalarga toʻlanmagan pul mukofoti Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasiga qaytarib beriladi.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
39. Tanlovning shaffofligi va ochiqligini taʼminlash maqsadida taqdimot tashkilotchilar tomonidan ijtimoiy tarmoqlarda hamda maxsus dasturiy taʼminotlardan foydalangan holda jonli onlayn efirga uzatilishi mumkin.
Bunda barcha taqdimotlar videotasvirga olish moslamalari hamda maxsus dasturiy taʼminotlardan foydalangan holda videotasvirga olinadi va mazkur videotasvirlar ikki yil davomida saqlanadi
40. Tanlovning yopilish tadbiri tantanali ravishda tashkiliy qoʻmita tomonidan amalga oshiriladi.
41. Tanlov natijalari yuzasidan ishtirokchi jamoalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda murojaat yuborishga haqli.
42. Tanlov natijalari sud qarori asosida bekor qilingan yoki tanlovda korrupsiya omillari aniqlanganini isbotlovchi holatlar mavjud boʻlganda, tegishli yoʻnalishning tanlov natijalari bekor qilinadi.
43. Masʼul tashkilot, uning rahbarlari va xodimlari hamda masʼul tashkilot tomonidan tanlov jarayoniga jalb qilingan shaxslarga aloqador (affillangan) shaxslarning tanlovda ishtirok etishi taqiqlanadi.
44. Tanlovni tashkil qilish va oʻtkazishga jalb qilingan barcha shaxslar tanlov bilan bogʻliq maʼlumotlarni oshkor qilishlari taqiqlanadi. Bunda:
tanlovni tashkil qilish va oʻtkazishda yuzaga kelgan nizoli holatlarda tanlov bilan bogʻliq maʼlumotlar Tashkiliy qoʻmita bilan kelishilgan holda uchinchi shaxslarga oshkor qilinishi mumkin.
tanlov bilan bogʻliq maʼlumotlarni Tashkiliy qoʻmita bilan kelishilmagan holda oshkor qilgan shaxslar ushbu xatti-harakatlar natijasida koʻrilgan zarar boʻyicha qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
45. Ushbu Nizom talablariga amal qilmagan va uning talablarini buzgan aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Raqamli texnologiyalar yoʻnalishida eng yaxshi startap” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Raqamli texnologiyalar yoʻnalishida eng yaxshi startap” tanlovini tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Tashkiliy qoʻmita Tanlovni eʼlon qiladi va arizalarni qabul qilishni boshlaydi. Har yili 15-mayga qadar 2-bosqich Ariza beruvchilar Nizomga 2-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq ariza va unga ilova qilingan materiallarni portal orqali topshiradi. Tanlovda ishtirok etish uchun jamoalarning aʼzolari portalda “Elektron hukumat” tizimi foydalanuvchilarini identifikatsiyalashning yagona axborot tizimi (OneID) orqali roʻyxatdan oʻtadi. Har yili 15-iyunga qadar 3-bosqich “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” MCHJ (ishchi organ) 1. Portal orqali kelib tushgan ariza va unga ilova qilingan materiallarning toʻliqligini koʻrib chiqadi hamda Nizom talablariga mosligini tekshiradi. Bunda ariza beruvchilarning keyingi bosqichga oʻtgani (oʻtmagani) haqida elektron pochta manziliga xabar yuboradi hamda keyingi bosqichga oʻtgan jamoalarga “ishtirokchi” maqomini beriladi. Har yili 30-iyunga qadar Ishtirokchi jamoalar 2. Oʻzlari ishlab chiqqan loyihalarni takomillashtiradi va portalga qaytadan joylashtirishi mumkin. Kechikib taqdim etilgan loyihalar koʻrib chiqilmaydi. 4-bosqich “Eng yaxshi startap” yoʻnalishi boʻyicha ishtirokchi jamoalar 1. Loyihalari boʻyicha masʼul tashkilotda taqdimot oʻtkazadi. “Eng yaxshi startap” yoʻnalishidagi ishtirokchilar “butkemp”da ishtirok etib, mentorlar ishtirokida oʻz loyihalarini takomillashtiradi va reyting natijasida har bir soha boʻyicha 5 tadan 10 tagacha finalistlar aniqlanadi. Har yili oʻtkaziladigan Axborot-kommunikatsiya texnologiyalari haftaligi doirasida Masʼul tashkilot Tashkiliy qoʻmita, ishchi organ, masʼul tashkilot 2. Loyihalar taqdimoti bir yoki bir necha kun boʻlishi mumkin va uning yakuni boʻyicha “Eng yaxshi startap” yoʻnalishida muvaffaqiyatli ishtirok etgan jamoalarga tanlov gʻolibi maqomini beradi va taqdirlash marosimini oʻtkazadi. 3. “Inkubatsiya” va “akseleratsiya” yoʻnalishlari boʻyicha ishtirokchi jamoalar uchun ekspertlar ishtirokida maslahatlar va oʻquv sessiyalarini tashkil etadi. Har yili 25-noyabrga qadar 5-bosqich Masʼul tashkilot, “inkubatsiya” va “akseleratsiya” yoʻnalishlari boʻyicha ishtirokchi jamoalar 1. Oʻzlarining loyihalarini masʼul tashkilotda taqdimot oʻtkazadilar va himoya qiladilar. 2. Tasdiqlangan baholash mezonlari asosida jamoalar saralab oladi. 3. Saralab olingan 40 ta ishtirokchi jamoa tanlovning “inkubatsiya” va “akseleratsiya” yoʻnalishlari boʻyicha tanlov gʻolibi maqomi beriladi va ularga mazkur Nizom talablariga muvofiq mukofot sovrinlari ajratiladi. Har yili 25-dekabrga qadar
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Raqamli texnologiyalar yoʻnalishida eng yaxshi startap” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Raqamli texnologiyalar yoʻnalishida eng yaxshi startap” tanlovida qatnashish uchun topshiriladigan ariza
“Eng yaxshi startap” yoʻnalishi 1. Jamoa haqida maʼlumot 1. Jamoa aʼzolarining F.I.O. 2. Jamoa aʼzolarining jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) 3. Barcha jamoa aʼzolarining telefon raqami va elektron pochta manzili 4. Barcha jamoa aʼzolarining vazifalari: Frontend dasturchi Backend dasturchi Data muhandis AI muhandis Mobil dasturchi Devops dasturchi Product menejer Web dasturchi Sinovchi Dizayner Boshqa 5. Jamoa ishtirok etayotgan hudud/viloyat 6. Jamoa aʼzolarining ish/oʻqish joyi 2. Loyiha haqida maʼlumot 1. Loyiha sohasi: Moliyaviy texnologiyalar (FinTech) Sunʼiy intellektga asoslangan texnologiyalar (AI) Korxonalar uchun moslashgan raqamli texnologiyalar (Enterprise) Kreativ industriya va reklama texnologiyalari (Creative Industry & AdTech) Davlat boshqaruvida qoʻllanadigan raqamli texnologiyalar (GovTech) Kompyuter va mobil oʻyin dasturlari Taʼlim jarayonida qoʻllanadigan raqamli va innovatsion texnologiyalar (EdTech) Logistika, transport va harakatlanish tizimlarini rivojlantirishga qaratilgan texnologik yechimlar (Logistics & Mobility) Sogʻliqni saqlash sohasida texnologik yechimlar (HealthTech) Ilmiy-tadqiqot natijalariga asoslangan yuqori texnologik yechimlar (DeepTech) 2. Loyiha nomi 3. Loyiha tavsifi 4. Rivojlanish bosqichi 5. Oldingi hisobot davri uchun umumiy daromad 6. Mazkur yilning birinchi choragi uchun daromad 7. Loyihani tavsiflovchi videolavhaga havola (3 daqiqagacha boʻlgan) 8. Loyihaning GitHub platformasidagi havola 9. Loyiha taqdimoti (PDF) 10. Logotip (.svg/.png) “Inkubatsiya” yoʻnalishi 1. Jamoa haqida maʼlumot 1. Jamoa aʼzolarining F.I.O. 2. Jamoa aʼzolarining jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) 3. Barcha jamoa aʼzolarining telefon raqami va elektron pochta manzili 4. Barcha jamoa aʼzolarining vazifalari: Frontend dasturchi Backend dasturchi Data muhandis AI muhandis Mobil dasturchi Devops dasturchi Product menejer Web dasturchi Sinovchi Dizayner Boshqa 5. Jamoa ishtirok etayotgan hudud/viloyat 6. Jamoa aʼzolarining ish/oʻqish joyi 2. Loyiha haqida maʼlumot 1. Loyiha nomi 2. Rivojlanish bosqichi 3. Loyiha sohasi 4. Loyiha tavsifi 5. Minimal ishlaydigan mahsulot (MVP) 6. Loyihani tavsiflovchi videolavhaga havola (3 daqiqagacha boʻlgan) 7. Loyihaning GitHub platformasidagi havola 8. Loyiha taqdimoti (PDF) 9. Logotip (.svg/.png) “Akseleratsiya” yoʻnalishi 1. Jamoa haqida maʼlumot 1. Jamoa aʼzolarining F.I.O. 2. Jamoa aʼzolarining jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) 3. Barcha jamoa aʼzolarining telefon raqami va elektron pochta manzili 4. Barcha jamoa aʼzolarining vazifalari: Frontend dasturchi Backend dasturchi Data muhandis AI muhandis Mobil dasturchi Devops dasturchi Product menejer Web dasturchi Sinovchi Dizayner Boshqa 5. Jamoa ishtirok etayotgan hudud/viloyat 6. Jamoa aʼzolarining ish/oʻqish joyi 2. Loyiha haqida maʼlumot 1. Loyiha nomi 2. Rivojlanish bosqichi 3. Loyiha sohasi 4. Loyiha tavsifi 5. Oldingi hisobot davri uchun umumiy daromad 6. Mazkur yilning birinchi choragi uchun daromad 7. Loyihani tavsiflovchi videolavhaga havola (3 daqiqagacha boʻlgan) 8. Loyihaning GitHub platformasidagi havola 9. Loyiha taqdimoti (PDF) 10. Logotip (.svg/.png)
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 15-fevraldagi 66-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Raqamli texnologiyalar yoʻnalishida eng yaxshi startap” (President Tech Award) tanlovini oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita tarkibi
1. Sh.X. Shermatov — raqamli texnologiyalar vaziri, tashkiliy qoʻmita raisi 2. O.A. Pekos — raqamli texnologiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari; 3. A.Z. Saʼdullayev — Yoshlar ishlari agentligi direktori, tashkiliy qoʻmita raisi oʻrinbosari 4. Lavozimi boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi masʼul xodimi (kelishuvga asosan) 5. D.A. Vahobov — Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi raisi 6. S.B. Radjabov — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari 7. A.Sh. Boboyev — sogʻliqni saqlash vazirining birinchi oʻrinbosari 8. O.N. Mirzayev — “Kiberxavfsizlik markazi” DUK direktori 9. K.N. Irisbekova — AT “Aloqabank” boshqaruvi raisi 10. A.O. Karamatov — “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” MCHJ bosh direktori, Tashkiliy qoʻmita kotibi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 15-fevral,
66-son