UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 20-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 20 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 февраля 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 February 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига ипотека кредити тақдим этиш орқали уй-жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мазмунини «Давлат — инсон учун» деган эзгу ғоя ташкил этади. Хусусан, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мазмун-моҳиятига асосан ҳарбий хизматчиларга муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташ учун муносиб ва хавфсиз шарт-шароитларни яратиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг қонуний манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда ҳарбий хизматнинг жозибадорлиги ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари таъминланмоқда.

Ушбу ислоҳотларни давом эттириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган (истеъфога чиқарилган) фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий таъминоти масалаларини оқилона ҳал этишга қаратилган тадбирлар кўламини кенгайтириш, шунингдек, уларни имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жой билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:

турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ўтказилган ҳарбий хизматчига уй-жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси тўлашнинг амалдаги 12 ой муддатини турар жойни белгиланган тартибда фойдаланишга топшириш муддатига қадар узайтириш;

ҳарбий хизматчи ва унинг турмуш ўртоғи (эри, хотини) номида шахсий турар жой борлигига аниқлик киритишни соддалаштириш ҳамда уй-жой билан таъминланганлар ҳисобини юритиш тартибини такомиллаштириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 февралдаги 71-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 25 июлдаги 169-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 6-7-сон, 37-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда :

а) 2-бандда :

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ҳарбий хизматчига белгиланган тартибда турар жой майдони берилган кундан бошлаб (шу жумладан белгиланган тартибда расмийлаштирилган уй-жой майдонининг олди-сотди далолатномалари асосида), шунингдек, олди-сотди шартномалари имзоланган кундан, лекин узоқ муддатли ипотека кредити бўйича дастлабки бадал тўланган ҳарбий хизматчиларга қурувчи томонидан қабул қилиш ва топшириш далолатномалари асосида сотиб олинаётган (қурилаётган) турар жой фойдаланишга топширилган кундан кечиктирмай»;

бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

олтинчи — саккизинчи хатбошилар тегишинча бешинчи — еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

б) 3-банднинг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ҳарбий хизматчи ва унинг турмуш ўртоғи (эри, хотини) номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома».

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги 619-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 8-сон, 170-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тартиби тўғрисидаги низомда :

а) 4-банднинг биринчи хатбошиси «кредити олинишида» сўзларидан кейин «уларнинг оила таркибидан қатъи назар» сўзлари билан тўлдирилсин;

б) 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«10. Ҳарбий хизматчи турар жой сотиб олиш (қуриш) учун тегишли идорадан дастлабки бадални олиш учун турар жой комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

дастлабки бадални олиш учун ҳарбий қисм командири (бошлиғи) номига билдирги;

ҳарбий хизматчининг турар жой билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланадиган турар жой аттестати;

ҳарбий хизматчининг пул таъминоти ва доимий иш жойидан (мавжуд бўлганда) берилган охирги 12 ойда ушлаб қолинган миқдорларда у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома ёки яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган оила аъзоларининг ушбу даврдаги даромадлари (мавжуд бўлганда) тўғрисидаги декларацияларнинг нусхалари;

календарь бўйича ҳисоблаб чиқилган узоқ муддатли хизмат тўғрисидаги маълумотнома;

ҳарбий хизматни ўташга контракт тузилганлиги тўғрисида ҳарбий қисм командири (бошлиғи)нинг буйруғидан кўчирма;

ҳарбий хизматчи ва унинг турмуш ўртоғи (эри, хотини) номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома.

Қуйидаги ҳужжатлар тегишли идоралар (марказий турар жой комиссияси ёки турар жой комиссияси ёхуд квартира-фойдаланиш органи) томонидан масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан, «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади:

никоҳ тузилганлиги (мавжуд бўлганда) тўғрисида гувоҳнома нусхаси;

туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси»;

в) 15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«15. Улар учун тегишли идоралар томонидан уй-жой сотиб олиш (қуриш) учун дастлабки бадал киритилган ҳарбий хизматчилар қурувчи томонидан қабул қилиш ва топшириш далолатномалари асосида турар жой ҳарбий хизматчиларга фойдаланишга топширилган кундан бошлаб давлат ҳисобига турар жой билан таъминланмаганлар рўйхатидан чиқарилади»;

г) 16-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ипотека кредити бўйича дастлабки бадал киритилган ҳарбий хизматчилар — ҳарбий хизматчиларнинг ушбу тоифасига ва уларнинг оила аъзоларига хизмат турар жойидан (мавжуд бўлганда) фойдаланиш ҳуқуқи ёхуд белгиланган тартибда олди-сотди шартномалари имзоланган кунгача, лекин ҳарбий хизматчиларга қурувчи томонидан қабул қилиш ва топшириш далолатномалари асосида сотиб олинаётган (қурилаётган) турар жой фойдаланишга топширилган кундан кўп бўлмаган муддат учун ҳар ойлик пул компенсацияси олиш ҳуқуқи».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 20 февраль,

71-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.02.2023 й., 09/23/71/0097-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari harbiy xizmatchilariga ipoteka krediti taqdim etish orqali uy-joy bilan taʼminlash tizimini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Mamlakatimizda amalga oshirilayotgan islohotlarning tub mazmunini “Davlat — inson uchun” degan ezgu gʻoya tashkil etadi. Xususan, 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasi mazmun-mohiyatiga asosan harbiy xizmatchilarga munosib turmush sharoiti va zamonaviy infratuzilma tashkil etish, yoshlarni vatanparvarlik ruhida tarbiyalash, haqiqiy harbiy xizmatni oʻtash uchun munosib va xavfsiz shart-sharoitlarni yaratish, Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari harbiy xizmatchilarining qonuniy manfaatlarini taʼminlashning huquqiy kafolatlarini mustahkamlash sohasida keng koʻlamli ishlar amalga oshirilmoqda.

Shu bilan birga, bugungi kunda harbiy xizmatning jozibadorligi va Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari harbiy xizmatchilarini ijtimoiy himoya qilish kafolatlari taʼminlanmoqda.

Ushbu islohotlarni davom ettirish, Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari harbiy xizmatchilari, harbiy xizmatdan rezervga boʻshatilgan (isteʼfoga chiqarilgan) fuqarolar va ularning oila aʼzolarining ijtimoiy taʼminoti masalalarini oqilona hal etishga qaratilgan tadbirlar koʻlamini kengaytirish, shuningdek, ularni imtiyozli ipoteka krediti asosida uy-joy bilan taʼminlash tartibini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin:

turar joy sotib olish (qurish) uchun ipoteka krediti boʻyicha dastlabki badal oʻtkazilgan harbiy xizmatchiga uy-joyni ijaraga olganlik (ijarada turganlik) uchun pul kompensatsiyasi toʻlashning amaldagi 12 oy muddatini turar joyni belgilangan tartibda foydalanishga topshirish muddatiga qadar uzaytirish;

harbiy xizmatchi va uning turmush oʻrtogʻi (eri, xotini) nomida shaxsiy turar joy borligiga aniqlik kiritishni soddalashtirish hamda uy-joy bilan taʼminlanganlar hisobini yuritish tartibini takomillashtirish.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar rahbarlari zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 20-fevraldagi 71-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha

1. Vazirlar Mahkamasining 2005-yil 25-iyuldagi 169-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2005-y., 6-7-son, 37-modda) bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarining harbiy xizmatchilariga turar joyni ijaraga olganlik (ijarada turganlik) uchun har oylik pul kompensatsiyasi toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :

a) 2-bandda :

uchinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“harbiy xizmatchiga belgilangan tartibda turar joy maydoni berilgan kundan boshlab (shu jumladan belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan uy-joy maydonining oldi-sotdi dalolatnomalari asosida), shuningdek, oldi-sotdi shartnomalari imzolangan kundan, lekin uzoq muddatli ipoteka krediti boʻyicha dastlabki badal toʻlangan harbiy xizmatchilarga quruvchi tomonidan qabul qilish va topshirish dalolatnomalari asosida sotib olinayotgan (qurilayotgan) turar joy foydalanishga topshirilgan kundan kechiktirmay”;

beshinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

oltinchi — sakkizinchi xatboshilar tegishincha beshinchi — yettinchi xatboshilar deb hisoblansin;

b) 3-bandning oltinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“harbiy xizmatchi va uning turmush oʻrtogʻi (eri, xotini) nomida shaxsiy turar joy mavjud yoki mavjud emasligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma”.

2. Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 11-avgustdagi 619-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2017-y., 8-son, 170-modda) bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarining harbiy xizmatchilariga turar joy sotib olish (qurish) uchun uzoq muddatli imtiyozli ipoteka kreditlari berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :

a) 4-bandning birinchi xatboshisi “krediti olinishida” soʻzlaridan keyin “ularning oila tarkibidan qatʼi nazar” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

b) 10-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“10. Harbiy xizmatchi turar joy sotib olish (qurish) uchun tegishli idoradan dastlabki badalni olish uchun turar joy komissiyasiga quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

dastlabki badalni olish uchun harbiy qism komandiri (boshligʻi) nomiga bildirgi;

harbiy xizmatchining turar joy bilan taʼminlanishga boʻlgan huquqini tasdiqlaydigan hujjat hisoblanadigan turar joy attestati;

harbiy xizmatchining pul taʼminoti va doimiy ish joyidan (mavjud boʻlganda) berilgan oxirgi 12 oyda ushlab qolingan miqdorlarda u bilan birga yashaydigan oila aʼzolarining ish haqi toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma yoki yashash joyi boʻyicha davlat soliq xizmati organi tomonidan tasdiqlangan oila aʼzolarining ushbu davrdagi daromadlari (mavjud boʻlganda) toʻgʻrisidagi deklaratsiyalarning nusxalari;

kalendar boʻyicha hisoblab chiqilgan uzoq muddatli xizmat toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma;

harbiy xizmatni oʻtashga kontrakt tuzilganligi toʻgʻrisida harbiy qism komandiri (boshligʻi)ning buyrugʻidan koʻchirma;

harbiy xizmatchi va uning turmush oʻrtogʻi (eri, xotini) nomida shaxsiy turar joy mavjud yoki mavjud emasligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma.

Quyidagi hujjatlar tegishli idoralar (markaziy turar joy komissiyasi yoki turar joy komissiyasi yoxud kvartira-foydalanish organi) tomonidan masʼul davlat organlari va tashkilotlaridan mustaqil ravishda, shu jumladan, “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali soʻrab olinadi:

nikoh tuzilganligi (mavjud boʻlganda) toʻgʻrisida guvohnoma nusxasi;

tugʻilganlik haqida guvohnoma nusxasi”;

v) 15-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“15. Ular uchun tegishli idoralar tomonidan uy-joy sotib olish (qurish) uchun dastlabki badal kiritilgan harbiy xizmatchilar quruvchi tomonidan qabul qilish va topshirish dalolatnomalari asosida turar joy harbiy xizmatchilarga foydalanishga topshirilgan kundan boshlab davlat hisobiga turar joy bilan taʼminlanmaganlar roʻyxatidan chiqariladi”;

g) 16-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ipoteka krediti boʻyicha dastlabki badal kiritilgan harbiy xizmatchilar — harbiy xizmatchilarning ushbu toifasiga va ularning oila aʼzolariga xizmat turar joyidan (mavjud boʻlganda) foydalanish huquqi yoxud belgilangan tartibda oldi-sotdi shartnomalari imzolangan kungacha, lekin harbiy xizmatchilarga quruvchi tomonidan qabul qilish va topshirish dalolatnomalari asosida sotib olinayotgan (qurilayotgan) turar joy foydalanishga topshirilgan kundan koʻp boʻlmagan muddat uchun har oylik pul kompensatsiyasi olish huquqi”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 20-fevral,

71-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.02.2023-y., 09/23/71/0097-son)

lex.uz