UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 13-mart · Boshqa hujjatlar · Konstitutsiyaviy sudi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 13 март · Бошқа ҳужжатлар · Конституциявий суди

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 марта 2023 г. · Другие документы · Конституционного суда

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 March 2023 · Other documents · Konstitutsiyaviy sudi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг

Қарори

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги қарорининг (иловаси билан) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш юзасидан

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди (кейинги ўринларда — Конституциявий суд) раис М. Абдусаломов, судьялар А. Гафуров, Ж. Балкибаева, К. Давлетова, Р. Исмайлов, А. Рахимов ва А. Рахмановдан иборат таркибда, катта эксперт Ш. Мажидовнинг котиблигида, тарафнинг вакили — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмита раиси Ж. Ширинов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмита раиси Н. Умаров, тегишли давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мурожаати бўйича Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартда қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги қарорини (иловаси билан) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.

Конституциявий суд маърузачи судья А. Гафуровнинг маърузасини, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Ж. Ширинов, Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Н. Умаров, адлия вазири А. Тошқулов, Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, ҳуқуқшунос олим ва мутахассисларнинг фикр ва нуқтаи назарини эшитиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Конституциявий судга мурожаат қилиб, 2023 йил 10 мартда қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги 3017-IV-сон қарорининг (иловаси билан) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлашни сўраган.

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонун ҳужжати шаклидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 4-моддаси 1-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлайди.

Мурожаат ва иловаларда Конституцияга мувофиқлиги текширилиши лозим бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарорининг номи, рақами, қабул қилинган санаси, мурожаатни Конституциявий судда кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари, асослантириш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жойлашган ери, почта манзили тўғрисидаги зарур маълумотлар ҳамда илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган.

Юқоридагиларга асосан мурожаат «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 29-моддасида белгиланган Конституциявий судга мурожаатга қўйиладиган талабларга жавоб беради ҳамда уни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этишга асослар мавжуд эмас.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, Конституциявий суд мазкур мурожаатни кўриб чиқиш мумкин деган хулосага келди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тақдим этилган 2023 йил 10 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги қарори (кейинги ўринларда — Қонунчилик палатаси қарори) қуйидагиларни назарда тутувчи ўн бир банддан ва иловадан иборат:

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасининг матни 2022 йил 25 июндан 1 августга қадар ўтказилган умумхалқ муҳокамасида ва ундан кейинги жараёнларда келиб тушган таклифлар, фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда маромига етказилганлиги ҳамда бу ҳақда масъул қўмиталарнинг хулосаси олинганлигини маълумот учун қабул қилиш;

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасининг номини «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида» деб ўзгартириш ҳамда унинг матнини иловага мувофиқ маъқуллаш;

«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказишни тайинлаш;

Ўзбекистон Республикаси референдумини 2023 йил 30 апрель — якшанба куни ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси референдумида овоз бериш бюллетенига қуйидаги матндаги масалани киритиш: «Сиз «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини қабул қиласизми?»;

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 40-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси референдумида қабул қилинган қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум якунлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чоралар кўриши;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш учун қарорни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига юбориш;

қарорни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига юбориш.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарорининг 9-бандига асосан мазкур қарор ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси Конституциявий судга тақдим этилган.

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 82-моддасига асосан Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлигини тўлиқлигича ёки унинг бир қисмини текшираётганда:

нормалар мазмуни бўйича;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг шакли бўйича;

давлат органлари ва мансабдор шахслар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан белгиланган ваколатларнинг чегараланиши нуқтаи назаридан;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши, имзоланиши, шунингдек расмий эълон қилиниши ва амалга киритилиши тартиби бўйича унинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди.

Шундан келиб чиқиб, Конституциявий суд киритилган мурожаатни ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб чиқиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарорининг мазмуни бўйича Конституцияга мувофиқлигини текшириш учун қуйидаги масалаларга аниқлик киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини қабул қилиш тартибига риоя қилинганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан референдумни тайинлаш тартибига риоя этилганлиги;

референдумга қўйилаётган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасида референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалалар мавжудлиги.

Ушбу масалаларни ўрганиб чиқиб, Конституциявий суд қуйидагиларни аниқлади.

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини қабул қилиш тартибига риоя қилинганлиги масаласи бўйича.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Конституцияни қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартибига оид қуйидаги нормалар белгиланган: Конституцияни қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига киради ( 78-модда биринчи қисми 1-банди ), Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади ( 127-модда ).

Конституциявий суд Қонунчилик палатаси томонидан ушбу конституциявий нормаларга риоя этилганлиги ҳолатини ўрганганда қуйидагиларни аниқлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Олий Мажлис палаталари кенгашларининг 2022 йил 20 майдаги қўшма қарори билан Конституциявий комиссия тузилган. Конституциявий комиссия таркибига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам, Сенат аъзолари ҳам киритилган.

Конституциявий Қонун лойиҳасини тайёрлаш ва маромига етказишда Қонунчилик палатасининг 2022 йил 24 июндаги қарори билан «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Қонун талабларига риоя этилган ҳолда икки босқичда умумхалқ муҳокамаси ўтказилганлиги, ушбу жараёнда «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформаси, қисқа рақамли колл-маркази, почта алоқаси, маҳаллалар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролардан 220 мингдан ортиқ фикр ва таклифлар қабул қилинган ва таҳлил қилинган.

Хусусан, «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси талабларидан келиб чиқиб, Конституциявий Қонун лойиҳаси «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталари, «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформасида эълон қилинган.

«Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддаси талабларидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси (кейинги ўринларда — масъул қўмиталар) Конституциявий Қонун лойиҳаси юзасидан тушган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиб борган.

Таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиб, эксперт, мутахассис ва олимлар иштирокида таҳлил қилинган. Конституциявий Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси бўйича конференция, семинар ва давра суҳбатлари уюштирилган ҳамда келиб тушган таклифлар, фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Конституциявий Қонун лойиҳаси маромига етказилган.

Конституциявий Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддаси талабларидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган. Кўриб чиқиш натижалари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2022 йил 24 ноябрдаги 2703-IV-сон Қарори қабул қилинган ҳамда масъул қўмиталарга депутатлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда Конституциявий Қонун лойиҳаси юзасидан ишларни давом эттириш топширилган.

Масъул қўмиталар томонидан тайёрланган қўшма хулоса 2023 йил 7 мартда Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилган. Қўшма хулосада «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасининг номини «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида» деб ўзгартириш таклиф этилган. 2023 йил 9-10 март кунлари Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида масъул қўмиталарнинг қўшма хулосаси, шу жумладан, Конституциявий Қонун лойиҳаси номини ўзгартириш бўйича таклифи кўриб чиқилган ҳамда қўллаб-қувватланган.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги 3017-IV-сон қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасининг номи «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида» деб ўзгартирилган ҳамда унинг матни мазкур қарор иловасига мувофиқ маъқулланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг ҳажми ва кўлами, хусусан, унинг моддалари 128 тадан 155 тага кўпаяётганлиги, амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилаётганлигини инобатга олиб, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янги таҳрирда баён этишни асосли деб ҳисоблайди.

Конституциявий суд Конституциявий Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасидан ўтказилганлиги ва унинг натижалари асосида Конституциявий Қонун лойиҳаси маромига етказилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий Қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принципига ( 7-модда ) мос келишига эътибор қаратади.

Юқорида баён этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини қабул қилишнинг қонунда белгиланган тартибига риоя этилган, деган хулосага келади.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан референдумни тайинлаш тартибига риоя этилганлигини аниқлаш масаласи юзасидан.

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан референдумни тайинлаш тартиби белгиланган бўлиб, унга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси референдум ўтказиш ташаббусини кўрсатиш тўғрисидаги материалларни ва масъул қўмита хулосасини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

референдумни тайинлаш ва уни ўтказишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;

референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида;

референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусда таклиф қилинган қонунни ёки бошқа қарорни референдум ўтказмасдан туриб қабул қилиш ҳақида.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг референдум масаласига доир қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.

Тақдим этилган маълумотларнинг таҳлил қилиш асосида Конституциявий суд Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари референдум ўтказиш тўғрисидаги материалларни ва ўз хулосаларини 2023 йил 7 мартда Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритганлигини ҳамда 2023 йил 9 ва 10 март кунлари бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида масъул қўмиталарнинг ушбу ташаббуси маъқулланганлигини ҳамда Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилиниб, Сенатга юборилганлигини аниқлади.

Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ Олий Мажлис палаталарининг референдумни ўтказиш ва референдум ўтказиладиган санани тайинлаш тўғрисидаги қарорларида уни ўтказиш санаси белгиланади ҳамда бунда овоз бериш палаталарнинг қарорлари эълон қилинган кундан эътиборан бир ярим ойдан уч ойгача бўлган даврда исталган кунга тайинланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Конституциявий суд Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги референдум ўтказиш масаласига доир қарорида Ўзбекистон Республикаси референдуми 2023 йил 30 апрель — якшанба куни ўтказилишини белгилаганлиги ва бунда «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида белгиланган талабга риоя этилганлигини аниқлади.

Шу билан бирга, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасида референдум ўтказилишини истисно этадиган ҳолатлар белгиланган бўлиб, Конституциявий суд мазкур масалани ўрганиб чиқди ва референдум ўтказилишини истисно этадиган ҳолатларни аниқламади.

Конституциявий суд давлат органлари ва мансабдор шахслар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан белгиланган ваколатларнинг чегараланиши нуқтаи назаридан қуйидагиларни аниқлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади. Палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар, қоида тариқасида, аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатасида, сўнгра Сенатда кўриб чиқилади. Мазкур конституциявий нормалардан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мурожаатида кўрсатилган масала Сенатнинг тегишли қарори билан ҳам тасдиқлангандан сўнг амалга оширилади.

Юқоридагилар асосида Конституциявий суд Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан референдумни тайинлаш тартибига риоя этилган, деган хулосага келади.

3. Референдумга қўйилаётган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасида референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалалар мавжудлиги юзасидан.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 9-моддасига мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади.

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ қуйидаги масалалар референдум предмети бўлиши мумкин эмас:

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва солиқлар;

амнистия ва афв этиш;

жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори билан «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонун лойиҳаси референдумга қўйилмоқда.

Конституциявий суд томонидан ўрганиб чиқилган Конституциявий Қонун лойиҳасида «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасида белгиланган референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалалар аниқланмади.

Хусусан, Конституциявий суд «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасида референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалалар бор ёки йўқлиги нуқтаи назаридан ўрганганда қуйидагиларни аниқлади:

«Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси 11 та моддадан иборат бўлиб, мамлакат ва жамият ҳаётининг энг муҳим масалаларини тартибга солишга қаратилган.

Конституциявий Қонун лойиҳасининг 1-моддаси билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси янги таҳрирда тасдиқланмоқда, хусусан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасининг муқаддимаси янада ривожлантирилиб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида қайд этилган, инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамият барпо этиш масъулияти акс эттирилган.

Лойиҳанинг асосий принципларга оид биринчи бўлимида ( 1 — 18-моддалар ) Ўзбекистоннинг «суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат» сифатидаги ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланмоқда ( 1-модда ). Конституция олий юридик кучга эгалиги, тўғридан-тўғри амал қилиши белгилаб қўйилмоқда ( 15-модда ), Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати принциплари «давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги» принципи билан тўлдирилмоқда ( 17-модда );

Лойиҳанинг инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган иккинчи бўлимида ( 19 — 64-моддалар ) инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш — давлатнинг олий мақсади этиб белгиланмоқда ( 54-модда ). Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги ( 20-модда ), инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда ( 26-модда ).

Инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилмоқда. Хусусан, экология ( 49-модда ), соғлиқни сақлаш ( 48-модда ), гендер тенглик (58-модда), эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, мамлакатдан чиқиш ва монеликсиз қайтиш ( 32-модда ), шахсий маълумотлар ҳимояси ( 31-модда ), танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиш ( 51-модда ), бепул юридик ёрдам олиш (29-модда), давлат хизматига киришда тенглик ( 37-модда ), уй-жойга эга бўлиш, ундан маҳрум этилганда компенсация олиш ( 47-модда ), банк операциялари ва ҳисобварақларининг сир сақланиши ( 41-модда ), дам олиш ( 45-модда ), тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олиш ( 48-модда ), қонунчиликка оид таклиф киритиш ( 98-модда ) каби янги конституциявий ҳуқуқлар киритилмоқда.

Лойиҳанинг жамият ва шахс ҳақидаги учинчи бўлимида ( 65 — 82-моддалар ) бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш (65-модда), қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш ( 67-модда ) ҳақидаги қоидалар мустаҳкамланмоқда. Мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши ( 65-модда ), товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланмоқда ( 67-модда ).

Оила, болалар ва ёшлар ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиб, давлатнинг бола ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш ( 77 ва 78-моддалар ), ёшларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш бўйича масъулияти белгиланмоқда (79-модда ).

Оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолияти кафолатлари мустаҳкамланиб, оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда, улар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда ( 81 ва 82-моддалар ).

Лойиҳанинг маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши масалаларига тааллуқли тўртинчи бўлими ( 83 — 90-моддалар ) амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдирилмоқда, ушбу моддаларга ўзгартириш киритилмаган, фақатгина Конституция моддаларининг сони кўпайганлиги муносабати билан ушбу моддаларнинг тартиб рақами ўзгармоқда.

Лойиҳанинг давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши тўғрисидаги бешинчи бўлимида ( 91 — 153-моддалар ) парламент палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда. Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар Қонунчилик палатасига ўтказилмоқда ( 94-модда ). Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ваколатлари Сенатга ўтказилмоқда. Хусусан, Бош прокурор, Ҳисоб палатаси, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиши, монополияга ва коррупцияга қарши курашиш органлари раҳбарлари ҳамда Судьялар олий кенгашининг барча аъзолари Сенат томонидан сайланиши амалиёти жорий этилмоқда ( 95-модда ).

Ҳукуматнинг Олий Мажлис ва Президент олдидаги жавобгарлиги кучайтирилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятини Президент томонидан белгилаб бериладиган ижро этувчи ҳокимиятнинг асосий йўналишлари доирасида амалга ошириши ( 114-модда ), Бош вазир номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қонунчилик палатасига тақдим этилиши, Ҳукумат аъзолари қуйи палата розилиги билан лавозимга тайинланиши белгиланмоқда, Қонунчилик палатасига Ҳукумат аъзосининг ҳисоботини эшитиш ва уни истеъфога чиқариш тўғрисида таклиф киритиш ваколати берилмоқда ( 118-модда ). Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш ваколати чиқарилмоқда ( 120-модда ).

Судьялар дахлсизлиги ва муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги ( 136-модда ), уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, судлар фаолиятини молиялаштириш фақат Давлат бюджетидан амалга оширилиши ( 140-модда ) каби конституциявий нормалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяларининг ваколат муддати ўзгартирилмоқда. Хусусан, амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари биринчи марта беш йилга, кейин ўн йилга сайланса, янги тартибга кўра судьялар қайта сайлаш ҳуқуқисиз ўн йил муддатга сайланади ( 132-модда ). Бу норма Конституциявий суд судьяларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасида акс эттирилаётган юқорида қайд этилган ва бошқа ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларида назарда тутилган мажбуриятларига мувофиқдир.

Конституциявий Қонун лойиҳасининг 2 — 7-моддаларида унинг кучга кириши, тўғридан-тўғри амал қилиши, давлат ҳокимияти органлари ва давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига нисбатан қўлланилиши тартиби ва муддатлари баён этилган. Хусусан, Конституциявий Қонуннинг давлат ҳокимияти мансабдор шахсларининг ваколат муддатлари, сайланиш (тайинланиш) тартиби ва (ёки) шартларини ўзгартирувчи ва (ёки) бошқача тарзда таъсир қилувчи қоидалари ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтда мазкур лавозимларни эгаллаб турган шахсларга нисбатан қўлланилиши ва ушбу шахслар мазкур Конституциявий Қонун кучга кирган пайтда кўрсатилган лавозимларни эгаллаганлиги ва (ёки) эгаллаб келаётганлигининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар бошқа фуқаролар билан тенг равишда Конституция , шу жумладан ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Конституция , талабларига мувофиқ ушбу лавозимларга сайланиш (тайинланиш) ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда. Яъни, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида сайлаш (тайинлаш) тартиби ва (ёки) муддати ўзгараётган барча давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига бу қоида тегишли.

Бинобарин, мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар Конституциянинг 7-моддасида белгиланган халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир, деган концептуал қоидага мувофиқ равишда халқ муҳокамасига тақдим этилиб, референдумга қўйилиб, халқ томонидан қўллаб-қувватлансагина, конституциявий-ҳуқуқий аҳамият касб этади.

Конституциявий Қонун лойиҳасининг 8 — 11-моддалари билан ушбу Конституциявий Қонун ва унинг таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби, ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормаларини амалга ошириш, мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ва тушунтириш, конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиётини ташкил этиш бўйича тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Олий суд ва Вазирлар Маҳкамаси олдига вазифалар қўйилмоқда.

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддасига мувофиқ умумхалқ овози — референдумга қўйилаётган «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунни лойиҳаси овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи томонидан ёқлаб овоз берилган тақдирда юридик кучга эга бўлади. Бунда рўйхатга киритилган фуқароларнинг ярмидан кўпи референдумда иштирок этган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдумни ўтган деб топади.

Конституциявий суд мазкур Конституциявий Қонун лойиҳасининг референдумга қўйилишини бевосита демократия, халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишнинг конституциявий-ҳуқуқий шакли ва ифодаси, деб ҳисоблайди. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси референдумда халқ томонидан тўғридан-тўғри қабул қилинса, ушбу ҳужжатнинг олий юридик кучи ва мақоми янада мустаҳкамланади, Конституцияда белгиланган Ўзбекистоннинг демократик республика эканлиги ҳақидаги тавсифи ( 1-модда ), халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи ҳисобланиши ( 7-модда ), фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита иштирок этиши ( 32-модда ) ҳақидаги конституциявий нормалардан келиб чиқади ҳамда Конституцияга мувофиқдир, деган хулосага келади.

Конституциявий суд «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасининг батафсил таҳлили асосида лойиҳада референдум предмети бўлмайдиган масалалар мавжуд эмас, деб топади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 109-моддаси биринчи қисмининг 1-банди , «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонун 4-моддаси биринчи қисмининг 1-банди , 67 , 69 , 70 , 72 ва 82-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартда қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги 3017-IV-сон қарори Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартда қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги 3017-IV-сон қарорига илова қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни лойиҳасида референдум предмети бўлмайдиган масалалар мавжуд эмас, шунингдек, ушбу Конституциявий Қонун лойиҳасини референдумга қўйиш Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб ҳисоблансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини қабул қилиш ва референдумни тайинлаш тартибига риоя этилган деб топилсин.

4. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатига юборилсин.

5. Мазкур қарор «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

6. Мазкур қарор қатъий, унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас ва у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди

Тошкент ш.,

2023 йил 13 март,

КСҚ-4-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.03.2023 й., 12/23/4/0142-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining

Qarori

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasining “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi referendumini oʻtkazish haqida”gi qarorining (ilovasi bilan) Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi ish yuzasidan

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi (keyingi oʻrinlarda — Konstitutsiyaviy sud) rais M. Abdusalomov, sudyalar A. Gafurov, J. Balkibayeva, K. Davletova, R. Ismaylov, A. Raximov va A. Raxmanovdan iborat tarkibda, katta ekspert Sh. Majidovning kotibligida, tarafning vakili — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasining qoʻmita raisi J. Shirinov, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Senatining qoʻmita raisi N. Umarov, tegishli davlat organlari va nodavlat tashkilotlari vakillari ishtirokida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasining murojaati boʻyicha Qonunchilik palatasining 2023-yil 10-martda qabul qilgan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi referendumini oʻtkazish haqida”gi qarorini (ilovasi bilan) Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi ishni ochiq sud majlisida koʻrib chiqdi.

Konstitutsiyaviy sud maʼruzachi sudya A. Gafurovning maʼruzasini, Oliy Majlis Qonunchilik palatasi qoʻmita raisi J. Shirinov, Oliy Majlis Senati qoʻmita raisi N. Umarov, adliya vaziri A. Toshqulov, Ilmiy-maslahat kengashi aʼzolari, huquqshunos olim va mutaxassislarning fikr va nuqtai nazarini eshitib, ish materiallarini oʻrganib chiqib, quyidagilarni aniqladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilib, 2023-yil 10-martda qabul qilgan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi referendumini oʻtkazish haqida”gi 3017-IV-son qarorining (ilovasi bilan) Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlashni soʻragan.

“Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy Qonunning 27-moddasiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish huquqiga ega.

“Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 6-moddasiga koʻra, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlari qonun hujjati shaklidagi normativ-huquqiy hujjat hisoblanadi.

Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 109-moddasi birinchi qismining 1-bandi va “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy Qonunning 4-moddasi 1-bandiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlarining Konstitutsiyaga muvofiqligini aniqlaydi.

Murojaat va ilovalarda Konstitutsiyaga muvofiqligi tekshirilishi lozim boʻlgan Oliy Majlis Qonunchilik palatasi qarorining nomi, raqami, qabul qilingan sanasi, murojaatni Konstitutsiyaviy sudda koʻrib chiqishning huquqiy asoslari, asoslantirish, Oliy Majlis Qonunchilik palatasining joylashgan eri, pochta manzili toʻgʻrisidagi zarur maʼlumotlar hamda ilova qilinayotgan hujjatlar roʻyxati koʻrsatilgan.

Yuqoridagilarga asosan murojaat “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy Qonunning 29-moddasida belgilangan Konstitutsiyaviy sudga murojaatga qoʻyiladigan talablarga javob beradi hamda uni koʻrib chiqish uchun qabul qilishni rad etishga asoslar mavjud emas.

Bayon etilganlardan kelib chiqib, Konstitutsiyaviy sud mazkur murojaatni koʻrib chiqish mumkin degan xulosaga keldi.

Oliy Majlis Qonunchilik palatasi tomonidan taqdim etilgan 2023-yil 10-martdagi “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi referendumini oʻtkazish haqida”gi qarori (keyingi oʻrinlarda — Qonunchilik palatasi qarori) quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻn bir banddan va ilovadan iborat:

“Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasining matni 2022-yil 25-iyundan 1-avgustga qadar oʻtkazilgan umumxalq muhokamasida va undan keyingi jarayonlarda kelib tushgan takliflar, fikr-mulohazalarni inobatga olgan holda maromiga yetkazilganligi hamda bu haqda masʼul qoʻmitalarning xulosasi olinganligini maʼlumot uchun qabul qilish;

“Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasining nomini “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida” deb oʻzgartirish hamda uning matnini ilovaga muvofiq maʼqullash;

“Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi referendumini oʻtkazishni tayinlash;

Oʻzbekiston Respublikasi referendumini 2023-yil 30-aprel — yakshanba kuni oʻtkazish;

Oʻzbekiston Respublikasi referendumida ovoz berish byulleteniga quyidagi matndagi masalani kiritish: “Siz “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonunini qabul qilasizmi?”;

“Oʻzbekiston Respublikasining referendumi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 40-moddasiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi referendumida qabul qilingan qaror Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy saylov komissiyasi tomonidan referendum yakunlari rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kirishi;

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy saylov komissiyasi Oʻzbekiston Respublikasi referendumini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha choralar koʻrishi;

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash uchun qarorni Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudiga yuborish;

qarorni Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati va Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy saylov komissiyasiga yuborish.

Oliy Majlis Qonunchilik palatasi qarorining 9-bandiga asosan mazkur qaror hamda “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasi Konstitutsiyaviy sudga taqdim etilgan.

“Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy Qonunning 82-moddasiga asosan Konstitutsiyaviy sud normativ-huquqiy hujjatning Konstitutsiyaga muvofiqligini toʻliqligicha yoki uning bir qismini tekshirayotganda:

normalar mazmuni boʻyicha;

normativ-huquqiy hujjatning shakli boʻyicha;

davlat organlari va mansabdor shaxslar oʻrtasida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi bilan belgilangan vakolatlarning chegaralanishi nuqtai nazaridan;

normativ-huquqiy hujjatning qabul qilinishi, imzolanishi, shuningdek rasmiy eʼlon qilinishi va amalga kiritilishi tartibi boʻyicha uning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlaydi.

Shundan kelib chiqib, Konstitutsiyaviy sud kiritilgan murojaatni har tomonlama va toʻliq oʻrganib chiqish uchun Oliy Majlis Qonunchilik palatasi qarorining mazmuni boʻyicha Konstitutsiyaga muvofiqligini tekshirish uchun quyidagi masalalarga aniqlik kiritishni maqsadga muvofiq deb hisobladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi tomonidan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasini qabul qilish tartibiga rioya qilinganligi;

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi tomonidan referendumni tayinlash tartibiga rioya etilganligi;

referendumga qoʻyilayotgan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasida referendum predmeti boʻlishi mumkin boʻlmagan masalalar mavjudligi.

Ushbu masalalarni oʻrganib chiqib, Konstitutsiyaviy sud quyidagilarni aniqladi.

1. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi tomonidan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasini qabul qilish tartibiga rioya qilinganligi masalasi boʻyicha.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasida Konstitutsiyani qabul qilish, unga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish tartibiga oid quyidagi normalar belgilangan: Konstitutsiyani qabul qilish, unga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish Oliy Majlis Qonunchilik palatasi va Senatining birgalikdagi vakolatlariga kiradi ( 78-modda birinchi qismi 1-bandi ), Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga oʻzgartirishlar tegishincha Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Qonunchilik palatasi deputatlari va Senati aʼzolari umumiy sonining kamida uchdan ikki qismidan iborat koʻpchiligi tomonidan qabul qilingan qonun yoki Oʻzbekiston Respublikasining referendumi bilan kiritiladi ( 127-modda ).

Konstitutsiyaviy sud Qonunchilik palatasi tomonidan ushbu konstitutsiyaviy normalarga rioya etilganligi holatini oʻrganganda quyidagilarni aniqladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish yuzasidan takliflarni shakllantirish va tashkiliy chora-tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha Oliy Majlis palatalari kengashlarining 2022-yil 20-maydagi qoʻshma qarori bilan Konstitutsiyaviy komissiya tuzilgan. Konstitutsiyaviy komissiya tarkibiga Oliy Majlis Qonunchilik palatasi deputatlari ham, Senat aʼzolari ham kiritilgan.

Konstitutsiyaviy Qonun loyihasini tayyorlash va maromiga yetkazishda Qonunchilik palatasining 2022-yil 24-iyundagi qarori bilan “Qonun loyihalarining umumxalq muhokamasi toʻgʻrisida”gi Qonun talablariga rioya etilgan holda ikki bosqichda umumxalq muhokamasi oʻtkazilganligi, ushbu jarayonda “Meningkonstitutsiyam.uz” elektron platformasi, qisqa raqamli koll-markazi, pochta aloqasi, mahallalar, xalq deputatlari mahalliy Kengashlari va ijtimoiy tarmoqlar orqali fuqarolardan 220 mingdan ortiq fikr va takliflar qabul qilingan va tahlil qilingan.

Xususan, “Qonun loyihalarining umumxalq muhokamasi toʻgʻrisida”gi Qonunning 14-moddasi talablaridan kelib chiqib, Konstitutsiyaviy Qonun loyihasi “Xalq soʻzi”, “Narodnoye slovo” gazetalari, “Meningkonstitutsiyam.uz” elektron platformasida eʼlon qilingan.

“Qonun loyihalarining umumxalq muhokamasi toʻgʻrisida”gi Qonunning 15-moddasi talablaridan kelib chiqib, Oliy Majlis Qonunchilik palatasi Korrupsiyaga qarshi kurashish va sud-huquq masalalari qoʻmitasi hamda Demokratik institutlar, nodavlat tashkilotlar va fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — masʼul qoʻmitalar) Konstitutsiyaviy Qonun loyihasi yuzasidan tushgan taklif va mulohazalarni hisobga olib borgan.

Taklif va mulohazalar umumlashtirilib, ekspert, mutaxassis va olimlar ishtirokida tahlil qilingan. Konstitutsiyaviy Qonun loyihasining umumxalq muhokamasi boʻyicha konferensiya, seminar va davra suhbatlari uyushtirilgan hamda kelib tushgan takliflar, fikr va mulohazalarni inobatga olgan holda Konstitutsiyaviy Qonun loyihasi maromiga yetkazilgan.

Konstitutsiyaviy Qonun loyihasining umumxalq muhokamasi yakunlari “Qonun loyihalarining umumxalq muhokamasi toʻgʻrisida”gi Qonunning 25-moddasi talablaridan kelib chiqib, Oliy Majlis Qonunchilik palatasi tomonidan koʻrib chiqilgan. Koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Oliy Majlis Qonunchilik palatasining 2022-yil 24-noyabrdagi 2703-IV-son Qarori qabul qilingan hamda masʼul qoʻmitalarga deputatlar tomonidan bildirilgan takliflarni inobatga olgan holda Konstitutsiyaviy Qonun loyihasi yuzasidan ishlarni davom ettirish topshirilgan.

Masʼul qoʻmitalar tomonidan tayyorlangan qoʻshma xulosa 2023-yil 7-martda Qonunchilik palatasiga koʻrib chiqish uchun kiritilgan. Qoʻshma xulosada “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasining nomini “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida” deb oʻzgartirish taklif etilgan. 2023-yil 9-10-mart kunlari Qonunchilik palatasining yalpi majlisida masʼul qoʻmitalarning qoʻshma xulosasi, shu jumladan, Konstitutsiyaviy Qonun loyihasi nomini oʻzgartirish boʻyicha taklifi koʻrib chiqilgan hamda qoʻllab-quvvatlangan.

Xususan, Oliy Majlis Qonunchilik palatasining 2023-yil 10-martdagi 3017-IV-son qarori bilan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasining nomi “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida” deb oʻzgartirilgan hamda uning matni mazkur qaror ilovasiga muvofiq maʼqullangan.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga kiritilayotgan oʻzgartish va qoʻshimchalarning hajmi va koʻlami, xususan, uning moddalari 128 tadan 155 taga koʻpayayotganligi, amaldagi 128 ta moddadan 91 tasiga konseptual oʻzgartirishlar kiritilayotganligini inobatga olib, Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasini yangi tahrirda bayon etishni asosli deb hisoblaydi.

Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiyaviy Qonun loyihasining umumxalq muhokamasidan oʻtkazilganligi va uning natijalari asosida Konstitutsiyaviy Qonun loyihasi maromiga yetkazilganligi, Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 78-moddasiga muvofiq Oliy Majlis Qonunchilik palatasi “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy Qonun loyihasi boʻyicha referendum oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilganligi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasida belgilangan xalq hokimiyatchiligi konstitutsiyaviy prinsipiga ( 7-modda ) mos kelishiga eʼtibor qaratadi.

Yuqorida bayon etilgan holatlardan kelib chiqib, Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi tomonidan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasini qabul qilishning qonunda belgilangan tartibiga rioya etilgan, degan xulosaga keladi.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi tomonidan referendumni tayinlash tartibiga rioya etilganligini aniqlash masalasi yuzasidan.

“Oʻzbekiston Respublikasining referendumi toʻgʻrisida”gi Qonunning 14-moddasida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining palatalari tomonidan referendumni tayinlash tartibi belgilangan boʻlib, unga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi referendum oʻtkazish tashabbusini koʻrsatish toʻgʻrisidagi materiallarni va masʼul qoʻmita xulosasini koʻrib chiqib, quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

referendumni tayinlash va uni oʻtkazishni taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida;

referendum oʻtkazish toʻgʻrisidagi tashabbusni rad etish haqida;

referendum oʻtkazish toʻgʻrisidagi tashabbusda taklif qilingan qonunni yoki boshqa qarorni referendum oʻtkazmasdan turib qabul qilish haqida.

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasining referendum masalasiga doir qarori mazkur qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch kun ichida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senatiga yuboriladi.

Taqdim etilgan maʼlumotlarning tahlil qilish asosida Konstitutsiyaviy sud Oliy Majlis Qonunchilik palatasining masʼul qoʻmitalari referendum oʻtkazish toʻgʻrisidagi materiallarni va oʻz xulosalarini 2023-yil 7-martda Qonunchilik palatasiga koʻrib chiqish uchun kiritganligini hamda 2023-yil 9 va 10-mart kunlari boʻlib oʻtgan Qonunchilik palatasining yalpi majlisida masʼul qoʻmitalarning ushbu tashabbusi maʼqullanganligini hamda Qonunchilik palatasining tegishli qarori qabul qilinib, Senatga yuborilganligini aniqladi.

Shuningdek, “Oʻzbekiston Respublikasining referendumi toʻgʻrisida”gi Qonunning 14-moddasiga muvofiq Oliy Majlis palatalarining referendumni oʻtkazish va referendum oʻtkaziladigan sanani tayinlash toʻgʻrisidagi qarorlarida uni oʻtkazish sanasi belgilanadi hamda bunda ovoz berish palatalarning qarorlari eʼlon qilingan kundan eʼtiboran bir yarim oydan uch oygacha boʻlgan davrda istalgan kunga tayinlanishi mumkinligi belgilab qoʻyilgan.

Konstitutsiyaviy sud Oliy Majlis Qonunchilik palatasining 2023-yil 10-martdagi referendum oʻtkazish masalasiga doir qarorida Oʻzbekiston Respublikasi referendumi 2023-yil 30-aprel — yakshanba kuni oʻtkazilishini belgilaganligi va bunda “Oʻzbekiston Respublikasining referendumi toʻgʻrisida”gi Qonunning 14-moddasida belgilangan talabga rioya etilganligini aniqladi.

Shu bilan birga, “Oʻzbekiston Respublikasining referendumi toʻgʻrisida”gi Qonunning 3-moddasida referendum oʻtkazilishini istisno etadigan holatlar belgilangan boʻlib, Konstitutsiyaviy sud mazkur masalani oʻrganib chiqdi va referendum oʻtkazilishini istisno etadigan holatlarni aniqlamadi.

Konstitutsiyaviy sud davlat organlari va mansabdor shaxslar oʻrtasida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi bilan belgilangan vakolatlarning chegaralanishi nuqtai nazaridan quyidagilarni aniqladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 78-moddasiga asosan Oʻzbekiston Respublikasining referendumini oʻtkazish toʻgʻrisida va uni oʻtkazish sanasini tayinlash haqida qaror qabul qilish Qonunchilik palatasi va Senatining birgalikdagi vakolatlari hisoblanadi. Palatalarning birgalikdagi vakolatlariga kiradigan masalalar, qoida tariqasida, avval Oliy Majlis Qonunchilik palatasida, soʻngra Senatda koʻrib chiqiladi. Mazkur konstitutsiyaviy normalardan kelib chiqib, xulosa qilish mumkinki, Oliy Majlis Qonunchilik palatasi murojaatida koʻrsatilgan masala Senatning tegishli qarori bilan ham tasdiqlangandan soʻng amalga oshiriladi.

Yuqoridagilar asosida Konstitutsiyaviy sud Oliy Majlis Qonunchilik palatasi tomonidan referendumni tayinlash tartibiga rioya etilgan, degan xulosaga keladi.

3. Referendumga qoʻyilayotgan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasida referendum predmeti boʻlishi mumkin boʻlmagan masalalar mavjudligi yuzasidan.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 9-moddasiga muvofiq, jamiyat va davlat hayotining eng muhim masalalari xalq muhokamasiga taqdim etiladi, umumiy ovozga (referendumga) qoʻyiladi.

“Oʻzbekiston Respublikasining referendumi toʻgʻrisida”gi Qonunning 2-moddasiga muvofiq quyidagi masalalar referendum predmeti boʻlishi mumkin emas:

Oʻzbekiston Respublikasining hududiy yaxlitligini oʻzgartirish;

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti va soliqlar;

amnistiya va afv etish;

jamoat tartibini, aholi sogʻligʻi va xavfsizligini taʼminlash boʻyicha favqulodda va shoshilinch chora-tadbirlar oʻtkazish;

Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalaridan kelib chiqadigan majburiyatlarni bajarish;

mansabdor shaxslarni tayinlash va vazifasidan ozod etish.

Oliy Majlis Qonunchilik palatasining qarori bilan “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonun loyihasi referendumga qoʻyilmoqda.

Konstitutsiyaviy sud tomonidan oʻrganib chiqilgan Konstitutsiyaviy Qonun loyihasida “Oʻzbekiston Respublikasining referendumi toʻgʻrisida”gi Qonunning 2-moddasida belgilangan referendum predmeti boʻlishi mumkin boʻlmagan masalalar aniqlanmadi.

Xususan, Konstitutsiyaviy sud “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasida referendum predmeti boʻlishi mumkin boʻlmagan masalalar bor yoki yoʻqligi nuqtai nazaridan oʻrganganda quyidagilarni aniqladi:

“Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasi 11 ta moddadan iborat boʻlib, mamlakat va jamiyat hayotining eng muhim masalalarini tartibga solishga qaratilgan.

Konstitutsiyaviy Qonun loyihasining 1-moddasi bilan Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi yangi tahrirda tasdiqlanmoqda, xususan, yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi loyihasining muqaddimasi yanada rivojlantirilib, inson, uning hayoti, erkinligi, shaʼni va qadr-qimmati oliy qadriyat sifatida qayd etilgan, insonparvar demokratik davlat, ochiq va adolatli jamiyat barpo etish masʼuliyati aks ettirilgan.

Loyihaning asosiy prinsiplarga oid birinchi boʻlimida ( 1 — 18-moddalar ) Oʻzbekistonning “suveren, demokratik, huquqiy, ijtimoiy va dunyoviy davlat” sifatidagi huquqiy maqomi mustahkamlanmoqda ( 1-modda ). Konstitutsiya oliy yuridik kuchga egaligi, toʻgʻridan toʻgʻri amal qilishi belgilab qoʻyilmoqda ( 15-modda ), Oʻzbekistonning tashqi siyosati prinsiplari “davlatlarning hududiy yaxlitligi” prinsipi bilan toʻldirilmoqda ( 17-modda );

Loyihaning inson va fuqaroning asosiy huquqlari, erkinliklari va burchlariga bagʻishlangan ikkinchi boʻlimida ( 19 — 64-moddalar ) inson huquq va erkinliklarini taʼminlash — davlatning oliy maqsadi etib belgilanmoqda ( 54-modda ). Inson va davlat organlari oʻrtasidagi yuzaga keladigan noaniqliklar inson foydasiga talqin qilinishi, huquqiy taʼsir choralari qonuniy maqsadga erishish uchun yetarli va mutanosib boʻlishi kerakligi ( 20-modda ), insonning shaʼni va qadr-qimmati daxlsizligi, hech narsa ularni kamsitish uchun asos boʻlishi mumkin emasligi belgilab qoʻyilmoqda ( 26-modda ).

Inson va fuqarolarning konstitutsiyaviy huquq va erkinliklari kengaytirilmoqda. Xususan, ekologiya ( 49-modda ), sogʻliqni saqlash ( 48-modda ), gender tenglik (58-modda), erkin harakatlanish, turar va yashash joyini erkin tanlash, mamlakatdan chiqish va moneliksiz qaytish ( 32-modda ), shaxsiy maʼlumotlar himoyasi ( 31-modda ), tanlov asosida davlat hisobidan bepul oliy maʼlumot olish ( 51-modda ), bepul yuridik yordam olish (29-modda), davlat xizmatiga kirishda tenglik ( 37-modda ), uy-joyga ega boʻlish, undan mahrum etilganda kompensatsiya olish ( 47-modda ), bank operatsiyalari va hisobvaraqlarining sir saqlanishi ( 41-modda ), dam olish ( 45-modda ), tibbiy yordamning kafolatlangan hajmini davlat hisobidan olish ( 48-modda ), qonunchilikka oid taklif kiritish ( 98-modda ) kabi yangi konstitutsiyaviy huquqlar kiritilmoqda.

Loyihaning jamiyat va shaxs haqidagi uchinchi boʻlimida ( 65 — 82-moddalar ) bozor munosabatlarini rivojlantirish, halol raqobat uchun shart-sharoit yaratish (65-modda), qulay investitsiyaviy va ishbilarmonlik muhitini taʼminlash ( 67-modda ) haqidagi qoidalar mustahkamlanmoqda. Mulkiy huquqlarni cheklash faqat sud qarori asosida boʻlishi ( 65-modda ), tovarlar, xizmatlar, mehnat resurslari va moliyaviy mablagʻlarning erkin harakatlanishi kafolatlanmoqda ( 67-modda ).

Oila, bolalar va yoshlar huquqlari kafolatlari kuchaytirilib, davlatning bola huquq va erkinliklarini taʼminlash va himoya qilish ( 77 va 78-moddalar ), yoshlarning huquqlarini amalga oshirish uchun shart-sharoit yaratish boʻyicha masʼuliyati belgilanmoqda (79-modda ).

Ommaviy axborot vositalari va fuqarolik jamiyati institutlari faoliyati kafolatlari mustahkamlanib, ommaviy axborot vositalari faoliyati erkinligi, ularning axborotni izlash, olish, undan foydalanish va uni tarqatishga boʻlgan huquqlari kafolatlanmoqda, ular faoliyatiga toʻsqinlik qilish yoki aralashish javobgarlikka sabab boʻlishi belgilanmoqda ( 81 va 82-moddalar ).

Loyihaning maʼmuriy-hududiy va davlat tuzilishi masalalariga taalluqli toʻrtinchi boʻlimi ( 83 — 90-moddalar ) amaldagi tahrirda oʻzgarishsiz qoldirilmoqda, ushbu moddalarga oʻzgartirish kiritilmagan, faqatgina Konstitutsiya moddalarining soni koʻpayganligi munosabati bilan ushbu moddalarning tartib raqami oʻzgarmoqda.

Loyihaning davlat hokimiyatining tashkil etilishi toʻgʻrisidagi beshinchi boʻlimida ( 91 — 153-moddalar ) parlament palatalarining vakolatlari qayta koʻrib chiqilmoqda. Davlat budjeti ijrosini nazorat qilish, Hisob palatasining hisobotini koʻrib chiqish kabi vakolatlar Qonunchilik palatasiga oʻtkazilmoqda ( 94-modda ). Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ayrim vakolatlari Senatga oʻtkazilmoqda. Xususan, Bosh prokuror, Hisob palatasi, Davlat xavfsizlik xizmati rahbarligiga nomzodlar avval Senatda koʻrib chiqilib, keyin Prezident tomonidan tayinlanishi, monopoliyaga va korrupsiyaga qarshi kurashish organlari rahbarlari hamda Sudyalar oliy kengashining barcha aʼzolari Senat tomonidan saylanishi amaliyoti joriy etilmoqda ( 95-modda ).

Hukumatning Oliy Majlis va Prezident oldidagi javobgarligi kuchaytirilmoqda. Vazirlar Mahkamasi oʻz faoliyatini Prezident tomonidan belgilab beriladigan ijro etuvchi hokimiyatning asosiy yoʻnalishlari doirasida amalga oshirishi ( 114-modda ), Bosh vazir nomzodi Oliy Majlis Qonunchilik palatasidagi barcha siyosiy partiyalar fraksiyalari bilan maslahatlashuvlar oʻtkazilganidan soʻng Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan Qonunchilik palatasiga taqdim etilishi, Hukumat aʼzolari quyi palata roziligi bilan lavozimga tayinlanishi belgilanmoqda, Qonunchilik palatasiga Hukumat aʼzosining hisobotini eshitish va uni isteʼfoga chiqarish toʻgʻrisida taklif kiritish vakolati berilmoqda ( 118-modda ). Hokimlarning xalq deputatlari Kengashlariga rahbarlik qilish vakolati chiqarilmoqda ( 120-modda ).

Sudyalar daxlsizligi va muayyan ishlar boʻyicha hisobdor boʻlmasligi ( 136-modda ), ularning xavfsizligini taʼminlash, sudlar faoliyatini moliyalashtirish faqat Davlat budjetidan amalga oshirilishi ( 140-modda ) kabi konstitutsiyaviy normalar kiritilmoqda.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi sudyalarining vakolat muddati oʻzgartirilmoqda. Xususan, amaldagi qonunchilikka koʻra, Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi sudyalari birinchi marta besh yilga, keyin oʻn yilga saylansa, yangi tartibga koʻra sudyalar qayta saylash huquqisiz oʻn yil muddatga saylanadi ( 132-modda ). Bu norma Konstitutsiyaviy sud sudyalarining xolisligi va mustaqilligini taʼminlashga xizmat qiladi.

Yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi loyihasida aks ettirilayotgan yuqorida qayd etilgan va boshqa oʻzgartish va qoʻshimchalar Oʻzbekistonning xalqaro shartnomalarida nazarda tutilgan majburiyatlariga muvofiqdir.

Konstitutsiyaviy Qonun loyihasining 2 — 7-moddalarida uning kuchga kirishi, toʻgʻridan toʻgʻri amal qilishi, davlat hokimiyati organlari va davlat hokimiyati mansabdor shaxslariga nisbatan qoʻllanilishi tartibi va muddatlari bayon etilgan. Xususan, Konstitutsiyaviy Qonunning davlat hokimiyati mansabdor shaxslarining vakolat muddatlari, saylanish (tayinlanish) tartibi va (yoki) shartlarini oʻzgartiruvchi va (yoki) boshqacha tarzda taʼsir qiluvchi qoidalari ushbu Konstitutsiyaviy Qonun kuchga kirgan paytda mazkur lavozimlarni egallab turgan shaxslarga nisbatan qoʻllanilishi va ushbu shaxslar mazkur Konstitutsiyaviy Qonun kuchga kirgan paytda koʻrsatilgan lavozimlarni egallaganligi va (yoki) egallab kelayotganligining surunkali muddatlari sonidan qatʼi nazar boshqa fuqarolar bilan teng ravishda Konstitutsiya , shu jumladan ushbu Konstitutsiyaviy Qonun tahriridagi Konstitutsiya , talablariga muvofiq ushbu lavozimlarga saylanish (tayinlanish) huquqiga ega boʻlishi belgilanmoqda. Yaʼni, yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasida saylash (tayinlash) tartibi va (yoki) muddati oʻzgarayotgan barcha davlat hokimiyati mansabdor shaxslariga bu qoida tegishli.

Binobarin, mazkur oʻzgartish va qoʻshimchalar Konstitutsiyaning 7-moddasida belgilangan xalq davlat hokimiyatining birdan bir manbaidir, degan konseptual qoidaga muvofiq ravishda xalq muhokamasiga taqdim etilib, referendumga qoʻyilib, xalq tomonidan qoʻllab-quvvatlansagina, konstitutsiyaviy-huquqiy ahamiyat kasb etadi.

Konstitutsiyaviy Qonun loyihasining 8 — 11-moddalari bilan ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va uning tahriridagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish tartibi, ushbu Konstitutsiyaviy Qonun tahriridagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining normalarini amalga oshirish, mazmun-mohiyatini keng jamoatchilikka yetkazish va tushuntirish, konstitutsiyaviy normalarni toʻgʻridan toʻgʻri amal qiluvchi hujjat sifatida qoʻllash yuzasidan yagona sud amaliyotini tashkil etish boʻyicha tegishincha Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari, Oliy sud va Vazirlar Mahkamasi oldiga vazifalar qoʻyilmoqda.

“Oʻzbekiston Respublikasining referendumi toʻgʻrisida”gi Qonunning 38-moddasiga muvofiq umumxalq ovozi — referendumga qoʻyilayotgan “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonunni loyihasi ovoz berishda ishtirok etgan fuqarolarning yarmidan koʻprogʻi tomonidan yoqlab ovoz berilgan taqdirda yuridik kuchga ega boʻladi. Bunda roʻyxatga kiritilgan fuqarolarning yarmidan koʻpi referendumda ishtirok etgan boʻlsa, Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy saylov komissiyasi referendumni oʻtgan deb topadi.

Konstitutsiyaviy sud mazkur Konstitutsiyaviy Qonun loyihasining referendumga qoʻyilishini bevosita demokratiya, xalq hokimiyatchiligini amalga oshirishning konstitutsiyaviy-huquqiy shakli va ifodasi, deb hisoblaydi. Yangi tahrirdagi Konstitutsiya loyihasi referendumda xalq tomonidan toʻgʻridan toʻgʻri qabul qilinsa, ushbu hujjatning oliy yuridik kuchi va maqomi yanada mustahkamlanadi, Konstitutsiyada belgilangan Oʻzbekistonning demokratik respublika ekanligi haqidagi tavsifi ( 1-modda ), xalq davlat hokimiyatining birdan bir manbai hisoblanishi ( 7-modda ), fuqarolar jamiyat va davlat ishlarini boshqarishda bevosita ishtirok etishi ( 32-modda ) haqidagi konstitutsiyaviy normalardan kelib chiqadi hamda Konstitutsiyaga muvofiqdir, degan xulosaga keladi.

Konstitutsiyaviy sud “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasining batafsil tahlili asosida loyihada referendum predmeti boʻlmaydigan masalalar mavjud emas, deb topadi.

Yuqoridagilardan kelib chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi 109-moddasi birinchi qismining 1-bandi , “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy Qonun 4-moddasi birinchi qismining 1-bandi , 67 , 69 , 70 , 72 va 82-moddalariga amal qilgan holda, Konstitutsiyaviy sud qaror qildi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasining 2023-yil 10-martda qabul qilgan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi referendumini oʻtkazish haqida”gi 3017-IV-son qarori Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq deb topilsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasining 2023-yil 10-martda qabul qilgan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi referendumini oʻtkazish haqida”gi 3017-IV-son qaroriga ilova qilingan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasida referendum predmeti boʻlmaydigan masalalar mavjud emas, shuningdek, ushbu Konstitutsiyaviy Qonun loyihasini referendumga qoʻyish Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq deb hisoblansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi tomonidan “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni loyihasini qabul qilish va referendumni tayinlash tartibiga rioya etilgan deb topilsin.

4. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Qonunchilik palatasi va Senatiga yuborilsin.

5. Mazkur qaror “Xalq soʻzi” va “Narodnoye slovo” gazetalari, “Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami”, Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi va Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinsin.

6. Mazkur qaror qatʼiy, uning ustidan shikoyat qilinishi mumkin emas va u rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi

Toshkent sh.,

2023-yil 13-mart,

KSQ-4-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 13.03.2023-y., 12/23/4/0142-son)

lex.uz