📅 2023-yil 29-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 29-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 29 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 марта 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 March 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
СХЕМАСИ
ТАРКИБИ
РЎЙХАТИ
Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларга таълим ва тарбия бериш тизимини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Давлат тиббиёт муассасаларида гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларни узлуксиз таълим-тарбия жараёнига жалб қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар учун мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 5 майдаги 234-сон қарорига мувофиқ Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш жараёнларини самарали ташкил этиш учун «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси (кейинги ўринларда — Меҳрли мактаб) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болалар даволанаётган давлат тиббиёт муассасаларида (кейинги ўринларда — тиббиёт муассасалари) Меҳрли мактабнинг юридик шахс бўлмаган филиалларини (кейинги ўринларда — филиаллар) 2023 — 2028 йилларда босқичма-босқич, бироқ ҳар йили камида 3 та ҳудудда ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
3. Белгилансинки:
а) филиалларнинг асосий мақсади — тиббиёт муассасаларида гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларнинг ҳаётга ижтимоий мослашувини, уларнинг мактабгача таълим ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларида таълимни давом эттиришга тайёрлигини таъминлаш ҳисобланади;
б) Меҳрли мактабда филиаллар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун — Меҳрли мактаб директорининг филиаллар билан ишлаш бўйича ўринбосари, ходимлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун — 1 та штат бирлигидан иборат кадрлар билан ишлаш бўйича инспектор лавозимлари жорий этилади;
в) филиаллар тегишли тиббиёт муассасаларида ажратилган хоналарга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади;
г) филиаллар ходимларига Меҳрли мактаб ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади;
д) филиаллар ходимлари Меҳрли мактаб директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
е) ҳар бир филиалда қуйидаги лавозимлар жорий этилади:
мактабгача таълим ва тарбияни ташкил этиш учун — ҳар бир гуруҳ учун тарбиячи (1 та штат бирлиги) ва тарбиячи ёрдамчиси (1 та штат бирлиги);
умумий ўрта таълимни ташкил этиш учун — педагог ходимлар (3 та штат бирлиги);
психолог (1 та штат бирлиги);
ж) Меҳрли мактаб директорига, заруратга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда, филиаллар ходимларининг умумий чекланган сони доирасида уларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.
4. Қуйидагилар:
«Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш схемаси 1-иловага мувофиқ;
«Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ишчи гуруҳ (Ҳ. Умарова, Э. Баситханова)га Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда, филиалларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш вазифаси юклатилсин.
6. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамасининг «Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар учун мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 5 майдаги 234-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин;
мазкур қарорни амалга ошириш бўйича топшириқлар рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Ў. Умарова ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Ш. Иноятов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 мартдаги 134-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддат 1-босқич Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси филиалларини (филиаллар) очиш учун шарт-шароитларни ўрганади ва ўрганиш якунлари тўғрисида «Меҳрли мактаб» филиаллари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишчи гуруҳ (Ишчи гуруҳ)га маълумот тақдим этади. Ҳар йили 1 сентябрга қадар 2-босқич Ишчи гуруҳ 1. Тақдим этилган маълумотларни ўрганади ва филиаллар очишнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса тайёрлайди. 2. Ишчи гуруҳ хулосасини Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этади. 15 кун ичида 3-босқич Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 1. Ижобий хулоса асосида филиаллар очиладиган тиббиёт муассасаларининг биноларини бюджет маблағлари ҳисобидан тайёрлайди (таъмирлаш, қурилиш ишларини бажариш ҳамда жиҳозлаш). 2. Филиалнинг жойлашуви ҳамда унинг фаолият бошлашга тайёрлиги ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини хабардор қилади. Хулоса олингандан сўнг 3 ой ичида 4-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 1. Филиални у очиладиган тиббиёт муассасалари хоналарига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш чораларини кўради. 2. Филиал фаолиятини йўлга қўйиш, белгиланган лавозимлар бўйича штатларни киритиш, унинг низомини тасдиқлашни назарда тутувчи буйруқ чиқаради. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан хабардор қилингандан бошлаб 10 кун ичида 5-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Филиални ходимлар билан таъминлайди, шунингдек, уни моддий-техника базасини мустаҳкамлайди. 2 ой давомида
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 мартдаги 134-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишчи гуруҳ
1. Ҳ.Ў. Умарова — мактабгача ва мактаб таълими вазири, ишчи гуруҳ раҳбари 2. Э.И. Баситханова — соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари 3. А.В. Шин — мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари — Мактабгача таълим агентлиги директори 4. Б.К. Юсупалиев — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси 5. Н.И. Алимова — «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси директори, ишчи гуруҳ котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 мартдаги 134-сон қарорига 3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар учун мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 5 майдаги 234-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болалар учун мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида».
2. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларга узлуксиз таълим-тарбия беришни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:».
3. 2-бандда :
а) иккинчи хатбошидаги «Халқ» сўзи «Мактабгача ва мактаб» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
в) тўртинчи хатбошидаги «Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлигига Молия вазирлиги билан келишилган» сўзлари «Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган» сўзлари билан алмаштирилсин;
г) бешинчи хатбошидаги «(Марказ томонидан қопланадиган харажатлардан ташқари) Халқ» сўзлари «(тиббиёт муассасалари томонидан қопланадиган харажатлардан ташқари) Мактабгача ва мактаб» сўзлари билан алмаштирилсин;
д) олтинчи хатбошидаги «Марказда» сўзи «тиббиёт муассасаларида» сўзлари билан алмаштирилсин;
е) еттинчи хатбошидаги «Халқ» сўзи «Мактабгача ва мактаб» сўзлари билан алмаштирилсин;
ж) тўртинчи — еттинчи хатбошилар тегишинча учинчи — олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
4. 3-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларга мактабгача ва умумий ўрта таълим беришни ташкил этиш тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:».
5. 4-бандда :
а) биринчи хатбошидаги «Молия» сўзи «Иқтисодиёт ва молия» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) учинчи хатбошидаги «Халқ» сўзи «Мактабгача ва мактаб» сўзлари билан алмаштирилсин.
6. 6-бандда :
а) биринчи хатбошидаги «Халқ» сўзи «Мактабгача ва мактаб» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) учинчи хатбошидан «Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда» сўзлари чиқариб ташлансин;
7. 8-банддаги «халқ таълими вазири Б.О. Саидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.В. Шин» сўзлари «мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Ў. Умарова ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Ш. Иноятов» сўзлари билан алмаштирилсин.
8. Илова (Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга мактабгача ва умумий ўрта таълим беришни ташкил этиш тўғрисидаги низом)да:
а) номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларга мактабгача ва умумий ўрта таълим беришни ташкил этиш тўғрисида
НИЗОМ»;
б) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Ушбу Низом Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ҳамда гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор шароитда тегишли давлат тиббиёт муассасаларида (кейинги ўринларда — тиббиёт муассасалари) даволанаётган болаларга мактабгача ва умумий ўрта таълим бериш жараёнларини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Тиббиёт муассасаларида даволанаётган болаларга мактабгача ва умумий ўрта таълим бериш жараёнлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги юридик шахс бўлган «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси ҳамда унинг юридик шахс бўлмаган филиаллари (кейинги ўринларда — Меҳрли мактаб) томонидан ташкил этилади»;
в) 3-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Марказда» сўзи «тиббиёт муассасаларида» сўзлари билан алмаштирилсин;
г) 4-бандда :
иккинчи хатбошидаги «даволанаётларнинг» сўзи «даволанаётганларнинг» сўзи билан алмаштирилсин;
учинчи ва тўртинчи хатбошилардан «Меҳрли мактабда» сўзлари чиқариб ташлансин;
д) 6-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Марказнинг» сўзи «тиббиёт муассасаларининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
е) 8-банддаги «Мактабгача таълим» сўзлари «Мактабгача ва мактаб таълими» сўзлари билан алмаштирилсин;
ж) 9-банддаги «Марказда» сўзи «Меҳрли мактабда» сўзлари билан алмаштирилсин;
з) 14-банддаги «дарсдан» сўзи «таълим жараёнидан» сўзлари билан алмаштирилсин;
и) 15-банддан «Марказда ётган,» сўзлари чиқариб ташлансин;
к) 17-банддаги «машғулотлар жадвали» сўзлари «болалар фаолиятининг кун тартиби» сўзлари билан алмаштирилсин;
л) 24-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
м) 26-банддаги «Марказда даволанаётганлар учун Халқ» сўзлари «Даволанаётганлар учун Мактабгача ва мактаб» сўзлари билан алмаштирилсин;
н) 27-банддаги «Халқ» сўзи «Мактабгача ва мактаб» сўзлари билан алмаштирилсин;
о) 28-банддаги «Марказда» сўзи «тиббиёт муассасаларида» сўзлари билан алмаштирилсин;
п) 29-банддан «Марказда» сўзи чиқариб ташлансин;
р) 31-банддаги «Марказга» сўзи «тиббиёт муассасаларига» сўзлари билан алмаштирилсин;
с) 32-банддаги «Марказдан» сўзи «тиббиёт муассасаларидан» сўзлари билан алмаштирилсин;
т) 34-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«34. Даволанаётганларнинг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тиббиёт муассасаларида даволаниш вақтига тўғри келганда якуний давлат аттестацияси Меҳрли мактаб томонидан, филиалларда эса асосий мактаб томонидан даволаниш муддати тугагандан сўнг ташкил этилади»;
у) 35-банддаги «Марказда» сўзи «тиббиёт муассасаларида» сўзлари билан алмаштирилсин;
ф) 36-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«36. Марказларда дарс машғулотининг давомийлиги 30 дақиқа бўлади. Болаларнинг саломатлик ҳолатига кўра дарс машғулотлари қисқартирилиши мумкин»;
х) 39-бандда :
иккинчи хатбошидаги «Халқ» сўзи «Мактабгача ва мактаб» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Филиалнинг фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси филиал психологига юклатилади»;
ц) 41-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«41. Меҳрли мактаб директори ва унинг ўринбосарлари Мактабгача ва мактаб таълими вазири томонидан тайинланади ва эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.
Меҳрли мактаб ходимлари Меҳрли мактаб директори томонидан тайинланади ва эгаллаб турган лавозимидан озод этилади»;
ч) 42-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«42. Меҳрли мактаб ходимларининг лавозим мажбуриятлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади»;
ш) 44-банддаги «Халқ» сўзи «Мактабгача ва мактаб» сўзлари билан алмаштирилсин;
э) 45-бандда :
биринчи хатбошидан «тажриба-синов тариқасида» сўзлари чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«филиаллар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича директор ўринбосари — 1 нафар штат бирлиги;
кадрлар билан ишлаш бўйича инспектор — 1 нафар штат бирлиги;»;
бешинчи — еттинчи хатбошилар тегишлича еттинчи — тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги 45 1 -банд билан тўлдирилсин:
«45 1 . Меҳрли мактабнинг ҳар бир ташкил этиладиган филиаллари учун уларда таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш мақсадида қуйидаги лавозимлар жорий этилади:
умумий ўрта таълимни ташкил этиш учун — педагог ходимлар (3 та штат бирлиги);
мактабгача таълим ва тарбияни ташкил этиш учун — ҳар бир гуруҳ учун тарбиячи (1 та штат бирлиги) ва тарбиячи ёрдамчиси (1 та штат бирлиги);
психолог (1 та штат бирлиги)»;
ю) 46-бандда :
учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Меҳрли мактаб директор ўринбосарлари учун ўқувчилар контингентининг биринчи гуруҳи учун белгиланган умумтаълим муассасалари ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарининг базавий тариф ставкаси қўлланилади;»;
бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
олтинчи ва еттинчи хатбошилар тегишлича бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги 48 1 -банд билан тўлдирилсин:
«48 1 . Меҳрли мактаб директорининг филиаллар билан ишлаш бўйича ўринбосари:
филиаллар фаолиятини мувофиқлаштиради;
филиаллар томонидан олиб бориладиган таълим ва тарбия жараёнини назорат қилади;
филиалларга қабул қилинадиган ходимларни ишга қабул қилиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
филиалларда таълим ва тарбия олган болаларнинг мониторингини юритади;
филиалларда таълим олган болаларга бериладиган маълумотнома тайёрлайди ҳамда Меҳрли мактаб раҳбари имзоси билан филиалларга юборади;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган лавозим мажбуриятларига киритилган бошқа вазифаларни бажаради».
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 мартдаги 134-сон қарорига 4-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 мартдаги 134-сон қарорини амалга ошириш бўйича топшириқлар
1. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
а) Педагогик таълимни ривожлантириш бўйича республика кенгаши, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасаларининг педагогика таълим соҳаси йўналишларидаги ўқув дастурларига «Даволаш педагогикаси» модулини киритиш ҳамда мазкур фанни ўқув жараёнларига жорий этиш;
Масъуллар: олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Ю. Абдураҳмонов, мактабгача ва мактаб таълими вазири — Ҳ.Ў. Умарова.
Ижро муддати: 2023 йил 1 октябрь;
б) Меҳрли мактабнинг уставига белгиланган тартибда тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш чораларини кўриш.
Масъул: вазир — Ҳ.Ў. Умарова.
Ижро муддати: икки ҳафта.
2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида манзилли ўрганишлар асосида тиббиёт муассасаларида филиалларни ташкил этиш юзасидан асослантирилган таклифларни шакллантирган ҳолда, Ишчи гуруҳга тақдим этиб бориш.
Масъул: соғликни сақлаш вазири ўринбосари — Э.И. Баситханова.
Ижро муддати: ҳар йили 1 сентябрга кадар.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
а) 2023 йилда филиаллар фаолиятини ташкил этишда талаб этиладиган зарур маблағларни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларига республика ва маҳаллий бюджетларга ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилишини таъминлаш;
Масъул: иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари — лавозими бўйича.
Ижро муддати: 2023 йил 1 май;
б) 2024 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳисоб-китобларга мувофиқ республика бюджети ва маҳаллий бюджетларда ушбу мақсадлар учун зарур маблағларни назарда тутиш.
Масъул: иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозими бўйича.
Ижро муддати: 2024 йил 1 январь.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 29 март,
134-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
SXEMASI
TARKIBI
ROʻYXATI
Gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalarga taʼlim va tarbiya berish tizimini yanada kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Davlat tibbiyot muassasalarida gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalarni uzluksiz taʼlim-tarbiya jarayoniga jalb qilish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Vazirlar Mahkamasining “Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazida davolanayotgan bolalar uchun maktabgacha taʼlim va tarbiya hamda umumiy oʻrta taʼlim berish tizimini joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 5-maydagi 234-son qaroriga muvofiq Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazida davolanayotgan bolalarga maktabgacha taʼlim va tarbiya hamda umumiy oʻrta taʼlim berish jarayonlarini samarali tashkil etish uchun “Mehrli maktab” davlat taʼlim muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Mehrli maktab) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Sogʻliqni saqlash vazirligining gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalar davolanayotgan davlat tibbiyot muassasalarida (keyingi oʻrinlarda — tibbiyot muassasalari) Mehrli maktabning yuridik shaxs boʻlmagan filiallarini (keyingi oʻrinlarda — filiallar) 2023 — 2028-yillarda bosqichma-bosqich, biroq har yili kamida 3 ta hududda tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
3. Belgilansinki:
a) filiallarning asosiy maqsadi — tibbiyot muassasalarida gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalarning hayotga ijtimoiy moslashuvini, ularning maktabgacha taʼlim hamda umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida taʼlimni davom ettirishga tayyorligini taʼminlash hisoblanadi;
b) Mehrli maktabda filiallar faoliyatini muvofiqlashtirib borish uchun — Mehrli maktab direktorining filiallar bilan ishlash boʻyicha oʻrinbosari, xodimlar faoliyatini muvofiqlashtirib borish uchun — 1 ta shtat birligidan iborat kadrlar bilan ishlash boʻyicha inspektor lavozimlari joriy etiladi;
v) filiallar tegishli tibbiyot muassasalarida ajratilgan xonalarga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtiriladi;
g) filiallar xodimlariga Mehrli maktab xodimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash shartlari tatbiq etiladi;
d) filiallar xodimlari Mehrli maktab direktori tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi;
e) har bir filialda quyidagi lavozimlar joriy etiladi:
maktabgacha taʼlim va tarbiyani tashkil etish uchun — har bir guruh uchun tarbiyachi (1 ta shtat birligi) va tarbiyachi yordamchisi (1 ta shtat birligi);
umumiy oʻrta taʼlimni tashkil etish uchun — pedagog xodimlar (3 ta shtat birligi);
psixolog (1 ta shtat birligi);
j) Mehrli maktab direktoriga, zaruratga koʻra, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi bilan kelishilgan holda, filiallar xodimlarining umumiy cheklangan soni doirasida ularga oʻzgartirish kiritish huquqi beriladi.
4. Quyidagilar:
“Mehrli maktab” davlat taʼlim muassasasi filiallarini tashkil etish va faoliyatini yoʻlga qoʻyish sxemasi 1-ilovaga muvofiq;
“Mehrli maktab” davlat taʼlim muassasasi filiallarini tashkil etish va faoliyatini yoʻlga qoʻyish boʻyicha ishchi guruh tarkibi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Ishchi guruh (H. Umarova, E. Basitxanova)ga Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan oʻzaro hamkorlik qilgan holda, filiallarni tashkil etish va ularning faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyish vazifasi yuklatilsin.
6. Quyidagilar:
Vazirlar Mahkamasining “Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazida davolanayotgan bolalar uchun maktabgacha taʼlim va tarbiya hamda umumiy oʻrta taʼlim berish tizimini joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 5-maydagi 234-son qaroriga 3-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin;
mazkur qarorni amalga oshirish boʻyicha topshiriqlar roʻyxati 4-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri H.Oʻ. Umarova hamda Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.Sh. Inoyatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 29-martdagi 134-son qaroriga 1-ILOVA
“Mehrli maktab” davlat taʼlim muassasasi filiallarini tashkil etish va faoliyatini yoʻlga qoʻyish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddat 1-bosqich Sogʻliqni saqlash vazirligi “Mehrli maktab” davlat taʼlim muassasasi filiallarini (filiallar) ochish uchun shart-sharoitlarni oʻrganadi va oʻrganish yakunlari toʻgʻrisida “Mehrli maktab” filiallari faoliyatini yoʻlga qoʻyish boʻyicha ishchi guruh (Ishchi guruh)ga maʼlumot taqdim etadi. Har yili 1-sentabrga qadar 2-bosqich Ishchi guruh 1. Taqdim etilgan maʼlumotlarni oʻrganadi va filiallar ochishning maqsadga muvofiqligi yoki muvofiq emasligi toʻgʻrisida xulosa tayyorlaydi. 2. Ishchi guruh xulosasini Sogʻliqni saqlash vazirligiga taqdim etadi. 15 kun ichida 3-bosqich Sogʻliqni saqlash vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 1. Ijobiy xulosa asosida filiallar ochiladigan tibbiyot muassasalarining binolarini budjet mablagʻlari hisobidan tayyorlaydi (taʼmirlash, qurilish ishlarini bajarish hamda jihozlash). 2. Filialning joylashuvi hamda uning faoliyat boshlashga tayyorligi haqida Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligini xabardor qiladi. Xulosa olingandan soʻng 3 oy ichida 4-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 1. Filialni u ochiladigan tibbiyot muassasalari xonalariga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirish choralarini koʻradi. 2. Filial faoliyatini yoʻlga qoʻyish, belgilangan lavozimlar boʻyicha shtatlarni kiritish, uning nizomini tasdiqlashni nazarda tutuvchi buyruq chiqaradi. Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan xabardor qilingandan boshlab 10 kun ichida 5-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Filialni xodimlar bilan taʼminlaydi, shuningdek, uni moddiy-texnika bazasini mustahkamlaydi. 2 oy davomida
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 29-martdagi 134-son qaroriga 2-ILOVA
“Mehrli maktab” davlat taʼlim muassasasi filiallarini tashkil etish va faoliyatini yoʻlga qoʻyish boʻyicha ishchi guruh
1. H.Oʻ. Umarova — maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri, ishchi guruh rahbari 2. E.I. Basitxanova — sogʻliqni saqlash vaziri oʻrinbosari, ishchi guruh rahbari oʻrinbosari 3. A.V. Shin — maktabgacha va maktab taʼlimi vazirining birinchi oʻrinbosari — Maktabgacha taʼlim agentligi direktori 4. B.K. Yusupaliyev — Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi raisi 5. N.I. Alimova — “Mehrli maktab” davlat taʼlim muassasasi direktori, ishchi guruh kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 29-martdagi 134-son qaroriga 3-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazida davolanayotgan bolalar uchun maktabgacha taʼlim va tarbiya hamda umumiy oʻrta taʼlim berish tizimini joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 5-maydagi 234-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Nomi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalar uchun maktabgacha taʼlim va tarbiya hamda umumiy oʻrta taʼlim berish tizimini joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”.
2. Muqaddima quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalarga uzluksiz taʼlim-tarbiya berishni taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:”.
3. 2-bandda :
a) ikkinchi xatboshidagi “Xalq” soʻzi “Maktabgacha va maktab” soʻzlari bilan almashtirilsin;
b) uchinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
v) toʻrtinchi xatboshidagi “Xalq taʼlimi vazirligi va Maktabgacha taʼlim vazirligiga Moliya vazirligi bilan kelishilgan” soʻzlari “Maktabgacha va maktab taʼlim vazirligiga Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishgan” soʻzlari bilan almashtirilsin;
g) beshinchi xatboshidagi “(Markaz tomonidan qoplanadigan xarajatlardan tashqari) Xalq” soʻzlari “(tibbiyot muassasalari tomonidan qoplanadigan xarajatlardan tashqari) Maktabgacha va maktab” soʻzlari bilan almashtirilsin;
d) oltinchi xatboshidagi “Markazda” soʻzi “tibbiyot muassasalarida” soʻzlari bilan almashtirilsin;
e) yettinchi xatboshidagi “Xalq” soʻzi “Maktabgacha va maktab” soʻzlari bilan almashtirilsin;
j) toʻrtinchi — yettinchi xatboshilar tegishincha uchinchi — oltinchi xatboshilar deb hisoblansin.
4. 3-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalarga maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim berishni tashkil etish toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:”.
5. 4-bandda :
a) birinchi xatboshidagi “Moliya” soʻzi “Iqtisodiyot va moliya” soʻzlari bilan almashtirilsin;
b) uchinchi xatboshidagi “Xalq” soʻzi “Maktabgacha va maktab” soʻzlari bilan almashtirilsin.
6. 6-bandda :
a) birinchi xatboshidagi “Xalq” soʻzi “Maktabgacha va maktab” soʻzlari bilan almashtirilsin;
b) uchinchi xatboshidan “Maktabgacha taʼlim vazirligi bilan birgalikda” soʻzlari chiqarib tashlansin;
7. 8-banddagi “xalq taʼlimi vaziri B.O. Saidov hamda Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha taʼlim vaziri A.V. Shin” soʻzlari “maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri H.Oʻ. Umarova hamda Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.Sh. Inoyatov” soʻzlari bilan almashtirilsin.
8. Ilova (Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazida davolanayotgan bolalarga maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim berishni tashkil etish toʻgʻrisidagi nizom)da:
a) nomi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalarga maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim berishni tashkil etish toʻgʻrisida
NIZOM”;
b) 1-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“1. Ushbu Nizom Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazida hamda gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator sharoitda tegishli davlat tibbiyot muassasalarida (keyingi oʻrinlarda — tibbiyot muassasalari) davolanayotgan bolalarga maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim berish jarayonlarini tashkil etish tartibini belgilaydi.
Tibbiyot muassasalarida davolanayotgan bolalarga maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim berish jarayonlari Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi yuridik shaxs boʻlgan “Mehrli maktab” davlat taʼlim muassasasi hamda uning yuridik shaxs boʻlmagan filiallari (keyingi oʻrinlarda — Mehrli maktab) tomonidan tashkil etiladi”;
v) 3-bandning ikkinchi xatboshisidagi “Markazda” soʻzi “tibbiyot muassasalarida” soʻzlari bilan almashtirilsin;
g) 4-bandda :
ikkinchi xatboshidagi “davolanayotlarning” soʻzi “davolanayotganlarning” soʻzi bilan almashtirilsin;
uchinchi va toʻrtinchi xatboshilardan “Mehrli maktabda” soʻzlari chiqarib tashlansin;
d) 6-bandning ikkinchi xatboshisidagi “Markazning” soʻzi “tibbiyot muassasalarining” soʻzlari bilan almashtirilsin;
e) 8-banddagi “Maktabgacha taʼlim” soʻzlari “Maktabgacha va maktab taʼlimi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
j) 9-banddagi “Markazda” soʻzi “Mehrli maktabda” soʻzlari bilan almashtirilsin;
z) 14-banddagi “darsdan” soʻzi “taʼlim jarayonidan” soʻzlari bilan almashtirilsin;
i) 15-banddan “Markazda yotgan,” soʻzlari chiqarib tashlansin;
k) 17-banddagi “mashgʻulotlar jadvali” soʻzlari “bolalar faoliyatining kun tartibi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
l) 24-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;
m) 26-banddagi “Markazda davolanayotganlar uchun Xalq” soʻzlari “Davolanayotganlar uchun Maktabgacha va maktab” soʻzlari bilan almashtirilsin;
n) 27-banddagi “Xalq” soʻzi “Maktabgacha va maktab” soʻzlari bilan almashtirilsin;
o) 28-banddagi “Markazda” soʻzi “tibbiyot muassasalarida” soʻzlari bilan almashtirilsin;
p) 29-banddan “Markazda” soʻzi chiqarib tashlansin;
r) 31-banddagi “Markazga” soʻzi “tibbiyot muassasalariga” soʻzlari bilan almashtirilsin;
s) 32-banddagi “Markazdan” soʻzi “tibbiyot muassasalaridan” soʻzlari bilan almashtirilsin;
t) 34-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“34. Davolanayotganlarning yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tibbiyot muassasalarida davolanish vaqtiga toʻgʻri kelganda yakuniy davlat attestatsiyasi Mehrli maktab tomonidan, filiallarda esa asosiy maktab tomonidan davolanish muddati tugagandan soʻng tashkil etiladi”;
u) 35-banddagi “Markazda” soʻzi “tibbiyot muassasalarida” soʻzlari bilan almashtirilsin;
f) 36-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“36. Markazlarda dars mashgʻulotining davomiyligi 30 daqiqa boʻladi. Bolalarning salomatlik holatiga koʻra dars mashgʻulotlari qisqartirilishi mumkin”;
x) 39-bandda :
ikkinchi xatboshidagi “Xalq” soʻzi “Maktabgacha va maktab” soʻzlari bilan almashtirilsin;
quyidagi mazmundagi uchinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Filialning faoliyatini muvofiqlashtirish vazifasi filial psixologiga yuklatiladi”;
s) 41-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“41. Mehrli maktab direktori va uning oʻrinbosarlari Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri tomonidan tayinlanadi va egallab turgan lavozimidan ozod etiladi.
Mehrli maktab xodimlari Mehrli maktab direktori tomonidan tayinlanadi va egallab turgan lavozimidan ozod etiladi”;
ch) 42-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“42. Mehrli maktab xodimlarining lavozim majburiyatlari Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlanadi”;
sh) 44-banddagi “Xalq” soʻzi “Maktabgacha va maktab” soʻzlari bilan almashtirilsin;
e) 45-bandda :
birinchi xatboshidan “tajriba-sinov tariqasida” soʻzlari chiqarib tashlansin;
quyidagi mazmundagi beshinchi va oltinchi xatboshilar bilan toʻldirilsin:
“filiallar faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha direktor oʻrinbosari — 1 nafar shtat birligi;
kadrlar bilan ishlash boʻyicha inspektor — 1 nafar shtat birligi;”;
beshinchi — yettinchi xatboshilar tegishlicha yettinchi — toʻqqizinchi xatboshilar deb hisoblansin;
quyidagi mazmundagi 45 1 -band bilan toʻldirilsin:
“45 1 . Mehrli maktabning har bir tashkil etiladigan filiallari uchun ularda taʼlim-tarbiya jarayonlarini tashkil etish maqsadida quyidagi lavozimlar joriy etiladi:
umumiy oʻrta taʼlimni tashkil etish uchun — pedagog xodimlar (3 ta shtat birligi);
maktabgacha taʼlim va tarbiyani tashkil etish uchun — har bir guruh uchun tarbiyachi (1 ta shtat birligi) va tarbiyachi yordamchisi (1 ta shtat birligi);
psixolog (1 ta shtat birligi)”;
yu) 46-bandda :
uchinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Mehrli maktab direktor oʻrinbosarlari uchun oʻquvchilar kontingentining birinchi guruhi uchun belgilangan umumtaʼlim muassasalari oʻquv ishlari boʻyicha direktor oʻrinbosarining bazaviy tarif stavkasi qoʻllaniladi;”;
beshinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
oltinchi va yettinchi xatboshilar tegishlicha beshinchi va oltinchi xatboshilar deb hisoblansin;
quyidagi mazmundagi 48 1 -band bilan toʻldirilsin:
“48 1 . Mehrli maktab direktorining filiallar bilan ishlash boʻyicha oʻrinbosari:
filiallar faoliyatini muvofiqlashtiradi;
filiallar tomonidan olib boriladigan taʼlim va tarbiya jarayonini nazorat qiladi;
filiallarga qabul qilinadigan xodimlarni ishga qabul qilish yuzasidan takliflar tayyorlaydi;
filiallarda taʼlim va tarbiya olgan bolalarning monitoringini yuritadi;
filiallarda taʼlim olgan bolalarga beriladigan maʼlumotnoma tayyorlaydi hamda Mehrli maktab rahbari imzosi bilan filiallarga yuboradi;
Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlangan lavozim majburiyatlariga kiritilgan boshqa vazifalarni bajaradi”.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 29-martdagi 134-son qaroriga 4-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 29-martdagi 134-son qarorini amalga oshirish boʻyicha topshiriqlar
1. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi:
a) Pedagogik taʼlimni rivojlantirish boʻyicha respublika kengashi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda oliy taʼlim muassasalarining pedagogika taʼlim sohasi yoʻnalishlaridagi oʻquv dasturlariga “Davolash pedagogikasi” modulini kiritish hamda mazkur fanni oʻquv jarayonlariga joriy etish;
Masʼullar: oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri I.Yu. Abdurahmonov, maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri — H.Oʻ. Umarova.
Ijro muddati: 2023-yil 1-oktabr;
b) Mehrli maktabning ustaviga belgilangan tartibda tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish choralarini koʻrish.
Masʼul: vazir — H.Oʻ. Umarova.
Ijro muddati: ikki hafta.
2. Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida manzilli oʻrganishlar asosida tibbiyot muassasalarida filiallarni tashkil etish yuzasidan asoslantirilgan takliflarni shakllantirgan holda, Ishchi guruhga taqdim etib borish.
Masʼul: sogʻlikni saqlash vaziri oʻrinbosari — E.I. Basitxanova.
Ijro muddati: har yili 1-sentabrga kadar.
3. Iqtisodiyot va moliya vazirligi:
a) 2023-yilda filiallar faoliyatini tashkil etishda talab etiladigan zarur mablagʻlarni Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Sogʻliqni saqlash vazirligi va uning tizimidagi tashkilotlariga respublika va mahalliy budjetlarga ajratilgan mablagʻlar doirasida moliyalashtirilishini taʼminlash;
Masʼul: iqtisodiyot va moliya vazirining birinchi oʻrinbosari — lavozimi boʻyicha.
Ijro muddati: 2023-yil 1-may;
b) 2024-yildan boshlab har yili Davlat budjeti parametrlarida Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan taqdim etilgan hisob-kitoblarga muvofiq respublika budjeti va mahalliy budjetlarda ushbu maqsadlar uchun zarur mablagʻlarni nazarda tutish.
Masʼul: iqtisodiyot va moliya vazirining birinchi oʻrinbosari lavozimi boʻyicha.
Ijro muddati: 2024-yil 1-yanvar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 29-mart,
134-son