📅 2023-yil 3-aprel · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 3-aprel · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 3 апрель · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Соғлиқни сақлаш вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 3 апреля 2023 г. · Документы министерств и ведомств · Министр здравоохранения
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 3 April 2023 · Ministry and agency documents · Sogʻliqni saqlash vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
НАМУНАВИЙ ШАКЛИ
Халқ табобатини ривожлантириш марказларига тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги ПҚ-4668-сон «Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Халқ табобатини ривожлантириш марказларига тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 3 апрелдаги 7-сон буйруғига ИЛОВА
Халқ табобатини ривожлантириш марказларига тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом Халқ табобатини ривожлантириш марказларининг (бундан буён матнда Ҳудудий марказлар деб юритилади) халқ табобати бўйича тайёрлаш ёки қайта тайёрлаш ёхуд малака ошириш курсларига (бундан буён матнда ўқув курслари деб юритилади) тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
талабгор — ўқув курсларига кириш истагини билдирган ҳамда камида умумий ўрта ёки ўрта махсус ёхуд профессионал маълумотга эга бўлган халқ табобати бўйича мутахассис, тиббиёт ходими ва тиббий маълумотга эга бўлмаган шахс;
тингловчи — ўқув курсларига қабул қилинган халқ табобати бўйича мутахассис, тиббиёт ходими ва тиббий маълумотга эга бўлмаган шахс;
битирувчи — ўқув курсларини тамомлаган халқ табобати бўйича мутахассис, тиббиёт ходими ва тиббий маълумотга эга бўлмаган шахс;
тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларни тайёрлаш (бундан буён матнда тайёрлаш деб юритилади) — тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларнинг халқ табобати фаолиятини амалга ошириши учун касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажмини эгаллашга қаратилган таълим тури;
халқ табобати бўйича мутахассис ва тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш (бундан буён матнда қайта тайёрлаш деб юритилади) — таянч мутахассисликлар ва касбларга мувофиқ бўлган, шунингдек халқ табобати фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажмини эгаллашга қаратилган таълим тури;
халқ табобати бўйича мутахассис ва тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш (бундан буён матнда малака ошириш деб юритилади) — халқ табобати бўйича мутахассислар ва тиббиёт ходимларининг касбий билим, малака ва кўникмаларнинг чуқурлаштирилиши ҳамда янгилаб борилишини таъминлаш, уларнинг тоифаси, даражаси, разряди ва лавозими ошишига хизмат қилишга қаратилган таълим тури.
2. Тингловчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Ҳудудий марказлар томонидан амалга оширилади.
3. Ўқув курсларида тингловчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тингловчиларнинг асосий иш жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади.
Ҳудудий марказларда аудитория ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.
4. Ўқув курсларида тингловчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (бундан буён матнда Соғлиқни сақлаш вазирлиги деб юритилади) томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари бўйича пуллик асосда амалга оширилади.
Бунда, ўқув курсларида тингловчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш қийматининг миқдори Республика халқ табобати илмий-амалий маркази (бундан буён матнда Республика маркази деб юритилади) томонидан белгиланади.
2-боб. Ҳудудий марказларга талабгорларни қабул қилиш
5. Ўқув курсларида ўқиш учун талабгорлар Республика марказига мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
6. Республика маркази томонидан талабгорнинг аризаси келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида унда кўрсатилган маълумотлар ўрганиб чиқилади.
7. Талабгор томонидан ариза мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда тақдим этилмаган бўлса ёки аризада тегишли маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган ёхуд нотўғри кўрсатилган бўлса, Республика маркази томонидан талабгорга камчиликларни бартараф этиб, қайта мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида ушбу ариза келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади.
8. Талабгор томонидан тақдим этилган аризада мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган камчиликлар аниқланмаган тақдирда Республика маркази ва талабгор ўртасида уни ўқитиш юзасидан шартнома тузилади.
9. Шартномада кўрсатилган ўқитиш қиймати талабгор томонидан шартномада белгиланган муддатда тўлиқ тўлангандан сўнг, талабгор Республика маркази директорининг буйруғи билан тегишли ўқув курсларига ўқишга қабул қилинади.
10. Талабгор томонидан шартнома имзоланмаган ёки ўқитиш қиймати шартномада белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, талабгор ўқишга қабул қилинмайди ҳамда талабгорга бу ҳақда Республика маркази томонидан шу куннинг ўзида ёзма равишда хабарнома юборилади.
11. Қуйидагилар ўқув курсларига ўқишга қабул қилинмайди:
қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турадиган шахслар;
камида умумий ўрта ёки ўрта махсус ёхуд профессионал маълумотга эга бўлмаган шахслар.
Бунда, Республика маркази томонидан мазкур банднинг иккинчи — бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали зарур бўлган ҳужжат ва маълумотларни сўраб олиш орқали аниқланади.
3-боб. Битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби
12. Халқ табобати бўйича мутахассис ёки тиббиёт ходими бўлган битирувчиларни аттестациядан ўтказиш учун Ҳудудий марказлар, тиббиёт олий таълим муассасалари, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва давлат тиббиёт ташкилотларининг мутахассислари ичидан Республика маркази директорининг буйруғи билан камида беш кишидан иборат таркибда Аттестация комиссияси (бундан буён матнда Аттестация комиссияси деб юритилади) Ҳудудий марказларда ташкил этилади.
13. Тиббий маълумотга эга бўлмаган битирувчилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия (бундан буён матнда Махсус комиссия деб юритилади) томонидан Ҳудудий марказларда аттестациядан ўтказилади.
14. Аттестация комиссияси ҳамда Махсус комиссия йиғилишлари уларда тегишлилигига кўра, ўз аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этганида ваколатли ҳисобланади.
15. Битирувчиларнинг аттестацияси ўқув курслари тугагандан сўнг 10 кунлик муддат ичида ўтказилади.
16. Республика маркази ўқув режалари ва дастурлари мазмунини тўлиқ қамраб олган ҳолда аттестация саволларини шакллантиради.
17. Аттестация саволлари аттестация бошланишидан камида 10 кун олдин тингловчилар эътиборига етказилиши лозим.
18. Республика маркази битирувчилар сонидан келиб чиқиб, аттестация саволлари вариантларини тузади ҳамда уларнинг ошкор этилмаслигини таъминлайди.
19. Аттестация ўтказиладиган хонага мобил алоқа воситаси, компьютер ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоблар, луғат, шпаргалкалар ва бошқа материаллар олиб кирган, аттестация жараёнида улардан фойдаланган тингловчилар аттестация ўтказиш тартибини бузган деб ҳисобланади ҳамда далолатнома асосида аттестациядан четлаштирилади.
20. Аттестация суҳбат шаклида ўтказилади ва унинг натижалари баллар қўйиш йўли билан 100 баллик тизимда баҳоланади. Битирувчи 86 — 100 баллар оралиғида балл тўпласа, унинг билими «аъло» деб, 71 —85 баллар оралиғида балл тўпласа «яхши» деб, 56 — 70 баллар оралиғида балл тўпласа, «қониқарли» деб баҳоланиб, аттестациядан ўтган деб ҳисобланади.
21. Аттестация натижалари бўйича битирувчи 55 ва ундан кам балл тўплаган ҳолларда унинг билими «қониқарсиз» деб баҳоланиб, аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланади.
22. Битирувчининг билимини баҳолаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:
а) «аъло» баҳо (86 — 100 балл) олиш учун битирувчи:
ҳамма саволларга тўлиқ жавоб бериши, мустақил ва ижодий фикрлай олиши ва тўғри қарорлар қабул қилиши, эгаллаган кўникмаларни халқ табобатида қўллай олиши, савол мазмуни ва хусусиятларини тушуниши;
ўқув дастурининг барча бўлимлари бўйича тизимли, тўла ва чуқур билимга эга бўлиши, зарур далиллар билан асослантириши;
халқ табобати бўйича терминологиядан аниқ, ўз ўрнида фойдаланиши, саволларга жавобни мантиқан тўғри ифодалаши;
муаммоли ҳолатларда ўз позициясини асослаб бера олиши;
б) «яхши» баҳо (71 — 85 балл) олиш учун битирувчи:
ҳамма саволларга жавоб бериши, ижодий фикрлай олиши, тўғри қарорлар қабул қилиши, эгаллаган кўникмаларни халқ табобатида қўллай олиши, савол мазмуни ва хусусиятларини тушуниши;
ўқув дастурининг бўлимлари бўйича тизимли ва керакли билимга эга бўлиши, зарур далиллар билан асослантириши;
халқ табобати бўйича терминологиядан ўз ўрнида фойдаланиши, саволларга жавобни мантиқан тўғри ифодалаши;
муаммоли ҳолатларда ўз позициясини асослаб бера олиши;
в) «қониқарли» баҳо (56 — 70 балл) олиш учун битирувчи:
саволларга қисман жавоб бериши, савол мазмуни ва хусусиятларини тушуниши, савол ва фан мавзуси тўғрисида тасаввурга эга бўлиши, эгаллаган кўникмаларни халқ табобатида қисман қўллай олиши;
ўқув дастурининг бўлимлари бўйича билимга эга бўлиши, далиллар билан қисман асослантириши;
халқ табобати бўйича терминологиядан фойдаланиши, саволларга жавобни тўғри ифодалай олиши;
муаммоли ҳолатларда ўз позициясини қисман ифодалай олиши;
г) битирувчининг билим даражаси «қониқарсиз» баҳо билан (0 — 55 баллгача) баҳоланади, агар:
саволларга жавоб бера олмаса, савол мазмуни ва хусусиятларини тушунмаса, савол ва фан мавзуси тўғрисида тасаввурга эга бўлмаса, эгаллаган кўникмаларни амалиётда қўллай олмаса;
ўқув дастурининг бўлимлари бўйича етарли билимга эга бўлмаса, фақат айрим билимларга эга бўлса, зарур далиллар билан асослантира олмаса;
терминологиядан аниқ, ўз ўрнида фойдалана олмаса, саволларга жавобни тўғри ифодалай олмаса;
муаммоли ҳолатларда ўз позициясини ифодалай олмаса.
23. Аттестация натижалари у ўтказилган куннинг ўзида эълон қилинади ва комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланадиган, тегишли комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган йиғилиш баённомасида қайд этилади.
24. Республика маркази томонидан ушбу Низомнинг 2-иловасига асосан қайта тайёрлаш курсини муваффақиятли тамомлаган битирувчига диплом, малака ошириш курсини тамомлаган битирувчига эса сертификат тақдим этилади.
Бунда, Ҳудудий марказларнинг тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган, тиббий маълумотга эга бўлмаган битирувчиларга Махсус комиссиянинг хулосаси асосида мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда халқ табобатининг тегишли йўналишларида фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади.
Аттестациядан муваффақиятли ўтмаган битирувчига сертификат ёки диплом ёхуд гувоҳнома берилмайди. Бунда, битирувчига ўқув курсларида ўқишда қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.
25. Ҳудудий марказларнинг ўқув режалари ва дастурларини ўзлаштирган, бироқ аттестацияда узрли сабабларга кўра (касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, меҳнат таътили, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) иштирок этмаган ёки унда «қониқарсиз» баҳоланган битирувчилар ўқиш муддати тугагандан бошлаб 1 йил муддат ичида ўз аризасига мувофиқ қайта аттестацияни топшириш ҳуқуқига эга.
Бунда, битирувчи томонидан қайта аттестацияни топшириш учун тўлов ундирилмайди.
4-боб. Битирувчиларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш
26. Битирувчиларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг камида беш нафар мутахассисларидан иборат таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади.
Ҳудудий марказларда аттестацияни ўтказишга масъул бўлган шахсларнинг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.
27. Аттестация комиссияси ва Махсус комиссиянинг қароридан норози бўлган битирувчилар аттестация натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти беришлари мумкин.
Бунда, Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган битирувчини шикоят кўриб чиқилишидан 2 кун олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради.
28. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб 3 кун муддат ичида кўриб чиқади. Бунда, апелляция шикояти билан мурожаат қилган битирувчи мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
29. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
30. Апелляция комиссияси аттестация жараёнида битирувчининг берган жавобларини улар акс этган видеотасвирларни кўриш орқали текширувдан ўтказади. Апелляция комиссияси томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида битирувчига уни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.
31. Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
аттестация натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;
аттестация натижаларига ўзгартириш киритиш.
Апелляция шикоятини кўришда битирувчининг аттестация натижасида олган баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.
32. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган битирувчига ўз қарорини у қабул қилинган куннинг ўзида маълум қилиши керак.
33. Апелляция комиссиясининг аттестация натижаларига ўзгартириш киритиш ва битирувчини синов имтиҳонларини муваффақиятли топширган деб топиш тўғрисидаги қарори асосида битирувчига тегишли сертификат ёки диплом ёхуд гувоҳнома берилади.
34. Апелляция комиссияси қарори устидан битирувчи юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
5-боб. Якуний қоидалар
35. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Халқ табобатини ривожлантириш марказларига тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Халқ табобатини ривожлантириш марказларига талабгор томонидан тақдим этиладиган аризанинг
Республика халқ табобати илмий-амалий марказига 1. Ариза берувчи шахснинг Ф.И.О: 2. Яшаш манзили (республика, вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ, овул, кўча хонадон рақами) тўлиқ кўрсатилади): 3. ЖШИР рақами: 4. Паспорт ёки ID-карта маълумотлари: (серияси, рақами, ким томонидан ва қачон берилган) 5. Боғланиш учун телефон: 7. Маълумоти: (умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий) 8. Тугатган таълим муассасасининг номи: 9. Диплом (шаҳодатнома) бўйича мутахассислиги, унинг серияси, рақами, берилган санаси ва берган таълим муассасасининг номи: 10. Малака оширганлик тўғрисидаги маълумотлар (қачон ва қайси ташкилот томонидан берилгани, серияси ва рақами, қайси мавзу бўйича малака оширганлиги): 11. Малака тоифасига эга эканлиги тўғрисидаги маълумотлар (қачон ва қайси ташкилот томонидан берилгани, серияси ва рақами, қайси ихтисослик бўйича тоифа берилгани): 12. Халқ табобати мутахассислиги бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлашдан ўтиш ёки малакасини ошириш(бири танланади): 13. Таҳсил олиш истагини билдирган Ҳудудий марказнинг номи 14. Ариза тўлдирилган сана: 15. Шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга розилиги (ариза берувчи шахснинг имзоси):
Халқ табобатини ривожлантириш марказларига тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Халқ табобатини ривожлантириш марказларига тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Вазир А. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 3 апрель,
7-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirining
buyrugʻi
NIZOM
NAMUNAVIY ShAKLI
Xalq tabobatini rivojlantirish markazlariga tinglovchilarni qabul qilish va bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 10-apreldagi PQ-4668-son “Oʻzbekiston Respublikasida xalq tabobatini rivojlantirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Xalq tabobatini rivojlantirish markazlariga tinglovchilarni qabul qilish va bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining 2023-yil 3-apreldagi 7-son buyrugʻiga ILOVA
Xalq tabobatini rivojlantirish markazlariga tinglovchilarni qabul qilish va bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom Xalq tabobatini rivojlantirish markazlarining (bundan buyon matnda Hududiy markazlar deb yuritiladi) xalq tabobati boʻyicha tayyorlash yoki qayta tayyorlash yoxud malaka oshirish kurslariga (bundan buyon matnda oʻquv kurslari deb yuritiladi) tinglovchilarni qabul qilish va bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
talabgor — oʻquv kurslariga kirish istagini bildirgan hamda kamida umumiy oʻrta yoki oʻrta maxsus yoxud professional maʼlumotga ega boʻlgan xalq tabobati boʻyicha mutaxassis, tibbiyot xodimi va tibbiy maʼlumotga ega boʻlmagan shaxs;
tinglovchi — oʻquv kurslariga qabul qilingan xalq tabobati boʻyicha mutaxassis, tibbiyot xodimi va tibbiy maʼlumotga ega boʻlmagan shaxs;
bitiruvchi — oʻquv kurslarini tamomlagan xalq tabobati boʻyicha mutaxassis, tibbiyot xodimi va tibbiy maʼlumotga ega boʻlmagan shaxs;
tibbiy maʼlumotga ega boʻlmagan shaxslarni tayyorlash (bundan buyon matnda tayyorlash deb yuritiladi) — tibbiy maʼlumotga ega boʻlmagan shaxslarning xalq tabobati faoliyatini amalga oshirishi uchun kasbiy bilim, malaka va koʻnikmalarning zarur hajmini egallashga qaratilgan taʼlim turi;
xalq tabobati boʻyicha mutaxassis va tibbiyot xodimlarini qayta tayyorlash (bundan buyon matnda qayta tayyorlash deb yuritiladi) — tayanch mutaxassisliklar va kasblarga muvofiq boʻlgan, shuningdek xalq tabobati faoliyatini amalga oshirish uchun qoʻshimcha kasbiy bilim, malaka va koʻnikmalarning zarur hajmini egallashga qaratilgan taʼlim turi;
xalq tabobati boʻyicha mutaxassis va tibbiyot xodimlarining malakasini oshirish (bundan buyon matnda malaka oshirish deb yuritiladi) — xalq tabobati boʻyicha mutaxassislar va tibbiyot xodimlarining kasbiy bilim, malaka va koʻnikmalarning chuqurlashtirilishi hamda yangilab borilishini taʼminlash, ularning toifasi, darajasi, razryadi va lavozimi oshishiga xizmat qilishga qaratilgan taʼlim turi.
2. Tinglovchilarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish Hududiy markazlar tomonidan amalga oshiriladi.
3. Oʻquv kurslarida tinglovchilarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tinglovchilarning asosiy ish joyidan ajralgan holda amalga oshiriladi.
Hududiy markazlarda auditoriya oʻquv yuklamasining eng koʻp hajmi haftasiga 36 soat etib belgilanadi.
4. Oʻquv kurslarida tinglovchilarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi (bundan buyon matnda Sogʻliqni saqlash vazirligi deb yuritiladi) tomonidan tasdiqlangan oʻquv rejalari va dasturlari boʻyicha pullik asosda amalga oshiriladi.
Bunda, oʻquv kurslarida tinglovchilarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish qiymatining miqdori Respublika xalq tabobati ilmiy-amaliy markazi (bundan buyon matnda Respublika markazi deb yuritiladi) tomonidan belgilanadi.
2-bob. Hududiy markazlarga talabgorlarni qabul qilish
5. Oʻquv kurslarida oʻqish uchun talabgorlar Respublika markaziga mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shakldagi ariza bilan yozma yoki elektron shaklda murojaat qiladi.
6. Respublika markazi tomonidan talabgorning arizasi kelib tushgan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida unda koʻrsatilgan maʼlumotlar oʻrganib chiqiladi.
7. Talabgor tomonidan ariza mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shaklda taqdim etilmagan boʻlsa yoki arizada tegishli maʼlumotlar toʻliq koʻrsatilmagan yoxud notoʻgʻri koʻrsatilgan boʻlsa, Respublika markazi tomonidan talabgorga kamchiliklarni bartaraf etib, qayta murojaat qilish mumkinligi toʻgʻrisida ushbu ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida yozma yoki elektron shaklda maʼlum qilinadi.
8. Talabgor tomonidan taqdim etilgan arizada mazkur Nizomning 7-bandida koʻrsatilgan kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda Respublika markazi va talabgor oʻrtasida uni oʻqitish yuzasidan shartnoma tuziladi.
9. Shartnomada koʻrsatilgan oʻqitish qiymati talabgor tomonidan shartnomada belgilangan muddatda toʻliq toʻlangandan soʻng, talabgor Respublika markazi direktorining buyrugʻi bilan tegishli oʻquv kurslariga oʻqishga qabul qilinadi.
10. Talabgor tomonidan shartnoma imzolanmagan yoki oʻqitish qiymati shartnomada belgilangan muddatda toʻlanmagan taqdirda, talabgor oʻqishga qabul qilinmaydi hamda talabgorga bu haqda Respublika markazi tomonidan shu kunning oʻzida yozma ravishda xabarnoma yuboriladi.
11. Quyidagilar oʻquv kurslariga oʻqishga qabul qilinmaydi:
qasddan sodir etgan jinoyati uchun sudlanganlik holati tugallanmagan yoki sudlanganligi olib tashlanmagan shaxslar;
sud tomonidan muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topilgan shaxslar;
psixiatriya yoki narkologiya muassasalarida hisobda turadigan shaxslar;
kamida umumiy oʻrta yoki oʻrta maxsus yoxud professional maʼlumotga ega boʻlmagan shaxslar.
Bunda, Respublika markazi tomonidan mazkur bandning ikkinchi — beshinchi xatboshilarida nazarda tutilgan holatlar tegishli davlat organlari va tashkilotlaridan mustaqil ravishda, shu jumladan “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali zarur boʻlgan hujjat va maʼlumotlarni soʻrab olish orqali aniqlanadi.
3-bob. Bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi
12. Xalq tabobati boʻyicha mutaxassis yoki tibbiyot xodimi boʻlgan bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish uchun Hududiy markazlar, tibbiyot oliy taʼlim muassasalari, Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumlari va davlat tibbiyot tashkilotlarining mutaxassislari ichidan Respublika markazi direktorining buyrugʻi bilan kamida besh kishidan iborat tarkibda Attestatsiya komissiyasi (bundan buyon matnda Attestatsiya komissiyasi deb yuritiladi) Hududiy markazlarda tashkil etiladi.
13. Tibbiy maʼlumotga ega boʻlmagan bitiruvchilar Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Xalq tabobati usullaridan foydalangan holda tibbiy xizmat koʻrsatish faoliyatini litsenziyalash boʻyicha maxsus komissiya (bundan buyon matnda Maxsus komissiya deb yuritiladi) tomonidan Hududiy markazlarda attestatsiyadan oʻtkaziladi.
14. Attestatsiya komissiyasi hamda Maxsus komissiya yigʻilishlari ularda tegishliligiga koʻra, oʻz aʼzolarining uchdan ikki qismi ishtirok etganida vakolatli hisoblanadi.
15. Bitiruvchilarning attestatsiyasi oʻquv kurslari tugagandan soʻng 10 kunlik muddat ichida oʻtkaziladi.
16. Respublika markazi oʻquv rejalari va dasturlari mazmunini toʻliq qamrab olgan holda attestatsiya savollarini shakllantiradi.
17. Attestatsiya savollari attestatsiya boshlanishidan kamida 10 kun oldin tinglovchilar eʼtiboriga yetkazilishi lozim.
18. Respublika markazi bitiruvchilar sonidan kelib chiqib, attestatsiya savollari variantlarini tuzadi hamda ularning oshkor etilmasligini taʼminlaydi.
19. Attestatsiya oʻtkaziladigan xonaga mobil aloqa vositasi, kompyuter yoki boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, kitoblar, lugʻat, shpargalkalar va boshqa materiallar olib kirgan, attestatsiya jarayonida ulardan foydalangan tinglovchilar attestatsiya oʻtkazish tartibini buzgan deb hisoblanadi hamda dalolatnoma asosida attestatsiyadan chetlashtiriladi.
20. Attestatsiya suhbat shaklida oʻtkaziladi va uning natijalari ballar qoʻyish yoʻli bilan 100 ballik tizimda baholanadi. Bitiruvchi 86 — 100 ballar oraligʻida ball toʻplasa, uning bilimi “aʼlo” deb, 71 —85 ballar oraligʻida ball toʻplasa “yaxshi” deb, 56 — 70 ballar oraligʻida ball toʻplasa, “qoniqarli” deb baholanib, attestatsiyadan oʻtgan deb hisoblanadi.
21. Attestatsiya natijalari boʻyicha bitiruvchi 55 va undan kam ball toʻplagan hollarda uning bilimi “qoniqarsiz” deb baholanib, attestatsiyadan oʻtmagan deb hisoblanadi.
22. Bitiruvchining bilimini baholash quyidagi mezonlar asosida amalga oshiriladi:
a) “aʼlo” baho (86 — 100 ball) olish uchun bitiruvchi:
hamma savollarga toʻliq javob berishi, mustaqil va ijodiy fikrlay olishi va toʻgʻri qarorlar qabul qilishi, egallagan koʻnikmalarni xalq tabobatida qoʻllay olishi, savol mazmuni va xususiyatlarini tushunishi;
oʻquv dasturining barcha boʻlimlari boʻyicha tizimli, toʻla va chuqur bilimga ega boʻlishi, zarur dalillar bilan asoslantirishi;
xalq tabobati boʻyicha terminologiyadan aniq, oʻz oʻrnida foydalanishi, savollarga javobni mantiqan toʻgʻri ifodalashi;
muammoli holatlarda oʻz pozitsiyasini asoslab bera olishi;
b) “yaxshi” baho (71 — 85 ball) olish uchun bitiruvchi:
hamma savollarga javob berishi, ijodiy fikrlay olishi, toʻgʻri qarorlar qabul qilishi, egallagan koʻnikmalarni xalq tabobatida qoʻllay olishi, savol mazmuni va xususiyatlarini tushunishi;
oʻquv dasturining boʻlimlari boʻyicha tizimli va kerakli bilimga ega boʻlishi, zarur dalillar bilan asoslantirishi;
xalq tabobati boʻyicha terminologiyadan oʻz oʻrnida foydalanishi, savollarga javobni mantiqan toʻgʻri ifodalashi;
muammoli holatlarda oʻz pozitsiyasini asoslab bera olishi;
v) “qoniqarli” baho (56 — 70 ball) olish uchun bitiruvchi:
savollarga qisman javob berishi, savol mazmuni va xususiyatlarini tushunishi, savol va fan mavzusi toʻgʻrisida tasavvurga ega boʻlishi, egallagan koʻnikmalarni xalq tabobatida qisman qoʻllay olishi;
oʻquv dasturining boʻlimlari boʻyicha bilimga ega boʻlishi, dalillar bilan qisman asoslantirishi;
xalq tabobati boʻyicha terminologiyadan foydalanishi, savollarga javobni toʻgʻri ifodalay olishi;
muammoli holatlarda oʻz pozitsiyasini qisman ifodalay olishi;
g) bitiruvchining bilim darajasi “qoniqarsiz” baho bilan (0 — 55 ballgacha) baholanadi, agar:
savollarga javob bera olmasa, savol mazmuni va xususiyatlarini tushunmasa, savol va fan mavzusi toʻgʻrisida tasavvurga ega boʻlmasa, egallagan koʻnikmalarni amaliyotda qoʻllay olmasa;
oʻquv dasturining boʻlimlari boʻyicha yetarli bilimga ega boʻlmasa, faqat ayrim bilimlarga ega boʻlsa, zarur dalillar bilan asoslantira olmasa;
terminologiyadan aniq, oʻz oʻrnida foydalana olmasa, savollarga javobni toʻgʻri ifodalay olmasa;
muammoli holatlarda oʻz pozitsiyasini ifodalay olmasa.
23. Attestatsiya natijalari u oʻtkazilgan kunning oʻzida eʼlon qilinadi va komissiyaning barcha aʼzolari tomonidan imzolanadigan, tegishli komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadigan yigʻilish bayonnomasida qayd etiladi.
24. Respublika markazi tomonidan ushbu Nizomning 2-ilovasiga asosan qayta tayyorlash kursini muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchiga diplom, malaka oshirish kursini tamomlagan bitiruvchiga esa sertifikat taqdim etiladi.
Bunda, Hududiy markazlarning tayyorlash kurslarini muvaffaqiyatli tamomlagan, tibbiy maʼlumotga ega boʻlmagan bitiruvchilarga Maxsus komissiyaning xulosasi asosida mazkur Nizomning 3-ilovasiga muvofiq shaklda xalq tabobatining tegishli yoʻnalishlarida faoliyat olib borish huquqini beruvchi guvohnoma beriladi.
Attestatsiyadan muvaffaqiyatli oʻtmagan bitiruvchiga sertifikat yoki diplom yoxud guvohnoma berilmaydi. Bunda, bitiruvchiga oʻquv kurslarida oʻqishda qatnashganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma beriladi.
25. Hududiy markazlarning oʻquv rejalari va dasturlarini oʻzlashtirgan, biroq attestatsiyada uzrli sabablarga koʻra (kasalligi, yaqin qarindoshlarining vafoti, mehnat taʼtili, Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida boʻlishi sababli) ishtirok etmagan yoki unda “qoniqarsiz” baholangan bitiruvchilar oʻqish muddati tugagandan boshlab 1 yil muddat ichida oʻz arizasiga muvofiq qayta attestatsiyani topshirish huquqiga ega.
Bunda, bitiruvchi tomonidan qayta attestatsiyani topshirish uchun toʻlov undirilmaydi.
4-bob. Bitiruvchilarning apellatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish
26. Bitiruvchilarning apellatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining buyrugʻi bilan Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimining kamida besh nafar mutaxassislaridan iborat tarkibda Apellatsiya komissiyasi tashkil etiladi.
Hududiy markazlarda attestatsiyani oʻtkazishga masʼul boʻlgan shaxslarning Apellatsiya komissiyasi tarkibiga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
27. Attestatsiya komissiyasi va Maxsus komissiyaning qaroridan norozi boʻlgan bitiruvchilar attestatsiya natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab bir oy ichida Apellatsiya komissiyasiga yozma yoki elektron shaklda apellatsiya shikoyati berishlari mumkin.
Bunda, Apellatsiya komissiyasi apellatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan bitiruvchini shikoyat koʻrib chiqilishidan 2 kun oldin uni koʻrib chiqish vaqti va joyi haqida ogohlantiradi.
28. Apellatsiya komissiyasi apellatsiya shikoyatini, u kelib tushgan kundan boshlab 3 kun muddat ichida koʻrib chiqadi. Bunda, apellatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan bitiruvchi mazkur shikoyatni koʻrib chiqishda ishtirok etish huquqiga ega.
29. Apellatsiya komissiyasi unda aʼzolarning kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi. Apellatsiya komissiyasining qarori oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi va majlisda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan tasdiqlanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
30. Apellatsiya komissiyasi attestatsiya jarayonida bitiruvchining bergan javoblarini ular aks etgan videotasvirlarni koʻrish orqali tekshiruvdan oʻtkazadi. Apellatsiya komissiyasi tomonidan apellatsiya shikoyatini koʻrib chiqish davomida bitiruvchiga uni qayta baholashga qaratilgan savollar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
31. Shikoyatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Apellatsiya komissiyasi tomonidan quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:
attestatsiya natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish;
attestatsiya natijalariga oʻzgartirish kiritish.
Apellatsiya shikoyatini koʻrishda bitiruvchining attestatsiya natijasida olgan ballini pasaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
32. Apellatsiya komissiyasi apellatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan bitiruvchiga oʻz qarorini u qabul qilingan kunning oʻzida maʼlum qilishi kerak.
33. Apellatsiya komissiyasining attestatsiya natijalariga oʻzgartirish kiritish va bitiruvchini sinov imtihonlarini muvaffaqiyatli topshirgan deb topish toʻgʻrisidagi qarori asosida bitiruvchiga tegishli sertifikat yoki diplom yoxud guvohnoma beriladi.
34. Apellatsiya komissiyasi qarori ustidan bitiruvchi yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.
5-bob. Yakuniy qoidalar
35. Mazkur Nizom talablarini buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
Xalq tabobatini rivojlantirish markazlariga tinglovchilarni qabul qilish va bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Xalq tabobatini rivojlantirish markazlariga talabgor tomonidan taqdim etiladigan arizaning
Respublika xalq tabobati ilmiy-amaliy markaziga 1. Ariza beruvchi shaxsning F.I.O: 2. Yashash manzili (respublika, viloyat, shahar, tuman, qishloq, ovul, koʻcha xonadon raqami) toʻliq koʻrsatiladi): 3. JShIR raqami: 4. Pasport yoki ID-karta maʼlumotlari: (seriyasi, raqami, kim tomonidan va qachon berilgan) 5. Bogʻlanish uchun telefon: 7. Maʼlumoti: (umumiy oʻrta, oʻrta maxsus, professional va oliy) 8. Tugatgan taʼlim muassasasining nomi: 9. Diplom (shahodatnoma) boʻyicha mutaxassisligi, uning seriyasi, raqami, berilgan sanasi va bergan taʼlim muassasasining nomi: 10. Malaka oshirganlik toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (qachon va qaysi tashkilot tomonidan berilgani, seriyasi va raqami, qaysi mavzu boʻyicha malaka oshirganligi): 11. Malaka toifasiga ega ekanligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (qachon va qaysi tashkilot tomonidan berilgani, seriyasi va raqami, qaysi ixtisoslik boʻyicha toifa berilgani): 12. Xalq tabobati mutaxassisligi boʻyicha tayyorlash, qayta tayyorlashdan oʻtish yoki malakasini oshirish(biri tanlanadi): 13. Tahsil olish istagini bildirgan Hududiy markazning nomi 14. Ariza toʻldirilgan sana: 15. Shaxsga doir maʼlumotlardan foydalanishga roziligi (ariza beruvchi shaxsning imzosi):
Xalq tabobatini rivojlantirish markazlariga tinglovchilarni qabul qilish va bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Xalq tabobatini rivojlantirish markazlariga tinglovchilarni qabul qilish va bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Vazir A. INOYATOV
Toshkent sh.,
2023-yil 3-aprel,
7-son