📅 2023-yil 12-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 12-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 12 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 12 апреля 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 12 April 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
СХЕМАСИ
СЎРОВНОМА
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш тартибини соддалаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, давлат хизматларини кўрсатишда бюрократик, эскирган ва замон талабларига мос келмайдиган талабларни тубдан қисқартиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, олиб борилган таҳлиллар ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича давлат хизматларида инсон омилини қисқартириш, фуқароларга масофадан хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш орқали ортиқча оворагарчилик, навбатларни қисқартириш заруратини кўрсатмоқда.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиботларини қисқартириш, ушбу жараёнларни рақамлаштириш орқали фуқароларга соддалаштирилган давлат хизматларини кўрсатишни жорий этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш ва уларни янгисига алмаштириш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2023 йил 15 апрелдан бошлаб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали ҳам ариза берувчиларнинг бевосита иштирокисиз расмийлаштириш тартиби жорий этилсин. Бунда:
миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига ариза берувчиларнинг бош бармоқ изи маълумотлари жойлаштирилади, агар ахборот тизимларида ариза берувчиларнинг бош бармоқ изи маълумотлари мавжуд бўлмаган тақдирда ариза берувчилар ўзларининг имзо намунасини электрон шаклда тақдим этади;
миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш ҳамда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш бўйича аризалар ариза берувчиларнинг ЯИДХПдаги шахсий кабинети орқали онлайн тарзда ҳар куни, дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, 24 соат давомида юборилиши мумкин;
янги расмийлаштирилган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини почта орқали олиш имконияти яратилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган талабгорларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органи ёки Давлат хизматлари маркази томонидан миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси (алмаштириш ва йўқолгани ўрнига янгисини бериш) расмийлаштирилиши;
миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича мурожаатларни ЯИДХП орқали қабул қилиниши ва фуқароларнинг ихтиёрига кўра миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси почта орқали етказиб берилиши;
фуқаронинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда бу ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимлари орқали тасдиқланиши.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги исми, фамилияси ва отасининг исми ўзгарган шахслар ҳақидаги маълумотларни «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига доимий тақдим этиб борсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
а) икки ой муддатда:
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига ариза берувчиларнинг бош бармоқ изи маълумотларини жойлаштириш учун Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизимини ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмаларидаги «АДТТ» ва «ШИҚАТ» автоматлаштирилган тизимлари билан интеграция қилсин;
барча тадбиркорлик субъектлари ва Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари томонидан ўтказилган ҳайдовчиликка номзодларнинг амалий ва назарий имтиҳон натижаларини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами асосида ягона электрон маълумотлар базасига киритиш ҳамда маълумотларни реал вақт режимида электрон ахборот алмашинуви асосида тақдим этиш имкониятини яратсин;
б) 2023 йил якунига қадар барча мавжуд ҳайдовчилик гувоҳнома маълумотларини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига боғлаган ҳолда рақамлаштириш ишларини якунласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 12 апрелдаги 152-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Давлат таълим муассасалари ҳамда автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомда :
44-банднинг «г» кичик бандидаги «(тўловлар миқдори Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади)» жумлалари чиқариб ташлансин;
55-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«55. Манфаатдор шахс миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини ўзи келиб ЙҲХБнинг РваИОБ ёки Давлат хизматлари марказидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида ўзи олиб кетади ёхуд хоҳишига кўра миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини почта алоқаси орқали олиши мумкин».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 271-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Маъмурий регламент (кейинги ўринларда — Регламент) автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича фаолият юритувчи ўқув ташкилотларини тугатган ҳайдовчиликка номзодлар ёки қонунчилик ҳужжатларида имтиҳон топшириши назарда тутилган ҳайдовчилар (кейинги ўринларда — ариза берувчи)дан имтиҳон қабул қилиш ҳамда миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш ва йўқолгани ўрнига янгисини бериш юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қилинганда давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ариза берувчидан имтиҳон қабул қилиш (кейинги ўринларда — давлат хизмати) ЯИДХП орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда — ДЙҲХХ) органлари ёки автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектлари (кейинги ўринларда — тадбиркорлик субъектлари) томонидан кўрсатилади.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш, алмаштириш ва йўқолгани ўрнига янгисини бериш ЯИДХП орқали ДЙҲХХ органлари ёки Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилади.
3. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси — Ўзбекистон Республикаси фуқароларига белгиланган тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ва эгасининг шахсини тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати ҳисобланади.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ариза берувчига 10 йил муддатга берилади.
Ариза берувчилар миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини аниқлаш ва бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2022 йил 12 апрелдаги 177-сон қарорига мувофиқ бириктирилган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига эга бўлишлари зарур.
4. Давлат хизматларини кўрсатиш ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схема бўйича кўрсатилади.
2-боб. Ариза берувчидан имтиҳон қабул қилиш ҳамда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш
5. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ва ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради.
6. Сўровномага илова қилинадиган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатиладиган хизмат турларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Давлат таълим муассасалари ҳамда автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда — Низом) талаблари асосида сўровномани тўлдириш жараёнида автоматик тарзда белгиланади.
Сўровномага талаб этиладиган ҳужжатларнинг сканер қилинган «PDF» шаклидаги нусхалари илова қилинади.
Ариза берувчи келгусида миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришда ўз ихтиёрига асосан идентификацияловчи ID-карта (кейинги ўринларда — ID-карта) ёки биометрик паспортдаги (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспортидаги ҳам) бош бармоқ изи маълумотидан фойдаланишига рухсат берилади. Агар ариза берувчи ID-карта ёки биометрик паспортга (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳам) эга бўлмаса, ўзининг имзо намунасини электрон шаклда (компьютер ёки мобил телефон орқали) тақдим этади.
7. Сўровнома тўлдирилиб, тегишли ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинганидан сўнг ариза берувчи маълумотлар тўғрилигини текширади ва имзони идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан (дактилоскопия, электрон имзо, мобил-ID ва бошқалар) тасдиқлайди.
Сўровномалар ҳар куни, дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, йигирма тўрт соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда, сўровномалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда, навбатдаги иш куни сўровнома қабул қилинган кун деб ҳисобланади.
8. Давлат хизматлари кўрсатилиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда — БҲМ) 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганлиги учун белгиланган йиғимнинг 90 фоизи ундирилади.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади.
Бунда, ундирилган йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига;
11,25 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг махсус ҳисобварағига;
38,75 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси ҳисобварағига ўтказилади;
қолган маблағлар — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилади.
9. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилган ёки маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган тақдирда, зарур ҳужжатлар илова қилинмаганда шунингдек, давлат хизматини кўрсатиш учун йиғим тўланмаганда, сўровнома автоматик равишда рад этилади ҳамда бу ҳақида ариза берувчига онлайн режимида автоматик тарзда электрон жавоб қайтарилади.
Давлат хизматларини кўрсатиш бошқа асосларга кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.
10. Ариза берувчи томонидан киритилган барча ҳужжатлар ЯИДХП орқали реал вақт режимида автоматик тарзда ариза берувчи танлаган тегишли ДЙҲХХ органига ёки ушбу ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектига юборилади.
Сўровномада миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштирадиган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ариза берувчи томонидан кўрсатилади.
Ариза берувчи унинг аризаси ДЙҲХХ органи ёки тадбиркорлик субъекти томонидан электрон журналда рўйхатга олингунга қадар давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортиш ва тўланган йиғим суммасини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Ариза электрон журналда рўйхатга олинганидан сўнг давлат хизматларидан фойдаланиш рад этилганда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
Ариза берувчи томонидан ДЙҲХХ органида имтиҳон топшириш назарда тутилганда имтиҳонларда қатнашиш учун қуйидаги миқдорда тўловлар амалга оширилади:
назарий имтиҳон топшириш учун — БҲМнинг 10 фоизи миқдорида;
ҳар бир қайта назарий имтиҳон топшириш учун — БҲМнинг 15 фоизи миқдорида;
автомототранспорт воситаларини, шу жумладан, транспорт воситалари таркибини амалий бошқаришда имтиҳон топшириш учун — БҲМнинг 10 фоизи миқдорида;
ҳар бир қайта амалий бошқаришда имтиҳон топшириш учун — БҲМнинг 15 фоизи миқдорида.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади.
Ариза берувчи томонидан тадбиркорлик субъектида имтиҳон топшириш назарда тутилганда имтиҳонларда қатнашиш учун тўловлар миқдори тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланади.
11. ДЙҲХХ органининг ёки тадбиркорлик субъектининг масъул ходими бир иш кунида имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш юзасидан:
а) келиб тушган электрон сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўғри тўлдирилганлиги ва тўлиқлигини, шунингдек, тегишли тўловларнинг тўланганлигини текширади;
б) ҳужжатлар тўғри ва тўлиқ бўлган тақдирда, уларни алоҳида электрон журналга киритади ҳамда ариза берувчининг назарий имтиҳонга қўйилганлигини қайд этади.
Бунда, келиб тушган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни электрон журналга киритиш рад этилиб, бу ҳақида ариза берувчига ЯИДХП орқали QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ва масъул ходимнинг ЭРИси билан тасдиқланган хабарнома юборилади ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан батафсил тушунтириш берилади.
Ариза берувчи унинг сўровномаси рад этилганлиги тўғрисидаги хабарномани олган кундан бошлаб ўттиз иш куни мобайнида ҳужжатлардаги камчиликларни тўғрилаб, давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўламаган ҳолда такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Бунда, ЯИДХП орқали ушбу бандда кўрсатилган муддатларда такрорий мурожаатни тегишли ДЙҲХХ органига ёки тадбиркорлик субъектига юборади;
в) келгуси ўн иш куни ичида назарий имтиҳон топширишнинг аниқ санаси ва вақти, шунингдек, имтиҳон топшириладиган тегишли ДЙҲХХ органи ёки тадбиркорлик субъекти кўрсатилган хабарномани расмийлаштиради ҳамда уни QR-код (матрик штрихли код) ва ходимнинг ЭРИси билан тасдиқланган ҳолда ариза берувчига ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.
12. Ариза берувчи имтиҳон топшириш юзасидан:
а) ҳайдовчиликка номзодлар шахсини тасдиқловчи ва сўровномага илова қилинган ҳужжатларнинг асли билан бирга хабарномада кўрсатилган тегишли ДЙҲХХ органига ёки тадбиркорлик субъектига белгиланган сана ва вақтда назарий имтиҳонда қатнашиш учун етиб келиши лозим, бундан қонунчиликда назарий имтиҳон топшириш талаб этилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно.
Ариза берувчи узрли сабабларсиз белгиланган сана ва вақтда назарий имтиҳонга етиб келмаган ёки тегишли ҳужжатларнинг аслини тақдим этмаган тақдирда, имтиҳонни қабул қилувчи масъул ходим назарий имтиҳон ўтказилмаганлиги ҳақидаги хабарномани шу куннинг ўзида электрон аризаларни кўриб чиқиш учун масъул ходим (иш жойи)га юборади.
Масъул ходим ариза берувчининг белгиланган сана ва вақтда назарий имтиҳонга етиб келмаганлиги ёки тегишли ҳужжатларнинг аслини ДЙҲХХ органига ёки тадбиркорлик субъектига тақдим этмаганлиги сабабли имтиҳонга қўйилиши рад этилганда, узрли сабабларни тасдиқловчи ҳужжатлар 10 иш куни ичида тақдим этилган тақдирда, давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўланмаган ҳолда имтиҳон қабул қилиниши мумкинлиги ҳақида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ва ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда бир иш куни ичида ариза берувчига ЯИДХП орқали электрон шаклда хабарнома юборади.
Ариза берувчи узрли сабабларга кўра белгиланган вақтда назарий имтиҳонга етиб келмаганлиги ёки тегишли ҳужжатларнинг асли тақдим этилмаганлиги ҳақидаги маълумот рад этилишини тасдиқлай олмаса, унинг сўровномаси рад этилади. Бунда, ариза берувчи ушбу Регламентнинг 8-бандида назарда тутилган йиғим суммасини тўлаган ҳолда давлат хизматларидан такроран фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;
б) ариза берувчи ДЙҲХХ органида ёки тадбиркорлик субъектида инсон омилини истисно этувчи назарий имтиҳонларни қабул қилиш тизими орқали белгиланган тартибда назарий имтиҳондан ўтган тақдирда, унга дарҳол имтиҳонларни қабул қилиш тизими орқали автоматик тарзда амалий имтиҳонга рухсат берилади ҳамда икки ойлик муддат ичида амалий имтиҳонни топшириши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилади.
Ариза берувчи назарий имтиҳондан ўтмаган тақдирда, унга дарҳол имтиҳонларни қабул қилиш тизими орқали автоматик тарзда етти календарь кун ўтганидан сўнг назарий имтиҳонни такроран топшириши мумкинлиги ҳақида маълумот берилади.
Ушбу муддат ўтмагунга қадар имтиҳонларни қабул қилиш тизими томонидан ариза берувчига назарий имтиҳонни топширишга такроран рухсат берилмайди. Келгуси назарий имтиҳонни топширишда ариза берувчи имтиҳондан ўтмаган тақдирда ҳам имтиҳонларни қабул қилиш тизими автоматик тарзда шу жараённи такрорлайди. Бунда, назарий имтиҳонларни такроран топшириш сони чекланмайди;
в) ариза берувчи инсон омили аралашмаган ҳолда (Низомда белгиланган алоҳида ҳоллар бундан мустасно) сунъий онг орқали баҳоланадиган фақат махсус ташкил этилган автодромда белгиланган вақтда амалий имтиҳонларни топширади.
Ариза берувчи назарий имтиҳонни топширганидан сўнг икки ой муддат ичида амалий имтиҳонни топшириши лозим. Бунда, имтиҳонларни қабул қилиш тизими автоматик тарзда амалий имтиҳонни такроран топшириш вақтини етти календарь кундан кейинги кунларга белгилайди. Агар ариза берувчи икки ой муддатда амалий имтиҳонни топшира олмаса, имтиҳонларни қабул қилиш тизими автоматик тарзда уни яна назарий имтиҳон топширишга қайтаради.
Назарий ва амалий имтиҳонларни қайта топшириш ушбу Регламент ва Низомда назарда тутилган тартибда қайта топширилади.
13. Ариза берувчининг автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширганлиги ҳақидаги маълумотлар уни ўтказувчи ДЙҲХХ органлари ёки тадбиркорлик субъектлари томонидан имтиҳонлар топширилган вақтнинг ўзида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизимига (кейинги ўринларда — Тизим) киритилади.
Ариза берувчига ЯИДХП орқали миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун мазкур Регламентнинг 14-бандида белгиланган йиғимни тўлаш бўйича тўлов инвойси электрон равишда юборилади.
14. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун БҲМнинг 70 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилганлиги учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
15. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;
қолган маблағлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади.
16. Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришнинг ҳар қандай босқичида хизматдан фойдаланишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.
17. Ариза берувчи хоҳишига кўра, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини почта алоқаси орқали олиши мумкин. Бунда, почта ҳаракатлари ариза берувчи ҳисобидан қопланади.
Почта алоқаси томонидан кўрсатилган хизмат учун тўлов миқдори почта хизмати томонидан белгиланади.
18. Сўровнома унда кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб тушгандан сўнг ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими уни 2 иш соати давомида кўриб чиқади.
Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ўз ихтиёрига асосан ID-карта ёки биометрик паспортдаги (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспортидаги ҳам) рақамли суратидан фойдаланишига рухсат беради ёки ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келиб суратга тушади.
ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими сўровномадаги маълумотларни Тизимдаги маълумотлар билан солиштиради. Бунда, ариза берувчининг автомототранспорт воситаларини бошқариш тоифаси ҳақидаги маълумотлар миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси бланкасига автоматик жойлаштирилади ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси нашрга берилади ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси тайёр бўлганлиги ҳақида ариза берувчи ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилинади.
19. Қуйидаги ҳолларда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш рад қилинади:
ариза берувчи томонидан сўровномада кўрсатилган маълумотлар нотўғри эканлиги аниқланганда;
ариза берувчининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича амалий ҳамда назарий имтиҳонни муваффақиятли топширганлик факти тасдиқланмаганда;
ариза берувчи томонидан тегишли йиғим тўланмаганда.
20. Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш рад этилган кундан бошлаб ўттиз иш куни мобайнида давлат хизматини кўрсатиш учун йиғим тўламасдан кўрсатилган камчиликни бартараф этган ҳолда такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
21. Ариза берувчи сўровномада миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг почта алоқаси орқали етказиб берилишини кўрсатган бўлса, ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими нашр қилинган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини почта хизмати ходимига беради.
Агар сўровномада почта хизматидан фойдаланиш назарда тутилмаган бўлса, ариза берувчининг ўзи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан сўровномада кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб кетади.
22. Почта хизмати ходими тайёр бўлган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олгандан сўнг, ариза берувчи билан телефон орқали боғланиб, сўровномада кўрсатилган манзилга (Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказида бир иш куни, қолган ҳудудларда икки иш куни ичида) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини етказиб беради.
23. Ариза берувчи билан телефон орқали келишилган вақтда ариза берувчи ушбу манзилда бўлмаса, ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини ушбу ҳудуддаги почта алоқаси бўлимидан ўн иш куни давомида олиши мумкин.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган муддатда ариза берувчи томонидан олиб кетилмаса, почта хизмати ходими миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини уни расмийлаштирган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига топширади. Бунда, ариза берувчининг ўзи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан сўровномада кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб кетади.
Бунда, почта хизмати учун тўланган тўловлар қайтарилмайди.
3-боб. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва йўқолгани ўрнига янгисини бериш тартиби
24. Ариза берувчининг исми, фамилияси ва отасининг исми ўзгарганда, шунингдек, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ҳамда йўқолгани ўрнига янгисини олиш учун ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки мустақил тарзда ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.
«ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими томонидан тақдим этилган исми, фамилияси ва отасининг исми ўзгарган шахслар ҳақидаги маълумотлар Тизимда ўзаро солиштирилади. Бунда, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга шахслар ЯИДХПдаги шахсий кабинетига ёки уларнинг мобил-ID тизимида идентификациядан ўтган мобил телефон рақамига миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш бўйича хабарнома юборилади.
25. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради.
Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришида ўз ихтиёрига асосан ID-карта ёки биометрик паспортдаги (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспортидаги ҳам) бош бармоқ изи маълумотидан фойдаланишига рухсат берилади. Агар ариза берувчи ID-карта ёки биометрик паспорт (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳам) эга бўлмаса, ўзининг имзоси намунасини электрон тарзда (компьютер ёки мобил телефон орқали) тақдим этади.
Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш бўйича:
эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасининг расми (орқа ҳамда олд томони);
эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талонининг расми (орқа ҳамда олд томони);
б) йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига янгисини бериш бўйича:
эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва/ёки талонининг расми (орқа ҳамда олд томони) (мавжуд бўлса).
Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун фақат сўровнома тўлдирилади.
Ариза берувчи йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига янги гувоҳнома олиш учун мурожаат қилганда унинг автомототранспорт воситасини бошқаришга бўлган ҳуқуқи мавжудлиги ёки бу ҳуқуқдан маҳрум этилмаганлиги Тизимда тасдиқлангандан сўнг унга шу вақтнинг ўзида тўлов инвойси тақдим этилади.
Агар ариза берувчининг йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақидаги маълумотлар Тизимда аниқланмаганда ариза берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича Низом асосида ДЙҲХХ органларига умумий тартибда мурожаат қилади.
26. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш ва уни янгисига алмаштириш учун БҲМнинг 70 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилганлиги учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
27. Йиғимлар миқдори ушбу Регламентнинг 15-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.
28. Ариза берувчи хоҳишига кўра, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини почта алоқаси орқали олиши мумкин. Бунда, почта харажатлари ариза берувчи ҳисобидан қопланади.
Почта алоқаси томонидан кўрсатилган хизмат учун тўлов миқдори почта хизмати томонидан белгиланади.
29. Сўровнома унда кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб тушгандан сўнг, ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими уни 2 иш соати давомида кўриб чиқади.
Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ўз ихтиёрига асосан ID-карта ёки биометрик паспортдаги (фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспортидаги ҳам) рақамли суратидан фойдаланишига рухсат берилади ёхуд ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келиб суратга тушади.
ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими сўровномадаги маълумотларни Тизимдаги маълумотлар билан солиштиради ва маълумотлар тўғри бўлганда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини нашрга беради ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси тайёр бўлганлиги ҳақида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади ёки рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришни рад этади.
Ариза берувчининг исми, фамилияси ва отасининг исми ўзгарганлиги «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали аниқланади.
30. Қуйидагилар миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, йўқолгани ўрнига янгисини беришни рад этиш учун асос бўлади:
миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақидаги маълумотлар Тизимда тасдиқланмаганлиги ёки ариза берувчининг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги (йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига янгисини бериш бўйича);
сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги;
давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик;
илова қилишини лозим бўлган ҳужжатларнинг сўровномага илова қилинмаганлиги (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш бўйича).
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, йўқолгани ўрнига янгисини беришни бошқа асосларга кўра рад этиш тақиқланади.
31. Ариза берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, йўқолгани ўрнига янгисини бериш рад этилган кундан бошлаб 30 иш куни мобайнида давлат хизмати кўрсатиш учун йиғим тўламасдан кўрсатилган камчиликни бартараф этган ҳолда такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
32. Ариза берувчи сўровномада янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг почта алоқаси орқали етказиб берилишини кўрсатган бўлса, ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходими босма миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини почта хизмати ходимига беради.
Агар сўровномада почта хизматидан фойдаланиш назарда тутилмаган бўлса, ариза берувчининг ўзи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан сўровномада кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб кетади.
33. Почта хизмати ходими тайёр миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олгандан сўнг ариза берувчи билан телефон орқали боғланиб, сўровномада кўрсатилган манзилга (Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказида бир иш куни, қолган ҳудудларда 2 иш куни ичида) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини етказиб беради.
Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштирилганда почта хизмати ходими эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талонини ариза берувчидан қабул қилиб олади ва уларни ушбу ҳудудга энг яқин ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига топширади.
Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бошқасига алмаштириш ҳамда ариза берувчининг исми, фамилияси ва отасининг исми ўзгариши сабабли янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси олинганда, мавжуд ҳайдовчилик гувоҳномаси ариза берувчининг ўзида қолдирилади.
34. Почта хизмати ходими ариза берувчи билан телефон орқали келишилган вақтда ариза берувчи ушбу манзилда бўлмаса, ариза берувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштирилганда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳнома ҳамда унинг талони ҳам) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини ушбу ҳудуддаги почта алоқаси бўлимидан ўн иш куни давомида олиши мумкин.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган муддатда ариза берувчи томонидан олиб кетилмаса, почта хизмати ходими миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини уни расмийлаштирган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига топширади. Бунда, ариза берувчининг ўзи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштирилганда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳнома ҳамда унинг талони ҳам) сўровномада кўрсатилган ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига келиб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб кетади.
Бунда, ушбу ҳолатда почта хизмати учун тўланган тўловлар қайтарилмайди.
4-боб. Якунловчи қоидалар
35. Ариза берувчи тайёр бўлган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини қабул қилиб олмаган тақдирда, унинг гувоҳномаси архивда икки йилгача сақланади.
Сақлаш муддати ўтиб кетган тақдирда, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган тартибда йўқ қилинади.
36. Ҳужжатлар алмашинувида иштирок этувчи органлар ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида олинган маълумотлар сир сақланишини таъминлайди.
37. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талабларининг бажарилиши бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан доимий назорат ва мониторингни амалга оширади.
38. ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази ходимлари ва мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.
Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар I. Ариза берувчидан автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни олиш 1-босқич Ариза берувчи 1. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) рўйхатдан ўтади. Хоҳишига кўра 2. Тегишли ҳужжатлар ва уларнинг электрон шаклини жамлайди. 3. Электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради (унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг электрон шаклини илова қилган ҳолда) ва тасдиқлайди. 4. Давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган миқдордаги йиғимни тўлайди. 2-босқич ЯИДХП Сўровномани тегишли ДЙҲХХ органига ёки тадбиркорлик субъектига жўнатади. Автоматик равишда 3-босқич ДЙҲХХ органи ёки тадбиркорлик субъекти 1. Тушган сўровнома ва илова қилинган ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ тўлдирилганлигини ҳамда тўловларнинг тўланганлигини текширади. 1 кун ичида 2. Ҳужжатларни алоҳида электрон журналга киритади. 3. Мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича хабарномани шакллантириб, уни ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига жўнатади. 4-босқич ДЙҲХХ органи ёки тадбиркорлик субъекти Ҳайдовчиликка номзоддан назарий ва амалий имтиҳонларни қабул қилади. Хабарномада белгиланган сана ва вақтда II. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш 5-босқич Ариза берувчи Назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширгандан сўнг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича белгиланган йиғимни тўлайди. Хоҳишига кўра 6-босқич ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиради ва ариза берувчига тақдим этади ёки уни почта хизмати орқали ариза берувчининг манзилига юборади. 2 иш соати ичида III. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва йўқолгани ўрнига янгисини бериш 7-босқич Ариза берувчи 1. ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади. Хоҳишига кўра 2. Электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради (унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг электрон шаклини илова қилган ҳолда) ва тасдиқлайди. 3. Давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган миқдордаги йиғимни тўлайди. 8-босқич ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари маркази Тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиради ва ариза берувчига тақдим этади ёки уни почта хизмати орқали ариза берувчининг манзилига юборади. 2 иш соати ичида Тақдим этилган маълумотларда нотўғри ёки хато маълумотлар аниқланганда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришни рад қилади.
Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун
I. Ариза берувчи тўғрисида маълумот: имтиҳон топшириш учун 1. Фамилияси: 2. Исми: 3. Отасининг исми: 4. ЖШ ШИР: 5. Телефон рақами: 6. Электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса): 7. Нечанчи марта имтиҳон топшириши: 8. Қайси турдаги автомототранспорт воситаларини бошқариш бўйича имтиҳон топшириши: 9. Ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича ўқиган ўқув муассасаси номи ва жойлашган тумани (шаҳар): 10. Имтиҳон топшириш ҳудуди: 11. Ногиронлиги (кар ёки кар-соқов ва бошқалар) тури: 12. Трамвай, троллейбусни бошқариш бўйича имтиҳон топшириш: 13. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштириладиган жой: 14. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини етказиб бериш манзили: 15. Хизмат натижасини олиш усули: ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда Почта хизмати орқали Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ёки йўқолгани ўрнига янгисини олиш учун 1. Фамилияси: 2. Исми: 3. Отасининг исми: 4. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини етказиб бериш манзили: 5. ЖШ ШИР: 6. Телефон рақами: 7. Электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса): 8. Хизматдан фойдаланиш сабаби: миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш йўқолгани ўрнига янгисини олиш 9. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг тоифаси (алмаштириш бўйича): 10. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олинадиган ёки алмаштириладиган жой: 11. Хизмат натижасини олиш усули: ДЙҲХХ органи ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда Почта хизмати орқали II. Сўровномага илова: а) эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш бўйича: эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасининг расми (орқа ҳамда олд томони); эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талонининг расми (орқа ҳамда олд томони); б) йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига янгисини бериш бўйича: эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талонининг расми (орқа ҳамда олд томони) (мавжуд бўлса). ».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 12 апрель,
152-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
MAʼMURIY REGLAMENTI
SXEMASI
SOʻROVNOMA
Milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirish tartibini soddalashtirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Mamlakatimizda aholi va tadbirkorlik subyektlariga davlat xizmatlarini koʻrsatish sifatini yanada yaxshilash, davlat xizmatlarini koʻrsatishda byurokratik, eskirgan va zamon talablariga mos kelmaydigan talablarni tubdan qisqartirishga qaratilgan tizimli islohotlar amalga oshirilmoqda.
Shu bilan birga, olib borilgan tahlillar haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlarida inson omilini qisqartirish, fuqarolarga masofadan xizmat koʻrsatishni yoʻlga qoʻyish orqali ortiqcha ovoragarchilik, navbatlarni qisqartirish zaruratini koʻrsatmoqda.
Milliy haydovchilik guvohnomasini berish tartibotlarini qisqartirish, ushbu jarayonlarni raqamlashtirish orqali fuqarolarga soddalashtirilgan davlat xizmatlarini koʻrsatishni joriy etish, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022-2023-yillarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qarori ijrosini taʼminlash hamda haydovchilik guvohnomasini berish va ularni yangisiga almashtirish sohasida davlat xizmatlarini koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. 2023-yil 15-apreldan boshlab milliy haydovchilik guvohnomasini shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali ham ariza beruvchilarning bevosita ishtirokisiz rasmiylashtirish tartibi joriy etilsin. Bunda:
milliy haydovchilik guvohnomasiga ariza beruvchilarning bosh barmoq izi maʼlumotlari joylashtiriladi, agar axborot tizimlarida ariza beruvchilarning bosh barmoq izi maʼlumotlari mavjud boʻlmagan taqdirda ariza beruvchilar oʻzlarining imzo namunasini elektron shaklda taqdim etadi;
milliy haydovchilik guvohnomalarini olish hamda eski namunadagi haydovchilik guvohnomalarini yangisiga almashtirish boʻyicha arizalar ariza beruvchilarning YIDXPdagi shaxsiy kabineti orqali onlayn tarzda har kuni, dam olish va bayram kunlaridan qatʼi nazar, 24 soat davomida yuborilishi mumkin;
yangi rasmiylashtirilgan milliy haydovchilik guvohnomalarini pochta orqali olish imkoniyati yaratiladi.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
nazariy va amaliy imtihonlarni muvaffaqiyatli topshirgan talabgorlarga Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmati organi yoki Davlat xizmatlari markazi tomonidan milliy haydovchilik guvohnomasi (almashtirish va yoʻqolgani oʻrniga yangisini berish) rasmiylashtirilishi;
milliy haydovchilik guvohnomasini olish boʻyicha murojaatlarni YIDXP orqali qabul qilinishi va fuqarolarning ixtiyoriga koʻra milliy haydovchilik guvohnomasi pochta orqali yetkazib berilishi;
fuqaroning familiyasi, ismi va otasining ismi oʻzgarganda bu haqidagi maʼlumotlar axborot tizimlari orqali tasdiqlanishi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi ismi, familiyasi va otasining ismi oʻzgargan shaxslar haqidagi maʼlumotlarni “FHDYning yagona elektron arxivi” axborot tizimi orqali Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimiga doimiy taqdim etib borsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
a) ikki oy muddatda:
Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda milliy haydovchilik guvohnomasiga ariza beruvchilarning bosh barmoq izi maʼlumotlarini joylashtirish uchun Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati axborot tizimini ichki ishlar organlari ekspert-kriminalistika boʻlinmalaridagi “ADTT” va “SHIQAT” avtomatlashtirilgan tizimlari bilan integratsiya qilsin;
barcha tadbirkorlik subyektlari va Ichki ishlar vazirligi Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining roʻyxatdan oʻtkazish va imtihon olish boʻlinmalari tomonidan oʻtkazilgan haydovchilikka nomzodlarning amaliy va nazariy imtihon natijalarini jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami asosida yagona elektron maʼlumotlar bazasiga kiritish hamda maʼlumotlarni real vaqt rejimida elektron axborot almashinuvi asosida taqdim etish imkoniyatini yaratsin;
b) 2023-yil yakuniga qadar barcha mavjud haydovchilik guvohnoma maʼlumotlarini jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqamiga bogʻlagan holda raqamlashtirish ishlarini yakunlasin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri A.J. Tashkulov va Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 12-apreldagi 152-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 31-maydagi 408-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat taʼlim muassasalari hamda avtomototransport vositalari va shahar elektr transporti vositalari haydovchilarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha nodavlat taʼlim xizmatlari koʻrsatish faoliyatini amalga oshiruvchi boshqa yuridik shaxslarning oʻquv guruhlarini roʻyxatga olish, shuningdek, imtihonlarni oʻtkazish va milliy haydovchilik guvohnomasini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
44-bandning “g” kichik bandidagi “(toʻlovlar miqdori Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishgan holda belgilanadi)” jumlalari chiqarib tashlansin;
55-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“55. Manfaatdor shaxs milliy haydovchilik guvohnomasini oʻzi kelib YHXBning RvaIOB yoki Davlat xizmatlari markazidan shaxsini tasdiqlovchi hujjat asosida oʻzi olib ketadi yoxud xohishiga koʻra milliy haydovchilik guvohnomasini pochta aloqasi orqali olishi mumkin”.
2. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 4-maydagi 271-son qarori bilan tasdiqlangan Avtomototransport vositalari va shahar elektr transporti vositalari haydovchiligiga nomzodlardan imtihonlarni qabul qilish uchun hujjatlarni va milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Avtomototransport vositalari va shahar elektr transporti vositalari haydovchiligiga nomzodlardan imtihonlarni qabul qilish uchun hujjatlarni va milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Maʼmuriy reglament (keyingi oʻrinlarda — Reglament) avtomototransport vositalari va shahar elektr transporti vositalari haydovchilarini tayyorlash va qayta tayyorlash boʻyicha faoliyat yurituvchi oʻquv tashkilotlarini tugatgan haydovchilikka nomzodlar yoki qonunchilik hujjatlarida imtihon topshirishi nazarda tutilgan haydovchilar (keyingi oʻrinlarda — ariza beruvchi)dan imtihon qabul qilish hamda milliy haydovchilik guvohnomalarini almashtirish va yoʻqolgani oʻrniga yangisini berish yuzasidan hujjatlarni rasmiylashtirish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali murojaat qilinganda davlat xizmatlari koʻrsatish tartibini belgilaydi.
2. Ariza beruvchidan imtihon qabul qilish (keyingi oʻrinlarda — davlat xizmati) YIDXP orqali Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmati (keyingi oʻrinlarda — DYHXX) organlari yoki avtomototransport vositalari va shahar elektr transporti vositalari haydovchilarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha nodavlat taʼlim xizmatlari koʻrsatish faoliyati uchun litsenziyaga ega tadbirkorlik subyektlari (keyingi oʻrinlarda — tadbirkorlik subyektlari) tomonidan koʻrsatiladi.
Milliy haydovchilik guvohnomalarini berish, almashtirish va yoʻqolgani oʻrniga yangisini berish YIDXP orqali DYHXX organlari yoki Davlat xizmatlari markazlari tomonidan koʻrsatiladi.
3. Milliy haydovchilik guvohnomasi — Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolariga belgilangan toifadagi avtomototransport vositalarini boshqarish huquqini beruvchi va egasining shaxsini tasdiqlovchi rasmiy davlat hujjati hisoblanadi.
Milliy haydovchilik guvohnomasi ariza beruvchiga 10 yil muddatga beriladi.
Ariza beruvchilar milliy haydovchilik guvohnomasini olish uchun Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqamini aniqlash va berish tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2022-yil 12-apreldagi 177-son qaroriga muvofiq biriktirilgan jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqamiga ega boʻlishlari zarur.
4. Davlat xizmatlarini koʻrsatish ushbu Reglamentga 1-ilovada keltirilgan sxema boʻyicha koʻrsatiladi.
2-bob. Ariza beruvchidan imtihon qabul qilish hamda milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirish
5. Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanish uchun YIDXPda roʻyxatdan oʻtadi va ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq elektron shakldagi soʻrovnomani toʻldiradi.
6. Soʻrovnomaga ilova qilinadigan hujjatlarning roʻyxati koʻrsatiladigan xizmat turlariga muvofiq Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 31-maydagi 408-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat taʼlim muassasalari hamda avtomototransport vositalari va shahar elektr transporti vositalari haydovchilarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha nodavlat taʼlim xizmatlari koʻrsatish faoliyatini amalga oshiruvchi boshqa yuridik shaxslarning oʻquv guruhlarini roʻyxatga olish, shuningdek, imtihonlarni oʻtkazish va milliy haydovchilik guvohnomasini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom (keyingi oʻrinlarda — Nizom) talablari asosida soʻrovnomani toʻldirish jarayonida avtomatik tarzda belgilanadi.
Soʻrovnomaga talab etiladigan hujjatlarning skaner qilingan “PDF” shaklidagi nusxalari ilova qilinadi.
Ariza beruvchi kelgusida milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirishda oʻz ixtiyoriga asosan identifikatsiyalovchi ID-karta (keyingi oʻrinlarda — ID-karta) yoki biometrik pasportdagi (fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasportidagi ham) bosh barmoq izi maʼlumotidan foydalanishiga ruxsat beriladi. Agar ariza beruvchi ID-karta yoki biometrik pasportga (fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti ham) ega boʻlmasa, oʻzining imzo namunasini elektron shaklda (kompyuter yoki mobil telefon orqali) taqdim etadi.
7. Soʻrovnoma toʻldirilib, tegishli hujjatlarning nusxalari ilova qilinganidan soʻng ariza beruvchi maʼlumotlar toʻgʻriligini tekshiradi va imzoni identifikatsiya qilishning zamonaviy vositalari bilan (daktiloskopiya, elektron imzo, mobil-ID va boshqalar) tasdiqlaydi.
Soʻrovnomalar har kuni, dam olish va bayram kunlaridan qatʼi nazar, yigirma toʻrt soat davomida yuborilishi mumkin.
Bunda, soʻrovnomalar ish vaqtidan keyin yoki dam olish va bayram kunlari kelib tushganda, navbatdagi ish kuni soʻrovnoma qabul qilingan kun deb hisoblanadi.
8. Davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun bazaviy hisoblash miqdorining (keyingi oʻrinlarda — BHM) 10 foizi miqdorida yigʻim undiriladi, YIDXP orqali murojaat qilinganligi uchun belgilangan yigʻimning 90 foizi undiriladi.
“Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimida roʻyxatga olingan shaxslarga, shuningdek, I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarga mazkur bandning birinchi xatboshisida belgilangan yigʻimning 50 foizi miqdorida chegirma qoʻllaniladi.
Bunda, undirilgan yigʻim summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasi shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga;
11,25 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Elektron hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasining maxsus hisobvaragʻiga;
38,75 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining moddiy-texnika bazasini rivojlantirish, xodimlarini ragʻbatlantirish va mukofotlash jamgʻarmasi hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;
qolgan mablagʻlar — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetiga oʻtkaziladi.
9. Soʻrovnomada notoʻgʻri maʼlumotlar koʻrsatilgan yoki maʼlumotlar toʻliq koʻrsatilmagan taqdirda, zarur hujjatlar ilova qilinmaganda shuningdek, davlat xizmatini koʻrsatish uchun yigʻim toʻlanmaganda, soʻrovnoma avtomatik ravishda rad etiladi hamda bu haqida ariza beruvchiga onlayn rejimida avtomatik tarzda elektron javob qaytariladi.
Davlat xizmatlarini koʻrsatish boshqa asoslarga koʻra rad etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
10. Ariza beruvchi tomonidan kiritilgan barcha hujjatlar YIDXP orqali real vaqt rejimida avtomatik tarzda ariza beruvchi tanlagan tegishli DYHXX organiga yoki ushbu hududda faoliyat yurituvchi tadbirkorlik subyektiga yuboriladi.
Soʻrovnomada milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtiradigan DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markazi ariza beruvchi tomonidan koʻrsatiladi.
Ariza beruvchi uning arizasi DYHXX organi yoki tadbirkorlik subyekti tomonidan elektron jurnalda roʻyxatga olingunga qadar davlat xizmatlaridan foydalanishdan bosh tortish va toʻlangan yigʻim summasini qaytarib olish huquqiga ega. Ariza elektron jurnalda roʻyxatga olinganidan soʻng davlat xizmatlaridan foydalanish rad etilganda, toʻlangan yigʻim summasi qaytarilmaydi.
Ariza beruvchi tomonidan DYHXX organida imtihon topshirish nazarda tutilganda imtihonlarda qatnashish uchun quyidagi miqdorda toʻlovlar amalga oshiriladi:
nazariy imtihon topshirish uchun — BHMning 10 foizi miqdorida;
har bir qayta nazariy imtihon topshirish uchun — BHMning 15 foizi miqdorida;
avtomototransport vositalarini, shu jumladan, transport vositalari tarkibini amaliy boshqarishda imtihon topshirish uchun — BHMning 10 foizi miqdorida;
har bir qayta amaliy boshqarishda imtihon topshirish uchun — BHMning 15 foizi miqdorida.
“Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimida roʻyxatga olingan shaxslarga, shuningdek, I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarga mazkur bandning birinchi xatboshisida belgilangan yigʻimning 50 foizi miqdorida chegirma qoʻllaniladi.
Ariza beruvchi tomonidan tadbirkorlik subyektida imtihon topshirish nazarda tutilganda imtihonlarda qatnashish uchun toʻlovlar miqdori tadbirkorlik subyekti tomonidan belgilanadi.
11. DYHXX organining yoki tadbirkorlik subyektining masʼul xodimi bir ish kunida imtihonlarni qabul qilish uchun hujjatlarni rasmiylashtirish yuzasidan:
a) kelib tushgan elektron soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarning toʻgʻri toʻldirilganligi va toʻliqligini, shuningdek, tegishli toʻlovlarning toʻlanganligini tekshiradi;
b) hujjatlar toʻgʻri va toʻliq boʻlgan taqdirda, ularni alohida elektron jurnalga kiritadi hamda ariza beruvchining nazariy imtihonga qoʻyilganligini qayd etadi.
Bunda, kelib tushgan soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarda kamchiliklar aniqlangan taqdirda, ularni elektron jurnalga kiritish rad etilib, bu haqida ariza beruvchiga YIDXP orqali QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan va masʼul xodimning ERIsi bilan tasdiqlangan xabarnoma yuboriladi va kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan batafsil tushuntirish beriladi.
Ariza beruvchi uning soʻrovnomasi rad etilganligi toʻgʻrisidagi xabarnomani olgan kundan boshlab oʻttiz ish kuni mobaynida hujjatlardagi kamchiliklarni toʻgʻrilab, davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun yigʻim toʻlamagan holda takroran murojaat qilish huquqiga ega.
Bunda, YIDXP orqali ushbu bandda koʻrsatilgan muddatlarda takroriy murojaatni tegishli DYHXX organiga yoki tadbirkorlik subyektiga yuboradi;
v) kelgusi oʻn ish kuni ichida nazariy imtihon topshirishning aniq sanasi va vaqti, shuningdek, imtihon topshiriladigan tegishli DYHXX organi yoki tadbirkorlik subyekti koʻrsatilgan xabarnomani rasmiylashtiradi hamda uni QR-kod (matrik shtrixli kod) va xodimning ERIsi bilan tasdiqlangan holda ariza beruvchiga YIDXP orqali elektron shaklda yuboradi.
12. Ariza beruvchi imtihon topshirish yuzasidan:
a) haydovchilikka nomzodlar shaxsini tasdiqlovchi va soʻrovnomaga ilova qilingan hujjatlarning asli bilan birga xabarnomada koʻrsatilgan tegishli DYHXX organiga yoki tadbirkorlik subyektiga belgilangan sana va vaqtda nazariy imtihonda qatnashish uchun yetib kelishi lozim, bundan qonunchilikda nazariy imtihon topshirish talab etilmaydigan holatlar bundan mustasno.
Ariza beruvchi uzrli sabablarsiz belgilangan sana va vaqtda nazariy imtihonga yetib kelmagan yoki tegishli hujjatlarning aslini taqdim etmagan taqdirda, imtihonni qabul qiluvchi masʼul xodim nazariy imtihon oʻtkazilmaganligi haqidagi xabarnomani shu kunning oʻzida elektron arizalarni koʻrib chiqish uchun masʼul xodim (ish joyi)ga yuboradi.
Masʼul xodim ariza beruvchining belgilangan sana va vaqtda nazariy imtihonga yetib kelmaganligi yoki tegishli hujjatlarning aslini DYHXX organiga yoki tadbirkorlik subyektiga taqdim etmaganligi sababli imtihonga qoʻyilishi rad etilganda, uzrli sabablarni tasdiqlovchi hujjatlar 10 ish kuni ichida taqdim etilgan taqdirda, davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun yigʻim toʻlanmagan holda imtihon qabul qilinishi mumkinligi haqida QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan va ERI bilan tasdiqlangan holda bir ish kuni ichida ariza beruvchiga YIDXP orqali elektron shaklda xabarnoma yuboradi.
Ariza beruvchi uzrli sabablarga koʻra belgilangan vaqtda nazariy imtihonga yetib kelmaganligi yoki tegishli hujjatlarning asli taqdim etilmaganligi haqidagi maʼlumot rad etilishini tasdiqlay olmasa, uning soʻrovnomasi rad etiladi. Bunda, ariza beruvchi ushbu Reglamentning 8-bandida nazarda tutilgan yigʻim summasini toʻlagan holda davlat xizmatlaridan takroran foydalanish huquqiga ega boʻladi;
b) ariza beruvchi DYHXX organida yoki tadbirkorlik subyektida inson omilini istisno etuvchi nazariy imtihonlarni qabul qilish tizimi orqali belgilangan tartibda nazariy imtihondan oʻtgan taqdirda, unga darhol imtihonlarni qabul qilish tizimi orqali avtomatik tarzda amaliy imtihonga ruxsat beriladi hamda ikki oylik muddat ichida amaliy imtihonni topshirishi lozimligi haqida ogohlantiriladi.
Ariza beruvchi nazariy imtihondan oʻtmagan taqdirda, unga darhol imtihonlarni qabul qilish tizimi orqali avtomatik tarzda yetti kalendar kun oʻtganidan soʻng nazariy imtihonni takroran topshirishi mumkinligi haqida maʼlumot beriladi.
Ushbu muddat oʻtmagunga qadar imtihonlarni qabul qilish tizimi tomonidan ariza beruvchiga nazariy imtihonni topshirishga takroran ruxsat berilmaydi. Kelgusi nazariy imtihonni topshirishda ariza beruvchi imtihondan oʻtmagan taqdirda ham imtihonlarni qabul qilish tizimi avtomatik tarzda shu jarayonni takrorlaydi. Bunda, nazariy imtihonlarni takroran topshirish soni cheklanmaydi;
v) ariza beruvchi inson omili aralashmagan holda (Nizomda belgilangan alohida hollar bundan mustasno) sunʼiy ong orqali baholanadigan faqat maxsus tashkil etilgan avtodromda belgilangan vaqtda amaliy imtihonlarni topshiradi.
Ariza beruvchi nazariy imtihonni topshirganidan soʻng ikki oy muddat ichida amaliy imtihonni topshirishi lozim. Bunda, imtihonlarni qabul qilish tizimi avtomatik tarzda amaliy imtihonni takroran topshirish vaqtini yetti kalendar kundan keyingi kunlarga belgilaydi. Agar ariza beruvchi ikki oy muddatda amaliy imtihonni topshira olmasa, imtihonlarni qabul qilish tizimi avtomatik tarzda uni yana nazariy imtihon topshirishga qaytaradi.
Nazariy va amaliy imtihonlarni qayta topshirish ushbu Reglament va Nizomda nazarda tutilgan tartibda qayta topshiriladi.
13. Ariza beruvchining avtomototransport vositalarini boshqarish huquqini beruvchi milliy haydovchilik guvohnomasini olish uchun nazariy va amaliy imtihonlarni muvaffaqiyatli topshirganligi haqidagi maʼlumotlar uni oʻtkazuvchi DYHXX organlari yoki tadbirkorlik subyektlari tomonidan imtihonlar topshirilgan vaqtning oʻzida Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmati axborot tizimiga (keyingi oʻrinlarda — Tizim) kiritiladi.
Ariza beruvchiga YIDXP orqali milliy haydovchilik guvohnomasini berish uchun mazkur Reglamentning 14-bandida belgilangan yigʻimni toʻlash boʻyicha toʻlov invoysi elektron ravishda yuboriladi.
14. Milliy haydovchilik guvohnomasini berish uchun BHMning 70 foizi miqdorida yigʻim undiriladi.
Milliy haydovchilik guvohnomasi berilganligi uchun yigʻim toʻlanganligi axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlanadi.
15. Yigʻimlar summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;
qolgan mablagʻlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda taqsimlanadi.
16. Ariza beruvchi milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirishning har qanday bosqichida xizmatdan foydalanishdan bosh tortish huquqiga ega.
17. Ariza beruvchi xohishiga koʻra, milliy haydovchilik guvohnomasini pochta aloqasi orqali olishi mumkin. Bunda, pochta harakatlari ariza beruvchi hisobidan qoplanadi.
Pochta aloqasi tomonidan koʻrsatilgan xizmat uchun toʻlov miqdori pochta xizmati tomonidan belgilanadi.
18. Soʻrovnoma unda koʻrsatilgan DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga kelib tushgandan soʻng DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markazi xodimi uni 2 ish soati davomida koʻrib chiqadi.
Ariza beruvchi milliy haydovchilik guvohnomasini olishda oʻz ixtiyoriga asosan ID-karta yoki biometrik pasportdagi (fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasportidagi ham) raqamli suratidan foydalanishiga ruxsat beradi yoki DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib suratga tushadi.
DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markazi xodimi soʻrovnomadagi maʼlumotlarni Tizimdagi maʼlumotlar bilan solishtiradi. Bunda, ariza beruvchining avtomototransport vositalarini boshqarish toifasi haqidagi maʼlumotlar milliy haydovchilik guvohnomasi blankasiga avtomatik joylashtiriladi va milliy haydovchilik guvohnomasi nashrga beriladi va milliy haydovchilik guvohnomasi tayyor boʻlganligi haqida ariza beruvchi axborot-kommunikatsiya tizimi orqali xabardor qilinadi.
19. Quyidagi hollarda milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirish rad qilinadi:
ariza beruvchi tomonidan soʻrovnomada koʻrsatilgan maʼlumotlar notoʻgʻri ekanligi aniqlanganda;
ariza beruvchining milliy haydovchilik guvohnomasini olish boʻyicha amaliy hamda nazariy imtihonni muvaffaqiyatli topshirganlik fakti tasdiqlanmaganda;
ariza beruvchi tomonidan tegishli yigʻim toʻlanmaganda.
20. Ariza beruvchi milliy haydovchilik guvohnomasini berish rad etilgan kundan boshlab oʻttiz ish kuni mobaynida davlat xizmatini koʻrsatish uchun yigʻim toʻlamasdan koʻrsatilgan kamchilikni bartaraf etgan holda takroran murojaat qilish huquqiga ega.
21. Ariza beruvchi soʻrovnomada milliy haydovchilik guvohnomasining pochta aloqasi orqali yetkazib berilishini koʻrsatgan boʻlsa, DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markazi xodimi nashr qilingan milliy haydovchilik guvohnomasini pochta xizmati xodimiga beradi.
Agar soʻrovnomada pochta xizmatidan foydalanish nazarda tutilmagan boʻlsa, ariza beruvchining oʻzi shaxsini tasdiqlovchi hujjat bilan soʻrovnomada koʻrsatilgan DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga kelib milliy haydovchilik guvohnomasini olib ketadi.
22. Pochta xizmati xodimi tayyor boʻlgan milliy haydovchilik guvohnomasini olgandan soʻng, ariza beruvchi bilan telefon orqali bogʻlanib, soʻrovnomada koʻrsatilgan manzilga (Toshkent shahri va viloyatlar markazida bir ish kuni, qolgan hududlarda ikki ish kuni ichida) milliy haydovchilik guvohnomasini yetkazib beradi.
23. Ariza beruvchi bilan telefon orqali kelishilgan vaqtda ariza beruvchi ushbu manzilda boʻlmasa, ariza beruvchi milliy haydovchilik guvohnomasini ushbu hududdagi pochta aloqasi boʻlimidan oʻn ish kuni davomida olishi mumkin.
Milliy haydovchilik guvohnomasi mazkur bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan muddatda ariza beruvchi tomonidan olib ketilmasa, pochta xizmati xodimi milliy haydovchilik guvohnomasini uni rasmiylashtirgan DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga topshiradi. Bunda, ariza beruvchining oʻzi shaxsini tasdiqlovchi hujjat bilan soʻrovnomada koʻrsatilgan DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga kelib milliy haydovchilik guvohnomasini olib ketadi.
Bunda, pochta xizmati uchun toʻlangan toʻlovlar qaytarilmaydi.
3-bob. Milliy haydovchilik guvohnomasini almashtirish va yoʻqolgani oʻrniga yangisini berish tartibi
24. Ariza beruvchining ismi, familiyasi va otasining ismi oʻzgarganda, shuningdek, milliy haydovchilik guvohnomasini almashtirish hamda yoʻqolgani oʻrniga yangisini olish uchun DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib murojaat qiladi yoki mustaqil tarzda YIDXPda roʻyxatdan oʻtadi.
“FHDYning yagona elektron arxivi” axborot tizimi tomonidan taqdim etilgan ismi, familiyasi va otasining ismi oʻzgargan shaxslar haqidagi maʼlumotlar Tizimda oʻzaro solishtiriladi. Bunda, yangi namunadagi haydovchilik guvohnomasiga ega shaxslar YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga yoki ularning mobil-ID tizimida identifikatsiyadan oʻtgan mobil telefon raqamiga milliy haydovchilik guvohnomasini almashtirish boʻyicha xabarnoma yuboriladi.
25. Ariza beruvchi oʻzi kelib murojaat etgan taqdirda, DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markazi xodimi ariza beruvchi nomidan, YIDXP orqali murojaat etgan taqdirda esa, mustaqil ravishda Reglamentga 2-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani elektron ravishda toʻldiradi.
Ariza beruvchi milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirishida oʻz ixtiyoriga asosan ID-karta yoki biometrik pasportdagi (fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasportidagi ham) bosh barmoq izi maʼlumotidan foydalanishiga ruxsat beriladi. Agar ariza beruvchi ID-karta yoki biometrik pasport (fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti ham) ega boʻlmasa, oʻzining imzosi namunasini elektron tarzda (kompyuter yoki mobil telefon orqali) taqdim etadi.
Soʻrovnomaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
a) eski namunadagi haydovchilik guvohnomasini almashtirish boʻyicha:
eski namunadagi haydovchilik guvohnomasining rasmi (orqa hamda old tomoni);
eski namunadagi haydovchilik guvohnomasi talonining rasmi (orqa hamda old tomoni);
b) yoʻqolgan haydovchilik guvohnomasi oʻrniga yangisini berish boʻyicha:
eski namunadagi haydovchilik guvohnomasi va/yoki talonining rasmi (orqa hamda old tomoni) (mavjud boʻlsa).
Yangi namunadagi milliy haydovchilik guvohnomasini almashtirish uchun faqat soʻrovnoma toʻldiriladi.
Ariza beruvchi yoʻqotilgan haydovchilik guvohnomasi oʻrniga yangi guvohnoma olish uchun murojaat qilganda uning avtomototransport vositasini boshqarishga boʻlgan huquqi mavjudligi yoki bu huquqdan mahrum etilmaganligi Tizimda tasdiqlangandan soʻng unga shu vaqtning oʻzida toʻlov invoysi taqdim etiladi.
Agar ariza beruvchining yoʻqotilgan haydovchilik guvohnomasi haqidagi maʼlumotlar Tizimda aniqlanmaganda ariza beruvchi haydovchilik guvohnomasini olish boʻyicha Nizom asosida DYHXX organlariga umumiy tartibda murojaat qiladi.
26. Milliy haydovchilik guvohnomasini berish va uni yangisiga almashtirish uchun BHMning 70 foizi miqdorida yigʻim undiriladi.
Yoʻqotilgan haydovchilik guvohnomasi oʻrniga yangi namunadagi milliy haydovchilik guvohnomasini berish uchun BHMning 1 baravari miqdorida toʻlov undiriladi.
Milliy haydovchilik guvohnomasi berilganligi uchun yigʻim toʻlanganligi axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlanadi.
27. Yigʻimlar miqdori ushbu Reglamentning 15-bandida belgilangan tartibda taqsimlanadi.
28. Ariza beruvchi xohishiga koʻra, milliy haydovchilik guvohnomasini pochta aloqasi orqali olishi mumkin. Bunda, pochta xarajatlari ariza beruvchi hisobidan qoplanadi.
Pochta aloqasi tomonidan koʻrsatilgan xizmat uchun toʻlov miqdori pochta xizmati tomonidan belgilanadi.
29. Soʻrovnoma unda koʻrsatilgan DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga kelib tushgandan soʻng, DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markazi xodimi uni 2 ish soati davomida koʻrib chiqadi.
Ariza beruvchi milliy haydovchilik guvohnomasini olishda oʻz ixtiyoriga asosan ID-karta yoki biometrik pasportdagi (fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasportidagi ham) raqamli suratidan foydalanishiga ruxsat beriladi yoxud DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib suratga tushadi.
DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markazi xodimi soʻrovnomadagi maʼlumotlarni Tizimdagi maʼlumotlar bilan solishtiradi va maʼlumotlar toʻgʻri boʻlganda milliy haydovchilik guvohnomasini nashrga beradi va milliy haydovchilik guvohnomasi tayyor boʻlganligi haqida ariza beruvchini axborot-kommunikatsiya tizimi orqali xabardor qiladi yoki rad etishning aniq sabablarini koʻrsatgan holda milliy haydovchilik guvohnomasini almashtirishni rad etadi.
Ariza beruvchining ismi, familiyasi va otasining ismi oʻzgarganligi “FHDYning yagona elektron arxivi” axborot tizimi orqali aniqlanadi.
30. Quyidagilar milliy haydovchilik guvohnomasini almashtirish, yoʻqolgani oʻrniga yangisini berishni rad etish uchun asos boʻladi:
milliy haydovchilik guvohnomasi haqidagi maʼlumotlar Tizimda tasdiqlanmaganligi yoki ariza beruvchining transport vositasini boshqarish huquqidan mahrum etilganligi (yoʻqolgan haydovchilik guvohnomasi oʻrniga yangisini berish boʻyicha);
soʻrovnomada notoʻgʻri maʼlumotlar koʻrsatilganligi;
davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun yigʻimni toʻlamaslik;
ilova qilishini lozim boʻlgan hujjatlarning soʻrovnomaga ilova qilinmaganligi (eski namunadagi haydovchilik guvohnomasini almashtirish boʻyicha).
Milliy haydovchilik guvohnomasini almashtirish, yoʻqolgani oʻrniga yangisini berishni boshqa asoslarga koʻra rad etish taqiqlanadi.
31. Ariza beruvchi milliy haydovchilik guvohnomasini almashtirish, yoʻqolgani oʻrniga yangisini berish rad etilgan kundan boshlab 30 ish kuni mobaynida davlat xizmati koʻrsatish uchun yigʻim toʻlamasdan koʻrsatilgan kamchilikni bartaraf etgan holda takroran murojaat qilish huquqiga ega.
32. Ariza beruvchi soʻrovnomada yangi milliy haydovchilik guvohnomasining pochta aloqasi orqali yetkazib berilishini koʻrsatgan boʻlsa, DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markazi xodimi bosma milliy haydovchilik guvohnomasini pochta xizmati xodimiga beradi.
Agar soʻrovnomada pochta xizmatidan foydalanish nazarda tutilmagan boʻlsa, ariza beruvchining oʻzi shaxsini tasdiqlovchi hujjat bilan soʻrovnomada koʻrsatilgan DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga kelib milliy haydovchilik guvohnomasini olib ketadi.
33. Pochta xizmati xodimi tayyor milliy haydovchilik guvohnomasini olgandan soʻng ariza beruvchi bilan telefon orqali bogʻlanib, soʻrovnomada koʻrsatilgan manzilga (Toshkent shahri va viloyatlar markazida bir ish kuni, qolgan hududlarda 2 ish kuni ichida) milliy haydovchilik guvohnomasini yetkazib beradi.
Eski namunadagi haydovchilik guvohnomasi yangisiga almashtirilganda pochta xizmati xodimi eski namunadagi haydovchilik guvohnomasi hamda uning talonini ariza beruvchidan qabul qilib oladi va ularni ushbu hududga eng yaqin DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga topshiradi.
Yangi namunadagi milliy haydovchilik guvohnomasini boshqasiga almashtirish hamda ariza beruvchining ismi, familiyasi va otasining ismi oʻzgarishi sababli yangi milliy haydovchilik guvohnomasi olinganda, mavjud haydovchilik guvohnomasi ariza beruvchining oʻzida qoldiriladi.
34. Pochta xizmati xodimi ariza beruvchi bilan telefon orqali kelishilgan vaqtda ariza beruvchi ushbu manzilda boʻlmasa, ariza beruvchi shaxsini tasdiqlovchi hujjat bilan (eski namunadagi haydovchilik guvohnomasi yangisiga almashtirilganda eski namunadagi haydovchilik guvohnoma hamda uning taloni ham) milliy haydovchilik guvohnomasini ushbu hududdagi pochta aloqasi boʻlimidan oʻn ish kuni davomida olishi mumkin.
Milliy haydovchilik guvohnomasi mazkur bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan muddatda ariza beruvchi tomonidan olib ketilmasa, pochta xizmati xodimi milliy haydovchilik guvohnomasini uni rasmiylashtirgan DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga topshiradi. Bunda, ariza beruvchining oʻzi shaxsini tasdiqlovchi hujjat bilan (eski namunadagi haydovchilik guvohnomasi yangisiga almashtirilganda eski namunadagi haydovchilik guvohnoma hamda uning taloni ham) soʻrovnomada koʻrsatilgan DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga kelib milliy haydovchilik guvohnomasini olib ketadi.
Bunda, ushbu holatda pochta xizmati uchun toʻlangan toʻlovlar qaytarilmaydi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
35. Ariza beruvchi tayyor boʻlgan milliy haydovchilik guvohnomasini qabul qilib olmagan taqdirda, uning guvohnomasi arxivda ikki yilgacha saqlanadi.
Saqlash muddati oʻtib ketgan taqdirda, milliy haydovchilik guvohnomasi belgilangan tartibda yoʻq qilinadi.
36. Hujjatlar almashinuvida ishtirok etuvchi organlar oʻz faoliyatini amalga oshirish jarayonida olingan maʼlumotlar sir saqlanishini taʼminlaydi.
37. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari va Davlat xizmatlari markazlari ushbu Reglament talablarining bajarilishi boʻyicha davlat organlari va boshqa tashkilotlarning faoliyati yuzasidan doimiy nazorat va monitoringni amalga oshiradi.
38. DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markazi xodimlari va mansabdor shaxslarining xatti-harakatlari (harakatsizligi) ustidan qonunchilikda belgilangan tartibda shikoyat qilish mumkin.
Avtomototransport vositalari va shahar elektr transporti vositalari haydovchiligiga nomzodlardan imtihonlarni qabul qilish uchun hujjatlarni va milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
Avtomototransport vositalari va shahar elektr transporti vositalari haydovchiligiga nomzodlardan imtihonlarni qabul qilish uchun hujjatlarni va milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar I. Ariza beruvchidan avtomototransport vositalarini boshqarish huquqini beruvchi milliy haydovchilik guvohnomasini olish uchun nazariy va amaliy imtihonlarni olish 1-bosqich Ariza beruvchi 1. Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) roʻyxatdan oʻtadi. Xohishiga koʻra 2. Tegishli hujjatlar va ularning elektron shaklini jamlaydi. 3. Elektron shakldagi soʻrovnomani toʻldiradi (unga ilova qilinadigan hujjatlarning elektron shaklini ilova qilgan holda) va tasdiqlaydi. 4. Davlat xizmatlaridan foydalanish uchun belgilangan miqdordagi yigʻimni toʻlaydi. 2-bosqich YIDXP Soʻrovnomani tegishli DYHXX organiga yoki tadbirkorlik subyektiga joʻnatadi. Avtomatik ravishda 3-bosqich DYHXX organi yoki tadbirkorlik subyekti 1. Tushgan soʻrovnoma va ilova qilingan hujjatlarning toʻgʻri va toʻliq toʻldirilganligini hamda toʻlovlarning toʻlanganligini tekshiradi. 1 kun ichida 2. Hujjatlarni alohida elektron jurnalga kiritadi. 3. Murojaatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha xabarnomani shakllantirib, uni ERI bilan tasdiqlangan holda ariza beruvchining YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga joʻnatadi. 4-bosqich DYHXX organi yoki tadbirkorlik subyekti Haydovchilikka nomzoddan nazariy va amaliy imtihonlarni qabul qiladi. Xabarnomada belgilangan sana va vaqtda II. Milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirish 5-bosqich Ariza beruvchi Nazariy va amaliy imtihonlarni muvaffaqiyatli topshirgandan soʻng milliy haydovchilik guvohnomasini olish boʻyicha belgilangan yigʻimni toʻlaydi. Xohishiga koʻra 6-bosqich DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markazi Milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtiradi va ariza beruvchiga taqdim etadi yoki uni pochta xizmati orqali ariza beruvchining manziliga yuboradi. 2 ish soati ichida III. Milliy haydovchilik guvohnomasini almashtirish va yoʻqolgani oʻrniga yangisini berish 7-bosqich Ariza beruvchi 1. DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib murojaat qiladi yoki YIDXPda roʻyxatdan oʻtadi. Xohishiga koʻra 2. Elektron shakldagi soʻrovnomani toʻldiradi (unga ilova qilinadigan hujjatlarning elektron shaklini ilova qilgan holda) va tasdiqlaydi. 3. Davlat xizmatlaridan foydalanish uchun belgilangan miqdordagi yigʻimni toʻlaydi. 8-bosqich DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markazi Taqdim qilingan hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtiradi va ariza beruvchiga taqdim etadi yoki uni pochta xizmati orqali ariza beruvchining manziliga yuboradi. 2 ish soati ichida Taqdim etilgan maʼlumotlarda notoʻgʻri yoki xato maʼlumotlar aniqlanganda milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirishni rad qiladi.
Avtomototransport vositalari va shahar elektr transporti vositalari haydovchiligiga nomzodlardan imtihonlarni qabul qilish uchun hujjatlarni va milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
Avtomototransport vositalari va shahar elektr transporti vositalari haydovchiligiga nomzodlardan imtihonlarni qabul qilish uchun hujjatlarni va milliy haydovchilik guvohnomasini rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlaridan foydalanish uchun
I. Ariza beruvchi toʻgʻrisida maʼlumot: imtihon topshirish uchun 1. Familiyasi: 2. Ismi: 3. Otasining ismi: 4. JSH SHIR: 5. Telefon raqami: 6. Elektron pochta manzili (agar mavjud boʻlsa): 7. Nechanchi marta imtihon topshirishi: 8. Qaysi turdagi avtomototransport vositalarini boshqarish boʻyicha imtihon topshirishi: 9. Haydovchilarni tayyorlash boʻyicha oʻqigan oʻquv muassasasi nomi va joylashgan tumani (shahar): 10. Imtihon topshirish hududi: 11. Nogironligi (kar yoki kar-soqov va boshqalar) turi: 12. Tramvay, trolleybusni boshqarish boʻyicha imtihon topshirish: 13. Milliy haydovchilik guvohnomasi rasmiylashtiriladigan joy: 14. Milliy haydovchilik guvohnomasini yetkazib berish manzili: 15. Xizmat natijasini olish usuli: DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelgan holda Pochta xizmati orqali Milliy haydovchilik guvohnomasini almashtirish yoki yoʻqolgani oʻrniga yangisini olish uchun 1. Familiyasi: 2. Ismi: 3. Otasining ismi: 4. Milliy haydovchilik guvohnomasini yetkazib berish manzili: 5. JSH SHIR: 6. Telefon raqami: 7. Elektron pochta manzili (agar mavjud boʻlsa): 8. Xizmatdan foydalanish sababi: milliy haydovchilik guvohnomasini almashtirish yoʻqolgani oʻrniga yangisini olish 9. Milliy haydovchilik guvohnomasining toifasi (almashtirish boʻyicha): 10. Milliy haydovchilik guvohnomasini olinadigan yoki almashtiriladigan joy: 11. Xizmat natijasini olish usuli: DYHXX organi yoki Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelgan holda Pochta xizmati orqali II. Soʻrovnomaga ilova: a) eski namunadagi haydovchilik guvohnomasini almashtirish boʻyicha: eski namunadagi haydovchilik guvohnomasining rasmi (orqa hamda old tomoni); eski namunadagi haydovchilik guvohnomasi talonining rasmi (orqa hamda old tomoni); b) yoʻqolgan haydovchilik guvohnomasi oʻrniga yangisini berish boʻyicha: eski namunadagi haydovchilik guvohnomasi talonining rasmi (orqa hamda old tomoni) (mavjud boʻlsa). ”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 12-aprel,
152-son