UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 19-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 19 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 апреля 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 April 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратишни такомиллаштириш ҳамда аҳолининг доимий даромад манбаларини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 31 январдаги ПҚ-39-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудларда аҳолининг даромад топишга қаратилган муайян меҳнат билан шуғулланишига кўмаклашиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратишни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 31 январдаги ПҚ-39-сон қарорига мувофиқ 2023 йилда:

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари (кейинги ўринларда — Дастурлар) доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун жами 13 трлн сўм, шундан 2,8 трлн сўм «Микрокредитбанк» АТБ, АТ Халқ банки ва «Агробанк» АТБ (кейинги ўринларда — ваколатли банклар) ресурслари ҳисобидан йўналтирилиши;

кредитларни йиллик 14 фоиз ставкада ажратиш тартиби сақлаб қолинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари туманлар ҳокимликлари билан биргаликда туманларда узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага олган деҳқон хўжаликларига ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ҳудудларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб «бир маҳалла-бир маҳсулот» тамойили асосида маҳсулотлар етиштириш ва етиштирилган маҳсулотлар бозорини топишга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ваколатли банклар билан биргаликда ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилишини ҳоким ёрдамчилари ва банк филиаллари ходимлари томонидан жойига чиққан ҳолда мониторинг қилиб борилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «маркетплейс» тизими таъминотчилар таклиф этаётган маҳсулотлар (хизматлар) бўйича устун мавқеини суиистеъмол қилишнинг, таъминотчиларнинг ўзаро келишиб қилинган ҳаракатлари ва тил бириктиришлари орқали нархларнинг асоссиз ўсишининг олдини олиш, етказиб берилаётган маҳсулотлар (кўрсатилаётган хизматлар) нархларининг ҳудуддаги ички бозор нархларига мутаносиб бўлишини таъминлайди;

ҳоким ёрдамчиларининг кредит ажратиш бўйича тавсия беришига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг аралашувига йўл қўйилмайди.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ваколатли банклар билан биргаликда «маркетплейс» тизимини «Е-актив» ахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари билан биргаликда:

маҳаллаларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига дастурларнинг мақсади ва кредит олиш тартиблари бўйича доимий равишда тушунтиришлар бериб борилишини;

кредит олиш учун тавсиялар устувор равишда узоқ муддатга қишлоқ ҳўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган деҳқон хўжаликларига берилишини;

тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган оилаларга янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда айрим сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар фаолиятини қайта тиклаш учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши, мавжуд муаммолар ҳал этилишига амалий ёрдам берилишини;

маҳаллаларда ажратилган кредитлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳолати бўйича амалга оширилаётган ишлар мунтазам муҳокама қилиб борилишини таъминласин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ваколатли банклар билан биргаликда ажратилган кредитларнинг уларни сўндириш графигига мувофиқ қайтарилишини ва муаммоли кредитларни ундириш борасида амалга оширилаётган ишларни ҳар ой якуни бўйича муҳокама қилиб, туманларда (шаҳарларда) кредитлаш прогнозлари сўндирилмасдан қолиб кетган маблағларга мос равишда камайтириб борилишини таъминласин.

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, дастурлар доирасида 50 млн сўмгача гаровсиз кредитлар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳаллий заргарларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 23 декабрдаги ПҚ-452-сон қарорига асосан заргарлик иши йўналиши бўйича махсус ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификатни олган шахсларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш мақсадлари учун;

аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш мақсадида узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига ажратилади.

8. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан тасдиқланган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Марказий банк ва ваколатли банклар билан биргаликда бир ой муддатда ҳоким ёрдамчиларини дастурлар ва улар доирасида кредитлар ажратиш тартиби бўйича ўқитиш ишларини йўлга қўйсин.

10. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда «электрон савдо майдончаси» тизимида қарз олувчиларнинг таъминотчилар билан электрон шартнома тузиш, ҳисоб-фактураларни тасдиқлаш, электрон рақамли имзодан фойдаланиш ва бошқа шартномавий муносабатларни амалга ошириш жараёнларининг содда, халқчил тилда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидение орқали кенг ёритилишини таъминласин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 апрелдаги 161-сон қарорига ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан тасдиқланган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 3-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларда :

«иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, бандлик, молия, инвестиция» сўзлари «камбағалликни қисқартириш ва бандлик, иқтисодиёт ва молия, инвестициялар, саноат ва савдо» сўзлари билан алмаштирилсин;

«ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши» сўзлари чиқариб ташлансин.

2. 7-банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Чорвачиликни ривожлантириш йўналишидаги кредитлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига камида 10 бошдан 50 бошгача четдан келтирилган ёки маҳаллийлаштирилган (наслчилик хўжаликларида етиштирилган) ва чорва ҳайвонларини идентификациялаш тизимида акс этган чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) боқиш мақсадида ферма ташкил этиш учун ажратилади».

3. 9-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ички туризмни ривожлантириш йўналишида айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар 18 ой муддатгача ажратилади».

4. 13-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«13. Жисмоний шахслар ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига 33 миллион сўмгача бўлган миқдорда кредит ажратилишида ҳоким ёрдамчисининг тавсияномаси асос ҳисобланади. Бунда тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан кредитнинг қайтмаслик хатарини суғурталайди.

Ҳоким ёрдамчисининг тавсиялари асосида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонунчилик ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари инобатга олинган ҳолда, 300 миллион сўмгача бўлган миқдорда имтиёзли кредит ажратилади».

5. 15-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Мазкур гаровсиз кредитларнинг қайтарилмаслик хавфи ташаббускор ҳисобидан кредит олишдан олдин суғурталанади, ташаббускор томонидан кредит эвазига олинган асосий воситаларга тижорат банки томонидан тақиқ қўйилади».

6. Қуйидаги мазмундаги 15 1 -банд билан тўлдирилсин:

«15 1 . «Темир дафтар», «Аёллар» дафтари, «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларнинг кредит олиш юзасидан аризалари алоҳида навбат асосида кўриб чиқилади.

Бунда Дастурлар доирасида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга ажратилган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланилиши ва ўз вақтида сўндирилиши юзасидан маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси маҳалла раиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва тижорат банклари билан биргаликда доимий мониторинг ва назорат тизимини ўрнатади».

7. 17-бандда :

биринчи хатбошидаги «тизим» сўзи «Ягона электрон платформа» сўзлари билан алмаштирилсин;

олтинчи хатбоши «тўлиқ қайтарилмаган кредити мавжуд бўлганда» сўзларидан кейин «(Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредитлар бундан мустасно)» сўзлари билан тўлдирилсин.

8. 19-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ҳоким ёрдамчилари томонидан кредит ажратиш учун тавсияномалар устувор равишда, кредитлардан аввал фойдаланмаган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига берилади».

9. 20-бандда :

биринчи хатбоши куйидаги таҳрирда баён этилсин:

«20. Ҳоким ёрдамчиси тавсиянома беришдан аввал амалга оширилаётган лойиҳанинг ўзига хос хусусиятлари ва мавсумийлигини инобатга олган ҳолда «Ҳунарманд» уюшмаси, Бандликка кўмаклашиш ва маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги жамғармалар, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда соҳага масъул уюшма ва ташкилотларнинг хулосаларини олиш, улар орқали тегишли қарор қабул қилиш ваколатига эга»;

қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбошлар билан тўлдирилсин:

«Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар ҳудудий фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари тавсияномасига кўра ҳамда ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси томонидан бериладиган тавсияномалар асосида ажратилади.

Тадбиркорлик субъектларининг маҳаллаларда, шу жумладан, ташкил этилган микромарказларда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаси, ҳунармандчилик ҳамда аҳоли билан кооперация ва касаначиликни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳалари учун ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида кредит ажратиладиган лойиҳаларда ташаббускор камида ўттиз фоиз улуш билан иштирок этишига эътибор қаратилиши лозим».

10. 21-бандда :

учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

тўртинчи — олтинчи хатбошилар тегишлича учинчи — бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Дастурлар доирасида аввал берилган кредитларнинг ўз вақтида сўндирилмаслиги натижасида ресурслар етарли бўлмаганда».

11. 23-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошлар билан тўлдирилсин:

«Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредитлар ташаббускорларга лойиҳабай шакллантирилган буюртманомалар асосида Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш манбаларида назарда тутилган маблағлардан ташқари ва навбатсиз расмийлаштириб берилади.

Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига Жамғарма ресурсларини ташаббускорларга тижорат банклари томонидан Ягона электрон платформа орқали расмийлаштириш жараёнларини тўлиқ мувофиқлаштириш ваколати берилади».

12. 28-бандда :

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Қарз олувчи банк томонидан имзоланган ҳолда тақдим этилган кредит шартномасини 10 кун мобайнида имзоламаса, фуқаронинг кредит олиш тўғрисидаги аризаси рад этилади»;

иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

13. Қуйидаги мазмундаги 30 1 — 30 7 -бандлар билан тўлдирилсин:

«30 1 . Махсус ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификатни олган шахсларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган жиҳозлар ва асбоб ускуналарни сотиб олиш мақсадлари учун 50 млн сўмгача гаровсиз имтиёзли кредитлар ажратилади.

Бунда махсус ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификатни олган шахслар тўғрисидаги маълумотлар мос равишда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотлар базасидан автоматик тарзда олинади.

30 2 . Аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш мақсадида узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Бунда узоқ муддатга ижарага олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари тўғрисидаги маълумотлар деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш бўйича аризаларига автоматик тарзда «Е-аукцион» платформаси орқали бириктирилади.

30 3 . Дастурлар доирасида илгари олинган кредитларидан самарали фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган ва кредит тўловларини ўз вақтида тўлаган кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятини янада кенгайтириш учун мазкур кредитлардан такроран фойдаланишга рухсат этилади.

30 4 . Ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра кредит суммасининг 10 миллион сўмгача бўлган қисми (ҳунармандлар учун 20 миллион сўмгача) банк карталарига (нақдлаштириш имкониятини чеклаган ҳолда) ўтказиб берилади.

Бунда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит олиш юзасидан платформага ариза қолдириш вақтида кредитни қисман (10 миллион сўмгача, «ҳунармандлар учун 20 миллион сўмгача») банк картасига ўтказиб бериш тўғрисида қайд этилади.

Ваколатли тижорат банклари томонидан алоҳида нақдлаштириш имкониятисиз тегишли банк картаси очилиб, аризада кўрсатилган маблағлар қарз олувчиларга ўтказиб берилади.

Ҳоким ёрдамчиси мижозларнинг банк картасига ўтказиб берилган маблағларнинг мақсадли йўналтирилишини таъминлаш мақсадида лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудга бориб, ҳақиқатда маҳсулот олинганлигини доимий равишда ўрганиб боради.

30 5 . Ажратилган кредитларни ўз муддатида қайтармаган фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига дастурлар доирасида янги кредитлар берилишига йўл қўйилмайди.

30 6 . Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш йўналишида томорқа ер эгаларига 3 миллион сўмгача микрокредитлар берилади ҳамда ушбу микрокредитлар ягона электрон платформа орқали ажратилади.

30 7 . Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жалб қилинган ҳар бир касаначи учун 2 миллион сўмгача, бироқ жами 300 миллион сўмгача йиллик 14 фоиз ставкада, 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга револьвер кредитлар ажратилади.

Мазкур кредитлар тадбиркорлик субъектларининг талабига биноан касаначиларнинг банк карталарига ўтказиб берилади».

14. 33-бандда :

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Оммавий офертага асосан тадбиркорлик субъектларига қўшимча хизматлар тақдим этилиши мумкин»;

иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

15. 37-бандда :

биринчи хатбошидаги «тизимнинг» сўзи «Ягона электрон платформанинг» сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Бунда жисмоний шахсларга товарлар (хизматлар) фискал белгили касса чеки асосида етказиб берилганлигига (хизматлар кўрсатилганлигига) эътибор қаратилади».

16. 39-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Қарз олувчи тадбиркорлик субъектларининг талабига кўра сотиб олинадиган маҳсулот ёки кўрсатиладиган хизматлар бўйича тўловлар (аванс) маҳсулот етказиб бериш шартномасида тарафларнинг келишувига мувофиқ белгиланади».

17. 40-банднинг биринчи жумласидаги «бир» сўзи «уч» сўзи билан алмаштирилсин.

18. 42-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Такрорий ўрганишларда маҳсулот етказиб берувчи томонидан маҳсулотлар етказиб берилмаганлиги ёки хизматлар кўрсатилмаганлиги аниқланган тақдирда, ҳоким ёрдамчиси томонидан тавсияномани бекор қилиш бўйича электрон далолатнома расмийлаштирилади ва Ягона электрон платформа орқали кредит шартномаси автоматик тарзда бекор қилинади».

19. 47-банднинг саккизинчи хатбошисидаги «наслли» сўзи чиқариб ташлансин.

20. 50-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги «Давлат солиқ қўмитаси» сўзлари «Солиқ қўмитаси» сўзлари билан алмаштирилсин.

21. Қуйидаги мазмундаги 51 1 — 51 3 -бандлар билан тўлдирилсин:

«51 1 . Ҳоким ёрдамчиси томонидан ваколатли банкларнинг ходимлари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда, тавсиянома асосида ажратилган кредитлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши мониторинг қилинади ҳамда мониторинг натижаси бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, платформага юклаб борилади.

51 2 . Ҳоким ёрдамчиси тижорат банклари билан биргаликда самарадорлиги паст бўлган, пул айланмаси амалга оширилмаётган (бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган) лойиҳаларни мониторинг қилган ҳолда, мавжуд муаммоларни ҳал этишда лойиҳа ташаббускорларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиб боради.

51 3 . Ҳунармандларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланилиши ва уларнинг тижорат банкларига ўз вақтида қайтарилиши юзасидан «Ҳунарманд» уюшмаси тижорат банклари билан биргаликда доимий мониторинг ва назорат тизимини ўрнатади».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 19 апрель,

161-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.04.2023 й., 09/23/161/0222-сон; 11.11.2023 й., 06/23/193/0844-сон; 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida kreditlar ajratishni takomillashtirish hamda aholining doimiy daromad manbalarini koʻpaytirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida aholining biznes tashabbuslarini qoʻllab-quvvatlashni yangi bosqichga olib chiqishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 31-yanvardagi PQ-39-son qarori ijrosini taʼminlash hamda hududlarda aholining daromad topishga qaratilgan muayyan mehnat bilan shugʻullanishiga koʻmaklashish, oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida kreditlar ajratishni takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida aholining biznes tashabbuslarini qoʻllab-quvvatlashni yangi bosqichga olib chiqishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 31-yanvardagi PQ-39-son qaroriga muvofiq 2023-yilda:

Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari (keyingi oʻrinlarda — Dasturlar) doirasida aholi va tadbirkorlik subyektlarining loyihalarini moliyalashtirish uchun jami 13 trln soʻm, shundan 2,8 trln soʻm “Mikrokreditbank” ATB, AT Xalq banki va “Agrobank” ATB (keyingi oʻrinlarda — vakolatli banklar) resurslari hisobidan yoʻnaltirilishi;

kreditlarni yillik 14 foiz stavkada ajratish tartibi saqlab qolinganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

3. Belgilansinki:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tumanlar hokimliklari bilan birgalikda tumanlarda uzoq muddatga qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni ijaraga olgan dehqon xoʻjaliklariga yer maydonlaridan samarali foydalanish, hududlarning ixtisoslashuvidan kelib chiqib “bir mahalla-bir mahsulot” tamoyili asosida mahsulotlar yetishtirish va yetishtirilgan mahsulotlar bozorini topishga koʻmaklashadi;

Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi vakolatli banklar bilan birgalikda ajratilgan kreditlardan maqsadli foydalanilishini hokim yordamchilari va bank filiallari xodimlari tomonidan joyiga chiqqan holda monitoring qilib borilishini taʼminlaydi;

Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi “marketpleys” tizimi taʼminotchilar taklif etayotgan mahsulotlar (xizmatlar) boʻyicha ustun mavqeyini suiisteʼmol qilishning, taʼminotchilarning oʻzaro kelishib qilingan harakatlari va til biriktirishlari orqali narxlarning asossiz oʻsishining oldini olish, yetkazib berilayotgan mahsulotlar (koʻrsatilayotgan xizmatlar) narxlarining hududdagi ichki bozor narxlariga mutanosib boʻlishini taʼminlaydi;

hokim yordamchilarining kredit ajratish boʻyicha tavsiya berishiga mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari rahbarlarining aralashuviga yoʻl qoʻyilmaydi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Soliq qoʻmitasi vakolatli banklar bilan birgalikda “marketpleys” tizimini “E-aktiv” axborot tizimi bilan integratsiya qilinishini taʼminlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi tumanlar (shaharlar) hokimlarining birinchi oʻrinbosarlari bilan birgalikda:

mahallalarda aholi va tadbirkorlik subyektlariga dasturlarning maqsadi va kredit olish tartiblari boʻyicha doimiy ravishda tushuntirishlar berib borilishini;

kredit olish uchun tavsiyalar ustuvor ravishda uzoq muddatga qishloq hoʻjaligiga moʻljallangan yer maydonlarini ijaraga olib, belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtgan dehqon xoʻjaliklariga berilishini;

tadbirkorlik bilan shugʻullanayotgan va faoliyat turini kengaytirish istagini bildirgan oilalarga yangi loyihalarni amalga oshirish hamda ayrim sabablarga koʻra faoliyatini toʻxtatgan tadbirkorlik subyektlari va hunarmandlar faoliyatini qayta tiklash uchun tegishli shart-sharoitlar yaratilishi, mavjud muammolar hal etilishiga amaliy yordam berilishini;

mahallalarda ajratilgan kreditlardan maqsadli va samarali foydalanish holati boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlar muntazam muhokama qilib borilishini taʼminlasin.

6. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlari vakolatli banklar bilan birgalikda ajratilgan kreditlarning ularni soʻndirish grafigiga muvofiq qaytarilishini va muammoli kreditlarni undirish borasida amalga oshirilayotgan ishlarni har oy yakuni boʻyicha muhokama qilib, tumanlarda (shaharlarda) kreditlash prognozlari soʻndirilmasdan qolib ketgan mablagʻlarga mos ravishda kamaytirib borilishini taʼminlasin.

7. Shunday tartib oʻrnatilsinki, dasturlar doirasida 50 mln soʻmgacha garovsiz kreditlar:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Zargarlik buyumlarini ishlab chiqarish quvvatlarini kengaytirish va mahalliy zargarlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2022-yil 23-dekabrdagi PQ-452-son qaroriga asosan zargarlik ishi yoʻnalishi boʻyicha maxsus oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli tugatib, tegishli sertifikatni olgan shaxslarga oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida zargarlik buyumlari ishlab chiqarish uchun zarur boʻlgan jihozlar va asbob-uskunalarni sotib olish maqsadlari uchun;

agrar tarmoqda oʻz biznesini tashkil etishga koʻmaklashish, qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirishda dehqon xoʻjaliklarining ulushini oshirish maqsadida uzoq muddatga qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer maydonlarini ijaraga olib, belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtgan dehqon xoʻjaliklari va kichik tadbirkorlik subyektlariga ajratiladi.

8. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-iyuldagi 373-son qarori bilan tasdiqlangan Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlarining yagona elektron platformasi orqali kreditlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi huzuridagi Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi Markaziy bank va vakolatli banklar bilan birgalikda bir oy muddatda hokim yordamchilarini dasturlar va ular doirasida kreditlar ajratish tartibi boʻyicha oʻqitish ishlarini yoʻlga qoʻysin.

10. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi Savdo-sanoat palatasi bilan birgalikda “elektron savdo maydonchasi” tizimida qarz oluvchilarning taʼminotchilar bilan elektron shartnoma tuzish, hisob-fakturalarni tasdiqlash, elektron raqamli imzodan foydalanish va boshqa shartnomaviy munosabatlarni amalga oshirish jarayonlarining sodda, xalqchil tilda ommaviy axborot vositalari, shu jumladan, televideniye orqali keng yoritilishini taʼminlasin.

11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.A. Musayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 19-apreldagi 161-son qaroriga ILOVA

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-iyuldagi 373-son qarori bilan tasdiqlangan Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlarining yagona elektron platformasi orqali kreditlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. 3-bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilarda :

“iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish, bandlik, moliya, investitsiya” soʻzlari “kambagʻallikni qisqartirish va bandlik, iqtisodiyot va moliya, investitsiyalar, sanoat va savdo” soʻzlari bilan almashtirilsin;

“va Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi” soʻzlari chiqarib tashlansin.

2. 7-band quyidagi mazmundagi uchinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Chorvachilikni rivojlantirish yoʻnalishidagi kreditlar aholi va tadbirkorlik subyektlariga kamida 10 boshdan 50 boshgacha chetdan keltirilgan yoki mahalliylashtirilgan (naslchilik xoʻjaliklarida yetishtirilgan) va chorva hayvonlarini identifikatsiyalash tizimida aks etgan chorva mollarini (qoramol, qoʻy, echki) boqish maqsadida ferma tashkil etish uchun ajratiladi”.

3. 9-band quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Ichki turizmni rivojlantirish yoʻnalishida aylanma mablagʻlarni toʻldirishga kreditlar 18 oy muddatgacha ajratiladi”.

4. 13-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“13. Jismoniy shaxslar hamda belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtgan kichik tadbirkorlik subyektlariga 33 million soʻmgacha boʻlgan miqdorda kredit ajratilishida hokim yordamchisining tavsiyanomasi asos hisoblanadi. Bunda tijorat banklari oʻz mablagʻlari hisobidan kreditning qaytmaslik xatarini sugʻurtalaydi.

Hokim yordamchisining tavsiyalari asosida belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtgan kichik tadbirkorlik subyektlariga uchinchi shaxs kafilligi, sugʻurta polislari, kredit hisobiga sotib olinayotgan mol-mulklar garovi, Tadbirkorlik faoliyatini qoʻllab-quvvatlash davlat jamgʻarmasining kafilligi va qonunchilik hujjatlari doirasidagi boshqa taʼminot turlari inobatga olingan holda, 300 million soʻmgacha boʻlgan miqdorda imtiyozli kredit ajratiladi”.

5. 15-band quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Mazkur garovsiz kreditlarning qaytarilmaslik xavfi tashabbuskor hisobidan kredit olishdan oldin sugʻurtalanadi, tashabbuskor tomonidan kredit evaziga olingan asosiy vositalarga tijorat banki tomonidan taqiq qoʻyiladi”.

6. Quyidagi mazmundagi 15 1 -band bilan toʻldirilsin:

“15 1 . “Temir daftar”, “Ayollar” daftari, “Yoshlar daftari”ga kiritilgan fuqarolarning kredit olish yuzasidan arizalari alohida navbat asosida koʻrib chiqiladi.

Bunda Dasturlar doirasida “Temir daftar”, “Ayollar daftari”, “Yoshlar daftari”ga kiritilgan fuqarolarga ajratilgan imtiyozli kreditlardan samarali foydalanilishi va oʻz vaqtida soʻndirilishi yuzasidan mahallaga biriktirilgan hokim yordamchisi mahalla raisi, yoshlar yetakchisi, xotin-qizlar faoli va tijorat banklari bilan birgalikda doimiy monitoring va nazorat tizimini oʻrnatadi”.

7. 17-bandda :

birinchi xatboshidagi “tizim” soʻzi “Yagona elektron platforma” soʻzlari bilan almashtirilsin;

oltinchi xatboshi “toʻliq qaytarilmagan krediti mavjud boʻlganda” soʻzlaridan keyin “(Fermer, dehqon hoʻjaliklari va tomorqa yer egalarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan ajratiladigan kreditlar bundan mustasno)” soʻzlari bilan toʻldirilsin.

8. 19-band quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Hokim yordamchilari tomonidan kredit ajratish uchun tavsiyanomalar ustuvor ravishda, kreditlardan avval foydalanmagan aholi va tadbirkorlik subyektlariga beriladi”.

9. 20-bandda :

birinchi xatboshi kuyidagi tahrirda bayon etilsin:

“20. Hokim yordamchisi tavsiyanoma berishdan avval amalga oshirilayotgan loyihaning oʻziga xos xususiyatlari va mavsumiyligini inobatga olgan holda “Hunarmand” uyushmasi, Bandlikka koʻmaklashish va mahalliy hokimliklar huzuridagi jamgʻarmalar, Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi hamda sohaga masʼul uyushma va tashkilotlarning xulosalarini olish, ular orqali tegishli qaror qabul qilish vakolatiga ega”;

quyidagi mazmundagi beshinchi va oltinchi xatboshlar bilan toʻldirilsin:

“Fermer, dehqon hoʻjaliklari va tomorqa yer egalarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan kreditlar hududiy fermer, dehqon hoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashlari tavsiyanomasiga koʻra hamda har bir mahallaga biriktirilgan hokim yordamchisi tomonidan beriladigan tavsiyanomalar asosida ajratiladi.

Tadbirkorlik subyektlarining mahallalarda, shu jumladan, tashkil etilgan mikromarkazlarda ishlab chiqarish, xizmat koʻrsatish sohasi, hunarmandchilik hamda aholi bilan kooperatsiya va kasanachilikni kengaytirishga yoʻnaltirilgan loyihalari uchun hokim yordamchilarining tavsiyanomasi asosida kredit ajratiladigan loyihalarda tashabbuskor kamida oʻttiz foiz ulush bilan ishtirok etishiga eʼtibor qaratilishi lozim”.

10. 21-bandda :

uchinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

toʻrtinchi — oltinchi xatboshilar tegishlicha uchinchi — beshinchi xatboshilar deb hisoblansin;

quyidagi mazmundagi oltinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Dasturlar doirasida avval berilgan kreditlarning oʻz vaqtida soʻndirilmasligi natijasida resurslar yetarli boʻlmaganda”.

11. 23-band quyidagi mazmundagi ikkinchi va uchinchi xatboshlar bilan toʻldirilsin:

“Fermer, dehqon hoʻjaliklari va tomorqa yer egalarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan ajratiladigan kreditlar tashabbuskorlarga loyihabay shakllantirilgan buyurtmanomalar asosida Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasidagi loyihalarni moliyalashtirish manbalarida nazarda tutilgan mablagʻlardan tashqari va navbatsiz rasmiylashtirib beriladi.

Fermer, dehqon xoʻjaligi va tomorqa yer egalarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga Jamgʻarma resurslarini tashabbuskorlarga tijorat banklari tomonidan Yagona elektron platforma orqali rasmiylashtirish jarayonlarini toʻliq muvofiqlashtirish vakolati beriladi”.

12. 28-bandda :

quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Qarz oluvchi bank tomonidan imzolangan holda taqdim etilgan kredit shartnomasini 10 kun mobaynida imzolamasa, fuqaroning kredit olish toʻgʻrisidagi arizasi rad etiladi”;

ikkinchi xatboshi uchinchi xatboshi deb hisoblansin.

13. Quyidagi mazmundagi 30 1 — 30 7 -bandlar bilan toʻldirilsin:

“30 1 . Maxsus oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli tugatib, tegishli sertifikatni olgan shaxslarga oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida zargarlik buyumlari ishlab chiqarish uchun zarur boʻlgan jihozlar va asbob uskunalarni sotib olish maqsadlari uchun 50 mln soʻmgacha garovsiz imtiyozli kreditlar ajratiladi.

Bunda maxsus oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli tugatib, tegishli sertifikatni olgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar mos ravishda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi maʼlumotlar bazasidan avtomatik tarzda olinadi.

30 2 . Agrar tarmoqda oʻz biznesini tashkil etishga koʻmaklashish, qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirishda dehqon xoʻjaliklarining ulushini oshirish maqsadida uzoq muddatga qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer maydonlarini ijaraga olib, belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtgan dehqon xoʻjaliklari va kichik tadbirkorlik subyektlariga 50 million soʻmgacha garovsiz kredit beriladi.

Bunda uzoq muddatga ijaraga olingan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer maydonlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar dehqon xoʻjaliklari va kichik tadbirkorlik subyektlarining kredit olish boʻyicha arizalariga avtomatik tarzda “E-auksion” platformasi orqali biriktiriladi.

30 3 . Dasturlar doirasida ilgari olingan kreditlaridan samarali foydalanib, tadbirkorligini yoʻlga qoʻygan va kredit toʻlovlarini oʻz vaqtida toʻlagan kichik tadbirkorlik subyektlariga faoliyatini yanada kengaytirish uchun mazkur kreditlardan takroran foydalanishga ruxsat etiladi.

30 4 . Hokim yordamchisining tavsiyasiga koʻra kredit summasining 10 million soʻmgacha boʻlgan qismi (hunarmandlar uchun 20 million soʻmgacha) bank kartalariga (naqdlashtirish imkoniyatini cheklagan holda) oʻtkazib beriladi.

Bunda aholi va tadbirkorlik subyektlari tomonidan kredit olish yuzasidan platformaga ariza qoldirish vaqtida kreditni qisman (10 million soʻmgacha, “hunarmandlar uchun 20 million soʻmgacha”) bank kartasiga oʻtkazib berish toʻgʻrisida qayd etiladi.

Vakolatli tijorat banklari tomonidan alohida naqdlashtirish imkoniyatisiz tegishli bank kartasi ochilib, arizada koʻrsatilgan mablagʻlar qarz oluvchilarga oʻtkazib beriladi.

Hokim yordamchisi mijozlarning bank kartasiga oʻtkazib berilgan mablagʻlarning maqsadli yoʻnaltirilishini taʼminlash maqsadida loyiha amalga oshirilayotgan hududga borib, haqiqatda mahsulot olinganligini doimiy ravishda oʻrganib boradi.

30 5 . Ajratilgan kreditlarni oʻz muddatida qaytarmagan fuqaro va tadbirkorlik subyektlariga dasturlar doirasida yangi kreditlar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

30 6 . Fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan aholi tomorqalaridan samarali foydalanish yoʻnalishida tomorqa yer egalariga 3 million soʻmgacha mikrokreditlar beriladi hamda ushbu mikrokreditlar yagona elektron platforma orqali ajratiladi.

30 7 . Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida jalb qilingan har bir kasanachi uchun 2 million soʻmgacha, biroq jami 300 million soʻmgacha yillik 14 foiz stavkada, 6 oygacha boʻlgan imtiyozli davr bilan 3 yilgacha muddatga revolver kreditlar ajratiladi.

Mazkur kreditlar tadbirkorlik subyektlarining talabiga binoan kasanachilarning bank kartalariga oʻtkazib beriladi”.

14. 33-bandda :

quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Ommaviy ofertaga asosan tadbirkorlik subyektlariga qoʻshimcha xizmatlar taqdim etilishi mumkin”;

ikkinchi xatboshi uchinchi xatboshi deb hisoblansin.

15. 37-bandda :

birinchi xatboshidagi “tizimning” soʻzi “Yagona elektron platformaning” soʻzlari bilan almashtirilsin;

quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Bunda jismoniy shaxslarga tovarlar (xizmatlar) fiskal belgili kassa cheki asosida yetkazib berilganligiga (xizmatlar koʻrsatilganligiga) eʼtibor qaratiladi”.

16. 39-band quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Qarz oluvchi tadbirkorlik subyektlarining talabiga koʻra sotib olinadigan mahsulot yoki koʻrsatiladigan xizmatlar boʻyicha toʻlovlar (avans) mahsulot yetkazib berish shartnomasida taraflarning kelishuviga muvofiq belgilanadi”.

17. 40-bandning birinchi jumlasidagi “bir” soʻzi “uch” soʻzi bilan almashtirilsin.

18. 42-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Takroriy oʻrganishlarda mahsulot yetkazib beruvchi tomonidan mahsulotlar yetkazib berilmaganligi yoki xizmatlar koʻrsatilmaganligi aniqlangan taqdirda, hokim yordamchisi tomonidan tavsiyanomani bekor qilish boʻyicha elektron dalolatnoma rasmiylashtiriladi va Yagona elektron platforma orqali kredit shartnomasi avtomatik tarzda bekor qilinadi”.

19. 47-bandning sakkizinchi xatboshisidagi “naslli” soʻzi chiqarib tashlansin.

20. 50-bandning birinchi va ikkinchi xatboshilaridagi “Davlat soliq qoʻmitasi” soʻzlari “Soliq qoʻmitasi” soʻzlari bilan almashtirilsin.

21. Quyidagi mazmundagi 51 1 — 51 3 -bandlar bilan toʻldirilsin:

“51 1 . Hokim yordamchisi tomonidan vakolatli banklarning xodimlari bilan birgalikda joyiga chiqqan holda, tavsiyanoma asosida ajratilgan kreditlardan maqsadli va samarali foydalanilishi monitoring qilinadi hamda monitoring natijasi boʻyicha dalolatnoma rasmiylashtirilib, platformaga yuklab boriladi.

51 2 . Hokim yordamchisi tijorat banklari bilan birgalikda samaradorligi past boʻlgan, pul aylanmasi amalga oshirilmayotgan (biznes-reja koʻrsatkichlari bajarilishi taʼminlanmagan) loyihalarni monitoring qilgan holda, mavjud muammolarni hal etishda loyiha tashabbuskorlariga har tomonlama amaliy yordam koʻrsatib boradi.

51 3 . Hunarmandlarga oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida ajratilgan imtiyozli kreditlardan samarali foydalanilishi va ularning tijorat banklariga oʻz vaqtida qaytarilishi yuzasidan “Hunarmand” uyushmasi tijorat banklari bilan birgalikda doimiy monitoring va nazorat tizimini oʻrnatadi”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 19-aprel,

161-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 20.04.2023-y., 09/23/161/0222-son; 11.11.2023-y., 06/23/193/0844-son; 10.11.2025-y., 09/25/709/1027-son; 16.12.2025-y., 09/25/791/1167-son)

lex.uz