UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 29-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 29 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 29 апреля 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 29 April 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ДАЛОЛАТНОМА

Бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сақлаш ва ундан оқилона фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ республика ҳудудида ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, бузилган ерларни рекультивация қилиш ишларини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

бузилган ерларни рекультивация қилиш, бузилган ерларни аниқлаш ҳамда рекультивация қилинган ерларни қабул қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссиясини ташкил этиш тартиби ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

тупроқ қатламининг бузилиши билан боғлиқ саноат, қурилиш, шунингдек, бошқа ишларни амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан ерларнинг унумдор қатламини сидириб олиш ва сақлаш тартиби;

жисмоний ва юридик шахслардан рекультивация қилиш ишлари якунланганлиги тўғрисида ёзма хабарнома келиб тушгандан кейин рекультивация қилинган ерларни қабул қилиш-топшириш ишларини амалга ошириш тартиби;

бузилган ерларни рекультивация қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва рекультивация қилиш тадбирини ернинг бузилишига сабабчи бўлган жисмоний ёки юридик шахснинг маблағи ҳисобидан амалга ошириш тартиби.

2. Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ўз ваколатлари доирасида бузилган ерларни рекультивация қилиш ҳамда уларнинг унумдорлигини тиклаш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш ишларининг сифати ва ўз вақтида бажарилиши бўйича таъсирчан назорат ўрнатсин ва мониторингини таъминласин.

3. Белгилансинки, 2023 йил 1 майдан бошлаб:

Тошкент шаҳрини ва бошқа ҳудудлардаги шаҳарларни кенгайтириш ҳамда ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ажратилган қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар ушбу ер участкаларида тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиб, фойдаланишга киритиладиган ва рекультивация ишлари амалга ошириладиган ер майдонларига етказиб берилишини таъминлайди;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бузилган ерларни рекультивация қилиш, инфратузилма объектларининг муҳофаза ҳудудларини белгилаш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва лойиҳани жойига кўчириш даврида муаллифлик назорати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади;

тоғ-кон қазилмаларининг ағдармалари ҳисобига, шунингдек, инфратузилма объектларини (йўллар, қувурлар, электр тармоқлари) қуриш натижасида бузилган қишлоқ хўжалиги ерларини рекультивация қилиш тадбирлари ва лойиҳалаш ишлари ушбу инфратузилма объектларини барпо этган жисмоний ва юридик шахслар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 августга қадар ер фондининг барча тоифаларидаги қишлоқ хўжалиги ерлари ҳолати, шу жумладан, бузилган ва рекультивация қилинган ерлар тўғрисидаги маълумотлар базаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Геоахборот» тизимида юритилишини таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 апрелдаги 169-сон қарорига ИЛОВА

Бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

бузилган ерлар — тупроқ қатламининг ва гидрологик режимнинг бузилиши ҳамда хўжалик фаолияти натижасида техноген рельефнинг юзага келиши ва деградация муносабати билан ўзининг хўжалик фаолияти бўйича рухсат этилган ва мўлжалланган мақсадларига мувофиқ фойдаланиш имкониятини йўқотган, тузилишининг табиий бутунлиги бузилган ёки атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиш манбаи бўлган ерлар;

бузилган ерларни хатловдан ўтказиш — бузилган ерларнинг майдонлари ва сифатини аниқлаш ҳамда ҳисобга олиш;

бузилган ерларни рекультивация қилиш — бузилган ерларнинг унумдорлигини тиклашга, белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ёки хавфсиз ҳолатга келтиришга, шунингдек, атроф муҳит шароитини яхшилашга қаратилган ишлар мажмуи;

бузилган ерларни рекультивация қилишнинг техник босқичи (ерларни техник рекультивация қилиш) — белгиланган мақсадларга мувофиқ истиқболда мақсадли фойдаланиш учун хандақлар, чуқурликлар, ернинг ўпирилиши, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, қурилиш ва бошқа хўжалик фаолиятида ҳосил бўлган ёт жинслардан тозалаш ҳамда чиқиндилар уюмларини кўмиш, текислаш ва террасалашни ўз ичига олган ерлар рекультивациясининг биринчи босқичи;

бузилган ерларни рекультивация қилишнинг биологик босқичи (ерларни биологик рекультивация қилиш) — техник рекультивация қилинганидан сўнг амалга ошириладиган, тупроқнинг агрофизик, агрокимёвий, биокимёвий ва бошқа хоссаларини яхшилашга қаратилган агротехник ва фитомелиоратив тадбирлар мажмуасини ўз ичига оладиган ерларни рекультивация қилишнинг иккинчи босқичи;

бузилган ерларни рекультивация қилиш йўналиши — муайян мақсадда фойдаланиш учун бузилган ерларни тиклаш, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги, сув хўжалиги, рекреация, табиатни муҳофаза қилиш, хафвсизликни таъминлаш, санитар-гигиена ва қурилиш йўналишлари;

бузилган ерларнинг рекультивация қилинадиган қатлами — ўсимликларнинг ўсиб чиқиши учун қулай шароитга эга бўлган ва сунъий равишда ташкил этиладиган ер қатлами;

коллектор-зовур тармоқлари ағдармалари эгаллаган ерларни рекультивация қилиш — текисланиши лозим бўлган ағдармаларни табиий ботиқликлар, ўзлаштириб бўлинган карьерлар, жарликлар, сув ювиб кетган чуқурликлар ва бошқа пастликларга суриш;

потенциал унумдор жинслар — тупроқнинг потенциал унумдор қатлами хоссалари кўрсаткичлари бўйича мос бўлган кон жинслари;

рекультивация қилиш объектлари — рекультивация қилиниши лозим бўлган бузилган ер участкалари;

техноген рельеф — хўжалик фаолияти натижасида вужудга келган ер юзасининг ҳолати;

тупроқ қатламини ётқизиш — кам унумдор ерларни яхшилаш мақсадида тупроқнинг унумдор ҳамда жинсларнинг потенциал унумдор қатламини ташиш ва ётқизиш ишларининг мажмуи;

тупроқнинг унумдор қатлами — ўсимликларнинг ўсиши учун қулай кимёвий, физик ва агрокимёвий хоссаларга эга бўлган тупроқ кесимининг юқорисидаги гумусга бой қисми;

тупроқнинг потенциал унумдор қатлами — ўсимликларнинг ўсиши учун қулай кимёвий, физик ва чекланган агрокимёвий хоссаларга эга бўлган тупроқ кесимининг (гумусли қатламига нисбатан) остки қисми;

фойдали қазилмалар юзасини очишдаги жинслар — очиқ кон ишлари жараёнида ҳосил бўладиган ва қазиб олинадиган фойдали қазилмаларни қоплаб турган кон жинслари;

эски каналлар ўзанлари эгаллаган ерларни рекультивация қилиш — ўзанларни кейинчалик ер юзасининг тегишли белгиларгача текислаш.

2-боб. Бузилган ерларни рекультивация қилишда қўйиладиган талаблар

3. Барча тоифадаги бузилган ерлар, шунингдек, уларга туташган ерлар, ердан фойдаланувчи ва ижарачилар томонидан амалга оширилаётган ишлар давомида бузилган ерларнинг салбий таъсири натижасида унумдорлигини буткул ёки қисман йўқотган ер участкалари рекультивация қилиниши лозим.

Захира ерлари жисмоний ёки юридик шахслар томонидан бузилган ҳолларда, ушбу шахслар тўғрисидаги маълумотлар бўлмаса, шунингдек, табиий офатлар ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга боғлиқ бўлмаган бошқа форс-мажор ҳолатларида бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича ишчи лойиҳасини (кейинги ўринларда — ишчи лойиҳа) ишлаб чиқиш ва рекультивация қилиш ишлари туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Қуйидаги ҳолларда бузилган ерлар рекультивация қилиниши лозим:

фойдали қазилмаларни очиқ ёки ер ости усулида қазиб олишда — кон захираси қазиб тугатилганда;

тупроқ қатламининг бузилиши билан боғлиқ муҳандислик-коммуникация тармоқлари ўтказилганда, қурилиш, мелиоратив, геология-қидирув, синов, эксплуатация ва лойиҳа-тадқиқот ишлари амалга оширилганда;

саноат, ҳарбий, фуқаролик ва бошқа объектлар ва иншоотлар бошқа жойга кўчирилганда;

саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларни жойлаштириш ва кўмиш ишлари тугатилганда;

ер ости объектлари ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини (шахтали қазиш, сақлагичлар, метрополитен, канализация иншоотлари ва бошқалар) қуришда — улардан фойдаланиш ва консервациялашда;

ерларнинг ифлосланиши оқибатлари бартараф этилаётганда — агарда уларни тиклаш шартлари бўйича тупроқнинг унумдор қатламини олиниши талаб этилганда;

ҳарбий машқлар — ушбу мақсадлар учун махсус ажратилган полигонлардан ташқарида ўтказилганда.

5. Қишлоқ хўжалиги йўналишида бузилган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

биологик рекультивация қилишда унумдор жинслардан иборат юза қатламига эга, ўлчами, шакли ва рельефи бўйича фойдаланишга қулай бўлган ер участкаларини шакллантириш;

бузилган ерларни замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиб, эрозия ва кўчки жараёнлари ривожланишини истисно қилган ҳолда текислаш;

бузилган ерларни шудгорлашга тайёрлаш жараёнида кам унумдор жинслар устига тупроқнинг унумдор қатламини солиш;

тупроқнинг унумдор қатлами бўлмаганда ёки етарли бўлмаганда, потенциал унумдор жинслардан фойдаланган ҳолда махсус агротехник тадбирларни амалга ошириш;

рекультивация қилинадиган ерларда таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

ерларнинг махсус агрокимёвий, агротехник, агроўрмон-мелиоратив, муҳандислик-эрозиясига қарши тадбирларни ўтказишда ўсимлик илдизи ўсадиган қатламни тиклаш ва шакллантириш ҳамда органик моддалар билан бойитиш учун бир йиллик, кўп йиллик дуккакли ва бошоқли дон экинларини парваришлаган ҳолда жадал мелиоратив тадбирларни амалга ошириш.

6. Пестицидларнинг қолдиқ миқдорлари билан ифлосланган (тупроқнинг кимёвий ифлосланиши) ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

аҳоли яшаш пунктлари атрофида ишчи лойиҳага мувофиқ санитария-ҳимоя ҳудудларини ташкил қилиш;

рекультивация қилинадиган ерларни талаб этиладиган муддатга қадар қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқариш;

устки қисми зарарланган ер қатламини сидириб олиш;

тупроқ унумдорлигини тиклаш;

кўп йиллик чим ҳосил қилувчи ўтларни экиш, кейинчалик ўсиб чиққан ўтларни ўриб олиш ва кўмиш;

пестицидларнинг қолдиқ миқдорлари билан ифлосланган тупроққа кимёвий жиҳатдан фаол эритма ва адсорбентлар билан ишлов бериш.

7. Сув хўжалиги йўналишида бузилган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

гидротехник иншоотларга эга бўлган суғориш, коллектор-дренаж ёки сув йиғиш-ташлаш ва йўл тармоқларини қуриш;

шўрланган ерларни доимий дренаж муҳитида белгиланган меъёрларда ювиш.

8. Санитар-гигиеник йўналишида бузилган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

ерларнинг таркиб топган жинсларининг ҳолати, таркиби ва хоссалари, табиий-иқлим шароитлари, техник-иқтисодий кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда бузилган ерларни консервациялаш усулларини танлаш;

бузилган ерларни консервациялаш учун техник ва биологик рекультивация қилишнинг барча тадбирларини санитария-эпидемиология хизмати органлари билан келишиш;

бузилган ерларнинг юза қатламини мустаҳкамлаш учун атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдиган ҳамда етарлича сувга бардошли ва ҳарорат ўзгаришларига чидамли бўлган боғловчи материалларни қўллаш;

бузилган ерларни биологик рекультивация қилиш учун яроқсиз субстратлардан таркиб топган саноат ағдармаларининг юзасига потенциал унумдор жинслардан иборат (қоплама билан қопланадиган) тупроқ қатламини қоплаш;

мелиорация ишларини амалга ошириш;

тупроқнинг кимёвий ва биологик ифлосланишини бартараф этиш бўйича тадбирларни белгилаш;

таркибида заҳарли моддалар бўлган шлам тўплагич, суюқ чиқиндилар, сақлагичлар ва саноат ағдармаларини санитар-гигиеник меъёрларга риоя қилган ҳолда консервациялаш.

9. Қурилиш йўналишида бузилган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

тармоқ иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш учун (магистрал қувурлар ва уларнинг шохобчалари, темир йўл ва автомобиль йўллари, сув объектлари, электр узатиш ва алоқа тармоқлари) геология-қидирув, тадқиқот ва бошқа ишлар бажарилаётганда, қувурлар, алоқа ва электр узатишнинг ер ости тармоқлари, геология-қидирув ишланмалари, шунингдек, трассалар бўйларидаги бузилган ерларни рекультивация қилиш;

янгидан иншоотлар қуриш ёки мавжудларини реконструкция қилиш учун берилган, қишлоқ ёки ўрмон хўжалиги ва бошқалар билан банд бўлган бузилган ерларни рекультивация қилиш режасини қурилиш-монтаж ишларининг умумий мажмуига киритилиши ва тупроқ унумдорлигининг тикланишини таъминлаш.

10. Бузилган ерларни рекультивация қилишга тайёргарлик кўриш жараёнида магистрал қувурлар, транспорт коммуникациялари ва сув объектлари, бошқа тармоқ иншоотлари қурилишидан олдин тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинади ва қурилиш чегараси бўйлаб жойлашган вақтинча ағдармаларда сақланади ҳамда қурилиш ва текислаш ишлари якунланганидан сўнг ушбу тупроқдан ерларни текислашда фойдаланилади.

Тармоқ иншоотлари қурилишида бузилган ерларни рекультивация қилишнинг техник босқичида қуйидаги ишлар амалга оширилади:

қурилиш чиқиндиларини тозалаш, қурилиш майдонидан ташқаридаги барча жиҳоз ва қурилмаларни вақтинча кўчириш;

унумдор тупроқни рекультивация қилинаётган бузилган ер бўйлаб бир хил қалинликдаги қатламда тақсимлаш ёки уни ишчи лойиҳада кўрсатилган ва махсус ажратилган жойга ташиш;

кўтармалар ва чуқурликларнинг ён деворларини текислаш, чуқурликларни тўлдириш ҳамда текислаш.

11. Кон ишлари йўналишида бузилган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

геология-қидирув, тадқиқот ишлари, эксплуатация қудуқларини бурғилаш ишларини амалга оширишдан олдин тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинади ва ишчи лойиҳада кўрсатилган алоҳида жойга сақлаш учун жойлаштирилади;

қудуқлар қазилганда ювиш суюқликларини сақлаш ҳамда нефть ва нефть конденсатининг илк намуналарини тўплаш учун мослама (сиғим)лар ташкил этилади;

ер юзасининг ботиқликларида ташкил этилган кон саноатида ҳосил бўладиган қуруқ чиқиндиларнинг сақлагичлари суюқликлар сизишининг олдини олувчи махсус қоплама билан қопланиши лозим.

Геология-қидирув, тадқиқот ҳамда эксплуатация қудуқларини қуриш ишлари якунланганидан сўнг қуйидаги ишлар амалга оширилади:

қудуқлар қурилишида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари ва нефть маҳсулотлари билан ифлосланган жинслар ҳамда қўлланилган материалларни олиб чиқиш;

шлам тўплагичлар устига тупроқ тўкиш ва юзасини текислаш;

зарур ҳолларда мелиорация ва эрозияга қарши тадбирларни амалга ошириш.

Нефть ва нефть маҳсулотлари ҳамда нефть саноати оқовалари билан ифлосланган ерлар рекультивация қилинаётганда, тупроқнинг нефть билан ифлосланиши ва минераллашувининг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган атроф муҳит муҳофазаси тадбирлари амалга оширилиши лозим.

12. Корхоналарнинг кон ишланмалари ағдармалари, тиндиргичлар ва фойдали қазилмаларни қайта ишлашдан қоладиган чиқиндиларнинг сақлагичларини рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

ағдармалар ён деворларининг ювилиб кетилишини олдини олиш ва уларни кўчкилар, сув ва шамол эрозиясига қарши мустаҳкамлаш мақсадида террасалаш ва текислаш. Унумдор жинслар кўп поғонали ағдармаларга жойлаштирилганда, террасалар ташкил этилиши лозим. Террасалар режалаштирилаётганда, тупроқ эрозиясининг олдини олиш учун юқорироқдаги терраса томонига 1,5-2 градуслик кўндаланг нишаблик қилинади. Ағдармалар юзаси турли хил боғловчи моддалардан фойдаланилиб мустаҳкамланади ва кўкаламзорлаштирилади;

ағдармаларни кўкаламзорлаштиришда йирик тош зарраларидан тозалаш, 10 — 15 см қалинликдаги тупроқ қатлами билан қоплаш, ўсимликлар уруғларини сепиш ҳамда дарахт ва бута кўчатларини экиш тадбирлари амалга оширилади. Маҳаллийлаштирилган ўсимликларнинг чидамли бўлган турлари ушбу ҳудуд учун танлаб олинади. Уруғ ва кўчатларни экиш ишлари ҳар бирининг кенглиги 6 — 10 м бўлган, шамолларнинг асосий йўналишига кўндаланг жойлашган ва алмашинадиган полосаларда амалга оширилади;

ағдармалардаги экинларнинг ўсиши (вегетация) даврида уларни суғориш учун тозаланган оқова сувларидан фойдаланилади.

Кўп йиллик ўсимликларни экиш билан бир пайтда бир-биридан 50 — 60 метр узоқликда турли ноқулай шароитларга чидамли бўлган дарахт ва буталар экилади ҳамда ҳимоя ўрмонлари барпо этилади.

Кўкаламзорлаштирилган ағдарма ерларидан 8 — 10 йил мобайнида яйлов ерлари сифатида фойдаланиш тақиқланади.

Фитотоксик тупроқлардан таркиб топган шлам тўплагичлар, фойдали қазилмаларни қайта ишлашдан қоладиган чиқиндилар, қолдиқ сақлагичлар, шунингдек, фойдали қазилмаларни юзини очишда ҳосил бўлган гидроағдармалар потенциал унумдор бўлган жинслар билан қопланади.

13. Радиоактив моддалар чиқиндилари билан ифлосланган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

радиоактив моддалар чиқиндиларини бошқа чиқиндилардан алоҳида ва ички юзаси силлиқ материал билан қопланган махсус тўплагичларда йиғиш;

нурланиш дозаси қувватини радиоактив моддалари чиқиндилари тўплагичидан 1 метр масофада йилига 10 мГр дан ошмаслигини таъминлаш;

радиоактив моддалар чиқиндиларини махсус жиҳозланган автомашиналарда кўмиш жойларига олиб бориш, бунда ҳайдовчининг кабинасида нурланиш дозасини соатига 0,012 мГр дан ошмаслигини таъминлаш;

радиоактив моддалар чиқиндилари сақланадиган жойлар атрофларини инсонлар ва ҳайвонлар ўта олмайдиган тўсиқлар билан ўраш ва махсус огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатиш;

рекультивация қилинадиган ерларнинг юзаси радиоактив моддалар чиқишига йўл қўймайдиган экранлаштирувчи (ҳимоя) қатлам билан қопланиши зарур.

Ўсимлик турларини танлашда қуйидагилар ҳисобга олинади:

ўсимлик турининг илдиз тизими ернинг юқори қатламини шамол таъсирида кимёвий ва физик емирилиши шароитида экранлаштирувчи (ҳимоя) қатламнинг барқарорлигини таъминлаши;

ўсимлик турининг уруғи муайян тупроқ-иқлим шароитида униб чиқиш қобилиятига эга бўлиши;

ўсимлик турининг қурғоқчилик, кучли ёғингарчилик ва касалликларга бардошлилиги;

ўсимлик турининг кўп йиллик вегетация даврига эгалиги.

14. Тоғ-кон жинсларининг ағдармалари бўйича ишчи лойиҳада кўрсатилган баландликдаги ишлар бажарилганидан сўнг ушбу ерларда рекультивация қилиш ишлари амалга оширилади.

Тоғ-кон жинсларининг ағдармалари кам унумдор ерларга жойлаштирилади.

Тоғ-кон жинслари ағдармаларини рекультивация қилишда қуйидаги талаблар бажарилиши лозим:

тупроқнинг унумдор қатламини дастлабки кесиб олиш ва жойлаштириш, тегишли ўлчамлардаги рекультивация қилинадиган ер қатламини барпо этиш учун зарур бўлган ҳажмларда потенциал унумдор жинсларни (фойдали қазилмаларнинг юзасини очиш) селектив қазиб олиш, бунда тупроқнинг унумдор қатламини кесиб олиш ишларини йилнинг иссиқ пайтида, қишлоқ хўжалиги экинлари билан эгалланган ерларда эса ҳосил йиғиб-териб олганидан сўнг амалга ошириш;

тупроқ захираси ва уни етказиб бериш масофаси ҳамда иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда карьерларни кўмиб тўлдириш ва уларнинг ён деворларини муайян нишабликда текислаш;

ён деворларнинг қулаб тушиши ва ўпирилиб кетишига йўл қўймаслик, шунингдек, тадбирларни махсус техникалар ҳамда механизмлар ёрдамида амалга ошириш шартларидан келиб чиққан ҳолда карьерларнинг ён деворлари қиялигини белгилаш;

ҳудудларни тупроқ-шароитидан келиб чиққан ҳолда ағдармаларда эрозияга қарши курашиш ишлари ташкил этиш;

махсус гидротехник иншоотларни ташкил қилиш орқали ёмғир-жала оқими ва техник сувларни тўплаш ҳамда чиқариб ташлаш тадбирларини амалга ошириш;

таркибида заҳарли моддалар бўлган ағдармалардан сизиб чиққан сувларни белгиланган тартибда тозалаш ёки безарар чиқариб ташлаш;

ноқулай сув-физик хоссаларга эга бўлган жинсларнинг рекультивация қилинадиган қатламида сув режимини тартибга солиш чораларини кўриш;

технологик схемаларга кўра, ёнишга мойиллиги бўлмаган ҳамда ўз-ўзидан алангаланишни истисно қилувчи жинслардан ағдармаларни шакллантириш;

ғишт хомашёси карьерларида шағал-тошқотишма ва қумли жинсларнинг юза қисми очилгунига қадар ерлар қазилганда, карьерни тўлдириш билан бирга унинг юза қисмини 50 см гача потенциал унумдор тупроқ билан қопланишини таъминлаш;

транспорт воситаларини карьерлар тубига тушиши ва ундан чиқиши учун йўлаклар билан таъминлаш;

ер усти сувлари ва ер ости сизот сувлари босишини истисно қилувчи тупроқни жойлаштириш учун жой тайёрлаш;

ағдармалар юзасини 1 градусдан ошмайдиган нишабликда текислаш (планировкалаш) ва ағдарма юзасини сув ва шамол эрозияси таъсиридан асраш ҳамда тупроқ унумдорлигини сақлаб қолиш мақсадида кўп йиллик ўтларни экиш.

3-боб. Бузилган ерларни рекультивация қилиш тартиби

15. Туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузурида Бузилган ерларни рекультивация қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) ташкил этилади.

Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, санитария, молия-кредит ва бошқа манфаатдор органларнинг туман бўлинмалари, шунингдек, рекультивация қилинган ерларни топширадиган жисмоний ёки юридик шахсларнинг вакиллари киритилади.

Туман (шаҳар) ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари комиссия раиси ҳисобланади.

Комиссия аъзолари бир йилда бир маротаба бузилган ерларни ўрганиб чиқади ва ўрганиш натижалари бўйича далолатномани ушбу Низомга 1-иловадаги шаклда тузади.

16. Бузилган ерларни рекультивация қилиш тадбирлари ишчи лойиҳага мувофиқ амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни рекультивация қилиш бўйича ишчи лойиҳа жисмоний ёки юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ва уларнинг буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ишлаб чиқилади.

17. Ишчи лойиҳани ишлаб чиқишда қуйидаги омиллар ҳисобга олинади:

бузилган ерларнинг жойлашуви;

ҳудуднинг табиий-иқлим шароитлари (иқлим, геологик, гидрологик, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси);

бузилган ерларни рекультивация қилиш пайтидаги ҳолати ёки кутилаётган ҳолати;

бузилган ерлар мавжуд бўлган ҳудуднинг хўжалик, ижтимоий-иқтисодий ва санитар-гигиеник шарт-шароитлари;

тупроқнинг унумдор қатламини кесиб олиниши ва махсус жойга жойлаштирилиши (сақланиши);

тошлоқ ва заҳарли жинсларни потенциал унумдор тупроқлардан ажратиш мақсадида ер қаъри юзасини очишда қатлам жинсларининг селектив ишланиши;

тупроқ қатламини ерни қирқиш чуқурлигига тенг ёки потенциал унумдорлик даражасидан кам бўлмаган миқдорда ётқизилиши;

қияликларни мустаҳкамлаш бўйича махсус тадбирларни амалга ошириш;

рекультивация қилинган ерлардан уларнинг такроран бузилишини ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш муддати.

Бузилган ерларни қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун рекультивация қилиш мақсадга мувофиқ бўлмаса, ўрмон фонди, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ёки ерларни эрозиядан ҳимоялаш учун дарахтзорлар барпо этилади.

18. Ишчи лойиҳани ишлаб чиқиш жараёни қуйидагиларни ўз ичига олади:

лойиҳалаштирилаётган объектнинг ер тузиш, мелиоратив-гидротехник, тупроқ ва агрономик кузатувларни ўз ичига олган тайёргарлик ишлари;

тадқиқот ишлари (топографик, тупроқ-кузатув ва муҳандислик-геология ишлари);

бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ўз ичига олган ишчи лойиҳани ишлаб чиқиш;

ишчи лойиҳани келишиш.

19. Бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича ишчи лойиҳа ушбу Низомга 2-иловадаги шаклга мувофиқ ишлаб чиқилади.

4-боб. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг техник босқичи

20. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг техник босқичида қуйидагилар амалга оширилади:

ағдармалар юзасини хомаки ва сўнгги планировкалаш, қазилмани ер юзига қазиб чиқаришда фойдаланилган тармоқларни кўмиш, текислаш ёки террасалаш, шахтадаги ўпирилган жойларни тупроқ билан тўлдириш;

зарур бўлган ҳолларда, дренаж, сувни чиқариб ташлаш ва суғориш тармоқларини ҳамда бошқа гидротехник иншоотларни қуриш;

рекультивация қилинган ерларнинг юза қатламини унумдор ёки нисбатан унумдор тупроқ қатламлари билан қоплаш;

ҳудудда эрозияга қарши курашиш тадбирларини амалга ошириш.

21. Нефть, газ ва газ конденсати конларида захирани қазиб олиш жараёнида фойдаланишда бўлган ерларда қуйидагилар амалга оширилади:

геология-техник тадбирлар ўтказилган қудуқлар атрофидаги бузилган ерларни иш якуни билан техник рекультивация қилиш;

бузилган ерларни техник рекультивация қилиш ишларини нефть, газ ва газ-конденсатини қазиб олган корхонанинг маблағи ҳисобидан бажариш;

нефть, газ ва газ конденсати конларида захирани қазиб олиш якунига етиши билан кондан фойдаланувчи корхона томонидан бузилган ерларни рекультивация қилиш;

нефть, газ ва газ конденсати конларида табиий ва техноген фавқулодда ҳолатлар оқибатида йирик сиғим, қувурларда, технологик жиҳоз ва ускуналарда авария ҳолатлари содир бўлган ҳолларда, кондан фойдаланувчи томонидан техник ва биологик рекультивация қилиш.

5-боб. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг биологик босқичи

22. Биологик рекультивация қилишнинг асосий мақсади — ҳудудни қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги, рекреация ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун қайтаришдан иборат.

23. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг биологик босқичи ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилади.

24. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг биологик босқичида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

қишлоқ хўжалиги экинлари гуруҳини танлаш;

органик ва минерал ўғитларнинг ерга солиш меъёрлари, муддатлари ва усулларини белгилаш;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини экиш меъёрларини аниқлаш;

тупроққа ишлов бериш, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, экинларни парваришлаш ва ҳосилни йиғиб-териб олишнинг технологик жараёнини асослаш;

ишлар ҳажми, меҳнат, механизмлар ва материаллар сарфини ҳисоблаш;

рекультивация қилинган ерлардан олинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қийматини аниқлаш;

капитал харажатларнинг иқтисодий самарадорлигини ўрганиш.

25. Бузилган ерлар қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун тикланганда, ер юзаси нишаблиги 0-1,5 градусгача бўлган майдонлар барпо этилади.

Мевали дарахтлар экиладиган бўлса, ер юзаси нишаблиги 4-5 градусгача ва ундан ортиқ бўлган майдонлар барпо этилади.

26. Тайёрланган майдонларда ушбу ҳудудга мос бир йиллик, кўп йиллик дуккакли ва бошоқли дон экинларини ҳамда мевали дарахтларни етиштириш зарур.

27. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг биологик босқичи қуйидагиларни ўз ичига олади:

қишлоқ хўжалиги экинларини экишгача бўлган давр — органик ва минерал ўғитларни юклаш, тушириш ва ерга солиш, далаларни текислаш (планировка), ҳайдаш ёки чуқур юмшатиш, ёрилган жўякларни ёки ағдарма дўнгликларни текислаш, шўр ювиш ишлари учун марза олиш, вақтинча суғориш тармоғини тартибга келтириш ва тупроққа ишлов бериш;

қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, парваришлаш, органик ва минерал ўғитларни солиш, суғориш, турли касалликларга қарши ишлов бериш, ўриш, ўрилган массани саралаш, тўплаш ва ғарамлаш;

келгуси йилларда ҳам қишлоқ хўжалиги экинларини экин ва парваришлаш.

6-боб. Рекультивация қилинаётган ерларни нисбатан унумдор ёки потенциал унумдор жинслардан иборат тупроқ қатлами билан қоплаш

28. Тупроқ қатламининг бузилиши билан боғлиқ саноат, қурилиш ва бошқа ишларни амалга оширадиган жисмоний ёки юридик шахс томонидан тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиниши ва алоҳида ерда сақланиши лозим.

Бунда аввало, ернинг устки қисмидаги гумусли қатлам, ундан сўнг тупроқнинг барча унумдор қатлами сидириб олинади.

Темир йўл ва автомобиль йўллари, газ ва нефть қувурлари, электр узатиш ва алоқа тармоқлари, суғориш каналлари, зовурлар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш жараёнида тупроқ қатлами бузилганда, сидириб олинган унумдор тупроқлардан фойдаланиш назарда тутилади.

29. Тупроқ ишларини амалга ошириш учун тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш меъёрларига амал қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини таркиби ва хоссаларини аниқлаш ҳамда тупроқ харитасидан фойдаланиш талаблари қўйилади.

Тупроқнинг унумдор қатламини таркиби ярим чўл, тоғолди, чўл-дашт ҳудудларида тупроқнинг унумдор қатламини қуйи чегарасида гумуснинг массадаги улуши 1 фоиздан, чўл ҳудудида эса 0,7 фоиздан кам бўлмаслиги лозим.

30. Рекультивация қилинаётган ерларга унумдор тупроқни ётқизиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

унумдор тупроқлар қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун мўлжалланган ерларга солинади;

унумдор тупроқ қатламини ётқазиш учун мўлжалланган ерларнинг юзаси текисланади, бунда ерларни сифатли текисланиши, унда қор ва ёмғир сувларининг тўпланиши мумкин бўлган чўккан ерлар (ботиқликлар) бўлмаслиги таъминланади;

тупроқнинг остки қатламига қалинлиги камида 2-3 метр бўлган нисбатан унумдор бўлган жинслар жойлаштирилади;

бузилмаган туташ ерлардаги тупроқ қалинлигига нисбатан ортиқ бўлган қалинликдаги тупроқ қатлами солинади (чўкишини ҳисобга олган ҳолда) ва текисланади;

махсус техника ва ускуналар ҳамда агротехник усуллардан фойдаланган ҳолда юмшатилган тупроқ тузилмаси ҳосил қилинади;

тупроқда 40 — 60 фоиз оралиқда ўзгариб турадиган ғоваклилик таъминланади.

7-боб. Рекультивация қилинган ерларни топшириш ва қабул қилиш тартиби

31. Жисмоний ёки юридик шахслардан бузилган ерларни рекультивация қилиш ишлари якунланганлиги тўғрисидаги ёзма хабарнома келиб тушган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида комиссия томонидан рекультивация қилинган ерларни қабул қилиш-топшириш ишлари амалга оширилади.

32. Комиссия томонидан қуйидагилар ўрганиб чиқилади:

а) жисмоний ёки юридик шахсларнинг ер ва ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатидан нусха;

б) рекультивация қилинган ерларнинг чегаралари туширилган қишлоқ хўжалиги харитасидан нусха;

в) ишчи лойиҳа ва унинг экспертизаси хулосаси;

г) тегишли назорат-инспекция органлари томонидан ёки муаллифлик назорати тартибида ихтисослаштирилган лойиҳа ташкилотлари томонидан бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича бажарилган ишларни текшириш натижалари, шунингдек, аниқланган тартиб бузилишларини бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумот.

33. Комиссия рекультивация қилинган ерларни қабул қилиш жараёнида ўн иш куни ичида жойига чиққан ҳолда қуйидагиларни ўрганади:

а) бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича бажарилган ишларнинг ишчи лойиҳага мувофиқлигини;

б) бузилган ерларни текислаш (планировка) ишларининг сифатини;

в) тупроқнинг унумдор қатламини қалинлиги ва текислигини;

г) тупроқнинг фойдаланилмаган унумдор қатламининг мавжудлиги ва уни сақланишини;

д) рекультивация қилинган ерларда тупроқ қопламасининг бузилиши туридан келиб чиққан ҳолда экологик, агротехник, санитар-гигиеник, қурилиш ва бошқа меъёрлар, стандартлар ва қоидалар талабларига тўлиқ риоя қилинганлигини ва ушбу ерлардан кейинчалик мақсадли фойдаланилишини;

е) ишчи лойиҳада ёки бузилган ерларни рекультивация қилиш шартларида (шартномада) белгиланган мелиоратив, эрозияга қарши ва бошқа тадбирларнинг бажарилиши ва сифатини.

34. Ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ расмийлаштириладиган рекультивация қилинган ерларни топшириш-қабул қилиш далолатномаси комиссия раиси томонидан тасдиқланганидан сўнг объект қабул қилинган деб ҳисобланади ва унинг бир нусхаси ерларни рекультивация қилиб топширган жисмоний ёки юридик шахсларга берилади.

8-боб. Рекультивация қилинган ерларни қабул қилиш комиссиясининг ҳамда ерларни рекультивация қилиш тадбирини амалга оширган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

35. Комиссиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бузилган ерларни рекультивация қилиш тадбирининг бориши ва сидириб олинган унумдор тупроқ қатламини сақлаш жойига жойлаштирилишини таъминлаш ва назорат қилиш;

ушбу Низомнинг 33-бандида келтирилган жараёнларни ўрганиш;

бузилган ерларни рекультивация қилиш билан боғлиқ бошқа маълумотлар билан танишиш;

бузилган ерларни тиклаш ишларини яхшилаш бўйича тавсиялар бериш;

бузилган ерларни рекультивация қилиш ишлари тўлиқ бажарилмаганда ёки ишчи лойиҳадан четга чиқилганда ва бошқа ҳолларда қабул қилишни рад этиш тўғрисида таклифлар киритиш.

Комиссияга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

ер ресурсларини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиш;

рекультивация қилинган ерларни топширувчи юридик ёки жисмоний шахслардан ёзма хабарнома келиб тушганидан сўнг ўн иш куни ичида жойига чиққан ҳолда рекультивация қилинган ерларни қабул қилиб олиш.

Жисмоний ва юридик шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича тавсиялар олиш учун комиссияга мурожаат қилиш;

амалий ва назарий салоҳиятга ва тажрибага эга бўлганда ишчи лойиҳани мустақил равишда ишлаб чиқиш ва экспертизага тақдим этиш;

ишчи лойиҳани ишлаб чиқиш ва уни экспертизадан ўтказиш учун шартнома тузиш.

Жисмоний ва юридик шахсларга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 40-моддасида белгиланган мажбуриятларга риоя этиш;

рекультивация қилинган ерларни топширишда комиссияга ушбу Низомнинг 32-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим қилиш;

комиссия ишида иштирок этиш.

9-боб. Бузилган ерларни рекультивация қилиш ишларини молиялаштириш

36. Ишчи лойиҳани ишлаб чиқиш ва бузилган ерларни рекультивация қилиш тадбири ернинг бузилишига сабабчи бўлган жисмоний ёки юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

37. Бузилган ерларни рекультивация қилиш ва унумдорлиги паст бўлган ерларни аввал сидириб олинган унумдор тупроқ қатлами билан қоплаш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги билан келишилган ишчи лойиҳа ва лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида белгиланади ва амалга оширилади.

38. Жисмоний ёки юридик шахслар бузилган ерларни рекультивация қилиш ва унумдорлиги паст ерларни аввал сидириб олинган унумдор тупроқ қатлами билан қоплаш тадбирларини амалга ошириш учун пудрат ташкилотларини жалб қилиши мумкин.

Бунда рекультивация қилинган ерлар комиссия томонидан қабул қилинади ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилади.

Бажарилган ишлар учун якуний ҳақ тўлаш аниқланган камчилик ва нуқсонлар тўлиқ бартараф этилганидан сўнг амалга оширилади.

10-боб. Бузилган ерларни ҳисобга олиш

39. Тупроқ қатламини бузиш билан боғлиқ ишларни амалга оширадиган ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар уларнинг ҳисобини юритади ва йил якунида бузилган ерларни рекультивация қилиш тўғрисида «6-еkо» шаклдаги давлат статистика ҳисоботини расмийлаштиради ва уни маҳаллий статистика органларига тақдим қилади.

Жадваллар ва бюллетенлар кўринишидаги жамланма статистика маълумотлари (қоғоз ёки электрон кўринишда) Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси томонидан белгиланган тартибда фойдаланувчиларга етказилади.

40. Жисмоний шахслар комиссияга тупроқнинг унумдор қатламини бузиш билан боғлиқ ишлар тўғрисида маълумотни тақдим қилади.

41. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бузилган ерларни ҳисобга олиш маълумотларига аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мониторинг юритилади.

11-боб. Якунловчи қоидалар

42. Бузилган ерларни ўз вақтида ва сифатли рекультивация қилиш ва унинг унумдорлигини тиклаш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.

43. Тупроқ қатламини бузиш билан боғлиқ ишларни амалга оширганлик ва бузилган ерларни рекультивация қилиш тадбирларини бажармаслик оқибатида етказилган зарар жисмоний ва юридик шахслар томонидан ихтиёрий равишда тўланади ёки жабрланган томоннинг ёхуд Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Табиат ресурслари вазирлигининг даъволари бўйича суд тартибида ундирилади.

44. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Бузилган ерларни ўрганиб чиқиш натижалари бўйича

___________________________________________ 20 ____ йил «_____» ________________ ___________________________________________________________ таркибидаги комиссия ___________________ вилояти _________________тумани _________________ ҳудудидаги бузилган ва уларга туташ ерларни кўздан кечирди. Кўздан кечириш натижасида қуйидагилар аниқланди: 1. Майдони ___________ гектар бўлган ер майдони ________________________да жойлашган ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайди. 2. Бузилган ерларга туташ бўлган ерлардан __________________________________ ______________________________мақсадида фойдаланилади ва қуйидаги агротехник кўрсаткичларга эга ____________________________________________________________ _____________________________________________________________________________ 3. Бузилган ерларнинг тоифаси ____________________________ ва унинг тавсифи _____________________________________________________________________________ 4. Мавжуд суғориш, коллектор-дренаж тармоқлари ва гидротехник иншоотларнинг техник ҳолати ________________________________________________________________ 5. Бузилган ерларни рекультивация қилиш учун ______________________________ __________________________________________________ ер участкаларининг потенциал унумдор жинсларидан ва тупроғининг унумдор қатламидан фойдаланиш мумкин. 6. Ердан фойдаланувчининг тушунтиришлари _______________________________ ____________________________________________________________________________ Ўрганиш натижаларига кўра комиссия қарор қилади: 1. Бузилган ерлардан фойдаланишни _______________________________________ _____________________________________ қишлоқ хўжалиги экинлари учун лойиҳалаш. 2. Бузилган ерларни рекультивация қилишни техник босқичининг қуйидаги умумий йўналишини назарда тутиш ____________________________________________________ 3. Бузилган ерларни рекультивация қилиш учун ______________________________ ___________________________________________ ер участкаларининг потенциал унумдор жинслари ва тупроғининг унумдор қатламидан фойдаланиш. 4. Сув хўжалиги қурилиши бўйича қуйидаги умумий чора-тадбирларни назарда тутиш _______________________________________________________________________ 5. Биологик рекультивациянинг қуйидаги муддатини белгилаш _________________ 6. Биологик рекультивация даврида тупроқ унумдорлигини тиклаш учун ишчи лойиҳада дуккакли ва бошоқли дон экинларининг қуйидаги турларини назарда тутиш ___ _____________________________________________________________________________ 7. Ерга солинадиган органик ва минерал ўғитлар дозасини қуйидаги ҳосилдорликни ҳисобга олган ҳолда белгилаш _____________________________________ Комиссия аъзолари: ___________________________ ___________ ______ ________________ ______ _________ ____________________________ (Ф.И.О.) __________ (лавозими) _________ (имзоси) ___________________________ ___________ ______ ________________ ______ _________ ____________________________ (Ф.И.О.) __________ (лавозими) _________ (имзоси) ___________________________ ___________ ______ ________________ ______ _________ ____________________________ (Ф.И.О.) __________ (лавозими) _________ (имзоси)

Бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

«Тасдиқлайман» ________________________ ________________________ 20__ йил «___» _________ __________________________________________________________________________нинг (хўжалик номи) бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича ишчи лойиҳани ишлаб чиқиш учун ТОПШИРИҚ 1. Асосий тавсифлар _____________________________________________________ ______________________________________________________________________________ 2. Буюртмачи ____________________________________________________________ 3. Ижрочи-лойиҳачи ______________________________________________________ 4. Рекультивация қилиниши лозим бўлган ер майдони _____________ гектар 5. Объект жойлашган ҳудуддаги ерлардан фойдаланиш ________________________ _____________________________________________________________________________ 6. Далолатномага илова қилинган ердан фойдаланиш режасидан кўчирмага мувофиқ ер майдони __________ гектар 7. Қўшимча маълумотлар _________________________________________________ 8. Рекультивация қилинган ерлардан фойдаланиш истиқболлари ________________ _____________________________________________________________________________ 9. Техник рекультивация қилиш технологияси _______________________________ _____________________________________________________________________________ 10. Сув хўжалиги қурилишини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар __________ _____________________________________________________________________________ 11. Биологик рекультивация қилиш технологияси ____________________________ _____________________________________________________________________________ 12. Тадқиқот ишларини олиб бориш зарурати ________________________________ _____________________________________________________________________________ 13. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг техник босқичи ишларини _____ _ _____________________________________ амалга оширади, рекультивациянинг биологик босқичини ___________________________________ амалга оширади. 14. Лойиҳа-қидирув ишларини амалга ошириш манбаи ________________________ _____________________________________________________________________________ 15. Ишчи лойиҳа _____ нусхада ишлаб чиқилсин, шу жумладан ________ нусхаси буюртмачига лойиҳа-қидирув ишларини амалга ошириш жадвалида белгиланган муддатларда топширилсин. Топшириқ ___________________________________________томонидан тузилди. Иловалар: 1. Ер участкасининг қишлоқ хўжалиги харитасидан кўчирма; 2. Қурилиш ташкилотининг белгиланган шаклдаги маълумотномаси; 3. Қурилиш ташкилотида асосий қурилиш машиналари ва механизмларининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар.

Бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

«Тасдиқлайман» ______________________________ туман (шаҳар) ҳокими, Бузилган ерларни рекультивация қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси раиси Рекультивация қилинган ерларни топшириш-қабул қилиш ДАЛОЛАТНОМАСИ 20__ йил «___» _________ ___________________________ (тузилган жойи) Ушбу далолатнома Бузилган ерларни рекультивация қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси раиси (ўринбосари)нинг 20__ йил «___» ____________ даги _____-сон фармойишига мувофиқ тайинланган комиссия (ерларни топширувчи жисмоний ёки юридик шахснинг вакили (фуқаро) ва қабул қилувчи, бузилган ерларни рекультивациясини амалга оширган пудрат ташкилотлари, лойиҳа ташкилоти мутахассислари, экспертлар ва бошқалар): ______________________________________ иштирокида тузилди. 1. Тақдим этилган ҳужжат ва материаллар: ________________________________ ______________________________________________________________ кўриб чиқилди. 2. Белгиланган ____________________________________________ ишлар амалга (тупроқ қатламини бузиш билан боғлиқ иш турлари) оширилганлиги жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилди ва зарур бўлган назорат ўлчовлари амалга оширилди: ___________________________________________________________ (рекультивация қилинган ер участкаси майдони) 3. 20__ йил ________дан 20__ йил _________гача бўлган давр мобайнида қуйидаги ишлар амалга оширилганлиги аниқланди: _______________________________ ____________________________________________________________________________ Барча ишлар тасдиқланган ишчи лойиҳага мувофиқ амалга оширилиб, _____ гектар ер майдони рекультивация қилинган. 4. Комиссия қарор қилади: а) ______ гектар рекультивация қилинган ерларни келгусида ___________________ мақсадларида фойдаланиш учун (қисман ёки тўлиқ) қабул қилинсин; б) тупроқ унумдорлигини тиклаш муддати кечиктирилсин ёки ишчи лойиҳада назарда тутилган ерлардан мақсадли фойдаланишни ўзгартириш ҳақида таклиф киритилсин (сабаби кўрсатилган ҳолда). Рекультивация қилинган ерларни топшириш-қабул қилиш далолатномаси уч нусхада тузилади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланганидан сўнг бир нусхаси комиссияда сақлаш учун қолдирилади, иккинчи нусхаси рекультивация қилинган ерни топширган жисмоний ёки юридик шахсга, учинчи нусхаси рекультивация қилинган ерни қабул қилаётган юридик ёки жисмоний шахсга топширилади. Комиссия аъзолари: ___________ _________________ __________ (Ф.И.О.) (лавозими) (имзоси) ___________ _________________ __________ (Ф.И.О.) (лавозими) (имзоси) ___________ _________________ __________ (Ф.И.О.) (лавозими) (имзоси)

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 29 апрель,

169-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.05.2023 й., 09/23/169/0236-сон; 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

DALOLATNOMA

Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish, tuproqning unumdor qatlamini saqlash va undan oqilona foydalanishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksiga muvofiq respublika hududida yer resurslarini muhofaza qilish va ulardan oqilona foydalanishni tashkil etish, buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish ishlarini amalga oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish, tuproqning unumdor qatlamini sidirib olish, saqlash va undan oqilona foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish, buzilgan yerlarni aniqlash hamda rekultivatsiya qilingan yerlarni qabul qilish masalalarini koʻrib chiqish komissiyasini tashkil etish tartibi hamda uning huquq va majburiyatlari;

tuproq qatlamining buzilishi bilan bogʻliq sanoat, qurilish, shuningdek, boshqa ishlarni amalga oshiruvchi jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan yerlarning unumdor qatlamini sidirib olish va saqlash tartibi;

jismoniy va yuridik shaxslardan rekultivatsiya qilish ishlari yakunlanganligi toʻgʻrisida yozma xabarnoma kelib tushgandan keyin rekultivatsiya qilingan yerlarni qabul qilish-topshirish ishlarini amalga oshirish tartibi;

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish loyihasini ishlab chiqish va rekultivatsiya qilish tadbirini yerning buzilishiga sababchi boʻlgan jismoniy yoki yuridik shaxsning mablagʻi hisobidan amalga oshirish tartibi.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Tabiat resurslari vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi huzuridagi Togʻ-kon, geologiya va sanoat xavfsizligini nazorat qilish inspeksiyasi oʻz vakolatlari doirasida buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish hamda ularning unumdorligini tiklash, tuproqning unumdor qatlamini sidirib olish, saqlash va undan foydalanish ishlarining sifati va oʻz vaqtida bajarilishi boʻyicha taʼsirchan nazorat oʻrnatsin va monitoringini taʼminlasin.

3. Belgilansinki, 2023-yil 1-maydan boshlab:

Toshkent shahrini va boshqa hududlardagi shaharlarni kengaytirish hamda noqishloq xoʻjaligi maqsadlari uchun ajratilgan qishloq xoʻjaligi yerlaridan foydalanuvchilar ushbu yer uchastkalarida tuproqning unumdor qatlamini sidirib olib, foydalanishga kiritiladigan va rekultivatsiya ishlari amalga oshiriladigan yer maydonlariga yetkazib berilishini taʼminlaydi;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish, infratuzilma obyektlarining muhofaza hududlarini belgilash loyihalarini ishlab chiqish va loyihani joyiga koʻchirish davrida mualliflik nazorati Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining “Oʻzdaverloyiha” davlat ilmiy-loyihalash instituti va uning hududiy boʻlinmalari tomonidan amalga oshiriladi;

togʻ-kon qazilmalarining agʻdarmalari hisobiga, shuningdek, infratuzilma obyektlarini (yoʻllar, quvurlar, elektr tarmoqlari) qurish natijasida buzilgan qishloq xoʻjaligi yerlarini rekultivatsiya qilish tadbirlari va loyihalash ishlari ushbu infratuzilma obyektlarini barpo etgan jismoniy va yuridik shaxslar mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2023-yil 1-avgustga qadar yer fondining barcha toifalaridagi qishloq xoʻjaligi yerlari holati, shu jumladan, buzilgan va rekultivatsiya qilingan yerlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bazasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining “Geoaxborot” tizimida yuritilishini taʼminlasin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 29-apreldagi 169-son qaroriga ILOVA

Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish, tuproqning unumdor qatlamini sidirib olish, saqlash va undan oqilona foydalanish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish, tuproqning unumdor qatlamini sidirib olish, saqlash va undan oqilona foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

buzilgan yerlar — tuproq qatlamining va gidrologik rejimning buzilishi hamda xoʻjalik faoliyati natijasida texnogen relyefning yuzaga kelishi va degradatsiya munosabati bilan oʻzining xoʻjalik faoliyati boʻyicha ruxsat etilgan va moʻljallangan maqsadlariga muvofiq foydalanish imkoniyatini yoʻqotgan, tuzilishining tabiiy butunligi buzilgan yoki atrof muhitga salbiy taʼsir koʻrsatish manbai boʻlgan yerlar;

buzilgan yerlarni xatlovdan oʻtkazish — buzilgan yerlarning maydonlari va sifatini aniqlash hamda hisobga olish;

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish — buzilgan yerlarning unumdorligini tiklashga, belgilangan maqsadda foydalanish uchun yaroqli yoki xavfsiz holatga keltirishga, shuningdek, atrof muhit sharoitini yaxshilashga qaratilgan ishlar majmui;

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishning texnik bosqichi (yerlarni texnik rekultivatsiya qilish) — belgilangan maqsadlarga muvofiq istiqbolda maqsadli foydalanish uchun xandaqlar, chuqurliklar, yerning oʻpirilishi, foydali qazilmalarni qazib olish, qurilish va boshqa xoʻjalik faoliyatida hosil boʻlgan yot jinslardan tozalash hamda chiqindilar uyumlarini koʻmish, tekislash va terrasalashni oʻz ichiga olgan yerlar rekultivatsiyasining birinchi bosqichi;

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishning biologik bosqichi (yerlarni biologik rekultivatsiya qilish) — texnik rekultivatsiya qilinganidan soʻng amalga oshiriladigan, tuproqning agrofizik, agrokimyoviy, biokimyoviy va boshqa xossalarini yaxshilashga qaratilgan agrotexnik va fitomeliorativ tadbirlar majmuasini oʻz ichiga oladigan yerlarni rekultivatsiya qilishning ikkinchi bosqichi;

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish yoʻnalishi — muayyan maqsadda foydalanish uchun buzilgan yerlarni tiklash, shu jumladan, qishloq xoʻjaligi, oʻrmon xoʻjaligi, suv xoʻjaligi, rekreatsiya, tabiatni muhofaza qilish, xafvsizlikni taʼminlash, sanitar-gigiyena va qurilish yoʻnalishlari;

buzilgan yerlarning rekultivatsiya qilinadigan qatlami — oʻsimliklarning oʻsib chiqishi uchun qulay sharoitga ega boʻlgan va sunʼiy ravishda tashkil etiladigan yer qatlami;

kollektor-zovur tarmoqlari agʻdarmalari egallagan yerlarni rekultivatsiya qilish — tekislanishi lozim boʻlgan agʻdarmalarni tabiiy botiqliklar, oʻzlashtirib boʻlingan karyerlar, jarliklar, suv yuvib ketgan chuqurliklar va boshqa pastliklarga surish;

potensial unumdor jinslar — tuproqning potensial unumdor qatlami xossalari koʻrsatkichlari boʻyicha mos boʻlgan kon jinslari;

rekultivatsiya qilish obyektlari — rekultivatsiya qilinishi lozim boʻlgan buzilgan yer uchastkalari;

texnogen relyef — xoʻjalik faoliyati natijasida vujudga kelgan yer yuzasining holati;

tuproq qatlamini yotqizish — kam unumdor yerlarni yaxshilash maqsadida tuproqning unumdor hamda jinslarning potensial unumdor qatlamini tashish va yotqizish ishlarining majmui;

tuproqning unumdor qatlami — oʻsimliklarning oʻsishi uchun qulay kimyoviy, fizik va agrokimyoviy xossalarga ega boʻlgan tuproq kesimining yuqorisidagi gumusga boy qismi;

tuproqning potensial unumdor qatlami — oʻsimliklarning oʻsishi uchun qulay kimyoviy, fizik va cheklangan agrokimyoviy xossalarga ega boʻlgan tuproq kesimining (gumusli qatlamiga nisbatan) ostki qismi;

foydali qazilmalar yuzasini ochishdagi jinslar — ochiq kon ishlari jarayonida hosil boʻladigan va qazib olinadigan foydali qazilmalarni qoplab turgan kon jinslari;

eski kanallar oʻzanlari egallagan yerlarni rekultivatsiya qilish — oʻzanlarni keyinchalik yer yuzasining tegishli belgilargacha tekislash.

2-bob. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishda qoʻyiladigan talablar

3. Barcha toifadagi buzilgan yerlar, shuningdek, ularga tutashgan yerlar, yerdan foydalanuvchi va ijarachilar tomonidan amalga oshirilayotgan ishlar davomida buzilgan yerlarning salbiy taʼsiri natijasida unumdorligini butkul yoki qisman yoʻqotgan yer uchastkalari rekultivatsiya qilinishi lozim.

Zaxira yerlari jismoniy yoki yuridik shaxslar tomonidan buzilgan hollarda, ushbu shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar boʻlmasa, shuningdek, tabiiy ofatlar hamda jismoniy va yuridik shaxslarga bogʻliq boʻlmagan boshqa fors-major holatlarida buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish boʻyicha ishchi loyihasini (keyingi oʻrinlarda — ishchi loyiha) ishlab chiqish va rekultivatsiya qilish ishlari tuman (shahar) hokimligi tomonidan mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

4. Quyidagi hollarda buzilgan yerlar rekultivatsiya qilinishi lozim:

foydali qazilmalarni ochiq yoki yer osti usulida qazib olishda — kon zaxirasi qazib tugatilganda;

tuproq qatlamining buzilishi bilan bogʻliq muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari oʻtkazilganda, qurilish, meliorativ, geologiya-qidiruv, sinov, ekspluatatsiya va loyiha-tadqiqot ishlari amalga oshirilganda;

sanoat, harbiy, fuqarolik va boshqa obyektlar va inshootlar boshqa joyga koʻchirilganda;

sanoat, maishiy va boshqa chiqindilarni joylashtirish va koʻmish ishlari tugatilganda;

yer osti obyektlari va muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlarini (shaxtali qazish, saqlagichlar, metropoliten, kanalizatsiya inshootlari va boshqalar) qurishda — ulardan foydalanish va konservatsiyalashda;

yerlarning ifloslanishi oqibatlari bartaraf etilayotganda — agarda ularni tiklash shartlari boʻyicha tuproqning unumdor qatlamini olinishi talab etilganda;

harbiy mashqlar — ushbu maqsadlar uchun maxsus ajratilgan poligonlardan tashqarida oʻtkazilganda.

5. Qishloq xoʻjaligi yoʻnalishida buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish uchun quyidagi talablar qoʻyiladi:

biologik rekultivatsiya qilishda unumdor jinslardan iborat yuza qatlamiga ega, oʻlchami, shakli va relyefi boʻyicha foydalanishga qulay boʻlgan yer uchastkalarini shakllantirish;

buzilgan yerlarni zamonaviy qishloq xoʻjaligi texnikalaridan foydalanib, eroziya va koʻchki jarayonlari rivojlanishini istisno qilgan holda tekislash;

buzilgan yerlarni shudgorlashga tayyorlash jarayonida kam unumdor jinslar ustiga tuproqning unumdor qatlamini solish;

tuproqning unumdor qatlami boʻlmaganda yoki yetarli boʻlmaganda, potensial unumdor jinslardan foydalangan holda maxsus agrotexnik tadbirlarni amalga oshirish;

rekultivatsiya qilinadigan yerlarda taʼmirlash ishlarini amalga oshirish;

yerlarning maxsus agrokimyoviy, agrotexnik, agrooʻrmon-meliorativ, muhandislik-eroziyasiga qarshi tadbirlarni oʻtkazishda oʻsimlik ildizi oʻsadigan qatlamni tiklash va shakllantirish hamda organik moddalar bilan boyitish uchun bir yillik, koʻp yillik dukkakli va boshoqli don ekinlarini parvarishlagan holda jadal meliorativ tadbirlarni amalga oshirish.

6. Pestitsidlarning qoldiq miqdorlari bilan ifloslangan (tuproqning kimyoviy ifloslanishi) yerlarni rekultivatsiya qilish uchun quyidagi talablar qoʻyiladi:

aholi yashash punktlari atrofida ishchi loyihaga muvofiq sanitariya-himoya hududlarini tashkil qilish;

rekultivatsiya qilinadigan yerlarni talab etiladigan muddatga qadar qishloq xoʻjaligida foydalanishdan chiqarish;

ustki qismi zararlangan yer qatlamini sidirib olish;

tuproq unumdorligini tiklash;

koʻp yillik chim hosil qiluvchi oʻtlarni ekish, keyinchalik oʻsib chiqqan oʻtlarni oʻrib olish va koʻmish;

pestitsidlarning qoldiq miqdorlari bilan ifloslangan tuproqqa kimyoviy jihatdan faol eritma va adsorbentlar bilan ishlov berish.

7. Suv xoʻjaligi yoʻnalishida buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish uchun quyidagi talablar qoʻyiladi:

gidrotexnik inshootlarga ega boʻlgan sugʻorish, kollektor-drenaj yoki suv yigʻish-tashlash va yoʻl tarmoqlarini qurish;

shoʻrlangan yerlarni doimiy drenaj muhitida belgilangan meʼyorlarda yuvish.

8. Sanitar-gigiyenik yoʻnalishida buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish uchun quyidagi talablar qoʻyiladi:

yerlarning tarkib topgan jinslarining holati, tarkibi va xossalari, tabiiy-iqlim sharoitlari, texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlaridan kelib chiqqan holda buzilgan yerlarni konservatsiyalash usullarini tanlash;

buzilgan yerlarni konservatsiyalash uchun texnik va biologik rekultivatsiya qilishning barcha tadbirlarini sanitariya-epidemiologiya xizmati organlari bilan kelishish;

buzilgan yerlarning yuza qatlamini mustahkamlash uchun atrof muhitga salbiy taʼsir koʻrsatmaydigan hamda yetarlicha suvga bardoshli va harorat oʻzgarishlariga chidamli boʻlgan bogʻlovchi materiallarni qoʻllash;

buzilgan yerlarni biologik rekultivatsiya qilish uchun yaroqsiz substratlardan tarkib topgan sanoat agʻdarmalarining yuzasiga potensial unumdor jinslardan iborat (qoplama bilan qoplanadigan) tuproq qatlamini qoplash;

melioratsiya ishlarini amalga oshirish;

tuproqning kimyoviy va biologik ifloslanishini bartaraf etish boʻyicha tadbirlarni belgilash;

tarkibida zaharli moddalar boʻlgan shlam toʻplagich, suyuq chiqindilar, saqlagichlar va sanoat agʻdarmalarini sanitar-gigiyenik meʼyorlarga rioya qilgan holda konservatsiyalash.

9. Qurilish yoʻnalishida buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish uchun quyidagi talablar qoʻyiladi:

tarmoq inshootlarini qurish, rekonstruksiya qilish va ulardan foydalanish uchun (magistral quvurlar va ularning shoxobchalari, temir yoʻl va avtomobil yoʻllari, suv obyektlari, elektr uzatish va aloqa tarmoqlari) geologiya-qidiruv, tadqiqot va boshqa ishlar bajarilayotganda, quvurlar, aloqa va elektr uzatishning yer osti tarmoqlari, geologiya-qidiruv ishlanmalari, shuningdek, trassalar boʻylaridagi buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish;

yangidan inshootlar qurish yoki mavjudlarini rekonstruksiya qilish uchun berilgan, qishloq yoki oʻrmon xoʻjaligi va boshqalar bilan band boʻlgan buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish rejasini qurilish-montaj ishlarining umumiy majmuiga kiritilishi va tuproq unumdorligining tiklanishini taʼminlash.

10. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishga tayyorgarlik koʻrish jarayonida magistral quvurlar, transport kommunikatsiyalari va suv obyektlari, boshqa tarmoq inshootlari qurilishidan oldin tuproqning unumdor qatlami sidirib olinadi va qurilish chegarasi boʻylab joylashgan vaqtincha agʻdarmalarda saqlanadi hamda qurilish va tekislash ishlari yakunlanganidan soʻng ushbu tuproqdan yerlarni tekislashda foydalaniladi.

Tarmoq inshootlari qurilishida buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishning texnik bosqichida quyidagi ishlar amalga oshiriladi:

qurilish chiqindilarini tozalash, qurilish maydonidan tashqaridagi barcha jihoz va qurilmalarni vaqtincha koʻchirish;

unumdor tuproqni rekultivatsiya qilinayotgan buzilgan yer boʻylab bir xil qalinlikdagi qatlamda taqsimlash yoki uni ishchi loyihada koʻrsatilgan va maxsus ajratilgan joyga tashish;

koʻtarmalar va chuqurliklarning yon devorlarini tekislash, chuqurliklarni toʻldirish hamda tekislash.

11. Kon ishlari yoʻnalishida buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish uchun quyidagi talablar qoʻyiladi:

geologiya-qidiruv, tadqiqot ishlari, ekspluatatsiya quduqlarini burgʻilash ishlarini amalga oshirishdan oldin tuproqning unumdor qatlami sidirib olinadi va ishchi loyihada koʻrsatilgan alohida joyga saqlash uchun joylashtiriladi;

quduqlar qazilganda yuvish suyuqliklarini saqlash hamda neft va neft kondensatining ilk namunalarini toʻplash uchun moslama (sigʻim)lar tashkil etiladi;

yer yuzasining botiqliklarida tashkil etilgan kon sanoatida hosil boʻladigan quruq chiqindilarning saqlagichlari suyuqliklar sizishining oldini oluvchi maxsus qoplama bilan qoplanishi lozim.

Geologiya-qidiruv, tadqiqot hamda ekspluatatsiya quduqlarini qurish ishlari yakunlanganidan soʻng quyidagi ishlar amalga oshiriladi:

quduqlar qurilishida hosil boʻladigan qurilish chiqindilari va neft mahsulotlari bilan ifloslangan jinslar hamda qoʻllanilgan materiallarni olib chiqish;

shlam toʻplagichlar ustiga tuproq toʻkish va yuzasini tekislash;

zarur hollarda melioratsiya va eroziyaga qarshi tadbirlarni amalga oshirish.

Neft va neft mahsulotlari hamda neft sanoati oqovalari bilan ifloslangan yerlar rekultivatsiya qilinayotganda, tuproqning neft bilan ifloslanishi va minerallashuvining salbiy taʼsirini kamaytirishga qaratilgan atrof muhit muhofazasi tadbirlari amalga oshirilishi lozim.

12. Korxonalarning kon ishlanmalari agʻdarmalari, tindirgichlar va foydali qazilmalarni qayta ishlashdan qoladigan chiqindilarning saqlagichlarini rekultivatsiya qilish uchun quyidagi talablar qoʻyiladi:

agʻdarmalar yon devorlarining yuvilib ketilishini oldini olish va ularni koʻchkilar, suv va shamol eroziyasiga qarshi mustahkamlash maqsadida terrasalash va tekislash. Unumdor jinslar koʻp pogʻonali agʻdarmalarga joylashtirilganda, terrasalar tashkil etilishi lozim. Terrasalar rejalashtirilayotganda, tuproq eroziyasining oldini olish uchun yuqoriroqdagi terrasa tomoniga 1,5-2 graduslik koʻndalang nishablik qilinadi. Agʻdarmalar yuzasi turli xil bogʻlovchi moddalardan foydalanilib mustahkamlanadi va koʻkalamzorlashtiriladi;

agʻdarmalarni koʻkalamzorlashtirishda yirik tosh zarralaridan tozalash, 10 — 15 sm qalinlikdagi tuproq qatlami bilan qoplash, oʻsimliklar urugʻlarini sepish hamda daraxt va buta koʻchatlarini ekish tadbirlari amalga oshiriladi. Mahalliylashtirilgan oʻsimliklarning chidamli boʻlgan turlari ushbu hudud uchun tanlab olinadi. Urugʻ va koʻchatlarni ekish ishlari har birining kengligi 6 — 10 m boʻlgan, shamollarning asosiy yoʻnalishiga koʻndalang joylashgan va almashinadigan polosalarda amalga oshiriladi;

agʻdarmalardagi ekinlarning oʻsishi (vegetatsiya) davrida ularni sugʻorish uchun tozalangan oqova suvlaridan foydalaniladi.

Koʻp yillik oʻsimliklarni ekish bilan bir paytda bir-biridan 50 — 60 metr uzoqlikda turli noqulay sharoitlarga chidamli boʻlgan daraxt va butalar ekiladi hamda himoya oʻrmonlari barpo etiladi.

Koʻkalamzorlashtirilgan agʻdarma yerlaridan 8 — 10 yil mobaynida yaylov yerlari sifatida foydalanish taqiqlanadi.

Fitotoksik tuproqlardan tarkib topgan shlam toʻplagichlar, foydali qazilmalarni qayta ishlashdan qoladigan chiqindilar, qoldiq saqlagichlar, shuningdek, foydali qazilmalarni yuzini ochishda hosil boʻlgan gidroagʻdarmalar potensial unumdor boʻlgan jinslar bilan qoplanadi.

13. Radioaktiv moddalar chiqindilari bilan ifloslangan yerlarni rekultivatsiya qilish uchun quyidagi talablar qoʻyiladi:

radioaktiv moddalar chiqindilarini boshqa chiqindilardan alohida va ichki yuzasi silliq material bilan qoplangan maxsus toʻplagichlarda yigʻish;

nurlanish dozasi quvvatini radioaktiv moddalari chiqindilari toʻplagichidan 1 metr masofada yiliga 10 mGr dan oshmasligini taʼminlash;

radioaktiv moddalar chiqindilarini maxsus jihozlangan avtomashinalarda koʻmish joylariga olib borish, bunda haydovchining kabinasida nurlanish dozasini soatiga 0,012 mGr dan oshmasligini taʼminlash;

radioaktiv moddalar chiqindilari saqlanadigan joylar atroflarini insonlar va hayvonlar oʻta olmaydigan toʻsiqlar bilan oʻrash va maxsus ogohlantiruvchi belgilarni oʻrnatish;

rekultivatsiya qilinadigan yerlarning yuzasi radioaktiv moddalar chiqishiga yoʻl qoʻymaydigan ekranlashtiruvchi (himoya) qatlam bilan qoplanishi zarur.

Oʻsimlik turlarini tanlashda quyidagilar hisobga olinadi:

oʻsimlik turining ildiz tizimi yerning yuqori qatlamini shamol taʼsirida kimyoviy va fizik yemirilishi sharoitida ekranlashtiruvchi (himoya) qatlamning barqarorligini taʼminlashi;

oʻsimlik turining urugʻi muayyan tuproq-iqlim sharoitida unib chiqish qobiliyatiga ega boʻlishi;

oʻsimlik turining qurgʻoqchilik, kuchli yogʻingarchilik va kasalliklarga bardoshliligi;

oʻsimlik turining koʻp yillik vegetatsiya davriga egaligi.

14. Togʻ-kon jinslarining agʻdarmalari boʻyicha ishchi loyihada koʻrsatilgan balandlikdagi ishlar bajarilganidan soʻng ushbu yerlarda rekultivatsiya qilish ishlari amalga oshiriladi.

Togʻ-kon jinslarining agʻdarmalari kam unumdor yerlarga joylashtiriladi.

Togʻ-kon jinslari agʻdarmalarini rekultivatsiya qilishda quyidagi talablar bajarilishi lozim:

tuproqning unumdor qatlamini dastlabki kesib olish va joylashtirish, tegishli oʻlchamlardagi rekultivatsiya qilinadigan yer qatlamini barpo etish uchun zarur boʻlgan hajmlarda potensial unumdor jinslarni (foydali qazilmalarning yuzasini ochish) selektiv qazib olish, bunda tuproqning unumdor qatlamini kesib olish ishlarini yilning issiq paytida, qishloq xoʻjaligi ekinlari bilan egallangan yerlarda esa hosil yigʻib-terib olganidan soʻng amalga oshirish;

tuproq zaxirasi va uni yetkazib berish masofasi hamda iqtisodiy jihatdan maqsadga muvofiqligidan kelib chiqqan holda karyerlarni koʻmib toʻldirish va ularning yon devorlarini muayyan nishablikda tekislash;

yon devorlarning qulab tushishi va oʻpirilib ketishiga yoʻl qoʻymaslik, shuningdek, tadbirlarni maxsus texnikalar hamda mexanizmlar yordamida amalga oshirish shartlaridan kelib chiqqan holda karyerlarning yon devorlari qiyaligini belgilash;

hududlarni tuproq-sharoitidan kelib chiqqan holda agʻdarmalarda eroziyaga qarshi kurashish ishlari tashkil etish;

maxsus gidrotexnik inshootlarni tashkil qilish orqali yomgʻir-jala oqimi va texnik suvlarni toʻplash hamda chiqarib tashlash tadbirlarini amalga oshirish;

tarkibida zaharli moddalar boʻlgan agʻdarmalardan sizib chiqqan suvlarni belgilangan tartibda tozalash yoki bezarar chiqarib tashlash;

noqulay suv-fizik xossalarga ega boʻlgan jinslarning rekultivatsiya qilinadigan qatlamida suv rejimini tartibga solish choralarini koʻrish;

texnologik sxemalarga koʻra, yonishga moyilligi boʻlmagan hamda oʻz-oʻzidan alangalanishni istisno qiluvchi jinslardan agʻdarmalarni shakllantirish;

gʻisht xomashyosi karyerlarida shagʻal-toshqotishma va qumli jinslarning yuza qismi ochilguniga qadar yerlar qazilganda, karyerni toʻldirish bilan birga uning yuza qismini 50 sm gacha potensial unumdor tuproq bilan qoplanishini taʼminlash;

transport vositalarini karyerlar tubiga tushishi va undan chiqishi uchun yoʻlaklar bilan taʼminlash;

yer usti suvlari va yer osti sizot suvlari bosishini istisno qiluvchi tuproqni joylashtirish uchun joy tayyorlash;

agʻdarmalar yuzasini 1 gradusdan oshmaydigan nishablikda tekislash (planirovkalash) va agʻdarma yuzasini suv va shamol eroziyasi taʼsiridan asrash hamda tuproq unumdorligini saqlab qolish maqsadida koʻp yillik oʻtlarni ekish.

3-bob. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish tartibi

15. Tuman (shahar) hokimligi huzurida Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish masalalarini koʻrib chiqish komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — komissiya) tashkil etiladi.

Komissiya tarkibiga Oʻzbekiston Respublikasi Tabiat resurslari vazirligi, Suv xoʻjaligi vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi, sanitariya, moliya-kredit va boshqa manfaatdor organlarning tuman boʻlinmalari, shuningdek, rekultivatsiya qilingan yerlarni topshiradigan jismoniy yoki yuridik shaxslarning vakillari kiritiladi.

Tuman (shahar) hokimining qishloq va suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha oʻrinbosari komissiya raisi hisoblanadi.

Komissiya aʼzolari bir yilda bir marotaba buzilgan yerlarni oʻrganib chiqadi va oʻrganish natijalari boʻyicha dalolatnomani ushbu Nizomga 1-ilovadagi shaklda tuzadi.

16. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish tadbirlari ishchi loyihaga muvofiq amalga oshiriladi.

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni rekultivatsiya qilish boʻyicha ishchi loyiha jismoniy yoki yuridik shaxslarning mablagʻlari hisobidan va ularning buyurtmasiga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining “Oʻzdaverloyiha” davlat ilmiy-loyihalash instituti va uning hududiy boʻlinmalari tomonidan ishlab chiqiladi.

17. Ishchi loyihani ishlab chiqishda quyidagi omillar hisobga olinadi:

buzilgan yerlarning joylashuvi;

hududning tabiiy-iqlim sharoitlari (iqlim, geologik, gidrologik, oʻsimlik va hayvonot dunyosi);

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish paytidagi holati yoki kutilayotgan holati;

buzilgan yerlar mavjud boʻlgan hududning xoʻjalik, ijtimoiy-iqtisodiy va sanitar-gigiyenik shart-sharoitlari;

tuproqning unumdor qatlamini kesib olinishi va maxsus joyga joylashtirilishi (saqlanishi);

toshloq va zaharli jinslarni potensial unumdor tuproqlardan ajratish maqsadida yer qaʼri yuzasini ochishda qatlam jinslarining selektiv ishlanishi;

tuproq qatlamini yerni qirqish chuqurligiga teng yoki potensial unumdorlik darajasidan kam boʻlmagan miqdorda yotqizilishi;

qiyaliklarni mustahkamlash boʻyicha maxsus tadbirlarni amalga oshirish;

rekultivatsiya qilingan yerlardan ularning takroran buzilishini hisobga olgan holda foydalanish muddati.

Buzilgan yerlarni qishloq xoʻjaligida foydalanish uchun rekultivatsiya qilish maqsadga muvofiq boʻlmasa, oʻrmon fondi, atrof muhitni muhofaza qilish yoki yerlarni eroziyadan himoyalash uchun daraxtzorlar barpo etiladi.

18. Ishchi loyihani ishlab chiqish jarayoni quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

loyihalashtirilayotgan obyektning yer tuzish, meliorativ-gidrotexnik, tuproq va agronomik kuzatuvlarni oʻz ichiga olgan tayyorgarlik ishlari;

tadqiqot ishlari (topografik, tuproq-kuzatuv va muhandislik-geologiya ishlari);

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarini oʻz ichiga olgan ishchi loyihani ishlab chiqish;

ishchi loyihani kelishish.

19. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish boʻyicha ishchi loyiha ushbu Nizomga 2-ilovadagi shaklga muvofiq ishlab chiqiladi.

4-bob. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishning texnik bosqichi

20. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishning texnik bosqichida quyidagilar amalga oshiriladi:

agʻdarmalar yuzasini xomaki va soʻnggi planirovkalash, qazilmani yer yuziga qazib chiqarishda foydalanilgan tarmoqlarni koʻmish, tekislash yoki terrasalash, shaxtadagi oʻpirilgan joylarni tuproq bilan toʻldirish;

zarur boʻlgan hollarda, drenaj, suvni chiqarib tashlash va sugʻorish tarmoqlarini hamda boshqa gidrotexnik inshootlarni qurish;

rekultivatsiya qilingan yerlarning yuza qatlamini unumdor yoki nisbatan unumdor tuproq qatlamlari bilan qoplash;

hududda eroziyaga qarshi kurashish tadbirlarini amalga oshirish.

21. Neft, gaz va gaz kondensati konlarida zaxirani qazib olish jarayonida foydalanishda boʻlgan yerlarda quyidagilar amalga oshiriladi:

geologiya-texnik tadbirlar oʻtkazilgan quduqlar atrofidagi buzilgan yerlarni ish yakuni bilan texnik rekultivatsiya qilish;

buzilgan yerlarni texnik rekultivatsiya qilish ishlarini neft, gaz va gaz-kondensatini qazib olgan korxonaning mablagʻi hisobidan bajarish;

neft, gaz va gaz kondensati konlarida zaxirani qazib olish yakuniga yetishi bilan kondan foydalanuvchi korxona tomonidan buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish;

neft, gaz va gaz kondensati konlarida tabiiy va texnogen favqulodda holatlar oqibatida yirik sigʻim, quvurlarda, texnologik jihoz va uskunalarda avariya holatlari sodir boʻlgan hollarda, kondan foydalanuvchi tomonidan texnik va biologik rekultivatsiya qilish.

5-bob. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishning biologik bosqichi

22. Biologik rekultivatsiya qilishning asosiy maqsadi — hududni qishloq xoʻjaligi va oʻrmon xoʻjaligi, rekreatsiya va boshqa maqsadlarda foydalanish uchun qaytarishdan iborat.

23. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishning biologik bosqichi yerdan foydalanuvchilar va ijarachilar tomonidan amalga oshiriladi.

24. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishning biologik bosqichida quyidagi tadbirlar amalga oshiriladi:

qishloq xoʻjaligi ekinlari guruhini tanlash;

organik va mineral oʻgʻitlarning yerga solish meʼyorlari, muddatlari va usullarini belgilash;

qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻlarini ekish meʼyorlarini aniqlash;

tuproqqa ishlov berish, qishloq xoʻjaligi ekinlarini ekish, ekinlarni parvarishlash va hosilni yigʻib-terib olishning texnologik jarayonini asoslash;

ishlar hajmi, mehnat, mexanizmlar va materiallar sarfini hisoblash;

rekultivatsiya qilingan yerlardan olinadigan qishloq xoʻjaligi mahsulotlari qiymatini aniqlash;

kapital xarajatlarning iqtisodiy samaradorligini oʻrganish.

25. Buzilgan yerlar qishloq xoʻjaligi ekinlarini yetishtirish uchun tiklanganda, yer yuzasi nishabligi 0-1,5 gradusgacha boʻlgan maydonlar barpo etiladi.

Mevali daraxtlar ekiladigan boʻlsa, yer yuzasi nishabligi 4-5 gradusgacha va undan ortiq boʻlgan maydonlar barpo etiladi.

26. Tayyorlangan maydonlarda ushbu hududga mos bir yillik, koʻp yillik dukkakli va boshoqli don ekinlarini hamda mevali daraxtlarni yetishtirish zarur.

27. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishning biologik bosqichi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

qishloq xoʻjaligi ekinlarini ekishgacha boʻlgan davr — organik va mineral oʻgʻitlarni yuklash, tushirish va yerga solish, dalalarni tekislash (planirovka), haydash yoki chuqur yumshatish, yorilgan joʻyaklarni yoki agʻdarma doʻngliklarni tekislash, shoʻr yuvish ishlari uchun marza olish, vaqtincha sugʻorish tarmogʻini tartibga keltirish va tuproqqa ishlov berish;

qishloq xoʻjaligi ekinlarini ekish, parvarishlash, organik va mineral oʻgʻitlarni solish, sugʻorish, turli kasalliklarga qarshi ishlov berish, oʻrish, oʻrilgan massani saralash, toʻplash va gʻaramlash;

kelgusi yillarda ham qishloq xoʻjaligi ekinlarini ekin va parvarishlash.

6-bob. Rekultivatsiya qilinayotgan yerlarni nisbatan unumdor yoki potensial unumdor jinslardan iborat tuproq qatlami bilan qoplash

28. Tuproq qatlamining buzilishi bilan bogʻliq sanoat, qurilish va boshqa ishlarni amalga oshiradigan jismoniy yoki yuridik shaxs tomonidan tuproqning unumdor qatlamini sidirib olinishi va alohida yerda saqlanishi lozim.

Bunda avvalo, yerning ustki qismidagi gumusli qatlam, undan soʻng tuproqning barcha unumdor qatlami sidirib olinadi.

Temir yoʻl va avtomobil yoʻllari, gaz va neft quvurlari, elektr uzatish va aloqa tarmoqlari, sugʻorish kanallari, zovurlar va boshqa infratuzilma obyektlarini qurish jarayonida tuproq qatlami buzilganda, sidirib olingan unumdor tuproqlardan foydalanish nazarda tutiladi.

29. Tuproq ishlarini amalga oshirish uchun tuproqning unumdor qatlamini sidirib olish meʼyorlariga amal qilish, tuproqning unumdor qatlamini tarkibi va xossalarini aniqlash hamda tuproq xaritasidan foydalanish talablari qoʻyiladi.

Tuproqning unumdor qatlamini tarkibi yarim choʻl, togʻoldi, choʻl-dasht hududlarida tuproqning unumdor qatlamini quyi chegarasida gumusning massadagi ulushi 1 foizdan, choʻl hududida esa 0,7 foizdan kam boʻlmasligi lozim.

30. Rekultivatsiya qilinayotgan yerlarga unumdor tuproqni yotqizish quyidagi tartibda amalga oshiriladi:

unumdor tuproqlar qishloq xoʻjaligi maqsadlari uchun moʻljallangan yerlarga solinadi;

unumdor tuproq qatlamini yotqazish uchun moʻljallangan yerlarning yuzasi tekislanadi, bunda yerlarni sifatli tekislanishi, unda qor va yomgʻir suvlarining toʻplanishi mumkin boʻlgan choʻkkan yerlar (botiqliklar) boʻlmasligi taʼminlanadi;

tuproqning ostki qatlamiga qalinligi kamida 2-3 metr boʻlgan nisbatan unumdor boʻlgan jinslar joylashtiriladi;

buzilmagan tutash yerlardagi tuproq qalinligiga nisbatan ortiq boʻlgan qalinlikdagi tuproq qatlami solinadi (choʻkishini hisobga olgan holda) va tekislanadi;

maxsus texnika va uskunalar hamda agrotexnik usullardan foydalangan holda yumshatilgan tuproq tuzilmasi hosil qilinadi;

tuproqda 40 — 60 foiz oraliqda oʻzgarib turadigan gʻovaklilik taʼminlanadi.

7-bob. Rekultivatsiya qilingan yerlarni topshirish va qabul qilish tartibi

31. Jismoniy yoki yuridik shaxslardan buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish ishlari yakunlanganligi toʻgʻrisidagi yozma xabarnoma kelib tushgan kundan boshlab oʻn besh ish kuni ichida komissiya tomonidan rekultivatsiya qilingan yerlarni qabul qilish-topshirish ishlari amalga oshiriladi.

32. Komissiya tomonidan quyidagilar oʻrganib chiqiladi:

a) jismoniy yoki yuridik shaxslarning yer va yer qaʼri uchastkasidan foydalanish huquqini tasdiqlovchi hujjatidan nusxa;

b) rekultivatsiya qilingan yerlarning chegaralari tushirilgan qishloq xoʻjaligi xaritasidan nusxa;

v) ishchi loyiha va uning ekspertizasi xulosasi;

g) tegishli nazorat-inspeksiya organlari tomonidan yoki mualliflik nazorati tartibida ixtisoslashtirilgan loyiha tashkilotlari tomonidan buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish boʻyicha bajarilgan ishlarni tekshirish natijalari, shuningdek, aniqlangan tartib buzilishlarini bartaraf etish yuzasidan koʻrilgan choralar toʻgʻrisidagi maʼlumot.

33. Komissiya rekultivatsiya qilingan yerlarni qabul qilish jarayonida oʻn ish kuni ichida joyiga chiqqan holda quyidagilarni oʻrganadi:

a) buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish boʻyicha bajarilgan ishlarning ishchi loyihaga muvofiqligini;

b) buzilgan yerlarni tekislash (planirovka) ishlarining sifatini;

v) tuproqning unumdor qatlamini qalinligi va tekisligini;

g) tuproqning foydalanilmagan unumdor qatlamining mavjudligi va uni saqlanishini;

d) rekultivatsiya qilingan yerlarda tuproq qoplamasining buzilishi turidan kelib chiqqan holda ekologik, agrotexnik, sanitar-gigiyenik, qurilish va boshqa meʼyorlar, standartlar va qoidalar talablariga toʻliq rioya qilinganligini va ushbu yerlardan keyinchalik maqsadli foydalanilishini;

e) ishchi loyihada yoki buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish shartlarida (shartnomada) belgilangan meliorativ, eroziyaga qarshi va boshqa tadbirlarning bajarilishi va sifatini.

34. Ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq rasmiylashtiriladigan rekultivatsiya qilingan yerlarni topshirish-qabul qilish dalolatnomasi komissiya raisi tomonidan tasdiqlanganidan soʻng obyekt qabul qilingan deb hisoblanadi va uning bir nusxasi yerlarni rekultivatsiya qilib topshirgan jismoniy yoki yuridik shaxslarga beriladi.

8-bob. Rekultivatsiya qilingan yerlarni qabul qilish komissiyasining hamda yerlarni rekultivatsiya qilish tadbirini amalga oshirgan jismoniy va yuridik shaxslarning huquq va majburiyatlari

35. Komissiyaning huquq va majburiyatlari.

Komissiya quyidagi huquqlarga ega:

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish tadbirining borishi va sidirib olingan unumdor tuproq qatlamini saqlash joyiga joylashtirilishini taʼminlash va nazorat qilish;

ushbu Nizomning 33-bandida keltirilgan jarayonlarni oʻrganish;

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish bilan bogʻliq boshqa maʼlumotlar bilan tanishish;

buzilgan yerlarni tiklash ishlarini yaxshilash boʻyicha tavsiyalar berish;

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish ishlari toʻliq bajarilmaganda yoki ishchi loyihadan chetga chiqilganda va boshqa hollarda qabul qilishni rad etish toʻgʻrisida takliflar kiritish.

Komissiyaga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:

yer resurslarini muhofaza qilish sohasidagi qonunchilik hujjatlari talablariga soʻzsiz rioya qilish;

rekultivatsiya qilingan yerlarni topshiruvchi yuridik yoki jismoniy shaxslardan yozma xabarnoma kelib tushganidan soʻng oʻn ish kuni ichida joyiga chiqqan holda rekultivatsiya qilingan yerlarni qabul qilib olish.

Jismoniy va yuridik shaxslar quyidagi huquqlarga ega:

buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish boʻyicha tavsiyalar olish uchun komissiyaga murojaat qilish;

amaliy va nazariy salohiyatga va tajribaga ega boʻlganda ishchi loyihani mustaqil ravishda ishlab chiqish va ekspertizaga taqdim etish;

ishchi loyihani ishlab chiqish va uni ekspertizadan oʻtkazish uchun shartnoma tuzish.

Jismoniy va yuridik shaxslarga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:

Oʻzbekiston Respublikasi Yer kodeksining 40-moddasida belgilangan majburiyatlarga rioya etish;

rekultivatsiya qilingan yerlarni topshirishda komissiyaga ushbu Nizomning 32-bandida nazarda tutilgan hujjatlarni taqdim qilish;

komissiya ishida ishtirok etish.

9-bob. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish ishlarini moliyalashtirish

36. Ishchi loyihani ishlab chiqish va buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish tadbiri yerning buzilishiga sababchi boʻlgan jismoniy yoki yuridik shaxslarning mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

37. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish va unumdorligi past boʻlgan yerlarni avval sidirib olingan unumdor tuproq qatlami bilan qoplash tadbirlari Oʻzbekiston Respublikasi Tabiat resurslari vazirligi bilan kelishilgan ishchi loyiha va loyiha-smeta hujjatlari asosida belgilanadi va amalga oshiriladi.

38. Jismoniy yoki yuridik shaxslar buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish va unumdorligi past yerlarni avval sidirib olingan unumdor tuproq qatlami bilan qoplash tadbirlarini amalga oshirish uchun pudrat tashkilotlarini jalb qilishi mumkin.

Bunda rekultivatsiya qilingan yerlar komissiya tomonidan qabul qilinadi va qabul qilish-topshirish dalolatnomasi tuziladi.

Bajarilgan ishlar uchun yakuniy haq toʻlash aniqlangan kamchilik va nuqsonlar toʻliq bartaraf etilganidan soʻng amalga oshiriladi.

10-bob. Buzilgan yerlarni hisobga olish

39. Tuproq qatlamini buzish bilan bogʻliq ishlarni amalga oshiradigan yerdan foydalanuvchilar va ijarachilar ularning hisobini yuritadi va yil yakunida buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish toʻgʻrisida “6-yeko” shakldagi davlat statistika hisobotini rasmiylashtiradi va uni mahalliy statistika organlariga taqdim qiladi.

Jadvallar va byulletenlar koʻrinishidagi jamlanma statistika maʼlumotlari (qogʻoz yoki elektron koʻrinishda) Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi tomonidan belgilangan tartibda foydalanuvchilarga yetkaziladi.

40. Jismoniy shaxslar komissiyaga tuproqning unumdor qatlamini buzish bilan bogʻliq ishlar toʻgʻrisida maʼlumotni taqdim qiladi.

41. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan buzilgan yerlarni hisobga olish maʼlumotlariga aniqlik kiritish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tomonidan monitoring yuritiladi.

11-bob. Yakunlovchi qoidalar

42. Buzilgan yerlarni oʻz vaqtida va sifatli rekultivatsiya qilish va uning unumdorligini tiklash, tuproqning unumdor qatlamini sidirib olish, saqlash va undan foydalanish boʻyicha nazorat Oʻzbekiston Respublikasi Tabiat resurslari vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi huzuridagi Togʻ-kon, geologiya va sanoat xavfsizligini nazorat qilish inspeksiyasi tomonidan amalga oshiriladi.

43. Tuproq qatlamini buzish bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirganlik va buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish tadbirlarini bajarmaslik oqibatida yetkazilgan zarar jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan ixtiyoriy ravishda toʻlanadi yoki jabrlangan tomonning yoxud Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi va Tabiat resurslari vazirligining daʼvolari boʻyicha sud tartibida undiriladi.

44. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish, tuproqning unumdor qatlamini sidirib olish, saqlash va undan oqilona foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Buzilgan yerlarni oʻrganib chiqish natijalari boʻyicha

___________________________________________ 20 ____ yil “_____” ________________ ___________________________________________________________ tarkibidagi komissiya ___________________ viloyati _________________tumani _________________ hududidagi buzilgan va ularga tutash yerlarni koʻzdan kechirdi. Koʻzdan kechirish natijasida quyidagilar aniqlandi: 1. Maydoni ___________ gektar boʻlgan yer maydoni ________________________da joylashgan va qishloq xoʻjaligida foydalanilmaydi. 2. Buzilgan yerlarga tutash boʻlgan yerlardan __________________________________ ______________________________maqsadida foydalaniladi va quyidagi agrotexnik koʻrsatkichlarga ega ____________________________________________________________ _____________________________________________________________________________ 3. Buzilgan yerlarning toifasi ____________________________ va uning tavsifi _____________________________________________________________________________ 4. Mavjud sugʻorish, kollektor-drenaj tarmoqlari va gidrotexnik inshootlarning texnik holati ________________________________________________________________ 5. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish uchun ______________________________ __________________________________________________ yer uchastkalarining potensial unumdor jinslaridan va tuprogʻining unumdor qatlamidan foydalanish mumkin. 6. Yerdan foydalanuvchining tushuntirishlari _______________________________ ____________________________________________________________________________ Oʻrganish natijalariga koʻra komissiya qaror qiladi: 1. Buzilgan yerlardan foydalanishni _______________________________________ _____________________________________ qishloq xoʻjaligi ekinlari uchun loyihalash. 2. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishni texnik bosqichining quyidagi umumiy yoʻnalishini nazarda tutish ____________________________________________________ 3. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish uchun ______________________________ ___________________________________________ yer uchastkalarining potensial unumdor jinslari va tuprogʻining unumdor qatlamidan foydalanish. 4. Suv xoʻjaligi qurilishi boʻyicha quyidagi umumiy chora-tadbirlarni nazarda tutish _______________________________________________________________________ 5. Biologik rekultivatsiyaning quyidagi muddatini belgilash _________________ 6. Biologik rekultivatsiya davrida tuproq unumdorligini tiklash uchun ishchi loyihada dukkakli va boshoqli don ekinlarining quyidagi turlarini nazarda tutish ___ _____________________________________________________________________________ 7. Yerga solinadigan organik va mineral oʻgʻitlar dozasini quyidagi hosildorlikni hisobga olgan holda belgilash _____________________________________ Komissiya aʼzolari: ___________________________ ___________ ______ ________________ ______ _________ ____________________________ (F.I.O.) __________ (lavozimi) _________ (imzosi) ___________________________ ___________ ______ ________________ ______ _________ ____________________________ (F.I.O.) __________ (lavozimi) _________ (imzosi) ___________________________ ___________ ______ ________________ ______ _________ ____________________________ (F.I.O.) __________ (lavozimi) _________ (imzosi)

Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish, tuproqning unumdor qatlamini sidirib olish, saqlash va undan oqilona foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

“Tasdiqlayman” ________________________ ________________________ 20__ yil “___” _________ __________________________________________________________________________ning (xoʻjalik nomi) buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish boʻyicha ishchi loyihani ishlab chiqish uchun TOPSHIRIQ 1. Asosiy tavsiflar _____________________________________________________ ______________________________________________________________________________ 2. Buyurtmachi ____________________________________________________________ 3. Ijrochi-loyihachi ______________________________________________________ 4. Rekultivatsiya qilinishi lozim boʻlgan yer maydoni _____________ gektar 5. Obyekt joylashgan hududdagi yerlardan foydalanish ________________________ _____________________________________________________________________________ 6. Dalolatnomaga ilova qilingan yerdan foydalanish rejasidan koʻchirmaga muvofiq yer maydoni __________ gektar 7. Qoʻshimcha maʼlumotlar _________________________________________________ 8. Rekultivatsiya qilingan yerlardan foydalanish istiqbollari ________________ _____________________________________________________________________________ 9. Texnik rekultivatsiya qilish texnologiyasi _______________________________ _____________________________________________________________________________ 10. Suv xoʻjaligi qurilishini amalga oshirish boʻyicha chora-tadbirlar __________ _____________________________________________________________________________ 11. Biologik rekultivatsiya qilish texnologiyasi ____________________________ _____________________________________________________________________________ 12. Tadqiqot ishlarini olib borish zarurati ________________________________ _____________________________________________________________________________ 13. Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilishning texnik bosqichi ishlarini _____ _ _____________________________________ amalga oshiradi, rekultivatsiyaning biologik bosqichini ___________________________________ amalga oshiradi. 14. Loyiha-qidiruv ishlarini amalga oshirish manbai ________________________ _____________________________________________________________________________ 15. Ishchi loyiha _____ nusxada ishlab chiqilsin, shu jumladan ________ nusxasi buyurtmachiga loyiha-qidiruv ishlarini amalga oshirish jadvalida belgilangan muddatlarda topshirilsin. Topshiriq ___________________________________________tomonidan tuzildi. Ilovalar: 1. Yer uchastkasining qishloq xoʻjaligi xaritasidan koʻchirma; 2. Qurilish tashkilotining belgilangan shakldagi maʼlumotnomasi; 3. Qurilish tashkilotida asosiy qurilish mashinalari va mexanizmlarining mavjudligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish, tuproqning unumdor qatlamini sidirib olish, saqlash va undan oqilona foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

“Tasdiqlayman” ______________________________ tuman (shahar) hokimi, Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish masalalarini koʻrib chiqish komissiyasi raisi Rekultivatsiya qilingan yerlarni topshirish-qabul qilish DALOLATNOMASI 20__ yil “___” _________ ___________________________ (tuzilgan joyi) Ushbu dalolatnoma Buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilish masalalarini koʻrib chiqish komissiyasi raisi (oʻrinbosari)ning 20__ yil “___” ____________ dagi _____-son farmoyishiga muvofiq tayinlangan komissiya (yerlarni topshiruvchi jismoniy yoki yuridik shaxsning vakili (fuqaro) va qabul qiluvchi, buzilgan yerlarni rekultivatsiyasini amalga oshirgan pudrat tashkilotlari, loyiha tashkiloti mutaxassislari, ekspertlar va boshqalar): ______________________________________ ishtirokida tuzildi. 1. Taqdim etilgan hujjat va materiallar: ________________________________ ______________________________________________________________ koʻrib chiqildi. 2. Belgilangan ____________________________________________ ishlar amalga (tuproq qatlamini buzish bilan bogʻliq ish turlari) oshirilganligi joyiga chiqqan holda koʻzdan kechirildi va zarur boʻlgan nazorat oʻlchovlari amalga oshirildi: ___________________________________________________________ (rekultivatsiya qilingan yer uchastkasi maydoni) 3. 20__ yil ________dan 20__ yil _________gacha boʻlgan davr mobaynida quyidagi ishlar amalga oshirilganligi aniqlandi: _______________________________ ____________________________________________________________________________ Barcha ishlar tasdiqlangan ishchi loyihaga muvofiq amalga oshirilib, _____ gektar yer maydoni rekultivatsiya qilingan. 4. Komissiya qaror qiladi: a) ______ gektar rekultivatsiya qilingan yerlarni kelgusida ___________________ maqsadlarida foydalanish uchun (qisman yoki toʻliq) qabul qilinsin; b) tuproq unumdorligini tiklash muddati kechiktirilsin yoki ishchi loyihada nazarda tutilgan yerlardan maqsadli foydalanishni oʻzgartirish haqida taklif kiritilsin (sababi koʻrsatilgan holda). Rekultivatsiya qilingan yerlarni topshirish-qabul qilish dalolatnomasi uch nusxada tuziladi va komissiya raisi tomonidan tasdiqlanganidan soʻng bir nusxasi komissiyada saqlash uchun qoldiriladi, ikkinchi nusxasi rekultivatsiya qilingan yerni topshirgan jismoniy yoki yuridik shaxsga, uchinchi nusxasi rekultivatsiya qilingan yerni qabul qilayotgan yuridik yoki jismoniy shaxsga topshiriladi. Komissiya aʼzolari: ___________ _________________ __________ (F.I.O.) (lavozimi) (imzosi) ___________ _________________ __________ (F.I.O.) (lavozimi) (imzosi) ___________ _________________ __________ (F.I.O.) (lavozimi) (imzosi)

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 29-aprel,

169-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 01.05.2023-y., 09/23/169/0236-son; 07.10.2025-y., 09/25/627/0901-son)

lex.uz