UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 2-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 2 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 2 мая 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 2 May 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Архитектура, қурилиш, муҳандислик соҳалари раҳбар ва мутахассислари ҳамда ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 8 ноябрдаги ПҚ-416-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек архитектура, қурилиш, муҳандислик соҳалари раҳбар ва мутахассислари ҳамда ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 8 ноябрдаги ПҚ-416-сон қарорига мувофиқ архитектура, қурилиш, муҳандислик соҳалари раҳбар кадрлари, мутахассислари ва ишчи касб эгаларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида:

Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Қурилиш соҳасидаги менежерларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази негизида Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази;

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Архитектура-қурилиш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Жиззах политехника институти қошидаги Архитектор-лойиҳачилар ва қурувчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази негизида Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузурида Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда — марказлар) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига инновацион технологиялар ҳамда илғор хорижий тажрибани жорий этишга мўлжалланган малака талаблари, ўқув режаси ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш;

халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг аккредитациясидан ўтган ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг ўқув-методик ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

соҳадаги етакчи профессор-ўқитувчилар, маҳаллий конструкторлик-технологик муассасалар ва республикадаги йирик лойиҳалаш ташкилотларининг тажрибали амалиётчи мутахассисларини таклиф этган ҳолда, соҳадаги юқори ва инновацион технологияларга асосланган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;

шартнома асосида тегишли йўналишлар бўйича хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларига жалб этиш;

таълим ва ишлаб чиқариш бўйича ўзаро ҳамкорликни таъминлаб, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнини, шу жумладан, кўчма машғулотларни замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган ташкилотлар базасида ташкил этиш;

хорижий ҳамкор ташкилот ва олий таълим муассасалари билан биргаликда талабаларнинг архитектура, қурилиш, муҳандислик, дизайн йўналишлари бўйича халқаро касбий сертификатларни олишини йўлга қўйиш;

умумэътироф этилган халқаро таълим стандартлари ва талаблари, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновация технологиялари асосида ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш;

архитектура ва қурилиш соҳасининг илғор ютуқлари, масофадан ўқитиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда малака оширишнинг инновацион шаклларини жорий этиш, ўқув-методик ресурсларни ишлаб чиқиш, таълим дастурларини такомиллаштириш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

марказлар давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади;

Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузуридаги Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази — Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Қурилиш соҳасидаги менежерларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказининг, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузуридаги Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази — Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Архитектура-қурилиш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

марказларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тегишлича Тошкент архитектура-қурилиш университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ректорлари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директорлар раҳбарлик қилади;

марказлар директорлари — олий таълим муассасаси факультети деканига, директор ўринбосарлари — олий таълим муассасаси факультети декани ўринбосарига, марказнинг бошқа ходимлари — олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимларига тенглаштирилади;

тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилади. Бунда масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда ўқув машғулотлари онлайн ва офлайн шаклларида ўтказилади;

марказларда малака ошириш Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 майдаги 451-қарори билан тасдиқланган Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади;

архитектура, қурилиш, муҳандислик соҳалари раҳбар ва мутахассислари ҳамда ишчи касб эгалари ҳар беш йилда камида бир марта марказларда ташкил этиладиган малака ошириш курсларидан ўтади ва уларни муваффақиятли якунлаган тингловчиларга сертификат тақдим этилади;

таълим жараёнига олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда соҳа бўйича етакчи мутахассислар жалб этилганда, уларга белгиланган тартибда соатбай асосида иш ҳақи тўланади.

4. Қуйидагилар:

Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузуридаги Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази Тошкент архитектура-қурилиш университетига тегишли Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Янги шаҳар кўчаси, 9-уй манзилида жойлашган бинога;

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузуридаги Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетига тегишли Самарқанд шаҳар, Лолазор кўчаси, 70-уй манзилида жойлашган бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

5. Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳамда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети кузатув кенгашлари бир ой муддатда марказлар уставини тасдиқласин.

6. Қуйидагилар марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

халқаро грантлар, шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:

ҳар йили 1 декабрга қадар қурилиш ва архитектура соҳасидаги ташкилотлар ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича буюртмаларни, шу жумладан, тингловчилар контингенти, долзарб мавзу ва йўналишлар бўйича таклифларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этсин;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқитиш самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида марказлар моддий-техник базаларини мустаҳкамлашга кўмаклашсин.

8. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Ю. Абдурахмонов ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б.И. Закиров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 2 май,

179-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.05.2023 й., 09/23/179/0243-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Arxitektura, qurilish, muhandislik sohalari rahbar va mutaxassislari hamda ishchi kasb egalarining malakasini oshirish tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Arxitektura-qurilish sohasida kadrlar tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 8-noyabrdagi PQ-416-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek arxitektura, qurilish, muhandislik sohalari rahbar va mutaxassislari hamda ishchi kasb egalarining malakasini oshirish tizimini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Arxitektura-qurilish sohasida kadrlar tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 8-noyabrdagi PQ-416-son qaroriga muvofiq arxitektura, qurilish, muhandislik sohalari rahbar kadrlari, mutaxassislari va ishchi kasb egalarini qayta tayyorlash hamda ularning malakasini oshirish tizimini takomillashtirish maqsadida:

Toshkent arxitektura-qurilish instituti huzuridagi Qurilish sohasidagi menejerlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazi negizida Toshkent arxitektura-qurilish universiteti huzurida Kasbiy faoliyatni rivojlantirish markazi;

Mirzo Ulugʻbek nomidagi Samarqand davlat arxitektura-qurilish instituti huzuridagi Arxitektura-qurilish yoʻnalishidagi mutaxassislarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazi hamda Jizzax politexnika instituti qoshidagi Arxitektor-loyihachilar va quruvchilarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish mintaqaviy markazi negizida Mirzo Ulugʻbek nomidagi Samarqand davlat arxitektura-qurilish universiteti huzurida Kasbiy faoliyatni rivojlantirish markazi (keyingi oʻrinlarda — markazlar) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar markazlarning asosiy vazifalari etib belgilansin:

qayta tayyorlash va malaka oshirish jarayoniga innovatsion texnologiyalar hamda ilgʻor xorijiy tajribani joriy etishga moʻljallangan malaka talablari, oʻquv rejasi va oʻquv dasturlarini ishlab chiqish;

xalqaro eʼtirof etilgan tashkilotlarning akkreditatsiyasidan oʻtgan oʻquv dasturlari asosida qayta tayyorlash va malaka oshirishning oʻquv-metodik hujjatlarini ishlab chiqish;

sohadagi yetakchi professor-oʻqituvchilar, mahalliy konstruktorlik-texnologik muassasalar va respublikadagi yirik loyihalash tashkilotlarining tajribali amaliyotchi mutaxassislarini taklif etgan holda, sohadagi yuqori va innovatsion texnologiyalarga asoslangan qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarini tashkil etish;

shartnoma asosida tegishli yoʻnalishlar boʻyicha xorijiy oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilari va soha mutaxassislarini qayta tayyorlash va malaka oshirish jarayonlariga jalb etish;

taʼlim va ishlab chiqarish boʻyicha oʻzaro hamkorlikni taʼminlab, qayta tayyorlash va malaka oshirish jarayonini, shu jumladan, koʻchma mashgʻulotlarni zamonaviy texnika va texnologiyalar bilan jihozlangan tashkilotlar bazasida tashkil etish;

xorijiy hamkor tashkilot va oliy taʼlim muassasalari bilan birgalikda talabalarning arxitektura, qurilish, muhandislik, dizayn yoʻnalishlari boʻyicha xalqaro kasbiy sertifikatlarni olishini yoʻlga qoʻyish;

umumeʼtirof etilgan xalqaro taʼlim standartlari va talablari, ilgʻor pedagogik, axborot-kommunikatsiya va innovatsiya texnologiyalari asosida oʻquv jarayonini sifatli tashkil etish;

arxitektura va qurilish sohasining ilgʻor yutuqlari, masofadan oʻqitish, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda malaka oshirishning innovatsion shakllarini joriy etish, oʻquv-metodik resurslarni ishlab chiqish, taʼlim dasturlarini takomillashtirish.

3. Belgilab qoʻyilsinki:

markazlar davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanadi;

Toshkent arxitektura-qurilish universiteti huzuridagi Kasbiy faoliyatni rivojlantirish markazi — Toshkent arxitektura-qurilish instituti huzuridagi Qurilish sohasidagi menejerlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazining, Samarqand davlat arxitektura-qurilish universiteti huzuridagi Kasbiy faoliyatni rivojlantirish markazi — Samarqand davlat arxitektura-qurilish instituti huzuridagi Arxitektura-qurilish yoʻnalishidagi mutaxassislarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazining huquqlari, majburiyatlari va shartnomalari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi;

markazlarga Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda tegishlicha Toshkent arxitektura-qurilish universiteti, Samarqand davlat arxitektura-qurilish universiteti rektorlari tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod qilinadigan direktorlar rahbarlik qiladi;

markazlar direktorlari — oliy taʼlim muassasasi fakulteti dekaniga, direktor oʻrinbosarlari — oliy taʼlim muassasasi fakulteti dekani oʻrinbosariga, markazning boshqa xodimlari — oliy taʼlim muassasalarining tegishli lavozimlariga tenglashtiriladi;

tegishli axborot-metodik va tashkiliy-texnik baza mavjud boʻlgan taqdirda, qayta tayyorlash va malaka oshirish oʻquv kurslari masofadan oʻqitish usullari qoʻllanilgan holda tashkil etiladi. Bunda masofadan oʻqitish usullari asosidagi kurslarda oʻquv mashgʻulotlari onlayn va oflayn shakllarida oʻtkaziladi;

markazlarda malaka oshirish Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 31-maydagi 451-qarori bilan tasdiqlangan Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom asosida amalga oshiriladi;

arxitektura, qurilish, muhandislik sohalari rahbar va mutaxassislari hamda ishchi kasb egalari har besh yilda kamida bir marta markazlarda tashkil etiladigan malaka oshirish kurslaridan oʻtadi va ularni muvaffaqiyatli yakunlagan tinglovchilarga sertifikat taqdim etiladi;

taʼlim jarayoniga oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilari hamda soha boʻyicha yetakchi mutaxassislar jalb etilganda, ularga belgilangan tartibda soatbay asosida ish haqi toʻlanadi.

4. Quyidagilar:

Toshkent arxitektura-qurilish universiteti huzuridagi Kasbiy faoliyatni rivojlantirish markazi Toshkent arxitektura-qurilish universitetiga tegishli Toshkent shahar, Yunusobod tumani, Yangi shahar koʻchasi, 9-uy manzilida joylashgan binoga;

Mirzo Ulugʻbek nomidagi Samarqand davlat arxitektura-qurilish universiteti huzuridagi Kasbiy faoliyatni rivojlantirish markazi Samarqand davlat arxitektura-qurilish universitetiga tegishli Samarqand shahar, Lolazor koʻchasi, 70-uy manzilida joylashgan binoga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.

5. Toshkent arxitektura-qurilish universiteti hamda Samarqand davlat arxitektura-qurilish universiteti kuzatuv kengashlari bir oy muddatda markazlar ustavini tasdiqlasin.

6. Quyidagilar markazlar faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;

xalqaro grantlar, shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan tushumlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

7. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi:

har yili 1-dekabrga qadar qurilish va arxitektura sohasidagi tashkilotlar xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha buyurtmalarni, shu jumladan, tinglovchilar kontingenti, dolzarb mavzu va yoʻnalishlar boʻyicha takliflarni Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga taqdim etsin;

qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida oʻqitish samaradorligi va sifatini oshirish maqsadida markazlar moddiy-texnik bazalarini mustahkamlashga koʻmaklashsin.

8. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri I.Yu. Abduraxmonov hamda qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri B.I. Zakirov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 2-may,

179-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 03.05.2023-y., 09/23/179/0243-son)

lex.uz