UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 3-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 3 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 мая 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 May 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

РЎЙХАТИ

РЕЕСТРИ

СХЕМАСИ

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони ҳамда «Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 25 октябрдаги ПҚ-409-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари (кейинги ўринларда — дастурлар) доирасида молиялаштириладиган тадбирлар 2023 йилдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали овоз бериш йўли билан аниқланиши;

дастурлар доирасида жамоатчилик фикри асосида «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали кейинги йил учун тадбирларни шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёни — ҳар йили ноябрь-декабрь ойларида ўтказилиши;

2023 йилга мўлжалланган дастурларни ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали шакллантириш, лойиҳалар тўплами учун ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 8 млрд сўм этиб белгиланганлиги, дастурларни молиялаштириш учун ҳар йили Давлат бюджетидан камида 4 трлн сўм маблағ йўналтирилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги келгуси йиллар учун ҳар йили 1 ноябрга қадар Давлат бюджетининг тасдиқланган кўрсаткичларидан келиб чиқиб, ҳудудлар бўйича йўналтириладиган капитал қўйилмаларнинг энг юқори чегараларини белгилаган ҳолда уларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этиб борсин.

Бунда:

ҳудудлар бўйича йўналтириладиган капитал қўйилмалар ҳудудлар бўйича ҳар бир туман ва шаҳардаги мавжуд аҳоли ҳамда маҳаллалар сонига нисбатан тенг улушларда, лекин 8 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорларда тақсимланади;

ҳар йили 1 январь ҳолатига кўра туманлар (шаҳарлар) бўйича мавжуд аҳоли ва маҳаллалар сони, уларнинг номланиши ва таркибидаги мавжуд маҳаллалар (қишлоқлар) тўғрисидаги маълумотлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тақдим этилади.

4. Белгилаб қўйилсинки, танлаб олинган тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағлар миқдори лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича аниқлаштирилади.

Бунда лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича аниқлаштирилган маблағлар миқдори туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида лойиҳалар тўпламини шакллантириш, баҳолаш ҳамда уларнинг мезонларга мослигини мувофиқлаштириш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда — Махсус комиссия) томонидан аниқланган дастлабки миқдордан ошиб кетган тақдирда, талаб этиладиган қўшимча маблағлар тегишли лойиҳалар тўплами таркибидаги бошқа тадбирлардан иқтисод қилинган маблағлар ёки «Ғолиб маҳалла» жамғармасидаги (кейинги ўринларда — жамғарма) мавжуд маблағлар ҳисобидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари қарорига асосан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

ғолиб маҳаллалар (қишлоқлар) аниқлангандан сўнг бир ҳафта муддатда мазкур маҳаллалар (қишлоқлар) ҳудудида хўжалик бирлашмалари, аҳоли ва ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳомийлик хайриялари, тижорат банклари кредитлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг манзилли рўйхатини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ғолиб маҳалла (қишлоқ)нинг бош режа схемалари, батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳамда маҳалла ва қишлоқлар марказининг замонавий қиёфаси лойиҳаларининг лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилишини ва улар билан боғлиқ тадбирлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин;

ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25-санасига қадар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган дастурлар тадбирларини молиялаштириш бўйича маълумотларни ўз расмий веб-сайтлари ва «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштириб борсин;

ҳар ой якуни бўйича дастурлар доирасида бажарилган ишлар ва молиялаштирилган маблағлар юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳисобот бериб борсин.

6. Рақамли технологиялар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва тегишли тармоқ корхоналари ғолиб маҳалла (қишлоқ) ҳудудида электр энергияси, табиий газ, телекоммуникация тармоқларини қуриш-таъмирлаш ишларини тегишлича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзбектелеком» АКнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш чораларини кўрсин.

Бунда электр ва газ тармоқларини лойиҳалаштириш, соҳа экспертизасидан ўтказиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий ташкилотлари томонидан хўжалик усулида (ташкилотларнинг ўзлари томонидан лойиҳалаштириш, соҳа экспертизасидан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш) амалга оширилади.

7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги дастурлар ижросини таҳлил қилсин ва ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.

8. Белгилансинки, дастурлар доирасида амалга ошириладиган ишлар бўйича қуйидаги назорат тизими йўлга қўйилади:

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси, Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси — қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифати, шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини;

Давлат молиявий назорати инспекцияси — дастурлар доирасида ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши юзасидан тизимли давлат молиявий назоратини амалга оширади.

9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда дастурлардаги тадбирлар орқали аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилишини таъминлаш тавсия этилсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж. Раматов ва Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 майдаги 183-сон қарорига ИЛОВА

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари (кейинги ўринларда — дастурлар) доирасида жамоатчилик фикри асосида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган маҳаллаларни (қишлоқларни) танлаш ҳамда лойиҳалар тўпламини шакллантириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

лойиҳалар тўплами — ҳар бир маҳалла (қишлоқ) бўйича амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман (шаҳар) сектор раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда тегишли маҳалла (қишлоқ) аҳолиси ҳамда ҳудуддан сайланган депутатлар олдида ҳимоя қилган ҳолда шакллантирилган, таркиби бир нечта тадбирлардан иборат бўлган тўплам;

тадбир — лойиҳалар тўплами таркибида белгиланган мезонларга мувофиқ шакллантириладиган ҳамда мазмунан ягона (бир йўналишдаги) ижтимоий муаммони ҳал этишга қаратилган таклиф;

«Ғолиб маҳалла» жамғармаси (кейинги ўринларда — жамғарма) — дастурлар доирасида жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириладиган маблағлар туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларида бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклида очиладиган ҳамда шахсий ғазна ҳисобварағида жамланадиган жамғарма;

ғолиб маҳалла (қишлоқ) — «Очиқ бюджет» ахборот портали (кейинги ўринларда — портал)да овоз бериш жараёни якунларига кўра автоматик тарзда энг юқори кўрсаткични қайд этган деб топилган ва лойиҳалар тўплами киритилган маҳалла (қишлоқ).

3. Жамоатчилик фикри асосида лойиҳалар тўплами маҳаллалар (қишлоқлар) бўйича шакллантирилади ва ғолиб сифатида маҳаллалар (қишлоқлар) аниқланади.

4. Дастурлар учун ажратилган маблағлар фақат ғолиб маҳаллалар (қишлоқлар)даги тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

5. Туман (шаҳар) аҳолиси ва маҳалла сонидан келиб чиққан ҳолда тақсимланган маблағлар туман ва шаҳар ҳокимлиги ҳузурида бюджетдан ташқари жамғарма шаклида очиладиган жамғармага йўналтирилади.

6. Овоз бериш жараёни якунларига кўра ҳар бир ғолиб маҳалла (қишлоқ) учун алоҳида ҳисобварағи очилиб, тадбирлар жамғарма ҳисобидан тегишли маблағлар ажратилган ҳолда молиялаштирилади.

7. Дастурлар доирасида халқаро молия институтлари иштирокида мамлакатимизда маҳаллалар (қишлоқлар) инфратузилмасини яхшилашга доир амалга оширилаётган ва келгусида режалаштирилган лойиҳалар ҳамда ўтган давр мобайнида дастурларга киритилган маҳаллалар (қишлоқлар) келгуси йиллар учун овоз бериш жараёнида иштирок этишига йўл қўйилмайди. Бунда:

мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ ташкил этиладиган туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида лойиҳалар тўпламини шакллантириш, баҳолаш ҳамда уларнинг мезонларга мослигини мувофиқлаштириш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда — Махсус комиссия) томонидан овоз бериш жараёнида иштирок этадиган маҳаллалар (қишлоқлар) рўйхати тасдиқланади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этилади;

таркибида бир нечта қишлоқ ва овуллар бўлган маҳаллалар фақат Махсус комиссия хулосасига асосан овоз бериш жараёнида иштирок этишлари мумкин.

8. Маҳалла (қишлоқ) ҳудуди иккига ажралиб кетиши ёки аксинча, маҳаллалар (қишлоқлар) бирлаштирилиши ҳисобига янги маҳалла (қишлоқ) ташкил этилган тақдирда, ушбу маҳалла (қишлоқ) аввалги жараёнларда ғолиб деб топилган бўлса, овоз бериш жараёнларида иштирок этиш масаласи Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади.

9. Дастурлар доирасида жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёни — ҳар йили ноябрь-декабрь ойларида, 2023 йил учун, истисно тариқасида, 2023 йил май ойида ўтказилади.

Бунда ҳар йили лойиҳалар тўпламини шакллантириш жараёни бошланишидан ўн кун олдин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари лойиҳалар тўпламига киритилиши мумкин бўлган маҳаллалар (қишлоқлар) рўйхатини Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади.

10. Жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёнлари учта босқичда ташкил этилади:

1-босқичда — порталда лойиҳалар тўплами шакллантирилади;

2-босқичда — шакллантирилган лойиҳалар тўплами саралаб олинади;

3-босқичда — саралаш босқичидан ўтган лойиҳалар тўпламларига овоз берилади.

11. Дастурлар доирасида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини раиси номига порталда электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) орқали рўйхатдан ўтувчи алоҳида хусусиятли фойдаланувчи учун логин ва пароллар расмийлаштирилади. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўзгарган тақдирда, уларга тақдим этилган фойдаланувчи аккаунтлари тўхтатилади ҳамда ушбу лавозимга янги сайланган маҳалла фуқаролар йиғини раиси номига бошқа фойдаланувчи аккаунти очилади.

12. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари туман (шаҳар) сектор раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда тегишли маҳалла (қишлоқ) фуқаролари билан бамаслаҳат ҳамда ҳудуддан сайланган депутатлар олдида ҳимоя қилинган лойиҳалар тўпламини ўзларига тақдим этилган логин ва паролдан фойдаланган ҳолда ўн кун муддат ичида порталга киритади.

Бунда тадбирларни шакллантиришда ҳар бир маҳаллани (қишлоқни) ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тегишли маҳалладаги (қишлоқдаги) мавжуд имкониятлар, аҳолининг узоқ йиллар давомида шаклланган салоҳияти, тадбиркорлик муҳити ва «ўсиш нуқталари» ҳамда ресурс ва техник имкониятлари инобатга олинади.

13. Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини раиси бир йилда фақат бир маротаба битта лойиҳа тўпламини киритиш ҳуқуқига эга. Бунда фуқаролар томонидан лойиҳалар тўплами шакллантирилишига йўл қўйилмайди.

14. Лойиҳалар тўплами таркибидаги тадбирлар Махсус комиссия томонидан қуйидаги мезонларга мувофиқ танлаб олинади:

маҳалла (қишлоқ) ҳудудидаги муаммолар;

жамоавий муаммоларни ҳал этишга қаратилганлиги (хиёбонлар, болалар майдончаси барпо этиш, автомобиль йўлларини ва ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, маҳалла фуқаролар йиғини бинолари, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари, ичимлик ва оқава сув тизимини яхшилаш, суғориш (канал, ариқ) ва дренаж (очиқ, ёпиқ ва тик дренаж) тармоқларини қуриш, таъмирлаш, кўча чироқларини ўрнатиш (таъмирлаш) ва шу кабилар);

маҳаллалар (қишлоқлар) аҳолиси томонидан билдирилган таклифлар идоравий ёки шахсий хусусиятга эга бўлмаслиги (шахсий автомашина ёки турар жой харид қилиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маъмурий биноларни (маҳалла фуқаролар йиғини биноси бундан мустасно) таъмирлаш);

бюджет ташкилотини сақлаб туриш билан боғлиқ харажатларни ўзида акс эттирмаслиги (ойлик иш ҳақи тўловлари, коммунал, алоқа ва интернет тизими учун тўловлар, шунингдек, идора ашёлари ва бошқа тез эскирувчи моддий қийматликлар);

давлат органлари ва ташкилотларининг бино ва иншоотларини қуриш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларига, шу жумладан, уларнинг бошқа эҳтиёжларини қоплашга қаратилган бўлмаслиги;

кўрсатилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан жорий йилда бошқа дастурларга (ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар ва бошқалар) асосан маблағ ажратиш кўзда тутилган бўлмаслиги керак.

15. Ҳар бир лойиҳалар тўплами таркиби камида учта тадбирлардан ташкил топган бўлиши лозим.

Лойиҳалар тўплами таркибидаги тадбирлар сони учтадан кам бўлган тақдирда, мазкур лойиҳалар тўплами автоматик равишда овоз бериш жараёнига ўтказилишига йўл қўйилмайди.

16. Тадбирлар лойиҳалар тўплами таркибида алоҳида тарзда шакллантирилади ва бунда қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

тадбир йўналиши;

тадбир ҳақида қисқача матн;

тадбир қиймати;

фотосуратлар;

тадбирни амалга ошириш жойи.

17. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари томонидан шакллантирилган ва порталга киритилган лойиҳалар тўплами Махсус комиссия томонидан уч кун ичида кўриб чиқилади.

Махсус комиссия барча лойиҳалар тўпламини ўрганиб чиқади ва лойиҳа тўплами таркибидаги тадбирларнинг барчасини белгиланган мезонларга мувофиқлиги бўйича саралайди. Бунда лойиҳалар тўплами таркибидаги айрим тадбирлар қабул қилиниши ёки аксинча рад этилиши мумкин.

18. Лойиҳалар тўплами порталга келиб тушган кундан бошлаб уч кун муддат ичида Махсус комиссия томонидан тадбирларнинг мазмунан тегишлилиги бўйича мазкур Низомга 2-иловасида кўрсатилган буюртмачи корхоналарга (кейинги ўринларда — буюртмачилар) юборилади.

19. Тадбирлар қабул қилинган кундан бошлаб буюртмачилар томонидан етти кун муддат ичида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мезонларга мувофиқлиги юзасидан кўриб чиқилади ҳамда Махсус комиссияга тадбирларни қабул қилиш (тадбирнинг қиймати ва амалга ошириш учун талаб этиладиган қўшимча ҳужжатлар рўйхатини илова қилган ҳолда) ёки асосланган ҳолда рад этиш юзасидан хулоса тақдим этилади.

20. Махсус комиссия лойиҳалар тўпламини буюртмачилар томонидан тақдим этилган хулосалар асосида икки кун муддат ичида кўриб чиқиб қабул қилади ёки рад этади, қабул қилинган лойиҳалар тўпламини овоз бериш босқичига ўтказади.

Бунда, «Очиқ бюджет» ахборот порталида саралаш босқичи доирасида лойиҳаларни қабул қилиш ёки рад этиш махсус комиссиянинг ишчи органи томонидан ЭРИ калити орқали амалга оширилади.

Овоз бериш жараёни бошланиши юзасидан барча фуқароларни хабардор қилиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан овоз бериш жараёни бошланишидан уч кун аввал СМС хабарномалар юборади.

21. Лойиҳалар тўпламини шакллантиришда белгиланган чегаралар доирасида маҳаллалар (қишлоқлар) ҳудудидаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш йўналишларида тадбирлар шакллантирилиши мумкин.

22. Лойиҳалар тўплами таркибига тармоқ корхоналари ҳисобидан амалга ошириладиган (электр энергияси, табиий газ таъминоти, алоқа ва ахборотлаштириш каби) тадбирлар киритилмайди ва улар тармоқ корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда лойиҳалар тўплами учун ажратилган маблағларнинг чекланган миқдори таркибида инобатга олинмайди.

23. Саралаш босқичидан ўтган лойиҳалар тўплами овоз бериш жараёнига ўтказилади. Бунда маҳалла (қишлоқ) фуқаролари тегишли маҳалла (қишлоқ) бўйича илгари сурилган лойиҳалар тўплами ичидан ўзларини қизиқтирган тадбирларга овоз берадилар. Бир фуқаро фақат битта лойиҳалар тўпламига, бироқ ушбу лойиҳалар тўплами таркибидаги бир нечта тадбирларга овоз бериши ҳуқуқига эга.

24. Овоз бериш жараёни «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали СМС хизмати, «Telegram» ижтимоий тармоғидаги «махсус бот», шунингдек порталнинг мобил иловаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

2-боб. Ғолиб маҳалла (қишлоқ)ларни аниқлаш тартиби

25. Ғолиб маҳаллаларни (қишлоқларни) аниқлаш овоз бериш жараёни бошланишидан аввал кенг жамоатчиликка эълон қилинган ҳолда қуйидаги усуллардан бири орқали:

лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб;

аҳолиси сони кам бўлган маҳаллаларга (қишлоқларга) тузатиш коэффициентини қўллаган ҳолда лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб амалга оширилади.

26. Овоз бериш жараёни якунларига кўра ҳар бир туман (шаҳар) учун жамғармада шакллантирилган маблағлар доирасида энг юқори кўрсаткични эгаллаган лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилади. Бунда лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилиши учун камида 100 та овоз тўплаши лозим бўлади.

Овозлар сони тенг бўлган тақдирда, тенг овоз тўплаган маҳаллалардан (қишлоқлардан) энг юқори кўрсаткични биринчи бўлиб қайд этган лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилади.

27. Ғолиб маҳаллалар (қишлоқлар) бўйича киритилган лойиҳалар тўплами таркибидаги тадбирлардан тегишли лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонининг 50 фоизидан юқори овоз тўплаганлари амалга оширилади. Бунда фуқаролар овоз бериш жараёнида лойиҳалар тўплами таркибидаги ҳақиқатда маҳалла (қишлоқ) учун реал муаммо бўлган тадбирларни танлаши лозим бўлади.

28. Етарлича овоз тўплай олмаган ва ғолиб деб топилмаган маҳаллалар (қишлоқлар) бўйича шакллантирилган лойиҳалар тўплами «архив» мақомига ўтказилади. Ушбу лойиҳалар тўплами маҳалла раислари томонидан келгуси жараёнларда қайтадан овоз бериш жараёнига тикланиши мумкин.

29. Ғолиб деб топилган тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағнинг дастлабки миқдори тегишлилигига кўра тармоқ корхоналари хулосаси асосида лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича аниқлаштирилади. Тадбир ғолиб деб топилгандан сўнг уни амалга ошириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади ҳамда тадбирнинг якуний қийматига аниқлик киритилади.

Ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламининг дастлабки қийматидан келиб чиқиб, тадбирлар доирасида амалга ошириладиган ишлар (товар, хизматлар) ҳажмини камайтиришга йўл қўйилмайди.

Агар тадбирларнинг дастлабки қийматига нисбатан лойиҳа-смета ҳужжатларига кўра якуний қиймати кўпроқни ташкил этса, мазкур ҳолатларда тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган қўшимча маблағ тегишли лойиҳалар тўплами таркибидаги бошқа тадбирлардан иқтисод қилинган маблағлар ёки жамғармадаги мавжуд маблағлар ҳисобидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари қарорига асосан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.

30. Ғолиблар аниқлангандан сўнг жамғармада шаклланган қолдиқ маблағлар ёки ишлар амалга оширилгандан сўнг иқтисод қилинган маблағлар келгусида ўтказиладиган овоз бериш жараёнларига йўналтирилиши мумкин.

31. Ғолиб деб топилган тадбирларни амалга ошириш бўйича тузилган шартномага ишлар ҳажмининг кўпайиши ёки унинг ўзгартирилиши билан боғлиқ қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

32. Маҳаллаларда (қишлоқларда) лойиҳалар тўпламини шакллантириш жараёни юзасидан ёки тадбирларни молиялаштириш билан боғлиқ низолар Махсус комиссия томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳал этилади.

3-боб. Ғолиб деб топилган тадбирларни молиялаштириш тартиби

33. Жамғарма маблағлари фақат портал орқали ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини молиялаштириш учун сарфланади. Бунда лойиҳалар тўпламида назарда тутилган тадбирлар билан бир қаторда ушбу тадбирларни амалга ошириш бўйича расмийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатлар (тегишли ташкилотларнинг хулосалари, якуний кўрикдан ўтказиш харажатлари ва бошқалар) учун ҳам тўловлар молиялаштирилишига йўл қўйилади.

34. Овоз бериш босқичи якунлангандан сўнг уч кун ичида ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхат (кейинги ўринларда — манзилли рўйхат) шакллантирилади ҳамда жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича туман (шаҳар) Махсус комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинади.

35. Махсус комиссиянинг қарорига ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини молиялаштириш юзасидан манзилли рўйхат илова қилинади. Манзилли рўйхат қуйидагиларни ўз ичига олади:

ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламининг порталдаги хос «ID» рақами;

амалга ошириладиган тадбирларнинг аниқ манзили ёки балансда сақловчи корхонанинг манзили ва номи;

лойиҳалар тўпламида назарда тутилган амалга оширилиши лозим бўлган тадбирларнинг қисқача мазмуни;

тадбирни амалга ошириш учун талаб этиладиган дастлабки маблағ қиймати;

тадбирни амалга ошириш учун буюртмачи этиб белгиланган корхона;

агар тадбир бевосита товар ва моддий қийматликлар (хизматлар)ни харид қилиш билан боғлиқ бўлса, ушбу лойиҳалар тўплами бўйича мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда харид қилинадиган товар (хизмат)лар реестри (кейинги ўринларда — реестр) илова қилинади. Бунда Реестрда кўзда тутилган харидларнинг жами суммаси манзилли рўйхатда тегишли лойиҳани молиялаштириш учун кўзда тутилган маблағдан ортиб кетишига йўл қўйилмайди;

харид қилиш тартиб-таомили тури.

36. Дастурларни амалга ошириш доирасида бош лойиҳачи ва бош пудрат ташкилотлар белгиланган тартибда «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали ҳамда объектларни сақлаш билан боғлиқ таъмирлаш ишлари учун жалб этиладиган ташкилотлар белгиланган тартибда тендер орқали аниқланади.

37. Лойиҳаларни кўриб чиқиш ва амалга ошириш бўйича буюртмачи ташкилотлар мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ белгиланади.

38. Манзилли рўйхат белгиланган тартибда расмийлаштирилиши, жумладан, буюртмачи ташкилотлар тўғри танланиши, реестр тўғри шакллантирилиши, харид қилиш тартиб-таомили тури ва лойиҳани амалга оширишнинг аниқ манзили каби маълумотлар тўғри кўрсатилишига Махсус комиссия масъул ҳисобланади.

39. Манзилли рўйхат тасдиқлангандан сўнг бир иш кунида ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини амалга ошириш учун ер ва бошқа ресурслар ажратилиши, шунингдек, тегишли соҳа инспекцияларининг экспертиза хулосалари талаб этилган ҳолларда туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан ушбу ресурсларни ажратиш бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга ташкилотларга сўровлар юборилади.

40. Манзилли рўйхат тасдиқланганидан сўнг туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими томонидан ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини молиялаштириш учун буюртмачи ташкилотларга ҳар бир лойиҳа тўплами ва тадбирлар учун алоҳида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади.

41. Туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан уч кун ичида шахсий ғазна ҳисобварақларига жамғарма ҳисобидан лойиҳалар учун манзилли рўйхатда назарда тутилган маблағлар ўтказиб берилади.

42. Манзилли рўйхатда назарда тутилган маблағлар тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказиб берилгандан сўнг буюртмачи ташкилотлар уч кун ичида товар-моддий бойликлар (ишлар ва хизматлар)ни харид қилиш учун таъминотчи корхоналарни аниқлаш, қурилиш-таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини шакллантириш ва лойиҳачи корхоналарни аниқлаш бўйича давлат харидлари электрон тизимига эълон жойлаштиради.

43. Қурилиш ва таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларига экспертиза хулосаси олинган кундан бошлаб бир иш куни ичида буюртмачи ташкилотлар манзилли рўйхатда кўрсатилган харид қилиш тартиб-таомили тури бўйича пудрат корхоналарни аниқлаш ишларини бошлаш чораларини кўради.

Бунда электр ва газ тармоқларини лойиҳалаш, соҳа экспертизасидан ўтказиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий ташкилотлари томонидан хўжалик усулида (ташкилотларнинг ўзлари томонидан лойиҳалаш, соҳа экспертизасидан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш) амалга оширилади.

4-боб. Лойиҳаларни амалга оширишда жамоатчилик назоратини юритиш тартиби

44. Ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини амалга оширишнинг барча босқичлари фуқаролар учун очиқлигини ва улар томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини таъминлаш мақсадида порталда ҳар бир тадбир бўйича «лойиҳалар тўпламини амалга ошириш хронологияси» юритиб борилади.

45. Махсус комиссия лойиҳалар тўпламини амалга ошириш хронологиясида тегишли маълумотлар белгиланган муддатларда киритилишига ва янгилаб борилишига масъул ҳисобланади.

46. Лойиҳалар тўпламини амалга ошириш хронологияси қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

буюртмачи ташкилот номи;

лойиҳа тўплами учун очилган ҳисобварақ;

лойиҳа тўплами учун ажратилган маблағ миқдори;

лойиҳа-смета ва экспертиза ҳужжатлари;

«Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ ўтказилган танловлар;

Пудрат ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар;

амалга оширилган харажатлар ва расмийлаштирилган шартномалар.

47. Ғолиб деб топилган лойиҳалар тўплами фуқаролар томонидан тадбирларни амалга оширишнинг барча босқичларини кузатиш ҳамда бажарилган ишларни реал вақт кўринишида баҳолаб бориш имкониятига эга бўлади. Бунда жамоатчилик назорати доирасида фуқаролар тадбирларни кузатиб бориш орқали қонун бузилиши ҳолатлари ёки камчиликлар аниқлаганда шикоят тарзида ваколатли органларга ёки портал орқали «онлайн мурожаат» саҳифасига мурожаат қилишлари мумкин.

48. Фуқаролар томонидан лойиҳалар тўпламини амалга оширишда бошқа кўринишдаги аралашувларга (пудрат ташкилотини аниқлаш ёки ишларни уларнинг ўзлари томонидан амалга ошириш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва шу кабиларга) йўл қўйилмайди.

49. Ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини амалга ошириш якунлангандан сўнг маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва маҳалла фаоллари томонидан амалга оширилган ишлар порталда «Жамоатчилик назорати» бўлими орқали баҳоланади ва бажарилган ишлар юзасидан камчиликлар кузатилганда изоҳлар билдириш ҳамда фото ёки видео материаллар илова қилиш имконияти яратилади.

50. Лойиҳалар тўпламини амалга ошириш давомида ёки ишлар якунлангандан сўнг бажарилган ишлар натижаларига кўра ортиқча тўловлар ёки камомад аниқланган ҳолларда аниқланган камомад маблағлари тегишлилиги бўйича жамғармага тўлиқ қайта тикланиши таъминланади.

51. Йил якунларига кўра расмийлаштирилган шартномага мувофиқ тадбирлар амалга оширилмаган ёки қисман бажарилган бўлса, шартномада белгиланган тадбирларни ҳамда тўловларни келгуси йилда амалга оширишни назарда тутувчи қўшимча келишув расмийлаштирилиши мумкин.

52. Фуқароларни рағбатлантириш мақсадида ҳар йил якунлари бўйича жамоатчилик фикри асосида лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ жараёнларда фаол иштирок этган фуқаролар рағбатлантириб борилади.

Бунга кўра ҳар йили октябрь ойида ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларида энг фаол иштирок этган (тарғибот ишларида фаоллик кўрсатган ҳамда лойиҳаларни сифатли амалга оширилишида жамоатчилик назоратини ўрнатган) бир нафар фуқаро номзоди Иқтисодиёт ва молия вазирлигига белгиланган тартибда тақдирлаш учун тақдим этилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этилган номзодларни тақдирлаш мақсадида ҳар йили декабрь ойида тадбир ташкил этади ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирокида тантанали равишда «Фаол фуқаро» сертификати (рамзий белгиси) билан тақдирлайди.

Тақдирланган фуқароларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган қийматдаги эсдалик совғаси тақдим этилади. Ушбу харажатларни қоплаш учун ҳар йили Давлат бюджетида тегишли маблағлар режалаштирилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

53. Дастурлар учун ажратилган маблағлардан белгиланган мақсадларда ва самарали фойдаланиш ҳамда маблағларнинг ажратилиши учун тақдим этиладиган барча ҳужжатларнинг ҳаққонийлигига Махсус комиссия жавобгар ҳисобланади.

54. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида лойиҳалар тўпламини шакллантириш, баҳолаш ҳамда уларнинг мезонларга мослигини мувофиқлаштириш бўйича махсус комиссиянинг

Т/р Ф.И.О. Иш жойи ва лавозими * 1. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, махсус комиссия раҳбари 2. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари 3. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари 4. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи 5. Лавозимига кўра (келишув асосида) — туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакили 6. Лавозимига кўра (келишув асосида) — нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ташаббусли бюджет жараёни якунларига кўра ғолиб бўлган лойиҳалар тўпламини амалга ошириш бўйича буюртмачи ташкилотлар

Т/р Лойиҳанинг қисқача номи Балансда сақловчи Буюртмачи корхона харид тадбирлари таъмирлаш тадбирлари* қуриш тадбирлари* 1. Автомобиль йўлларини (пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгичлар) таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар Туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаси - Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги буюртмачи ташкилотлар Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги буюртмачи ташкилотлар Автомобиль йўллари қўмитаси ҳудудий бош бошқармалари - Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги буюртмачи ташкилотлар Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги буюртмачи ташкилотлар 2. Ичимлик сув ва оқова сув тизимини яхшилаш билан боғлиқ тадбирлар Сув таъминоти корхонаси - «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» унитар корхонаси «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» унитар корхонаси 3. Мактабгача таълим ташкилотларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш Мактабгача ва мактаб таълими бўлими Мактабгача ва мактаб таълими бўлими Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 4. Умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш Мактабгача ва мактаб таълими бўлими Мактабгача ва мактаб таълими бўлими Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 5. Соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш Тиббиёт бирлашмаси Тиббиёт бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 6. Спорт муассасалари ёки соғломлаштириш марказларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш Барча ҳолларда Спортни ривожлантириш бўлими/буюртмачи корхона Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 7. Олий таълим муассасалари биноларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш Олий таълим муассасаси Олий таълим муассасаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 8. Мусиқа мактаблари биноларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш Мусиқа мактаблари Мусиқа мактаблари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 9. Бошқа таълим муассасалари биноларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш Бюджет маблағларини тақсимловчи Бюджет маблағларини тақсимловчи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 10. Маҳалла гузари (маҳаллада умумфойдаланишда бўлган бошқа объектлар)ни таъмирлаш-тиклаш билан боғлиқ харажатлар Маҳалла фуқаролар йиғини Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 11. Болалар майдончаларини (ўйингоҳларни) барпо этиш ёки таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар Маҳалла фуқаролар йиғини Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Кўп қаватли уйларни бошқарувчи ташкилотлар Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 12. Аҳоли дам олиш масканларини таъмирлаш ёки моддий-техника базасини ривожлантириш билан боғлиқ тадбирлар Барча ҳолларда Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 13. Кўп қаватли уйларни таъмирлаш тадбирлари Бошқарув сервис компаниялари - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 14. Кўча чироқларини ўрнатиш ёки таъмирлаш (симёғоч ўрнатиш) тадбирлари Ободонлаштириш бошқармаси Ободонлаштириш бошқармаси Ободонлаштириш бошқармаси Ободонлаштириш бошқармаси 15. Дренаж ва ариқ (зовур)ларни тартибга келтириш билан боғлиқ тадбирлар Ирригация бўлими - Ободонлаштириш бошқармаси «Сувқурилиш инвест» давлат муассасаси 16. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш (туман ёки шаҳар қиёфасини ўзгартириш) билан боғлиқ тадбирлар Ободонлаштириш бошқармаси Ободонлаштириш бошқармаси Ободонлаштириш бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК 17. Қабристонларни тартибга келтириш тадбирлари Ободонлаштириш бошқармаси Ободонлаштириш бошқармаси Ободонлаштириш бошқармаси Ободонлаштириш бошқармаси 18. Бошқалар - Тегишли тармоқ корхоналари Тегишли тармоқ корхоналари Тегишли тармоқ корхоналари

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

____________ тумани (шаҳри) бўйича ўтказилган ташаббусли бюджет жараёни якунларига кўра ғолиб бўлган ID ____________ лойиҳалар тўпламини амалга ошириш бўйича харид қилинадиган товар (хизмат)лар

(минг сўм) Т/р Товарлар (хизматлар) номи Сони Нархи (бозор қийматида) Суммаси 1. 2. 3. 4. 5. ... ЖАМИ

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида шакллантириш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари Тегишли маҳалла ҳудудидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли маҳалла (қишлоқ) фуқаролари билан бамаслаҳат ҳамда уларнинг фикридан келиб чиққан ҳолда тадбирлар рўйхатини шакллантиради. Жараён бошланишидан камида уч кун олдин 2-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинлари (МФЙ) раислари номига электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали рўйхатдан ўтувчи алоҳида хусусиятли фойдаланувчи учун логин ва пароллар расмийлаштирилади. Жараён бошланишидан камида уч кун олдин 3-босқич Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари Маҳалла ва қишлоқларда ҳар бир МФЙ раислари томонидан маҳалла фуқаролари билан бамаслаҳат тарзда Порталга лойиҳалар киритилади 10 кун муддат ичида 4-босқич Махсус комиссия Лойиҳалар тўпламини порталга келиб тушган кундан бошлаб ўрганиб чиқади ва тадбирларнинг барчаси белгиланган мезонларга мувофиқлиги бўйича саралайди ҳамда тадбирларни амалга ошириш имконияти ва қийматига аниқлик киритиш мақсадида тегишлилиги бўйича буюртмачиларга юборади. 3 кун ичида 5-босқич Буюртмачилар Лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига ва қийматига аниқлик киритади ҳамда лойиҳани қабул қилиш ёки рад этиш юзасидан Махсус комиссияга хулоса тақдим этади. 7 кун ичида 6-босқич Махсус комиссия Буюртмачилардан олинган хулосалар асосида лойиҳалар тўплами ва лойиҳалар тўплами таркибидаги тадбирларни кўриб чиқиб, қабул қилади ёки рад этади, қабул қилинган лойиҳалар тўпламини овоз бериш босқичига ўтказади. 2 кун ичида 7-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Овоз бериш жараёни бошланиши юзасидан барча фуқароларни хабардор қилиш мақсадида СМС хабарномалар юборади Овоз бериш жараёни бошланишидан уч кун аввал 8-босқич «Очиқ бюджет» ахборот портали Махсус комиссия томонидан қабул қилинган лойиҳалар тўпламига овоз бериш имконияти берилади ва оммавий овоз бериш жараёнлари бошланади. Саралаш (модерация) босқичи якунлангандан сўнг 9-босқич Фуқаролар Маҳаллалардаги (қишлоқлардаги) муаммоларни ҳал этиш бўйича лойиҳалар тўплами ва унинг таркибидаги тадбирларга СМС хизмати, «Telegram» ижтимоий тармоғидаги «махсус бот», шунингдек порталнинг мобил иловаларидан фойдаланган ҳолда овоз берадилар. Бир фуқаро фақат битта лойиҳалар тўпламига овоз беради, бироқ ушбу лойиҳалар тўплами таркибидаги бир нечта тадбирларга овоз бериш ҳуқуқига эга. 10 кун давомида 10-босқич «Очиқ бюджет» ахборот портали Овоз тўплаш жараёни якунларига кўра энг юқори кўрсаткични қайд этган маҳаллалар (қишлоқлар) портал томонидан автоматик тарзда ғолиб деб топилади. Овоз бериш якунларига кўра

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 3 май,

183-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.05.2023 й., 09/23/183/0247-сон; 01.08.2023 й., 09/23/327/0549-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NAMUNAVIY TARKIBI

ROʻYXATI

REYESTRI

SXEMASI

“Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlarini jamoatchilik fikri asosida tashabbusli budjetlashtirish jarayonlari orqali amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Insonga eʼtibor va sifatli taʼlim yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2023-yil 28-fevraldagi PF-27-son Farmoni hamda “Jamoatchilik fikri asosida shakllantirilgan loyihalarni moliyalashtirish koʻlamini kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 25-oktabrdagi PQ-409-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

“Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlari (keyingi oʻrinlarda — dasturlar) doirasida moliyalashtiriladigan tadbirlar 2023-yildan boshlab jamoatchilik fikri asosida “Ochiq budjet” axborot portali orqali ovoz berish yoʻli bilan aniqlanishi;

dasturlar doirasida jamoatchilik fikri asosida “Ochiq budjet” axborot portali orqali keyingi yil uchun tadbirlarni shakllantirish va ularga ovoz berish jarayoni — har yili noyabr-dekabr oylarida oʻtkazilishi;

2023-yilga moʻljallangan dasturlarni tashabbusli budjetlashtirish jarayonlari orqali shakllantirish, loyihalar toʻplami uchun ajratiladigan mablagʻlarning cheklangan miqdori 8 mlrd soʻm etib belgilanganligi, dasturlarni moliyalashtirish uchun har yili Davlat budjetidan kamida 4 trln soʻm mablagʻ yoʻnaltirilishi nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. “Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlarini jamoatchilik fikri asosida tashabbusli budjetlashtirish jarayonlari orqali amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Iqtisodiyot va moliya vazirligi kelgusi yillar uchun har yili 1-noyabrga qadar Davlat budjetining tasdiqlangan koʻrsatkichlaridan kelib chiqib, hududlar boʻyicha yoʻnaltiriladigan kapital qoʻyilmalarning eng yuqori chegaralarini belgilagan holda ularni Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga taqdim etib borsin.

Bunda:

hududlar boʻyicha yoʻnaltiriladigan kapital qoʻyilmalar hududlar boʻyicha har bir tuman va shahardagi mavjud aholi hamda mahallalar soniga nisbatan teng ulushlarda, lekin 8 mlrd soʻmdan kam boʻlmagan miqdorlarda taqsimlanadi;

har yili 1-yanvar holatiga koʻra tumanlar (shaharlar) boʻyicha mavjud aholi va mahallalar soni, ularning nomlanishi va tarkibidagi mavjud mahallalar (qishloqlar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi tomonidan taqdim etiladi.

4. Belgilab qoʻyilsinki, tanlab olingan tadbirlarni amalga oshirish uchun talab etiladigan mablagʻlar miqdori loyiha-smeta hujjatlari boʻyicha aniqlashtiriladi.

Bunda loyiha-smeta hujjatlari boʻyicha aniqlashtirilgan mablagʻlar miqdori tumanlar (shaharlar) hokimliklari huzuridagi “Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlari doirasida loyihalar toʻplamini shakllantirish, baholash hamda ularning mezonlarga mosligini muvofiqlashtirish boʻyicha maxsus komissiya (keyingi oʻrinlarda — Maxsus komissiya) tomonidan aniqlangan dastlabki miqdordan oshib ketgan taqdirda, talab etiladigan qoʻshimcha mablagʻlar tegishli loyihalar toʻplami tarkibidagi boshqa tadbirlardan iqtisod qilingan mablagʻlar yoki “Gʻolib mahalla” jamgʻarmasidagi (keyingi oʻrinlarda — jamgʻarma) mavjud mablagʻlar hisobidan, shuningdek, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyat va Toshkent shahar kengashlari qaroriga asosan tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlarining qoʻshimcha manbalari hisobidan qoplanadi.

5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari:

gʻolib mahallalar (qishloqlar) aniqlangandan soʻng bir hafta muddatda mazkur mahallalar (qishloqlar) hududida xoʻjalik birlashmalari, aholi va tashabbuskor tadbirkorlar mablagʻlari, homiylik xayriyalari, tijorat banklari kreditlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladigan qurilish-taʼmirlash va obodonlashtirish ishlarining manzilli roʻyxatini tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda gʻolib mahalla (qishloq)ning bosh reja sxemalari, batafsil rejalashtirish loyihalari hamda mahalla va qishloqlar markazining zamonaviy qiyofasi loyihalarining loyiha tashkilotlari tomonidan ishlab chiqilishini va ular bilan bogʻliq tadbirlar tegishli mahalliy budjetlar mablagʻlari hisobidan moliyalashtirilishini taʼminlasin;

har chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning 25-sanasiga qadar jamoatchilik fikri asosida shakllantirilgan dasturlar tadbirlarini moliyalashtirish boʻyicha maʼlumotlarni oʻz rasmiy veb-saytlari va “Ochiq budjet” axborot portaliga joylashtirib borsin;

har oy yakuni boʻyicha dasturlar doirasida bajarilgan ishlar va moliyalashtirilgan mablagʻlar yuzasidan Iqtisodiyot va moliya vazirligiga hisobot berib borsin.

6. Raqamli texnologiyalar vazirligi, Energetika vazirligi, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ va tegishli tarmoq korxonalari gʻolib mahalla (qishloq) hududida elektr energiyasi, tabiiy gaz, telekommunikatsiya tarmoqlarini qurish-taʼmirlash ishlarini tegishlicha “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ, “Oʻzbektelekom” AKning oʻz mablagʻlari hisobidan moliyalashtirish choralarini koʻrsin.

Bunda elektr va gaz tarmoqlarini loyihalashtirish, soha ekspertizasidan oʻtkazish va qurilish-taʼmirlash ishlari “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ va “Hududgaztaʼminot” AJning hududiy tashkilotlari tomonidan xoʻjalik usulida (tashkilotlarning oʻzlari tomonidan loyihalashtirish, soha ekspertizasidan oʻtkazish, qurilish-montaj ishlarini bajarish) amalga oshiriladi.

7. Iqtisodiyot va moliya vazirligi dasturlar ijrosini tahlil qilsin va har oyda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga axborot kiritib borsin.

8. Belgilansinki, dasturlar doirasida amalga oshiriladigan ishlar boʻyicha quyidagi nazorat tizimi yoʻlga qoʻyiladi:

Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat inspeksiyasi, Yoʻl-qurilish ishlari sifatini nazorat qilish inspeksiyasi — qurilish-taʼmirlash ishlarining sifati, shaharsozlik faoliyatini texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga rioya etilishi yuzasidan davlat arxitektura-qurilish nazoratini;

Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi — dasturlar doirasida ajratilayotgan mablagʻlarning maqsadli va samarali ishlatilishi yuzasidan tizimli davlat moliyaviy nazoratini amalga oshiradi.

9. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi va Oʻzbekiston Milliy axborot agentligiga mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda dasturlardagi tadbirlar orqali aholi uchun munosib turmush sharoitini yaratish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlarni ommaviy axborot vositalarida keng yoritib borilishini taʼminlash tavsiya etilsin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari A.J. Ramatov va J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 3-maydagi 183-son qaroriga ILOVA

“Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlarini jamoatchilik fikri asosida tashabbusli budjetlashtirish jarayonlari orqali amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom “Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlari (keyingi oʻrinlarda — dasturlar) doirasida jamoatchilik fikri asosida qurilish, taʼmirlash va obodonlashtirish ishlari amalga oshiriladigan mahallalarni (qishloqlarni) tanlash hamda loyihalar toʻplamini shakllantirish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

loyihalar toʻplami — har bir mahalla (qishloq) boʻyicha amalga oshiriladigan qurilish, taʼmirlash va obodonlashtirish ishlarini mahalla fuqarolar yigʻinlari raislari, tuman (shahar) sektor rahbarlari, hokim yordamchilari bilan birgalikda tegishli mahalla (qishloq) aholisi hamda hududdan saylangan deputatlar oldida himoya qilgan holda shakllantirilgan, tarkibi bir nechta tadbirlardan iborat boʻlgan toʻplam;

tadbir — loyihalar toʻplami tarkibida belgilangan mezonlarga muvofiq shakllantiriladigan hamda mazmunan yagona (bir yoʻnalishdagi) ijtimoiy muammoni hal etishga qaratilgan taklif;

“Gʻolib mahalla” jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — jamgʻarma) — dasturlar doirasida jamoatchilik fikri asosida shakllantirilgan tadbirlarni moliyalashtirishga yoʻnaltiriladigan mablagʻlar tumanlar (shaharlar) hokimliklarida budjet tashkilotlarining budjetdan tashqari jamgʻarmalari shaklida ochiladigan hamda shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida jamlanadigan jamgʻarma;

gʻolib mahalla (qishloq) — “Ochiq budjet” axborot portali (keyingi oʻrinlarda — portal)da ovoz berish jarayoni yakunlariga koʻra avtomatik tarzda eng yuqori koʻrsatkichni qayd etgan deb topilgan va loyihalar toʻplami kiritilgan mahalla (qishloq).

3. Jamoatchilik fikri asosida loyihalar toʻplami mahallalar (qishloqlar) boʻyicha shakllantiriladi va gʻolib sifatida mahallalar (qishloqlar) aniqlanadi.

4. Dasturlar uchun ajratilgan mablagʻlar faqat gʻolib mahallalar (qishloqlar)dagi tadbirlarni moliyalashtirish uchun yoʻnaltiriladi.

5. Tuman (shahar) aholisi va mahalla sonidan kelib chiqqan holda taqsimlangan mablagʻlar tuman va shahar hokimligi huzurida budjetdan tashqari jamgʻarma shaklida ochiladigan jamgʻarmaga yoʻnaltiriladi.

6. Ovoz berish jarayoni yakunlariga koʻra har bir gʻolib mahalla (qishloq) uchun alohida hisobvaragʻi ochilib, tadbirlar jamgʻarma hisobidan tegishli mablagʻlar ajratilgan holda moliyalashtiriladi.

7. Dasturlar doirasida xalqaro moliya institutlari ishtirokida mamlakatimizda mahallalar (qishloqlar) infratuzilmasini yaxshilashga doir amalga oshirilayotgan va kelgusida rejalashtirilgan loyihalar hamda oʻtgan davr mobaynida dasturlarga kiritilgan mahallalar (qishloqlar) kelgusi yillar uchun ovoz berish jarayonida ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi. Bunda:

mazkur Nizomga 1-ilovaga muvofiq tashkil etiladigan tumanlar (shaharlar) hokimliklari huzuridagi “Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlari doirasida loyihalar toʻplamini shakllantirish, baholash hamda ularning mezonlarga mosligini muvofiqlashtirish boʻyicha maxsus komissiya (keyingi oʻrinlarda — Maxsus komissiya) tomonidan ovoz berish jarayonida ishtirok etadigan mahallalar (qishloqlar) roʻyxati tasdiqlanadi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga taqdim etiladi;

tarkibida bir nechta qishloq va ovullar boʻlgan mahallalar faqat Maxsus komissiya xulosasiga asosan ovoz berish jarayonida ishtirok etishlari mumkin.

8. Mahalla (qishloq) hududi ikkiga ajralib ketishi yoki aksincha, mahallalar (qishloqlar) birlashtirilishi hisobiga yangi mahalla (qishloq) tashkil etilgan taqdirda, ushbu mahalla (qishloq) avvalgi jarayonlarda gʻolib deb topilgan boʻlsa, ovoz berish jarayonlarida ishtirok etish masalasi Maxsus komissiya tomonidan koʻrib chiqiladi.

9. Dasturlar doirasida jamoatchilik fikri asosida tadbirlarni shakllantirish va ular uchun ovoz berish jarayoni — har yili noyabr-dekabr oylarida, 2023-yil uchun, istisno tariqasida, 2023-yil may oyida oʻtkaziladi.

Bunda har yili loyihalar toʻplamini shakllantirish jarayoni boshlanishidan oʻn kun oldin Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari loyihalar toʻplamiga kiritilishi mumkin boʻlgan mahallalar (qishloqlar) roʻyxatini Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etadi.

10. Jamoatchilik fikri asosida tadbirlarni shakllantirish va ular uchun ovoz berish jarayonlari uchta bosqichda tashkil etiladi:

1-bosqichda — portalda loyihalar toʻplami shakllantiriladi;

2-bosqichda — shakllantirilgan loyihalar toʻplami saralab olinadi;

3-bosqichda — saralash bosqichidan oʻtgan loyihalar toʻplamlariga ovoz beriladi.

11. Dasturlar doirasida har bir mahalla fuqarolar yigʻini raisi nomiga portalda elektron raqamli imzo (keyingi oʻrinlarda — ERI) orqali roʻyxatdan oʻtuvchi alohida xususiyatli foydalanuvchi uchun login va parollar rasmiylashtiriladi. Mahalla fuqarolar yigʻini raisi oʻzgargan taqdirda, ularga taqdim etilgan foydalanuvchi akkauntlari toʻxtatiladi hamda ushbu lavozimga yangi saylangan mahalla fuqarolar yigʻini raisi nomiga boshqa foydalanuvchi akkaunti ochiladi.

12. Mahalla fuqarolar yigʻinlari raislari tuman (shahar) sektor rahbarlari, hokim yordamchilari bilan birgalikda tegishli mahalla (qishloq) fuqarolari bilan bamaslahat hamda hududdan saylangan deputatlar oldida himoya qilingan loyihalar toʻplamini oʻzlariga taqdim etilgan login va paroldan foydalangan holda oʻn kun muddat ichida portalga kiritadi.

Bunda tadbirlarni shakllantirishda har bir mahallani (qishloqni) rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlari tegishli mahalladagi (qishloqdagi) mavjud imkoniyatlar, aholining uzoq yillar davomida shakllangan salohiyati, tadbirkorlik muhiti va “oʻsish nuqtalari” hamda resurs va texnik imkoniyatlari inobatga olinadi.

13. Har bir mahalla fuqarolar yigʻini raisi bir yilda faqat bir marotaba bitta loyiha toʻplamini kiritish huquqiga ega. Bunda fuqarolar tomonidan loyihalar toʻplami shakllantirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

14. Loyihalar toʻplami tarkibidagi tadbirlar Maxsus komissiya tomonidan quyidagi mezonlarga muvofiq tanlab olinadi:

mahalla (qishloq) hududidagi muammolar;

jamoaviy muammolarni hal etishga qaratilganligi (xiyobonlar, bolalar maydonchasi barpo etish, avtomobil yoʻllarini va ijtimoiy soha obyektlarini taʼmirlash, mahalla fuqarolar yigʻini binolari, ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish tadbirlari, ichimlik va oqava suv tizimini yaxshilash, sugʻorish (kanal, ariq) va drenaj (ochiq, yopiq va tik drenaj) tarmoqlarini qurish, taʼmirlash, koʻcha chiroqlarini oʻrnatish (taʼmirlash) va shu kabilar);

mahallalar (qishloqlar) aholisi tomonidan bildirilgan takliflar idoraviy yoki shaxsiy xususiyatga ega boʻlmasligi (shaxsiy avtomashina yoki turar joy xarid qilish, tadbirkorlik faoliyatini qoʻllab-quvvatlash, maʼmuriy binolarni (mahalla fuqarolar yigʻini binosi bundan mustasno) taʼmirlash);

budjet tashkilotini saqlab turish bilan bogʻliq xarajatlarni oʻzida aks ettirmasligi (oylik ish haqi toʻlovlari, kommunal, aloqa va internet tizimi uchun toʻlovlar, shuningdek, idora ashyolari va boshqa tez eskiruvchi moddiy qiymatliklar);

davlat organlari va tashkilotlarining bino va inshootlarini qurish, taʼmirlash hamda jihozlash ishlariga, shu jumladan, ularning boshqa ehtiyojlarini qoplashga qaratilgan boʻlmasligi;

koʻrsatilgan muammolarni bartaraf etish yuzasidan joriy yilda boshqa dasturlarga (ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturi, hududlarni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish boʻyicha dasturlar va boshqalar) asosan mablagʻ ajratish koʻzda tutilgan boʻlmasligi kerak.

15. Har bir loyihalar toʻplami tarkibi kamida uchta tadbirlardan tashkil topgan boʻlishi lozim.

Loyihalar toʻplami tarkibidagi tadbirlar soni uchtadan kam boʻlgan taqdirda, mazkur loyihalar toʻplami avtomatik ravishda ovoz berish jarayoniga oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

16. Tadbirlar loyihalar toʻplami tarkibida alohida tarzda shakllantiriladi va bunda quyidagi maʼlumotlar aks ettiriladi:

tadbir yoʻnalishi;

tadbir haqida qisqacha matn;

tadbir qiymati;

fotosuratlar;

tadbirni amalga oshirish joyi.

17. Mahalla fuqarolar yigʻinlari raislari tomonidan shakllantirilgan va portalga kiritilgan loyihalar toʻplami Maxsus komissiya tomonidan uch kun ichida koʻrib chiqiladi.

Maxsus komissiya barcha loyihalar toʻplamini oʻrganib chiqadi va loyiha toʻplami tarkibidagi tadbirlarning barchasini belgilangan mezonlarga muvofiqligi boʻyicha saralaydi. Bunda loyihalar toʻplami tarkibidagi ayrim tadbirlar qabul qilinishi yoki aksincha rad etilishi mumkin.

18. Loyihalar toʻplami portalga kelib tushgan kundan boshlab uch kun muddat ichida Maxsus komissiya tomonidan tadbirlarning mazmunan tegishliligi boʻyicha mazkur Nizomga 2-ilovasida koʻrsatilgan buyurtmachi korxonalarga (keyingi oʻrinlarda — buyurtmachilar) yuboriladi.

19. Tadbirlar qabul qilingan kundan boshlab buyurtmachilar tomonidan yetti kun muddat ichida qonunchilik hujjatlarida belgilangan mezonlarga muvofiqligi yuzasidan koʻrib chiqiladi hamda Maxsus komissiyaga tadbirlarni qabul qilish (tadbirning qiymati va amalga oshirish uchun talab etiladigan qoʻshimcha hujjatlar roʻyxatini ilova qilgan holda) yoki asoslangan holda rad etish yuzasidan xulosa taqdim etiladi.

20. Maxsus komissiya loyihalar toʻplamini buyurtmachilar tomonidan taqdim etilgan xulosalar asosida ikki kun muddat ichida koʻrib chiqib qabul qiladi yoki rad etadi, qabul qilingan loyihalar toʻplamini ovoz berish bosqichiga oʻtkazadi.

Bunda, “Ochiq budjet” axborot portalida saralash bosqichi doirasida loyihalarni qabul qilish yoki rad etish maxsus komissiyaning ishchi organi tomonidan ERI kaliti orqali amalga oshiriladi.

Ovoz berish jarayoni boshlanishi yuzasidan barcha fuqarolarni xabardor qilish maqsadida Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan ovoz berish jarayoni boshlanishidan uch kun avval SMS xabarnomalar yuboradi.

21. Loyihalar toʻplamini shakllantirishda belgilangan chegaralar doirasida mahallalar (qishloqlar) hududidagi umumtaʼlim maktablari, maktabgacha taʼlim va tibbiyot muassasalarini taʼmirlash hamda jihozlash yoʻnalishlarida tadbirlar shakllantirilishi mumkin.

22. Loyihalar toʻplami tarkibiga tarmoq korxonalari hisobidan amalga oshiriladigan (elektr energiyasi, tabiiy gaz taʼminoti, aloqa va axborotlashtirish kabi) tadbirlar kiritilmaydi va ular tarmoq korxonalarining oʻz mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi hamda loyihalar toʻplami uchun ajratilgan mablagʻlarning cheklangan miqdori tarkibida inobatga olinmaydi.

23. Saralash bosqichidan oʻtgan loyihalar toʻplami ovoz berish jarayoniga oʻtkaziladi. Bunda mahalla (qishloq) fuqarolari tegishli mahalla (qishloq) boʻyicha ilgari surilgan loyihalar toʻplami ichidan oʻzlarini qiziqtirgan tadbirlarga ovoz beradilar. Bir fuqaro faqat bitta loyihalar toʻplamiga, biroq ushbu loyihalar toʻplami tarkibidagi bir nechta tadbirlarga ovoz berishi huquqiga ega.

24. Ovoz berish jarayoni “Ochiq budjet” axborot portali orqali SMS xizmati, “Telegram” ijtimoiy tarmogʻidagi “maxsus bot”, shuningdek portalning mobil ilovalaridan foydalangan holda amalga oshiriladi.

2-bob. Gʻolib mahalla (qishloq)larni aniqlash tartibi

25. Gʻolib mahallalarni (qishloqlarni) aniqlash ovoz berish jarayoni boshlanishidan avval keng jamoatchilikka eʼlon qilingan holda quyidagi usullardan biri orqali:

loyihalar toʻplamiga berilgan ovozlar sonidan kelib chiqib;

aholisi soni kam boʻlgan mahallalarga (qishloqlarga) tuzatish koeffitsiyentini qoʻllagan holda loyihalar toʻplamiga berilgan ovozlar sonidan kelib chiqib amalga oshiriladi.

26. Ovoz berish jarayoni yakunlariga koʻra har bir tuman (shahar) uchun jamgʻarmada shakllantirilgan mablagʻlar doirasida eng yuqori koʻrsatkichni egallagan loyihalar toʻplami gʻolib deb topiladi. Bunda loyihalar toʻplami gʻolib deb topilishi uchun kamida 100 ta ovoz toʻplashi lozim boʻladi.

Ovozlar soni teng boʻlgan taqdirda, teng ovoz toʻplagan mahallalardan (qishloqlardan) eng yuqori koʻrsatkichni birinchi boʻlib qayd etgan loyihalar toʻplami gʻolib deb topiladi.

27. Gʻolib mahallalar (qishloqlar) boʻyicha kiritilgan loyihalar toʻplami tarkibidagi tadbirlardan tegishli loyihalar toʻplamiga berilgan ovozlar sonining 50 foizidan yuqori ovoz toʻplaganlari amalga oshiriladi. Bunda fuqarolar ovoz berish jarayonida loyihalar toʻplami tarkibidagi haqiqatda mahalla (qishloq) uchun real muammo boʻlgan tadbirlarni tanlashi lozim boʻladi.

28. Yetarlicha ovoz toʻplay olmagan va gʻolib deb topilmagan mahallalar (qishloqlar) boʻyicha shakllantirilgan loyihalar toʻplami “arxiv” maqomiga oʻtkaziladi. Ushbu loyihalar toʻplami mahalla raislari tomonidan kelgusi jarayonlarda qaytadan ovoz berish jarayoniga tiklanishi mumkin.

29. Gʻolib deb topilgan tadbirlarni amalga oshirish uchun talab etiladigan mablagʻning dastlabki miqdori tegishliligiga koʻra tarmoq korxonalari xulosasi asosida loyiha-smeta hujjatlari boʻyicha aniqlashtiriladi. Tadbir gʻolib deb topilgandan soʻng uni amalga oshirish boʻyicha loyiha-smeta hujjatlari ishlab chiqiladi hamda tadbirning yakuniy qiymatiga aniqlik kiritiladi.

Gʻolib deb topilgan loyihalar toʻplamining dastlabki qiymatidan kelib chiqib, tadbirlar doirasida amalga oshiriladigan ishlar (tovar, xizmatlar) hajmini kamaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Agar tadbirlarning dastlabki qiymatiga nisbatan loyiha-smeta hujjatlariga koʻra yakuniy qiymati koʻproqni tashkil etsa, mazkur holatlarda tadbirlarni amalga oshirish uchun talab etiladigan qoʻshimcha mablagʻ tegishli loyihalar toʻplami tarkibidagi boshqa tadbirlardan iqtisod qilingan mablagʻlar yoki jamgʻarmadagi mavjud mablagʻlar hisobidan, shuningdek, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyat va Toshkent shahar kengashlari qaroriga asosan tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlarining qoʻshimcha manbalari hisobidan qoplanadi.

30. Gʻoliblar aniqlangandan soʻng jamgʻarmada shakllangan qoldiq mablagʻlar yoki ishlar amalga oshirilgandan soʻng iqtisod qilingan mablagʻlar kelgusida oʻtkaziladigan ovoz berish jarayonlariga yoʻnaltirilishi mumkin.

31. Gʻolib deb topilgan tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha tuzilgan shartnomaga ishlar hajmining koʻpayishi yoki uning oʻzgartirilishi bilan bogʻliq qoʻshimchalar kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

32. Mahallalarda (qishloqlarda) loyihalar toʻplamini shakllantirish jarayoni yuzasidan yoki tadbirlarni moliyalashtirish bilan bogʻliq nizolar Maxsus komissiya tomonidan amaldagi qonunchilikka muvofiq hal etiladi.

3-bob. Gʻolib deb topilgan tadbirlarni moliyalashtirish tartibi

33. Jamgʻarma mablagʻlari faqat portal orqali gʻolib deb topilgan loyihalar toʻplamini moliyalashtirish uchun sarflanadi. Bunda loyihalar toʻplamida nazarda tutilgan tadbirlar bilan bir qatorda ushbu tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha rasmiylashtirilishi lozim boʻlgan hujjatlar (tegishli tashkilotlarning xulosalari, yakuniy koʻrikdan oʻtkazish xarajatlari va boshqalar) uchun ham toʻlovlar moliyalashtirilishiga yoʻl qoʻyiladi.

34. Ovoz berish bosqichi yakunlangandan soʻng uch kun ichida gʻolib deb topilgan loyihalar toʻplamini amalga oshirish boʻyicha manzilli roʻyxat (keyingi oʻrinlarda — manzilli roʻyxat) shakllantiriladi hamda jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish boʻyicha tuman (shahar) Maxsus komissiyasining tegishli qarori qabul qilinadi.

35. Maxsus komissiyaning qaroriga gʻolib deb topilgan loyihalar toʻplamini moliyalashtirish yuzasidan manzilli roʻyxat ilova qilinadi. Manzilli roʻyxat quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

gʻolib deb topilgan loyihalar toʻplamining portaldagi xos “ID” raqami;

amalga oshiriladigan tadbirlarning aniq manzili yoki balansda saqlovchi korxonaning manzili va nomi;

loyihalar toʻplamida nazarda tutilgan amalga oshirilishi lozim boʻlgan tadbirlarning qisqacha mazmuni;

tadbirni amalga oshirish uchun talab etiladigan dastlabki mablagʻ qiymati;

tadbirni amalga oshirish uchun buyurtmachi etib belgilangan korxona;

agar tadbir bevosita tovar va moddiy qiymatliklar (xizmatlar)ni xarid qilish bilan bogʻliq boʻlsa, ushbu loyihalar toʻplami boʻyicha mazkur Nizomga 3-ilovaga muvofiq shaklda xarid qilinadigan tovar (xizmat)lar reyestri (keyingi oʻrinlarda — reyestr) ilova qilinadi. Bunda Reyestrda koʻzda tutilgan xaridlarning jami summasi manzilli roʻyxatda tegishli loyihani moliyalashtirish uchun koʻzda tutilgan mablagʻdan ortib ketishiga yoʻl qoʻyilmaydi;

xarid qilish tartib-taomili turi.

36. Dasturlarni amalga oshirish doirasida bosh loyihachi va bosh pudrat tashkilotlar belgilangan tartibda “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimi orqali hamda obyektlarni saqlash bilan bogʻliq taʼmirlash ishlari uchun jalb etiladigan tashkilotlar belgilangan tartibda tender orqali aniqlanadi.

37. Loyihalarni koʻrib chiqish va amalga oshirish boʻyicha buyurtmachi tashkilotlar mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq belgilanadi.

38. Manzilli roʻyxat belgilangan tartibda rasmiylashtirilishi, jumladan, buyurtmachi tashkilotlar toʻgʻri tanlanishi, reyestr toʻgʻri shakllantirilishi, xarid qilish tartib-taomili turi va loyihani amalga oshirishning aniq manzili kabi maʼlumotlar toʻgʻri koʻrsatilishiga Maxsus komissiya masʼul hisoblanadi.

39. Manzilli roʻyxat tasdiqlangandan soʻng bir ish kunida gʻolib deb topilgan loyihalar toʻplamini amalga oshirish uchun yer va boshqa resurslar ajratilishi, shuningdek, tegishli soha inspeksiyalarining ekspertiza xulosalari talab etilgan hollarda tuman (shahar) hokimligi tomonidan ushbu resurslarni ajratish boʻyicha qaror qabul qilish vakolatiga ega tashkilotlarga soʻrovlar yuboriladi.

40. Manzilli roʻyxat tasdiqlanganidan soʻng tuman (shahar) iqtisodiyot va moliya boʻlimi tomonidan gʻolib deb topilgan loyihalar toʻplamini moliyalashtirish uchun buyurtmachi tashkilotlarga har bir loyiha toʻplami va tadbirlar uchun alohida Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari ochiladi.

41. Tuman (shahar) hokimligi tomonidan uch kun ichida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga jamgʻarma hisobidan loyihalar uchun manzilli roʻyxatda nazarda tutilgan mablagʻlar oʻtkazib beriladi.

42. Manzilli roʻyxatda nazarda tutilgan mablagʻlar tegishli shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga oʻtkazib berilgandan soʻng buyurtmachi tashkilotlar uch kun ichida tovar-moddiy boyliklar (ishlar va xizmatlar)ni xarid qilish uchun taʼminotchi korxonalarni aniqlash, qurilish-taʼmirlash bilan bogʻliq tadbirlar boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarini shakllantirish va loyihachi korxonalarni aniqlash boʻyicha davlat xaridlari elektron tizimiga eʼlon joylashtiradi.

43. Qurilish va taʼmirlash bilan bogʻliq tadbirlar yuzasidan loyiha-smeta hujjatlariga ekspertiza xulosasi olingan kundan boshlab bir ish kuni ichida buyurtmachi tashkilotlar manzilli roʻyxatda koʻrsatilgan xarid qilish tartib-taomili turi boʻyicha pudrat korxonalarni aniqlash ishlarini boshlash choralarini koʻradi.

Bunda elektr va gaz tarmoqlarini loyihalash, soha ekspertizasidan oʻtkazish va qurilish-taʼmirlash ishlari “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ va “Hududgaztaʼminot” AJning hududiy tashkilotlari tomonidan xoʻjalik usulida (tashkilotlarning oʻzlari tomonidan loyihalash, soha ekspertizasidan oʻtkazish, qurilish-montaj ishlarini bajarish) amalga oshiriladi.

4-bob. Loyihalarni amalga oshirishda jamoatchilik nazoratini yuritish tartibi

44. Gʻolib deb topilgan loyihalar toʻplamini amalga oshirishning barcha bosqichlari fuqarolar uchun ochiqligini va ular tomonidan jamoatchilik nazorati oʻrnatilishini taʼminlash maqsadida portalda har bir tadbir boʻyicha “loyihalar toʻplamini amalga oshirish xronologiyasi” yuritib boriladi.

45. Maxsus komissiya loyihalar toʻplamini amalga oshirish xronologiyasida tegishli maʼlumotlar belgilangan muddatlarda kiritilishiga va yangilab borilishiga masʼul hisoblanadi.

46. Loyihalar toʻplamini amalga oshirish xronologiyasi quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi:

buyurtmachi tashkilot nomi;

loyiha toʻplami uchun ochilgan hisobvaraq;

loyiha toʻplami uchun ajratilgan mablagʻ miqdori;

loyiha-smeta va ekspertiza hujjatlari;

“Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuniga muvofiq oʻtkazilgan tanlovlar;

Pudrat tashkiloti toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

amalga oshirilgan xarajatlar va rasmiylashtirilgan shartnomalar.

47. Gʻolib deb topilgan loyihalar toʻplami fuqarolar tomonidan tadbirlarni amalga oshirishning barcha bosqichlarini kuzatish hamda bajarilgan ishlarni real vaqt koʻrinishida baholab borish imkoniyatiga ega boʻladi. Bunda jamoatchilik nazorati doirasida fuqarolar tadbirlarni kuzatib borish orqali qonun buzilishi holatlari yoki kamchiliklar aniqlaganda shikoyat tarzida vakolatli organlarga yoki portal orqali “onlayn murojaat” sahifasiga murojaat qilishlari mumkin.

48. Fuqarolar tomonidan loyihalar toʻplamini amalga oshirishda boshqa koʻrinishdagi aralashuvlarga (pudrat tashkilotini aniqlash yoki ishlarni ularning oʻzlari tomonidan amalga oshirish, loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish va shu kabilarga) yoʻl qoʻyilmaydi.

49. Gʻolib deb topilgan loyihalar toʻplamini amalga oshirish yakunlangandan soʻng mahalla fuqarolar yigʻini raislari va mahalla faollari tomonidan amalga oshirilgan ishlar portalda “Jamoatchilik nazorati” boʻlimi orqali baholanadi va bajarilgan ishlar yuzasidan kamchiliklar kuzatilganda izohlar bildirish hamda foto yoki video materiallar ilova qilish imkoniyati yaratiladi.

50. Loyihalar toʻplamini amalga oshirish davomida yoki ishlar yakunlangandan soʻng bajarilgan ishlar natijalariga koʻra ortiqcha toʻlovlar yoki kamomad aniqlangan hollarda aniqlangan kamomad mablagʻlari tegishliligi boʻyicha jamgʻarmaga toʻliq qayta tiklanishi taʼminlanadi.

51. Yil yakunlariga koʻra rasmiylashtirilgan shartnomaga muvofiq tadbirlar amalga oshirilmagan yoki qisman bajarilgan boʻlsa, shartnomada belgilangan tadbirlarni hamda toʻlovlarni kelgusi yilda amalga oshirishni nazarda tutuvchi qoʻshimcha kelishuv rasmiylashtirilishi mumkin.

52. Fuqarolarni ragʻbatlantirish maqsadida har yil yakunlari boʻyicha jamoatchilik fikri asosida loyihalarni shakllantirish bilan bogʻliq jarayonlarda faol ishtirok etgan fuqarolar ragʻbatlantirib boriladi.

Bunga koʻra har yili oktabr oyida har bir tuman va shahar hokimliklari tomonidan tashabbusli budjetlashtirish jarayonlarida eng faol ishtirok etgan (targʻibot ishlarida faollik koʻrsatgan hamda loyihalarni sifatli amalga oshirilishida jamoatchilik nazoratini oʻrnatgan) bir nafar fuqaro nomzodi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga belgilangan tartibda taqdirlash uchun taqdim etiladi.

Iqtisodiyot va moliya vazirligi taqdim etilgan nomzodlarni taqdirlash maqsadida har yili dekabr oyida tadbir tashkil etadi hamda ommaviy axborot vositalari ishtirokida tantanali ravishda “Faol fuqaro” sertifikati (ramziy belgisi) bilan taqdirlaydi.

Taqdirlangan fuqarolarga Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan umumiy qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravaridan oshmagan qiymatdagi esdalik sovgʻasi taqdim etiladi. Ushbu xarajatlarni qoplash uchun har yili Davlat budjetida tegishli mablagʻlar rejalashtiriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

53. Dasturlar uchun ajratilgan mablagʻlardan belgilangan maqsadlarda va samarali foydalanish hamda mablagʻlarning ajratilishi uchun taqdim etiladigan barcha hujjatlarning haqqoniyligiga Maxsus komissiya javobgar hisoblanadi.

54. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

“Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlarini jamoatchilik fikri asosida tashabbusli budjetlashtirish jarayonlari orqali amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Tumanlar (shaharlar) hokimliklari huzuridagi “Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlari doirasida loyihalar toʻplamini shakllantirish, baholash hamda ularning mezonlarga mosligini muvofiqlashtirish boʻyicha maxsus komissiyaning

T/r F.I.O. Ish joyi va lavozimi * 1. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) hokimining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosari, maxsus komissiya rahbari 2. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) hokimining qurilish, kommunikatsiyalar, kommunal xoʻjalik, ekologiya va koʻkalamzorlashtirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari 3. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) hokimining yoshlar siyosati, ijtimoiy rivojlantirish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari 4. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) Iqtisodiyot va moliya boʻlimi boshligʻi 5. Lavozimiga koʻra (kelishuv asosida) — tuman (shahar) hokimligi huzuridagi Jamoatchilik kengashi vakili 6. Lavozimiga koʻra (kelishuv asosida) — nodavlat notijorat tashkilotlari vakillari

“Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlarini jamoatchilik fikri asosida tashabbusli budjetlashtirish jarayonlari orqali amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Tashabbusli budjet jarayoni yakunlariga koʻra gʻolib boʻlgan loyihalar toʻplamini amalga oshirish boʻyicha buyurtmachi tashkilotlar

T/r Loyihaning qisqacha nomi Balansda saqlovchi Buyurtmachi korxona xarid tadbirlari taʼmirlash tadbirlari* qurish tadbirlari* 1. Avtomobil yoʻllarini (piyodalar yoʻlakchasi, yoʻl oʻtkazgichlar) taʼmirlash bilan bogʻliq tadbirlar Tuman (shahar) obodonlashtirish boshqarmasi - Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tizimidagi buyurtmachi tashkilotlar Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tizimidagi buyurtmachi tashkilotlar Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi hududiy bosh boshqarmalari - Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tizimidagi buyurtmachi tashkilotlar Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tizimidagi buyurtmachi tashkilotlar 2. Ichimlik suv va oqova suv tizimini yaxshilash bilan bogʻliq tadbirlar Suv taʼminoti korxonasi - “Suv taʼminoti va oqova suv obyektlari qurilishi boʻyicha injiniring kompaniyasi” unitar korxonasi “Suv taʼminoti va oqova suv obyektlari qurilishi boʻyicha injiniring kompaniyasi” unitar korxonasi 3. Maktabgacha taʼlim tashkilotlarini taʼmirlash va moddiy-texnika bazasini rivojlantirish Maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi Maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 4. Umumtaʼlim maktablarini taʼmirlash va moddiy-texnika bazasini rivojlantirish Maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi Maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 5. Sogʻliqni saqlash muassasalarini taʼmirlash va moddiy-texnika bazasini rivojlantirish Tibbiyot birlashmasi Tibbiyot birlashmasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 6. Sport muassasalari yoki sogʻlomlashtirish markazlarini taʼmirlash va moddiy-texnika bazasini rivojlantirish Barcha hollarda Sportni rivojlantirish boʻlimi/buyurtmachi korxona Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 7. Oliy taʼlim muassasalari binolarini taʼmirlash va moddiy-texnika bazasini rivojlantirish Oliy taʼlim muassasasi Oliy taʼlim muassasasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 8. Musiqa maktablari binolarini taʼmirlash va moddiy-texnika bazasini rivojlantirish Musiqa maktablari Musiqa maktablari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 9. Boshqa taʼlim muassasalari binolarini taʼmirlash va moddiy-texnika bazasini rivojlantirish Budjet mablagʻlarini taqsimlovchi Budjet mablagʻlarini taqsimlovchi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 10. Mahalla guzari (mahallada umumfoydalanishda boʻlgan boshqa obyektlar)ni taʼmirlash-tiklash bilan bogʻliq xarajatlar Mahalla fuqarolar yigʻini Shahar va tumanlar hokimliklari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 11. Bolalar maydonchalarini (oʻyingohlarni) barpo etish yoki taʼmirlash bilan bogʻliq tadbirlar Mahalla fuqarolar yigʻini Shahar va tumanlar hokimliklari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Koʻp qavatli uylarni boshqaruvchi tashkilotlar Shahar va tumanlar hokimliklari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 12. Aholi dam olish maskanlarini taʼmirlash yoki moddiy-texnika bazasini rivojlantirish bilan bogʻliq tadbirlar Barcha hollarda Shahar va tumanlar hokimliklari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 13. Koʻp qavatli uylarni taʼmirlash tadbirlari Boshqaruv servis kompaniyalari - Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 14. Koʻcha chiroqlarini oʻrnatish yoki taʼmirlash (simyogʻoch oʻrnatish) tadbirlari Obodonlashtirish boshqarmasi Obodonlashtirish boshqarmasi Obodonlashtirish boshqarmasi Obodonlashtirish boshqarmasi 15. Drenaj va ariq (zovur)larni tartibga keltirish bilan bogʻliq tadbirlar Irrigatsiya boʻlimi - Obodonlashtirish boshqarmasi “Suvqurilish invest” davlat muassasasi 16. Obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish (tuman yoki shahar qiyofasini oʻzgartirish) bilan bogʻliq tadbirlar Obodonlashtirish boshqarmasi Obodonlashtirish boshqarmasi Obodonlashtirish boshqarmasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” IK 17. Qabristonlarni tartibga keltirish tadbirlari Obodonlashtirish boshqarmasi Obodonlashtirish boshqarmasi Obodonlashtirish boshqarmasi Obodonlashtirish boshqarmasi 18. Boshqalar - Tegishli tarmoq korxonalari Tegishli tarmoq korxonalari Tegishli tarmoq korxonalari

“Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlarini jamoatchilik fikri asosida tashabbusli budjetlashtirish jarayonlari orqali amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

____________ tumani (shahri) boʻyicha oʻtkazilgan tashabbusli budjet jarayoni yakunlariga koʻra gʻolib boʻlgan ID ____________ loyihalar toʻplamini amalga oshirish boʻyicha xarid qilinadigan tovar (xizmat)lar

(ming soʻm) T/r Tovarlar (xizmatlar) nomi Soni Narxi (bozor qiymatida) Summasi 1. 2. 3. 4. 5. ... JAMI

“Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlarini jamoatchilik fikri asosida tashabbusli budjetlashtirish jarayonlari orqali amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

“Obod qishloq” va “Obod mahalla” dasturlarini jamoatchilik fikri asosida shakllantirish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Mahalla fuqarolar yigʻinlari raislari Tegishli mahalla hududidagi muammolarni bartaraf etish yuzasidan tegishli mahalla (qishloq) fuqarolari bilan bamaslahat hamda ularning fikridan kelib chiqqan holda tadbirlar roʻyxatini shakllantiradi. Jarayon boshlanishidan kamida uch kun oldin 2-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Har bir mahalla fuqarolar yigʻinlari (MFY) raislari nomiga elektron raqamli imzo (ERI) orqali roʻyxatdan oʻtuvchi alohida xususiyatli foydalanuvchi uchun login va parollar rasmiylashtiriladi. Jarayon boshlanishidan kamida uch kun oldin 3-bosqich Mahalla fuqarolar yigʻinlari raislari Mahalla va qishloqlarda har bir MFY raislari tomonidan mahalla fuqarolari bilan bamaslahat tarzda Portalga loyihalar kiritiladi 10 kun muddat ichida 4-bosqich Maxsus komissiya Loyihalar toʻplamini portalga kelib tushgan kundan boshlab oʻrganib chiqadi va tadbirlarning barchasi belgilangan mezonlarga muvofiqligi boʻyicha saralaydi hamda tadbirlarni amalga oshirish imkoniyati va qiymatiga aniqlik kiritish maqsadida tegishliligi boʻyicha buyurtmachilarga yuboradi. 3 kun ichida 5-bosqich Buyurtmachilar Loyihalarni amalga oshirish imkoniyatlariga va qiymatiga aniqlik kiritadi hamda loyihani qabul qilish yoki rad etish yuzasidan Maxsus komissiyaga xulosa taqdim etadi. 7 kun ichida 6-bosqich Maxsus komissiya Buyurtmachilardan olingan xulosalar asosida loyihalar toʻplami va loyihalar toʻplami tarkibidagi tadbirlarni koʻrib chiqib, qabul qiladi yoki rad etadi, qabul qilingan loyihalar toʻplamini ovoz berish bosqichiga oʻtkazadi. 2 kun ichida 7-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Ovoz berish jarayoni boshlanishi yuzasidan barcha fuqarolarni xabardor qilish maqsadida SMS xabarnomalar yuboradi Ovoz berish jarayoni boshlanishidan uch kun avval 8-bosqich “Ochiq budjet” axborot portali Maxsus komissiya tomonidan qabul qilingan loyihalar toʻplamiga ovoz berish imkoniyati beriladi va ommaviy ovoz berish jarayonlari boshlanadi. Saralash (moderatsiya) bosqichi yakunlangandan soʻng 9-bosqich Fuqarolar Mahallalardagi (qishloqlardagi) muammolarni hal etish boʻyicha loyihalar toʻplami va uning tarkibidagi tadbirlarga SMS xizmati, “Telegram” ijtimoiy tarmogʻidagi “maxsus bot”, shuningdek portalning mobil ilovalaridan foydalangan holda ovoz beradilar. Bir fuqaro faqat bitta loyihalar toʻplamiga ovoz beradi, biroq ushbu loyihalar toʻplami tarkibidagi bir nechta tadbirlarga ovoz berish huquqiga ega. 10 kun davomida 10-bosqich “Ochiq budjet” axborot portali Ovoz toʻplash jarayoni yakunlariga koʻra eng yuqori koʻrsatkichni qayd etgan mahallalar (qishloqlar) portal tomonidan avtomatik tarzda gʻolib deb topiladi. Ovoz berish yakunlariga koʻra

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 3-may,

183-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.05.2023-y., 09/23/183/0247-son; 01.08.2023-y., 09/23/327/0549-son)

lex.uz