📅 2023-yil 18-aprel · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 18-aprel · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 18 апрель · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 18 апреля 2023 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 18 April 2023 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
НИЗОМ
МАЪЛУМОТЛАР
Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ва « Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2023 йил 18 апрелдаги 8/3-сон қарорига ИЛОВА
Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш, лицензияни қайта расмийлаштириш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва чақириб олиш тартиб-таомилларини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
тўлов тизими оператори — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов тизимининг ишлашини таъминлаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;
тўлов ташкилоти — банк ҳисобланмайдиган, тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган юридик шахс;
билвосита эгалик қилувчи (олувчи) — тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотининг акцияларига ёки устав фондидаги (устав капиталидаги) улушига ўзи назорат қиладиган бошқа шахс орқали эгалик қилувчи (акцияларни олувчи) жисмоний ёки юридик шахс;
муҳим тўлов тизими оператори — тўлов тизимининг узлуксиз ишлаши ёки унинг ишидаги тўхталишлар (узилишлар) Ўзбекистон Республикаси тўлов хизматлари бозорининг барқарор фаолият кўрсатишига таъсир кўрсатадиган ёки тўлов хизматлари бозорида таваккалчиликларнинг пайдо бўлишига олиб келадиган, шунингдек Марказий банк томонидан муҳим тўлов тизими жумласига киритилган тўлов тизимининг оператори;
лицензия даъвогари — тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) олиш учун мурожаат қилган юридик шахс.
бенефициар мулкдор — тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотига пировардида эгалик қилувчи ёки уни назорат қилувчи жисмоний шахс (жисмоний шахслар).
2. Лицензия Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан чекланмаган муддатга берилади.
3. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи лицензия берилган вақтдан бошлаб вужудга келади.
4. Лицензияни бошқа шахсларга бериш тақиқланади .
5. Лицензия берилганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган миқдорида давлат божи ундирилади.
2-боб. Лицензия талаблари ва шартлари
6. Қуйидагилар тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг муассислари (акциядорлари)нинг мазкур Низомнинг 3-бобида белгиланган талабларга мувофиқлиги;
тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг ижро этувчи органи раҳбарларининг мазкур Низомнинг 4-бобида белгиланган талабларга мувофиқлиги;
тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти бенефициар мулкдори, муассислари (акциядорлари) ҳамда ижро этувчи органи раҳбарларининг мазкур Низомнинг 5-бобида белгиланган ишчанлик обрўсига доир талабларга мувофиқлиги;
тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг мазкур Низомнинг 6-бобида белгиланган устав фондига (устав капиталига) қўйилган талабларга мувофиқлиги;
тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг мазкур Низомнинг 7-бобида белгиланган ташкилий, техник, хавфсизлик ҳамда фаолиятнинг узлуксизлигига доир талабларга мувофиқлиги;
тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши.
3-боб. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг муассислари (акциядорлари)га қўйиладиган талаблар
7. Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ҳамда норезидент юридик ва жисмоний шахслар тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти муассислари (акциядорлари) бўлиши мумкин.
8. Халқаро молия институтлари, чет эл тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари ва бошқа кредит ташкилотлари ҳисобланмайдиган норезидент юридик шахслар ҳамда норезидент жисмоний шахсларнинг тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти устав фондидаги (устав капиталидаги) жами улуши эллик фоиздан ошмаслиги керак.
Ушбу Низом мақсадларида бошқа кредит ташкилотлари деганда қуйидагилар тушунилади:
мазкур Низомнинг 8 1 -бандида кўрсатилган молиявий фаолият турларини амалга оширувчи компанияларни бошқариш мақсадида ташкил этилган холдинг компанияси (бошқарув компанияси);
ваколатли давлат органининг лицензияси (рухсатномаси) асосида мазкур Низомнинг 8 1 -бандида кўрсатилган молиявий фаолият турларидан бирини амалга оширувчи ва жойлашган (рўйхатга олинган) давлатида консолидациялашган назорат мавжуд бўлган юридик шахслар.
8 1 . Мазкур Низом мақсадларида қуйидаги фаолият турлари молиявий фаолият турлари ҳисобланади:
банк фаолияти;
микромолиялаш фаолияти;
суғурта фаолияти ;
лизинг фаолияти ;
ипотекани қайта молиялаш фаолиятини амалга ошириш.
9. Халқаро молия институтлари, чет эл тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари ва бошқа кредит ташкилотлари ҳисобланувчи норезидент юридик шахслар Ўзбекистон Республикасида тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти устав фондининг (устав капиталининг) эллик фоиздан ортиқ улушига эга бўлиши учун ушбу ташкилотларнинг устав фонди (устав капитали) 20 миллион евро эквивалентидан кам бўлмаслиги керак.
Агар молиявий ташкилот устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори 20 миллион евро эквивалентидан кам бўлган тақдирда, чет давлатнинг назорати органи томонидан молиявий ташкилотнинг салоҳиятига берилган баҳоси эътиборга олиниши мумкин.
10. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти муассислари (акциядорлари) бўлган юридик шахслар белгиланган тартибда рўйхатга олинган ва камида бир йил фаолият юритаётган бўлиши керак.
11. Қуйидагилар тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотининг бенефициар мулкдори ёхуд муассислари (акциядорлари) бўлиши мумкин эмас:
тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотининг устав фондини (устав капиталини) шакллантириш учун йўналтириладиган пул маблағларининг келиб чиқиш манбалари ҳақидаги ахборот мавжуд бўлмаган жисмоний ва юридик шахслар;
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари ёки чет давлатнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тўлов тизими оператори ёхуд тўлов ташкилоти устав фондига (устав капиталига) ёки акцияларига эгалик қилишига тақиқ (чекловлар) мавжуд бўлган жисмоний ва юридик шахслар;
жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар , жамоат фондлари , нодавлат нотижорат ташкилотлар , бюджетдан ташқари жамғармалар, сиёсий партиялар , касаба уюшмалари ;
давлат органлари, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
мазкур Низомнинг 13-бандида белгиланган ишчанлик обрўсига доир талабларга мувофиқ бўлмаган жисмоний шахслар;
тўловга қобилиятсиз деб эътироф этилган юридик ва жисмоний шахслар.
4-боб. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг ижро этувчи органи раҳбарларига қўйиладиган талаблар
12. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти ижро этувчи органларининг раҳбарлари қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши лозим:
олий маълумотга эга бўлиши;
банк-молия соҳасида ёки ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида камида икки йиллик тажрибага эга бўлиши;
мазкур Низомнинг 13-бандида белгиланган ишчанлик обрўсига доир талабларга мувофиқ бўлиши.
5-боб. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти бенефициар мулкдори, муассислари (акциядорлари) ҳамда ижро этувчи органи раҳбарларининг ишчанлик обрўсига доир талаблар
13. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти бенефициар мулкдори, муассислари (акциядорлари) ҳамда ижро этувчи органи раҳбарларининг ишчанлик обрўсига доир талаблар қуйидагиларни ўз ичига олади:
шахснинг профессионаллигини, виждонлилигини, тартиблилигини ва бошқа сифатларини тасдиқловчи, қонунчилик ҳужжатлари асосида иш юритиши ҳамда ташкилотни хатарга ва унга нисбатан ишончнинг йўқотилишига олиб келувчи ҳаракатлар қилмайди деб ҳисоблашга асос бўлувчи бенуқсон ишчанлик обрўсининг мавжудлиги;
бенефициар мулкдор, муассислар (акциядорлар) ва ижро этувчи орган раҳбарларига нисбатан иқтисодий жиноятлар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ҳамда оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш, бошқарув тартибига қарши жиноятлар, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси ва ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар учун тугалланмаган ёки олиб ташланмаган судланганлик ҳолатининг мавжуд эмаслиги;
бенефициар мулкдор, муассислар (акциядорлар) ва ижро этувчи орган раҳбарлари террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётганлар рўйхатида мавжуд эмаслиги;
бенефициар мулкдор, муассислар (акциядорлар) ва ижро этувчи орган раҳбарларини молия соҳасида профессионал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги суд қарорининг мавжуд эмаслиги;
чет давлат ваколатли органи томонидан лавозимига киришишидан олдин келишиб олиниши (тайинланиши, тасдиқланиши) талаб қилинадиган номзоднинг раҳбар лавозимига, олдиндан келишиб олинмасдан (тайинланмасдан, тасдиқланмасдан) киришганлиги ҳолатининг мавжуд эмаслиги;
муассислар (акциядорлар) ва ижро этувчи орган раҳбарлари ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида ўзи ҳозирда ёки илгари ижроия органи, кузатув кенгаши аъзоси бўлган ёхуд ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган иштирокчиси (муассиси) сифатида ёки бошқа усулда назорат қилган ёки назорат қилаётган юридик шахсни тўловга қобилиятсизлик ва мажбурий ликвидация ҳолатига олиб келганлигини тасдиқловчи далилларнинг мавжуд эмаслиги;
раҳбар бўлиб ишлаётган (ишлаган) юридик шахс ёки унинг алоҳида бўлинмасининг ташқи ёхуд бошқа объектив омиллар билан асосланмаган салбий молиявий кўрсаткичларга эгалигини (эга бўлганлигини) тасдиқловчи далилларнинг мавжуд эмаслиги;
ҳозирда ёки олдин ижро органи, кузатув кенгаши аъзоси бўлган ёки ҳал қилувчи эгаси (акционери) бўлган ёхуд бошқа усулда назорат қилган ёки қилаётган юридик шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ёки чет давлат молиявий сектор назорат органи томонидан қўпол ва жиддий қоидабузарликлар учун қўлланилган чора ҳамда санкцияларнинг мавжуд эмаслиги.
6-боб. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг устав фондига (устав капиталига) қўйиладиган талаблар
14. Тўлов тизими оператори устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори 50 миллиард сўмни ташкил этиши лозим.
15. Тўлов ташкилоти устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори:
2024 йил 1 июлдан эътиборан 10 миллиард сўмни;
2025 йил 1 июлдан эътиборан 20 миллиард сўмни ташкил этиши лозим.
16. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг устав фонди (устав капитали) Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида шакллантирилади ҳамда тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг муассислари (акциядорлари) томонидан киритилган пул маблағларидан ташкил топади.
Лицензия даъвогари устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори лицензия олиш учун ариза тақдим этилган вақтда тўлиқ шаклланган бўлиши ва лицензия берилгунига қадар банк ҳисобварағида сақланиши керак.
Устав фондини (устав капиталини) шакллантириш учун кредитга, гаровга олинган маблағлардан, мажбурият юклатилган бошқа маблағлардан, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
7-боб. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотига қўйиладиган ташкилий, техник, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, шубҳали (фрод) операцияларга қарши чоралар кўриш ҳамда фаолиятнинг узлуксизлигига доир талаблар
17. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотида тўлов хизматларини кўрсатиш фаолиятини самарали амалга ошириш мақсадида қуйидагилар мавжуд бўлиши лозим:
тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотига тегишли ёки камида уч йил муддатга ижарага олинган ҳамда тегишли хавфсизлик талабларига мувофиқ бўлган бинолар;
тўлов тизими ва тўлов хизматларини кўрсатиш, бошқарув, ички назорат ва таваккалчиликларни бошқариш тизимларининг самарали ишлаши, шунингдек ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда шубҳали (фрод) операцияларга қарши чоралар кўриш учун малакали ва тажрибали ходимлар;
тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти фаолиятининг хусусияти ҳамда ҳажмини инобатга олган ҳолда техник қуввати етарли бўлган функционал ускуналар (компьютер, коммуникация, маълумотларни сақлаш ва тўлов тизими ишлашини таъминлайдиган бошқа техник ускуналар) ва дастурий таъминот билан жиҳозланган бўлиши;
мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тизимининг мавжудлиги;
банкнинг тўлов тизими ҳисоб-китоб банки бўлишга ёзма розилиги (шартнома нусхаси);
банкнинг эквайринг хизматларини кўрсатиш юзасидан ёзма розилиги (шартнома нусхаси).
Бунда, ҳисоб-китоб банки ва эквайринг хизматларини кўрсатувчи банк тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти билан тузиладиган шартнома доирасида кредит, ликвидлилик, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, шубҳали (фрод) операцияларга қарши чоралар кўриш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга доир талабларга риоя этиш ҳамда таваккалчиликларни бошқаришда масъул ҳисобланади.
18. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти ахборот тизимларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигини таъминлаши ҳамда ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиши шарт.
19. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти ахборот тизимларини «Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчиларнинг тўлов тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш чораларини кўриш тўғрисида»ги низомга (рўйхат рақами 3513, 21.05.2024 йил) мувофиқ ташкил этиши зарур.
Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг ахборот тизимлари қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:
серверлар Oʻz DSt 2875:2014 «Датамарказларга қўйиладиган талаблар. Инфратузилма ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш» стандартидаги датамарказларда жойлаштирилганлиги;
архивлаш, антивирус, виртуал тармоқ, тармоқ муҳофазаси, мониторинг, тажовузларни аниқлаш, идентификация, назорат қилиш ва бошқа қўлланиладиган ахборот хавфсизлиги тизимлари мавжудлиги;
тунги вақтда қўриқлаш ва огоҳлантириш қурилмалари билан жиҳозланиши.
Тўлов тизими операторларида PCI DSS стандартларига риоя этилиши бўйича сертификат бўлиши керак. Агар ушбу сертификатлар лицензия олиш учун ҳужжат топшириш вақтида мавжуд бўлмаса, банк карталарига доир ахборотларга ишлов бериш фаолияти бошлангунга қадар тақдим этилиши керак.
20. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти операцион таваккалчиликни баҳолаш ҳамда операцияларнинг таъсирини таҳлил қилиш асосида фаолиятнинг узлуксизлигини таъминлаш режасини ва захира режаларини ишлаб чиқиши ҳамда Марказий банкка тақдим этиши керак.
21. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти фаолияти узлуксизлигини таъминлаш режаси қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
фаолиятнинг узлуксиз ишлашини таъминловчи тартибларнинг тавсифи;
фаолиятнинг узлуксиз ишлаши учун зарур бўлган ресурслар тўғрисидаги янгиланган маълумотлар;
режани амалга ошириш учун масъул бўлган гуруҳ аъзолари, уларнинг вазифалари ва мажбуриятлари, ички ва ташқи алоқа каналлари бўйича янгиланган маълумотлар;
фаолиятга ташқи омилларнинг таъсирини таҳлил қилиш;
узилишлардан кейин тизимни қайта тиклаш учун маълумотларнинг нусхаларини захирага олиш тартиби;
тизим фаолиятининг ишдан чиқиши ва бузилишлар содир бўлганда, амалга ошириладиган ҳаракатлар режаси;
фаолиятни стресс тестдан ўтказиш даврийлиги ва усули;
тўлов хизматларини кўрсатиш тўхтатилганда, тугалланмаган тўлов операцияларининг бажарилишини таъминлаш ва мавжуд шартномаларнинг бекор қилиниши ҳолларида кўриладиган чора-тадбирлар тавсифи.
Захира режалар фавқулодда ҳодисалар юз берганда, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг аппарат дастурий мажмуалари, ходимлари ҳамда аутсорсингга топширилган хизматларнинг ҳаракати билан боғлиқ жараёнларни ўз ичига олиши зарур.
8-боб. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар
22. Банклар тўлов тизими оператори фаолиятини амалга ошириш учун Марказий банкка лицензия олиш тўғрисида мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ электрон ёки ёзма шаклдаги аризани тақдим этади ҳамда аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:
банк бошқарувининг тўлов тизимини ташкил этиш ҳақидаги қарорининг кўчирма нусхаси;
яқин икки календарь йил учун тўлов тизимини ривожлантиришга доир бизнес-режа, унда тўлов тизимини ташкил этишнинг мақсадлари ва режалаштирилаётган натижалари, шу жумладан бозор ва инфратузилма омилларининг таҳлили кўрсатилади;
тўлов тизимининг қоидалари, шу жумладан антифрод тизимининг тавсифи.
23. Банк ҳисобланмайдиган лицензия даъвогари тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун Марказий банкка мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ электрон ёки ёзма шаклдаги лицензия олиш тўғрисидаги аризани тақдим этади ҳамда аризага қуйидагиларни илова қилади:
мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги лицензия даъвогарининг муассислари (акциядорлари) ҳақидаги маълумотлар;
лицензия даъвогарининг бухгалтерия баланси ва охирги ҳисобот санасига доир молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот;
лицензия даъвогарининг ижро органлари раҳбарлари ва аъзолари тўғрисидаги ахборот;
мазкур Низомнинг 28-бандида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлган бизнес-режа;
таваккалчиликларни бошқариш тизими тўғрисидаги, шу жумладан мижозларнинг пул маблағлари бут сақланишини таъминлашга доир талаблар ҳақидаги маълумотлар;
хавфсизлик тизимлари, назорат механизмлари ҳамда тизимлари тўғрисидаги маълумотлар;
хавфсизлик сиёсати ҳақидаги, шу жумладан таваккалчиликларни батафсил баҳолашни ўз ичига олган ҳужжат, шунингдек ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни ҳамда тўлов хизматидан фойдаланувчиларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш учун таваккалчиликларни, шу жумладан фирибгарлик ҳамда конфиденциал ва шахсга доир маълумотлардан қонунга зид равишда фойдаланиш хавфларини камайтириш бўйича кўриладиган чораларнинг тавсифи;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бажарилишини таъминлаш чораларининг тавсифи.
24. Марказий банк томонидан лицензия даъвогарининг аризасини кўриб чиққанлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
25. Банк ҳисобланмайдиган лицензия даъвогари тўлов тизими оператори фаолиятини амалга ошириш учун мазкур Низомнинг 23-бандида назарда тутилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидагиларни илова қилиши керак:
юридик шахс ваколатли органининг тўлов тизимини ташкил этиш тўғрисидаги қарорининг кўчирма нусхаси;
тўлов тизимининг қоидалари, шу жумладан антифрод тизимининг тавсифи;
банкнинг тўлов тизими ҳисоб-китоб банки бўлишга ёзма розилиги (шартнома нусхаси).
26. Лицензия даъвогари тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун мазкур Низомнинг 23-бандида назарда тутилган ҳужжатларга қўшимча равишда тўлов ташкилотининг тўлов тизими оператори ва иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини ҳам илова қилиши керак.
27. Банкнинг тўлов тизими операторининг ҳисоб-китоб банки бўлишга ёзма розилигида (шартнома нусҳасида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:
бошқа ҳисоб-китоб банкларининг ҳисобварақларига тўловларни амалга ошириш режаси;
тўловларнинг якунланганлиги ва чақириб олинмаслиги ҳолатлари;
банк иш куни давомида фойдаланиладиган маблағлар миқдори;
тўлов фармойишларини чақириб олиш тартиби.
28. Лицензия даъвогари томонидан тақдим этиладиган бизнес-режада яқин икки календарь йил учун тўлов тизимини ривожлантириш, шу жумладан тўлов хизматлари соҳасидаги фаолиятни ташкил этишнинг мақсадлари ва режалаштирилаётган натижалари, тўлов хизматлари бозори ва инфратузилмасига таъсир этувчи омилларнинг таҳлили кўрсатилади. Бизнес-режада қуйидагилар назарда тутилади:
фаолиятнинг нормал ва барқарор ишлашини таъминлаш учун мавжуд тизим ҳамда жараёнлар, техник ва молиявий ресурслардан фойдаланишни назарда тутадиган ва бозор нархларига асосланган ҳисоб-китоблар, бунда икки йил давомида даромад ва харажатлар прогнози акс эттирилиши зарур;
амалга оширилиши режалаштирилаётган операциялар ҳажми ва қиймати, мижозлар сони, нархлар, транзакция бўйича маълумотлар, рентабелликнинг кутилаётган ўсиши каби асосий кўрсаткичларни ўз ичига олган фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисобот;
молиявий қарздорликлар ва асосий воситаларнинг таснифи;
устав капитал ҳақидаги маълумот, шу жумладан, устав капиталининг миқдори, таркиби, манбалари тўғрисидаги маълумот;
тўлов хизматлари бозоридаги ўрни, тўлов хизматлари фойдаланувчилари ва иштирокчилари доираси, хизмат кўрсатиш каналларидан фойдаланиш бўйича маркетинг режаси;
фаолиятни амалга ошириш учун техник воситалар ва зарур манбалар тавсифи, шу жумладан тегишли ахборот тизимлари, ҳисоб-китоблар, бухгалтерия ва рўйхатга олиш тизимлари.
29. Лицензия даъвогари таваккалчиликларни бошқариш тизими тўғрисидаги, шу жумладан мижозларнинг пул маблағлари бут сақланишини таъминлашга доир талаблар ҳақидаги қуйидаги маълумотларни тақдим этиши керак:
таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш ёки бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар тавсифи;
ички назорат функциялари, жумладан комплаенс назорат қилиш учун масъул бўлган шахс (шахслар) маълумотлари;
лицензия даъвогарининг аутсорсингга топшириладиган функцияларини кузатиш ва назорат қилиш усулининг тавсифи;
агент ва субагентларини мониторинг қилиш ва назорат қилиш тартибининг тавсифи.
30. Лицензия даъвогари томонидан тақдим этиладиган тўлов ташкилотининг тўлов тизими оператори ва иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
тўлов хизматларининг тавсифи;
тўлов ташкилотининг тўлов тизими оператори ва иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш схемаси;
кўрсатилган хизматлар бўйича пул маблағлари ҳаракати ва ҳисоб-китоб тартиби ҳамда схемаси;
лицензия даъвогарининг учинчи шахсларга аутсорсингга бериши мумкин бўлган фаолият турлари.
9-боб. Аризани кўриб чиқиш, лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
31. Марказий банк лицензия даъвогарининг аризасини барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида кўриб чиқади ҳамда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
32. Марказий банк лицензия даъвогари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқлаш ҳамда лицензия даъвогарининг бино (офисларини) техник ва хавфсизлик шартларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида жойига чиқиб ўрганишлар ўтказиш ҳуқуқига эга.
33. Марказий банк лицензия даъвогарига қуйидаги ҳолларда лицензия беришни рад этади :
лицензия даъвогари томонидан тегишли тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилганда;
лицензия даъвогари томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;
лицензия даъвогари лицензия талабларига ва шартларига мувофиқ бўлмаганда.
34. Марказий банк мазкур Низомнинг 33-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳоллар аниқланганда, агар ариза ва тақдим этилган ҳужжатларда бартараф этиш мумкин бўлган камчиликлар мавжуд бўлса, уларни бартараф этиш учун лицензия даъвогарига муддат беради.
35. Камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарнома тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари, шунингдек лицензия даъвогари кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такроран тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади. Хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, лекин ушбу муддат ўттиз кундан ортиқ бўлмаслиги керак.
36. Камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарнома юборилган тақдирда, лицензияни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.
37. Ҳужжатлар хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этмасдан ёки хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин такроран тақдим этилган тақдирда, Марказий банк лицензияни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда, лицензияни беришни камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
38. Лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогари рад этиш сабаблари, қонунчиликнинг аниқ нормалари ва даъвогар мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади.
Лицензия даъвогари рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома олинган кундан эътиборан икки ойдан кўп бўлмаслиги керак.
39. Лицензия даъвогари лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, лицензияни бериш ёхуд уни беришни рад этиш лицензия даъвогарини рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн кундан ошмайдиган муддатда Марказий банк томонидан амалга оширилади. Лицензия даъвогарининг аризасини такроран кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.
40. Лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин лицензия даъвогари томонидан берилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва Марказий банк томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
10-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш , унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва лицензияни чақириб олиш
41. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти лицензия бериш учун тақдим этган ҳужжатлардаги маълумотлар ўзгарган тақдирда, Марказий банкни бу ҳақда уч иш куни мобайнида ёзма шаклда ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор этиши шарт.
42. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш куни ичида Марказий банкка, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
43. Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар, тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида унда кўрсатилган фаолиятни (ҳаракатларни) амалга оширади.
Лицензия қайта расмийлаштирилаётганда Марказий банк лицензиялар реестрига тегишли ўзгартишлар киритади.
Лицензияни қайта расмийлаштириш ҳамда бериш лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда Марказий банк томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Лицензияни қайта расмийлаштирганлик учун йиғим ундирилмайди.
44. Тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти Марказий банкнинг қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмасини бажармаган, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузган тақдирда, Марказий банк лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунигача бўлган муддатда тўхтатиб туриши мумкин .
45. Марказий банкнинг лицензияни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотига қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай юборилади.
46. Марказий банк лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунигача бўлган муддатда тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти томонидан бартараф этилиши муддатини белгилаши шарт. Бунда, кўрсатилган муддат тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
47. Тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш ҳақида Марказий банкка ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Агар тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганидан кейин олти ойдан сўнг лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида Марказий банкка ариза билан мурожаат этмаган бўлса, лицензия чақириб олинади.
48. Лицензияни тўхтатиб туриш ва чақириб олиш тўғрисидаги маълумот тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш куни ичида лицензиялар реестрига киритилиши керак.
49. Марказий банк лицензияни чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотига лицензияни чақириб олиш асосларини, қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказади.
Марказий банк қуйидаги ҳолларда тўлов тизимининг оператори ёки тўлов ташкилотининг лицензиясини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли:
тўлов тизимининг оператори ёки тўлов ташкилоти лицензиясини чақириб олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этганда;
тўлов тизимининг оператори ёки тўлов ташкилоти тугатилганда — тугатилиш пайтидан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этилиши натижасида тугатилганда — қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек қайта ташкил этилаётган тўлов тизими операторида янгитдан вужудга келган юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилиши санасидаги фаолиятнинг лицензияланадиган айни бир турини амалга оширишга доир лицензия мавжуд бўлганда қўшиб юборилиши мустасно;
Ўзбекистон Республикасининг «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган талаблар тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан мунтазам равишда ёки бир марта қўпол тарзда бузилганда;
тўлов тизимининг оператори ёки тўлов ташкилоти лицензия олинган кундан эътиборан бир йил давомида фаолиятни амалга оширмаганда ёки фаолияти олти ойдан ортиқ даврга тўхтатиб турилганда;
Марказий банкнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга зид эканлиги аниқланганда;
тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига, шунингдек ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга таъсир кўрсатувчи қоидабузарликлар Марказий банкнинг биринчи кўрсатмаси юборилган кундан эътиборан уч ой мобайнида тўлов тизимининг оператори томонидан бартараф этилмаганда;
тўлов тизимининг оператори бўлган банкда банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинганда.
50. Тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотининг фаолияти уларнинг тўлов тизимлари ва тўлов хизматларини ишга тушириш бўйича барча тест синовлари якунланганидан сўнг ҳамда тўлов хизматларидан чекланмаган тарзда фойдаланиш таклиф қилинган вақтдан бошланган деб ҳисобланади.
11-боб. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш
51. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат Марказий банк томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
52. Марказий банк лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишда ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларга ҳақли:
тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотларидан тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини талаб қилиш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотлари томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида юзага келадиган масалалар бўйича тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотларидан зарур ахборотни сўраш ва олиш;
текширишлар натижалари асосида тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотлари томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;
тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотларидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш муддатларини белгилаш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензияни чақириб олиш масаласи бўйича қарор чиқариш;
лицензиясиз тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти фаолияти амалга оширилаётганлиги тўғрисида аниқланган фактлар ҳақидаги маълумотларни белгиланган тартибда тегишли органларга қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган чоралар кўриш учун юбориш.
12-боб. Якуний қоидалар
53. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
54. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятига рухсат беришга доир низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
55. Марказий банкнинг қарорлари устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тўғрисидаги АРИЗА Қуйидаги реквизитлар билан тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия беришингизни сўраймиз: 1. Тўлиқ фирма номи:_____________________________________________________________________________________________ 2. Жойлашган жойи: ______________________________________________________________________________________________ 3. Муассислар томонидан тўлов тизими оператори фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш юзасидан уларнинг манфаатларини Марказий банкда ифода этиш учун ваколат берилган шахс(ларнинг) маълумотлари: Ф.И.О.:_________________________________________________________________________________________________________ Телфон:________________________________________________________________________________________________________ Почта манзили:__________________________________________________________________________________________________ Электрон почта манзили:__________________________________________________________________________________________ 4. Аризада илова қилинган ҳужжатлар руйхати ___________варақда (ҳужжатлар тикилган, рақамланган, имзоланган ва тегишли тартибда тасдиқланган бўлиши лозим) 1)_____________________________________________________________________________________________________________ 2)_____________________________________________________________________________________________________________ 3)_____________________________________________________________________________________________________________ 5. Тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия даъвогари томонидан мазкур Низомнинг 15-бандидаги амалга оширилиши режалаштирилган тўлов хизматлари турлари: 1)_____________________________________________________________________________________________________________ 2)_____________________________________________________________________________________________________________ 3)_____________________________________________________________________________________________________________ _______________ (ташкилот номи) «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонун ва лицензия талаблари ва қоидаларига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун муассислар муассислар (акциядорлар) жавобгар ҳисобланади. Ваколатли шахснинг ФИО.: ___________________________ (имзо)
Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Лицензия даъвогарининг муассислари (акциядорлари) ҳақидаги
1-жадвал Жисмоний шахслар Т/р Фамилияси Исми Отасининг исми Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР, ID-код) Шахсни тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари Яшаш жойи Телефон рақами Иш жойи тўғрисида маълумот Устав капиталига киритилган улуш миқдори Серияси (мавжуд бўлса) ва рақами Берган орган Берилган санаси Ташкилот номи Фаолият тури Эгаллаб турган лавозими Почта манзили Телефон рақами минг сўмда фоизда А 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 1. 2. 3. 4. 5.
2-жадвал Юридик шахслар Т/р Юридик шахснинг тўлиқ номи Юридик шахснинг тўлиқ номи СТИР Почта манзили Телефон рақами Тўлов реквизитлари Устав капиталига киритилган улуш миқдори хизмат кўрсатувчи банкнинг МФОси асосий ҳисобварағи минг сўмда фоизда А 1 2 3 4 5 6 7 8 9 1. 2. 3. 4. 5. Ваколатли шахснинг ФИО.: __________________________ (имзо)
Раис М. НУРМУРАТОВ
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. КАСИМОВ
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 18 апрель,
2023 йил 3 апрель
2023 йил 4 апрель
8/3-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI BOSHQARUVINING
Qarori
NIZOM
MAʼLUMOTLAR
Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi va “ Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:
1. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ushbu qaror Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakili hamda Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.
3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2023-yil 18-apreldagi 8/3-son qaroriga ILOVA
Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini litsenziyalash, litsenziyani qayta rasmiylashtirish, litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish va chaqirib olish tartib-taomillarini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
toʻlov tizimi operatori — Oʻzbekiston Respublikasi hududida toʻlov tizimining ishlashini taʼminlash boʻyicha faoliyatni amalga oshiruvchi yuridik shaxs;
toʻlov tashkiloti — bank hisoblanmaydigan, toʻlov xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha faoliyatni amalga oshirishga vakolatli boʻlgan yuridik shaxs;
bilvosita egalik qiluvchi (oluvchi) — toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkilotining aksiyalariga yoki ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushiga oʻzi nazorat qiladigan boshqa shaxs orqali egalik qiluvchi (aksiyalarni oluvchi) jismoniy yoki yuridik shaxs;
muhim toʻlov tizimi operatori — toʻlov tizimining uzluksiz ishlashi yoki uning ishidagi toʻxtalishlar (uzilishlar) Oʻzbekiston Respublikasi toʻlov xizmatlari bozorining barqaror faoliyat koʻrsatishiga taʼsir koʻrsatadigan yoki toʻlov xizmatlari bozorida tavakkalchiliklarning paydo boʻlishiga olib keladigan, shuningdek Markaziy bank tomonidan muhim toʻlov tizimi jumlasiga kiritilgan toʻlov tizimining operatori;
litsenziya daʼvogari — toʻlov tizimi operatorlari yoki toʻlov tashkilotlari faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziyani (bundan buyon matnda litsenziya deb yuritiladi) olish uchun murojaat qilgan yuridik shaxs.
benefitsiar mulkdor — toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkilotiga pirovardida egalik qiluvchi yoki uni nazorat qiluvchi jismoniy shaxs (jismoniy shaxslar).
2. Litsenziya Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) tomonidan cheklanmagan muddatga beriladi.
3. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini amalga oshirish huquqi litsenziya berilgan vaqtdan boshlab vujudga keladi.
4. Litsenziyani boshqa shaxslarga berish taqiqlanadi .
5. Litsenziya berilganligi uchun Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan miqdorida davlat boji undiriladi.
2-bob. Litsenziya talablari va shartlari
6. Quyidagilar toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya talablari va shartlari hisoblanadi:
toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining muassislari (aksiyadorlari)ning mazkur Nizomning 3-bobida belgilangan talablarga muvofiqligi;
toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining ijro etuvchi organi rahbarlarining mazkur Nizomning 4-bobida belgilangan talablarga muvofiqligi;
toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti benefitsiar mulkdori, muassislari (aksiyadorlari) hamda ijro etuvchi organi rahbarlarining mazkur Nizomning 5-bobida belgilangan ishchanlik obroʻsiga doir talablarga muvofiqligi;
toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining mazkur Nizomning 6-bobida belgilangan ustav fondiga (ustav kapitaliga) qoʻyilgan talablarga muvofiqligi;
toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining mazkur Nizomning 7-bobida belgilangan tashkiliy, texnik, xavfsizlik hamda faoliyatning uzluksizligiga doir talablarga muvofiqligi;
toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari aksiyadorlik jamiyatlari shaklida tashkil etilishi va faoliyat koʻrsatishi.
3-bob. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining muassislari (aksiyadorlari)ga qoʻyiladigan talablar
7. Oʻzbekiston Respublikasining rezidentlari boʻlgan yuridik va jismoniy shaxslar hamda norezident yuridik va jismoniy shaxslar toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkiloti muassislari (aksiyadorlari) boʻlishi mumkin.
8. Xalqaro moliya institutlari, chet el toʻlov tizimi operatorlari, toʻlov tashkilotlari va boshqa kredit tashkilotlari hisoblanmaydigan norezident yuridik shaxslar hamda norezident jismoniy shaxslarning toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) jami ulushi ellik foizdan oshmasligi kerak.
Ushbu Nizom maqsadlarida boshqa kredit tashkilotlari deganda quyidagilar tushuniladi:
mazkur Nizomning 8 1 -bandida koʻrsatilgan moliyaviy faoliyat turlarini amalga oshiruvchi kompaniyalarni boshqarish maqsadida tashkil etilgan xolding kompaniyasi (boshqaruv kompaniyasi);
vakolatli davlat organining litsenziyasi (ruxsatnomasi) asosida mazkur Nizomning 8 1 -bandida koʻrsatilgan moliyaviy faoliyat turlaridan birini amalga oshiruvchi va joylashgan (roʻyxatga olingan) davlatida konsolidatsiyalashgan nazorat mavjud boʻlgan yuridik shaxslar.
8 1 . Mazkur Nizom maqsadlarida quyidagi faoliyat turlari moliyaviy faoliyat turlari hisoblanadi:
bank faoliyati;
mikromoliyalash faoliyati;
sugʻurta faoliyati ;
lizing faoliyati ;
ipotekani qayta moliyalash faoliyatini amalga oshirish.
9. Xalqaro moliya institutlari, chet el toʻlov tizimi operatorlari, toʻlov tashkilotlari va boshqa kredit tashkilotlari hisoblanuvchi norezident yuridik shaxslar Oʻzbekiston Respublikasida toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkiloti ustav fondining (ustav kapitalining) ellik foizdan ortiq ulushiga ega boʻlishi uchun ushbu tashkilotlarning ustav fondi (ustav kapitali) 20 million yevro ekvivalentidan kam boʻlmasligi kerak.
Agar moliyaviy tashkilot ustav fondining (ustav kapitalining) eng kam miqdori 20 million yevro ekvivalentidan kam boʻlgan taqdirda, chet davlatning nazorati organi tomonidan moliyaviy tashkilotning salohiyatiga berilgan bahosi eʼtiborga olinishi mumkin.
10. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti muassislari (aksiyadorlari) boʻlgan yuridik shaxslar belgilangan tartibda roʻyxatga olingan va kamida bir yil faoliyat yuritayotgan boʻlishi kerak.
11. Quyidagilar toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkilotining benefitsiar mulkdori yoxud muassislari (aksiyadorlari) boʻlishi mumkin emas:
toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkilotining ustav fondini (ustav kapitalini) shakllantirish uchun yoʻnaltiriladigan pul mablagʻlarining kelib chiqish manbalari haqidagi axborot mavjud boʻlmagan jismoniy va yuridik shaxslar;
Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlari yoki chet davlatning qonunchilik hujjatlariga muvofiq toʻlov tizimi operatori yoxud toʻlov tashkiloti ustav fondiga (ustav kapitaliga) yoki aksiyalariga egalik qilishiga taqiq (cheklovlar) mavjud boʻlgan jismoniy va yuridik shaxslar;
jamoat birlashmalari va diniy tashkilotlar , jamoat fondlari , nodavlat notijorat tashkilotlar , budjetdan tashqari jamgʻarmalar, siyosiy partiyalar , kasaba uyushmalari ;
davlat organlari, bundan qonunchilikda nazarda tutilgan hollar mustasno;
mazkur Nizomning 13-bandida belgilangan ishchanlik obroʻsiga doir talablarga muvofiq boʻlmagan jismoniy shaxslar;
toʻlovga qobiliyatsiz deb eʼtirof etilgan yuridik va jismoniy shaxslar.
4-bob. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining ijro etuvchi organi rahbarlariga qoʻyiladigan talablar
12. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti ijro etuvchi organlarining rahbarlari quyidagi talablarga muvofiq boʻlishi lozim:
oliy maʼlumotga ega boʻlishi;
bank-moliya sohasida yoki axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasida kamida ikki yillik tajribaga ega boʻlishi;
mazkur Nizomning 13-bandida belgilangan ishchanlik obroʻsiga doir talablarga muvofiq boʻlishi.
5-bob. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti benefitsiar mulkdori, muassislari (aksiyadorlari) hamda ijro etuvchi organi rahbarlarining ishchanlik obroʻsiga doir talablar
13. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti benefitsiar mulkdori, muassislari (aksiyadorlari) hamda ijro etuvchi organi rahbarlarining ishchanlik obroʻsiga doir talablar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
shaxsning professionalligini, vijdonliligini, tartibliligini va boshqa sifatlarini tasdiqlovchi, qonunchilik hujjatlari asosida ish yuritishi hamda tashkilotni xatarga va unga nisbatan ishonchning yoʻqotilishiga olib keluvchi harakatlar qilmaydi deb hisoblashga asos boʻluvchi benuqson ishchanlik obroʻsining mavjudligi;
benefitsiar mulkdor, muassislar (aksiyadorlar) va ijro etuvchi organ rahbarlariga nisbatan iqtisodiy jinoyatlar, shuningdek jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizmni moliyalashtirish hamda ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirish, boshqaruv tartibiga qarshi jinoyatlar, uyushgan jinoyatchilik, giyohvand moddalar noqonuniy savdosi va axborot texnologiyalari sohasidagi jinoyatlar uchun tugallanmagan yoki olib tashlanmagan sudlanganlik holatining mavjud emasligi;
benefitsiar mulkdor, muassislar (aksiyadorlar) va ijro etuvchi organ rahbarlari terroristik faoliyatda yoki ommaviy qirgʻin qurollarini tarqatishda ishtirok etgan yoki ishtirok etishda gumon qilinayotganlar roʻyxatida mavjud emasligi;
benefitsiar mulkdor, muassislar (aksiyadorlar) va ijro etuvchi organ rahbarlarini moliya sohasida professional faoliyat bilan shugʻullanish huquqidan mahrum qilish toʻgʻrisidagi sud qarorining mavjud emasligi;
chet davlat vakolatli organi tomonidan lavozimiga kirishishidan oldin kelishib olinishi (tayinlanishi, tasdiqlanishi) talab qilinadigan nomzodning rahbar lavozimiga, oldindan kelishib olinmasdan (tayinlanmasdan, tasdiqlanmasdan) kirishganligi holatining mavjud emasligi;
muassislar (aksiyadorlar) va ijro etuvchi organ rahbarlari harakatlari yoki harakatsizligi oqibatida oʻzi hozirda yoki ilgari ijroiya organi, kuzatuv kengashi aʼzosi boʻlgan yoxud hal qiluvchi egalikka ega boʻlgan ishtirokchisi (muassisi) sifatida yoki boshqa usulda nazorat qilgan yoki nazorat qilayotgan yuridik shaxsni toʻlovga qobiliyatsizlik va majburiy likvidatsiya holatiga olib kelganligini tasdiqlovchi dalillarning mavjud emasligi;
rahbar boʻlib ishlayotgan (ishlagan) yuridik shaxs yoki uning alohida boʻlinmasining tashqi yoxud boshqa obyektiv omillar bilan asoslanmagan salbiy moliyaviy koʻrsatkichlarga egaligini (ega boʻlganligini) tasdiqlovchi dalillarning mavjud emasligi;
hozirda yoki oldin ijro organi, kuzatuv kengashi aʼzosi boʻlgan yoki hal qiluvchi egasi (aksioneri) boʻlgan yoxud boshqa usulda nazorat qilgan yoki qilayotgan yuridik shaxsga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi yoki chet davlat moliyaviy sektor nazorat organi tomonidan qoʻpol va jiddiy qoidabuzarliklar uchun qoʻllanilgan chora hamda sanksiyalarning mavjud emasligi.
6-bob. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining ustav fondiga (ustav kapitaliga) qoʻyiladigan talablar
14. Toʻlov tizimi operatori ustav fondining (ustav kapitalining) eng kam miqdori 50 milliard soʻmni tashkil etishi lozim.
15. Toʻlov tashkiloti ustav fondining (ustav kapitalining) eng kam miqdori:
2024-yil 1-iyuldan eʼtiboran 10 milliard soʻmni;
2025-yil 1-iyuldan eʼtiboran 20 milliard soʻmni tashkil etishi lozim.
16. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining ustav fondi (ustav kapitali) Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasida shakllantiriladi hamda toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining muassislari (aksiyadorlari) tomonidan kiritilgan pul mablagʻlaridan tashkil topadi.
Litsenziya daʼvogari ustav fondining (ustav kapitalining) eng kam miqdori litsenziya olish uchun ariza taqdim etilgan vaqtda toʻliq shakllangan boʻlishi va litsenziya berilguniga qadar bank hisobvaragʻida saqlanishi kerak.
Ustav fondini (ustav kapitalini) shakllantirish uchun kreditga, garovga olingan mablagʻlardan, majburiyat yuklatilgan boshqa mablagʻlardan, shuningdek jinoiy faoliyatdan olingan mablagʻlardan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
7-bob. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotiga qoʻyiladigan tashkiliy, texnik, axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlikni taʼminlash, shubhali (frod) operatsiyalarga qarshi choralar koʻrish hamda faoliyatning uzluksizligiga doir talablar
17. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotida toʻlov xizmatlarini koʻrsatish faoliyatini samarali amalga oshirish maqsadida quyidagilar mavjud boʻlishi lozim:
toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotiga tegishli yoki kamida uch yil muddatga ijaraga olingan hamda tegishli xavfsizlik talablariga muvofiq boʻlgan binolar;
toʻlov tizimi va toʻlov xizmatlarini koʻrsatish, boshqaruv, ichki nazorat va tavakkalchiliklarni boshqarish tizimlarining samarali ishlashi, shuningdek axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlikni taʼminlash hamda shubhali (frod) operatsiyalarga qarshi choralar koʻrish uchun malakali va tajribali xodimlar;
toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti faoliyatining xususiyati hamda hajmini inobatga olgan holda texnik quvvati yetarli boʻlgan funksional uskunalar (kompyuter, kommunikatsiya, maʼlumotlarni saqlash va toʻlov tizimi ishlashini taʼminlaydigan boshqa texnik uskunalar) va dasturiy taʼminot bilan jihozlangan boʻlishi;
murojaatlarni qabul qilish va koʻrib chiqish tizimining mavjudligi;
bankning toʻlov tizimi hisob-kitob banki boʻlishga yozma roziligi (shartnoma nusxasi);
bankning ekvayring xizmatlarini koʻrsatish yuzasidan yozma roziligi (shartnoma nusxasi).
Bunda, hisob-kitob banki va ekvayring xizmatlarini koʻrsatuvchi bank toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti bilan tuziladigan shartnoma doirasida kredit, likvidlilik, axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlikni taʼminlash, shubhali (frod) operatsiyalarga qarshi choralar koʻrish hamda jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashishga doir talablarga rioya etish hamda tavakkalchiliklarni boshqarishda masʼul hisoblanadi.
18. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti axborot tizimlarining axborot xavfsizligi va kiberxavfsizligini taʼminlashi hamda axborot xavfsizligi siyosatini ishlab chiqishi shart.
19. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti axborot tizimlarini “Toʻlov tizimlari operatorlari va toʻlov xizmatlarini yetkazib beruvchilarning toʻlov tizimlarida axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlikni taʼminlash hamda raqamli texnologiyalar vositasida sodir etiladigan huquqbuzarliklarni oldini olish choralarini koʻrish toʻgʻrisida”gi nizomga (roʻyxat raqami 3513, 21.05.2024-yil) muvofiq tashkil etishi zarur.
Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining axborot tizimlari quyidagi talablarga muvofiq boʻlishi kerak:
serverlar Oʻz DSt 2875:2014 “Datamarkazlarga qoʻyiladigan talablar. Infratuzilma va axborot xavfsizligini taʼminlash” standartidagi datamarkazlarda joylashtirilganligi;
arxivlash, antivirus, virtual tarmoq, tarmoq muhofazasi, monitoring, tajovuzlarni aniqlash, identifikatsiya, nazorat qilish va boshqa qoʻllaniladigan axborot xavfsizligi tizimlari mavjudligi;
tungi vaqtda qoʻriqlash va ogohlantirish qurilmalari bilan jihozlanishi.
Toʻlov tizimi operatorlarida PCI DSS standartlariga rioya etilishi boʻyicha sertifikat boʻlishi kerak. Agar ushbu sertifikatlar litsenziya olish uchun hujjat topshirish vaqtida mavjud boʻlmasa, bank kartalariga doir axborotlarga ishlov berish faoliyati boshlangunga qadar taqdim etilishi kerak.
20. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti operatsion tavakkalchilikni baholash hamda operatsiyalarning taʼsirini tahlil qilish asosida faoliyatning uzluksizligini taʼminlash rejasini va zaxira rejalarini ishlab chiqishi hamda Markaziy bankka taqdim etishi kerak.
21. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti faoliyati uzluksizligini taʼminlash rejasi quyidagilardan iborat boʻlishi kerak:
faoliyatning uzluksiz ishlashini taʼminlovchi tartiblarning tavsifi;
faoliyatning uzluksiz ishlashi uchun zarur boʻlgan resurslar toʻgʻrisidagi yangilangan maʼlumotlar;
rejani amalga oshirish uchun masʼul boʻlgan guruh aʼzolari, ularning vazifalari va majburiyatlari, ichki va tashqi aloqa kanallari boʻyicha yangilangan maʼlumotlar;
faoliyatga tashqi omillarning taʼsirini tahlil qilish;
uzilishlardan keyin tizimni qayta tiklash uchun maʼlumotlarning nusxalarini zaxiraga olish tartibi;
tizim faoliyatining ishdan chiqishi va buzilishlar sodir boʻlganda, amalga oshiriladigan harakatlar rejasi;
faoliyatni stress testdan oʻtkazish davriyligi va usuli;
toʻlov xizmatlarini koʻrsatish toʻxtatilganda, tugallanmagan toʻlov operatsiyalarining bajarilishini taʼminlash va mavjud shartnomalarning bekor qilinishi hollarida koʻriladigan chora-tadbirlar tavsifi.
Zaxira rejalar favqulodda hodisalar yuz berganda, toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlarining apparat dasturiy majmualari, xodimlari hamda autsorsingga topshirilgan xizmatlarning harakati bilan bogʻliq jarayonlarni oʻz ichiga olishi zarur.
8-bob. Litsenziya olish uchun taqdim etiladigan hujjatlar
22. Banklar toʻlov tizimi operatori faoliyatini amalga oshirish uchun Markaziy bankka litsenziya olish toʻgʻrisida mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq elektron yoki yozma shakldagi arizani taqdim etadi hamda arizaga quyidagi hujjatlarni ilova qiladi:
bank boshqaruvining toʻlov tizimini tashkil etish haqidagi qarorining koʻchirma nusxasi;
yaqin ikki kalendar yil uchun toʻlov tizimini rivojlantirishga doir biznes-reja, unda toʻlov tizimini tashkil etishning maqsadlari va rejalashtirilayotgan natijalari, shu jumladan bozor va infratuzilma omillarining tahlili koʻrsatiladi;
toʻlov tizimining qoidalari, shu jumladan antifrod tizimining tavsifi.
23. Bank hisoblanmaydigan litsenziya daʼvogari toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti faoliyatini amalga oshirish uchun Markaziy bankka mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq elektron yoki yozma shakldagi litsenziya olish toʻgʻrisidagi arizani taqdim etadi hamda arizaga quyidagilarni ilova qiladi:
mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq shakldagi litsenziya daʼvogarining muassislari (aksiyadorlari) haqidagi maʼlumotlar;
litsenziya daʼvogarining buxgalteriya balansi va oxirgi hisobot sanasiga doir moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobot;
litsenziya daʼvogarining ijro organlari rahbarlari va aʼzolari toʻgʻrisidagi axborot;
mazkur Nizomning 28-bandida koʻrsatilgan talablarga muvofiq boʻlgan biznes-reja;
tavakkalchiliklarni boshqarish tizimi toʻgʻrisidagi, shu jumladan mijozlarning pul mablagʻlari but saqlanishini taʼminlashga doir talablar haqidagi maʼlumotlar;
xavfsizlik tizimlari, nazorat mexanizmlari hamda tizimlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
xavfsizlik siyosati haqidagi, shu jumladan tavakkalchiliklarni batafsil baholashni oʻz ichiga olgan hujjat, shuningdek axborot xavfsizligini va kiberxavfsizlikni hamda toʻlov xizmatidan foydalanuvchilarning himoya qilinishini taʼminlash uchun tavakkalchiliklarni, shu jumladan firibgarlik hamda konfidensial va shaxsga doir maʼlumotlardan qonunga zid ravishda foydalanish xavflarini kamaytirish boʻyicha koʻriladigan choralarning tavsifi;
jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish toʻgʻrisidagi qonunchilik talablari bajarilishini taʼminlash choralarining tavsifi.
24. Markaziy bank tomonidan litsenziya daʼvogarining arizasini koʻrib chiqqanlik uchun bazaviy hisoblash miqdorining 50 foizi miqdorida yigʻim undiriladi.
25. Bank hisoblanmaydigan litsenziya daʼvogari toʻlov tizimi operatori faoliyatini amalga oshirish uchun mazkur Nizomning 23-bandida nazarda tutilgan hujjatlarga qoʻshimcha ravishda quyidagilarni ilova qilishi kerak:
yuridik shaxs vakolatli organining toʻlov tizimini tashkil etish toʻgʻrisidagi qarorining koʻchirma nusxasi;
toʻlov tizimining qoidalari, shu jumladan antifrod tizimining tavsifi;
bankning toʻlov tizimi hisob-kitob banki boʻlishga yozma roziligi (shartnoma nusxasi).
26. Litsenziya daʼvogari toʻlov tashkiloti faoliyatini amalga oshirish uchun mazkur Nizomning 23-bandida nazarda tutilgan hujjatlarga qoʻshimcha ravishda toʻlov tashkilotining toʻlov tizimi operatori va ishtirokchilari bilan oʻzaro hamkorlik qilish tartibini ham ilova qilishi kerak.
27. Bankning toʻlov tizimi operatorining hisob-kitob banki boʻlishga yozma roziligida (shartnoma nusʼhasida) quyidagilar koʻrsatilishi kerak:
boshqa hisob-kitob banklarining hisobvaraqlariga toʻlovlarni amalga oshirish rejasi;
toʻlovlarning yakunlanganligi va chaqirib olinmasligi holatlari;
bank ish kuni davomida foydalaniladigan mablagʻlar miqdori;
toʻlov farmoyishlarini chaqirib olish tartibi.
28. Litsenziya daʼvogari tomonidan taqdim etiladigan biznes-rejada yaqin ikki kalendar yil uchun toʻlov tizimini rivojlantirish, shu jumladan toʻlov xizmatlari sohasidagi faoliyatni tashkil etishning maqsadlari va rejalashtirilayotgan natijalari, toʻlov xizmatlari bozori va infratuzilmasiga taʼsir etuvchi omillarning tahlili koʻrsatiladi. Biznes-rejada quyidagilar nazarda tutiladi:
faoliyatning normal va barqaror ishlashini taʼminlash uchun mavjud tizim hamda jarayonlar, texnik va moliyaviy resurslardan foydalanishni nazarda tutadigan va bozor narxlariga asoslangan hisob-kitoblar, bunda ikki yil davomida daromad va xarajatlar prognozi aks ettirilishi zarur;
amalga oshirilishi rejalashtirilayotgan operatsiyalar hajmi va qiymati, mijozlar soni, narxlar, tranzaksiya boʻyicha maʼlumotlar, rentabellikning kutilayotgan oʻsishi kabi asosiy koʻrsatkichlarni oʻz ichiga olgan foyda va zararlar toʻgʻrisidagi hisobot;
moliyaviy qarzdorliklar va asosiy vositalarning tasnifi;
ustav kapital haqidagi maʼlumot, shu jumladan, ustav kapitalining miqdori, tarkibi, manbalari toʻgʻrisidagi maʼlumot;
toʻlov xizmatlari bozoridagi oʻrni, toʻlov xizmatlari foydalanuvchilari va ishtirokchilari doirasi, xizmat koʻrsatish kanallaridan foydalanish boʻyicha marketing rejasi;
faoliyatni amalga oshirish uchun texnik vositalar va zarur manbalar tavsifi, shu jumladan tegishli axborot tizimlari, hisob-kitoblar, buxgalteriya va roʻyxatga olish tizimlari.
29. Litsenziya daʼvogari tavakkalchiliklarni boshqarish tizimi toʻgʻrisidagi, shu jumladan mijozlarning pul mablagʻlari but saqlanishini taʼminlashga doir talablar haqidagi quyidagi maʼlumotlarni taqdim etishi kerak:
tavakkalchiliklarni aniqlash, baholash va ularni kamaytirish yoki bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlar tavsifi;
ichki nazorat funksiyalari, jumladan komplayens nazorat qilish uchun masʼul boʻlgan shaxs (shaxslar) maʼlumotlari;
litsenziya daʼvogarining autsorsingga topshiriladigan funksiyalarini kuzatish va nazorat qilish usulining tavsifi;
agent va subagentlarini monitoring qilish va nazorat qilish tartibining tavsifi.
30. Litsenziya daʼvogari tomonidan taqdim etiladigan toʻlov tashkilotining toʻlov tizimi operatori va ishtirokchilari bilan oʻzaro hamkorlik qilish tartibida quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilishi kerak:
toʻlov xizmatlarining tavsifi;
toʻlov tashkilotining toʻlov tizimi operatori va ishtirokchilari bilan oʻzaro hamkorlik qilish sxemasi;
koʻrsatilgan xizmatlar boʻyicha pul mablagʻlari harakati va hisob-kitob tartibi hamda sxemasi;
litsenziya daʼvogarining uchinchi shaxslarga autsorsingga berishi mumkin boʻlgan faoliyat turlari.
9-bob. Arizani koʻrib chiqish, litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish
31. Markaziy bank litsenziya daʼvogarining arizasini barcha zarur hujjatlar bilan birga olingan kundan eʼtiboran oʻttiz kun ichida koʻrib chiqadi hamda litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
32. Markaziy bank litsenziya daʼvogari tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligini tasdiqlash hamda litsenziya daʼvogarining bino (ofislarini) texnik va xavfsizlik shartlariga muvofiqligini aniqlash maqsadida joyiga chiqib oʻrganishlar oʻtkazish huquqiga ega.
33. Markaziy bank litsenziya daʼvogariga quyidagi hollarda litsenziya berishni rad etadi :
litsenziya daʼvogari tomonidan tegishli tarzda rasmiylashtirilmagan hujjatlar taqdim etilganda;
litsenziya daʼvogari tomonidan taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjud boʻlganda;
litsenziya daʼvogari litsenziya talablariga va shartlariga muvofiq boʻlmaganda.
34. Markaziy bank mazkur Nizomning 33-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan hollar aniqlanganda, agar ariza va taqdim etilgan hujjatlarda bartaraf etish mumkin boʻlgan kamchiliklar mavjud boʻlsa, ularni bartaraf etish uchun litsenziya daʼvogariga muddat beradi.
35. Kamchiliklarni bartaraf etish toʻgʻrisidagi xabarnoma taqdim etilgan hujjatlarda aniqlangan kamchiliklar hamda ularni bartaraf etish usullari, shuningdek litsenziya daʼvogari koʻrsatilgan sabablarni bartaraf qilib, tegishli hujjatlarni koʻrib chiqish uchun takroran taqdim etishi mumkin boʻlgan muddat koʻrsatilgan holda yuboriladi. Xabarnomada koʻrsatilgan muddat kamchiliklarni bartaraf etish uchun zarur boʻladigan vaqtga mutanosib boʻlishi, lekin ushbu muddat oʻttiz kundan ortiq boʻlmasligi kerak.
36. Kamchiliklarni bartaraf etish toʻgʻrisidagi xabarnoma yuborilgan taqdirda, litsenziyani berish toʻgʻrisidagi arizani koʻrib chiqish muddati toʻxtatib turiladi.
37. Hujjatlar xabarnomada koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etmasdan yoki xabarnomada koʻrsatilgan muddat oʻtgandan keyin takroran taqdim etilgan taqdirda, Markaziy bank litsenziyani berishni rad etish haqida qaror qabul qilishga haqli. Bunda, litsenziyani berishni kamchiliklarni bartaraf etish toʻgʻrisidagi xabarnomada koʻrsatilmagan yangi asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
38. Litsenziyani berish rad etilganligi haqidagi xabarnoma litsenziya daʼvogari rad etish sabablari, qonunchilikning aniq normalari va daʼvogar mazkur sabablarni bartaraf etib, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishi mumkin boʻlgan muddat koʻrsatilgan holda yuboriladi.
Litsenziya daʼvogari rad etish sabablarini bartaraf etishga va hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishga haqli boʻlgan muddat litsenziyani berish rad etilganligi haqidagi xabarnoma olingan kundan eʼtiboran ikki oydan koʻp boʻlmasligi kerak.
39. Litsenziya daʼvogari litsenziya berishni rad etish uchun asos boʻlgan sabablarni belgilangan muddatda bartaraf etgan taqdirda, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish, litsenziyani berish yoxud uni berishni rad etish litsenziya daʼvogarini rad etish sabablari bartaraf etilganligi toʻgʻrisidagi arizasi va rad etish sabablari bartaraf etilganligini tasdiqlovchi tegishli hujjatlar olingan kundan eʼtiboran oʻn kundan oshmaydigan muddatda Markaziy bank tomonidan amalga oshiriladi. Litsenziya daʼvogarining arizasini takroran koʻrib chiqqanlik uchun yigʻim undirilmaydi.
40. Litsenziyani berish rad etilganligi haqidagi xabarnomada koʻrsatilgan muddat oʻtganidan keyin litsenziya daʼvogari tomonidan berilgan ariza yangidan topshirilgan hisoblanadi va Markaziy bank tomonidan umumiy asoslarda koʻrib chiqiladi.
10-bob. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish , uning amal qilishini toʻxtatib turish va litsenziyani chaqirib olish
41. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti litsenziya berish uchun taqdim etgan hujjatlardagi maʼlumotlar oʻzgargan taqdirda, Markaziy bankni bu haqda uch ish kuni mobaynida yozma shaklda yoki axborot tizimi orqali elektron shaklda xabardor etishi shart.
42. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining nomi yoki joylashgan yeri (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti qayta roʻyxatdan oʻtganidan keyin besh ish kuni ichida Markaziy bankka, koʻrsatib oʻtilgan maʼlumotlarni tasdiqlovchi tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda, litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida ariza berishi shart.
43. Litsenziya qayta rasmiylashtirilguniga qadar, toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi arizasi asosida unda koʻrsatilgan faoliyatni (harakatlarni) amalga oshiradi.
Litsenziya qayta rasmiylashtirilayotganda Markaziy bank litsenziyalar reyestriga tegishli oʻzgartishlar kiritadi.
Litsenziyani qayta rasmiylashtirish hamda berish litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi ariza tegishli hujjatlar ilova qilingan holda Markaziy bank tomonidan qabul qilib olingan kundan eʼtiboran besh ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda amalga oshiriladi.
Litsenziyani qayta rasmiylashtirganlik uchun yigʻim undirilmaydi.
44. Toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkiloti Markaziy bankning qoidabuzarlikni bartaraf etish toʻgʻrisidagi koʻrsatmasini bajarmagan, shuningdek jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish toʻgʻrisidagi qonunchilik talablarini buzgan taqdirda, Markaziy bank litsenziyaning amal qilishini oʻn ish kunigacha boʻlgan muddatda toʻxtatib turishi mumkin .
45. Markaziy bankning litsenziyani toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi qarori toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkilotiga qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay yuboriladi.
46. Markaziy bank litsenziyaning amal qilishini oʻn ish kunigacha boʻlgan muddatda toʻxtatib turishga sabab boʻlgan holatlar toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkiloti tomonidan bartaraf etilishi muddatini belgilashi shart. Bunda, koʻrsatilgan muddat toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkiloti litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi qarorni olgan kundan eʼtiboran besh ish kunidan kam boʻlmasligi kerak.
47. Toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkiloti oʻz faoliyatini vaqtincha toʻxtatib turgan taqdirda, litsenziyaning amal qilishini olti oygacha muddatga toʻxtatib turish haqida Markaziy bankka ariza bilan murojaat qilishi mumkin.
Agar toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkiloti litsenziyaning amal qilishi toʻxtatib turilganidan keyin olti oydan soʻng litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisida Markaziy bankka ariza bilan murojaat etmagan boʻlsa, litsenziya chaqirib olinadi.
48. Litsenziyani toʻxtatib turish va chaqirib olish toʻgʻrisidagi maʼlumot tegishli qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran bir ish kuni ichida litsenziyalar reyestriga kiritilishi kerak.
49. Markaziy bank litsenziyani chaqirib olish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkilotiga litsenziyani chaqirib olish asoslarini, qonunchilikning aniq normalarini koʻrsatgan holda yetkazadi.
Markaziy bank quyidagi hollarda toʻlov tizimining operatori yoki toʻlov tashkilotining litsenziyasini chaqirib olish toʻgʻrisida qaror qabul qilishga haqli:
toʻlov tizimining operatori yoki toʻlov tashkiloti litsenziyasini chaqirib olish toʻgʻrisidagi ariza bilan murojaat etganda;
toʻlov tizimining operatori yoki toʻlov tashkiloti tugatilganda — tugatilish paytidan eʼtiboran yoki uning faoliyati qayta tashkil etilishi natijasida tugatilganda — qayta tashkil etilgan paytdan eʼtiboran, bundan uning oʻzgartirilishi, shuningdek qayta tashkil etilayotgan toʻlov tizimi operatorida yangitdan vujudga kelgan yuridik shaxsning davlat roʻyxatidan oʻtkazilishi sanasidagi faoliyatning litsenziyalanadigan ayni bir turini amalga oshirishga doir litsenziya mavjud boʻlganda qoʻshib yuborilishi mustasno;
Oʻzbekiston Respublikasining “Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida”gi Qonunida nazarda tutilgan talablar toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari tomonidan muntazam ravishda yoki bir marta qoʻpol tarzda buzilganda;
toʻlov tizimining operatori yoki toʻlov tashkiloti litsenziya olingan kundan eʼtiboran bir yil davomida faoliyatni amalga oshirmaganda yoki faoliyati olti oydan ortiq davrga toʻxtatib turilganda;
Markaziy bankning litsenziya berish toʻgʻrisidagi qarorining qonunga zid ekanligi aniqlanganda;
toʻlov tizimining uzluksiz ishlashiga, shuningdek axborot xavfsizligini va kiberxavfsizlikni taʼminlashga taʼsir koʻrsatuvchi qoidabuzarliklar Markaziy bankning birinchi koʻrsatmasi yuborilgan kundan eʼtiboran uch oy mobaynida toʻlov tizimining operatori tomonidan bartaraf etilmaganda;
toʻlov tizimining operatori boʻlgan bankda bank operatsiyalarini amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziya chaqirib olinganda.
50. Toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkilotining faoliyati ularning toʻlov tizimlari va toʻlov xizmatlarini ishga tushirish boʻyicha barcha test sinovlari yakunlanganidan soʻng hamda toʻlov xizmatlaridan cheklanmagan tarzda foydalanish taklif qilingan vaqtdan boshlangan deb hisoblanadi.
11-bob. Litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qilish
51. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti tomonidan litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishi ustidan nazorat Markaziy bank tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
52. Markaziy bank litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qilishda oʻz vakolatlari doirasida quyidagilarga haqli:
toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotlaridan toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini talab qilish;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotlari tomonidan litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini tekshirish;
litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini tekshirish chogʻida yuzaga keladigan masalalar boʻyicha toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotlaridan zarur axborotni soʻrash va olish;
tekshirishlar natijalari asosida toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotlari tomonidan litsenziya talablari va shartlarining aniq buzilishlarini koʻrsatgan holda dalolatnomalar (maʼlumotnomalar) tuzish;
toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotlaridan aniqlangan qonun buzilishi holatlarini bartaraf etish majburiyatini yuklovchi qarorlar chiqarish, bunday qonun buzilishi holatlarini bartaraf etish muddatlarini belgilash;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda litsenziyani chaqirib olish masalasi boʻyicha qaror chiqarish;
litsenziyasiz toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkiloti faoliyati amalga oshirilayotganligi toʻgʻrisida aniqlangan faktlar haqidagi maʼlumotlarni belgilangan tartibda tegishli organlarga qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan choralar koʻrish uchun yuborish.
12-bob. Yakuniy qoidalar
53. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
54. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatiga ruxsat berishga doir nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.
55. Markaziy bankning qarorlari ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilinishi mumkin.
Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkiloti faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya berish toʻgʻrisidagi ARIZA Quyidagi rekvizitlar bilan toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkiloti faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya berishingizni soʻraymiz: 1. Toʻliq firma nomi:_____________________________________________________________________________________________ 2. Joylashgan joyi: ______________________________________________________________________________________________ 3. Muassislar tomonidan toʻlov tizimi operatori faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya olish yuzasidan ularning manfaatlarini Markaziy bankda ifoda etish uchun vakolat berilgan shaxs(larning) maʼlumotlari: F.I.O.:_________________________________________________________________________________________________________ Telfon:________________________________________________________________________________________________________ Pochta manzili:__________________________________________________________________________________________________ Elektron pochta manzili:__________________________________________________________________________________________ 4. Arizada ilova qilingan hujjatlar ruyxati ___________varaqda (hujjatlar tikilgan, raqamlangan, imzolangan va tegishli tartibda tasdiqlangan boʻlishi lozim) 1)_____________________________________________________________________________________________________________ 2)_____________________________________________________________________________________________________________ 3)_____________________________________________________________________________________________________________ 5. Toʻlov tashkiloti faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya daʼvogari tomonidan mazkur Nizomning 15-bandidagi amalga oshirilishi rejalashtirilgan toʻlov xizmatlari turlari: 1)_____________________________________________________________________________________________________________ 2)_____________________________________________________________________________________________________________ 3)_____________________________________________________________________________________________________________ _______________ (tashkilot nomi) “Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida”gi Qonun va litsenziya talablari va qoidalariga rioya etish majburiyatini oʻz zimmasiga oladi. Taqdim etilgan maʼlumotlarning haqqoniyligi uchun muassislar muassislar (aksiyadorlar) javobgar hisoblanadi. Vakolatli shaxsning FIO.: ___________________________ (imzo)
Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Litsenziya daʼvogarining muassislari (aksiyadorlari) haqidagi
1-jadval Jismoniy shaxslar T/r Familiyasi Ismi Otasining ismi Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR, ID-kod) Shaxsni tasdiqlovchi hujjat maʼlumotlari Yashash joyi Telefon raqami Ish joyi toʻgʻrisida maʼlumot Ustav kapitaliga kiritilgan ulush miqdori Seriyasi (mavjud boʻlsa) va raqami Bergan organ Berilgan sanasi Tashkilot nomi Faoliyat turi Egallab turgan lavozimi Pochta manzili Telefon raqami ming soʻmda foizda A 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 1. 2. 3. 4. 5.
2-jadval Yuridik shaxslar T/r Yuridik shaxsning toʻliq nomi Yuridik shaxsning toʻliq nomi STIR Pochta manzili Telefon raqami Toʻlov rekvizitlari Ustav kapitaliga kiritilgan ulush miqdori xizmat koʻrsatuvchi bankning MFOsi asosiy hisobvaragʻi ming soʻmda foizda A 1 2 3 4 5 6 7 8 9 1. 2. 3. 4. 5. Vakolatli shaxsning FIO.: __________________________ (imzo)
Rais M. NURMURATOV
Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil D. KASIMOV
Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV
Toshkent sh.,
2023-yil 18-aprel,
2023-yil 3-aprel
2023-yil 4-aprel
8/3-son