📅 2023-yil 31-mart · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 31-mart · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 31 март · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 марта 2023 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 March 2023 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
НИЗОМ
АНКЕТАСИ
Банк ва банклар гуруҳида аудиторлик текширувларини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда банкларнинг аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторнинг малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги, « Банклар ва банк фаолияти тўғрисида »ги, « Аудиторлик фаолияти тўғрисида »ги ва « Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Банк ва банклар гуруҳида аудиторлик текширувларини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда банкларнинг аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторнинг малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2023 йил 31 мартдаги 8/9-сон қарорига ИЛОВА
Банк ва банклар гуруҳида аудиторлик текширувларини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда банкларнинг аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторнинг малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги
Ушбу Низом тижорат банклари, шу жумладан микромолия банклари, шунингдек исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар ва микромолия банклари (бундан буён матнда банк деб юритилади) ва банклар гуруҳида аудиторлик текширувларини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан банкларнинг аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторнинг малака сертификатини (бундан буён матнда малака сертификати деб юритилади) бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш ҳамда аудиторларнинг реестрини юритиш тартибини белгилайди.
1-боб. Банк ва банклар гуруҳини аудиторлик текширувидан ўтказиш
1-§. Банк ва банклар гуруҳини аудиторлик текширувидан ўтказувчи аудиторлик ташкилотига қўйиладиган талаблар
1. Банк молиявий ҳисоботининг ва банклар гуруҳи консолидациялашган молиявий ҳисоботининг аудиторлик текшируви штатида малака сертификатига эга камида икки нафар аудитори (аудиторлик ташкилоти раҳбарини ҳисобга олган ҳолда) мавжуд бўлган аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказилади.
2. Банк ва банклар гуруҳини аудиторлик текширувидан ўтказувчи аудиторлик ташкилоти томонидан тайинланган аудиторлар гуруҳига раҳбарликни малака сертификатига эга бўлган аудитор амалга ошириши лозим.
3. Банкнинг аудит қўмитаси (бундан буён матнда аудит қўмитаси деб юритилади) аудиторлик ташкилотини тайинлаш бўйича танловларни ўтказишга масъул ҳисобланади. Банк кузатув кенгаши (бундан буён матнда кузатув кенгаши деб юритилади) аудиторлик ташкилотини тайинлаш бўйича очиқ танловни ўтказиш ва очиқ танловда иштирок этаётган аудиторлик ташкилотлари аризаларини баҳолаш тартибини тасдиқлаши лозим.
4. Банк акциядорлари умумий йиғилишида йиллик аудиторлик текширувини ўтказувчи аудиторлик ташкилотини танлаш (тайинлаш) ҳақида қарор қабул қилинади. Банк томонидан аудиторлик ташкилоти билан тузилган шартнома (бундан буён матнда аудиторлик текшируви шартномаси деб юритилади) нусхаси ва танловда кўриб чиқилган бошқа номзодлар ҳақидаги маълумотлар аудиторлик текшируви шартномаси тузилган санадан бошлаб уч иш куни ичида Марказий банкка тақдим этилади.
2-§. Банк ва банклар гуруҳини аудиторлик текширувидан ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари
5. Банкларнинг йиллик молиявий ҳисоботлари ва банклар гуруҳининг йиллик консолидациялашган молиявий ҳисоботи аудиторлик текширувидан ўтказилиши мажбурийдир. Банкнинг ва банклар гуруҳининг аудиторлик текшируви Марказий банкнинг талабига кўра умуман банкнинг ёки банклар гуруҳининг фаолияти бўйича ҳам, улар фаолиятининг алоҳида йўналишлари бўйича ҳам ўтказилиши мумкин .
6. Аудиторлик ташкилоти аудиторлик текширувини ўтказиш жараёнида банкнинг ички назорат тизими ҳақида маълумот олиш мақсадида банкнинг ички аудит хизмати ходимлари билан учрашувлар ўтказиши мумкин.
7. Аудиторлик ташкилоти :
банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларининг қўпол бузилишига олиб келувчи;
банк фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган;
молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисида фикр билдиришни аудиторлик ташкилоти томонидан рад этишга ёки фикрларни қўшимча шарт билан билдиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар тўғрисида Марказий банкни дарҳол хабардор этиши шарт.
8. Аудиторлик текшируви шартномасида аудитор томонидан мазкур Низомнинг 7-бандида белгиланган ҳолатлар бўйича маълумотларнинг Марказий банкка тақдим этилиши бўйича чекловчи қоидалар бўлмаслиги лозим.
9. Кузатув кенгаши ва банк бошқаруви аудиторлик текшируви жараёнида аудиторлик хулосасини тайёрлаш учун аудиторга тақдим этилувчи маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлашга ҳамда уларни ўз вақтида тақдим этилишига масъулдирлар.
10. Банк томонидан аудиторлик текшируви жараёнида аудиторлик ташкилоти ўрганиши лозим бўлган маълумотлар ва ҳужжатлардан фойдаланишни чеклаш, унинг хулосасига таъсир ўтказиш ёки холис аудиторлик хулосасини тайёрлашига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
11. Банк ва банклар гуруҳининг аудиторлик текширувини ўтказишдан аввал ёки текширув чоғида ёхуд текширув якунлангандан сўнг Марказий банк аудиторлик ташкилоти билан икки томонлама ёки аудиторлик ташкилоти ва банк билан уч томонлама учрашувларни ташкиллаштириши мумкин. Бунда, аудиторлик текшируви шартномасида аудиторнинг Марказий банк ташкил этадиган учрашувларда иштирок этишини чекловчи қоидалар бўлмаслиги керак.
12. Банк Марказий банк талабига биноан аудиторлик текшируви билан боғлиқ маълумотларни, шу жумладан аудиторлар томонидан берилган молиявий ҳисоботларни тушунтирувчи изоҳларини Марказий банкка тақдим этиши лозим.
13. Аудиторлик текшируви якуни бўйича тақдим этиладиган аудиторлик хулосасида ёки унга илова қилинадиган молиявий ҳисоботда қуйидагилар акс эттирилиши мумкин:
аудиторлик текширувининг бориши ва унинг ташкил этилиши юзасидан таклиф ва мулоҳазалар;
бухгалтерия ҳисобини юритишнинг белгиланган тартибидан аниқланган четга чиқишлар;
молиявий ҳисоботдаги қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар;
ички назорат тизимида, шу жумладан корпоратив бошқарув, таваккалчиликларни бошқариш ва ички аудит хизмати фаолиятида аниқланган камчиликлар;
қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиш ҳолатлари ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар;
банк фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсия ва таклифлар.
14. Аудит қўмитаси томонидан аудиторлик текшируви натижасида тақдим этилган таклифлар ва аниқланган камчиликлар асосида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши ва ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 31 июлига қадар кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим.
15. Банкнинг йиллик молиявий ҳисоботи ва банклар гуруҳининг йиллик консолидациялашган молиявий ҳисоботи банк акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин аудиторлик хулосаси билан бирга Марказий банкка тақдим этилиши ва эълон қилиниши шарт.
16. Банк ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 31 июлига қадар қуйидагиларни Марказий банкка тақдим этиши лозим:
аудиторлик хулосаси кўриб чиқилган акциядорлар умумий йиғилиши баённомасидан кўчирмани ҳамда аудиторлик текшируви натижаси асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасини;
банкнинг йиллик молиявий ҳисоботи ёки банклар гуруҳининг йиллик консолидациялашган молиявий ҳисоботига қилинган изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришларни.
17. Аудиторлик текшируви натижаси асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси аудиторлик хулосасида изоҳлар билан ёки салбий фикр билдирилишига сабаб бўлган ҳолатларни, шу жумладан банк бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига риоя этмаганлик (молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига риоя этмаслик банк назоратидан ташқарида бўлган ҳоллар бундан мустасно) ҳолатларини бартараф этишга қаратилган чораларни ўз ичига олиши лозим.
18. Марказий банк қуйидаги ҳолатларда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 31 декабрига қадар банк ва банклар гуруҳидан бошқа аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда аудиторлик текширувини қайтадан ўтказишни талаб қилиши мумкин:
аудиторлик ташкилоти ёки аудитор (аудиторлар) томонидан унинг мустақиллигига монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган ҳолда аудиторлик текшируви ўтказилганлиги аниқланганда;
аудиторлик текшируви мазкур Низомнинг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлмаган аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказилганда.
3-§. Аудиторлик ташкилоти ва аудит қўмитаси ўртасидаги ўзаро муносабатлар
19. Аудит қўмитаси аудиторлик ташкилотининг мустақиллиги, холислиги ва ўтказилаётган аудиторлик текшируви самарадорлигини баҳолаб бориши зарур.
20. Аудит қўмитаси банк бошқаруви иштирокисиз аудитор билан учрашувлар ўтказиши ва учрашувларда қуйидаги масалаларни муҳокама қилиши лозим:
банкнинг ички назорат, таваккалчиликларни бошқариш ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тизимларида юзага келган камчиликлар мавжудлиги ҳамда банк бошқаруви томонидан уларни бартараф этишга қаратилган чораларнинг етарлилиги;
мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг вужудга келиш сабаблари ва бартараф этиш йўллари;
аудитор томонидан аудиторлик текширувини ўтказишда юзага келган қийинчиликлар тўғрисидаги ҳолатлар.
Бунда, аудитор томонидан аудиторлик текширувини амалга ошириш чоғида юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликларга қуйидаги ҳолатлар киради:
банк бошқаруви томонидан аудиторлик текширувига тўсқинлик қилувчи бирон-бир ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилиши, жумладан зарур бўлган маълумот тақдим этилмаслиги;
аудиторлик текширувини белгиланган муддатларда якунлашнинг имкони йўқлиги.
2-боб. Аудиторнинг малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ва тугатиш ҳамда малака имтиҳонларини ўтказиш
1-§. Аудиторнинг малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ва тугатиш
21. Малака сертификатини олишга даъвогар бўлган жисмоний шахс — талабгор (бундан буён матнда талабгор деб юритилади) олий иқтисодий маълумотга ва банк соҳасида раҳбарлик лавозимларида ёки халқаро аудиторлик ташкилотига аъзо аудиторлик ташкилотида аудитор лавозимида камида 3 йиллик иш тажрибасига ҳамда аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи ёки аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан берилган аудиторнинг малака сертификатига эга бўлиши лозим.
22. Талабгор Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлганда Марказий банкка қуйидагиларни илова қилган ҳолда малака сертификатини бериш тўғрисида ариза (бундан буён матнда ариза деб юритилади) тақдим этади:
мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклдаги анкета;
олий иқтисодий маълумот чет давлатда олинган бўлса, олий иқтисодий маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси ва уни тан олиш ҳақидаги тегишли ваколатли давлат органининг гувоҳномаси нусхаси (қонунчилик ҳужжатларида талаб этилган ҳолларда);
чет давлатда ишлаган бўлса, иш тажрибасини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
«Сертификатланган дипломли бухгалтер (АCCА)», «Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (CРА)», «Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPА)» ёки «Сертификатланган молиявий таҳлилчи (CFA)» сертификатидан (бундан буён матнда халқаро сертификатлар деб юритилади) кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда).
Мазкур бандда кўрсатилган ариза ва ҳужжатлар Марказий банкка ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.
23. Талабгор чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлганда, Марказий банкка қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади:
шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
мазкур Низомнинг 22-банди иккинчи — бешинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотлар;
ариза тақдим этилган кунга қадар сўнгги 90 кун ичида чет давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган талабгорнинг судланмаганлиги тўғрисида маълумотнома нусхаси;
талабгорнинг ариза тақдим этилган кунга қадар сўнгги олти ой ичида тушган рангли фотосурати.
Мазкур бандда кўрсатилган ариза ва ҳужжатлар Марказий банкка ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.
24. Марказий банк талабгорнинг қуйидаги ҳужжат ва маълумотларини масъул давлат органлари ва ташкилотларидан, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда олади:
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти ёки идентификация ID-картаси маълумотлари, фотосурати ва манзил-маълумот ахбороти;
аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи ёки аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан берилган аудиторнинг малака сертификати маълумотлари;
Ўзбекистон Республикасида берилган олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотлари;
Ўзбекистон Республикасидаги иш тажрибасини тасдиқловчи маълумотлар;
Ўзбекистон Республикасида судланмаганлиги тўғрисида маълумот.
25. Талабгорда халқаро сертификат мавжуд бўлганда ҳамда у ушбу Низомнинг 21 — 23-бандларида назарда тутилган талабларга риоя этганда, малака сертификати унга малака имтиҳонини топширмаган ҳолда берилади.
26. Қуйидаги ҳолларда малака имтиҳонини ўтказмасдан талабгорга малака сертификатини бериш рад этилади:
талабгор мазкур Низомнинг 21-бандида назарда тутилган талабларга номувофиқ бўлганда;
мазкур Низомнинг 22 ва 23-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда ёки уларда нотўғри ёхуд бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;
талабгорга аудитор лавозимини эгаллаш ёки аудиторлик фаолияти билан шуғулланиш суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан тақиқланган бўлса;
талабгор суднинг қарори билан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса.
27. Марказий банк томонидан малака имтиҳонини ўтказмасдан талабгорга малака сертификатини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, малака сертификатини бериш рад этилганлиги тўғрисидаги ёзма хабарнома талабгорга мазкур қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда юборилади.
28. Малака имтиҳонини топширишига рухсат бериш рад этилган талабгор камчиликлар бартараф этилганидан кейин ариза билан такроран мурожаат қилишга ҳақли .
29. Марказий банк малака имтиҳони ўтказилган санадан бошлаб ўн кун ичида малака сертификатини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
30. Талабгорнинг малака имтиҳони натижалари «қониқарли» деб баҳоланганда ёки мазкур Низомнинг 25-банди талабларига мувофиқ бўлганда, Марказий банк талабгорга малака сертификатини бериш тўғрисида қарор қабул қилади ва қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида талабгорга малака сертификатини беради.
Талабгорнинг малака имтиҳони натижалари «қониқарсиз» деб баҳоланганда, Марказий банк томонидан талабгорга малака сертификатини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ҳамда ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида бу ҳақда талабгорга хабарнома юборилади.
31. Малака имтиҳони натижалари «қониқарсиз» деб баҳоланганлиги сабабли малака сертификатини бериш рад этилган тақдирда, талабгор тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан сўнг Марказий банкка такроран ариза тақдим этиши мумкин.
32. Малака сертификати унинг ҳаққонийлигини онлайн текшириш имконини берадиган, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги тегишли ахборот ресурси манзилига ҳаволани ўз ичига олган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат кўринишида 5 йил муддатга берилади.
33. Малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш малака сертификатини бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Малака сертификатининг амал қилиш муддати ҳар сафар 5 йил муддатга узайтирилади.
34. Малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддати тугашидан камида уч ой, бироқ узоғи билан олти ой олдин Марказий банкка ариза тақдим этади.
35. Марказий банк қуйидаги маълумотларни назарда тутувчи малака сертификати берилган Аудиторларнинг реестрини юритади:
аудиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
аудиторнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари (паспорт серияси, рақами ва берилган санаси ёки идентификация ID-картанинг шахсий рақами ва берилган санаси);
малака сертификатининг рақами ва берилган санаси;
малака сертификатининг амал қилиш муддати;
аудиторнинг иш жойи (аудиторлик ташкилотининг номи);
аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи ёки аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан берилган аудиторнинг малака сертификати рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати;
аудитор билан боғланиш учун рақамлар ва электрон почта манзили;
малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш ва малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумотлар.
Марказий банкнинг веб-сайтига аудиторлар реестридаги танишиш учун очиқ бўлган маълумотлар жойлаштирилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:
аудиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
малака сертификатнинг рақами, берилган санаси;
малака сертификатнинг амал қилиш муддати;
сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумотлар.
36. Аудиторнинг иш жойи, у билан боғланиш учун телефон рақами ва электрон почта манзили ўзгарган тақдирда, аудитор ўн кун муддат ичида Марказий банкни мазкур ўзгаришлар тўғрисида ёзма ёки электрон равишда хабардор қилиши шарт.
37. Аудиторнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари, шу жумладан фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган тақдирда, аудитор тегишли ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда улар содир бўлган санадан эътиборан бир ой ичида Марказий банкка малака сертификатини қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
Марказий банк томонидан малака сертификатини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарор ариза қабул қилинган кундан эътиборан беш иш куни ичида қабул қилинади ва қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида талабгорга қайта расмийлаштирилган малака сертификати берилади.
38. Малака сертификатининг амал қилишини тугатиш Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни 26-моддасида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.
Аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи ёки аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан берилган аудиторнинг малака сертификатининг амал қилиш муддати тугаган санадан эътиборан Марказий банк томонидан берилган малака сертификатининг ҳам амал қилиш муддати тугаган деб ҳисобланади.
39. Малака сертификатининг амал қилиши тугатилганлиги тўғрисидаги ахборот Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
2-§. Малака имтиҳонини ўтказиш ва апелляция бериш тартиби
40. Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгор малака имтиҳони ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида ариза қабул қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида, бироқ малака имтиҳони ўтказиладиган кундан камида ўн иш куни олдин ёзма равишда хабардор қилинади.
41. Малака имтиҳони 100 та саволдан иборат бўлган ва давомийлиги 120 дақиқани ташкил этувчи тест синовлари шаклида ўтказилиб, талабгорнинг қуйидаги соҳалардаги билим ва кўникмалари баҳоланади:
банк фаолиятининг асосий йўналишлари;
банкларда бухгалтерия ҳисоби ва аудит;
банкнинг ички назорат ва таваккалчиликларни бошқариш тизимлари;
банкларда корпоратив бошқарув;
Марказий банк томонидан банклар учун белгиланган пруденциал нормативлар.
Тест синовлари компьютер воситасида талабгорнинг танловига кўра ўзбек ёки рус тилида ўтказилади ва натижаси малака имтиҳони тугаши биланоқ талабгорга маълум қилинади.
42. Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёни узлуксиз равишда овозли видеотасвирга туширилади, видеотасвир бир йил мобайнида сақланади.
43. Малака имтиҳонини топширишда талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этади.
Малака имтиҳонини топширишда шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслига эга бўлмаган ёки малака имтиҳонига белгиланган вақтда келмаган талабгор учун малака имтиҳони навбатдаги имтиҳонга қолдирилган деб ҳисобланади.
Агар талабгор малака имтиҳонини топширишга икки марта келмаган бўлса, тақдим этилган ҳужжатлар қайтарилади. Бунда талабгор ариза билан такроран мурожаат қилишга ҳақли.
44. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:
қонунчилик ҳужжатлари ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;
мобил алоқа воситаси ва бошқа электрон воситаларидан фойдаланиш;
малака имтиҳони ўтказилаётган хонадан ташқарига чиқиш.
45. Малака имтиҳони натижалари «қониқарли» ва «қониқарсиз» тизим бўйича баҳоланади.
Талабгорнинг малака имтиҳони натижалари бўйича тўғри жавоблар 75 фоиз ва ундан юқори кўрсаткични ташкил қилган бўлса — «қониқарли», 75 фоиздан паст бўлган тақдирда ёки мазкур Низомнинг 44-банди талабларини бузганда — «қониқарсиз» деб баҳоланади.
46. Малака имтиҳони натижалари «қониқарсиз» деб баҳоланган талабгор малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб ўттиз кун ичида Марказий банкнинг апелляция кенгашига ёзма равишда апелляция бериш ёки қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Марказий банкнинг апелляция кенгаши апелляция берилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида талабгорнинг апелляциясини кўриб чиқади ва талабгорни қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабардор қилади.
Марказий банкнинг апелляция кенгаши талабгорни апелляцияни кўриб чиқишда иштирок этиш учун ўз ташаббусига ёки талабгорнинг илтимосномасига кўра жалб қилиши мумкин.
47. Марказий банк апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш ва малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида;
апелляцияни қаноатлантириш ва малака имтиҳони натижаларини «қониқарли» деб ҳисоблаш тўғрисида;
талабгорнинг малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилганлиги аниқланганда, малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисида.
48. Апелляция мазкур Низомнинг 46-бандида белгиланган апелляцияни бериш муддати ва шаклини бузган ҳолда тақдим этилганда ёки апелляцияда келтирилган важлар ўз тасдиғини топмаганда, Марказий банк апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш ва малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилади.
49. Талабгор айни бир малака имтиҳони натижалари бўйича Марказий банкнинг апелляция кенгашига такроран апелляция бериши мумкин эмас.
3-боб. Якуний қоида
50. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Банк ва банклар гуруҳида аудиторлик текширувларини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда банкларнинг аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторнинг малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Талабгорнинг
Ф.И.О.: ЖШШИР: Фуқаролиги: Иш жойи: Туғилган санаси: Туғилган жойи: Маълумоти: Олий маълумотни тан олиш тўғрисидаги гувоҳнома рақами ва санаси (мавжуд бўлса) Илмий унвони: Давлат мукофотлари: Аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи ёки аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан берилган аудиторнинг малака сертификати рақами ва санаси ______________________ МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИ Ишлаган даври Ташкилот номи ва эгаллаган лавозими ЯҚИН ҚАРИНДОШЛАРИ ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТЛАР Қариндошлиги Ф.И.О. Туғилган санаси ва жойи Иш жойи ва лавозими Яшаш жойи Тўлдирилган сана: «___» ____________ 20 __ й. Талабгор имзоси ______________
Раис М. НУРМУРАТОВ
Иқтисодиёт ва молия вазири Ш. КУДБИЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 31 март,
2023 йил 30 март
8/9-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining
Qarori
NIZOM
ANKETASI
Bank va banklar guruhida auditorlik tekshiruvlarini oʻtkazishning oʻziga xos xususiyatlari hamda banklarning auditorlik tekshiruvlarini oʻtkazish huquqi uchun auditorning malaka sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi, “ Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida ”gi, “ Auditorlik faoliyati toʻgʻrisida ”gi va “ Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:
1. Bank va banklar guruhida auditorlik tekshiruvlarini oʻtkazishning oʻziga xos xususiyatlari hamda banklarning auditorlik tekshiruvlarini oʻtkazish huquqi uchun auditorning malaka sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan.
3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2023-yil 31-martdagi 8/9-son qaroriga ILOVA
Bank va banklar guruhida auditorlik tekshiruvlarini oʻtkazishning oʻziga xos xususiyatlari hamda banklarning auditorlik tekshiruvlarini oʻtkazish huquqi uchun auditorning malaka sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi
Ushbu Nizom tijorat banklari, shu jumladan mikromoliya banklari, shuningdek islomiy bank faoliyatini amalga oshiruvchi banklar va mikromoliya banklari (bundan buyon matnda bank deb yuritiladi) va banklar guruhida auditorlik tekshiruvlarini oʻtkazishning oʻziga xos xususiyatlarini hamda Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) tomonidan banklarning auditorlik tekshiruvlarini oʻtkazish huquqi uchun auditorning malaka sertifikatini (bundan buyon matnda malaka sertifikati deb yuritiladi) berish, qayta rasmiylashtirish, uning amal qilishini uzaytirish va tugatish hamda auditorlarning reyestrini yuritish tartibini belgilaydi.
1-bob. Bank va banklar guruhini auditorlik tekshiruvidan oʻtkazish
1-§. Bank va banklar guruhini auditorlik tekshiruvidan oʻtkazuvchi auditorlik tashkilotiga qoʻyiladigan talablar
1. Bank moliyaviy hisobotining va banklar guruhi konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisobotining auditorlik tekshiruvi shtatida malaka sertifikatiga ega kamida ikki nafar auditori (auditorlik tashkiloti rahbarini hisobga olgan holda) mavjud boʻlgan auditorlik tashkiloti tomonidan oʻtkaziladi.
2. Bank va banklar guruhini auditorlik tekshiruvidan oʻtkazuvchi auditorlik tashkiloti tomonidan tayinlangan auditorlar guruhiga rahbarlikni malaka sertifikatiga ega boʻlgan auditor amalga oshirishi lozim.
3. Bankning audit qoʻmitasi (bundan buyon matnda audit qoʻmitasi deb yuritiladi) auditorlik tashkilotini tayinlash boʻyicha tanlovlarni oʻtkazishga masʼul hisoblanadi. Bank kuzatuv kengashi (bundan buyon matnda kuzatuv kengashi deb yuritiladi) auditorlik tashkilotini tayinlash boʻyicha ochiq tanlovni oʻtkazish va ochiq tanlovda ishtirok etayotgan auditorlik tashkilotlari arizalarini baholash tartibini tasdiqlashi lozim.
4. Bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishida yillik auditorlik tekshiruvini oʻtkazuvchi auditorlik tashkilotini tanlash (tayinlash) haqida qaror qabul qilinadi. Bank tomonidan auditorlik tashkiloti bilan tuzilgan shartnoma (bundan buyon matnda auditorlik tekshiruvi shartnomasi deb yuritiladi) nusxasi va tanlovda koʻrib chiqilgan boshqa nomzodlar haqidagi maʼlumotlar auditorlik tekshiruvi shartnomasi tuzilgan sanadan boshlab uch ish kuni ichida Markaziy bankka taqdim etiladi.
2-§. Bank va banklar guruhini auditorlik tekshiruvidan oʻtkazishning oʻziga xos xususiyatlari
5. Banklarning yillik moliyaviy hisobotlari va banklar guruhining yillik konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisoboti auditorlik tekshiruvidan oʻtkazilishi majburiydir. Bankning va banklar guruhining auditorlik tekshiruvi Markaziy bankning talabiga koʻra umuman bankning yoki banklar guruhining faoliyati boʻyicha ham, ular faoliyatining alohida yoʻnalishlari boʻyicha ham oʻtkazilishi mumkin .
6. Auditorlik tashkiloti auditorlik tekshiruvini oʻtkazish jarayonida bankning ichki nazorat tizimi haqida maʼlumot olish maqsadida bankning ichki audit xizmati xodimlari bilan uchrashuvlar oʻtkazishi mumkin.
7. Auditorlik tashkiloti :
banklar va bank faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik talablarining qoʻpol buzilishiga olib keluvchi;
bank faoliyatiga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan;
moliyaviy hisobotning ishonchliligi va buxgalteriya hisobini yuritish tartibi qonunchilikda belgilangan talablarga muvofiqligi toʻgʻrisida fikr bildirishni auditorlik tashkiloti tomonidan rad etishga yoki fikrlarni qoʻshimcha shart bilan bildirishga olib kelishi mumkin boʻlgan holatlar toʻgʻrisida Markaziy bankni darhol xabardor etishi shart.
8. Auditorlik tekshiruvi shartnomasida auditor tomonidan mazkur Nizomning 7-bandida belgilangan holatlar boʻyicha maʼlumotlarning Markaziy bankka taqdim etilishi boʻyicha cheklovchi qoidalar boʻlmasligi lozim.
9. Kuzatuv kengashi va bank boshqaruvi auditorlik tekshiruvi jarayonida auditorlik xulosasini tayyorlash uchun auditorga taqdim etiluvchi maʼlumotlar va hujjatlarning toʻliqligi va ishonchliligini taʼminlashga hamda ularni oʻz vaqtida taqdim etilishiga masʼuldirlar.
10. Bank tomonidan auditorlik tekshiruvi jarayonida auditorlik tashkiloti oʻrganishi lozim boʻlgan maʼlumotlar va hujjatlardan foydalanishni cheklash, uning xulosasiga taʼsir oʻtkazish yoki xolis auditorlik xulosasini tayyorlashiga toʻsqinlik qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
11. Bank va banklar guruhining auditorlik tekshiruvini oʻtkazishdan avval yoki tekshiruv chogʻida yoxud tekshiruv yakunlangandan soʻng Markaziy bank auditorlik tashkiloti bilan ikki tomonlama yoki auditorlik tashkiloti va bank bilan uch tomonlama uchrashuvlarni tashkillashtirishi mumkin. Bunda, auditorlik tekshiruvi shartnomasida auditorning Markaziy bank tashkil etadigan uchrashuvlarda ishtirok etishini cheklovchi qoidalar boʻlmasligi kerak.
12. Bank Markaziy bank talabiga binoan auditorlik tekshiruvi bilan bogʻliq maʼlumotlarni, shu jumladan auditorlar tomonidan berilgan moliyaviy hisobotlarni tushuntiruvchi izohlarini Markaziy bankka taqdim etishi lozim.
13. Auditorlik tekshiruvi yakuni boʻyicha taqdim etiladigan auditorlik xulosasida yoki unga ilova qilinadigan moliyaviy hisobotda quyidagilar aks ettirilishi mumkin:
auditorlik tekshiruvining borishi va uning tashkil etilishi yuzasidan taklif va mulohazalar;
buxgalteriya hisobini yuritishning belgilangan tartibidan aniqlangan chetga chiqishlar;
moliyaviy hisobotdagi qoidabuzarliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
ichki nazorat tizimida, shu jumladan korporativ boshqaruv, tavakkalchiliklarni boshqarish va ichki audit xizmati faoliyatida aniqlangan kamchiliklar;
qonunchilik hujjatlari talablarining buzilish holatlari va ularni bartaraf etish boʻyicha tavsiyalar;
bank faoliyati samaradorligini oshirish boʻyicha tavsiya va takliflar.
14. Audit qoʻmitasi tomonidan auditorlik tekshiruvi natijasida taqdim etilgan takliflar va aniqlangan kamchiliklar asosida chora-tadbirlar rejasi ishlab chiqilishi va hisobot yilidan keyingi yilning 31-iyuliga qadar kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanishi lozim.
15. Bankning yillik moliyaviy hisoboti va banklar guruhining yillik konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisoboti bank aksiyadorlarining yillik umumiy yigʻilishi oʻtkaziladigan sanadan kamida ikki hafta oldin auditorlik xulosasi bilan birga Markaziy bankka taqdim etilishi va eʼlon qilinishi shart.
16. Bank hisobot yilidan keyingi yilning 31-iyuliga qadar quyidagilarni Markaziy bankka taqdim etishi lozim:
auditorlik xulosasi koʻrib chiqilgan aksiyadorlar umumiy yigʻilishi bayonnomasidan koʻchirmani hamda auditorlik tekshiruvi natijasi asosida ishlab chiqilgan chora-tadbirlar rejasini;
bankning yillik moliyaviy hisoboti yoki banklar guruhining yillik konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisobotiga qilingan izohlar, hisob-kitoblar va tushuntirishlarni.
17. Auditorlik tekshiruvi natijasi asosida ishlab chiqilgan chora-tadbirlar rejasi auditorlik xulosasida izohlar bilan yoki salbiy fikr bildirilishiga sabab boʻlgan holatlarni, shu jumladan bank buxgalteriya hisobi toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari hamda moliyaviy hisobotning xalqaro standartlariga rioya etmaganlik (moliyaviy hisobotning xalqaro standartlariga rioya etmaslik bank nazoratidan tashqarida boʻlgan hollar bundan mustasno) holatlarini bartaraf etishga qaratilgan choralarni oʻz ichiga olishi lozim.
18. Markaziy bank quyidagi holatlarda hisobot yilidan keyingi yilning 31-dekabriga qadar bank va banklar guruhidan boshqa auditorlik tashkilotini jalb qilgan holda auditorlik tekshiruvini qaytadan oʻtkazishni talab qilishi mumkin:
auditorlik tashkiloti yoki auditor (auditorlar) tomonidan uning mustaqilligiga monelik qiladigan holatlar mavjud boʻlgan holda auditorlik tekshiruvi oʻtkazilganligi aniqlanganda;
auditorlik tekshiruvi mazkur Nizomning 1 va 2-bandlarida koʻrsatilgan talablarga muvofiq boʻlmagan auditorlik tashkiloti tomonidan oʻtkazilganda.
3-§. Auditorlik tashkiloti va audit qoʻmitasi oʻrtasidagi oʻzaro munosabatlar
19. Audit qoʻmitasi auditorlik tashkilotining mustaqilligi, xolisligi va oʻtkazilayotgan auditorlik tekshiruvi samaradorligini baholab borishi zarur.
20. Audit qoʻmitasi bank boshqaruvi ishtirokisiz auditor bilan uchrashuvlar oʻtkazishi va uchrashuvlarda quyidagi masalalarni muhokama qilishi lozim:
bankning ichki nazorat, tavakkalchiliklarni boshqarish va buxgalteriya hisobini yuritish tizimlarida yuzaga kelgan kamchiliklar mavjudligi hamda bank boshqaruvi tomonidan ularni bartaraf etishga qaratilgan choralarning yetarliligi;
mazkur Nizomning 7-bandida koʻrsatilgan holatlar mavjud boʻlgan taqdirda, ularning vujudga kelish sabablari va bartaraf etish yoʻllari;
auditor tomonidan auditorlik tekshiruvini oʻtkazishda yuzaga kelgan qiyinchiliklar toʻgʻrisidagi holatlar.
Bunda, auditor tomonidan auditorlik tekshiruvini amalga oshirish chogʻida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan qiyinchiliklarga quyidagi holatlar kiradi:
bank boshqaruvi tomonidan auditorlik tekshiruviga toʻsqinlik qiluvchi biron-bir harakat (harakatsizlik) sodir etilishi, jumladan zarur boʻlgan maʼlumot taqdim etilmasligi;
auditorlik tekshiruvini belgilangan muddatlarda yakunlashning imkoni yoʻqligi.
2-bob. Auditorning malaka sertifikatini berish, qayta rasmiylashtirish, uning amal qilish muddatini uzaytirish va tugatish hamda malaka imtihonlarini oʻtkazish
1-§. Auditorning malaka sertifikatini berish, qayta rasmiylashtirish, uning amal qilish muddatini uzaytirish va tugatish
21. Malaka sertifikatini olishga daʼvogar boʻlgan jismoniy shaxs — talabgor (bundan buyon matnda talabgor deb yuritiladi) oliy iqtisodiy maʼlumotga va bank sohasida rahbarlik lavozimlarida yoki xalqaro auditorlik tashkilotiga aʼzo auditorlik tashkilotida auditor lavozimida kamida 3 yillik ish tajribasiga hamda auditorlik faoliyati sohasidagi vakolatli davlat organi yoki auditorlarning respublika jamoat birlashmasi tomonidan berilgan auditorning malaka sertifikatiga ega boʻlishi lozim.
22. Talabgor Oʻzbekiston Respublikasining fuqarosi boʻlganda Markaziy bankka quyidagilarni ilova qilgan holda malaka sertifikatini berish toʻgʻrisida ariza (bundan buyon matnda ariza deb yuritiladi) taqdim etadi:
mazkur Nizomning ilovasiga muvofiq shakldagi anketa;
oliy iqtisodiy maʼlumot chet davlatda olingan boʻlsa, oliy iqtisodiy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplom nusxasi va uni tan olish haqidagi tegishli vakolatli davlat organining guvohnomasi nusxasi (qonunchilik hujjatlarida talab etilgan hollarda);
chet davlatda ishlagan boʻlsa, ish tajribasini tasdiqlovchi hujjat nusxasi;
“Sertifikatlangan diplomli buxgalter (ACCA)”, “Sertifikatlangan jamoatchi buxgalter (CRA)”, “Sertifikatlangan xalqaro professional buxgalter (CIPA)” yoki “Sertifikatlangan moliyaviy tahlilchi (CFA)” sertifikatidan (bundan buyon matnda xalqaro sertifikatlar deb yuritiladi) koʻchirma nusxasi (mavjud boʻlgan taqdirda).
Mazkur bandda koʻrsatilgan ariza va hujjatlar Markaziy bankka yozma yoki elektron shaklda taqdim etiladi.
23. Talabgor chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs boʻlganda, Markaziy bankka quyidagilarni ilova qilgan holda ariza taqdim etadi:
shaxsni tasdiqlovchi hujjat nusxasi;
mazkur Nizomning 22-bandi ikkinchi — beshinchi xatboshilarida koʻrsatilgan hujjatlar va maʼlumotlar;
ariza taqdim etilgan kunga qadar soʻnggi 90 kun ichida chet davlatning vakolatli organi tomonidan berilgan talabgorning sudlanmaganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma nusxasi;
talabgorning ariza taqdim etilgan kunga qadar soʻnggi olti oy ichida tushgan rangli fotosurati.
Mazkur bandda koʻrsatilgan ariza va hujjatlar Markaziy bankka yozma yoki elektron shaklda taqdim etiladi.
24. Markaziy bank talabgorning quyidagi hujjat va maʼlumotlarini masʼul davlat organlari va tashkilotlaridan, shu jumladan “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali mustaqil ravishda oladi:
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining pasporti yoki identifikatsiya ID-kartasi maʼlumotlari, fotosurati va manzil-maʼlumot axboroti;
auditorlik faoliyati sohasidagi vakolatli davlat organi yoki auditorlarning respublika jamoat birlashmasi tomonidan berilgan auditorning malaka sertifikati maʼlumotlari;
Oʻzbekiston Respublikasida berilgan oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplom maʼlumotlari;
Oʻzbekiston Respublikasidagi ish tajribasini tasdiqlovchi maʼlumotlar;
Oʻzbekiston Respublikasida sudlanmaganligi toʻgʻrisida maʼlumot.
25. Talabgorda xalqaro sertifikat mavjud boʻlganda hamda u ushbu Nizomning 21 — 23-bandlarida nazarda tutilgan talablarga rioya etganda, malaka sertifikati unga malaka imtihonini topshirmagan holda beriladi.
26. Quyidagi hollarda malaka imtihonini oʻtkazmasdan talabgorga malaka sertifikatini berish rad etiladi:
talabgor mazkur Nizomning 21-bandida nazarda tutilgan talablarga nomuvofiq boʻlganda;
mazkur Nizomning 22 va 23-bandlarida koʻrsatilgan hujjatlar toʻliq hajmda taqdim etilmaganda yoki ularda notoʻgʻri yoxud buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjud boʻlganda;
talabgorga auditor lavozimini egallash yoki auditorlik faoliyati bilan shugʻullanish sudning qonuniy kuchga kirgan hukmi bilan taqiqlangan boʻlsa;
talabgor sudning qarori bilan muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topilgan boʻlsa.
27. Markaziy bank tomonidan malaka imtihonini oʻtkazmasdan talabgorga malaka sertifikatini berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, malaka sertifikatini berish rad etilganligi toʻgʻrisidagi yozma xabarnoma talabgorga mazkur qaror qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida rad etish sabablari koʻrsatilgan holda yuboriladi.
28. Malaka imtihonini topshirishiga ruxsat berish rad etilgan talabgor kamchiliklar bartaraf etilganidan keyin ariza bilan takroran murojaat qilishga haqli .
29. Markaziy bank malaka imtihoni oʻtkazilgan sanadan boshlab oʻn kun ichida malaka sertifikatini berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
30. Talabgorning malaka imtihoni natijalari “qoniqarli” deb baholanganda yoki mazkur Nizomning 25-bandi talablariga muvofiq boʻlganda, Markaziy bank talabgorga malaka sertifikatini berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va qaror qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida talabgorga malaka sertifikatini beradi.
Talabgorning malaka imtihoni natijalari “qoniqarsiz” deb baholanganda, Markaziy bank tomonidan talabgorga malaka sertifikatini berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi hamda ushbu qaror qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida bu haqda talabgorga xabarnoma yuboriladi.
31. Malaka imtihoni natijalari “qoniqarsiz” deb baholanganligi sababli malaka sertifikatini berish rad etilgan taqdirda, talabgor tegishli qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran kamida uch oydan soʻng Markaziy bankka takroran ariza taqdim etishi mumkin.
32. Malaka sertifikati uning haqqoniyligini onlayn tekshirish imkonini beradigan, Internet butunjahon axborot tarmogʻidagi tegishli axborot resursi manziliga havolani oʻz ichiga olgan QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan elektron hujjat koʻrinishida 5 yil muddatga beriladi.
33. Malaka sertifikatining amal qilish muddatini uzaytirish malaka sertifikatini berish uchun nazarda tutilgan tartibda amalga oshiriladi.
Malaka sertifikatining amal qilish muddati har safar 5 yil muddatga uzaytiriladi.
34. Malaka sertifikatining amal qilish muddatini uzaytirish uchun auditor malaka sertifikatining amal qilish muddati tugashidan kamida uch oy, biroq uzogʻi bilan olti oy oldin Markaziy bankka ariza taqdim etadi.
35. Markaziy bank quyidagi maʼlumotlarni nazarda tutuvchi malaka sertifikati berilgan Auditorlarning reyestrini yuritadi:
auditorning familiyasi, ismi, otasining ismi;
auditorning shaxsini tasdiqlovchi hujjat maʼlumotlari (pasport seriyasi, raqami va berilgan sanasi yoki identifikatsiya ID-kartaning shaxsiy raqami va berilgan sanasi);
malaka sertifikatining raqami va berilgan sanasi;
malaka sertifikatining amal qilish muddati;
auditorning ish joyi (auditorlik tashkilotining nomi);
auditorlik faoliyati sohasidagi vakolatli davlat organi yoki auditorlarning respublika jamoat birlashmasi tomonidan berilgan auditorning malaka sertifikati raqami, berilgan sanasi va amal qilish muddati;
auditor bilan bogʻlanish uchun raqamlar va elektron pochta manzili;
malaka sertifikatining amal qilish muddatini uzaytirish va malaka sertifikatining amal qilishini tugatish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.
Markaziy bankning veb-saytiga auditorlar reyestridagi tanishish uchun ochiq boʻlgan maʼlumotlar joylashtiriladi, unda quyidagilar koʻrsatiladi:
auditorning familiyasi, ismi, otasining ismi;
malaka sertifikatning raqami, berilgan sanasi;
malaka sertifikatning amal qilish muddati;
sertifikatning amal qilishini tugatish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.
36. Auditorning ish joyi, u bilan bogʻlanish uchun telefon raqami va elektron pochta manzili oʻzgargan taqdirda, auditor oʻn kun muddat ichida Markaziy bankni mazkur oʻzgarishlar toʻgʻrisida yozma yoki elektron ravishda xabardor qilishi shart.
37. Auditorning shaxsini tasdiqlovchi hujjat maʼlumotlari, shu jumladan familiyasi, ismi, otasining ismi oʻzgargan taqdirda, auditor tegishli oʻzgarishlarni tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda ular sodir boʻlgan sanadan eʼtiboran bir oy ichida Markaziy bankka malaka sertifikatini qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida ariza berishi shart.
Markaziy bank tomonidan malaka sertifikatini qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi qaror ariza qabul qilingan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida qabul qilinadi va qaror qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida talabgorga qayta rasmiylashtirilgan malaka sertifikati beriladi.
38. Malaka sertifikatining amal qilishini tugatish Oʻzbekiston Respublikasining “Auditorlik faoliyati toʻgʻrisida”gi Qonuni 26-moddasida nazarda tutilgan holatlarda va tartibda amalga oshiriladi.
Auditorlik faoliyati sohasidagi vakolatli davlat organi yoki auditorlarning respublika jamoat birlashmasi tomonidan berilgan auditorning malaka sertifikatining amal qilish muddati tugagan sanadan eʼtiboran Markaziy bank tomonidan berilgan malaka sertifikatining ham amal qilish muddati tugagan deb hisoblanadi.
39. Malaka sertifikatining amal qilishi tugatilganligi toʻgʻrisidagi axborot Markaziy bankning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
2-§. Malaka imtihonini oʻtkazish va apellyatsiya berish tartibi
40. Malaka imtihonini topshirishga ruxsat berilgan talabgor malaka imtihoni oʻtkaziladigan sana, vaqt va joy haqida ariza qabul qilingan kundan boshlab besh ish kuni ichida, biroq malaka imtihoni oʻtkaziladigan kundan kamida oʻn ish kuni oldin yozma ravishda xabardor qilinadi.
41. Malaka imtihoni 100 ta savoldan iborat boʻlgan va davomiyligi 120 daqiqani tashkil etuvchi test sinovlari shaklida oʻtkazilib, talabgorning quyidagi sohalardagi bilim va koʻnikmalari baholanadi:
bank faoliyatining asosiy yoʻnalishlari;
banklarda buxgalteriya hisobi va audit;
bankning ichki nazorat va tavakkalchiliklarni boshqarish tizimlari;
banklarda korporativ boshqaruv;
Markaziy bank tomonidan banklar uchun belgilangan prudensial normativlar.
Test sinovlari kompyuter vositasida talabgorning tanloviga koʻra oʻzbek yoki rus tilida oʻtkaziladi va natijasi malaka imtihoni tugashi bilanoq talabgorga maʼlum qilinadi.
42. Malaka imtihonining shaffofligi va xolisligini taʼminlash maqsadida malaka imtihonini oʻtkazish jarayoni uzluksiz ravishda ovozli videotasvirga tushiriladi, videotasvir bir yil mobaynida saqlanadi.
43. Malaka imtihonini topshirishda talabgor shaxsini tasdiqlovchi hujjatning aslini taqdim etadi.
Malaka imtihonini topshirishda shaxsini tasdiqlovchi hujjatning asliga ega boʻlmagan yoki malaka imtihoniga belgilangan vaqtda kelmagan talabgor uchun malaka imtihoni navbatdagi imtihonga qoldirilgan deb hisoblanadi.
Agar talabgor malaka imtihonini topshirishga ikki marta kelmagan boʻlsa, taqdim etilgan hujjatlar qaytariladi. Bunda talabgor ariza bilan takroran murojaat qilishga haqli.
44. Malaka imtihonini topshirish jarayonida talabgorga quyidagilar taqiqlanadi:
qonunchilik hujjatlari va maxsus adabiyotlardan foydalanish;
mobil aloqa vositasi va boshqa elektron vositalaridan foydalanish;
malaka imtihoni oʻtkazilayotgan xonadan tashqariga chiqish.
45. Malaka imtihoni natijalari “qoniqarli” va “qoniqarsiz” tizim boʻyicha baholanadi.
Talabgorning malaka imtihoni natijalari boʻyicha toʻgʻri javoblar 75 foiz va undan yuqori koʻrsatkichni tashkil qilgan boʻlsa — “qoniqarli”, 75 foizdan past boʻlgan taqdirda yoki mazkur Nizomning 44-bandi talablarini buzganda — “qoniqarsiz” deb baholanadi.
46. Malaka imtihoni natijalari “qoniqarsiz” deb baholangan talabgor malaka imtihoni oʻtkazilgan kundan boshlab oʻttiz kun ichida Markaziy bankning apellyatsiya kengashiga yozma ravishda apellyatsiya berish yoki qonunchilikda belgilangan tartibda sudga murojaat qilish huquqiga ega.
Markaziy bankning apellyatsiya kengashi apellyatsiya berilgan kundan boshlab oʻn besh kun ichida talabgorning apellyatsiyasini koʻrib chiqadi va talabgorni qabul qilingan qaror haqida yozma ravishda xabardor qiladi.
Markaziy bankning apellyatsiya kengashi talabgorni apellyatsiyani koʻrib chiqishda ishtirok etish uchun oʻz tashabbusiga yoki talabgorning iltimosnomasiga koʻra jalb qilishi mumkin.
47. Markaziy bank apellyatsiyani koʻrib chiqish natijalari yuzasidan quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
apellyatsiyani qanoatlantirishni rad etish va malaka imtihoni natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish toʻgʻrisida;
apellyatsiyani qanoatlantirish va malaka imtihoni natijalarini “qoniqarli” deb hisoblash toʻgʻrisida;
talabgorning malaka imtihoni mazkur Nizom talablariga zid ravishda oʻtkazilganligi aniqlanganda, malaka imtihonini takroran oʻtkazish toʻgʻrisida.
48. Apellyatsiya mazkur Nizomning 46-bandida belgilangan apellyatsiyani berish muddati va shaklini buzgan holda taqdim etilganda yoki apellyatsiyada keltirilgan vajlar oʻz tasdigʻini topmaganda, Markaziy bank apellyatsiyani qanoatlantirishni rad etish va malaka imtihoni natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
49. Talabgor ayni bir malaka imtihoni natijalari boʻyicha Markaziy bankning apellyatsiya kengashiga takroran apellyatsiya berishi mumkin emas.
3-bob. Yakuniy qoida
50. Ushbu Nizom talablarini buzgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
Bank va banklar guruhida auditorlik tekshiruvlarini oʻtkazishning oʻziga xos xususiyatlari hamda banklarning auditorlik tekshiruvlarini oʻtkazish huquqi uchun auditorning malaka sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Talabgorning
F.I.O.: JSHSHIR: Fuqaroligi: Ish joyi: Tugʻilgan sanasi: Tugʻilgan joyi: Maʼlumoti: Oliy maʼlumotni tan olish toʻgʻrisidagi guvohnoma raqami va sanasi (mavjud boʻlsa) Ilmiy unvoni: Davlat mukofotlari: Auditorlik faoliyati sohasidagi vakolatli davlat organi yoki auditorlarning respublika jamoat birlashmasi tomonidan berilgan auditorning malaka sertifikati raqami va sanasi ______________________ MEHNAT FAOLIYATI Ishlagan davri Tashkilot nomi va egallagan lavozimi YAQIN QARINDOSHLARI HAQIDAGI MAʼLUMOTLAR Qarindoshligi F.I.O. Tugʻilgan sanasi va joyi Ish joyi va lavozimi Yashash joyi Toʻldirilgan sana: “___” ____________ 20 __ y. Talabgor imzosi ______________
Rais M. NURMURATOV
Iqtisodiyot va moliya vaziri Sh. KUDBIYEV
Toshkent sh.,
2023-yil 31-mart,
2023-yil 30-mart
8/9-son