UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 18-aprel · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 18 апрель · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 апреля 2023 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 April 2023 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг

Қарори

НИЗОМ

Тўлов тизими операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини назорат қилиш ва кузатувни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ҳамда « Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Тўлов тизими операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини назорат қилиш ва кузатувни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2023 йил 18 апрелдаги 8/4-сон қарорига ИЛОВА

Тўлов тизими операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини назорат қилиш ва кузатувни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан тўлов тизими операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини назорат қилиш ва кузатувни амалга ошириш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

тўлов тизими оператори — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов тизимининг ишлашини таъминлаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;

тўлов ташкилоти — банк ҳисобланмайдиган, тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган юридик шахс;

масофавий назорат — тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган ва (ёки) уларнинг ахборот тизимларидан олинадиган маълумотлар таҳлилига асосланган назорат тури.

2. Мазкур Низом Марказий банк томонидан берилган лицензияга эга бўлган тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига нисбатан қўлланилади.

3. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини назорат қилишда Марказий банк:

тўлов тизимлари операторларидан ва тўлов ташкилотларидан тўлов тизимларининг ишлаши билан боғлиқ ахборотни, шу жумладан шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган ахборотни сўраб олади;

тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан тўлов тизимларининг ишлаши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш шакллари ва муддатларини, шунингдек ҳисоботларни тузиш услубиётини белгилайди;

тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан тўлов тизимларининг ишлаши тўғрисида тақдим этилган ахборотни таҳлил қилади;

тўлов тизимлари операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини инспекция текширувларидан ўтказади;

тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган тақдирда тўлов тизимларининг операторларига ва тўлов ташкилотларига нисбатан чоралар ҳамда санкциялар қўллайди.

4. Марказий банк йилда камида бир марта тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилади.

2-боб. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган ахборотлар

5. Марказий банк тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш ва кузатувни амалга ошириш мақсадида мазкур бобда белгиланган тўлов тизими операторларининг фаолиятига доир ва тўлов ташкилотлари томонидан кўрсатилган тўлов хизматлари бўйича ахборотларни олади ҳамда таҳлил қилади.

Ахборотлар тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан Марказий банкка электрон шаклда тақдим этилади ва (ёки) ахборот тизимлари орқали автоматлаштирилган тарзда юборилади.

6. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан ҳар куни кун якуни бўйича амалга оширилган транзакциялар сони ва миқдори ҳақидаги ахборотлар Марказий банкка ахборот тизимлари орқали автоматлаштирилган тарзда узатилади.

7. Тўлов тизими операторлари ҳар ойда кейинги ойнинг 5 санасидан кечиктирмай тўлов тизими фаолияти тўғрисидаги қуйидаги ахборотларни Марказий банкка тақдим этиши керак:

персонализация қилинган банк карталари ва дастурланган терминаллар сони;

тўлов тизими операторлари фаолиятини амалга оширишда ўтказилган синовлар бўйича ахборотлар, агар синовлар ўтказилган бўлса;

электрон терминаллар (E-POS) реестридан кўчирма.

8. Тўлов ташкилотлари ҳар ойда кейинги ойнинг 5 санасидан кечиктирмай тўлов ташкилоти томонидан кўрсатилган тўлов хизматлари тўғрисидаги, шу жумладан тўлов хизматларидан фойдаланувчилар сони, тўлов агентлари ва тўлов субагентлари ҳамда уларнинг жойлашган манзили тўғрисидаги ахборотларни Марказий банкка тақдим этиши керак.

9. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотлари ҳар йили кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай қуйидаги йиллик ахборотларни Марказий банкка тақдим этиши керак:

ўтган йил давомида тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотлари фаолиятини амалга оширишда ўтказилган синовлар тўғрисидаги ахборотлар, агар синовлар ўтказилган бўлса;

тўлов тизимидаги ва тўлов ташкилотлар фаолиятининг узлуксизлигига қилинган таҳдидлар, аниқланган таваккалчиликлар, таваккалчиликларни баҳолаш ва уларни бартараф этиш чоралари ҳамда натижадорлиги тўғрисидаги маълумотлар.

10. Тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш жараёнида операцион таваккалчилик юзага келган, уларнинг ахборот тизимларида узилишлар кузатилган ёхуд тўлов тизими ёки тўлов хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятга ўзгартиришлар киритилган кундан бошлаб уч иш куни ичида Марказий банкка мазкур ҳолатларни тавсифловчи ахборотларни тақдим этиши шарт.

Тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотлари томонидан фаолиятида юз берган узилишлар тўғрисидаги Марказий банкка тақдим этиладиган ахборотда ушбу узилиш сабаблари ва давомийлиги, узилишнинг тўлов хизматларига, иштирокчиларга ва (ёки) фойдаланувчиларга таъсирининг кўлами, тўлов тизимини қайта тиклашдаги чоралар ҳамда келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш муддатлари кўрсатилади.

11. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари тўлов тизимига ёки тўлов хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятга ўзгаришлар киритишни режалаштирган тақдирда, мазкур ўзгаришларни амалга оширишдан ўттиз кун олдин ўзгартиришлар бўйича ҳаракатлар режасини Марказий банкка тақдим этиши керак.

Марказий банк ўттиз кун ичида ўзгартиришлар бўйича ҳаракатлар режасини кўриб чиқиб, таваккалчиликларни баҳолайди ҳамда зарур ҳолларда тегишли тавсиялар ва кўрсатмалар бериши мумкин.

12. Ўзгартиришлар бўйича ҳаракатлар режаси киритиладиган ўзгартиришлар, режалаштирилган чора-тадбирлар тавсифи ҳамда уларнинг таваккалчиликларни бошқаришга таъсирини баҳолашни ўз ичига олади.

Тўлов тизими оператори тўлов тизимига ўзгартиришлар киритганда, тўлов тизими қоидаларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши лозим.

3-боб. Тўлов тизими операторлари фаолияти устидан кузатувни амалга ошириш

13. Марказий банк тўлов тизими операторлари фаолияти устидан кузатувни амалга оширишда уларнинг фаолиятига доир ахборотларни умумлаштиради, тизимлаштиради ва таҳлил қилади.

14. Тўлов тизими оператори қуйидаги мезонлардан бирига жавоб берса, Марказий банк ушбу тўлов тизими операторини муҳим тўлов тизими оператори жумласига киритади:

агар тўлов тизимининг узлуксиз ишлаши Ўзбекистон Республикаси тўлов хизматлари бозорининг барқарор фаолият кўрсатишига ёрдам берса, унинг ишидаги тўхталишлар (узилишлар) эса Ўзбекистон Республикаси тўлов хизматлари бозорида таваккалчиликларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин бўлса;

тўлов тизими инфратузилмасида икки миллиондан ортиқ фаол (бир ой давомида камида бир марта электрон тўлов воситасига маблағ кирим қилган) тўлов хизматларидан фойдаланувчилар мавжуд бўлса;

бир йил давомида тўлов тизими орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми ушбу турдаги тўловлар умумий ҳажмининг йигирма беш фоизидан кўп улушини эгаллаган бўлса;

бир йил давомида тўлов тизими орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми ўн икки триллион сўмдан кўп бўлса.

15. Муҳим тўлов тизимлари фаолияти устидан кузатувни амалга оширишда Марказий банк:

муҳим тўлов тизимларининг фаолиятини халқаро стандартларга ҳамда Марказий банк талабларига мувофиқлиги юзасидан баҳолашни ўтказади;

муҳим тўлов тизими операторларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

муҳим тўлов тизими операторлари томонидан тайёрланган таваккалчиликларни баҳолаш ҳамда уларни бартараф этиш чоралари тўғрисидаги ахборотда амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирларнинг ижросини назорат қилади;

муҳим тўлов тизими операторлари фаолиятида узилишлар рўй берган тақдирда, ушбу узилишларни бартараф этиш тўғрисида ёзма равишда кўрсатма беради.

4-боб. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини масофавий назорат қилиш

16. Марказий банк тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган ахборотлар ва (ёки) уларнинг ахборот тизимларидан олинадиган маълумотлар, электрон ҳужжатлар ҳамда бошқа маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш, сирли мижоз сифатида назорат тўловларини ўтказиш орқали масофавий назоратни амалга оширади.

17. Масофавий назорат жараёнида тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг фаолиятида хатолик ёки қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, Марказий банк бу ҳақида маълумотнома тайёрлайди ҳамда уни бартараф этиш бўйича кўрсатма беради.

Марказий банк масофавий назорат натижалари бўйича тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг фаолияти, тўлов тизими, тўлов хизматлари ҳамда жараёнини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши ва тақдим этиши мумкин.

18. Марказий банк тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига масофавий назорат жараёнида аниқланган тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилиши билан боғлиқ қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича қуйидаги кўрсатмаларни беришга ҳақли:

тўлов ташкилотларининг электрон терминаллари (Е-POS) орқали қонунчилик ҳужжатларида тақиқланган айрим тоифадаги операцияларнинг амалга оширилишини чеклаш ёки тўхтатиш;

фаолиятга доир айрим тоифадаги операция ёки жараёнларни амалга ошириш тартибини белгилаш.

Кўрсатмалар тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига ёзма ёки ахборот тизимлари орқали электрон шаклда тақдим этилади.

5-боб. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини инспекция текширувидан ўтказиш

19. Марказий банк тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини бир йилда кўпи билан бир марта инспекция текширувларидан ўтказишга ҳақли.

Муҳим тўлов тизимининг узлуксиз фаолият кўрсатишида бузилишлар бўлган тақдирда, Марказий банк навбатдан ташқари инспекция текширувини ўтказишга ҳақли.

20. Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг инспекция текшируви Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси қарори билан тайинланган Марказий банкнинг инспекция текшируви ўтказишга масъул таркибий бўлинмаси (бўлинмалари) ходимлари (бундан буён матнда Марказий банкнинг ваколатли вакиллари деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

21. Инспекция текширувлари тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятининг айрим масалалари бўйича ўтказилиши ёки комплекс текширувлар бўлиши мумкин.

22. Қуйидаги ҳолларда айрим масалалар бўйича инспекция текшируви ўтказилиши мумкин:

тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг таваккалчиликларини баҳолаш натижалари асосида;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг сўровлари асосида;

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида.

23. Инспекция текширувининг муддати 30 календарь кундан ошмаслиги лозим.

24. Марказий банкнинг ваколатли вакиллари тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини инспекция текширувидан ўтказиш жараёнида қуйидагиларга ҳақлидир:

ҳужжатларни олиш ва текшириш;

зарур бўлганда, текширув материалларига илова қилиш учун ҳужжатлардан кўчирма нусхалар олиш;

фаолиятга доир масалалар бўйича оғзаки ва ёзма тушунтиришлар олиш;

фаолиятни амалга ошириш жойларига кириш;

ташкилотнинг ахборот тизимларига кириш, шу жумладан электрон шаклда маълумот олиш (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг бошланғич матнларидан ташқари).

25. Агар сўралган маълумотлар ва ҳужжатлар бошқа тилда тайёрланган бўлса, Марказий банкнинг ваколатли вакиллари ушбу маълумотлар ва ҳужжатларни давлат тилида тақдим этилишини талаб қилишга ҳақли.

26. Марказий банкнинг ваколатли вакиллари текширув давомида ўзларига маълум бўлган тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг тижорат ва хизмат сирини ташкил этувчи маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги лозим.

27. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари Марказий банкнинг ваколатли вакилларига текширувларни ўтказишга тўсқинлик қилмаслиги ва инспекция ўтказиш учун барча шарт-шароитларни яратиши, Марказий банкнинг ваколатли вакилларига амалий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан уларнинг саволларига зарур тушунтиришлар бериш учун ходимларни бириктириши керак.

28. Инспекция текшируви якунлари бўйича Марказий банкнинг ваколатли вакиллари тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти фаолияти тўғрисидаги умумий ахборот ва текширув жараёнида аниқланган қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотномани ўз ичига олган текширув далолатномасини икки нусхада тузади.

29. Марказий банкнинг ваколатли вакиллари текширув далолатномасининг бир нусхасини инспекция текшируви ўтказилган тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотига топшириши лозим. Инспекция текшируви ўтказилган тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти текширув далолатномасини қабул қилган кундан бошлаб уч иш куни ичида ўз эътирозларини бериши мумкин. Эътирозлар текширув далолатномасига илова қилиниши лозим.

6-боб. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига қўлланадиган чоралар ва санкциялар

30. Марказий банк тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш жараёнида улар томонидан «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонун ҳамда бошқа қонунчилик талаблари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотларига нисбатан ушбу Қонун ҳамда мазкур Низомда белгиланган тартибда чоралар ва санкциялар қўллашга ҳақли.

31. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига нисбатан чоралар ва санкцияларни қўллаш тўғрисидаги қарор Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан қабул қилинади.

32. Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига нисбатан чоралар ва санкцияларни қўллашда қуйидагиларни ҳисобга олади:

таваккалчиликнинг даражаси, қоидабузарликларнинг хусусияти, миқёси ва оқибатларини;

қоидабузарликларнинг тизимлилиги ва давомийлигини;

йўл қўйилган қоидабузарликларнинг тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига таъсирини;

тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотларига нисбатан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар натижасида вазиятни ўзгартириш имкониятини;

аниқланган қоидабузарликлар ва (ёки) таваккалчиликларнинг юзага келишига олиб келган сабабларни;

Марказий банк томонидан ахборот хавфсизлигини (киберхавфсизликни) таъминлаш бўйича белгиланган талабларнинг бажарилмаганлиги натижасида тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотларида юзага келган киберхавфсизлик ҳодисаларини;

илгари қўлланилган чоралар ва санкциялар таъсирининг самарадорлигини (натижадорлигини).

33. Агар тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотлари томонидан йўл қўйилган жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларининг, тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилишлари тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига бевосита таъсир кўрсатмаса, Марказий банк:

тўлов тизими операторининг ва (ёки) тўлов ташкилотининг бошқарув органларини аниқланган қоидабузарлик тўғрисида йўл қўйилган қоидабузарликни ва у бартараф этилиши керак бўлган муддатни кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилади, бунда мазкур муддат ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак;

тўлов тизими операторининг ва (ёки) тўлов ташкилотининг бошқарув органларига аниқланган қоидабузарликни бартараф этиш бўйича тавсиялар юборади.

34. Агар тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан йўл қўйилган юқорида кўрсатилган қонунчилик ҳужжатларининг бузилишлари тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига салбий таъсир кўрсатса, Марказий банк тўлов тизими оператори ва (ёки) тўлов ташкилотининг бошқарув органларига қоидабузарликнинг бартараф этилиши тўғрисида уни бартараф этиш муддатини кўрсатган ҳолда кўрсатма юборади, бу муддат ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

35. Тўлов тизими оператори ва (ёки) тўлов ташкилоти Марказий банкнинг қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмасини бажармаган, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузган тақдирда, Марказий банк қонунчиликка мувофиқ қуйидаги санкциялардан бирини қўллайди:

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваригача бўлган миқдорда жарима солади;

тўлов хизматларининг ва (ёки) операцияларнинг айрим турларини амалга оширишни олти ойгача бўлган муддатга чеклайди;

лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунигача бўлган муддатга тўхтатиб туради.

36. Марказий банк қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмани бажармаган ҳамда қуйидаги қоидабузарликларни содир этган тўлов тизими оператори ва (ёки) тўлов ташкилотларига нисбатан мазкур Низомнинг 35-бандида белгиланган санкциялардан бирини қўллайди:

тўлов хизмати кўрсатилганидан сўнг тўлов хизматларидан фойдаланувчига тўлов хизмати кўрсатилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса;

тўлов хизматларидан фойдаланувчини тўлов операциясини бошлашдан олдин тўлов хизматидан фойдаланганлик учун олинадиган йиғимлар ҳақида хабардор қилмаса;

тўлов хизматларидан фойдаланувчилардан тўловни амалга ошириш учун топшириқ олгандан сўнг тўлов операциясини асоссиз амалга оширмаса;

тўловни бажаришни рад этиш тўғрисида тўлов хизматидан фойдаланувчини хабардор қилмаса;

шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини сақлаш талабларини бузса;

тўлов хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ низоларни муқобил ҳал этиш тартиб ва қоидаларини белгиламаса;

тўлов тизими операторлари ва (ёки) тўлов ташкилотларининг бошқарув органларига аниқланган қоидабузарликни бартараф этиш бўйича юборилган тавсияларга амал қилмаса;

Марказий банкнинг рухсатини олиш талаб этиладиган ҳаракатларни рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олмай туриб амалга оширса;

Марказий банк томонидан назорат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилса;

Марказий банкка ахборотларни ўз вақтида тақдим этмаса, бузилган ёхуд тўлиқ бўлмаган ахборотларни тақдим этса;

банк сири тўғрисидаги қонунчилик, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролининг тарқатилишини молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузилса;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини бажармаса;

лицензия олишда тақдим этилган ҳужжатларда назарда тутилмаган тўлов хизматларини кўрсатса;

фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия тақдим этилганидан кейин фаолиятидаги ўзгаришлар тўғрисида Марказий банкни хабардор қилмаса;

бухгалтерия ҳисобини юритмаса ва молиявий ҳисоботларни тайёрламаса;

тўлов хизматларини кўрсатиш шартномаси бўйича тўлов агенти билан агентлик шартномаларини тузган тўлов ташкилоти Марказий банкка ушбу хизматлар, шунингдек ўзининг тўлов агентлари ҳамда тўлов субагентлари ҳақидаги маълумотни тақдим этмаса;

тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бошқа талабларини бузса.

37. Тўлов ташкилоти лицензиясининг амал қилишини ўн иш кунигача бўлган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Марказий банк тўлов тизими операторларига тўлов ташкилотини тизимдан ўчириш ҳақида талабнома юборади.

38. Марказий банк тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонун талабларининг мунтазам равишда ёки бир марта қўпол тарзда бузилганлиги учун тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг лицензиясини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

«Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонун талабларининг бир йил давомида уч ва ундан ортиқ маротаба бузилиши «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонун талабларини мунтазам равишда бузиш деб ҳисобланади.

Қуйидагилар «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонун талабларининг бир марта қўпол тарзда бузилиши жумласига киради:

рухсат этилмаган тўловларни, шу жумладан қонунчиликда савдоси ва хизмат кўрсатилиши тақиқланган товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ёки тўловни амалга ошириш учун шароитлар яратиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролининг тарқатилишини молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги учун Марказий банк томонидан чоралар ва санкциялар қўлланилганидан кейин беш йил давомида такроран содир этилган худди шундай қоидабузарликни содир этиш;

тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари кўзда тутилмаган фавқулодда ҳодисалар оқибатида юзага келган ўз фаолиятидаги узилишларни (тўхталишларни) 12 соат ичида тўлиқ тикламаган ёки барқарор ишлашини таъминланмаган тақдирда;

тўловчини ва (ёки) бенефициарни идентификация қилиш имконини берувчи маълумотларнинг тўлов хизматлари кўрсатилганидан кейин камида беш йил давомида сақланишини таъминламаслик;

Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3431, 2023 йил 5 май) белгиланган қуйидаги лицензия талаблари ва шартларини бузиш:

1) тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг муассислари (иштирокчилари ёки акциядорлари)га қўйиладиган талаблар;

2) тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг устав фондига (устав капиталига) қўйиладиган талаблар;

3) тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотига қўйиладиган техник, хавфсизлик ҳамда фаолиятнинг узлуксизлигига доир талаблар.

7-боб. Якуний қоида

39. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. КАСИМОВ

Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 18 апрель,

2023 йил 3 апрель

2023 йил 25 март

8/4-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.05.2023 й., 10/23/3434/0279-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining

Qarori

NIZOM

Toʻlov tizimi operatorlarining va toʻlov tashkilotlarining faoliyatini nazorat qilish va kuzatuvni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi hamda “ Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Toʻlov tizimi operatorlarining va toʻlov tashkilotlarining faoliyatini nazorat qilish va kuzatuvni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Ushbu qaror Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakili hamda Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2023-yil 18-apreldagi 8/4-son qaroriga ILOVA

Toʻlov tizimi operatorlarining va toʻlov tashkilotlarining faoliyatini nazorat qilish va kuzatuvni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) tomonidan toʻlov tizimi operatorlarining va toʻlov tashkilotlarining faoliyatini nazorat qilish va kuzatuvni amalga oshirish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

toʻlov tizimi operatori — Oʻzbekiston Respublikasi hududida toʻlov tizimining ishlashini taʼminlash boʻyicha faoliyatni amalga oshiruvchi yuridik shaxs;

toʻlov tashkiloti — bank hisoblanmaydigan, toʻlov xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha faoliyatni amalga oshirishga vakolatli boʻlgan yuridik shaxs;

masofaviy nazorat — toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari tomonidan taqdim etiladigan va (yoki) ularning axborot tizimlaridan olinadigan maʼlumotlar tahliliga asoslangan nazorat turi.

2. Mazkur Nizom Markaziy bank tomonidan berilgan litsenziyaga ega boʻlgan toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlariga nisbatan qoʻllaniladi.

3. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini nazorat qilishda Markaziy bank:

toʻlov tizimlari operatorlaridan va toʻlov tashkilotlaridan toʻlov tizimlarining ishlashi bilan bogʻliq axborotni, shu jumladan shaxsga doir maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan axborotni soʻrab oladi;

toʻlov tizimlari operatorlari va toʻlov tashkilotlari tomonidan toʻlov tizimlarining ishlashi toʻgʻrisidagi hisobotlarni taqdim etish shakllari va muddatlarini, shuningdek hisobotlarni tuzish uslubiyotini belgilaydi;

toʻlov tizimlari operatorlari va toʻlov tashkilotlari tomonidan toʻlov tizimlarining ishlashi toʻgʻrisida taqdim etilgan axborotni tahlil qiladi;

toʻlov tizimlari operatorlarining va toʻlov tashkilotlarining faoliyatini inspeksiya tekshiruvlaridan oʻtkazadi;

toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisidagi qonunchilik talablari buzilgan taqdirda toʻlov tizimlarining operatorlariga va toʻlov tashkilotlariga nisbatan choralar hamda sanksiyalar qoʻllaydi .

4. Markaziy bank yilda kamida bir marta toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Markaziy bankning rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi.

2-bob. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari tomonidan taqdim etiladigan axborotlar

5. Markaziy bank toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini nazorat qilish va kuzatuvni amalga oshirish maqsadida mazkur bobda belgilangan toʻlov tizimi operatorlarining faoliyatiga doir va toʻlov tashkilotlari tomonidan koʻrsatilgan toʻlov xizmatlari boʻyicha axborotlarni oladi hamda tahlil qiladi.

Axborotlar toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari tomonidan Markaziy bankka elektron shaklda taqdim etiladi va (yoki) axborot tizimlari orqali avtomatlashtirilgan tarzda yuboriladi.

6. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari tomonidan har kuni kun yakuni boʻyicha amalga oshirilgan tranzaksiyalar soni va miqdori haqidagi axborotlar Markaziy bankka axborot tizimlari orqali avtomatlashtirilgan tarzda uzatiladi.

7. Toʻlov tizimi operatorlari har oyda keyingi oyning 5 sanasidan kechiktirmay toʻlov tizimi faoliyati toʻgʻrisidagi quyidagi axborotlarni Markaziy bankka taqdim etishi kerak:

personalizatsiya qilingan bank kartalari va dasturlangan terminallar soni;

toʻlov tizimi operatorlari faoliyatini amalga oshirishda oʻtkazilgan sinovlar boʻyicha axborotlar, agar sinovlar oʻtkazilgan boʻlsa;

elektron terminallar (E-POS) reyestridan koʻchirma.

8. Toʻlov tashkilotlari har oyda keyingi oyning 5 sanasidan kechiktirmay toʻlov tashkiloti tomonidan koʻrsatilgan toʻlov xizmatlari toʻgʻrisidagi, shu jumladan toʻlov xizmatlaridan foydalanuvchilar soni, toʻlov agentlari va toʻlov subagentlari hamda ularning joylashgan manzili toʻgʻrisidagi axborotlarni Markaziy bankka taqdim etishi kerak.

9. Toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotlari har yili keyingi yilning 1-aprelidan kechiktirmay quyidagi yillik axborotlarni Markaziy bankka taqdim etishi kerak:

oʻtgan yil davomida toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkilotlari faoliyatini amalga oshirishda oʻtkazilgan sinovlar toʻgʻrisidagi axborotlar, agar sinovlar oʻtkazilgan boʻlsa;

toʻlov tizimidagi va toʻlov tashkilotlar faoliyatining uzluksizligiga qilingan tahdidlar, aniqlangan tavakkalchiliklar, tavakkalchiliklarni baholash va ularni bartaraf etish choralari hamda natijadorligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

10. Toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkilotlari faoliyatini amalga oshirish jarayonida operatsion tavakkalchilik yuzaga kelgan, ularning axborot tizimlarida uzilishlar kuzatilgan yoxud toʻlov tizimi yoki toʻlov xizmatlarini koʻrsatish bilan bogʻliq faoliyatga oʻzgartirishlar kiritilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida Markaziy bankka mazkur holatlarni tavsiflovchi axborotlarni taqdim etishi shart.

Toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkilotlari tomonidan faoliyatida yuz bergan uzilishlar toʻgʻrisidagi Markaziy bankka taqdim etiladigan axborotda ushbu uzilish sabablari va davomiyligi, uzilishning toʻlov xizmatlariga, ishtirokchilarga va (yoki) foydalanuvchilarga taʼsirining koʻlami, toʻlov tizimini qayta tiklashdagi choralar hamda kelgusida bu kabi holatlar takrorlanmasligi uchun yoʻl qoʻyilgan xato va kamchiliklarni bartaraf etish muddatlari koʻrsatiladi.

11. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari toʻlov tizimiga yoki toʻlov xizmatlarini koʻrsatish bilan bogʻliq faoliyatga oʻzgarishlar kiritishni rejalashtirgan taqdirda, mazkur oʻzgarishlarni amalga oshirishdan oʻttiz kun oldin oʻzgartirishlar boʻyicha harakatlar rejasini Markaziy bankka taqdim etishi kerak.

Markaziy bank oʻttiz kun ichida oʻzgartirishlar boʻyicha harakatlar rejasini koʻrib chiqib, tavakkalchiliklarni baholaydi hamda zarur hollarda tegishli tavsiyalar va koʻrsatmalar berishi mumkin.

12. Oʻzgartirishlar boʻyicha harakatlar rejasi kiritiladigan oʻzgartirishlar, rejalashtirilgan chora-tadbirlar tavsifi hamda ularning tavakkalchiliklarni boshqarishga taʼsirini baholashni oʻz ichiga oladi.

Toʻlov tizimi operatori toʻlov tizimiga oʻzgartirishlar kiritganda, toʻlov tizimi qoidalariga ham oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi lozim.

3-bob. Toʻlov tizimi operatorlari faoliyati ustidan kuzatuvni amalga oshirish

13. Markaziy bank toʻlov tizimi operatorlari faoliyati ustidan kuzatuvni amalga oshirishda ularning faoliyatiga doir axborotlarni umumlashtiradi, tizimlashtiradi va tahlil qiladi .

14. Toʻlov tizimi operatori quyidagi mezonlardan biriga javob bersa, Markaziy bank ushbu toʻlov tizimi operatorini muhim toʻlov tizimi operatori jumlasiga kiritadi:

agar toʻlov tizimining uzluksiz ishlashi Oʻzbekiston Respublikasi toʻlov xizmatlari bozorining barqaror faoliyat koʻrsatishiga yordam bersa, uning ishidagi toʻxtalishlar (uzilishlar) esa Oʻzbekiston Respublikasi toʻlov xizmatlari bozorida tavakkalchiliklarning paydo boʻlishiga olib kelishi mumkin boʻlsa;

toʻlov tizimi infratuzilmasida ikki milliondan ortiq faol (bir oy davomida kamida bir marta elektron toʻlov vositasiga mablagʻ kirim qilgan) toʻlov xizmatlaridan foydalanuvchilar mavjud boʻlsa;

bir yil davomida toʻlov tizimi orqali amalga oshirilgan toʻlovlar hajmi ushbu turdagi toʻlovlar umumiy hajmining yigirma besh foizidan koʻp ulushini egallagan boʻlsa;

bir yil davomida toʻlov tizimi orqali amalga oshirilgan toʻlovlar hajmi oʻn ikki trillion soʻmdan koʻp boʻlsa.

15. Muhim toʻlov tizimlari faoliyati ustidan kuzatuvni amalga oshirishda Markaziy bank:

muhim toʻlov tizimlarining faoliyatini xalqaro standartlarga hamda Markaziy bank talablariga muvofiqligi yuzasidan baholashni oʻtkazadi;

muhim toʻlov tizimi operatorlarining faoliyatini takomillashtirish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqadi;

muhim toʻlov tizimi operatorlari tomonidan tayyorlangan tavakkalchiliklarni baholash hamda ularni bartaraf etish choralari toʻgʻrisidagi axborotda amalga oshirilishi kerak boʻlgan chora-tadbirlarning ijrosini nazorat qiladi;

muhim toʻlov tizimi operatorlari faoliyatida uzilishlar roʻy bergan taqdirda, ushbu uzilishlarni bartaraf etish toʻgʻrisida yozma ravishda koʻrsatma beradi.

4-bob. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini masofaviy nazorat qilish

16. Markaziy bank toʻlov tizimi operatorlari hamda toʻlov tashkilotlari tomonidan taqdim etiladigan axborotlar va (yoki) ularning axborot tizimlaridan olinadigan maʼlumotlar, elektron hujjatlar hamda boshqa maʼlumotlarni yigʻish, tahlil qilish, sirli mijoz sifatida nazorat toʻlovlarini oʻtkazish orqali masofaviy nazoratni amalga oshiradi.

17. Masofaviy nazorat jarayonida toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlarining faoliyatida xatolik yoki qoidabuzarliklar aniqlangan taqdirda, Markaziy bank bu haqida maʼlumotnoma tayyorlaydi hamda uni bartaraf etish boʻyicha koʻrsatma beradi.

Markaziy bank masofaviy nazorat natijalari boʻyicha toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlarining faoliyati, toʻlov tizimi, toʻlov xizmatlari hamda jarayonini takomillashtirish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqishi va taqdim etishi mumkin.

18. Markaziy bank toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlariga masofaviy nazorat jarayonida aniqlangan toʻlov tizimlari toʻgʻrisidagi qonunchilik talablarining buzilishi bilan bogʻliq qoidabuzarliklarni bartaraf etish boʻyicha quyidagi koʻrsatmalarni berishga haqli:

toʻlov tashkilotlarining elektron terminallari (E-POS) orqali qonunchilik hujjatlarida taqiqlangan ayrim toifadagi operatsiyalarning amalga oshirilishini cheklash yoki toʻxtatish;

faoliyatga doir ayrim toifadagi operatsiya yoki jarayonlarni amalga oshirish tartibini belgilash.

Koʻrsatmalar toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlariga yozma yoki axborot tizimlari orqali elektron shaklda taqdim etiladi.

5-bob. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini inspeksiya tekshiruvidan oʻtkazish

19. Markaziy bank toʻlov tizimlari operatorlari va toʻlov tashkilotlarining faoliyatini bir yilda koʻpi bilan bir marta inspeksiya tekshiruvlaridan oʻtkazishga haqli .

Muhim toʻlov tizimining uzluksiz faoliyat koʻrsatishida buzilishlar boʻlgan taqdirda, Markaziy bank navbatdan tashqari inspeksiya tekshiruvini oʻtkazishga haqli .

20. Toʻlov tizimlari operatorlari va toʻlov tashkilotlarining inspeksiya tekshiruvi Markaziy bankning Bank nazorati qoʻmitasi qarori bilan tayinlangan Markaziy bankning inspeksiya tekshiruvi oʻtkazishga masʼul tarkibiy boʻlinmasi (boʻlinmalari) xodimlari (bundan buyon matnda Markaziy bankning vakolatli vakillari deb yuritiladi) tomonidan amalga oshiriladi.

21. Inspeksiya tekshiruvlari toʻlov tizimlari operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatining ayrim masalalari boʻyicha oʻtkazilishi yoki kompleks tekshiruvlar boʻlishi mumkin .

22. Quyidagi hollarda ayrim masalalar boʻyicha inspeksiya tekshiruvi oʻtkazilishi mumkin:

toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlarining tavakkalchiliklarini baholash natijalari asosida;

huquqni muhofaza qiluvchi va nazorat qiluvchi organlarning soʻrovlari asosida;

jismoniy va yuridik shaxslarning qonunchilik hujjatlari buzilganligi faktlari toʻgʻrisidagi murojaatlari asosida.

23. Inspeksiya tekshiruvining muddati 30 kalendar kundan oshmasligi lozim.

24. Markaziy bankning vakolatli vakillari toʻlov tizimlari operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini inspeksiya tekshiruvidan oʻtkazish jarayonida quyidagilarga haqlidir :

hujjatlarni olish va tekshirish;

zarur boʻlganda, tekshiruv materiallariga ilova qilish uchun hujjatlardan koʻchirma nusxalar olish;

faoliyatga doir masalalar boʻyicha ogʻzaki va yozma tushuntirishlar olish;

faoliyatni amalga oshirish joylariga kirish;

tashkilotning axborot tizimlariga kirish, shu jumladan elektron shaklda maʼlumot olish (elektron hisoblash mashinalari uchun yaratilgan dasturning boshlangʻich matnlaridan tashqari).

25. Agar soʻralgan maʼlumotlar va hujjatlar boshqa tilda tayyorlangan boʻlsa, Markaziy bankning vakolatli vakillari ushbu maʼlumotlar va hujjatlarni davlat tilida taqdim etilishini talab qilishga haqli.

26. Markaziy bankning vakolatli vakillari tekshiruv davomida oʻzlariga maʼlum boʻlgan toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlarining tijorat va xizmat sirini tashkil etuvchi maʼlumotlarni uchinchi shaxslarga oshkor etmasligi lozim.

27. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari Markaziy bankning vakolatli vakillariga tekshiruvlarni oʻtkazishga toʻsqinlik qilmasligi va inspeksiya oʻtkazish uchun barcha shart-sharoitlarni yaratishi, Markaziy bankning vakolatli vakillariga amaliy yordam koʻrsatish, shu jumladan ularning savollariga zarur tushuntirishlar berish uchun xodimlarni biriktirishi kerak.

28. Inspeksiya tekshiruvi yakunlari boʻyicha Markaziy bankning vakolatli vakillari tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkiloti faoliyati toʻgʻrisidagi umumiy axborot va tekshiruv jarayonida aniqlangan qoidabuzarliklar haqidagi maʼlumotnomani oʻz ichiga olgan tekshiruv dalolatnomasini ikki nusxada tuzadi .

29. Markaziy bankning vakolatli vakillari tekshiruv dalolatnomasining bir nusxasini inspeksiya tekshiruvi oʻtkazilgan toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkilotiga topshirishi lozim. Inspeksiya tekshiruvi oʻtkazilgan toʻlov tizimi operatori yoki toʻlov tashkiloti tekshiruv dalolatnomasini qabul qilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida oʻz eʼtirozlarini berishi mumkin. Eʼtirozlar tekshiruv dalolatnomasiga ilova qilinishi lozim.

6-bob. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlariga qoʻllanadigan choralar va sanksiyalar

30. Markaziy bank toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini nazorat qilish jarayonida ular tomonidan “Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida”gi Qonun hamda boshqa qonunchilik talablari buzilganligini aniqlagan taqdirda, toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotlariga nisbatan ushbu Qonun hamda mazkur Nizomda belgilangan tartibda choralar va sanksiyalar qoʻllashga haqli.

31. Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlariga nisbatan choralar va sanksiyalarni qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror Markaziy bankning Bank nazorati qoʻmitasi tomonidan qabul qilinadi.

32. Markaziy bankning Bank nazorati qoʻmitasi toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlariga nisbatan choralar va sanksiyalarni qoʻllashda quyidagilarni hisobga oladi:

tavakkalchilikning darajasi, qoidabuzarliklarning xususiyati, miqyosi va oqibatlarini;

qoidabuzarliklarning tizimliligi va davomiyligini;

yoʻl qoʻyilgan qoidabuzarliklarning toʻlov tizimining uzluksiz ishlashiga taʼsirini;

toʻlov tizimi operatorlari yoki toʻlov tashkilotlariga nisbatan qoʻllaniladigan choralar va sanksiyalar natijasida vaziyatni oʻzgartirish imkoniyatini;

aniqlangan qoidabuzarliklar va (yoki) tavakkalchiliklarning yuzaga kelishiga olib kelgan sabablarni;

Markaziy bank tomonidan axborot xavfsizligini (kiberxavfsizlikni) taʼminlash boʻyicha belgilangan talablarning bajarilmaganligi natijasida toʻlov tizimi operatorlari yoki toʻlov tashkilotlarida yuzaga kelgan kiberxavfsizlik hodisalarini;

ilgari qoʻllanilgan choralar va sanksiyalar taʼsirining samaradorligini (natijadorligini).

33. Agar toʻlov tizimi operatorlari yoki toʻlov tashkilotlari tomonidan yoʻl qoʻyilgan jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish toʻgʻrisidagi qonunchilik talablarining, toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisidagi qonunchilik talablarining buzilishlari toʻlov tizimining uzluksiz ishlashiga bevosita taʼsir koʻrsatmasa, Markaziy bank:

toʻlov tizimi operatorining va (yoki) toʻlov tashkilotining boshqaruv organlarini aniqlangan qoidabuzarlik toʻgʻrisida yoʻl qoʻyilgan qoidabuzarlikni va u bartaraf etilishi kerak boʻlgan muddatni koʻrsatgan holda yozma shaklda xabardor qiladi, bunda mazkur muddat oʻn ish kunidan kam boʻlmasligi kerak;

toʻlov tizimi operatorining va (yoki) toʻlov tashkilotining boshqaruv organlariga aniqlangan qoidabuzarlikni bartaraf etish boʻyicha tavsiyalar yuboradi.

34. Agar toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari tomonidan yoʻl qoʻyilgan yuqorida koʻrsatilgan qonunchilik hujjatlarining buzilishlari toʻlov tizimining uzluksiz ishlashiga salbiy taʼsir koʻrsatsa, Markaziy bank toʻlov tizimi operatori va (yoki) toʻlov tashkilotining boshqaruv organlariga qoidabuzarlikning bartaraf etilishi toʻgʻrisida uni bartaraf etish muddatini koʻrsatgan holda koʻrsatma yuboradi, bu muddat oʻn ish kunidan kam boʻlmasligi kerak .

35. Toʻlov tizimi operatori va (yoki) toʻlov tashkiloti Markaziy bankning qoidabuzarlikni bartaraf etish toʻgʻrisidagi koʻrsatmasini bajarmagan, shuningdek jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish toʻgʻrisidagi qonunchilik talablarini buzgan taqdirda, Markaziy bank qonunchilikka muvofiq quyidagi sanksiyalardan birini qoʻllaydi :

bazaviy hisoblash miqdorining besh ming baravarigacha boʻlgan miqdorda jarima soladi;

toʻlov xizmatlarining va (yoki) operatsiyalarning ayrim turlarini amalga oshirishni olti oygacha boʻlgan muddatga cheklaydi;

litsenziyaning amal qilishini oʻn ish kunigacha boʻlgan muddatga toʻxtatib turadi.

36. Markaziy bank qoidabuzarlikni bartaraf etish toʻgʻrisidagi koʻrsatmani bajarmagan hamda quyidagi qoidabuzarliklarni sodir etgan toʻlov tizimi operatori va (yoki) toʻlov tashkilotlariga nisbatan mazkur Nizomning 35-bandida belgilangan sanksiyalardan birini qoʻllaydi:

toʻlov xizmati koʻrsatilganidan soʻng toʻlov xizmatlaridan foydalanuvchiga toʻlov xizmati koʻrsatilganligi faktini tasdiqlovchi hujjatni taqdim etmasa;

toʻlov xizmatlaridan foydalanuvchini toʻlov operatsiyasini boshlashdan oldin toʻlov xizmatidan foydalanganlik uchun olinadigan yigʻimlar haqida xabardor qilmasa;

toʻlov xizmatlaridan foydalanuvchilardan toʻlovni amalga oshirish uchun topshiriq olgandan soʻng toʻlov operatsiyasini asossiz amalga oshirmasa;

toʻlovni bajarishni rad etish toʻgʻrisida toʻlov xizmatidan foydalanuvchini xabardor qilmasa;

shaxsga doir maʼlumotlarning maxfiyligini saqlash talablarini buzsa;

toʻlov xizmatlarini koʻrsatish bilan bogʻliq nizolarni muqobil hal etish tartib va qoidalarini belgilamasa;

toʻlov tizimi operatorlari va (yoki) toʻlov tashkilotlarining boshqaruv organlariga aniqlangan qoidabuzarlikni bartaraf etish boʻyicha yuborilgan tavsiyalarga amal qilmasa;

Markaziy bankning ruxsatini olish talab etiladigan harakatlarni ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlarni olmay turib amalga oshirsa;

Markaziy bank tomonidan nazorat vazifalari bajarilishiga toʻsqinlik qilsa;

Markaziy bankka axborotlarni oʻz vaqtida taqdim etmasa, buzilgan yoxud toʻliq boʻlmagan axborotlarni taqdim etsa;

bank siri toʻgʻrisidagi qonunchilik, shuningdek jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolining tarqatilishini moliyalashtirishga qarshi kurashish toʻgʻrisidagi qonunchilik talablarini buzilsa;

axborot xavfsizligini taʼminlash talablarini bajarmasa;

litsenziya olishda taqdim etilgan hujjatlarda nazarda tutilmagan toʻlov xizmatlarini koʻrsatsa;

faoliyatni amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziya taqdim etilganidan keyin faoliyatidagi oʻzgarishlar toʻgʻrisida Markaziy bankni xabardor qilmasa;

buxgalteriya hisobini yuritmasa va moliyaviy hisobotlarni tayyorlamasa;

toʻlov xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi boʻyicha toʻlov agenti bilan agentlik shartnomalarini tuzgan toʻlov tashkiloti Markaziy bankka ushbu xizmatlar, shuningdek oʻzining toʻlov agentlari hamda toʻlov subagentlari haqidagi maʼlumotni taqdim etmasa;

toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarining boshqa talablarini buzsa.

37. Toʻlov tashkiloti litsenziyasining amal qilishini oʻn ish kunigacha boʻlgan muddatga toʻxtatib turish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, Markaziy bank toʻlov tizimi operatorlariga toʻlov tashkilotini tizimdan oʻchirish haqida talabnoma yuboradi.

38. Markaziy bank toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari tomonidan “Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida”gi Qonun talablarining muntazam ravishda yoki bir marta qoʻpol tarzda buzilganligi uchun toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlarining litsenziyasini chaqirib olish toʻgʻrisida qaror qabul qilishga haqli.

“Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida”gi Qonun talablarining bir yil davomida uch va undan ortiq marotaba buzilishi “Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida”gi Qonun talablarini muntazam ravishda buzish deb hisoblanadi.

Quyidagilar “Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida”gi Qonun talablarining bir marta qoʻpol tarzda buzilishi jumlasiga kiradi:

ruxsat etilmagan toʻlovlarni, shu jumladan qonunchilikda savdosi va xizmat koʻrsatilishi taqiqlangan tovar va xizmatlar uchun toʻlovlarni amalga oshirish yoki toʻlovni amalga oshirish uchun sharoitlar yaratish;

jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolining tarqatilishini moliyalashtirishga qarshi kurashish toʻgʻrisidagi qonunchilik talablari buzilganligi uchun Markaziy bank tomonidan choralar va sanksiyalar qoʻllanilganidan keyin besh yil davomida takroran sodir etilgan xuddi shunday qoidabuzarlikni sodir etish;

toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari koʻzda tutilmagan favqulodda hodisalar oqibatida yuzaga kelgan oʻz faoliyatidagi uzilishlarni (toʻxtalishlarni) 12 soat ichida toʻliq tiklamagan yoki barqaror ishlashini taʼminlanmagan taqdirda;

toʻlovchini va (yoki) benefitsiarni identifikatsiya qilish imkonini beruvchi maʼlumotlarning toʻlov xizmatlari koʻrsatilganidan keyin kamida besh yil davomida saqlanishini taʼminlamaslik;

Toʻlov tizimi operatorlari va toʻlov tashkilotlari faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda (roʻyxat raqami 3431, 2023-yil 5-may) belgilangan quyidagi litsenziya talablari va shartlarini buzish:

1) toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining muassislari (ishtirokchilari yoki aksiyadorlari)ga qoʻyiladigan talablar;

2) toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotining ustav fondiga (ustav kapitaliga) qoʻyiladigan talablar;

3) toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotiga qoʻyiladigan texnik, xavfsizlik hamda faoliyatning uzluksizligiga doir talablar.

7-bob. Yakuniy qoida

39. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Markaziy bank raisi M. NURMURATOV

Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil D. KASIMOV

Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV

Toshkent sh.,

2023-yil 18-aprel,

2023-yil 3-aprel

2023-yil 25-mart

8/4-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 16.05.2023-y., 10/23/3434/0279-son)

lex.uz