📅 2023-yil 19-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 19-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 19 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 мая 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 May 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ
БАҲОЛАШ ВАРАҚАСИ
«Мирзо Улуғбек ворислари» тайёрлов ўқув курсларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, ёшлар орасида ахборот технологиялари бўйича кўникмаларни шакллантириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида рақамлаштиришда фаол иштирок этадиган иқтидорли ёшларни тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси ҳамда Тошкент шаҳридаги Инха университетининг Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республика давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичида (барча таълим шакли бўйича) 2-курсни муваффақиятли (академик қарздорлиги бўлмаган) тамомлаган талабаларнинг рақамли технологиялар соҳасида малакасини ошириш мақсадида «Мирзо Улуғбек ворислари» тайёрлов ўқув курсларини (кейинги ўринларда — ўқув курслари) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Ўқув курсларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
илғор хорижий тажриба ва миллий таълим стандартлари талабларига жавоб бера оладиган математик статистика ва дастурий таъминот асосида маълумотларни қайта ишлаш ва улар асосида таклифларни ишлаб чиқиш қобилиятига эга кадрларни тайёрлаш;.
рақамли технологик ечимлар орқали амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш;
иқтисодий ва ижтимоий йўналишларда ресурсларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш жараёнларини таҳлил қилиш, маълумотларни қайта ишлашда рақамли ечимлардан фойдаланиш бўйича бошланғич даражадаги мутахассисларни тайёрлаш.
3. «Мирзо Улуғбек ворислари» тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилиш ва уларни ўқитиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки, ўқув курсларига ушбу қарор талабларига жавоб берадиган республика давлат олий таълим муассасалари талабалари танлов асосида қабул қилинади, бунда:
биринчи ўқув йилида камида 60 нафар тингловчи қабул қилинади, кейинги йилларда тингловчилар сони эҳтиёждан келиб чиқиб, ошириб борилади;
таълим олиш 34 ҳафта муддат давомида «Blended learning — аралаш таълим технологияси» асосидаги ўқув дастурига мувофиқ ташкил этилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигига ўқув курсларида ёшларнинг сифатли таълим олишлари учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида қуйидаги харажатларни Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплашга рухсат берилсин:
ўқув курсларига қабул қилиш учун танлов жараёнларини ўтказиш;
ўқув курсларида таълим бериш учун маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
белгиланган фанлар бўйича ўқув дастурларига мос рақамли контент танлаш, ишлаб чиқиш ва интеграция қилиш;
ўқув курсларида таълим жараёнларини назорат қилувчи LMS (Learning Management System) тизимини яратиш, такомиллаштириб бориш, техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
ўқув курслари йўналишлари бўйича тингловчиларнинг IТ-парк резидентлари бўлган ташкилотларда амалиётларда қатнашиши билан боғлиқ харажатлари;
ўқув курсларида иштирок этиши давомида тингловчиларни базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида ҳар ойда бир маротаба рағбатлантириб бориш;
ўқув курсларига қабул қилинган тингловчиларнинг таълим олиш муддатига зарур компьютер жиҳозларини (ноутбук ва бошқалар) тақдим этиш;
тингловчиларни зарур ўқув адабиётлари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, алоқа воситалари ва рақамли контентлар билан, ўқув аудиторияларини эса компьютер ва бошқа моддий-техник таъминот билан таъминлаш;
тингловчиларга, зарур ҳолларда, турар жой ижараси тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш;
ўқув курсларига қабул қилинган тингловчиларни ўқиши давомида бир маҳал иссиқ овқат билан таъминлаш.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
ўқув курсларига қабул қилинган республика ҳудудларидаги давлат олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини мос ва турдош йўналишларда Тошкент шаҳрида жойлашган давлат олий таълим муассасаларида академик мобиллик асосида бир йил муддатга кўчириш орқали ўқишини ташкил этиш;
ўқув курсларига қабул қилинган талабаларни Тошкент шаҳрида жойлашган давлат олий таълим муассасаларида академик мобиллик асосида ўқишини давом эттириш даврида талабалар турар жойи билан таъминлаш ёки асосий ўқиш жойи бўлган ҳудудлардаги давлат олий таълим муассасалари томонидан белгиланган тартибда турар жой ижараси тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш ишларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
7. Ёшлар ишлари агентлиги ўқув курсларида таҳсил олаётган иқтидорли тингловчиларга ўқув даври мобайнида камида икки маротаба дам олиш масканларида иқтидорли тингловчилар ўртасида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида «бир жамоа» тамойилини ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорлик руҳини шакллантириш тадбирларини (team building) ўтказиб борсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўқув курсларида таҳсил олаётган тингловчиларга ўқиш даврида тиббий хизматларни бепул кўрсатиш мақсадида Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармасининг махсус жиҳозланган хонасига тиббиёт ходимларини шартнома асосида ажратсин.
9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ушбу қарорнинг мақсади, вазифалари ва аҳамияти тўғрисида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 18 январдаги 30-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
11. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 майдаги 206-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Мирзо Улуғбек ворислари» тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилиш ва уларни ўқитиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом талабаларнинг рақамли технологиялар соҳасида малакасини ошириш мақсадида «Мирзо Улуғбек ворислари» тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни танлов (кейинги ўринларда — Танлов) асосида қабул қилиш ва уларни ўқитиш тартибини белгилайди.
2. Ўқув курслари қуйидаги йўналишларда ташкил этилади:
ахборот технологияларидан ва коммуникацияларидан фойдаланиш (бошланғич);
математик статистика;
алгоритмлаш асослари;
маълумотларни қайта ишлаш;
дастурлаш тиллари (Phthon);
инглиз тили;
қарор қабул қилиш асослари.
Ўқув курслари жамоа бўлиб ишлаш ва бошқа йўналишлар бўйича ҳам ташкил этилиши мумкин.
3. Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси (кейинги ўринларда — «Улуғбек» жамғармаси) ва Тошкент шаҳридаги Инха университети томонидан тасдиқланадиган тегишли йўналиши бўйича давлат намунасидаги сертификат берилади.
4. Ўқув курсларига ўқишга кириш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар, тест синовлари ҳамда суҳбат жараёнлари иштирокчиларнинг хоҳишига кўра давлат тилида ёки бошқа (рус, инглиз) тилда амалга оширилади.
5. Ўқув курсларига тингловчилар барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов тамойиллари асосида қабул қилинади.
6. Танловда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган шахслар иштирок этади.
7. Ўқув курсларига қабул қилинган республика ҳудудларидаги давлат олий таълим муассасалари талабаларининг ўқиши мос ва турдош йўналишларда Тошкент шаҳрида жойлашган давлат олий таълим муассасаларида академик мобиллик асосида ташкил этилади ҳамда ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади. Бунда:
уларнинг амалдаги стипендиялари сақлаб қолинади;
ўқув курсларига қабул қилинган талабалар ушбу ўқув курсларида ўқиши давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида ҳар ойда бир маротаба рағбатлантириб борилади;
тингловчилар турар жой билан таъминланади ёки асосий ўқиш жойи бўлган ҳудудлардаги давлат олий таълим муассасалари томонидан белгиланган тартибда ижара тўловларининг бир қисми қоплаб берилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Истеъдодли ёшларни кўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси (кейинги ўринларда — ташкилотчилар) танловни ташкил этиш бўйича масъул ташкилотлар ҳисобланади.
9. Ўқув курсларига қабул жараёнлари Танлов комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) томонидан амалга оширилади.
Комиссия таркиби ташкилотчиларнинг таклифларидан келиб чиқиб шакллантирилади ва Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси томонидан тасдиқланади.
Комиссия тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар вакиллари, мутахассислар ҳамда олимлар (илмий даража ва илмий унвонга эга шахслар) аъзо бўлган камида етти кишидан иборат тоқ миқдордаги таркибда тузилади.
Комиссияга раис бошчилик қилади. Комиссия фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш унинг котиби зиммасига юкланади.
Комиссия ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва бетарафлик тамойиллари асосида амалга оширади.
2-боб. Ўқув курсларига танлов жараёнларини ўтказиш тартиби
10. Танловнинг биринчи йилида республика давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичида (барча таълим шакли бўйича) 2-курсни муваффақиятли тамомлаган (академик қарздорлиги бўлмаган) талабалари иштирок этади.
11. Ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилиш жараёни ҳар йили июнь — август ойларида қуйидаги уч босқичда амалга оширилади:
а) биринчи босқич — онлайн ариза ва IQ тест (онлайн тест) топшириш. Номзодлар танловда иштирок этиш учун онлайн аризани Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармасининг dscience.uz веб-сайти орқали тўлдиради ва ариза қабул қилинганлиги тўғрисидаги SMS-хабар келганидан кейин онлайн тарзда тест топширади.
Ариза қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:
номзоднинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (биометрик паспорт ёки ID-карта);
мотивацион хат (соҳага бўлган қизиқиш, ўқув курсларида таҳсил олишдан кўзланган мақсад, тахминий тадқиқот мавзусини ўз ичига олувчи кичик эссе);
номзоднинг айни дамда таълим олаётган олий таълим муассасасидаги академик кўрсаткичлари (асосий эътибор соҳага яқин фанлардаги ўзлаштиришга қаратилади);
2 та тавсиянома:
биринчи тавсиянома номзоднинг таълим йўналиши бўйича қизиқишларини ҳамда шу йўналишдаги салоҳияти ҳақида;
иккинчи тавсиянома умумий характерда (номзоднинг иқтидори ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида таҳсил олаётган олий таълим муассасасининг тегишли йўналиши бўйича профессор-ўқитувчилари томонидан ёзилади) бўлиши керак;
портфолио (олий таълим муассасасида таҳсил олиш даврида ижод маҳсули сифатида қайд этилган ёки ваколатли органда рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома, рўйхатдан ўтказилганлигини исботловчи ҳужжат ёки патентнинг электрон нусхалари, зарур бўлса асли сўралиши мумкин).
Танлов адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида аризани тўлиқ тўлдирган ҳар бир номзодга автоматик ID-рақам тақдим этилади.
Аризага илова қилинаётган ҳар бир ҳужжат алоҳида файл кўринишида «PDF» (portable document format) форматида бўлиши керак ва ҳар бир файл ўлчами 10 Мбдан ошиб кетмаслиги лозим.
«Мирзо Улуғбек ворислари» тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилишнинг биринчи босқичида IQ тест (онлайн тест) топширадилар.
Биринчи босқич натижалари мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ баҳолаш мезонлари асосида 100 баллик тизимда баҳоланади.
Баҳолаш мезонларида кўрсатилган GPA (Grade Point Average) балли, агар олий таълим муассасаларида бошқача тартибда ҳисобланса, баҳолар мос равишда конвертация қилинади.
Бунда, жами 300 нафар энг юқори натижа кўрсатган номзод иккинчи босқичга ўтказилади;
б) иккинчи босқич — имтиҳон. Биринчи босқич натижалари бўйича юқори кўрсаткичга эга бўлган номзодлар салоҳиятини баҳолашга ёрдам берувчи имтиҳондан муваффақиятли ўтишлари лозим.
Иккинчи босқич натижалари қуйидаги мезонлар асосида 100 баллик тизим бўйича баҳоланади:
ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш (бошланғич);
алгоритмлаш ва дастурлаштириш асослари;
мантиқий савол ва масалалар;
математикадан мантиқий масалалар;
математик статистика масалаларини ечиш;
алгебрадан мисоллар ечиш;
тенгламалар ечиш;
комплекс сонлар ва улар устида амаллар.
Мазкур кўрсатилган ҳар бир йўналишлар бўйича максимал балл — 12,5 баллни (юқоридаги 8 та йўналиш бўйича максимал 12,5 баллдан ажратилмоқда жами 100 баллик тизимда) ташкил этади. Комиссия томонидан ташкилотчилар билан келишилган ҳолда ушбу мезонларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Имтиҳон шакли, давомийлиги ва саволлар тўплами малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда Комиссия томонидан тасдиқланади.
Комиссия қарори билан 120 нафар энг юқори натижа кўрсатган номзодлар учинчи босқичда иштирок этишга тавсия этилади;
в) учинчи босқич — суҳбат. Суҳбат Комиссия аъзолари томонидан ўтказилади. Комиссия аъзолари номзодларни ташкилотчилар томонидан учинчи босқич учун тақдим этилган, олдиндан ишлаб чиқилган саволлар асосида суҳбатдан ўтказади. Суҳбат жараёнлари онлайн трансляция қилинади.
Бунда, суҳбат натижалари максимал 100 баллик тизимда баллар қўйиш йўли билан баҳоланади. Суҳбатда қуйидаги мезонлардан келиб чиққан ҳолда саволлар берилади:
республикада рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушуниш (электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт, рақамли таълим, телекоммуникация ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар ҳақида тасаввур ва фикрлаш қобилиятининг мавжудлиги).
Ушбу мезон бўйича максимал балл — 25 баллни ташкил этади;
йўналишни танлашда мотивация (таълим олаётган олий таълим муассасасидаги йўналишининг моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини тушуниш, унга доимий қизиқиш билдириш), математика ва ахборот технологиялари (бошланғич дастурлаш) соҳасидаги билим ва кўникмаларининг мавжудлиги (ўз фикрини баён қилиш ва таҳлил қилиш).
Ушбу мезон бўйича максимал балл — 25 баллни ташкил этади;
шахсий-касбий хусусиятлар:
қарор қабул қилишда мустақиллик даражаси;
мантиқий фикрлаш;
мақсадга ва янгиликларга интилувчанлик;
касбий вазифаларни ҳал қилишда амалий фаолият;
режалаштириш қобилияти;
тақдимот қилиш қобилияти;
мулоқотга киришувчанлик қобилияти;
масъулиятлилик ва интизомлилик;
ўз устида ишлаш ва ижодкорлик қобилиятлари;
стрессга чидамлилик.
Ушбу мезон бўйича максимал балл — 50 баллни, ҳар бир кўрсаткич учун эса максимал 5 баллни ташкил этади.
Суҳбат натижаларини аниқлаш учун Комиссиянинг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил ҳолда, мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ 1 ва 2-жадвал шаклларидаги баҳолаш варақасини тўлдиради ҳамда уни Комиссия котибига тақдим этади. Комиссия котиби Комиссия аъзолари томонидан қўйилган балларнинг ўртача кўрсаткичини ҳисоблаб чиқади.
Суҳбатни ўтказиш давомида номзодга қўшимча саволлар берилиши мумкин. Битта номзод учун суҳбат 30 дақиқагача давом этади.
12. Номзодларнинг суҳбатдан ўтиш муддати ва манзили тўғрисида маълумот dscience.uz веб-сайти орқали эълон қилинади. Суҳбатдан олдин номзод паспорт, ID-карта ёки унинг ўрнини босувчи шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши шарт.
13. Комиссия томонидан суҳбат қилинган энг кўп балл тўплаган номзодлар белгиланган қабул параметрлари доирасида тингловчи сифатида ўқув курсларига қабул қилинади ва бепул таҳсил олади.
14. Комиссия аъзолари томонидан босқичлар мезонлари бўйича минимал (нол) баллдан максимал баллгача баҳолаш ўтказилади.
15. Танлов босқичларида уяли телефон, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, луғат, китоб ва шпаргалкалар олиб кирилиши ҳамда фойдаланилиши қатъиян тақиқланади.
16. Танловнинг ҳар бир босқичидан муваффақиятли ўтган номзодлар ҳақидаги маълумот босқич якунлангандан сўнг беш иш куни ичида ташкилотчиларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинади.
17. Танловнинг учинчи босқичи ғолиблари тўғрисида маълумот ташкилотчилар томонидан ўн иш куни ичида эълон қилинади.
18. Танловнинг ҳар бир босқичи бўйича натижалар Комиссия томонидан баённома билан тасдиқланиб, ташкилотчиларнинг масъул вакилига тақдим этилганидан сўнг якуний (ҳал қилувчи аҳамиятга эга) ҳисобланади ва Комиссия қарори бўйича ташкилотчилар изоҳ бермайди.
19. Танловнинг учинчи босқичи ғолиблари ва уларнинг салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар Комиссия баённомасида кўрсатилади ва унинг аъзолари томонидан имзоланади.
20. Номзодлар томонидан қуйидаги хатти-ҳаракатлар амалга оширилганлиги аниқланса, улар танловдан четлаштирилади:
Комиссия фаолиятига халақит берса;
ўз хоҳиши билан танловда иштирок этишни давом эттиришдан воз кечса;
танлов шартларини бузса;
мазкур Низом талабларига риоя қилмаса.
Шунингдек, тақдим этилган ҳужжатларда, шу жумладан, электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатларда сохталаштириш ва қалбакилаштириш ёки ёлғон маълумот тақдим этилганлиги аниқланган тақдирда, номзод танлов ёхуд ўқув курсидан четлаштирилади, ҳужжатлари эса белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
21. Комиссия томонидан номзодларни танловдан четлаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ва қарор қабул қилинганидан бошлаб беш кун ичида номзодга хабар берилади.
3-боб. Танлов натижаларини апелляция тартибида кўриб чиқиш
22. Ушбу Низомга риоя қилиш, суҳбат (тест)нинг ўтказилиши, шунингдек, танловни ўтказиш билан бевосита боғлиқ бошқа масалалар бўйича шикоятларни кўриб чиқиш учун «Улуғбек» жамғармаси раисининг буйруғига асосан Апелляция комиссияси тузилади. Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Апелляция комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги буйруқда белгиланади.
Апелляция комиссияси унинг аъзоларининг учдан икки қисми қатнашганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссияси фаолиятига умумий раҳбарликни унинг раиси амалга оширади, комиссия баённомалари котиб томонидан расмийлаштирилади.
23. Апелляция комиссиясига шикоятлар танлов натижалари эълон қилинганидан бошлаб беш иш куни ичида ёзма равишда топширилади.
Апелляция комиссияси қабул қилинган шикоятни кўриб чиқиши ва ариза берилганидан сўнг беш иш кун ичида тегишли қарор қабул қилиши зарур. Апелляция кўриб чиқиладиган кун ҳақида номзодга хабар берилади.
24. Номзодлар Апелляция комиссияси томонидан мурожаати кўриб чиқилиши жараёнида бевосита ёки масофадан туриб онлайн тарзда иштирок этиши шарт.
25. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси:
эътироз асоссиз бўлса, апелляцияни қаноатлантиришни рад этади ва танлов натижаларини ўзгаришсиз қолдиради;
эътироз асосли бўлса, апелляцияни қаноатлантиради ва танлов натижаларига ўзгартириш киритади ёки номзод учун танловнинг саралаш босқичлари қайтадан ташкил этилади.
26. Апелляция комиссияси баённомаси нусхаси мурожаат этувчи номзодга Апелляция комиссияси қарори чиққан кундан бошлаб беш иш куни ичида юборилади.
27. Танлов комиссиясининг аъзолари, шунингдек суҳбат (тест)ни олиб боришда иштирок этувчи жалб этилган экспертлар ишда йўл қўйган камчиликлари ва нохолислиги учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар ҳисобланади.
28. Ўқув курсларига кириш синовларини қайта топшириш тақиқланади.
4-боб. Ўқув курсларида таҳсил олиш тартиби
29. Ўқув курсларига қабул қилинган республика ҳудудларидаги давлат олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини мос ва турдош йўналишлар бўйича (мутахассислиги ва йўналиши бўйича кредит рейтинг тизимига мос келувчи) Тошкент шаҳрида жойлашган давлат олий таълим муассасаларида академик мобиллик асосида ташкил этиш чоралари кўрилади.
30. Танловнинг учинчи босқич ғолиблари «Улуғбек» жамғармаси, Рақамли технологиялар вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Инха университети ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этиладиган ўқув курсларида ўқиш учун қабул қилинади.
31. Ўқув курслари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўқув биноларида олиб борилади. «Улуғбек» жамғармасининг ташаббуси ва ихтиёри билан ўқув курслари «Улуғбек» жамғармасининг биносида ҳам олиб борилиши мумкин.
32. Ўқув курсларини якунлаган тингловчилар давлат олий таълим муассасалари томонидан 3 ёки 4-курсда белгиланган амалиётларини республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларида ўтайдилар.
Ўқув курси якунида тингловчилар томонидан давлат бошқарувидаги самарадорликни ошириш, иқтисодий ва ижтимоий йўналишларда рақамли ечимлардан фойдаланиш, аҳолида мавжуд муаммолардан келиб чиққан ҳолда ўқув курслари йўналишлари бўйича таклифлар тайёрланади.
Ушбу таклифлар Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тегишлилиги бўйича республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларига кўриб чиқиш учун юборилади.
5-боб. Ўқув курси тингловчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
33. Ўқув курси тингловчилари ҳуқуқлари:
сифатли ва юқори савияда билим олиш, юқори малакали мутахассис бўлиб етишишлари учун зарур бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш;
фан, техника, замонавий технологиялар ютуқларига мос келувчи билим олиш;
бепул маслаҳатлар ва йўл-йўриқлар олиш;
аудиториялар, таълим воситалари саналувчи ашёлардан белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;
таълим жараёни самарадорлиги ва таълим сифатини ошириш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини, танқидий фикрларини белгиланган тартибда ўқув курси ташкилотчиларига билдириш ва уларнинг кўриб чиқилишини талаб қилиш;
ўқув курси миқёсида ўтказиладиган оммавий тадбирларда иштирок этиш;
илмий тадқиқот ишларида ва илмий конференцияларда қатнашиш, уларнинг натижаларини нашр этиш ва бу ҳақда ахборотлар бериш ҳуқуқига эга.
Ўқув курси тингловчилари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
34. Ўқув курси тингловчилари:
а) ўқув курсларида таълим олаётган даврида:
ўзлари таҳсил олаётган олий таълим муассасасининг (академик мобиллик асосида ўқиши ташкил этилган Тошкент шаҳридаги давлат олий таълим муассасасининг) белгиланган таълим дастурларини ҳамда ўқув курсини тўлиқ ўзлаштириши;
қонунчилик ҳужжатларига, одоб-ахлоқ қоидаларига, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар томонидан ўрнатилган қоида ва талабларга қатъий риоя этиши;
ўзининг хатти-ҳаракатлари билан ташкилотчиларга ёки учинчи шахсларга моддий зарар етказган ҳолларда, қонунчиликка мувофиқ ўз ҳисобидан етказилган зарарни қоплаши;
б) ўқув курсларини тамомлагандан сўнг:
бакалавр даражасини олган кундан бошлаб олти ой давомида давлат органлари ва ташкилотлардаги вакант жойларга давлат фуқаролик хизматчиси сифатида ишга кириш учун белгиланган тартибда vacancy.argos.uz тизими орқали очиқ танловга ариза топшириши;
белгиланган тартибда очиқ танлов ғолиблигини қўлга киритгач, иш берувчи ташкилотда камида бир йил давомида узлуксиз ишлаб бериши;
меҳнат фаолияти бошланган кундан сўнг бир ой муддатда меҳнат шартномаси нусхасини «Улуғбек» жамғармасига маълумот шаклида тақдим этиши шарт.
Ўқув курси тингловчилари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз зиммасига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
Ушбу бандда белгиланган талаблар магистр ва ундан сўнг PhD (фан доктори) даражасини олиш мақсадида маҳаллий ёки хорижий олий таълим ташкилотларига қабул қилинган тингловчиларга татбиқ этилмади.
6-боб. Ўқув курсларини ташкил этишнинг молиявий харажатларини қоплаш тартиби
35. Тошкент шаҳридаги Инха университети томонидан тузилган харажатлар сметасига асосан Рақамли технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ўқув курсини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.
36. Тошкент шаҳридаги Инха университети харажатлар сметасида ўқув курсини ташкил этишда қуйидаги харажатлар назарда тутилади:
ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилиш учун танлов жараёнларини ўтказиш ҳамда таълим бериш учун маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
белгиланган фанлар бўйича ўқув дастурларига мос рақамли контент танлаш, ишлаб чиқиш ва интеграция қилиш, ўқув курсларида таълим жараёнларини назорат қилувчи LMS (Learning Management System) тизимини яратиш, такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш;
тингловчилар учун ўқув курслари йўналишлари бўйича IТ-парк резидентлари бўлган ташкилотларда амалиётларда қатнашиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
тингловчилар учун ўқув курсларида ўқиши давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида ҳар ойда бир маротаба рағбатлантириб бориш;
ўқув курсларига қабул қилинган тингловчиларнинг таълим олиш муддатига зарур компьютер жиҳозлари (ноутбук) тақдим этиш;
тингловчиларни зарур ўқув адабиётлари, интернет алоқаси, бошқа алоқа воситалари ва рақамли контентлар билан ҳамда ўқув аудиторияларини компьютер ва ташкилий техника билан таъминлаш;
ўқув курсларига қабул қилинган тингловчиларни ўқиш давомида бир маҳал иссиқ овқат билан таъминлаш.
7-боб. Якунловчи қоидалар
37. Танлов тўғрисидаги маълумотлар ва унинг натижалари ташкилотчилар ва уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
38. Ушбу Низом талабларини бузган айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
«Мирзо Улуғбек ворислари» тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилиш ва уларни ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
«Мирзо Улуғбек ворислари» тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилишнинг биринчи босқич натижаларини
Т/р Баҳолаш мезонлари Максимал балл 1. Тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва расмийлаштириш сифати 5 балл 2. Номзоднинг таълим олаётган олий таълим муассасасидаги 2 йиллик академик кўрсаткичлари 20 балл агар номзоднинг ўртача GPA балли — 3 — 3,5 бўлса 5 балл агар номзоднинг ўртача GPA балли — 3,51 — 4,5 бўлса 10 балл агар номзоднинг ўртача GPA балли — 4,51 ва ундан юқори бўлса 20 балл 3. Танлов йўналишидаги илмий фаолияти 5 балл нуфузли ва халқаро нашрлардаги мақолалар сони: бешта ва ундан ортиқ бўлса — 3 балл; бештадан кам бўлса — 2 балл. 3 балл илмий тадқиқотлар ва нашрларнинг эълон қилинган мавзуга мувофиқлиги 2 балл 4. Мотивацион хат мазмуни 20 балл 5. Хорижий тилларни билиш даражаси * 15 балл агар номзод В1 даражадаги хорижий тил сертификатига эга бўлса 5 балл агар номзод В2 даражадаги хорижий тил сертификатига эга бўлса 10 балл агар номзод С1 даражадаги хорижий тил сертификатига эга бўлса 15 балл 6. Халқаро IT-сертификатнинг мавжудлиги ** 15 балл агар номзод бошланғич даражадаги сертификатга эга бўлса 5 агар номзод ўрта даражадаги сертификатга эга бўлса 10 агар номзод профессионал даражадаги сертификатга эга бўлса 15 7. IQ тест (онлайн тест) 20 балл Жами 100 балл
«Мирзо Улуғбек ворислари» тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилиш ва уларни ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
«Мирзо Улуғбек ворислари» тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилишнинг учинчи босқичи бўйича суҳбатдан ўтган номзодларнинг жавобларини
Сана: 20 ___ « ____ » _____ __ ____ Номзоднинг Ф.И.О. ______________________________________________ 1-жадвал Т/р Баҳолаш мезонлари Баллар (максимал балл — 50 балл) 0 — 5 6 — 10 11 — 15 16 — 20 21 — 25 1. Мамлакатда рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушуниш (электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт, рақамли таълим, телекоммуникация ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар ҳақида тасаввур ва фикрлаш қобилиятининг мавжудлиги) 2. Йўналишни танлашда мотивация (таълим олаётган олий таълим муассасасидаги йўналишининг моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини тушуниш, унга доимий қизиқиш билдириш), математика ва ахборот технологиялари (бошланғич дастурлаш) соҳасидаги билим ва кўникмаларининг мавжудлиги (ўз фикрини баён қилиш ва таҳлил қилиш)
2-жадвал Т/р Баҳолаш мезонлари Баллар (максимал балл — 50 балл) 0 1 2 3 4 5 1. Шахсий-касбий хусусиятлар 1.1 қарор қабул қилишда мустақиллик даражаси 1.2 мантиқий фикрлаш 1.3 мақсадга ва янгиликларга интилувчанлик 1.4 касбий вазифаларни ҳал қилишда амалий фаолият 1.5 режалаштириш қобилияти 1.6 тақдимот қилиш қобилияти 1.7 мулоқотга киришувчанлик қобилияти 1.8 масъулиятлилик ва интизомлилик 1.9 ўз устида ишлаш ва ижодкорлик қобилиятлари 1.10 стрессга чидамлилик Изоҳ. ________________________________________________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________________________________________. Суҳбат ўтказиш бўйича комиссия аъзоси: ____________________________________________________________ Имзо ___________
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 майдаги 206-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги «Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 30-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 2-банднинг бешинчи хатбошисидан «ушбу танловлар ғолиби бўлган» сўзлари чиқариб ташлансин.
2. 2-илованинг 24 ва 25-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 19 май,
206-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
BAHOLASH MEZONLARI
BAHOLASH VARAQASI
“Mirzo Ulugʻbek vorislari” tayyorlov oʻquv kurslarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022-2023-yillarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qaroriga muvofiq, shuningdek, yoshlar orasida axborot texnologiyalari boʻyicha koʻnikmalarni shakllantirish, iqtisodiyotning turli sohalarida raqamlashtirishda faol ishtirok etadigan iqtidorli yoshlarni tayyorlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Isteʼdodli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash “Ulugʻbek” jamgʻarmasi hamda Toshkent shahridagi Inxa universitetining Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan respublika davlat oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat bosqichida (barcha taʼlim shakli boʻyicha) 2-kursni muvaffaqiyatli (akademik qarzdorligi boʻlmagan) tamomlagan talabalarning raqamli texnologiyalar sohasida malakasini oshirish maqsadida “Mirzo Ulugʻbek vorislari” tayyorlov oʻquv kurslarini (keyingi oʻrinlarda — oʻquv kurslari) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
2. Oʻquv kurslarining asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:
ilgʻor xorijiy tajriba va milliy taʼlim standartlari talablariga javob bera oladigan matematik statistika va dasturiy taʼminot asosida maʼlumotlarni qayta ishlash va ular asosida takliflarni ishlab chiqish qobiliyatiga ega kadrlarni tayyorlash;.
raqamli texnologik yechimlar orqali amaliy koʻnikmalarni shakllantirish hamda davlat organlari va tashkilotlarining axborot tizimlarini integratsiya qilish boʻyicha malakali mutaxassislarni tayyorlash;
iqtisodiy va ijtimoiy yoʻnalishlarda resurslarni taqsimlash va qayta taqsimlash jarayonlarini tahlil qilish, maʼlumotlarni qayta ishlashda raqamli yechimlardan foydalanish boʻyicha boshlangʻich darajadagi mutaxassislarni tayyorlash.
3. “Mirzo Ulugʻbek vorislari” tayyorlov oʻquv kurslariga iqtidorli tinglovchilarni qabul qilish va ularni oʻqitish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Belgilab qoʻyilsinki, oʻquv kurslariga ushbu qaror talablariga javob beradigan respublika davlat oliy taʼlim muassasalari talabalari tanlov asosida qabul qilinadi, bunda:
birinchi oʻquv yilida kamida 60 nafar tinglovchi qabul qilinadi, keyingi yillarda tinglovchilar soni ehtiyojdan kelib chiqib, oshirib boriladi;
taʼlim olish 34 hafta muddat davomida “Blended learning — aralash taʼlim texnologiyasi” asosidagi oʻquv dasturiga muvofiq tashkil etiladi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligiga oʻquv kurslarida yoshlarning sifatli taʼlim olishlari uchun zarur shart-sharoit yaratish maqsadida quyidagi xarajatlarni Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplashga ruxsat berilsin:
oʻquv kurslariga qabul qilish uchun tanlov jarayonlarini oʻtkazish;
oʻquv kurslarida taʼlim berish uchun mahalliy va xorijiy mutaxassislarni jalb qilish;
belgilangan fanlar boʻyicha oʻquv dasturlariga mos raqamli kontent tanlash, ishlab chiqish va integratsiya qilish;
oʻquv kurslarida taʼlim jarayonlarini nazorat qiluvchi LMS (Learning Management System) tizimini yaratish, takomillashtirib borish, texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlash;
oʻquv kurslari yoʻnalishlari boʻyicha tinglovchilarning IT-park rezidentlari boʻlgan tashkilotlarda amaliyotlarda qatnashishi bilan bogʻliq xarajatlari;
oʻquv kurslarida ishtirok etishi davomida tinglovchilarni bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt baravari miqdorida har oyda bir marotaba ragʻbatlantirib borish;
oʻquv kurslariga qabul qilingan tinglovchilarning taʼlim olish muddatiga zarur kompyuter jihozlarini (noutbuk va boshqalar) taqdim etish;
tinglovchilarni zarur oʻquv adabiyotlari, Internet jahon axborot tarmogʻi, aloqa vositalari va raqamli kontentlar bilan, oʻquv auditoriyalarini esa kompyuter va boshqa moddiy-texnik taʼminot bilan taʼminlash;
tinglovchilarga, zarur hollarda, turar joy ijarasi toʻlovlarining bir qismini qoplab berish;
oʻquv kurslariga qabul qilingan tinglovchilarni oʻqishi davomida bir mahal issiq ovqat bilan taʼminlash.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:
oʻquv kurslariga qabul qilingan respublika hududlaridagi davlat oliy taʼlim muassasalari talabalarining oʻqishini mos va turdosh yoʻnalishlarda Toshkent shahrida joylashgan davlat oliy taʼlim muassasalarida akademik mobillik asosida bir yil muddatga koʻchirish orqali oʻqishini tashkil etish;
oʻquv kurslariga qabul qilingan talabalarni Toshkent shahrida joylashgan davlat oliy taʼlim muassasalarida akademik mobillik asosida oʻqishini davom ettirish davrida talabalar turar joyi bilan taʼminlash yoki asosiy oʻqish joyi boʻlgan hududlardagi davlat oliy taʼlim muassasalari tomonidan belgilangan tartibda turar joy ijarasi toʻlovlarining bir qismini qoplab berish ishlarini tashkil etish choralarini koʻrsin.
7. Yoshlar ishlari agentligi oʻquv kurslarida tahsil olayotgan iqtidorli tinglovchilarga oʻquv davri mobaynida kamida ikki marotaba dam olish maskanlarida iqtidorli tinglovchilar oʻrtasida Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan ishlab chiqilgan dastur asosida “bir jamoa” tamoyilini rivojlantirish va oʻzaro hamkorlik ruhini shakllantirish tadbirlarini (team building) oʻtkazib borsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi oʻquv kurslarida tahsil olayotgan tinglovchilarga oʻqish davrida tibbiy xizmatlarni bepul koʻrsatish maqsadida Isteʼdodli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash “Ulugʻbek” jamgʻarmasining maxsus jihozlangan xonasiga tibbiyot xodimlarini shartnoma asosida ajratsin.
9. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligiga ushbu qarorning maqsadi, vazifalari va ahamiyati toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalarida keng yoritib borish tavsiya etilsin.
10. Vazirlar Mahkamasining “Isteʼdodli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash “Ulugʻbek” jamgʻarmasi faoliyatini rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 18-yanvardagi 30-son qaroriga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
11. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 19-maydagi 206-son qaroriga 1-ILOVA
“Mirzo Ulugʻbek vorislari” tayyorlov oʻquv kurslariga iqtidorli tinglovchilarni qabul qilish va ularni oʻqitish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom talabalarning raqamli texnologiyalar sohasida malakasini oshirish maqsadida “Mirzo Ulugʻbek vorislari” tayyorlov oʻquv kurslariga iqtidorli tinglovchilarni tanlov (keyingi oʻrinlarda — Tanlov) asosida qabul qilish va ularni oʻqitish tartibini belgilaydi.
2. Oʻquv kurslari quyidagi yoʻnalishlarda tashkil etiladi:
axborot texnologiyalaridan va kommunikatsiyalaridan foydalanish (boshlangʻich);
matematik statistika;
algoritmlash asoslari;
maʼlumotlarni qayta ishlash;
dasturlash tillari (Phthon);
ingliz tili;
qaror qabul qilish asoslari.
Oʻquv kurslari jamoa boʻlib ishlash va boshqa yoʻnalishlar boʻyicha ham tashkil etilishi mumkin.
3. Oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli tamomlagan tinglovchilarga Isteʼdodli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash “Ulugʻbek” jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — “Ulugʻbek” jamgʻarmasi) va Toshkent shahridagi Inxa universiteti tomonidan tasdiqlanadigan tegishli yoʻnalishi boʻyicha davlat namunasidagi sertifikat beriladi.
4. Oʻquv kurslariga oʻqishga kirish uchun taqdim etiladigan hujjatlar, test sinovlari hamda suhbat jarayonlari ishtirokchilarning xohishiga koʻra davlat tilida yoki boshqa (rus, ingliz) tilda amalga oshiriladi.
5. Oʻquv kurslariga tinglovchilar barcha uchun teng huquqlilik, yagona qabul qoidalari va yagona tanlov tamoyillari asosida qabul qilinadi.
6. Tanlovda Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari boʻlgan shaxslar ishtirok etadi.
7. Oʻquv kurslariga qabul qilingan respublika hududlaridagi davlat oliy taʼlim muassasalari talabalarining oʻqishi mos va turdosh yoʻnalishlarda Toshkent shahrida joylashgan davlat oliy taʼlim muassasalarida akademik mobillik asosida tashkil etiladi hamda ushbu jarayon Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan muvofiqlashtiriladi. Bunda:
ularning amaldagi stipendiyalari saqlab qolinadi;
oʻquv kurslariga qabul qilingan talabalar ushbu oʻquv kurslarida oʻqishi davomida bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt baravari miqdorida har oyda bir marotaba ragʻbatlantirib boriladi;
tinglovchilar turar joy bilan taʼminlanadi yoki asosiy oʻqish joyi boʻlgan hududlardagi davlat oliy taʼlim muassasalari tomonidan belgilangan tartibda ijara toʻlovlarining bir qismi qoplab beriladi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi, Isteʼdodli yoshlarni koʻllab-quvvatlash “Ulugʻbek” jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — tashkilotchilar) tanlovni tashkil etish boʻyicha masʼul tashkilotlar hisoblanadi.
9. Oʻquv kurslariga qabul jarayonlari Tanlov komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tomonidan amalga oshiriladi.
Komissiya tarkibi tashkilotchilarning takliflaridan kelib chiqib shakllantiriladi va Isteʼdodli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash “Ulugʻbek” jamgʻarmasi tomonidan tasdiqlanadi.
Komissiya tegishli vazirliklar, idoralar va tashkilotlar vakillari, mutaxassislar hamda olimlar (ilmiy daraja va ilmiy unvonga ega shaxslar) aʼzo boʻlgan kamida yetti kishidan iborat toq miqdordagi tarkibda tuziladi.
Komissiyaga rais boshchilik qiladi. Komissiya faoliyatini tashkiliy jihatdan taʼminlash uning kotibi zimmasiga yuklanadi.
Komissiya oʻz faoliyatini kollegiallik, oshkoralik, xolislik va betaraflik tamoyillari asosida amalga oshiradi.
2-bob. Oʻquv kurslariga tanlov jarayonlarini oʻtkazish tartibi
10. Tanlovning birinchi yilida respublika davlat oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat bosqichida (barcha taʼlim shakli boʻyicha) 2-kursni muvaffaqiyatli tamomlagan (akademik qarzdorligi boʻlmagan) talabalari ishtirok etadi.
11. Oʻquv kurslariga iqtidorli tinglovchilarni qabul qilish jarayoni har yili iyun — avgust oylarida quyidagi uch bosqichda amalga oshiriladi:
a) birinchi bosqich — onlayn ariza va IQ test (onlayn test) topshirish. Nomzodlar tanlovda ishtirok etish uchun onlayn arizani Isteʼdodli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash “Ulugʻbek” jamgʻarmasining dscience.uz veb-sayti orqali toʻldiradi va ariza qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi SMS-xabar kelganidan keyin onlayn tarzda test topshiradi.
Ariza quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi:
nomzodning shaxsini tasdiqlovchi hujjatlar (biometrik pasport yoki ID-karta);
motivatsion xat (sohaga boʻlgan qiziqish, oʻquv kurslarida tahsil olishdan koʻzlangan maqsad, taxminiy tadqiqot mavzusini oʻz ichiga oluvchi kichik esse);
nomzodning ayni damda taʼlim olayotgan oliy taʼlim muassasasidagi akademik koʻrsatkichlari (asosiy eʼtibor sohaga yaqin fanlardagi oʻzlashtirishga qaratiladi);
2 ta tavsiyanoma:
birinchi tavsiyanoma nomzodning taʼlim yoʻnalishi boʻyicha qiziqishlarini hamda shu yoʻnalishdagi salohiyati haqida;
ikkinchi tavsiyanoma umumiy xarakterda (nomzodning iqtidori va oʻziga xos jihatlari haqida tahsil olayotgan oliy taʼlim muassasasining tegishli yoʻnalishi boʻyicha professor-oʻqituvchilari tomonidan yoziladi) boʻlishi kerak;
portfolio (oliy taʼlim muassasasida tahsil olish davrida ijod mahsuli sifatida qayd etilgan yoki vakolatli organda roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisida guvohnoma, roʻyxatdan oʻtkazilganligini isbotlovchi hujjat yoki patentning elektron nusxalari, zarur boʻlsa asli soʻralishi mumkin).
Tanlov adolatli boʻlishini taʼminlash maqsadida arizani toʻliq toʻldirgan har bir nomzodga avtomatik ID-raqam taqdim etiladi.
Arizaga ilova qilinayotgan har bir hujjat alohida fayl koʻrinishida “PDF” (portable document format) formatida boʻlishi kerak va har bir fayl oʻlchami 10 Mbdan oshib ketmasligi lozim.
“Mirzo Ulugʻbek vorislari” tayyorlov oʻquv kurslariga iqtidorli tinglovchilarni qabul qilishning birinchi bosqichida IQ test (onlayn test) topshiradilar.
Birinchi bosqich natijalari mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq baholash mezonlari asosida 100 ballik tizimda baholanadi.
Baholash mezonlarida koʻrsatilgan GPA (Grade Point Average) balli, agar oliy taʼlim muassasalarida boshqacha tartibda hisoblansa, baholar mos ravishda konvertatsiya qilinadi.
Bunda, jami 300 nafar eng yuqori natija koʻrsatgan nomzod ikkinchi bosqichga oʻtkaziladi;
b) ikkinchi bosqich — imtihon. Birinchi bosqich natijalari boʻyicha yuqori koʻrsatkichga ega boʻlgan nomzodlar salohiyatini baholashga yordam beruvchi imtihondan muvaffaqiyatli oʻtishlari lozim.
Ikkinchi bosqich natijalari quyidagi mezonlar asosida 100 ballik tizim boʻyicha baholanadi:
axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanish (boshlangʻich);
algoritmlash va dasturlashtirish asoslari;
mantiqiy savol va masalalar;
matematikadan mantiqiy masalalar;
matematik statistika masalalarini yechish;
algebradan misollar yechish;
tenglamalar yechish;
kompleks sonlar va ular ustida amallar.
Mazkur koʻrsatilgan har bir yoʻnalishlar boʻyicha maksimal ball — 12,5 ballni (yuqoridagi 8 ta yoʻnalish boʻyicha maksimal 12,5 balldan ajratilmoqda jami 100 ballik tizimda) tashkil etadi. Komissiya tomonidan tashkilotchilar bilan kelishilgan holda ushbu mezonlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi mumkin.
Imtihon shakli, davomiyligi va savollar toʻplami malakali mutaxassislarni jalb etgan holda ishlab chiqiladi hamda Komissiya tomonidan tasdiqlanadi.
Komissiya qarori bilan 120 nafar eng yuqori natija koʻrsatgan nomzodlar uchinchi bosqichda ishtirok etishga tavsiya etiladi;
v) uchinchi bosqich — suhbat. Suhbat Komissiya aʼzolari tomonidan oʻtkaziladi. Komissiya aʼzolari nomzodlarni tashkilotchilar tomonidan uchinchi bosqich uchun taqdim etilgan, oldindan ishlab chiqilgan savollar asosida suhbatdan oʻtkazadi. Suhbat jarayonlari onlayn translyatsiya qilinadi.
Bunda, suhbat natijalari maksimal 100 ballik tizimda ballar qoʻyish yoʻli bilan baholanadi. Suhbatda quyidagi mezonlardan kelib chiqqan holda savollar beriladi:
respublikada raqamlashtirish sohasida amalga oshirilayotgan keng qamrovli islohotlarning mazmun-mohiyati va ahamiyatini tushunish (elektron hukumat, raqamli iqtisodiyot, raqamli taʼlim, telekommunikatsiya va boshqa sohalardagi islohotlar haqida tasavvur va fikrlash qobiliyatining mavjudligi).
Ushbu mezon boʻyicha maksimal ball — 25 ballni tashkil etadi;
yoʻnalishni tanlashda motivatsiya (taʼlim olayotgan oliy taʼlim muassasasidagi yoʻnalishining mohiyati va ijtimoiy ahamiyatini tushunish, unga doimiy qiziqish bildirish), matematika va axborot texnologiyalari (boshlangʻich dasturlash) sohasidagi bilim va koʻnikmalarining mavjudligi (oʻz fikrini bayon qilish va tahlil qilish).
Ushbu mezon boʻyicha maksimal ball — 25 ballni tashkil etadi;
shaxsiy-kasbiy xususiyatlar:
qaror qabul qilishda mustaqillik darajasi;
mantiqiy fikrlash;
maqsadga va yangiliklarga intiluvchanlik;
kasbiy vazifalarni hal qilishda amaliy faoliyat;
rejalashtirish qobiliyati;
taqdimot qilish qobiliyati;
muloqotga kirishuvchanlik qobiliyati;
masʼuliyatlilik va intizomlilik;
oʻz ustida ishlash va ijodkorlik qobiliyatlari;
stressga chidamlilik.
Ushbu mezon boʻyicha maksimal ball — 50 ballni, har bir koʻrsatkich uchun esa maksimal 5 ballni tashkil etadi.
Suhbat natijalarini aniqlash uchun Komissiyaning har bir aʼzosi boshqa aʼzolardan mustaqil holda, mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq 1 va 2-jadval shakllaridagi baholash varaqasini toʻldiradi hamda uni Komissiya kotibiga taqdim etadi. Komissiya kotibi Komissiya aʼzolari tomonidan qoʻyilgan ballarning oʻrtacha koʻrsatkichini hisoblab chiqadi.
Suhbatni oʻtkazish davomida nomzodga qoʻshimcha savollar berilishi mumkin. Bitta nomzod uchun suhbat 30 daqiqagacha davom etadi.
12. Nomzodlarning suhbatdan oʻtish muddati va manzili toʻgʻrisida maʼlumot dscience.uz veb-sayti orqali eʼlon qilinadi. Suhbatdan oldin nomzod pasport, ID-karta yoki uning oʻrnini bosuvchi shaxsni tasdiqlovchi hujjatni koʻrsatishi shart.
13. Komissiya tomonidan suhbat qilingan eng koʻp ball toʻplagan nomzodlar belgilangan qabul parametrlari doirasida tinglovchi sifatida oʻquv kurslariga qabul qilinadi va bepul tahsil oladi.
14. Komissiya aʼzolari tomonidan bosqichlar mezonlari boʻyicha minimal (nol) balldan maksimal ballgacha baholash oʻtkaziladi.
15. Tanlov bosqichlarida uyali telefon, boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, lugʻat, kitob va shpargalkalar olib kirilishi hamda foydalanilishi qatʼiyan taqiqlanadi.
16. Tanlovning har bir bosqichidan muvaffaqiyatli oʻtgan nomzodlar haqidagi maʼlumot bosqich yakunlangandan soʻng besh ish kuni ichida tashkilotchilarning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytlari va ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifalarida eʼlon qilinadi.
17. Tanlovning uchinchi bosqichi gʻoliblari toʻgʻrisida maʼlumot tashkilotchilar tomonidan oʻn ish kuni ichida eʼlon qilinadi.
18. Tanlovning har bir bosqichi boʻyicha natijalar Komissiya tomonidan bayonnoma bilan tasdiqlanib, tashkilotchilarning masʼul vakiliga taqdim etilganidan soʻng yakuniy (hal qiluvchi ahamiyatga ega) hisoblanadi va Komissiya qarori boʻyicha tashkilotchilar izoh bermaydi.
19. Tanlovning uchinchi bosqichi gʻoliblari va ularning salohiyati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Komissiya bayonnomasida koʻrsatiladi va uning aʼzolari tomonidan imzolanadi.
20. Nomzodlar tomonidan quyidagi xatti-harakatlar amalga oshirilganligi aniqlansa, ular tanlovdan chetlashtiriladi:
Komissiya faoliyatiga xalaqit bersa;
oʻz xohishi bilan tanlovda ishtirok etishni davom ettirishdan voz kechsa;
tanlov shartlarini buzsa;
mazkur Nizom talablariga rioya qilmasa.
Shuningdek, taqdim etilgan hujjatlarda, shu jumladan, elektron shaklda taqdim etilgan hujjatlarda soxtalashtirish va qalbakilashtirish yoki yolgʻon maʼlumot taqdim etilganligi aniqlangan taqdirda, nomzod tanlov yoxud oʻquv kursidan chetlashtiriladi, hujjatlari esa belgilangan tartibda huquqni muhofaza qiluvchi organlarga yuboriladi.
21. Komissiya tomonidan nomzodlarni tanlovdan chetlashtirish toʻgʻrisidagi qarori qabul qilinadi va qaror qabul qilinganidan boshlab besh kun ichida nomzodga xabar beriladi.
3-bob. Tanlov natijalarini apellyatsiya tartibida koʻrib chiqish
22. Ushbu Nizomga rioya qilish, suhbat (test)ning oʻtkazilishi, shuningdek, tanlovni oʻtkazish bilan bevosita bogʻliq boshqa masalalar boʻyicha shikoyatlarni koʻrib chiqish uchun “Ulugʻbek” jamgʻarmasi raisining buyrugʻiga asosan Apellyatsiya komissiyasi tuziladi. Apellyatsiya komissiyasining tarkibi va ish tartibi Apellyatsiya komissiyasini tashkil etish toʻgʻrisidagi buyruqda belgilanadi.
Apellyatsiya komissiyasi uning aʼzolarining uchdan ikki qismi qatnashganda vakolatli hisoblanadi. Apellyatsiya komissiyasi faoliyatiga umumiy rahbarlikni uning raisi amalga oshiradi, komissiya bayonnomalari kotib tomonidan rasmiylashtiriladi.
23. Apellyatsiya komissiyasiga shikoyatlar tanlov natijalari eʼlon qilinganidan boshlab besh ish kuni ichida yozma ravishda topshiriladi.
Apellyatsiya komissiyasi qabul qilingan shikoyatni koʻrib chiqishi va ariza berilganidan soʻng besh ish kun ichida tegishli qaror qabul qilishi zarur. Apellyatsiya koʻrib chiqiladigan kun haqida nomzodga xabar beriladi.
24. Nomzodlar Apellyatsiya komissiyasi tomonidan murojaati koʻrib chiqilishi jarayonida bevosita yoki masofadan turib onlayn tarzda ishtirok etishi shart.
25. Apellyatsiyani koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Apellyatsiya komissiyasi:
eʼtiroz asossiz boʻlsa, apellyatsiyani qanoatlantirishni rad etadi va tanlov natijalarini oʻzgarishsiz qoldiradi;
eʼtiroz asosli boʻlsa, apellyatsiyani qanoatlantiradi va tanlov natijalariga oʻzgartirish kiritadi yoki nomzod uchun tanlovning saralash bosqichlari qaytadan tashkil etiladi.
26. Apellyatsiya komissiyasi bayonnomasi nusxasi murojaat etuvchi nomzodga Apellyatsiya komissiyasi qarori chiqqan kundan boshlab besh ish kuni ichida yuboriladi.
27. Tanlov komissiyasining aʼzolari, shuningdek suhbat (test)ni olib borishda ishtirok etuvchi jalb etilgan ekspertlar ishda yoʻl qoʻygan kamchiliklari va noxolisligi uchun qonunchilikka muvofiq javobgar hisoblanadi.
28. Oʻquv kurslariga kirish sinovlarini qayta topshirish taqiqlanadi.
4-bob. Oʻquv kurslarida tahsil olish tartibi
29. Oʻquv kurslariga qabul qilingan respublika hududlaridagi davlat oliy taʼlim muassasalari talabalarining oʻqishini mos va turdosh yoʻnalishlar boʻyicha (mutaxassisligi va yoʻnalishi boʻyicha kredit reyting tizimiga mos keluvchi) Toshkent shahrida joylashgan davlat oliy taʼlim muassasalarida akademik mobillik asosida tashkil etish choralari koʻriladi.
30. Tanlovning uchinchi bosqich gʻoliblari “Ulugʻbek” jamgʻarmasi, Raqamli texnologiyalar vazirligi, Toshkent shahridagi Inxa universiteti hamda tegishli vazirlik va idoralar hamkorligida tashkil etiladigan oʻquv kurslarida oʻqish uchun qabul qilinadi.
31. Oʻquv kurslari Toshkent shahridagi Inha universiteti oʻquv binolarida olib boriladi. “Ulugʻbek” jamgʻarmasining tashabbusi va ixtiyori bilan oʻquv kurslari “Ulugʻbek” jamgʻarmasining binosida ham olib borilishi mumkin.
32. Oʻquv kurslarini yakunlagan tinglovchilar davlat oliy taʼlim muassasalari tomonidan 3 yoki 4-kursda belgilangan amaliyotlarini respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalarida oʻtaydilar.
Oʻquv kursi yakunida tinglovchilar tomonidan davlat boshqaruvidagi samaradorlikni oshirish, iqtisodiy va ijtimoiy yoʻnalishlarda raqamli yechimlardan foydalanish, aholida mavjud muammolardan kelib chiqqan holda oʻquv kurslari yoʻnalishlari boʻyicha takliflar tayyorlanadi.
Ushbu takliflar Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan tegishliligi boʻyicha respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalariga koʻrib chiqish uchun yuboriladi.
5-bob. Oʻquv kursi tinglovchilarining huquq va majburiyatlari
33. Oʻquv kursi tinglovchilari huquqlari:
sifatli va yuqori saviyada bilim olish, yuqori malakali mutaxassis boʻlib yetishishlari uchun zarur boʻlgan huquqlardan foydalanish;
fan, texnika, zamonaviy texnologiyalar yutuqlariga mos keluvchi bilim olish;
bepul maslahatlar va yoʻl-yoʻriqlar olish;
auditoriyalar, taʼlim vositalari sanaluvchi ashyolardan belgilangan tartibda bepul foydalanish;
taʼlim jarayoni samaradorligi va taʼlim sifatini oshirish yuzasidan oʻz taklif-mulohazalarini, tanqidiy fikrlarini belgilangan tartibda oʻquv kursi tashkilotchilariga bildirish va ularning koʻrib chiqilishini talab qilish;
oʻquv kursi miqyosida oʻtkaziladigan ommaviy tadbirlarda ishtirok etish;
ilmiy tadqiqot ishlarida va ilmiy konferensiyalarda qatnashish, ularning natijalarini nashr etish va bu haqda axborotlar berish huquqiga ega.
Oʻquv kursi tinglovchilari qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
34. Oʻquv kursi tinglovchilari:
a) oʻquv kurslarida taʼlim olayotgan davrida:
oʻzlari tahsil olayotgan oliy taʼlim muassasasining (akademik mobillik asosida oʻqishi tashkil etilgan Toshkent shahridagi davlat oliy taʼlim muassasasining) belgilangan taʼlim dasturlarini hamda oʻquv kursini toʻliq oʻzlashtirishi;
qonunchilik hujjatlariga, odob-axloq qoidalariga, shuningdek, hamkor tashkilotlar tomonidan oʻrnatilgan qoida va talablarga qatʼiy rioya etishi;
oʻzining xatti-harakatlari bilan tashkilotchilarga yoki uchinchi shaxslarga moddiy zarar yetkazgan hollarda, qonunchilikka muvofiq oʻz hisobidan yetkazilgan zararni qoplashi;
b) oʻquv kurslarini tamomlagandan soʻng:
bakalavr darajasini olgan kundan boshlab olti oy davomida davlat organlari va tashkilotlardagi vakant joylarga davlat fuqarolik xizmatchisi sifatida ishga kirish uchun belgilangan tartibda vacancy.argos.uz tizimi orqali ochiq tanlovga ariza topshirishi;
belgilangan tartibda ochiq tanlov gʻolibligini qoʻlga kiritgach, ish beruvchi tashkilotda kamida bir yil davomida uzluksiz ishlab berishi;
mehnat faoliyati boshlangan kundan soʻng bir oy muddatda mehnat shartnomasi nusxasini “Ulugʻbek” jamgʻarmasiga maʼlumot shaklida taqdim etishi shart.
Oʻquv kursi tinglovchilari qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻz zimmasiga boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.
Ushbu bandda belgilangan talablar magistr va undan soʻng PhD (fan doktori) darajasini olish maqsadida mahalliy yoki xorijiy oliy taʼlim tashkilotlariga qabul qilingan tinglovchilarga tatbiq etilmadi.
6-bob. Oʻquv kurslarini tashkil etishning moliyaviy xarajatlarini qoplash tartibi
35. Toshkent shahridagi Inxa universiteti tomonidan tuzilgan xarajatlar smetasiga asosan Raqamli texnologiyalarini rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan oʻquv kursini tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar qoplab beriladi.
36. Toshkent shahridagi Inxa universiteti xarajatlar smetasida oʻquv kursini tashkil etishda quyidagi xarajatlar nazarda tutiladi:
oʻquv kurslariga iqtidorli tinglovchilarni qabul qilish uchun tanlov jarayonlarini oʻtkazish hamda taʼlim berish uchun mahalliy va xorijiy mutaxassislarni jalb etish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash;
belgilangan fanlar boʻyicha oʻquv dasturlariga mos raqamli kontent tanlash, ishlab chiqish va integratsiya qilish, oʻquv kurslarida taʼlim jarayonlarini nazorat qiluvchi LMS (Learning Management System) tizimini yaratish, takomillashtirish va qoʻllab-quvvatlash;
tinglovchilar uchun oʻquv kurslari yoʻnalishlari boʻyicha IT-park rezidentlari boʻlgan tashkilotlarda amaliyotlarda qatnashish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash;
tinglovchilar uchun oʻquv kurslarida oʻqishi davomida bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt baravari miqdorida har oyda bir marotaba ragʻbatlantirib borish;
oʻquv kurslariga qabul qilingan tinglovchilarning taʼlim olish muddatiga zarur kompyuter jihozlari (noutbuk) taqdim etish;
tinglovchilarni zarur oʻquv adabiyotlari, internet aloqasi, boshqa aloqa vositalari va raqamli kontentlar bilan hamda oʻquv auditoriyalarini kompyuter va tashkiliy texnika bilan taʼminlash;
oʻquv kurslariga qabul qilingan tinglovchilarni oʻqish davomida bir mahal issiq ovqat bilan taʼminlash.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
37. Tanlov toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va uning natijalari tashkilotchilar va ularning tizimidagi tashkilotlarning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytlari va boshqa ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.
38. Ushbu Nizom talablarini buzgan aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
“Mirzo Ulugʻbek vorislari” tayyorlov oʻquv kurslariga iqtidorli tinglovchilarni qabul qilish va ularni oʻqitish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
“Mirzo Ulugʻbek vorislari” tayyorlov oʻquv kurslariga iqtidorli tinglovchilarni qabul qilishning birinchi bosqich natijalarini
T/r Baholash mezonlari Maksimal ball 1. Taqdim etilgan hujjatlarning toʻliqligi va rasmiylashtirish sifati 5 ball 2. Nomzodning taʼlim olayotgan oliy taʼlim muassasasidagi 2 yillik akademik koʻrsatkichlari 20 ball agar nomzodning oʻrtacha GPA balli — 3 — 3,5 boʻlsa 5 ball agar nomzodning oʻrtacha GPA balli — 3,51 — 4,5 boʻlsa 10 ball agar nomzodning oʻrtacha GPA balli — 4,51 va undan yuqori boʻlsa 20 ball 3. Tanlov yoʻnalishidagi ilmiy faoliyati 5 ball nufuzli va xalqaro nashrlardagi maqolalar soni: beshta va undan ortiq boʻlsa — 3 ball; beshtadan kam boʻlsa — 2 ball. 3 ball ilmiy tadqiqotlar va nashrlarning eʼlon qilingan mavzuga muvofiqligi 2 ball 4. Motivatsion xat mazmuni 20 ball 5. Xorijiy tillarni bilish darajasi * 15 ball agar nomzod V1 darajadagi xorijiy til sertifikatiga ega boʻlsa 5 ball agar nomzod V2 darajadagi xorijiy til sertifikatiga ega boʻlsa 10 ball agar nomzod S1 darajadagi xorijiy til sertifikatiga ega boʻlsa 15 ball 6. Xalqaro IT-sertifikatning mavjudligi ** 15 ball agar nomzod boshlangʻich darajadagi sertifikatga ega boʻlsa 5 agar nomzod oʻrta darajadagi sertifikatga ega boʻlsa 10 agar nomzod professional darajadagi sertifikatga ega boʻlsa 15 7. IQ test (onlayn test) 20 ball Jami 100 ball
“Mirzo Ulugʻbek vorislari” tayyorlov oʻquv kurslariga iqtidorli tinglovchilarni qabul qilish va ularni oʻqitish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
“Mirzo Ulugʻbek vorislari” tayyorlov oʻquv kurslariga iqtidorli tinglovchilarni qabul qilishning uchinchi bosqichi boʻyicha suhbatdan oʻtgan nomzodlarning javoblarini
Sana: 20 ___ “ ____ ” _____ __ ____ Nomzodning F.I.O. ______________________________________________ 1-jadval T/r Baholash mezonlari Ballar (maksimal ball — 50 ball) 0 — 5 6 — 10 11 — 15 16 — 20 21 — 25 1. Mamlakatda raqamlashtirish sohasida amalga oshirilayotgan keng qamrovli islohotlarning mazmun-mohiyati va ahamiyatini tushunish (elektron hukumat, raqamli iqtisodiyot, raqamli taʼlim, telekommunikatsiya va boshqa sohalardagi islohotlar haqida tasavvur va fikrlash qobiliyatining mavjudligi) 2. Yoʻnalishni tanlashda motivatsiya (taʼlim olayotgan oliy taʼlim muassasasidagi yoʻnalishining mohiyati va ijtimoiy ahamiyatini tushunish, unga doimiy qiziqish bildirish), matematika va axborot texnologiyalari (boshlangʻich dasturlash) sohasidagi bilim va koʻnikmalarining mavjudligi (oʻz fikrini bayon qilish va tahlil qilish)
2-jadval T/r Baholash mezonlari Ballar (maksimal ball — 50 ball) 0 1 2 3 4 5 1. Shaxsiy-kasbiy xususiyatlar 1.1 qaror qabul qilishda mustaqillik darajasi 1.2 mantiqiy fikrlash 1.3 maqsadga va yangiliklarga intiluvchanlik 1.4 kasbiy vazifalarni hal qilishda amaliy faoliyat 1.5 rejalashtirish qobiliyati 1.6 taqdimot qilish qobiliyati 1.7 muloqotga kirishuvchanlik qobiliyati 1.8 masʼuliyatlilik va intizomlilik 1.9 oʻz ustida ishlash va ijodkorlik qobiliyatlari 1.10 stressga chidamlilik Izoh. ________________________________________________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________________________________________. Suhbat oʻtkazish boʻyicha komissiya aʼzosi: ____________________________________________________________ Imzo ___________
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 19-maydagi 206-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 18-yanvardagi “Isteʼdodli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash “Ulugʻbek” jamgʻarmasi faoliyatini rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi 30-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. 2-bandning beshinchi xatboshisidan “ushbu tanlovlar gʻolibi boʻlgan” soʻzlari chiqarib tashlansin.
2. 2-ilovaning 24 va 25-bandlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 19-may,
206-son