UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 20-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 20 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 мая 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 May 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул ходимлари малакасини ошириш ва рейтинг баҳолашни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. 2023 йил 1 июлдан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг (кейинги ўринларда — давлат органлари) ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул ходимларининг (кейинги ўринларда — ходимлар) рейтинг баҳолаш тизими асосида малакасини уч йилда бир маротаба мажбурий ошириш тартиби жорий этилсин.

2. Ходимларнинг малакасини ошириш жараёнларини мувофиқлаштиришга масъул ваколатли орган этиб — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, ишчи орган этиб — Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» давлат муассасаси белгилансин.

3. Белгилансинки:

ходимларнинг малакасини ошириш ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча турдаги таълим ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида амалга оширилади;

ходимларни малака ошириш курсида ўқитишнинг энг кам муддати 24 соатни ташкил этади;

малака ошириш курсини якунлаган ходимларнинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича саводхонлиги ишчи орган томонидан икки ой муддатда рейтинг баҳоланади;

ходимларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ барча харажатлар уларни малака оширишга юборган давлат органларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади;

ишчи орган рейтинг баҳолашдан ўтказиш жараёнини замонавий услубда баҳолаш тизимлари ва инфратузилмасига эга ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириши мумкин;

рейтинг баҳолаш жараёнларини ташкилий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва замонавий баҳолаш воситаларига эга ташкилотлар хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ харажатлар Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда 2023 йил 1 августдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида график асосида давлат органларининг биринчи раҳбарлари рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва лойиҳаларни самарали амалга ошириш бўйича қисқа муддатли курсларда ўқитилишини ташкил этсин.

5. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул ходимлари малакасини ошириш ва рейтинг баҳолашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг малакаси ва кўникмаларини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳамда уларни ишда компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида» 2011 йил 27 октябрдаги 289-сон қарорига 2-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 майдаги 208-сон қарорига 1-ИЛОВА

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул ходимлари малакасини ошириш ва рейтинг баҳолашни ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг тизимига кирувчи ташкилотларнинг (кейинги ўринларда — давлат органлари) ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларининг (кейинги ўринларда — талабгор) ахборот-коммуникация технологиялари (кейинги ўринларда — АКТ) бўйича малакасини ошириш ва рейтинг баҳолашни ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ваколатли орган — Рақамли технологиялар вазирлиги;

ишчи орган — ваколатли орган ҳузуридаги «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» давлат муассасаси;

рейтинг баҳолаш ахборот тизими — рейтинг баҳолаш имконини берувчи ягона ахборот тизими (attestat.egov.uz);

рейтинг баҳолаш гувоҳномаси — талабгорнинг АКТ бўйича саводхонлик даражасини ҳамда рейтинг баҳолашдан муваффақиятли ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

рейтинг баҳолаш маълумотномаси — талабгорнинг АКТ бўйича саводхонлик даражасини ва рейтинг баҳолашдан муваффақиятсиз ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

рейтинг баҳолаш — рейтинг мезонлари ёрдамида талабгорнинг АКТ бўйича саводхонлик даражасини баҳолаш усули;

рейтинг индикатори — талабгорнинг АКТ бўйича билимларини баҳолашнинг асосий кўрсаткичлари;

талабгор — таркибий бўлинма ходими;

таркибий бўлинма — давлат органининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул бўлган, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилган тузилмаси ёки битта штат бирлигидан иборат ходими.

3. Талабгорнинг АКТ бўйича саводхонлиги мос равишда ишчи орган ва ваколатли органнинг ҳудудий бўлинмаларида ҳар уч йилда бир марта рейтинг баҳолашдан ўтказилади.

4. Талабгор рейтинг баҳолашдан ўтиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қилади.

5. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда масъул таркибий бўлинма ходимларининг АКТ бўйича саводхонлиги улар меҳнат фаолиятини юритаётган давлат органлари томонидан рейтинг баҳолашдан ўтказилиши мумкин. Бунда мазкур давлат органларида рейтинг баҳолаш комиссиясига ваколатли органнинг камида уч нафар вакили киритилиши шарт.

6. Таркибий бўлинмага ишга қабул қилинган янги ходимнинг рейтинг баҳолаш гувоҳномаси бўлмаган тақдирда, ишга қабул қилинган кундан бошлаб олти ой мобайнида рейтинг баҳолашдан ўтказилади.

Биринчи марта ишга қабул қилинган талабгор АКТ соҳасида икки йил иш стажига эга бўлган вақтдан бошлаб, уч ой ичида рейтинг баҳолашдан ўтказилиши керак.

Рейтинг баҳолаш гувоҳномаси уч йил муддатга амал қилади, шунингдек, талабгор рейтинг баҳолаш гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин икки ой давомида рейтинг баҳолашдан ўтиши керак.

АКТ соҳасидаги ихтисосликлар бўйича илмий даражага эга бўлган талабгор рейтинг баҳолашдан ўтказилмайди, шунингдек, ишчи орган ёки ваколатли органнинг ҳудудий бўлинмаси томонидан бундай талабгор сўровига асосан рейтинг баҳолаш гувоҳномаси тақдим этилади.

Мазкур Низомда белгиланган муддатларда талабгорнинг АКТ бўйича саводхонлигини рейтинг баҳолашдан ўтказишни таъминлаш давлат органи раҳбари зиммасига юкланади.

7. Қуйидагилар рейтинг баҳолашдан ўтказилмайди:

ҳомиладор ва уч ёшгача болалари бор аёллар;

18 ёшга тўлмаган шахслар;

фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишларни бажараётган ёки хизмат кўрсатаётган шахслар;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ узрли деб топилган ҳолатларда, ушбу ҳолатлар бартараф бўлгунга қадар.

2-боб. Рейтинг баҳолаш тартиби

8. Рейтинг баҳолаш мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ компьютерда рейтинг баҳолаш ахборот тизими орқали амалга оширилади.

9. Талабгор рейтинг баҳолашдан ўтиш учун ЯИДХПда сўровномани мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ электрон шаклда тўлдиради ва юборади.

10. Сўровномага талабгор томонидан қуйидаги ҳужжатлар электрон шаклда илова қилинади:

АКТ соҳасида энг кам муддати 24 соатни ташкил этадиган малака ошириш курсини тамомлаганлигини тасдиқловчи сертификат;

АКТ соҳасидаги ихтисосликлар бўйича илмий даражасини тасдиқловчи ҳужжат (агар мавжуд бўлса).

11. Талабгор томонидан сўровномада нотўғри ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилиши рейтинг баҳолашдан ўтказишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

12. Ишчи орган ёки ваколатли органнинг ҳудудий бўлинмаси томонидан сўровнома ўрганиб чиқилиб, рейтинг баҳолашдан ўтказишга қабул қилиш ҳақида талабгорга ЯИДХП орқали рейтинг баҳолаш ўтказиладиган кундан беш иш куни олдин, рад этилганда эса уч иш куни ичида маълум қилинади.

Талабгор рейтинг баҳолашдан ўтказишга қабул қилинганда, рейтинг баҳолаш ўтказиладиган сана ва жой белгиланади, рад этилганда рад этиш сабаби кўрсатилади.

13. Талабгор рейтинг баҳолашдан ўтказиладиган манзилга 15 дақиқа олдин етиб келиши лозим.

Ишчи орган ёки ваколатли органнинг ҳудудий бўлинмаси масъулларига талабгор томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорти ёки идентификацияловчи ID картаси) тақдим этилган тақдирда, унинг рейтинг баҳолаш ўтказиладиган аудиторияга киришига рухсат берилади.

14. Рейтинг баҳолаш тест синовлари орқали ўтказилади, бунда талабгор рейтинг баҳолаш ахборот тизимида рейтинг баҳолашдан ўтиш учун Электрон ҳукуматнинг Ягона идентификация тизими орқали идентификациядан ўтади ва тест саволларига жавоб беради.

Тест саволларининг сони ва уларни ечиш вақти давомийлиги ваколатли орган томонидан белгиланади.

15. Рейтинг баҳолашдан ўтказиш 100 баллик тизим асосида баҳоланиб, бунда 55 баллдан юқори балл тўплаган талабгор рейтинг баҳолашдан ўтган деб ҳисобланади.

16. Рейтинг баҳолашдан ўтказишга ажратилган вақт ичида талабгор компьютер воситасида ўтказиладиган тест синовларини якунлаши шарт. Бунда ушбу талабни бузган талабгор рейтинг баҳолашдан ўтмаган деб ҳисобланади.

17. Рейтинг баҳолашнинг тест саволлари ваколатли орган томонидан ишчи орган ҳамда экспертларни жалб қилган ҳолда тузилади.

Тест саволлари қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда мунтазам янгилаб борилади, шунингдек, тест саволларидан намуналар рейтинг баҳолаш ахборот тизимида эълон қилинади.

18. Рейтинг баҳолашдан ўтказиш жараёнлари узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва видеотасвир ишчи орган томонидан бир йил давомида сақланади.

19. Рейтинг баҳолаш вақтида қуйидагилар тақиқланади:

қонунчилик ҳужжатлари ва йўриқнома материаллар, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;

мобил алоқа воситаси ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;

бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;

аудиториядан ташқарига чиқиш (аудиториядан ташқарига чиққан шахслар қайтиб киритилмайди).

Ушбу бандда белгиланган талабларни бузган талабгорлар аудиториядан чиқариб юборилади ва рейтинг баҳолашдан ўтмаган деб ҳисобланади.

Аудиториядан чиқариб юбориш сабаблари рейтинг баҳолаш ахборот тизимида қайд этилади.

Бегона шахсларга рейтинг баҳолашда иштирок этишга рухсат берилмайди.

20. Рейтинг баҳолашдан ўтмаган деб ҳисобланган талабгорлар бир ой ичида белгиланган тартибда рейтинг баҳолашдан ўтиш учун такроран мурожаат қилади.

21. Талабгорнинг рейтинг баҳолаш ахборот тизимидаги шахсий кабинетида рейтинг баҳолаш натижаси бўйича QR код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда расмийлаштирилган рейтинг баҳолаш гувоҳномаси ёки маълумотномаси автоматик тарзда шаклланади.

22. Рейтинг баҳолаш гувоҳномаси ва маълумотномасининг ҳақиқийлигини текшириш — электрон қурилмада QR код (матрик штрихли код)ни ўқиб олиш орқали амалга оширилади.

Электрон қурилма орқали QR код (матрик штрихли код) ўқилганда (сканер қилинганда), рейтинг баҳолаш гувоҳномаси ва маълумотномасининг ҳақиқийлиги репозиторийдан тегишли ҳужжат берилган санани ва рақамини солиштириш орқали аниқланади.

23. Давлат органларига талабгорнинг рейтинг баҳолаш натижалари ишчи орган томонидан беш иш куни ичида юборилади.

3-боб. Рейтинг баҳолаш мезонлари

24. Рейтинг баҳолаш қуйидаги мезонлар орқали амалга оширилади:

0 — 55 балл — қониқарсиз;

56 — 70 балл — қониқарли;

71 — 85 балл — яхши;

86 — 100 балл — юқори.

25. Рейтинг баҳолаш қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:

«электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш билан боғлиқ билимлар — 20 балл;

«рақамли иқтисодиёт» тизимини жорий этиш билан боғлиқ билимлар — 20 балл;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ билимлар — 20 балл;

АКТ инфратузилмаси ташкил этилиши билан боғлиқ билимлар — 20 балл;

давлат органининг фаолиятига АКТни жорий этиш ҳамда бошқарув кўникмалари билан боғлиқ билимлар — 20 балл.

4-боб. Рейтинг баҳолаш маълумотномасини олган талабгорнинг малакасини ошириш тартиби

26. Давлат органлари тўрт ой муддат ичида талабгорнинг рейтинг баҳолаш маълумотномасида тавсия этилган йўналишлар бўйича қисқа муддатли ўқув курсида малака оширишини ва рейтинг баҳолашдан ўтиш учун такроран мурожаат этишини ташкил этади.

27. Талабгор малака ошириш якунлангандан сўнг ўн иш куни ичида белгиланган тартибда рейтинг баҳолашдан ўтиш учун такроран мурожаат қилади.

Талабгор ўз маблағи ҳисобидан такрорий баҳолашда иштирок этиш учун ишчи органга базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдорида тўлов тўлайди. Бунда ушбу маблағлар хорижий ва маҳаллий профессор-ўқитувчилар ва эксперт мутахассисларни жалб қилиш, ўқув дастурлари, қўлланмалар ҳамда контентларини ишлаб чиқиш, энг юқори натижа кўрсатган давлат хизматчиларини тақдирлаш (чет эл сафарларига юбориш), шунингдек, ишчи органнинг ахборот тизимларини такомиллаштириш ва уларга техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилади.

28. Рейтинг баҳолашдан такроран ўта олмаган талабгорга рейтинг баҳолашдан муваффақиятли ўтгунга қадар давлат органи томонидан белгиланган устама ҳақ тўлаш тарзидаги моддий рағбатлантиришга йўл қуйилмайди.

29. Давлат органлари такроран рейтинг баҳолашдан ўта олмаган талабгорнинг лавозимга лойиқлик масаласини кўриб чиқади.

5-боб. Рейтинг баҳолаш гувоҳномалари ва маълумотномалари реестрларини юритиш тартиби

30. Рейтинг баҳолаш ахборот тизимидаги рейтинг баҳолаш натижаси бўйича QR код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда расмийлаштирилган рейтинг баҳолаш гувоҳномаси ёки маълумотномаси мазкур Низомга 3 ва 4-иловаларга мувофиқ автоматик тарзда шаклланади.

31. Ишчи орган рейтинг баҳолаш гувоҳномаси ва маълумотномасининг реестрларини юритади.

32. Рейтинг баҳолаш гувоҳномалар реестрида қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID карта маълумотлари;

рейтинг баҳолаш ўтказилган сана;

рейтинг баҳолаш натижаси (балл);

рейтинг баҳолаш натижаси (даражаси);

рейтинг баҳолаш гувоҳномасини ҳисобга олиш рақами ва берилган санаси;

рейтинг баҳолаш гувоҳномасининг амал қилиш муддати.

33. Рейтинг баҳолаш маълумотномалари реестрида қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID карта маълумотлари;

рейтинг баҳолаш ўтказилган сана;

рейтинг баҳолаш натижаси (балл);

рейтинг баҳолаш натижаси (даражаси);

рейтинг баҳолаш маълумотномаси берилган сана;

малака ошириш йўналишлари бўйича тавсия.

6-боб. Апелляцияни кўриб чиқиш

34. Рейтинг баҳолашдан ўта олмаган талабгор рейтинг баҳолаш ўтказилган кундан бошлаб 20 календарь кун ичида ишчи органга апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Апелляция рейтинг баҳолаш ахборот тизимида талабгорнинг шахсий кабинети орқали электрон шаклда тақдим этилади.

Ишчи орган бир ҳафта муддатда киритилган апелляцияни кўриб чиқади ва рейтинг баҳолаш ахборот тизимида талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида шахсий кабинети орқали электрон шаклда хабар беради.

35. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан ишчи орган томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

рейтинг баҳолаш натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;

апелляцияни қаноатлантириш ва талабгорни рейтинг баҳолашдан муваффақиятли ўтган деб ҳисоблаш тўғрисида;

апелляция берган талабгорнинг рейтинг баҳолаш ушбу Низом талабларига зид равишда ўтказилганлиги ҳолатлари аниқланганда, рейтинг баҳолашни такроран ўтказиш тўғрисида.

36. Рейтинг баҳолаш натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

апелляция мазкур Низом талабларини бузган ҳолда тақдим этилган бўлса;

апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса.

37. Ишчи орган томонидан апелляция берган талабгор учун рейтинг баҳолашни такроран ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, такрорий рейтинг баҳолаш мазкур Низомда белгиланган тартибда ўтказилади.

38. Талабгор такроран апелляция бериши мумкин эмас.

39. Ишчи органнинг қарори устидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ судга шикоят қилиниши мумкин.

7-боб. Якунловчи қоидалар

40. Ваколатли орган ушбу Низом талабларига риоя этилиши таъминлаш мақсадида давлат органларининг фаолияти бўйича мониторинг олиб боради.

41. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул ходимлари малакасини ошириш ва рейтинг баҳолашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул ходимлари малакасини ошириш ва рейтинг баҳолашни ташкил этиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Талабгор Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» давлат муассасасига (кейинги ўринларда — ишчи орган) мурожаат қилади. Белгиланган муддатларда 2-босқич Ишчи орган ва Рақамли технологиялар вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси 1. Сўровномада келтирилган маълумотлар ҳақиқийлигини текширади ва қабул қилади. 2. Талабгорга ЯИДХП орқали рейтинг баҳолаш ўтказиладиган сана ва жой ёки рейтинг баҳолашдан ўтказиш рад этилганлиги тўғрисида электрон хабарнома юборади. Баҳолаш ўтказиладиган санадан 5 иш куни олдин 3-босқич Талабгор Рейтинг баҳолашдан ўтиш учун «электрон ҳукумат»нинг ягона идентификация тизими орқали идентификациядан ўтади ва тест саволларига жавоб беради. Белгиланган муддатларда 4-босқич Ишчи орган Талабгор рейтинг баҳолашдан муваффақиятли ўтганда QR-код қўйилган рейтинг баҳолаш гувоҳномаси расмийлаштирилади ва талабгорга рейтинг баҳолаш ахборот тизими орқали юборилади. Реал вақт режимида 5-босқич Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи Талабгор рейтинг баҳолашдан ўта олмаган тақдирда: 1. Баҳолаш маълумотномасида тавсия этилган йўналишлар бўйича 24 соатдан кам бўлмаган ўқув курсларида малакасини оширади; 1. 4 ой мобайнида 2. Такрор рейтинг баҳолашдан ўтишини таъминлайди. 2. 10 иш куни мобайнида 6-босқич Ишчи орган Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари га талабгорнинг рейтинг баҳолаш натижаларини юборади. 5 иш куни мобайнида

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул ходимлари малакасини ошириш ва рейтинг баҳолашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

__________________ (сана) __________________ (рақам) Рейтинг баҳолашдан ўтиш учун СЎРОВНОМА Талабгор ҳақидаги маълумотлар: 1. Ф.И.О.: 2. Биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID карта серияси ва рақами: * 3. ЖШШИР: 4. Тест ўтказиладиган ҳудуд: 5. Тест ўтказиладиган тил: 6. Телефон рақами: 7. Яшаш манзили: * 8. Иш жойи ва стажи: *

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул ходимлари малакасини ошириш ва рейтинг баҳолашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида рейтинг баҳолашдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома шакли

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги The Ministry of Digital technologiyes of the Republic of Uzbekistan Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида рейтинг баҳолашдан ўтганлиги тўғрисидаги ГУВОҲНОМА _________________ -сон Ф.И.О.: _________________________________________________________________________________________ Биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID карта маълумотлари: _________________________________________________________________________________________ Рейтинг баҳолаш ўтказилган сана: ___________________________________________________________ Рейтинг баҳолаш натижаси (балл): ___________________________________________________________ Рейтинг баҳолаш натижаси (даражаси): _______________________________________________________ Берилган сана: ____________________________________________________________________________ Амал қилиш муддати: ______________________________________________________________________ QR-kod Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Манзили: Тошкент, 100164, Иброҳим Мўминов кўчаси 4-уй Телефон: (998 71) 238-41-59 E-mail: info@digital.uz

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул ходимлари малакасини ошириш ва рейтинг баҳолашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

АКТ бўйича саводхонлик даражасини рейтинг баҳолаш натижаси тўғрисидаги маълумотнома шакли

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги The Ministry of Digital technologiyes of the Republic of Uzbekistan АКТ бўйича саводхонлик даражасини рейтинг баҳолаш натижаси тўғрисида МАЪЛУМОТНОМА _________________ -сон Ф.И.О.: _________________________________________________________________________________________ Биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID карта маълумотлари: _________________________________________________________________________________________ Рейтинг баҳолаш ўтказилган сана: ___________________________________________________________ Рейтинг баҳолаш натижаси (балл): ___________________________________________________________ Рейтинг баҳолаш натижаси (даражаси): _______________________________________________________ Берилган сана: ____________________________________________________________________________ Малака ошириш йўналишлари бўйича тавсия: _________________________________________________ QR-код Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Манзили: Тошкент, 100164, Иброҳим Мўминов кўчаси 4-уй Телефон: (998 71) 238-41-59 E-mail: info@digital.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 майдаги 208-сон қарорига 2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг малакаси ва кўникмаларини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳамда уларни ишда компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида» 2011 йил 27 октябрдаги 289-сон қарорига киритилаётган қўшимчалар

1. 1-илованинг 1-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ушбу талаблар республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди»;

2. 2-илованинг муқаддимасида :

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ушбу Низом талаблари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди»;

учинчи хатбоши тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 20 май,

208-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2023 й., 09/23/208/0289-сон; 29.12.2023 й., 09/23/688/0996-сон; 16.09.2025 й., 09/25/584/0830-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul xodimlari malakasini oshirish va reyting baholashni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022-2023-yillarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. 2023-yil 1-iyuldan respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari) axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul xodimlarining (keyingi oʻrinlarda — xodimlar) reyting baholash tizimi asosida malakasini uch yilda bir marotaba majburiy oshirish tartibi joriy etilsin.

2. Xodimlarning malakasini oshirish jarayonlarini muvofiqlashtirishga masʼul vakolatli organ etib — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi, ishchi organ etib — Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” davlat muassasasi belgilansin.

3. Belgilansinki:

xodimlarning malakasini oshirish tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, barcha turdagi taʼlim tashkilotlarida Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan oʻquv dasturlari asosida amalga oshiriladi;

xodimlarni malaka oshirish kursida oʻqitishning eng kam muddati 24 soatni tashkil etadi;

malaka oshirish kursini yakunlagan xodimlarning axborot-kommunikatsiya texnologiyalari boʻyicha savodxonligi ishchi organ tomonidan ikki oy muddatda reyting baholanadi;

xodimlarning malakasini oshirish bilan bogʻliq barcha xarajatlar ularni malaka oshirishga yuborgan davlat organlarining budjet va budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan qoplanadi;

ishchi organ reyting baholashdan oʻtkazish jarayonini zamonaviy uslubda baholash tizimlari va infratuzilmasiga ega tashkilotlar bilan hamkorlikda amalga oshirishi mumkin;

reyting baholash jarayonlarini tashkiliy va texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlash va zamonaviy baholash vositalariga ega tashkilotlar xizmatlaridan foydalanish bilan bogʻliq xarajatlar Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi bilan hamkorlikda 2023-yil 1-avgustdan boshlab, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat boshqaruvi akademiyasida grafik asosida davlat organlarining birinchi rahbarlari raqamli texnologiyalarni keng joriy etish va loyihalarni samarali amalga oshirish boʻyicha qisqa muddatli kurslarda oʻqitilishini tashkil etsin.

5. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul xodimlari malakasini oshirish va reyting baholashni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

6. Vazirlar Mahkamasining “Davlat va xoʻjalik boshqaruvi, mahalliy davlat hokimiyati organlari xodimlarining malakasi va koʻnikmalarini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar hamda ularni ishda kompyuter texnikasi va axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanish yuzasidan attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida” 2011-yil 27-oktabrdagi 289-son qaroriga 2-ilovaga muvofiq qoʻshimchalar kiritilsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 20-maydagi 208-son qaroriga 1-ILOVA

Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul xodimlari malakasini oshirish va reyting baholashni tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va ularning tizimiga kiruvchi tashkilotlarning (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari) axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari va xodimlarining (keyingi oʻrinlarda — talabgor) axborot-kommunikatsiya texnologiyalari (keyingi oʻrinlarda — AKT) boʻyicha malakasini oshirish va reyting baholashni tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

vakolatli organ — Raqamli texnologiyalar vazirligi;

ishchi organ — vakolatli organ huzuridagi “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” davlat muassasasi;

reyting baholash axborot tizimi — reyting baholash imkonini beruvchi yagona axborot tizimi (attestat.egov.uz);

reyting baholash guvohnomasi — talabgorning AKT boʻyicha savodxonlik darajasini hamda reyting baholashdan muvaffaqiyatli oʻtganligini tasdiqlovchi hujjat;

reyting baholash maʼlumotnomasi — talabgorning AKT boʻyicha savodxonlik darajasini va reyting baholashdan muvaffaqiyatsiz oʻtganligini tasdiqlovchi hujjat;

reyting baholash — reyting mezonlari yordamida talabgorning AKT boʻyicha savodxonlik darajasini baholash usuli;

reyting indikatori — talabgorning AKT boʻyicha bilimlarini baholashning asosiy koʻrsatkichlari;

talabgor — tarkibiy boʻlinma xodimi;

tarkibiy boʻlinma — davlat organining axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul boʻlgan, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tashkil etilgan tuzilmasi yoki bitta shtat birligidan iborat xodimi.

3. Talabgorning AKT boʻyicha savodxonligi mos ravishda ishchi organ va vakolatli organning hududiy boʻlinmalarida har uch yilda bir marta reyting baholashdan oʻtkaziladi.

4. Talabgor reyting baholashdan oʻtish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali murojaat qiladi.

5. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda masʼul tarkibiy boʻlinma xodimlarining AKT boʻyicha savodxonligi ular mehnat faoliyatini yuritayotgan davlat organlari tomonidan reyting baholashdan oʻtkazilishi mumkin. Bunda mazkur davlat organlarida reyting baholash komissiyasiga vakolatli organning kamida uch nafar vakili kiritilishi shart.

6. Tarkibiy boʻlinmaga ishga qabul qilingan yangi xodimning reyting baholash guvohnomasi boʻlmagan taqdirda, ishga qabul qilingan kundan boshlab olti oy mobaynida reyting baholashdan oʻtkaziladi.

Birinchi marta ishga qabul qilingan talabgor AKT sohasida ikki yil ish stajiga ega boʻlgan vaqtdan boshlab, uch oy ichida reyting baholashdan oʻtkazilishi kerak.

Reyting baholash guvohnomasi uch yil muddatga amal qiladi, shuningdek, talabgor reyting baholash guvohnomasining amal qilish muddati tugaganidan keyin ikki oy davomida reyting baholashdan oʻtishi kerak.

AKT sohasidagi ixtisosliklar boʻyicha ilmiy darajaga ega boʻlgan talabgor reyting baholashdan oʻtkazilmaydi, shuningdek, ishchi organ yoki vakolatli organning hududiy boʻlinmasi tomonidan bunday talabgor soʻroviga asosan reyting baholash guvohnomasi taqdim etiladi.

Mazkur Nizomda belgilangan muddatlarda talabgorning AKT boʻyicha savodxonligini reyting baholashdan oʻtkazishni taʼminlash davlat organi rahbari zimmasiga yuklanadi.

7. Quyidagilar reyting baholashdan oʻtkazilmaydi:

homilador va uch yoshgacha bolalari bor ayollar;

18 yoshga toʻlmagan shaxslar;

fuqarolik-huquqiy shartnoma asosida ishlarni bajarayotgan yoki xizmat koʻrsatayotgan shaxslar;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq uzrli deb topilgan holatlarda, ushbu holatlar bartaraf boʻlgunga qadar.

2-bob. Reyting baholash tartibi

8. Reyting baholash mazkur Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq kompyuterda reyting baholash axborot tizimi orqali amalga oshiriladi.

9. Talabgor reyting baholashdan oʻtish uchun YIDXPda soʻrovnomani mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq elektron shaklda toʻldiradi va yuboradi.

10. Soʻrovnomaga talabgor tomonidan quyidagi hujjatlar elektron shaklda ilova qilinadi:

AKT sohasida eng kam muddati 24 soatni tashkil etadigan malaka oshirish kursini tamomlaganligini tasdiqlovchi sertifikat;

AKT sohasidagi ixtisosliklar boʻyicha ilmiy darajasini tasdiqlovchi hujjat (agar mavjud boʻlsa).

11. Talabgor tomonidan soʻrovnomada notoʻgʻri yoki qalbaki maʼlumotlar koʻrsatilishi reyting baholashdan oʻtkazishni rad etish uchun asos hisoblanadi.

12. Ishchi organ yoki vakolatli organning hududiy boʻlinmasi tomonidan soʻrovnoma oʻrganib chiqilib, reyting baholashdan oʻtkazishga qabul qilish haqida talabgorga YIDXP orqali reyting baholash oʻtkaziladigan kundan besh ish kuni oldin, rad etilganda esa uch ish kuni ichida maʼlum qilinadi.

Talabgor reyting baholashdan oʻtkazishga qabul qilinganda, reyting baholash oʻtkaziladigan sana va joy belgilanadi, rad etilganda rad etish sababi koʻrsatiladi.

13. Talabgor reyting baholashdan oʻtkaziladigan manzilga 15 daqiqa oldin yetib kelishi lozim.

Ishchi organ yoki vakolatli organning hududiy boʻlinmasi masʼullariga talabgor tomonidan shaxsini tasdiqlovchi hujjati (biometrik pasporti yoki identifikatsiyalovchi ID kartasi) taqdim etilgan taqdirda, uning reyting baholash oʻtkaziladigan auditoriyaga kirishiga ruxsat beriladi.

14. Reyting baholash test sinovlari orqali oʻtkaziladi, bunda talabgor reyting baholash axborot tizimida reyting baholashdan oʻtish uchun Elektron hukumatning Yagona identifikatsiya tizimi orqali identifikatsiyadan oʻtadi va test savollariga javob beradi.

Test savollarining soni va ularni yechish vaqti davomiyligi vakolatli organ tomonidan belgilanadi.

15. Reyting baholashdan oʻtkazish 100 ballik tizim asosida baholanib, bunda 55 balldan yuqori ball toʻplagan talabgor reyting baholashdan oʻtgan deb hisoblanadi.

16. Reyting baholashdan oʻtkazishga ajratilgan vaqt ichida talabgor kompyuter vositasida oʻtkaziladigan test sinovlarini yakunlashi shart. Bunda ushbu talabni buzgan talabgor reyting baholashdan oʻtmagan deb hisoblanadi.

17. Reyting baholashning test savollari vakolatli organ tomonidan ishchi organ hamda ekspertlarni jalb qilgan holda tuziladi.

Test savollari qonunchilik hujjatlariga kiritilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalarni hisobga olgan holda muntazam yangilab boriladi, shuningdek, test savollaridan namunalar reyting baholash axborot tizimida eʼlon qilinadi.

18. Reyting baholashdan oʻtkazish jarayonlari uzluksiz videotasvirga (ovozli) tushiriladi va videotasvir ishchi organ tomonidan bir yil davomida saqlanadi.

19. Reyting baholash vaqtida quyidagilar taqiqlanadi:

qonunchilik hujjatlari va yoʻriqnoma materiallar, axborotnomalar va maxsus adabiyotlardan foydalanish;

mobil aloqa vositasi va boshqa aloqa vositalaridan foydalanish;

boshqa talabgorlar bilan suhbatlashish;

auditoriyadan tashqariga chiqish (auditoriyadan tashqariga chiqqan shaxslar qaytib kiritilmaydi).

Ushbu bandda belgilangan talablarni buzgan talabgorlar auditoriyadan chiqarib yuboriladi va reyting baholashdan oʻtmagan deb hisoblanadi.

Auditoriyadan chiqarib yuborish sabablari reyting baholash axborot tizimida qayd etiladi.

Begona shaxslarga reyting baholashda ishtirok etishga ruxsat berilmaydi.

20. Reyting baholashdan oʻtmagan deb hisoblangan talabgorlar bir oy ichida belgilangan tartibda reyting baholashdan oʻtish uchun takroran murojaat qiladi.

21. Talabgorning reyting baholash axborot tizimidagi shaxsiy kabinetida reyting baholash natijasi boʻyicha QR kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan holda rasmiylashtirilgan reyting baholash guvohnomasi yoki maʼlumotnomasi avtomatik tarzda shakllanadi.

22. Reyting baholash guvohnomasi va maʼlumotnomasining haqiqiyligini tekshirish — elektron qurilmada QR kod (matrik shtrixli kod)ni oʻqib olish orqali amalga oshiriladi.

Elektron qurilma orqali QR kod (matrik shtrixli kod) oʻqilganda (skaner qilinganda), reyting baholash guvohnomasi va maʼlumotnomasining haqiqiyligi repozitoriydan tegishli hujjat berilgan sanani va raqamini solishtirish orqali aniqlanadi.

23. Davlat organlariga talabgorning reyting baholash natijalari ishchi organ tomonidan besh ish kuni ichida yuboriladi.

3-bob. Reyting baholash mezonlari

24. Reyting baholash quyidagi mezonlar orqali amalga oshiriladi:

0 — 55 ball — qoniqarsiz;

56 — 70 ball — qoniqarli;

71 — 85 ball — yaxshi;

86 — 100 ball — yuqori.

25. Reyting baholash quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha amalga oshiriladi:

“elektron hukumat” tizimini joriy etish bilan bogʻliq bilimlar — 20 ball;

“raqamli iqtisodiyot” tizimini joriy etish bilan bogʻliq bilimlar — 20 ball;

axborot xavfsizligini taʼminlash bilan bogʻliq bilimlar — 20 ball;

AKT infratuzilmasi tashkil etilishi bilan bogʻliq bilimlar — 20 ball;

davlat organining faoliyatiga AKTni joriy etish hamda boshqaruv koʻnikmalari bilan bogʻliq bilimlar — 20 ball.

4-bob. Reyting baholash maʼlumotnomasini olgan talabgorning malakasini oshirish tartibi

26. Davlat organlari toʻrt oy muddat ichida talabgorning reyting baholash maʼlumotnomasida tavsiya etilgan yoʻnalishlar boʻyicha qisqa muddatli oʻquv kursida malaka oshirishini va reyting baholashdan oʻtish uchun takroran murojaat etishini tashkil etadi.

27. Talabgor malaka oshirish yakunlangandan soʻng oʻn ish kuni ichida belgilangan tartibda reyting baholashdan oʻtish uchun takroran murojaat qiladi.

Talabgor oʻz mablagʻi hisobidan takroriy baholashda ishtirok etish uchun ishchi organga bazaviy hisoblash miqdorining 70 foizi miqdorida toʻlov toʻlaydi. Bunda ushbu mablagʻlar xorijiy va mahalliy professor-oʻqituvchilar va ekspert mutaxassislarni jalb qilish, oʻquv dasturlari, qoʻllanmalar hamda kontentlarini ishlab chiqish, eng yuqori natija koʻrsatgan davlat xizmatchilarini taqdirlash (chet el safarlariga yuborish), shuningdek, ishchi organning axborot tizimlarini takomillashtirish va ularga texnik xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirishga yoʻnaltiriladi.

28. Reyting baholashdan takroran oʻta olmagan talabgorga reyting baholashdan muvaffaqiyatli oʻtgunga qadar davlat organi tomonidan belgilangan ustama haq toʻlash tarzidagi moddiy ragʻbatlantirishga yoʻl quyilmaydi.

29. Davlat organlari takroran reyting baholashdan oʻta olmagan talabgorning lavozimga loyiqlik masalasini koʻrib chiqadi.

5-bob. Reyting baholash guvohnomalari va maʼlumotnomalari reyestrlarini yuritish tartibi

30. Reyting baholash axborot tizimidagi reyting baholash natijasi boʻyicha QR kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan holda rasmiylashtirilgan reyting baholash guvohnomasi yoki maʼlumotnomasi mazkur Nizomga 3 va 4-ilovalarga muvofiq avtomatik tarzda shakllanadi.

31. Ishchi organ reyting baholash guvohnomasi va maʼlumotnomasining reyestrlarini yuritadi.

32. Reyting baholash guvohnomalar reyestrida quyidagi maʼlumotlar qayd etiladi:

talabgorning familiyasi, ismi, otasining ismi;

biometrik pasport yoki identifikatsiyalovchi ID karta maʼlumotlari;

reyting baholash oʻtkazilgan sana;

reyting baholash natijasi (ball);

reyting baholash natijasi (darajasi);

reyting baholash guvohnomasini hisobga olish raqami va berilgan sanasi;

reyting baholash guvohnomasining amal qilish muddati.

33. Reyting baholash maʼlumotnomalari reyestrida quyidagi maʼlumotlar qayd etiladi:

talabgorning familiyasi, ismi, otasining ismi;

biometrik pasport yoki identifikatsiyalovchi ID karta maʼlumotlari;

reyting baholash oʻtkazilgan sana;

reyting baholash natijasi (ball);

reyting baholash natijasi (darajasi);

reyting baholash maʼlumotnomasi berilgan sana;

malaka oshirish yoʻnalishlari boʻyicha tavsiya.

6-bob. Apellyatsiyani koʻrib chiqish

34. Reyting baholashdan oʻta olmagan talabgor reyting baholash oʻtkazilgan kundan boshlab 20 kalendar kun ichida ishchi organga apellyatsiya berish huquqiga ega.

Apellyatsiya reyting baholash axborot tizimida talabgorning shaxsiy kabineti orqali elektron shaklda taqdim etiladi.

Ishchi organ bir hafta muddatda kiritilgan apellyatsiyani koʻrib chiqadi va reyting baholash axborot tizimida talabgorga qabul qilingan qaror haqida shaxsiy kabineti orqali elektron shaklda xabar beradi.

35. Apellyatsiyani koʻrib chiqish natijalari yuzasidan ishchi organ tomonidan quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

reyting baholash natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiyani qanoatlantirishni rad etish toʻgʻrisida;

apellyatsiyani qanoatlantirish va talabgorni reyting baholashdan muvaffaqiyatli oʻtgan deb hisoblash toʻgʻrisida;

apellyatsiya bergan talabgorning reyting baholash ushbu Nizom talablariga zid ravishda oʻtkazilganligi holatlari aniqlanganda, reyting baholashni takroran oʻtkazish toʻgʻrisida.

36. Reyting baholash natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiyani qanoatlantirishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror quyidagi hollarda qabul qilinadi:

apellyatsiya mazkur Nizom talablarini buzgan holda taqdim etilgan boʻlsa;

apellyatsiyada koʻrsatilgan vajlar oʻz tasdigʻini topmasa.

37. Ishchi organ tomonidan apellyatsiya bergan talabgor uchun reyting baholashni takroran oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, takroriy reyting baholash mazkur Nizomda belgilangan tartibda oʻtkaziladi.

38. Talabgor takroran apellyatsiya berishi mumkin emas.

39. Ishchi organning qarori ustidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq sudga shikoyat qilinishi mumkin.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

40. Vakolatli organ ushbu Nizom talablariga rioya etilishi taʼminlash maqsadida davlat organlarining faoliyati boʻyicha monitoring olib boradi.

41. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul xodimlari malakasini oshirish va reyting baholashni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul xodimlari malakasini oshirish va reyting baholashni tashkil etish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Talabgor Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” davlat muassasasiga (keyingi oʻrinlarda — ishchi organ) murojaat qiladi. Belgilangan muddatlarda 2-bosqich Ishchi organ va Raqamli texnologiyalar vazirligining hududiy boʻlinmasi 1. Soʻrovnomada keltirilgan maʼlumotlar haqiqiyligini tekshiradi va qabul qiladi. 2. Talabgorga YIDXP orqali reyting baholash oʻtkaziladigan sana va joy yoki reyting baholashdan oʻtkazish rad etilganligi toʻgʻrisida elektron xabarnoma yuboradi. Baholash oʻtkaziladigan sanadan 5 ish kuni oldin 3-bosqich Talabgor Reyting baholashdan oʻtish uchun “elektron hukumat”ning yagona identifikatsiya tizimi orqali identifikatsiyadan oʻtadi va test savollariga javob beradi. Belgilangan muddatlarda 4-bosqich Ishchi organ Talabgor reyting baholashdan muvaffaqiyatli oʻtganda QR-kod qoʻyilgan reyting baholash guvohnomasi rasmiylashtiriladi va talabgorga reyting baholash axborot tizimi orqali yuboriladi. Real vaqt rejimida 5-bosqich Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi Talabgor reyting baholashdan oʻta olmagan taqdirda: 1. Baholash maʼlumotnomasida tavsiya etilgan yoʻnalishlar boʻyicha 24 soatdan kam boʻlmagan oʻquv kurslarida malakasini oshiradi; 1. 4 oy mobaynida 2. Takror reyting baholashdan oʻtishini taʼminlaydi. 2. 10 ish kuni mobaynida 6-bosqich Ishchi organ Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari ga talabgorning reyting baholash natijalarini yuboradi. 5 ish kuni mobaynida

Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul xodimlari malakasini oshirish va reyting baholashni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

__________________ (sana) __________________ (raqam) Reyting baholashdan oʻtish uchun SOʻROVNOMA Talabgor haqidagi maʼlumotlar: 1. F.I.O.: 2. Biometrik pasport yoki identifikatsiyalovchi ID karta seriyasi va raqami: * 3. JSHSHIR: 4. Test oʻtkaziladigan hudud: 5. Test oʻtkaziladigan til: 6. Telefon raqami: 7. Yashash manzili: * 8. Ish joyi va staji: *

Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul xodimlari malakasini oshirish va reyting baholashni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalari sohasida reyting baholashdan oʻtganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma shakli

Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi The Ministry of Digital technologiyes of the Republic of Uzbekistan Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalari sohasida reyting baholashdan oʻtganligi toʻgʻrisidagi GUVOHNOMA _________________ -son F.I.O.: _________________________________________________________________________________________ Biometrik pasport yoki identifikatsiyalovchi ID karta maʼlumotlari: _________________________________________________________________________________________ Reyting baholash oʻtkazilgan sana: ___________________________________________________________ Reyting baholash natijasi (ball): ___________________________________________________________ Reyting baholash natijasi (darajasi): _______________________________________________________ Berilgan sana: ____________________________________________________________________________ Amal qilish muddati: ______________________________________________________________________ QR-kod Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi Manzili: Toshkent, 100164, Ibrohim Moʻminov koʻchasi 4-uy Telefon: (998 71) 238-41-59 E-mail: info@digital.uz

Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul xodimlari malakasini oshirish va reyting baholashni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

AKT boʻyicha savodxonlik darajasini reyting baholash natijasi toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma shakli

Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi The Ministry of Digital technologiyes of the Republic of Uzbekistan AKT boʻyicha savodxonlik darajasini reyting baholash natijasi toʻgʻrisida MAʼLUMOTNOMA _________________ -son F.I.O.: _________________________________________________________________________________________ Biometrik pasport yoki identifikatsiyalovchi ID karta maʼlumotlari: _________________________________________________________________________________________ Reyting baholash oʻtkazilgan sana: ___________________________________________________________ Reyting baholash natijasi (ball): ___________________________________________________________ Reyting baholash natijasi (darajasi): _______________________________________________________ Berilgan sana: ____________________________________________________________________________ Malaka oshirish yoʻnalishlari boʻyicha tavsiya: _________________________________________________ QR-kod Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi Manzili: Toshkent, 100164, Ibrohim Moʻminov koʻchasi 4-uy Telefon: (998 71) 238-41-59 E-mail: info@digital.uz

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 20-maydagi 208-son qaroriga 2-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining “Davlat va xoʻjalik boshqaruvi, mahalliy davlat hokimiyati organlari xodimlarining malakasi va koʻnikmalarini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar hamda ularni ishda kompyuter texnikasi va axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanish yuzasidan attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida” 2011-yil 27-oktabrdagi 289-son qaroriga kiritilayotgan qoʻshimchalar

1. 1-ilovaning 1-bandi quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Ushbu talablar respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari va xodimlariga nisbatan tatbiq etilmaydi”;

2. 2-ilovaning muqaddimasida :

quyidagi mazmundagi uchinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Ushbu Nizom talablari respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish uchun masʼul tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari va xodimlariga nisbatan tatbiq etilmaydi”;

uchinchi xatboshi toʻrtinchi xatboshi deb hisoblansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 20-may,

208-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.05.2023-y., 09/23/208/0289-son; 29.12.2023-y., 09/23/688/0996-son; 16.09.2025-y., 09/25/584/0830-son)

lex.uz