UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 1-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 1 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 1 июня 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 1 June 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

шакли

РЎЙХАТИ

Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармони ҳамда «Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 30 майдаги ПҚ-263-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармони билан тасдиқланган Давлат хизматларини кўрсатиш тартибини янада соддалаштириш, муддатларини, талаб қилинадиган ҳужжатларини қисқартириш ҳамда рақамлаштириш бўйича « йўл харитаси »нинг 18-бандида адвокатлик гувоҳномасини бериш, йўқотилган ва яроқсиз ҳолга келган гувоҳнома ўрнига янгисини бериш давлат хизмати муддатлари ҳамда талаб қилинадиган ҳужжатлар сонини қисқартириш белгиланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 30 майдаги ПҚ-263-сон қарорининг 2-банди «в» кичик банди бешинчи хатбошисида адвокатлик гувоҳномасини махсус QR-код қўйилган ҳолда бериш тартиби жорий этилиши ва бу орқали адвокатнинг мақоми ҳақида маълумот олиш имконияти яратилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2023 йил 1 июлдан бошлаб амалга киритилсин:

адвокатлик гувоҳномасини олиш учун талабгор томонидан «Юридик ёрдам» электрон ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) орқали Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда — адлия органи)га мурожаат қилиш;

адлия органи томонидан аризани икки иш куни ичида кўриб чиқиш ва талабгорга адвокатлик гувоҳномасини бериш;

талабгорга адвокатлик гувоҳномаси берилганлиги тўғрисида адлия органи томонидан ахборот тизими орқали Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига хабарнома юбориш;

адвокатлик гувоҳномасини беришни рад этиш асослари ва тартиби;

адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш асослари ва тартиби.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

а) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июлдан бошлаб мазкур қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ адвокатлик гувоҳномасини олиш учун ахборот тизими орқали мурожаат қилиш ва адвокатлик гувоҳномасини махсус QR-код қўйилган ҳолда бериш тартиби жорий этилишини таъминласин;

б) 2024 йил 1 январга қадар:

қоғоз шаклидаги адвокатлик фаолияти учун лицензияларни «Лицензия» электрон ахборот тизими орқали электрон шаклга;

адвокатлик гувоҳномаларини мазкур қарор билан тасдиқланган Низомда белгиланган намунадаги гувоҳномага тўлов ундирмасдан алмаштириш чораларини кўрсин.

4. Белгилансинки, ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 2023 йил 1 июлдан бошлаб 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 1 июндаги 226-сон қарорига 1-ИЛОВА

Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом адвокатлик гувоҳномасини бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

адвокатлик гувоҳномаси — QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган адвокатнинг мақомини тасдиқловчи ҳужжат;

адвокатлик тузилмалари — адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси, адвокатлар ҳайъати ва юридик маслаҳатхона;

адвокатлар реестри — адвокат ва унинг мақоми ҳамда адвокатлик тузилмаси билан боғлиқ маълумотларни ўз ичига олган электрон маълумотлар базаси;

талабгор — адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун белгиланган тартибда лицензия олган, адвокатлик гувоҳномасини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс.

3. Адвокатлик гувоҳномаси талабгор фаолият юритаётган адвокатлик тузилмаси давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда — адлия органи) томонидан ўн йил муддатга берилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади.

4. Талабгор адвокатлик тузилмасига қабул қилингандан сўнг адвокатлик гувоҳномасини олиш учун аризани «Юридик ёрдам» ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали электрон шаклда адлия органига юборади.

Ариза ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин. Бунда, аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда навбатдаги иш куни ариза адлия органига келиб тушган кун ҳисобланади.

5. Ариза рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи тегишли белги автоматик равишда ахборот тизими ёхуд ЯИДХП орқали талабгорга юборилади.

Талабгор адвокатлик гувоҳномасини олиш учун тақдим қилган аризасини кўриб чиқиш ҳолатини ахборот тизими ёхуд ЯИДХП орқали онлайн кузатиб бориши мумкин.

6. Адвокатлик гувоҳномасини бериш учун тўлов ундирилмайди, ушбу Низомнинг 24-бандида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

7. Адвокатлик гувоҳномаси ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ берилади.

2-боб. Адвокатлик гувоҳномасини олиш учун ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби

8. Талабгор ўз электрон рақамли имзосидан (кейинги ўринларда — ЭРИ) ёки One-ID тизимидан фойдаланган ҳолда, адвокатлик гувоҳномасини олиш учун ахборот тизимидан ёхуд ЯИДХПдан рўйхатдан ўтади ҳамда электрон шаклда ариза тўлдиради.

Аризада қуйидагилар акс эттирилади:

талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

адвокатлик тузилмасининг номи ва жойлашган манзили;

телефон рақами.

Талабгордан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотлар ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

9. Талабгорга адвокатлик гувоҳномасини беришда адлия органи қуйидаги ҳужжатларни идоралараро электрон ҳамкорлик ёрдамида мустақил олади:

талабгор фаолиятини бошлаган адвокатлик тузилмаси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳнома;

талабгорнинг адвокат қасамёдини қабул қилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

талабгорнинг адвокатлик тузилмасига қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

талабгорнинг 3х4 см ўлчамдаги рангли фотосурати.

Талабгорнинг адвокатлик фаолияти учун лицензия олганлиги ахборот тизими орқали тасдиқланади.

Талабгор ўз хоҳишига кўра, 3х4 см ўлчамдаги рангли фотосуратини адлия органига электрон шаклда тақдим қилиши мумкин.

10. Ариза ахборот тизимига киритилган кундан эътиборан икки иш куни ичида талабгорга адвокатлик гувоҳномаси берилади.

Адвокатлик гувоҳномаси тайёр бўлиши билан талабгорга ахборот тизими ёхуд ЯИДХП орқали реал вақт режимида хабарнома юборилади.

11. Талабгорга адвокатлик гувоҳномасини бериш адлия органи раҳбари томонидан ахборот тизими орқали тасдиқланади.

Талабгорнинг адвокатлик гувоҳномасини олганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига ахборот тизими орқали автоматик тарзда хабарнома юборилади.

12. Талабгорга адвокатлик гувоҳномаси берилганлиги ҳақида адлия органи томонидан адвокатлар реестрига ахборот тизими орқали маълумот киритилади ва ундаги маълумотлар барча учун очиқ ҳисобланади.

13. Талабгор янги адвокатлик тузилмасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда мурожаат қилганда, адвокатлик тузилмаси давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг икки иш куни ичида талабгорга адвокатлик гувоҳномаси берилади. Бунда, талабгорнинг адвокатлик гувоҳномасини олиш учун алоҳида мурожаат қилиши талаб этилмайди.

14. Талабгорга адвокатлик гувоҳномасини бериш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

талабгор адвокатлик тузилмасини ташкил этмаган ёки мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига қабул қилинмаган бўлса;

талабгор адвокат қасамёдини қабул қилмаган бўлса.

Бошқа асосларга кўра адвокатлик гувоҳномасини беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

15. Адвокатлик гувоҳномасини бериш рад этилганлиги ҳақида талабгорга ахборот тизими ёхуд ЯИДХП орқали реал вақт режимида хабарнома юборилади.

Талабгор адвокатлик гувоҳномасини бериш рад этилганлиги, шунингдек адлия органи мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатлари устидан белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёхуд судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

16. Адвокатлик гувоҳномаси ушбу Низомга 2-иловада келтирилган намуна ва тавсиф бўйича тайёрланади.

17. Талабгорнинг хоҳишига кўра, адвокатлик гувоҳномаси талабгор фаолият юритаётган адвокатлик тузилмасининг манзилига юборилиши ёки талабгор томонидан шахсан олиб кетилиши мумкин.

Адвокатлик гувоҳномаси талабгорнинг хоҳишига кўра, у фаолият юритаётган адвокатлик тузилмасининг манзилига юборилганда почта харажатлари талабгор томонидан қопланади.

18. Адвокатлик гувоҳномаси ахборот тизими томонидан автоматик тарзда рақамланади ва компьютер техникаси ёрдамида тўлдирилади.

19. Адвокатлик гувоҳномаси ундаги махсус QR-код (матрик штрихли код)ни сканерлаш имкони бўлмайдиган даражада яроқсиз ҳолга келганда ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Адвокатлик гувоҳномаси ундаги махсус QR-код (матрик штрихли код) тасвирини яроқсиз ҳолатга келишининг олдини олиш имкони берадиган технологияда тайёрланиши таъминланади.

20. Адвокатлик гувоҳномасидаги махсус QR-код (матрик штрихли код)ни сканерлаш орқали адвокатлик гувоҳномаси ким томонидан берилганлиги, адвокат мақоми, адвокат фаолият юритаётган адвокатлик тузилмасининг номи, адвокатнинг ихтисослиги, лицензия рақами ва берилган санаси аниқланади.

21. Адвокат бир адвокатлик тузилмасидан бошқасига қабул қилинган бўлса, бир иш куни ичида бу ҳақида адвокатлик гувоҳномаси берган адлия органига ахборот тизими ёхуд ЯИДХП орқали хабарнома юборади.

Адлия органи ушбу хабарномани олгандан кейин бир иш куни ичида ахборот тизимига ёхуд ЯИДХПга адвокатнинг иш жойи ўзгарганлиги ҳақидаги маълумотни киритади.

22. Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 13 1 , 15 ва 16-моддаларига асосан адвокат мақоми тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда адвокатлик гувоҳномасидан фойдаланиш тақиқланади. Адвокат мақоми тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда, бу ҳақда гувоҳнома берган адлия органи томонидан ахборот тизимига реал вақт режимида маълумот киритилади.

Адвокат мақоми тугатилганда гувоҳнома берган адлия органи томонидан адвокатлик гувоҳномасини қайтариш ҳақида адвокат мақоми тугатилган шахсга ахборот тизими орқали реал вақт режимида талабнома юборилади. Адвокатлик гувоҳномаси мазкур талабнома юборилган кундан эътиборан ўн беш иш куни ичида қайтарилиши керак. Қайтарилган адвокатлик гувоҳномаси адлия органи томонидан йўқ қилинади.

3-боб. Адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш

23. Адвокатлик гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда қайта расмийлаштирилади:

адвокатнинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганда, унинг лицензияси қайта расмийлаштирилгандан сўнг;

адвокат бошқа адлия органи жойлашган ҳудудда рўйхатдан ўтган адвокатлик тузилмасига кирганда;

адвокатлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда;

адвокатлик гувоҳномаси йўқотилган ёхуд яроқсиз ҳолга келганда.

Адвокат адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш учун асослар юзага келган кундан бошлаб беш иш куни ичида адлия органига адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш учун асос бўлган тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ахборот тизими ёхуд ЯИДХП орқали мурожаат қилиши лозим.

24. Адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорда йиғим ундирилади (адвокатлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда қайта расмийлаштириш ҳоллари бундан мустасно) ва қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) ахборот тизими орқали мурожаат этилганда:

0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар — адлия органининг ҳисобварағига йўналтирилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

11,75 фоизи — Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);

қолган маблағлар — адлия органининг ҳисобварағига йўналтирилади.

Йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

25. Адвокат томонидан адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш учун белгиланган тўлов амалга оширилмаса, гувоҳномани қайта расмийлаштириш рад этилади.

26. Адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ахборот тизимига ёхуд ЯИДХПга киритилган кундан бошлаб икки иш куни ичида адвокатлик гувоҳномаси қайта расмийлаштириб берилади.

27. Адвокатга янги адвокатлик гувоҳномаси берилган кундан эътиборан илгари амалда бўлган гувоҳноманинг амал қилиши тугатилади.

Адвокатлик гувоҳномаси қайта расмийлаштирилганда эски адвокатлик гувоҳномаси адлия органига қайтарилади.

28. Адвокатга янги адвокатлик гувоҳномаси расмийлаштирилганлиги ҳақидаги маълумотлар адлия органи томонидан реал вақт режимида ахборот тизимида қайд этилади.

29. Амал қилиши тугаган гувоҳномалар, шунингдек, адвокатлик мақоми тугатилганлиги муносабати билан адлия органи томонидан олинган адвокатлик гувоҳномалари адлия органи томонидан йўқ қилинади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

30. Адвокат адвокатлик гувоҳномаси сақланиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Адвокатлик гувоҳномасини бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

31. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Адвокатлик гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Адвокатлик гувоҳномасини бериш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Талабгор Адвокатлик гувоҳномасини олиш учун «Юридик ёрдам» ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига ариза юборади. Белгиланган муддатларда 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари 1. Ариза ва унга иловаларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларига мувофиқлигини ўрганади. 2. Талабгорга гувоҳнома расмийлаштиради ёки гувоҳнома беришни рад этади. 1-2. Икки иш куни ичида 3. Гувоҳнома тайёр бўлганлиги (гувоҳнома бериш рад этилганлиги) ҳақида талабгорга ахборот тизими ёхуд ЯИДХП орқали хабарнома юборади. 3. Реал вақт режимида 3-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари 1. Гувоҳномани талабгорга шахсан беради ёки тегишли адвокатлик тузилмасига почта орқали юборади. 1. Гувоҳнома расмийлаштирилган кунда 2. Талабгор гувоҳномани олганлиги ҳақида Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига ахборот тизими ёхуд ЯИДХП орқали хабарнома юборади. 2. Реал вақт режимида

Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Адвокатлик гувоҳномасининг

(олд томони)

(орқа томони)

Адвокатлик гувоҳномасининг тавсифи

Адвокатлик гувоҳномаси 54х86 мм ўлчамда пластикдан тайёрланади. Адвокатлик гувоҳномасининг ранги — оч бинафша, оч пушти ва сариқ. Лотин ёзувидаги давлат тили ва инглиз тилларидан фойдаланилади.

Адвокатлик гувоҳномасининг пластик шакли қуйидаги ҳимоя воситаларига эга:

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири шаклидаги голограмма, у нишабликнинг турлича бурчагида ўз шаклини ўзгартиради;

микроматн — «Advokatlik guvohnomasi Attorney identity card», ўлчами максимум 30 микрон;

ультрабинафша қоплама;

доира шаклидаги кўп бурчакли эгилганда бир рангдан бошқа рангга товланадиган оптик турланадиган бўёқ;

гилош, доимий равишда қийшайиб турадиган 40 — 70 мкм қалинликдаги тўлқинли чизиқларнинг қалин тармоғи шаклидаги нақш.

Гувоҳноманинг олд томонида «Advokatlik guvohnomasi», «Attorney identity card» сўзлари ёзилади; Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ҳамда гербининг тасвири туширилган, адвокатнинг фамилияси, исми, отасининг исми мажбурий тартибда кўрсатилади, адвокатлик фаолияти учун лицензия рақами ва адвокатни идентификация қилиш имконини берувчи QR-код (матрик штрихли код) жойлаштирилади, фотосурат учун жой назарда тутилган.

Адвокатлик гувоҳномасининг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси харитаси тасвири туширилади, гувоҳноманинг берилган санаси, амал қилиш муддати, гувоҳнома рақами ва берилган жойи кўрсатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 1 июндаги 226-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2023 йил 1 июлдан эътиборан ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 24 сентябрдаги 807-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 5 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 715-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 1 июнь,

226-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.06.2023 й., 09/23/226/0310-сон; 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

shakli

ROʻYXATI

Advokatlik guvohnomasini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat xizmatlari koʻrsatish infratuzilmasini takomillashtirish va aholining davlat xizmatlaridan foydalanish imkoniyatlarini kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 24-iyuldagi PF-6269-son Farmoni hamda “Advokatura faoliyatiga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 30-maydagi PQ-263-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 24-iyuldagi PF-6269-son Farmoni bilan tasdiqlangan Davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibini yanada soddalashtirish, muddatlarini, talab qilinadigan hujjatlarini qisqartirish hamda raqamlashtirish boʻyicha “ yoʻl xaritasi ”ning 18-bandida advokatlik guvohnomasini berish, yoʻqotilgan va yaroqsiz holga kelgan guvohnoma oʻrniga yangisini berish davlat xizmati muddatlari hamda talab qilinadigan hujjatlar sonini qisqartirish belgilanganligi;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Advokatura faoliyatiga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 30-maydagi PQ-263-son qarorining 2-bandi “v” kichik bandi beshinchi xatboshisida advokatlik guvohnomasini maxsus QR-kod qoʻyilgan holda berish tartibi joriy etilishi va bu orqali advokatning maqomi haqida maʼlumot olish imkoniyati yaratilishi nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Advokatlik guvohnomasini berish tartibi toʻgʻrisida nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin va 2023-yil 1-iyuldan boshlab amalga kiritilsin:

advokatlik guvohnomasini olish uchun talabgor tomonidan “Yuridik yordam” elektron axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) orqali Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — adliya organi)ga murojaat qilish;

adliya organi tomonidan arizani ikki ish kuni ichida koʻrib chiqish va talabgorga advokatlik guvohnomasini berish;

talabgorga advokatlik guvohnomasi berilganligi toʻgʻrisida adliya organi tomonidan axborot tizimi orqali Advokatlar palatasining tegishli hududiy boshqarmasiga xabarnoma yuborish;

advokatlik guvohnomasini berishni rad etish asoslari va tartibi;

advokatlik guvohnomasini qayta rasmiylashtirish asoslari va tartibi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:

a) Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda 2023-yil 1-iyuldan boshlab mazkur qaror bilan tasdiqlangan Nizomga muvofiq advokatlik guvohnomasini olish uchun axborot tizimi orqali murojaat qilish va advokatlik guvohnomasini maxsus QR-kod qoʻyilgan holda berish tartibi joriy etilishini taʼminlasin;

b) 2024-yil 1-yanvarga qadar:

qogʻoz shaklidagi advokatlik faoliyati uchun litsenziyalarni “Litsenziya” elektron axborot tizimi orqali elektron shaklga;

advokatlik guvohnomalarini mazkur qaror bilan tasdiqlangan Nizomda belgilangan namunadagi guvohnomaga toʻlov undirmasdan almashtirish choralarini koʻrsin.

4. Belgilansinki, ushbu qarorning ijrosini taʼminlash bilan bogʻliq xarajatlar budjetdan tashqari Adliya organlari va muassasalarini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlari 2023-yil 1-iyuldan boshlab 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri A.J. Tashkulov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 1-iyundagi 226-son qaroriga 1-ILOVA

Advokatlik guvohnomasini berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom advokatlik guvohnomasini berish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

advokatlik guvohnomasi — QR-kod (matrik shtrixli kod) tasviri tushirilgan advokatning maqomini tasdiqlovchi hujjat;

advokatlik tuzilmalari — advokatlik byurosi, advokatlik firmasi, advokatlar hayʼati va yuridik maslahatxona;

advokatlar reyestri — advokat va uning maqomi hamda advokatlik tuzilmasi bilan bogʻliq maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan elektron maʼlumotlar bazasi;

talabgor — advokatlik faoliyati bilan shugʻullanish uchun belgilangan tartibda litsenziya olgan, advokatlik guvohnomasini olish huquqiga ega boʻlgan shaxs.

3. Advokatlik guvohnomasi talabgor faoliyat yuritayotgan advokatlik tuzilmasi davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan joy boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — adliya organi) tomonidan oʻn yil muddatga beriladi va Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida amal qiladi.

4. Talabgor advokatlik tuzilmasiga qabul qilingandan soʻng advokatlik guvohnomasini olish uchun arizani “Yuridik yordam” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) yoxud Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali elektron shaklda adliya organiga yuboradi.

Ariza har kuni 24 soat davomida yuborilishi mumkin. Bunda, arizalar ish vaqtidan keyin yoki dam olish va bayram kunlari kelib tushganda navbatdagi ish kuni ariza adliya organiga kelib tushgan kun hisoblanadi.

5. Ariza roʻyxatdan oʻtkazilganligini tasdiqlovchi tegishli belgi avtomatik ravishda axborot tizimi yoxud YIDXP orqali talabgorga yuboriladi.

Talabgor advokatlik guvohnomasini olish uchun taqdim qilgan arizasini koʻrib chiqish holatini axborot tizimi yoxud YIDXP orqali onlayn kuzatib borishi mumkin.

6. Advokatlik guvohnomasini berish uchun toʻlov undirilmaydi, ushbu Nizomning 24-bandida belgilangan hollar bundan mustasno.

7. Advokatlik guvohnomasi ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq beriladi.

2-bob. Advokatlik guvohnomasini olish uchun ariza berish va uni koʻrib chiqish tartibi

8. Talabgor oʻz elektron raqamli imzosidan (keyingi oʻrinlarda — ERI) yoki One-ID tizimidan foydalangan holda, advokatlik guvohnomasini olish uchun axborot tizimidan yoxud YIDXPdan roʻyxatdan oʻtadi hamda elektron shaklda ariza toʻldiradi.

Arizada quyidagilar aks ettiriladi:

talabgorning familiyasi, ismi va otasining ismi;

advokatlik tuzilmasining nomi va joylashgan manzili;

telefon raqami.

Talabgordan ushbu bandda koʻrsatilmagan maʼlumotlar va boshqa hujjatlarni talab qilish taqiqlanadi.

9. Talabgorga advokatlik guvohnomasini berishda adliya organi quyidagi hujjatlarni idoralararo elektron hamkorlik yordamida mustaqil oladi:

talabgor faoliyatini boshlagan advokatlik tuzilmasi davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi haqida guvohnoma;

talabgorning advokat qasamyodini qabul qilganligini tasdiqlovchi hujjat nusxasi;

talabgorning advokatlik tuzilmasiga qabul qilinganligini tasdiqlovchi hujjat nusxasi;

talabgorning 3x4 sm oʻlchamdagi rangli fotosurati.

Talabgorning advokatlik faoliyati uchun litsenziya olganligi axborot tizimi orqali tasdiqlanadi.

Talabgor oʻz xohishiga koʻra, 3x4 sm oʻlchamdagi rangli fotosuratini adliya organiga elektron shaklda taqdim qilishi mumkin.

10. Ariza axborot tizimiga kiritilgan kundan eʼtiboran ikki ish kuni ichida talabgorga advokatlik guvohnomasi beriladi.

Advokatlik guvohnomasi tayyor boʻlishi bilan talabgorga axborot tizimi yoxud YIDXP orqali real vaqt rejimida xabarnoma yuboriladi.

11. Talabgorga advokatlik guvohnomasini berish adliya organi rahbari tomonidan axborot tizimi orqali tasdiqlanadi.

Talabgorning advokatlik guvohnomasini olganligi haqida Oʻzbekiston Respublikasi Advokatlar palatasining tegishli hududiy boshqarmasiga axborot tizimi orqali avtomatik tarzda xabarnoma yuboriladi.

12. Talabgorga advokatlik guvohnomasi berilganligi haqida adliya organi tomonidan advokatlar reyestriga axborot tizimi orqali maʼlumot kiritiladi va undagi maʼlumotlar barcha uchun ochiq hisoblanadi.

13. Talabgor yangi advokatlik tuzilmasini davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun belgilangan tartibda murojaat qilganda, advokatlik tuzilmasi davlat roʻyxatidan oʻtkazilgandan soʻng ikki ish kuni ichida talabgorga advokatlik guvohnomasi beriladi. Bunda, talabgorning advokatlik guvohnomasini olish uchun alohida murojaat qilishi talab etilmaydi.

14. Talabgorga advokatlik guvohnomasini berish quyidagi hollarda rad etiladi:

talabgor advokatlik tuzilmasini tashkil etmagan yoki mavjud advokatlik tuzilmalaridan biriga qabul qilinmagan boʻlsa;

talabgor advokat qasamyodini qabul qilmagan boʻlsa.

Boshqa asoslarga koʻra advokatlik guvohnomasini berishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

15. Advokatlik guvohnomasini berish rad etilganligi haqida talabgorga axborot tizimi yoxud YIDXP orqali real vaqt rejimida xabarnoma yuboriladi.

Talabgor advokatlik guvohnomasini berish rad etilganligi, shuningdek adliya organi mansabdor shaxsining xatti-harakatlari ustidan belgilangan tartibda yuqori turuvchi organga yoxud sudga shikoyat qilish huquqiga ega.

16. Advokatlik guvohnomasi ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan namuna va tavsif boʻyicha tayyorlanadi.

17. Talabgorning xohishiga koʻra, advokatlik guvohnomasi talabgor faoliyat yuritayotgan advokatlik tuzilmasining manziliga yuborilishi yoki talabgor tomonidan shaxsan olib ketilishi mumkin.

Advokatlik guvohnomasi talabgorning xohishiga koʻra, u faoliyat yuritayotgan advokatlik tuzilmasining manziliga yuborilganda pochta xarajatlari talabgor tomonidan qoplanadi.

18. Advokatlik guvohnomasi axborot tizimi tomonidan avtomatik tarzda raqamlanadi va kompyuter texnikasi yordamida toʻldiriladi.

19. Advokatlik guvohnomasi undagi maxsus QR-kod (matrik shtrixli kod)ni skanerlash imkoni boʻlmaydigan darajada yaroqsiz holga kelganda haqiqiy emas deb hisoblanadi.

Advokatlik guvohnomasi undagi maxsus QR-kod (matrik shtrixli kod) tasvirini yaroqsiz holatga kelishining oldini olish imkoni beradigan texnologiyada tayyorlanishi taʼminlanadi.

20. Advokatlik guvohnomasidagi maxsus QR-kod (matrik shtrixli kod)ni skanerlash orqali advokatlik guvohnomasi kim tomonidan berilganligi, advokat maqomi, advokat faoliyat yuritayotgan advokatlik tuzilmasining nomi, advokatning ixtisosligi, litsenziya raqami va berilgan sanasi aniqlanadi.

21. Advokat bir advokatlik tuzilmasidan boshqasiga qabul qilingan boʻlsa, bir ish kuni ichida bu haqida advokatlik guvohnomasi bergan adliya organiga axborot tizimi yoxud YIDXP orqali xabarnoma yuboradi.

Adliya organi ushbu xabarnomani olgandan keyin bir ish kuni ichida axborot tizimiga yoxud YIDXPga advokatning ish joyi oʻzgarganligi haqidagi maʼlumotni kiritadi.

22. Oʻzbekiston Respublikasining “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 13 1 , 15 va 16-moddalariga asosan advokat maqomi toʻxtatib turilganda yoki tugatilganda advokatlik guvohnomasidan foydalanish taqiqlanadi. Advokat maqomi toʻxtatib turilganda yoki tugatilganda, bu haqda guvohnoma bergan adliya organi tomonidan axborot tizimiga real vaqt rejimida maʼlumot kiritiladi.

Advokat maqomi tugatilganda guvohnoma bergan adliya organi tomonidan advokatlik guvohnomasini qaytarish haqida advokat maqomi tugatilgan shaxsga axborot tizimi orqali real vaqt rejimida talabnoma yuboriladi. Advokatlik guvohnomasi mazkur talabnoma yuborilgan kundan eʼtiboran oʻn besh ish kuni ichida qaytarilishi kerak. Qaytarilgan advokatlik guvohnomasi adliya organi tomonidan yoʻq qilinadi.

3-bob. Advokatlik guvohnomasini qayta rasmiylashtirish

23. Advokatlik guvohnomasi quyidagi hollarda qayta rasmiylashtiriladi:

advokatning familiyasi, ismi yoki otasining ismi oʻzgarganda, uning litsenziyasi qayta rasmiylashtirilgandan soʻng;

advokat boshqa adliya organi joylashgan hududda roʻyxatdan oʻtgan advokatlik tuzilmasiga kirganda;

advokatlik guvohnomasining amal qilish muddati tugaganda;

advokatlik guvohnomasi yoʻqotilgan yoxud yaroqsiz holga kelganda.

Advokat advokatlik guvohnomasini qayta rasmiylashtirish uchun asoslar yuzaga kelgan kundan boshlab besh ish kuni ichida adliya organiga advokatlik guvohnomasini qayta rasmiylashtirish uchun asos boʻlgan tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda axborot tizimi yoxud YIDXP orqali murojaat qilishi lozim.

24. Advokatlik guvohnomasini qayta rasmiylashtirish uchun bazaviy hisoblash miqdorining 10 foizi miqdorda yigʻim undiriladi (advokatlik guvohnomasining amal qilish muddati tugaganda qayta rasmiylashtirish hollari bundan mustasno) va quyidagi tartibda taqsimlanadi:

a) axborot tizimi orqali murojaat etilganda:

0,5 foizi — Yagona billing tizimi orqali davlat xizmatlarini koʻrsatganlik uchun Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasining elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga;

qolgan mablagʻlar — adliya organining hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi;

b) YIDXP orqali murojaat etilganda:

11,75 foizi — Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga (shu jumladan, 0,5 foizi — Yagona billing tizimi orqali tasdiqlangani uchun);

qolgan mablagʻlar — adliya organining hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi.

Yigʻim toʻlanganligi axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlanadi.

25. Advokat tomonidan advokatlik guvohnomasini qayta rasmiylashtirish uchun belgilangan toʻlov amalga oshirilmasa, guvohnomani qayta rasmiylashtirish rad etiladi.

26. Advokatlik guvohnomasini qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi ariza tegishli hujjatlar ilova qilingan holda axborot tizimiga yoxud YIDXPga kiritilgan kundan boshlab ikki ish kuni ichida advokatlik guvohnomasi qayta rasmiylashtirib beriladi.

27. Advokatga yangi advokatlik guvohnomasi berilgan kundan eʼtiboran ilgari amalda boʻlgan guvohnomaning amal qilishi tugatiladi.

Advokatlik guvohnomasi qayta rasmiylashtirilganda eski advokatlik guvohnomasi adliya organiga qaytariladi.

28. Advokatga yangi advokatlik guvohnomasi rasmiylashtirilganligi haqidagi maʼlumotlar adliya organi tomonidan real vaqt rejimida axborot tizimida qayd etiladi.

29. Amal qilishi tugagan guvohnomalar, shuningdek, advokatlik maqomi tugatilganligi munosabati bilan adliya organi tomonidan olingan advokatlik guvohnomalari adliya organi tomonidan yoʻq qilinadi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

30. Advokat advokatlik guvohnomasi saqlanishi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.

Advokatlik guvohnomasini boshqa shaxslarga berish taqiqlanadi.

31. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Advokatlik guvohnomasi berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Advokatlik guvohnomasini berish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Talabgor Advokatlik guvohnomasini olish uchun “Yuridik yordam” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) yoxud Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalariga ariza yuboradi. Belgilangan muddatlarda 2-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari 1. Ariza va unga ilovalarning qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablariga muvofiqligini oʻrganadi. 2. Talabgorga guvohnoma rasmiylashtiradi yoki guvohnoma berishni rad etadi. 1-2. Ikki ish kuni ichida 3. Guvohnoma tayyor boʻlganligi (guvohnoma berish rad etilganligi) haqida talabgorga axborot tizimi yoxud YIDXP orqali xabarnoma yuboradi. 3. Real vaqt rejimida 3-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari 1. Guvohnomani talabgorga shaxsan beradi yoki tegishli advokatlik tuzilmasiga pochta orqali yuboradi. 1. Guvohnoma rasmiylashtirilgan kunda 2. Talabgor guvohnomani olganligi haqida Advokatlar palatasining tegishli hududiy boshqarmasiga axborot tizimi yoxud YIDXP orqali xabarnoma yuboradi. 2. Real vaqt rejimida

Advokatlik guvohnomasini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Advokatlik guvohnomasining

(old tomoni)

(orqa tomoni)

Advokatlik guvohnomasining tavsifi

Advokatlik guvohnomasi 54x86 mm oʻlchamda plastikdan tayyorlanadi. Advokatlik guvohnomasining rangi — och binafsha, och pushti va sariq. Lotin yozuvidagi davlat tili va ingliz tillaridan foydalaniladi.

Advokatlik guvohnomasining plastik shakli quyidagi himoya vositalariga ega:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri shaklidagi gologramma, u nishablikning turlicha burchagida oʻz shaklini oʻzgartiradi;

mikromatn — “Advokatlik guvohnomasi Attorney identity card”, oʻlchami maksimum 30 mikron;

ultrabinafsha qoplama;

doira shaklidagi koʻp burchakli egilganda bir rangdan boshqa rangga tovlanadigan optik turlanadigan boʻyoq;

gilosh, doimiy ravishda qiyshayib turadigan 40 — 70 mkm qalinlikdagi toʻlqinli chiziqlarning qalin tarmogʻi shaklidagi naqsh.

Guvohnomaning old tomonida “Advokatlik guvohnomasi”, “Attorney identity card” soʻzlari yoziladi; Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bayrogʻi hamda gerbining tasviri tushirilgan, advokatning familiyasi, ismi, otasining ismi majburiy tartibda koʻrsatiladi, advokatlik faoliyati uchun litsenziya raqami va advokatni identifikatsiya qilish imkonini beruvchi QR-kod (matrik shtrixli kod) joylashtiriladi, fotosurat uchun joy nazarda tutilgan.

Advokatlik guvohnomasining orqa tomonida Oʻzbekiston Respublikasi xaritasi tasviri tushiriladi, guvohnomaning berilgan sanasi, amal qilish muddati, guvohnoma raqami va berilgan joyi koʻrsatiladi.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 1-iyundagi 226-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2023-yil 1-iyuldan eʼtiboran oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Advokatlik guvohnomasini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 24-sentabrdagi 807-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 5-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 715-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 1-iyun,

226-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 01.06.2023-y., 09/23/226/0310-son; 15.10.2026-y., 09/26/563/1041-son)

lex.uz