UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 3-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 3 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 июня 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 June 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга илмий даражага эга ходимлар меҳнатини рағбатлантириш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини жадал инновацион ривожлантириб, Учинчи Ренессанс ва янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини яратиш мақсадида илмий-интеллектуал салоҳиятни кучайтириш ва илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўтган даврда жамиятимизда илмий зиёлиларга бўлган ҳурмат-эътиборни янада ошириш, шу жумладан, илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, илм-фан ва таълим соҳасида юқори малакали кадрларнинг билим ва тажрибаларини амалда қўллашни молиявий рағбатлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилди.

Шу билан бирга, илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлашнинг амалдаги тартибини доимий такомиллаштириб бориш зарурати юзага келмоқда.

« Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида »ги, « Таълим тўғрисида »ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ, шунингдек, илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1030-сон қарори билан тасдиқланган Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

қўшимча ҳақни илмий ёки илмий-педагог ходимнинг асосий лавозими бўйича эгаллаб турган ставкасига мутаносиб равишда ҳар ойда ҳисобланадиган базавий лавозим маошига нисбатан белгилаш;

давлат илмий дастурлари лойиҳаларини кўриб чиқадиган илмий-техник кенгашларда ҳар бир аъзолик (иштирок этганлик) учун қўшимча ҳақ миқдорини лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача этиб белгилаш;

академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларида кузатув кенгашларининг қарорларига мувофиқ илмий даражага эга ходимларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қўшимча ҳақ тўлаш имкониятини бериш.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 июндаги 228-сон қарорига ИЛОВА

Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 1-банддаги «илм-фан ва таълим» сўзлари «илм-фан, таълим ва тажриба-конструкторлик» сўзлари билан алмаштирилсин.

2. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«7. Қўшимча ҳақ ходим асосий лавозим бўйича эгаллаб турган ставкасига мутаносиб равишда ҳар ойда ҳисобланадиган базавий лавозим маошига нисбатан белгиланади, бунда ходимнинг таътил даври учун қўшимча ҳақ тўлов амалга оширилмайди.

Бунда, ушбу бандда назарда тутилган тартиб олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг тасдиқланган штатлар жадвалида турувчи асосий иш фаолияти фақат илмий лойиҳа раҳбари ёки иштирокчиси бўлган илмий ходимлар лавозим маошига нисбатан ҳам татбиқ этилади».

3. 9-бандда :

а) «б» кичик банднинг биринчи хатбошисидаги «ўйинлар» сўзи «ўйинлар, услубий қўлланмалар» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) қуйидаги мазмундаги «г 1 » кичик банд билан тўлдирилсин:

«г 1 ) давлат илмий дастурлари лойиҳаларини кўриб чиқадиган илмий-техник кенгашларда ҳар бир аъзолик (иштирок этганлик) учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим»;

в) «з» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«з) Scopus, Web of Science индексацияланган маълумотлар базаларига кирган журналларда эълон қилинган мақола (монография) учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан қуйидагича белгиланади. Бунда:

1. биринчи квартилга (Q1) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

2. иккинчи квартилга (Q2) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача;

3. учинчи квартилга (Q3) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

4. тўртинчи квартилга (Q4) ва бошқа умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базаларидаги журналларда чоп этилган мақолаларнинг ҳар бир муаллифига лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

5. Scopus, Web of Science индексацияланган маълумотлар базаларда конференция материалларида эълон қилинган ҳар бир маъруза муаллифига лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

6. маҳаллий илмий журналларда чоп этилган мақола учун ташкилот (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

7. республикада чоп этилган якка муаллифликдаги монография ва қўлёзма учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

8. ноёб қўлёзмаларни илмий муомалага киритган нашр муаллифига (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача»;

г) «к» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«к) ҳар бир ихтиро ва/ёки фойдали моделга патент олганлик учун муаллифга (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, хорижий ҳаммуаллифлар ва илмий даражага эга бўлмаганлардан ташқари, фақат илмий даражалилар ўртасида тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан белгиланади. Бунда:

ҳар бир ихтирога патент (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг расмий рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бундан мустасно) олганлик учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача;

ҳар бир фойдали моделга патент (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг расмий рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бундан мустасно) олганлик учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим».

4. 12-бандда :

а) «г» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«г) Scopus, Web of Science индексацияланган маълумотлар базаларига кирган журналларда эълон қилинган мақола (монография) учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан қуйидагича белгиланади. Бунда:

1. биринчи квартилга (Q1) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

2. иккинчи квартилга (Q2) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача;

3. учинчи квартилга (Q3) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

4. тўртинчи квартилга (Q4) ва бошқа умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базаларидаги журналларда чоп этилган мақолаларнинг ҳар бир муаллифига лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

5. Scopus, Web of Science индексацияланган маълумотлар базаларда конференция материалларида эълон қилинган ҳар бир маъруза муаллифига лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

6. маҳаллий илмий журналларда чоп этилган мақола учун ташкилот (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

7. республикада чоп этилган якка муаллифликдаги монография ва қўлёзма учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

8. ноёб қўлёзмаларни илмий муомалага киритган нашр муаллифига (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача»;

б) «е» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«е) ҳар бир ихтиро ва/ёки фойдали моделга патент олганлик учун муаллифга (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, хорижий ҳаммуаллифлар ва илмий даражага эга бўлмаганлардан ташқари, фақат илмий даражалилар ўтасида тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан белгиланади. Бунда:

ҳар бир ихтирога патент (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг расмий рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бундан мустасно) олганлик учун ҳар бир муаллифга 20 фоизгача;

ҳар бир фойдали моделга патент (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг расмий рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бундан мустасно) олганлик учун ҳар бир муаллифга 15 фоизгача.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим»;

в) қуйидаги мазмундаги «м» кичик банд билан тўлдирилсин:

«м) давлат илмий дастурлари лойиҳаларини кўриб чиқадиган илмий-техник кенгашларда ҳар бир аъзолик (иштирок этганлик) учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим»;

г) қуйидаги мазмундаги «н» кичик банд билан тўлдирилсин:

«н) олий таълим ташкилотлари билан биргаликда илмий ёки лаборатория воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда, янги ўқув маҳсулотлари (тренинг курслари, услубий таъминотли ўйинлар, услубий қўлланмалар)ни ишлаб чиқиш ва жорий этишдаги иштироки учун:

ўзбек ёки рус тилида, шунингдек, тил мутахассисликлари бўйича чет тилида ҳар бир маҳсулот (мажмуа) учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

хорижий тилда (тил мутахассисликларидан ташқари) ҳар бир маҳсулот (мажмуа) учун лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим»;

д) қуйидаги мазмундаги «о» кичик банд билан тўлдирилсин:

«о) илмий кенгашлар ҳузуридаги ихтисосликлар бўйича (чет тили ва мутахассислик фанларидан) малакавий имтиҳон комиссияси ҳамда олий таълимдан кейинги таълимнинг барча шаклларида ўқишга талабгорларни танлаб олиш учун кириш имтиҳонлари ва изланувчиларни мониторингдан ўтказиш бўйича комиссия (ишчи гуруҳ) аъзоси бўлганлиги учун лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача миқдорда белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 15 фоиздан ошмаслиги лозим».

5. 26-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга ушбу ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳам қўшимча ҳақ тўланиши мумкин.

Бунда, қўшимча ҳақ белгилаш талаблари (мезонлари) ушбу ташкилотларнинг кузатув кенгашлари қарори билан белгиланади».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 3 июнь,

228-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.06.2023 й., 09/23/228/0339-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Ilm-fan va taʼlim sohasidagi davlat tashkilotlarida ilmiy, ilmiy-pedagogik va mehnat faoliyati bilan shugʻullanuvchi ilmiy darajaga ega xodimlarga qoʻshimcha haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ilmiy darajaga ega xodimlar mehnatini ragʻbatlantirish tartibini yanada takomillashtirishga qaratilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida

Mamlakatimizda iqtisodiyot tarmoqlarini jadal innovatsion rivojlantirib, Uchinchi Renessans va yangi Oʻzbekistonning mustahkam poydevorini yaratish maqsadida ilmiy-intellektual salohiyatni kuchaytirish va ilm-fanni muntazam isloh qilish, ilmiy infratuzilmani modernizatsiya qilish ishlarini sifat jihatidan yangi bosqichga koʻtarish boʻyicha keng koʻlamli islohotlar amalga oshirilmoqda.

Xususan, oʻtgan davrda jamiyatimizda ilmiy ziyolilarga boʻlgan hurmat-eʼtiborni yanada oshirish, shu jumladan, ilm-fan va ilmiy faoliyatni moliyalashtirish tizimini takomillashtirish, ilm-fan va taʼlim sohasida yuqori malakali kadrlarning bilim va tajribalarini amalda qoʻllashni moliyaviy ragʻbatlantirish uchun qoʻshimcha shart-sharoitlar yaratildi.

Shu bilan birga, ilm-fan va taʼlim sohasidagi davlat tashkilotlarida ilmiy, ilmiy-pedagogik va mehnat faoliyati bilan shugʻullanuvchi ilmiy darajaga ega xodimlarga qoʻshimcha haq toʻlashning amaldagi tartibini doimiy takomillashtirib borish zarurati yuzaga kelmoqda.

“ Ilm-fan va ilmiy faoliyat toʻgʻrisida ”gi, “ Taʼlim toʻgʻrisida ”gi Oʻzbekiston Respublikasining qonunlariga muvofiq, shuningdek, ilmiy, ilmiy-pedagogik va mehnat faoliyati bilan shugʻullanuvchi ilmiy darajaga ega xodimlarga qoʻshimcha haq toʻlash tartibini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 24-dekabrdagi 1030-son qarori bilan tasdiqlangan Ilm-fan va taʼlim sohasidagi davlat tashkilotlarida ilmiy, ilmiy-pedagogik va mehnat faoliyati bilan shugʻullanuvchi ilmiy darajaga ega xodimlarga qoʻshimcha haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ilovaga muvofiq quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:

qoʻshimcha haqni ilmiy yoki ilmiy-pedagog xodimning asosiy lavozimi boʻyicha egallab turgan stavkasiga mutanosib ravishda har oyda hisoblanadigan bazaviy lavozim maoshiga nisbatan belgilash;

davlat ilmiy dasturlari loyihalarini koʻrib chiqadigan ilmiy-texnik kengashlarda har bir aʼzolik (ishtirok etganlik) uchun qoʻshimcha haq miqdorini lavozim maoshiga nisbatan 15 foizgacha etib belgilash;

akademik, tashkiliy-boshqaruv va moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim muassasalarida kuzatuv kengashlarining qarorlariga muvofiq ilmiy darajaga ega xodimlarga budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan qoʻshimcha haq toʻlash imkoniyatini berish.

2. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri I.Y. Abduraxmonov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 3-iyundagi 228-son qaroriga ILOVA

Ilm-fan va taʼlim sohasidagi davlat tashkilotlarida ilmiy, ilmiy-pedagogik va mehnat faoliyati bilan shugʻullanuvchi ilmiy darajaga ega xodimlarga qoʻshimcha haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. 1-banddagi “ilm-fan va taʼlim” soʻzlari “ilm-fan, taʼlim va tajriba-konstruktorlik” soʻzlari bilan almashtirilsin.

2. 7-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“7. Qoʻshimcha haq xodim asosiy lavozim boʻyicha egallab turgan stavkasiga mutanosib ravishda har oyda hisoblanadigan bazaviy lavozim maoshiga nisbatan belgilanadi, bunda xodimning taʼtil davri uchun qoʻshimcha haq toʻlov amalga oshirilmaydi.

Bunda, ushbu bandda nazarda tutilgan tartib oliy taʼlim muassasalari va ilmiy tashkilotlarning tasdiqlangan shtatlar jadvalida turuvchi asosiy ish faoliyati faqat ilmiy loyiha rahbari yoki ishtirokchisi boʻlgan ilmiy xodimlar lavozim maoshiga nisbatan ham tatbiq etiladi”.

3. 9-bandda :

a) “b” kichik bandning birinchi xatboshisidagi “oʻyinlar” soʻzi “oʻyinlar, uslubiy qoʻllanmalar” soʻzlari bilan almashtirilsin;

b) quyidagi mazmundagi “g 1 ” kichik band bilan toʻldirilsin:

“g 1 ) davlat ilmiy dasturlari loyihalarini koʻrib chiqadigan ilmiy-texnik kengashlarda har bir aʼzolik (ishtirok etganlik) uchun lavozim maoshiga nisbatan 15 foizgacha belgilanadi.

Mazkur talab asosida umumiy qoʻshimcha haq lavozim maoshiga nisbatan bir oyda 30 foizdan oshmasligi lozim”;

v) “z” kichik band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“z) Scopus, Web of Science indeksatsiyalangan maʼlumotlar bazalariga kirgan jurnallarda eʼlon qilingan maqola (monografiya) uchun har bir muallifga lavozim maoshiga nisbatan quyidagicha belgilanadi. Bunda:

1. birinchi kvartilga (Q1) kirgan jurnallarda eʼlon qilingan maqola uchun har bir muallifga lavozim maoshiga nisbatan 30 foizgacha;

2. ikkinchi kvartilga (Q2) kirgan jurnallarda eʼlon qilingan maqola uchun har bir muallifga lavozim maoshiga nisbatan 20 foizgacha;

3. uchinchi kvartilga (Q3) kirgan jurnallarda eʼlon qilingan maqola uchun har bir muallifga lavozim maoshiga nisbatan 15 foizgacha;

4. toʻrtinchi kvartilga (Q4) va boshqa umumeʼtirof etilgan indeksatsiyalangan maʼlumotlar bazalaridagi jurnallarda chop etilgan maqolalarning har bir muallifiga lavozim maoshiga nisbatan 5 foizgacha;

5. Scopus, Web of Science indeksatsiyalangan maʼlumotlar bazalarda konferensiya materiallarida eʼlon qilingan har bir maʼruza muallifiga lavozim maoshiga nisbatan 5 foizgacha;

6. mahalliy ilmiy jurnallarda chop etilgan maqola uchun tashkilot (bir nechta muallif boʻlgan taqdirda, teng miqdorda taqsimlangan holda) lavozim maoshiga nisbatan 5 foizgacha;

7. respublikada chop etilgan yakka mualliflikdagi monografiya va qoʻlyozma uchun lavozim maoshiga nisbatan 10 foizgacha;

8. noyob qoʻlyozmalarni ilmiy muomalaga kiritgan nashr muallifiga (bir nechta muallif boʻlgan taqdirda, teng miqdorda taqsimlangan holda) lavozim maoshiga nisbatan 10 foizgacha”;

g) “k” kichik band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“k) har bir ixtiro va/yoki foydali modelga patent olganlik uchun muallifga (bir nechta muallif boʻlgan taqdirda, xorijiy hammualliflar va ilmiy darajaga ega boʻlmaganlardan tashqari, faqat ilmiy darajalilar oʻrtasida teng miqdorda taqsimlangan holda) lavozim maoshiga nisbatan belgilanadi. Bunda:

har bir ixtiroga patent (elektron hisoblash mashinalari uchun yaratilgan dasturning rasmiy roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma bundan mustasno) olganlik uchun har bir muallifga lavozim maoshiga nisbatan 20 foizgacha;

har bir foydali modelga patent (elektron hisoblash mashinalari uchun yaratilgan dasturning rasmiy roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma bundan mustasno) olganlik uchun har bir muallifga lavozim maoshiga nisbatan 15 foizgacha.

Mazkur talab asosida umumiy qoʻshimcha haq lavozim maoshiga nisbatan bir oyda 30 foizdan oshmasligi lozim”.

4. 12-bandda :

a) “g” kichik band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“g) Scopus, Web of Science indeksatsiyalangan maʼlumotlar bazalariga kirgan jurnallarda eʼlon qilingan maqola (monografiya) uchun har bir muallifga lavozim maoshiga nisbatan quyidagicha belgilanadi. Bunda:

1. birinchi kvartilga (Q1) kirgan jurnallarda eʼlon qilingan maqola uchun har bir muallifga lavozim maoshiga nisbatan 30 foizgacha;

2. ikkinchi kvartilga (Q2) kirgan jurnallarda eʼlon qilingan maqola uchun har bir muallifga lavozim maoshiga nisbatan 20 foizgacha;

3. uchinchi kvartilga (Q3) kirgan jurnallarda eʼlon qilingan maqola uchun har bir muallifga lavozim maoshiga nisbatan 15 foizgacha;

4. toʻrtinchi kvartilga (Q4) va boshqa umumeʼtirof etilgan indeksatsiyalangan maʼlumotlar bazalaridagi jurnallarda chop etilgan maqolalarning har bir muallifiga lavozim maoshiga nisbatan 5 foizgacha;

5. Scopus, Web of Science indeksatsiyalangan maʼlumotlar bazalarda konferensiya materiallarida eʼlon qilingan har bir maʼruza muallifiga lavozim maoshiga nisbatan 10 foizgacha;

6. mahalliy ilmiy jurnallarda chop etilgan maqola uchun tashkilot (bir nechta muallif boʻlgan taqdirda, teng miqdorda taqsimlangan holda) lavozim maoshiga nisbatan 5 foizgacha;

7. respublikada chop etilgan yakka mualliflikdagi monografiya va qoʻlyozma uchun lavozim maoshiga nisbatan 10 foizgacha;

8. noyob qoʻlyozmalarni ilmiy muomalaga kiritgan nashr muallifiga (bir nechta muallif boʻlgan taqdirda, teng miqdorda taqsimlangan holda) lavozim maoshiga nisbatan 10 foizgacha”;

b) “e” kichik band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“e) har bir ixtiro va/yoki foydali modelga patent olganlik uchun muallifga (bir nechta muallif boʻlgan taqdirda, xorijiy hammualliflar va ilmiy darajaga ega boʻlmaganlardan tashqari, faqat ilmiy darajalilar oʻtasida teng miqdorda taqsimlangan holda) lavozim maoshiga nisbatan belgilanadi. Bunda:

har bir ixtiroga patent (elektron hisoblash mashinalari uchun yaratilgan dasturning rasmiy roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma bundan mustasno) olganlik uchun har bir muallifga 20 foizgacha;

har bir foydali modelga patent (elektron hisoblash mashinalari uchun yaratilgan dasturning rasmiy roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma bundan mustasno) olganlik uchun har bir muallifga 15 foizgacha.

Mazkur talab asosida umumiy qoʻshimcha haq lavozim maoshiga nisbatan bir oyda 30 foizdan oshmasligi lozim”;

v) quyidagi mazmundagi “m” kichik band bilan toʻldirilsin:

“m) davlat ilmiy dasturlari loyihalarini koʻrib chiqadigan ilmiy-texnik kengashlarda har bir aʼzolik (ishtirok etganlik) uchun lavozim maoshiga nisbatan 15 foizgacha belgilanadi.

Mazkur talab asosida umumiy qoʻshimcha haq lavozim maoshiga nisbatan bir oyda 30 foizdan oshmasligi lozim”;

g) quyidagi mazmundagi “n” kichik band bilan toʻldirilsin:

“n) oliy taʼlim tashkilotlari bilan birgalikda ilmiy yoki laboratoriya vositalaridan keng foydalangan holda, yangi oʻquv mahsulotlari (trening kurslari, uslubiy taʼminotli oʻyinlar, uslubiy qoʻllanmalar)ni ishlab chiqish va joriy etishdagi ishtiroki uchun:

oʻzbek yoki rus tilida, shuningdek, til mutaxassisliklari boʻyicha chet tilida har bir mahsulot (majmua) uchun lavozim maoshiga nisbatan 10 foizgacha;

xorijiy tilda (til mutaxassisliklaridan tashqari) har bir mahsulot (majmua) uchun lavozim maoshiga nisbatan 20 foizgacha belgilanadi.

Mazkur talab asosida umumiy qoʻshimcha haq lavozim maoshiga nisbatan bir oyda 30 foizdan oshmasligi lozim”;

d) quyidagi mazmundagi “o” kichik band bilan toʻldirilsin:

“o) ilmiy kengashlar huzuridagi ixtisosliklar boʻyicha (chet tili va mutaxassislik fanlaridan) malakaviy imtihon komissiyasi hamda oliy taʼlimdan keyingi taʼlimning barcha shakllarida oʻqishga talabgorlarni tanlab olish uchun kirish imtihonlari va izlanuvchilarni monitoringdan oʻtkazish boʻyicha komissiya (ishchi guruh) aʼzosi boʻlganligi uchun lavozim maoshiga nisbatan 5 foizgacha miqdorda belgilanadi.

Mazkur talab asosida umumiy qoʻshimcha haq lavozim maoshiga nisbatan bir oyda 15 foizdan oshmasligi lozim”.

5. 26-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Akademik, tashkiliy-boshqaruv va moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim muassasalarida ilmiy, ilmiy-pedagogik va mehnat faoliyati bilan shugʻullanuvchi ilmiy darajaga ega xodimlarga ushbu tashkilotlarning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan ham qoʻshimcha haq toʻlanishi mumkin.

Bunda, qoʻshimcha haq belgilash talablari (mezonlari) ushbu tashkilotlarning kuzatuv kengashlari qarori bilan belgilanadi”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 3-iyun,

228-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.06.2023-y., 09/23/228/0339-son)

lex.uz