📅 2023-yil 10-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 10-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 10 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 июня 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 June 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Республикамизда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида аҳоли учун қўшимча қулайликлар ва шарт-шароитлар яратилди ҳамда телекоммуникация хизматлари, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, ушбу вазифаларни амалга ошириш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, аҳолининг замонавий телекоммуникация хизматларидан барча ҳудудларда тўлиқ фойдаланиш имкониятини таъминлаш, шунингдек, бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш жараёнида телекоммуникация инфратузилмасининг инобатга олиниши каби муҳим ишларни мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар белгиланганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ва тўлов тизимлари операторларига ўзларининг мобил иловалари орқали Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги электрон давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солиш;
ахборот технологиялари, телекоммуникация ва почта соҳасидаги қурилиш объектларининг хавф-хатар тоифалари таснифини соддалаштириш;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт даражасини рейтинг баҳолаш тартибини жорий этиш;
оператор ва провайдерларга телекоммуникация объектларида техник воситаларни ўрнатиш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизага топширилган санадан бошлаб қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилишига рухсат бериш, бунда лойиҳа-смета ҳужжатларини 15 кун муддатда экспертизадан ўтказиш тартибини белгилаш.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 июндаги 237-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 15 сентябрдаги 728-сон қарорида :
а) 3-банд қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ва тўлов тизимлари операторлари Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан тузилган шартнома асосида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, ўзларининг мобил иловалари орқали Ягона порталдаги электрон давлат хизматларини кўрсатишлари мумкин»;
б) 1-иловада :
1-банднинг иккинчи хатбошиси «расмий веб-сайтлари» сўзларидан кейин «ва мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ҳамда тўлов тизимлари операторларининг ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, ўзларининг мобил иловаларида Ягона портал» сўзлари билан тўлдирилсин;
2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин;
«2. Ягона портал ахборот, услубий, техник кузатуви ва маъмурчилиги Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий қилиш «Ўзинфоком» маркази (кейинги ўринларда «Ўзинфоком» деб аталади) томонидан амалга ошириладиган «Электрон ҳукумат» тизими базасида фаолият кўрсатади.
Ягона портал давлат органлари томонидан кўрсатиладиган электрон давлат хизматларидан фойдаланишнинг ягона нуқтаси ҳисобланади.
Ягона порталдаги электрон давлат хизматларини:
давлат органлари расмий веб-сайтларида тегишли ҳавола (гиперҳавола)ни жойлаштириш йўли билан;
мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ҳамда тўлов тизимлари операторлари ўзларининг мобил иловаларида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда жорий қилинишига йўл қўйилади»;
17-банднинг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ягона портал билан давлат органлари ва мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов тизимлари операторларининг тегишли ахборот тизимлари идоралараро электрон ҳамкорлиги тартиби мавжуд бўлади»;
26-банд «Ягона порталда» сўзларидан кейин «ҳамда мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов тизимлари операторларининг мобил иловаларида Ягона портал орқали» сўзлари билан тўлдирилсин;
31-банд «Давлат органлари Ягона порталда» сўзларидан кейин «ҳамда мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов тизимлари операторларининг мобил иловаларида Ягона портал орқали» сўзлари билан тўлдирилсин;
34-банд «Давлат органларига Ягона порталда» сўзларидан кейин «ҳамда мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов тизимлари операторларининг мобил иловаларида Ягона портал орқали» сўзлари билан тўлдирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги 496-сон қарори билан тасдиқланган Объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича маъмурий регламентга 2-иловада :
26-позиция қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« 26. АКТ, телекоммуникация ва почта соҳасидаги объектлар 26.1 Телекоммуникация станциялари ва уларнинг инфратузилмалари, шу жумладан, радио, радиореле, мобил ва уяли алоқа станциялари телекоммуникация бинолари III телекоммуникация линиялари, қурилма ва ускуналари II радио, радиореле, мобил ва уяли алоқа станциялари, мачталари, миноралари ва антенналари 26.2 Почта алоқаси боғламаси ва бўлимлари, телеграф, телекоммуникация боғламаси ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларга тегишли (маъмурий ва хўжалик) объектлари II 26.3 Телекоммуникация тармоқлари, (тармоқдаги тақсимлаш жавонлари билан) маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан: мавжуд қувурлар, ҳаво симёғоч устунлари ва кўп қаватли бино томларидан ўтган оптик ва мис алоқа кабеллари; ер ости қатламидан олиб ўтиладиган алоқа кабеллари II 26.4 Телевидение, радио ва интернет тармоқлари кабел телевидение, радио-эшиттириш ва «сўнгги миля» интернет тармоқлари I »;
44.1-позиция қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« 44 . 1 Магистраллар ва сув қувури тармоқлари, хўжалик-маиший ва ёмғир сувини оқизувчи канализациялар, табиий газ таъминоти, электр таъминоти, электр билан ёритиш иморатлар ва ер ости коммуникациялари бўлмаган ҳудудда лойиҳалаштириш ва қуриш II ер ости коммуникациялари мавжуд бўлган тақдирда, шаҳар кириш йўллари ва шаҳарнинг қурилган қисмлари бўйича лойиҳалаштириш ва қуриш II темир йўлларни ёки метрополитенни кесиб ўтган, мураккаб гидрогеологик шароитларда ёпиқ ўтишни ва ишларни бажаришнинг махсус усулларини қўллаган ҳолда, ер ости ва ер усти иншоотларининг бевосита яқинида лойиҳалаштириш ва қуриш III » .
54.3-позиция қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« 54.3 Телекоммуникация тизимлари сервер (маълумотларни сақлаш ва уларга ишлов бериш марказлари) қурилмалари, локал компьютер тармоқлар II ».
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматнинг ривожланиш ҳолатини рейтинг баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 15 июндаги 373-сон қарорида:
а) 1-банднинг «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) ташкилотларда рақамли трансформация ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолаш жараёнларини автоматлаштириш учун NIS.UZ идоралараро ахборот тизими (кейинги ўринларда — NIS.UZ-ахборот тизими) ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин»;
б) 2-бандда :
иккинчи хатбошидаги «ташкилотларда ҳамда ҳудудларда рақамли трансформация» сўзлари «ташкилотларда рақамли трансформация ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт» сўзлари билан алмаштирилсин;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ташкилотларда рақамли трансформация ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолаш ҳар олти ой якунлари бўйича амалга оширилади ва унинг натижалари «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия йиғилишларида танқидий муҳокама қилинади»;
в) 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. «Ўзкомназорат» инспекцияси алоҳида график асосида NIS.UZ-ахборот тизимига ташкилотлар томонидан киритилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигига мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар ва текширишлар олиб боради»;
г) 4-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида рақамли трансформация ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида рақамли трансформация ҳамда ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолаш тадбирларини ташкил этиш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ»;
д) 1-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида рақамли трансформация ҳамда ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида (кейинги ўринларда — ташкилотлар) рақамли трансформация ҳамда ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
индикатор — ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлиги рейтинг баҳоланиши лозим бўлган асосий кўрсаткич;
индекс — рақамли трансформация ва рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолашда қўлланиладиган индикаторлар жамланмаси;
рейтинг баҳолаш — рейтинг кўрсаткичлари ва индикаторлари ёрдамида рақамли ривожланиш ҳолатини баҳолаш орқали ташкилотлар ҳамда ҳудудларни энг юқори натижадан энг паст натижагача сараланган рўйхатдаги ўрнини белгилаш;
ҳудудлар — баҳоланадиган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар;
NIS.UZ-ахборот тизими — ташкилотларда рақамли трансформация ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолаш жараёнларини автоматлаштириш учун қўлланиладиган идоралараро ахборот тизими.
2-боб. Ташкилотларда рақамли трансформация ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолашнинг асосий мезонлари ва баҳолаш тартиби
3. Ташкилотларда рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш қуйидаги йўналишлардаги асосий индексларга мувофиқ амалга оширилади:
3.1. Очиқлик ва электрон иштирок индекси.
3.2. Электрон хизматлар индекси.
3.3. Ахборот хавфсизлиги индекси.
3.4. Фаолиятнинг рақамлашганлиги индекси.
Ташкилотларда рейтинг баҳолаш тадбирлари мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
4. Ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолаш қуйидаги йўналишларда асосий индикаторлар ёрдамида амалга оширилади:
4.1. Масофавий хизматлар экспорти марказларининг (BPO) мавжудлиги.
4.2. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми.
4.3. Компьютер-дастурлаш хизматлари ҳажми.
4.4. Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида иш билан таъминланганлар улуши.
4.5. Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси бўйича ўзини ўзи банд қилган шахслар.
4.6. IT-парк ва унинг резидентлари томонидан иш билан таъминланганлар улуши.
Ҳудудларда баҳолаш тадбирлари мазкур Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
5. Ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатининг рейтинги алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари, меҳнатга лаёқатли аҳоли қатламида иш билан таъминланганлик даражаси ва бошқа йўналишлардаги индикаторларни ҳисоблаш асосида аниқланади.
6. Рейтинг баҳолаш индекслари, баҳолаш тартиби ҳамда баҳоларни ҳисоблаш услублари ташкилотларда рақамли трансформация ва ҳудудларда рақамли иқтисодиётни рейтинг баҳолаш методикаларида батафсил тавсифланади.
7. Рейтинг баҳолаш методикалари «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси томонидан тасдиқланади.
8. Баҳоларни ҳисоблаш рейтинг баҳолаш методикасига мувофиқ NIS.UZ-ахборот тизимида реал вақт режимида инсон омилисиз амалга оширилади.
9. Индикаторларни ҳисоблашда расмий статистик ва таҳлилий маълумотлардан фойдаланилади.
10. Рейтинг баҳолаш натижалари «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси йиғилишларида танқидий муҳокама қилиб борилади.
11. Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлиги даражаси аниқланган индикаторларнинг миқдорига қараб, 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланади ҳамда «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилади.
12. Индикаторларни рейтинг баҳолаш натижаларига мувофиқ ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлиги даражаси рейтинг балли бўйича:
71 баллдан 100 баллгача баҳоланган ташкилот — «яшил»;
55 баллдан 71 баллгача баҳоланган ташкилот — «сариқ»;
55 баллдан паст баҳоланган ташкилот — «қизил» деб топилади.
3-боб. Рейтинг баҳолаш натижалари бўйича ташкилотлар ходимларини рағбатлантириш ва уларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш
13. Рейтинг баҳолаш натижалари бўйича тегишли ташкилотда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлиги даражасига кўра Рақамли технологиялар вазирлигининг таклифига асосан «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси баёни билан:
ҳисобот йилида «яшил» деб топилган ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг рақамлаштириш бўйича ўринбосарлари кейинги ҳисобот даври учун рейтинг баҳолаш натижалари эълон қилингунига қадар ҳар ойда лавозим маошларининг 30 фоизи миқдорида рағбатлантирилади;
ҳисобот йилида икки марта «қизил» деб топилган ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг рақамлаштириш бўйича ўринбосарларига қонунчиликда белгиланган тартибда жарима қўлланилади ёки жарима қўллаш ҳақида таклиф киритилади.
14. Рейтинг баҳолаш натижалари бўйича ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлиги даражаси «яшил» деб топилган ташкилотларнинг ижобий тажрибасини бошқа ташкилотлар ўртасида оммалаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
15. Рақамли технологиялар вазирлиги заруратга кўра, рейтинг кўрсаткичлари рўйхати ҳамда уларни ҳисоблаш усулларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколатига эга.
16. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида рақамли трансформация ҳамда ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш
Босқичлар Масъул органлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Рақамли технологиялар вазирлиги «Очиқлик ва электрон иштирок индекси» бўйича ахборот технологияларига масъул таркибий бўлинмалар расмий статистик ва таҳлилий маълумотларни тўплайди, NIS.UZ-ахборот тизимига киритиш, киритилган маълумотларни таҳлил қилади ва баҳолайди. Ҳар ярим йиллик якунидан кейинги 45 кун давомида, январь-февраль, июль-август 2-босқич Давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Рақамли технологиялар вазирлиги «Электрон хизматлар индекси» бўйича NIS.UZ-ахборот тизимига киритилган маълумотларни таҳлил қилади ва баҳолайди. Ҳар ярим йилликда январь-июнь, июль-декабрь 3-босқич Давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Рақамли технологиялар вазирлиги «Фаолиятни рақамлаштирганлик индекси» бўйича NIS.UZ-ахборот тизимига киритилган маълумотларни таҳлил қилади, ахборот тизимларини амалиётга татбиқ қилиш ҳужжатларида билдирилган вазифалар жорий қилинганлик даражасини текширади. Ҳар ярим йилликда 45 кун давомида, май-июнь, ноябрь-декабрь 4-босқич «Киберхавфсизлик маркази» ДУК, Рақамли технологиялар вазирлиги «Ахборот ва киберхавфсизлик индекси» бўйича талаб этилган тадбирларни бажаради. Ҳар ярим йилликда 5- босқич Рақамли технологиялар вазирлиги Рейтинг натижаларини ва бошқа таҳлилий материалларни Вазирлар Маҳкамасига киритади. Ҳисобот даври якунидан кейинги ойнинг 30-санасига қадар
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида рақамли трансформация ҳамда ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳолатини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ҳудудларда рақамли иқтисодиёт даражасини рейтинг баҳолашни амалга ошириш
Босқичлар Масъуллар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Рақамли технологиялар вазирлиги Ҳудудларда рақамли иқтисодиёт даражаси бўйича статистик ва таҳлилий маълумотларни NIS.UZ-ахборот тизимига киритади. Ҳисобот даври якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар 2-босқич Рақамли технологиялар вазирлиги NIS.UZ-ахборот тизимига киритилган маълумотлар асосида рейтинг баҳолашни амалга оширади ва ҳудудларни рейтинг баҳолаш якунлари асосида рейтингни шакллантиради. Ҳисобот даври якуни бўйича кейинги ойнинг 25-санасига қадар 3-босқич Рақамли технологиялар вазирлиги Рейтинг натижалари ва бошқа таҳлилий материалларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш Ҳисобот даври якуни бўйича кейинги ойнинг 30-санасига қадар ».
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 579-сон қарори билан тасдиқланган Объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларининг лойиҳавий ечимларини шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда :
26-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«26. Тегишли ҳужжатларга мувофиқ қурилиш-монтаж ишларини шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизаси билан бир вақтнинг ўзида бажарилиши назарда тутилган объектлар ёки техник воситаларни ўрнатиш учун телекоммуникация оператор ва провайдерларининг телекоммуникация объектлари бўйича экспертиза хулосаси экспертизадан ўтказиш шартномасида кўрсатилган жадвалга мувофиқ босқичма-босқич белгиланган тартибда ва ҳажмда ахборот тизими орқали берилади»;
34-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«I тоифа объектларнинг шаҳарсозлик ҳужжатлари ҳамда телекоммуникация оператор ва провайдерларининг телекоммуникация объектларида техник воситаларни ўрнатиш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизага топширилган санадан бошлаб ўн беш кун муддатда;
II, III ва IV тоифалардаги объектлар шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси ўттиз кун муддатда кўриб чиқилади».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 10 июнь,
237-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SXEMASI
Axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish boʻyicha ustuvor vazifalar belgilanganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida
Respublikamizda keyingi yillarda amalga oshirilayotgan keng koʻlamli islohotlar doirasida raqamli texnologiyalar sohasida aholi uchun qoʻshimcha qulayliklar va shart-sharoitlar yaratildi hamda telekommunikatsiya xizmatlari, shu jumladan, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini rivojlantirishni yangi bosqichga olib chiqish boʻyicha ustuvor vazifalar belgilab berildi.
Shu bilan birga, ushbu vazifalarni amalga oshirish doirasida davlat organlari va tashkilotlari faoliyatiga raqamli texnologiyalarni keng joriy etish, aholining zamonaviy telekommunikatsiya xizmatlaridan barcha hududlarda toʻliq foydalanish imkoniyatini taʼminlash, shuningdek, bino va inshootlarni loyihalashtirish jarayonida telekommunikatsiya infratuzilmasining inobatga olinishi kabi muhim ishlarni muvofiqlashtirish zarurati yuzaga kelmoqda.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022-2023-yillarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qaroriga muvofiq, shuningdek, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish boʻyicha ustuvor vazifalar belgilanganligi munosabati bilan Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
mobil aloqa operatorlari, tijorat banklari va toʻlov tizimlari operatorlariga oʻzlarining mobil ilovalari orqali Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalidagi elektron davlat xizmatlarini koʻrsatishni tartibga solish;
axborot texnologiyalari, telekommunikatsiya va pochta sohasidagi qurilish obyektlarining xavf-xatar toifalari tasnifini soddalashtirish;
respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining raqamli transformatsiya holatini reyting baholash va hududlarda raqamli iqtisodiyot darajasini reyting baholash tartibini joriy etish;
operator va provayderlarga telekommunikatsiya obyektlarida texnik vositalarni oʻrnatish uchun loyiha-smeta hujjatlari ekspertizaga topshirilgan sanadan boshlab qurilish-montaj ishlari amalga oshirilishiga ruxsat berish, bunda loyiha-smeta hujjatlarini 15 kun muddatda ekspertizadan oʻtkazish tartibini belgilash.
2. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 10-iyundagi 237-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali elektron davlat xizmatlari koʻrsatish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 15-sentabrdagi 728-son qarorida :
a) 3-band quyidagi mazmundagi oltinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“mobil aloqa operatorlari, tijorat banklari va toʻlov tizimlari operatorlari Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan tuzilgan shartnoma asosida axborot xavfsizligi talablariga rioya etgan holda, oʻzlarining mobil ilovalari orqali Yagona portaldagi elektron davlat xizmatlarini koʻrsatishlari mumkin”;
b) 1-ilovada :
1-bandning ikkinchi xatboshisi “rasmiy veb-saytlari” soʻzlaridan keyin “va mobil aloqa operatorlari, tijorat banklari hamda toʻlov tizimlari operatorlarining axborot xavfsizligi talablariga rioya etgan holda, oʻzlarining mobil ilovalarida Yagona portal” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
2-band quyidagi tahrirda bayon etilsin;
“2. Yagona portal axborot, uslubiy, texnik kuzatuvi va maʼmurchiligi Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligining Kompyuter va axborot texnologiyalarini rivojlantirish va joriy qilish “Oʻzinfokom” markazi (keyingi oʻrinlarda “Oʻzinfokom” deb ataladi) tomonidan amalga oshiriladigan “Elektron hukumat” tizimi bazasida faoliyat koʻrsatadi.
Yagona portal davlat organlari tomonidan koʻrsatiladigan elektron davlat xizmatlaridan foydalanishning yagona nuqtasi hisoblanadi.
Yagona portaldagi elektron davlat xizmatlarini:
davlat organlari rasmiy veb-saytlarida tegishli havola (giperhavola)ni joylashtirish yoʻli bilan;
mobil aloqa operatorlari, tijorat banklari hamda toʻlov tizimlari operatorlari oʻzlarining mobil ilovalarida axborot xavfsizligi talablariga rioya etgan holda joriy qilinishiga yoʻl qoʻyiladi”;
17-bandning sakkizinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Yagona portal bilan davlat organlari va mobil aloqa operatorlari, tijorat banklari, toʻlov tizimlari operatorlarining tegishli axborot tizimlari idoralararo elektron hamkorligi tartibi mavjud boʻladi”;
26-band “Yagona portalda” soʻzlaridan keyin “hamda mobil aloqa operatorlari, tijorat banklari, toʻlov tizimlari operatorlarining mobil ilovalarida Yagona portal orqali” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
31-band “Davlat organlari Yagona portalda” soʻzlaridan keyin “hamda mobil aloqa operatorlari, tijorat banklari, toʻlov tizimlari operatorlarining mobil ilovalarida Yagona portal orqali” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
34-band “Davlat organlariga Yagona portalda” soʻzlaridan keyin “hamda mobil aloqa operatorlari, tijorat banklari, toʻlov tizimlari operatorlarining mobil ilovalarida Yagona portal orqali” soʻzlari bilan toʻldirilsin.
2. Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 20-avgustdagi 496-son qarori bilan tasdiqlangan Obyektlarda davlat qurilish nazoratini amalga oshirish boʻyicha maʼmuriy reglamentga 2-ilovada :
26-pozitsiya quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ 26. AKT, telekommunikatsiya va pochta sohasidagi obyektlar 26.1 Telekommunikatsiya stansiyalari va ularning infratuzilmalari, shu jumladan, radio, radiorele, mobil va uyali aloqa stansiyalari telekommunikatsiya binolari III telekommunikatsiya liniyalari, qurilma va uskunalari II radio, radiorele, mobil va uyali aloqa stansiyalari, machtalari, minoralari va antennalari 26.2 Pochta aloqasi bogʻlamasi va boʻlimlari, telegraf, telekommunikatsiya bogʻlamasi hamda Raqamli texnologiyalar vazirligi tizimidagi korxona, tashkilot va muassasalarga tegishli (maʼmuriy va xoʻjalik) obyektlari II 26.3 Telekommunikatsiya tarmoqlari, (tarmoqdagi taqsimlash javonlari bilan) mahalliy, shaharlararo va xalqaro telekommunikatsiya tarmoqlari, shu jumladan: mavjud quvurlar, havo simyogʻoch ustunlari va koʻp qavatli bino tomlaridan oʻtgan optik va mis aloqa kabellari; yer osti qatlamidan olib oʻtiladigan aloqa kabellari II 26.4 Televideniye, radio va internet tarmoqlari kabel televideniye, radio-eshittirish va “soʻnggi milya” internet tarmoqlari I ”;
44.1-pozitsiya quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ 44 . 1 Magistrallar va suv quvuri tarmoqlari, xoʻjalik-maishiy va yomgʻir suvini oqizuvchi kanalizatsiyalar, tabiiy gaz taʼminoti, elektr taʼminoti, elektr bilan yoritish imoratlar va yer osti kommunikatsiyalari boʻlmagan hududda loyihalashtirish va qurish II yer osti kommunikatsiyalari mavjud boʻlgan taqdirda, shahar kirish yoʻllari va shaharning qurilgan qismlari boʻyicha loyihalashtirish va qurish II temir yoʻllarni yoki metropolitenni kesib oʻtgan, murakkab gidrogeologik sharoitlarda yopiq oʻtishni va ishlarni bajarishning maxsus usullarini qoʻllagan holda, yer osti va yer usti inshootlarining bevosita yaqinida loyihalashtirish va qurish III ” .
54.3-pozitsiya quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ 54.3 Telekommunikatsiya tizimlari server (maʼlumotlarni saqlash va ularga ishlov berish markazlari) qurilmalari, lokal kompyuter tarmoqlar II ”.
3. Vazirlar Mahkamasining “Raqamli iqtisodiyot va elektron hukumatning rivojlanish holatini reyting baholash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 15-iyundagi 373-son qarorida:
a) 1-bandning “b” kichik bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“b) tashkilotlarda raqamli transformatsiya va hududlarda raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholash jarayonlarini avtomatlashtirish uchun NIS.UZ idoralararo axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — NIS.UZ-axborot tizimi) ishga tushirilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin”;
b) 2-bandda :
ikkinchi xatboshidagi “tashkilotlarda hamda hududlarda raqamli transformatsiya” soʻzlari “tashkilotlarda raqamli transformatsiya va hududlarda raqamli iqtisodiyot” soʻzlari bilan almashtirilsin;
beshinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“tashkilotlarda raqamli transformatsiya va hududlarda raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholash har olti oy yakunlari boʻyicha amalga oshiriladi va uning natijalari “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha muvofiqlashtiruvchi komissiya yigʻilishlarida tanqidiy muhokama qilinadi”;
v) 3-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“3. “Oʻzkomnazorat” inspeksiyasi alohida grafik asosida NIS.UZ-axborot tizimiga tashkilotlar tomonidan kiritilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi va toʻliqligiga muvofiqligi yuzasidan oʻrganishlar va tekshirishlar olib boradi”;
g) 4-bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida raqamli transformatsiya va hududlarda raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida raqamli transformatsiya hamda hududlarda raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholash tadbirlarini tashkil etish boʻyicha “yoʻl xaritasi” 2-ilovaga muvofiq”;
d) 1-ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida raqamli transformatsiya hamda hududlarda raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida (keyingi oʻrinlarda — tashkilotlar) raqamli transformatsiya hamda hududlarda raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
indikator — axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish va rivojlantirish samaradorligi reyting baholanishi lozim boʻlgan asosiy koʻrsatkich;
indeks — raqamli transformatsiya va raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholashda qoʻllaniladigan indikatorlar jamlanmasi;
reyting baholash — reyting koʻrsatkichlari va indikatorlari yordamida raqamli rivojlanish holatini baholash orqali tashkilotlar hamda hududlarni eng yuqori natijadan eng past natijagacha saralangan roʻyxatdagi oʻrnini belgilash;
hududlar — baholanadigan Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar, tuman (shahar)lar;
NIS.UZ-axborot tizimi — tashkilotlarda raqamli transformatsiya va hududlarda raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholash jarayonlarini avtomatlashtirish uchun qoʻllaniladigan idoralararo axborot tizimi.
2-bob. Tashkilotlarda raqamli transformatsiya va hududlarda raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholashning asosiy mezonlari va baholash tartibi
3. Tashkilotlarda raqamli transformatsiya holatini reyting baholash quyidagi yoʻnalishlardagi asosiy indekslarga muvofiq amalga oshiriladi:
3.1. Ochiqlik va elektron ishtirok indeksi.
3.2. Elektron xizmatlar indeksi.
3.3. Axborot xavfsizligi indeksi.
3.4. Faoliyatning raqamlashganligi indeksi.
Tashkilotlarda reyting baholash tadbirlari mazkur Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
4. Hududlarda raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholash quyidagi yoʻnalishlarda asosiy indikatorlar yordamida amalga oshiriladi:
4.1. Masofaviy xizmatlar eksporti markazlarining (BPO) mavjudligi.
4.2. Aloqa va axborotlashtirish xizmatlari hajmi.
4.3. Kompyuter-dasturlash xizmatlari hajmi.
4.4. Axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasida ish bilan taʼminlanganlar ulushi.
4.5. Axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasi boʻyicha oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar.
4.6. IT-park va uning rezidentlari tomonidan ish bilan taʼminlanganlar ulushi.
Hududlarda baholash tadbirlari mazkur Nizomga 2-ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
5. Hududlarda raqamli iqtisodiyot holatining reytingi aloqa va axborotlashtirish xizmatlari, mehnatga layoqatli aholi qatlamida ish bilan taʼminlanganlik darajasi va boshqa yoʻnalishlardagi indikatorlarni hisoblash asosida aniqlanadi.
6. Reyting baholash indekslari, baholash tartibi hamda baholarni hisoblash uslublari tashkilotlarda raqamli transformatsiya va hududlarda raqamli iqtisodiyotni reyting baholash metodikalarida batafsil tavsiflanadi.
7. Reyting baholash metodikalari “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha muvofiqlashtirish komissiyasi tomonidan tasdiqlanadi.
8. Baholarni hisoblash reyting baholash metodikasiga muvofiq NIS.UZ-axborot tizimida real vaqt rejimida inson omilisiz amalga oshiriladi.
9. Indikatorlarni hisoblashda rasmiy statistik va tahliliy maʼlumotlardan foydalaniladi.
10. Reyting baholash natijalari “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha muvofiqlashtirish komissiyasi yigʻilishlarida tanqidiy muhokama qilib boriladi.
11. Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish va rivojlantirish samaradorligi darajasi aniqlangan indikatorlarning miqdoriga qarab, 0 balldan 100 ballgacha reytingda baholanadi hamda “qizil”, “sariq” va “yashil” toifalarga ajratiladi.
12. Indikatorlarni reyting baholash natijalariga muvofiq axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish va rivojlantirish samaradorligi darajasi reyting balli boʻyicha:
71 balldan 100 ballgacha baholangan tashkilot — “yashil”;
55 balldan 71 ballgacha baholangan tashkilot — “sariq”;
55 balldan past baholangan tashkilot — “qizil” deb topiladi.
3-bob. Reyting baholash natijalari boʻyicha tashkilotlar xodimlarini ragʻbatlantirish va ularning shaxsiy masʼuliyatini kuchaytirish
13. Reyting baholash natijalari boʻyicha tegishli tashkilotda axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish va rivojlantirish samaradorligi darajasiga koʻra Raqamli texnologiyalar vazirligining taklifiga asosan “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha muvofiqlashtirish komissiyasi bayoni bilan:
hisobot yilida “yashil” deb topilgan tashkilotlar rahbarlari va ularning raqamlashtirish boʻyicha oʻrinbosarlari keyingi hisobot davri uchun reyting baholash natijalari eʼlon qilinguniga qadar har oyda lavozim maoshlarining 30 foizi miqdorida ragʻbatlantiriladi;
hisobot yilida ikki marta “qizil” deb topilgan tashkilotlar rahbarlari va ularning raqamlashtirish boʻyicha oʻrinbosarlariga qonunchilikda belgilangan tartibda jarima qoʻllaniladi yoki jarima qoʻllash haqida taklif kiritiladi.
14. Reyting baholash natijalari boʻyicha axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish va rivojlantirish samaradorligi darajasi “yashil” deb topilgan tashkilotlarning ijobiy tajribasini boshqa tashkilotlar oʻrtasida ommalashtirish boʻyicha tegishli chora-tadbirlar koʻriladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
15. Raqamli texnologiyalar vazirligi zaruratga koʻra, reyting koʻrsatkichlari roʻyxati hamda ularni hisoblash usullariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish vakolatiga ega.
16. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida raqamli transformatsiya hamda hududlarda raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida raqamli transformatsiya holatini reyting baholash
Bosqichlar Masʼul organlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Davlat organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, Raqamli texnologiyalar vazirligi “Ochiqlik va elektron ishtirok indeksi” boʻyicha axborot texnologiyalariga masʼul tarkibiy boʻlinmalar rasmiy statistik va tahliliy maʼlumotlarni toʻplaydi, NIS.UZ-axborot tizimiga kiritish, kiritilgan maʼlumotlarni tahlil qiladi va baholaydi. Har yarim yillik yakunidan keyingi 45 kun davomida, yanvar-fevral, iyul-avgust 2-bosqich Davlat organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, Raqamli texnologiyalar vazirligi “Elektron xizmatlar indeksi” boʻyicha NIS.UZ-axborot tizimiga kiritilgan maʼlumotlarni tahlil qiladi va baholaydi. Har yarim yillikda yanvar-iyun, iyul-dekabr 3-bosqich Davlat organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, Raqamli texnologiyalar vazirligi “Faoliyatni raqamlashtirganlik indeksi” boʻyicha NIS.UZ-axborot tizimiga kiritilgan maʼlumotlarni tahlil qiladi, axborot tizimlarini amaliyotga tatbiq qilish hujjatlarida bildirilgan vazifalar joriy qilinganlik darajasini tekshiradi. Har yarim yillikda 45 kun davomida, may-iyun, noyabr-dekabr 4-bosqich “Kiberxavfsizlik markazi” DUK, Raqamli texnologiyalar vazirligi “Axborot va kiberxavfsizlik indeksi” boʻyicha talab etilgan tadbirlarni bajaradi. Har yarim yillikda 5- bosqich Raqamli texnologiyalar vazirligi Reyting natijalarini va boshqa tahliliy materiallarni Vazirlar Mahkamasiga kiritadi. Hisobot davri yakunidan keyingi oyning 30-sanasiga qadar
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida raqamli transformatsiya hamda hududlarda raqamli iqtisodiyot holatini reyting baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Hududlarda raqamli iqtisodiyot darajasini reyting baholashni amalga oshirish
Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Raqamli texnologiyalar vazirligi Hududlarda raqamli iqtisodiyot darajasi boʻyicha statistik va tahliliy maʼlumotlarni NIS.UZ-axborot tizimiga kiritadi. Hisobot davri yakuni boʻyicha keyingi oyning 15-sanasiga qadar 2-bosqich Raqamli texnologiyalar vazirligi NIS.UZ-axborot tizimiga kiritilgan maʼlumotlar asosida reyting baholashni amalga oshiradi va hududlarni reyting baholash yakunlari asosida reytingni shakllantiradi. Hisobot davri yakuni boʻyicha keyingi oyning 25-sanasiga qadar 3-bosqich Raqamli texnologiyalar vazirligi Reyting natijalari va boshqa tahliliy materiallarni Vazirlar Mahkamasiga kiritish Hisobot davri yakuni boʻyicha keyingi oyning 30-sanasiga qadar ”.
4. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 17-sentabrdagi 579-son qarori bilan tasdiqlangan Obyektlarni qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha shaharsozlik va loyiha hujjatlarining loyihaviy yechimlarini shaharsozlik hujjatlariga muvofiqligi yuzasidan ekspertizadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
26-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“26. Tegishli hujjatlarga muvofiq qurilish-montaj ishlarini shaharsozlik hujjatlarining ekspertizasi bilan bir vaqtning oʻzida bajarilishi nazarda tutilgan obyektlar yoki texnik vositalarni oʻrnatish uchun telekommunikatsiya operator va provayderlarining telekommunikatsiya obyektlari boʻyicha ekspertiza xulosasi ekspertizadan oʻtkazish shartnomasida koʻrsatilgan jadvalga muvofiq bosqichma-bosqich belgilangan tartibda va hajmda axborot tizimi orqali beriladi”;
34-bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“I toifa obyektlarning shaharsozlik hujjatlari hamda telekommunikatsiya operator va provayderlarining telekommunikatsiya obyektlarida texnik vositalarni oʻrnatish uchun loyiha-smeta hujjatlari ekspertizaga topshirilgan sanadan boshlab oʻn besh kun muddatda;
II, III va IV toifalardagi obyektlar shaharsozlik hujjatlari ekspertizasi oʻttiz kun muddatda koʻrib chiqiladi”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 10-iyun,
237-son