UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 17-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 17 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 17 июня 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 17 June 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 23 декабрдаги ПҚ-449-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 23 декабрдаги ПҚ-449-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимида Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаблари негизида Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари (кейинги ўринларда — Гимнастика марказлари) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Гимнастика марказларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

спорт мактаблари, спорт клублари ва бошқа спорт-таълим муассасаларининг камида бошланғич спорт тайёргарлиги босқичини тугатган ва таълим муассасаларида энг яхши натижа кўрсатган ҳамда спорт синовларидан муваффақиятли ўтган спортчи ёшларни очиқ танлов асосида қабул қилиш;

иқтидорли ёшларни гимнастиканинг ихтисослаштирилган турлари бўйича профессионал тарзда шуғуллантириш ва улар ҳисобидан терма жамоаларга асосий номзодларни шакллантириш;

зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техника ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш, турли даражадаги нуфузли халқаро ва минтақавий мусобақаларда — Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, универсиадалар ҳамда бошқаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш;

спортчиларнинг ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ўқув-машқ жараёнларига энг янги илмий-услубий технологияларни жорий этиш орқали уларни назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш;

спорт захирасини сифатли тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, психологик-педагогик, тиббий-биологик ва моддий-техник шарт-шароитлар яратиш;

гимнастика спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ҳамда мунтазам равишда ўтказиб бориш;

тренерлар ва спортчиларнинг касб маҳорати даражасини ошириш учун тажриба алмашиш мақсадида гимнастика спорт турлари бўйича хорижий спорт мактаблари академиялари ва клублари билан ҳамкорликни ривожлантириш.

3. Белгилансинки:

Гимнастика марказлари ихтисослаштирилган давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланиб, гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабига эга бўлади;

Гимнастика марказларининг фаолияти гимнастика спорт турлари бўйича қобилиятли ва иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ҳамда асосан терма жамоаларга номзод сифатида тайёрлашга йўналтирилади;

Гимнастика марказлари ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлайди ва Вазирлар Маҳкамасининг « Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида » 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сон ҳамда « Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида » 2018 йил 2 июндаги 410-сон қарорларида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширади;

Гимнастика марказлари ўқувчиларининг умумий контингенти жами 132 нафарни ташкил этиб, улар 1 — 11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади;

Гимнастика марказларининг 1-синфига гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабларида, шунингдек, республика ҳудудларидаги спорт мактабларида шуғулланган, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими бўйича спорт синовларини муваффақиятли топширган ва юқори иқтидорга эга бўлган ҳамда ўқиш истагини билдирган ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади;

Гимнастика марказлари ўқувчилари уларга энг яқин жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида умумтаълим дастурлари бўйича ўқитилади;

Гимнастика марказлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 10-11-синф ўқувчиларини асосий спорт машғулотларидан бўш бўлган вақтларида малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, гимнастика спорт турлари бўйича махсус назарий фанлар асосида ўқитишни ташкил қилади;

Гимнастика марказларининг ўқув жараёни Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан белгиланади, ўқув дастурини ўзлаштириб, якуний давлат аттестациясидан ўтган 11-синф битирувчиларига Вазирлар Маҳкамасининг «Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» 2018 йил 2 июндаги 410-сон қарорга мувофиқ белгиланган тартибда давлат намунасидаги диплом берилади;

Гимнастика марказларининг ўқувчилари турар жой, суткалик озиқ-овқат нормаси, махсус спорт кийими ва либоси, спорт ускуна ва анжомлари билан Вазирлар Маҳкамасининг «Гимнастика спорт турлари бўйича давлат спорт-таълим муассасаларида шуғулланувчи ўқувчи-спортчилар учун озиқ-овқат меъёрлари, жиҳоз ва инвентарлар нормаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2023 йил 12 июндаги 238-сон қарорига мувофиқ таъминланади;

Гимнастика марказларининг ўқувчиларини овқатлантириш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Гимнастика марказлари директорлари, уларнинг спорт ишлари бўйича ўринбосарлари, тренерлари, йўриқчи-услубчиларига Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;

Гимнастика марказлари директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ва тарбиячилари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида» 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;

Гимнастика марказлари тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида» 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади, шунингдек, уларни моддий рағбатлантиришда Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.

4. Қуйидагилар Гимнастика марказлари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Давлат бюджети маблағлари;

фаолият ихтисослиги бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан ва уларнинг уставидаги вазифаларга мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинадиган даромадлар;

асосий машғулотлар ўтказилмайдиган вақтда бўш турган мол-мулкни ижарага беришдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги:

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 декабрга қадар Гимнастика марказларининг бошқарув, инструктор-методистлар, тренерлар таркиби, педагог, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг штат жадвалини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

2024 йил 1 майга қадар Гимнастика марказларининг уставини ишлаб чиқиб тасдиқласин ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин;

ўқув-машғулотлар режаси, Гимнастика марказларига ўқувчиларни танлаб олиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

2024/2025 ўқув йилига қадар Гимнастика марказларини очиқ мустақил танлов асосида замонавий педагогик технологияларни эгаллаган малакали педагог кадрлар ҳамда тренерлар билан тўлдирсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда, Гимнастика марказлари зарур ўқув-методик адабиётлар ҳамда спорт инвентарлари билан жиҳозланишини таъминласин;

ёшларни гимнастика билан қамраб олиш ва уларда бошланғич кўникмаларни шакллантириш мақсадида электрон қўлланмалар тайёрласин ва ижтимоий тармоқларга жойлаштириб борсин;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда Гимнастика марказларида спортчиларни тайёрлаш сифати юзасидан доимий назоратни амалга оширсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Гимнастика марказлари ўқувчиларини ушбу марказларга яқин жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида умумий ўрта таълим дастури бўйича ўқитишни ташкил этиш юзасидан зарур чоралар кўрсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда вазирлик тизимидаги касб-ҳунар мактаблари спорт залларини гимнастика спорт турлари жиҳозлари билан таъминлаш чораларини кўрсин;

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб зарур шароитларга эга бўлган касб-ҳунар мактабларида ўқувчилар учун гимнастика тўгаракларини ташкил қилсин.

8. Белгилансинки, Гимнастика марказларини замонавий ва халқаро талабларга мувофиқ ташкил этиш (бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш) доирасида:

а) «Ўзавтосаноат» АЖ — буюртмачи функциясини амалга оширади;

б) бош лойиҳа ва пудрат ташкилотлари белгиланган тартибда ўтказиладиган тендер (танлов) натижаларига кўра аниқланади;

в) «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан ажратиладиган ҳомийлик хайриялари молиялаштириш манбаи ҳисобланади;

г) объектларни қуриш ва фойдаланишга топшириш, жиҳозлаш ишлари 2024 йил 30 июлга қадар тўлиқ якунига етказилади.

Бунда «Ўзавтосаноат» АЖ ҳомийлик маблағлари ҳисобидан мазкур объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва қурилиш ишларини амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги объектлар бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда экспертизадан ўтказсин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан назорат ўрнатсин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳокимликларининг:

Гимнастика марказларини Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаблари базасига жойлаштириш ҳамда мавжуд бино ва иншоотларда заруратга кўра реконструкция, капитал таъмирлаш ва қурилиш ишларини амалга ошириш;

замонавий инфратузилмани яратишда эҳтиёжга кўра қўшимча ер майдонларини Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабларига туташ ёки яқин ҳудуддан ажратиш;

ҳудудларда, шу жумладан, олис ва чекка ҳудудларда аҳоли ўртасида спортнинг гимнастика турлари бўйича мусобақалар, спорт акциялари, ҳаваскорлик чемпионатларини ўтказишни тизимли йўлга қўйиш;

Гимнастика марказлари ўқувчиларини турли спорт мусобақаларига, шунингдек, таълим оладиган умумий ўрта таълим мактабларига олиб бориш ва олиб келишда қулайлик яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари маҳаллий бюджетлари ҳамда уларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан Гимнастика марказларини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган «Isuzu» автобуси билан таъминлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари Гимнастика марказлари учун замонавий инфратузилмани яратиш мақсадида заруратга кўра Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг талабномасига мувофиқ зарур ер майдонлари ажратилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Гимнастика марказларини халқаро стандартларга мувофиқ замонавий жиҳоз ва инвентарлар билан таъминлаш учун зарур бўладиган маблағлар 2024 йил учун Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.

13. Белгилаб қўйилсинки, Гимнастика марказларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун 2024 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида зарур маблағлар назарда тутилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Ешлар сиёсати ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 17 июнь,

249-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.06.2023 й., 09/23/249/0397-сон; 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон )

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Gimnastika sport turlariga tayyorlash markazlari faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Gimnastika sport turlarini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 23-dekabrdagi PQ-449-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Gimnastika sport turlarini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 23-dekabrdagi PQ-449-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar siyosati va sport vazirligi tizimida Nukus, Samarqand va Fargʻona shaharlarida Gimnastika sport turlariga ixtisoslashtirilgan sport maktablari negizida Gimnastika sport turlariga tayyorlash markazlari (keyingi oʻrinlarda — Gimnastika markazlari) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar Gimnastika markazlarining asosiy vazifalari etib belgilansin:

sport maktablari, sport klublari va boshqa sport-taʼlim muassasalarining kamida boshlangʻich sport tayyorgarligi bosqichini tugatgan va taʼlim muassasalarida eng yaxshi natija koʻrsatgan hamda sport sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan sportchi yoshlarni ochiq tanlov asosida qabul qilish;

iqtidorli yoshlarni gimnastikaning ixtisoslashtirilgan turlari boʻyicha professional tarzda shugʻullantirish va ular hisobidan terma jamoalarga asosiy nomzodlarni shakllantirish;

zarur sport anjomlari va uskunalari bilan jihozlangan, zamonaviy xalqaro talablar va standartlarga javob beradigan moddiy-texnika hamda oʻquv-mashgʻulot bazalarini yaratish, turli darajadagi nufuzli xalqaro va mintaqaviy musobaqalarda — Olimpiya va Osiyo oʻyinlari, jahon va Osiyo chempionatlari, universiadalar hamda boshqalarda Oʻzbekiston sharafini munosib himoya qilishga qodir boʻlgan xalqaro darajadagi sportchilarni tayyorlash;

sportchilarning oʻquv-mashgʻulot jarayonini xalqaro standartlar darajasida tashkil etish, ilgʻor xorijiy tajribani hisobga olgan holda, oʻquv-mashq jarayonlariga eng yangi ilmiy-uslubiy texnologiyalarni joriy etish orqali ularni nazariy va texnik-taktik jihatdan tayyorlash sifatini muntazam oshirib borish;

sport zaxirasini sifatli tayyorlash uchun zarur tashkiliy, oʻquv-metodik, psixologik-pedagogik, tibbiy-biologik va moddiy-texnik shart-sharoitlar yaratish;

gimnastika sport turlari boʻyicha milliy terma jamoalar va ularning zaxiralari ishtirokida oʻquv-mashq yigʻinlari, respublika va mintaqaviy sport musobaqalarini tashkil etish hamda muntazam ravishda oʻtkazib borish;

trenerlar va sportchilarning kasb mahorati darajasini oshirish uchun tajriba almashish maqsadida gimnastika sport turlari boʻyicha xorijiy sport maktablari akademiyalari va klublari bilan hamkorlikni rivojlantirish.

3. Belgilansinki:

Gimnastika markazlari ixtisoslashtirilgan davlat sport-taʼlim muassasasi hisoblanib, gimnastika sport turlariga ixtisoslashtirilgan sport maktabiga ega boʻladi;

Gimnastika markazlarining faoliyati gimnastika sport turlari boʻyicha qobiliyatli va iqtidorli yosh sportchilarni tanlab olish hamda asosan terma jamoalarga nomzod sifatida tayyorlashga yoʻnaltiriladi;

Gimnastika markazlari oʻz faoliyatini 2024/2025 oʻquv yilidan boshlaydi va Vazirlar Mahkamasining “ Sport maktablari faoliyatini hamda sport maktablari trenerlari va mutaxassislari mehnatini moddiy ragʻbatlantirish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida ” 2010-yil 23-sentabrdagi 211-son hamda “ Sport turlari boʻyicha ixtisoslashtirilgan davlat maktab-internatlari faoliyatini takomillashtirish toʻgʻrisida ” 2018-yil 2-iyundagi 410-son qarorlarida belgilangan tartibga muvofiq amalga oshiradi;

Gimnastika markazlari oʻquvchilarining umumiy kontingenti jami 132 nafarni tashkil etib, ular 1 — 11-sinf oʻquvchilaridan iborat boʻladi;

Gimnastika markazlarining 1-sinfiga gimnastika sport turlariga ixtisoslashtirilgan sport maktablarida, shuningdek, respublika hududlaridagi sport maktablarida shugʻullangan, aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash tizimi boʻyicha sport sinovlarini muvaffaqiyatli topshirgan va yuqori iqtidorga ega boʻlgan hamda oʻqish istagini bildirgan oʻquvchilar tanlov asosida qabul qilinadi;

Gimnastika markazlari oʻquvchilari ularga eng yaqin joylashgan umumiy oʻrta taʼlim maktablarida umumtaʼlim dasturlari boʻyicha oʻqitiladi;

Gimnastika markazlari Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan 10-11-sinf oʻquvchilarini asosiy sport mashgʻulotlaridan boʻsh boʻlgan vaqtlarida malakali mutaxassislarni jalb qilgan holda, gimnastika sport turlari boʻyicha maxsus nazariy fanlar asosida oʻqitishni tashkil qiladi;

Gimnastika markazlarining oʻquv jarayoni Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi hamda Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tomonidan belgilanadi, oʻquv dasturini oʻzlashtirib, yakuniy davlat attestatsiyasidan oʻtgan 11-sinf bitiruvchilariga Vazirlar Mahkamasining “Sport turlari boʻyicha ixtisoslashtirilgan davlat maktab-internatlari faoliyatini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2018-yil 2-iyundagi 410-son qarorga muvofiq belgilangan tartibda davlat namunasidagi diplom beriladi;

Gimnastika markazlarining oʻquvchilari turar joy, sutkalik oziq-ovqat normasi, maxsus sport kiyimi va libosi, sport uskuna va anjomlari bilan Vazirlar Mahkamasining “Gimnastika sport turlari boʻyicha davlat sport-taʼlim muassasalarida shugʻullanuvchi oʻquvchi-sportchilar uchun oziq-ovqat meʼyorlari, jihoz va inventarlar normalarini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2023-yil 12-iyundagi 238-son qaroriga muvofiq taʼminlanadi;

Gimnastika markazlarining oʻquvchilarini ovqatlantirish xarajatlari Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi;

Gimnastika markazlari direktorlari, ularning sport ishlari boʻyicha oʻrinbosarlari, trenerlari, yoʻriqchi-uslubchilariga Olimpiya va paralimpiya sport turlariga tayyorlash markazlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish shartlari qoʻllaniladi;

Gimnastika markazlari direktorining maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari va tarbiyachilari mehnatiga haq toʻlash hamda ularni ragʻbatlantirish Vazirlar Mahkamasining “Xalq taʼlimi xodimlari mehnatiga haq toʻlashning takomillashtirilgan tizimini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2005-yil 21-dekabrdagi 275-son qaroriga muvofiq amalga oshiriladi;

Gimnastika markazlari tibbiyot xodimlari mehnatiga haq toʻlash Vazirlar Mahkamasining “Tibbiyot xodimlari mehnatiga haq toʻlashning takomillashtirilgan tizimini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2005-yil 21-dekabrdagi 276-son qaroriga muvofiq amalga oshiriladi, shuningdek, ularni moddiy ragʻbatlantirishda Olimpiya va paralimpiya sport turlariga tayyorlash markazlari uchun belgilangan moddiy ragʻbatlantirish shartlari qoʻllaniladi.

4. Quyidagilar Gimnastika markazlari faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Davlat budjeti mablagʻlari;

faoliyat ixtisosligi boʻyicha shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan va ularning ustavidagi vazifalarga muvofiq boʻlgan boshqa faoliyat turlaridan olinadigan daromadlar;

asosiy mashgʻulotlar oʻtkazilmaydigan vaqtda boʻsh turgan mol-mulkni ijaraga berishdan tushadigan mablagʻlar;

yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi:

Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda 2023-yil 1-dekabrga qadar Gimnastika markazlarining boshqaruv, instruktor-metodistlar, trenerlar tarkibi, pedagog, texnik, xizmat koʻrsatuvchi va oʻquv-yordamchi xodimlarining shtat jadvalini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

2024-yil 1-mayga qadar Gimnastika markazlarining ustavini ishlab chiqib tasdiqlasin hamda belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazsin;

oʻquv-mashgʻulotlar rejasi, Gimnastika markazlariga oʻquvchilarni tanlab olish va qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin;

2024/2025 oʻquv yiliga qadar Gimnastika markazlarini ochiq mustaqil tanlov asosida zamonaviy pedagogik texnologiyalarni egallagan malakali pedagog kadrlar hamda trenerlar bilan toʻldirsin;

manfaatdor vazirlik va idoralar bilan kelishgan holda, Gimnastika markazlari zarur oʻquv-metodik adabiyotlar hamda sport inventarlari bilan jihozlanishini taʼminlasin;

yoshlarni gimnastika bilan qamrab olish va ularda boshlangʻich koʻnikmalarni shakllantirish maqsadida elektron qoʻllanmalar tayyorlasin va ijtimoiy tarmoqlarga joylashtirib borsin;

Oʻzbekiston Milliy olimpiya qoʻmitasi bilan birgalikda Gimnastika markazlarida sportchilarni tayyorlash sifati yuzasidan doimiy nazoratni amalga oshirsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Gimnastika markazlari oʻquvchilarini ushbu markazlarga yaqin joylashgan umumiy oʻrta taʼlim maktablarida umumiy oʻrta taʼlim dasturi boʻyicha oʻqitishni tashkil etish yuzasidan zarur choralar koʻrsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:

Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda vazirlik tizimidagi kasb-hunar maktablari sport zallarini gimnastika sport turlari jihozlari bilan taʼminlash choralarini koʻrsin;

2023/2024 oʻquv yilidan boshlab zarur sharoitlarga ega boʻlgan kasb-hunar maktablarida oʻquvchilar uchun gimnastika toʻgaraklarini tashkil qilsin.

8. Belgilansinki, Gimnastika markazlarini zamonaviy va xalqaro talablarga muvofiq tashkil etish (binolar qurish, mavjudlarini rekonstruksiya qilish va taʼmirlash) doirasida:

a) “Oʻzavtosanoat” AJ — buyurtmachi funksiyasini amalga oshiradi;

b) bosh loyiha va pudrat tashkilotlari belgilangan tartibda oʻtkaziladigan tender (tanlov) natijalariga koʻra aniqlanadi;

v) “Oʻzavtosanoat” AJ tomonidan ajratiladigan homiylik xayriyalari moliyalashtirish manbai hisoblanadi;

g) obyektlarni qurish va foydalanishga topshirish, jihozlash ishlari 2024-yil 30-iyulga qadar toʻliq yakuniga yetkaziladi.

Bunda “Oʻzavtosanoat” AJ homiylik mablagʻlari hisobidan mazkur obyektlarning loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqsin va qurilish ishlarini amalga oshirish uchun zarur mablagʻlar ajratilishini taʼminlasin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi obyektlar boʻyicha ishlab chiqilgan loyiha-smeta hujjatlarini belgilangan tartibda ekspertizadan oʻtkazsin va qurilish-montaj ishlarining sifatli bajarilishi yuzasidan nazorat oʻrnatsin.

10. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Samarqand va Fargʻona viloyatlari hokimliklarining:

Gimnastika markazlarini Gimnastika sport turlariga ixtisoslashtirilgan sport maktablari bazasiga joylashtirish hamda mavjud bino va inshootlarda zaruratga koʻra rekonstruksiya, kapital taʼmirlash va qurilish ishlarini amalga oshirish;

zamonaviy infratuzilmani yaratishda ehtiyojga koʻra qoʻshimcha yer maydonlarini Gimnastika sport turlariga ixtisoslashtirilgan sport maktablariga tutash yoki yaqin hududdan ajratish;

hududlarda, shu jumladan, olis va chekka hududlarda aholi oʻrtasida sportning gimnastika turlari boʻyicha musobaqalar, sport aksiyalari, havaskorlik chempionatlarini oʻtkazishni tizimli yoʻlga qoʻyish;

Gimnastika markazlari oʻquvchilarini turli sport musobaqalariga, shuningdek, taʼlim oladigan umumiy oʻrta taʼlim maktablariga olib borish va olib kelishda qulaylik yaratish maqsadida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Samarqand va Fargʻona viloyatlari mahalliy budjetlari hamda ularning qoʻshimcha manbalari hisobidan Gimnastika markazlarini Oʻzbekistonda ishlab chiqarilgan “Isuzu” avtobusi bilan taʼminlash toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

11. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Samarqand va Fargʻona viloyatlari hokimliklari Gimnastika markazlari uchun zamonaviy infratuzilmani yaratish maqsadida zaruratga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligining talabnomasiga muvofiq zarur yer maydonlari ajratilishini taʼminlasin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar siyosati va sport vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda Gimnastika markazlarini xalqaro standartlarga muvofiq zamonaviy jihoz va inventarlar bilan taʼminlash uchun zarur boʻladigan mablagʻlar 2024-yil uchun Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutilishini taʼminlasin.

13. Belgilab qoʻyilsinki, Gimnastika markazlarini saqlash bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish uchun 2024-yildan boshlab Davlat budjeti parametrlarida zarur mablagʻlar nazarda tutiladi.

14. Oʻzbekiston Respublikasi Yeshlar siyosati va sport vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

15. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi yoshlar siyosati va sport vaziri A.I. Ikramov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 17-iyun,

249-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 19.06.2023-y., 09/23/249/0397-son; 10.05.2024-y., 09/24/272/0337-son )

lex.uz