UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 17-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 17 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 17 июня 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 17 June 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТУЗИЛМАСИ

«Ал-Хоразмий» мажмуасини барпо этиш ва сақлаш дирекцияси» давлат унитар корхонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Урганч шаҳридаги «Ал-Хоразмий» мажмуасини барпо этиш бўйича ишларни жадаллаштириш, объектнинг замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қурилиши ва ер участкаларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Урганч шаҳрида «Ал-Хоразмий» мажмуасини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 27 июлдаги 410-сон қарорига мувофиқ:

«Ал-Хоразмий» мажмуасини (кейинги ўринларда — Мажмуа) барпо этиш, Мажмуа ҳудудида буюк мутафаккир Абу Абдулла Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий хиёбонини ташкил этиш ва унинг янги ҳайкалини ўрнатиш, «Ал-Хоразмий» номидаги университет кампуси, ихтисослашган мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти, илмий-тадқиқот маркази, «IT-Park», дам олиш зоналари, яшил боғлар, замонавий кўп квартирали уйлар, технопарк ҳамда йирик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш бўйича ишларни амалга ошириш бошланганлиги;

Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузурида «Ал-Хоразмий» мажмуасини барпо этиш ва сақлаш дирекцияси» ДУК (кейинги ўринларда — Дирекция) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Дирекциянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Мажмуани барпо этиш билан боғлиқ зарур геодезия, геология, гидрометеорология ва экологик муҳандислик-қидирув ва тадқиқот ишларини ташкил этиш;

шаҳарсозлик, тарихий-маданий, ижтимоий ва йўл-транспорт тадқиқотлари олиб борилишини ташкил этиш;

Мажмуани барпо этиш ҳамда унинг ҳудудида кўп квартирали уйлар, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмалари объектларини қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун топшириқларни тайёрлаш;

бирламчи рухсат берувчи, лойиҳа олди ва лойиҳа ҳужжатларининг белгиланган муддатда сифатли тайёрланишини ва экспертизадан ўтказилишини таъминлаш;

очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида, белгиланган тартибда лойиҳа-тадқиқот ва қурилиш-пудрат ташкилотларини танлаш ҳамда улар билан шартномаларни имзолаш;

объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

лойиҳаларни бошқариш ва қурилиш ишлари бўйича техник ва муаллифлик назорати олиб борилишини таъминлаш ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда объектларни фойдаланишга қабул қилиш ишларини ташкил этиш;

Мажмуани барпо этиш ва унинг ҳудудида объектларни қуриш учун ажратилаётган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш;

Мажмуани қуриш ишларига салоҳиятли тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида, интернет ахборот тармоғи орқали ва ижтимоий тармоқларда тақдимот тадбирларини ва кенг реклама компаниясини олиб бориш ишларини ташкил этиш;

Мажмуа ҳудудида объектлар қурилишини лойиҳалаштиришда лойиҳа ташкилотлари томонидан энергиятежамкор замонавий технологиялар жорий этилиши ҳамда юқори технологик материаллар ва буюмлардан самарали фойдаланилишини таъминлаш.

3. Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ал-Хоразмий» мажмуасини барпо этиш ва сақлаш дирекцияси» давлат унитар корхонасининг тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Дирекциянинг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ва унинг қўшимча манбалари;

хўжалик фаолиятидан олинган маблағлар, ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда, Дирекциянинг штатлар жадвали ва харажатлар сметалари белгиланган тартибда молия органларида рўйхатдан ўтказилади.

5. Белгилаб қўйилсинки, Мажмуани барпо этиш доирасида:

Дирекция томонидан ўз маблағлари ҳисобидан Хоразм вилояти ҳокимлиги билан келишилган ҳолда, объектларни лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларида иштирок этиш, муаллифлик ва техник назоратни амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассис ва маслаҳатчилар белгиланган тартибда жалб қилиниши мумкин;

Дирекция ижтимоий соҳа объектлари ва иссиқлик таъминоти тармоқларини қуриш ҳамда Мажмуа ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича буюртмачи функциясини амалга оширади.

6. Дирекция Мажмуа ҳудудидаги аэропортга туташ жойлашган ер участкаларида лойиҳа объектларини барпо этишда авиация соҳасида белгиланган халқаро стандартлар ва нормалар талабларининг инобатга олинишини таъминласин.

7. Хоразм вилояти ҳокимлиги:

а) Дирекция фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида белгиланган тартибда:

икки ҳафта муддатда Дирекция тўғрисидаги уставни тасдиқласин;

бир ой муддатда Дирекцияга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бино, 2 та хизмат автотранспорт воситаси ҳамда зарур ташкилий техника ва жиҳозлар ажратилишини таъминласин;

ҳар йили белгиланган муддатда Дирекциянинг йиллик харажатлар сметасини тасдиқлаб борсин;

б) «Ал-Хоразмий» мажмуасини барпо этиш ишларини жадаллаштириш бўйича:

Дирекция билан биргаликда Мажмуа ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ишларининг манзилли дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин ҳамда шу асосда қурилиш ишларининг олиб борилишини ташкил этсин;

Мажмуани барпо этиш ва унинг ҳудудида объектларни қуриш жараёнида юзага келадиган муаммоларни ўз вақтида аниқласин ҳамда уларнинг ечими бўйича зарур чоралар кўрилишини таъминласин.

8. Кадастр агентлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда Мажмуа ҳудудида жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйиладиган мулкдорлар рўйхатини шакллантирсин.

9. Хоразм вилояти ҳокимлиги ер участкалари олиб қўйилаётган мулкдорларга етказиладиган зарарларни ҳамда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги нобудгарчиликларининг ўрнини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаб берилишини таъминласин.

10. Хоразм вилояти ҳокими Ж.Р. Рахимов Дирекция фаолиятини самарали ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўйича шахсан масъул ва жавобгар этиб белгилансин.

11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жалолиддин Мангуберди хиёбонини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаменти ҳудудларини ўз вақтида ободонлаштириш ва сақлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур бўлган, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 июлдаги 378-сон қарорида назарда тутилган 1 та автоминора (Isuzu) 22 м ва 1 та юк ташишга мўлжалланган (Isuzu NQR 71PL) автотранспорт воситасини харид қилиш учун республика бюджетининг III чорак даромадларнинг режадан орттириб бажарилган қисми ҳисобидан Хоразм вилояти маҳаллий бюджетига зарур маблағларни ўтказиб берилишини таъминласин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Хоразм вилояти ҳокими Ж.Р. Рахимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 июндаги 250-сон қарорига ИЛОВА

Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ал-Хоразмий» мажмуасини барпо этиш ва сақлаш дирекцияси» давлат унитар корхонасининг

Директор Бош муҳандис-директор ўринбосари Бош режани амалга ошириш бўлими 2 Бош юрисконсульт Бирламчи рухсат берувчи, лойиҳа ҳужжатлари ва танлов ҳужжатларини тайёрлаш бўлими 2 Маркетинг, халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш, молиялаштириш ва хўжалик-шартнома муносабатлари бўлими 4 Бош бухгалтер Котиб-иш юритувчи Лойиҳаларни бошқариш, қурилишни техник кузатиш ва назорат қилиш бўлими 4

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 17 июнь,

250-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.06.2023 й., 09/23/250/0398-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TUZILMASI

“Al-Xorazmiy” majmuasini barpo etish va saqlash direksiyasi” davlat unitar korxonasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Urganch shahridagi “Al-Xorazmiy” majmuasini barpo etish boʻyicha ishlarni jadallashtirish, obyektning zamonaviy shaharsozlik talablari asosida qurilishi va yer uchastkalaridan samarali foydalanilishini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Vazirlar Mahkamasining “Urganch shahrida “Al-Xorazmiy” majmuasini barpo etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 27-iyuldagi 410-son qaroriga muvofiq:

“Al-Xorazmiy” majmuasini (keyingi oʻrinlarda — Majmua) barpo etish, Majmua hududida buyuk mutafakkir Abu Abdulla Muhammad ibn Muso al-Xorazmiy xiyobonini tashkil etish va uning yangi haykalini oʻrnatish, “Al-Xorazmiy” nomidagi universitet kampusi, ixtisoslashgan maktab va maktabgacha taʼlim tashkiloti, ilmiy-tadqiqot markazi, “IT-Park”, dam olish zonalari, yashil bogʻlar, zamonaviy koʻp kvartirali uylar, texnopark hamda yirik savdo va xizmat koʻrsatish obyektlarini qurish boʻyicha ishlarni amalga oshirish boshlanganligi;

Xorazm viloyati hokimligi huzurida “Al-Xorazmiy” majmuasini barpo etish va saqlash direksiyasi” DUK (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Direksiyaning asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:

Majmuani barpo etish bilan bogʻliq zarur geodeziya, geologiya, gidrometeorologiya va ekologik muhandislik-qidiruv va tadqiqot ishlarini tashkil etish;

shaharsozlik, tarixiy-madaniy, ijtimoiy va yoʻl-transport tadqiqotlari olib borilishini tashkil etish;

Majmuani barpo etish hamda uning hududida koʻp kvartirali uylar, yoʻl-transport, muhandislik-kommunikatsiya, ijtimoiy va bozor infratuzilmalari obyektlarini qurish boʻyicha loyiha hujjatlarini ishlab chiqish uchun topshiriqlarni tayyorlash;

birlamchi ruxsat beruvchi, loyiha oldi va loyiha hujjatlarining belgilangan muddatda sifatli tayyorlanishini va ekspertizadan oʻtkazilishini taʼminlash;

ochiqlik va shaffoflik tamoyillari asosida, belgilangan tartibda loyiha-tadqiqot va qurilish-pudrat tashkilotlarini tanlash hamda ular bilan shartnomalarni imzolash;

obyektlarda qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratish;

loyihalarni boshqarish va qurilish ishlari boʻyicha texnik va mualliflik nazorati olib borilishini taʼminlash hamda shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya qilgan holda obyektlarni foydalanishga qabul qilish ishlarini tashkil etish;

Majmuani barpo etish va uning hududida obyektlarni qurish uchun ajratilayotgan mablagʻlardan maqsadli va samarali foydalanilishini taʼminlash;

Majmuani qurish ishlariga salohiyatli tadbirkorlik subyektlarini, shu jumladan, xorijiy investorlarni jalb qilish maqsadida ommaviy axborot vositalarida, internet axborot tarmogʻi orqali va ijtimoiy tarmoqlarda taqdimot tadbirlarini va keng reklama kompaniyasini olib borish ishlarini tashkil etish;

Majmua hududida obyektlar qurilishini loyihalashtirishda loyiha tashkilotlari tomonidan energiyatejamkor zamonaviy texnologiyalar joriy etilishi hamda yuqori texnologik materiallar va buyumlardan samarali foydalanilishini taʼminlash.

3. Xorazm viloyati hokimligi huzuridagi “Al-Xorazmiy” majmuasini barpo etish va saqlash direksiyasi” davlat unitar korxonasining tuzilmasi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. Direksiyaning faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib quyidagilar belgilansin:

Xorazm viloyati mahalliy budjeti mablagʻlari va uning qoʻshimcha manbalari;

xoʻjalik faoliyatidan olingan mablagʻlar, homiylik xayriyalari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

Bunda, Direksiyaning shtatlar jadvali va xarajatlar smetalari belgilangan tartibda moliya organlarida roʻyxatdan oʻtkaziladi.

5. Belgilab qoʻyilsinki, Majmuani barpo etish doirasida:

Direksiya tomonidan oʻz mablagʻlari hisobidan Xorazm viloyati hokimligi bilan kelishilgan holda, obyektlarni loyihalashtirish va qurilish ishlarida ishtirok etish, mualliflik va texnik nazoratni amalga oshirish uchun yuqori malakali xorijiy mutaxassis va maslahatchilar belgilangan tartibda jalb qilinishi mumkin;

Direksiya ijtimoiy soha obyektlari va issiqlik taʼminoti tarmoqlarini qurish hamda Majmua hududni obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish boʻyicha buyurtmachi funksiyasini amalga oshiradi.

6. Direksiya Majmua hududidagi aeroportga tutash joylashgan yer uchastkalarida loyiha obyektlarini barpo etishda aviatsiya sohasida belgilangan xalqaro standartlar va normalar talablarining inobatga olinishini taʼminlasin.

7. Xorazm viloyati hokimligi:

a) Direksiya faoliyatini samarali tashkil etish maqsadida belgilangan tartibda:

ikki hafta muddatda Direksiya toʻgʻrisidagi ustavni tasdiqlasin;

bir oy muddatda Direksiyaga operativ boshqarish huquqi asosida bino, 2 ta xizmat avtotransport vositasi hamda zarur tashkiliy texnika va jihozlar ajratilishini taʼminlasin;

har yili belgilangan muddatda Direksiyaning yillik xarajatlar smetasini tasdiqlab borsin;

b) “Al-Xorazmiy” majmuasini barpo etish ishlarini jadallashtirish boʻyicha:

Direksiya bilan birgalikda Majmua hududida amalga oshiriladigan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat ishlarining manzilli dasturlarini ishlab chiqib, tasdiqlasin hamda shu asosda qurilish ishlarining olib borilishini tashkil etsin;

Majmuani barpo etish va uning hududida obyektlarni qurish jarayonida yuzaga keladigan muammolarni oʻz vaqtida aniqlasin hamda ularning yechimi boʻyicha zarur choralar koʻrilishini taʼminlasin.

8. Kadastr agentligi Xorazm viloyati hokimligi bilan birgalikda bir hafta muddatda Majmua hududida jamoat ehtiyojlari uchun yer uchastkalari olib qoʻyiladigan mulkdorlar roʻyxatini shakllantirsin.

9. Xorazm viloyati hokimligi yer uchastkalari olib qoʻyilayotgan mulkdorlarga yetkaziladigan zararlarni hamda qishloq xoʻjaligi va oʻrmon xoʻjaligi nobudgarchiliklarining oʻrnini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qoplab berilishini taʼminlasin.

10. Xorazm viloyati hokimi J.R. Raximov Direksiya faoliyatini samarali tashkil etish, muvofiqlashtirish va nazorat qilish boʻyicha shaxsan masʼul va javobgar etib belgilansin.

11. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Jaloliddin Manguberdi xiyobonini koʻkalamzorlashtirish, obodonlashtirish va saqlash departamenti hududlarini oʻz vaqtida obodonlashtirish va saqlash tadbirlarini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan, Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-iyuldagi 378-son qarorida nazarda tutilgan 1 ta avtominora (Isuzu) 22 m va 1 ta yuk tashishga moʻljallangan (Isuzu NQR 71PL) avtotransport vositasini xarid qilish uchun respublika budjetining III chorak daromadlarning rejadan orttirib bajarilgan qismi hisobidan Xorazm viloyati mahalliy budjetiga zarur mablagʻlarni oʻtkazib berilishini taʼminlasin.

12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va Xorazm viloyati hokimi J.R. Raximov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 17-iyundagi 250-son qaroriga ILOVA

Xorazm viloyati hokimligi huzuridagi “Al-Xorazmiy” majmuasini barpo etish va saqlash direksiyasi” davlat unitar korxonasining

Direktor Bosh muhandis-direktor oʻrinbosari Bosh rejani amalga oshirish boʻlimi 2 Bosh yuriskonsult Birlamchi ruxsat beruvchi, loyiha hujjatlari va tanlov hujjatlarini tayyorlash boʻlimi 2 Marketing, xalqaro aloqalar va investitsiyalarni jalb qilish, moliyalashtirish va xoʻjalik-shartnoma munosabatlari boʻlimi 4 Bosh buxgalter Kotib-ish yurituvchi Loyihalarni boshqarish, qurilishni texnik kuzatish va nazorat qilish boʻlimi 4

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 17-iyun,

250-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 19.06.2023-y., 09/23/250/0398-son)

lex.uz