📅 2023-yil 3-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 3-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 3 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 3 июля 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 3 July 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ТАРКИБИ
Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданий мерос соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси фаолиятига оид Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданий мерос соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 1 июндаги ПҚ-177-сон қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда — Жамғарма) Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги фаолиятига кўмаклашиш бўйича функцияларини белгилаш;
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланишини белгилаш;
Республика болалар кутубхонасини Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлигидан Жамғарма тизимига ўтказиш;
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг янги таркибини тасдиқлаш.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Маданият ва санъатни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2022 йил 6 августдаги 436-сон қарорининг 2-банди ва унга 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 июлдаги 271-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматнинг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 1 ноябрдаги 886-сон қарорида :
а) қуйидаги мазмундаги 1 1 -банд билан тўлдирилсин:
«1 1 . Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бошқарув ходимларининг чекланган сони 50 нафар этиб белгилансин.»;
б) илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда — Жамғарма) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, мазкур Низомга амал қилади.
3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган миллий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига ҳамда тижорат банкларида миллий ва чет эл валютасида банк ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрига эга бўлади.
Жамғарманинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi;
қисқартирилган номи — Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi;
б) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Art and Culture Development Foundation under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — Art and Culture Development Foundation;
в) рус тилида:
тўлиқ номи — Фонд развития культуры и искусства при Кабинете Министров Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Фонд развития культуры и искусства.
2-боб. Жамғарманинг асосий вазифалари ва функциялари
4. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:
молиявий, ташкилий ва ижодий йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, маданият арбобларини ҳамда тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография соҳаларида уларнинг ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасида халқаро маданият ташкилотлар ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, мамлакатимизда маданият ва санъатга доир ҳомийликни ривожлантиришга кўмаклашиш;
маданиятлараро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзбек санъатининг жаҳон бадиий ва маданий маконига интеграциялашувига кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатимизнинг маданий ва илмий-техник салоҳиятини ҳамда рақобатбардошлиги билан боғлиқ жиҳатларни намойиш этиш;
маданият ва санъат соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шу билан бирга, маданият ва санъат муассасаларини зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминлаш;
хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз музейлари ва бошқа маданият муассасалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш;
маданий мерос соҳасида давлат сиёсатини юритишга кўмаклашиш;
халқаро стандартларга мувофиқ янги маданият муассасаларини қуриш учун молиявий маблағ ва кўмак бериш;
маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни капитал ҳамда жорий таъмирлаш;
халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни биргаликда молиялаштиришни ташкил этишни таъминлаш;
жаҳондаги илғор тажрибаларни мамлакатимизда жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш;
аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш ҳажмини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
қонунчиликда белгиланган манбалардан тушаётган маблағларни жамғаришни таъминлаш;
ажратилаётган мақсадли маблағлардан тўғри, самарали ва мақсадли фойдаланиш устидан тизимли назорат ўрнатиш;
Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар учун мақсадли маблағлар ажратиш.
5. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) молиявий, ташкилий ва ижодий йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, маданият арбобларини ҳамда тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография соҳаларида уларнинг ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида:
маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
миллий ва хорижий маданият ҳамда санъат намояндаларининг ижоди билан танишишга доир тадбирларни ташкил этиш;
маданият ва санъатни ривожлантириш, маданий мерос соҳаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
маданият ва санъатнинг турли соҳаларини оммалаштириш, шунингдек, маданият арбобларини қўллаб-қувватлаш тадбирларини ўтказиш;
Жамғарма томонидан ўтказиладиган тадбирларнинг календарь режасини тузиш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига киритиш;
маданият ва санъатни ҳамда ушбу соҳадаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича тадбирларни амалга ошириш;
б) халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасида халқаро маданият ташкилотлари ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий сармоя ва грантларни жалб этиш, мамлакатимизда маданият ва санъатга доир ҳомийликни ривожлантиришга кўмаклашиш борасида:
хорижий шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро тадбирлар, шу жумладан уларнинг инвестиция лойиҳаларида, грантларни ажратишдаги иштирокини ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикаси маданияти ва санъатини ривожлантиришга йўналтирилган бошқа ёрдамлар кўрсатиш;
ўзбек маданияти ва санъатини оммалаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган халқаро маданий тадбирларнинг республика ва унинг ташқарисида ўтказилишини ташкил қилиш;
Ўзбекистон Республикасида меценатликни ривожлантиришга кўмаклашиш;
в) маданиятлараро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзбек санъатининг жаҳон бадиий ва маданий маконига интеграциялашувига кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатимизнинг маданий ва илмий-техник салоҳияти ҳамда рақобатбардошлиги билан боғлиқ жиҳатларни намойиш этиш борасида:
маданият ва санъат арбобларини жаҳон маданий ҳамжамиятига кенг жалб этиш, шу жумладан уларнинг халқаро кўргазмалар, конференциялар, фестиваллар ва шу кабилардаги иштирокини таъминлашга доир тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;
Ўзбекистон маданияти ва санъатини жаҳон даражасида кенг тарғиб қиладиган адабиётлар яратиш ва уларни хорижий нашриёт уйлари орқали оммалаштириш;
г) маданият ва санъат соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шу билан бирга, маданият ва санъат муассасаларини зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминлаш борасида:
маданият ва санъат соҳаси учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга, уларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга, ёшлар ҳамда Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантиришга қаратилган фаолият билан шуғулланувчи шахсларни рағбатлантиришга доир тадбирларни, шу жумладан, грант дастурларини шакллантириш орқали ташкил этиш;
Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тадбирлар учун мақсадли маблағлар ажратиш;
д) хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз музейлари ва бошқа маданий муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш борасида:
хорижий тажрибани доимий ўрганиш ва музейлар ҳамда бошқа маданият муассасаларининг фаолияти самарадорлигини оширишда кўмаклашиш;
музейлар, маданий мерос объектлари ва маданият муассасаларида инклюзив муҳитни яратиш;
е) маданий мерос соҳасида давлат сиёсатини юритишга кўмаклашиш борасида:
Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги фаолиятини ривожлантириш, унинг ваколат доирасига кирувчи масалалар, ижро ва меҳнат интизомини таъминлаш бўйича тавсиялар бериш;
Маданий мерос агентлиги таклифига асосан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг ҳар йиллик манзилли рўйхатини кўриб чиқиш ҳамда келишиш;
Маданий мерос агентлиги тизимидаги ташкилотларнинг раҳбарлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичлари (индикаторлари)ни мониторинг қилиб бориш;
ж) халқаро стандартларга мувофиқ янги маданий муассасалар қуриш учун молиявий маблағ ва кўмак бериш борасида:
маданият ва санъат объектларини лойиҳалаш, реставрация, реконструкция ҳамда қурилиш-таъмирлаш бўйича мазкур мақсадлар учун ажратилган республика бюджети ва ўз маблағлари ҳисобидан буюртмачи функциясини бажариш;
жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, янги маданият муассасаларини қуриш ишларини амалга оширишга хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
халқаро стандартларга мувофиқ янги маданият муассасаларини қуриш ишларини амалга ошириш;
маданият муассасаларини қуриш учун мақсадли молиявий маблағлар ажратиш;
з) маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни капитал ҳамда жорий таъмирлаш борасида:
музейлар, маданий мерос объектлари ва маданият муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
маданият муассасаларини лойиҳалаш, реставрация, реконструкция қилиш ва қуриш учун етакчи халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб этиш;
музейлар, маданий мерос объектлари ва маданият муассасаларида реставрация, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларини белгиланган тартибда амалга ошириш;
и) халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни биргаликда молиялаштиришни ташкил этишни таъминлаш борасида:
халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни ривожлантиришга йўналтирилган грантлар ажратиш ва бошқа кўмак беришда халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма тадбирларни, шу жумладан, уларнинг инвестиция лойиҳаларида иштирок этишини ташкил этиш;
к) жаҳондаги илғор тажрибаларни мамлакатимизда жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш борасида:
маданият ва санъат соҳасида жаҳондаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва таҳлил қилиб бориш;
илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича асосли таклифларни тайёрлаш;
илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режалари ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш;
л) аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш ҳажмини кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш:
жорий ҳолатни ўрганиш, шунингдек, маданият ва санъат ташкилотлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган пулли хизматлар ҳажмини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
пулли асосда ноёб бренд маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва реализация қилиш, роялти тизимини қўллаш, шу жумладан китоб, босма нашрлар савдоси ва Жамғарма томонидан ўтказиладиган маданий тадбирларга чипта савдосини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида мамлакатимиз маданияти ва санъати соҳасидаги энг яхши ютуқларни тарғиб қилиш мақсадида хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш;
м) қонунчиликда белгиланган манбалардан тушаётган маблағларни жамғаришни таъминлаш борасида:
таҳлил ўтказиш ва Жамғармага маблағларнинг ўз вақтида тушишини таъминлаш;
Жамғармага маблағларнинг тушиши ва сарфланишини прогноз қилиш;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини молия ташкилотларига жойлаштириш;
н) ажратилаётган мақсадли маблағлардан тўғри, самарали ва мақсадли фойдаланиш устидан тизимли назорат ўрнатиш борасида:
ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилиш;
Жамғарманинг даромад ва харажатлари сметаларини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш;
Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳисобини юритиш ва уларнинг бажарилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳар чораклик ҳисоботни тақдим этиш;
о) Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар учун мақсадли маблағлар ажратиш борасида:
Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни рағбатлантириш бўйича таклифларни, уларга давлат мукофотлари бериш юзасидан тақдимномаларни киритиш;
хизмат вазифаларини бажариш чоғидаги алоҳида хизматлари учун ва пенсияга чиқиши муносабати билан қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш;
ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш (ходимлар учун уй-жой қуриш ва харид қилиш, санаторий-курортда даволаниш ва тиббий хизмат кўрсатиш, мукофотлар тўлаш, устамалар белгилаш, моддий ёрдам ва бошқалар);
ходимларининг лавозим маоши, илмий даражалари, узоқ муддат узлуксиз хизмати учун устама ҳақлар, байрам кунлари учун мукофотлар, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар, рағбатлантириш тўловлари, қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловларни тўлаб бориш.
3-боб. Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тартиби
6. Жамғарма фаолияти Жамғарма раиси томонидан бошқарилади.
Жамғарма раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Жамғарма раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Жамғарма раисининг таклифига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Жамғарма раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича тегишли равишда вазирга, вазирнинг биринчи ўринбосарига ҳамда вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
7. Жамғарма раиси:
Жамғарманинг тузилмасини тасдиқлайди ҳамда зарур ҳолларда, унга Жамғарма ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритади;
Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тайёрлайди ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига тақдим этади;
Жамғарманинг штатлар сонини ва Жамғармани таъминлаш маблағларининг чекланган умумий миқдорини белгилаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига таклифлар киритади;
Жамғармага юкланган асосий вазифалар ва функцияларга мувофиқ Жамғарма фаолиятини ташкил этади, ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида Жамғарманинг штатлар жадвалини шакллантиради, хўжалик, меҳнат ва бошқа шартнома ҳамда ҳужжатларни Жамғарма номидан имзолайди;
Жамғарма раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари лавозимларига номзодларни тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш бўйича белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;
маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни шартнома асосида уларга, истисно тариқасида, Жамғарма маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда жалб қилади;
Жамғарма маблағлари ҳисобидан Жамғарма ходимларига уларнинг асосий эгаллаб турган лавозимлари бўйича лавозим маошлари (тариф ставкалари)га қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар ҳамда узоқ муддат хизмат қилгани учун устама ҳақ тўлаш тартиби ва миқдорларини белгилайди;
Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги марказий аппарати бошқарув ходимлари, ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари, шу жумладан давлат музейлари директорлари лавозимларига номзодларни тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш масалаларини кўриб чиқади;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини текширишни ташкил этади, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўради;
ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши ҳақидаги ҳисоботни тақдим этади;
Жамғарма маблағлари тушумларини кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланилиши, шу жумладан хорижий инвестиция ва ҳомийларни жалб этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
мазкур Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
8. Жамғарма раисининг таклифига биноан Жамғарманинг Васийлик кенгаши тузилиши мумкин, унинг таркиби Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланади.
9. Жамғарма ҳузурида маданият ва санъат арбобларидан иборат Эксперт кенгаш тузилиши мумкин, унинг таркиби Жамғарма раиси томонидан тасдиқланади.
4-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби
10. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига асосан ажратиладиган республика бюджети маблағлари;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари, меценатлик кўмаги, грантлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
11. Жамғарма раиси Жамғарма маблағларининг тасарруфчиси ҳисобланади.
12. Жамғармани таъминлаш маблағларининг чекланган умумий миқдори Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланади.
13. Жамғармани таъминлаш харажатлари қоплангандан сўнг Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланган Жамғарма даромад ва харажатлари сметасига мувофиқ мазкур Низомнинг 4 ва 5-бандларида назарда тутилган вазифа ва функцияларни бажариш учун йўналтирилади.
14. Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметаси бюджетдан ташқари маблағлар бўйича бюджет ташкилотлари учун (чораклар, тушумлар манбалари ва уларнинг сарфланиш йўналишлари бўйича) қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланади.
15. Жамғарманинг бўш маблағларидан грант асосида миллий маданий давлат дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштириш (биргаликда молиялаштириш) учун фойдаланилиши мумкин.
16. Жамғармага, истисно тариқасида, товарларни (ишларни, хизматларни) сотиб олиш учун етказиб берувчилар билан импорт битимлари (шартномалари) тузилган тақдирда, Жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобидан (Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар бундан мустасно) 15 фоиздан ортиқ аванс тўлашга рухсат берилади.
6-боб. Жамғарманинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
17. Жамғарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
белгиланган тартибда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан Жамғарма ваколатларига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотларни сўраш ва олиш;
ўз банк ҳисобварақларида мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган манбалардан тушадиган маблағларни жамғариш;
Жамғарма томонидан ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, молиялаштиришни тўхтатиш ёки ажратилган маблағларни қайтариб олиш;
вақтинча бўш маблағларни ликвидли молиявий инструментларга (депозитлар, қимматли қоғозлар, облигациялар ва шу кабиларга) жойлаштириш;
Жамғарма маблағларининг маданият ва санъатни ривожлантиришга доир аниқ лойиҳалар учун ажратилишида шартларни белгилаш;
ўз мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун хорижий ҳамкорлар шартномалар тузиш;
маданият ва санъатни ривожлантиришнинг турли масалалари бўйича белгиланган тартибда ташаббуслар билан чиқиш;
ёшлар ҳамда Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантиришга қаратилган фаолият билан шуғулланувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган шахсларга грантлар шаклида маблағлар ажратиш;
оммавий ахборот воситаларида ўз фаолияти ҳақида материаллар чоп этиш;
Жамғарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Жамғармага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш;
ўз ваколатлари доирасида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш;
идоравий мансублигидан қатъи назар, республикадаги барча музейлар, маданий мерос объектлари ва маданият ва санъат муассасалари Жамғарма лойиҳаларининг амалга оширилишига ўз ваколатлари доирасида яқиндан кўмаклашиш;
Жамғарма идоравий мансуб ташкилотларининг давлат мулкини бир бўлинмадан бошқасига белгиланган тартибда ўз ташкилий тузилмаси доирасида, текин фойдаланиш ҳуқуқи билан бериши мумкин;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган фаолият турларини амалга ошириш.
Жамғарма қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
18. Жамғарма:
мазкур Низомда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилишини таъминлаши;
Жамғарма маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши юзасидан доимий назоратни амалга ошириши;
Жамғарма даромадларининг истиқболли кўрсаткичлари бажарилиши самарадорлигини таҳлил қилиш, аниқланган ва маблағларининг келиб тушишига салбий таъсир кўрсатаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриши шарт.
7-боб. Якунловчи қоидалар
19. Жамғарма ҳар йили қонунчиликка мувофиқ молиявий ҳисоботни тайёрлайди. Жамғарманинг молиявий ҳисоботи молиявий йил якунлангандан сўнг аудиторлик ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда текширилади. Молиявий ҳисобот, аудиторлик хулосаси ҳар йили 1 майдан кеч бўлмаган муддатда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига тақдим этилади.
Жамғарма маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан назорат қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
20. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
21. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 19 июндаги 458-сон қарорига 9-илованинг изоҳ қисми 2-бандининг учинчи хатбошисидаги «Халқ таълими вазирлигининг Республика болалар кутубхонаси» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг Республика болалар кутубхонаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» 2018 йил 26 ноябрдаги 957-сон қарорига 3-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг
Лавозимига кўра — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси, миллий комиссия раиси Б.О. Саидов — ташқи ишлар вазири, миллий комиссия раисининг ўринбосари И.Ю. Абдураҳмонов — олий таълим, фан ва инновациялар вазири, миллий комиссия раисининг ўринбосари О.А. Назарбеков — маданият ва туризм вазири А.И. Икрамов — ёшлар сиёсати ва спорт вазири Ш.Х. Шерматов — рақамли технологиялар вазири Ҳ.Ў. Умарова — мактабгача ва мактаб таълими вазири А.Р. Каримов — иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Б.С. Йўлдашев — Фанлар академияси президенти А.В. Нуриддинов — Бадиий академия раиси А.А. Ходжаев — Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А. Кўчимов — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Д. Хаджаев — Миллий телерадиокомпания раиси лавозимига кўра — Миллий комиссия Бош котиби
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 февралдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги низомнинг 9-банди учинчи хатбошисидаги «Республика болалар кутубхонаси» сўзлари чиқариб ташлансин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузуридаги Маданий мерос объектлари ва санъат ашёларини реставрация қилиш илмий-тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 июлдаги 598-сон қарорида :
а) 2-банднинг бешинчи хатбошисидаги «ижрочи директорига» сўзлари «раисига» сўзи билан алмаштирилсин;
б) 2-иловада :
11-банднинг тўртинчи хатбошисидаги , 12-банднинг биринчи хатбошисидаги , 13-банддаги ва 14-банднинг бешинчи хатбошисидаги тегишли келишикдаги «ижрочи директори» сўзлари тегишли келишикдаги «раиси» сўзи билан алмаштирилсин;
15-бандда :
иккинчи хатбошидаги «Кенгаши томонидан» сўзлари «сметасида» сўзи билан алмаштирилсин;
учинчи хатбошидаги «Инновацион ривожланиш вазирлиги» сўзлари «Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
20-банднинг еттинчи хатбошисидаги «Жамғарма Кенгашининг қарори бўйича» сўзлари чиқариб ташлансин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрида Замонавий санъат маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 6 мартдаги 131-сон қарорида :
а) 3-банднинг тўртинчи хатбошисидаги ва 6-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Кенгаши» сўзи чиқариб ташлансин;
б) 2-иловада :
10-банддаги «ижрочи директори» сўзлари «раиси» сўзлари билан алмаштирилсин;
12-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Кенгаши» сўзи чиқариб ташлансин.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабдан ташқари таълим тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарорида :
а) 3-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Республика «Болалар кутубхонаси» сўзлари чиқариб ташлансин;
б) 7-иловада :
3-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Республика болалар кутубхонаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) тизимига киради»;
5-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Жамғарма Республика болалар кутубхонасининг муассиси ҳисобланади»;
6-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
21-банддаги «Болалар кутубхоналари» Вазирлик билан» сўзлари «Республика болалар кутубхонаси Жамғарма билан, бошқа «Болалар кутубхоналари» эса Вазирлик билан» сўзлари билан алмаштирилсин;
26-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«26. Республика болалар кутубхонасига Жамғарма раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади»;
27-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Республика болалар кутубхонасига» сўзлари «кутубхонага» сўзи билан алмаштирилсин;
28 ва 30-бандлардаги ҳамда 32-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги тегишли келишикдаги «Республика болалар кутубхонаси» сўзлари тегишли келишикдаги «Вазирлик» сўзи билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 3 июль,
271-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
TARKIBI
Maʼmuriy islohotlar doirasida madaniy meros sohasida davlat boshqaruvi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi faoliyatiga oid Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida madaniy meros sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 1-iyundagi PQ-177-son qarorining ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasining (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi faoliyatiga koʻmaklashish boʻyicha funksiyalarini belgilash;
Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasi Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri tomonidan tasdiqlanishini belgilash;
Respublika bolalar kutubxonasini Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha taʼlim va maktab taʼlimi vazirligidan Jamgʻarma tizimiga oʻtkazish;
YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasining yangi tarkibini tasdiqlash.
2. Vazirlar Mahkamasining “Madaniyat va sanʼatni rivojlantirishni qoʻllab-quvvatlash tizimi yanada takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2022-yil 6-avgustdagi 436-son qarorining 2-bandi va unga 1-ilova oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi raisi zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 3-iyuldagi 271-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatning ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2017-yil 1-noyabrdagi 886-son qarorida :
a) quyidagi mazmundagi 1 1 -band bilan toʻldirilsin:
“1 1 . Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi boshqaruv xodimlarining cheklangan soni 50 nafar etib belgilansin.”;
b) ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasining (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) maqomi, asosiy vazifalari, funksiyalari, huquq va majburiyatlarini, shuningdek, uning faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi, Oʻzbekiston Respublikasi qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, boshqa qonunchilik hujjatlariga, shuningdek, mazkur Nizomga amal qiladi.
3. Jamgʻarma davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanadi, oʻzining mustaqil balansiga, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan milliy valyutadagi shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga hamda tijorat banklarida milliy va chet el valyutasida bank hisobvaraqlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi yozilgan muhriga ega boʻladi.
Jamgʻarmaning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi;
qisqartirilgan nomi — Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi;
b) ingliz tilida:
toʻliq nomi — Art and Culture Development Foundation under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — Art and Culture Development Foundation;
v) rus tilida:
toʻliq nomi — Fond razvitiya kulturi i iskusstva pri Kabinete Ministrov Respubliki Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — Fond razvitiya kulturi i iskusstva.
2-bob. Jamgʻarmaning asosiy vazifalari va funksiyalari
4. Quyidagilar Jamgʻarmaning asosiy vazifalari hisoblanadi:
moliyaviy, tashkiliy va ijodiy yoʻnalishlarda kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish asosida madaniyat va sanʼat sohasini yanada rivojlantirishga koʻmaklashish, shuningdek, madaniyat arboblarini hamda tasviriy sanʼat, adabiyot, teatr, musiqa va xoreografiya sohalarida ularning tashabbusi bilan tashkil etiladigan tadbirlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash;
xalqaro va davlatlararo madaniy aloqalarni kengaytirish, madaniyat va sanʼat sohasida xalqaro madaniyat tashkilotlar va xayriya jamgʻarmalari bilan hamkorlikni rivojlantirish, xorijiy investitsiyalar va grantlarni jalb etish, mamlakatimizda madaniyat va sanʼatga doir homiylikni rivojlantirishga koʻmaklashish;
madaniyatlararo ijodiy muloqotni yoʻlga qoʻyish va oʻzbek sanʼatining jahon badiiy va madaniy makoniga integratsiyalashuviga koʻmaklashish, shuningdek, mamlakatimizning madaniy va ilmiy-texnik salohiyatini hamda raqobatbardoshligi bilan bogʻliq jihatlarni namoyish etish;
madaniyat va sanʼat sohasida kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini takomillashtirish, shu bilan birga, madaniyat va sanʼat muassasalarini zarur adabiyotlar va davriy nashrlar bilan taʼminlash;
xorijiy tajribalarni hisobga olgan holda, mamlakatimiz muzeylari va boshqa madaniyat muassasalari faoliyatining samaradorligini oshirish tizimini takomillashtirishga koʻmaklashish;
madaniy meros sohasida davlat siyosatini yuritishga koʻmaklashish;
xalqaro standartlarga muvofiq yangi madaniyat muassasalarini qurish uchun moliyaviy mablagʻ va koʻmak berish;
madaniyat va sanʼat muassasalarining moddiy-texnika bazasini mustahkamlash va ularni kapital hamda joriy taʼmirlash;
xalqaro institutlar, xorijiy mamlakatlar hukumatlari, homiylar va donorlar bilan hamkorlikda loyihalarni birgalikda moliyalashtirishni tashkil etishni taʼminlash;
jahondagi ilgʻor tajribalarni mamlakatimizda joriy etish boʻyicha takliflar tayyorlash maqsadida madaniyat va sanʼat sohasini moliyalashtirish boʻyicha rivojlangan davlatlar tajribasini oʻrganish;
aholiga pulli xizmatlar koʻrsatish hajmini oshirish boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish;
qonunchilikda belgilangan manbalardan tushayotgan mablagʻlarni jamgʻarishni taʼminlash;
ajratilayotgan maqsadli mablagʻlardan toʻgʻri, samarali va maqsadli foydalanish ustidan tizimli nazorat oʻrnatish;
Jamgʻarma va uning tizimida faoliyat koʻrsatayotgan xodimlarni moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy himoya qilish boʻyicha tadbirlar uchun maqsadli mablagʻlar ajratish.
5. Jamgʻarma oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
a) moliyaviy, tashkiliy va ijodiy yoʻnalishlarda kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish asosida madaniyat va sanʼat sohasini yanada rivojlantirishga koʻmaklashish, shuningdek, madaniyat arboblarini hamda tasviriy sanʼat, adabiyot, teatr, musiqa va xoreografiya sohalarida ularning tashabbusi bilan tashkil etiladigan tadbirlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash borasida:
madaniyat va sanʼat sohasini moliyalashtirish boʻyicha xorijiy mamlakatlar tajribasini oʻrganish va joriy qilish boʻyicha takliflar tayyorlash;
milliy va xorijiy madaniyat hamda sanʼat namoyandalarining ijodi bilan tanishishga doir tadbirlarni tashkil etish;
madaniyat va sanʼatni rivojlantirish, madaniy meros sohalarida normativ-huquqiy hujjatlarni ishlab chiqish;
madaniyat va sanʼatning turli sohalarini ommalashtirish, shuningdek, madaniyat arboblarini qoʻllab-quvvatlash tadbirlarini oʻtkazish;
Jamgʻarma tomonidan oʻtkaziladigan tadbirlarning kalendar rejasini tuzish va tasdiqlash uchun Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziriga kiritish;
madaniyat va sanʼatni hamda ushbu sohadagi ilmiy tadqiqotlarni rivojlantirish boʻyicha tadbirlarni amalga oshirish;
b) xalqaro va davlatlararo madaniy aloqalarni kengaytirish, madaniyat va sanʼat sohasida xalqaro madaniyat tashkilotlari va xayriya jamgʻarmalari bilan hamkorlikni rivojlantirish, xorijiy sarmoya va grantlarni jalb etish, mamlakatimizda madaniyat va sanʼatga doir homiylikni rivojlantirishga koʻmaklashish borasida:
xorijiy sheriklar bilan hamkorlikni yoʻlga qoʻyish va oʻzaro tadbirlar, shu jumladan ularning investitsiya loyihalarida, grantlarni ajratishdagi ishtirokini tashkil etish va Oʻzbekiston Respublikasi madaniyati va sanʼatini rivojlantirishga yoʻnaltirilgan boshqa yordamlar koʻrsatish;
oʻzbek madaniyati va sanʼatini ommalashtirish hamda Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro maydondagi nufuzini mustahkamlashga qaratilgan xalqaro madaniy tadbirlarning respublika va uning tashqarisida oʻtkazilishini tashkil qilish;
Oʻzbekiston Respublikasida metsenatlikni rivojlantirishga koʻmaklashish;
v) madaniyatlararo ijodiy muloqotni yoʻlga qoʻyish va oʻzbek sanʼatining jahon badiiy va madaniy makoniga integratsiyalashuviga koʻmaklashish, shuningdek, mamlakatimizning madaniy va ilmiy-texnik salohiyati hamda raqobatbardoshligi bilan bogʻliq jihatlarni namoyish etish borasida:
madaniyat va sanʼat arboblarini jahon madaniy hamjamiyatiga keng jalb etish, shu jumladan ularning xalqaro koʻrgazmalar, konferensiyalar, festivallar va shu kabilardagi ishtirokini taʼminlashga doir tadbirlarni tashkil etish va oʻtkazish;
Oʻzbekiston madaniyati va sanʼatini jahon darajasida keng targʻib qiladigan adabiyotlar yaratish va ularni xorijiy nashriyot uylari orqali ommalashtirish;
g) madaniyat va sanʼat sohasida kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini takomillashtirish, shu bilan birga, madaniyat va sanʼat muassasalarini zarur adabiyotlar va davriy nashrlar bilan taʼminlash borasida:
madaniyat va sanʼat sohasi uchun kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini takomillashtirishga, ularning ilmiy faoliyatini qoʻllab-quvvatlashga, yoshlar hamda Oʻzbekiston Respublikasida va uning tashqarisida Oʻzbekiston madaniyati va sanʼatini rivojlantirishga qaratilgan faoliyat bilan shugʻullanuvchi shaxslarni ragʻbatlantirishga doir tadbirlarni, shu jumladan, grant dasturlarini shakllantirish orqali tashkil etish;
Jamgʻarma va uning tizimida faoliyat koʻrsatayotgan xodimlarni oʻqitish, tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha tadbirlar uchun maqsadli mablagʻlar ajratish;
d) xorijiy tajribalarni hisobga olgan holda, mamlakatimiz muzeylari va boshqa madaniy muassasalari faoliyati samaradorligini oshirish tizimini takomillashtirishga koʻmaklashish borasida:
xorijiy tajribani doimiy oʻrganish va muzeylar hamda boshqa madaniyat muassasalarining faoliyati samaradorligini oshirishda koʻmaklashish;
muzeylar, madaniy meros obyektlari va madaniyat muassasalarida inklyuziv muhitni yaratish;
e) madaniy meros sohasida davlat siyosatini yuritishga koʻmaklashish borasida:
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi faoliyatini rivojlantirish, uning vakolat doirasiga kiruvchi masalalar, ijro va mehnat intizomini taʼminlash boʻyicha tavsiyalar berish;
Madaniy meros agentligi taklifiga asosan Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan asrashga doir ishlar amalga oshiriladigan moddiy madaniy meros koʻchmas mulk obyektlarining har yillik manzilli roʻyxatini koʻrib chiqish hamda kelishish;
Madaniy meros agentligi tizimidagi tashkilotlarning rahbarlari faoliyati samaradorligining asosiy koʻrsatkichlari (indikatorlari)ni monitoring qilib borish;
j) xalqaro standartlarga muvofiq yangi madaniy muassasalar qurish uchun moliyaviy mablagʻ va koʻmak berish borasida:
madaniyat va sanʼat obyektlarini loyihalash, restavratsiya, rekonstruksiya hamda qurilish-taʼmirlash boʻyicha mazkur maqsadlar uchun ajratilgan respublika budjeti va oʻz mablagʻlari hisobidan buyurtmachi funksiyasini bajarish;
jahon tajribasidan kelib chiqib, yangi madaniyat muassasalarini qurish ishlarini amalga oshirishga xorijiy mutaxassislarni jalb qilish;
xalqaro standartlarga muvofiq yangi madaniyat muassasalarini qurish ishlarini amalga oshirish;
madaniyat muassasalarini qurish uchun maqsadli moliyaviy mablagʻlar ajratish;
z) madaniyat va sanʼat muassasalarining moddiy-texnika bazasini mustahkamlash va ularni kapital hamda joriy taʼmirlash borasida:
muzeylar, madaniy meros obyektlari va madaniyat muassasalarining moddiy-texnika bazasini mustahkamlashga koʻmaklashish;
madaniyat muassasalarini loyihalash, restavratsiya, rekonstruksiya qilish va qurish uchun yetakchi xalqaro va mahalliy ekspertlarni jalb etish;
muzeylar, madaniy meros obyektlari va madaniyat muassasalarida restavratsiya, rekonstruksiya va kapital taʼmirlash ishlarini belgilangan tartibda amalga oshirish;
i) xalqaro institutlar, xorijiy mamlakatlar hukumatlari, homiylar va donorlar bilan hamkorlikda loyihalarni birgalikda moliyalashtirishni tashkil etishni taʼminlash borasida:
xalqaro institutlar, xorijiy mamlakatlar hukumatlari, homiylar va donorlar bilan hamkorlik aloqalarini oʻrnatish;
Oʻzbekiston Respublikasida madaniyat va sanʼatni rivojlantirishga yoʻnaltirilgan grantlar ajratish va boshqa koʻmak berishda xalqaro institutlar, xorijiy mamlakatlar hukumatlari, homiylar va donorlar bilan hamkorlikni yoʻlga qoʻyish va qoʻshma tadbirlarni, shu jumladan, ularning investitsiya loyihalarida ishtirok etishini tashkil etish;
k) jahondagi ilgʻor tajribalarni mamlakatimizda joriy etish boʻyicha takliflar tayyorlash maqsadida madaniyat va sanʼat sohasini moliyalashtirish boʻyicha rivojlangan davlatlar tajribasini oʻrganish borasida:
madaniyat va sanʼat sohasida jahondagi ilgʻor tajribalarni oʻrganish va tahlil qilib borish;
ilgʻor tajribalarni joriy etish boʻyicha asosli takliflarni tayyorlash;
ilgʻor tajribalarni joriy etish boʻyicha chora-tadbirlar rejalari va tegishli normativ-huquqiy hujjat loyihalarini tayyorlash;
l) aholiga pulli xizmatlar koʻrsatish hajmini koʻpaytirish boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish:
joriy holatni oʻrganish, shuningdek, madaniyat va sanʼat tashkilotlari tomonidan aholiga koʻrsatilayotgan pulli xizmatlar hajmini oshirish boʻyicha takliflar tayyorlash;
pulli asosda noyob brend mahsulotlarni ishlab chiqish va realizatsiya qilish, royalti tizimini qoʻllash, shu jumladan kitob, bosma nashrlar savdosi va Jamgʻarma tomonidan oʻtkaziladigan madaniy tadbirlarga chipta savdosini amalga oshirish;
Oʻzbekiston Respublikasida va uning tashqarisida mamlakatimiz madaniyati va sanʼati sohasidagi eng yaxshi yutuqlarni targʻib qilish maqsadida xizmatlar koʻrsatish va ishlarni bajarish;
m) qonunchilikda belgilangan manbalardan tushayotgan mablagʻlarni jamgʻarishni taʼminlash borasida:
tahlil oʻtkazish va Jamgʻarmaga mablagʻlarning oʻz vaqtida tushishini taʼminlash;
Jamgʻarmaga mablagʻlarning tushishi va sarflanishini prognoz qilish;
Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh mablagʻlarini moliya tashkilotlariga joylashtirish;
n) ajratilayotgan maqsadli mablagʻlardan toʻgʻri, samarali va maqsadli foydalanish ustidan tizimli nazorat oʻrnatish borasida:
ajratilayotgan mablagʻlardan maqsadli foydalanilishini monitoring qilish;
Jamgʻarmaning daromad va xarajatlari smetalarini ishlab chiqish va Vazirlar Mahkamasiga tasdiqlash uchun kiritish;
Jamgʻarma daromadlari va xarajatlarining hisobini yuritish va ularning bajarilishi boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga har choraklik hisobotni taqdim etish;
o) Jamgʻarma va uning tizimida faoliyat koʻrsatayotgan xodimlarni moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy himoya qilish boʻyicha tadbirlar uchun maqsadli mablagʻlar ajratish borasida:
Jamgʻarma va uning tizimida faoliyat koʻrsatayotgan xodimlarni ragʻbatlantirish boʻyicha takliflarni, ularga davlat mukofotlari berish yuzasidan taqdimnomalarni kiritish;
xizmat vazifalarini bajarish chogʻidagi alohida xizmatlari uchun va pensiyaga chiqishi munosabati bilan qimmatbaho sovgʻalar bilan mukofotlash;
xodimlarni moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy himoya qilish (xodimlar uchun uy-joy qurish va xarid qilish, sanatoriy-kurortda davolanish va tibbiy xizmat koʻrsatish, mukofotlar toʻlash, ustamalar belgilash, moddiy yordam va boshqalar);
xodimlarining lavozim maoshi, ilmiy darajalari, uzoq muddat uzluksiz xizmati uchun ustama haqlar, bayram kunlari uchun mukofotlar, mukofotlar, qoʻshimcha haqlar, ustamalar, ragʻbatlantirish toʻlovlari, qoʻshimcha moddiy ragʻbatlantirish toʻlovlari va qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa toʻlovlarni toʻlab borish.
3-bob. Jamgʻarma faoliyatini tashkil etish tartibi
6. Jamgʻarma faoliyati Jamgʻarma raisi tomonidan boshqariladi.
Jamgʻarma raisi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod qilinadi. Jamgʻarma raisining birinchi oʻrinbosari va oʻrinbosarlari Jamgʻarma raisining taklifiga binoan Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod qilinadi.
Jamgʻarma raisi, uning birinchi oʻrinbosari va oʻrinbosarlari maqomi va mehnatga haq toʻlash shartlari, tibbiy va transport taʼminoti sharoitlari boʻyicha tegishli ravishda vazirga, vazirning birinchi oʻrinbosariga hamda vazir oʻrinbosariga tenglashtiriladi.
7. Jamgʻarma raisi:
Jamgʻarmaning tuzilmasini tasdiqlaydi hamda zarur hollarda, unga Jamgʻarma xodimlarining belgilangan umumiy soni doirasida oʻzgartirishlar kiritadi;
Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari smetasini tayyorlaydi va tasdiqlash uchun Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziriga taqdim etadi;
Jamgʻarmaning shtatlar sonini va Jamgʻarmani taʼminlash mablagʻlarining cheklangan umumiy miqdorini belgilash boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziriga takliflar kiritadi;
Jamgʻarmaga yuklangan asosiy vazifalar va funksiyalarga muvofiq Jamgʻarma faoliyatini tashkil etadi, xodimlarning cheklangan umumiy soni doirasida Jamgʻarmaning shtatlar jadvalini shakllantiradi, xoʻjalik, mehnat va boshqa shartnoma hamda hujjatlarni Jamgʻarma nomidan imzolaydi;
Jamgʻarma raisining birinchi oʻrinbosari va oʻrinbosarlari lavozimlariga nomzodlarni tayinlash va lavozimdan ozod qilish boʻyicha belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritadi;
mahalliy va xorijiy malakali mutaxassislarni shartnoma asosida ularga, istisno tariqasida, Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan ish haqi va boshqa toʻlovlarni belgilagan holda jalb qiladi;
Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan Jamgʻarma xodimlariga ularning asosiy egallab turgan lavozimlari boʻyicha lavozim maoshlari (tarif stavkalari)ga qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa toʻlovlardan qatʼi nazar, ustama va boshqa ragʻbatlantiruvchi toʻlovlar hamda uzoq muddat xizmat qilgani uchun ustama haq toʻlash tartibi va miqdorlarini belgilaydi;
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi markaziy apparati boshqaruv xodimlari, hududiy boshqarmalari boshliqlari, uning tizimidagi tashkilotlar rahbarlari, shu jumladan davlat muzeylari direktorlari lavozimlariga nomzodlarni tayinlash va lavozimdan ozod qilish masalalarini koʻrib chiqadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda belgilangan tartibda Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanilishini tekshirishni tashkil etadi, aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha zarur choralar koʻradi;
har yili Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziriga Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanilishi haqidagi hisobotni taqdim etadi;
Jamgʻarma mablagʻlari tushumlarini koʻpaytirish va ulardan samarali foydalanilishi, shu jumladan xorijiy investitsiya va homiylarni jalb etish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;
mazkur Nizomga va boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshiradi.
8. Jamgʻarma raisining taklifiga binoan Jamgʻarmaning Vasiylik kengashi tuzilishi mumkin, uning tarkibi Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri tomonidan tasdiqlanadi.
9. Jamgʻarma huzurida madaniyat va sanʼat arboblaridan iborat Ekspert kengash tuzilishi mumkin, uning tarkibi Jamgʻarma raisi tomonidan tasdiqlanadi.
4-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish tartibi
10. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari hisoblanadi:
Vazirlar Mahkamasining hujjatlariga asosan ajratiladigan respublika budjeti mablagʻlari;
Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh mablagʻlarini tijorat banklariga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;
yuridik va jismoniy shaxslarning hamda xalqaro tashkilotlarning homiylik xayriyalari, metsenatlik koʻmagi, grantlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish tartibi
11. Jamgʻarma raisi Jamgʻarma mablagʻlarining tasarrufchisi hisoblanadi.
12. Jamgʻarmani taʼminlash mablagʻlarining cheklangan umumiy miqdori Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri tomonidan tasdiqlanadi.
13. Jamgʻarmani taʼminlash xarajatlari qoplangandan soʻng Jamgʻarma mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri tomonidan tasdiqlangan Jamgʻarma daromad va xarajatlari smetasiga muvofiq mazkur Nizomning 4 va 5-bandlarida nazarda tutilgan vazifa va funksiyalarni bajarish uchun yoʻnaltiriladi.
14. Jamgʻarmaning daromad va xarajatlar smetasi budjetdan tashqari mablagʻlar boʻyicha budjet tashkilotlari uchun (choraklar, tushumlar manbalari va ularning sarflanish yoʻnalishlari boʻyicha) qonunchilikda belgilangan tartibda tuziladi va Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri tomonidan tasdiqlanadi.
15. Jamgʻarmaning boʻsh mablagʻlaridan grant asosida milliy madaniy davlat dasturlari va loyihalarini moliyalashtirish (birgalikda moliyalashtirish) uchun foydalanilishi mumkin.
16. Jamgʻarmaga, istisno tariqasida, tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) sotib olish uchun yetkazib beruvchilar bilan import bitimlari (shartnomalari) tuzilgan taqdirda, Jamgʻarmaning oʻz mablagʻlari hisobidan (Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan ajratiladigan mablagʻlar bundan mustasno) 15 foizdan ortiq avans toʻlashga ruxsat beriladi.
6-bob. Jamgʻarmaning huquqlari va majburiyatlari
17. Jamgʻarma oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish doirasida quyidagi huquqlarga ega:
belgilangan tartibda respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlaridan Jamgʻarma vakolatlariga kiruvchi masalalarni hal etish uchun zarur axborotlarni soʻrash va olish;
oʻz bank hisobvaraqlarida mazkur Nizomning 11-bandida belgilangan manbalardan tushadigan mablagʻlarni jamgʻarish;
Jamgʻarma tomonidan ajratilayotgan mablagʻlardan maqsadli foydalanilishini nazorat qilish, qoidabuzarliklar aniqlangan taqdirda, moliyalashtirishni toʻxtatish yoki ajratilgan mablagʻlarni qaytarib olish;
vaqtincha boʻsh mablagʻlarni likvidli moliyaviy instrumentlarga (depozitlar, qimmatli qogʻozlar, obligatsiyalar va shu kabilarga) joylashtirish;
Jamgʻarma mablagʻlarining madaniyat va sanʼatni rivojlantirishga doir aniq loyihalar uchun ajratilishida shartlarni belgilash;
oʻz maqsad va vazifalarini amalga oshirish uchun xorijiy hamkorlar shartnomalar tuzish;
madaniyat va sanʼatni rivojlantirishning turli masalalari boʻyicha belgilangan tartibda tashabbuslar bilan chiqish;
yoshlar hamda Oʻzbekiston madaniyati va sanʼatini rivojlantirishga qaratilgan faoliyat bilan shugʻullanuvchi Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari hisoblangan shaxslarga grantlar shaklida mablagʻlar ajratish;
ommaviy axborot vositalarida oʻz faoliyati haqida materiallar chop etish;
Jamgʻarma vakolatiga kiruvchi masalalar boʻyicha xalqaro hamkorlikni amalga oshirish;
normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini, shuningdek, Jamgʻarmaga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish bilan bogʻliq boʻlgan boshqa hujjatlarni belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga yoki Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritish;
oʻz vakolatlari doirasida respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, boshqa tashkilotlar va ularning mansabdor shaxslari, shuningdek, fuqarolar tomonidan bajarilishi majburiy boʻlgan qarorlar qabul qilish;
idoraviy mansubligidan qatʼi nazar, respublikadagi barcha muzeylar, madaniy meros obyektlari va madaniyat va sanʼat muassasalari Jamgʻarma loyihalarining amalga oshirilishiga oʻz vakolatlari doirasida yaqindan koʻmaklashish;
Jamgʻarma idoraviy mansub tashkilotlarining davlat mulkini bir boʻlinmadan boshqasiga belgilangan tartibda oʻz tashkiliy tuzilmasi doirasida, tekin foydalanish huquqi bilan berishi mumkin;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan faoliyat turlarini amalga oshirish.
Jamgʻarma qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
18. Jamgʻarma:
mazkur Nizomda belgilangan asosiy vazifalarning bajarilishini taʼminlashi;
Jamgʻarma mablagʻlarining maqsadli va samarali sarflanishi yuzasidan doimiy nazoratni amalga oshirishi;
Jamgʻarma daromadlarining istiqbolli koʻrsatkichlari bajarilishi samaradorligini tahlil qilish, aniqlangan va mablagʻlarining kelib tushishiga salbiy taʼsir koʻrsatayotgan kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha tegishli choralar koʻrishi shart.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
19. Jamgʻarma har yili qonunchilikka muvofiq moliyaviy hisobotni tayyorlaydi. Jamgʻarmaning moliyaviy hisoboti moliyaviy yil yakunlangandan soʻng auditorlik tashkilotlari tomonidan majburiy tartibda tekshiriladi. Moliyaviy hisobot, auditorlik xulosasi har yili 1-maydan kech boʻlmagan muddatda Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziriga taqdim etiladi.
Jamgʻarma mablagʻlarining maqsadli sarflanishi yuzasidan nazorat qonunchilikka muvofiq amalga oshiriladi.
20. Jamgʻarmani qayta tashkil etish va tugatish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
21. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar”.
2. Vazirlar Mahkamasining “Davlat madaniyat muassasalari va davlat arxivlari xodimlari mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirishning takomillashtirilgan tizimini tasdiqlash haqida” 2018-yil 19-iyundagi 458-son qaroriga 9-ilovaning izoh qismi 2-bandining uchinchi xatboshisidagi “Xalq taʼlimi vazirligining Respublika bolalar kutubxonasi” soʻzlari “Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasining Respublika bolalar kutubxonasi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining” soʻzlari bilan almashtirilsin.
3. Vazirlar Mahkamasining “YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi faoliyatini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2018-yil 26-noyabrdagi 957-son qaroriga 3-ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasining
Lavozimiga koʻra — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi raisi, milliy komissiya raisi B.O. Saidov — tashqi ishlar vaziri, milliy komissiya raisining oʻrinbosari I.Y. Abdurahmonov — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri, milliy komissiya raisining oʻrinbosari O.A. Nazarbekov — madaniyat va turizm vaziri A.I. Ikramov — yoshlar siyosati va sport vaziri Sh.X. Shermatov — raqamli texnologiyalar vaziri H.Oʻ. Umarova — maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri A.R. Karimov — iqtisodiyot va moliya vaziri oʻrinbosari B.S. Yoʻldashev — Fanlar akademiyasi prezidenti A.V. Nuriddinov — Badiiy akademiya raisi A.A. Xodjayev — Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi direktori A. Koʻchimov — Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bosh direktori A.D. Xadjayev — Milliy teleradiokompaniya raisi lavozimiga koʻra — Milliy komissiya Bosh kotibi
4. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 19-fevraldagi 146-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi toʻgʻrisidagi nizomning 9-bandi uchinchi xatboshisidagi “Respublika bolalar kutubxonasi” soʻzlari chiqarib tashlansin.
5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi huzuridagi Madaniy meros obyektlari va sanʼat ashyolarini restavratsiya qilish ilmiy-tadqiqot markazi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 17-iyuldagi 598-son qarorida :
a) 2-bandning beshinchi xatboshisidagi “ijrochi direktoriga” soʻzlari “raisiga” soʻzi bilan almashtirilsin;
b) 2-ilovada :
11-bandning toʻrtinchi xatboshisidagi , 12-bandning birinchi xatboshisidagi , 13-banddagi va 14-bandning beshinchi xatboshisidagi tegishli kelishikdagi “ijrochi direktori” soʻzlari tegishli kelishikdagi “raisi” soʻzi bilan almashtirilsin;
15-bandda :
ikkinchi xatboshidagi “Kengashi tomonidan” soʻzlari “smetasida” soʻzi bilan almashtirilsin;
uchinchi xatboshidagi “Innovatsion rivojlanish vazirligi” soʻzlari “Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
20-bandning yettinchi xatboshisidagi “Jamgʻarma Kengashining qarori boʻyicha” soʻzlari chiqarib tashlansin.
6. Vazirlar Mahkamasining “Toshkent shahrida Zamonaviy sanʼat markazi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 6-martdagi 131-son qarorida :
a) 3-bandning toʻrtinchi xatboshisidagi va 6-bandning ikkinchi xatboshisidagi “Kengashi” soʻzi chiqarib tashlansin;
b) 2-ilovada :
10-banddagi “ijrochi direktori” soʻzlari “raisi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
12-bandning ikkinchi xatboshisidagi “Kengashi” soʻzi chiqarib tashlansin.
7. Vazirlar Mahkamasining “Maktabdan tashqari taʼlim tizimini takomillashtirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 27-maydagi 331-son qarorida :
a) 3-bandning ikkinchi xatboshisidagi “Respublika “Bolalar kutubxonasi” soʻzlari chiqarib tashlansin;
b) 7-ilovada :
3-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Respublika bolalar kutubxonasi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tizimiga kiradi”;
5-band quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Jamgʻarma Respublika bolalar kutubxonasining muassisi hisoblanadi”;
6-bandning ikkinchi xatboshisi chiqarib tashlansin;
21-banddagi “Bolalar kutubxonalari” Vazirlik bilan” soʻzlari “Respublika bolalar kutubxonasi Jamgʻarma bilan, boshqa “Bolalar kutubxonalari” esa Vazirlik bilan” soʻzlari bilan almashtirilsin;
26-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“26. Respublika bolalar kutubxonasiga Jamgʻarma raisi tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod qilinadigan direktor rahbarlik qiladi”;
27-bandning ikkinchi xatboshisidagi “Respublika bolalar kutubxonasiga” soʻzlari “kutubxonaga” soʻzi bilan almashtirilsin;
28 va 30-bandlardagi hamda 32-bandning birinchi va ikkinchi xatboshilaridagi tegishli kelishikdagi “Respublika bolalar kutubxonasi” soʻzlari tegishli kelishikdagi “Vazirlik” soʻzi bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 3-iyul,
271-son