📅 2023-yil 4-iyul · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 4-iyul · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 4 июль · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 4 июля 2023 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 4 July 2023 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
МАЪЛУМОТ
РЎЙХАТИ
Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш ҳамда биринчи марта юридик хизмат ходими лавозимига тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сон «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш ҳамда биринчи марта юридик хизмат ходими лавозимига тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан келишилган.
4. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2023 йил 4 июлдаги 9-мҳ-сон буйруғига 1-ИЛОВА
Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш ҳамда биринчи марта юридик хизмат ходими лавозимига тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалаларини мажбурий тартибда тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги , Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда адлия органлари деб юритилади) билан келишиш ҳамда юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтиши тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом мақсадлари учун давлат органлари ва ташкилотлари деганда, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) тушунилади.
2. Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими лавозимига тайинлаш ва ундан озод этишга тақдим этилган номзодларни (бундан буён матнда номзод деб юритилади) адлия органлари билан келишиш уларнинг тавсия этилган лавозимга лаёқатини ва касбига муносиблигини аниқлаш, шунингдек юридик хизмат ходимларини ноқонуний таъсир кўрсатишдан ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.
Стажировка стажёрнинг касбий билимлари, ўқув ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва шакллантириш, шунингдек ишнинг ўзига хослиги, тайинланаётган лавозими бўйича функционал вазифаларини сифатли бажариши учун илғор тажрибани эгаллаб олишини таъминлаш мақсадида ўталади.
3. Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматига номзодлар ҳамда юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар мазкур Низомга асосан адлия органлари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва ундан озод қилинади ҳамда стажировкадан ўтади.
Бунда, келишиш ва стажировка жараёнлари:
республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари учун — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ;
ҳудудий даражадаги давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари учун — тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида амалга оширилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими лавозимига адлия органлари билан келишилиб лавозимга тайинланган ходимлар келгусида ушбу ташкилотнинг юридик хизматидаги лавозими ўзгарганда, шу жумладан ушбу ходимлар давлат органлари ва ташкилотлари қайта ташкил этилиши ёки ташкилий бўйсунуви ўзгариши муносабати билан тенг лавозимга тайинланганда ёки юридик хизматидаги лавозими ўзгарганда адлия органлари билан келишиш талаб этилмайди, юридик хизмат раҳбари ва унинг ўринбосари лавозими бундан мустасно.
Бунда Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг маълумотлари базасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3622, 2025 йил 2 май) асосан давлат органлари ва ташкилотлари ўн кун муддатда тегишли маълумотни адлия органига юбориши лозим.
Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари адлия органлари билан лавозимига тайинланиши келишилган кундан бошлаб бир йил давомида бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматига ишга ўтганда адлия органлари билан суҳбатдан ўтказилмасдан келишилишига йўл қўйилади, юридик хизмат раҳбари ва унинг ўринбосари лавозимлари бундан мустасно.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг юридик хизмат ходимлари ҳамда улар билан келишиб лавозимга тайинланган юридик хизмат ходимлари адлия органлари билан келишиш талаб этилмайди.
2-боб. Юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш масалаларини келишиш
4. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юридик хизмат ходими лавозимига тайинлаш масаласини келишиш учун бир ёки ундан ортиқ номзодлар тавсия этилиши мумкин.
5. Давлат органлари ва ташкилотлари номзодни лавозимга тайинлаш масаласини келишиш учун тегишли адлия органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг номзодни лавозимга тавсия этиш тўғрисидаги тақдимномаси;
номзоднинг ушбу Низомнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ шаклдаги маълумотномаси ва яқин қариндошлари ҳақидаги маълумот.
Юридик хизмат ходими лавозимига келишиш учун бир ёки ундан ортиқ номзодлар тавсия этилганда, мазкур ҳужжатлар ҳар бир номзод учун алоҳида тақдим этилади.
6. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилмайди.
7. Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлашни келишиш масаласини кўриб чиқишда номзод билан суҳбат ўтказилади.
8. Суҳбат адлия органларида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан ўтказилади. Комиссиялар таркиби тегишли адлия органи раҳбари томонидан камида беш кишидан, яъни раис, унинг ўринбосари ва аъзоларидан иборат таркибда тасдиқланади.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида вазирнинг соҳа бўйича масъул ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири ва адлия бошқармаси бошлиғи комиссия раиси ҳисобланади.
10. Комиссиялар фаолиятини ташкил қилиш бўйича ташкилий масалалар, шунингдек юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг стажировка ўташи ва унинг ташкил этилиши ишчи органлар томонидан амалга оширилади.
Адлия вазирлигининг Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари (бундан буён матнда ишчи органлар деб юритилади) ишчи орган ҳисобланади.
11. Келишиш ҳужжатлар тегишли адлия органига келиб тушган санадан бошлаб бир ой ичида амалга оширилади.
12. Ишчи орган томонидан ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида камчиликлар аниқланмаса, номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотига суҳбат ўтказилишидан камида уч кун олдин суҳбат ўтказиладиган кун, вақт ва жой ҳақида хабар берилади.
13. Ҳужжатларда камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, улар тегишли адлия органига келиб тушган санадан бошлаб беш иш куни ичида ишчи орган томонидан камчиликлар кўрсатилган ҳолда номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотига хабар юборилади.
14. Ҳужжатларни кўрсатилган камчиликларни бартараф қилган ҳолда такроран юборишда ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳужжатлар такроран тақдим қилинади.
15. Комиссия ишида аъзоларнинг камида ярми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади. Комиссиянинг аъзоси иш жойида бўлмаган тақдирда унинг ўрнига унинг вазифасини бажарувчи шахс иштирок этишига йўл қўйилади.
16. Номзод билан унинг касб фаолиятига боғлиқ бўлган қонунчилик соҳалари, шу жумладан конституциявий ҳуқуқ, фуқаролик ҳуқуқи ва меҳнат ҳуқуқи соҳалари, шартномавий-ҳуқуқий фаолият ва суд ишларини юритиш асослари бўйича суҳбат ўтказилади.
17. Суҳбат жараёнидаги номзодга бериладиган саволлар ва уларнинг жавоблари, комиссия аъзолари томонидан номзодга қўйилган баллар ҳамда суҳбатнинг умумий натижалари «Юрист-адлия» электрон тизимида қайд этиб борилади.
18. Комиссия аъзолари номзоднинг билими, шунингдек иш тажрибасини ҳисобга олиб, уни суҳбатдан ўтган ёки ўтмаган деб топиш ҳақида қарор қабул қилади. Бунда, ушбу қарор комиссия мажлисида ҳозир бўлган аъзоларнинг «Юрист-адлия» электрон тизими орқали берилган баллари натижаси бўйича қабул қилинади.
Комиссия аъзолари номзодни бошқа лавозимга тайинлаш ҳақида тавсия бериши мумкин.
Суҳбатга кела олмайдиган номзодлар суҳбат бошлангунга қадар Комиссиянинг ишчи органини ёзма хабардор қилишлари лозим. Комиссиянинг ишчи органини суҳбатга кела олмаслиги тўғрисида ёзма хабар берган номзодлар Комиссиянинг навбатдаги йиғилишида суҳбатга қўйиладилар.
Суҳбатга келмаган ва комиссия ишчи органини ёзма хабардор қилмаган номзодлар суҳбатдан ўтмаган деб топилади ва бу ҳақда ишчи орган томонидан номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотига маълум қилинади.
19. Суҳбат натижаларига кўра номзоднинг суҳбатдан ўтганлиги ёки ўтмаганлиги ҳолати бўйича ишчи орган уч иш куни ичида номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотини хабардор қилади.
20. Суҳбатдан ўта олмаган номзодлар бир ойдан сўнг, умумий асосларда тегишли лавозимга қайта тавсия этилиши мумкин.
21. Юридик хизмат ходими лавозимига суҳбатдан уч маротаба ўта олмаган номзодлар уч ойдан сўнг умумий асосларда тегишли лавозимга қайта тавсия этилиши мумкин.
3-боб. Юридик хизмат ходимларини лавозимдан озод этиш масалаларини келишиш
22. Юридик хизмат ходимларини лавозимидан озод этишни келишиш учун давлат органи ва ташкилоти томонидан адлия органларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этиш ҳақидаги тақдимномаси, ушбу тақдимномада ходимни лавозимидан озод этиш сабаблари, мотивлари ва бошқа маълумотлар кўрсатилади;
юридик хизмат ходимининг аризаси — меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилишда;
юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этиш сабабларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилмайди.
23. Юридик хизмат ходимларини лавозимдан озод этиш масалаларини келишиш мазкур Низомда белгиланган юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш масаласини келишиш тартибида амалга оширилади. Бунда ходим билан суҳбат ишчи орган томонидан зарур деб топилган ҳоллардагина ўтказилади.
Ходим ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётган бўлса, мазкур масаланинг комиссия томонидан кўриб чиқилиши талаб этилмайди.
Юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этишнинг келишилганлиги ёки келишилмаганлиги (сабаблари кўрсатилган ҳолда) ҳақида тегишли адлия органи томонидан давлат органи ва ташкилоти ёзма равишда хабардор қилинади.
24. Зарур ҳолларда, адлия органлари томонидан юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этиш масаласига доир қўшимча ҳужжатлар талаб қилиниши ҳамда юридик хизмат ходими билан суҳбат ўтказилиши мумкин.
25. Қуйидагилар юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этишни келишишни рад этиш учун асос бўлади:
юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этиш учун сабаблар етарли эмас деб топилганда;
юридик хизмат ходимининг зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиқмайдиган ишларни бажармаганлиги ёки уни ўзига юклатилган мажбуриятларини бажарганлиги учун таъқиб қилинганлиги ҳолати аниқланганда.
26. Мазкур Низомнинг 25-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, давлат органи ва ташкилотида тегишли адлия органи томонидан хизмат текшируви ўтказилиши мумкин.
27. Хизмат текширувини ўтказиш учун асос бўлган ҳолат ўз исботини топганда, тегишли адлия органи давлат органи ва ташкилотининг айбдор мансабдор шахсларини белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўради.
28. Давлат органлари ва ташкилотлари тугатилганда ҳамда юридик хизмат штат бирлиги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қисқартирилганда юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этишни адлия органлари билан келишиш талаб этилмайди.
4-боб. Юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг стажировка ўташи ва унинг ташкил этилиши
29. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсни стажировкадан ўтказишни сўраб у лавозимга тайинланган кундан эътиборан ўн кун ичида тегишли адлия органига мурожаат қилади.
Адлия органи мурожаат келиб тушгандан сўнг, бир ой муддат ичида стажировкани ташкил қилиши ва уни ўташ бўйича аниқ муддатни кўрсатган ҳолда ташкилот раҳбарини стажировка бошланишидан камида бир ҳафта олдин ёзма равишда хабардор қилиши керак.
30. Стажёрни белгиланган муддатда стажировкадан ўтиш учун юбориш мажбурияти давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари зиммасига юклатилади.
31. Стажировка ишчи органлар томонидан ташкил қилинади.
32. Стажёрга методик ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг амалий кўникмаларини шакллантириш учун адлия органларининг малакали ва тажрибали мутахассислари орасидан стажировка раҳбари тайинланади.
33. Стажировка раҳбари камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши керак.
34. Стажировка раҳбари томонидан ҳар бир стажёр учун у томондан бажариладиган ишлар мазмуни ва муддати кўрсатилган стажировкадан ўтиш режаси ишлаб чиқилади.
Стажировкадан ўтиш режаси ишчи органлар томонидан тасдиқланади.
35. Стажировкадан ўтиш режасида стажёр томонидан юридик хизмат ходимининг функционал вазифалари ва уларни бажаришда билиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш, шартномавий-ҳуқуқий ва даъво ишларни юритиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ўрганиш билан боғлиқ тадбирлар белгиланиши лозим.
36. Стажировкадан ўтиш муддати икки ҳафтани ташкил этади ва стажировкадан ўтишдан озод қилишга йўл қўйилмайди.
37. Стажировкадан ўтишнинг биринчи кунида стажировка раҳбари стажёрни стажировкадан ўтиш режаси, муддатлари, ички меҳнат тартиб ва касб этикаси ҳамда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари, шунингдек иш режимининг хусусиятлари билан таништиради ҳамда стажёрга стажировкадан ўтиши учун зарур шароитлар яратади.
38. Стажировка раҳбари стажировка давомида:
стажёрга стажировкадан ўтиш режасида белгиланган тадбирларни бажариш билан боғлиқ материаллардан фойдаланиш имкониятини таъминлайди;
стажёрнинг касбий билими ва амалий кўникмаларини шакллантириш учун унга тегишли тавсиялар беради;
стажировкадан ўтиш режасида белгиланган тадбирларнинг бажарилиши ва сифатини мунтазам равишда назорат қилиб боради;
стажёрнинг иш вақтидан самарали фойдаланишини таъминлайди.
39. Стажёр стажировкадан ўтиш давомида:
стажировка бўйича услубий ва кўрсатма материаллар билан танишиши;
стажировкани ташкил этиш ва ундан ўтиш билан боғлиқ тадбирларда иштирок этиши;
стажировкадан ўтиш режасида назарда тутилган барча тадбирларни стажировка учун белгиланган муддат ичида, тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажариши;
амалий фаолиятда фойдаланилиши мумкин бўлган ҳужжатлар намуналари ва бошқа муҳим материаллар тўпламини юритиши;
стажировкадан ўтиш якунлари бўйича ҳисобот тайёрлаши;
тегишли адлия органларида ўрнатилган тартиб қоидаларга риоя қилиши шарт.
40. Стажёр стажировкадан ўтиш вақтида юридик хизмат ходимининг функционал вазифалари ва уларни бажаришда билиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш, шартномавий-ҳуқуқий ва даъво ишларни юритиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ўрганиши лозим.
41. Стажёр стажировкадан ўтиш режасида белгиланган тадбирларни бажариб бўлгач, у бўйича ёзма ҳисобот тайёрлайди. Ҳисобот стажёр томонидан имзоланади ҳамда стажировка раҳбари томонидан қабул қилинади ва тасдиқланади.
42. Стажировка раҳбари томонидан ҳисоботни қабул қилишда стажёрнинг касбий билим ва амалий кўникмаларни қанчалик ўзлаштирганлигини баҳолаш учун у билан ишчи органлар ходимлари иштирокида суҳбат ўтказилади ва унинг ҳисоботи муҳокама қилинади. Муҳокама жараёнида стажёрга зиммасига юклатилган унинг касби билан боғлиқ вазифаларни амалиётда қўллашга доир тавсиялар берилади.
Муҳокама натижаси ишчи органлар томонидан расмийлаштириладиган баённомада акс эттирилади.
43. Стажировка муддати тугаганидан кейин стажировка раҳбари томонидан стажёрга нисбатан тавсифнома тузилади ва унда стажёрнинг стажировкадан ўтиш режасида назарда тутилган тадбирларни қанчалик ўзлаштирганлиги, тартиб-интизоми, стажировка давомида у томонидан эгалланган касбий билим ва амалий кўникмалар акс эттирилган бўлиши керак.
Стажёрнинг тегишли адлия органида белгиланган тартиб қоидаларга риоя қилмаганлиги, стажировкадан ўтиш режасида кўрсатилган тадбирларни тўлиқ бажармаганлиги, стажировкага узрли сабабларсиз келмаганлиги ҳам тавсифномада акс эттирилади.
44. Тавсифнома ишчи органлар раҳбарлари томонидан имзоланади ва адлия органининг йўлланма хати орқали стажёрни юборган давлат органи ёки ташкилотига жўнатилади.
5-боб. Якуний қоидалар
45. Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалаларини келишиш ҳамда стажировка ўташ билан боғлиқ барча ҳужжатлар тегишли адлия органида сақланади.
46. Ишчи органлар ходимлари томонидан стажёрга стажировкадан ўтиш режаси билан боғлиқ бўлмаган вазифа ва топшириқлар берилишига йўл қўйилмайди.
47. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш ҳамда биринчи марта юридик хизмат ходими лавозимига тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
НАМУНА МАЪЛУМОТНОМА 3х4 см ўлчамли фотосурат учун жой Азизов Азиз Азизович 2021 йил 14 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бош юрисконсульти Туғилган йили: 22.10.1982 Туғилган жойи: Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри Миллати: ўзбек Партиявийлиги: йўқ Паспорт серияси, рақами, уни берган орган ва берилган вақти: АА 0445566, 27.11.2012 Тошкент шаҳар, Шайҳонтохур тумани ИИБ Маълумоти: олий Тамомлаган: 2015 й. Ўзбекистон Миллий университети (кундузги) 2017 й. Тошкент давлат юридик университети (магистратура) Олий маълумот тўғрисида диплом ҳақидаги маълумотлар (диплом серияси, рақами, берилган вақти ва олий таълим муассасасининг номи: B № 050898, 11.06.2015, Ўзбекистон Миллий университети Илмий даражаси: йўқ Илмий унвони: йўқ Қайси чет тилларини билади: рус ва инглиз тиллари Ҳарбий (махсус) унвони: 2-даражали юрист Давлат мукофотлари билан тақдирланганми (қанақа): йўқ Халқ депутатлари, республика, вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутатими ёки бошқа сайланадиган органларнинг аъзосими (тўлиқ кўрсатилиши лозим): йўқ МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИ 2011 — 2015 йй. — Ўзбекистон Миллий университетининг талабаси 2015 — 2017 йй. 04.09.2015 й 22.05.2017 й — Тошкент давлат юридик университетининг магистранти Тошкент давлат юридик университетининг котиб иш юритувчиси 22.05.2017 й 29.03.2018 й — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ишлар бошқармаси бош мутахассиси 29.03.2018 й 14.04.2018 й — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Юридик департаменти катта юрисконсульти 14.04.2018 й 10.07.2020 й — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бош юрисконсульти 10.07.2020 й 05.10.2021 й — Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси Юридик бюро бошлиғи 05.10.2021 — ҳ.в. — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош юрисконсульти
Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш ҳамда биринчи марта юридик хизмат ходими лавозимига тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Адлия органларига келишиш учун тавсия этилган номзоднинг яқин қариндошлари ҳақида
Т/р Ф.И.О. Қариндошлиги Туғилган йили ва жойи Иш жойи ва лавозими Яшаш жойи Яқин қариндошларимнинг рўйхатини тўлиқ ва тўғрилигини тасдиқлайман: Номзод: _________________________________________________________________ (Ф.И.О., имзо)
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2023 йил 4 июлдаги 7-мҳ-сон буйруғига 2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 40-мҳ-сон «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2862, 2017 йил 28 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 9-сон, 138-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 42-мҳ-сон «Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2864, 2017 йил 28 февраль).
3. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 25 майдаги 296-мҳ-сон «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтиши тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2862-1, 2018 йил 25 май) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2862-1/1275-сон).
4. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 10 январдаги 16-мҳ-сон «Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2864-1, 2018 йил 10 январь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.01.2018 й., 10/18/2864-1/0539-сон).
5. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 8 сентябрдаги 457-мҳ-сон «Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2864-2, 2018 йил 8 сентябрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.09.2018 й., 10/18/2864-2/1860-сон).
6. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 26 февралдаги 77-мҳ-сон «Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2864-3, 2019 йил 26 февраль) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.02.2019 й., 10/19/2864-3/2679-сон).
7. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йил 6 апрелдаги 9-мҳ-сон «Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2864-4, 2022 йил 7 апрель) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.04.2022 й., 10/22/2864-4/0287-сон).
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси К. РАФИКОВ
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазир и Б. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 4 июль,
2023 йил 16 июнь
2023 йил 15 июнь
9-мҳ-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining
buyrugʻi
NIZOM
MAʼLUMOT
ROʻYXATI
Yuridik xizmat xodimini lavozimga tayinlash va ozod qilish masalalarini adliya organlari bilan kelishish hamda birinchi marta yuridik xizmat xodimi lavozimiga tayinlangan shaxslarning adliya organlarida stajirovkadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 30-apreldagi PF-6218-son “Milliy qonunchilik bazasini kompleks tizimlashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni va 2017-yil 19-yanvardagi PQ-2733-son “Yuridik xizmat faoliyatini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Yuridik xizmat xodimini lavozimga tayinlash va ozod qilish masalalarini adliya organlari bilan kelishish hamda birinchi marta yuridik xizmat xodimi lavozimiga tayinlangan shaxslarning adliya organlarida stajirovkadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
3. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi bilan kelishilgan.
4. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2023-yil 4-iyuldagi 9-mh-son buyrugʻiga 1-ILOVA
Yuridik xizmat xodimini lavozimga tayinlash va ozod qilish masalalarini adliya organlari bilan kelishish hamda birinchi marta yuridik xizmat xodimi lavozimiga tayinlangan shaxslarning adliya organlarida stajirovkadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom davlat organlari va tashkilotlarining yuridik xizmatlari xodimlarini lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod etish masalalarini majburiy tartibda tegishlicha Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi , Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari (bundan buyon matnda adliya organlari deb yuritiladi) bilan kelishish hamda yuridik xizmati xodimi lavozimiga birinchi marta tayinlangan shaxslarning adliya organlarida stajirovkadan oʻtishi tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom maqsadlari uchun davlat organlari va tashkilotlari deganda, davlat organlari, xoʻjalik boshqaruvi organlari, davlat korxonalari, muassasalari va tashkilotlari (bundan buyon matnda davlat organlari va tashkilotlari deb yuritiladi) tushuniladi.
2. Davlat organlari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimi lavozimiga tayinlash va undan ozod etishga taqdim etilgan nomzodlarni (bundan buyon matnda nomzod deb yuritiladi) adliya organlari bilan kelishish ularning tavsiya etilgan lavozimga layoqatini va kasbiga munosibligini aniqlash, shuningdek yuridik xizmat xodimlarini noqonuniy taʼsir koʻrsatishdan himoyalash maqsadida amalga oshiriladi.
Stajirovka stajyorning kasbiy bilimlari, oʻquv va amaliy koʻnikmalarini mustahkamlash va shakllantirish, shuningdek ishning oʻziga xosligi, tayinlanayotgan lavozimi boʻyicha funksional vazifalarini sifatli bajarishi uchun ilgʻor tajribani egallab olishini taʼminlash maqsadida oʻtaladi.
3. Davlat organlari va tashkilotlarining yuridik xizmatiga nomzodlar hamda yuridik xizmat xodimi lavozimiga birinchi marta tayinlangan shaxslar mazkur Nizomga asosan adliya organlari bilan kelishilgan holda lavozimga tayinlanadi va undan ozod qilinadi hamda stajirovkadan oʻtadi.
Bunda, kelishish va stajirovka jarayonlari:
respublika darajasidagi davlat organlari va tashkilotlari, shuningdek Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari yuridik xizmati xodimlari uchun — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligida ;
hududiy darajadagi davlat organlari va tashkilotlari, shuningdek tumanlar va shaharlar hokimliklari yuridik xizmati xodimlari uchun — tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalarida amalga oshiriladi.
Davlat organlari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimi lavozimiga adliya organlari bilan kelishilib lavozimga tayinlangan xodimlar kelgusida ushbu tashkilotning yuridik xizmatidagi lavozimi oʻzgarganda, shu jumladan ushbu xodimlar davlat organlari va tashkilotlari qayta tashkil etilishi yoki tashkiliy boʻysunuvi oʻzgarishi munosabati bilan teng lavozimga tayinlanganda yoki yuridik xizmatidagi lavozimi oʻzgarganda adliya organlari bilan kelishish talab etilmaydi, yuridik xizmat rahbari va uning oʻrinbosari lavozimi bundan mustasno.
Bunda Davlat organlari va tashkilotlari yuridik xizmatlarining maʼlumotlari bazasini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 3622, 2025-yil 2-may) asosan davlat organlari va tashkilotlari oʻn kun muddatda tegishli maʼlumotni adliya organiga yuborishi lozim.
Davlat organlari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimlari adliya organlari bilan lavozimiga tayinlanishi kelishilgan kundan boshlab bir yil davomida boshqa davlat organlari va tashkilotlarining yuridik xizmatiga ishga oʻtganda adliya organlari bilan suhbatdan oʻtkazilmasdan kelishilishiga yoʻl qoʻyiladi, yuridik xizmat rahbari va uning oʻrinbosari lavozimlari bundan mustasno.
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlis palatalari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi va Vazirlar Mahkamasining yuridik xizmat xodimlari hamda ular bilan kelishib lavozimga tayinlangan yuridik xizmat xodimlari adliya organlari bilan kelishish talab etilmaydi.
2-bob. Yuridik xizmat xodimlarini lavozimga tayinlash masalalarini kelishish
4. Davlat organlari va tashkilotlari tomonidan yuridik xizmat xodimi lavozimiga tayinlash masalasini kelishish uchun bir yoki undan ortiq nomzodlar tavsiya etilishi mumkin.
5. Davlat organlari va tashkilotlari nomzodni lavozimga tayinlash masalasini kelishish uchun tegishli adliya organiga quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:
davlat organi va tashkiloti rahbarining nomzodni lavozimga tavsiya etish toʻgʻrisidagi taqdimnomasi;
nomzodning ushbu Nizomning 1 va 2-ilovalariga muvofiq shakldagi maʼlumotnomasi va yaqin qarindoshlari haqidagi maʼlumot.
Yuridik xizmat xodimi lavozimiga kelishish uchun bir yoki undan ortiq nomzodlar tavsiya etilganda, mazkur hujjatlar har bir nomzod uchun alohida taqdim etiladi.
6. Davlat organlari va tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan hujjatlar qaytarib berilmaydi.
7. Yuridik xizmat xodimini lavozimga tayinlashni kelishish masalasini koʻrib chiqishda nomzod bilan suhbat oʻtkaziladi.
8. Suhbat adliya organlarida tashkil etiladigan komissiyalar tomonidan oʻtkaziladi. Komissiyalar tarkibi tegishli adliya organi rahbari tomonidan kamida besh kishidan, yaʼni rais, uning oʻrinbosari va aʼzolaridan iborat tarkibda tasdiqlanadi.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligida vazirning soha boʻyicha masʼul oʻrinbosari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalarida esa, tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi adliya vaziri va adliya boshqarmasi boshligʻi komissiya raisi hisoblanadi.
10. Komissiyalar faoliyatini tashkil qilish boʻyicha tashkiliy masalalar, shuningdek yuridik xizmati xodimi lavozimiga birinchi marta tayinlangan shaxslarning stajirovka oʻtashi va uning tashkil etilishi ishchi organlar tomonidan amalga oshiriladi.
Adliya vazirligining Yuridik xizmatlar faoliyatini muvofiqlashtirish boshqarmasi va uning hududiy boʻlimlari (bundan buyon matnda ishchi organlar deb yuritiladi) ishchi organ hisoblanadi.
11. Kelishish hujjatlar tegishli adliya organiga kelib tushgan sanadan boshlab bir oy ichida amalga oshiriladi.
12. Ishchi organ tomonidan hujjatlarni koʻrib chiqish jarayonida kamchiliklar aniqlanmasa, nomzodni tavsiya etgan davlat organi va tashkilotiga suhbat oʻtkazilishidan kamida uch kun oldin suhbat oʻtkaziladigan kun, vaqt va joy haqida xabar beriladi.
13. Hujjatlarda kamchiliklar mavjudligi aniqlangan taqdirda, ular tegishli adliya organiga kelib tushgan sanadan boshlab besh ish kuni ichida ishchi organ tomonidan kamchiliklar koʻrsatilgan holda nomzodni tavsiya etgan davlat organi va tashkilotiga xabar yuboriladi.
14. Hujjatlarni koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf qilgan holda takroran yuborishda ushbu Nizomning 5-bandida nazarda tutilgan hujjatlar takroran taqdim qilinadi.
15. Komissiya ishida aʼzolarning kamida yarmi ishtirok etgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi. Komissiyaning aʼzosi ish joyida boʻlmagan taqdirda uning oʻrniga uning vazifasini bajaruvchi shaxs ishtirok etishiga yoʻl qoʻyiladi.
16. Nomzod bilan uning kasb faoliyatiga bogʻliq boʻlgan qonunchilik sohalari, shu jumladan konstitutsiyaviy huquq, fuqarolik huquqi va mehnat huquqi sohalari, shartnomaviy-huquqiy faoliyat va sud ishlarini yuritish asoslari boʻyicha suhbat oʻtkaziladi.
17. Suhbat jarayonidagi nomzodga beriladigan savollar va ularning javoblari, komissiya aʼzolari tomonidan nomzodga qoʻyilgan ballar hamda suhbatning umumiy natijalari “Yurist-adliya” elektron tizimida qayd etib boriladi.
18. Komissiya aʼzolari nomzodning bilimi, shuningdek ish tajribasini hisobga olib, uni suhbatdan oʻtgan yoki oʻtmagan deb topish haqida qaror qabul qiladi. Bunda, ushbu qaror komissiya majlisida hozir boʻlgan aʼzolarning “Yurist-adliya” elektron tizimi orqali berilgan ballari natijasi boʻyicha qabul qilinadi.
Komissiya aʼzolari nomzodni boshqa lavozimga tayinlash haqida tavsiya berishi mumkin.
Suhbatga kela olmaydigan nomzodlar suhbat boshlangunga qadar Komissiyaning ishchi organini yozma xabardor qilishlari lozim. Komissiyaning ishchi organini suhbatga kela olmasligi toʻgʻrisida yozma xabar bergan nomzodlar Komissiyaning navbatdagi yigʻilishida suhbatga qoʻyiladilar.
Suhbatga kelmagan va komissiya ishchi organini yozma xabardor qilmagan nomzodlar suhbatdan oʻtmagan deb topiladi va bu haqda ishchi organ tomonidan nomzodni tavsiya etgan davlat organi va tashkilotiga maʼlum qilinadi.
19. Suhbat natijalariga koʻra nomzodning suhbatdan oʻtganligi yoki oʻtmaganligi holati boʻyicha ishchi organ uch ish kuni ichida nomzodni tavsiya etgan davlat organi va tashkilotini xabardor qiladi.
20. Suhbatdan oʻta olmagan nomzodlar bir oydan soʻng, umumiy asoslarda tegishli lavozimga qayta tavsiya etilishi mumkin.
21. Yuridik xizmat xodimi lavozimiga suhbatdan uch marotaba oʻta olmagan nomzodlar uch oydan soʻng umumiy asoslarda tegishli lavozimga qayta tavsiya etilishi mumkin.
3-bob. Yuridik xizmat xodimlarini lavozimdan ozod etish masalalarini kelishish
22. Yuridik xizmat xodimlarini lavozimidan ozod etishni kelishish uchun davlat organi va tashkiloti tomonidan adliya organlariga quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:
davlat organi va tashkiloti rahbarining yuridik xizmat xodimini lavozimidan ozod etish haqidagi taqdimnomasi, ushbu taqdimnomada xodimni lavozimidan ozod etish sabablari, motivlari va boshqa maʼlumotlar koʻrsatiladi;
yuridik xizmat xodimining arizasi — mehnat shartnomasini xodimning tashabbusi bilan bekor qilishda;
yuridik xizmat xodimini lavozimidan ozod etish sabablarini tasdiqlovchi boshqa hujjatlar.
Davlat organlari va tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan hujjatlar qaytarib berilmaydi.
23. Yuridik xizmat xodimlarini lavozimdan ozod etish masalalarini kelishish mazkur Nizomda belgilangan yuridik xizmat xodimlarini lavozimga tayinlash masalasini kelishish tartibida amalga oshiriladi. Bunda xodim bilan suhbat ishchi organ tomonidan zarur deb topilgan hollardagina oʻtkaziladi.
Xodim tashabbusi bilan mehnat shartnomasi bekor qilinayotgan boʻlsa, mazkur masalaning komissiya tomonidan koʻrib chiqilishi talab etilmaydi.
Yuridik xizmat xodimini lavozimidan ozod etishning kelishilganligi yoki kelishilmaganligi (sabablari koʻrsatilgan holda) haqida tegishli adliya organi tomonidan davlat organi va tashkiloti yozma ravishda xabardor qilinadi.
24. Zarur hollarda, adliya organlari tomonidan yuridik xizmat xodimini lavozimidan ozod etish masalasiga doir qoʻshimcha hujjatlar talab qilinishi hamda yuridik xizmat xodimi bilan suhbat oʻtkazilishi mumkin.
25. Quyidagilar yuridik xizmat xodimini lavozimidan ozod etishni kelishishni rad etish uchun asos boʻladi:
yuridik xizmat xodimini lavozimidan ozod etish uchun sabablar yetarli emas deb topilganda;
yuridik xizmat xodimining zimmasiga yuklatilgan vazifalardan kelib chiqmaydigan ishlarni bajarmaganligi yoki uni oʻziga yuklatilgan majburiyatlarini bajarganligi uchun taʼqib qilinganligi holati aniqlanganda.
26. Mazkur Nizomning 25-bandi uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan holatlar mavjud boʻlgan taqdirda, davlat organi va tashkilotida tegishli adliya organi tomonidan xizmat tekshiruvi oʻtkazilishi mumkin.
27. Xizmat tekshiruvini oʻtkazish uchun asos boʻlgan holat oʻz isbotini topganda, tegishli adliya organi davlat organi va tashkilotining aybdor mansabdor shaxslarini belgilangan tartibda javobgarlikka tortish choralarini koʻradi.
28. Davlat organlari va tashkilotlari tugatilganda hamda yuridik xizmat shtat birligi qonunchilik hujjatlariga muvofiq qisqartirilganda yuridik xizmat xodimini lavozimidan ozod etishni adliya organlari bilan kelishish talab etilmaydi.
4-bob. Yuridik xizmati xodimi lavozimiga birinchi marta tayinlangan shaxslarning stajirovka oʻtashi va uning tashkil etilishi
29. Davlat organlari va tashkilotlari rahbari yuridik xizmat xodimi lavozimiga birinchi marta tayinlangan shaxsni stajirovkadan oʻtkazishni soʻrab u lavozimga tayinlangan kundan eʼtiboran oʻn kun ichida tegishli adliya organiga murojaat qiladi.
Adliya organi murojaat kelib tushgandan soʻng, bir oy muddat ichida stajirovkani tashkil qilishi va uni oʻtash boʻyicha aniq muddatni koʻrsatgan holda tashkilot rahbarini stajirovka boshlanishidan kamida bir hafta oldin yozma ravishda xabardor qilishi kerak.
30. Stajyorni belgilangan muddatda stajirovkadan oʻtish uchun yuborish majburiyati davlat organlari va tashkilotlari rahbari zimmasiga yuklatiladi.
31. Stajirovka ishchi organlar tomonidan tashkil qilinadi.
32. Stajyorga metodik yordam koʻrsatish hamda uning amaliy koʻnikmalarini shakllantirish uchun adliya organlarining malakali va tajribali mutaxassislari orasidan stajirovka rahbari tayinlanadi.
33. Stajirovka rahbari kamida ikki yillik ish stajiga ega boʻlishi kerak.
34. Stajirovka rahbari tomonidan har bir stajyor uchun u tomondan bajariladigan ishlar mazmuni va muddati koʻrsatilgan stajirovkadan oʻtish rejasi ishlab chiqiladi.
Stajirovkadan oʻtish rejasi ishchi organlar tomonidan tasdiqlanadi.
35. Stajirovkadan oʻtish rejasida stajyor tomonidan yuridik xizmat xodimining funksional vazifalari va ularni bajarishda bilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatlar roʻyxati, norma ijodkorligi va huquqni qoʻllash amaliyoti, normativ-huquqiy hujjatlarning turkumlashtirilgan hisobini yuritish, shartnomaviy-huquqiy va daʼvo ishlarni yuritish, jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish, shuningdek mamlakatda amalga oshirilayotgan siyosiy, ijtimoiy-iqtisodiy islohotlarning mazmun-mohiyatini oʻrganish bilan bogʻliq tadbirlar belgilanishi lozim.
36. Stajirovkadan oʻtish muddati ikki haftani tashkil etadi va stajirovkadan oʻtishdan ozod qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
37. Stajirovkadan oʻtishning birinchi kunida stajirovka rahbari stajyorni stajirovkadan oʻtish rejasi, muddatlari, ichki mehnat tartib va kasb etikasi hamda texnika va yongʻin xavfsizligi qoidalari, shuningdek ish rejimining xususiyatlari bilan tanishtiradi hamda stajyorga stajirovkadan oʻtishi uchun zarur sharoitlar yaratadi.
38. Stajirovka rahbari stajirovka davomida:
stajyorga stajirovkadan oʻtish rejasida belgilangan tadbirlarni bajarish bilan bogʻliq materiallardan foydalanish imkoniyatini taʼminlaydi;
stajyorning kasbiy bilimi va amaliy koʻnikmalarini shakllantirish uchun unga tegishli tavsiyalar beradi;
stajirovkadan oʻtish rejasida belgilangan tadbirlarning bajarilishi va sifatini muntazam ravishda nazorat qilib boradi;
stajyorning ish vaqtidan samarali foydalanishini taʼminlaydi.
39. Stajyor stajirovkadan oʻtish davomida:
stajirovka boʻyicha uslubiy va koʻrsatma materiallar bilan tanishishi;
stajirovkani tashkil etish va undan oʻtish bilan bogʻliq tadbirlarda ishtirok etishi;
stajirovkadan oʻtish rejasida nazarda tutilgan barcha tadbirlarni stajirovka uchun belgilangan muddat ichida, toʻliq hajmda va sifatli bajarishi;
amaliy faoliyatda foydalanilishi mumkin boʻlgan hujjatlar namunalari va boshqa muhim materiallar toʻplamini yuritishi;
stajirovkadan oʻtish yakunlari boʻyicha hisobot tayyorlashi;
tegishli adliya organlarida oʻrnatilgan tartib qoidalarga rioya qilishi shart.
40. Stajyor stajirovkadan oʻtish vaqtida yuridik xizmat xodimining funksional vazifalari va ularni bajarishda bilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatlar, norma ijodkorligi va huquqni qoʻllash amaliyoti, normativ-huquqiy hujjatlarning turkumlashtirilgan hisobini yuritish, shartnomaviy-huquqiy va daʼvo ishlarni yuritish, jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish, shuningdek mamlakatda amalga oshirilayotgan siyosiy, ijtimoiy-iqtisodiy islohotlarning mazmun-mohiyatini oʻrganishi lozim.
41. Stajyor stajirovkadan oʻtish rejasida belgilangan tadbirlarni bajarib boʻlgach, u boʻyicha yozma hisobot tayyorlaydi. Hisobot stajyor tomonidan imzolanadi hamda stajirovka rahbari tomonidan qabul qilinadi va tasdiqlanadi.
42. Stajirovka rahbari tomonidan hisobotni qabul qilishda stajyorning kasbiy bilim va amaliy koʻnikmalarni qanchalik oʻzlashtirganligini baholash uchun u bilan ishchi organlar xodimlari ishtirokida suhbat oʻtkaziladi va uning hisoboti muhokama qilinadi. Muhokama jarayonida stajyorga zimmasiga yuklatilgan uning kasbi bilan bogʻliq vazifalarni amaliyotda qoʻllashga doir tavsiyalar beriladi.
Muhokama natijasi ishchi organlar tomonidan rasmiylashtiriladigan bayonnomada aks ettiriladi.
43. Stajirovka muddati tugaganidan keyin stajirovka rahbari tomonidan stajyorga nisbatan tavsifnoma tuziladi va unda stajyorning stajirovkadan oʻtish rejasida nazarda tutilgan tadbirlarni qanchalik oʻzlashtirganligi, tartib-intizomi, stajirovka davomida u tomonidan egallangan kasbiy bilim va amaliy koʻnikmalar aks ettirilgan boʻlishi kerak.
Stajyorning tegishli adliya organida belgilangan tartib qoidalarga rioya qilmaganligi, stajirovkadan oʻtish rejasida koʻrsatilgan tadbirlarni toʻliq bajarmaganligi, stajirovkaga uzrli sabablarsiz kelmaganligi ham tavsifnomada aks ettiriladi.
44. Tavsifnoma ishchi organlar rahbarlari tomonidan imzolanadi va adliya organining yoʻllanma xati orqali stajyorni yuborgan davlat organi yoki tashkilotiga joʻnatiladi.
5-bob. Yakuniy qoidalar
45. Davlat organlari va tashkilotlarining yuridik xizmatlari xodimlarini lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod etish masalalarini kelishish hamda stajirovka oʻtash bilan bogʻliq barcha hujjatlar tegishli adliya organida saqlanadi.
46. Ishchi organlar xodimlari tomonidan stajyorga stajirovkadan oʻtish rejasi bilan bogʻliq boʻlmagan vazifa va topshiriqlar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
47. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Yuridik xizmat xodimini lavozimga tayinlash va ozod qilish masalalarini adliya organlari bilan kelishish hamda birinchi marta yuridik xizmat xodimi lavozimiga tayinlangan shaxslarning adliya organlarida stajirovkadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
NAMUNA MAʼLUMOTNOMA 3x4 sm oʻlchamli fotosurat uchun joy Azizov Aziz Azizovich 2021-yil 14-sentabrdan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bosh yuriskonsulti Tugʻilgan yili: 22.10.1982 Tugʻilgan joyi: Surxondaryo viloyati, Termiz shahri Millati: oʻzbek Partiyaviyligi: yoʻq Pasport seriyasi, raqami, uni bergan organ va berilgan vaqti: AA 0445566, 27.11.2012 Toshkent shahar, Shayhontoxur tumani IIB Maʼlumoti: oliy Tamomlagan: 2015-y. Oʻzbekiston Milliy universiteti (kunduzgi) 2017-y. Toshkent davlat yuridik universiteti (magistratura) Oliy maʼlumot toʻgʻrisida diplom haqidagi maʼlumotlar (diplom seriyasi, raqami, berilgan vaqti va oliy taʼlim muassasasining nomi: B № 050898, 11.06.2015, Oʻzbekiston Milliy universiteti Ilmiy darajasi: yoʻq Ilmiy unvoni: yoʻq Qaysi chet tillarini biladi: rus va ingliz tillari Harbiy (maxsus) unvoni: 2-darajali yurist Davlat mukofotlari bilan taqdirlanganmi (qanaqa): yoʻq Xalq deputatlari, respublika, viloyat, shahar va tuman Kengashi deputatimi yoki boshqa saylanadigan organlarning aʼzosimi (toʻliq koʻrsatilishi lozim): yoʻq MEHNAT FAOLIYATI 2011 — 2015 yy. — Oʻzbekiston Milliy universitetining talabasi 2015 — 2017 yy. 04.09.2015-y 22.05.2017-y — Toshkent davlat yuridik universitetining magistranti Toshkent davlat yuridik universitetining kotib ish yurituvchisi 22.05.2017-y 29.03.2018-y — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Ishlar boshqarmasi bosh mutaxassisi 29.03.2018-y 14.04.2018-y — Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Yuridik departamenti katta yuriskonsulti 14.04.2018-y 10.07.2020-y — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi bosh yuriskonsulti 10.07.2020-y 05.10.2021-y — Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi Yuridik byuro boshligʻi 05.10.2021 — h.v. — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bosh yuriskonsulti
Yuridik xizmat xodimini lavozimga tayinlash va ozod qilish masalalarini adliya organlari bilan kelishish hamda birinchi marta yuridik xizmat xodimi lavozimiga tayinlangan shaxslarning adliya organlarida stajirovkadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Adliya organlariga kelishish uchun tavsiya etilgan nomzodning yaqin qarindoshlari haqida
T/r F.I.O. Qarindoshligi Tugʻilgan yili va joyi Ish joyi va lavozimi Yashash joyi Yaqin qarindoshlarimning roʻyxatini toʻliq va toʻgʻriligini tasdiqlayman: Nomzod: _________________________________________________________________ (F.I.O., imzo)
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2023-yil 4-iyuldagi 7-mh-son buyrugʻiga 2-ILOVA
Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar
1. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2017-yil 28-fevraldagi 40-mh-son “Davlat organlari va tashkilotlari yuridik xizmati xodimi lavozimiga birinchi marta tayinlangan shaxslarning adliya organlarida stajirovkadan oʻtishi tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 2862, 2017-yil 28-fevral) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2017-y., 9-son, 138-modda).
2. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2017-yil 28-fevraldagi 42-mh-son “Yuridik xizmat xodimini lavozimga tayinlash va ozod qilish masalalarini adliya organlari bilan kelishish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 2864, 2017-yil 28-fevral).
3. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2018-yil 25-maydagi 296-mh-son “Davlat organlari va tashkilotlari yuridik xizmati xodimi lavozimiga birinchi marta tayinlangan shaxslarning adliya organlarida stajirovkadan oʻtishi tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 6-bandiga oʻzgartirish kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 2862-1, 2018-yil 25-may) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 26.05.2018-y., 10/18/2862-1/1275-son).
4. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2018-yil 10-yanvardagi 16-mh-son “Yuridik xizmat xodimini lavozimga tayinlash va ozod qilish masalalarini adliya organlari bilan kelishish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 5-bandiga oʻzgartirish kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 2864-1, 2018-yil 10-yanvar) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 10.01.2018-y., 10/18/2864-1/0539-son).
5. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2018-yil 8-sentabrdagi 457-mh-son “Yuridik xizmat xodimini lavozimga tayinlash va ozod qilish masalalarini adliya organlari bilan kelishish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga qoʻshimchalar va oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 2864-2, 2018-yil 8-sentabr) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 10.09.2018-y., 10/18/2864-2/1860-son).
6. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2019-yil 26-fevraldagi 77-mh-son “Yuridik xizmat xodimini lavozimga tayinlash va ozod qilish masalalarini adliya organlari bilan kelishish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 3-bandiga oʻzgartirish kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 2864-3, 2019-yil 26-fevral) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 26.02.2019-y., 10/19/2864-3/2679-son).
7. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2022-yil 6-apreldagi 9-mh-son “Yuridik xizmat xodimini lavozimga tayinlash va ozod qilish masalalarini adliya organlari bilan kelishish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 2864-4, 2022-yil 7-aprel) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.04.2022-y., 10/22/2864-4/0287-son).
Vazir A. TASHKULOV
Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi raisi K. RAFIKOV
Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazir i B. MUSAYEV
Toshkent sh.,
2023-yil 4-iyul,
2023-yil 16-iyun
2023-yil 15-iyun
9-mh-son