UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 5-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 5 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 5 июля 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 5 July 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида IT-кластер фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида рақамли технологияларга ихтисослаштирилган, замонавий технологияларга мос, таълимдан ишлаб чиқаришгача бўлган яхлит занжир яратишни кўзда тутувчи IT-кластер фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг:

Бухоро вилояти Қоракўл тумани «Хўжалар» МФЙ Бухоро кўчасида жойлашган бино ва иншоотлар ҳамда уларга туташ 6,939 гектар ер майдонида ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бўйича таълим бериш ва IT-хизматлар экспортига ихтисослаштирилган Қоракўл IТ-кластерини (кейинги ўринларда — IТ-кластер) ташкил этиш;

Рақамли технологиялар вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда «Acharya Institutes» (Ҳиндистон) ўртасида 2022 йил 10 октябрда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида 2 млн АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестицияни киритиш шарти билан «Acharya» университетини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланганлигини инобатга олиб, IТ-кластер фаолиятини йўлга қўйиш учун масъул этиб «Acharya University» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонани белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилансинки, IT-кластер доирасида қуйидагилар ташкил этилади:

замонавий инфратузилма, лабораториялар ва илмий-тадқиқот марказларига эга университет;

масофавий IT-хизматлар экспорти маркази;

илмий-тадқиқот марказлари, ўқув лабораториялари ва стартап лойиҳаларни ривожлантириш инкубация маркази ва бошқа объектлар.

3. Қуйидагилар IT-кластер фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

халқаро таълим стандартлари асосида киберхавфсизлик, сунъий интеллект, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларининг бошқа долзарб йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш;

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

ўқув жараёнини илғор хорижий тажриба ва замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш;

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида илмий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш;

хорижий ва маҳаллий IT-компанияларда талабалар амалиётини ташкил этиш;

кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари ва IT-компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқиш ва хизматлар кўрсатиш, масофавий IT-хизматлар экспорти ҳажмини оширишга кўмаклашиш;

рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ёшларда бундай кўникмаларни шакллантириш.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда IT-кластер фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига тегишли Бухоро вилояти Қоракўл тумани «Хўжалар» МФЙ Бухоро кўчасидаги 8,68 гектар ер майдонининг 6,939 гектарини унда жойлашган бино ва иншоотлар билан (Қоракўл тумани Бухоро кўчасидаги 22-уй манзилида жойлашган маъмурий бинодан ташқари) оператив бошқарув ҳуқуқи билан Қоракўл тумани ҳокимлигига белгиланган тартибда ўтказилишини таъминласин.

5. Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг IT-кластер фаолиятини йўлга қўйиш учун талаб этиладиган харажатларни Бухоро вилояти маҳаллий бюджети ҳамда 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида Бухоро вилояти учун ажратилган маблағларнинг иқтисод қилинган қисми ҳисобидан тенг улушларда молиялаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда:

биринчи босқичда — 2023 йил 31 декабрга қадар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан маъмурий бино, ўқув лабораторияси ва 5 600 ўринга мўлжалланган ўқув бинолари қурилади ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминланади;

иккинчи босқичда — 2024 йил 1 сентябрга қадар 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида Бухоро вилояти учун ажратилган маблағларнинг иқтисод қилинадиган қисми ҳисобидан 1 300 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи, 15 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, 100 ўринга мўлжалланган инкубация маркази, 200 ўринга мўлжалланган масофавий IT-хизматлар экспорти маркази, ошхона, очиқ ва ёпиқ турдаги спорт иншоотлари қурилади, жиҳозланади ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

6. IT-кластер фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур бино ва иншоотларни қуриш, жиҳозлаш ва ободонлаштириш бўйича:

Бухоро вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси — буюртмачи этиб белгилансин;

бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари белгиланган тартибда тендер (танлов) натижасида аниқланиши белгилаб қўйилсин.

7. Бухоро вилояти ҳокимлиги уч ой муддатда буюртмачи ва бош лойиҳа ташкилоти билан биргаликда объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда ваколатли органлардан белгиланган тартибда экспертиза хулосаларини олиш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги IT-кластер фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур бино ва иншоотларда қурилиш-монтаж ишлари сифатли амалга оширилиши юзасидан белгиланган тартибда давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

9. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг:

IT-кластер фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур бино ва иншоотлар фойдаланишга топширилгунга қадар «Acharya» университетини қабул жараёни ва таълим фаолияти учун белгиланган талабларга мос келадиган кўчмас мулк объектларида ижара тўловларини Бухоро вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш орқали вақтинча жойлаштириш;

IT-кластер фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур бино ва иншоотлар фойдаланишга топширилгандан сўнг ушбу бино ва иншоотларда «Acharya» университетини текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

10. Белгилансинки, «Acharya» университетига белгиланган тартибда лицензия олингандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси мазкур қарор доирасида ажратиладиган бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан давлат молиявий назоратини ўрнатсин.

12. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бухоро вилояти ҳокими Б.К. Зарипов ва Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 5 июль,

273-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.07.2023 й., 09/23/273/0455-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Buxoro viloyatining Qorakoʻl tumanida IT-klaster faoliyatini yoʻlga qoʻyish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022-2023-yillarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qaroriga muvofiq, shuningdek, Buxoro viloyatining Qorakoʻl tumanida raqamli texnologiyalarga ixtisoslashtirilgan, zamonaviy texnologiyalarga mos, taʼlimdan ishlab chiqarishgacha boʻlgan yaxlit zanjir yaratishni koʻzda tutuvchi IT-klaster faoliyatini yoʻlga qoʻyish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Buxoro viloyati hokimligi va Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligining:

Buxoro viloyati Qorakoʻl tumani “Xoʻjalar” MFY Buxoro koʻchasida joylashgan bino va inshootlar hamda ularga tutash 6,939 gektar yer maydonida axborot-kommunikatsiya texnologiyalari yoʻnalishlari boʻyicha taʼlim berish va IT-xizmatlar eksportiga ixtisoslashtirilgan Qorakoʻl IT-klasterini (keyingi oʻrinlarda — IT-klaster) tashkil etish;

Raqamli texnologiyalar vazirligi, Buxoro viloyati hokimligi hamda “Acharya Institutes” (Hindiston) oʻrtasida 2022-yil 10-oktabrda Buxoro viloyatining Qorakoʻl tumanida 2 mln AQSh dollari miqdoridagi xorijiy investitsiyani kiritish sharti bilan “Acharya” universitetini tashkil etish boʻyicha oʻzaro hamkorlik shartnomasi imzolanganligini inobatga olib, IT-klaster faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun masʼul etib “Acharya University” masʼuliyati cheklangan jamiyati shaklidagi xorijiy korxonani belgilash toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

2. Belgilansinki, IT-klaster doirasida quyidagilar tashkil etiladi:

zamonaviy infratuzilma, laboratoriyalar va ilmiy-tadqiqot markazlariga ega universitet;

masofaviy IT-xizmatlar eksporti markazi;

ilmiy-tadqiqot markazlari, oʻquv laboratoriyalari va startap loyihalarni rivojlantirish inkubatsiya markazi va boshqa obyektlar.

3. Quyidagilar IT-klaster faoliyatining asosiy yoʻnalishlari etib belgilansin:

xalqaro taʼlim standartlari asosida kiberxavfsizlik, sunʼiy intellekt, dasturiy taʼminotni ishlab chiqish, axborot tizimi va kompyuter tarmoqlarini boshqarish hamda axborot-kommunikatsiya texnologiyalarining boshqa dolzarb yoʻnalishlari boʻyicha kadrlar tayyorlash;

axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasida mutaxassislarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;

oʻquv jarayonini ilgʻor xorijiy tajriba va zamonaviy taʼlim texnologiyalari asosida tashkil etish;

axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasida ilmiy va amaliy tadqiqotlar oʻtkazish;

xorijiy va mahalliy IT-kompaniyalarda talabalar amaliyotini tashkil etish;

kadrlarni tayyorlash, ularning malakasini oshirish boʻyicha nufuzli xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari va IT-kompaniyalar bilan hamkorlikni yoʻlga qoʻyish;

axborot texnologiyalari sohasida raqobatbardosh mahsulotlar ishlab chiqish va xizmatlar koʻrsatish, masofaviy IT-xizmatlar eksporti hajmini oshirishga koʻmaklashish;

raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarni ishlab chiqish hamda yoshlarda bunday koʻnikmalarni shakllantirish.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Buxoro viloyati hokimligi bilan birgalikda bir oy muddatda IT-klaster faoliyatini yoʻlga qoʻyish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Oʻsimliklar karantini va himoyasi agentligiga tegishli Buxoro viloyati Qorakoʻl tumani “Xoʻjalar” MFY Buxoro koʻchasidagi 8,68 gektar yer maydonining 6,939 gektarini unda joylashgan bino va inshootlar bilan (Qorakoʻl tumani Buxoro koʻchasidagi 22-uy manzilida joylashgan maʼmuriy binodan tashqari) operativ boshqaruv huquqi bilan Qorakoʻl tumani hokimligiga belgilangan tartibda oʻtkazilishini taʼminlasin.

5. Buxoro viloyati hokimligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining IT-klaster faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun talab etiladigan xarajatlarni Buxoro viloyati mahalliy budjeti hamda 2023-yilda Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturida Buxoro viloyati uchun ajratilgan mablagʻlarning iqtisod qilingan qismi hisobidan teng ulushlarda moliyalashtirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

Bunda:

birinchi bosqichda — 2023-yil 31-dekabrga qadar mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan maʼmuriy bino, oʻquv laboratoriyasi va 5 600 oʻringa moʻljallangan oʻquv binolari quriladi hamda zarur jihozlar bilan taʼminlanadi;

ikkinchi bosqichda — 2024-yil 1-sentabrga qadar 2023-yilda Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturida Buxoro viloyati uchun ajratilgan mablagʻlarning iqtisod qilinadigan qismi hisobidan 1 300 oʻringa moʻljallangan talabalar turar joyi, 15 oʻringa moʻljallangan mehmonxona, 100 oʻringa moʻljallangan inkubatsiya markazi, 200 oʻringa moʻljallangan masofaviy IT-xizmatlar eksporti markazi, oshxona, ochiq va yopiq turdagi sport inshootlari quriladi, jihozlanadi hamda tutash hududlarni obodonlashtirish ishlari amalga oshiriladi.

6. IT-klaster faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun zarur bino va inshootlarni qurish, jihozlash va obodonlashtirish boʻyicha:

Buxoro viloyati hokimligining “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasi — buyurtmachi etib belgilansin;

bosh loyiha va bosh pudrat tashkilotlari belgilangan tartibda tender (tanlov) natijasida aniqlanishi belgilab qoʻyilsin.

7. Buxoro viloyati hokimligi uch oy muddatda buyurtmachi va bosh loyiha tashkiloti bilan birgalikda obyektning loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish hamda vakolatli organlardan belgilangan tartibda ekspertiza xulosalarini olish choralarini koʻrsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi IT-klaster faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun zarur bino va inshootlarda qurilish-montaj ishlari sifatli amalga oshirilishi yuzasidan belgilangan tartibda davlat arxitektura-qurilish nazoratini oʻrnatsin.

9. Buxoro viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining:

IT-klaster faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun zarur bino va inshootlar foydalanishga topshirilgunga qadar “Acharya” universitetini qabul jarayoni va taʼlim faoliyati uchun belgilangan talablarga mos keladigan koʻchmas mulk obyektlarida ijara toʻlovlarini Buxoro viloyati mahalliy budjeti mablagʻlari hisobidan qoplab berish orqali vaqtincha joylashtirish;

IT-klaster faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun zarur bino va inshootlar foydalanishga topshirilgandan soʻng ushbu bino va inshootlarda “Acharya” universitetini tekin foydalanish huquqi bilan joylashtirish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

10. Belgilansinki, “Acharya” universitetiga belgilangan tartibda litsenziya olingandan soʻng taʼlim faoliyati bilan shugʻullanishga ruxsat etiladi.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi mazkur qaror doirasida ajratiladigan budjet mablagʻlarining maqsadli va samarali ishlatilishi ustidan davlat moliyaviy nazoratini oʻrnatsin.

12. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Buxoro viloyati hokimi B.K. Zaripov va Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 5-iyul,

273-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 06.07.2023-y., 09/23/273/0455-son)

lex.uz