📅 2023-yil 13-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 13-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 13 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 июля 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 July 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
Вахта усулида ишлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 465-моддасига мувофиқ, шунингдек, вахта усулида фаолият юритаётган ташкилотларда меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш ҳамда ходимларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 465-моддасида :
вахта усулида ишлаш ходимларнинг доимий яшаш жойига кунлик қайтишини таъминлаш имкони бўлмаган тақдирда, уларнинг доимий яшаш жойидан ташқарида меҳнат жараёнини амалга оширишнинг алоҳида шакли эканлиги;
ишнинг вахта усулини қўллаш тартиби иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланиши;
Ишни вахта усулида ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низом Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Вахта усулида ишлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
вахта усулида ишлашни ташкил этиш ҳамда ходимларнинг меҳнат ва дам олиш режими, иш вақти ҳисобини юритиш;
вахта усулидаги ишларда банд бўлган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, уларга имтиёзлар ва компенсациялар бериш тартиби;
вахта усулида ишлашда тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 июлдаги 287-сон қарорига ИЛОВА
Вахта усулида ишлашни ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Намунавий низом ходимларнинг иш жойи уларнинг доимий яшаш жойидан ёки иш берувчининг жойлашган жойидан сезиларли даражада узоқ масофада жойлашганда, вахта усулида ишлашни ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
вахта усулидаги иш — ходимларнинг доимий яшаш жойига кунлик қайтишини таъминлаш имкони бўлмаган тақдирда ва (ёки) иш жойи иш берувчининг жойлашган жойидан сезиларли даражада узоқ масофада жойлашганда, ишлаб чиқариш объектларини, ижтимоий ва бошқа объектларни қуриш, таъмирлаш ёки реконструкция қилиш муддатларини қисқартириш, аҳоли яшамайдиган, олис ҳудудларда ёхуд алоҳида табиий шароитларга эга бўлган ҳудудларда ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланишни таъминлаш мақсадида, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун бажариладиган ишлар;
вахта объекти — ходимларнинг доимий яшаш жойи ва иш берувчининг ташкилотлари жойлашган ҳудуддан сезиларли узоқ масофада (чўлда, тоғли ва аҳоли қатнови бўлмаган чекка ҳамда узоқ ҳудудларда) жойлашган объектлар;
вахта шаҳарчалари — вахта усулида ишлаётган ходимларнинг вахтадаги дам олиш вақтида ҳаёти ва фаолиятини таъминлаш учун мўлжалланган турар жой, маданий-маиший, санитария хоналари, шунингдек, қурилиш техникаси ва махсус техника, автотранспортга хизмат кўрсатиладиган, товар-моддий бойликлар захираси сақланадиган хўжалик бино ва иншоотлари комплекси;
иш жойи — меҳнат фаолияти амалга ошириладиган ишлаб чиқариш объектлари.
3. Вахта усулида ишлашни қуйидаги ҳолатларда қўллаш мумкин:
ўрмон хўжалиги, геология-қидирув, алоқа ва темир йўл транспорти ташкилотларида;
қурилиш-монтаж, шунингдек, реконструкция-таъмирлаш ишларини амалга ошираётган қурилиш ташкилотларида;
энергетика объектларидан фойдаланишда (эксплуатация қилишда);
нефть ва газ саноати объектларида, шу жумладан, қувур ўтказувчи, хизмат кўрсатувчи ва таъмирлаш ишларини бажарувчи ташкилотлар ҳамда қувур транспорти ташкилотларида;
рангли ва қимматбаҳо металлар, кўмир ва бошқа табиий бойликлар конларини ўзлаштиришда;
вахта усули қўлланган ташкилотлар ходимларига хизмат кўрсатаётган тиббий, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт ташкилотларида;
автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда бошқа ташкилотларда.
4. Вахта усулида ишлаш ходимларнинг доимий яшаш жойига кунлик қайтишини таъминлаш имкони бўлмаган тақдирда ва (ёки) иш берувчининг жойлашган жойидан сезиларли даражада узоқ масофада (чўл зоналари, тоғ ва тоғолди ҳудудлар ҳамда бошқа ҳудудларда) жойлашганда, ишлаб чиқариш объектларини, ижтимоий ва бошқа объектларни қуриш, таъмирлаш ёки реконструкция қилиш муддатларини қисқартириш, аҳоли яшамайдиган, олис ҳудудларда ёхуд алоҳида табиий шароитларга эга бўлган ҳудудларда ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланишни таъминлаш мақсадида, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун қўлланилади.
Агар вахта объектида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ходим ҳар куни ўзининг доимий яшаш жойига қайтиш имкониятига эга бўлса, бундай ишни бажариш вахта усулида ишлаш ҳисобланмайди.
Ходимни вахта усулидаги ишларга юбориш хизмат сафарига юборилган деб ҳисобланмайди.
5. Ташкилотларда вахта усулидаги ишлар махсус иш ва дам олиш режими бўйича қоидага кўра иш вақти жамлаб ҳисобга олинган ҳолда, вахта орасидаги танаффуслар эса ходимларнинг доимий яшаш жойида ташкил қилиниши лозим.
6. Вахтанинг давомийлиги жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади ва унинг давомийлиги бир календарь ойдан ошмаслиги керак.
Жамоа келишувларида ёки жамоа шартномасида белгиланган алоҳида ҳолларда айрим объектларда вахтанинг давомийлиги уч ойга қадар узайтирилиши мумкин.
7. Вахта усулида ишларни ташкил этиш ҳақидаги қарор касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан қабул қилинади.
8. Иш берувчи ишларни бажаришда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ходимларни объектга ва ундан ётоқхоналарга етказиш, вахта шаҳарчаларида маиший шароитлар, овқатланиш ва тиббий хизматлар кўрсатилиши ташкил этилишига жавобгардир.
9. Вахта усулида ишларни ташкил этиш билан боғлиқ барча харажатлар иш берувчи ҳисобидан амалга оширилади.
2-боб. Вахта усулида ишларни ташкил этиш
10. Вахта усулидаги ишлар объектлардаги ишлар бир маромда, узлуксиз ва комплекс равишда амалга оширилиши учун ўзгарувчан жадвалга биноан ташкил этилиши лозим.
11. Вахта усулидаги ишлар, қоида тариқасида, ишларни ташкил этиш ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг асосий принципларига риоя қилинган, вахта ходимларининг иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда тасдиқланган сменалар алмашинуви жадвалига мувофиқ, шунингдек, меҳнатни ташкил қилиш ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиши, моддий бойликлар сақланишини таъминлаган ҳолда амалга оширилиши лозим.
12. Вахта усулида ишлайдиган ходимлар таркиби ташкилот штатида рўйхатга олинган ва шартнома бўйича вақтинча жалб этиладиган, ушбу усулда бажарилиши кўзда тутилган ишларни амалга оширишни рад этувчи тиббий кўрсатмаларга эга бўлмаган ходимлар билан тўлдирилади.
13. Вахта усулида бажариладиган ишларга қуйидагилар жалб қилиниши мумкин эмас:
ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар;
ҳомиладор аёллар;
уч ёшгача бўлган фарзандини тарбиялаётган ота-онадан бири (васий);
тиббий хулосага мувофиқ вахта усулидаги ишларни бажаришига қарши кўрсатмалар бўлган шахслар.
14. Вахта усулидаги ишларни бажариш мақсадида иш берувчи ходимлар билан келишган ҳолда, уларни ишларнинг бир участкасидан бошқасига ўтказишга ҳақли. Бунда бир иш участкасидан бошқасига ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан иш берувчи «вахта» муддати якунлангандан сўнг ходимлар аввалги иш жойида (лавозимида) тикланиши, агар иш жойи тугатилган бўлса, ушбу иш жойига (лавозимига) тенглаштирилган ташкилотдаги бошқа иш жойига (лавозимга) ўтказилишини таъминлаши шарт. Буйруқда «Вахта усулида ишлаш учун» деган мақсад кўрсатилиши лозим.
15. Вахта усулидаги ишларни бажараётган ходимларнинг меҳнат шароитлари амалдаги меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ташкил этилиши, шунингдек, вахта объектига ёки шаҳарчасига етиб келган ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлардан ўтишлари керак.
16. Ходимлар ташкилот жойлашган жойдан ёки иш берувчи томонидан белгиланган йиғилиш пунктидан вахта объектига транспорт воситалари орқали етказилади ва қайтиб олиб келинади. Бунда ташкилотга тегишли ёки шартнома асосида жалб этилган транспорт воситаларидан фойдаланиш мумкин.
17. Ходимлар объектда бўлган вақтда махсус ташкил этилган вахта шаҳарчалари ёки бошқа иш берувчи ҳисобидан молиялаштириладиган турар жой биноларида, ётоқхона, меҳмонхона ва бошқа турар жойларда яшашлари лозим.
18. Ходимларнинг турар жойлари керакли жиҳозлар ва маиший техникалар билан таъминланган, тиббий ва маиший хизмат кўрсатиш ташкил этилган бўлиши керак.
Мазкур объектларда техник ва маиший хизматлар тегишли смена ходимлари томонидан кўрсатилади.
Ходимларнинг махсус мослаштирилмаган санитария-маиший ёки бошқа биноларга жойлаштирилиши қатъиян ман этилади.
19. Вахта шаҳарчаларини сақлаш, шаҳарчада яшаётган ходимларга маиший хизмат кўрсатиш, улар билан маданий-оммавий ишларни ташкил этиш балансида вахта шаҳарчаси бўлган ташкилот маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитасига юкланади. Ушбу ташкилотлар маъмурияти томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда, вахта шаҳарчасида барча яшовчиларга хизмат кўрсатишнинг ички тартиби тасдиқланади.
20. Вахта шаҳарчаси ҳудуд шароитларига боғлиқ равишда намунавий ёки якка тартибдаги лойиҳа бўйича қурилиб, ушбу лойиҳада ижтимоий-маиший соҳа объектлари, электр, сув, иссиқлик таъминоти, алоқа воситалари, кириш йўллари ва учиш-қўниш полосаси (техник зарурат мавжуд бўлса), вахта ходимларини етказиб келиш усули, шунингдек, шаҳарчани қуриш ва унинг фаолиятини таъминлаш харажатларининг сметаси кўзда тутилади.
Шунингдек, лойиҳада шаҳарчада ишлаётган ва истиқомат қилаётган ходимлар овқатланиши, дам олиши ва уларнинг ишдан бўш вақтини тегишли тарзда ташкил қилиш, уларга тиббий, савдо-маиший ва маданий хизмат кўрсатиш масалалари ҳам ҳал қилинади. Вахта шаҳарчаси жойлашувини танлашда ходимларни вахта шаҳарчасидаги яшаш жойларидан иш жойигача етказиш ва қайтиб олиб кетиш вақтини қисқартириш талаби мажбурий ҳисобланади.
Вахта шаҳарчасининг лойиҳаси тегишли касаба уюшмаси ташкилотлари, санитария-эпидемиология хизмати ва ёнғин назорати органлари билан келишилади ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.
Қурилиши тугалланган вахта шаҳарчаси қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилиниши лозим.
21. Вахта усулида ишлайдиган ходимларнинг вахталараро дам олиш даврида вахта шаҳарчасида яшаши тақиқланади.
22. Иш берувчи томонидан вахта усулида ишлайдиган ходимлар транспорт, савдо-маиший хизматлар ҳамда кунига уч маҳал иссиқ овқат билан марказлашган ҳолда таъминланади ва уларнинг овқатланиши учун санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига жавоб берадиган шароитлар яратилади.
Ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиб бўлмайдиган иш жойларида овқатланиш учун алоҳида шароитлар яратиб берилиши лозим. Ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиб бўлмайдиган ҳолатларда, овқатланиш учун ходимлар навбат билан чиқишлари ёки технологик жараённинг хусусиятидан келиб чиқиб, бошқа хавфсиз шароитлар яратилиши мумкин.
3-боб. Меҳнат ва дам олиш режими, иш вақти ҳисобини юритиш
23. Вахта усулидаги ишларни ташкил этишда, одатда бир ой, бир чорак ёки бошқа узоқ муддатли, лекин 12 ойдан кўп бўлмаган давр учун жамлаб ҳисоб юритилади.
Ҳисобга олинадиган давр ходимнинг вахтада бўлган давридаги иш вақти, иш берувчининг жойлашган жойидан ёки тўпланиш жойидан иш бажариладиган жойга бориш ва қайтиш чоғида йўлда бўлиш, мазкур календарь даврга тўғри келадиган дам олиш вақтини қамраб олади.
Бунда ҳисобга олинган давр учун ҳар кунги иш вақтининг максимал давомийлиги 12 соатдан ошмаслиги керак.
Иш берувчи вахта усулида ишлайдиган ҳар бир ходимнинг иш вақти ва дам олиш вақтини, ойлар ва бутун ҳисобот даври учун ўсиб борувчи якун билан махсус ҳисобни юритиб бориши шарт.
24. Иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда, иш вақти ва дам олиш вақтини белгилаш учун жадвал ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Жадвал ходимларга вахта усулида ишлаш даври бошланишидан 2 ойдан кечиктирмаган ҳолда етказилади.
Жадвалда қуйидагилар назарда тутилиши лозим:
ҳисобга олиш даврининг давомийлиги;
ходимларни вахтага олиб бориш ва у ердан қайтариб олиб келиш учун зарур бўлган вақт. Иш жойига бориш ва у ердан қайтиб келиш чоғида йўлда бўлиш кунлари иш вақтига киритилмайди ҳамда вахталар ўртасидаги дам олиш кунларига тўғри келиши мумкин;
ходимнинг вахтада бўлган даврида ҳар кунлик ишнинг давомийлиги;
вахтада дам олиш вақти, иш куни давомида дам олиш ва овқатланиш учун танаффус (агар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги 8 соатдан ошса, иккита танаффус), ишлаб чиқариш шароитларига кўра бундай танаффуснинг имкони бўлмаган ҳолларда эса, иш вақтида ходимларнинг овқатланиш вақтини белгилаш ва ташкил этиш;
ҳар кунлик (сменалар ўртасидаги) дам олиш ва унинг давомийлиги (дам олиш ва овқатланиш учун танаффусни ҳисобга олган ҳолда 12 соатдан кам бўлмаслиги керак);
вахта даврида ҳафталик дам олиш кунлари (агар ишлаб чиқариш шароитларига кўра бунинг имкони бўлса);
вахта оралиғидаги дам олиш вақти (жадвалда назарда тутилган иш вақти нормасидан ортиқ ишлаганлик учун отгул (ортиқча ишланган вақт учун олинган дам олиш кунлари) кунлари ва бу даврга тўғри келадиган дам олиш кунлари). Отгул кунлари (ортиқча ишланган вақт учун олинган дам олиш кунлари) сони ходимнинг вахтада бўлган даврида жадвалга мувофиқ ортиқча ишланган умумий соатлар сонини иш куни давомийлигининг белгиланган нормасига бўлиш йўли билан аниқланади.
Вахтадаги иш жадвали доирасида тўлиқ иш кунига етмайдиган иш вақтининг ортиқча ишланган соатлари календарь йил мобайнида йиғилиб бориши ва тўлиқ иш кунларигача жамланиб, кейинчалик вахта оралиғидаги қўшимча дам олиш кунлари берилиши мумкин.
Ҳисобга олинган давр якунланишидан олдин ишдан бўшаган ходимлар учун ишдан бўшаш санаси уларнинг розилиги билан вахталараро дам олиш кунлари ҳисобга олинган ҳолда кўрсатилиши мумкин.
25. Ноқулай меҳнат шароитларида бажариладиган ишлар учун иш вақтининг нормаси қонунчиликда белгиланган тартибда қисқартирилган иш вақтидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Ҳисобга олинган даврда ёки вахтада иш вақти тўлиқ бўлмаганда (меҳнат таътили, касаллик туфайли ишга чиқмаслик ва бошқалар), норма бўйича белгиланган иш соатларидан ишда бўлмаган кунларга тўғри келадиган календарь бўйича иш соатлари айириб ташланади.
26. Ҳисобга олиш даврида ходим учун жадвалда белгиланган иш вақти давомийлигидан ташқари ишлаш вахта усулида ишловчи шахслар учун иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.
27. Вахта усулида ишлаётган ходимларга меҳнат таътили вахта сменаси оралиғидаги дам олиш вақтида берилиши мумкин эмас.
28. Агар вахта усулида ишловчи шахснинг йиллик меҳнат таътилининг тугаши вахталар оралиғидаги дам олиш кунларига тўғри келса, унда иш берувчи ходимнинг розилиги билан:
вахта бошлангунига қадар ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиши;
вахта бошлангунига қадар ходимга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши;
ходимни вахтанинг бошқа сменасига ўтказиши мумкин.
4-боб. Меҳнатга ҳақ тўлаш, имтиёзлар ва компенсациялар
29. Вахта усулида ишларни ташкил этишда ходимларга меҳнат ҳақи қуйидаги тартибда тўланади:
ишбай ходимларга — бажарилган ишлар ҳажми бўйича меҳнат шартномасида белгиланган нархларда;
вақтбай ходимларга — амалда ишлаб берилган ҳамма соатлар учун разрядлар бўйича белгиланган тариф ставкаларига мувофиқ.
30. Вахта усулида ишловчи шахслар учун вахта даврида ишларни бажариш жойларида бўлган ҳар бир календарь кун учун, шунингдек, иш берувчининг жойлашган жойидан (йиғилиш пунктидан) иш жойигача бориш ва орқага қайтиш чоғида йўлдаги ҳақиқий кунлар учун суткалик ўрнига вахта усулида ишлаганлик учун устама тўланади.
31. Бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимларига вахта даврида ишларни бажариш жойларида бўлган ҳар бир календарь кун учун, шунингдек, иш берувчининг жойлашган жойидан (йиғилиш пунктидан) иш жойигача бориш ва орқага қайтиш чоғида йўлдаги ҳақиқий кунлар учун базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан 0,1 коэффициент миқдорида устама тўланади.
Мазкур устама ходимларга ҳар ойда иш ҳақи билан бирга ҳисоблаб тўланади.
32. Ходимнинг умумий иш вақтини ҳисобга олган ҳолда ўртача иш ҳақи бўйича тўловни амалга оширишда, бир соат учун ўртача иш ҳақининг миқдори ҳисобланади. Бунинг учун сўнгги уч ой давомида ишлаб берилган барча соатлар учун ҳисобланган иш ҳақи ушбу соатлар сонига бўлинади.
33. Ходимларни мукофотлаш, уларга устамалар тўлаш миқдори ва тартиби жамоа шартномаси, касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда, иш берувчи томонидан қабул қилинган ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан белгиланади.
34. Агар жамоа шартномасида, ички ҳужжатда ёки меҳнат шартномасида юқорироқ ҳақ тўлаш белгиланмаган бўлса, вахтадаги иш жадвали доирасидаги иш вақтида ортиқча ишлаганлик муносабати билан ҳар бир дам олиш куни (вахталар оралиғидаги дам олиш куни) учун кунлик тариф ставкаси, кунлик ставка (бир кунлик иш учун маошининг бир қисми) миқдорида ҳақ тўланади.
35. Ҳудудида иш ҳақига ҳудудий коэффициентлар қўлланиладиган туманларда вахта усулидаги ишларни бажараётган барча ходимларнинг (шу жумладан, вахта усулида ишлаётган жамоаларга хизмат кўрсатаётган савдо ва умумий овқатланиш, алоқа, транспорт, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотлар ходимлари) иш ҳақига нисбатан амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда туман коэффициентлари қўлланилади.
36. Ходимлар иш жойига ўз вақтида етиб келмаса, вахта усулидаги ишларни бажараётган ташкилотларнинг раҳбарлари, касаба уюшмалари қўмиталари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда, янги смена етиб келгунига қадар ходимларни жадвалда белгиланган иш вақтидан кўпроқ вақт ишлашга жалб этиши мумкин. Бундай ҳолатларда иш берувчи вахта ходимларини энг қисқа муддатларда объектга етказиб келиш бўйича барча чораларни қўллаши шарт ва ортиқча ишланган кунлар учун жамоа шартномасида кўрсатилган миқдорда ҳақ тўланади.
37. Ташкилот жойлашган жойдан ётоқхонага ва орқага қайтадиган йўлда ўтадиган вақтлар учун, шунингдек, ходимларнинг метеорология шароитларига кўра ва транспорт ташкилотларининг айби билан йўлда ушланиб қолинган вақт учун ходимга ўтган ой учун ҳисобланган иш ҳақи асосида аниқланадиган ўртача кунлик ставка миқдоридан келиб чиққан ҳолда компенсация тўланади.
5-боб. Тиббий ёрдамнинг ташкил этилиши
38. Вахта усулида ишлашда иш берувчи ходимларга тиббий хизматлар кўрсатилиши ва уларнинг тиббий кўриклардан ўтказилишини таъминлаш мақсадида ташкилот жойлашган ҳудуддаги соғлиқни сақлаш органлари билан ходимларни даволаш-профилактика муассасасига бириктириш масаласини ҳал қилади, ходимларнинг тиббий кўрик ва текширувлардан ўз вақтида ва тартибли равишда ўтишлари учун жавобгар бўлади.
39. Балансида вахта шаҳарчалари бўлган ташкилотлар маъмурияти тиббиёт муассасалари билан биргаликда вахта шаҳарчалари жамоаларига тиббий ёрдам кўрсатилишини, шаҳарчаларни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, дори-дармон ва тиббий ускуналар билан бутланишини ташкил қилади ва беморларнинг эвакуациясини таъминлайди.
40. Вахта усулида бажариладиган ишларга юборилаётган шахслар ишга кираётганда, иш берувчи уларнинг дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилишини таъминлайди.
41. Вахта шаҳарчасига ёки объектга юборилишидан 2 — 4 кун олдин ходимлар ташкилот шифокори томонидан ёки ташкилот жойлашган ҳудуддаги даволаш-профилактика муассасасида тиббий кўрикдан ўтказилиши керак, тиббий кўрикдан ўтиш жараёни ташкилот маъмурияти томонидан назорат қилинади.
42. Ҳудудида вахта шаҳарчалари ва объектлари жойлашган соғлиқни сақлаш органлари ва муассасалари умумий қиймат ҳисобидан вахтада:
фельдшерлик пунктлари (ходимлар сони 50 ва ундан кўпроқ бўлганда);
тиббиёт пунктлари (ходимлар сони 500 ва ундан кўпроқ бўлганда);
врачлик пунктлари (ходимлар сони 1500 дан кўпроқ бўлганда);
ходимлар сони 50 нафаргача бўлганда — вахтага келиб-кетиш даврийлиги ташкилот маъмурияти билан келишиладиган тиббий ёрдам бригадаларини ташкил қилган ҳолда, вахтада ишловчи ходимларни тиббий ёрдам билан таъминлайди.
Тиббий ёрдам бригадаларининг объектларга қатнаши ташкилотлар томонидан таъминланади.
43. Ишга қўйилаётган ходимлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказилади.
Ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ харажатлар иш берувчининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6-боб. Якунловчи қоида
44. Ушбу Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 13 июль,
287-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NAMUNAVIY NIZOM
Vaxta usulida ishlashni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksining 465-moddasiga muvofiq, shuningdek, vaxta usulida faoliyat yuritayotgan tashkilotlarda mehnatga oid munosabatlarni tartibga solish hamda xodimlarning hayoti va sogʻligini himoya qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksining 465-moddasida :
vaxta usulida ishlash xodimlarning doimiy yashash joyiga kunlik qaytishini taʼminlash imkoni boʻlmagan taqdirda, ularning doimiy yashash joyidan tashqarida mehnat jarayonini amalga oshirishning alohida shakli ekanligi;
ishning vaxta usulini qoʻllash tartibi ish beruvchi tomonidan kasaba uyushmasi qoʻmitasi bilan kelishilgan holda tasdiqlanishi;
Ishni vaxta usulida tashkil etish toʻgʻrisidagi namunaviy nizom Vazirlar Mahkamasi tomonidan Ijtimoiy-mehnat masalalari boʻyicha respublika uch tomonlama komissiyasi bilan kelishilgan holda tasdiqlanishi nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Vaxta usulida ishlashni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
vaxta usulida ishlashni tashkil etish hamda xodimlarning mehnat va dam olish rejimi, ish vaqti hisobini yuritish;
vaxta usulidagi ishlarda band boʻlgan xodimlar mehnatiga haq toʻlash, ularga imtiyozlar va kompensatsiyalar berish tartibi;
vaxta usulida ishlashda tibbiy yordam koʻrsatilishini tashkil etish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni uch oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.A. Musayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 13-iyuldagi 287-son qaroriga ILOVA
Vaxta usulida ishlashni tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Namunaviy nizom xodimlarning ish joyi ularning doimiy yashash joyidan yoki ish beruvchining joylashgan joyidan sezilarli darajada uzoq masofada joylashganda, vaxta usulida ishlashni tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Namunaviy nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
vaxta usulidagi ish — xodimlarning doimiy yashash joyiga kunlik qaytishini taʼminlash imkoni boʻlmagan taqdirda va (yoki) ish joyi ish beruvchining joylashgan joyidan sezilarli darajada uzoq masofada joylashganda, ishlab chiqarish obyektlarini, ijtimoiy va boshqa obyektlarni qurish, taʼmirlash yoki rekonstruksiya qilish muddatlarini qisqartirish, aholi yashamaydigan, olis hududlarda yoxud alohida tabiiy sharoitlarga ega boʻlgan hududlarda ishlab chiqarish obyektlaridan foydalanishni taʼminlash maqsadida, shuningdek, boshqa ishlab chiqarish faoliyatini amalga oshirish uchun bajariladigan ishlar;
vaxta obyekti — xodimlarning doimiy yashash joyi va ish beruvchining tashkilotlari joylashgan hududdan sezilarli uzoq masofada (choʻlda, togʻli va aholi qatnovi boʻlmagan chekka hamda uzoq hududlarda) joylashgan obyektlar;
vaxta shaharchalari — vaxta usulida ishlayotgan xodimlarning vaxtadagi dam olish vaqtida hayoti va faoliyatini taʼminlash uchun moʻljallangan turar joy, madaniy-maishiy, sanitariya xonalari, shuningdek, qurilish texnikasi va maxsus texnika, avtotransportga xizmat koʻrsatiladigan, tovar-moddiy boyliklar zaxirasi saqlanadigan xoʻjalik bino va inshootlari kompleksi;
ish joyi — mehnat faoliyati amalga oshiriladigan ishlab chiqarish obyektlari.
3. Vaxta usulida ishlashni quyidagi holatlarda qoʻllash mumkin:
oʻrmon xoʻjaligi, geologiya-qidiruv, aloqa va temir yoʻl transporti tashkilotlarida;
qurilish-montaj, shuningdek, rekonstruksiya-taʼmirlash ishlarini amalga oshirayotgan qurilish tashkilotlarida;
energetika obyektlaridan foydalanishda (ekspluatatsiya qilishda);
neft va gaz sanoati obyektlarida, shu jumladan, quvur oʻtkazuvchi, xizmat koʻrsatuvchi va taʼmirlash ishlarini bajaruvchi tashkilotlar hamda quvur transporti tashkilotlarida;
rangli va qimmatbaho metallar, koʻmir va boshqa tabiiy boyliklar konlarini oʻzlashtirishda;
vaxta usuli qoʻllangan tashkilotlar xodimlariga xizmat koʻrsatayotgan tibbiy, savdo va umumiy ovqatlanish, transport tashkilotlarida;
avtomobil yoʻllarini qurish va rekonstruksiya qilish hamda boshqa tashkilotlarda.
4. Vaxta usulida ishlash xodimlarning doimiy yashash joyiga kunlik qaytishini taʼminlash imkoni boʻlmagan taqdirda va (yoki) ish beruvchining joylashgan joyidan sezilarli darajada uzoq masofada (choʻl zonalari, togʻ va togʻoldi hududlar hamda boshqa hududlarda) joylashganda, ishlab chiqarish obyektlarini, ijtimoiy va boshqa obyektlarni qurish, taʼmirlash yoki rekonstruksiya qilish muddatlarini qisqartirish, aholi yashamaydigan, olis hududlarda yoxud alohida tabiiy sharoitlarga ega boʻlgan hududlarda ishlab chiqarish obyektlaridan foydalanishni taʼminlash maqsadida, shuningdek, boshqa ishlab chiqarish faoliyatini amalga oshirish uchun qoʻllaniladi.
Agar vaxta obyektida mehnat faoliyatini amalga oshiruvchi xodim har kuni oʻzining doimiy yashash joyiga qaytish imkoniyatiga ega boʻlsa, bunday ishni bajarish vaxta usulida ishlash hisoblanmaydi.
Xodimni vaxta usulidagi ishlarga yuborish xizmat safariga yuborilgan deb hisoblanmaydi.
5. Tashkilotlarda vaxta usulidagi ishlar maxsus ish va dam olish rejimi boʻyicha qoidaga koʻra ish vaqti jamlab hisobga olingan holda, vaxta orasidagi tanaffuslar esa xodimlarning doimiy yashash joyida tashkil qilinishi lozim.
6. Vaxtaning davomiyligi jamoa shartnomasida, agar u tuzilmagan boʻlsa, ish beruvchi tomonidan kasaba uyushmasi qoʻmitasi yoki xodimlarning boshqa vakillik organi bilan kelishilgan holda belgilanadi va uning davomiyligi bir kalendar oydan oshmasligi kerak.
Jamoa kelishuvlarida yoki jamoa shartnomasida belgilangan alohida hollarda ayrim obyektlarda vaxtaning davomiyligi uch oyga qadar uzaytirilishi mumkin.
7. Vaxta usulida ishlarni tashkil etish haqidagi qaror kasaba uyushmasi qoʻmitasi yoki xodimlarning boshqa vakillik organi bilan kelishilgan holda ish beruvchi tomonidan qabul qilinadi.
8. Ish beruvchi ishlarni bajarishda mehnat xavfsizligini taʼminlash, xodimlarni obyektga va undan yotoqxonalarga yetkazish, vaxta shaharchalarida maishiy sharoitlar, ovqatlanish va tibbiy xizmatlar koʻrsatilishi tashkil etilishiga javobgardir.
9. Vaxta usulida ishlarni tashkil etish bilan bogʻliq barcha xarajatlar ish beruvchi hisobidan amalga oshiriladi.
2-bob. Vaxta usulida ishlarni tashkil etish
10. Vaxta usulidagi ishlar obyektlardagi ishlar bir maromda, uzluksiz va kompleks ravishda amalga oshirilishi uchun oʻzgaruvchan jadvalga binoan tashkil etilishi lozim.
11. Vaxta usulidagi ishlar, qoida tariqasida, ishlarni tashkil etish va mehnatga haq toʻlashning asosiy prinsiplariga rioya qilingan, vaxta xodimlarining ish beruvchi tomonidan kasaba uyushmasi qoʻmitasi yoki xodimlarning boshqa vakillik organi bilan kelishilgan holda tasdiqlangan smenalar almashinuvi jadvaliga muvofiq, shuningdek, mehnatni tashkil qilish va xavfsizlik texnikasi qoidalariga rioya etilishi, moddiy boyliklar saqlanishini taʼminlagan holda amalga oshirilishi lozim.
12. Vaxta usulida ishlaydigan xodimlar tarkibi tashkilot shtatida roʻyxatga olingan va shartnoma boʻyicha vaqtincha jalb etiladigan, ushbu usulda bajarilishi koʻzda tutilgan ishlarni amalga oshirishni rad etuvchi tibbiy koʻrsatmalarga ega boʻlmagan xodimlar bilan toʻldiriladi.
13. Vaxta usulida bajariladigan ishlarga quyidagilar jalb qilinishi mumkin emas:
oʻn sakkiz yoshgacha boʻlgan xodimlar;
homilador ayollar;
uch yoshgacha boʻlgan farzandini tarbiyalayotgan ota-onadan biri (vasiy);
tibbiy xulosaga muvofiq vaxta usulidagi ishlarni bajarishiga qarshi koʻrsatmalar boʻlgan shaxslar.
14. Vaxta usulidagi ishlarni bajarish maqsadida ish beruvchi xodimlar bilan kelishgan holda, ularni ishlarning bir uchastkasidan boshqasiga oʻtkazishga haqli. Bunda bir ish uchastkasidan boshqasiga oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruq bilan ish beruvchi “vaxta” muddati yakunlangandan soʻng xodimlar avvalgi ish joyida (lavozimida) tiklanishi, agar ish joyi tugatilgan boʻlsa, ushbu ish joyiga (lavozimiga) tenglashtirilgan tashkilotdagi boshqa ish joyiga (lavozimga) oʻtkazilishini taʼminlashi shart. Buyruqda “Vaxta usulida ishlash uchun” degan maqsad koʻrsatilishi lozim.
15. Vaxta usulidagi ishlarni bajarayotgan xodimlarning mehnat sharoitlari amaldagi mehnatni muhofaza qilish qoidalari, mehnatni muhofaza qilish masalalari boʻyicha texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiq tashkil etilishi, shuningdek, vaxta obyektiga yoki shaharchasiga yetib kelgan xodimlar mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻl-yoʻriqlardan oʻtishlari kerak.
16. Xodimlar tashkilot joylashgan joydan yoki ish beruvchi tomonidan belgilangan yigʻilish punktidan vaxta obyektiga transport vositalari orqali yetkaziladi va qaytib olib kelinadi. Bunda tashkilotga tegishli yoki shartnoma asosida jalb etilgan transport vositalaridan foydalanish mumkin.
17. Xodimlar obyektda boʻlgan vaqtda maxsus tashkil etilgan vaxta shaharchalari yoki boshqa ish beruvchi hisobidan moliyalashtiriladigan turar joy binolarida, yotoqxona, mehmonxona va boshqa turar joylarda yashashlari lozim.
18. Xodimlarning turar joylari kerakli jihozlar va maishiy texnikalar bilan taʼminlangan, tibbiy va maishiy xizmat koʻrsatish tashkil etilgan boʻlishi kerak.
Mazkur obyektlarda texnik va maishiy xizmatlar tegishli smena xodimlari tomonidan koʻrsatiladi.
Xodimlarning maxsus moslashtirilmagan sanitariya-maishiy yoki boshqa binolarga joylashtirilishi qatʼiyan man etiladi.
19. Vaxta shaharchalarini saqlash, shaharchada yashayotgan xodimlarga maishiy xizmat koʻrsatish, ular bilan madaniy-ommaviy ishlarni tashkil etish balansida vaxta shaharchasi boʻlgan tashkilot maʼmuriyati va kasaba uyushmasi qoʻmitasiga yuklanadi. Ushbu tashkilotlar maʼmuriyati tomonidan kasaba uyushmasi qoʻmitasi bilan kelishgan holda, vaxta shaharchasida barcha yashovchilarga xizmat koʻrsatishning ichki tartibi tasdiqlanadi.
20. Vaxta shaharchasi hudud sharoitlariga bogʻliq ravishda namunaviy yoki yakka tartibdagi loyiha boʻyicha qurilib, ushbu loyihada ijtimoiy-maishiy soha obyektlari, elektr, suv, issiqlik taʼminoti, aloqa vositalari, kirish yoʻllari va uchish-qoʻnish polosasi (texnik zarurat mavjud boʻlsa), vaxta xodimlarini yetkazib kelish usuli, shuningdek, shaharchani qurish va uning faoliyatini taʼminlash xarajatlarining smetasi koʻzda tutiladi.
Shuningdek, loyihada shaharchada ishlayotgan va istiqomat qilayotgan xodimlar ovqatlanishi, dam olishi va ularning ishdan boʻsh vaqtini tegishli tarzda tashkil qilish, ularga tibbiy, savdo-maishiy va madaniy xizmat koʻrsatish masalalari ham hal qilinadi. Vaxta shaharchasi joylashuvini tanlashda xodimlarni vaxta shaharchasidagi yashash joylaridan ish joyigacha yetkazish va qaytib olib ketish vaqtini qisqartirish talabi majburiy hisoblanadi.
Vaxta shaharchasining loyihasi tegishli kasaba uyushmasi tashkilotlari, sanitariya-epidemiologiya xizmati va yongʻin nazorati organlari bilan kelishiladi va tashkilot rahbari tomonidan tasdiqlanadi.
Qurilishi tugallangan vaxta shaharchasi qonunchilikda belgilangan tartibda foydalanishga qabul qilinishi lozim.
21. Vaxta usulida ishlaydigan xodimlarning vaxtalararo dam olish davrida vaxta shaharchasida yashashi taqiqlanadi.
22. Ish beruvchi tomonidan vaxta usulida ishlaydigan xodimlar transport, savdo-maishiy xizmatlar hamda kuniga uch mahal issiq ovqat bilan markazlashgan holda taʼminlanadi va ularning ovqatlanishi uchun sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga javob beradigan sharoitlar yaratiladi.
Ishlab chiqarish jarayonini toʻxtatib boʻlmaydigan ish joylarida ovqatlanish uchun alohida sharoitlar yaratib berilishi lozim. Ishlab chiqarish jarayonini toʻxtatib boʻlmaydigan holatlarda, ovqatlanish uchun xodimlar navbat bilan chiqishlari yoki texnologik jarayonning xususiyatidan kelib chiqib, boshqa xavfsiz sharoitlar yaratilishi mumkin.
3-bob. Mehnat va dam olish rejimi, ish vaqti hisobini yuritish
23. Vaxta usulidagi ishlarni tashkil etishda, odatda bir oy, bir chorak yoki boshqa uzoq muddatli, lekin 12 oydan koʻp boʻlmagan davr uchun jamlab hisob yuritiladi.
Hisobga olinadigan davr xodimning vaxtada boʻlgan davridagi ish vaqti, ish beruvchining joylashgan joyidan yoki toʻplanish joyidan ish bajariladigan joyga borish va qaytish chogʻida yoʻlda boʻlish, mazkur kalendar davrga toʻgʻri keladigan dam olish vaqtini qamrab oladi.
Bunda hisobga olingan davr uchun har kungi ish vaqtining maksimal davomiyligi 12 soatdan oshmasligi kerak.
Ish beruvchi vaxta usulida ishlaydigan har bir xodimning ish vaqti va dam olish vaqtini, oylar va butun hisobot davri uchun oʻsib boruvchi yakun bilan maxsus hisobni yuritib borishi shart.
24. Ish beruvchi tomonidan kasaba uyushmasi qoʻmitasi bilan kelishilgan holda, ish vaqti va dam olish vaqtini belgilash uchun jadval ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
Jadval xodimlarga vaxta usulida ishlash davri boshlanishidan 2 oydan kechiktirmagan holda yetkaziladi.
Jadvalda quyidagilar nazarda tutilishi lozim:
hisobga olish davrining davomiyligi;
xodimlarni vaxtaga olib borish va u yerdan qaytarib olib kelish uchun zarur boʻlgan vaqt. Ish joyiga borish va u yerdan qaytib kelish chogʻida yoʻlda boʻlish kunlari ish vaqtiga kiritilmaydi hamda vaxtalar oʻrtasidagi dam olish kunlariga toʻgʻri kelishi mumkin;
xodimning vaxtada boʻlgan davrida har kunlik ishning davomiyligi;
vaxtada dam olish vaqti, ish kuni davomida dam olish va ovqatlanish uchun tanaffus (agar kunlik ishning (smenaning) davomiyligi 8 soatdan oshsa, ikkita tanaffus), ishlab chiqarish sharoitlariga koʻra bunday tanaffusning imkoni boʻlmagan hollarda esa, ish vaqtida xodimlarning ovqatlanish vaqtini belgilash va tashkil etish;
har kunlik (smenalar oʻrtasidagi) dam olish va uning davomiyligi (dam olish va ovqatlanish uchun tanaffusni hisobga olgan holda 12 soatdan kam boʻlmasligi kerak);
vaxta davrida haftalik dam olish kunlari (agar ishlab chiqarish sharoitlariga koʻra buning imkoni boʻlsa);
vaxta oraligʻidagi dam olish vaqti (jadvalda nazarda tutilgan ish vaqti normasidan ortiq ishlaganlik uchun otgul (ortiqcha ishlangan vaqt uchun olingan dam olish kunlari) kunlari va bu davrga toʻgʻri keladigan dam olish kunlari). Otgul kunlari (ortiqcha ishlangan vaqt uchun olingan dam olish kunlari) soni xodimning vaxtada boʻlgan davrida jadvalga muvofiq ortiqcha ishlangan umumiy soatlar sonini ish kuni davomiyligining belgilangan normasiga boʻlish yoʻli bilan aniqlanadi.
Vaxtadagi ish jadvali doirasida toʻliq ish kuniga yetmaydigan ish vaqtining ortiqcha ishlangan soatlari kalendar yil mobaynida yigʻilib borishi va toʻliq ish kunlarigacha jamlanib, keyinchalik vaxta oraligʻidagi qoʻshimcha dam olish kunlari berilishi mumkin.
Hisobga olingan davr yakunlanishidan oldin ishdan boʻshagan xodimlar uchun ishdan boʻshash sanasi ularning roziligi bilan vaxtalararo dam olish kunlari hisobga olingan holda koʻrsatilishi mumkin.
25. Noqulay mehnat sharoitlarida bajariladigan ishlar uchun ish vaqtining normasi qonunchilikda belgilangan tartibda qisqartirilgan ish vaqtidan kelib chiqqan holda belgilanadi.
Hisobga olingan davrda yoki vaxtada ish vaqti toʻliq boʻlmaganda (mehnat taʼtili, kasallik tufayli ishga chiqmaslik va boshqalar), norma boʻyicha belgilangan ish soatlaridan ishda boʻlmagan kunlarga toʻgʻri keladigan kalendar boʻyicha ish soatlari ayirib tashlanadi.
26. Hisobga olish davrida xodim uchun jadvalda belgilangan ish vaqti davomiyligidan tashqari ishlash vaxta usulida ishlovchi shaxslar uchun ish vaqtidan tashqari ish deb hisoblanadi.
27. Vaxta usulida ishlayotgan xodimlarga mehnat taʼtili vaxta smenasi oraligʻidagi dam olish vaqtida berilishi mumkin emas.
28. Agar vaxta usulida ishlovchi shaxsning yillik mehnat taʼtilining tugashi vaxtalar oraligʻidagi dam olish kunlariga toʻgʻri kelsa, unda ish beruvchi xodimning roziligi bilan:
vaxta boshlanguniga qadar xodimni vaqtincha boshqa ishga oʻtkazishi;
vaxta boshlanguniga qadar xodimga ish haqi saqlanmagan holda taʼtil berishi;
xodimni vaxtaning boshqa smenasiga oʻtkazishi mumkin.
4-bob. Mehnatga haq toʻlash, imtiyozlar va kompensatsiyalar
29. Vaxta usulida ishlarni tashkil etishda xodimlarga mehnat haqi quyidagi tartibda toʻlanadi:
ishbay xodimlarga — bajarilgan ishlar hajmi boʻyicha mehnat shartnomasida belgilangan narxlarda;
vaqtbay xodimlarga — amalda ishlab berilgan hamma soatlar uchun razryadlar boʻyicha belgilangan tarif stavkalariga muvofiq.
30. Vaxta usulida ishlovchi shaxslar uchun vaxta davrida ishlarni bajarish joylarida boʻlgan har bir kalendar kun uchun, shuningdek, ish beruvchining joylashgan joyidan (yigʻilish punktidan) ish joyigacha borish va orqaga qaytish chogʻida yoʻldagi haqiqiy kunlar uchun sutkalik oʻrniga vaxta usulida ishlaganlik uchun ustama toʻlanadi.
31. Budjetdan moliyalashtiriladigan tashkilotlar xodimlariga vaxta davrida ishlarni bajarish joylarida boʻlgan har bir kalendar kun uchun, shuningdek, ish beruvchining joylashgan joyidan (yigʻilish punktidan) ish joyigacha borish va orqaga qaytish chogʻida yoʻldagi haqiqiy kunlar uchun bazaviy hisoblash miqdoriga nisbatan 0,1 koeffitsiyent miqdorida ustama toʻlanadi.
Mazkur ustama xodimlarga har oyda ish haqi bilan birga hisoblab toʻlanadi.
32. Xodimning umumiy ish vaqtini hisobga olgan holda oʻrtacha ish haqi boʻyicha toʻlovni amalga oshirishda, bir soat uchun oʻrtacha ish haqining miqdori hisoblanadi. Buning uchun soʻnggi uch oy davomida ishlab berilgan barcha soatlar uchun hisoblangan ish haqi ushbu soatlar soniga boʻlinadi.
33. Xodimlarni mukofotlash, ularga ustamalar toʻlash miqdori va tartibi jamoa shartnomasi, kasaba uyushmasi yoki xodimlarning boshqa vakillik organi bilan kelishilgan holda, ish beruvchi tomonidan qabul qilingan ichki hujjat yoki mehnat shartnomasi bilan belgilanadi.
34. Agar jamoa shartnomasida, ichki hujjatda yoki mehnat shartnomasida yuqoriroq haq toʻlash belgilanmagan boʻlsa, vaxtadagi ish jadvali doirasidagi ish vaqtida ortiqcha ishlaganlik munosabati bilan har bir dam olish kuni (vaxtalar oraligʻidagi dam olish kuni) uchun kunlik tarif stavkasi, kunlik stavka (bir kunlik ish uchun maoshining bir qismi) miqdorida haq toʻlanadi.
35. Hududida ish haqiga hududiy koeffitsiyentlar qoʻllaniladigan tumanlarda vaxta usulidagi ishlarni bajarayotgan barcha xodimlarning (shu jumladan, vaxta usulida ishlayotgan jamoalarga xizmat koʻrsatayotgan savdo va umumiy ovqatlanish, aloqa, transport, tibbiyot muassasalari va boshqa tashkilotlar xodimlari) ish haqiga nisbatan amaldagi qonunchilikda belgilangan tartibda tuman koeffitsiyentlari qoʻllaniladi.
36. Xodimlar ish joyiga oʻz vaqtida yetib kelmasa, vaxta usulidagi ishlarni bajarayotgan tashkilotlarning rahbarlari, kasaba uyushmalari qoʻmitalari yoki xodimlarning boshqa vakillik organi bilan kelishgan holda, yangi smena yetib kelguniga qadar xodimlarni jadvalda belgilangan ish vaqtidan koʻproq vaqt ishlashga jalb etishi mumkin. Bunday holatlarda ish beruvchi vaxta xodimlarini eng qisqa muddatlarda obyektga yetkazib kelish boʻyicha barcha choralarni qoʻllashi shart va ortiqcha ishlangan kunlar uchun jamoa shartnomasida koʻrsatilgan miqdorda haq toʻlanadi.
37. Tashkilot joylashgan joydan yotoqxonaga va orqaga qaytadigan yoʻlda oʻtadigan vaqtlar uchun, shuningdek, xodimlarning meteorologiya sharoitlariga koʻra va transport tashkilotlarining aybi bilan yoʻlda ushlanib qolingan vaqt uchun xodimga oʻtgan oy uchun hisoblangan ish haqi asosida aniqlanadigan oʻrtacha kunlik stavka miqdoridan kelib chiqqan holda kompensatsiya toʻlanadi.
5-bob. Tibbiy yordamning tashkil etilishi
38. Vaxta usulida ishlashda ish beruvchi xodimlarga tibbiy xizmatlar koʻrsatilishi va ularning tibbiy koʻriklardan oʻtkazilishini taʼminlash maqsadida tashkilot joylashgan hududdagi sogʻliqni saqlash organlari bilan xodimlarni davolash-profilaktika muassasasiga biriktirish masalasini hal qiladi, xodimlarning tibbiy koʻrik va tekshiruvlardan oʻz vaqtida va tartibli ravishda oʻtishlari uchun javobgar boʻladi.
39. Balansida vaxta shaharchalari boʻlgan tashkilotlar maʼmuriyati tibbiyot muassasalari bilan birgalikda vaxta shaharchalari jamoalariga tibbiy yordam koʻrsatilishini, shaharchalarni tibbiyot va farmatsevtika xodimlari, dori-darmon va tibbiy uskunalar bilan butlanishini tashkil qiladi va bemorlarning evakuatsiyasini taʼminlaydi.
40. Vaxta usulida bajariladigan ishlarga yuborilayotgan shaxslar ishga kirayotganda, ish beruvchi ularning dastlabki tibbiy koʻrikdan oʻtkazilishini taʼminlaydi.
41. Vaxta shaharchasiga yoki obyektga yuborilishidan 2 — 4 kun oldin xodimlar tashkilot shifokori tomonidan yoki tashkilot joylashgan hududdagi davolash-profilaktika muassasasida tibbiy koʻrikdan oʻtkazilishi kerak, tibbiy koʻrikdan oʻtish jarayoni tashkilot maʼmuriyati tomonidan nazorat qilinadi.
42. Hududida vaxta shaharchalari va obyektlari joylashgan sogʻliqni saqlash organlari va muassasalari umumiy qiymat hisobidan vaxtada:
feldsherlik punktlari (xodimlar soni 50 va undan koʻproq boʻlganda);
tibbiyot punktlari (xodimlar soni 500 va undan koʻproq boʻlganda);
vrachlik punktlari (xodimlar soni 1500 dan koʻproq boʻlganda);
xodimlar soni 50 nafargacha boʻlganda — vaxtaga kelib-ketish davriyligi tashkilot maʼmuriyati bilan kelishiladigan tibbiy yordam brigadalarini tashkil qilgan holda, vaxtada ishlovchi xodimlarni tibbiy yordam bilan taʼminlaydi.
Tibbiy yordam brigadalarining obyektlarga qatnashi tashkilotlar tomonidan taʼminlanadi.
43. Ishga qoʻyilayotgan xodimlar Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilangan tartibda va muddatlarda dastlabki va davriy tibbiy koʻrikdan oʻtkaziladi.
Xodimlarning tibbiy koʻrikdan oʻtishi bilan bogʻliq xarajatlar ish beruvchining oʻz mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
44. Ushbu Namunaviy nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 13-iyul,
287-son